Xurshid Davron. Ey, elim, ey, tilim, ey, ona tuproq…

Ashampoo_Snap_2016.10.18_12h03m44s_001_.png  21 ОКТАБР — ЎЗБЕК ТИЛИ КУНИ

  Она тилимизнинг аҳамияти, унинг тарихи ва ривожига таъсир кўрсатган буюк аллома боболаримиз, ўлмас асарларга бағишланган шеърларимни сизга тақдим этишдан мамнунман.

Хуршид ДАВРОН
ЭЙ, ЭЛИМ, ЭЙ, ТИЛИМ, ЭЙ, ОНА ТУПРОҚ…
003

ОНА ТИЛИМ

Келиб кетди неча дунёлар, slide_16.jpg
Кулди ҳаёт, йиғлади ўлим.
Сен деб қурбон бўлди боболар,
Улар кетди, сен қолдинг, тилим.

Беланчагинг узра Кошғарий
Куйлаб ўтди қадим навони
Ва навқирон япроқларингга
Дил қонини берди Навоий.

Самарқанддан Бобур кетаркан,
Дилда бўғиб ҳасрат сасини,
Олиб кетди она юртидан,
Туркий тилим, биргина сени.

Машрабмас, сен осилдинг дорга,
Нодирамас, сенсан сўйилган,
Ҳозиқнингмас, сенинг, эй тилим,
Бошинг айру, кўзинг ўйилган.

Аммо душман ўлдирган ботир
Тирилгандек яна қасосга,
Мангу борсан ва мангу қодир
Тўлдирмоққа ерни овозга.

Ватан учун бахш этиб жонни,
Кечиб олов, кириб дарёга,
Фарзандларинг тўккан ҳар қонни
Шимирдинг сен ўхшаб гиёҳга.

Она тилим, омон бўл мангу,
Сен борсан-ки мен ҳам ўлмайман,
Тилдан қолсам, сени Ойбекдай
Мен кўзларим билан сўйлайман

КОШҒАРИЙ
Ismail_Mamedov_090113_01.jpg
I

Олис-олисларда, кўк ёруғида
Товланган адирда сурганча хаёл,
Осмону заминнинг оралиғида
Чол турар – соқолин қўмитар шамол.

У дафтарнинг оппоқ варағи каби
Мовийранг самони текислаб, шайлаб,
Қаламни оловга ботириб олиб
“Қуёш” деган сўзни битар авайлаб.

Шунда дарёларда тўлиб сув оқар,
Қирларга томчилар гуллар қуёшдан.
Уфқларга қараб чопар сўқмоқлар,
Майсалар сакрашиб ўтади тошдан.

II

Олис-олисларда, йиллар қаърида
Сўзларни уйғотар ўйчан кўзли чол.
Қуёшнинг тафти бор юрак қўрида,
Сўзларнинг чангидан оқарган соқол.

Чол билар, она тил – халқнинг юраги,
Халқ ўлмас – сўзини ўлдиролмасанг.
Она тилда жодир халқнинг тилаги,
Ҳар сўзида яшар қадимий оҳанг.

Хира кўзин узмай оппоқ вароқдан
Битаркан энг оддий улуғ сўзларни,
У сўзларни эмас, забун бўлмоқдан
Аслида қутқариб қолди бизларни…

1983

“ДЕВОНУЛ ЛУҒАТИТ-ТУРК” ОҲАНГЛАРИ

1

Кетаман “Девонул луғатит-турк”ка,
Ҳасратим, қувончим олиб кетаман.
Мозийни бугунга, заминни кўкка,
Қалбимни “Девонул луғатит-турк”ка
Улай деб кетаман, бир кун етаман.

Қояларга чиқиб қушдек боқаман,
Кўкшин япроқларда нурдек оқаман.
Қора кўк чодирин сўз билан тилиб,
Манграйган чақмоқни оламан юлиб,
Кўксимга тилмочдек уна тақаман.

Қоп-қора тун чиқиб келар ботордан,
Қип-қизил кун чиқиб келар туғордан.
Уларга басма-бас елиб бораман,
Бойчечаклар чанқаб чиқар қошимга,
Томиримни ёриб, қоним бераман.

Аркўзлардан ҳатлаб, сойларни ичиб,
Ятика шуъласин боламдек қучиб,
Ўтлоқлар қўйнини оҳудек кечиб
Етаман – эшикни аста чертаман,
Кошғарий чиқади эшикни очиб.

У айтмас: — Шайтон, — деб, у айтар: — Баёт.
У айтмас: — Ўлим, — деб, у айтар: — Ҳаёт.
У айтмас: — Кечам, — деб, у айтар: — Эртам.
У айтмас: — Бугуним. Айтар: — Будуним.
— Хайр! – демас. – Салом, — дер, — салом, набирам!

II

“Девонул луғатит-турк”да қуёш сочар нур,
Кўкшин япроқларда янграйди баҳор.
Туманлар силжийди мисли оқ уюр,
Барчин булутлару  ўтлоқлар бедор.

“Девонул луғатит-турк”да сайрар сандовуч,
Тотлиғ қўшиқларин айтар сундулоч.
Қарғилоч айланур, қимиз тўла меш
Шивирлар: — Соғинчни сўқмоқларга соч!

“Девонул луғатит-турк”да оқарар тунлар,
Ябкинлар қўйнида елар қулунлар.
Ям-яшил ўтларни қўмитиб шамол,
Ёмғир тақиб кетган дурларни юлар.

“Девонул луғатит-турк”да очун ёруғдир,
Йўллар хўб узундир, юлдузлар йирик.
Етмоқлик – гумондир, кетмаклик – зарур,
Юраклар – долғали, орзулар тирик.

1981

* * *
Ashampoo_Snap_2016.10.17_23h37m12s_008_.png
Юки оғир тўрва бордир елкамда –
Йўл юриб, сув кечиб, тоғу тош ошиб
Қишлоқларга кириб бораман,
Йўлда
Учраган дарвоза зулфин ураман.
Сўз сўрайман, “Сўз борми?” дейман,
Баъзан болалар,
Кўзлари қоп-қора болалар
Югуриб ичкарига кириб кетишар,
Сўнг чиқариб беришар ушоққина сўзни –
Ранжимайман,
Тўрвамга соламан…

Яна йўлга тушиб, йўлда учраган
Эшиклар зулфини қаттиқ қоқаман,
Эшик очганларга қўрқиб боқаман,
Сўз сўрайман, “Сўз борми?” дейман.
Баъзан: “Сўзни сўраб нима қиласан?
Пул сўрагин, тўрвангни тўлдирайлик”, — деб
Хохолаб кулишар, масхаралашар,
Аслида улар мени эмас,
сўзни масхаралашар…

Баъзилар тирқишдан тирқишдан мўрилашар,
“Бу тиланчи нега cўз сўрайди?
Бу жуда шубҳали”, —  дейишар,

Ҳар эҳтимолга кўра калтаклашар –
Ранжимайман,
Бурнимдан оқаётган,
Ёрилган лабимдан оқаётган
Қонни артиб йўлга тушаман.
Йўлимда учраган эшик зулфини
Икки-уч бор қаттиқ қоқаман,
Сўз сўрайман, “Сўз борми?” дейман.

Баъзан эндигина туғилган чақалоқнинг
Сўзини чиқариб беришар,
Шунда
Дунёга сиғмасдан хурсанд бўламан.
Чақалоқ сўзга ҳайратланиб боқаман,
Гўё ой нурида гулдек оқаман…
Сўзларни райҳондай ҳидлайман,
Сўзларнинг шивирин тинглайман
Ва бирдан англайман, бирдан англайман:
Юрагим бепоёнлашар бу оҳанглардан,
Юрагим тиниқлашар бу шан ранглардан!

…Қоқ тун  менга қайда етиб олса,
Ўша ерда бирга тонггача ухлайман
Тўрвамдаги сўзлар билан.
Уларни қучоқлаб ётаман,

Шундоқ биқинимдан, тўрвам йиртиғидан
Бошини чиқариб
Сўзлар майсалар билан гаплаша бошлар,
Сўзлар юлдузлар билан гаплаша бошлар.
Баъзан ярим тунда уйғониб, қарасам,
Сўзлар оппоқ тулпорларга айланиб
Ўтлаб юрган бўлар теварагимда…

Баъзан йўқотиб қўйган сўзни излаб
Тошларни кўчириб, кўриб қоламан –
Бойчечакни қучоқлаб ётган бўлар сўз.
Сўзларни бағримга босаман,
Гул ҳиди қолади димоғларимда,
Сўзлар юрагимдаги қорларни тешиб
Очилади қучоқларимда.
Сўзлар менга афсоналар сўйлар,
Сўзлар менга қадим қўшиқларни куйлар,
Сўзлар ёлғизликда мен билан ўйлар,
Сўзлар бола каби мен билан ўйнар…

Сўзлар ёлғизликда мен билан бўзлар,
Сўзлар кўтарар ҳасратим тобутини,
Сўзлар хотирам қабрига гуллар ўтқазар.
Мени келажакка етказар сўзлар,
Мен қайтиб келмайман ҳеч қачон,
Сўзларим, албатта, қайтади.
Кетган юракларнинг  афсоналарин
Сўзлар келиб айтади…

Йўл босиб, сув кечиб, тоғу тош ошиб
Қишлоқларга кириб бораман,
Йўлда
Учраган эшикнинг зулфин қоқаман,
Сўз сўрайман, “Сўз борми?” дейман…

1983

ЭЙ, ТИЛИМ, ЭЙ, ЭЛИМ, ЭЙ, ОНА ТУПРОҚ
Сонетлар туркуми

1.МАҲМУД КОШҒАРИЙ

Дашту ёвшан иси анқиган тилим,
Сени тинглаб дилда севги кучаюр,
Сен борсан, ҳеч қачон ўлмагай элим,
Сен борсан, ҳеч қачон кўздан йитмас нур.

Битиктошинг бўлай, бағримга ўйил,
Ўйил, қонларимга докадай бўял.
Қонларим бахш этсин сенга бийрон тил,
Яловлар кўксимда товлансин ял-ял.

Сен ила йиғлайин, сен ила кулай,
Сен унут бўлмасанг, унут бўлмасман,
Сен агар ўлмасанг, мен ҳам ўлмасман.

Гулга эгилгандек сенга эгилай,
Чорласанг, чиқарман мамот жангига,
Уйқашсан жангдаги тиғ жарангига…

2. АЛИШЕР НАВОИЙ
0802148.jpg
Дил суви, кўзимни сўқир қилсанг ҳам,
Дилимни кўр қилма, дунёни кўрай.
Саҳродан ўтурман, ташна қилди ғам,
Олисдан бўлсаям дарёни кўрай.

Қачон жаҳонгирнинг муждаси ўлди,
Қачон мушукларга айланди шерлар?
Қачон аламлару дардларга тўлди
Мен ҳали қоғозга битмаган шеърлар?

Шафқат тиладиму тиғ тутди қўлим!
Жанггоҳга чиқдим ман – ишқ фуқароси,
Кетсин, дедим, юртдан жаҳолат – ўлим.

Тилим, кўзим оқи, кўзим қароси,
Сен белим мадори – ирғай ҳассамсан,
Авлодларга мерос ўтли қиссамсан.

3. ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР

Сен борсан, чидайман дилим оҳига,
Панипатмас, армон қўзғатар титроқ.
Бир умр зордирман юртим хокига,
Мени олиб кетгин, эй она тупроқ.

Қайдадир ҳасратим битилган тош бор,
Қайдадир бузилган хонақом бордир.
Ул тош бардошимдир, ул тош ёшимдир,
Хонақоҳ – бузилган она диёрдир.

Ўлим паймол этди дил ниятимни,
Лекин дунёда сен борсан-ки, тилим,
Умидим тирикдир, тирикдир дилим.

Алишардим бутун салтанатимни
Юртимнинг бир чимдим хоку-хасига,
Туркистон боғларин хуш нафасига.

4. БОБОРАҲИМ МАШРАБ

Умримнинг йўлидир муҳаббат йўли,
Ишқ тоти айирди мени ҳушимдан.
Вужудим қафасдир, тақдирнинг қўли
Айирди жонимдан – сайроқ қушимдан.

Ўпсам-ки, қонингга бўялсин лабим,
Ўпсам-ки, ўлимнинг юзи оқарса.
Эй, ишқим, сен эрксан, ёлғиз матлабим,
Тиғинг санч, яшайман тиғ дилга кирса.

Бу недир, қани айт, дорми ё ёрнинг
Бўғзимни қисгувчи қора сочими?
Ҳаёт – ишқ усти-ю, ўлим – ичими?

Ишқим берай, берай дунёда борим,
Эй, Маҳмуд Қатағон, эй, сен қаттол дор,
Дунёда ўлиммас, абадият бор…

5. ТУРДИ ФАРОҒИЙ

Сени енголмади, қилмади абгор,
Юрак, на сазойи, на тахт сояси.
Мен сени ўйладим, эй она диёр,
Сен бўлдинг, умримнинг асл ғояси.

Адашиб киргандек тўйга гирянда,
Адашиб келдим мен қаттол замонга.
О, қандай истадим, эркин парранда
Каби учмоқликни ёруғ осмонга.

“Бирлашинг!” дедиму ютдим лахта қон,
Кўзимни юмдиму тилимни ютдим,
Аммо, сен тилимни қайтардинг, юртим.

Мен сени севардим, ҳай, она макон,
Шунданми ўлмадим, ҳамон ўлмайман,
Ҳамон “бирлашинг!” деб элга сўйлайман.

6. НОДИРА

Алам тунларининг қонли зардоби
Қора сочларимни бўяди оққа,
Ёнганда ўлимнинг қора офтоби
Мен фақат ишондим она тупроққа.

Ишондим умидим унитилмас деб,
Дилимдан тилимга чиққан овозга.
Тупроққа ишондим қолган шеъримни,
Худди ишонгандек оппоқ қоғозга.

Совуқ қабр аро бағримни ўйиб
Навбаҳор чоғида унди шеърларим –
Менинг айтилмасдан қолган сирларим.

Ҳар баҳор осмонга боқурман тўйиб,
Майсаларнинг кўзлари билан,
Она тупроқ сўзлари билан.

7. ФУРҚАТ

Мен шуур деганим экан жар коми,
Қўл чўздим, итарди “кет” деб кўксимдан.
Истибдод бор нурни ичди кўзимдан –
Фурқат – бу умрнинг қаро каломи…

Адашган ит каби заҳил тонгларда
Кездим қувончларсиз, бирон хуш дамсиз.
Ватан – алам экан… Ёруғ дунёда
Яшаб бўлмас экан, аммо аламсиз.

Отаси ўлганда ичиккан гўдак
Кўзлари тўлгандек бесўз нидога,
Қалбим тўлди: “Ватан” – деган садога.

Аммо орзуларим бўлди-ю эрмак,
Қўл чўзсам, тутдилар қўлларимга тош,
Бу тошни эритди кўзимдаги  ёш…

8. ОГАҲИЙ

Сени енгмоқликка бўлиб талабгор
Неча ҳукмдорлар кек ила боқди.
Неча бор кўксингни қилдилар абгор,
Оҳ, унинг қонлари кўксимдан  оқди.

Аммо, сен ўлмадинг, айтмадинг видо,
Гарчи тилинг кесиб, ўйдилар кўзинг.
Қайтиб келаверди мисли акс-садо,
Эркин қуш сингари қанотли сўзинг.

Дилим, тилим, элим – дарду овозим,
Шу дардни чекдиму, бир қудрат топдим,
Шу дардни чекдиму, муҳаббат топдим.

Кун келиб набирам қидирса сўзим,
Қабримга келса гар адашиб, тентиб,
“Кимсан?” деб сўраса, айтаман: “Сен!” – деб.

9. АВАЗ ЎТАР

Нур дея юмилган хира кўзларга
Тунни кўрсатдилар: “Ана, тонг!” – дея,
Нур излаб зулматдан чиққан сўзларга
Занглаган кишанни этдилар ҳадя.

“Миллат” деб бўғилса кимки жонҳалак,
Унга “жинни” дея тамға босдилар,
“Бизга илм керак – кўзга нур керак!”
Деганни аямай дорга осдилар.

Боболардан мерос муқаддас боғни
Минг бўлиб, қилдилар юртни ломакон,
Донолар суҳбатин бошқарди нодон.

Ватанни, миллатни, дарё-ю тоғни
Душманга сотдилар, фақат сотдилар,
“Ҳурлик” деганларни эса отдилар…

10. ЧЎЛПОН

Унут, тупурилган қутлуғ сўзларга
Макон бўлган тупроқ аро мен борман.
Бўғзимда қотган сўз, бўйнимда арқон,
Бу арқон ёдгордир машрабий дордан.

Кўксимда – қўрғошин, қулоқда – симоб,
Елкам – маматолоқ, калтак излари…
Юракда муҳаббат, ғазаб, изтироб,
Тилимда халқимнинг қутлуғ сўзлари.

Осмонда булутмас, йиртиб ташланган
Менинг шеър дафтарим учиб бормоқда,
Сўзлари тўкилиб она тупроққа…

Бу сўзлар таланган, ёнган, тишланган –
Униб чиқар баҳор келса ҳар бир сўз:
Бу – анғиз, бу – ялпиз, бу-чи, бўтакўз…

11. УСМОН НОСИР

Сен ўзинг жон бердинг, ўзинг бердинг тан,
Ўзгалар келтирди ўлимни фақат.
Мен сени қизимдай севаман, Ватан,
Ватаним, мен сенга қиламан шафқат.

Жуда оз яшадим, ҳаққим бор, сўрай:
Яшаб улгурмаган кунларим ҳақи,
Ўчимни, ишқимни, меҳримни берай
Берай юрагимни сенга, эй, халқим!

Юракнинг покиза найи синмади,
Сочилди безовта садо тўла байт,
Ватан, юрагингни берақол, деб айт…

Бу юрак тинганмас, мангу тинмайди,
Учишга талпинар у мисли учоқ,
Фақат ушлаб турар қанотин пичоқ…

12. ОЙБЕК

Ноҳақ зарбалардан бўлдинг минг тилим,
Ҳаётга қайтарди ям-яшил ўтлар.
Йўлингни тўсмоқчи бўлди зобитлар,
Сени енголмади хиёнат, дилим.

Тунлари юракни ҳовучлаган дам,
Алам дафтаримга битганида шеър,
Олис-олислардан келдилар пурғам
Таскин бермоқ учун ҳазрат Алишер.

Этакларин ўпдим шивирлаб: “Пирим…”
Ва сездим билакда пайдо бўлди куч,
Англадим, Сен бор-ки, бошқа нарса – пуч…

Шундан қоғоз ёнди – ёндирди шеърим…
Куйди, кул бўлмади, чиқмади жоним,
Ўчмади овозим, сўнмади қоним…

13. МИРТЕМИР

Ҳеч қачон ўлмайсан, ўлмайсан, тилим,
Эрка шоирингнинг юрак сўзи бу.
Сен деб яшайди-ку дунёда элим,
Сен деб йиғлайди-ку, йиғласа Тошбу…

Бир пайтлар онам ўт ёққан ўчоқда
Чўғни излагандек, дилим титаман.
Мен сени туярман ҳар дам қучоқда,
Сен мангу қоласан, мен-ку кетаман…

Йўқ, йўқ, алам чекмам, сен ҳам қайғурма,
Ўлим нима бўпти – шундоқ бош узра
Мажнунтол шовиллар – масту бокира.

Сен мени бекорга излаб ҳам юрма,
Ҳув, анов болага сен ҳам бир қара,
Тилини чиқариб қилар масхара…

14. МАҚСУД ШАЙХЗОДА

Токи тирик экан фарзандинг, Ватан,
Улуғбек юлдузи токи осмонда –
Сен сохта ҳисларни олмагайсан тан,
Ўзбек номи мангу яшар жаҳонда.

Навоий байтини эшитган ўзбек
Етти юрт наридан йиғлаб қайтади,
Шунча жабр, зулм, изтироб оздек,
Келиб Мирзо Бобур байтин айтади.

Бу қутлуғ заминда жарангла, янгра,
Қўшиғим, карнайим, ғижжак, рубобим,
Ҳасратим, қувончим, ғам, изтиробим.

Дунёда бор бўлса неча хил ранглар
Келсин, кўрсин, сенда юз карра кўпроқ…
Эй, тилим, эй, элим, эй, она тупроқ…

1985

* * *

— Бунча қўрқоқ бўлмасанг, дўстим?
— Нетай, ахир, мен эрксиз ўсдим.

— Нега ёлғон сўзлайсан, айтгин?
— Хўрлаганлар болалик пайтим.

— Болаларинг сотарсан нечун?
— Отам мени сотгани учун.

— Нега сен воз кечдинг элингдан?
— Айирганлар она тилимдан!..

1987

КАРЛУША

Қўшнимнинг Карлуша исмли зағизғони бор.

“Кар-лу-ша” – деб чақирар
Қизчам ҳар куни тонгда
Боғчасига кетаётганда…
Карлуша шақиллаб қўяр қанотларини ёйиб.

Сигарет тутатиб,
Чалкаштириб оёқларини,
Синиқ бир курсида ўтирганича
Қўшним зағизғонга донишмандларга
Қарагандек узоқ қарайди…

Қўшним ўз она тилида гапиролмайди.

Карлуша бўлса, лаънати, баъзан шунақаям
Ўзбекчалаб сўкинади-ки,
Ўғлимга қарайман хавотир билан.

“Бекорга узоқ яшамайди, бу аҳмоқ!”
Деб кулади қаҳ-қаҳлаб қўшним,
Кўзларимга тик қаролмасдан…

1987

ОНА ТИЛИ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

— Нима истар биздан бу одамлар, айт,
Ота, улар билан борма… ота… о-та-а, қайт.

Нега, айт, отамнинг кўкраклари қон,
Нега, айт қўлингда кишан, онажон?!

Бола ўксиб йиғлар, ёв ўқи учар…
Ота боши оғиб, тупроқни қучар.

Бола йиғлар, она қўлида кишан –
Онанинг тилини кесади душман.

Сўнг учқур отига қамчи урар шўх,
Юлдузни қулатар кўкка учган ўқ.

Бола тилсиз она ёнида омон,
Душман елиб борар қичқириб шодмон.

Қичқирар: “Ҳеч қачон энди бу бола
Бошида онаси айтолмас алла.

Ҳеч қачон очолмас она дилини
Ва гўдак унутар она тилини”.

Тилин унутгандан қўрқмайди душман,
Тилин унутганнинг фарқи йўқ тошдан.

Аммо душман билмас: бор экан Ватан,
Бу дарё, бу дала, бу тоғ бор экан,

Она тили асло бўлмагай унут,
Агар ишонмасанг, қулоғингни тут:

Онанинг қайғуга тўлган кўзлари –
Она тилининг энг буюк сўзлари.

Тингла, боғда дарахт шу тилда гуллар,
Даштда бўрилар шу тилда увиллар.

Ялпизлар, булоқлар, кўкда юлдузлар
Бола билан она тилида сўзлар…

Отасининг қони, вайрон қалъалар
Тунлари болани келиб аллалар…

1985

OsHCfScYURs.jpg 21 oktabr — O’zbek tili kuni

Ona tilimizning ahamiyati, uning tarixi va rivojiga ta’sir ko’rsatgan buyuk alloma bobolarimiz, o’lmas asarlarga bag’ishlangan she’rlarimni sizga taqdim etishdan mamnunman.

Xurshid DAVRON
EY, ELIM, EY, TILIM, EY, ONA TUPROQ…
003

ONA TILIM

Kelib ketdi necha dunyolar,
Kuldi hayot, yig’ladi o’lim.
Sen deb qurbon bo’ldi bobolar,
Ular ketdi, sen qolding, tilim.

Belanchaging uzra Koshg’ariy
Kuylab o’tdi qadim navoni
Va navqiron yaproqlaringga
Dil qonini berdi Navoiy.

Samarqanddan Bobur ketarkan,
Dilda bo’g’ib hasrat sasini,
Olib ketdi ona yurtidan,
Turkiy tilim, birgina seni.

Mashrabmas, sen osilding dorga,
Nodiramas, sensan so’yilgan,
Hoziqningmas, sening, ey tilim,
Boshing ayru, ko’zing o’yilgan.

Ammo dushman o’ldirgan botir
Tirilgandek yana qasosga,
Mangu borsan va mangu qodir
To’ldirmoqqa yerni ovozga.

Vatan uchun baxsh etib jonni,
Kechib olov, kirib daryoga,
Farzandlaring to’kkan har qonni
Shimirding sen o’xshab giyohga.

Ona tilim, omon bo’l mangu,
Sen borsan-ki men ham o’lmayman,
Tildan qolsam, seni Oybekday
Men ko’zlarim bilan so’ylayman

KOSHG’ARIY

I

Olis-olislarda, ko’k yorug’ida
Tovlangan adirda surgancha xayol,
Osmonu zaminning oralig’ida
Chol turar – soqolin qo’mitar shamol.

U daftarning oppoq varag’i kabi
Moviyrang samoni tekislab, shaylab,
Qalamni olovga botirib olib
“Quyosh” degan so’zni bitar avaylab.

Shunda daryolarda to’lib suv oqar,
Qirlarga tomchilar gullar quyoshdan.
Ufqlarga qarab chopar so’qmoqlar,
Maysalar sakrashib o’tadi toshdan.

II

Olis-olislarda, yillar qa’rida
So’zlarni uyg’otar o’ychan ko’zli chol.
Quyoshning tafti bor yurak qo’rida,
So’zlarning changidan oqargan soqol.

Chol bilar, ona til – xalqning yuragi,
Xalq o’lmas – so’zini o’ldirolmasang.
Ona tilda jodir xalqning tilagi,
Har so’zida yashar qadimiy ohang.

Xira ko’zin uzmay oppoq varoqdan
Bitarkan eng oddiy ulug’ so’zlarni,
U so’zlarni emas, zabun bo’lmoqdan
Aslida qutqarib qoldi bizlarni…

1983

“DEVONUL LUG’ATIT-TURK” OHANGLARI

1

Ketaman “Devonul lug’atit-turk”ka,
Hasratim, quvonchim olib ketaman.
Moziyni bugunga, zaminni ko’kka,
Qalbimni “Devonul lug’atit-turk”ka
Ulay deb ketaman, bir kun yetaman.

Qoyalarga chiqib qushdek boqaman,
Ko’kshin yaproqlarda nurdek oqaman.
Qora ko’k chodirin so’z bilan tilib,
Mangraygan chaqmoqni olaman yulib,
Ko’ksimga tilmochdek una taqaman.

Qop-qora tun chiqib kelar botordan,
Qip-qizil kun chiqib kelar tug’ordan.
Ularga basma-bas yelib boraman,
Boychechaklar chanqab chiqar qoshimga,
Tomirimni yorib, qonim beraman.

Arko’zlardan hatlab, soylarni ichib,
Yatika shu’lasin bolamdek quchib,
O’tloqlar qo’ynini ohudek kechib
Yetaman – eshikni asta chertaman,
Koshg’ariy chiqadi eshikni ochib.

U aytmas: — Shayton, — deb, u aytar: — Bayot.
U aytmas: — O’lim, — deb, u aytar: — Hayot.
U aytmas: — Kecham, — deb, u aytar: — Ertam.
U aytmas: — Bugunim. Aytar: — Budunim.
— Xayr! – demas. – Salom, — der, — salom, nabiram!

II

“Devonul lug’atit-turk”da quyosh sochar nur,
Ko’kshin yaproqlarda yangraydi bahor.
Tumanlar siljiydi misli oq uyur,
Barchin bulutlaru o’tloqlar bedor.

“Devonul lug’atit-turk”da sayrar sandovuch,
Totlig’ qo’shiqlarin aytar sunduloch.
Qarg’iloch aylanur, qimiz to’la mesh
Shivirlar: — Sog’inchni so’qmoqlarga soch!

“Devonul lug’atit-turk”da oqarar tunlar,
Yabkinlar qo’ynida yelar qulunlar.
Yam-yashil o’tlarni qo’mitib shamol,
Yomg’ir taqib ketgan durlarni yular.

“Devonul lug’atit-turk”da ochun yorug’dir,
Yo’llar xo’b uzundir, yulduzlar yirik.
Yetmoqlik – gumondir, ketmaklik – zarur,
Yuraklar – dolg’ali, orzular tirik.

1981

* * *

Yuki og’ir to’rva bordir yelkamda –
Yo’l yurib, suv kechib, tog’u tosh oshib
Qishloqlarga kirib boraman,
Yo’lda
Uchragan darvoza zulfin uraman.
So’z so’rayman, “So’z bormi?” deyman,
Ba’zan bolalar,
Ko’zlari qop-qora bolalar
Yugurib ichkariga kirib ketishar,
So’ng chiqarib berishar ushoqqina so’zni –
Ranjimayman,
To’rvamga solaman…

Yana yo’lga tushib, yo’lda uchragan
Eshiklar zulfini qattiq qoqaman,
Eshik ochganlarga qo’rqib boqaman,
So’z so’rayman, “So’z bormi?” deyman.
Ba’zan: “So’zni so’rab nima qilasan?
Pul so’ragin, to’rvangni to’ldiraylik”, — deb
Xoxolab kulishar, masxaralashar,
Aslida ular meni emas,
so’zni masxaralashar…

Ba’zilar tirqishdan tirqishdan mo’rilashar,
“Bu tilanchi nega co’z so’raydi?
Bu juda shubhali”, — deyishar,

Har ehtimolga ko’ra kaltaklashar –
Ranjimayman,
Burnimdan oqayotgan,
Yorilgan labimdan oqayotgan
Qonni artib yo’lga tushaman.
Yo’limda uchragan eshik zulfini
Ikki-uch bor qattiq qoqaman,
So’z so’rayman, “So’z bormi?” deyman.

Ba’zan endigina tug’ilgan chaqaloqning
So’zini chiqarib berishar,
Shunda
Dunyoga sig’masdan xursand bo’laman.
Chaqaloq so’zga hayratlanib boqaman,
Go’yo oy nurida guldek oqaman…
So’zlarni rayhonday hidlayman,
So’zlarning shivirin tinglayman
Va birdan anglayman, birdan anglayman:
Yuragim bepoyonlashar bu ohanglardan,
Yuragim tiniqlashar bu shan ranglardan!

…Qoq tun menga qayda yetib olsa,
O’sha yerda birga tonggacha uxlayman
To’rvamdagi so’zlar bilan.
Ularni quchoqlab yotaman,

Shundoq biqinimdan, to’rvam yirtig’idan
Boshini chiqarib
So’zlar maysalar bilan gaplasha boshlar,
So’zlar yulduzlar bilan gaplasha boshlar.
Ba’zan yarim tunda uyg’onib, qarasam,
So’zlar oppoq tulporlarga aylanib
O’tlab yurgan bo’lar tevaragimda…

Ba’zan yo’qotib qo’ygan so’zni izlab
Toshlarni ko’chirib, ko’rib qolaman –
Boychechakni quchoqlab yotgan bo’lar so’z.
So’zlarni bag’rimga bosaman,
Gul hidi qoladi dimog’larimda,
So’zlar yuragimdagi qorlarni teshib
Ochiladi quchoqlarimda.
So’zlar menga afsonalar so’ylar,
So’zlar menga qadim qo’shiqlarni kuylar,
So’zlar yolg’izlikda men bilan o’ylar,
So’zlar bola kabi men bilan o’ynar…

So’zlar yolg’izlikda men bilan bo’zlar,
So’zlar ko’tarar hasratim tobutini,
So’zlar xotiram qabriga gullar o’tqazar.
Meni kelajakka yetkazar so’zlar,
Men qaytib kelmayman hech qachon,
So’zlarim, albatta, qaytadi.
Ketgan yuraklarning afsonalarin
So’zlar kelib aytadi…

Yo’l bosib, suv kechib, tog’u tosh oshib
Qishloqlarga kirib boraman,
Yo’lda
Uchragan eshikning zulfin qoqaman,
So’z so’rayman, “So’z bormi?” deyman…

1983

EY, TILIM, EY, ELIM, EY, ONA TUPROQ
Sonetlar turkumi

1.MAHMUD KOSHG’ARIY

Dashtu yovshan isi anqigan tilim,
Seni tinglab dilda sevgi kuchayur,
Sen borsan, hech qachon o’lmagay elim,
Sen borsan, hech qachon ko’zdan yitmas nur.

Bitiktoshing bo’lay, bag’rimga o’yil,
O’yil, qonlarimga dokaday bo’yal.
Qonlarim baxsh etsin senga biyron til,
Yalovlar ko’ksimda tovlansin yal-yal.

Sen ila yig’layin, sen ila kulay,
Sen unut bo’lmasang, unut bo’lmasman,
Sen agar o’lmasang, men ham o’lmasman.

Gulga egilgandek senga egilay,
Chorlasang, chiqarman mamot jangiga,
Uyqashsan jangdagi tig’ jarangiga…

2. ALISHER NAVOIY

Dil suvi, ko’zimni so’qir qilsang ham,
Dilimni ko’r qilma, dunyoni ko’ray.
Sahrodan o’turman, tashna qildi g’am,
Olisdan bo’lsayam daryoni ko’ray.

Qachon jahongirning mujdasi o’ldi,
Qachon mushuklarga aylandi sherlar?
Qachon alamlaru dardlarga to’ldi
Men hali qog’ozga bitmagan she’rlar?

Shafqat tiladimu tig’ tutdi qo’lim!
Janggohga chiqdim man – ishq fuqarosi,
Ketsin, dedim, yurtdan jaholat – o’lim.

Tilim, ko’zim oqi, ko’zim qarosi,
Sen belim madori – irg’ay hassamsan,
Avlodlarga meros o’tli qissamsan.

3. ZAHIRIDDIN MUHAMMAD BOBUR

Sen borsan, chidayman dilim ohiga,
Panipatmas, armon qo’zg’atar titroq.
Bir umr zordirman yurtim xokiga,
Meni olib ketgin, ey ona tuproq.

Qaydadir hasratim bitilgan tosh bor,
Qaydadir buzilgan xonaqom bordir.
Ul tosh bardoshimdir, ul tosh yoshimdir,
Xonaqoh – buzilgan ona diyordir.

O’lim paymol etdi dil niyatimni,
Lekin dunyoda sen borsan-ki, tilim,
Umidim tirikdir, tirikdir dilim.

Alishardim butun saltanatimni
Yurtimning bir chimdim xoku-xasiga,
Turkiston bog’larin xush nafasiga.

4. BOBORAHIM MASHRAB

Umrimning yo’lidir muhabbat yo’li,
Ishq toti ayirdi meni hushimdan.
Vujudim qafasdir, taqdirning qo’li
Ayirdi jonimdan – sayroq qushimdan.

O’psam-ki, qoningga bo’yalsin labim,
O’psam-ki, o’limning yuzi oqarsa.
Ey, ishqim, sen erksan, yolg’iz matlabim,
Tig’ing sanch, yashayman tig’ dilga kirsa.

Bu nedir, qani ayt, dormi yo yorning
Bo’g’zimni qisguvchi qora sochimi?
Hayot – ishq usti-yu, o’lim – ichimi?

Ishqim beray, beray dunyoda borim,
Ey, Mahmud Qatag’on, ey, sen qattol dor,
Dunyoda o’limmas, abadiyat bor…

5. TURDI FAROG’IY

Seni yengolmadi, qilmadi abgor,
Yurak, na sazoyi, na taxt soyasi.
Men seni o’yladim, ey ona diyor,
Sen bo’lding, umrimning asl g’oyasi.

Adashib kirgandek to’yga giryanda,
Adashib keldim men qattol zamonga.
O, qanday istadim, erkin parranda
Kabi uchmoqlikni yorug’ osmonga.

“Birlashing!” dedimu yutdim laxta qon,
Ko’zimni yumdimu tilimni yutdim,
Ammo, sen tilimni qaytarding, yurtim.

Men seni sevardim, hay, ona makon,
Shundanmi o’lmadim, hamon o’lmayman,
Hamon “birlashing!” deb elga so’ylayman.

6. NODIRA

Alam tunlarining qonli zardobi
Qora sochlarimni bo’yadi oqqa,
Yonganda o’limning qora oftobi
Men faqat ishondim ona tuproqqa.

Ishondim umidim unitilmas deb,
Dilimdan tilimga chiqqan ovozga.
Tuproqqa ishondim qolgan she’rimni,
Xuddi ishongandek oppoq qog’ozga.

Sovuq qabr aro bag’rimni o’yib
Navbahor chog’ida undi she’rlarim –
Mening aytilmasdan qolgan sirlarim.

Har bahor osmonga boqurman to’yib,
Maysalarning ko’zlari bilan,
Ona tuproq so’zlari bilan.

7. FURQAT

Men shuur deganim ekan jar komi,
Qo’l cho’zdim, itardi “ket” deb ko’ksimdan.
Istibdod bor nurni ichdi ko’zimdan –
Furqat – bu umrning qaro kalomi…

Adashgan it kabi zahil tonglarda
Kezdim quvonchlarsiz, biron xush damsiz.
Vatan – alam ekan… Yorug’ dunyoda
Yashab bo’lmas ekan, ammo alamsiz.

Otasi o’lganda ichikkan go’dak
Ko’zlari to’lgandek beso’z nidoga,
Qalbim to’ldi: “Vatan” – degan sadoga.

Ammo orzularim bo’ldi-yu ermak,
Qo’l cho’zsam, tutdilar qo’llarimga tosh,
Bu toshni eritdi ko’zimdagi yosh…

8. OGAHIY

Seni yengmoqlikka bo’lib talabgor
Necha hukmdorlar kek ila boqdi.
Necha bor ko’ksingni qildilar abgor,
Oh, uning qonlari ko’ksimdan oqdi.

Ammo, sen o’lmading, aytmading vido,
Garchi tiling kesib, o’ydilar ko’zing.
Qaytib kelaverdi misli aks-sado,
Erkin qush singari qanotli so’zing.

Dilim, tilim, elim – dardu ovozim,
Shu dardni chekdimu, bir qudrat topdim,
Shu dardni chekdimu, muhabbat topdim.

Kun kelib nabiram qidirsa so’zim,
Qabrimga kelsa gar adashib, tentib,
“Kimsan?” deb so’rasa, aytaman: “Sen!” – deb.

9. AVAZ O’TAR

Nur deya yumilgan xira ko’zlarga
Tunni ko’rsatdilar: “Ana, tong!” – deya,
Nur izlab zulmatdan chiqqan so’zlarga
Zanglagan kishanni etdilar hadya.

“Millat” deb bo’g’ilsa kimki jonhalak,
Unga “jinni” deya tamg’a bosdilar,
“Bizga ilm kerak – ko’zga nur kerak!”
Deganni ayamay dorga osdilar.

Bobolardan meros muqaddas bog’ni
Ming bo’lib, qildilar yurtni lomakon,
Donolar suhbatin boshqardi nodon.

Vatanni, millatni, daryo-yu tog’ni
Dushmanga sotdilar, faqat sotdilar,
“Hurlik” deganlarni esa otdilar…

10. CHO’LPON

Unut, tupurilgan qutlug’ so’zlarga
Makon bo’lgan tuproq aro men borman.
Bo’g’zimda qotgan so’z, bo’ynimda arqon,
Bu arqon yodgordir mashrabiy dordan.

Ko’ksimda – qo’rg’oshin, quloqda – simob,
Yelkam – mamatoloq, kaltak izlari…
Yurakda muhabbat, g’azab, iztirob,
Tilimda xalqimning qutlug’ so’zlari.

Osmonda bulutmas, yirtib tashlangan
Mening she’r daftarim uchib bormoqda,
So’zlari to’kilib ona tuproqqa…

Bu so’zlar talangan, yongan, tishlangan –
Unib chiqar bahor kelsa har bir so’z:
Bu – ang’iz, bu – yalpiz, bu-chi, bo’tako’z…

11. USMON NOSIR

Sen o’zing jon berding, o’zing berding tan,
O’zgalar keltirdi o’limni faqat.
Men seni qizimday sevaman, Vatan,
Vatanim, men senga qilaman shafqat.

Juda oz yashadim, haqqim bor, so’ray:
Yashab ulgurmagan kunlarim haqi,
O’chimni, ishqimni, mehrimni beray
Beray yuragimni senga, ey, xalqim!

Yurakning pokiza nayi sinmadi,
Sochildi bezovta sado to’la bayt,
Vatan, yuragingni beraqol, deb ayt…

Bu yurak tinganmas, mangu tinmaydi,
Uchishga talpinar u misli uchoq,
Faqat ushlab turar qanotin pichoq…

12. OYBEK

Nohaq zarbalardan bo’lding ming tilim,
Hayotga qaytardi yam-yashil o’tlar.
Yo’lingni to’smoqchi bo’ldi zobitlar,
Seni yengolmadi xiyonat, dilim.

Tunlari yurakni hovuchlagan dam,
Alam daftarimga bitganida she’r,
Olis-olislardan keldilar purg’am
Taskin bermoq uchun hazrat Alisher.

Etaklarin o’pdim shivirlab: “Pirim…”
Va sezdim bilakda paydo bo’ldi kuch,
Angladim, Sen bor-ki, boshqa narsa – puch…

Shundan qog’oz yondi – yondirdi she’rim…
Kuydi, kul bo’lmadi, chiqmadi jonim,
O’chmadi ovozim, so’nmadi qonim…

13. MIRTEMIR

Hech qachon o’lmaysan, o’lmaysan, tilim,
Erka shoiringning yurak so’zi bu.
Sen deb yashaydi-ku dunyoda elim,
Sen deb yig’laydi-ku, yig’lasa Toshbu…

Bir paytlar onam o’t yoqqan o’choqda
Cho’g’ni izlagandek, dilim titaman.
Men seni tuyarman har dam quchoqda,
Sen mangu qolasan, men-ku ketaman…

Yo’q, yo’q, alam chekmam, sen ham qayg’urma,
O’lim nima bo’pti – shundoq bosh uzra
Majnuntol shovillar – mastu bokira.

Sen meni bekorga izlab ham yurma,
Huv, anov bolaga sen ham bir qara,
Tilini chiqarib qilar masxara…

14. MAQSUD SHAYXZODA

Toki tirik ekan farzanding, Vatan,
Ulug’bek yulduzi toki osmonda –
Sen soxta hislarni olmagaysan tan,
O’zbek nomi mangu yashar jahonda.

Navoiy baytini eshitgan o’zbek
Yetti yurt naridan yig’lab qaytadi,
Shuncha jabr, zulm, iztirob ozdek,
Kelib Mirzo Bobur baytin aytadi.

Bu qutlug’ zaminda jarangla, yangra,
Qo’shig’im, karnayim, g’ijjak, rubobim,
Hasratim, quvonchim, g’am, iztirobim.

Dunyoda bor bo’lsa necha xil ranglar
Kelsin, ko’rsin, senda yuz karra ko’proq…
Ey, tilim, ey, elim, ey, ona tuproq…

1985

* * *

— Buncha qo’rqoq bo’lmasang, do’stim?
— Netay, axir, men erksiz o’sdim.

— Nega yolg’on so’zlaysan, aytgin?
— Xo’rlaganlar bolalik paytim.

— Bolalaring sotarsan nechun?
— Otam meni sotgani uchun.

— Nega sen voz kechding elingdan?
— Ayirganlar ona tilimdan!..

1987

KARLUSHA

Qo’shnimning Karlusha ismli zag’izg’oni bor.

“Kar-lu-sha” – deb chaqirar
Qizcham har kuni tongda
Bog’chasiga ketayotganda…
Karlusha shaqillab qo’yar qanotlarini yoyib.

Sigaret tutatib,
Chalkashtirib oyoqlarini,
Siniq bir kursida o’tirganicha
Qo’shnim zag’izg’onga donishmandlarga
Qaragandek uzoq qaraydi…

Qo’shnim o’z ona tilida gapirolmaydi.

Karlusha bo’lsa, la’nati, ba’zan shunaqayam
O’zbekchalab so’kinadi-ki,
O’g’limga qarayman xavotir bilan.

“Bekorga uzoq yashamaydi, bu ahmoq!”
Deb kuladi qah-qahlab qo’shnim,
Ko’zlarimga tik qarolmasdan…

1987

ONA TILI HAQIDA BALLADA

— Nima istar bizdan bu odamlar, ayt,
Ota, ular bilan borma… ota… o-ta-a, qayt.

Nega, ayt, otamning ko’kraklari qon,
Nega, ayt qo’lingda kishan, onajon?!

Bola o’ksib yig’lar, yov o’qi uchar…
Ota boshi og’ib, tuproqni quchar.

Bola yig’lar, ona qo’lida kishan –
Onaning tilini kesadi dushman.

So’ng uchqur otiga qamchi urar sho’x,
Yulduzni qulatar ko’kka uchgan o’q.

Bola tilsiz ona yonida omon,
Dushman yelib borar qichqirib shodmon.

Qichqirar: “Hech qachon endi bu bola
Boshida onasi aytolmas alla.

Hech qachon ocholmas ona dilini
Va go’dak unutar ona tilini”.

Tilin unutgandan qo’rqmaydi dushman,
Tilin unutganning farqi yo’q toshdan.

Ammo dushman bilmas: bor ekan Vatan,
Bu daryo, bu dala, bu tog’ bor ekan,

Ona tili aslo bo’lmagay unut,
Agar ishonmasang, qulog’ingni tut:

Onaning qayg’uga to’lgan ko’zlari –
Ona tilining eng buyuk so’zlari.

Tingla, bog’da daraxt shu tilda gullar,
Dashtda bo’rilar shu tilda uvillar.

Yalpizlar, buloqlar, ko’kda yulduzlar
Bola bilan ona tilida so’zlar…

Otasining qoni, vayron qal’alar
Tunlari bolani kelib allalar…

1985

09

(Tashriflar: umumiy 10 651, bugungi 16)

2 izoh

  1. Каттакон раҳмат шеърлар учун! Бу шеърлар муқаддас туркий тилимиз ўзида жамлаган жамийки нарсалар ҳақида: она тупроқ, мусибатлар оралаб тонгга интилган Ватан, тилини тишлаб муқаддас қадриятларини асраб келаётган улуғвор эл, эрку озодлик, муҳаббат, одамизоднинг изтироб ва фожиаларидан шоирга айланган Сўз титанлари ҳақида… Мана шундай шеърлар, мана шу изтироблар, мана шундай муносабатлар ўзбек тилимизни Давлат тили мақомига кўтарди, ўшанга асос бўлди. Ижтимоий фикр
    уйғотди. Шак-шубҳасиз.
    «Сўзлар майсалар билан гаплаша бошлар, Сўзлар юлдузлар билан гаплаша бошлар. Баъзан ярим тунда уйғониб, қарасам,Сўзлар оппоқ тулпорларга айланиб Ўтлаб юрган бўлар теварагимда…» Майсалар билан, юлдузлар билан гаплашадиган Сўзларни кўз гавҳаридай билган шоирларинг омон бўлсин, элим!

  2. Бу шеърлар Сўзни тақдир янглиғ азиз билиб,кўнгил ибодатига чоғланган Шоир ва шу Миллатнинг эртанги куни учун қайғурадиган том маънода Катта Шахснинг улуғ кечинмаларини сўзлаб берадиган довюрак шеърлар экан…..

Izoh qoldiring