Ривоятларда айтилишича, Ҳазрат Сулаймоннинг: «Бу дунёдаги ҳамма нарса ўткинчи», — деган сўзлар ўйиб ёзилган узуги бўлган. Сулаймон ҳаётининг қайғули онларида узукдаги ана шу ҳикматли битикни ўқиб, таскин топган...
ҲАЗРАТИ СУЛАЙМОН
РИВОЯТЛАР,ҲИКМАТЛАР
Ҳазрат Сулаймон Ҳазрат Довуднинг ўғли. Иудея ва Исроил давлатига ҳукмронлик қилган. Қуддус шаҳрида Яхва ибодатхонасини қурдирган. Замондошлари Сулаймоннинг донолигидан завқланишган. У ўзининг ўткир ақли ва ғайриодатий фикрлаш тарзи билан шуҳрат қозонган.
Муҳаммад ибн Исҳоқ айтади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳазрат Сулаймон (а.с.)ни пайғамбарлар орасида зикр қилганларида яҳудий олимларидан бири бундай деган: “Муҳаммад Сулаймонни пайғамбар бўлган, деб гумон қиляпти. Ҳолбуки у фақатгина сеҳргар эди!” Шу воқеадан кейин Аллоҳ таоло “Сулаймон кофир эмас эди, лекин … шайтонлар кофир эдилар”, оятни нозил қилди. Яъни ўша шайтонлар Сулаймон(а.с.)нинг одамларга кўрсатган денгизда юриш, қушлару жинларни ўзига тобе қилиш каби мўъжизаларини сеҳр-жоду деб талқин этганлар”.
Ривоятларда айтилишича, Ҳазрат Сулаймоннинг: «Бу дунёдаги ҳамма нарса ўткинчи», — деган сўзлар ўйиб ёзилган узуги бўлган. Сулаймон ҳаётининг қайғули онларида узукдаги ана шу ҳикматли битикни ўқиб, таскин топган.
Бир куни унинг бошига шундай бахтсизлик тушадики, узукдаги сўзлар дардига малҳам бўлолмайди. Сулаймон ғазаб билан узукни ечиб, отиб юборади ва думалаб бораётган узукнинг ички томонида ҳам аллақандай битик борлигига ногаҳон кўзи тушади. Ўрнидан туриб, узукни қўлига олади-да, битикни ўқийди. Узукнинг ички томонида: «Бу ҳам ўтиб кетади», — деган ёзувлар бор эди. Сулаймон аччиқ кулимсираб, узукни бармоғига тақади ва умрининг охиригача уни ечмайди.
Авлодлар келиб-кетаверадилар, Ер эса абадий қолаверади.
Донолик ортганда қайғу ортади, билимнинг кўпайиши эса ғамгинликни кўпайтиради.
Баъзан кулганда ҳам юраклар зирқирайди, қувонч эса қайғу билан якун топади.
Мен довюракликдан кўра донишмандлик афзал деган ўйда эдим. Аммо камбағалнинг донолигидан нафратланишар ва унинг сўзларини тингламас эканлар.
Эртанги кун билан мақтанма, чунки у нималарни тақдим этишини билмайсан.
Ақлли одам кулфатни олдиндан кўради ва ўзини панага олади. Тажрибасизлар эса олға юриб жазоланадилар.
Шундай йўллар борки, улар инсонга тўғри кўринади. Аммо бундай йўлларнинг ниҳояси — ўлим.
Ҳазрат Сулаймон (а.с.) дарёнинг бўйида ўтирарди. Нигоҳи бир дона донни дарё томон кўтариб бораётган чумолига тушди. Сулаймон (а.с.) чумолини кузатишда давом этди. Чумоли донни сув бўйигача судраб борди. Шу пайт сув ичидан қурбақа пайдо бўлди ва оғзини катта очди. Чумоли дони билан қурбақанинг оғзига кириб кетди. Қурбақа оғзини ёпди ва сувга шўнғиди. Бир муддат ўтгач, қурбақа сувга шўнғиган жойидан пайдо бўлди ва оғзини яна очди. Ичидан чумоли ўрмалаб чиқди. Аммо бу сафар буғдой дони йўқ эди.
Сулаймон (а.с.) чумолини ёнига чақирди ва ўз амали асрорини сўзлаб беришни сўради. Чумоли тилга кирди:
— Эй Аллоҳнинг пайғамбари! Дарёнинг қаърида ичи бўш бир тош ётибди. Ўша тошнинг ичида бир қурт яшайди. Худо қуртни ўша ерда яратган. У дарёдан ташқарига чиқа олмайди. Менга унинг насибасини етказиб туриш вазифаси юклатилган. Қурбақага эса мени сувнинг тубига олиб тушиш амр этилган. Мен ҳар куни бир буғдой донасини дарё бўйига келтираман. Қурбақа мени оғзига солиб, сув остига, тош ёнига қадар олиб тушади. Мен у ердаги тешик орқали буғдой донини қуртнинг оғзигача олиб бораман. Сўнгра, қурбақа мени яна оғзига олиб қирғоққа қадар чиқариб қўяди.
Ҳазрат Сулаймон (а.с.) чумолига деди: Буғдой донасини қуртга элтганингда ундан бирор гап эшитганмисан?
Чумоли жавоб берди: Ҳа. У доимо шундай дейди: “Эй менинг ризқимни дарё тубидаги тош ичига қадар етказиб беришни унутмайдиган Худо! Иймонли бандаларингга нисбатан бўлган раҳматингни унутма”.
Rivoyatlarda aytilishicha, Hazrat Sulaymonning: «Bu dunyodagi hamma narsa o‘tkinchi», — degan so‘zlar o‘yib yozilgan uzugi bo‘lgan. Sulaymon hayotining qayg‘uli onlarida uzukdagi ana shu hikmatli bitikni o‘qib, taskin topgan…
HAZRATI SULAYMON
RIVOYATLAR,HIKMATLAR
Hazrat Sulaymon Hazrat Dovudning o’g’li. Iudeya va Isroil davlatiga hukmronlik qilgan. Quddus shahrida Yaxva ibodatxonasini qurdirgan. Zamondoshlari Sulaymonning donoligidan zavqlanishgan. U o’zining o’tkir aqli va g’ayriodatiy fikrlash tarzi bilan shuhrat qozongan.
Muhammad ibn Is’hoq aytadi: “Rasululloh (s.a.v.) hazrat Sulaymon (a.s.)ni payg’ambarlar orasida zikr qilganlarida yahudiy olimlaridan biri bunday degan: “Muhammad Sulaymonni payg’ambar bo’lgan, deb gumon qilyapti. Holbuki u faqatgina sehrgar edi!” Shu voqeadan keyin Alloh taolo “Sulaymon kofir emas edi, lekin … shaytonlar kofir edilar”, oyatni nozil qildi. Ya’ni o’sha shaytonlar Sulaymon(a.s.)ning odamlarga ko’rsatgan dengizda yurish, qushlaru jinlarni o’ziga tobe qilish kabi mo»jizalarini sehr-jodu deb talqin etganlar”.
Rivoyatlarda aytilishicha, Hazrat Sulaymonning: «Bu dunyodagi hamma narsa o‘tkinchi», — degan so‘zlar o‘yib yozilgan uzugi bo‘lgan. Sulaymon hayotining qayg‘uli onlarida uzukdagi ana shu hikmatli bitikni o‘qib, taskin topgan.
Bir kuni uning boshiga shunday baxtsizlik tushadiki, uzukdagi so‘zlar dardiga malham bo‘lolmaydi. Sulaymon g‘azab bilan uzukni yechib, otib yuboradi va dumalab borayotgan uzukning ichki tomonida ham allaqanday bitik borligiga nogahon ko‘zi tushadi. O’rnidan turib, uzukni qo‘liga oladi-da, bitikni o‘qiydi. Uzukning ichki tomonida: «Bu ham o‘tib ketadi», — degan yozuvlar bor edi. Sulaymon achchiq kulimsirab, uzukni barmog‘iga taqadi va umrining oxirigacha uni yechmaydi.
Avlodlar kelib-ketaveradilar, Yer esa abadiy qolaveradi.
Donolik ortganda qayg‘u ortadi, bilimning ko‘payishi esa g‘amginlikni ko‘paytiradi.
Ba’zan kulganda ham yuraklar zirqiraydi, quvonch esa qayg‘u bilan yakun topadi.
Men dovyuraklikdan ko‘ra donishmandlik afzal degan o‘yda edim. Ammo kambag‘alning donoligidan nafratlanishar va uning so‘zlarini tinglamas ekanlar.
Ertangi kun bilan maqtanma, chunki u nimalarni taqdim etishini bilmaysan.
Aqlli odam kulfatni oldindan ko‘radi va o‘zini panaga oladi. Tajribasizlar esa olg‘a yurib jazolanadilar.
Shunday yo‘llar borki, ular insonga to‘g‘ri ko‘rinadi. Ammo bunday yo‘llarning nihoyasi — o‘lim.
Hazrat Sulaymon (a.s.) daryoning bo’yida o’tirardi. Nigohi bir dona donni daryo tomon ko’tarib borayotgan chumoliga tushdi. Sulaymon (a.s.) chumolini kuzatishda davom etdi. Chumoli donni suv bo’yigacha sudrab bordi. Shu payt suv ichidan qurbaqa paydo bo’ldi va og’zini katta ochdi. Chumoli doni bilan qurbaqaning og’ziga kirib ketdi. Qurbaqa og’zini yopdi va suvga sho’ng’idi. Bir muddat o’tgach, qurbaqa suvga sho’ng’igan joyidan paydo bo’ldi va og’zini yana ochdi. Ichidan chumoli o’rmalab chiqdi.
Ammo bu safar bug’doy doni yo’q edi.
Sulaymon (a.s.) chumolini yoniga chaqirdi va o’z amali asrorini so’zlab berishni so’radi. Chumoli tilga kirdi:
— Ey Allohning payg’ambari! Daryoning qa’rida ichi bo’sh bir tosh yotibdi. O’sha toshning ichida bir qurt yashaydi. Xudo qurtni o’sha yerda yaratgan. U daryodan tashqariga chiqa olmaydi. Menga uning nasibasini yetkazib turish vazifasi yuklatilgan. Qurbaqaga esa meni suvning tubiga olib tushish amr etilgan. Men har kuni bir bug’doy donasini daryo bo’yiga keltiraman. Qurbaqa meni og’ziga solib, suv ostiga, tosh yoniga qadar olib tushadi. Men u yerdagi teshik orqali bug’doy donini qurtning og’zigacha olib boraman. So’ngra, qurbaqa meni yana og’ziga olib qirg’oqqa qadar chiqarib qo’yadi.
Hazrat Sulaymon (a.s.) chumoliga dedi: Bug’doy donasini qurtga eltganingda undan biror gap eshitganmisan?
Chumoli javob berdi: Ha. U doimo shunday deydi: “Ey mening rizqimni daryo tubidagi tosh ichiga qadar yetkazib berishni unutmaydigan Xudo! Iymonli bandalaringga nisbatan bo’lgan rahmatingni unutma”.