Ozoda Bekrmurodova. Yangi she’rlar

021  Озода Бекмуродованинг шеърларини олдин ҳам сайтимизда эълон қилганмиз. Бугун унинг «Умид япроғига ўраб кўнглимни» номли шеърий туркумини тақдим этмоқдамиз.

Озода БЕКМУРОДОВА.
УМИД ЯПРОҒИГА ЎРАБ КЎНГЛИМНИ…
032

Ой нурида кашта тиккан чевар эдим,034
Бир оламни, бир онамни севар эдим,
Кунчиқарга шўхи шодон боқиб-боқиб,
Елдай ўтса бу кунлар деб қўяр эдим.
Сўнг бўлиниб кетдим минг бир бўлакларга,
Умрим бердим зиёси йўқ фалакларга!

Кўкламларим, байрамларим қолиб кетди,
Ҳайратларим, ҳайронларим қолиб кетди,
Қуёшнинг минг жилвасидан нусха олиб,
Гул солганим гиламларим қолиб кетди.
Сўнг бўлиниб кетдим минг бир бўлакларга,
Умрим бердим росту ёлғон ҳалакларга!

Қани менинг бутунлигим, бунёдлигим,
Қани менинг қишин ёзин ободлигим,
Эвоҳ дунё, буғдой дондай сочдинг мени,
Қани менинг ёруғ кундай пок зотлигим!?
Оҳ, бўлиниб кетдим минг бир бўлакларга,
Умрим бердим қумдан сароб тилакларга!?

Бир қуш бўлиб келган эдим боғларинга,
Учиб қўндим пасту баланд тоғларингда,
Тарқамади осмонингда туманларинг,
Қояларга урилдим гул чоғларимда.
Эвоҳ, дунё бўлдинг минг бир бўлакларга,
Ошна қилдинг ҳаёси йўқ юракларга…

***

Яна сен…
Ёдимнинг кунжакларида
бору йўғинг билан бўласан пайдо,
Мен сингиб кетгандим
ҳечлик қарига.
Нечун сени менга юборди Худо!
Мен кетиб борардим
йўлларда ёлғиз…
Умид япроғига ўраб кўнглимни,
Бир субҳ
тебранди мовийранг денгиз,
Қўлларинг чорлади
қўлимни…
Яна сен…
кўнглимни уйғотадурсен…
Шаффоф оламларга кетаман сузиб,
Юрагим уфқидан кириб келолсанг,
Тақдир тилсимотин қулфини бузиб,
Яна сен…

***

Йиқилганим йўқ, Нажот,
Қоқилиб кетдим тошга,
Кўнглим қонагани йўқ,
Ишон ёнмайман бошқа.

Қисматнинг қирғоғида,
Бағрим бироз тилинди.
Сенга бутун тонглар бермоқчи эдим.
Ёлғизлигим билинди.

Нур тилаб олганим йўқ.
Сўник қорачиқлардан.
Қуёшим ўзимники,
Ўтим баланд чўғлардан

Ғимир-ғимир юрганлар.
Жимир-жимир қилганлар.
Тавонимга ҳам келмас,
Мисдан зийнат илганлар

Нақадар аянчлидир,
Муҳаббатсиз жароҳат,
Нон деб руҳингни сотма
Келолмасин қиёмат

Қисматнинг фалагида.
Кўнглим кундай тутилган,
Кечиргин жонга бандим
Мактуб шундай битилган

Нур тилаб олганим йўқ,
Сўник қорачиқлардан,
Нигоҳимни узганман.
Алангасиз чўғлардан…

***

Сиздан менга нурлар келар осмон-осмон,
Юрагимда шодликларим хирмон-хирмон.
Ҳаётимнинг маъносини топгандайман,
Ишқ аҳлининг шаробидан тотгандайман.

Эй, қалбимнинг бу дунёда ёруғ куйи,
Балки сизни излаганман умрим бўйи,
Сизни кўрган рўёларни, ўпиб суйиб,
Тирикчилик дунёсидан ўтгандайман…

Пасту баланд кўчаларда зору сарсон,
Ўтган кетган нечаларга бўлиб ҳайрон,
Йиғлаб кетди мендан,қанча давру даврон,
Яшамасдан, бу кунларни кутгандайман!

Сизни кўрган лаҳзаларим афсонадур,
Исмингизнинг шуъласидан мастонадур,
(Менам дилдор, бир сўйладим Султонимга)
Икки дунё бу сўзларим ягонадур!

Сиздан менга нурлар келар осмон-осмон,
Юрагимда шодликларим хирмон-хирмон.
Ҳаётимнинг маъносини топгандайман,
Ишқ аҳлининг шаробидан тотгандайман…

***

Эҳтимол ёдингда йўқдирман,
Умидинг,
Додингда йўқдирман…
Хаёлингда хасча маконим йўқдир,
Пойинга отилган чўғдирман!

***

Мен сенга аталган шундай меваман,
Юрагимни ушат, ол бир сўзимни.
Матназар Абдилҳаким

Фасллар айланди
атрофимда жим,
Жим кетиб боради ойнинг шарпаси
Келар йўлларинга
кўзимни тикдим.
Кўнглимни асради орзу ҳавасим.

Фурсатлар соғинди қадамларингни,
Бир менми адашган,
бир менми шошган…
Шамолларга сочдим
аламларимни,
Бир менми тунларнинг баҳридан кечган…

Бир асов дарёнинг тўлқинидирман,
Қисмат қирғоғига сиғмайин тошдим,
Билмайман,
Кимман ва,
қандайин сирман
Нега хаёлинга кўнглимни очдим?…

Тонгнинг соҳилига чиқдим сени деб,
Сени деб сочларим паришон бўлди,
Ҳанузам йўлларим интизор сенга,
Умидим шуъласи кел энди….

Қурбат водийсига келгин Сарварим,
Умр соҳилидан ёғдулар тердим,
Бир сенга аталган ҳаёт гулиман,
Юрагимни ушат ва бир сўз дегин!

Фурсатлар соғинди
қадамларингни…

НАЖОТИЙГА

Сен бир осмон учиб чиқсам,
Қанотларим куймаган,
Сен бир жаҳон кириб борсам,
Ифоринга тўймаган.

Мен бир шамол, бир нолакор,
Куну-тунлар тинмаган.
Мулки Султонига бориб,
Айтиб айтиб йиғлаган.

Сен бир олам ўйласам ҳам,
Хаёлларим яшнаган!
Сен бир Зуҳро, зулматларда
Ёғдусини тўшаган!

Мен бир тоғман ота бўлиб,
Йўлингдан тош кўчирган,
Онанг бўлиб семурғларнинг,
Кўксидан сут ичирган.

Сен бир зиё, бир нафасда,
Ҳаётимни ўзгартган,
Сен бир гўё, битта сасда,
Вайронамни тузатган.

Мен бир сўзон, сенинг билан,
Қароликлар кетгайдир.
Гул умримнинг минг йил битмас,
Яролари битгайдир!

Сен бир дунё, теграсида
Шодликларим барқ урган,
Сарвиқаддимни тик тутсам,
Мағриб машриқ тенг келган.

Мен бир ошиқ, мен бир муҳтож,
Ҳанузам мубталодурман,
Сени берган Қуёшимга ,
Ҳамдлар айтиб борадурман!

Сен осмон учиб борсам,
Қанотларим куймаган,
Мен бир шамол, мен нолакор,
Куйлаб-куйлаб тўймаган…

ОҚ КУНЛАР ҲАЖРИ…

Онам осмон эди
Отам тоғ эди…
Еру осмон сеҳрли нурбоғ эди.
Кўзим кўнгил эди
Кўнглим соғ эди
Шодликлари тугамаган чоғ эди
Тунлар шукуҳ, зар аралаш тонг эди
Чексизликнинг чодирлари кенг эди.
Ўйламасдан ўйнаб кулиб чопардим,
Ёруғ тушларимнинг бари ўнг эди.
Волидамнинг бағри мангу баҳорим,
Мойчечаклар табассуми бахт эди.
Минг айтилса нигоҳларнинг изҳори
Бир қайрилиб боқмаганим вақт эди..
Фаслларнинг жами кўклам лолазор,
Лаҳзаларнинг ҳеч саноғи йўқ эди,
Юлдузларнинг шулъасига қарасам,
Малакмисол бир гуноҳим йўқ эди.
Бутун олам дўстим эди, қадрдон,
Шодлик сувин сочар эди тўрт томон.
Қўл узатсам, қанот ёзган турналар,
Нега қайтиб келмаяпти ёрижон?!
Ёрижон…

***
Қаҳҳор бахши Раҳимовга

Элим десам юрагимга нур кирар,
Томиримга осмон кирар, сир кирар.
БорлиҒимда бир илтижо ҳайқирар;
Элим десам икки дунём гуркирар!
О, билмайман бу қандайин табобат,
Тошин қучсам топгайдурман ҳаловат,
Олислардан соғинч тортиб келганда,
Кўксимдаги ғамлар эрур тоабад.
Шу тупроғнинг гулиман, гавҳариман,
ТоҒларининг бошидаги зариман,
Кўк ишқида учиб кетган қушману,
Кел деганда келадиган, бориман.
Шу борлиқнинг шамолига юз чайсам,
Шу кенгликнинг камолида улғайсам,
Исмим айтсам, танисайди гиёҳлар,
Исмин айтса, дунёларига ёйсам.
Юрагимга қувват керак ёронлар,
Менга синмас қанот керак ёронлар,
Элим десам, бизникисан десалар,
Менга шундай дастхат керак ёронлар.
Менга шундай нурхат керак ёронлар!

ХИРГОЙИ

Мангу тонглар
Отмоғидан умидим бор,
Токи маҳшар илтижо-беҳудудим бор.
“Гул танамни хор этма ёт элларда
ўлгунимча сайисинг бўлай бойчибор”*.

Мен билмадим ағёр қандай бўлишини,
Қароғдаги осмон қандай сўнишини,
Волидамнинг паймонаси тўлишини,
Юрагимнинг муз тоғида ёнишини…

Гул вақтимнинг боладайин жим ўксиниб,
Бир сўз демай ҳижронларга кўнишини,
Руҳим маним юксакларга ҳур юкиниб,
Муқаддас бир садоларга дўнишини…

Бинафшаранг кунлар ёди учиб юрар,
Орзуларим ифорини қучиб юрар,
Яратганнинг дарчасидан бир имо бор-
Кўнглим ҳурлар дарёсини кечиб юрар…

Мангу тонглар
Отмоғидан умидим бор,
Нигоронлиғ ичра мудом сужудим бор,
Исмим толасига тегманг, қалбсизлар,
Ишқ қонида чўмилган нур вужудим бор…

* «Алпомиш» достонидан.

***

Муҳаббатдир ёлғиз яроғим,
Инсон эмас ишонган тоғим,
Ғариба мен, ғолиба менман.
Қутлибека

Камалакдан рангин қуроғим,
Хазон эмас ҳеч бир япроғим.
Инсон эмас ишонган тоғим,
Ойзода мен, Озода менман.

Руҳим оппоқ эзгу байроғим,
Олис эмас ойдин йироғим,
Бир қарасам, етгай титроғим,
Ойзода мен, Озода менман.

Ишонаман тунлар сеҳрига,
Ёрим чиқар қисмат бағридан,
Ҳилпираймиз севги шаҳрида,
Озода мен, Ойзода менман.

Ёнар порлаб шамим чироғим,
Гулнинг япроғидан тароғим,
Муҳаббатдир ёлғиз яроғим.
Ойзода мен, Озода менман.

***

Сенсиз ҳам имконлар юлдузлардай шаън,
Сенсиз ҳам қўлини узатар қуёш,
Сенсиз ҳам тўрига чорлайди Ватан,
Сенсиз ҳам кўксимда чўғланар оташ.
Сенсиз ҳам йўлларим ойдин ва шаффоф,
Чароғон бекатлар, тутади гуллар,
Кечалар мен учун ичади гулоб,
Интизор кутади мовий манзиллар.
Сенсиз ҳам,..
Сенсиз ҳам барчаси аниқ,
Кўкка поёндоздир отажак тонглар,
Сенсиз ҳам чироғим туради ёниб,
Юрагида олиб учар давонлар.
Сенсиз ҳам иқболим ойдай кулади,
Камалак ёғдули гўшанга безаб,
Дунёни бешикдай тебратсам, агар,
Само денгизида парилар сузар.
Сенсиз ҳам иложим чаман ва чаман,
Пешонам кўкида порлайди қуёш,
Номимни улуғлаб айтади Ватан
Кўксимда ёнмоқда ҳалоскор оташ…
Сенсиз ҳам…

 

034Ozoda Bekmurodovaning she’rlarini oldin ham saytimizda e’lon qilganmiz. Bugun uning «Umid yaprog’iga o’rab ko’nglimni» nomli she’riy turkumini taqdim etmoqdamiz.

Ozoda BEKMURODOVA.
UMID YaPROG’IGA O’RAB KO’NGLIMNI...

Oy nurida kashta tikkan chevar edim,
Bir olamni, bir onamni sevar edim,
Kunchiqarga sho’xi shodon boqib-boqib,
Yelday o’tsa bu kunlar deb qo’yar edim.
So’ng bo’linib ketdim ming bir bo’laklarga,
Umrim berdim ziyosi yo’q falaklarga!

Ko’klamlarim, bayramlarim qolib ketdi,
Hayratlarim, hayronlarim qolib ketdi,
Quyoshning ming jilvasidan nusxa olib,
Gul solganim gilamlarim qolib ketdi.
So’ng bo’linib ketdim ming bir bo’laklarga,
Umrim berdim rostu yolg’on halaklarga!

Qani mening butunligim, bunyodligim,
Qani mening qishin yozin obodligim,
Evoh dunyo, bug’doy donday sochding meni,
Qani mening yorug’ kunday pok zotligim!?
Oh, bo’linib ketdim ming bir bo’laklarga,
Umrim berdim qumdan sarob tilaklarga!?

Bir qush bo’lib kelgan edim bog’laringa,
Uchib qo’ndim pastu baland tog’laringda,
Tarqamadi osmoningda tumanlaring,
Qoyalarga urildim gul chog’larimda.
Evoh, dunyo bo’lding ming bir bo’laklarga,
Oshna qilding hayosi yo’q yuraklarga…

***

Yana sen…077
Yodimning kunjaklarida
boru yo’g’ing bilan bo’lasan paydo,
Men singib ketgandim
hechlik qariga.
Nechun seni menga yubordi Xudo!
Men ketib borardim
yo’llarda yolg’iz…
Umid yaprog’iga o’rab ko’nglimni,
Bir subh
tebrandi moviyrang dengiz,
Qo’llaring chorladi
qo’limni…
Yana sen…
ko’nglimni uyg’otadursen…
Shaffof olamlarga ketaman suzib,
Yuragim ufqidan kirib kelolsang,
Taqdir tilsimotin qulfini buzib,
Yana sen…

***

Yiqilganim yo’q, Najot,
Qoqilib ketdim toshga,
Ko’nglim qonagani yo’q,
Ishon yonmayman boshqa.

Qismatning qirg’og’ida,
Bag’rim biroz tilindi.
Senga butun tonglar bermoqchi edim.
Yolg’izligim bilindi.

Nur tilab olganim yo’q.
So’nik qorachiqlardan.
Quyoshim o’zimniki,
O’tim baland cho’g’lardan

G’imir-g’imir yurganlar.
Jimir-jimir qilganlar.
Tavonimga ham kelmas,
Misdan ziynat ilganlar

Naqadar ayanchlidir,
Muhabbatsiz jarohat,
Non deb ruhingni sotma
Kelolmasin qiyomat

Qismatning falagida.
Ko’nglim kunday tutilgan,
Kechirgin jonga bandim
Maktub shunday bitilgan

Nur tilab olganim yo’q,
So’nik qorachiqlardan,
Nigohimni uzganman.
Alangasiz cho’g’lardan…

***

Sizdan menga nurlar kelar osmon-osmon,
Yuragimda shodliklarim xirmon-xirmon.
Hayotimning ma’nosini topgandayman,
Ishq ahlining sharobidan totgandayman.

Ey, qalbimning bu dunyoda yorug’ kuyi,
Balki sizni izlaganman umrim bo’yi,
Sizni ko’rgan ro’yolarni, o’pib suyib,
Tirikchilik dunyosidan o’tgandayman…

Pastu baland ko’chalarda zoru sarson,
O’tgan ketgan nechalarga bo’lib hayron,
Yig’lab ketdi mendan,qancha davru davron,
Yashamasdan, bu kunlarni kutgandayman!

Sizni ko’rgan lahzalarim afsonadur,
Ismingizning shu’lasidan mastonadur,
(Menam dildor, bir so’yladim Sultonimga)
Ikki dunyo bu so’zlarim yagonadur!

Sizdan menga nurlar kelar osmon-osmon,
Yuragimda shodliklarim xirmon-xirmon.
Hayotimning ma’nosini topgandayman,
Ishq ahlining sharobidan totgandayman…

***

Ehtimol yodingda yo’qdirman,
Umiding,
Dodingda yo’qdirman…
Xayolingda xascha makonim yo’qdir,
Poyinga otilgan cho’g’dirman!

***

Men senga atalgan shunday mevaman,
Yuragimni ushat, ol bir so’zimni.
Matnazar Abdilhakim

Fasllar aylandi
atrofimda jim,
Jim ketib boradi oyning sharpasi
Kelar yo’llaringa
ko’zimni tikdim.
Ko’nglimni asradi orzu havasim.

Fursatlar sog’indi qadamlaringni,
Bir menmi adashgan,
bir menmi shoshgan…
Shamollarga sochdim
alamlarimni,
Bir menmi tunlarning bahridan kechgan…

Bir asov daryoning to’lqinidirman,
Qismat qirg’og’iga sig’mayin toshdim,
Bilmayman,
Kimman va,
qandayin sirman
Nega xayolinga ko’nglimni ochdim?…

Tongning sohiliga chiqdim seni deb,
Seni deb sochlarim parishon bo’ldi,
Hanuzam yo’llarim intizor senga,
Umidim shu’lasi kel endi….

Qurbat vodiysiga kelgin Sarvarim,
Umr sohilidan yog’dular terdim,
Bir senga atalgan hayot guliman,
Yuragimni ushat va bir so’z degin!

Fursatlar sog’indi
qadamlaringni…

NAJOTIYGA

Sen bir osmon uchib chiqsam,
Qanotlarim kuymagan,
Sen bir jahon kirib borsam,
Iforinga to’ymagan.

Men bir shamol, bir nolakor,
Kunu-tunlar tinmagan.
Mulki Sultoniga borib,
Aytib aytib yig’lagan.

Sen bir olam o’ylasam ham,
Xayollarim yashnagan!
Sen bir Zuhro, zulmatlarda
Yog’dusini to’shagan!

Men bir tog’man ota bo’lib,
Yo’lingdan tosh ko’chirgan,
Onang bo’lib semurg’larning,
Ko’ksidan sut ichirgan.

Sen bir ziyo, bir nafasda,
Hayotimni o’zgartgan,
Sen bir go’yo, bitta sasda,
Vayronamni tuzatgan.

Men bir so’zon, sening bilan,
Qaroliklar ketgaydir.
Gul umrimning ming yil bitmas,
Yarolari bitgaydir!

Sen bir dunyo, tegrasida
Shodliklarim barq urgan,
Sarviqaddimni tik tutsam,
Mag’rib mashriq teng kelgan.

Men bir oshiq, men bir muhtoj,
Hanuzam mubtalodurman,
Seni bergan Quyoshimga ,
Hamdlar aytib boradurman!

Sen osmon uchib borsam,
Qanotlarim kuymagan,
Men bir shamol, men nolakor,
Kuylab-kuylab to’ymagan…

OQ KUNLAR HAJRI…

Onam osmon edi
Otam tog’ edi…
Yeru osmon sehrli nurbog’ edi.
Ko’zim ko’ngil edi
Ko’nglim sog’ edi
Shodliklari tugamagan chog’ edi
Tunlar shukuh, zar aralash tong edi
Cheksizlikning chodirlari keng edi.
O’ylamasdan o’ynab kulib chopardim,
Yorug’ tushlarimning bari o’ng edi.
Volidamning bag’ri mangu bahorim,
Moychechaklar tabassumi baxt edi.
Ming aytilsa nigohlarning izhori
Bir qayrilib boqmaganim vaqt edi..
Fasllarning jami ko’klam lolazor,
Lahzalarning hech sanog’i yo’q edi,
Yulduzlarning shul’asiga qarasam,
Malakmisol bir gunohim yo’q edi.
Butun olam do’stim edi, qadrdon,
Shodlik suvin sochar edi to’rt tomon.
Qo’l uzatsam, qanot yozgan turnalar,
Nega qaytib kelmayapti yorijon?!
Yorijon…

***
Qahhor baxshi Rahimovga

Elim desam yuragimga nur kirar,
Tomirimga osmon kirar, sir kirar.
BorliG’imda bir iltijo hayqirar;
Elim desam ikki dunyom gurkirar!
O, bilmayman bu qandayin tabobat,
Toshin quchsam topgaydurman halovat,
Olislardan sog’inch tortib kelganda,
Ko’ksimdagi g’amlar erur toabad.
Shu tuprog’ning guliman, gavhariman,
ToG’larining boshidagi zariman,
Ko’k ishqida uchib ketgan qushmanu,
Kel deganda keladigan, boriman.
Shu borliqning shamoliga yuz chaysam,
Shu kenglikning kamolida ulg’aysam,
Ismim aytsam, tanisaydi giyohlar,
Ismin aytsa, dunyolariga yoysam.
Yuragimga quvvat kerak yoronlar,
Menga sinmas qanot kerak yoronlar,
Elim desam, biznikisan desalar,
Menga shunday dastxat kerak yoronlar.
Menga shunday nurxat kerak yoronlar!

XIRGOYI

Mangu tonglar
Otmog’idan umidim bor,
Toki mahshar iltijo-behududim bor.
“Gul tanamni xor etma yot ellarda
o’lgunimcha sayising bo’lay boychibor”*.

Men bilmadim ag’yor qanday bo’lishini,
Qarog’dagi osmon qanday so’nishini,
Volidamning paymonasi to’lishini,
Yuragimning muz tog’ida yonishini…

Gul vaqtimning boladayin jim o’ksinib,
Bir so’z demay hijronlarga ko’nishini,
Ruhim manim yuksaklarga hur yukinib,
Muqaddas bir sadolarga do’nishini…

Binafsharang kunlar yodi uchib yurar,
Orzularim iforini quchib yurar,
Yaratganning darchasidan bir imo bor-
Ko’nglim hurlar daryosini kechib yurar…

Mangu tonglar
Otmog’idan umidim bor,
Nigoronlig’ ichra mudom sujudim bor,
Ismim tolasiga tegmang, qalbsizlar,
Ishq qonida cho’milgan nur vujudim bor…

* «Alpomish» dostonidan.

***

Muhabbatdir yolg’iz yarog’im,
Inson emas ishongan tog’im,
G’ariba men, g’oliba menman.
Qutlibeka

Kamalakdan rangin qurog’im,
Xazon emas hech bir yaprog’im.
Inson emas ishongan tog’im,
Oyzoda men, Ozoda menman.

Ruhim oppoq ezgu bayrog’im,
Olis emas oydin yirog’im,
Bir qarasam, yetgay titrog’im,
Oyzoda men, Ozoda menman.

Ishonaman tunlar sehriga,
Yorim chiqar qismat bag’ridan,
Hilpiraymiz sevgi shahrida,
Ozoda men, Oyzoda menman.

Yonar porlab shamim chirog’im,
Gulning yaprog’idan tarog’im,
Muhabbatdir yolg’iz yarog’im.
Oyzoda men, Ozoda menman.

***

Sensiz ham imkonlar yulduzlarday sha’n,
Sensiz ham qo’lini uzatar quyosh,
Sensiz ham to’riga chorlaydi Vatan,
Sensiz ham ko’ksimda cho’g’lanar otash.
Sensiz ham yo’llarim oydin va shaffof,
Charog’on bekatlar, tutadi gullar,
Kechalar men uchun ichadi gulob,
Intizor kutadi moviy manzillar.
Sensiz ham,..
Sensiz ham barchasi aniq,
Ko’kka poyondozdir otajak tonglar,
Sensiz ham chirog’im turadi yonib,
Yuragida olib uchar davonlar.
Sensiz ham iqbolim oyday kuladi,
Kamalak yog’duli go’shanga bezab,
Dunyoni beshikday tebratsam, agar,
Samo dengizida parilar suzar.
Sensiz ham ilojim chaman va chaman,
Peshonam ko’kida porlaydi quyosh,
Nomimni ulug’lab aytadi Vatan
Ko’ksimda yonmoqda haloskor otash…
Sensiz ham…

032

(Tashriflar: umumiy 424, bugungi 1)

Izoh qoldiring