Sobir O’nar. To’rt hikoya & Tarvuz. Audiohikoya & Sobir O’nar «Uyga qaytib» teleloyihasida

Ashampoo_Snap_2016.12.22_17h33m25s_003_.png25 февраль — Ёзувчи Собир Ўнар Таваллуд топган куннинг 60 йиллиги

25 ФЕВРАЛ КУНИ ЁЗУВЧИ СОБИР ЎНАР 60 ЁШГА ТЎЛГАН БЎЛАРДИ. СИЗГА ТАҚДИМ ЭТАЁТГАН СЎЗЛАРИМНИ У РОППА-РОСА 50 ЁШГА ТЎЛГАН КУНДА, ЎН ЙИЛЧА АВВАЛ ЁЗГАН ЭДИМ. СОБИР УКАМНИ ОЛЛОҲИМ РАҲМАТИГА ОЛГАН БЎЛСИН!
Ёши 60 дан ошган инсон сифатида айтишим мумкинки, эллик ёш ижодкор ҳаётининг энг кўркам ва орзулари амалга ошадиган мавсумидир. Собирнинг ижоди ўзбек адабиётида алоҳида саҳифа эгаллаганига анча бўлди. Унинг ҳикоя ва қиссалари фақат ўзбек китобхонига эмас, туркий адабиёт оламига ҳам маълум ва манзур, десам адашмайман.

Мен унинг ҳар бир асарини шавқ билан ўқийман. Собирнинг ҳикояларида кечган воқеалар,қаҳрамонлари болалигимни ёдимга солади. Шаҳарга яқин қишлоқда туғилганим учунми, болаликда шаҳардан бироз олисдаги ота уруғим яшайдиган қишлоқларга бориб, ҳафталаб турганимда бутунлай бошқа дунёга тушгандай бўлардим. Собирнинг ҳикоялари ўша дунёдан келгандай…

Бугун Собир Ўнарнинг фақатгина ижоди эмас, «Ёшлик» журналининг бош муҳаррири сифатида кечаётган фаолияти ҳам таҳсинга сазовор. Журналнинг ўз олами,ўз йўли ва аниқ мақсади бор. Бу мақсад, энг аввало, адабиётимизга кириб келаётган ҳар бир истеъдодни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳар бирига машаққатли ижод йўлини дадиллик ва салоҳият билан босиб ўтишга ишонч уйғотишдан иборат.

Собир менинг қўшним бўлади. Қарайиб 20 йилдан бери ҳамсоямиз. Унинг болалари кўз ўнгимда катта бўлди.

Ота–боболаримиз «Ҳовли олма,қўшни ол» деб бекорга айтмаган экан. Бу масалада омадим юришганидан қувонаман. Бошқа қўшниларим ҳам Собирга ўхшаган босиқ одамлар. 20 йил давомида бизнинг бўлма(подъезд)да бирон марта жанжал бўлмагани бу фикримни исботидир.

Собир жўра, аслида бугун қоғозга битганларимдан юрагимдаги гапларим кўпроқ бўлса керак. Аммо, бу гапларим юрагимга сиғмай чиққани рост.

Мен Собир Ўнарни эллик ёши билан чин юрагимдан табриклайман, унинг қаламининг қуввати ошиб боришини тилаб қоламан.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири, Собир Ўнарнинг узоқ йиллик ён қўшниси

 

Собир ЎНАР
ТЎРТ ҲИКОЯ
009

 Ashampoo_Snap_2016.12.22_17h33m41s_004_a.png   Собир Ўнар (1964-2020) Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Қувкалла қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни 1981 йилда тамомлаб, ўша йили ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетига ўқишга кирган.
Собир Ўнарнинг 1996 йили «Ёшлик» журналида эълон қилинган «Шаффоф манзил» қиссаси унинг фикр доиралари кенгаяётганини кўрсатди. Ёзувчининг бугунги кун руҳи билан суғорилган «Чамбилбелнинг ойдаласи», «Мангу ёшлик», «Ўғрилар» қиссалари чоп этилиш арафасида турибди. Собир Ўнар таржимон сифатида рус, турк, қозоқ, қорақалпоқ адибларининг талай асарларини она тилимизга ўгирган.
Турк ёзувчиси Бакир Юлдузнинг «Карбало фожиаси» қиссаси эса Собир Ўнар таржимасида икки марта нашр қилинган. Собир Ўнарни жамоатчилик иқтидорли публицист сифатида ҳам яхши билади. Мустақиллик даврида унинг вақтли матбуот сахифаларида эълон қилинган мақолалари маънавият, ижтимоий ҳаёт, халқ хўжалигининг долзарб муаммоларига бағишланган.

009

ВИЖДОН

Ғайбар дегич момомиз бўлар эди. Холамнинг қайнонаси, яъниким поччамизнинг онаси. Асли исми Хонсулув эканини ўлганидан кейин билдим. Ўзиям тўқсондан ошувди. Ғайбар – момонинг полвонлигига, эр кишиларга ҳам бел бермаганига ишора экан.
Ёшлигида колхознинг ўроғида буғдой ўриб юрганида қишлоқнинг манаман деган зўр йигитини ҳаволатиб ерга пўстак қилиб урган экан. Шу-шу ғайир – одобсизлик қилса раис жанобларига ҳам хезланиб қоларкан.
Ғайбар момодан уч тирноқ қолди: бир ўғил, икки қиз. Қизлар бугун ўзидек момой, ўғли – чол.
Момоси тушгурнинг ажаб одатлари бор эди. Масалан, невараларини азонлаб қичқириб уйғотарди. Ҳар бирига юмушлар буюриб ҳар ёққа тарқатиб юборар, ўчоқда чой қайнагунча, қозонда сут пишгунча улар бир дунё ишни битириб келар эдилар. Эрталабдан ишлаган болалар бир коса сутни шаппа ичиб, кейин мактабга йўл олар эдилар. Мободо косада овқат сарқит бўлса, ўзи нон бурдасини иккига ёриб суртиб косани тозалаб уриб ташларди. Чой юқини, ҳатто шамани ҳам қолдирмас эди. Уволдан қўрқ, дерди. Чамамда момо тўқсоннинг ошувида ҳам полвон, иштаҳаси бинойидек эди.
Бу ҳам эмас, қишлоқ ўртасида куздан охир баҳоргача оқиб турувчи сойдан ўнг тараф уйларга ариқ қаздириб сув ўтказган, “оқсоқолчилик” қилиб турган, жами одамларнинг бошини қўшиб ишлатган ҳам шу кампир бўлади. Товуши ҳам ҳавони йиртар даражада баланд эди. Ишдан бўйин товлаганларни икки чақирим нариги қишлоқдан чақириб олганларини эшитганмиз. У замонлар техника йўқ, одамлар ҳам камроқ – сукунат оромида эканми, дейман-да. Биз бугун шу даражада шовқину маломату ташвишга кўмилганмизки, ўн қадам наридаги боламизни ҳам “сотка”да чақирамиз. Шундаям у шўрлик эшитса, “эшитмай қолибман” деган беозор баҳоналар ҳам чиққан…
Жарлар устига катта қувурлар ўтказиш учун тўрт сўм-беш сўмдан йиғдириб тракторчининг қўлига тутқазган, сўнг бошида туриб бедар кетаётган сой сувидан адоқдаги ҳовлилар қурилишига, кўп томорқали бўлиб қолишига ҳам шу кампир катталик қилган.
Виждонли аёл эди!
Қишлоқ удумини бузиб, ўзи тенги қайнларини ҳам сенсираб юбораверар эди. Лекин бундан натижа чиқар эди. Ўзи гавдаси катта бўлмасаям ҳайбати баланд эди. Ғайир эди – ялқовлик, ўзи бўларчилик, ғирромликнинг душмани эди. Тўй-ҳашаму маъракада ҳам кампирнинг оғзига қарар эдилар. Яқин одамларининг азасида ҳам бошқаларга ўхшаб рўмол, қасабалари ечилиб, соч юлиб йиғлаганларини кўрмаганман. Дардга маҳкам эди! Қайтанга расм-маросимни тезроқ, жой-жойида, интизом билан ўтказиш пайидан бўлар эди.
Ахир соч юлиб йиғласангиз биров раҳмат дейдими? Ўлган одам қайтиб келадими ёки?
Албатта, бу кампир фалон-писмадон бунёдкорлик ишларини амалга оширди деб бир оз тўқиб-бичсам ёлғон бўлар эди. Гап шундаки, у кампирми, чолми, ёшми – одамларнинг виждонини уйғотиб турар эди. Айтайлик, биргина қариндошинг ёки қўшнингни ёмонликдан қайтариб қолсанг, уни жаҳолат тузоғидан қутқариб қолишинг мумкин-ку!
Момо тўқсондан уч-тўрт довон ошиб жимгина нариги дунёга кетди. Балки шу бақироқдан қутулдик деганлар ҳам бордир. Элчилик… Лекин кўп йиллар момонинг ўрнини тўлдириб келган бирор эркакни кўрмадим…
Элга бошчи керак экан!
Мустақиллик йилларида юрт ободонлиги учун кўп ишлар бошлаб юборилганида, Юртбошимизнинг шахсан саъй-ҳаракатлари билан Имом Бухорий, Хожа Нақшбанд ҳазратларининг мақбаралари тикланаётганда қишлоғимиздан тағин бир оқсоқол чиқди.
Ҳей эл, – деди. – Шу ердан ўтган Нон бер ота кимдан кам, – деди. – Келинглар, шу зотнинг қўйиндисини обод қилайлик! – деб даъват қилди.
У зот авлиё бўлган. Шу ердаги мачит ёнида кофирлар узган боши ғойиб бўлган. Шунинг учун қўйинди – мозор. Усти ёпилган эди-ю, чолдевор эди-да. Ёнидаги мачит ҳам полвонроқ одамнинг елкаси тегиб кетса зилзила қўпгандек бўларди.
Не бўлгайки, оқсоқол Келдибой Қўшмуродовнинг даъвати элга эм бўлди. Менимча ҳашарга келмаганлар бўлса бордир-у, ҳисса қўшмаган одам қолмади. Мисол, мачитни бир оз кенгайтириш, ёнидаги мақбарани мақбара дегулик қилиш учун маблағ керак. Эпли уста, унга қўл ҳақи, яна шунга яраша материаллар керак. Буни қарангки, қишлоқда яшовчилар ҳам камбағалман демади. Шаҳарда яшаётганлар ҳам авлиё бобомнинг савобидан баҳраманд бўлайлик, деди – пулини, ёрдамини аямади. Бир пасда қутидеккина шинам мақбара қад кўтарди. Қуббаси ялтирарди. Самарқандлик усталар уни бежиримгина қилиб бўяшди. Улуғ зотлар, минораю мадраса, мақбаралар шаҳри – Самарқанднинг бир парчаси шу ерга кўчиб келгандай бўлди. Чин маънодаги зиёратгоҳга айланди. Келин-куёвлар ҳам шу ердаги урушдан қайтмаганлар хотира-тахтасини, Нон бер ота мақбарасини зиёрат қилиб, кейин тўй бошлашади.
Бу авлиё зот ким бўлди?
Келинг, Нон бер ота ҳақида билганимни қисқача баён этай. Бундан 450 йиллар бурун яшаб ўтган. Туғилган ери биздан анча олис – Нурота йўлидаги Қоратов биқинидаги бир қишлоқ бўлган. Полвон йигит бўлган. Елкаси ер кўрмаган. Асли исми Жиянбек, полвон бўлиб танилгач Жиянбек полвон деб ном қозонган. Бир куни тушида полвон Қоратов бошига чиқиб пешоб тўкибди. Қараса пешоб тоғни эгаллаб атрофга жобдираб оқибди, Қоратов баттар қорайибди. Туриб иниларига айтибдики, ёронларим, энди биз бир жойда ғуж бўлмасдан жобдираб яшашимиз керак экан, кунчиқар қишлоқларда бизнинг уруғдошларимиз бор. Бўғажили қайдасан деб уруғимни излайман, қўшилганинг мен билан юр!
Шуйтиб ўша вақтдан бизнинг қишлоқ ҳам эл бўлган, сонга қўшилган.
Атроф тўқайзор, сувли бўлган. Тўқайзорлар очилиб, уйлар қурилган. Энди очин-тўқин йиллар экан шекилли-да, полвон бир куни Худога ёлбориб: “Парвардигоро! Менга қуш-қумурсқадан ортган ушоқни бер! Ризқим шундан бўлақолсин!” дейди. Ана шуйтиб полвон қолдиқ нон ушоғи, увоғи билан кун кечириб юради.
Айтадиларки, ҳар замон Самарқандга бориб жума намози ўқиб келаркан. Асрни Қўшработда, шомни ўзининг қишлоғига келиб ўқиркан. Бизнинг Қувкалла қишлоғи билан Самарқанд ораси 125 километр…
Энди чамалаб кўрсангиз, Самарқанддан бу жойгача қаноти бор қуш ҳам ҳориб-толиб келгани, балки у ҳам шом намозига бир оз кечикиб келиши мумкинлигини тасаввур қиласиз.
Авлиёнинг зоҳир каромати шу-да!
Вақти-кунлари қаҳатчилик обдон зўр келиб ушоқлар ҳам топилмай қолар экан. Ахир ушоқ ҳам тўқларнинг нонидан тўкилади-ку. Авлиё отамиз булоқ этагидаги балчиққа тушган ушоқларни булоққа ювиб, қушлар билан талашиб еб туриб бирдан хўрлиги келибди. Ўзининг хорлигига ачиниб силкиниб-силкиниб йиғлайверибди. Шунда хотифдан бир товуш эшитилибди:
Эй, ўғлон. Биз сизга нон кароматини бердик! Ўрнингиздан туринг, элни тўйғазинг!
Бобомиз қўйнию тўнининг барлари тўла ноннинг салмоғидан зўрға турибди. Ҳозирги қишлоқ ўртасидаги мачит ёнига келиб қўйнидан иссиқ оби нонлардан чиқарибди. Ўтган-кетганга улашибди. Оч қолдим деганлар яна келибди – нон улашаверибди. Иссиқ, буғланиб турган тўйимли нонлар.
Қизиғи – бу нонлар ҳеч тугамас эмиш!
Полвон тахаллуси ўзгариб “Нон бер ота” бўлибди. Халқ биргина шу одамнинг бағридан чиққан нонга тўйибди.
Очарчиликни бартараф этиш бир одамнинг қўлидан келаркан-да. Агар Оллоҳ унга тилагини берса, ҳабибим деса, авлиёлигини зуҳур этса…
Бу иш бекларга ёқмабди. Митан бегими ё Хатирчи беги одам жўнатиб бу чинми, ёлғонлигини текшириб кўрибди. Қараса – чин. “Э бу қаёқдаги ялангоёқ гадо ким бўлдики, биз турганда бир ўзи халқни тўйғазса”. Лашкар жўнатиб уни тириклай ё бўлмаса жасадини олиб келинглар, қани мен бир кўрай дебди.
Бир кишига бутун бошли лашкар жўнатибди. Отамиз буни сезиб тоққа қараб қочган. Лашкар қувган. Лашкар отда, авлиё – пиёда. Чамамда мачитгача икки чақирим бор, ўша жойга етганда аскарлар етиб олишган. Бир номард у билан олишиб барака топмаслигини, қўл олишувида лашкарни талотўп қилиб ташлашига кўзи етиб отамизнинг бўйнидан қилич солади. Бош ерга узилиб тушади. Энди уни қопга ўраймиз деганда бош ўз-ўзидан қирга қараб думалаб чиқиб кетади, сўнг пастга думалайди, яна қирга. Аскар дегани от билан қувиб етолмайди. ”Қув каллани, қув, калла кетди!” деб бўкиради. Калла эса ўзиб кетаверади. Қува-қува бояги нон тарқатган ергача келади. Энди ушлайман деганда ер калла ҳажмида ўйиқ ҳолга келади ва бош ўша ўйиқдан тубсизликка қараб тушиб кетади. Аскар ҳайрон: у ёқдан қарайди, бу ёқдан қарайди, чуқурга таёқ суқиб кўради, бўлмайди – таёқ узунлигидан чуқур. Чор-ночор лашкар ортга, жасад қолган жойга от қўяди. Бекка жасадни кўрсатиш илинжида бўлади. Боришса у жойда аждарҳо ҳажмидаги катта қора илон ётганмиш. У бошини кўтариб қирқта боши билан қирқ аскарни ямлаб ютиб юборибди.
Шундайин бобомиз бекнинг зулмидан шаҳид бўлган. Энди у бекни ким эслайди? Мен масалан, суриштириб отини ҳам билолмадим. Авлиё отамизни, Нон бер отани эса кунига юзлаб одам зиёрат қилади.
Бугун чиройли бир мақбара ялтираб қад кўтариб турибди.
Бундан тўрт аср муқаддам “Қув, калла! Калла кетди, қув!” деган кофирларнинг “ҳурмати”га қишлоғимиз “Қувкалла” аталиб қолган.
Аканг қарағай қувкаллаликман!
Ўн беш йил бурун Жиянбек бобомизнинг шажараси бормикан деб обдон уриндим. Нуротага бордим, кексалардан суриштирдим. Ҳаракатим зое кетди. Ялангоёқда шажара бўлмас экан, шуни билдим. Оллоҳга суюмли банда бўлди, авлиёликка эришди, аммо бошқа қавмдошлар ҳам ўша зот каби авом бўлганларидан бир жойга “отам бу, отамнинг отаси у” деб ёзиб қўймаган экан.
Қишлоғимизнинг бир кексаси менга охири:
Топдингми? Тополмайсан! Чунки шажара эшонда бўлади, хонда бўлади. Бу инсонда шажара нима қилсин? – деди.
Ҳафсалам пир бўлди. Чунки у пирлардан авло банда эди-ку!
Хуллас, қишлоқ оқсоқоли Келдибой Қўшмуродов мачитни ҳам, мақбарани ҳам эпга келтирди. Ҳатто бобомизнинг тепа қишлоқда маййити қолган жойни (Азлар тепа деймиз – Азизлар бўлса керак) жойга ҳам мақбара ўрнаттирди. Мачит олдидаги намозхонлар ўтиб-қайтувчи, мудом баҳор сели ювиб, улоқтириб ташлагувчи кўприкни ҳам шу одам мустаҳкам қилиб қурдирди. Сўнг пастдаги сувтегирмон қошида сув қайрилиб-бурилиб оқадиган бурамадаги кўприкни ҳам шу одам элга жар солиб, керак бўлса жарима солиб қурдирди.
Оғзига кучи етмаганлар “Келдибой халқдан пул йиғди, ўзи еди, қолганини мачитга харжлади” деди.
Элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди.
Бир йил бурун у одам қазо қилди. “Эди-эди, деди-дедилар”дан анча олисга, овлоқ манзилга. Ана энди ўрнига шундай оқсоқол тополамизми, қайда у, дейишди, “деди-деди”чилар.
Оқсоқол халққа қайишадиган, куйинадиган, ибрат кўрсата оладиган, фидойи, виждонли одам. Шунинг учун ҳам одамлар унга эргашарди, айтганини тўғри деб билади.
Қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам шундай. Чунки маҳалла деган мақом фақат Ўзбекистонда бор. Маҳалланинг оқсоқоли виждонли бўлиши керак. Тили қисиқ, муттаҳам одам бировга гапини ўтказолмайди.
Иттифоқо бир куни Тошкентнинг бир чеккасидаги янги қурилган ҳовлилар ичидан оралаб қолдим. Бир табибни излаб юрган эдим. Чунонам қасрлар қурилибдики, эсинг оғиб қолаёзади. Отангга раҳмат, қонуний пул топ, хоҳлаганингдай қуриб олавер – қандингни ур! Ора-чора баъзи пастқам иморатларга ҳам кўзим тушди. Қурби етмаганидан шундай турибди. Тушунарли. Кимдир уни ҳам сотиб олиб кошонага айлантиради. Бу ҳам тушунарли.
Аммо менга бир нарса тушунарсиз кўринди: нечта шундай кўчага кирган бўлсам, ҳаммаси ўйдим-чуқур, машина эмас, пиёдалар ҳам юриши ўнғайсиз. Ўйилиб кетган, асфальтлар синиб-емирилиб тушавериб адойи тамом бўлган, лой (ҳа, лой!) ёзда чанг. Катта кўчагача юз қадам, икки юз қадам, балки кўпроқ. Аммо шу жойгача атроф қасрлардан иборат. Шу миллиардерлар ичидан биронта инсофлиси чиқиб “эй, биродарлар, мана бу кўчамизнинг аҳволини қаранглар, уят эмасми?” демайдими? Ҳашар қилиб тузатиб қўймайдими? Ёки буларда оқсоқол йўқми?
Ҳар қалай каминага ушбу ҳолат қўшнисини ёхуд бошқаларни писанд қилмаслик, “бу кўча меники эмас, уй ўзимнинг мулким, бошқасига ўт тушиб кетмайдими” деган худбин кимсаларнинг иши бўлиб туюлади. Уларнинг мундайроқ уюштирган эҳсон оши ёки бирор чет эл сафарига бундай кўчалардан ўнтаси теп-текис бўлиб кетишига шубҳа қилмайман. Лекин зинҳор ва зинҳор “кўча”га пул сарфлагиси йўқ. Негаки, кўча унинг мулки эмас.
Шунақа жойларнинг ҳам сўровчиси бор, албатта. Лекин у лоқайд. Жонини сира койитгиси келмайди ёки қилсаям пул эвазига қилади. Бўлмаса азим пойтахтимиз, кўзга тўтиё қилиб, дунёга мақтангулик шаҳримиз йўлларига шундоқ бефарқ қараймизми?
Ота-бобомиз, момоларимизнинг атрофга тутуми бўлакча бўлган. Ҳар нечук у замонларда маиший чиқиндилар ҳозиргидай тоғ-тоғ уюлиб кетмаган чиқар. Лекин ҳар қалай қурби етса боғ қилган, дарахт кўкартиргани рост. Анча вақтлар бурун маиший чиқиндиларга ҳозиргидай тартиб ўрнатилмаган эди. Маҳалла ободлиги йўлидаги ишлар ёшларга ҳам таъсирини ўтказаётганини рўй-рост айтмоқ керак. Бурун ҳар қадамда бетартиб айқашиб, сасиб ётувчи ахлатларга бирмунча чек қўйилди. Ҳайтовур одамларнинг ҳам пича эси кириб қолгандек. Кўчада “мусор” қолдириб кетаётган болага тепа қаватдаги қўшни аёл: “Ҳой тарбиясиз бола, кўтар анови нарсангни, ота-онанг шунақа ўргатганми сенга?” деб бақиради. Боланинг виждони бўлса қайтиб келиб уни олади, бўлмаса илож йўқ. Лекин одамлар унга бефарқ қараётгани йўқ-ку.
Сингапурда, Америкада кўчага туфлагани ёки сигарет қолдиғини ташлагани учун одамни полиция тутиб олиб фалон доллар миқдорида жарима солиши ҳақида матбуотда бот-бот ўқиймиз.
Бизда ҳам шундай бўлиши керак!
Нима, биз саранжом-саришталикни ёқтирмайдиган халқмизми? Бугун бу ерни ифлос қилиб, эртага нарироққа кўчиб кетадиган мўлтони эмаслигимизни яхши биламиз. Лекин айбни бировга ағдаришни пухта эгаллаганмиз. Бу “пухталик”дан ҳали кўп панд есак керак.
Маънавият ҳақида узоқ маъруза ўқиётганимизда, ўз фарзандларимиз ахлоқи ҳақида, экология тозалиги ҳақида бонг ураётганимизда ўз яшаётган уйимизда, йўлагимизда ва қолаверса ҳовлимиздаги аҳвол ҳақида ҳам ўйлаб, қайғурсак чакки бўлмайди.
“Биз ўз фарзандларимизнинг бахту саодатини, иқболи ва камолини кўришни истар эканмиз, нафақат оиладаги, балки маҳалла-кўйдаги одамларнинг хатти-ҳаракати ҳам боланинг шаклланиб келаётган соф қалби ва онгига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида доимо ўйлашимиз, бу масалада зиммамизда қандай масъулият борлигини унутмаслигмиз зарур” (И.Каримов. “Юксак маънавият – енгилмас куч”).
Ғайбар момонинг дафн маросимидан бир муддат ўтгач, одамлар даштдаги ўша қабр биқинидан янги тут ниҳоли кўкариб чиққанини айтишди. Бориб кўрганимдан сўнг ёз чилласида қақроқ ерда дарахт яшнаб турганига ҳайрон қолдим. Одамлар айтишдики, бу фазилатли одамлардагина бўлиши мумкин. Сабаби ўша дарахт момонинг номидан Оллоҳга тасбеҳ айтиб турармиш. Тасбеҳ ўгирган сари унинг гуноҳлари дув-дув тўкилиб борармиш.
Юртнинг дардини, кўпнинг ташвишини ўйлаб яшаган одам, асли фазилатли ва виждонли Инсондир…

ТАРВУЗ

Омондавлатнинг қишлоқдан қўнғироқ қилиб индинга бола-чақаси билан келишини эшитиб Худойқулнинг энсаси қотди, нечукдир миясига лоп этиб буям пул сўраб келади, бўлмаса беш-олти йилдан бери кўришмаган синфдошга бало бормиди, деган ўй урилди. Кўнгли хижил тортиб, келмасаям ўпкаламас эдим деди. Ўзидан-ўзи хотинига ёзғира кетди: «Бу замонда бировга аҳмоқ одам қарз беради, олган одам вақтида қайтармайди, эланиб юрасан-юрасан орқасидан, йўқ, мана, кўриб турибсан-ку, ўлдирсанг ўлдир — беролмайман, деб қақшаб тураверади. Ваъдалар бошқача эди-ку, десанг, тушса оласан-да, дея шалпаяди. Нима қиласан, ўлдирасанми, сўясанми, ўрнига келадими шунда? Айниқса, қишлоқдаги одамга қарз бер, қудуққа тушган игнадай минг йилдаям қайтмайди, емиш олади, буғдой олади, емишни — моли, буғдойни — ўзи еб қўяди, нима қиласан, еб қўйдик, ука, жўра, деб ҳиқиллаб тураверади. Сенам ёрдам бер менга, Сапувра, шу гал қарз бермайман, қайтмайди, энг яқин синфдошим шу Омондавлат бўлса, унданам қайтмайди».
— Хўп, пулимиз йўқлигини хотинига тушунтирарман, хотини эрига айтар, шундаям йўқ, сенда бор, берасан, деб ёпишиб туриб олмас, ахир. Тўғрими?
— Ишқилиб бир илож қил, мени қутқар шу сафар, бўлмаса, биласан-ку, кўнглинг бўш, бериб юбораман.
Эр-хотин икков меҳмонларни кутиб олиш режасини тузишди.
Ундоқ деса бундок, бундоқ деса ундоқ эди, дея чора гап топиб берамиз, хуллас, йўқлигига ишонтирамиз, деб келишиб олишди.
Меҳмонлар кечин-ола етиб келишди. Омондавлат хотини, бир чақалоқ қизи, тўрт-беш ёшлардаги бурни оққан ўғли билан келди. Дўстининг уйида йўқлигини кўриб чандон хафа бўлди, гўё у ҳеч қаёққа қимирламай кутиши шартдай. У қўлтиғида иккита тарвуз, хотини бир қўлида чақалоғи, бир қўлида каттакон корзинкасифат сумкаси бор эди. Сумкада туршак, ёнғоқ, майиз, қишлоқнинг тегирмон унида ёпилган талай нон ва патирлар, Худойқулнинг ёш қизчасига атаб тикилган кийим-бачкилар. Омондавлат тарвузларни ошхонага қўйди, сўнг юз-қўлини ювиб залга — меҳмон кутиладиган жойга ўтди. Ўғилчаси ур-тўполонни бошлади: телефоннинг трубкасини кўтариб «алло» деб қичқирди, телевизорнинг кнопкаларини боса бошлади, бир қоғоз қутининг ичидан турли ўйинчоқларни чиқариб ҳар ёққа судради. Ўзи ясатилган стол бўйига ўтириб чой ичди, узум еди, ёнғоқлардан чақди, телевизорга қараб ўтириб диванда ухлаб қолди. Алламаҳалдан сўнг ўртоғининг келиб туртишидан уйғонди. Сапчиб туриб қучоқлашиб кўриша кетди. Ухлаб қолгани учун узр сўради.
— Йўл чарчатган-да, нимасига хижолат бўласан, — деди Худойқул. Сўнг ўтириб сўрашар-сўрашмас атрофнинг тўзиб кетгани, ўғилчаси ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қилгани, чақалоғи нариги хонада баралла қичқираётганини кўриб чандон кайфи учди ва сал жаҳлини билдириб бир оз сур оҳангда: — Жон жўра, оёғингдиям, носкингдиям ювиб кел ваннага бориб, — деди.
Омондавлат ўртоғининг гапи ҳазилми-чинми, билолмай гаранг бўлди, бир жилмайиб «қўйсанг-чи, эй, оёғим сасимагандир», демоқчи бўлди, қараса, мезбоннинг авзои жиддий, жуда хижолат бўлиб ўрнидан қўзғалди. Балоғатга етгани бери бунақа дашном эшитмагани учунми, кўнгли сингандек бўлди. Аммо кейинроқ пича ғашлигини босиб, шаҳарда уйлар тор, шунинг учун ўзимга сезилмаган тер ҳиди уйга тарқаган чиқар, бегона бўлсам бетимга айтармиди деб ўйлаб қўйди.
Чамаси шундай деб ўзига тасалли берди. Худойқул қишлоқни, оға-ини, қариндошларни суриштиргач, дабдурустдан пул топиш анча мушкул бўлиб кетгани, бировга берган пулингниям, молингниям қайтиб олиш ўлимдан оғирлигини ёзғириб сўзлай кетди. Омондавлат дўстининг пул сўраб қўймасин деб аввалдан пушкадан ўт очаётганининг маъносини тушунмади. Ҳайрон бўлди, уйнинг ҳар тарафи ялтираб туриши, телевизор, мебелларнинг баҳосини ўзича ўйлаган бўлди, ҳовли қураётгани, қанақадир чет эл машинасини миниб юрганини эшитган, миясининг бир чеккасида ҳаммаси ғимир-ғимир эътирозлар уйғотиб, ношукур бўлмасликка даъват қилмоқчи бўлди-ю, негадир ўзи ҳам ростдан одамлар ҳозир шунақа эканлигини тасдиқлаш учун амакисининг ўғлига уруғлик учун тирамода ўн беш минг сўм бергани, бироқ уни қайтариб олиш қийин бўлгани, икки-уч марта беш юз — минг сўмдан бериб баракасини учиргани, охири эккан буғдойини бод уриб, ҳеч нарса беролмаслигини айтиб турганини сўзлади.
— Ана шу-да, ҳамма шу, ҳеч ўзга эмас, хоҳ шаҳарда, хоҳ қишлоқда, хоҳ дўст, хоҳ душман бўлсин — оқибати шу, — дея пишанг берди Худойқул. — Ҳалиям ўн беш минг экан-ку. Бу шаҳарда бир хил ўзига тўқ оилаларнинг бир кунлик харажатиям эмас. Омондавлат «йўғ-э» дея телевизордан кўзини узиб жўрасига қаради, ишониш-ишонмаслигини билмади. Худойқул эса беэътибор давом этди.
— Мана шахсан ўзимнинг ўн минг доллардан кўпроқ пулим ташқарида юрипти. Зарилликкаям сўраб ололмайман. Ҳаммаси кўз қиймайдиган одамлар: дўстлар, курсдошлар, қариндошлар, укалар.
Омондавлат шу доллар деганларининг башарисиниям кўрмадим-да, ўзи у неча сўм туради, қаерда сотилади, деб сўрамоқчи бўлди, аммо шу мавзу унга кўп хуш келмади. Ҳамма нарсанг етарли бўлатуриб, додлайверсанг ҳам яхши эмас-ку. Бирдан хаёлига жўраси қизчалик бўлгани келиб, чўнтак ковлади ва «тўнбичар кутлуғ бўлсин, умри узун бўлсин!» деди. Йигирма уч йил аввалги синфдош бўлиб юрган кунлари, маза-бемаза қилган ишларини эслаб мириқиб ўтиргиси келди. Синфдошларининг аҳволидан сўзлади. Икки ойда бир марта йиғилиб туришлари, йиғилганда уч кило гўштнинг пулидан гаштак пул йиғишларини айтиб, сен ҳам қўшилсанг ўтиришга, болалар Худойқул бизларни менсимай кетди деб юрибди, бир миннатдан қутуласан, деди.
Худойқулнинг энсаси қотди. Ё пулни, ё дўстларини менсимагандай бўлди. «Ичларингда жони бори ким ўзи?» деб кулмиш қилди. Дўсти хафа бўла бошлаганини кўриб «хўп-хўп, бошқа бундай демайман, мен сени масхара қилмадим-ку» деди ва тағин кулди.
Омондавлат энди бу киши олдинги қадрдон синфдоши эмас, тамом бегона одамга айланиб бўлганини ҳис эта бошлади, афсусланишини-да, бегонасирашини-да билмади. Билгани шу бўлдики, айни кезда ўзи ҳам, бола-чақаси ҳам ортиқча экан. У ўйлар эдики, бола-чақа билан борди-келди қилиш дурустроқ бўлади, қалинлашиш шундан бошланади, хотинлар ҳам, болалар ҳам бир-бирининг отини айтиб эслаб туриши яхши гап. Бироқ бу каби муносабатлар Худойқулга керак эмасга ўхшайди. Меҳмон қизарди, бўзарди, хижолат бўлди. Телевизорга қараб ўтириб тош қотди, лекин қулоғига шапалоқ теккан каби қизиб турар эди. Худойқул гапи тескари бўлгани бир сари дурустроқ сийламадиям. Дастурхонга келган биринчи овқат мошхўрда бўлди. Мезбон булка нон кеса бошлади.
— Қишлоқнинг нон-патирлари бор эди, Сапуврага айт опкесин, — деди меҳмон. Мезбон хотинига тайинлади, у қоп-қора бир нон ва патир опкирди.
— Ўзи бундай бўлгани билан таъми бошқача-да, жониворнинг ранги сал нетороқ, — деди мезбон дарров Омонга қараб: — Ростингни айт, ичасанми, ичсанг опкелтирай, — деб сўради.
— Шарт эмас, — деди Омондавлат яна телевизорга кўзини қадаб. Овқатни олдига тортаркан, яна қўшиб қўйди:
— Йўқ бўлса, опкелтириб ўтирма.
Бу билан у ичгаси борлиги, «яримта» устида эзилишгиси, самимийроқ суҳбат соғинаётганини сездирган эди. Аммо…
Хўриллатиб мошхўрда ичишди.
Овқат ичиб бўлишлари ҳамон эшик қўнғироғи жиринглади. Башанг кийинган икки йигит кириб келди. Мезбон билан ўпишиб кўришгач, столга чўкишди, афтидан узоқ ўтиришга вақтлари ва ҳафсалалари бор.
Мезбон ҳам дарров гардикапалак бўлакетди. Меҳмонлар Худойқулнинг бизнес ҳамкорлари экан чоғи, тағин айни пайтда қаердандир бир ишни дўндириб қайтишар, чамаси мезбон уларга суюнчи бериши керакдай. Столга бирпасда ғалати таомлар кела бошлади. Ерёнғоқ, парварда, конфет, туршак сингари «камбағалнинг» безаклари ҳаш-паш дегунча йиғиштирилди. Колбаса, қази, пишлоқ, товуқ гўштидан тортиб бошмалдоқнинг бошидай келгувчи оғзилари ланг очилган писталар ҳам келди. «Қишлоқи» меҳмон хушёрроқ тортиб ўтирарди.
Булар чунон нозик кишилар эканини сидқидилдан ҳис этиш учун Худойқулни ўзи томонга имлаб қулоғига айтдики, қишлоқнинг ёнғоқ-майизларидан опкелган, тарвуз ҳам бор, хотининг сўйиб узатсин, зўр меҳмонларинг кепқопти ахир.
Йўқ, Омоннинг гапи яна инобатга ўтмади, қайтанга бояги тегирмони нон ва патир бўлаклари ҳам дастурхон кўркини бузди чоғи йиғиштириб опқўйилди.
Ана холос! Бунақа дастурхонни ҳали-ҳануз кўрган эмас Омон. Қишлоқнинг тўйида елим ва сопол пиёлаларда вино ичиб хурсанд бўлиб юрган одам бу каби тансиқ таомлар борлигини ҳайтовур тасаввур қилгандир-ку, аммо кўрмаган экан.
Ҳадемай энг чиройли шишаларда ароқ келди, қуйилди, тантанавор, оҳанжамали сўзлар, бир-бировини мақташу мақтанишлар бошланди.
Омондавлат буларнинг орасида ўзининг не нав инсон эканини англади, бегонасиради, бегонасираб талай марта балконга, ҳожатхонага бориб чекиб келди, бир чеккани олиб бошни буркаб ухлаб юборгиси ҳам келди, аммо бунгаям ор қилди, охиригача чидай деди. Булар бўлса бири олиб, бири қўйиб ким билан қандай шартнома тузгани, неча милён туширганию уларни қандоқ ўзлаштириб, нимага сарфлашлари, тушунарсиз услублари хусусида сўзлашардики, буни эшитиб обдон чатоқ болалар экан, ўткир йигитларга ўхшайди. Худо билса орқасида суягичганлариям бордир-да, дея тасаввур қилиб ўтирди. Бир жингалак сочлиси кўйлагининг кўкрак чўнтагидан гугурт қопидан сал полвонроқ нарсани олиб ичига гапира кетганидан билдики, бу телефон, телевизорда кўрсатгани шу, э, садағанг кетай, ҳукумат, ана, бор бўл, қандингни ур, яша! Аммо бу телефонда фақат жиддий гапларни гапириш шартга ўхшамайди, бола дам бир хил хотинларга, дам буғалтирими, кимгадир бир қизга сира менсимай, охирида ўрисчалаб эркалаб ҳам мурожаат этди. Биргалашиб ичилаверганиданми, аввалги меҳмон билан кейинги меҳмонлар қовуша кетишди. Омондавлат ҳадеб булар катта кетавергач ё ғаши келдими, ё ўзи йиғиниб турган жойи борми, ҳар тугул бир хил режалари борлиги, мабодо амалга оша кетса, Худойқул жўра, Сирғали бозоридан ўзинг бир «Жигули» танлашиб юборасан, деб айтди. Худойқул ичи ёришгандай, янгироғидан оласанми ё эскироғидан, деган маънода сўради.
— Қанчаларга мўлжаллаяпсан?
— Милён бўлмайдими, — деб қўл силтади Омондавлат.
— Оҳо, маладес, қўймайсан, — деди ўртоғи зўраки тантанавор оҳангда. Кейин ўзи пули борми-йўқлигига қизиқди.
— Буғдой бор, жўра. Ҳозир арзон, қишда кўтарилади нарх, ўшанда уриб юбораман. Гап бор-да, билдинг?
— Билдим-билдим. Демак, бир милёнга сотасан?
— Балки икки милён бўлар, кўрамиз.
Қишлоқи меҳмон ҳам тоза ўлар-қолар жойда эмаслигини кўрсатгиси келиб тиллари бийрон бўлди. Шундай қилмаса булар одам қаторида кўрмай гаранг қилаверадиган.
— Ўзи ғалладан қанча олдинг? — деб сўради бари бир шаҳар бергиси келмай, беписанд оҳангда Худойқул.
— Саккиз тонна чиқади ўзимники, етмаса Самадники бор. Уям қарийб беш тонна юк қилади. Ғалла бу йил кам одамларда, ҳадемай юз сўмдан ошар дейман. Ишонганимиз шу-да.
— Маъқул, лекин икки милён деб мақтанма. Бўларини айтавер, бир милён бўларкан-да у ёқ-бу ёғи. Оилани ҳам ташлаб қўймайсан-ку. Қишда машинаям роса кўтарилади-да лекин.
— Етмаса сен бор — нима ғамим бор.
— Шу етмай турувди. Ўзимам кутган эдим ўлигини ташлар экан деб, айтдим-ку боя, йўғамас, бор. Лекин ололмаяпман деб.
— Қўрқма, ўлмайсан. Аввало сўрамайман, сўрасам — йўқ, дема, келишдикми?
— Ҳали қиш келсин, бир гап бўлар.
— Биламан, пул жигардан бўлармиш, шунинг учун болани отадан айирадиган бевафо бу. Боя келганимдаёқ элдан бурун ёзғирдинг, очдан ўладигандай. Қиш келсин, дейсан. Қиш келганда қор ҳам сўрамасман сендан, хотиржам бўл, уйқунг ўчиб юрмасин яна, синфдошим кеп қолади деб.
«Қуйилсин, урилсин» давом этди. Иттифоқо юпқа, нозик ликопчаларда тарвуз келди. Омондавлатнинг бир оз кайфи ошгани боисми, тарвузга кўзи тушгани замон ичи ёришиб кетди. Ҳай-хай, ёш боладек севинди. Пича муболағаси билан айтганда, дастурхоннинг эгасидай сезди ўзини.
Дарров тили бурро тортиб, гапни даштнинг лалми ковун-тарвузларига буриб юборди. Ҳолбуки, у шундоқ Худойқулнинг уйи яқинидага тарвуз сотувчи одамдан, уюм ичидан танлаб сотиб олиб кўтариб келган, чамаси, чўлаки, селитрага обдон тўйган қора тарвуз эди бу. Аммо шу баҳона Омондавлат болалигида экилмиш қовун, ҳандалак, тарвуз, бодринг, ошқовоқларни, айни пишиқчилик чоғи полизга, яна айни ўзларининг полизига тиконли бодомча шох-шаббаларидан ясалган тўсиқ узра ошиб ўғирликка тушишлари, оқибат қоровуллаётган кампир — ўз энаси томонидан кетларига чўғдай босилмиш хивич зарблари хусусида чаҳ ура кетди. Чоғроққина ҳовлисига ҳар баҳор бодринг, помидор билан қўшиб ўн-ўн беш туп ҳандалагу қовун экканлари, улар тақё палак қилиб кейин узун палак отиб кетиши, сўнг ёнғоқдек туйнак қилишидан то ранги бўзаргунча бир ҳовли бола дам-бадам «кўз-қулоқ» бўлиб: гоҳ ушлаб, гоҳ бурунларини теккизиб ҳидлайверишгани сабаб онаси безор бўлиб қувганлари, боиси туйнакка ҳадеб одамнинг қўли тегаверса, азбаройи қўл заҳри таъсир этиб қовун ривожланмай қолар эмиш, — ҳамма-ҳаммасини завқ билан эслади. Шунингдек, хом сапчаларга бурнини теккизганда унинг тикондай туклари тирнаб кетишию, айниқса эрталаблар бирор ҳандалак пишган бўлса, бутун ҳовлини муаттар ҳиди тутиб кетиши, тонгги ҳид, у орқали ҳандалакни қидиришнинг нақадар мароқли юмуш экани, палакларни у ён-бу ён ағдарганингда субҳидамдаги намхуш тупроқми, шудрингми нимадир салқин нарсанинг палакларга қўшилиб бурнингга бир отсиз яшнок ҳидлари урилиши, кишини энтиктириб юбориши… Ошқовоқ, тарвуз палакларининг пахса девордан оша тушиб йўл-йўлакай кўм-кўк ва сап-сариқ сапчалари ялтираб туриши, уй болалари уни кўча болаларидан қизғаниб қўриқлашлари, оталари кўча тараф деворига қабатма-қабат супурги экиб, палакларни кўздан пана қилишлари ёҳуд кучук боғлаб қўйишлари…
Беармон болаликнинг армон тўла излари булар.
— Койил, — деди жингалак сочли меҳмон. — Э, қойил, қўйиб берса икки синфдош шоир бўлиб кетарсизлар.
— Ҳеч гап эмас, — деди Худойқул, — мана бу боланинг томири Жуманбулбулга туташ. Яна беш грамм олса, қўлини танбур қилиб терма айтар.
— Илтимос қиламиз, шу нарсани айтманг, — дея илжайди бояги жингалак сочли. — Шу туркманча қўшиқ эшитсам, кечасиям ёмон тушлар кўраман. Бахшиларнинг овозини эшитсам, қўрқавераман.
Гўё кулгу учун айтилган бўлсаям, ҳар қалай бу йигитлар илло-билло бахшининг достону термаси учун қишлоқнинг бояги орзу-эҳтиросга бой ҳаётини эшитишга-да тоблари йўқлига сезилиб турарди. Шу боис Худойқул хато иш қилиб қўйгандай дарҳол «этагани йиғиштириб олди». Мактаб болалари шеър айтатуриб бир жойида адашиб қолса, кимдир эслатса, тағин шариллатиб айта кетади, шу сингари уям эртан-мертан божхонада ишлайдиган Қобилнинг олдига ўтиш ҳақидаги ўзининг масъулиятини англагач, икки шерикка, аниқроғи, меҳмонларнинг гулига такаллуфни давом эттира берди. Омондавлатимиз тағин уларнинг ишбилармонлигию катта гапларига маҳлиё бўлганича қолди. Қозонкабоб келтирилди. Ичишди. Тарвузга узалиб бир тилик олди. Еб бўлиб пўчоғини ликопчага қўяр чоғ тағин донг қотди, бу бошқа тарвуз! Қорасидан опкелганди, буниси яшил-чипор.
Булар бизга тенг эмас, буткул бошқа одамлар экан баччағарлар, деган койишга ўхшаш бир шиддатли ўй муҳрланди ва кайфияти тушиб кетди. Ароқдан ўзига бир пиёла тўлдириб қуйиб, охиригача сипқорди ва мен тўйдим дегандай пиёлани тўнкариб ташлади. Мақсади тезроқ маст бўлиб олиш, маст бўлишгина эмас, бошқа ҳолатга ўтгиси, зиқ вазиятдан қутулгиси келди, бир отим нос ҳам тушириб юбордию мақсадига эришди.
Столдан четланиб креслога чўкди. Бошини солинтирган кўйи қотиб ухлаб қолди. Кечроқ уйғонди. Боши ғувиллаб, сиқиб оғрирди. Меҳмонлар кетган. Худойқул аллақачон ювиниб, соқолини олиб чой-пой ичиш тараддудини кўриб юрибди. Худди ҳеч бало кўрмагандай. Эрталабдан бир рус аёл «кукси» деган овқат келтириб берди. Кечаги овқатлар ҳам хойнаҳой буюртма билан келган бўлиши мумкин, деб ўйлади Омондавлат. Чунки аёли ёш болали-ку.
Соҳибдан узр сўради, кетамиз биз, деди. Мезбон ҳам кетсанг кетавер дегандай қилди.
— Бир ўтирадиган бўлиб келасизлар. Бугун ўзимам Олмаотага учмоқчиман.
Омондавлат ўртоғи учун бу қадар аҳамиятсиз бўлганидан ўкинди, албатта. Болаларини, хотинини олиб йўлакка чиққач, Худойқул йўлни ўзича тушунтириб юборди. Аммо хотини улар билан бирга чиқди то кўчагача. Кўча бошида ахлатхона бор экан. Омондавлат эътибор бермадию, хотини бир туртгач, чўчигандай ишора қилган томонга қаради: темир яшиклар ёнида худди кеча ўзи кўтариб келган тарвузларга ўхшаш икки тарвуз турибди. Наҳотки, деди ўзича. Туршак, майизларни ҳам чиқариб ташлаган бўлса-я.
«Эй, инсон! Кечагина мен қатори эдинг-ку. Қишлоқдан, тезак орасидан чиқдинг-ку. Нима қилиқ ахир бу? Сенга милён сўмлик совға опкелишга қурбим етмайди. Кўнгил бу, дўст, кўнгил! Ҳақорат ҳам шунчалик бўлар. Келмасам, мен ҳам ўлиб қолмас эдим, обрўйингни қилай десам, тескариси бўлди. Бу ишинг яхши эмас, ҳеч яхши эмас. Жуда номаъқул! Охири вой бўлса керак, валлоҳу аълам!» Ташқарисига эса бу чиқди:
— Сапувра, бўлди, кетаверинг. Биз кимлигимизни энди билдик. Сизларни ҳам. Тамом. Хўп. Хайр. Раҳмат.
Шундоқ деб олдинга ўтиб илдамроқ юриб кетди. Бир хаёл яна ортига бурилиб, жиллақурса бир аччиқ гап айтгиси келди-ю, умрбод тескари бўлиб қолишдан чўчиб тўхтамай кетаверди.

АКА-УКАЛАР

Тўғриси, бизнинг уйга қуёш ҳожи бобонинг иморатидан ошиб тушади. Офтоб бизга нурларини тўшашдан аввал ҳожи бобонинг уйини ёритади: кенг-мўл, девор-дармиёнсиз дашт ҳовлиси. Пастга эниб тушадиган жойда бир оёғи «оқсоқ» Т-28 трактори икки йилдан бери қадалган кўйи, ҳайкалдек туради, мабодо у юрса ҳам ё бирор транспортнинг шатагида, ё пастга қараб шўнғиб ўт олдирилади, қишлоқда аккумулятори соғ транспортни ўзи учратиш қийин.
Ҳар қалай трактор шу туришда бировга зарари тегаётгани йўқ. Ҳожи бобонинг кичик ўғлидан неваралари уни тайёр, «индамас» эшак қилиб минишларини ҳисобга олсак, «фойдали жонивор» қаторига қўшсаям бўлаверади.

Бир уйда уч оила жам бўлган. Катта ўғил чўлда, лекин бола-чақаси шу ҳовлида. Кичик ўғил шу ерда. Кичигининг болалари тўртта. Ўртанчаси иккинчи марта уйланди. Биринчи хотини туғмас чиқди — қўйиб юборди. Иккинчисидан уч қиз бор. Келин, қишлоқ тили билан айтганда нақ «қора товон», яъни кеча-кундуз тиним билмайди, ёзда, кузда яқин-атроф қирнинг тезагини ясалгандай қилиб уйига ташийди. Қиш бўйи уч рўзғор шу ўтин ҳисобидан исинади, роҳатланади. Албатта, бошқалари ҳам қараб туришмас, аммо каттаю кичикнинг тилида шу келин. Кам уйқу ҳожининг ҳар таҳоратига илиқ сув тайёр, ҳар чой сўраганида аччиқ чой ҳам тайёр. Одамлар унга ўғил тирноқ тилашади. Кўпнинг дуоси кўл, боз устига ҳожи бобоям қишлоқда ягона ҳожи — дуоси ижобат бўлиб, ажабмас, Оллоҳ ол қулим деб ўғил ато этса.
У кампири билан яшайдиган кичик нашахонанинг деворига ҳожининг онасидан қолган чилдирма оқ сурпда сақланади. Табаррук. Кампир юз ёшни қоралаб қазо қилди. Тўқсон ёшларидаям авжи келиб сумалак бошида ё артисти йўқ тўйларда қарсиллатиб бир-икки терма айтиб ташлаб келинчакларни ўйнатиб юборар эди.
Бултур ҳожи бобо Маккаи мунавварага, ҳаж зиёратига борганида онасини ҳам ҳажжи бадал қилдириб кепти. Яхши-да. Шундан бўлса керак, бу уй нурли, баракали.
Менинг синфдошим, ҳожининг кичик ўғли кўпкарига қизиқади. Бир чўбири бор. Гаштак кўпкариларда ҳа-ҳа деб тўдага уриб туради. Норбўта обдон ичар эди, отаси ҳожи бўлгач, таққа тўхтаб номозхон бўлиб олди. Лекин «шайтон ўйини» — кўпкаридан қолмайди.
Биз эртага Қизил олмада бўладиган кўпкарига икки чавандоз ва икки яйдоқ кечин ола йўлга тушдик.

Мен Қизил олмага эмас, шу қишлоқнинг бошидаги қайнотамникига, Ингичкага борамиз, отларни қантарамиз, жойи бор, эрталаб тўйхонага тушамиз, дедим. Кўмак ака бунга кўнмади. Тўй эгаси Қорабош менинг қирқ йиллик қадрдоним, борсак, ҳамма нарсани тўкиб ташлайди, бошқаникига борганимизни эшитса хапа бўлади, деб туриб олди. Қоронғу тушган, лекин электр йўқ. Бизда-ку, кечқурун икки-уч соат чироқ ёнади, бу шўринг қурғурларда шуям йўқ экан.
«Тўй тоға» деб товуш берганимиздан сўнг кимдир оёғига калиш кийиб чиқди. Қорабош аканинг армия жўралари келиб, улар билан ичиб маст бўлиб қолганини айтиб, бермон томон бошланглар, деб сойнинг нариги бетида турадиган Эсиргап дегич укасиникига бошлади. Эсиргап бир чағат жойдан уй солган экан, отларимизгаям жой тегмай, дуч келган жойга боғлаб ичкарига кирдик. Ўртада мойчироқ, кун совуқ, печкага ўтин ташланмаган, қунишибгина ўтириб олдик. Бир маҳал дастурхон келди, нон йўқ; аллазамон ўтиб нон келди, чой йўқ. Оббо, бу ёғи неча пулдан тушди энди деб ўтирабердик. Кўмак аканинг жонига тегдим:
— Ҳалиям кеч эмас, сурдик бизнинг қайнотаникига.

Аммо ака унамади. Қайнотанг меҳмон қилолмайди. Булар эл кезиб юрган, донғи чиққач одамлар деб мени мулзам қилди.
Яна бир муддатдан сўнг бир тақсимчада тош конфет ва бир тақсимчада, чамаси бултурги ҳайитдан қолиб кетган парварда келди. Бошқа ҳеч нарса келмади. Чавандозлар бирор ёғлироқ овқат еб қорин тўйғазиш қайғусида, биз ночавандоз, ҳайбаракаллачи Кўмак ака иккимиз тўйда эски ошналар билан мириқиб улфатчилик қилиш иштиёқида эдик. Додимиз Худога етмади чоғи, қамоққа тушган тўрт ўғлондай ўтиравердик. Овқатдан дарак йўқ, ҳеч ким хабар олмайди. Ухлайлик десак, уй совуқ, печкага ўт қаланмаган. Бир вақт бир одам келиб печкага ўт қалаб керосин сепди, олов ёнгандай бўлди, аммо у яна ўчди. Қайтанга уй тутунга тўлди.
Кўмак ака димиқиб деразани очди. Дераза ортидан бир ниманинг хириллагани эшитилди.
— Ана, меҳмонга сийлов деб қўй сўйилаётир, — деди Кўмак ака хурсанд бўлиб қўлларини бир-бирига ишқалаганча.
Лекин хирилдоқ узоқ давом этди ва бирдан тўхтаб, «онангни фалон қилай», деган бўғиқ сўкинишга айланди. Ҳар қалай бу «сийлов» биз учунми, бошқа бировга аталганми — дабдурустдан билиш қийин эди. Алоҳа, бунинг орқасидан тарсиллаган товуш келди. Чамаси икки эркак бўғишаётган эди. Кетма-кет сўкинишлардан кейин шундай экани аён бўлиб қолди.

Кўмак ака чиқиб уларни ажратиб қўймоқчи бўлди. Қўйинг, жанжалга аралашиб, эртага мелисага қатнаб ўлманг, деб уни зўрға тўхтатдим. Аммо жанжал зўрайиб, сўкинишлар ҳам олий мақомга кўтарилаётган эди. Энди улар бир-бирини таёқ билан солаётгани эшитиларди. Сапчиб ўрнимдан турдим. Агар биз учун уришаётган бўлсанглар, мана, кетдик, сизлар тўхтатинглар, демоқчи эдим.
Шундоқ даҳлизга чиқишимни биламан, оёғим сатилга тегиб кетиб, сув тўкилиб, оёғим сирпаниб, ерга думғазам билан ўтириб қолдим. Орқа оёғим пайпоғим аралаш нақ тиззамгача лой, сув бўлди. Шунгаям қарамай ташқарига отилдим. Айвонда, хира фонус ёруғида, устун тагида биров узун тушиб ётибди. Қарасам, аёл киши, кўтариб турғизай десам, ўлик. Тап-тахта бўлиб қотиб ётибди. Ичкаридан бир чол чиқди. Фонусни яқин опкелди. Чол ҳам оғзига келганини қайтармай анови икки уришқоқни сўкиб ётибди.
Аъзои баданим музлаб кетди. Бу ёғи етмагандай энди манови қотилликкаям гувоҳликка ўтсаг-а. Кампирни кўтариб ичкарига олиб кирдик. Нафас олиш йўқ, оёқлари музлаб боряпти. Шу пайт ҳарбий муаллимимиз ҳушсиз одамни орқа бўйнидан маҳкам қисиб бошини олди тарафга эгиш керак деган гапи хаёлимга келди ва шундай қилган эдим, кампир бирдан хириллаб юборди, оғзидан кўпик чиқиб кетди. Аммо энди нафас ола бошлади. Кампирни узала қилиб қўйиб келиними ё қизими бировига оёғини уқалайверинглар, деб чиқиб кетдим. Айвонда чол катта заранг таёқни ушлаб иккала йигитга бу ёққа чиқ, икковингни уриб ўлдираман, деб пўписа қилаётган экан.
— Отахон, қўйинг, биз сизникига тўйга келдик, меҳмонингизмиз, — деб ялина-ялина базўр қўлидан таёқни олдик.

Йигитлардан бирининг боши ёрилиб ётибди, қон шариллаб оқяпти, иккинчисининг эса юзлари тирналган, кўзлари қовоқдай шишиб кетган. Биз шунисини ўртага олдик. Жўражон, бизлар тинч кетайлик, дўхтир чақир, акангнинг ярасини боғласин, онангниям кўриб қўйсин, дедик.
— Дўхтир узоқда, мен бормайман, — деди у.
— Қаерда, биз бориб келайлик бўлмасам.
— Қўшилишда.
— Ўҳў, ўзларингда дўхтир йўқми?
— Бизникиям ўша, Қўшилишдаги.
Шундай деб у бурилиб бошқа уйга кириб кетди. На бўлғай, биз шу ҳолимизча қотиб қолдик. Шу орада бир мототсикли бор одамни топиб, ялиниб, охири бензин пули деб, тўрт-беш сўм бериб, дўхтирга жўнатдик.
Кўмак аканинг сабри чидамади. Нариги бетга, тўйхонага борайлик, деб туриб олди.
Мен яна Ингичкага борайлик, дедим.

Аммо энди кеч эди.
Ҳамроҳларим — Олмос ва Норбўта полвонлар бу фожеага шерик бўлиб қолишдан чўчиганлариданми ё жанжалдан зада бўлишдими, отларимизниям олиб бу ердан кетайлик, деб қисталанг қилишди. Хуллас, жанжалкашларнинг акаси, тўй эгаси Қорабош полвонникига ўтар бўлдик. Борсак, тағин бояги калишчан дастёр чиқди. Бизни уйга олиб кирди. Кирсак, уй тўла меҳмон, бариси маст. Сигарет тутунидан нафас олиб бўлмайди.
Ноилож кириб ўтирдик. Ҳечқурса қорнимиз қовзанар деб ўйладим. Лекин дастурхон ночор эди. На овқат, на қоринни алдашга дурустроқ нарса бор. Бир-икки пиёла чой ичганимиз ичимизни бир оз илитди.
Кўмак ака мастларга қўшилиб беш-олти пиёла ароқни ютиб олди. Қийшанглаб уларга ўхшаб чучмал ҳангомалардан ола кетди. Мастлар эса кўпга дош беролмади, чўзилиб-чўзилиб ухлаб қолишди. Ҳатто дастёр йигит ҳам печга суянганча пинакка кетибди. Биз чўзилишимизга умуман жой йўқ эди. Энди уйқу босарди. Иложсизликдан жанжалхонага кетишга мажбур бўлдик.
Борсак, бояги «ўлган» кампир ҳеч нарса кўрмагандай ташқарида ғимирсиб юрибди. Ё тавбангдан кетай, бу қанақаси — худди жўрттага қилгандай-а! Бари бир ўлмагани тузук бўпти
Кўмак ака алжираганча:
— Ўлмайди бу тош кампир, менинг онам. Қорабош полвонди шул тувған, — дерди ва тентираганча биринчи бўлиб бояги меҳмонхонага кириб кетди. Биз ҳали этикларимизни ечиб ҳам улгурмай бир аёл ичкаридан отилиб чиқди. Не бўлганини билмай қолдик.
Кирсак, мойчироқ ёруғида Кўмак ака кўзлари ҳайкалникидай тосрайиб қотиб турибди. Кайфидан асар ҳам қолмаган.
— Нима қилдингиз? — деб сўрадим.
— Ҳеч нарса, ҳеч нарса, — деди у йиғлагудай бўлиб.
— Қариганда буйтиб шарманда бўлмай ўлганимиз яхши.
— Ҳеч нарса, ҳеч нарса, — дерди у яна, — бояги жанжалкаш йигит деб ўйлапман, қоронғида келинчак эканини билмапман, юзини очсам индамади, кўрпани кўтариб орқасига бир тепсам чийиллаб эчкидай сакраб туриб кетди. Энди нима бўлади?
— Бояги жанжалда одам ўлмади ҳар тугул, ўлса — энди ўлади, тайёр бўп туринг, — дедим.
— Неужели, ай, неужели?
— Мана, қараб турасиз…
Индаллосини айтганда шу хавф-хатар бор эди-да. Шуни ҳисобга олиб уйнинг чиқиш-қочиш тирқишларини мўлжаллаб иккала деразасини ҳам очиб этикларимизни ҳам кийиб, бардам бўлиб тек турибмиз. Эшик томондан шарпа келса, пастга қараб сакрашга шаймиз.
Дераза орти камида уч қулочлик пастлик, уй нишабга қурилгани учун тош қалаб қўйилган, тошдан нариси пастлик, қуласанг шу ердан қулаб майиб бўласан. Бояги бўғишма шу пастликда рўй берган.

Тонг ҳам ота қолмади, мижжа ҳам қоқмадик. Кўмак ака мастликда қилиб қўйган ишидан пушаймон «мени ўлдириш керак, мени» деб уф тортади нуқул. Деворларга қарасам, нуқул кашта, сўзана илинган, ўртада келин билан куёвнинг тўй либосида тушган чети ёғоч, усти ойнали каттагина портрет сурати.
— Сиз бунинг эмас, нақ келиннинг кетига тепгансиз. Ҳозир куёв болта кўтариб келиб ҳаммамизни чопади, — деб газладим мен.
— Ўлдик, вой, — деди Кўмак ака. — Ростдан ҳам келиннинг уйи бу.

Аммо, не тонгким, қотилликка арзирлик мазкур воқеа бу жанжалли уйда эътиборсиз қолдирилди. Бари бир деразалар ланг очиқ, эрталабга довур чегарадаги ҳушёр аскар мақомида тонгни ҳам оттирдик.
Шунча ғавғоларни ўз бағрига сингдирган қиш кечаси жуда узун эди…
Тонг ёришар-ёришмас уйга бир қучоқ ўтин кўтариб чол кирди.
— Меҳмонжонлар, қишнинг изғиринида тиразаларди очиб қўйганларингиз нимаси? Полвонлар-да булар, полвонлар.
Бу ташрифдан биз бало ариганини чуқур англаб енгил тин олдик. «Қатлга маҳкум» Кўмак ака ҳам дабдурустдан ўзига келиб, чолни отам деб гулдирай кетди.
Печка устидаги чойнак ҳуштак чалиб қайнади. Чой устида кўпкари ҳақида гурунг кетди. Гўё бу уйда кеча суронли жанг-жадаллар бўлиб ўтмагандек.

Норбўта полвон бари бир гап ораси кечаги тепалашган йигитлар сизга ким бўлади, деб сўради. Чол аввал «онангни палон қилайлар» деди-да, сўнг:
— Икковиям менинг улим, — деди.
— Йўғ-э, — деди Олмос чавандоз, — биз тўйдан икки маст келибди деб…
— Калласи ёрилгани кичкинамиз. Эркароқ. Беш-олти қафасда каклик сақлайди. Акаси раёндаги молиячи жўраси келиб ҳавас қилса, опкетавер деб биттасини берворипти. Боя келин шуни эрига айтиб қўйипти. Кейин шу жанжал-да: сўяман, чопаман дейди акасини, ўзларингиз кўрдингизлар-ку, кимга қийин— ўзига қийин. Болтанинг учи тегса калла кетар эди, кейин нима бўлар эди — ўлар эди. Тўйда аза чиқар эди. Уят-да. Бу ёқда кўпкарига одамлар айтилган. Мана, сизлардай полвонларди миймон қип ётиппиз. Катта улимиздинг Қорабош полвон деб чиққан оти бор, туврима, полвон?
Олмос полвон бўздай оқариб, ҳатто кўкариб кетди.
— Яхши бўлиб қолдими ахир улингиз?
— Нариги томда ўламан деб жотипти, ким билади. Тоштемир духтур келиб бойлади, унингам кайфи боракан, ароқ сўради, бермаб эдик, кетиб қопти.
— Кампир соғми ишқилиб? — деди Кўмак ака.
— Бу энангди… — деб тағин сўкинди бобой. — Бу икки бирдай жигит разбор қилаверсин, демай ора очаман, деб ўртага тушган. Бирови нари тур деб тирсаклаб юборипти, бориб каллани устунга уриб опти, пак қолди ўлиб қолишига. Ҳалиям устун бор экан, бўлмаса тошдеволдан пастга тушиб бўйни қайрилиб ўлар эди. Ҳай, эътибор қилманг, миймонлар, кўпка¬ридан гапиринг…
Тамадди қилгач тўйхонага ўтар бўлдик. Отлар ўша ерда қолган, улоққа тайёрлаш керак. Чошгоҳда Керагатошнинг яйловида кўпкари бошланади.
Жанжалхонадан чиқаётиб кечаси кампир йиқилган жойга разм солдим. Худо асрабди. Агар устунга урилмай тошдевордан пастга тушиб кетганида, ростдан ҳам бугун азахонада ўтирарканмиз…
Атрофга қалин туман тушибди. Тўйда қозон осилган. Одамлар ғимирлаб қолган. Отларимизни оғилнинг орқасига ўтказиб боғлаб қўйишибди. Ҳар қайсининг олдида бир боғ беда… Чавандоз учун бундан ортиқ жазо йўқ. Тўқ от кўпкарига ярайдими? Уни қуруқ қийнаганинг, қамчи тушириб баданини оғритганинг қолади.
Кутганимиздай кўпкари ҳам мурдор бўлди. Полвонларимиз солимгаям, жаловгаям ташлай олишмади. Боз устига туман жуда қуюқ эди.
Қишлоққа ошиб тушганимизда, гарчи кеч тушаётган бўлса-да, қуёш чиқди. Бу — эртага кун илиқ бўлишининг белгиси.
Уйга келиб Қизил олма қишлоғи томонга қарадим. Ҳожи бобонинг уйи равшан, оқариб кўринарди. Чўлдаги ўғли бир тележка опкелган шекилли, пастликка қараб турган тракторга тақиб қўйибди. Эртага юргизса керак…

БЕГОНА МЕҲМОН

Бу бир ривоят. Лекин ўзим унга ишондим. Тўқиган жойларим ҳам бор, тўқимагаларим ҳам. Лекин ғалати. Сабаби…
Матлаб аслида шу Оқморални деб дунёга келган экан. Саксонга кириб умрининг боши-кетини ўйласа шундай бўлиб чиқди. Шунча йил-а, шунча узун умр-а, сарсон-саргардонликка эврилган қисмат, ана, боринг, пешона-я. Оқмарални деб яшаган йиллари асли уни қиздан юзлаб чақирим нари, худди қуюндаги хашакдай бегона манзилларга улоқтириб ташлайверибди. Қариди, чуриди, энди манглайига тарсиллатиб шаппат урди.
Ҳали ҳам Талас тоғларида таёғини, чориғини судраб юрар эди. Қўра-қўтону тоғ-адирларда бу атрофларнинг эгаси бўлган янги бой – Замонбойнинг хизматини қиларди. Бир тўп отлиқ қуролланган йигитлар куппа-кундузи келиб қўраю капасини шип-шийдам қилишди. Ўрисча-қирғизча қурама тилда бақира-бақира шу ерда чол билан бирга молбоқарлик қилиб юрган Қорақулни, хотини ва икки гўдак боласиниям отиб ташлашди. Уларга ташланаётган учта бўрибосарниям автоматдан тариллатиб ўт очиб ер тишлатишди. Сўнг бири Матлаб чолга юзланиб Замонбой энди йўқлиги, манави давонгирлар аллақачон уни нариги дунёга равона қилишганини бемалол, дона-дона қилиб тушунтирди, сўнг бойнинг йилқи уюри, подаси, қўй отарлари қаердалигини суриштирди. Буткул ҳимоясиз қолган чол сойлар, адирларнинг номини айтиб, моллар ўтлаётган манзилларни айтди. Ҳалиги отлиқ қошларини чимириб турди-да, чолнинг юзига зарб билан қамчи қўйди. Тирқираган қон кўзларига тушди, “воҳ, падарингга лаънат” дея қўллари билан юзини тўсгунча бўлмай қўлидан судраганча қўра ёнидаги яккамихда бойланган байтал ёнига опкелиб, ўша моллар юрган жойни бизга кўрсатасан, дея буйруқ қилди. Чол юзидан тушаётган қоп-қора қонни артиб улгурмай, байтални эгарлаш асносида имиллаётгани сабаб бўксасидан тағин бир қамчи еди. Беихтиёр йигитни бўралатиб сўкиб юборди. Ёноқлари пир-пир учди. Аммо негадир босмачи йигит бу сафар пўписа қилмади. Чамаси бу қари инсон ҳали-ҳануз унга кераклигини эслаб қолди.
— Кўзинг-бетинга қарағанда сарт чиғарсан? –деди ажабланганнамо.
Чол иягигача келиб бармоқ энлигида сумалакдай бўлиб турган қонни ижирғаниб жабдуққа артаркан, сен тўнғиз қўпгурга бунинг нима қизиғи бор, ўлдириш ниятинг бор экан, шу ерда бир ўқ билан тинчитиб қўяқолмайсанми, демоқчи бўлди. Ияги, лаблари титради-ю, ҳеч нарса демади. Балки омонликдан умид қилгандир. Эгарга ўтирар-ўтирмас йигит байталнинг сағрисига аччиқ қамчи босди. Отини пишқиртирган кўйи унинг ортидан йўртди.
Хуллас, ожиз-нотавон чол минг қўйли бойнинг қўй-эчки, қорамолу уюр-уюр йилқиларини отлиқларнинг олдига солиб ҳайдатиб юборди. Эвазига тағин икки қамчи еди, ноинсофлар унинг остидаги байтални ҳам олдиларига солганча адирлар қуйисигача бўкирган кўйи от қўйдилар.
Чол энди тақдир битиги бир ерга келганига, балки сўнгги кун яшаётганига тамом иқрор бўлди. Худо ўлдирмаса одам не машаққатларни орқалаб, бошдан ўтказиб юравераркан. Ана қисмат: қаерда туғилдинг, қаерда яшадинг, қаерда ўлмоқдасан? Хўп, ўзи нима учун яшадинг? Тўғрироғи, яшаган эдинг?
Кўз олдида ўзи туғилиб ўсган Хартанг қишлоғи жонланди. Отасининг эл қатори бир қаричгина ери бор эди, лекин қўли гул эди шекилли, олам-жаҳон узум етиштирарди. Ота-ўғил эшакаравада Самарқанд бозорига элтиб, қайтарда қанд-новвот, ўзларига, ука ва сингилларига, онасига ҳам кийим, рўмоллар харид қилиб қайтишарди. Отаси унинг замонга мос бўлиб ўсишини, келажакда катта одам бўлишини астойдил хоҳларди. Шундай бўлаётганди ҳам. Самарқанддаги ягона очилган университетга кирди. Не балолиғ бўлдиким, йигит узоқ юрт-Жамбулдан келган Оқморал деган қизга ошиқ бўлди-қолди. Бора-бора қиз ҳам унга кўнгил қўйди. Лекин на йигитнинг, на қизнинг ота-онаси уларнинг турмуш қуришига рози эди. Ораларини суриштириб қарашса нақд беш юз чақирим келади. Тавбангдан кетай, ўзбекман деганнинг ҳам не ерларга уруғи сочилган-а! Жамбуллик соф ўзбек, қуралай кўз Оқморал! Хуллас, икки томоннинг ҳам ота-онаси норози, йигит-қиз ўқиш тугагач, ўз уйлари-ўлан тўшакларига қайтишди. Ўша маҳаллар қишлоқларда ўқитувчи кам, Матлаб ҳадемай ҳашар билан қурилган қишлоқ мактабига директор бўлди. Аммо қизни унутолмади. Китоблардаги сингари кеча-кундуз оҳ чекди. Хатлар ёзди, хатлар олди. Оқморал! Маъноси қозоқчадан ўзбекчага ўгирилса – оқ оҳу эмиш. Оқ оҳу! Қизнинг отаси бир қалин қозоқ ошнасининг таклифи билан шу исмни танлаган экан. Не бўлғай, ўша қозоқ ошна Оқморал гўдаклигида ўғлига бешиккертди ҳам қилиб қўйибди. Оқморалнинг ёзишича уларда удумни қаттиқ ушлар эмишлар. Удум шариатдан ҳам устун эмиш.
Матлаб бу сўзларни ўқиб нақд олов каби ёниб кетарди. Оқ юзли сулув–оқ оҳуни жизғанак бўлиб бировлардан, номаълум йигитлардан рашк қиларди. Бу дард шу қадар кучли эдики, охир оқибат касалманд аҳволга келди. Тунлари деярли бўзлаб чиқадиган бўлди. Отаси буни сезиб, тезроқ бошини боғлиқ қилиб қўйиш тадоригига тушди. Кўп ўтмай отаси ўз тоғасининг қизига уйлантириб ҳам қўйди. Бир ой яшашди. Йигит ҳамон Оқморалнинг кўйида жони ўртанар эди. Ахийри кунларнинг бирида ҳе йўқ, бе йўқ, Самарқанд вокзалига бориб қайдасан Жамбул дея жўнади- борди.
Топди. Оқморалини топди. Гапнинг қисқаси йигит ҳам шу ерда ўқитувчилик қила бошлади. Шу юртнинг эгасиман деганлар ҳам аллақачон қизга совчи қўя бошлаган эдилар. Колхоз раиси урушга бориб келган ўғлига сўраттирган, йигит яримжон бўлиб келган, сўнг пешонадан кўриб ортиқ безовта қилмай қўяди. Бешиккертди бўлган йигит ана-мана тўй қиламан деб тайёрланиб юрган кезда хирмонда ярим қоп ғалла билан қўлга тушиб қамалиб кетади. Тақдирнинг кулганини кўрингки, Матлаб камтарона тўй қилиб Оқморалига эришади. Ўзининг қайнотасиникида ичкуёв бўлиб яшай бошлайди. Аммо бахтли эди. Ғоят бахтли эди! Ҳатто ортда қолган ота-она, рўзғор, хотини ҳам эсидан чиқиб кетди.
Қишлоқ аҳли бир бегона жойдан келиб элнинг энг сулув қизига уйланиб олганини тумшуқларининг тагидаги хазинани ўмаргандай қабул қилди. Урушдан кейинги сиёсий айбловлар авжга чиққанда Матлабнинг устидан ҳам чақувлар бошланади. Мактабда ишлаб юрган оддий ўқитувчини қарийб ватан хоини сифатида қамоққа оладилар. Матлаб Сибирга сургун бўлиб кетади.
Оқморалнинг ота-онаси, ҳатто ўзи ҳам куёвдан умидини узадилар. Чунки Сибирга сургун бўлганлар деярли қайтмас эдилар. Умрбод сургун қилишдими: ё оч-наҳорликдан, ё касалликдан ўлиб кетаверади.
Оқморалнинг Матлабдан қолган гумонаси бор эди. “Халқ душманининг боласи” деган тамғадан қўрқиб отаси Жамбул касалхонасига бориб болани олдириб ташлайди. Кунларнинг бирида бешиккертди қилинган йигит қамоқдан қайтади. Ота-оналар маслаҳатни бир жойга қўйиб ёшларнинг бошини қовуштирадилар. Беш йил, ўн йил ўтади ҳамки, улардан фарзанд бўлмайди. Йигитнинг ундови, ота-она истаги билан Оқморал эрининг бошқа турмуш қуришига розилик беради, аммо ўзи ҳам шу эшикда сиғинди бўлиб юраверади.
Тақдирнинг ҳукмига қаранг: Матлаб орадан йигирма икки йил ўтиб, яна денг, соғ-саломат тўрт мучали бут – Оқморалнинг эшигини қоқиб келади. Аҳволни билгач оҳ уриб Мажнун каби саҳроларда дарбадар бўлиб юради, тоғ-тошлар, адирларга боради. Чўпонларга ёрдамчи тушади. Шу ерда қолиб кетади. Қарийди. Ўзини қисмат ҳукмига ҳавола қилади.
Охирини, мана, кўриб турибсиз…
Аммо буям кам эмас экан. Ҳали охири эмас экан…

* * *

Чол яраларининг, суякларининг оғриғидан қийналиб бир неча одим ташларкан, қўл билан текислангандек теп-текис катта тошни кўрди. Бориб оёқ илди. Дам олиб, сўнгра сойдаги зилол булоқ сувидан юз-кўзларини чайиб, қон теккан кийимини ҳам ювиб олишни ният қилиб қўйди. Тақдир энди тағин ҳукм ўқталаётганини ичидан ҳис қилди. Бир зум ўзига ачиниб хўрлиги келди.
Ахир, энди ёруғ дунёда ҳеч бир суянчи, таянчи қолмабди. Шериги – чўпон болани ҳам итдай отиб ташлашди. Хотини, икки боласини ҳам. Хўш, бу бечораларда нима гуноҳ эди? Ўлдирмай ҳам шунча молни ҳайдаб кетаверишса бўларди-ку. Кимнинг кучи етарди у аблаҳларга. Ё тавба, ё қудратингдан, ким булар, нега кўзларига бунча қон тўлган? Алҳазар, ё алҳазар!
Кўзларини йириб очаркан, ён томонидаги Чотқолнинг худди зиналардай қат-қат кўтарилиб кетганини биринчи бор кўрди. Чўққилари оппоқ қор билан ўралган. Айтишларича тоғ устида каттакон бир муз қоплаган кўл ҳам бор эмиш. Кўлнинг устига тинимсиз қор ёғармиш, кўл остидан сизган сув тоғ ёнбағирларидан булоқ бўлиб отилиб чиқармиш.
Мендай муз қотган шўрликнинг кўз ёшлари улар…
Чолнинг кўзига қор ҳар қачонгидан ҳам кўра оқариброқ, ҳатто ялтираб тургандек кўринди. Бир пайтлар эшитган эди: ўша тоғларда оқ барслар яшармиш. Ҳа, оқ барслар. Паст адирларга улар йўламайди шекилли. Айтишларича оқ барслар фақат шу ерда бўлармиш. Оппоқ барслар. Улар ўша ёқларда кун кўрувчи ўзларига ўхшаш оқ кийикларни еб озиқланармиш.
Оқ моралларни…
Оқморал!..
Кимларга ем бўлди, озиқ бўлди у оҳу!
Умр эса ўтди-кетди. Мендан не қолди?
Хартанг… Жуда олис, жудаям олисда қолди… Ота-она тупроқ бўлиб кетган чиқар. Ука-сингиллар-чи?
Нимага сарфланди бу умр?
Бармоқлари билан тошни пийпаркан, миясига учқундек бир хотира урилди.
…Икки оқсоқол ҳамроҳлигида бир азиз меҳмон ташриф буюрган эди. Бир кун бурун Замонбойнинг ўзи келиб қўй сўйдириб, от гўштидан қази-қарта ҳам тайёрлатиб кетган эди. Сўнгра эртаси куни ўтов атрофини шериклари билан тозалаб яйдоқ жойга кигиз тўшаб меҳмон кутганди. Бир меҳмон келди: оқ костюм-шимда, оқ кўйлак, оқ туфлида, ёши ўтинқираган бўлса-да, қуюқ сочларини орқага тараган, бай-бай, юзидан нур томади, нур-ку майли, маъно, донолик ёғади. Кигизга ўтириб бошига қирғизи қалпоқ илди. Суратчи уни, шерикларини суратга олди.
Таомдан кўп тановул қилмас экан. Энди соғилган сутдан сипқоришни яхши кўраркан. Сўнгра қимиз, қимронни. Оқсоқоллардан овул-уруғларни суриштирирди. Бир чол оқин дўмбира олиб “Манас”дан айтди. Сел бўлиб эшитди. Пиёда келиб худди шу тошда ўтиришди. Матлаб чолдан бу адиру сойларнинг номини сўради. Уруғ-авлодини ҳам сўраб қолди. Қисқа айтган эди, “бу қизиқ” деди. Бир келганда алоҳида “сўйлаб бериш”ини тайинлади. Матлаб чол мўмингина бўлиб қўл қовуштириб турди. “Оқ барисни кўрганинг барма?” деб сўраб қолди. Йўқ жавобини олгач, шу ерда шунча йил яшасанг ҳам кўрмайсанми дегандек иддао қилди.
Бунга ўн йил бўлди.
Кейин билса… Ҳа, кейин билса, у одам унча-мунча эмас, ҳув пастдаги овулда болалиги ўтган, дунёнинг энг зўр ёзувчиси нақд Чингиз Айтматовнинг ўзгинаси экан. Ҳа, Чингиз Айтматов!..
Ундан бери замон ўзгарди. Дунё ҳам ўзгарди. Айтматов ҳам йўқ. Ҳа, уни шу атрофдаги ўзининг овулига дафн қилдик дейишувди. Замонбой айтувди бу гапни. Матлаб чол билан суҳбати қиёматга қолди. Бу дунёда қайта кўришув насиб қилмапти.
Ўшанда Матлаб бобо “нима учун бир оғиз айтмадинглар, мен унинг қиссаларини, “Қиёмат” романини ёддан биламан-ку, икки оғиз тузук-қуруқ гаплаштирмапсизлар ҳам, бир катта бой деб ўйлабман, аттанг-а!” деб ўртаниб оҳу зор қилганди. Айтматов қариган чоғида сўнгги романи – “Қулаётган тоғ”ни ёзди. Ўшанда у мана шу тоғ, мана шу тоғ бағридаги оқ барслар, мана шу қотил тўдаларнинг разилликларини, охир оқибат ўз қавмининг не аҳволга келиб қилаётган қилмишларини қаламга олган экан-да…
Ҳай, гўрингга нурга тўлгур, Чингиз дўстим-а!..
Ўшанда ҳей, ўзбек чол, бу ерларда нима қилиб юрибсан, деб сўрадинг, сўрашга сўраб дарду дийдиёмни эшитмадинг-ку. Тинглаганингда, билганингда бирор асарингга киритиб мен ғариб чолни ҳам китобларинг каби дунёга достон қилган бўлармидинг?..
Энди бўлса, на Оқморал, на Чингиз, на Замонбой бор дунёда…
Дунё ҳувиллаб қолди.

* * *

Чол аввалига шу ўрганган жойини макон тутмоқчи бўлди. Бироқ кимсасиз гўша уни ютиб юбораман дерди. Замонбойнинг чиндан ҳам куни битган кўринади – биров-ярим бу атрофдан на уни, на бошқани йўқлаб ҳам ўтмади.
Матлаб чол ноилож тугун кўтариб йўлга тушди. Жамбулга бора-бора чегарада тўхталиб қолди. Ёнида бошпурти бўлмаганидан ҳарбийлар орқага қайтариб юбориш пайидан бўлишди. Бақиришиб қолиб уларнинг каттаси бир кеча қамаб ҳам қўйди. Эртаси куни бир майор киши қари одамни нима қиласизлар қийнаб, деб қўйиб юборди. Шунгача чолнинг ғазаби қўзғаб ичкаридан буларни бўралатиб сўка бошлаган эди. Чиққандан кейин ҳам кечаги катта ҳарбийга: “қараб тур, бола, шу қилганингга мен анави сув омборининг дамбасини портлатиб юбораман, ҳаммани сувда чўктириб юбораман!” деди ўдағайлаб.
– Қўйиб юбор уни, – деди майор. – Қария билан тенг бўласанми. Шу ҳолига, майли, дамбани портлатиб юборақолсин. – Шундай дея у ҳиринглаб кулиб чолга “хайр” дегандек қўлини силкиб қўйди.
Кейинги чегарада у тағин тўсиққа дуч келди. Фиғони фалакка чиқиб ҳаммангни портлатиб юбораман, – деб бақирди. Яна тутилди. Лекин ҳамма чолнинг бу иш қўлидан келмаслигини билиб турарди.
– Ненг бар? – деб сўради ҳарбий йигит.
– Ақчам жўқ.
– Портлатўдиған ненг бар дебатирман.
– Ўзим билемин.
– Бул жерде оғайин-тувисинг барма, ким деганди қидирибатирсан?
Матлаб бобо таниган-билганларини бирин-кетин эслади, айтди. Баъзиларини чегарачилар биладиган чиқди. Афтидан, чол нуқул марҳумларни таниркан. Охири тоқати тоқ бўлиб “Оқморалникига бораман!” деди.
– Биз эркекпен сўйлашамис, қотин қолқини билмеймис. Ўт, ўтабер, – дея чолнинг елкасидан суриб нарироққа итариб юборди.
Шаҳар шу даражада ўзгариб кетибдики, у билган биноларнинг ҳеч қайсисини топа олмади. Тентирай-тентирай бир замонлар ферма омбори мудири бўлиб ишлайдиган ошнаси Матёқубнинг уйини излаб топди. Ошнаси қариб букилган, лекин гап-сўзи тетик эди. Оҳ уриб, оҳдан сўнг бир оз лоф уриб тонготар гурунг қилишди. Кун келиб, ўлар вақтида суягим бегона юртда чирийдиган бўлди-да, деб ҳасрат қилди. Ошнаси, энди сенга борар юрт йўқ чиқар, қолган умрингни меникида ўтказ, невараларим сениям, мениям тепиб-тепкилаб кўмишади, деди. Айтишларича укасининг қўлида қолган Оқморал узоқ йиллар мактабга директорлик қилиб, кейин қариялик нафақасига чиқибди. Қаригани ҳам билинмайдиган сулув кампир бўлиб қолибди.
Бу орада маҳалла-кўйда Талас тоғидан ошиб келган бир девона чол сув омборни портлатаман дебди, мелиса қамаб, сўнг чиқариб юборибди, у Оқморал деган аёлни сўраб юрганмиш, деган гап чиқди. Сув омборини бир ёқлик қилишга-ку кучи етмас, аммо сулув кампир бу чолга ким бўларкин – шуниси қизиқ эди.
Шу зайл кунлар ўтди. Чолнинг кўнглида Оқморални излаб топсам, ўтган-кетганига ҳай бериб обдон суҳбат қурсам деган орзу-истак ҳам пайдо бўлди. Матёқуб ошнасини қабатига олади, ҳеч бўлмаганда қариб-чуриганда бир дийдорлашай девдим, дея, эшик қоқиб бораверади, бошқа нима ҳам дерди.
Кунларнинг бирида кутилмаган шов-шув гап чиқди. Тепадаги сув омборининг суви тошибди. Жамбул сув остида қолаётганмиш дейишарди одамлар. Матлаб чолнинг дами ичига тушиб кетди.
Ростдан ҳам сув омборининг дамбаси очилиб кетган бўлса-я деб ўтакаси ёрилгудай бўлди. Халқда гап ётармиди: яқингинада бир девона чол чегарачиларга сувингни тошираман, дамбани портлатиб шаҳарингни сувга бўктираман, деб дўқ қилган экан, шу чол айтганини қилганга ўхшайди, энди ўлдик, тоққа қочмасак қутулолмайдиганга ўхшаймиз.
Сув омборининг шаҳар томонга қуйилиб эниш қисмида ҳақиқатан ҳам икки ён маҳаллага сув тошиб чиққан, полиз, чорбоғлар сув остида қолиб, пахса деворларни захлатиб ичкарига ҳам сув уриб кира бошлаган, одамлар жон ҳалпида қўлига илинган нарсани олиб, тепаларга қоча бошлаган, шошганларидан ким пиёда, ким улов, ким машинада ҳар ёнга тирқирар эдилар. Бу сулув кампир яшайдиган маҳалла эди. Қуёш уфққа чекина бошлаган эди, ким подасини қирга ҳайдаган, ким қоплаб олган бўхчасини орқалаганча сув кечиб тепага ўрлаган, кимлардир бола-чақасини опичлаб, етаклаб, қий-чув қилиб дўнгликка, ҳув ўша Талас тоғларига томон чопиб борар, саросимага тушган аҳоли жон ҳалпида омон қолишга тиришар эди. Уфқ қуёшида қизариб пичагина ёришиб турган тоғ одамларнинг нечоғли ваҳимали товушларига тўлиб кетган, бу бандаи ожизларнинг ўзлари эса мисоли бир тийиқсиз, тутқич бермас каттакон мол подасига айланган эди…
Шу куни Оқморал кампир яшайдиган тепа маҳаллада рўй берган эди воқеа. Укаси аввал томорқасига сув тараб, ариқ бошидан хабар олиб келиб бамайлихотир сўрига келиб ёнбошлаган, чой дамлатиб опаси ва кампири билан ул-булдан икки оғиз ҳангома қилишга тушган эди. Бир вақт кампири тараган сувингиз ҳовлига тошиб кетди-ку деб бақириб қолди. Шоша-пиша ўрнидан туриб шиппагини оёққа илай деса сув ана-мана пойафзалини ҳовли четидаги оғилхона томонга тез оқизиб кетди. Бирдан қўрқиб қолиб ариқ бошига югурди, аммо сувнинг бу қадар зудлик билан кўпайганини кўриб донг қотди. Ваҳимадан пўлдик, уйдан чиқ ҳамманг!” деб бақириб юборди.
Сув шу даражада тез кўпайиб борардики, одамлар миш-миш тарқалган дарвеш чолнинг қўпорувчи эканига чиппа-чин ишониб қолишди. Умумий дард инсонларни бирлаштиради, деган гап бор. Аммо фалокатнинг ҳаммаси ҳам уларни бирлаштирмаслиги, аксинча, кимларгадир ёв қилиб ҳам қўйиши мумкин экан. Мисол учун сулув кампир, яъни Оқморал бугун шу уйдаги оила аъзолари ичида ягона тошқин қурбони бўладиган чиқди. Сабаби у укасининг хотини, келини, ўғил-қиз ва неваралари сиққан “Волга” машинасига сиғмай қолиб кетди. У бошда жиянларининг “амма, тезроқ чиқинг машинага!” деган даъвати билан “Волга”нинг олд ўриндиғига жойлашиб олган эди, кейин оила аъзолари кўп эмас, кам эмас, нақд ўн олти киши экани маълум бўлди.
Ўн олти киши-я! Шунча одам бир енгил машинага қандай сиғиши мумкин? Лекин дўппи тор келганда сиғиб ҳам кетаркан. Орқа юкхона эса шитоб билан ортилган кўрпа, бўхча ва кийим, пойафзаллар билан аллақачон тўлиб бўлган эди.
Ана холос! Шу вақтда машинанинг эшиги беркилмай қолди-ку. Жигарлар бир-бирининг устига букланиб-суқилиб тирбанд бўлиб олган эдилар. Эшикни ука ташқаридан итариб зўриқиб ёпмоқчи бўлди, фойдаси бўлмади, одам ҳаддан ташқари кўп эди. Шунда эркакнинг калласи ишлаб қолди. Олд эшикни очиб опасига маъноли тикилди. Бирдан кўзларини пирпиратиб:
– Опа, – деди.
Кампир бир маънони сезиб қолди ва бўшашди.
Ука давом этди.
– Саксонга кирдингиз-а?..
– Мен ўлгур… Мен ўлгур… – кампир саросима ва хижолат ҳисси юзига уриб укасининг невараларини итариб-суриб машинадан тушди.
– Хафа бўлманг яна, ахир сизнинг ёшингизга ким етди, ким етмади. Унинг устига… уйга қоровуллик қилиб турасиз. Айтиб бўладими… ким билсин, яна… Ўғри-пўғрилар ҳам йўқ эмас… Кечирасиз-да, аҳволни кўриб турибсиз-ку. Биздан норози бўлманг…
Кампир аҳволни олдинроқ тушунмагани учун ҳақиқатан афсус қилди.
– Мен меров, мен эсар… чироғим, айланай, жонимни ўйлаганимни қара. Миямни еб қўйибман-да… сен шошил, тезроқ ҳайда, бу туришда йўлларинг беркилиб қолади. Мендан рози бўлинглар… Қара, каллам ишламаганини. Эҳтиёт бўлиб ҳайда.
Ука машинага ўтириб моторни юргизди. Опаси у ўргатганидай эшикни орқасидан зарб билан ёпди.
Энди юрган ҳам эдики, катта невараси қичқириб юборди:
– Вой, соткам…
– Бақирма-е, одамлар не аҳволда-ю…
– Йўқ, бўлмаса тушаман…
– Сотка керакми, жон керакми санга…
– Баҳромнинг совғаси эди… Майли, силар кетаверинглар…
Ука аччиқ билан тормозни қаттиб босиб шартта кабинани очди-да, қичқирди:
– Опа! Опа дейман! Гарангми… Опа-а!
Кампир энди айвон тепасидаги супага чиқаётган эди. Бир оз гарангсиб туриб қолди. Укасининг товушини эшитиб ортига ўгирилди. Қўлини силкиди. Тезроқ жўнамай нима қилиб турибсизлар, демоқчи эди.
– Майли, мен силардан розиман, – деди сўнг. Кейин: – Сувда чўккан шаҳид бўлармиш, ташвиш чекманглар, – деди-да, видолашаётган каби қўлини у ёқ-бу ёққа чайқади. Яна ортига ўгирилмоқчи эди, укаси жонининг борича бўкирди:
– Сарвининг соткасини опчиқинг деяпман! Эшитяпсизми, телевизорнинг устида, зарядда экан.
Кампир бу гапни эшитди чоғи, уйга кириб кетди. Қайтиб чиқиб аппаратни баланд кўтариб укасига кўрсатди. Сўнг яна супага қараб йўналди. Укасининг жон-пони чиқиб кетди.
– Бу ёққа опкелинг!
Кампир гапга энди тушунди чоғи, бу ёққа қараб юраверди. Укаси сабри чидамай тез-тез борди-да, опасининг қўлидан соткани юлиб олди.
– Вой-й, жигарим-а, мен бу сабилни оволинг, гаплашиб турамиз деб тушунибман-а, кечирасан-да, қаричилик…
Ука келганча “Волга”нинг мотори ўчиб қолган, энди калитни қанча бураса ҳам машина ўт олай демасди.
– Опамизни норози қилдик-да, – деди хотини.
– Нима? – деб қичқирди унга чоли.
– Опам норози эмасмикан деб ўйлаяпман-да. Мана, техникангиз ҳам юрмай қолди-ку.
– Минғирлама-е. Ҳар нарсани гапиравермай тур, не аҳволдамиз-у… бидирлайсан. Опам саксонга кирди, саксонга… Бўлмаса ўрнига сен қол. А, қол, туш машинадан!
– Дадажониси…
– Бўлмаса мен қолай, мана, ҳайда машинани.
– Дадажониси… Сизни деб…
– Бўлмаса минғирлама.
Аммо машина ҳамон жойидан қимирламасди.
– Опа! – деб тағин чақирди ука.
Опаси қараган эди, укаси қўл имлаб чақирди. Тез бўлинг дегандек қўлини зарб билан силкитди.
Опаси кавушини оёғига илмай шошиб кела бошлади. Лозим-кўйлаги тамом шалаббо бўлган эди. Сув тобора кўпайиб борарди.
– Укажон, мени қўй, мен энди бу дунёнинг одами эмасман. Розиман, – деди кўзлари мўлтираб.
– Э, мен буни айтаётганим йўқ. Машинанинг орқасидан туртиб юборинг, юрмаяпти.
– Ҳа-я, эсим қурсин, кучим етармикин?
– Етади, етади, сал туртсангиз бўлди, нарёғи пастлик, юриб кетади.
Кампир машинанинг ортига ўтиб бор кучи билан итара бошлади. Ука ҳам кабинадан чап оёғини чиқариб тираганча чирана бошлаган эди, машина қўзғалиб юриб кетди. Сўнг пастликка йўналиб мотори ҳам ўт олди.
Неваралар чий-чийлаб “аммам қолиб кетди, аммам сувга чўкадими?” дейишарди.
Машина бир оз пастликка қараб юрди-юрди-да, сўнг йўналишини ўзгартириб тепаликка қараб юрди. Текисликдаги асфальтдан тезлигини ошириб олди-да, қирга қараб кетган тош йўлдан ортига қум-шағалларни сачратганча ўрлаб жўнади. Шу зайл бора-бора кичрайиб кўздан йўқолди.
Сулув кампир ундан кўз узмай турди. Ғойиб бўлгач “хайрият” деб қўйди.
Энди унинг наздида тошқин тошаверса, ҳаммаёқни сув олиб кетса бўлаверарди. Чунки энди фалокатга, илло ўлимга ҳам руҳан тайёр эди.

* * *

Намозшом тушганда Матлаб чол қий-чув қилиб саросимада тоққа ошиқаётган оломонга қўшилмай бир ўзи тентирарди. У айни тошқин бошланган тепа маҳаллага боришни ният қилганди. Бу тошқин ҳали бошланиши экани, агар чиндан ҳам дамба ўпирилган бўлса ҳадемай қиёмат қойим бўлишини у дилидан ҳис этарди. Аммо дамба дегани шундоқ ташлаб, ҳимоясиз қолдириладиган жой эмас. Ҳамма жойда бўлгани сингари бу ерда ҳам у қўриқланса керак. Давлат учун стратегик аҳамият касб этадиган, аҳоли учун эса жон озиғи бўлмиш сув омборини эҳтиёт қилмаслик мумкин эмас. Зеро, ўша Жамбулга тушиб келаётган куни ҳам ҳарбийлар сув омборини портлатиб юбораман деганида мазах қилиб кулишган эди-ку.
Қаршисида ариқларни аллақачон тўлдириб четдаги йўлларнинг ҳам шағал тошларини шалдиратиб оқиб тушаётган сувнинг у қадар дами баланд эмаслигидан ваҳимага тушмай бораётган чолнинг кўнглида недир хотиржамлик бор эди. Ва не бир хаёлда, урушдан кейинги дастлабки йилларда қурилган мамлакат миқёсида улкан сув иншооти ҳисобланган сув омборининг шаҳарга қуйиладиган қисмида ўша кезларда бунёд этилган осмон бўйи чархпалакни кўзлаб борарди. Чархпалак тепадан бетон каналда шитоб билан оқиб тушувчи катта сув устига ўрнатилган бўлиб, унинг сув тўлдирилган идишлари ҳам дошқозондай келувчи чўян идишлар бўлганидан шамол тегирмони сингари тез айлана олмас эди. Бироқ чархпалак айланиб тепага кўтарилавергач бири чап, бири ўнг томондаги катта бетон ариқда сув қуювчи катта чўян қозондан тўкилаётган сув офтоб шуъласида ажиб жимирлаб ўзига хос кичик камалаклар ҳосил қилар, кўрган кўзни қувонтирарди. Шу атрофда бунёд қилинган истироҳат боғининг терак, арчаю чинорларига шамолда дув-дув учиб келувчи сув зарралари келиб урилар, дарахтнинг намиққан тоза япроқлари қуёш нурида ўзгача ялтирарди. Матлаб, ўша вақтларда айни куч-ғайратга тўлган бўз бола мактабдан бўш кезлари Оқморал билан бу ерларга келар, соатлаб гурунг қилиб тўймас эди. Кечагина эди. Худди кечагина эди. Аммо ундан бери қанча сувлар оқиб кетибди. Сувлар оқибди-ю, хотира, ширин бир туйғулардан ўзга нима қолибди? Азобу уқубат, туҳмат, Сибир… Бу ёқда Оқморалнинг шўр қисмати… У кўриб гувоҳи бўлиб турган қисматда Оқморални айблай олмасди ҳам. Илло Сибирга сургун дегани ажал комига тик оёқда бормоқ дегани эди-ку. Лекин шу парирўй қизни деб унинг буткул умри кўкка соврилиб бўлди.
…Сув бетон ариқдан тошиб чиқиб атрофларни ювиб кетаётганди. “Тошқинга сабабчи” бўлган девона чол эса шу атрофда тағин ўзининг тақдирини томоша қилиб юрарди. У бир замонлар Оқморал билан сайр қилиб келиб шудринг зарралари ила чайилиб қорайиб қолгувчи, иккаласи устига чиқиб энтикиб юзларини сувга тутиб турувчи каттакон темир қувур олдига келиб қолди. Ўшанда чархпалак қозонларидан бетон ариққа тўкилиб, сўнгра шу қувурга ғалдир-ғулдир шовқин ила қуйилиб деярли тўлиб оқадиган топ-тоза сувга томоша қилиб диллари завқланар, сув зарралари ҳўл қилгани етмагандай бир-бирларига ҳовуч-ҳовуч сув сепишар, йигитнинг оқ нейлон кўйлаги, қизнинг энди урфга кирган шоҳи атласи баданига чиппа ёпишиб қолар, қизнинг дуркун кўкраги ростмана билиниб қолар, пушти дуррачаси остидаги қалин ўрилган қора сочлари ҳам зилол сувда бирров чўмилиб олар, девонаваш ёшлик сурурига қўшилиб рўмол тагидан кўкси узра бир қулоч дордай биланглаб чиқиб келиб, шўхликка қўшилар эди. Сўнгра ёшлар гўё уст-бошларини қуритиш учунмикан, қалин дарахтлар панасига ўтиб узоқ қолиб кетишар, эҳтимол, уст-бошлари намдан аригач, қизаришиб чиқиб келишарди…
Йигитлик чоғини эслаб, яна нималардир кўксига тўкилиб чол ағанаб йиғлагиси келди.
Аммо атрофни ёритиб турган прожекторлар ёруғида қувур оғзига тиқилиб турган каттакон қора нарсага кўзи тушиб бир нарсага ақли етгандай кўнгли нурланди. Яна тек қотиб бирор харом ўлган мол эмасмикан деб тўхтади. Бари бир сесканди. Сўнг қари чолни мол гавдаси чўчитганига ҳайрон бўлди, аммо не-не бўри-қашқир изғиб-кезган Талас овлоқларини бир зум эслаб қувур оғзига сув кечиб келди. Қарасаки, гўё тўфон уриб ётган жойда чиндан ҳам бир нарса тиқилган. Бир катта шаҳар аҳли шунга аҳамият бермабди-ки, деб ажабланди. Енг шимариб бир узун таёқ топди-да, уни қувурга узатиб, тиқилган нарсани итариб оқизиб юбормоқчи бўлди. Кучи етмади. Нарёқдан, қувур устидан юриб келмаса бўлмас экан. Шундай қилди. Қувур устидан келиб таёқ суққан эди, тағин бўлмади. Бир кўрпа ё теридай нарса шох-шабба билан қўшилиб қувур оғзига қопланиб қолибди. Қиш кезлари чархпалак тўхтатиб қўйилишини эслади. Қанақадир бир тормозга ўхшаган мурвати бўлиши керак. Йўқ, уни чол ахтариб тополмади. Тағин қувур устидан юриб келди. Ётиб олиб бояги қопламани бир учидан бор кучи билан тортди. Ўша парчаси йиртилиб чиқиб келди. Яна ётиб олиб тортаверди, тағин бир парча узилиб чиқди. Яна тортсам чиқади деб ўйлаган эди, йўқ қолгани қайтанга маҳкамроқ ёпишиб қолган эди. Чолнинг мияси ишлаб кетди. Бояги қалин таёқ билан кўрпа ё кийим қопланган шох-бутани уриб-суриб юборгани яхшироқ экан. Сув оқимига қўшиб таёқни суқиб итараверди. Шунда денг, шох-шаббалар синиб-синиб сув оқимининг тезлиги билан улар қувурнинг ичига бирданига сингиб ғойиб бўлди. Атрофга оқаётган тошқин ҳам туйқус тўхтади-қолди.
Маҳалла-гузар тим-тирс эди. Чол ўзича зўр иш битирганини ҳис этди. Аммо атрофда ҳеч ким йўқ, чамаси ҳамма жон ҳовучлаб қиру дўнгликларга ўрлаб кетган, балки… балки бошқалар тун зулматида ваҳимаю бедорликдан чарчаб уйқуга чўмган эдилар. Ҳар қалай дунёни сув босмаётган эди-ку. Тепаликдаги икки гузарга сув тошган эди, холос.
Чол борар манзилини белгилай олмас, лекин ўта чарчаган эди. Кесилган чинор кундасига ўтириб тин олди. Бари бир ёшлик хотиралари уни тарк этмасди.
Анови ариқ четидаги бўлиқ ўт-ўлан кўмган жойларда ўша чоқда урф бўлган қора хром туфлисининг, Оқморалнинг ҳам учли, пошнаси ҳам учли оқ туфлиси излари бордир. Лекин энди буларнинг қандай аҳамияти бор?
Тобора ҳорғинлик ўз измига тортиб ва хийла тун шабадасидан жунжикиб борар экан, бу ерда тунаб бўлмаслигига, Матёқуб ошнасиникига эниб бормаса бўлмаслигига иқрор бўлди. Бели ҳам зирқирай бошлади. Иссиқ кўрпага ўранишни ният қилди.
Омонат бу дунёда ўзи бирор кун хотиржам ором топдимми, деб ўйлади. Не ажабки, ундай кунни эслаёлмади.
Шунда… нарироқдаги дарахтлар ортидан бир хилқат қора тортиб келаётганини пайқади. Тўғри ўзига қараб келарди. Ўрнидан туриб томоқ қириб қўйди. У ҳам бир тўхтади-да йўталган бўлди. “Аёл киши”.
Бир оз юриб пешвоз чиққандай бўлди чол ва:
– Келинг, – деб қўйди йўлига.
– Ассалому алайкум, бобо. Ўзи қушуйқуман десангиз. Шу бугун қўшнилару бола-чақа, бариси уйларини ташлаб қирга кетишди. Тошқин ёмон экан.
– Сиз-чи, бир ўзингиз қолдингизми?
– Бир ўзим… ҳа, уйқоровул ҳам керак-ку… Ваҳимаси ёмон бўларкан. Ҳар ким жонини ўйлаб қоларкан. Унинг устига бир довон ошиб келган девона чол аввалдан сув омбор тошади, деб каромат қилган экан. Одамларнинг оғзида шу гап эди, сув тошгач, ана, девонанинг башорати амалга ошди, деб ҳамма шошиб қолди.
– Бу тошқин эмас, анови чархпалакнинг суви, – деди чол.
– Қанақасига?
– Шунақасига-да. Ўзи… оббо, қизиқ бўпти-ку, фарзандларингиз сиздай кампирни тошқин босаётган уйга қоровул қилиб кетишгани ғалати бўпти-да…
– Шарти кетиб, парти қолган бўлсам. Қаридим. Бу дунёда кўраримни кўриб бўлдим. Орзу-ҳавасларим амалга ошди-ошмади, ҳар нечук бир одам катори яшадим. Ҳаёт ортда қолди. Энди қирга чопиб қутулган билан нима ўзгарарди?
– Шуни айтинг! Мен ҳам кўчабошидаги Матёқуб жўрамникида эдим. Ўтган-кетгандан гаплашиб ҳангомалашиб ётган эдик, бола-чақаси гузарни сув босяпти деб восвослардек машинага чиқиб, жўрамниям миндириб тепага кетишди. Мени бегона… бегона меҳмон… деб қолдиришди. Хафа эмасман. Ўзи кимман уларга? Вақти-замонида бир фариштанинг ортидан довдираб эргашиб келган дайди итман-да…
– Дайди ит эмассиз, – шундай дея кампир негадир мунғайиб эн гашиб олди. – Сиз Самарқанднинг Хартанг қишлоғидансиз. Дунё ҳадисшуносларининг пешқадами Имом Бухорий дафн этилган қишлоқдан.
– Биларкансиз, биларкансиз-а… – Сўнг бирдан тетикланиб: – Қайдан билдингиз? – деб сўради ва қулоғини елпана қилиб турди.
– …
(Шу жойда Кумушбибининг “Сиз ўшаму?” номли машҳур саволини келтирсак бўларди. Аммо қаҳрамонларимизнинг бири кампир, бири чол. Ўхшаш жойи шундаки, булар ҳам бир-бирларининг дийдорларига тўймадилар. Тарих зулми дийдордан устун турди: иккисини икки ёққа юлқиб улоқтириб юборди. Биз учун қизиғи ҳам шу: бировникига ўхшамаган қисмат. Қолаверса…)
Қолаверса…
(Чол ва кампирни бир-бирига суянтириб дийдиёлаштириб қўйсак ҳам бўларди. Хоҳласангиз Сиз шундай тасаввур қилинг. Яхшиси биз ҳикоячи сифатида бу ҳолатга тегинмайлик. Сабабини тушуниб турибсиз: енгил ҳолат эмас…)
Алқисса, сулув кампир чол билан укасининг ҳовлисига тушдилар. Тонгни қарши олдилар. Ҳаёт жой-жойига тушди. Тоққа чиқиб кетганлар ҳам бирин-кетин тушиб келишди. Сулув кампирнинг укасининг жужуқ неваралари тоққа машинада қандай чиқиб боришгани, тик қиялардан қўрқмай ўтиб боришганини бирин-кетин ҳам бурро, ҳам соқовланиб гал бермай ҳикоя қилишарди.
Лекин эрталаб кетаётганларида кеча чиққан жойларидан машина пастга қараб тушолмабди. Бобоси кечқурун бу ерлардан қандай чиқдик экан, деб юрак ҳовучлаб қолибди. Ёрдамчи кутиб турганмиш…
Чол ҳам, кампир ҳам уларга ёрдам кераклигини тушунишди. Бир-бирига им қоқиб ўринларидан қўзғалишди…
(Матлаб ва Оқморал эртакдагидек мурод-мақсадига етмагандир. Лекин муроду мақсад нима ўзи? Изласанг топа оласанми?
Хуллас, бу ёғи Сизга ҳавола. Хоҳласангиз Матлаб чолни қариган чоғида Самарқандга жўнатиб юборинг, хоҳласангиз икки қария кексалик гаштини бирга сурсинлар. Ўзингиз қолганини истаганингизча тўқийверинг.
Бизнинг ишимиз битди. Шу.)

25 FЕVRAL KUNI YOZUVCHI SOBIR O‘NAR 60 YOSHGA TO‘LGAN BO‘LARDI. SIZGA TAQDIM ETAYOTGAN SO‘ZLARIMNI U ROPPA-ROSA 50 YOSHGA TO‘LGAN KUNDA, O‘N YILCHA AVVAL YOZGAN EDIM. SOBIR UKAMNI OLLOHIM RAHMATIGA OLGAN BO‘LSIN!

Yoshi 60 dan oshgan inson sifatida aytishim mumkinki, ellik yosh ijodkor hayotining eng ko‘rkam va orzulari amalga oshadigan mavsumidir. Sobirning ijodi o‘zbek adabiyotida alohida sahifa egallaganiga ancha bo‘ldi. Uning hikoya va qissalari faqat o‘zbek kitobxoniga emas, turkiy adabiyot olamiga ham ma’lum va manzur, desam adashmayman. Men uning har bir asarini shavq bilan o‘qiyman. Sobirning hikoyalarida kechgan voqealar,qahramonlari bolaligimni yodimga soladi. Shaharga yaqin qishloqda tug‘ilganim uchunmi, bolalikda shahardan biroz olisdagi ota urug‘im yashaydigan qishloqlarga borib, haftalab turganimda butunlay boshqa dunyoga tushganday bo‘lardim. Sobirning hikoyalari o‘sha dunyodan kelganday…

Bugun Sobir O‘narning faqatgina ijodi emas, «Yoshlik» jurnalining bosh muharriri sifatida kechayotgan faoliyati ham tahsinga sazovor. Jurnalning o‘z olami,o‘z yo‘li va aniq maqsadi bor. Bu maqsad, eng avvalo, adabiyotimizga kirib kelayotgan har bir iste’dodni qo‘llab-quvvatlash, ularning har biriga mashaqqatli ijod yo‘lini dadillik va salohiyat bilan bosib o‘tishga ishonch uyg‘otishdan iborat.Sobir mening qo‘shnim bo‘ladi. Qarayib 20 yildan beri hamsoyamiz. Uning bolalari ko‘z o‘ngimda katta bo‘ldi.Ota–bobolarimiz «Hovli olma,qo‘shni ol» deb bekorga aytmagan ekan. Bu masalada omadim yurishganidan quvonaman. Boshqa qo‘shnilarim ham Sobirga o‘xshagan bosiq odamlar. 20 yil davomida bizning bo‘lma(pod’ezd)da biron marta janjal bo‘lmagani bu fikrimni isbotidir.

Sobir jo‘ra, aslida bugun qog‘ozga bitganlarimdan yuragimdagi gaplarim ko‘proq bo‘lsa kerak. Ammo, bu gaplarim yuragimga sig‘may chiqqani rost

Men Sobir O‘narni ellik yoshi bilan chin yuragimdan tabriklayman, uning qalamining quvvati oshib borishini tilab qolaman.Xurshid DavronO‘zbekiston xalq shoiri, Sobir O‘narning uzoq yillik yon qo‘shnisi

Sobir O‘NAR
TO‘RT HIKOYA
009

Ashampoo_Snap_2016.12.22_17h33m25s_003_a.png Sobir O‘nar (1964-2020) Samarqand viloyatining Qo‘shrabot tumanidagi Quvkalla qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘rta maktabni 1981 yilda tamomlab, o‘sha yili hozirgi O‘zbekiston Milliy universitetining jurnalistika fakultetiga o‘qishga kirgan.
Sobir O‘narning 1996 yili «Yoshlik» jurnalida e’lon qilingan «Shaffof manzil» qissasi uning fikr doiralari kengayayotganini ko‘rsatdi. Yozuvchining bugungi kun ruhi bilan sug‘orilgan «Chambilbelning oydalasi», «Mangu yoshlik», «O‘g‘rilar» qissalari chop etilish arafasida turibdi. Sobir O‘nar tarjimon sifatida rus, turk, qozoq, qoraqalpoq adiblarining talay asarlarini ona tilimizga o‘girgan.
Turk yozuvchisi Bakir Yulduzning «Karbalo fojiasi» qissasi esa Sobir O‘nar tarjimasida ikki marta nashr qilingan. Sobir O‘narni jamoatchilik iqtidorli publitsist sifatida ham yaxshi biladi. Mustaqillik davrida uning vaqtli matbuot saxifalarida e’lon qilingan maqolalari ma’naviyat, ijtimoiy hayot, xalq xo‘jaligining dolzarb muammolariga bag‘ishlangan.

009

VIJDON

G’aybar degich momomiz bo’lar edi. Xolamning qaynonasi, ya’nikim pochchamizning onasi. Asli ismi Xonsuluv ekanini o’lganidan keyin bildim. O’ziyam to’qsondan oshuvdi. G’aybar – momoning polvonligiga, er kishilarga ham bel bermaganiga ishora ekan.
Yoshligida kolxozning o’rog’ida bug’doy o’rib yurganida qishloqning manaman degan zo’r yigitini havolatib yerga po’stak qilib urgan ekan. Shu-shu g’ayir – odobsizlik qilsa rais janoblariga ham xezlanib qolarkan.
G’aybar momodan uch tirnoq qoldi: bir o’g’il, ikki qiz. Qizlar bugun o’zidek momoy, o’g’li – chol.
Momosi tushgurning ajab odatlari bor edi. Masalan, nevaralarini azonlab qichqirib uyg’otardi. Har biriga yumushlar buyurib har yoqqa tarqatib yuborar, o’choqda choy qaynaguncha, qozonda sut pishguncha ular bir dunyo ishni bitirib kelar edilar. Ertalabdan ishlagan bolalar bir kosa sutni shappa ichib, keyin maktabga yo’l olar edilar. Mobodo kosada ovqat sarqit bo’lsa, o’zi non burdasini ikkiga yorib surtib kosani tozalab urib tashlardi. Choy yuqini, hatto shamani ham qoldirmas edi. Uvoldan qo’rq, derdi. Chamamda momo to’qsonning oshuvida ham polvon, ishtahasi binoyidek edi.
Bu ham emas, qishloq o’rtasida kuzdan oxir bahorgacha oqib turuvchi soydan o’ng taraf uylarga ariq qazdirib suv o’tkazgan, “oqsoqolchilik” qilib turgan, jami odamlarning boshini qo’shib ishlatgan ham shu kampir bo’ladi. Tovushi ham havoni yirtar darajada baland edi. Ishdan bo’yin tovlaganlarni ikki chaqirim narigi qishloqdan chaqirib olganlarini eshitganmiz. U zamonlar texnika yo’q, odamlar ham kamroq – sukunat oromida ekanmi, deyman-da. Biz bugun shu darajada shovqinu malomatu tashvishga ko’milganmizki, o’n qadam naridagi bolamizni ham “sotka”da chaqiramiz. Shundayam u sho’rlik eshitsa, “eshitmay qolibman” degan beozor bahonalar ham chiqqan…
Jarlar ustiga katta quvurlar o’tkazish uchun to’rt so’m-besh so’mdan yig’dirib traktorchining qo’liga tutqazgan, so’ng boshida turib bedar ketayotgan soy suvidan adoqdagi hovlilar qurilishiga, ko’p tomorqali bo’lib qolishiga ham shu kampir kattalik qilgan.
Vijdonli ayol edi!
Qishloq udumini buzib, o’zi tengi qaynlarini ham sensirab yuboraverar edi. Lekin bundan natija chiqar edi. O’zi gavdasi katta bo’lmasayam haybati baland edi.
G’ayir edi – yalqovlik, o’zi bo’larchilik, g’irromlikning dushmani edi. To’y-hashamu ma’rakada ham kampirning og’ziga qarar edilar. Yaqin odamlarining azasida ham boshqalarga o’xshab ro’mol, qasabalari yechilib, soch yulib yig’laganlarini ko’rmaganman. Dardga mahkam edi! Qaytanga rasm-marosimni tezroq, joy-joyida, intizom bilan o’tkazish payidan bo’lar edi.
Axir soch yulib yig’lasangiz birov rahmat deydimi? O’lgan odam qaytib keladimi yoki?
Albatta, bu kampir falon-pismadon bunyodkorlik ishlarini amalga oshirdi deb bir oz to’qib-bichsam yolg’on bo’lar edi. Gap shundaki, u kampirmi, cholmi, yoshmi – odamlarning vijdonini uyg’otib turar edi. Aytaylik, birgina qarindoshing yoki qo’shningni yomonlikdan qaytarib qolsang, uni jaholat tuzog’idan qutqarib qolishing mumkin-ku!
Momo to’qsondan uch-to’rt dovon oshib jimgina narigi dunyoga ketdi. Balki shu baqiroqdan qutuldik deganlar ham bordir. Elchilik… Lekin ko’p yillar momoning o’rnini to’ldirib kelgan biror erkakni ko’rmadim…
Elga boshchi kerak ekan!
Mustaqillik yillarida yurt obodonligi uchun ko’p ishlar boshlab yuborilganida, Yurtboshimizning shaxsan sa’y-harakatlari bilan Imom Buxoriy, Xoja Naqshband hazratlarining maqbaralari tiklanayotganda qishlog’imizdan tag’in bir oqsoqol chiqdi.
Hey el, – dedi. – Shu yerdan o’tgan Non ber ota kimdan kam, – dedi. – Kelinglar, shu zotning qo’yindisini obod qilaylik! – deb da’vat qildi.
U zot avliyo bo’lgan. Shu yerdagi machit yonida kofirlar uzgan boshi g’oyib bo’lgan. Shuning uchun qo’yindi – mozor. Usti yopilgan edi-yu, choldevor edi-da. Yonidagi machit ham polvonroq odamning yelkasi tegib ketsa zilzila qo’pgandek bo’lardi.
Ne bo’lgayki, oqsoqol Keldiboy Qo’shmurodovning da’vati elga em bo’ldi. Menimcha hasharga kelmaganlar bo’lsa bordir-u, hissa qo’shmagan odam qolmadi. Misol, machitni bir oz kengaytirish, yonidagi maqbarani maqbara degulik qilish uchun mablag’ kerak. Epli usta, unga qo’l haqi, yana shunga yarasha materiallar kerak. Buni qarangki, qishloqda yashovchilar ham kambag’alman demadi. Shaharda yashayotganlar ham avliyo bobomning savobidan bahramand bo’laylik, dedi – pulini, yordamini ayamadi. Bir pasda qutidekkina shinam maqbara qad ko’tardi. Qubbasi yaltirardi. Samarqandlik ustalar uni bejirimgina qilib bo’yashdi. Ulug’ zotlar, minorayu madrasa, maqbaralar shahri – Samarqandning bir parchasi shu yerga ko’chib kelganday bo’ldi. Chin ma’nodagi ziyoratgohga aylandi. Kelin-kuyovlar ham shu yerdagi urushdan qaytmaganlar xotira-taxtasini, Non ber ota maqbarasini ziyorat qilib, keyin to’y boshlashadi.
Bu avliyo zot kim bo’ldi?
Keling, Non ber ota haqida bilganimni qisqacha bayon etay. Bundan 450 yillar burun yashab o’tgan. Tug’ilgan yeri bizdan ancha olis – Nurota yo’lidagi Qoratov biqinidagi bir qishloq bo’lgan. Polvon yigit bo’lgan. Yelkasi yer ko’rmagan. Asli ismi Jiyanbek, polvon bo’lib tanilgach Jiyanbek polvon deb nom qozongan. Bir kuni tushida polvon Qoratov boshiga chiqib peshob to’kibdi. Qarasa peshob tog’ni egallab atrofga jobdirab oqibdi, Qoratov battar qorayibdi. Turib inilariga  aytibdiki, yoronlarim, endi biz bir joyda g’uj bo’lmasdan jobdirab yashashimiz kerak ekan, kunchiqar qishloqlarda bizning urug’doshlarimiz bor. Bo’g’ajili qaydasan deb urug’imni izlayman, qo’shilganing men bilan yur!
Shuytib o’sha vaqtdan bizning qishloq ham el bo’lgan, songa qo’shilgan.
Atrof to’qayzor, suvli bo’lgan. To’qayzorlar ochilib, uylar qurilgan. Endi ochin-to’qin yillar ekan shekilli-da, polvon bir kuni Xudoga yolborib: “Parvardigoro!  Menga qush-qumursqadan ortgan ushoqni ber! Rizqim shundan bo’laqolsin!” deydi. Ana shuytib polvon qoldiq non ushog’i, uvog’i bilan kun kechirib yuradi.
Aytadilarki, har zamon Samarqandga borib juma namozi o’qib kelarkan. Asrni Qo’shrabotda, shomni o’zining qishlog’iga kelib o’qirkan. Bizning Quvkalla qishlog’i bilan Samarqand orasi 125 kilometr…
Endi chamalab ko’rsangiz, Samarqanddan bu joygacha qanoti bor qush ham horib-tolib kelgani, balki u ham shom namoziga bir oz kechikib kelishi mumkinligini tasavvur qilasiz.
Avliyoning zohir karomati shu-da!
Vaqti-kunlari qahatchilik obdon zo’r kelib ushoqlar ham topilmay qolar ekan. Axir ushoq ham to’qlarning nonidan to’kiladi-ku. Avliyo otamiz buloq etagidagi balchiqqa tushgan ushoqlarni buloqqa yuvib, qushlar bilan talashib yeb turib birdan xo’rligi kelibdi. O’zining xorligiga achinib silkinib-silkinib yig’layveribdi.
Shunda xotifdan bir tovush eshitilibdi:
Ey, o’g’lon. Biz sizga non karomatini berdik! O’rningizdan turing, elni to’yg’azing!
Bobomiz qo’yniyu to’nining barlari to’la nonning salmog’idan zo’rg’a turibdi. Hozirgi qishloq o’rtasidagi machit yoniga kelib qo’ynidan issiq obi nonlardan chiqaribdi. O’tgan-ketganga ulashibdi. Och qoldim deganlar yana kelibdi – non ulashaveribdi. Issiq, bug’lanib turgan to’yimli nonlar.
Qizig’i – bu nonlar hech tugamas emish!
Polvon taxallusi o’zgarib “Non ber ota” bo’libdi. Xalq birgina shu odamning bag’ridan chiqqan nonga to’yibdi.
Ocharchilikni bartaraf etish bir odamning qo’lidan kelarkan-da. Agar Olloh unga tilagini bersa, habibim desa, avliyoligini zuhur etsa…
Bu ish beklarga yoqmabdi. Mitan begimi yo Xatirchi begi odam jo’natib bu chinmi, yolg’onligini tekshirib ko’ribdi. Qarasa – chin. “E bu qayoqdagi yalangoyoq gado kim bo’ldiki, biz turganda bir o’zi xalqni to’yg’azsa”. Lashkar jo’natib uni tiriklay yo bo’lmasa jasadini olib kelinglar, qani men bir ko’ray debdi.
Bir kishiga butun boshli lashkar jo’natibdi. Otamiz buni sezib toqqa qarab qochgan. Lashkar quvgan. Lashkar otda, avliyo – piyoda. Chamamda machitgacha ikki chaqirim bor, o’sha joyga yetganda askarlar yetib olishgan. Bir nomard u bilan olishib baraka topmasligini, qo’l olishuvida lashkarni taloto’p qilib tashlashiga ko’zi yetib otamizning bo’ynidan qilich soladi. Bosh yerga uzilib tushadi. Endi uni qopga o’raymiz deganda bosh o’z-o’zidan qirga qarab dumalab chiqib ketadi, so’ng pastga dumalaydi, yana qirga. Askar degani ot bilan quvib yetolmaydi. ”Quv kallani, quv, kalla ketdi!” deb bo’kiradi. Kalla esa o’zib ketaveradi. Quva-quva boyagi non tarqatgan yergacha keladi. Endi ushlayman deganda yer kalla hajmida o’yiq holga keladi va bosh o’sha o’yiqdan tubsizlikka qarab tushib ketadi. Askar hayron: u yoqdan
qaraydi, bu yoqdan qaraydi, chuqurga tayoq suqib ko’radi, bo’lmaydi – tayoq uzunligidan chuqur. Chor-nochor lashkar ortga, jasad qolgan joyga ot qo’yadi. Bekka jasadni ko’rsatish ilinjida bo’ladi. Borishsa u joyda ajdarho hajmidagi katta qora ilon yotganmish. U boshini ko’tarib qirqta boshi bilan qirq askarni yamlab yutib yuboribdi.
Shundayin bobomiz bekning zulmidan shahid bo’lgan. Endi u bekni kim eslaydi? Men masalan, surishtirib otini ham bilolmadim. Avliyo otamizni, Non ber otani esa kuniga yuzlab odam ziyorat qiladi.
Bugun chiroyli bir maqbara yaltirab qad ko’tarib turibdi.
Bundan to’rt asr muqaddam “Quv, kalla! Kalla ketdi, quv!” degan kofirlarning “hurmati”ga qishlog’imiz “Quvkalla” atalib qolgan.
Akang qarag’ay quvkallalikman!
O’n besh yil burun Jiyanbek bobomizning shajarasi bormikan deb obdon urindim. Nurotaga bordim, keksalardan surishtirdim. Harakatim zoe ketdi. Yalangoyoqda shajara bo’lmas ekan, shuni bildim. Ollohga suyumli banda bo’ldi, avliyolikka erishdi, ammo boshqa qavmdoshlar ham o’sha zot kabi avom bo’lganlaridan bir joyga “otam bu, otamning otasi u” deb yozib qo’ymagan ekan.
Qishlog’imizning bir keksasi menga oxiri:
Topdingmi? Topolmaysan! Chunki shajara eshonda bo’ladi, xonda bo’ladi. Bu insonda shajara nima qilsin? – dedi.
Hafsalam pir bo’ldi. Chunki u pirlardan avlo banda edi-ku!
Xullas, qishloq oqsoqoli Keldiboy Qo’shmurodov machitni ham, maqbarani ham epga keltirdi. Hatto bobomizning tepa qishloqda mayyiti qolgan joyni (Azlar tepa deymiz – Azizlar bo’lsa kerak) joyga ham maqbara o’rnattirdi. Machit oldidagi namozxonlar o’tib-qaytuvchi, mudom bahor seli yuvib, uloqtirib tashlaguvchi  ko’prikni ham shu odam mustahkam qilib qurdirdi. So’ng pastdagi suvtegirmon qoshida suv qayrilib-burilib oqadigan buramadagi ko’prikni ham shu odam elga jar solib, kerak bo’lsa jarima solib qurdirdi.
Og’ziga kuchi yetmaganlar “Keldiboy xalqdan pul yig’di, o’zi yedi, qolganini machitga xarjladi” dedi.
Elning og’ziga elak tutib bo’lmaydi.
Bir yil burun u odam qazo qildi. “Edi-edi, dedi-dedilar”dan ancha olisga, ovloq manzilga. Ana endi o’rniga shunday oqsoqol topolamizmi, qayda u, deyishdi, “dedi-dedi”chilar.
Oqsoqol xalqqa qayishadigan, kuyinadigan, ibrat ko’rsata oladigan, fidoyi, vijdonli odam. Shuning uchun ham odamlar unga ergashardi, aytganini to’g’ri deb biladi.
Qishloqda ham, shaharda ham shunday. Chunki mahalla degan maqom faqat O’zbekistonda bor. Mahallaning oqsoqoli vijdonli bo’lishi kerak. Tili qisiq, muttaham odam birovga gapini o’tkazolmaydi.
Ittifoqo bir kuni Toshkentning bir chekkasidagi yangi qurilgan hovlilar ichidan oralab qoldim. Bir tabibni izlab yurgan edim. Chunonam qasrlar qurilibdiki,
esing og’ib qolayozadi. Otangga rahmat, qonuniy pul top, xohlaganingday qurib olaver – qandingni ur! Ora-chora ba’zi pastqam imoratlarga ham ko’zim tushdi. Qurbi yetmaganidan shunday turibdi. Tushunarli. Kimdir uni ham sotib olib koshonaga aylantiradi. Bu ham tushunarli.
Ammo menga bir narsa tushunarsiz ko’rindi: nechta shunday ko’chaga kirgan bo’lsam, hammasi o’ydim-chuqur, mashina emas, piyodalar ham yurishi o’ng’aysiz. O’yilib ketgan, asfal`tlar sinib-yemirilib tushaverib adoyi tamom bo’lgan, loy (ha, loy!) yozda chang. Katta ko’chagacha yuz qadam, ikki yuz qadam, balki ko’proq. Ammo shu joygacha atrof qasrlardan iborat. Shu milliarderlar ichidan bironta insoflisi chiqib “ey, birodarlar, mana bu ko’chamizning ahvolini qaranglar, uyat emasmi?” demaydimi? Hashar qilib tuzatib qo’ymaydimi? Yoki bularda oqsoqol yo’qmi?
Har qalay kaminaga ushbu holat qo’shnisini yoxud boshqalarni pisand qilmaslik, “bu ko’cha meniki emas, uy o’zimning mulkim, boshqasiga o’t tushib ketmaydimi” degan xudbin kimsalarning ishi bo’lib tuyuladi. Ularning mundayroq uyushtirgan ehson oshi yoki biror chet el safariga bunday ko’chalardan o’ntasi tep-tekis bo’lib  ketishiga shubha qilmayman. Lekin zinhor va zinhor “ko’cha”ga pul sarflagisi yo’q. Negaki, ko’cha uning mulki emas.
Shunaqa joylarning ham so’rovchisi bor, albatta. Lekin u loqayd. Jonini sira koyitgisi kelmaydi yoki qilsayam pul evaziga qiladi. Bo’lmasa azim poytaxtimiz, ko’zga to’tiyo qilib, dunyoga maqtangulik shahrimiz yo’llariga shundoq befarq qaraymizmi?
Ota-bobomiz, momolarimizning atrofga tutumi bo’lakcha bo’lgan. Har nechuk u zamonlarda maishiy chiqindilar hozirgiday tog’-tog’ uyulib ketmagan chiqar. Lekin har qalay qurbi yetsa bog’ qilgan, daraxt ko’kartirgani rost. Ancha vaqtlar burun maishiy chiqindilarga hozirgiday tartib o’rnatilmagan edi. Mahalla obodligi yo’lidagi ishlar yoshlarga ham ta’sirini o’tkazayotganini ro’y-rost aytmoq kerak. Burun har qadamda betartib ayqashib, sasib yotuvchi axlatlarga birmuncha chek  qo’yildi. Haytovur odamlarning ham picha esi kirib qolgandek. Ko’chada “musor” qoldirib ketayotgan bolaga tepa qavatdagi qo’shni ayol: “Hoy tarbiyasiz bola, ko’tar anovi narsangni, ota-onang shunaqa o’rgatganmi senga?” deb baqiradi. Bolaning vijdoni bo’lsa qaytib kelib uni oladi, bo’lmasa iloj yo’q. Lekin odamlar unga befarq qarayotgani yo’q-ku.
Singapurda, Amerikada ko’chaga tuflagani yoki sigaret qoldig’ini tashlagani uchun odamni politsiya tutib olib falon dollar miqdorida jarima solishi haqida matbuotda bot-bot o’qiymiz.
Bizda ham shunday bo’lishi kerak!
Nima, biz saranjom-sarishtalikni yoqtirmaydigan xalqmizmi? Bugun bu yerni iflos qilib, ertaga nariroqqa ko’chib ketadigan mo’ltoni emasligimizni yaxshi bilamiz. Lekin aybni birovga ag’darishni puxta egallaganmiz. Bu “puxtalik”dan hali ko’p pand yesak kerak.
Ma’naviyat haqida uzoq ma’ruza o’qiyotganimizda, o’z farzandlarimiz axloqi haqida, ekologiya tozaligi haqida bong urayotganimizda o’z yashayotgan uyimizda, yo’lagimizda va qolaversa hovlimizdagi ahvol haqida ham o’ylab, qayg’ursak chakki bo’lmaydi.
“Biz o’z farzandlarimizning baxtu saodatini, iqboli va kamolini ko’rishni istar ekanmiz, nafaqat oiladagi, balki mahalla-ko’ydagi odamlarning xatti-harakati ham bolaning shakllanib kelayotgan sof qalbi va ongiga qanday ta’sir ko’rsatishi haqida doimo o’ylashimiz, bu masalada zimmamizda qanday mas’uliyat borligini unutmasligmiz zarur” (I.Karimov. “Yuksak ma’naviyat – yengilmas kuch”).
G’aybar momoning dafn marosimidan bir muddat o’tgach, odamlar dashtdagi o’sha qabr biqinidan yangi tut niholi ko’karib chiqqanini aytishdi. Borib ko’rganimdan so’ng yoz chillasida qaqroq yerda daraxt yashnab turganiga hayron qoldim. Odamlar aytishdiki, bu fazilatli odamlardagina bo’lishi mumkin. Sababi o’sha daraxt momoning nomidan Ollohga tasbeh aytib turarmish. Tasbeh o’girgan sari uning gunohlari duv-duv to’kilib borarmish.
Yurtning dardini, ko’pning tashvishini o’ylab yashagan odam, asli fazilatli va vijdonli Insondir…

TARVUZ

Omondavlatning qishloqdan qo’ng’iroq qilib indinga bola-chaqasi bilan kelishini eshitib Xudoyqulning ensasi qotdi, nechukdir miyasiga lop etib buyam pul so’rab keladi, bo’lmasa besh-olti yildan beri ko’rishmagan sinfdoshga balo bormidi, degan o’y urildi. Ko’ngli xijil tortib, kelmasayam o’pkalamas edim dedi. O’zidan-o’zi xotiniga yozg’ira ketdi: «Bu zamonda birovga ahmoq odam qarz beradi, olgan odam vaqtida qaytarmaydi, elanib yurasan-yurasan orqasidan, yo’q, mana, ko’rib turibsan-ku, o’ldirsang o’ldir — berolmayman, deb qaqshab turaveradi. Va’dalar boshqacha edi-ku, desang, tushsa olasan-da, deya shalpayadi. Nima qilasan, o’ldirasanmi, so’yasanmi, o’rniga keladimi shunda? Ayniqsa, qishloqdagi odamga qarz ber, quduqqa tushgan ignaday ming yildayam qaytmaydi, yemish oladi, bug’doy oladi, yemishni — moli, bug’doyni — o’zi yeb qo’yadi, nima qilasan, yeb qo’ydik, uka, jo’ra, deb hiqillab turaveradi. Senam yordam ber menga, Sapuvra, shu gal qarz bermayman, qaytmaydi, eng yaqin sinfdoshim shu Omondavlat bo’lsa, undanam qaytmaydi».
— Xo’p, pulimiz yo’qligini xotiniga tushuntirarman, xotini eriga aytar, shundayam yo’q, senda bor, berasan, deb yopishib turib olmas, axir. To’g’rimi?
— Ishqilib bir iloj qil, meni qutqar shu safar, bo’lmasa, bilasan-ku, ko’ngling bo’sh, berib yuboraman.
Er-xotin ikkov mehmonlarni kutib olish rejasini tuzishdi.
Undoq desa bundok, bundoq desa undoq edi, deya chora gap topib beramiz, xullas, yo’qligiga ishontiramiz, deb kelishib olishdi.
Mehmonlar kechin-ola yetib kelishdi. Omondavlat xotini, bir chaqaloq qizi, to’rt-besh yoshlardagi burni oqqan o’g’li bilan keldi. Do’stining uyida yo’qligini ko’rib chandon xafa bo’ldi, go’yo u hech qayoqqa qimirlamay kutishi shartday. U qo’ltig’ida ikkita tarvuz, xotini bir qo’lida chaqalog’i, bir qo’lida kattakon korzinkasifat sumkasi bor edi. Sumkada turshak, yong’oq, mayiz, qishloqning tegirmon unida yopilgan talay non va patirlar, Xudoyqulning yosh qizchasiga atab tikilgan kiyim-bachkilar. Omondavlat tarvuzlarni oshxonaga qo’ydi, so’ng yuz-qo’lini yuvib zalga — mehmon kutiladigan joyga o’tdi. O’g’ilchasi ur-to’polonni boshladi:
telefonning trubkasini ko’tarib «allo» deb qichqirdi, televizorning knopkalarini bosa boshladi, bir qog’oz qutining ichidan turli o’yinchoqlarni chiqarib har yoqqa sudradi. O’zi yasatilgan stol bo’yiga o’tirib choy ichdi, uzum yedi, yong’oqlardan chaqdi, televizorga qarab o’tirib divanda uxlab qoldi. Allamahaldan so’ng o’rtog’ining kelib turtishidan uyg’ondi. Sapchib turib quchoqlashib ko’risha ketdi. Uxlab qolgani uchun uzr so’radi.
— Yo’l charchatgan-da, nimasiga xijolat bo’lasan, — dedi Xudoyqul. So’ng o’tirib so’rashar-so’rashmas atrofning to’zib ketgani, o’g’ilchasi hamma narsani ag’dar-to’ntar qilgani, chaqalog’i narigi xonada baralla qichqirayotganini ko’rib chandon kayfi uchdi va sal jahlini bildirib bir oz sur ohangda: — Jon jo’ra, oyog’ingdiyam, noskingdiyam yuvib kel vannaga borib, — dedi.
Omondavlat o’rtog’ining gapi hazilmi-chinmi, bilolmay garang bo’ldi, bir jilmayib «qo’ysang-chi, ey, oyog’im sasimagandir», demoqchi bo’ldi, qarasa, mezbonning avzoi jiddiy, juda xijolat bo’lib o’rnidan qo’zg’aldi. Balog’atga yetgani beri bunaqa dashnom eshitmagani uchunmi, ko’ngli singandek bo’ldi. Ammo keyinroq picha  g’ashligini bosib, shaharda uylar tor, shuning uchun o’zimga sezilmagan ter hidi uyga tarqagan chiqar, begona bo’lsam betimga aytarmidi deb o’ylab qo’ydi.
Chamasi shunday deb o’ziga tasalli berdi. Xudoyqul qishloqni, og’a-ini, qarindoshlarni surishtirgach, dabdurustdan pul topish ancha mushkul bo’lib ketgani, birovga bergan pulingniyam, molingniyam qaytib olish o’limdan og’irligini yozg’irib so’zlay ketdi. Omondavlat do’stining pul so’rab qo’ymasin deb avvaldan pushkadan o’t ochayotganining ma’nosini tushunmadi. Hayron bo’ldi, uyning har tarafi yaltirab turishi, televizor, mebellarning bahosini o’zicha o’ylagan bo’ldi, hovli qurayotgani, qanaqadir chet el mashinasini minib yurganini eshitgan, miyasining bir chekkasida hammasi g’imir-g’imir e’tirozlar uyg’otib, noshukur bo’lmaslikka da’vat qilmoqchi bo’ldi-yu, negadir o’zi ham rostdan odamlar hozir shunaqa ekanligini tasdiqlash uchun amakisining o’g’liga urug’lik uchun tiramoda o’n besh ming so’m bergani, biroq uni qaytarib olish qiyin bo’lgani, ikki-uch marta besh yuz — ming so’mdan berib barakasini uchirgani, oxiri ekkan bug’doyini bod urib, hech narsa berolmasligini aytib turganini so’zladi.
— Ana shu-da, hamma shu, hech o’zga emas, xoh shaharda, xoh qishloqda, xoh do’st, xoh dushman bo’lsin — oqibati shu, — deya pishang berdi Xudoyqul. — Haliyam o’n besh ming ekan-ku. Bu shaharda bir xil o’ziga to’q oilalarning bir kunlik xarajatiyam emas. Omondavlat «yo’g’-e» deya televizordan ko’zini uzib jo’rasiga qaradi, ishonish-ishonmasligini bilmadi. Xudoyqul esa bee’tibor davom etdi.
— Mana shaxsan o’zimning o’n ming dollardan ko’proq pulim tashqarida yuripti. Zarillikkayam so’rab ololmayman. Hammasi ko’z qiymaydigan odamlar: do’stlar, kursdoshlar, qarindoshlar, ukalar.
Omondavlat shu dollar deganlarining basharisiniyam ko’rmadim-da, o’zi u necha so’m turadi, qaerda sotiladi, deb so’ramoqchi bo’ldi, ammo shu mavzu unga ko’p xush kelmadi. Hamma narsang yetarli bo’laturib, dodlayversang ham yaxshi emas-ku. Birdan xayoliga jo’rasi qizchalik bo’lgani kelib, cho’ntak kovladi va «to’nbichar kutlug’  bo’lsin, umri uzun bo’lsin!» dedi. Yigirma uch yil avvalgi sinfdosh bo’lib yurgan kunlari, maza-bemaza qilgan ishlarini eslab miriqib o’tirgisi keldi.
Sinfdoshlarining ahvolidan so’zladi. Ikki oyda bir marta yig’ilib turishlari, yig’ilganda uch kilo go’shtning pulidan gashtak pul yig’ishlarini aytib, sen ham qo’shilsang o’tirishga, bolalar Xudoyqul bizlarni mensimay ketdi deb yuribdi, bir minnatdan qutulasan, dedi.
Xudoyqulning ensasi qotdi. YO pulni, yo do’stlarini mensimaganday bo’ldi. «Ichlaringda joni bori kim o’zi?» deb kulmish qildi. Do’sti xafa bo’la boshlaganini ko’rib «xo’p-xo’p, boshqa bunday demayman, men seni masxara qilmadim-ku» dedi va tag’in kuldi.
Omondavlat endi bu kishi oldingi qadrdon sinfdoshi emas, tamom begona odamga aylanib bo’lganini his eta boshladi, afsuslanishini-da, begonasirashini-da bilmadi. Bilgani shu bo’ldiki, ayni kezda o’zi ham, bola-chaqasi ham ortiqcha ekan. U o’ylar ediki, bola-chaqa bilan bordi-keldi qilish durustroq bo’ladi, qalinlashish shundan boshlanadi, xotinlar ham, bolalar ham bir-birining otini aytib eslab turishi yaxshi gap. Biroq bu kabi munosabatlar Xudoyqulga kerak  emasga o’xshaydi. Mehmon qizardi, bo’zardi, xijolat bo’ldi. Televizorga qarab o’tirib tosh qotdi, lekin qulog’iga shapaloq tekkan kabi qizib turar edi. Xudoyqul gapi teskari bo’lgani bir sari durustroq siylamadiyam. Dasturxonga kelgan birinchi ovqat moshxo’rda bo’ldi. Mezbon bulka non kesa boshladi.
— Qishloqning non-patirlari bor edi, Sapuvraga ayt opkesin, — dedi mehmon. Mezbon xotiniga tayinladi, u qop-qora bir non va patir opkirdi.
— O’zi bunday bo’lgani bilan ta’mi boshqacha-da, jonivorning rangi sal netoroq, — dedi mezbon darrov Omonga qarab: — Rostingni ayt, ichasanmi, ichsang opkeltiray, — deb so’radi.
— Shart emas, — dedi Omondavlat yana televizorga ko’zini qadab. Ovqatni oldiga tortarkan, yana qo’shib qo’ydi:
— Yo’q bo’lsa, opkeltirib o’tirma.
Bu bilan u ichgasi borligi, «yarimta» ustida ezilishgisi, samimiyroq suhbat sog’inayotganini sezdirgan edi. Ammo…
Xo’rillatib moshxo’rda ichishdi.
Ovqat ichib bo’lishlari hamon eshik qo’ng’irog’i jiringladi. Bashang kiyingan ikki yigit kirib keldi. Mezbon bilan o’pishib ko’rishgach, stolga cho’kishdi, aftidan  uzoq o’tirishga vaqtlari va hafsalalari bor.
Mezbon ham darrov gardikapalak bo’laketdi. Mehmonlar Xudoyqulning biznes hamkorlari ekan chog’i, tag’in ayni paytda qaerdandir bir ishni do’ndirib qaytishar, chamasi mezbon ularga suyunchi berishi kerakday. Stolga birpasda g’alati taomlar kela boshladi. Yeryong’oq, parvarda, konfet, turshak singari «kambag’alning» bezaklari hash-pash deguncha yig’ishtirildi. Kolbasa, qazi, pishloq, tovuq go’shtidan tortib boshmaldoqning boshiday kelguvchi og’zilari lang ochilgan pistalar ham keldi. «Qishloqi» mehmon xushyorroq tortib o’tirardi.
Bular chunon nozik kishilar ekanini sidqidildan his etish uchun Xudoyqulni o’zi tomonga imlab qulog’iga aytdiki, qishloqning yong’oq-mayizlaridan opkelgan, tarvuz ham bor, xotining so’yib uzatsin, zo’r mehmonlaring kepqopti axir.
Yo’q, Omonning gapi yana inobatga o’tmadi, qaytanga boyagi tegirmoni non va patir bo’laklari ham dasturxon ko’rkini buzdi chog’i yig’ishtirib opqo’yildi.
Ana xolos! Bunaqa dasturxonni hali-hanuz ko’rgan emas Omon. Qishloqning to’yida yelim va sopol piyolalarda vino ichib xursand bo’lib yurgan odam bu kabi tansiq taomlar borligini haytovur tasavvur qilgandir-ku, ammo ko’rmagan ekan.
Hademay eng chiroyli shishalarda aroq keldi, quyildi, tantanavor, ohanjamali so’zlar, bir-birovini maqtashu maqtanishlar boshlandi.
Omondavlat bularning orasida o’zining ne nav inson ekanini angladi, begonasiradi, begonasirab talay marta balkonga, hojatxonaga borib chekib keldi, bir chekkani olib boshni burkab uxlab yuborgisi ham keldi, ammo bungayam or qildi, oxirigacha chiday dedi. Bular bo’lsa biri olib, biri qo’yib kim bilan qanday shartnoma tuzgani, necha milyon tushirganiyu ularni qandoq o’zlashtirib, nimaga sarflashlari, tushunarsiz uslublari xususida so’zlashardiki, buni eshitib obdon  chatoq bolalar ekan, o’tkir yigitlarga o’xshaydi. Xudo bilsa orqasida suyagichganlariyam bordir-da, deya tasavvur qilib o’tirdi. Bir jingalak sochlisi ko’ylagining ko’krak cho’ntagidan gugurt qopidan sal polvonroq narsani olib ichiga gapira ketganidan bildiki, bu telefon, televizorda ko’rsatgani shu, e, sadag’ang ketay, hukumat, ana, bor bo’l, qandingni ur, yasha! Ammo bu telefonda faqat jiddiy gaplarni gapirish shartga o’xshamaydi, bola dam bir xil xotinlarga, dam bug’altirimi, kimgadir bir qizga sira mensimay, oxirida o’rischalab erkalab ham murojaat etdi. Birgalashib ichilaverganidanmi, avvalgi mehmon bilan keyingi mehmonlar qovusha ketishdi. Omondavlat hadeb bular katta ketavergach yo g’ashi keldimi, yo o’zi yig’inib turgan joyi bormi, har tugul bir xil rejalari borligi, mabodo amalga osha ketsa, Xudoyqul jo’ra, Sirg’ali bozoridan o’zing bir «Jiguli» tanlashib yuborasan, deb aytdi. Xudoyqul ichi yorishganday, yangirog’idan olasanmi yo eskirog’idan, degan ma’noda so’radi.
— Qanchalarga mo’ljallayapsan?
— Milyon bo’lmaydimi, — deb qo’l siltadi Omondavlat.
— Oho, malades, qo’ymaysan, — dedi o’rtog’i zo’raki tantanavor ohangda. Keyin o’zi puli bormi-yo’qligiga qiziqdi.
— Bug’doy bor, jo’ra. Hozir arzon, qishda ko’tariladi narx, o’shanda urib yuboraman. Gap bor-da, bilding?
— Bildim-bildim. Demak, bir milyonga sotasan?
— Balki ikki milyon bo’lar, ko’ramiz.
Qishloqi mehmon ham toza o’lar-qolar joyda emasligini ko’rsatgisi kelib tillari biyron bo’ldi. Shunday qilmasa bular odam qatorida ko’rmay garang qilaveradigan.
— O’zi g’alladan qancha olding? — deb so’radi bari bir shahar bergisi kelmay, bepisand ohangda Xudoyqul.
— Sakkiz tonna chiqadi o’zimniki, yetmasa Samadniki bor. Uyam qariyb besh tonna yuk qiladi. G’alla bu yil kam odamlarda, hademay yuz so’mdan oshar deyman.
Ishonganimiz shu-da.
— Ma’qul, lekin ikki milyon deb maqtanma. Bo’larini aytaver, bir milyon bo’larkan-da u yoq-bu yog’i. Oilani ham tashlab qo’ymaysan-ku. Qishda mashinayam rosa  ko’tariladi-da lekin.
— Yetmasa sen bor — nima g’amim bor.
— Shu yetmay turuvdi. O’zimam kutgan edim o’ligini tashlar ekan deb, aytdim-ku boya, yo’g’amas, bor. Lekin ololmayapman deb.
— Qo’rqma, o’lmaysan. Avvalo so’ramayman, so’rasam — yo’q, dema, kelishdikmi?
— Hali qish kelsin, bir gap bo’lar.
— Bilaman, pul jigardan bo’larmish, shuning uchun bolani otadan ayiradigan bevafo bu. Boya kelganimdayoq eldan burun yozg’irding, ochdan o’ladiganday. Qish kelsin, deysan. Qish kelganda qor ham so’ramasman sendan, xotirjam bo’l, uyqung o’chib yurmasin yana, sinfdoshim kep qoladi deb.
«Quyilsin, urilsin» davom etdi. Ittifoqo yupqa, nozik likopchalarda tarvuz keldi. Omondavlatning bir oz kayfi oshgani boismi, tarvuzga ko’zi tushgani zamon ichi yorishib ketdi. Hay-xay, yosh boladek sevindi. Picha mubolag’asi bilan aytganda, dasturxonning egasiday sezdi o’zini.
Darrov tili burro tortib, gapni dashtning lalmi kovun-tarvuzlariga burib yubordi. Holbuki, u shundoq Xudoyqulning uyi yaqinidaga tarvuz sotuvchi odamdan, uyum ichidan tanlab sotib olib ko’tarib kelgan, chamasi, cho’laki, selitraga obdon to’ygan qora tarvuz edi bu. Ammo shu bahona Omondavlat bolaligida ekilmish qovun, handalak, tarvuz, bodring, oshqovoqlarni, ayni pishiqchilik chog’i polizga, yana ayni o’zlarining poliziga tikonli bodomcha shox-shabbalaridan yasalgan to’siq uzra oshib o’g’irlikka tushishlari, oqibat qorovullayotgan kampir — o’z enasi tomonidan ketlariga cho’g’day bosilmish xivich zarblari xususida chah ura ketdi. Chog’roqqina hovlisiga har bahor bodring, pomidor bilan qo’shib o’n-o’n besh tup handalagu qovun ekkanlari, ular taqyo palak qilib keyin uzun palak otib ketishi, so’ng yong’oqdek tuynak qilishidan to rangi bo’zarguncha bir hovli bola dam-badam «ko’z-quloq» bo’lib: goh ushlab, goh burunlarini tekkizib hidlayverishgani sabab onasi bezor bo’lib quvganlari, boisi tuynakka hadeb odamning qo’li tegaversa, azbaroyi qo’l zahri ta’sir etib qovun rivojlanmay qolar emish, — hamma-hammasini zavq bilan esladi. Shuningdek, xom sapchalarga burnini tekkizganda uning tikonday tuklari tirnab ketishiyu, ayniqsa ertalablar biror handalak pishgan bo’lsa, butun hovlini muattar hidi tutib ketishi, tonggi hid, u orqali handalakni qidirishning naqadar maroqli yumush ekani, palaklarni u yon-bu yon ag’darganingda subhidamdagi namxush tuproqmi, shudringmi nimadir salqin narsaning palaklarga qo’shilib burningga bir otsiz yashnok hidlari urilishi, kishini entiktirib yuborishi… Oshqovoq, tarvuz palaklarining paxsa devordan osha tushib yo’l-yo’lakay ko’m-ko’k va sap-sariq sapchalari yaltirab turishi, uy bolalari uni ko’cha bolalaridan qizg’anib qo’riqlashlari, otalari ko’cha taraf devoriga qabatma-qabat supurgi ekib, palaklarni ko’zdan pana qilishlari yohud kuchuk bog’lab qo’yishlari…
Bearmon bolalikning armon to’la izlari bular.
— Koyil, — dedi jingalak sochli mehmon. — E, qoyil, qo’yib bersa ikki sinfdosh shoir bo’lib ketarsizlar.
— Hech gap emas, — dedi Xudoyqul, — mana bu bolaning tomiri Jumanbulbulga tutash. Yana besh gramm olsa, qo’lini tanbur qilib terma aytar.
— Iltimos qilamiz, shu narsani aytmang, — deya iljaydi boyagi jingalak sochli. — Shu turkmancha qo’shiq eshitsam, kechasiyam yomon tushlar ko’raman. Baxshilarning ovozini eshitsam, qo’rqaveraman.
Go’yo kulgu uchun aytilgan bo’lsayam, har qalay bu yigitlar illo-billo baxshining dostonu termasi uchun qishloqning boyagi orzu-ehtirosga boy hayotini eshitishga-da toblari yo’qliga sezilib turardi. Shu bois Xudoyqul xato ish qilib qo’yganday darhol «etagani yig’ishtirib oldi». Maktab bolalari she’r aytaturib bir joyida adashib qolsa, kimdir eslatsa, tag’in sharillatib ayta ketadi, shu singari uyam ertan-mertan bojxonada ishlaydigan Qobilning oldiga o’tish haqidagi o’zining mas’uliyatini anglagach, ikki sherikka, aniqrog’i, mehmonlarning guliga takallufni davom ettira berdi. Omondavlatimiz tag’in ularning ishbilarmonligiyu katta gaplariga mahliyo bo’lganicha qoldi. Qozonkabob keltirildi. Ichishdi. Tarvuzga uzalib bir tilik oldi. Yeb bo’lib po’chog’ini likopchaga qo’yar chog’ tag’in dong qotdi, bu
boshqa tarvuz! Qorasidan opkelgandi, bunisi yashil-chipor.
Bular bizga teng emas, butkul boshqa odamlar ekan bachchag’arlar, degan koyishga o’xshash bir shiddatli o’y muhrlandi va kayfiyati tushib ketdi. Aroqdan o’ziga bir piyola to’ldirib quyib, oxirigacha sipqordi va men to’ydim deganday piyolani to’nkarib tashladi. Maqsadi tezroq mast bo’lib olish, mast bo’lishgina emas, boshqa holatga o’tgisi, ziq vaziyatdan qutulgisi keldi, bir otim nos ham tushirib yubordiyu maqsadiga erishdi.
Stoldan chetlanib kresloga cho’kdi. Boshini solintirgan ko’yi qotib uxlab qoldi. Kechroq uyg’ondi. Boshi g’uvillab, siqib og’rirdi. Mehmonlar ketgan. Xudoyqul allaqachon yuvinib, soqolini olib choy-poy ichish taraddudini ko’rib yuribdi. Xuddi hech balo ko’rmaganday. Ertalabdan bir rus ayol «kuksi» degan ovqat keltirib berdi. Kechagi ovqatlar ham xoynahoy buyurtma bilan kelgan bo’lishi mumkin, deb o’yladi Omondavlat. Chunki ayoli yosh bolali-ku.
Sohibdan uzr so’radi, ketamiz biz, dedi. Mezbon ham ketsang ketaver deganday qildi.
— Bir o’tiradigan bo’lib kelasizlar. Bugun o’zimam Olmaotaga uchmoqchiman.
Omondavlat o’rtog’i uchun bu qadar ahamiyatsiz bo’lganidan o’kindi, albatta. Bolalarini, xotinini olib yo’lakka chiqqach, Xudoyqul yo’lni o’zicha tushuntirib yubordi.
Ammo xotini ular bilan birga chiqdi to ko’chagacha. Ko’cha boshida axlatxona bor ekan. Omondavlat e’tibor bermadiyu, xotini bir turtgach, cho’chiganday ishora qilgan tomonga qaradi: temir yashiklar yonida xuddi kecha o’zi ko’tarib kelgan tarvuzlarga o’xshash ikki tarvuz turibdi. Nahotki, dedi o’zicha. Turshak, mayizlarni ham chiqarib tashlagan bo’lsa-ya.
«Ey, inson! Kechagina men qatori eding-ku. Qishloqdan, tezak orasidan chiqding-ku. Nima qiliq axir bu? Senga milyon so’mlik sovg’a opkelishga qurbim yetmaydi.
Ko’ngil bu, do’st, ko’ngil! Haqorat ham shunchalik bo’lar. Kelmasam, men ham o’lib qolmas edim, obro’yingni qilay desam, teskarisi bo’ldi. Bu ishing yaxshi emas, hech yaxshi emas. Juda noma’qul! Oxiri voy bo’lsa kerak, vallohu a’lam!» Tashqarisiga esa bu chiqdi:
— Sapuvra, bo’ldi, ketavering. Biz kimligimizni endi bildik. Sizlarni ham. Tamom. Xo’p. Xayr. Rahmat.
Shundoq deb oldinga o’tib ildamroq yurib ketdi. Bir xayol yana ortiga burilib, jillaqursa bir achchiq gap aytgisi keldi-yu, umrbod teskari bo’lib qolishdan cho’chib to’xtamay ketaverdi.

AKA-UKALAR

To’g’risi, bizning uyga quyosh hoji boboning imoratidan oshib tushadi. Oftob bizga nurlarini to’shashdan avval hoji boboning uyini yoritadi: keng-mo’l, devor-darmiyonsiz dasht hovlisi. Pastga enib tushadigan joyda bir oyog’i «oqsoq» T-28 traktori ikki yildan beri qadalgan ko’yi, haykaldek turadi, mabodo u yursa ham yo biror transportning shatagida, yo pastga qarab sho’ng’ib o’t oldiriladi, qishloqda akkumulyatori sog’ transportni o’zi uchratish qiyin.
Har qalay traktor shu turishda birovga zarari tegayotgani yo’q. Hoji boboning kichik o’g’lidan nevaralari uni tayyor, «indamas» eshak qilib minishlarini hisobga olsak, «foydali jonivor» qatoriga qo’shsayam bo’laveradi.

Bir uyda uch oila jam bo’lgan. Katta o’g’il cho’lda, lekin bola-chaqasi shu hovlida. Kichik o’g’il shu yerda. Kichigining bolalari to’rtta. O’rtanchasi ikkinchi marta uylandi. Birinchi xotini tug’mas chiqdi — qo’yib yubordi. Ikkinchisidan uch qiz bor. Kelin, qishloq tili bilan aytganda naq «qora tovon», ya’ni kecha-kunduz tinim bilmaydi, yozda, kuzda yaqin-atrof qirning tezagini yasalganday qilib uyiga tashiydi. Qish bo’yi uch ro’zg’or shu o’tin hisobidan isinadi, rohatlanadi. Albatta, boshqalari ham qarab turishmas, ammo kattayu kichikning tilida shu kelin. Kam uyqu hojining har tahoratiga iliq suv tayyor, har choy so’raganida achchiq choy ham tayyor. Odamlar unga o’g’il tirnoq tilashadi. Ko’pning duosi ko’l, boz ustiga hoji boboyam qishloqda yagona hoji — duosi ijobat bo’lib, ajabmas, Olloh ol qulim deb o’g’il ato etsa.
U kampiri bilan yashaydigan kichik nashaxonaning devoriga hojining onasidan qolgan childirma oq surpda saqlanadi. Tabarruk. Kampir yuz yoshni qoralab qazo qildi. To’qson yoshlaridayam avji kelib sumalak boshida yo artisti yo’q to’ylarda qarsillatib bir-ikki terma aytib tashlab kelinchaklarni o’ynatib yuborar edi.
Bultur hoji bobo Makkai munavvaraga, haj ziyoratiga borganida onasini ham hajji badal qildirib kepti. Yaxshi-da. Shundan bo’lsa kerak, bu uy nurli, barakali.
Mening sinfdoshim, hojining kichik o’g’li ko’pkariga qiziqadi. Bir cho’biri bor. Gashtak ko’pkarilarda ha-ha deb to’daga urib turadi. Norbo’ta obdon ichar edi, otasi hoji bo’lgach, taqqa to’xtab nomozxon bo’lib oldi. Lekin «shayton o’yini» — ko’pkaridan qolmaydi.
Biz ertaga Qizil olmada bo’ladigan ko’pkariga ikki chavandoz va ikki yaydoq kechin ola yo’lga tushdik.

Men Qizil olmaga emas, shu qishloqning boshidagi qaynotamnikiga, Ingichkaga boramiz, otlarni qantaramiz, joyi bor, ertalab to’yxonaga tushamiz, dedim. Ko’mak aka bunga ko’nmadi. To’y egasi Qorabosh mening qirq yillik qadrdonim, borsak, hamma narsani to’kib tashlaydi, boshqanikiga borganimizni eshitsa xapa bo’ladi, deb turib oldi. Qorong’u tushgan, lekin elektr yo’q. Bizda-ku, kechqurun ikki-uch soat chiroq yonadi, bu sho’ring qurg’urlarda shuyam yo’q ekan.
«To’y tog’a» deb tovush berganimizdan so’ng kimdir oyog’iga kalish kiyib chiqdi. Qorabosh akaning armiya jo’ralari kelib, ular bilan ichib mast bo’lib qolganini aytib, bermon tomon boshlanglar, deb soyning narigi betida turadigan Esirgap degich ukasinikiga boshladi. Esirgap bir chag’at joydan uy solgan ekan, otlarimizgayam joy tegmay, duch kelgan joyga bog’lab ichkariga kirdik. O’rtada moychiroq, kun sovuq, pechkaga o’tin tashlanmagan, qunishibgina o’tirib oldik. Bir  mahal dasturxon keldi, non yo’q; allazamon o’tib non keldi, choy yo’q. Obbo, bu yog’i necha puldan tushdi endi deb o’tiraberdik. Ko’mak akaning joniga tegdim:
— Haliyam kech emas, surdik bizning qaynotanikiga.

Ammo aka unamadi. Qaynotang mehmon qilolmaydi. Bular el kezib yurgan, dong’i chiqqach odamlar deb meni mulzam qildi.
Yana bir muddatdan so’ng bir taqsimchada tosh konfet va bir taqsimchada, chamasi bulturgi hayitdan qolib ketgan parvarda keldi. Boshqa hech narsa kelmadi.
Chavandozlar biror yog’liroq ovqat yeb qorin to’yg’azish qayg’usida, biz nochavandoz, haybarakallachi Ko’mak aka ikkimiz to’yda eski oshnalar bilan miriqib ulfatchilik qilish ishtiyoqida edik. Dodimiz Xudoga yetmadi chog’i, qamoqqa tushgan to’rt o’g’londay o’tiraverdik. Ovqatdan darak yo’q, hech kim xabar olmaydi. Uxlaylik desak, uy sovuq, pechkaga o’t qalanmagan. Bir vaqt bir odam kelib pechkaga o’t qalab kerosin sepdi, olov yonganday bo’ldi, ammo u yana o’chdi. Qaytanga uy tutunga to’ldi.
Ko’mak aka dimiqib derazani ochdi. Deraza ortidan bir nimaning xirillagani eshitildi.
— Ana, mehmonga siylov deb qo’y so’yilayotir, — dedi Ko’mak aka xursand bo’lib qo’llarini bir-biriga ishqalagancha.
Lekin xirildoq uzoq davom etdi va birdan to’xtab, «onangni falon qilay», degan bo’g’iq so’kinishga aylandi. Har qalay bu «siylov» biz uchunmi, boshqa birovga atalganmi — dabdurustdan bilish qiyin edi. Aloha, buning orqasidan tarsillagan tovush keldi. Chamasi ikki erkak bo’g’ishayotgan edi. Ketma-ket so’kinishlardan keyin shunday ekani ayon bo’lib qoldi.

Ko’mak aka chiqib ularni ajratib qo’ymoqchi bo’ldi. Qo’ying, janjalga aralashib, ertaga melisaga qatnab o’lmang, deb uni zo’rg’a to’xtatdim. Ammo janjal zo’rayib, so’kinishlar ham oliy maqomga ko’tarilayotgan edi. Endi ular bir-birini tayoq bilan solayotgani eshitilardi. Sapchib o’rnimdan turdim. Agar biz uchun urishayotgan bo’lsanglar, mana, ketdik, sizlar to’xtatinglar, demoqchi edim.
Shundoq dahlizga chiqishimni bilaman, oyog’im satilga tegib ketib, suv to’kilib, oyog’im sirpanib, yerga dumg’azam bilan o’tirib qoldim. Orqa oyog’im paypog’im aralash naq tizzamgacha loy, suv bo’ldi. Shungayam qaramay tashqariga otildim. Ayvonda, xira fonus yorug’ida, ustun tagida birov uzun tushib yotibdi. Qarasam, ayol kishi,  ko’tarib turg’izay desam, o’lik. Tap-taxta bo’lib qotib yotibdi. Ichkaridan bir chol chiqdi. Fonusni yaqin opkeldi. Chol ham og’ziga kelganini qaytarmay anovi ikki urishqoqni so’kib yotibdi.
A’zoi badanim muzlab ketdi. Bu yog’i yetmaganday endi manovi qotillikkayam guvohlikka o’tsag-a. Kampirni ko’tarib ichkariga olib kirdik. Nafas olish yo’q, oyoqlari muzlab boryapti. Shu payt harbiy muallimimiz hushsiz odamni orqa bo’ynidan mahkam qisib boshini oldi tarafga egish kerak degan gapi xayolimga keldi va shunday qilgan edim, kampir birdan xirillab yubordi, og’zidan ko’pik chiqib ketdi. Ammo endi nafas ola boshladi. Kampirni uzala qilib qo’yib kelinimi yo qizimi biroviga oyog’ini uqalayveringlar, deb chiqib ketdim. Ayvonda chol katta zarang tayoqni ushlab ikkala yigitga bu yoqqa chiq, ikkovingni urib o’ldiraman, deb po’pisa qilayotgan ekan.
— Otaxon, qo’ying, biz siznikiga to’yga keldik, mehmoningizmiz, — deb yalina-yalina bazo’r qo’lidan tayoqni oldik.

Yigitlardan birining boshi yorilib yotibdi, qon sharillab oqyapti, ikkinchisining esa yuzlari tirnalgan, ko’zlari qovoqday shishib ketgan. Biz shunisini o’rtaga oldik. Jo’rajon, bizlar tinch ketaylik, do’xtir chaqir, akangning yarasini bog’lasin, onangniyam ko’rib qo’ysin, dedik.
— Do’xtir uzoqda, men bormayman, — dedi u.
— Qaerda, biz borib kelaylik bo’lmasam.
— Qo’shilishda.
— O’ho’, o’zlaringda do’xtir yo’qmi?
— Biznikiyam o’sha, Qo’shilishdagi.
Shunday deb u burilib boshqa uyga kirib ketdi. Na bo’lg’ay, biz shu holimizcha qotib qoldik. Shu orada bir mototsikli bor odamni topib, yalinib, oxiri benzin puli deb, to’rt-besh so’m berib, do’xtirga jo’natdik.
Ko’mak akaning sabri chidamadi. Narigi betga, to’yxonaga boraylik, deb turib oldi.
Men yana Ingichkaga boraylik, dedim.

Ammo endi kech edi.
Hamrohlarim — Olmos va Norbo’ta polvonlar bu fojeaga sherik bo’lib qolishdan cho’chiganlaridanmi yo janjaldan zada bo’lishdimi, otlarimizniyam olib bu yerdan ketaylik, deb qistalang qilishdi. Xullas, janjalkashlarning akasi, to’y egasi Qorabosh polvonnikiga o’tar bo’ldik. Borsak, tag’in boyagi kalishchan dastyor chiqdi.
Bizni uyga olib kirdi. Kirsak, uy to’la mehmon, barisi mast. Sigaret tutunidan nafas olib bo’lmaydi.
Noiloj kirib o’tirdik. Hechqursa qornimiz qovzanar deb o’yladim. Lekin dasturxon nochor edi. Na ovqat, na qorinni aldashga durustroq narsa bor. Bir-ikki piyola choy ichganimiz ichimizni bir oz ilitdi.
Ko’mak aka mastlarga qo’shilib besh-olti piyola aroqni yutib oldi. Qiyshanglab ularga o’xshab chuchmal hangomalardan ola ketdi. Mastlar esa ko’pga dosh berolmadi, cho’zilib-cho’zilib uxlab qolishdi. Hatto dastyor yigit ham pechga suyangancha pinakka ketibdi. Biz cho’zilishimizga umuman joy yo’q edi. Endi uyqu bosardi.
Ilojsizlikdan janjalxonaga ketishga majbur bo’ldik.
Borsak, boyagi «o’lgan» kampir hech narsa ko’rmaganday tashqarida g’imirsib yuribdi. YO tavbangdan ketay, bu qanaqasi — xuddi jo’rttaga qilganday-a! Bari bir o’lmagani tuzuk bo’pti Ko’mak aka aljiragancha:
— O’lmaydi bu tosh kampir, mening onam. Qorabosh polvondi shul tuvg’an, — derdi va tentiragancha birinchi bo’lib boyagi mehmonxonaga kirib ketdi. Biz hali etiklarimizni yechib ham ulgurmay bir ayol ichkaridan otilib chiqdi. Ne bo’lganini bilmay qoldik.
Kirsak, moychiroq yorug’ida Ko’mak aka ko’zlari haykalnikiday tosrayib qotib turibdi. Kayfidan asar ham qolmagan.
— Nima qildingiz? — deb so’radim.
— Hech narsa, hech narsa, — dedi u yig’laguday bo’lib.
— Qariganda buytib sharmanda bo’lmay o’lganimiz yaxshi.
— Hech narsa, hech narsa, — derdi u yana, — boyagi janjalkash yigit deb o’ylapman, qorong’ida kelinchak ekanini bilmapman, yuzini ochsam indamadi, ko’rpani ko’tarib
orqasiga bir tepsam chiyillab echkiday sakrab turib ketdi. Endi nima bo’ladi?
— Boyagi janjalda odam o’lmadi har tugul, o’lsa — endi o’ladi, tayyor bo’p turing, — dedim.
— Neujeli, ay, neujeli?
— Mana, qarab turasiz…
Indallosini aytganda shu xavf-xatar bor edi-da. Shuni hisobga olib uyning chiqish-qochish tirqishlarini mo’ljallab ikkala derazasini ham ochib etiklarimizni ham kiyib, bardam bo’lib tek turibmiz. Eshik tomondan sharpa kelsa, pastga qarab sakrashga shaymiz.
Deraza orti kamida uch qulochlik pastlik, uy nishabga qurilgani uchun tosh qalab qo’yilgan, toshdan narisi pastlik, qulasang shu yerdan qulab mayib bo’lasan. Boyagi bo’g’ishma shu pastlikda ro’y bergan.

Tong ham ota qolmadi, mijja ham qoqmadik. Ko’mak aka mastlikda qilib qo’ygan ishidan pushaymon «meni o’ldirish kerak, meni» deb uf tortadi nuqul. Devorlarga qarasam, nuqul kashta, so’zana ilingan, o’rtada kelin bilan kuyovning to’y libosida tushgan cheti yog’och, usti oynali kattagina portret surati.
— Siz buning emas, naq kelinning ketiga tepgansiz. Hozir kuyov bolta ko’tarib kelib hammamizni chopadi, — deb gazladim men.
— O’ldik, voy, — dedi Ko’mak aka. — Rostdan ham kelinning uyi bu.

Ammo, ne tongkim, qotillikka arzirlik mazkur voqea bu janjalli uyda e’tiborsiz qoldirildi. Bari bir derazalar lang ochiq, ertalabga dovur chegaradagi hushyor askar maqomida tongni ham ottirdik.
Shuncha g’avg’olarni o’z bag’riga singdirgan qish kechasi juda uzun edi…
Tong yorishar-yorishmas uyga bir quchoq o’tin ko’tarib chol kirdi.
— Mehmonjonlar, qishning izg’irinida tirazalardi ochib qo’yganlaringiz nimasi? Polvonlar-da bular, polvonlar.
Bu tashrifdan biz balo ariganini chuqur anglab yengil tin oldik. «Qatlga mahkum» Ko’mak aka ham dabdurustdan o’ziga kelib, cholni otam deb guldiray ketdi.
Pechka ustidagi choynak hushtak chalib qaynadi. Choy ustida ko’pkari haqida gurung ketdi. Go’yo bu uyda kecha suronli jang-jadallar bo’lib o’tmagandek.

Norbo’ta polvon bari bir gap orasi kechagi tepalashgan yigitlar sizga kim bo’ladi, deb so’radi. Chol avval «onangni palon qilaylar» dedi-da, so’ng:
— Ikkoviyam mening ulim, — dedi.
— Yo’g’-e, — dedi Olmos chavandoz, — biz to’ydan ikki mast kelibdi deb…
— Kallasi yorilgani kichkinamiz. Erkaroq. Besh-olti qafasda kaklik saqlaydi. Akasi rayondagi moliyachi jo’rasi kelib havas qilsa, opketaver deb bittasini bervoripti. Boya kelin shuni eriga aytib qo’yipti. Keyin shu janjal-da: so’yaman, chopaman deydi akasini, o’zlaringiz ko’rdingizlar-ku, kimga qiyin— o’ziga qiyin.
Boltaning uchi tegsa kalla ketar edi, keyin nima bo’lar edi — o’lar edi. To’yda aza chiqar edi. Uyat-da. Bu yoqda ko’pkariga odamlar aytilgan. Mana, sizlarday polvonlardi miymon qip yotippiz. Katta ulimizding Qorabosh polvon deb chiqqan oti bor, tuvrima, polvon?
Olmos polvon bo’zday oqarib, hatto ko’karib ketdi.
— Yaxshi bo’lib qoldimi axir ulingiz?
— Narigi tomda o’laman deb jotipti, kim biladi. Toshtemir duxtur kelib boyladi, uningam kayfi borakan, aroq so’radi, bermab edik, ketib qopti.
— Kampir sog’mi ishqilib? — dedi Ko’mak aka.
— Bu enangdi… — deb tag’in so’kindi boboy. — Bu ikki birday jigit razbor qilaversin, demay ora ochaman, deb o’rtaga tushgan. Birovi nari tur deb tirsaklab yuboripti, borib kallani ustunga urib opti, pak qoldi o’lib qolishiga. Haliyam ustun bor ekan, bo’lmasa toshdevoldan pastga tushib bo’yni qayrilib o’lar edi. Hay, e’tibor qilmang, miymonlar, ko’pka¬ridan gapiring…
Tamaddi qilgach to’yxonaga o’tar bo’ldik. Otlar o’sha yerda qolgan, uloqqa tayyorlash kerak. Choshgohda Keragatoshning yaylovida ko’pkari boshlanadi.
Janjalxonadan chiqayotib kechasi kampir yiqilgan joyga razm soldim. Xudo asrabdi. Agar ustunga urilmay toshdevordan pastga tushib ketganida, rostdan ham bugun azaxonada o’tirarkanmiz…
Atrofga qalin tuman tushibdi. To’yda qozon osilgan. Odamlar g’imirlab qolgan. Otlarimizni og’ilning orqasiga o’tkazib bog’lab qo’yishibdi. Har qaysining oldida bir bog’ beda… Chavandoz uchun bundan ortiq jazo yo’q. To’q ot ko’pkariga yaraydimi? Uni quruq qiynaganing, qamchi tushirib badanini og’ritganing qoladi.
Kutganimizday ko’pkari ham murdor bo’ldi. Polvonlarimiz solimgayam, jalovgayam tashlay olishmadi. Boz ustiga tuman juda quyuq edi.Qishloqqa oshib tushganimizda, garchi kech tushayotgan bo’lsa-da, quyosh chiqdi. Bu — ertaga kun iliq bo’lishining belgisi.
Uyga kelib Qizil olma qishlog’i tomonga qaradim. Hoji boboning uyi ravshan, oqarib ko’rinardi. Cho’ldagi o’g’li bir telejka opkelgan shekilli, pastlikka qarab turgan traktorga taqib qo’yibdi. Ertaga yurgizsa kerak…

BEGONA MEHMON

Bu bir rivoyat. Lekin o’zim unga ishondim. To’qigan joylarim ham bor, to’qimagalarim ham. Lekin g’alati. Sababi…
Matlab aslida shu Oqmoralni deb dunyoga kelgan ekan. Saksonga kirib umrining boshi-ketini o’ylasa shunday bo’lib chiqdi. Shuncha yil-a, shuncha uzun umr-a, sarson-sargardonlikka evrilgan qismat, ana, boring, peshona-ya. Oqmaralni deb yashagan yillari asli uni qizdan yuzlab chaqirim nari, xuddi quyundagi xashakday begona manzillarga uloqtirib tashlayveribdi. Qaridi, churidi, endi manglayiga tarsillatib shappat urdi.
Hali ham Talas tog’larida tayog’ini, chorig’ini sudrab yurar edi. Qo’ra-qo’tonu tog’-adirlarda bu atroflarning egasi bo’lgan yangi boy – Zamonboyning xizmatini qilardi. Bir to’p otliq qurollangan yigitlar kuppa-kunduzi kelib qo’rayu kapasini ship-shiydam qilishdi. O’rischa-qirg’izcha qurama tilda baqira-baqira shu yerda chol bilan birga molboqarlik qilib yurgan Qoraqulni, xotini va ikki go’dak bolasiniyam otib tashlashdi. Ularga tashlanayotgan uchta bo’ribosarniyam avtomatdan tarillatib o’t ochib yer tishlatishdi. So’ng biri Matlab cholga yuzlanib Zamonboy endi yo’qligi, manavi davongirlar allaqachon uni narigi dunyoga ravona qilishganini bemalol, dona-dona qilib tushuntirdi, so’ng boyning yilqi uyuri, podasi, qo’y otarlari qaerdaligini surishtirdi. Butkul himoyasiz qolgan chol soylar, adirlarning nomini aytib, mollar o’tlayotgan manzillarni aytdi. Haligi otliq qoshlarini chimirib turdi-da, cholning yuziga zarb bilan qamchi qo’ydi.
Tirqiragan qon ko’zlariga tushdi, “voh, padaringga la’nat” deya qo’llari bilan yuzini to’sguncha bo’lmay qo’lidan sudragancha qo’ra yonidagi yakkamixda boylangan baytal yoniga opkelib, o’sha mollar yurgan joyni bizga ko’rsatasan, deya buyruq qildi. Chol yuzidan tushayotgan qop-qora qonni artib ulgurmay, baytalni egarlash asnosida imillayotgani sabab bo’ksasidan tag’in bir qamchi yedi. Beixtiyor yigitni bo’ralatib so’kib yubordi. Yonoqlari pir-pir uchdi. Ammo negadir bosmachi yigit bu safar po’pisa qilmadi. Chamasi bu qari inson hali-hanuz unga kerakligini eslab qoldi.
— Ko’zing-betinga qarag’anda sart chig’arsan? –dedi ajablangannamo.
Chol iyagigacha kelib barmoq enligida sumalakday bo’lib turgan qonni ijirg’anib jabduqqa artarkan, sen to’ng’iz qo’pgurga buning nima qizig’i bor, o’ldirish niyating bor ekan, shu yerda bir o’q bilan tinchitib qo’yaqolmaysanmi, demoqchi bo’ldi. Iyagi, lablari titradi-yu, hech narsa demadi. Balki omonlikdan umid qilgandir. Egarga
o’tirar-o’tirmas yigit baytalning sag’risiga achchiq qamchi bosdi. Otini pishqirtirgan ko’yi uning ortidan yo’rtdi.
Xullas, ojiz-notavon chol ming qo’yli boyning qo’y-echki, qoramolu uyur-uyur yilqilarini otliqlarning oldiga solib haydatib yubordi. Evaziga tag’in ikki qamchi yedi, noinsoflar uning ostidagi baytalni ham oldilariga solgancha adirlar quyisigacha bo’kirgan ko’yi ot qo’ydilar.
Chol endi taqdir bitigi bir yerga kelganiga, balki so’nggi kun yashayotganiga tamom iqror bo’ldi. Xudo o’ldirmasa odam ne mashaqqatlarni orqalab, boshdan o’tkazib yuraverarkan. Ana qismat: qaerda tug’ilding, qaerda yashading, qaerda o’lmoqdasan? Xo’p, o’zi nima uchun yashading? To’g’rirog’i, yashagan eding?
Ko’z oldida o’zi tug’ilib o’sgan Xartang qishlog’i jonlandi. Otasining el qatori bir qarichgina yeri bor edi, lekin qo’li gul edi shekilli, olam-jahon uzum yetishtirardi. Ota-o’g’il eshakaravada Samarqand bozoriga eltib, qaytarda qand-novvot, o’zlariga, uka va singillariga, onasiga ham kiyim, ro’mollar xarid qilib qaytishardi. Otasi uning zamonga mos bo’lib o’sishini, kelajakda katta odam bo’lishini astoydil xohlardi. Shunday bo’layotgandi ham. Samarqanddagi yagona ochilgan universitetga kirdi. Ne balolig’ bo’ldikim, yigit uzoq yurt-Jambuldan kelgan Oqmoral degan qizga oshiq bo’ldi-qoldi. Bora-bora qiz ham unga ko’ngil qo’ydi. Lekin na yigitning, na qizning ota-onasi ularning turmush qurishiga rozi edi. Oralarini surishtirib qarashsa naqd besh yuz chaqirim keladi. Tavbangdan ketay, o’zbekman deganning ham ne yerlarga urug’i sochilgan-a! Jambullik sof o’zbek, quralay ko’z Oqmoral! Xullas, ikki tomonning ham ota-onasi norozi, yigit-qiz o’qish tugagach, o’z uylari-o’lan to’shaklariga qaytishdi. O’sha mahallar qishloqlarda o’qituvchi kam, Matlab hademay hashar bilan qurilgan qishloq maktabiga direktor bo’ldi. Ammo qizni unutolmadi. Kitoblardagi singari kecha-kunduz oh chekdi. Xatlar yozdi, xatlar oldi. Oqmoral! Ma’nosi qozoqchadan o’zbekchaga o’girilsa – oq ohu emish. Oq ohu!
Qizning otasi bir qalin qozoq oshnasining taklifi bilan shu ismni tanlagan ekan. Ne bo’lg’ay, o’sha qozoq oshna Oqmoral go’dakligida o’g’liga beshikkertdi ham qilib qo’yibdi. Oqmoralning yozishicha ularda udumni qattiq ushlar emishlar. Udum shariatdan ham ustun emish.
Matlab bu so’zlarni o’qib naqd olov kabi yonib ketardi. Oq yuzli suluv–oq ohuni jizg’anak bo’lib birovlardan, noma’lum yigitlardan rashk qilardi. Bu dard shu qadar kuchli ediki, oxir oqibat kasalmand ahvolga keldi. Tunlari deyarli bo’zlab chiqadigan bo’ldi. Otasi buni sezib, tezroq boshini bog’liq qilib qo’yish tadorigiga tushdi. Ko’p o’tmay otasi o’z tog’asining qiziga uylantirib ham qo’ydi. Bir oy yashashdi. Yigit hamon Oqmoralning ko’yida joni o’rtanar edi. Axiyri  kunlarning birida he yo’q, be yo’q, Samarqand vokzaliga borib qaydasan Jambul deya jo’nadi- bordi.
Topdi. Oqmoralini topdi. Gapning qisqasi yigit ham shu yerda o’qituvchilik qila boshladi. Shu yurtning egasiman deganlar ham allaqachon qizga sovchi qo’ya boshlagan edilar. Kolxoz raisi urushga borib kelgan o’g’liga so’rattirgan, yigit yarimjon bo’lib kelgan, so’ng peshonadan ko’rib ortiq bezovta qilmay qo’yadi. Beshikkertdi bo’lgan yigit ana-mana to’y qilaman deb tayyorlanib yurgan kezda xirmonda yarim qop g’alla bilan qo’lga tushib qamalib ketadi. Taqdirning kulganini ko’ringki, Matlab kamtarona to’y qilib Oqmoraliga erishadi. O’zining qaynotasinikida ichkuyov bo’lib yashay boshlaydi. Ammo baxtli edi. G’oyat baxtli edi! Hatto ortda qolgan ota-ona, ro’zg’or, xotini ham esidan chiqib ketdi.
Qishloq ahli bir begona joydan kelib elning eng suluv qiziga uylanib olganini tumshuqlarining tagidagi xazinani o’marganday qabul qildi. Urushdan keyingi siyosiy ayblovlar avjga chiqqanda Matlabning ustidan ham chaquvlar boshlanadi. Maktabda ishlab yurgan oddiy o’qituvchini qariyb vatan xoini sifatida qamoqqa  oladilar. Matlab Sibirga surgun bo’lib ketadi.
Oqmoralning ota-onasi, hatto o’zi ham kuyovdan umidini uzadilar. Chunki Sibirga surgun bo’lganlar deyarli qaytmas edilar. Umrbod surgun qilishdimi: yo och-nahorlikdan, yo kasallikdan o’lib ketaveradi.
Oqmoralning Matlabdan qolgan gumonasi bor edi. “Xalq dushmanining bolasi” degan tamg’adan qo’rqib otasi Jambul kasalxonasiga borib bolani oldirib tashlaydi. Kunlarning birida beshikkertdi qilingan yigit qamoqdan qaytadi. Ota-onalar maslahatni bir joyga qo’yib yoshlarning boshini qovushtiradilar. Besh yil, o’n yil o’tadi hamki, ulardan farzand bo’lmaydi. Yigitning undovi, ota-ona istagi bilan Oqmoral erining boshqa turmush qurishiga rozilik beradi, ammo o’zi  ham shu eshikda sig’indi bo’lib yuraveradi.
Taqdirning hukmiga qarang: Matlab oradan yigirma ikki yil o’tib, yana deng, sog’-salomat to’rt muchali but – Oqmoralning eshigini qoqib keladi. Ahvolni bilgach oh urib Majnun kabi sahrolarda darbadar bo’lib yuradi, tog’-toshlar, adirlarga boradi. Cho’ponlarga yordamchi tushadi. Shu yerda qolib ketadi. Qariydi. O’zini qismat hukmiga havola qiladi.
Oxirini, mana, ko’rib turibsiz…
Ammo buyam kam emas ekan. Hali oxiri emas ekan…

* * *

Chol yaralarining, suyaklarining og’rig’idan qiynalib bir necha odim tashlarkan, qo’l bilan tekislangandek tep-tekis katta toshni ko’rdi. Borib oyoq ildi. Dam olib, so’ngra soydagi zilol buloq suvidan yuz-ko’zlarini chayib, qon tekkan kiyimini ham yuvib olishni niyat qilib qo’ydi. Taqdir endi tag’in hukm o’qtalayotganini ichidan his qildi. Bir zum o’ziga achinib xo’rligi keldi.
Axir, endi yorug’ dunyoda hech bir suyanchi, tayanchi qolmabdi. Sherigi – cho’pon bolani ham itday otib tashlashdi. Xotini, ikki bolasini ham. Xo’sh, bu bechoralarda nima gunoh edi? O’ldirmay ham shuncha molni haydab ketaverishsa bo’lardi-ku. Kimning kuchi yetardi u ablahlarga. YO tavba, yo qudratingdan, kim bular, nega ko’zlariga  buncha qon to’lgan? Alhazar, yo alhazar!
Ko’zlarini yirib ocharkan, yon tomonidagi Chotqolning xuddi zinalarday qat-qat ko’tarilib ketganini birinchi bor ko’rdi. Cho’qqilari oppoq qor bilan o’ralgan.
Aytishlaricha tog’ ustida kattakon bir muz qoplagan ko’l ham bor emish. Ko’lning ustiga tinimsiz qor yog’armish, ko’l ostidan sizgan suv tog’ yonbag’irlaridan buloq bo’lib otilib chiqarmish.
Menday muz qotgan sho’rlikning ko’z yoshlari ular…
Cholning ko’ziga qor har qachongidan ham ko’ra oqaribroq, hatto yaltirab turgandek ko’rindi. Bir paytlar eshitgan edi: o’sha tog’larda oq barslar yasharmish. Ha, oq barslar. Past adirlarga ular yo’lamaydi shekilli. Aytishlaricha oq barslar faqat shu yerda bo’larmish. Oppoq barslar. Ular o’sha yoqlarda kun ko’ruvchi o’zlariga o’xshash oq kiyiklarni yeb oziqlanarmish.
Oq morallarni…
Oqmoral!..
Kimlarga yem bo’ldi, oziq bo’ldi u ohu!
Umr esa o’tdi-ketdi. Mendan ne qoldi?
Xartang… Juda olis, judayam olisda qoldi… Ota-ona tuproq bo’lib ketgan chiqar. Uka-singillar-chi?
Nimaga sarflandi bu umr?
Barmoqlari bilan toshni piyparkan, miyasiga uchqundek bir xotira urildi.
…Ikki oqsoqol hamrohligida bir aziz mehmon tashrif buyurgan edi. Bir kun burun Zamonboyning o’zi kelib qo’y so’ydirib, ot go’shtidan qazi-qarta ham tayyorlatib ketgan edi. So’ngra ertasi kuni o’tov atrofini sheriklari bilan tozalab yaydoq joyga kigiz to’shab mehmon kutgandi. Bir mehmon keldi: oq kostyum-shimda, oq ko’ylak, oq tuflida, yoshi o’tinqiragan bo’lsa-da, quyuq sochlarini orqaga taragan, bay-bay, yuzidan nur tomadi, nur-ku mayli, ma’no, donolik yog’adi. Kigizga o’tirib boshiga qirg’izi qalpoq ildi. Suratchi uni, sheriklarini suratga oldi.
Taomdan ko’p tanovul qilmas ekan. Endi sog’ilgan sutdan sipqorishni yaxshi ko’rarkan. So’ngra qimiz, qimronni. Oqsoqollardan ovul-urug’larni surishtirirdi. Bir chol oqin do’mbira olib “Manas”dan aytdi. Sel bo’lib eshitdi. Piyoda kelib xuddi shu toshda o’tirishdi. Matlab choldan bu adiru soylarning nomini so’radi.
Urug’-avlodini ham so’rab qoldi. Qisqa aytgan edi, “bu qiziq” dedi. Bir kelganda alohida “so’ylab berish”ini tayinladi. Matlab chol mo’mingina bo’lib qo’l qovushtirib turdi. “Oq barisni ko’rganing barma?” deb so’rab qoldi. Yo’q javobini olgach, shu yerda shuncha yil yashasang ham ko’rmaysanmi degandek iddao qildi.
Bunga o’n yil bo’ldi.
Keyin bilsa… Ha, keyin bilsa, u odam uncha-muncha emas, huv pastdagi ovulda bolaligi o’tgan, dunyoning eng zo’r yozuvchisi naqd Chingiz Aytmatovning o’zginasi ekan.
Ha, Chingiz Aytmatov!..
Undan beri zamon o’zgardi. Dunyo ham o’zgardi. Aytmatov ham yo’q. Ha, uni shu atrofdagi o’zining ovuliga dafn qildik deyishuvdi. Zamonboy aytuvdi bu gapni.
Matlab chol bilan suhbati qiyomatga qoldi. Bu dunyoda qayta ko’rishuv nasib qilmapti.
O’shanda Matlab bobo “nima uchun bir og’iz aytmadinglar, men uning qissalarini, “Qiyomat” romanini yoddan bilaman-ku, ikki og’iz tuzuk-quruq gaplashtirmapsizlar ham, bir katta boy deb o’ylabman, attang-a!” deb o’rtanib ohu zor qilgandi. Aytmatov qarigan chog’ida so’nggi romani – “Qulayotgan tog’”ni yozdi. O’shanda u mana shu tog’,  mana shu tog’ bag’ridagi oq barslar, mana shu qotil to’dalarning razilliklarini, oxir oqibat o’z qavmining ne ahvolga kelib qilayotgan qilmishlarini qalamga olgan ekan-da…
Hay, go’ringga nurga to’lgur, Chingiz do’stim-a!..
O’shanda hey, o’zbek chol, bu yerlarda nima qilib yuribsan, deb so’rading, so’rashga so’rab dardu diydiyomni eshitmading-ku. Tinglaganingda, bilganingda biror asaringga kiritib men g’arib cholni ham kitoblaring kabi dunyoga doston qilgan bo’larmiding?..
Endi bo’lsa, na Oqmoral, na Chingiz, na Zamonboy bor dunyoda…
Dunyo huvillab qoldi.

* * *

Chol avvaliga shu o’rgangan joyini makon tutmoqchi bo’ldi. Biroq kimsasiz go’sha uni yutib yuboraman derdi. Zamonboyning chindan ham kuni bitgan ko’rinadi – birov-yarim bu atrofdan na uni, na boshqani yo’qlab ham o’tmadi.
Matlab chol noiloj tugun ko’tarib yo’lga tushdi. Jambulga bora-bora chegarada to’xtalib qoldi. Yonida boshpurti bo’lmaganidan harbiylar orqaga qaytarib yuborish payidan bo’lishdi. Baqirishib qolib ularning kattasi bir kecha qamab ham qo’ydi. Ertasi kuni bir mayor kishi qari odamni nima qilasizlar qiynab, deb qo’yib yubordi. Shungacha cholning g’azabi qo’zg’ab ichkaridan bularni bo’ralatib so’ka boshlagan edi. Chiqqandan keyin ham kechagi katta harbiyga: “qarab tur, bola, shu qilganingga men anavi suv omborining dambasini portlatib yuboraman, hammani suvda cho’ktirib yuboraman!” dedi o’dag’aylab.
– Qo’yib yubor uni, – dedi mayor. – Qariya bilan teng bo’lasanmi. Shu holiga, mayli, dambani portlatib yuboraqolsin. – Shunday deya u hiringlab kulib cholga “xayr” degandek qo’lini silkib qo’ydi.
Keyingi chegarada u tag’in to’siqqa duch keldi. Fig’oni falakka chiqib hammangni portlatib yuboraman, – deb baqirdi. Yana tutildi. Lekin hamma cholning bu ish qo’lidan kelmasligini bilib turardi.
– Neng bar? – deb so’radi harbiy yigit.
– Aqcham jo’q.
– Portlato’dig’an neng bar debatirman.
– O’zim bilemin.
– Bul jerde og’ayin-tuvising barma, kim degandi qidiribatirsan?
Matlab bobo tanigan-bilganlarini birin-ketin esladi, aytdi. Ba’zilarini chegarachilar biladigan chiqdi. Aftidan, chol nuqul marhumlarni tanirkan. Oxiri toqati toq bo’lib “Oqmoralnikiga boraman!” dedi.
– Biz erkekpen so’ylashamis, qotin qolqini bilmeymis. O’t, o’taber, – deya cholning yelkasidan surib nariroqqa itarib yubordi.
Shahar shu darajada o’zgarib ketibdiki, u bilgan binolarning hech qaysisini topa olmadi. Tentiray-tentiray bir zamonlar ferma ombori mudiri bo’lib ishlaydigan oshnasi Matyoqubning uyini izlab topdi. Oshnasi qarib bukilgan, lekin gap-so’zi tetik edi. Oh urib, ohdan so’ng bir oz lof urib tongotar gurung qilishdi. Kun kelib, o’lar vaqtida suyagim begona yurtda chiriydigan bo’ldi-da, deb hasrat qildi. Oshnasi, endi senga borar yurt yo’q chiqar, qolgan umringni menikida o’tkaz, nevaralarim seniyam, meniyam tepib-tepkilab ko’mishadi, dedi. Aytishlaricha ukasining qo’lida qolgan Oqmoral uzoq yillar maktabga direktorlik qilib, keyin qariyalik nafaqasiga chiqibdi. Qarigani ham bilinmaydigan suluv kampir bo’lib qolibdi.
Bu orada mahalla-ko’yda Talas tog’idan oshib kelgan bir devona chol suv omborni portlataman debdi, melisa qamab, so’ng chiqarib yuboribdi, u Oqmoral degan ayolni so’rab yurganmish, degan gap chiqdi. Suv omborini bir yoqlik qilishga-ku kuchi yetmas, ammo suluv kampir bu cholga kim bo’larkin – shunisi qiziq edi.
Shu zayl kunlar o’tdi. Cholning ko’nglida Oqmoralni izlab topsam, o’tgan-ketganiga hay berib obdon suhbat qursam degan orzu-istak ham paydo bo’ldi. Matyoqub oshnasini qabatiga oladi, hech bo’lmaganda qarib-churiganda bir diydorlashay devdim, deya, eshik qoqib boraveradi, boshqa nima ham derdi.
Kunlarning birida kutilmagan shov-shuv gap chiqdi. Tepadagi suv omborining suvi toshibdi. Jambul suv ostida qolayotganmish deyishardi odamlar. Matlab cholning dami ichiga tushib ketdi.
Rostdan ham suv omborining dambasi ochilib ketgan bo’lsa-ya deb o’takasi yorilguday bo’ldi. Xalqda gap yotarmidi: yaqinginada bir devona chol chegarachilarga suvingni toshiraman, dambani portlatib shaharingni suvga bo’ktiraman, deb do’q qilgan ekan, shu chol aytganini qilganga o’xshaydi, endi o’ldik, toqqa qochmasak qutulolmaydiganga o’xshaymiz.
Suv omborining shahar tomonga quyilib enish qismida haqiqatan ham ikki yon mahallaga suv toshib chiqqan, poliz, chorbog’lar suv ostida qolib, paxsa devorlarni zaxlatib ichkariga ham suv urib kira boshlagan, odamlar jon halpida qo’liga ilingan narsani olib, tepalarga qocha boshlagan, shoshganlaridan kim piyoda, kim ulov, kim mashinada har yonga tirqirar edilar. Bu suluv kampir yashaydigan mahalla edi. Quyosh ufqqa chekina boshlagan edi, kim podasini qirga haydagan, kim qoplab olgan bo’xchasini orqalagancha suv kechib tepaga o’rlagan, kimlardir bola-chaqasini opichlab, yetaklab, qiy-chuv qilib do’nglikka, huv o’sha Talas tog’lariga tomon chopib borar, sarosimaga tushgan aholi jon halpida omon qolishga tirishar edi. Ufq quyoshida qizarib pichagina yorishib turgan tog’ odamlarning nechog’li vahimali
tovushlariga to’lib ketgan, bu bandai ojizlarning o’zlari esa misoli bir tiyiqsiz, tutqich bermas kattakon mol podasiga aylangan edi…
Shu kuni Oqmoral kampir yashaydigan tepa mahallada ro’y bergan edi voqea. Ukasi avval tomorqasiga suv tarab, ariq boshidan xabar olib kelib bamaylixotir so’riga kelib yonboshlagan, choy damlatib opasi va kampiri bilan ul-buldan ikki og’iz hangoma qilishga tushgan edi. Bir vaqt kampiri taragan suvingiz hovliga toshib ketdi-ku deb baqirib qoldi. Shosha-pisha o’rnidan turib shippagini oyoqqa ilay desa suv ana-mana poyafzalini hovli chetidagi og’ilxona tomonga tez oqizib   ketdi. Birdan qo’rqib qolib ariq boshiga yugurdi, ammo suvning bu qadar zudlik bilan ko’payganini ko’rib dong qotdi. Vahimadan po’ldik, uydan chiq hammang!” deb baqirib yubordi.
Suv shu darajada tez ko’payib borardiki, odamlar mish-mish tarqalgan darvesh cholning qo’poruvchi ekaniga chippa-chin ishonib qolishdi. Umumiy dard insonlarni birlashtiradi, degan gap bor. Ammo falokatning hammasi ham ularni birlashtirmasligi, aksincha, kimlargadir yov qilib ham qo’yishi mumkin ekan. Misol uchun suluv kampir, ya’ni Oqmoral bugun shu uydagi oila a’zolari ichida yagona toshqin qurboni bo’ladigan chiqdi. Sababi u ukasining xotini, kelini, o’g’il-qiz va nevaralari siqqan “Volga” mashinasiga sig’may qolib ketdi. U boshda jiyanlarining “amma, tezroq chiqing mashinaga!” degan da’vati bilan “Volga”ning old o’rindig’iga joylashib olgan edi, keyin oila a’zolari ko’p emas, kam emas, naqd o’n olti kishi ekani ma’lum bo’ldi.
O’n olti kishi-ya! Shuncha odam bir yengil mashinaga qanday sig’ishi mumkin? Lekin do’ppi tor kelganda sig’ib ham ketarkan. Orqa yukxona esa shitob bilan ortilgan ko’rpa, bo’xcha va kiyim, poyafzallar bilan allaqachon to’lib bo’lgan edi.
Ana xolos! Shu vaqtda mashinaning eshigi berkilmay qoldi-ku. Jigarlar bir-birining ustiga buklanib-suqilib tirband bo’lib olgan edilar. Eshikni uka tashqaridan itarib zo’riqib yopmoqchi bo’ldi, foydasi bo’lmadi, odam haddan tashqari ko’p edi. Shunda erkakning kallasi ishlab qoldi. Old eshikni ochib opasiga ma’noli tikildi. Birdan ko’zlarini pirpiratib:
– Opa, – dedi.
Kampir bir ma’noni sezib qoldi va bo’shashdi.
Uka davom etdi.
– Saksonga kirdingiz-a?..
– Men o’lgur… Men o’lgur… – kampir sarosima va xijolat hissi yuziga urib ukasining nevaralarini itarib-surib mashinadan tushdi.
– Xafa bo’lmang yana, axir sizning yoshingizga kim yetdi, kim yetmadi. Uning ustiga… uyga qorovullik qilib turasiz. Aytib bo’ladimi… kim bilsin, yana…
O’g’ri-po’g’rilar ham yo’q emas… Kechirasiz-da, ahvolni ko’rib turibsiz-ku. Bizdan norozi bo’lmang…
Kampir ahvolni oldinroq tushunmagani uchun haqiqatan afsus qildi.
– Men merov, men esar… chirog’im, aylanay, jonimni o’ylaganimni qara. Miyamni yeb qo’yibman-da… sen shoshil, tezroq hayda, bu turishda yo’llaring berkilib qoladi. Mendan rozi bo’linglar… Qara, kallam ishlamaganini. Ehtiyot bo’lib hayda.
Uka mashinaga o’tirib motorni yurgizdi. Opasi u o’rgatganiday eshikni orqasidan zarb bilan yopdi.
Endi yurgan ham ediki, katta nevarasi qichqirib yubordi:
– Voy, sotkam…
– Baqirma-ye, odamlar ne ahvolda-yu…
– Yo’q, bo’lmasa tushaman…
– Sotka kerakmi, jon kerakmi sanga…
– Bahromning sovg’asi edi… Mayli, silar ketaveringlar…
Uka achchiq bilan tormozni qattib bosib shartta kabinani ochdi-da, qichqirdi:
– Opa! Opa deyman! Garangmi… Opa-a!
Kampir endi ayvon tepasidagi supaga chiqayotgan edi. Bir oz garangsib turib qoldi. Ukasining tovushini eshitib ortiga o’girildi. Qo’lini silkidi. Tezroq jo’namay nima qilib turibsizlar, demoqchi edi.
– Mayli, men silardan roziman, – dedi so’ng. Keyin: – Suvda cho’kkan shahid bo’larmish, tashvish chekmanglar, – dedi-da, vidolashayotgan kabi qo’lini u yoq-bu yoqqa chayqadi. Yana ortiga o’girilmoqchi edi, ukasi jonining boricha bo’kirdi:
– Sarvining sotkasini opchiqing deyapman! Eshityapsizmi, televizorning ustida, zaryadda ekan.
Kampir bu gapni eshitdi chog’i, uyga kirib ketdi. Qaytib chiqib apparatni baland ko’tarib ukasiga ko’rsatdi. So’ng yana supaga qarab yo’naldi. Ukasining jon-poni chiqib ketdi.
– Bu yoqqa opkeling!
Kampir gapga endi tushundi chog’i, bu yoqqa qarab yuraverdi. Ukasi sabri chidamay tez-tez bordi-da, opasining qo’lidan sotkani yulib oldi.
– Voy-y, jigarim-a, men bu sabilni ovoling, gaplashib turamiz deb tushunibman-a, kechirasan-da, qarichilik…
Uka kelgancha “Volga”ning motori o’chib qolgan, endi kalitni qancha burasa ham mashina o’t olay demasdi.
– Opamizni norozi qildik-da, – dedi xotini.
– Nima? – deb qichqirdi unga choli.
– Opam norozi emasmikan deb o’ylayapman-da. Mana, texnikangiz ham yurmay qoldi-ku.
– Ming’irlama-ye. Har narsani gapiravermay tur, ne ahvoldamiz-u… bidirlaysan. Opam saksonga kirdi, saksonga… Bo’lmasa o’rniga sen qol. A, qol, tush mashinadan!
– Dadajonisi…
– Bo’lmasa men qolay, mana, hayda mashinani.
– Dadajonisi… Sizni deb…
– Bo’lmasa ming’irlama.
Ammo mashina hamon joyidan qimirlamasdi.
– Opa! – deb tag’in chaqirdi uka.
Opasi qaragan edi, ukasi qo’l imlab chaqirdi. Tez bo’ling degandek qo’lini zarb bilan silkitdi.
Opasi kavushini oyog’iga ilmay shoshib kela boshladi. Lozim-ko’ylagi tamom shalabbo bo’lgan edi. Suv tobora ko’payib borardi.
– Ukajon, meni qo’y, men endi bu dunyoning odami emasman. Roziman, – dedi ko’zlari mo’ltirab.
– E, men buni aytayotganim yo’q. Mashinaning orqasidan turtib yuboring, yurmayapti.
– Ha-ya, esim qursin, kuchim yetarmikin?
– Yetadi, yetadi, sal turtsangiz bo’ldi, naryog’i pastlik, yurib ketadi.
Kampir mashinaning ortiga o’tib bor kuchi bilan itara boshladi. Uka ham kabinadan chap oyog’ini chiqarib tiragancha chirana boshlagan edi, mashina qo’zg’alib yurib ketdi. So’ng pastlikka yo’nalib motori ham o’t oldi.
Nevaralar chiy-chiylab “ammam qolib ketdi, ammam suvga cho’kadimi?” deyishardi.
Mashina bir oz pastlikka qarab yurdi-yurdi-da, so’ng yo’nalishini o’zgartirib tepalikka qarab yurdi. Tekislikdagi asfal`tdan tezligini oshirib oldi-da, qirga qarab ketgan tosh yo’ldan ortiga qum-shag’allarni sachratgancha o’rlab jo’nadi. Shu zayl bora-bora kichrayib ko’zdan yo’qoldi.
Suluv kampir undan ko’z uzmay turdi. G’oyib bo’lgach “xayriyat” deb qo’ydi.
Endi uning nazdida toshqin toshaversa, hammayoqni suv olib ketsa bo’laverardi. Chunki endi falokatga, illo o’limga ham ruhan tayyor edi.

* * *

Namozshom tushganda Matlab chol qiy-chuv qilib sarosimada toqqa oshiqayotgan olomonga qo’shilmay bir o’zi tentirardi. U ayni toshqin boshlangan tepa mahallaga borishni niyat qilgandi. Bu toshqin hali boshlanishi ekani, agar chindan ham damba o’pirilgan bo’lsa hademay qiyomat qoyim bo’lishini u dilidan his etardi. Ammo damba degani shundoq tashlab, himoyasiz qoldiriladigan joy emas. Hamma joyda bo’lgani singari bu yerda ham u qo’riqlansa kerak. Davlat uchun strategik ahamiyat  kasb etadigan, aholi uchun esa jon ozig’i bo’lmish suv omborini ehtiyot qilmaslik mumkin emas. Zero, o’sha Jambulga tushib kelayotgan kuni ham harbiylar suv omborini portlatib yuboraman deganida mazax qilib kulishgan edi-ku.
Qarshisida ariqlarni allaqachon to’ldirib chetdagi yo’llarning ham shag’al toshlarini shaldiratib oqib tushayotgan suvning u qadar dami baland emasligidan vahimaga tushmay borayotgan cholning ko’nglida nedir xotirjamlik bor edi. Va ne bir xayolda, urushdan keyingi dastlabki yillarda qurilgan mamlakat miqyosida ulkan suv inshooti hisoblangan suv omborining shaharga quyiladigan qismida o’sha kezlarda bunyod etilgan osmon bo’yi charxpalakni ko’zlab borardi. Charxpalak tepadan beton kanalda shitob bilan oqib tushuvchi katta suv ustiga o’rnatilgan bo’lib, uning suv to’ldirilgan idishlari ham doshqozonday keluvchi cho’yan idishlar bo’lganidan shamol tegirmoni singari tez aylana olmas edi. Biroq charxpalak aylanib tepaga ko’tarilavergach biri chap, biri o’ng tomondagi katta beton ariqda suv quyuvchi katta cho’yan qozondan to’kilayotgan suv oftob shu’lasida ajib jimirlab o’ziga xos kichik kamalaklar hosil qilar, ko’rgan ko’zni quvontirardi. Shu atrofda bunyod qilingan istirohat bog’ining terak, archayu chinorlariga shamolda duv-duv uchib keluvchi suv zarralari kelib urilar, daraxtning namiqqan toza yaproqlari quyosh nurida o’zgacha yaltirardi. Matlab, o’sha vaqtlarda ayni kuch-g’ayratga to’lgan bo’z bola maktabdan bo’sh kezlari Oqmoral bilan bu yerlarga kelar, soatlab gurung  qilib to’ymas edi. Kechagina edi. Xuddi kechagina edi. Ammo undan beri qancha suvlar oqib ketibdi. Suvlar oqibdi-yu, xotira, shirin bir tuyg’ulardan o’zga nima qolibdi? Azobu uqubat, tuhmat, Sibir… Bu yoqda Oqmoralning sho’r qismati… U ko’rib guvohi bo’lib turgan qismatda Oqmoralni ayblay olmasdi ham. Illo Sibirga surgun degani ajal komiga tik oyoqda bormoq degani edi-ku. Lekin shu pariro’y qizni deb uning butkul umri ko’kka sovrilib bo’ldi.
…Suv beton ariqdan toshib chiqib atroflarni yuvib ketayotgandi. “Toshqinga sababchi” bo’lgan devona chol esa shu atrofda tag’in o’zining taqdirini tomosha qilib yurardi. U bir zamonlar Oqmoral bilan sayr qilib kelib shudring zarralari ila chayilib qorayib qolguvchi, ikkalasi ustiga chiqib entikib yuzlarini suvga tutib turuvchi kattakon temir quvur oldiga kelib qoldi. O’shanda charxpalak qozonlaridan beton ariqqa to’kilib, so’ngra shu quvurga g’aldir-g’uldir shovqin ila quyilib deyarli to’lib oqadigan top-toza suvga tomosha qilib dillari zavqlanar, suv zarralari ho’l qilgani yetmaganday bir-birlariga hovuch-hovuch suv sepishar, yigitning oq neylon ko’ylagi, qizning endi urfga kirgan shohi atlasi badaniga chippa yopishib qolar, qizning durkun ko’kragi rostmana bilinib qolar, pushti durrachasi
ostidagi qalin o’rilgan qora sochlari ham zilol suvda birrov cho’milib olar, devonavash yoshlik sururiga qo’shilib ro’mol tagidan ko’ksi uzra bir quloch dorday bilanglab chiqib kelib, sho’xlikka qo’shilar edi. So’ngra yoshlar go’yo ust-boshlarini quritish uchunmikan, qalin daraxtlar panasiga o’tib uzoq qolib ketishar, ehtimol, ust-boshlari namdan arigach, qizarishib chiqib kelishardi…
Yigitlik chog’ini eslab, yana nimalardir ko’ksiga to’kilib chol ag’anab yig’lagisi keldi.
Ammo atrofni yoritib turgan projektorlar yorug’ida quvur og’ziga tiqilib turgan kattakon qora narsaga ko’zi tushib bir narsaga aqli yetganday ko’ngli nurlandi.
Yana tek qotib biror xarom o’lgan mol emasmikan deb to’xtadi. Bari bir seskandi. So’ng qari cholni mol gavdasi cho’chitganiga hayron bo’ldi, ammo ne-ne bo’ri-qashqir izg’ib-kezgan Talas ovloqlarini bir zum eslab quvur og’ziga suv kechib keldi. Qarasaki, go’yo to’fon urib yotgan joyda chindan ham bir narsa tiqilgan. Bir katta shahar ahli shunga ahamiyat bermabdi-ki, deb ajablandi. Yeng shimarib bir uzun tayoq topdi-da, uni quvurga uzatib, tiqilgan narsani itarib oqizib yubormoqchi bo’ldi. Kuchi yetmadi. Naryoqdan, quvur ustidan yurib kelmasa bo’lmas ekan. Shunday qildi. Quvur ustidan kelib tayoq suqqan edi, tag’in bo’lmadi. Bir ko’rpa yo teriday narsa shox-shabba bilan qo’shilib quvur og’ziga qoplanib qolibdi. Qish kezlari charxpalak to’xtatib qo’yilishini esladi. Qanaqadir bir tormozga o’xshagan murvati
bo’lishi kerak. Yo’q, uni chol axtarib topolmadi. Tag’in quvur ustidan yurib keldi. Yotib olib boyagi qoplamani bir uchidan bor kuchi bilan tortdi. O’sha parchasi yirtilib chiqib keldi. Yana yotib olib tortaverdi, tag’in bir parcha uzilib chiqdi. Yana tortsam chiqadi deb o’ylagan edi, yo’q qolgani qaytanga mahkamroq yopishib qolgan edi. Cholning miyasi ishlab ketdi. Boyagi qalin tayoq bilan ko’rpa yo kiyim qoplangan shox-butani urib-surib yuborgani yaxshiroq ekan. Suv oqimiga qo’shib tayoqni suqib itaraverdi. Shunda deng, shox-shabbalar sinib-sinib suv oqimining tezligi bilan ular quvurning ichiga birdaniga singib g’oyib bo’ldi. Atrofga oqayotgan toshqin ham tuyqus to’xtadi-qoldi.
Mahalla-guzar tim-tirs edi. Chol o’zicha zo’r ish bitirganini his etdi. Ammo atrofda hech kim yo’q, chamasi hamma jon hovuchlab qiru do’ngliklarga o’rlab ketgan, balki… balki boshqalar tun zulmatida vahimayu bedorlikdan charchab uyquga cho’mgan edilar. Har qalay dunyoni suv bosmayotgan edi-ku. Tepalikdagi ikki guzarga suv toshgan edi, xolos.
Chol borar manzilini belgilay olmas, lekin o’ta charchagan edi. Kesilgan chinor kundasiga o’tirib tin oldi. Bari bir yoshlik xotiralari uni tark etmasdi.
Anovi ariq chetidagi bo’liq o’t-o’lan ko’mgan joylarda o’sha choqda urf bo’lgan qora xrom tuflisining, Oqmoralning ham uchli, poshnasi ham uchli oq tuflisi izlari bordir. Lekin endi bularning qanday ahamiyati bor?
Tobora horg’inlik o’z izmiga tortib va xiyla tun shabadasidan junjikib borar ekan, bu yerda tunab bo’lmasligiga, Matyoqub oshnasinikiga enib bormasa bo’lmasligiga iqror bo’ldi. Beli ham zirqiray boshladi. Issiq ko’rpaga o’ranishni niyat qildi.
Omonat bu dunyoda o’zi biror kun xotirjam orom topdimmi, deb o’yladi. Ne ajabki, unday kunni eslayolmadi.
Shunda… nariroqdagi daraxtlar ortidan bir xilqat qora tortib kelayotganini payqadi. To’g’ri o’ziga qarab kelardi. O’rnidan turib tomoq qirib qo’ydi. U ham bir to’xtadi-da yo’talgan bo’ldi. “Ayol kishi”.
Bir oz yurib peshvoz chiqqanday bo’ldi chol va:
– Keling, – deb qo’ydi yo’liga.
– Assalomu alaykum, bobo. O’zi qushuyquman desangiz. Shu bugun qo’shnilaru bola-chaqa, barisi uylarini tashlab qirga ketishdi. Toshqin yomon ekan.
– Siz-chi, bir o’zingiz qoldingizmi?
– Bir o’zim… ha, uyqorovul ham kerak-ku… Vahimasi yomon bo’larkan. Har kim jonini o’ylab qolarkan. Uning ustiga bir dovon oshib kelgan devona chol avvaldan suv ombor toshadi, deb karomat qilgan ekan. Odamlarning og’zida shu gap edi, suv toshgach, ana, devonaning bashorati amalga oshdi, deb hamma shoshib qoldi.
– Bu toshqin emas, anovi charxpalakning suvi, – dedi chol.
– Qanaqasiga?
– Shunaqasiga-da. O’zi… obbo, qiziq bo’pti-ku, farzandlaringiz sizday kampirni toshqin bosayotgan uyga qorovul qilib ketishgani g’alati bo’pti-da…
– Sharti ketib, parti qolgan bo’lsam. Qaridim. Bu dunyoda ko’rarimni ko’rib bo’ldim. Orzu-havaslarim amalga oshdi-oshmadi, har nechuk bir odam katori yashadim.
Hayot ortda qoldi. Endi qirga chopib qutulgan bilan nima o’zgarardi?
– Shuni ayting! Men ham ko’chaboshidagi Matyoqub jo’ramnikida edim. O’tgan-ketgandan gaplashib hangomalashib yotgan edik, bola-chaqasi guzarni suv bosyapti deb vosvoslardek mashinaga chiqib, jo’ramniyam mindirib tepaga ketishdi. Meni begona… begona mehmon… deb qoldirishdi. Xafa emasman. O’zi kimman ularga?
Vaqti-zamonida bir farishtaning ortidan dovdirab ergashib kelgan daydi itman-da…
– Daydi it emassiz, – shunday deya kampir negadir mung’ayib en gashib oldi. – Siz Samarqandning Xartang qishlog’idansiz. Dunyo hadisshunoslarining peshqadami  Imom Buxoriy dafn etilgan qishloqdan.
– Bilarkansiz, bilarkansiz-a… – So’ng birdan tetiklanib: – Qaydan bildingiz? – deb so’radi va qulog’ini yelpana qilib turdi.
– …
(Shu joyda Kumushbibining “Siz o’shamu?” nomli mashhur savolini keltirsak bo’lardi. Ammo qahramonlarimizning biri kampir, biri chol. O’xshash joyi shundaki, bular ham bir-birlarining diydorlariga to’ymadilar. Tarix zulmi diydordan ustun turdi: ikkisini ikki yoqqa yulqib uloqtirib yubordi. Biz uchun qizig’i ham shu: birovnikiga o’xshamagan qismat. Qolaversa…)
Qolaversa…
(Chol va kampirni bir-biriga suyantirib diydiyolashtirib qo’ysak ham bo’lardi. Xohlasangiz Siz shunday tasavvur qiling. Yaxshisi biz hikoyachi sifatida bu holatga teginmaylik. Sababini tushunib turibsiz: yengil holat emas…)
Alqissa, suluv kampir chol bilan ukasining hovlisiga tushdilar. Tongni qarshi oldilar. Hayot joy-joyiga tushdi. Toqqa chiqib ketganlar ham birin-ketin tushib kelishdi. Suluv kampirning ukasining jujuq nevaralari toqqa mashinada qanday chiqib borishgani, tik qiyalardan qo’rqmay o’tib borishganini birin-ketin ham burro, ham soqovlanib gal bermay hikoya qilishardi.
Lekin ertalab ketayotganlarida kecha chiqqan joylaridan mashina pastga qarab tusholmabdi. Bobosi kechqurun bu yerlardan qanday chiqdik ekan, deb yurak hovuchlab qolibdi. Yordamchi kutib turganmish…
Chol ham, kampir ham ularga yordam kerakligini tushunishdi. Bir-biriga im qoqib o’rinlaridan qo’zg’alishdi…
(Matlab va Oqmoral ertakdagidek murod-maqsadiga yetmagandir. Lekin murodu maqsad nima o’zi? Izlasang topa olasanmi?
Xullas, bu yog’i Sizga havola. Xohlasangiz Matlab cholni qarigan chog’ida Samarqandga jo’natib yuboring, xohlasangiz ikki qariya keksalik gashtini birga sursinlar.  O’zingiz qolganini istaganingizcha to’qiyvering.
Bizning ishimiz bitdi. Shu.)

005

(Tashriflar: umumiy 5 420, bugungi 1)

Izoh qoldiring