Ozod Sharafiddinov. Uch maqola & Sardaftar sahifalari. Maqolalar, xotiralar & Ozod Sharafiddinov bilan suhbat

Ashampoo_Snap_2018.02.28_21h16m21s_002_a - копия.png1 март — Устоз Озод Шарафиддинов таваллуд топган кун

Аллоҳ Ўзбекистон деб аталган, тупроғида олтин гуллайдиган, қишларида баҳор шивирлайдиган, тоғ деса тоғи бор, боғ деса боғи бор, ҳар тонгда булбуллар мадҳини ўқиб тамом қилолмайдиган бир юртни Ватан қилиб берган экан, бунинг учун ўзимизни бахтли деб билмоғимиз керак, шукроналар билан яшамоғимиз керак. Ватан бизга ато этилган улуғ неъмат экан, Ватанга муҳаббат ҳам ҳар биримизга берилган улуғ неъматдир.

Озод Шарафиддинов
УЧ МАҚОЛА
08

13961963fb7b1240c1832f973992e622.jpgОзод Шарафиддинов (1929 — 2005) Қўқон шаҳри яқинидаги Охунқайнар қишлоғида туғилган. Тошкентда ўрта мактабни олтин медаль билан тугатди ва Тошкент Давлат университетининг филология факультетида, сўнгра Москвадаги жаҳон адабиёти институти аспирантурасида таҳсил олди. ЎзМУда доцент ва профессор, “Жаҳон адабиёти” журналининг бош муҳаррири бўлиб ишлаган.
“Замон, қалб, поэзия” (1962), “Адабий этюдлар” (1969), “Байроқдорлар” (1974), “Маҳорат сабоқлари” (1975), “Биринчи мўъжиза” (1979), “Ҳаёт билан ҳамнафас” (1983), “Довондаги ўйлар”, “Ижодни англаш бахти” (2004), “Домлалар” (2009) асарлари муаллифи.

08

ЎЛСАМ АЙРИЛМАСМАН ҚУЧОҚЛАРИНГДАН*

Сеҳрли мусиқадай жарангловчи бу ажиб сўзларни илк бор болалигимда — уруш бошланган йили эшитгандим. Ёш томошабинлар театрининг Эски Жўвадаги алмисоқдан қолган торгина зали. Одам тирбанд. Саҳнада паст бўйли, кулча юзли, истараси иссиқ артист кўзлари чақнаб, овозини бир кўтариб, бир пасайтириб ҳаяжон билан шеър ўқимоқда:

Ватан — она сўзи нақадар лазиз,
Сенсан ҳар нарсадан мўтабар, азиз,
Ҳурматингни сақлар ҳар бир олғил-қиз,
Муқаддас, мўтабар, улуғ Ватаним,
Ўлсам айрилмасман қучоқларингдан…

Кўп ўтмай театр залида ўтирганим ҳам, шеърни саҳнада артист ўқиётгани ҳам унут бўлди. Шеър мисралари ва, айниқса, ҳар банд охирида такрорланаётган «Ўлсам айрилмасман қучоқларингдан» деган ибора гўё юрагимда туғилиб, ичимдан жўшиб чиқаётгандай. Учта оддий сўздан таркиб топган бу оташин хитоб шеър эмас, бутун умр бўйи амал қиладиган тантанавор қасамдай жарангларди. Кейин чиндан-да шундай бўлди — Уйғун қаламига мансуб бу мисра бутун умрим мобайнида менга ҳамроҳ бўлиб келмоқда. Қадамим етиб борган турли маконларда, турли шароитларда бу мисра мендан сўраб ҳам ўтирмай, бирдан қалбимда жаранглаб кетади. Шунда юртимизнинг сахий қуёшидан баҳраманд бўлган ям-яшил далалардай кўнглим ёришиб кетади. Томирларимда янги куч югураётгандай ўзимни бардам сеза бошлайман.

Ватан. Ватан туйғуси. Ватан муҳаббати. Нимадир булар? Булар қандай сеҳрли қудратки, ҳали вояга етмаган, дунё кўрмаган, турмушнинг паст-баландларидан бехабар, ўйину шўхликлардан ўзга дарди йўқ бир ўсмирнинг юрагига жо бўлиб олиб, бутун умр унинг хатти-ҳаракатини, юриш-туришини бошқариб туради. Бу туйғу инсон фарзандида туғма бўлармикин? Ёки гўдак тамшана-тамшана онасини эмганида, она сути билан бирга бу туйғу унинг ҳам томирларига югурармикин? Умуман, «Ватан» деганнинг ўзи надир? Туғилиб ўсган уйингми? Бешикда қулоғингга кирган мунгли ва айни чоғда нурли аллами? Бувингнинг эртакларими? Мактабми? Илк бор висол онларига гувоҳ бўлган сўлим хиёбонларми? Албатта, буларнинг ҳаммаси ва яна аллақанча нарсалар бирлашиб, «Ватан» деган нарсанинг сўнмас тимсолини яратса керак. Ва яна ўйлайманки, боланинг мурғак қалбидаги илк бор пайдо бўлган Ватан тимсоли ҳар қанча ёрқин бўлмасин, ҳали ўзининг шаклу шамойилини тўла топиб улгурмаган бўлади. Ватан туйғуси инсоннинг ўзи билан бирга ўсиб-улғаядиган туйғу бўлар экан. Тажрибангиз ортгани сари, ҳаёт дошқозонида қайнаб пиша борганингиз сари Ватан деган нарсани чуқурроқ қадрлайдиган бўлиб қоласиз, Ватан ҳақидаги тасаввурингиз тўлишиб, кенгайиб, бойиб боради. Ватан туйғуси бутун вужудингизни қамраб олади, ҳар бир ҳужайрангизга томир ёзади. Сиз энди англай бошлайсизки, Ватан нафақат жўшқин ёшлик дамлари билан боғлиқ сўлим маскандир. Инсон ҳам ниҳолдай гап — уни ундириб ўстирадиган она замин бор, қуёш, сув, ҳаво уни ўз неъматларидан баҳраманд қилади. Шунинг учун буларнинг бари инсон учун азиз ва ардоқли. Лекин булар ҳали тугал Ватан эмас. Одамзод шундай яратилганки, у бошқалардан ажралган ҳолда, якка-ёлғиз, сўппайиб умргузаронлик қилолмайди. Тўғри, одамлар орасида таркидунё қиладиганлари, танҳоликни ёқтирадиганлари, ҳеч кимни жини суймайдиганлари ҳам бор. Аммо улар ҳар қанча танҳо бўлмасин, элу юртдан юз ўгириб, ҳар қанча ғорлар ичида макон қилмасин, барибир, минглаб ришталар орқали одамлар билан, дунё билан боғлиқ бўлади. Ҳатто умрининг ярмини хумни ватан қилиб ўтказган қадимги юнон файласуфи Диоген ҳам, барибир, шогирдлари билан, бошқа файласуфлар билан алоқада яшаган. Ота-оналар, фарзандлар, қариндош-уруғлар, ёру биродарлар, дўстлару дугоналар ҳар қандай инсон ҳаётига турфа хил маъно ато қилади. Одам уларни яхши кўриш, улар билан иноқ яшаши мумкин, уларни ёқтирмаслиги ҳам мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам уларнинг ҳаммасидан юз ўгириб, ҳаммасидан бутунлай кечиб кетиб бўлмайди. Хуллас, қариндош-уруғ, дўсту биродарлар, маҳалла, жамоа, қолаверса, бутун жамият одамнинг ўсиб-улғайишида, умргузаронлигида истаса-истамаса унга таянч бўлади, унинг парвозига қанот беради. Шунинг учун «Ватан» тушунчаси муайян жўғрофий ҳудуднигина қамраб олмайди, балки унинг таркибига бутун жамият, унинг кечаги куни, бугуни ва эртаси ҳам киради. Шунинг учун мен «ўлсам айрилмасман қучоқларингдан» дея бот-бот такрорлаганимда биламанки, мен ватанимга керакман. Кимлигимдан, ёшу қарилигимдан, касбу коримдан қатъи назар. Биламанки, менсиз Ватанимнинг нимасидир кемтик, нотўкис бўлиб қолади. Айни чоқда шуни ҳам биламанки, Ватаним менга кўпроқ керак. Ватан менсиз яшаши мумкин, лекин мен ватансиз яшаёлмайман! Рост-да! Мен етмишга кириб, умримда нимаики рўшнолик кўрган бўлсам, шу Ватаннинг бағрида унинг саховати туфайли, «бир меҳрибон қўл» билан пешонамни силагани туфайли кўрдим. Албатта, турмуш бўлгандан кейин унинг ўзига яраша ташвишлари, қийинчиликлари бўлади, оёғингиз остидан катта-кичик муаммолар чиқиб туради. Лекин, сирасини айтганда, чолу кампир иккимиз «муроду мақсадга етиш» арафасида бола-чақаларимиз билан бирга устимиз бут, қорнимиз тўқ, еганимиз олдимизда, емаганимиз кетимизда, тинч, хотиржам ҳаёт кечирмоқдамиз. Бировдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан тили қисиқ жойимиз йўқ. Мен бунга баъзан ўзимда йўқ хурсанд бўламан, Яратганга беадад шукроналар қиламан, баъзан эса Ватаннинг менга кўрсатган беҳисоб иноятларига, элу юрт ардоғига муносиб жавоб бера олаётганим йўқ, Ватан олдидаги фарзандлик бурчимни тўла ўтаёлмаяпман деб ўкиниб қўяман. Бу ўкинч мени кўп нарсалар тўғрисида ўйлашга ундайди. Ахир, бу беқиёс гўзал Ватан Аллоҳнинг эл қатори менга ҳам атаган буюк туҳфаси. Мендан аввал ўтган авлод-аждодларим уни жамики бетакрор жозибаси билан, туганмас хазиналари билан менга мерос қолдирган. Хўш, нима қилмоқ керак? Текин мерос экан деб унинг бойликларини бир чеккадан совураверишим керакми? Ахир, ётиб еса тоғ чидамас экан. Йўқ, орқа-олдимизга қарамай совуриш йўлини тутадиган бўлсак, бу гўзал ўлка уч-тўртта авлоднинг умри ўтмасданоқ одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган дашту биёбонга айланади-ю, биз ҳаммамиз келажак авлодларнинг қарғишига учраймиз. Бахтимизга, ўтган авлод-аждодларимиз бизга Ватанни мерос қилибгина қолдирган эмаслар, балки бу Ватанни чин юракдан севишни, унга фидокорлик билан хизмат қилишни, унинг ҳуснига ҳусн, бойлигига бойлик қўшишни ҳам мерос қолдиришган. Ватанни севмоқ имондандир, деб таълим беришган улар. Демак, ҳар бир одам учун Ватанни севиш ҳам фарз, ҳам қарз.

Шу ўринда бир шоирнинг Ватан севгиси ҳақидаги атиги тўрт мисрада айтган бир гапи эсимга тушиб кетди: «Ватан» учун кимлар нималар қилмаган? Бировлар Ватан деб жон фидо қилган, бировлар ватан деб гап сотган…» Мен ҳеч кимни маломат қилмоқчи эмасман, бунинг учун менинг ҳаққим ҳам йўқ. Лекин, назаримда, шундай туюладики, биз кейинги вақтларда Ватанга муҳаббатимизни кўпроқ «гап сотиш» йўли билан ифодалашга берилиб кетганга ўхшаймиз. Назаримда, «тарбия», «ватанпарварлик тарбияси» деган нарсани ҳам бутунлай бир томонлама тушунамиз, шекилли. Қанча кўп гапирсак, гапларимиз қанча тум-тароқ, баландпарвоз бўлса, тарбиявий ишларимиз шунча яхшиланаётганга ўхшайди. Ҳолбуки, буларнинг бари билимимизнинг саёзлигидан, маданий савиямизнинг пастлигидан, қолаверса, гапираётган гапимизни ўзимиз қадрламаслигимиздан туғилади ва бу сий­қалик охир-пировардида, энг ноёб, энг инжа туйғуларимизни ҳам ўтмаслаштиради. Натижада, «Ватан севгиси»нинг қадри пасайиб, баҳоси тушиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Бир мисол келтираман: кейинги пайтларда анча-мунча одамлар телевизор орқали ёки матбуот саҳифаларида сира хижолат тортмай «мен фалон соҳада Ватан учун 30, 40 ёки 50 йил хизмат қилиб қўйганман» дея мақтанадиган бўлиб қолишди. Бироқ одам ўзи тўғрисида шунақа деганида қилган хизматларини писанда қилаётганга ўхшаб кетади. Албатта, бирор соҳада 30 йилми, 40 йилми ишлагани жуда яхши — бунинг учун фақат раҳмат айтиш ва пуллар билан рағбатлантириш керак. Лекин нима учун буни — бутун умр бўйи тирикчилигини ўтказиш учун маош олиб қилган ишини ўзининг ватанпарварлиги деб тақдим этиши керак?

Ватанни севиш ва, айниқса, бу севгини амалда намоён қилиш унчалик осон иш эмас. Бу одамдан жуда катта жасоратни, бардошни, чидамни талаб қилади. Қизиғи шундаки, Ватан ўз фарзандларидан ҳар ойда, ҳар ҳафтада, ҳар соат, ҳар сонияда жон фидо қилишни талаб қилмайди. Ватан йўлида содир бўладиган бундай фидокорлик энг юксак, энг олий фидокорлик бўлиб, у фавқулодда ҳолларда рўй беради. Лекин Ватан севгиси одамдан бир қарашда маҳобатли кўринмайдиган, инсоннинг оддий фаолиятидан кам фарқ қиладиган, аслида эса жуда машаққатли меҳнатдан иборат бўлган кундалик жасоратни талаб қилади. Бу ўринда бугунги одамларга жуда яхши ўрнак бўладиган яна бир тоифа чин ватанпарварлар авлоди ёдимга тушди.

1914-ми ёхуд 1915 йилгими — аниқ эсимда йўқ — жадид газеталаридан бирида кичкина ахборот эълон қилинган. Ундан маълум бўладики, жадидлар маърифат ишлари йўлида хайрия кечаси ўтказган эканлар ва кеча оқибатида маълум миқдорда пул тушган экан. Газетадаги ахборотда ана шу пул тийинма-тийин нималарга сарфлангани аниқ кўрсатилган. Бу ишларнинг барини жадидлар шовқин-суронсиз, бирон оғиз мақтанишсиз, писандасиз ва таъмасиз амалга оширганлар. Ва ниҳоят, мана шу хизматлари учун шўролар замонида қамалиб, кўпчиликлари отиб юборилган ёхуд ўзга юртларга бадарға қилиниб, уруғлари қуритилган. Уларнинг бундай беминнат фидокорликлари биз учун мангу ибрат бўлиб қолмайдими? Бизнинг эса ҳамон топганимиз гап… гап… гап… Бири-биридан чиройли, бири-биридан пурвиқор, бири-биридан дабдабали ва бири-биридан пуч, мағизсиз гаплар, самимиятдан узоқ гаплар. Қўрқаманки, бу ҳавойи гаплар ҳатто бизнинг пича риёкорлигимизни ҳам ошкор қилиб қўяди.

Сезиб турибман — шу ўринда бир табиий савол туғилиши мумкин — мақолада Ватан севгиси оғизда эмас, амалда, ишда намоён бўлмоғи керак деган гап кўп айтиляпти. Хўш, бугунги оддий одам нима қилмоғи, Ватанга муҳаббатини қандай намоён этмоғи керак? Ахир, тарихда қиладиган улуғ жасоратларни ҳамма ҳам, ҳар куни қилавермайди-ку? Менимча, Ватан йўлида бир ишни қилишни истаган одам, аввало, тарихга кириш ҳақидаги ўйларини бир чеккага йиғиштириб қўймоғи керак; чунки бир шоир айтганидек, аввал ишни қойил қилмоқ керак, шон-шуҳратни эса кейин бўлишиб олинаверади. Ҳаёт эса ҳамма вақт жасорат кўрсатишга имкон беради — жасоратлар, фидокорликлар фақат фавқулодда одамларнинг маҳрига тушган эмас. Президентимиз такрор-такрор айтадиган бир ибора бор — «Савоб ишни ҳар ким қилмоғи, ҳар куни қилмоғи лозим». Фақат бир нарсани айтмоқ жоизки, савоб ишлар, шу жумладан, Ватан равнақи йўлидаги ишлар ҳеч қачон аввалдан тасдиқланган рўйхат бўйича, бировларнинг кўрсатмаси билан қилинмайди. Ҳар ким ўз ақл-заковати билан, ўз қалбининг амрига кўра қудрати етган даражада, имкони бор даражада Ватан, элу юрт йўлидаги ишларни қилади.

Ватанга муҳаббатингизни амалда намоён қилмоқ учун фалон қилинг, пистон қилинг деб кўрсатма беролмайман. Ҳаётнинг ўзида сиз қилишингиз мумкин бўлган юмушлар оёқ остидан чиқиб қолади. Ҳозир ўзи турган жойда ободончилик ишларига ёрдам бераётган, мактабларга, болалар боғчаларига кўмаклашаётган, ижодкорларнинг китобларини чоп эттиришга мададлашаётган, қўли қисқароқ оилаларга болаларнинг тўйларини ўтказиб бераётган ва яна қанчадан-қанча саховатпеша ишларни қилаётган одамлар ҳақидаги хабарлар кўпайиб қолди. Буларнинг бари элу юрт равнақи йўлида қилинаётган савоб ишлардир. Агар борди-ю, бунақа ишларга ҳам қурбингиз етмаса, ҳечқиси йўқ, ўкинманг — жилла бўлмаса, тўрт-беш туп дарахт экинг, ҳовлингиз атрофини обод қилинг, лоақал, эшигингиз тагига бир туп қирқоғайни экингки, ўтган-кетганлар яшнаган гулларни кўриб, ичларида «баракалла» дейишсин. Бундай ишлар ҳам юртимизнинг ҳуснига ҳусн, чиройига чирой қўшади-ку.

Одам ота-онасини танлаёлмаганидек, Ватанни ҳам танлаёлмайди. Албатта, Аллоҳ одамга Ватанни музликлардан ҳам, саҳролардан ҳам, чангалзорлардан ҳам ато этиши мумкин. Лекин сиз билан бизга Аллоҳ Ўзбекистон деб аталган, тупроғида олтин гуллайдиган, қишларида баҳор шивирлайдиган, тоғ деса тоғи бор, боғ деса боғи бор, ҳар тонгда булбуллар мадҳини ўқиб тамом қилолмайдиган бир юртни Ватан қилиб берган экан, бунинг учун ўзимизни БАХТЛИ деб билмоғимиз керак. Президентимиз айтганидай, шукроналар билан яшамоғимиз керак. Ватан бизга ато этилган улуғ неъмат экан, Ватанга муҳаббат ҳам ҳар биримизга берилган улуғ неъматдир.

*«Маънавий камолот йўлларида» номли китобидан ўрин олган мақоласи жузъий қисқартиришлар билан ҳавола этилмоқда

“АДАБИЁТ ЯШАСА – МИЛЛАТ ЯШАР”

Ҳар қандай чинакам истеъдод соҳиби каби Абдулҳамид Чўлпон ҳам ижоднинг деярли ҳамма соҳаларида самарали фаолият кўрсатган. У ҳам шоир, ҳам носир, ҳам драматург, ҳам таржимон, ҳам публицист бўлиши билан бирга, баркамол мунаққид, моҳир адабиётшунос, ўзига хос тарзда фикрлайдиган санъатшунос ҳам бўлган. Унинг бадиий асарлари халқ маънавиятини шакллантиришда қанча муҳим роль ўйнаган бўлса, адабий-танқидий мақолалари ҳам шунчалик катта қимматга эга. Аммо истибдод замонида Чўлпон ижодини ўрганиш у ёқда турсин, номини тилга олиш таъқиқлангани учун кенг жамоатиликкина эмас, ҳатто адабиётшунос мутахассислар ҳам Чўлпон ижодининг бу қирраси тўғрисида ғоят мавҳум ва туманли тасаввурга эга эдилар. Фақат сўнгги йиллардагина Ш.Турдиев, Н.Каримов, Б.Дўстқораев, М.Олимов, У.Долимов, З.Эшонова, Д.Қуронов, У.Султонов каби адабиётшуносларнинг ҳаракати билан Чўлпоннинг инқилобдан олдин ва кейин чоп этилган, ҳозир эса топилиши амри-маҳол бўлиб қолган, журналлар ва газеталарда сочилиб ётган адабий-танқидий асарлари илмий муомалага кира бошлади. Сурхондарёлик ёш чўлпоншунос Н.Йўлдошев эса Чўлпон ҳаёти ва ижодига доир библиография эълон қилиб, унда биринчи марта Чўлпон мақолаларининг рўйхатини аниқлади. Библиографияда кўрсатилишича, шоирнинг 1914-1937 йиллар мобайнида чоп этилган адабий-танқидий мақолалари ҳозирча 63 та экан. Изланишлар давом эттирилса, бу рақамнинг кўпайиши турган гап.

Мақолалар билан танишиш натижасида шундай хулосага келиш мумкинки, Чўлпон ўзини профессионал мунаққид ёки муайян академик қоидалар асосида иш юритувчи адабиётшунос олим деб ҳисоблаган эмас. Чўлпон эстетика бобида, санъат назариясида янги саҳифа очган эмас, жаҳон санъатини ва санъатшунослигини батамом янги йўлларга буриб юборадиган тугал таълимот яратмаган. Шунга қарамай, янги ўзбек адабиёти тарихини Чўлпоннинг адабий-танқидий фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Янги ўзбек адабиётини шакллантиришда, 20-30 йиллардаги ғоят мураккаб ижодий курашлар муҳитида унда изчил реалистик услубнинг устиворлигини таъминлашда Чўлпоннинг адабий-танқидий қарашларининг аҳамиятини камситиш мумкин эмас. Чўлпон мунаққид сифатида. Биринчи навбатда, адабиёт ва санъатнинг амалий масалалари билан шуғулланган, янада аниқроқ айтганда, маънавий уйғониш ва маданий ривожланиш асосида адабий жараён давомида кўндаланг бўлган долзарб муаммоларга жавоб топишга интилган, шу тарзда адабиётни ўз даврининг илғор ғоялари билан бойитишга Шарқ ва Ғарбнинг бебаҳо тажрибасини янги ўзбек адабиётига олиб киришга ҳаракат қилган.

Чўлпон адабий-танқидий меросининг аҳамияти фақат шу билан чекланмайди. Юқорида айтганимиздек, Чўлпон танқидий фаолияти билан эстетика соҳасида янги бир таълимот яратишни мақсад қилиб қўймаган бўлса-да, унинг мақолаларини ички яхлитликдан маҳрум, ҳар хил йилларда ҳар хил муносабатлар билан ёзилиб, ҳар хил нарсалар тўғрисида баҳс юритувчи пароканда асарлар йиғиндисидан иборат деб қараш мумкин эмас. Аксинча, ҳар бир мақоланинг югурик мисралари ортидан Чўлпоннинг ўзи қараб тургандай бўлади. Ҳар бир мақолада Чўлпон шахсиятининг аниқ муҳри борки, худди шу нарса уларни бир яхлит ҳолда келтириб туради. Чўлпоннинг адабий-танқидий мероси бу улуғ адиб шахсиятининг турли қирраларини, маданий савиясини, эътиқоди ва дунёқарашини ўраганишда, ижтимоий ҳаётнинг муҳим жиҳатларига унинг муносабатини аниқлашда, ижодий биографиясининг баъзи нуқталарини тўлароқ ёритишда ҳам ғоят аҳамиятлидир. Биз меросни муайян тартибда ўрганиш натижасида Чўлпоннинг ғоявий-эстетик эволюцияси қандай кечгани ҳақида тасаввурга эга бўламиз, ҳатто “ижтимоий тузум ва истеъдод” деган муаммони қўйиб, совет воқелиги Чўлпоннинг санъаткор сифатидаги ўсишига қандай салбий таъсир этганини, бир санъаткор тақдири мисолида тоталитар тузумнинг чинакам истеъдодга қанчалик душман эканини тўлароқ тасаввур этишимиз мумкин.

Чўлпоннинг биринчи танқидий асари “Адабиёт надур?” деган мақола бўлиб, “Садои Туркистон” газетасида 1914 йил 4 июн куни эълон қилинган. Бу мақола, умуман, Чўлпоннинг матбуот юзини кўрган илк асарларидан биридир. Чўлпон уни 16 яшар ўсмирнинг шунчалик тийраклик биланқалам тебратганига қойил қолмай иложингиз йўқ. Фақат фавқулодда иқтидорга эга одамгина 16 ёшида тафаккурнинг бунчалик юқори поғоналарига кўтарилиши мумкин. Сарлавҳанинг ўзидан аён кўриниб турибдики, мақола жуда муҳим масалага бағишланган. Адабиёт адабиёт бўлгандан бери Шарқда ҳам, ғарбда ҳам не-не буюк истеъдод соҳиблари “Адабиёт, санъат надур? Унинг кимга кераги бор? Санъаткор ким? У жамият олдида бурчдорми? Бурчдор бўлса, бу бурч нималардан иборат? Бурчдорлик билан ижод эркинлиги ўзаро қандай чиқишади?” каби муаммоларга рўпара келишган. Кўриниб турибдики, булар ижоднинг ҳаёт-мамот масалалари, ижодкор уларни лоақал ўзи учун ҳал қилмай туриб, эътиқод қилиб олса арзийдиган эстетик принципларни аниқламай туриб самарали ижод қилолмайди. Лекин шунга қарамай, ҳануз адабиёт ва санъатнинг етакчи хоссаларини қамраб оладиган, ҳамма даврлар учун баравар маъқул бўладиган универсал таъриф, мукаммал жавоб топилгани йўқ. Буюк санъаткорларнинг жавобларида ҳам масаланинг айрим жиҳатларигина, адабиёт ва санъатнинг айрим хислатлари, айрим фазилатларигина ифодаланади.

Табиийки, Чўлпон ҳам адабиёт оламига қадам қўйиши биланоқ шу муаммога рўпара келди ва унга жавоб излашга мажбур бўлди. Шуниси диққатга сазоворки, Чўлпон ўз изланишларида ёлғиз эмас эди. Худди шу даврда бошқа ўзбек зиёлилари ҳам “адабиёт надур?” деган муаммога жавоб излаб анча уринишган. Масалан, қўқонлик машҳур маърифатпарвар “Ашъори нисвон” деган мажмуанинг муаллифи Иброҳим Даврон 1909 йилдаёқ “Туркистон вилояти газети”да “Шоир надур?” деган мақола эълон қилади. Ёки адабиётшунос олим Бегали Қосимовнинг таъкидлашича, 1914 йилда Мирмуҳсин Шермуҳаммад билан Саидаҳмад Васлий ўртасида адабиётнинг моҳияти, вазифалари ва жамият олдидаги бурчи тўғрисида баҳс-мунозара бўлган. Фолаверса, бунда й изланиш фақат туркистонлик зиёлилар ўртасидагина содир бўлган эмас. Худди шу йилларда қўшни Қозоғистонда ҳам, Озарбайжон ёхуд татарлар юртларида ҳам адабиётнинг моҳиятини излаш, унинг жамият ҳаётидаги, миллат равнақидаги аҳамиятини аниқлаш ҳаракати анча авж олган эди. Натижада “адабиёт надур?” деган мангу саволга турли минтақаларда бир-бирига яқин жавоблар пайдо бўла бошлаган эди. Озарбайжон адиблари Жалил Мамадқулзода ёхуд Абдураҳим Ҳақвердиевларнинг, татар ёзувчилари Абдулла Тўқай ёхуд Олимжон Иброҳимовларнинг ХХ аср бошларида чоп этилган адабиёт ҳақидаги мақолалари фикримизнинг далили бўла олади. Ўз изланишлари оқибатида улар нақадар бир-бирига яқин хулосаларга келганини кўрсатиш учун бир конкрет мисоллга мурожаат қиламан: таниқли қозоқ журналисти, маърифатпарвар ва демократ М.Сералин ўзи муҳаррирлик қилган “Айқап” журналининг 1922 йилдаги 1-сонида ёзади: “Тил ва адабиёт халқнинг қалби ва руҳидир… адабиётсиз халқ забонсиз боладай гап. Бундай бола бошқаларга ўзининг дарду қувончларини гапириб беролмайди. Халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган энг кучли восита тил ва адабиётдир. Ўз адабиётининг ҳақиқий қадр-қимматини билган халқларнинг фарзандларигина ўз тилини чинакам ардоқлай олади. Қозоқ халқининг ўз тили ва ўз адабиёти бор… бизнинг бурчимиз унутилиб ётган улкан хазиналарни юзага олиб чиқиш ва ҳамманинг мулкига айлантиришдир” .

Энди Чўлпонга мурожаат қилайлик. Ёш мунаққид “Адабиёт надур?” мақоласида, биринчи навбатда, адабимётнинг ижтимоий моҳияти тўғрисида фикр юритади. Унинг фикрича адабиёт миллатни тараққий эттириш воситаси, унинг маънавиятини таъминлайдиган омил, Чўлпон бу хулосанинг чин эканлигига шу қадар ишонганки, мақолада ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган тарзда “адабиёт яшаса – миллат яшар” дея тасдиқлайди: “Ҳа, тўхтамасдан ҳаракат қилиб турғон вужудимизга, танимизга сув, ҳаво нақадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар билан кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса – миллат яшар. Адабиёти ўлмаган ва адабиётининг тараққиётига чолишмаган ва адиблар етиштирмаган миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолиб секин-секин инқироз бўлур”.

Бири Туркистонда, бири Қозоғистонда туриб, бир-биридан бехабар икки муаллиф деярли бир хил тарзда адабиётнинг моҳияти, жамият ҳаётдаги, миллат равнақидаги аҳамияти тўғрисида фикр юритмоқда. Бундаги муштараклик тасодиф эмас албатта. Бу шу билан изоҳланадики, ХХ ар бошларида Туркистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам улуғ Уйғониш шабадалари эса бошлаган эди. Туркистонда шу кезлари тарих майдонига кириб келган, кейинчалик “жадидлар” деб ном олган фикри очиқ, тараққийпарвар зиёлилар бу уйғонишни таъминлаган асосий куч бўлди. Улар мустамлакачилик стёсати туфайли Туркистон забун аҳволга тушиб қолганини, халқ важоҳат ва нодонлик қўйнида, эрксизлик бўйинтуруғи остида иккиёқлама зулм исканжалари остида қаттиф эзилиб ётганини чуқур англадилар ва бундай ҳаётни ўзгартириш, янгилаш зарурлиги ҳақидаги ғояларни олға сурдилар. Улар халқни маърифатли қилишни, савиясини кўтариб, оқ-қорани танийдиган қилишни янгиланишнинг бирламчи шарти деб билдилар ва шу олижаноб ниятни амалга ошириш учун фидойилик бидлан ишга киришдилар. Улар ҳар хил таъқиб ва таъқиқлараг қарамай, моддий қийинчиликларни енгиб мактаблар очдилар, дарсликларяратдилар, газеталар чиқардилар, нашриётлар очиб китоблар чоп этдилар, турли маданий-маърифий тўгараклар очдилар… Хуллас, қисқа муддат ичида жадидлар миллатнинг садоқатли ва фидокор фарзандлари сифатида танилди.

Чўлпон шу улуғ маърифтпарварлик ҳаракатининиг қанотларида ижод майдонига кириб келди. У мустақил ўқиб ўрганиш оқибатида ғоят юкмсак маданий савияга эга эди. Шарқ классиклари, айниқса, турк ва ҳинд ёзувчиларининг асарлари билан, шунингдеек, Оврўпа ва рус адабиёти билан пухта таниш эди. Шунинг учун 15-16 ёшларидаёқ маърифатпарарлик ғояларини қабул қилишга ҳар жиҳатдан тайёр эди. Шунинг учунт Чўлпон ёшлигига қарамай, Туркистоннинг тақдири тўғрисида, миллатнинг истиқболи ҳақида чуқур қайғуриш билан ўйлай бошлади. У ҳам жадидларга эргашиб, халқни жаҳолат ва нодонлик, эрксизлик ва қашшоқлик ботқағидан қутқариб олишнинг бирдан бир йўли маърифат деган эътиқодга келди. Миллатни равнақ топтириш учун, биринчи навбатда, уни мустамлака асоратидан халос этиш керак, бунинг учун эса халқ ўзини ўзи таниган бўлмоғи, ҳаммани бирлаштирадигшан, якдил қиладиган миллий ифтихор туйғусига эга бўлмоғи керак. Чўлпон халқни шу даражага етказишга ёрдам берадиган имкониятлар, чора-тадбирлар излайди ва адабиёт уларнинг энг самаралисидир деган тўхтамга келади. Шунинг учун ҳам ёш мунаққид комил ишонч билан ҳатто миллатнинг яшашини адабиётнинг яшашига боғлиқ қилиб қўйди. Эҳтмол, Чўлпон бу епрда бироз эҳтиросга берилгандир, бир оз муболағага йўл қўйгандир, лекин ҳеч шубҳа йўқки, ХХ аср бошларидаги Туркистон шароитида “адабиёт яшаса – миллат яшар” деган формула тўғри ва самарали формула эди. Муҳими шундаки, адабиётга бундай қараш, уни халқ ҳаётини янгилашнинг муҳим воситаси деб ҳисоблаш Чўлпон ижодида шунчаки йўл-йўлакай айтилган бир фикр сифатида қолиб кетгани йўқ, балки унинг кейинги ижоди давомида доимий равишда раҳнамолик қилувчи дастуруламал бўлди. Чўлпон шу эътиқоддан келиб чиқиб, 20-йиллард янги ниқобга кириб олган мустамлакачиликни фош этди, халқ учун кишан ясовчи турли-туман тўралар ва афандиларни қоралади, ҳурликни, эркинликни куйловчи оташин шеърлар яратди. Кейинчалик эса халқ ҳаётининг турли қатламларини ҳаққоний акс эттирувчи роман ва драмалар яратиб, халқнинг маънавий улғайишига катта ҳисса қўшди.

“Адабиёт надур?” мақоласининг кишини лол қолдирадиган яна бир муҳим томони шундаки, 16 ёшлик мунаққид адабиётнинг ижтимоий вазифасини таъкидлаш билан чекланмайди, балки унинг ўзига хос хусусиятига, яъни образлар табиатига алоҳида урғу беради. Ёш мунаққид учун адабиёт қуруқ ғоялар мажмуаси эмас, балки, биринчи навбатда, инсон руҳияти билан боғлиқ бўлган ғодисадир. У одамларнинг шуурига эмас, ҳис-туйғуларига ҳам таъсир этиши, уларни қувонтириб ёхуд маҳзун аҳволга солиб, шу орқали ижтимоий бурчини ўташи зарур. Чўлпон бу фикрларни ўзига хос образларда бундай ифодалаган: “Адабиёт чин маъноси ила ўлган, сўнган қаралган, ўчган мажруҳ ярадор кўнгилга руҳ бермак учун, фақат вужудимизга эмас, қонларимизга қадар сингишган қора балчиқларни тозалайдурган, ўткир юоак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви, хиралдашган ойналаримизни ёруғ ва равшан қиладурган, чанг ва тупроқлар тўлган кўзларимизни артиб тозалайдурған булоқ суви бўлгонликдан бизга ғоят керакдур”.

Қадим-қадимлардан бери маълумки, бдиий асар чинакам санъат даражасига кўтарилмоғи учун унда ғоявийлик билан бадиийлик чамбарчас бирикиб кетган бўлмоғи керак. Бадииятсиз ғоявийлик адабиётни муқаррар ўлимга маҳкум этадиган рак касалига ўхшайди. Адабиёт фақат бадиияти орқалигина, теран ҳаётий мазмунни, муҳим ҳаёт ҳақиқатини одамларни ҳаяжонлантирадиган, тўлқинлантирадиган бадиий шаклларда ифодалаганидагина жамият эҳтиёжини қондира оладиган қудрат касб этади. Буни яхши англаган Чўлпон бадииятининг моҳиятини ўзига хос тарзда шундай уқдиради: “…Баъзи вақтда фалак бир одамни қайғуга солар, ул ўзи тушуниб, ўйлаб туриб, оҳ тортиб йиғлар. Бу ҳасратларни ўз ичига сиғдиролмас. Бировга айтса, “вой бечора” дермукин деб, албатта, ўз қайғусини бировна айтмакка тилар. Тўппа-тўғри айтганда ул қадар таъсир қилмас. Адабиёт ила айтганда, албатта, таъсир қилар. Менинг бир ошнамнинг ўлдиги хабари келар. Мен ҳеч хафаланмайман. Бир вақтда мактуб келар, мактубда аларнинг кўрган кунлари адабиёт ила бундай ёзилур:

Гуллар билан пок қайғули маҳзун боқурди,
Кўз ёшларимиз тўхтамай тун-кун оқурди

Мана шуни ўқиб албатта, бир таъсир ила аларнинг қайғусига қўшилурмиз”.

Чўлпон адабиётнинг янги ғоявий мазмуни учунгина эмас, айни чоғда унинг юксак бадиияти учун ҳам курашганида, албатта, ўша даврдаги адабий жараённинг хусусиятига таянган. Маълумки, жадидлар ХХ аср бошларида маърифатпарварлик ғоялари билан суғорилган янги мазмундаги адабиёт яратдилар, аммо турли сабабларга кўра бу адабиёт ҳамма вақт ҳам юксак бадиият билан омуҳта бўлавермас эди. Шунинг учун бўлса керак, Чўлпон адабиётни санъатга яқинлаштириш имконларини излади ва бунга эришишнинг энг тўғри йўли ҳаққонийлик деган хулосага келди. Ҳаққонийликнинг илдизлари эса халқчилликда. Адиб ёхуд шоир халқ ҳаётининг ичида бўлмоғи керак ва бу ҳаётнинг ҳамма замзамаларини акс эттиришга интилиши керак. Эҳтимол, ёш Чўлпон бундай қарашларга стихияли тарзда келгандир, лекин нима бўлганда ҳам у “қалам аҳллари”ни халқ ҳаётига яқинроқ “аралашиб” юришга ундайди. “Адабиёт надур?”дан кейин ёзилган ва “Садои Туркистон” газетасининг 1915 йил 6 февраль сонида чоп этиган “Муҳтарам ёзғувчиларимизга” деган мурожаатномада Чўлпон шундай хитоб қилади: “Муҳтарам қалам аҳллари миллий маишатни ёмон деб безмай, зоҳирда бўлса ҳам тўйларда, гапхоналарда, баччабозлар мажлисида, базмларда ва шунга ўхшаш миллатнинг энг танқид қиладурган ўринларида бирга аралашиб юрмаклари керакдурки, токи комил ўша одатларни китоб саҳифаларида чиройлироқ қилиб ёзғундай бўлсунлар. Миллий маишатдан безган билан безилиб, кўмилиб кетаберадилар. Онда аралашиб юрулса, ондаги сўзларни, одатларни ўрганмоққа бўладурки, китоб бетларига кўчуриб ёзмоққа материалларнинг энг асллари халқ орасидан олинур”.

Чўлпон инқилобдан кейин ҳам ўзининг эстетик принципларини шакллантириб борди. У кўпгина мақолаларида конкрет ижодкорлар мисолида ёки муайян асарлар таҳлили орқали реализмнинг турли-туман масалаларини ўртага қўйди. Жумладан, унинг мақолаларида талант ва ижодий меҳнат, ҳаётийлик ва ҳаққонийлик, самимият ва сунъийлик, матн устида ишлаш, бадиий тасвирнинг чинлиги ва рангдорлиги, табиат манзаралари ва психологизм каби масалалар қаламга олинган ва улар тўғрисида бугун ҳам аҳампиятини йўқотмаган қимматли фикрлар айтилган. Масалан, Чўлпон мақолаларидан бирида адабиётнинг “тугалланиши”, яъни такомиллашишига катта эътибор бериб, бунга “адабиётга кира олмаган нарсаларни шафқатсиз суратда майдондан ҳайдаш” билан ва бадиий асар тилини соддалаштириш орқали эришилар деб ҳисоблайди. Чўлпон “Чиғатой гуриунги”га мансуб одамлар худди шу йўлда фаолият кўрсатганини айтади. Маълумки, бизнинг “совет” адабиётшунослигимизда бу ташкилот ҳамиша пантуркистик ташкилот сифатида аксилинқилобий олдинга сурган гуруҳ сифатида қораланиб келинди. Бунинг натижасида биз бугун “Чиғатой гурунги” ҳақида деярли ҳеч нарса билмаймиз. Бугунга келиб билганимиз шу бўлдики, “Чиғатой гурунги” ҳақида айтилган гапларнинг бари бўҳтон экан. Шунинг учун Чўлпон мақоласидан олинган қуйидаги парча шоирнинг чин адабиёт учун курашини кўрсатиш билан бирга, ўша тўгарак ҳақида қисман бўлса-да, маълумот беради: “…у жамиятга мансуб кишилар тилни соддалаштирмаслик мақсадини асос қилиб ушлаганлари ҳолда ўзбек адабиётининг тугалланишига ҳам катта аҳамият бердилар. Тугалланадурғон адабиёт чин адабиёт бўлмоғи керак. Шунинг учун улар адабий асарларга ҳақиқий қийматини бериб, адабиётга кираолмаған нарсаларни шафқатсиз сувратда майдонлан ҳайдай бошладилар… “Чиғатой гурунги” асосини маҳкам қурғонлиги ва чинакам тўғри чизғонлиғи учун ўзи йўқ, кетса ҳам, ўзбекнинг янги адабиётида янги, порлоқ, шарафли саҳифалар очди ва очмоқда давом этадир”.

1918 йила Чўлпоннинг ўзи ҳам “Чиғатой гурунги” тўгарагининг фаол аъзоси бўлганини айтсак, “чин адабиёт” учун курашда унинг хизматлари аён бўлади. Албатта, бизнинг мақоламизда Чўлпоннинг ҳамма адабий-танқидий мақолаларини тилга олиб, уларда кўтарилган масалаларни батафсил шарҳлаб чиқиш имкони йўқ. Бироқ янги ўзбек адабиёти учун унинг изчил кураши ҳақида сўз борар экан, бир мақолани сира ҳам четлаб ўтиб бўлмайди. Бу “Улуғ ҳинди” деган мақола бўлиб, унда олға сурилган фикрлар ғоят принципиал қимматга эга.

“Маориф ва ўқитғувчи” журналининг 1925 йил 7-8 қўшма сонида чоп этилган бу мақола бир қарашда жузъий масалага – буюк ҳинд шоири Робиндранат Тагор сиймосини тарғиб қилишга бағишлангандай кўринади. Бироқ аслида эса Чўлпон Тагор баҳонамсида ўзбек адабиётининг ривожи қай йўлдан бориши кераклиги ҳақидаги мулоҳазаларни баён қилади. Мақолада Тагор асарлари идеал даражаси кўтарилган чинакам санъат намуналари сифатида талқин қилинган. Хўш, Чўлпон Тагор ижодини қпай жиҳатдан идеал ижод деб билади? Шуниси муҳимки, Чўлпон бу тўғрида фикр билдирар экан, фақат ўзбек адабиёти ёхуд ўзбек ёзувчмларинигина назарда тутмайди, балки, умуман, янги адабиётнинг ХХ аср бошларида адабиётга кириб келган Шарқ ёшларини назарда тутади. Чўлпоннинг назарида бу ёшлар “йўлсизлик касалига чалинган. Қолаверса, Чўлпоннинг ўзи ҳам “йўлсизлик дардидан кўп азият чекади. Нима учун? “Йўлсизлик” деганини қандай ташанмоқ керак? Чўлпон ёзади: “Эски адабиёт билан янги адабиётнинг ўртасида қолғон шарқлик ёш чинакам чучмал бир вазиятдадир. Эски адабиёт бир ширин: янгиси яна ширин: ғарбники тағин яна ширин. Қайси биттасига кўпроқ берилсин?”

Афсуски, Чўлпон бу ўринда эски ва янги адабиётнинг “ширинлиги” нималарда ифодаланишини айтмайди, фақат мақола давомида ёшларнин йўлсизлиги, “бошлаб ўзи йўлсиз” эканини айтиб, унинг моҳияти нимадалигига ишора қилади: “Ўзимнинг йўлсизлигимдан бироз сўзлаб ўтайин: Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқийман: бир хил, бир хил, бир хил… Кўнгил бошқа нарса қидирадир. Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, Жўлқунбойларни ўқийман: қувонтирадир, холос! Улар менинг учун ёлғон чироқлар бўлса ҳам, менинг эртам учун! Авлоний, Тавалло, Сиддиқий ва Ҳакимзодаларни ўқимайман, ўқимайман. Мана шу ҳолга солғон ўшалар!..” Бу парчада Чўлпон ўзбек намояндаларининг номларини тилга оляпти, уларнинг ижодида бир хиллик борлигидан, баъзиларида эса бундан ҳам жиддийроқ нуқсонлар борлигидан зорланяпти. Шу парчага қараб туриб Чўлпоннинг ўзбек классикларига салбий муносабати ёхуд менсимай қарагани ҳақида гапириш мумкинми? Афсуски, мен Чўлпон ҳақидаги ритсоламда шунга яқинроқ гапни айтганман ва классикларимизни ўзимча Чўлпондан ҳимоя қилмоқчи, Чўлпоннинг ўзини ҳам ўз мақоласида ҳимоя қтлмоқчи бўлганман. мана ўша парча: “Ўйлайманки, бугун Чўлпоннинг бу хулосаси билан унчалик келишиб бўлмайди – классикларимизнинг ҳар қайсис ўзига хос иқёфага, бир-бириникидан фарқ қилувчи услубга эга экан, оламни идрок этадилар ва олам ҳақидаги қарашлари билан ҳам, эстетик принциплари жиҳатидан ҳам бир-бирларини такрорламасликлари исбот қилинди. Лекин Чўлпон уларни “бир хил, бир хил,бирхил!” деб баҳолаётган экан, бунда Шарқ шеъриятининг ўзига хос баъзи сифатларини назарда тутаётган бўлиши мумкин”.

Гап шундаки, Чўлпон бу мақолада фақат ўзбек адабиёти ҳақидагина мулоҳаза юритаётгани йшқ, балки у шарқ адабиётидан ҳам, Ғарб адабиётидан ҳам кўнгли унча тўлмаслигини айтяпти, бу адабиётлар ё “ортиқча шарқлилиги” ёхуд “ортиқча ғарблилиги” билан таассуф туғдиришини изҳор қиляпти. “Тўқайдан тортиб Қави Нажмийгача – татар адабиёти, Ҳодидан тортиб Ҳ.Жаводгача – озарбайжон адабиётини (Ҳусайн Жовидни ажратиб олиб қолдим!), Номиқ Камолдан Али Сайфийга довур Усмонли адабиётини ўқийман: ё ортиқча янгилик, ғарблилик ё ортиқча шарқлилик, фақат усмонличадан Ризо Тавфиқнинг баъзи бир янги шакл билан эски руҳда айтган сўфийларча шеъриятини ўқийман, шуларга дурустгина қониқаман. Ундан кейин Яҳё Камолнинг “Сайдобод” руҳида баъзи нарсалари. Фақат улар шу қадар озки…”

Савол туғилади: нима учун Чўлпон бир варакайига ҳам ўзбек, ҳам татар, ҳам озарбайжон, ҳам турк адабиётларининг намуналаридан қониқмаслик туйғуларини намоён этяпти?менимча, бунинг бирдан бюир сабаби шундаки, Чўлпон Уйғониш давриниг одами бўлгани учун адабиётнинг ҳам янгича бўлишини хоҳлаган. Янги адабит уйғониш даврининг моҳиятига мос келадиган, халқ ҳаётига яқинроқ турадиган адабиёт бўлмоғи керак. Ортиқча “шарқлиликка ёки ортиқча “ғарблиликка” берилган адабиёт эса бу талабларга жавоб беролмайди. Хўш, нима қилмоқ керак? Аадбиётни, “ширинликдан, “бир хилликдан” қутултиришнинг йўли қанақа бўлади? Чўлпон бу саволларнинг жавобини Тагор ижодидан излайди. Мунаққид Тагор асарларини ўқиб, “улардан қонганини маълум қилар экан, бунинг асосий боиси деб Тагорнинг “Шарқ ва Ғарб ўртасидаги олтин кўпррик” эканини айтади. Дарҳақиқат, Тагор ижоди тўлалигича Ҳиндистон заминида ўсиб-улғайган бўлса-да, бетакрор миллий рангларга эга бўлса-да, бу ижод миллий маҳдудликдан узоқ. У ўз ижодида ҳам миллий, ҳам Шарқ, ҳам Ғарб анъаналарини бирлаштрди. Унинг шеъриятида ва романларида Шарққа хос шартлилик, кўтаринкилиук, донишмандлик ҳам, Ғарбга хос психологизм, характерлар мантиғига амал қилиш, далиллаш ҳам бор. Бунинг оқибатида у ҳинд халқининг ҳаётини шундай тасвирладики, бу тасвир бутун жаҳон китобхонига – унинг миллати ва яшаш жойидан қатъи назар – баравар таъсир қиладиган кучга эга бўлди. Юксак бадиият билан таҳлил қилинган умумбашарий муаммолар Тагор асарларига алоҳида теранлик ва ўзига хос фалсафийлик бахш этдики, худди шу сифатлар уларни Чўлпон учун бағоят жозибадор қилди.

“Улуғ ҳинди” мақоласида Чўлпон Тагордан олинган сабоқ сифатида яна бир масалани қўйди. Шу муносабат билан юқорида мақолада келтирилган матн парчасидан бир нуқтага диққатни жалб қилмоқчиман. Чўлпон бошқаларга қараганда Авлоний, Тавалло, Сиддиқий ва Ҳамза Ҳакимзода шаънига кескинроқ оҳангда гапиради, “Мени шу ҳолга солган”, “яъни “йўлсизликка”, “мубтало қилганлар “Ўшалар” деб, бир марта эмас, икки марта уларни “ўқимайман, ўқимайман” деб таъкидлайди. Афсуски, бизнинг ўзбек “совет” адабиётшунослигида Чўлпоннинг бу мулоҳазаси ҳам илмий асосда холисона таҳлил қилиниш ўрнига унга сиёсий айблар тақаш учун яна бир баҳона бўлди. Ҳатто, “жиддий адабиётшунослардан бири” сифатида танилган Иззат Султон ҳам шу “далил” асосида Чўлпонни айблашдан тийина олмайди. “Бу ерда совет воқеълигини сўзсиз ва изчил қабул қилган шоирларга салбий баҳо берганлиги (афтидан, Ҳамза ва Авлоний назарда тутиляпти, шекилли. Унда Тавалло ва Сиддиқий нима бўлади? – О.Ш). чўлпон “йўлсизлиги”нинг маъносини очиб беради: у ҳали шоир сифатида янги воқеликни тушунишга ва мадҳ этишга тайёр эмас”.

Чўлпоннинг адабиётдаги “йўлсизликдан” қутулиш йўлларини излагани тўсатдан каттакон сиёсий айбга айланиб қолган. Ҳолбуки, Чўлпоннинг мақоласида на совет воқелиги, на инқилоб ҳақида гап кетаётипти, айрим шоирлар ҳақида кескинроқ руҳда гапирилаётган экан, буни Чўлпон уларнинг инқилобни “сўзсиз” қабул қилганлиги учун эмас, бошқа сабаблар туфайли қиляпти. Маълумки, жадидлар адабиётидан жамиятни янгилаш жараёнида муҳим қурол сифатида фойдаланишган. Аммо айрим жадид ёзувчиларининг ижодида ғоялар тарғиботига кўпроқ эътибор берилиб, бадиият масалалари кейинги ўринларга тушиб қолган эди. Натижада санъатнинг энг муҳим шартларидан бири бўлмиш мазмун билан шакл бирлигига путуретабошлаган, ғоявийлик бадиият ҳисобига устувор ўрин эгаллай бошлаган эди. Бу нуқсон нафақат Ҳамза, Сиддиқий ёхуд Авлоний асарларида, ҳатто жадидчилик ҳаракатининг энг йирик сиймоси Маҳмудхўжа еҳбудий ижодида ҳам кўзга ташланади. Афтидан, Чўлпон бу ҳодисани жуда чуқур ҳис қилган, унинг хавфини жуда аниқ англаган ва мақолаларида бунга қарши огоҳлантирган. Унинг айрим асарларни “ўқимайман” деб зорланишининг асосий сабаби ҳам шунда – бу асраларда ғояга урғу берилган-у, бадиият оқсаб қолган.

Шундай қилиб, Чўлпоннинг 20-йиллардаги бир қанча мақолаларида тилга олинган ва “Улуғ ҳинди” анча тўлиқ ифодаланган масала – янги ўзбек адабиётини яратиш масаласи эди. Чўлпоннинг назарида бу вазифани муваффақиятли ҳал қилиш учун Тагордек буюк санъаткорлар тажрибасидан келиб чиқиб, Шарқ ва Ғарб санъатларини синтез қилмоқ ва мазмун билан шаклнинг уйғунлигига эришмоқ керак, зинҳор базинҳор санъатни қуруқ ғоялар мажмуасига айланиб қолишига йўл қўймаслик зарур.

Афсуски, 20-йилларда ҳам, ундан кейинги даврларда ҳам Чўлпоннинг бу хитоби ҳеч кимнинг қулоғига етиб боргани йўқ. Чунки совет ҳокимияти йилларида амалга оширилган адабий сиёсат – чинакам санъат намуналарини яратишдан кўра ёзувчиларни ҳукмрон мафкуранинг содиқ солдатларига айлантиришга ҳаракат қилган эди. Ёзувчи ўз “ёғига ўзи қоврилиб, минг хил ижод изтиробларини кечириб, матн устида жон куйдириб ишлаб ўтириши шарт бўлмай қолганди – у “долзарб” мавзуни танласа, илғор ишчи ё садоқатли коомунистни қаҳрамон қилиб олса, халқлар дўстлигини улуғлаб, улуғ мадҳиялар ўқиса, “ҳаётимиз фаровон, келажагимиз порлоқ, партияга имнг раҳмат!”деган гапларни айтса кифоя эди. Бундай асар, бадиий савиясидан қатъи назар, ҳақиқий адабиёт деб баҳоланар, ортиқча тўсиқларсиз чоп этилар, бошқа тилларга таржима қилинар, ҳар хил мукофотлар-у, унвонлар билан рағбатлантирилар эди. Бу сиёсат мақаррар равишда адабиётда “схематизм” деган даҳшатли иллатни туғдирди, ҳақиқий истеъдод эгаларини қадрсизлантирди, ўртамиёначиликка кенг йўл очди, санъат бобида талантсиз, лекин иғволарга, фисқу фасодларга, хушомад ва лаганбардорликка, замонага мослашишга устаси фаранглар, нафси учун виждонини сотишга тайёр одамлар сув бетидаги кўпикдек қалқиб юришига имкон яратди. Яфсуски, бу ғайритабиий, тескари ҳодисанинг оқавалари ҳозирги кунга қадар ҳам сирқиб ётибти. Чўлпоннинг зорланишларига ва огоҳлантиришларига эътибор бериб, ўша маҳалдаёқ бу ҳодисанинг олди олинганда, эҳтимол, аҳвол бошқача бўлиши мумкин эди, ўзбек ёзувчиларининг асарлари ҳам хозиргидан кўпроқ даражада жаҳон миқёсида тан олинган ва танилган бўлармиди? Нима бўлганда ҳам, бизни ғоят қувонтирадиган жойи шундаки, шоир ва драматург, носир ва публицист Чўлпон танқидчилик билан ҳам жиддий шуғулланиб, бугун ҳам қимматини йўқотмаган асарлар мерос қолдирган. Униннг мақолалари бу улуғ инсоннинг чинакам халқ фарзанди бўлагнини, миллат равнақи йўлида астойдил қайғуриб чолишганини, ўзбек адабиётининг том маънодаги юксак адабиёт учун бўлиши учун қимматли фикрлар баён қилганини кўрсатади. Чўлпон бу фикрларин баён қилиш билан, янги адабиёт яратиш йўлидаги мулоҳазаларини ўртага ташлаш билан чеклангани йўқ, балки ўзининг амалий ижодида бу эътиқодларга амал қилиб, ўзи ҳам “Ғарб ва Шарқ ўртасида олтин кўприк” бўладиган асарлар яратди…

Чўлпонда миллий ифтихор туйғуси шу қадар ўткирки, у бирон ўринда миллат шаънига айтилгантаҳқирли гапларни назарган қочирмайди. Биринчи қарашда, бундай таъналар ёхуд пичинглар ҳар қанча арзимас кўринмасин, Чўлпон улар ҳақида ўз лулоҳазаларини айтади ва яранинг газак олишининг олдини олгандай бўлади. Бир мисол келтирайлик. Чўлпоннинг 1924 йилда ёзилган ва “Фарғона” газетасида босилаган бир мақоласи бор. “Қаламнинг тойилиши” деб аталган бу мақола адабий-танқидий мақола эмас, бироқ у Чўлпоннинг ўз халқининг миллий туйғуларини, шаънини нечоғли сезгирлик ва ҳушёрлик билан ҳимоя қилганини яхши кўрсатади. Мақоланинг ёзилишига сабаб бўлган воқеа шуки, Москвада Главхлопком деган ташкилот пахта ҳақида китоб чиқарибди-да, унга “русский хлопок” деган ибора қўлланди. Тошкентда чиқадиган “Туркестанская правда” газетасида эса бир мақолада “Русский Памир” деб ишлатилибди шунга ўхшаш биринчи қарашда ғайримантиқий кўринган, аслида баъзи бир шовинистларнинг ўзбек халқига менсимай қараши, Туркистонга отасидан қолган мулкидай муносабатда бўлишини ифодаловчи иборалар Чўлпонни қаттиқ ғазаблантиради. “Русский хлопок” дейиш мумкин бўлса, нима учун “Русский Туркистан” дейиш мумкин бўлмасин?” дея истеҳзо билан сўрайди Чўлпон ва мақола давомида рус чоризмининг мустамлакачилик сиёсатини оқлашга уринувчиларни қаттиқ фош қилади. Чўлпон ўз мақоласида Туркистон иқтисодий шўроси чиқарган “Статистическое ежегодник”дан қуйидаги парчани келтиради: “Туркистонни олган рус подшолари уни мустамлака қилмоқ учун муайян режа билан иқтисодий зарурат орқасида олгонлари йўқ. Халқи Россияга чегарадош бўлғон қабилалар рус савдо карвонларини талаб, ҳадеб бесаранжом қила бергандан кейин, шуларни босамиз деб айланишиб келиб қолғон”. Чўлпон чоризмнинг бунақа ҳимоячиларини фош қилар экан, Туркистоннинг мустамлака бўлганини Октябрь идеологлари ҳам тан олганини эслатиб ўтади.

Чўлпон бошқа масалаларда ҳам, жумладан маданият борасида ҳам халққа ўринсиз таъналар қилувчи, асоссиз равишда унинг “нодон”лиги ёки “маданиятсизлиги”ни пеш қилувчи одамларни ҳам танқид қилади. Бунда ҳам Чўлпон учун арзимайдиган гап йўқ, у йўл-йўлакай айтилган гап-сўзларга жавоб беришни ҳам бурчи деб билади. 20-йилларда ҳам баъзи спектаклларга томошабин кам қатнаган кўринади. Шу сабабдан бўлса керак, “халқ театрга юрмайди” деган гап тарқалиб, айбни маданий савиянинг пастлигига қўймоқчи бўладилар. Чўлпон бунга кескин жавоб беради: “Халқ театга юрмайди” деган гап тўғри эмас. Халқ юрадир. Лекин театр-томоша исмида бўлатурғон қўғирчоқ ўйинларига, ўз руҳига ёт бўлган, унга англашилмайтурганган таржималик “ғарбий” асарларга юрмаса ҳақи бордир. Йўқ эса, ўзини қизиқтирадиган заминларда ёзилган ва яхши ўйналатурғон томошаларга халқ юрадир”.

Чўлпоннинг миллатпарастлиги, миллий ифтихор туғусининг ўкирлиги унга маданият, санъат, адабиёт ходимларини объектив баҳолашга ҳалақит берган эмас. Керак ўринларда Чўлпон маданий сиёсат бобидаги нуқсонларни кескин танқид ҳам қилган, халқ турмушидаги, урф-одатларидаги, дидидаги кемтикларни очиқ айтишдан ҳам сира тортинган эмас. Демак, Чўлпоннинг 20-йиллардаги мақолаларида намоён бўладиган миллатпарастлиги шунчаки ғайришуурий, стихияли, “биологик” туйғу бўлган эмас. Ундаги миллий ифтихор туйғуси реал замин асосида шаклланган туйғу ва у ўз навбатида Чўлпоннинг байналмилалчилигига қанот бўлган…

Чўлпон ҳам бошқа истеъдод соҳиблари каби совет ҳокимияти йилларида тўрга илинган балиқдай ҳукмрон мафкура домига илиниб, ундан қутулиш илинжида таҳликада типирчилаб яшашга мажбур бўлган. Айниқса, большевиклар тузуми мурватларни қаттиқроқ бураганда, тизгинлар қаттиқ тортилганда чўлпонлар омон қолмоқ учун замона зайлига қараб иш юритишга мажбур бўлган. Агар 20-йилларнинг бошларида ҳали адабиёт ва санъат соҳасида нисбатан жиндай эркинлик мавжуд бўлган бўлса, ҳали адабиётда бир-биридан фарқ қилувчи оқимлар яшаётган ва улар бир-биридан фарқ қилувчи ғояларни олға сураётган бўлса, 20-йилларнинг иккинчи ярмида жиндай-жиндай тоза ҳаво кириб турган тешиклар батамом ёпиб ташланади. Айниқса, РКП (б) Марказий Комитетининг 1925 йил 18 июн қароридан кейин “пролетар адабиётининг гегомонлиги” учун кураш жуда қизғин тус олди. Бунинг оқибатида ижодда ҳар қандай эркинликка чек қўйилди. Янги пайдо бўлган РАПП ташкилоти ҳам ўзининг вульгар социологик қарашлари билан ҳукмрон мафкуранинг тегирмонига сув қуйди. “Мафкуравий соғломлик учун”, “Ёт мафкураларга қарши кураш” шиори остида адабиётдаги ва санъатдаги ҳар бир мустақил куч, ҳар бир йилт этган истеъдод эгаси шафқатсиз тазйиқ остига олина бошлади. Бунга бўй бермаган, бўлар-бўлмас ривоятларни, ёлғон-яшиқ афсоналарни қабул қилмаган адабиётчилар боши устида эса ҳеч муболағасиз ўлим хавфи қанот ёза бошлади. Ҳукмрон мафкура ўз ақидаларини НКВД, ГПУлар орқали зўрлик билан ўтказа бошлади. Бундай шароитда ҳар қандай ижодкор ҳам табиий равишда жонини сақлаб қолиш йўлларини қидира бошлайди. Баъзилар кўпроқ, баъзилар камроқ даражада замонасозликка ўтади. Шулар қаторида Чўлпон ҳам бор эди. Хўш, бунинг учун Чўлпонни қоралаш мумкинми? Нега у мардона равишда ўзини ўққа тутиб бермади? – дея унга таъна қилиш мумкинми? Менимчва, йўқ. Чунки ўз-ўзини сақлаш инстинкти – инсоният табиатида, қонида, шуурининг аллақайси пинҳона пучмоқларида бор. Ҳар қандай одам ҳам хатарга, ўлим хавфига дуч келганда, ҳатто истамаса ҳам, ҳимояланиш, ўзини асраш йўлига ўтади. Ижодкор одам ҳам бундан мустасно эмас. Буни ўз эътиқодидан чекиниш деб қараш керак эмас. Чўлпон эътиқодиданчекингани йўқ. Аввало, шуни айтиш керакки, мустабидлик тазуми авж олиб, ҳукмрон мафкуранинг хуружлари кучайган сари, айниқса, 30-йилларнинг бошидан бошлаб, адабиётда “Совет воқелигини мадҳ этиш, партиянинг раҳбарлик ролини улуғлаш, доҳий образини яратиш” деганга ўхшаган ҳодисалар жуда кенг қулоч ёйди. Бу йўлга кирмаган шоиру ёзувчилар очиқдан-очиқ аксилинқилобчи, миллатчи шоирлар сифатида қараларди. Буни қарангки, Чўлпон бутун ижоди давомида биронта шеърида Сталиннинг номини тилга олмади, ҳатто бир неча йил қантаргач, созини яна қўлга олиб, яъни “Собет позициясига” ўтиб ёзган шеърларида ҳам бундй қилмади. Тўғри, “Соз” тўпламига кирган шеърлар ичида “ғоявий” шеърлар ҳам бор – уларнинг айримлари инқилобга, партия қурултойига, янги ҳаётга бағишланган. Бироқ улар бадиий жиҳатдан Чўлпоннинг асл шеърларидан заифроқ бўлсалар-да, ошкора хушомаддан ёхуд ҳамду санодан узоқ шеърлар. Афтидан, Чўлпон битта яхши шеърини яратиш учун ўша шароитда ҳукмрон мафкурага жиндай ёнбериб, икки-учта “”ғоявий шеърлар битган кўринади. Унинг адабий-танқидий мақолалари ҳам шунақа. Фақат баъзи мақолаларидагина, юқорида кўрганимиздек у ҳукмрон мафкуранинг баъзи бир “қўшиқлари”ни куйлаган бўлса эҳтимол. Бунинг учун Чўлпонни қоралаш, унинг меросини айрим қисмидан воз кечиш мумкин эмас…

Чўлпоннинг адабий-танқидий мероси эндигина ўрганила бошланди. Ҳозирча шу нарса аён бўлдики, бу мероснинг жуда зўр фазилатлари ҳам, ўзига яраша қусурлари ҳам бор. Уларда Чўлпон босиб ўтган мураккаб йўл муҳрланиб қолган. Бу мерос ўзининг жамики фазилатлари ва қусурлари билан адабий тафаккуримиз тарихининг қимматли саҳифасини ташкил қилади.

ЭЪТИҚОДИМНИ НЕГА ЎЗГАРТИРДИМ?

Эскиган, чириган тамаллар
Йўқликка эгри йўл изларкан,
Нега мен ундан юз ўгирмай?

БОТУ

1996 йил бошларида «Труд» газетасида Россия Коммунистлар партияси раҳбари Геннадий Зюгановнинг суҳбати босилди. Унда қуйидаги гаплар ҳам бор эди: «Бутун умрини тинч яшаб, мамлакати, халқи ҳақида яхши гаплар гапириб келган, кейин айниган одамни кўрсам, ҳазар қиламан. Агар у бутун умри давомида ёлғон гапирган бўлса, ҳар куни уйига қайси юз билан кирди экан, яқинлари билан қандай мулоқотда бўлди экан? Одам олтмиш ёшга кирганида, чинакамига кўзи очилиши ва ўтмишни қаҳру ғазаб билан қоралаб, оёқости қилиши мумкинлигига негадир ақлим бовар қилмайди».

Аввалига бу гапларга унчалик эътибор берганим йўқ — бамайлихотир юравердим. Лекин негадир юрагим ғашланаверди, аллақаерим зирапча киргандек лўқ-лўқ қилиб тинчлик бермасди. Ўйлаб қарасам, бу аччиқ гаплар тўғридан-тўғри менинг шаънимга айтилган экан. Ахир, мен ўттиз йиллик партия аъзоси эдим, олтмиш ёшга кирганда партиядан чиқдим, бутун умрим мобайнида мамлакат ҳақида, халқ тўғрисида яхши гаплар айтиб келган эдим, бугун эса ўзимнинг коммунистча ўтмишимни астойдил қоралаш билан бандман. Мана, эътиқодимни ўзгартирганим учун ўртоқ Зюгановнинг маломатига қолиб ўтирибман, Зюгановнинг дашноми ачиб турган ярага туз сепгандай бўлди. Негаки, эътиқодсизлик чиндан хам ёмон нарса. Ўзим ҳам бўлар-бўлмасга эътиқодини янгилайверадиган беқарор ва бебурд одамни ёмон кўраман. Айниқса, шахсий манфаат йўлида дўстини, оға-инисини, устозини чақса кепакка сотиб юборишдан тоймайдиганлардан мен ҳам ҳазар қиламан. Бироқ эътиқодингиз ҳаёт синовига дош беролмаган ва сизни аллақа
чон боши берк кўчага киритиб қўйгани исботланган, муқаддас деб ҳисоблаб келган байроғингизнинг сохталиги билиниб қолса, нима қилмоқ лозим? Шунда ҳам одам миси чиққан эътиқодига кўр ҳассасига ёпишганидек ёпишиб олмоғи керакми? Шунда ҳам Қўқон бозоридаги ўжар деҳқонга ўхшаб, «диғоним — диғон» деб безрайиб туравериши зарурми? Йўлингизда тўсин учраб қолса, «мен фақат тўғри юраман» деган ақида билан бориб унга пешонангизни уриш доноликдан эмас-ку, ахир!
Шундай қилиб, мен олтмиш ёшимда эътиқодимни ўзгартдим ва Зюгановнинг маломатига қолдим. Начора, бу ҳам бир кўргулик-да! Ўртоқ Зюганов менга таъна тошларини отиб, анча-мунча хумордан чиқиб олган бўлса ажаб эмас. Аммо масаланинг «лекин»и шундаки, ўша кезларда эътиқодини ўзгартган биргина мен ёки Эшмат билан Тошмат эмас эди. Ундайлар минглаб, юз минглаб, ҳатто миллионлаб эди. Ўзингиз ҳисоблаб кўринг, бир замонлар РСДРП, кейин—РКП (б), ундан сўнг — ВКП (б) ва ниҳоят, КПСС деган ном билан довруғ қозонган партия сафида 80-йилларнинг охирига келиб тахминан 20 миллион аъзо бор эди. 20 миллион-а! Айтмоққа осон! Бу саноқ ўртача нуфусли Овруло мамлакатининг аҳолисига тенг келади.
Бугун шунча одамнинг ҳаммаси бўлмаса-да, мутлақ кўпчилиги коммунистик мафкурадан узил-кесил юз ўгириб, эътиқодини ўзгартирди. Тузукроқ ўйлаб қаранг, маънавий суянчиғи барбод бўлган, ихлос билан ишонган идеаллари сароб бўлиб чиққан салкам 20 миллион одам! Ҳаётининг ярмидан кўпини яшаб қўйгач, бирдан шунча умр бехуда кетганини англаб қолган, дунёни поклашдек олий ниятга хизмат қиляпман деб ўйлаган, аслида эса ўзи буткул «кирланиб» битган 20 миилион одам! Башарият тарихида ҳали ҳеч қачон бунақа ката фалокат, бунчалик беҳудуд фожиа рўй берган эмас эди ва, эҳтимолки, бундан кейин ҳам ҳеч қачон рўй бермас. Бу шундай мислсиз фалокат, шу қадар улкан маънавий емирилишки, унинг оқибатида курралар меҳваридан чиқади, жамиятнинг руҳий мувозанати бузилади, қанчадан-қанча одам тўсатдан ўзини жунун водийсига тушиб қолгандай ҳис қилади ва янги суянч тоғларини излаб ҳар томон сарсари югуради. Шундоқ экан, беқиёс фалокатдан азият чеккан миллион-миллион одамдан «ҳазар қ
илиш» билан масала ҳал бўлармикан? Улар «ўз ўтмишларини оёқости қилмоқдалар» дея таъна тошини отган билан иш битармикан? Тўғри, ўтмишни қоралашдан фойда йўқ. Чунки ўтмиш — ўтмиш-да! У аллақачон тарихга айланган. Унинг бирор кемтигини бутлаб қўйиш мумкин бўлмаганидек, бирор бесунақай жойини пардозлаб, текислаб ҳам бўлмайди. Ундан фақат сабоқ олиш мумкин.
ХХ аср сўнггида юз берган бу мислсиз маънавий ҳалокат жуда кўп одамларни гарангситиб, саросимага солиб қўйди. Олимлар, мутафаккирлар унинг сабабларини ўрганишга киришди. Хозирнинг ўзида бу тўғрида ўнлаб, юзлаб салмоқли тадқиқотлар майдонга келди. Келажакда улар янада кўпроқ яратилар. Албатта, улкан тарихий эврилишлар силсиласида биргина одамнинг бошидан ўтганлари махсус эътибор бериб ўтиришга арзийдиган катта воқеа эмас. Масалан, мен нега эътиқодимни ўзгартдим, бу жараёнда қандай изтироблар чекдим, қандай ўйлар, ўкинчлар, афсусу надоматлар кўнглимдан кечди — бунинг кимга ҳам қизиғи бор дейсиз? Аммо ҳамма титраб-қақшаб зулматни қоралаётган чоғда биттагина шамчироқ ёқилсаю ўша зулматнинг бир чеккаси сал бўлсада ёришса нима қипти? Дарёлар ирмоқлардан, ирмоқлар томчилардан ташкил топади. Шундоқ экан, бир одамнинг аччиқ тажрибаси ҳам нимагадир асқотиб қолиши мумкин-ку! Хамма бўлмаса ҳам, лоақал невара-чевараларим ўқиб, мен бошимдан кечирган адашишлар ва хатоликлар йўлига қадам қўйишдан ўзларини тиярлар.

* * *

Абдулла Қаҳҳорнинг ибораси билан айтганда, мен партияга чақириқ қоғози билан кирган эмасман. Бинобарин, менинг коммунистча эътиқодим ҳам қандайдир мажбуриятлар туфайли, кимларнингдир қийин-қистови билан шаклланган эмас. Аксинча, эсимни танибманки, мен юрган йўллар тўппа-тўғри партияга олиб келувчи йўллар бўлган эди. Балоғат ёшига қадам қўйишим биланоқ партияга аъзо бўлиш, коммунистлар сафида одим отмоқ ҳаётимнинг бош мақсадига айланган эди. Мени бунга ҳеч ким мажбурлагани йўқ, лекин бутун турмуш тарзим, мактабда кечирган ҳаётим ҳам, оиламиздаги шароит ҳам, умуман, мен яшаб нафас олаётган муҳит бошидан оёғигача буткул менда шу иштиёқни туғдирди ва яшнатиб авж олдирди.
Бугун йиллар қаъридан назар ташласам, болалигим қирмизи алвонлар ял-ял товланиб, тантанавор мусиқа садолари яйраб турган, гулларга тўлиқ, чароғон нурларга кўмилган муаззам гўшадан чиқиб келаётгандек туюлади. Айниқса, мактаб йиллари… Барабан садолари, горн оҳанглари, пионер бўйинбоғларининг ҳилпираши, қувноқ қўшиқлар, сафларда шахдам юришлар… Қоматлар тик, бошлар мағрур кўтарилган. Том маънода ўзимизни бахтиёр ҳис қилардик. Тўғри, устимиз юпунгина эди, қорнимиз бирда тўйса, бирда тўймай қолар эди. Кўча-кўйларда ҳам, дала-даштларда ҳам беташвиш, ҳамма нарсадан мамнун одамлардан кўра, тунд, қовоғи солиқ, пешонаси тиришган, тажанг одамлар кўпроқ рўпара келарди. Улар қандайдир мусибат остида эзилгандай кўринарди. Аммо бу ташвишлар билан бизнинг ишимиз йўқ эди. Биз бахтиёр эдик ва бахтиёрлигимиз учун меҳрибон отамиз — доҳий Сталинга раҳматлар айтишдан бўшамасдик. Табиийки, у пайтларда биз дунёни боланинг кўзи билан кўрар, кўрганларимизни боланинг ақли билан идрок этар эдик — бизни исталган кўйга солса бўларди, биздан исталган қўғирчоқни ясаш мумкин эди. Бизга нимани уқтирсалар, шуни ҳақиқат деб қабул қилардик. Қулоқдан кирган панд-насиҳатлар, кўзимиз кўрган шиору чақириқлар юрагимизга бажарилиши шарт бўлган ҳарбий буйруқлардек ўрнашиб қоларди.
Кейин балоғат ёшига етдик. Кечаги юриш-туришимизда ўйинга мойил томонлар кучли бўлган бўлса, бугун уларнинг ҳаммаси жиддий тус олди. Биз ўзимизни анча улғайган, ҳамма ишни мустақил ҳал эта оладиган одамлар сифатида ҳис қилдик. Комсомолга кирдик. Бу — ҳаётимизнинг илк босқичидаги энг жиддий, энг аҳамиятли воқеа эди. Сўровномалар тўлдирдик, ижтимоий келиб чиқишимизни баён қилдик, мажлисларга масала бўлдик, раён комсомол қўмиталарининг бюро мажлисларида тик туриб саволларга жавоблар бердик, низомда айтилган талабларни оғишмай бажараман, деб қасамёд қилдик ва уни адо этишга бақадри имкон тиришдик ҳам. Комсомол билети биз учун энг муқаддас ашё эди — уни кўз қорачиғидай асрардик. Комсомоллик йилларимиз уруш даврига тўғри келди. Биз ҳали ҳам юпун, чала қурсоқ эдик, яшаш шароитимиз жуда қолоқ ва оғир эди. Турмушда ҳали тузукроқ рўшнолик кўрганимиз йўқ, хонадонларимизда биримиз икки бўлгани йўқ, юртимиз ҳам ободончиликдан йироқ эди. Биз буларнинг барини урушга йўярдик-да, ҳамон ўзимизни бахтиёр ҳисоблардик. Тўғри, юрагимизнинг аллақаерида шу бахтимиз кемтиклигини ғира-шира ҳис қилардик. Лекин «Нега шунақа? Бу кемтиклик нимада?» деб ўз-ўзимиздан сўрамасдик. Сўролмасдик ҳам. Биров ман этгани учун эмас, балки сўраб ўрганмаган эдик. Умуман, советча ҳаётимизнинг бирор жиҳатига шубҳа билдириш, бирон ишимизга шак келтириш ёки ақидамиздан гумон қилиш бизга ёт эди. Биз бахтиёр эдик, чунки бизга «Сенлар — бахтиёрсан» деб уқтиришган эди. Биз Сталиннинг фарзандлари эдик.
Сталинга садоқатимиз шу қадар улуғ эдики, уни ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмасди. Биров «Сталин учун жон беришинг керак» деса, кўпчилигимиз сира иккиланмасдан «Мен тайёр!» дея олдинга чиқардик. Биз ана шундай садоқатли ва фидокор эдик.
Анча йиллар ўтиб кетгандан кейин билдим — фашистлар Германиясидаги бизга тенгқур ёшлар ҳам Гитлерга садоқатда худди ўзимизга ўхшар экан, улар ҳам ўзларининг фашистча идеаллари йўлида жон фидо қилишга тайёр тураркан. Қизиқ, бир-бирига ашаддий душман икки мамлакат, бир-бири билан ҳаёт-мамот жанги олиб борган икки партия ўз ёшларини бир хил йўлда тарбия қилибди, уларни бир хил фазилатлар эгаси қилиб етиштирмоқчи бўлибди. Кейин-кейин улғайиб, тажриба орттириб, беш-олти кўйлакни йиртгандан кейин мулоҳаза юритиб билдимки, садоқат деганлари ҳам, шак, гумон деганлари ҳам ҳар хил бўлар экан.
Садоқат деганлари жуда яхши, қимматли фазилат, аммо у кўр-кўрона, ақл ўтхоналарида тобланмаган бўлса, фазилат деб аташ қийин. Бундай «фазилат»дан фақат кулфат келиши мумкин. Худди шунингдек, ҳар қандай эркин фикр, ақлиёт бобидаги ҳар қандай кашфиёт гумондан, шакдан бошланади, лекин «гумон» ҳам кўр-кўрона бўлса, меъёр ва чегарадан чиқиб кетса, одамни беҳаловат қилади, ҳамма нарсадан юз ўгириб, ҳар қандай кеъматни оёқости қилувчи, ҳатто иймонини ҳам сустлаштирувчи махлуққа айлантиради. Аммо биз бу ҳақиқатлардан тамом бехабар эдик, комсомолга, Сталинга, коммунизмга садоқатимиз билан ҳеч нарсани ўйлашга, фикр юритишга қобил бўлмаган, бунинг ўрнига ҳар қандай буйруқни сўзсиз бажаришга тайёр турган манқуртсифат одамга айланиб бораётганимизни билмас эдик.
Яна йиллар ўтди. Уруш тугади. Биз мактабни битириб, талаба бўлдик.
Талабалик чиндан ҳам олтин давр. Беш йил мобайнида онадан бутунлай янги туғилгандай бўласиз. Ҳар куни бир янги кашфиёт юз очгандек, ақлга ақл қўшилгандек бўлади. Очиқ кўзлар янгидан очилади — ҳайрат билан амин бўласизки, олам аввал кўриб юрганингиздан бўлакча! Лекин сезасизки, эски, кўниккан одатларингиз сизни тарк этишга шошмайди, айниқса, асосий масалаларда сиз ҳамон ўша-ўшасиз! Қалбингизни кўпдан чирмаб келган кишанлар яна ҳам мустаҳкам бўлса бўлибдики, асло бўшашмабди. Газеталар, радио, жилд-жилд китобу рисолалар, кино экранлари ҳамон қулоғингизга сотсиализмнинг буюк афзаллиги, доҳиймизнинг донолиги, партиянинг қудрати ҳақидаги чўпчакларни қуйишдан толиққани йўқ. Албатта, сиз ҳам бу гапларнинг ҳақлигига заррача шубҳа қилмайсиз ва фақат бизда — дунёнинг олтидан бирини ташкил қилувчи улуғ мамлакатдагина бахтлар салтанати қурилганига иймон келтирасиз.
Коммунистик ғоялар талаба нигоҳида жозибадор ранглар билан намоён бўларди. Бу жозибага алоқадор нарсалар моҳиятини англамоқ учун китоб титишдан чарчамас эдик. Сўнг билдикки, «коммунизм» деган сўз аслида лотинча бўлиб, «умумийлик, муштараклик, биргалик, аҳиллик» деган маъноларни билдирар экан. Коммунистча ғояларда инсониятнинг энг олижаноб орзулари, инжа тилаклари мужассам экан. Ахир, инсон инсон бўлганидан бери яхшиликни қўмсайди. Яхшилик салтанатини барпо этишни орзу қилади. Бу салтанатда ҳамма тенг, бир-бирига меҳрибон, ғамхўр бўлади. Унда ҳар қадамда, ҳар ишда адолат қарор топади, зулм, ҳақсизликлар унутилади, одамлар уруш нелигини эсдан чиқаради. Ҳамма юртлар, ҳамма элатлар, ҳамма халқлар бир-бирига қўлни бериб, бир-бирига кўмаклашиб, бунёдкор меҳнат билан банд бўлади.
Ҳақиқатан ҳам, қандай олижаноб ғоялар! Умумбашарий ғоялар. Уларни рад этиш, уларга қарши чиқиш мумкинми ахир?! Аммо билмайсизки, ҳаёт бошқа — унда ҳар қадамда қалбакиликка, алдамчиликка рўпара келасиз. Унда кўпинча гап бошқаю амал бошқа, суврат ўзгачаю сийрат бўлакча. Ҳаётда бир ҳовуч ёвуз кучлар бор—улар қора ниятларини ниқоблаб, ана шу умуминсоний, олижаноб ғояларни ўзларига шиор қилиб олганлар, уларни ўзларича талқин қилиб, шу ғоялар соясида давру даврон суришга жаҳд қилганлар. Улар одамларнинг соддалиги ва ишонувчанлигидан фойдаланиб, ўзларининг қора мақсадларига эришишда улардан восита сифатида фойдаланмоқчи бўлганлар.
Бироқ бу ҳақиқатни сиз анча кейин, кўп йиллар ўтгандан сўнггина англайсиз — буни англаш учун бутун умрингизни сарфлашингиз, кўпдан-кўп қурбонлар беришингиз, кўп изтироблар ва азоб-уқубатлар чекишингиз керак бўлади. У пайтларда эса ҳали олдига похол солса кўниб кетаверадиган, ҳар нарсага лаққа тушадиган, осонгина алданаверадиган, кўзи очиқ бўлса ҳам, аслида ҳеч нарсани кўрмайдиган ёшгина толиб йигит эдингиз. Ҳали ҳаётнинг паст-баландини унча кўрмагансиз, аччиқ-чучугини етарли татимагансиз, ҳали оёғингиз ерда бўлса ҳам, кўнглингиз самоларда — романтик хаёллар оғушидасиз. Шунинг учун ёшингиз улғайиб, комсомол сафини тарк этишингиз биланоқ коммунистлар партиясига киришга қатъий аҳд қиласиз…
Шундай қилиб, мен йигирма ёшга тўлиб-тўлмай — 50-йилларнинг бошида партияга кириш ҳаракатига тушиб қолдим. Бир қарашда бу йўлда мен учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди: партиянинг дастури ва низоми билан танишман, уларни тан оламан; ўқишларим яхши, жамоатчилик ишларида фаолман; ижтимоий келиб чиқишим ҳам ёмон эмас — қариндош-уруғлар орасида бирон гумон туғдирадиган йўқ; комсомол тавсия берган, мени биладиган коммунистлар ҳам тавсия беришга тайёр.
Хуллас, ҳаммаси жойида. Йўқ, барибир, бўлмади — ҳозир зиёлилардан камроқ қабул қиляпмиз, деган рад жавобини олдим. Дарҳақиқат, ўша кезларда зиёлилар яна «қовун туширган» эди — уларнинг ичидан бир гуруҳ халқ душманлари чиқиб қолди. Буни қарангки, бу галги халқ душманларининг ҳаммаси ўзимиз яхши билган, яқиндан мулоқотда бўлган, элу юрт олдида катта ҳурматларга сазовор Шайхзода, Саид Аҳмад, Шуҳрат, Шукрулло, Мирзакалон Исмоилий, Ҳамид Сулаймон каби одамлар эди. Одам оласи ичида деганлари шу экан-да! Бўлмаса, Ҳамид Сулаймон бизга Ғарб адабиётидан бир йил дарс берган эди. Ҳали роса ғўр эканмиз — бир йил шу одамнинг маърузаларини эшитибмиз-у, бир марта ҳам душманлигини пайқамабмиз-а! Асл қиёфасини зўр маҳорат билан яшириб юрар эканлар-да! Шунча таниш-билишлар қамалган бўлса-да, биз бир дақиқа ҳам уларнинг айбдорлигига шубҳа қилганимиз йўқ, чунки онгимизга «шонли чекистларимиз сира хато қилмайди!» деган гап сингдирилган эди. Шунинг учун бирор киши қайсарлик қилиб, бирон қамалган одамнинг гуноҳкорлигига шубҳа билдирса, ғашимиз келарди.
Саида Зуннунова деган ёш шоира бизнинг факултетда ўқирди. Эндигина илк китоби чоп этилган, умидли ижодкор ҳисобланарди. У андижонлик бўлиб, яқинда Саид Аҳмадга турмушга чиққан эди. Раҳбарият шоирадан эридан воз кечишни, кўпчилик олдида эрини қоралашни талаб қилди. Негаки, талабалар сафи ғоявий соғлом бўлмоғи керак, унда халқ душманларининг хотинларига ўрин йўқ эди. Саидаси тушмагур эса, ўзи жинқарчадай бўлатуриб, «Чиқадиган эрим йўқ, эрим гуноҳсиз!» деб оёқ тираб туриб олди. Саидага ачинамиз — ҳарқалай, нима бўлганда ҳам ўзимизга ўхшаган толиба, турмушга чиқиб, ҳали бирон бир рўшнолик кўргани йўқ, энди эса «ҳе» йўқ, «бе» йўқ, боши очиқ қолса алам қилади-да! Бунақа десангиз, топган эри душман чиқиб қолган бўлса, нима дейсиз! Борингки, Саида эридан ажрамади — уни университетдан ҳайдадилар. Биз эса томоша қилиб, бақрайиб туравердик.
Хуллас, мен университетни тугатганимдаёқ партия аъзоси бўлмоғим керак эди, лекин бир гуруҳ душман зиёлилар бунга халақит берди.
Шунақа ташвишлар билан талабалик ҳам ортда қолди. Кейин Москвага кетдим. Жаҳон адабиёти институтининг аспирантурасида ўқидим. Бу ерда ҳам пешқадамлардан эдим. Ҳатто икки йил давомида институт комсомол ташкилотининг котиби ҳам бўлдим. Табиийки, партияга кириш орзуси ҳамон кўнгилда жўш уриб турарди ва ҳатто янада кучлироқ ўт оларди. Бунинг боиси қуйидагича эди: институтимиз Боровский кўчасида жойлашган бўлиб, Краснопресненск раёнига карарди. ВКП (б) тарихининг қисқа курсини хатм қилган ҳар бир сўтакка яхши маълумки, Краснопресненск рус инқилобининг марказларидан бири бўлган. 1905 йилги инқилоб кунларида рус пролетариати баррикадаларда туриб эксплуататорларга қарши қонли жанглар қилган. Ҳозир ўша жойларда ҳатто «Баррикада» деган кинотеатр ҳам бор. Қисқаси, қутлуғ жой. Ана шундай тарихий манзилда жойлашган институтда ўқишнинг ўзи қандай буюк шараф! Шу раёнда партияга кирсангиз-чи, савобига нима етсин! Бу билан бутун умр фахрланиб юрсангиз арзийди! Бу ерда ҳам ишларим
анча силжиб қолган эди — ҳатто раён қўмитаси котибининг суҳбатидан ҳам ўтган эдим, фақат бюро мажлисидан ўтсам, бас, муродим ҳосил бўларди. Аммо партияга кириш бу гал ҳам насиб қилмаган экан — 1953 йилнинг март ойида Сталин вафот этдию ҳаётимиздаги жуда кўп нарса ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Табиийки, Краснопресненск райкомининг Тошкентдан келган бир ўзбекни партияга қабул қилишдан кўра муҳимроқ ташвишлари бошидан ошиб ётарди. Шундай қилиб, 1955 йилда Тошкентга қайтдим ва шу йилнинг центябр ойидан бошлаб Тошкент Давлат дорилфунунида ишлай бошладим. Бу ерда фаолият бошлашим биланоқ, албатта, яна ўша иштиёқ — партияга кириш орзуси мени тинч қўймади. Ниҳоят, 1959 йилнинг январ ойида орзуим ушалди — мен партия аъзоси бўлдим.

* * *

Ҳа, мен партияга аъзо бўлдим. Ҳаётимда жуда катта ўзгариш содир бўлди — ўзимни ниятлари пок, виждони тоза, олижаноб, мард, фидокор ва содиқ одамлар гуруҳига қўшилган, улар билан бирга дунёда улуғ, энг бахтиёр, энг адолатли жамият қуришдек катта иш йўлида ҳаммаслак бўлган одам деб ҳисоблай бошладим. Мен партияга бирон мансаб ёхуд имтиёз таъмасида кирганим йўқ эди. Партия мабода, бирор имтиёз берса, ҳамиша жангларда олдинги сафда бўлиш, жабҳаларнинг энг оғир жойларида чолишиш, масъулиятнинг энг мушкулини зиммага олиш имтиёзини беришини яхши билардим. Коммунист дегани мен учун энг фаол ижодкор, эски дунёни таг-туги билан барбод қилиб, ўрнига янги дунё яратувчи курашчи эди. Авваллари у мен учун етиб бўлмас юксакликдаги нарса эди, энди эса мен шундай одамлар билан ҳамсаф, ҳамнафас бўлдим. Бугун буларнинг ҳаммаси жуда анойи, гўл одамнинг ҳавойи гапларидек туюлади, лекин ўша кезларда буларнинг бари чинлигига астойдил ишонар эдик.
1959 йил мен учун ана шундай кўтаринки кайфият билан бошланди, аммо йилнинг охирига бориб кутилмаган воқеалар бошимга тушдики, улар мендаги ишончнинг томирига болта урди, биринчи марта танлаган йўлимнинг тўғрилигига шубҳа қила бошладим. Тўғри, ҳали шубҳа-гумонларимни ҳеч кимга ошкор этмаган эсам-да, лекин барибир гумон қуртлари мени ич-ичимдан кемира бошлаган эди. Воқеа бундай бўлган эди. Табиийки, мен партияга кирганим билан ҳали ўзимни эски коммунистларга тенг деб ҳисобламас, ёш коммунист деб билар эдим. Ёш коммунист эса ёши улуғ ҳаммаслакларига етиб олиш учун, уларга муносиб бўлиш учун ўн чандон ортиқроқ хизмат қилмоғи, партиянинг ҳамма топшириғини елиб-югуриб, ортиғи билан адо этишга тиришмоғи керак. Мен шундоқ бўлишга ҳаракат ҳам қилдим: маърузаларимнинг мазмундор ва талабаларга манзур бўлиши учун қайғурдим, жамоатчилик ишларини сидқидилдан бажардим, мунаққид сифатида фаол иш юритдим, ҳатто Москвада ўзбек адабиёти декадасида қатнашиб, у ердан «Шавкатли меҳнати учун» деган медал билан қайтдим.
Орадан кўп ўтмай, менинг елиб-югуришларим сезилди —жамоамизда менга ҳурмат анча ошгандай бўлди. Шунинг натижаси ўлароқ мени бошланғич партия ташкилотига котиб қилиб сайладилар. Бу менга билдирилган жуда катта ишонч эди. Айни чоғда зиммамга ҳаддан зиёд масъулият ҳам юкпанганди. Бундан буён мен жамоамиз ҳаётининг ҳамма соҳаси учун жавобгар эдим. Ҳаммаслакларимнинг ишончини оқламасликка ҳаққим йўқ эди. Шундай қилиб, ғайратимни ўн чандон орттириб ишлай бошладим. Партия бюросининг мажлисларини мунтазам ўтказиб тура бошладим: уларда енгил-элпи масалалар эмас, ўқиш-ўқитиш ва тарбиянинг энг муҳим масалаларини муҳокама қилдик; партия хўжалигини, умумий мажлисларнинг қарорларини, бюро мажлисларининг қайдномаларини тартибга келтирдим; ҳар бир бюро аъзосининг бирон тайинли иш билан шуғулланишига эришдим; меҳнат интизомини қаттиқ назорат қила бошладик; ётоқлардаги аҳвол билан шуғулландик; факултет бўйича ягона сиёсий-тарбиявий ишлар режасини туздик ва шу режа асосида иш юрита бошладик. Мен бу ишларга бош-қош бўлган эканман, азбаройи худо, бунинг эвазига бирон мукофотга эришарман ёхуд бирон мақ-товга сазовор бўларман деб асло ўйлаган эмасман. Менинг назаримда бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди — ёш коммунист астойдил ғайрат билан енг шимариб ишлаши, роҳат-истироҳат унга бутунлай ёт бўлмоғи керак эди. Албатта, ўшандаги ишларимизда қандайдир нуқсонлар ҳам бўлган бўлиши мумкин. Лекин биз астойдил «тўғри қиляпмиз» деган ишонч билан ишлардик.
Орадан кўп ўтмай, бу ишлар кимларгадир маъқул бўлмагандай, кимларнингдир энсасини қотираётгандай бўлди. Баъзан-баъзан «Югур, ҳа, югур, қуруқ қоляпсан» дегандай истеҳзоларни ҳам ими-жимида сезиб қолардим. Яна қайтариб айтяпман, бу гаплардан ўша пайтдаги ишларимиз мутлақо нуқсонсиз эди, деган хулоса чиқармаслик керак. Жамоамиз унча катта эмас, лекин коммунистлардан ташқари, умуман, партиясиз ўқитувчилар ва талабаларни қўшиб ҳисобласак, унча кичкина ҳам эмас эди. Ҳар қандай ўртача жамоа каби, бизнинг жамоада ҳам ҳар хил одамлар, ҳар хил ёшлар бор эди. Ўша кезларда вазият анчагина мураккаб эди. Яқиндагина ХХ сЪезд бўлиб ўтган, унда Сталин шахсига сиғиниш қаттиқ танқид қилинган эди. Бу ҳол жамиятда фикрий уйғониш жараёнини бошлаб юборди. Ҳар хил тарзда эски ақидаларни тафтиш қилиш бошланди. Бири-биридан қалтис саволлар устма-уст ёғила бошлади. Улар жавоб беришни талаб қиларди. Албатта, бунақа саволларнинг берилмагани, ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолавергани тузук эди, аммо бунинг иложи йўқ — ғишт қолипдан кўчган, тўғон ўпирилган эди. Шундай шароитда партия бошланғич ташкилотларда бунақа шаккокликларнинг бўлмаслигига алоҳида аҳамият берди. Аммо қаёқда дейсиз!
Кунлардан бирида дорилфунун кутубхонасининг катта дафтарида «Сотсиалистик реализм — сохта метод! Ундан воз кечиш керак!» деган ёзув пайдо бўлиб қолди. Бу ҳам майлия, муаллиф ёзувнинг тагига катта қилиб «Филология факултетининг талабаси Долгов» деб исм-шарифини ҳам ёзиб қўйибди. Тўполон бўлиб кетди. Қидирсак, талабаларимиз ичида Долгов чиндан ҳам бор экан ва ҳалиги гапларни ҳақиқатан ҳам у ёзган экан. Парткомга югуришлар, райкомга чопишлар бошланди. Гап горкомгача бориб етди. Жуда хунук воқеа рўй берган, бу — жамоамизнинг бутун фаолиятига қора чизиқ тортгандек гап эди. Чунки сотсиалистик реализмни инкор қилиш совет тузумини инкор қилиш билан баробар эди. Буни тўғридан-тўғри ошкора аксилшўровий фаолият деб баҳоласа бўлар эди. Зудлик билан Долговни қайта тарбиялаш бошланди — ўзи билан бир неча марта суҳбатлар ўтказиб, гапини қайтариб олиш таклиф қилинди. Аммо Долгов ёмон ўжар экан, гапида туриб олди. Ҳатто совет адабиётидан кўп йиллар дарс бериб келган, китоблар ёзган донгдор профессорлар ҳам бу талабага «сотсиалистик реализм бор нарса» деб ишонтира олмадилар. Нима қилмоқ керак? Бунақа шаккок талабани даф қилмаса, кўз очиб юмгунча бошқаларни ҳам йўлдан оздириши ҳеч гап эмас, 30- ёки лоақал 40-йиллар бўлганда-ку, бунақалар билан тегишли жойларда гаплашилиб, тезда дами ўчириларди. Аммо энди замон бошқа — муҳит жиндай илий бошлаган, биз ҳам бўй-бастимизга демократларнинг либосларини ўлчаб кўра бошлаган эдик. Шунинг учун мустақил фикрга эга бўлиш важидан талабани ўқишдан ҳайдаш ноқулайроқ эди. Юқори ташкилотлардан маслаҳат бўлди — Долговни бир-икки йилга заводга жўнатинглар, ҳаётни кўрсин, чиниқсин, кейин, ҳуши жойига келганда қайтариб оларсизлар. Шундай қилдик. Долгов шу кетганича тинчиб кетди. Ўшандан кейин десангиз, талабалар ичида бунақанги намойиш қиладигани бошқа чиқмади. Тинчидик.
Тинчидиг-у, бу воқеадан менинг юрагимда чандиқ қолди. Мен ўша пайтга қадар соддалигимга бориб, ишчилар жамоасига аъзо бўлиш — ҳар бир инсон учун улуғ мукофот, шон-шараф иши, деб ўйлаб юрар эдим. Партиявий раҳбарларимиз бир оз бошқачароқ ўйлар эканлар — бирор гуноҳ қилиб қўйган нобоп одамни жазолаш учун ишчилар жамоасига жўнатар эканлар. Демак, завод ва фабрика ҳам ўзига хос аҳлоқ тузатиш меҳнат лагери экан-да! Ана холос!
Бу нохуш воқеанинг заҳри кетиб улгурмасдан жамоамизда яна бир воқеа рўй берди — иккита профессор кўпчилик олдида айтишиб қолиб, бири иккинчисини қаттиқ ҳақорат қилибди. Албатта, профессор одамнинг жанжаллашиб юриши уят гап, лекин начора — ҳаёт-да! Баъзан шунақаси ҳам бўлади. Бунинг ваҳима қиладиган жойи йўқ. Иккала жанжалкашни чақириб, «Бунақа қилманглар, уят!» деб танбеҳ бериб кўяқолса-ку, бас! Лекин бу гал ҳам тўполон бўлиб кетди. Гап шундаки, профессорлардан бири юқорироқ доираларга яқин экан. Шунинг учун «ювиндихўр» деган таъна унга қаттиқ ботибди. У партия Марказий Комитетига шикоят ёзибди. Дарҳол шаҳар партия комитетининг комиссияси тузилди. Комиссия раиси Октябр раён комитетининг биринчи котиби эди. Комиссия қаттиқ ишлади, фақат икки профессор можаросини эмас, бутун факултет ҳаётининг ҳамма томонини атрофлича чуқур ўрганиб чиқди. Таомилга кўра, комиссия бизнинг ҳам мулоҳаза ва таклифларимизни инобатга олган ҳолда шаҳар партия қўмитаси бюросининг қарори лойиҳасини тайёрлаб бермоғи керак экан. Бундай лойиҳа тайёрланди — унда аҳвол холисанилло баҳоланган ва маъқул таклифлар айтилган эди. Бироқ бюро мажлисида иш бирдан чаппасига кетди. Факултетда кекса журналистлардан Расул Муҳаммадий деган одам ишларди. Беайб — парвардигор деганларидек, домласи тушмагур бир оз майда гапга мойилроқ эдилар. Факултетдаги Турсун Собиров деган домла билан сира чиқишмас эдилар. Бу тўғрида икковлари билан ҳам бир неча марта гаплашдик, ҳатто масалани партбюро мажлисида ҳам кўриб чиқиб, икковларига жиддий танбеҳ берган бўлдик. Шу домла горком бюросида сўзга чиқдию ёлғон-яшиқларни қўшиб жуда қаттиқ гапирди. У кишининг гапига қараганда, факултет жуда катта ўпирилиш гирдобида ва ҳеч ким аҳволни тузатиш йўлида ҳеч нарса қилаётгани йўқ экан. У Турсун Собиров билан ўрталаридаги можарони жуда муҳим, принтсипиал тортишув тарзида баён этди-да, бу масалада партбюро унга мутлақо ёрдам бермаётганини айтди.
— Ҳай, ҳай, бу гап ғирт ёлғон-ку! — дедим мен ўрнимдан сапчиб туриб.
— Ўтиринг! — деб жеркиб берди мажлисни бошқариб бораётган горком котиби Қаюм Муртазоев. — Сизга сўз берилгани йўқ! Сўз берилганда гапирасиз.
Расул Муҳаммадийнинг гапи вазиятни кескин ўзгартириб юборди, шундай таассурот қолдики, гўё комиссия аҳволни тузукроқ ўрганмаган, лойиҳада кўп камчиликлар хаспўшлаб кўрсатилган. Муртазоев қаламнинг кети билан столга бир-икки урди-да, танаффус эълон қилди. Танаффус чоғида бюро аъзолари қарорни ўзгартириш ҳақида келишиб олди, шекилли, танаффусдан кейин Муртазоев факултетдан икки-уч кишини қаттиқ жазолаш ҳақида таклиф киритди. Булар ичида мен ҳам бор эдим.
— Бошланғич ташкилот котиби Озод Шарафиддиновга шахсий варақасига ёзиш шарти билан қаттиқ виговор эълон қилинсин. Розимисизлар, ўртоқлар? Қани, ўртоқ Шарафиддинов, ўзингиз нима дейсиз? Розимисиз?
Буни эшитдиму ҳанг-манг бўлиб қолдим. Чунки шахсий варақага ёзиладиган қаттиқ виговор жуда оғир жазо эди. У одамга умрбод ёпиштирилган тавқи-лаънат билан баробар эди. Албатта, бир-икки йил яхши ишласангиз, бу жазони берган ташкилот уни олиб ташларди. Бироқ бунинг сиз учун ҳеч қанақа аҳамияти йўқ эди. Бундан кейин сиз бошқа бирон ишга ўтар чоғингизда ёхуд чет элга боришингизга тўғри келиб қолганда ё бошқа бирон сабаб билан сўровнома тўлғазадиган бўлсангиз, албатта, «Партия жазоси олганмисиз?» деган саволга жавоб беришингиз талаб қилинарди. «Ха, олганман» деган жавоб эса дарҳол қаршингиздаги истиқбол эшигини буткул тамбалаб ташларди — сиз эски ҳаммом, эски тослигингизча қолаверардингиз. Мен ёш коммунист бўлсам ҳам бу жазонинг нақадар даҳшатли эканини, бу жазога мустаҳиқ бўлган киши ўз-ўзидан иккинчи даражали одамга айланиб қолажагини яхши билардим. Муртазоевнинг саволидан кейин дунём бутунлай ағдар-тўнтар бўлиб кетгандай бўлди, тиззаларим қалтиради, рангим бўзарди. Бир зумда хаёлимдан аллақанча ўйлар қуюндай ўтди. Котибнинг саволига нима деб жавоб беришимни билмасдим. Ногаҳон бир фикр, тўғрироғи, бир савол миямга келди.
— Ўртоқ котиб! — дедим ҳаяжонимни босолмай. — Менга горком бюросига эътироз билдиришим мумкин эмас деб тушунтирилган эди. Шунинг учун саволингизга нима жавоб беришни билолмай қолдим. Фақат битта илтимосим бор, мен партияга кирганимда ҳукумат мени юксак мукофот — медал билан мукофотлаган эди. Тўққиз ой партия сафида бўлганимдан кейин менга шахсий варақамга ёзиш шарти билан қаттиқ виговор бериляпти. Қандай қилиб медалга сазовор бўлган йигит тўққиз ой партия тарбиясини кўриб, қаттиқ виговор оладиган даражада тубан кетиши мумкин? Шунинг мантиқини тушунтириб берсанглар, майли, ҳар қандай жазога тайёрман.
— Нима деяпсиз? — деди котиб. — Нега тўққиз ой?
— Шунақа-да! Партияга кирганимга энди тўққиз ой бўлди.
Котиб қаттиқ ғазабланди. Қўлидаги қаламнинг кети билан столга қаттиқ урди.
— Қани, дорилфунун парткомининг котиби борми? Ўрнидан турсин!
Партком котиби ўрнидан турди.
— Сиз қанақа одамсиз ўзи?! — Энди унинг бошида калтак қасир-қусур сина бошлади. Иш бунақа томонга айланиб кетишини мен хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Хижолат ичида ғўддайганимча турибман. — Сиз уставни биласизми? Бу кишини котиб қилаётиб қаёққа қараган эдингиз? Ахир, уставда аниқ ёзиб қўйилган-ку — бир йиллик стажи бўлмаса, бошланғич ташкилотга котиб қилиб сайлаб бўлмайди!
Мен қолиб кетдим, гапнинг қуюғини бечора партком котиби эшитди. Ниҳоят, бюро аъзолари уни сўка-сўка чарчашди шекилли, яна менга қайтишди.
— Қани, нима дейсизлар? Шарафиддиновни нима қиламиз? — деди Муртазоев.
— Оддий виговор бера қолайлик, — деди бюро аъзоларидан бири.
Мен яна эътироз билдирмоқчи бўлиб ўрнимдан қўзғалган эдим, ёнимда ўтирган кексагина одам қўлимдан тортиб ўтқазиб қўйди.
— Бас, бўлди, енгиллик қилаверма. Ноилож жойимга ўтирдим. Мен берган саволга ҳеч ким жавоб бермади. Лекин мени жазолашди. Оддий виговор деганлари партиявий жазолар ичида энг енгилларидан, лекин барибир жазо эди. Бир йилдан кейин виговор олиб ташланди. Енгил тортдим — гўё баданимга ёпишиб олган алланечук кирдан поклангандай бўлдим. Аммо шу бир йил мобайнида танамга ювган билан кетказиб бўлмайдиган аллақанча янги кирлар ёпишиб улгурган эди.
Ўша кунги бюро мажлисидан кейин юрагимда бир нарса чирт узилди — назаримда, эътиқодимнинг бир томири узилган эди. Кейинчалик мен уни аслига қайтаришга анча уриндим, аммо ғишт қолипдан кўчганидан сўнг бунинг иложи йўқ экан. Ахир, партия, унинг раҳбар идоралари менинг учун олий саждагоҳ эди, мен унга садоқатли фарзанддай хизмат қилмоғим, у ҳам мени ўз фарзандидай ардоқламоғи керак эди. Энг муҳими, партия ўз аъзоларининг ҳар қандай саволларига ҳаққоний жавоб бермоғи, ҳар қандай мушкулотини адолат билан ечиб бермоғи лозим эди. Ўша куни шу ишончим дарз кетди. Мен партия учун жонимни жабборга бериб, шунчалик хизмат қилсам-у, бир оғиз «раҳмат» ўрнига жазога мустаҳиқ бўлиб ўтирсам?! Адолат деганлари шуми ҳали? Бу учига чиққан ноҳақлик эмасми? Сиз партияни бошингизга кўтариб ардоқлаганингиз билан партия олдида қилча ҳам қадрингиз йўқ экан-да! Сидқидилдан унга қилган хизматларингиз нимаю ўзингиз нимасиз? Бувим раҳматли айтиб юрадиган бир нақл бўларди: «Қозиқнинг учи ҳам бўлма, боши ҳам бўлма: учи бўлсанг — ерга кирасан, боши бўлсанг — тўқмоқ ейсан. Қозиқнинг бели бўл, болам». Бу менга буржуа ахлоқининг ақидаси бўлиб туюлар ва мен уни ҳазм қилолмас эдим. Аммо жонажон партиям оғушида кечирган ҳаётим мени бу масалага бошқача қарашга ундади. Унчалик гўл бўлмаслик керак экан, теварак-атрофингизга кўзни каттароқ очиб қараш лозим экан. Кўзни каттароқ очиб қарасам, қаршимда шундай ҳақиқатлар намоён бўла бошладики, улар олдида ақлим шошиб қолди. Кўзни каттароқ очиб қарасам… партиянинг ҳаёти инсоний мантиқдан холи, ҳақиқат ва адолатдан йироқ, кўпинча ёлғон асосга қурилган ҳаёт эди. Нафақат партия ҳаёти, партия раҳбарлигида барпо этилган жамият ҳаётида ҳам соғлом ақлга зид, ҳар қандай мантиқдан тамоман узоқ ишлар кўп эди. Уларнинг тагига етаман деб ҳарчанд уринманг, уринишларингиз бекор кетарди.
Бир неча йил мобайнида факултетимиз Ҳадрадаги беш қаватли катта бир иморатда фаолият кўрсатди. Бир вақтлар унинг ёнида «Родина» кинотеатри бўларди. У 40-йилда қуриб битказилган, жуда кўркам, олд томонида баланд-баланд устунлари бор, пештоқлари оврупоча иморатларникига ўхшатиб ишланган эди. Одамлар бу кинотеатрни жуда яхши кўрар, унда ҳар доим янги филмлар намойиш этилар ва ҳамиша гавжум бўларди. Кунларнинг бирида тўсатдан кинотеатр ёпилдию уни таъмир қила бошладилар.
Биз ҳайрон бўлдик — кинотеатр янги бўлса, ҳали бирор жойи дарз кетмаган бўлса, унинг нимасини таъмир қиладилар? Бунақа нарсани биздан сўраб ўтирармиди? Шундай қилиб, таъмир давом этаверди. Биз ярим вайрона ҳолга келтирилган кинотеатр манзарасига кўникиб ҳам қолдик. Секин-аста бир йил ўтди, икки йил ўтди, уч йил ўтди. Таъмир эса сира охирига етмайди. «Нега бундай?» деб суриштирсак, бу ерда таъмир бўлаётгани йўқ, Ҳамза номидаги театрга янги бино қурилаётган экан. Ҳамза театри чиндан ҳам янги бинога муҳтож эди, бу бинони чиндан ҳам Ҳадра майдонининг бирор жойига қурмоқ даркор эди. Аммо нега энди келиб-келиб «Родина» кинотеатрининг ўрнига қурмоқ керак? Нега яп-янги, муҳташам, шаҳарга кўрк бериб турган бир бинони олиб ташлаб, унинг ўрнига бутунлай бошқа бир бинони қўндирмоқ зарур? Ўша бинони бошқа жойга қурсалар, Эскишаҳардаги муҳташам бинолар сони биттага кўпаяр эди-ку! Яна бир масала — Ҳамза театрининг янги биноси қуриб битказилгунча ўтган вақт ичида «Родина» кинотеатри ишлаб турганда, бунақа театрлардан иккита-учтасини қуришга етадиган даромад тушарди-ку! Нега бунинг ҳисоби қилинмади? Бу тарихий «таъмирлаш» сири кейин аён бўлди. Ўша кезларда давлат ҳар доимдагидек камхаржроқ бўлиб қолган экан. Шунга кўра ҳар хил томошахоналар қуришга маблағ бермай қўйибди. Лекин таъмирлаш учун ҳар қанча маблағ керак бўлса, берар экан. Қайси бир уддабуррон каттамиз шундан фойдаланибдию Ҳамза театрига янги бино куришга маблағ ундирибди… Руслар бунақа ишни «афера» дейди. Афера — ўғирликнинг бир тури ҳисобланади. Ўзбекчада буни «фирибгарлик» дейдилар. Фирибгарлик илгариги жамиятларда уят иш деб билинган. Фақат биздагина коммунистик партия раҳнамолигида хўжалик юритишнинг барча соҳаларида қўлласа бўлаверадиган оддий ишлар қаторига кирди. Бундай фирибгарликлар ҳамманинг кўз ўнгида содир бўлар, лекин ҳеч ким бунга қарши лом-мим деб оғиз очмас эди.
Ҳар йили талабалар пахтага — ҳашарга олиб чиқиларди. Бунга ҳамма кўникиб қолган, ҳатто ҳар йили «Қачон пахтага жўнаймиз?» деб сабрсизлик билан кутадиганлар ҳам бўларди. Чунки пахтага чиқишнинг ўзига яраша нашъаси ҳам бўларди. Аммо режани бажариш кечикса, талабалар ёғин-сочинли кунларга қолиб кетса, совуқ бошланиб қолса ёмон бўларди. Айниқса, декабр ойига қолиб кетсак, аҳвол жуда оғирлашарди. Эрталаблар — ер музлаган, қаҳратон аёз, кун илигандан кейин эса музлар эриб, ҳамма ёқ билч-билч лойга айланади. Оёққа ботмон-ботмон лой илашиб, юриб бўлмайди. Лекин шўрлик талабалар шунда ҳам далани тарк қилмайди, ушуқдан кўкариб кетган панжаларига уҳлай-уҳлай теримда давом этадилар. Баъзан эса пахта қолмаган бўлади. Аммо раҳбарларимиз шунда ҳам даладан кетишга рухсат бермайди. Талаба эрталабдан кечгача далада бўлмоғи керак. Болалар ичида касал кўпаяди, интизом бўшашади. Лекин барибир рухсат йўқ.
Машиналарда райком котиблари ва бошқа катталар изғиб юради.
— Қани, бу талабаларнинг раҳбари ким?
— Мен,— дейман ботқоқ даладан судралиб чиқиб каттамизнинг олдига борар эканман.
— Нега терим суръати пасайиб кетди? Мана кечаги маълумотномангиз, киши бошига ярим килограммдан ҳам тушмаяпти. Бу қанақаси бўлди?
— Кўриб турибсиз-ку, далада пахта қолмаган. Кун бўйи қиртишлаганда ярим кило чиқмайди. Умуман, бундай шароитда талабаларни далада тутишдан нима маъно бор?
Каттамиз менга еб юборгудай ўқрайиб қарайди, ранги бўзаради, ижирғаниб дейди:
— Сизни ким раҳбар қилиб қўйган? Партиянинг пахта сиёсатини тушунмас экансиз. Сиз билан бошқача гаплашамиз!
Каттамиз кетганидан кейин анча вактгача «партиянинг пахта сиёсати»ни тушуниб олишга тиришиб миямни ишлатаман — мияларим торс ёрилиб кетгудай бўлади. Бу тиришишлар оқибатида фақат бир нарсани тушуниб етаман — қиш даласида пахта сира қолмаган бўлса-да, катталаримизга «пахта йўқ» деб бўлмас экан, уларга фақат «хўб бўлади, бажарамиз!» деб турмоғингиз керак экан. Шундагина уларнинг қаҳр-ғазабидан омон қолишингиз мумкин. Шундай қилиб, ҳаловатингизни сақлаб қолиш, беҳуда жазоларга мустаҳиқ бўлмаслик учун жиндай ёлғон суқилиб кирди, керак бўлса-бўлмаса ундан «унумли» фойдалана бошладик, ҳатто санъат соҳасида ҳам бошдан-оёқ ёлғонга асосланган, ёлғонга сажда қилиб яратилган, ёлғонни байроқ этган асарлар пайдо бўлди. Ўнлаб-юзлаб мисоллар келтириш мумкин. Мана биттагина мисол. Ҳамза ҳақидаги давомли филмни эсланг. Номи «Оловли йўллар» эди, шекилли. Ҳамза — қуролфуруш, курашчи, Рабиндранат Тҳакурнинг дўсти, Миср инқилобининг ташкилотчиларидан ва ҳоказо ва ҳоказо. У инқилобчилик бобида шунақа чўққиларга кўтариладики, ҳатто Ленинни ҳам бир чўқишда қочирадиган даражага етади. Назаримда, бу филмнинг номи «Ҳамза мавзуидаги хомхаёллар» деб қўйилса тўғрироқ бўлармиди? Қизиғи шундаки, шундай филм ҳам жамиятда ҳеч қандай эътироз туғдирмади, аксинча, унинг тўғрисида матбуотда кўпдан-кўп мактовли мақолалар эълон қилинди. Филмни ясаганлар ҳам, уни томоша қилганлар ҳам хижолат чекиб, бир-бирларидан кўзларини олиб қочмадилар. Негаки, ёлғон гапириш, ёлғонга сажда қилиш жамиятда аллақачон одат тусига кириб кетган эди.
Жонажон партиямнинг бағрида юриб кашф этган ҳақиқатларимдан бири шу бўлдики, у тили бошқа, дили бошқа партия экан. Катта-катта мажлисларнинг қарорларида, тантанали йиғинларда, шиорлар ва хитобларда бир хил гап айтиларди-да, амалдаги иш унга сира тўғри келмас эди. Масалан, партияни алдаш, унга ёлғон гапириш энг оғир гуноҳлардан ҳисобланарди, аммо партия аъзоси ҳар қадамда ёлғон гапирмаса, бошига фалокат ёғилар, куни ўтмас эди. Дейлик, ўтмишда ота-боболаримиздан бирортаси руҳоний ёки савдогарлик билан шуғулланган бадавлатроқ одам бўлган бўлса, буни албатта яширмоқ даркор эди. Тўғрисини айтиб қўйсангиз, бошингиз маломатдан чиқмасди. Назаримда, партияга ҳақиқатни гапирадиган ростгўй ва самимий одамлар эмас, балки керакли гапни гапирадиган, раҳбарларга маъқул гапларни айтадиган, зарур фурсатда ҳар қандай ёлғонни қўллашдан тап тортмайдиган чечан ва уддабурронлар керак эди. Келинг, яхшиси, мен бир воқеани айтиб берай, хулосани ўзингиз чиқариб олинг.
Бир домламиз бўларди — Тоҳирий деган. Бу одам яхши маънодаги эски зиёлилардан эди. У киши педагогикадан дарс берар, лекцияни артистона маҳорат билан ўқир, том маънода қомусий билимларга эга эди. Талабалар у кишини жуда ёқтирар, маърузаларини мароқ билан тинглар, теварагидан сира одам аримасди. Домла ёши бир жойга етиб, ишни тарк этар муддати яқинлашганда партияга киришни ихтиёр қилибдилар. Анча елиб-югуришлардан кейин ҳужжатлар тайёр бўлган.
Кунлардан бирида дорилфунун парткомининг мажлисида домланинг аризаси кўрилди. Одатдагидек, домла партиянинг дастури ва низомини тан олишини айтди, саволларга жавоб қайтарди. Мажлис аҳлидан кимдир ҳаммани қизиқтирган бир саволни ўртага ташлади:
— Нега шу пайтгача партияга кирмай, қариганда бу ишга аҳд қилдингиз?
Домла сира кутилмаган бир жавобни берди:
— Шу пайтгача ўзимни партияга нолойиқ деб ҳисоблаб келдим, негаки мен яқин-яқингача миллатчи эдим. Эндигина шу иллатдан қутулдим.
Бирдан бомба портлагандай бўлди — мажлис аҳлининг кўпчилиги «миллатчи» деган сўзни эшитган бўлса ҳам, тирик миллатчини кўрмаган эди. Умуман, бундай даврада «мен миллатчи эдим-у, энди тузалдим» деган гап илгари янграмаган бўлса керак. Ҳамма ҳанг-манг бўлиб қолди. Домласи тушмагур, «Партияни алдаб бўлмайди, унинг қаршисида самимий бўлмоқ керак» деб ўйлаб бор гапни ошкора айтди-қўйди. Айтди-қўйди-ю, лекин ишнинг пачавасини чиқарди — собиқ миллатчини, албатта, партияга қабул қилмадилар. «Ахир, у миллатчилигидан халос бўлган-ку! Шундай бўлмаса, ўтмишини бу қадар ростгўйлик билан айтиб ўтирмасди. Уни самимияти учун жазоламайлик» деган гаплар ўтмади. Кейин анча вактгача хар хил партиявий йиғинларда собиқ миллатчини партияга олишига сал қолгани ҳақида гапириб, дорилфунунга таъна тошларини ёғдириб юрдилар.
Партиянинг ички ҳаётида ёлғон, алдов ва ғирромликнинг авж олиши жамият ҳаётида кўпдан-кўп иллатларнинг томир отишига сабаб бўлди. Одамлар ошкора тилёғламалик, қалб амрига қарши бориб, виждонини ютиб иш тутиш ва фақат ўз манфаатини ўйлаб фаолият кўрсатиш каби қусурлардан ҳазар қилмай қўйдилар.

* * *

Мен нафақат олий ўқув юртида дарс берган педагогман, айни чоғда танқидчилик ҳам қилганман. Фаолиятимнинг анча қисми Ёзувчилар уюшмаси билан боғлиқ кечган. Бу ердаги катта-катта йиғинларда ёзувчи дўстларимнинг иккиюзламачилигини, риёкорлигини кўриб кўп изтироблар чекканман.
Бир куни Ёзувчилар уюшмасида катта йиғин бўлди. Унда Пастернак деган рус ёзувчисининг хиёнаткорона ишларини қоралашимиз керак эди. Борис Пастернак шоир ва таржимон эди. Шеърият мухлисларининг айтишича, у жуда истеъдодли, ўзига хос, ялтоқиликдан узоқ шоир бўлган. У ўзбеклар ўртасида унча машҳур эмас эди. Ва умуман, бу шоирнинг расмий доиралар билан муомаласи чатоқ бўлиб, уни имкони борича саноққа қўшмасликка, китобларини чиқармасликка, ўзининг борлигини сезмасликка ҳаракат қилардилар. Шу одам «Доктор Живаго» деган роман ёзибди. Романда инқилобни қоралабди, оқ гвардиячиларни тузуккина одам сифатида тасвирлабди. Бунақа асарнинг бизда нашр бўлиши мумкин эмас эди — уни чет эллардаги аллақайси буржуа нашриётлари босиб чиқарибди, унга ҳатто Нобел мукофоти берилибди. Шундан кейин адабиёт оламида катта ҳангомалар бошланди. Партиянинг буйруғи билан Москвада таниқли ёзувчилардан бир гуруҳи Пастернакка очиқ хат ёзиб, уни ватанфурушликда, ғоясизликда, буржуа мафкурасига мойилликда айблади. Нобел мукофотидан воз кечишга ундади.
Мамлакатдаги барча республикалар Ёзувчилар уюшмаларида уни қоралаб йиғинлар ўтказилди. Албатта, энди — бугунги кунда бундай йиғинлар ўтганининг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ деб қараймиз. Зеро, шўролар замонида қолипга сиғмаган ёзувчи ҳамма вақт ҳар хил йўллар билан қораланиб келган. Мени лол қолдиргани бошқа нарса эди — бизнинг уюшмамиздаги йиғинга бел боғлаб келганлар ичида Пастернакни биладиган одамларгина эмас, умрида унинг номини эшитмаган зотлар ҳам «зўр ҳужум»га шай турарди. Улар орасида «Доктор Живаго» романини ўқиганлар эса умуман йўқ эди. Шунга қарамай, сўзга чиққанлар «Мен «Доктор Живаго»ни ўқиган эмасман, лекин Пастернакни бутунлай қоралайман, бунақа хоинга совет ёзувчилари сафида ўрин йўқ!» деб ҳайқирдилар. Мажлис Пастернакни якдиллик билан қоралади. Ёзувчилар, яъни халқ назарида энг пешқадам, энг фикри очиқ, энг халқпарвар зиёлилар йиғинида бир одам топилмадики, «Эй биродарлар, асарни ҳеч қайсимиз ўқимаган бўлсак, гап нима тўғрида бораётганидан бехабар бўлсак ва умуман, Пастернакнинг ўзини тузукроқ билмасак, унинг фикр-мулоҳазаларини эшитмаган бўлсак, қандай қилиб уни қоралашимиз мумкин? Бу виждонга, инсофга хилоф иш-ку!» деса…
Ўшанда биз донолик билан эмас, жоҳиллик билан Пастернакнинг юзига тупурган эдик. Энди аён бўлмокдаки, ўшанда… Пастернакнинг эмас, ўзимизнинг башарамизга туфлаган эканмиз.
Афсуски, партиянинг ички ҳаётидан ҳам, умуман, ўша даврлардаги жамият ҳаётидан ҳам бунақа мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг бари биз партия раҳбарлигида сотсиалистик жамият эмас, аллақандай тўнкарилган тескари жамият қурганимиздан далолат беради. Тўғри, ҳаётимиз аввалгидан бирмунча дуруст бўлиб қолган эди. Еб-ичишимиз ҳам, яшаш шароитларимиз ҳам хийла эпақага келиб қолган эди. Бироқ жамият ҳаётида ёлғон-яшиқнинг кучайиши, инсоний қадр-қимматнинг камайиши, ҳаромхўрлик ва нопокликнинг авж олиши ахлоқни хароб этиб, эътиқодларнинг томирини қурита бошлаган эди.
Мен онамни «ая» дердим. Аям Қўқоннинг ёнгинасидаги Охунқайнар қишлоғида туғилиб ўсган, сўнг тақдир тақозоси билан аввал Қўқонга, кейин Тошкентга келиб қолган. Аям чамаси ўн йилча савдо соҳасида меҳнат қилганларидан кейин — 1938 йилда партияга кирдилар. У киши партияга чин юракдан ихлосманд эдилар. Аёлликларига қарамай, у кишини том маънода партиянинг солдати деса бўларди. Партия қайси ишга, қандай лавозимга қўймасин, аям уларни гап-сўзсиз, эътирозсиз бажарар, партиянинг ҳар бир топшириғини сидқидилдан адо этишга тиришар эди. Биз оилада тўрт фарзанд эдик; очиғини айтганда, болаликда она меҳрига тўйганмизми-йўқми, аниқ айта олмайман. Биз уйқудан турмасдан аям ишга кетган бўлар, кечқурун у киши ишдан қайтганда биз ухлаб қолардик. Шу алфозда йиллар ўтди — биз улғайдик, уйли-жойли бўлдик, аям ҳам салкам ярим асрлик аъзолик стажига эга бўлган партия фахрийсига айландилар. Аммо бир кун келиб, кексалик кор қилдими ё кўп йиллик «қадрдон» касаллари — диабет енгдими, ҳар ҳолда аям ётиб қолдилар. Бутун умри одамлар орасида — ҳаракатда, фаолиятда ўтган одам ётиб қолмасин экан. Негаки, ташқи дунёдан узилиб, тўрт девор ичига қамалиб қолишдан ёмони йўқ. Биз — фарзандлар, албатта, қўлимиздан келганча аямнинг аҳволини енгиллатишга ҳаракат қилдик, лекин у киши алам ва изтироблар ичида ҳаётдан кўз юмдилар. Кейин ўйлаб қарасам, у кишининг умрига завол бўлган нарса фақат қанд касалининг тажовузларигина эмас экан. Шак йўқ, ўлим ҳақ! Аммо одамни қисматидан беш кун бурун бу дунё билан видолашувга мажбур қиладиган сабаблар ҳам кўп экан. Аямнинг ҳадеганда тилга чиқавермайдиган алланечук оғир пинҳоний бир дарди бор эди. Кўпинча ишдан қайтиб, ҳузурларига кирсам, кўзлари намиққан, юзлари тунд бўларди.
— Яна йиғладингизми, ая?
— Йўқ, болам, нега йиғлай? Шунчаки сиқилдим-да, — дердилар аям шикаста овозда.
Бир куни ўзлари ёрилдилар:
— Нега бундай-а, ўғлим? Мен эллик йиллик умримни партияга бағишладим, сочимни супурги, қўлимни косов этиб, унинг хизматини қилдим, энди эса партия ширамни сўриб олиб, пўстимни туфлаб ташлади. Шунча хизматларим қумга сингиб кетдими?
Дарҳақиқат, аям ётиб қолганларидан кейин у киши аъзо бўлган ташкилот аямни ҳисобдан чиқариб, маҳалладаги мактабнинг партия ташкилотига киритиб қўйган эди. Бу тўғрида бир одам келиб хабар бериб кетди-ю, ундан кейин бошқа ҳеч ким келмади. Орадан ойлар ўтди. Партия аъзоси ҳар ойда аъзолик бадали тўлаб турмоғи керак. Бу — партия аъзоси учун сўзсиз бажарилиши лозим бўлган темир қонун эди. Агар уч ой аъзолик бадали тўланмаса, у ўз-ўзидан партиядан чиқиб кетарди. Аям шундан қаттиқ безовта бўлди ва мени мактабга жўнатди.
— Э, домла, шунга ташвиш қилиб юрибсизми? — деди котиб беғамгина оҳангда. — Нафақадаги одам бор-йўғи йигирма тийин бадал тўлайди. Ўзимиз тўлаб юборяпмиз.
Аямнинг куйганича бор эди — партия ўзининг хасталикка учраб, ишга ярамай қолган аъзосидан бутунлай юз ўгирган эди. Мен эса у кишининг аламли саволига тузукроқ жавоб топиб беролмай гаранг эдим. Ҳа, бизнинг партия учун одам чўт эмас эди — инсон қадри ҳақида оғизда кўп баландпарвоз гаплар айтилса-да, амалда зарур бўлиб қолса, у ҳар қандай одамнинг баҳридан ўтиб кетаверарди.
Орадан кўп ўтмай шунга ўхшаш кўргулик ўзимнинг бошимга тушди.
80-йилларнинг бошларида одамларга чорбоғ тарқатиш расм бўлди. Бир гуруҳ ёзувчилар ҳам бу насибадан қуруқ қолмади. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Ростини айтсам, менга бир шапалоқ ер текканига жуда суюндим — одам ёши ўтиб борган сари ерга яқинроқ бўлишни хоҳлаб қоларкан. Тўғри, жиндай узоқлиги бор — Тошкентдан ўттиз беш чақирим келади. Нима қипти, йигирма йилдан бери гижинглатиб миниб юрган машинам бор, ҳар қандай узоғимни яқин қилади.
Ер ташландиқ, заранг экан, тупроғи шўх. Бунисини ҳам эплаймиз. Жойимиз дўнгроқ экан — сув чиқиши қийин. Бу ҳам шаштимизни қайтара олмади. Аммо ишни бирор бошпана барпо этишдан бошламоқ керак эди. Бутун оила аъзоларимиз баҳамжиҳат ишга киришдик. Қурилиш материаллари топиш қийин эди, уларни топсангиз, машина топилмайди, машина топилса, сабил қолгур пул топилмай хуноб қилади. Ҳарқалай, ёру дўстлар, ошна-оғайнилар жонга ора кирдилар. Ўша йили ёзи билан ҳар куни чорбоғда ҳашар бўлди ва бу ҳашарларда иштирок этмаган биронта ёш ижодкор ёхуд шогирд қолмади. Хуллас, иморатни кўпчиликлашиб тиклаб олдик. Лекин унинг пардоздан чиқиб узил-кесил битишига ҳали уч-тўрт қовун пишиғи бор эди. Шапалоқдек ерни эпақага келтириш, бошпана бўладиган мўъжазгина бир кулбани битириб олиш бунақа қийин бўлишини билганимда, чорбоғ деганини сира ҳам ҳавас қилмаган бўлардим. Аммо на илож — бошлаган ишни охирига етказиш керак.
Шу аҳволда кунлар ўтиб турарди, кунлардан бирида газетада «Чорбоғчилар» деган фелетон чиқиб қолди. Қарасам, уч-тўрт киши қаторида менинг ҳам фамилиям бор. Фелетончиси тушмагур роса боплабди — унинг гапига қараса, мендай расво, мендай бойликка ружу қўйган махлуқ йўқ, нафсим ҳакалак отиб, икки қаватли шоҳона қаср қуриб олибман. Ё тавбангдан кетай, ёлғон ҳам эви билан-да… Аммо партия ташкилоти учун матбуотда чиққан материал жиддий сигнал ҳисобланарди. Асосий машмашалар фелетон чиққанидан кейин бошланди — партия мажлисида масалам кўрилди, кетма-кет парткому райкомларга чақирилдим, изоҳномалар, тушунтириш хатлари ёздим. Ниҳоят, мендан уйнинг иккинчи қаватини бузиб ташлаш талаб қилинди. Яхшими, ёмонми, ўз қўлинг билан барпо этган нарсани бузиш жуда оғир бўлар экан. «Тайёр битган иморатни нега бузмоқ керак, ундан кўра уни олинглар, болалар боғчаси қиласизлар», дедим. «Йўқ», дедилар. «Бўлмаса, болахона қурганим учун жарима тўлай, лоақал йўлимизни асфалт қилишга харжларсизлар», дедим. «Йўқ», дедилар. «Бузинг, бўлмаса, партиядан ўчирамиз». Мен, албатта, партиядан ўчишни истамас эдим. «Майли, бузаман. Лоақал, ёзгача рухсат беринглар», дедим. «Йўқ!» Баҳорнинг илиқ кунларидан бирида уч-тўрт киши бўлиб болахонани қўпориб ташладик. Лекин томни ёполмадик. Кейин ёғингарчилик бошланди. Аксига олиб, ўша йили баҳор жуда серёғин бўлди. Ёзгача иморатнинг бари шўралаб, шувоқлари кўчиб тушди, деворлари ҳам уқаланиб яроқсиз ҳолга келди. Уч ой олдин бежиримгина турган иморат бомба тушган вайронага айланди-қолди.
Ўша пайтдаги изтиробларимни эсласам, ҳозир ҳам куйиб-ўртаниб кетаман. Чорбоғ деган нарсадан буткул кўнглим совиди. Ҳар гал ўша вайронани кўрганда чаласига ўзим ўт қўйиб юборгим келади. Лекин бундан ҳам ёмонроқ алам қилгани бошқа нарса бўлди. Қандай гуноҳим бор эдики, мени шунчалар бадном қилдилар? Ўғрилик қилган бўлмасам, бировнинг ҳақини емаган бўлсам, чорбоғни қуриб, даромад манбаига айлантирган бўлмасам? Ахир, менинг ёшимдаги донороқ дўстларим сира жонларини койитмай, ҳатто ойлик ижара ҳақини тўламай, ҳукумат қуриб берган ҳашаматли чорбоғларда яшаяпти-ку! Мен бўлсам, ҳукуматни чиқимдор қилмай деб ҳаммасини ўз меҳнатим билан қуриб юрибман. Ва раҳмат эшитиш ўрнига яна фелетон бўлиб ўтирсам! Мени элу юрт олдида бадном қилсалар! Ахир, одамлар назарида жиндай обрўга эга бўлсам, мен буни йиллар мобайнида ҳалол меҳнатим, тўғрилигим эвазига мисқоллаб тўплаган эдим. Менинг обрўйим мен аъзо бўлган партиянинг обрўйи эмасмиди? Нега партия мени бу адолатсизликдан ҳимоя қилмади? Демак, унга менинг обрўйим ҳам, ўзим ҳам керак эмас эканман-да! Ўшанда мен бу саволларнинг биронтасига жавоб топганим йўқ. Ўйлашлар оқибатида афсусу надоматларга тўлиқ яна бир хитоб туғилди, холос: «Бу дунё бунчалар телба-тескари бўлмаса?!»
Албатта, бунақа хўрликлар ва ноҳақликларга дош бериш қийин эди. Ўйлай-ўйлай бир нарсадан тасалли топдим — бунақа ишлар ҳаётимизда янгилик эмас-ку! Сен-ку партиянинг бир оддий аъзосисан, сендан юз чандон катта одамлар, том маънодаги улуғ одамлар ҳам бунақа тескари қисматдан бена-сиб қолмаганлар-ку! Уларнинг ҳам ҳеч қанақа гуноҳлари йўқ эди.
Шундай деб ўйлаганимда улуғ инсон ва улуғ олим Ҳабиб Абдуллаевнинг қисмати кўз олдимда гавдаланарди. Дунёга донғи кетган олим. Олтин топишнинг самарали йўлларини кашф этган; у топган конлардан миллион-миллион даромад кўрилган ва ҳозир ҳам кўрилмокда. Унинг раҳбарлигида Фанлар академияси ҳам беқиёс ўсди. Бунақа олим юз йилда бир туғилади, миллат у билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Бундай олим хорижий мамлакатлардан биронтасида яшаганида, шубҳасиз, жуда катта иззат-икром кўрган ва фаровон ҳаёт кечирган бўларди. Аммо шундай одам эллик ёшга кириб-кирмай оламдан ўтди. Ҳа, умри қисқа экан. Аммо унинг умрини қисқа қилишга ўзимиз ҳам анча-мунча ҳисса қўшдик-ку! Ўзининг ҳалол пулига анчайин иморат қургани учун уни бадном қилган, тупроққа қориштирган ўзимиз эдик-ку! Гўё бир томонда сонмингта Ҳабиб Абдуллаев қалашиб ётибдию бунисини улоқтириб ташлаб, ўрнига янгисини қўйиб қўйиш мумкиндай. Олим теварагида ғийбат қозони қайнаб ётганда партиядан «Ҳой биродарлар, бир катта олим дурустроқ уй қуриб олган бўлса нима бўлибди? Бу ўзимизга обрў олиб келади» деган садо чиқмади-ку!
Йўқ, арзимаган «гуноҳлар» баҳонасида одамларни ёмонотлиқ қилиш, бурнини ерга ишқаб, қанотини қайириб олиш партиянинг севимли ишларидан эди. Ҳар хил йўллар билан одамни хўрлаш, таҳқирлаш ва шу тарзда «попугини пасайтириб» қўйиш бизнинг ҳаётимизда оддий иш бўлиб қолган эди.
Шу гапларни ёзяпману кўз ўнгимда улуғ санъаткоримиз Шукур Бурҳоновнинг нуроний сиймоси гавдаланади. Ўйлайманки, юртимизда биронта одамга унинг кимлигини тушунтиришга ҳожат бўлмаса керак. Шукур Бурҳонов бетоб кунлардан бирида унинг иштирокисиз, орқасидан мажлис қилибдилар-да, ишдан бўшатиб, «патта»сини уйига элтиб берибдилар. Ҳолбуки, санъаткорнинг бутун умри шу театрда ўтган, у ҳаётини театрдан ташқарида тасаввур ҳам қилолмасди. Буни қандай тушуниб, қандай изоҳлаш мумкин? Ҳар қанча узрли сабаблар рўкач қилинмасин, улар Шукур Бурҳонни театрдан қувган одамларнинг бағритошлигини оқлай олармикан? Ахир, биз бағрикенг, серсаховат, меҳридарё халқ сифатида танилган эдик-ку! Дини ислом, мусулмон ахлоқи асрлар мобайнида бизга одамийликни, раҳмдилликни, шафқатни сингдириб келган эди. Нега энди бугунга келиб шу қадар меҳрсиз ва бағритош бўлиб қолдик? Яқинларимизга қанча кўп озор етказсак, шунча кўпроқ ҳузурланамиз. Бу иллат бизга қачон, қандай ёпишган? Шўролар замонида кенг томир ёйган инсонга лоқайд қараш, уни қадрламаслик шундай оқибатларга олиб келмадими?
Албатта, бу мулоҳазалар кимгадир маъқул бўлмаслиги, кимдадир эътироз туғдириши мумкин. Кимдир «Муболаға ҳам эви билан-да! Уч-тўртта ҳодисани санаб, шундан инсонга лоқайд қараш партия амалиётининг умумий тамойили бўлган дейиш мумкинми?» деб ўйлаётгандир ҳам. Бунга нима деб жавоб берса бўлади? Менинг гапларимда муболаға йўқ, биродарлар. Сизларни бунга яна бир бор амин қилмоқ учун қуйидаги далилни келтираман. Сизлар, албатта, Динмуҳаммад Қўнаев ҳақида эшитган бўлсангиз керак. У катта-катта кашфиётлар қилган атоқли геолог олим эди. Аммо кенг халқ оммасига геолог бўлиб эмас, йирик давлат арбоби ва донгдор партия ходими сифатида кўпроқ танилган эди. Қўнаев қирқ йилдан зиёдроқ раҳбарлик лавозимларида ишлади, шундан йигирма бир йил мобайнида партия Марказий Комитети Сиёсий Бюросига аъзо бўлди. Албатта, бу одам партиянинг ички ҳаётини яхши билган, унинг бу борада айтган гапларини сира шубҳа туғдирмайдиган далил тарзида қабул қилса бўлади. Яқинда Алматида унинг «Менинг даврим тўғрисида» деган хотиралар китоби чиқди. Унда шундай сатрлар бор: «Сен ҳокимият курсисида ўтирган бўлсанг, ҳурматга сазовор, муносиб одамсан. Мансабдан кетишинг билан сени эртасигаёқ унутиб юборадилар. Кўп ҳолларда эса менинг аҳволимга тушасан — янги чиққан раҳбарнинг қутқуси билан менинг устимга ҳар хил бўлар-бўлмас айблар тўнкадилар ва ўзимни оқлагани бирон оғиз гап айтишга мутлақо имкон бермадилар.»
Қўнаевнинг бошига тушган можаролар партия ўз аъзоларини қандай «қадрлаган»ини яққол кўрсатади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Коммунистик партия раҳбарлари оғизда гуманистик ақидаларни алқаган бўлсалар-да, амалда одамларга ўз мақсадларига эришиш йўлида бир восита деб қараганлар. Шунинг учун коммунистик жамият қуриш ёки уни ҳимоя қилиш йўлида миллион-миллион одамларни қурбон қилиб юбораверганлар. Улар бу қилмишларини оқлаш учун махсус назариялар ҳам тўқиб чиқарганлар.
«Одамлар давлат машинасининг мурватлари ва парракларидир» деган эди Сталин. Буюк доҳий яна бир жойда: «Бизда алмаштириб бўлмайдиган одам йўқ!» деган шиорни олдинга сурган эди. Бугунга келиб бу гаплар нақадар аксил-инсоний мазмунга эга экани аён бўлди. Ахир, бу дунёда инсондан буюкроқ, инсондан мўъжизавийроқ жонзот йўқ! Инсоннинг чиқити бўлмайди, унинг бири — тош, бири — гул. Ўз ўрнида иккови ҳам керак. Аммо коммунистик партия инсон тақдири ҳақида гап кетганда бу ақидани буткул унутар эди.
Қарс икки қўлдан деган гап бор. Партияки ўз аъзосини қадрламаса, аъзолар ўз партиясини нечук қадрласин?
Мен нафақат мунаққид ва адабиётшуносман, балки мунтазам равишда таржимачилик билан ҳам шуғулланганман. Таржима қилган асарларим орасида Ленинга бағишланганлари кўп. У пайтларда мен Ленин ҳақидаги очерк ва ҳикоялар, қиссалар ва романларни ўзбек китобхонига етказишни жуда муҳим иш деб ҳисоблардим. Ўзбек ёшлари бу китобларни ўқиб доҳийдан ибрат олса, унга ўхшаган баркамол бўлишга ҳаракат қилса қандай яхши! У кезларда кўпгина совет кишилари каби Ленинни парвардигордек бенуқсон деб билардим. Жиндай тили чучуклигини айтмаса, бошқа айби йўқ эди. 20-йиллардаёқ матбуот саҳифаларида «Ленин пайғамбарми, йўқми?» деган мавзуда жуда жиддий баҳс ўтган. Ҳар ҳолда, унинг бутун дунё меҳнаткашларининг доҳийси эканига совет кишиларида заррача шубҳа йўқ эди. Лекин бир гал менда алланечук гумон пайдо бўлган.
Ўшанда мен биринчи марта хорижий сафарга чиқиб, Мисрга борган эдим. Сафар давомида мисрлик оддий одамлар билан мулоқотда бўлишга ҳаракат қилдим. Лениннинг тасвири зарбланган нишонлардан анча-мунча олиб олган эдим. Мисрликлар нишонларни бажону дил олишди, у ёқ-бу ёғини айлантириб томоша қилишди, сўнг расмни кўрсатиб «Бу ким?» деб сўрашди. Қизиқ-а, улар меҳнаткаш бўлатуриб, ўз доҳийларини танимадилар. «Бу — Ленин» дейман ранжиганимни билдирмасликка тиришиб. Улар эса менга бақрайиб тураверадилар. «Ленин ким?» деб сўрайдилар. Кейин-кейин билдимки, хорижда Лениннинг шуҳрати унчалик эмас экан, у ердаги одамлар Ленинсиз ҳам бинойидек кунларини кўриб турар эканлар. Бизнинг назаримизда эса, Ленин бўлмаса, ер юзида ҳаёт тўхтаб қоладигандай эди. Мабодо, оламда бирон мангу турадиган нарса бўлса, бу — Ленин бўлмоғи керак эди.
Кейин ошкоралик ва қайта қуриш бошланди. Илгари яшириб келинган ҳақиқатлар юзага чиқа бошлади. Кўзимиз очилди. Лекин… Шу ўринда Чўлпоннинг бир байти эсга тушади:

Нечун очилди кўзим, қайга кетди уйқуларим?
Бу уйғонишда тўлиб-тошди, ошди қайғуларим.

Кўзимиз очилиб кўрдикки, Ленин бобо ҳам ўзимиз қатори эканлар, кўпда бенуқсон эмас, аксинча, анча-мунча жиноятларга қўл уришдан қайтмаган, анча-мунча одамнинг ҳаётига зомин ҳам бўлган эканлар. Ленин бобо ҳам нафс балосига гирифтор бўлган осий бандалардан эканлар, фақат еб-ичиш, молу дунё орттириш касалига эмас, бутун дунёни ўз бичимига мослаб қайта қуриш дардига мубтало бўлган эканлар. У киши фаолият майдонига кириб келишлари биланоқ Архимеднинг машҳур гапини ўз манфаатларига мослаб, «Менга таянч нуқтасини беринг, бутун дунёни ағдар-тўнтар қиламан!» деб ҳайқирган эдилар. Кейин партияни ўзлари учун шунақа таянч нуқтаси қилиб олдилар, партия аъзолари ва партияга аъзо бўлмаган оддий одамларни ўзларининг хомхаёлларини рўёбга чиқаришда восита деб билдилар. Бу ғаройиб ҳодисани идрок эт-моқчи бўлиб ҳарчанд уринаман, лекин тагига етолмайман. Қандоқ бўлдики, Россия империясидек катта бир мамлакат бир ҳовуч найрангбознинг тузоғига илинди? Нечук эс-ҳуши жойида, ақли расо миллион-миллион одамлар болшевиклар тўқиган афсоналарга чиппа-чин ишонди? Ўтмиш ҳақида қанча кўп ўйласам, бунақа саволлар шунча кўпроқ пайдо бўлади.
Аммо биз савол бериб ўрганмаган эдик. Негаки савол бермоқ учун одам синчков бўлмоғи, ҳар нарсанинг тагига етишга тиришмоғи керак, фикрлайдиган одам бўлмоғи шарт. Биз айни шу фикрлаш масаласида оқсар эдик, юқоридан айтилган ёхуд матбуотда ёзилган ҳар қандай гапни таҳлил чиғириғидан ўтказмай, ҳақиқат деб қабул қилишга кўникиб қолган эдик. Бунинг натижасида ҳар хил ёлғон-яшиқлар, бўлар-бўлмас афсоналар онгимизга сингдириларди. Ҳар куни такрор-такрор айтаверганидан кейин ёлғон ҳам ростга ўхшаб қолар экан. Гап қуруқ бўлмасин, бир-иккита мисол келтирай.
Кўп йиллар мобайнида «Улуғ Октябр инқилоби инсоният тарихида янги давр очди» деган ибора бизнинг «бисмилло»миз бўлган. Ҳар бир маърузада, ҳар бир мақолада, ҳар бир китобда бу гап қайта-қайта таъкидланар, қайта-қайта қулоққа қуйилар эди. Лекин ҳеч ким «1917 йил октябрида ўзи инқилоб бўлганми ёхуд шунчаки давлат тўнтаришими? Ё бир ҳовуч саргузаштталаб унсурлар уюштирган фитнамиди у? Тўнтариш ёки фитна бўлса, уни «улуғ» деб бўладими? Бу тўнтариш очган «янги давр» нималарда акс этади?» деган саволларни бермас эди.
Кўп китобларда Ўзбекистондаги фуқаролар уруши ҳақида гап кетганда «Фарғона водийсида шонли аскарларимиз юз минг босмачини қириб ташлади» деб ёзиларди. Буни ўқиб, «Ў, фрунзенинг шоввозлари-эй! Роса босмачиларнинг таъзирини берган экан-да» деб юраверганмиз. Ҳолбуки, жиндай фикр юритилса, жиндай таҳлил қилинса, бу сафсатанинг миси чиқади: ажабо, юз минг босмачи қирилган бўлса, тирик қолгани қанча экан? Боринг, ана, босмачиларнинг бешдан бири қирилган бўлсин. Унда қўлда қурол билан шўроларга қарши курашган босмачилар 500 минг кишини ташкил қилади-ку! Водий аҳолисининг ҳаммаси оёққа турган экан-да! Ундай бўлса, бутун халқни «босмачи» деб бўладими? Шўро ҳукумати ҳам халқнинг хоҳиш-иродасига қарши ўрнатилган экан-да?!
Фикрлашдан қочиш, «оч қорним — тинч қулоғим» фалсафаси одамни лоқайд қилади. Фирқа арбоблари эса бундан фойдаланиб, оммани ўзларининг ноғорасига истаганча ўйнатаверадилар. Ҳеч ким уларнинг мушугини «пишт» дейишга журъат қилолмай қолади.
Қайта қуриш авж олган кезларда Сатин деган бир кимсани аллақаердан топиб келиб, Тошкент шаҳар партия қўмитасига котиб қилиб қўйдилар. Бу зотнинг ўзбекларда қасди бор эканми, ҳар қалай, кўп одамни қийратди. У одамни айблаганда даъволарни қалаштириб ташлар, лекин далил-исботини ўйлаб ҳам ўтирмас эди. Бир кун катта бир йиғинда Тошкент дорилфунунини миллатчилик уяси сифатида таърифлади ва бунинг далилига «Талабаларнинг 50 фоизи ўзбек экан» деган гапни айтди. На ўша мажлисда, на йиғиндан кейин биронта одам чиқиб, «Дорилфунун талабаларининг ярми ўзбек бўлса, жуда оз экан, ахир, дорилфунун бошиданоқ маҳаллий миллат болаларига олий таълим бериш мақсадида тузилган» деган гапни айтмади. Шу тарзда Сатин ҳам миллатчиларни фош қилиш ишига муносиб ҳиссасини қўшди.
Қайта қуриш даври кўп давом этгани йўқ. Аммо беш-олти йиллик қисқа муддат мобайнида нафақат Ленин тўғрисида, балки партиянинг бошқа доҳийлари тўғрисида, партиянинг ўзи ҳақида шунақа ҳақиқатлар очилиб кетдики, улар эътиқодимизнинг қолган-қутганини ҳам барбод этди. Бу даврда эълон қилинган ҳужжатларда жинояткорлар бир тўда экани, етмиш йил мобайнида дунёнинг олтидан бир қисмини ёвузлик салтанатига айлантиргани, одамларни иймон ва виждондан, фаоллик ва ҳалолликдан маҳрум этгани узил-кесил исбот қилинди. Партия қулади. У елга учраган тутундай ғойиб бўлди. Ундан хотира сифатида мамлакат тарихида сира битмас бир яра бўлиб қора ўпқон қолди. Партия қулади-ю, унинг харобалари остида миллионлаб оддий партия аъзолари қолди. Мен шулардан бири эдим. Мен партия асоратидан қутулдим — эндиликда бўлар-бўлмас мажлисларда соатлаб қадалиб ўтиришларга, ҳисобот беришларга, ёлғон гапиришларга, ўзимда йўқ фазилатларни сотишга, риёкорликка ҳожат қолмади. Аммо бу — ўттиз йил мобайнида вужудимга сингиб кетган партиявий иллатларнинг қўланса бўйидан буткул халос бўлдим деган маънони билдирмайди. Ўттиз йил давомида кўнглимга жо бўлган, онгимга ўрнашиб олган оғулар ҳамон фикримни заҳарлашда давом этмоқда. Партия сафида ўтган ўттиз йиллик умримни сарҳисоб қилиб, «Нима орттирдиму нималардан маҳрум бўлдим?» деган саволни қўйсам, орттирганим бир ҳовуч бўлса, йўқотганим тоғдай беқиёс!
Мен партияга жуда катта орзу-умидлар бйлан кирган эдим. Мақсадим —мансаб эмас, имтиёзлар эмас, балки маслакдош дўстлар билан биргаликда улуғ ишларни амалга ошириш, маънавият юксакликларида парвоз қилиш, инсон деган номга доғ туширмай яшаш эди. Минг афсуски, бу орзулар ушалмади. Аксинча, партия сафида юриб, жиндай риёкор, жиндай алдамчи, жиндай иккиюзламачи бўлиб қолдим, меҳнат қилиш ўрнига ўзимни меҳнат қилаётгандай қилиб кўрсатишни ўргандим, сафсатабозликка, кўзбўямачиликка кўникдим.
Оскар Уайлд деган инглиз ёзувчисининг «Дориан Грейнинг портрети» деган ажойиб романи бор. Роман қаҳрамони Дориан Грей — бўй-басти келишган, ҳар қандай қиз бир кўрса ошиқу беқарор бўлиб қоладиган баркамол йигит. У мустақил ҳаётга энди қадам қўяр экан, Иблис билан учрашади; Иблис унинг иймони эвазига то вафотига қадар бутун навқиронлиги ва жозибадорлигини сақлаб қолишни ваъда қилади. Дориан рози бўлади — умрини айшу ишратда, ҳузур-ҳаловатда ўтказади, сира қаримайди — умрининг охиригача ёшликдаги баркамоллигини сақлаб қолади. Ниҳоят, вақт-соати етиб, оламдан ўтади. У ўлим тўшагида ётар экан, кўз ўнгида йиллар давомида шаклланган: ҳақиқий қиёфаси намоён бўлади. Бу қиёфа одамни жиркантирадиган даражада хунук — пешоналар тиришган, кўзлар чақчайган, пастки лаблар осилиб тушган, сўйлоқ тишлар йиртқич ҳайвонникидек туртиб чиққан… Ҳузур-ҳаловат, роҳат-фароғат, маишатнинг баҳоси бу…
Дориан Грейнинг ўлим тўшагида намоён бўлган асл қиёфаси — иймонсизлик ва маънавиятсизликнинг қиёфаси. Мен партия сафларида кечирган ҳаётимга якун ясамоқчи бўлсам, ҳар гал Дориан Грейнинг асл қиёфаси кўз олдимда гавдаланаверади. Партиянинг сохта талаблари, шафқатсизлиги, ғайриинсонийлиги мени иккиюзламачи, риёкор қилди, иймондан маҳрум этди, қинғир йўлларга бошлади. Шундоқ экан, нечук мен бундай партиядан кечмай? Нечук эътиқодимни ўзгартирмай? Бунинг учун мендан ҳазар қилиш керакми? Аксинча, мени ва менга ўхшаш бошқа миллионларни шу кўйга солган партиядан ҳазар қилмоқ керак эмасми? Ҳа, кўзлар жуда кечикиб очилди, ақл кечикиб кирди. Лекин мен кечикиб бўлса ҳам кўзим очилганига шукрлар қиламан.
Компартия тарқаб кетганидан кейин янги партиялар тузилди. Мени ҳам улар сафига киришга таклиф қилдилар. «Мени қўйинглар, биродарлар,— деб жавоб бердим. — Келинг, энди бу ёғига адашсам, ўзим адашай, ўзим тузатай ва ўзим жавоб берай». Мендан сўрашлари мумкин — хўп, коммунистик эътиқоддан воз кечибсиз, бошқа партиялардан бош тортибсиз, энди эътиқодсиз яшамоқчимисиз? Нега энди эътиқодсиз яшар эканман? Аксинча, бугун иймоним бутроқ, эътиқодим мустаҳкамроқ бўлиб қолди. Бугун мен умумбашарий қадриятларга, яхшиликка, ҳалолликка, диёнат ва инсофга эътиқод қўйдим. Менинг бахтимга, менга ўхшаган миллионларнинг бахтига жонажон юртимиз бошида мустақиллик байроғи ҳилпирай бошлади. Мустақиллик бизга эркинлик олиб келди ва шу билан бирга, ҳар биримизга юксак масъулиятлар юклади. Энди биз теранроқ ва дадилроқ фикрлайдиган бўлмоғимиз керак, маънавиятимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур. Биз янги, мустаҳкам ва юксак иймонга эга бўлмоғимиз даркор. Янги иймонга эга бўлмоқ учун эса бутунлай покланмоқ шарт. Бунинг учун қолган умр етиб берса, бас!

«Тафаккур» журналининг 1997 йил 10-сонидан олинди.

Alloh O‘zbekiston deb atalgan, tuprog‘ida oltin gullaydigan, qishlarida bahor shivirlaydigan, tog‘ desa tog‘i bor, bog‘ desa bog‘i bor, har tongda bulbullar madhini o‘qib tamom qilolmaydigan bir yurtni Vatan qilib bergan ekan, buning uchun o‘zimizni baxtli deb bilmog‘imiz kerak, shukronalar bilan yashamog‘imiz kerak. Vatan bizga ato etilgan ulug‘ ne’mat ekan, Vatanga muhabbat ham har birimizga berilgan ulug‘ ne’matdir.

Ozod Sharafiddinov
UCH MAQOLA
08

1488418965_skanirovanie0062.jpgOzod Sharafiddinov (1929 — 2005) Qo‘qon shahri yaqinidagi Oxunqaynar qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkentda o‘rta maktabni oltin medal bilan tugatdi va Toshkent Davlat universitetining filologiya fakultetida, so‘ngra Moskvadagi jahon adabiyoti instituti aspiranturasida tahsil oldi. O‘zMUda dotsent va professor, “Jahon adabiyoti” jurnalining bosh muharriri bo‘lib ishlagan.
“Zamon, qalb, poeziya” (1962), “Adabiy etyudlar” (1969), “Bayroqdorlar” (1974), “Mahorat saboqlari” (1975), “Birinchi mo‘jiza” (1979), “Hayot bilan hamnafas” (1983), “Dovondagi o‘ylar”, “Ijodni anglash baxti” (2004), “Domlalar” (2009) asarlari muallifi.

08

O‘LSAM AYRILMASMAN QUCHOQLARINGDAN*

Sehrli musiqaday jaranglovchi bu ajib so‘zlarni ilk bor bolaligimda — urush boshlangan yili eshitgandim. Yosh tomoshabinlar teatrining Eski Jo‘vadagi almisoqdan qolgan torgina zali. Odam tirband. Sahnada past bo‘yli, kulcha yuzli, istarasi issiq artist ko‘zlari chaqnab, ovozini bir ko‘tarib, bir pasaytirib hayajon bilan she’r o‘qimoqda:

Vatan — ona so‘zi naqadar laziz,
Sensan har narsadan mo‘tabar, aziz,
Hurmatingni saqlar har bir olg‘il-qiz,
Muqaddas, mo‘tabar, ulug‘ Vatanim,
O‘lsam ayrilmasman quchoqlaringdan…

Ko‘p o‘tmay teatr zalida o‘tirganim ham, she’rni sahnada artist o‘qiyotgani ham unut bo‘ldi. She’r misralari va, ayniqsa, har band oxirida takrorlanayotgan “O‘lsam ayrilmasman quchoqlaringdan” degan ibora go‘yo yuragimda tug‘ilib, ichimdan jo‘shib chiqayotganday. Uchta oddiy so‘zdan tarkib topgan bu otashin xitob she’r emas, butun umr bo‘yi amal qiladigan tantanavor qasamday jaranglardi. Keyin chindan-da shunday bo‘ldi — Uyg‘un qalamiga mansub bu misra butun umrim mobaynida menga hamroh bo‘lib kelmoqda. Qadamim yetib borgan turli makonlarda, turli sharoitlarda bu misra mendan so‘rab ham o‘tirmay, birdan qalbimda jaranglab ketadi. Shunda yurtimizning saxiy quyoshidan bahramand bo‘lgan yam-yashil dalalarday ko‘nglim yorishib ketadi. Tomirlarimda yangi kuch yugurayotganday o‘zimni bardam seza boshlayman.

Vatan. Vatan tuyg‘usi. Vatan muhabbati. Nimadir bular? Bular qanday sehrli qudratki, hali voyaga yetmagan, dunyo ko‘rmagan, turmushning past-balandlaridan bexabar, o‘yinu sho‘xliklardan o‘zga dardi yo‘q bir o‘smirning yuragiga jo bo‘lib olib, butun umr uning xatti-harakatini, yurish-turishini boshqarib turadi. Bu tuyg‘u inson farzandida tug‘ma bo‘larmikin? Yoki go‘dak tamshana-tamshana onasini emganida, ona suti bilan birga bu tuyg‘u uning ham tomirlariga yugurarmikin? Umuman, “Vatan” deganning o‘zi nadir? Tug‘ilib o‘sgan uyingmi? Beshikda qulog‘ingga kirgan mungli va ayni chog‘da nurli allami? Buvingning ertaklarimi? Maktabmi? Ilk bor visol onlariga guvoh bo‘lgan so‘lim xiyobonlarmi? Albatta, bularning hammasi va yana allaqancha narsalar birlashib, “Vatan” degan narsaning so‘nmas timsolini yaratsa kerak. Va yana o‘ylaymanki, bolaning murg‘ak qalbidagi ilk bor paydo bo‘lgan Vatan timsoli har qancha yorqin bo‘lmasin, hali o‘zining shaklu shamoyilini to‘la topib ulgurmagan bo‘ladi. Vatan tuyg‘usi insonning o‘zi bilan birga o‘sib-ulg‘ayadigan tuyg‘u bo‘lar ekan. Tajribangiz ortgani sari, hayot doshqozonida qaynab pisha borganingiz sari Vatan degan narsani chuqurroq qadrlaydigan bo‘lib qolasiz, Vatan haqidagi tasavvuringiz to‘lishib, kengayib, boyib boradi. Vatan tuyg‘usi butun vujudingizni qamrab oladi, har bir hujayrangizga tomir yozadi. Siz endi anglay boshlaysizki, Vatan nafaqat jo‘shqin yoshlik damlari bilan bog‘liq so‘lim maskandir. Inson ham niholday gap — uni undirib o‘stiradigan ona zamin bor, quyosh, suv, havo uni o‘z ne’matlaridan bahramand qiladi. Shuning uchun bularning bari inson uchun aziz va ardoqli. Lekin bular hali tugal Vatan emas. Odamzod shunday yaratilganki, u boshqalardan ajralgan holda, yakka-yolg‘iz, so‘ppayib umrguzaronlik qilolmaydi. To‘g‘ri, odamlar orasida tarkidunyo qiladiganlari, tanholikni yoqtiradiganlari, hech kimni jini suymaydiganlari ham bor. Ammo ular har qancha tanho bo‘lmasin, elu yurtdan yuz o‘girib, har qancha g‘orlar ichida makon qilmasin, baribir, minglab rishtalar orqali odamlar bilan, dunyo bilan bog‘liq bo‘ladi. Hatto umrining yarmini xumni vatan qilib o‘tkazgan qadimgi yunon faylasufi Diogen ham, baribir, shogirdlari bilan, boshqa faylasuflar bilan aloqada yashagan. Ota-onalar, farzandlar, qarindosh-urug‘lar, yoru birodarlar, do‘stlaru dugonalar har qanday inson hayotiga turfa xil ma’no ato qiladi. Odam ularni yaxshi ko‘rish, ular bilan inoq yashashi mumkin, ularni yoqtirmasligi ham mumkin. Lekin nima bo‘lganda ham ularning hammasidan yuz o‘girib, hammasidan butunlay kechib ketib bo‘lmaydi. Xullas, qarindosh-urug‘, do‘stu birodarlar, mahalla, jamoa, qolaversa, butun jamiyat odamning o‘sib-ulg‘ayishida, umrguzaronligida istasa-istamasa unga tayanch bo‘ladi, uning parvoziga qanot beradi. Shuning uchun “Vatan” tushunchasi muayyan jo‘g‘rofiy hududnigina qamrab olmaydi, balki uning tarkibiga butun jamiyat, uning kechagi kuni, buguni va ertasi ham kiradi. Shuning uchun men “o‘lsam ayrilmasman quchoqlaringdan” deya bot-bot takrorlaganimda bilamanki, men vatanimga kerakman. Kimligimdan, yoshu qariligimdan, kasbu korimdan qat’i nazar. Bilamanki, mensiz Vatanimning nimasidir kemtik, noto‘kis bo‘lib qoladi. Ayni choqda shuni ham bilamanki, Vatanim menga ko‘proq kerak. Vatan mensiz yashashi mumkin, lekin men vatansiz yashayolmayman! Rost-da! Men yetmishga kirib, umrimda nimaiki ro‘shnolik ko‘rgan bo‘lsam, shu Vatanning bag‘rida uning saxovati tufayli, “bir mehribon qo‘l” bilan peshonamni silagani tufayli ko‘rdim. Albatta, turmush bo‘lgandan keyin uning o‘ziga yarasha tashvishlari, qiyinchiliklari bo‘ladi, oyog‘ingiz ostidan katta-kichik muammolar chiqib turadi. Lekin, sirasini aytganda, cholu kampir ikkimiz “murodu maqsadga yetish” arafasida bola-chaqalarimiz bilan birga ustimiz but, qornimiz to‘q, yeganimiz oldimizda, yemaganimiz ketimizda, tinch, xotirjam hayot kechirmoqdamiz. Birovdan kam emasmiz, hech kimdan tili qisiq joyimiz yo‘q. Men bunga ba’zan o‘zimda yo‘q xursand bo‘laman, Yaratganga beadad shukronalar qilaman, ba’zan esa Vatanning menga ko‘rsatgan behisob inoyatlariga, elu yurt ardog‘iga munosib javob bera olayotganim yo‘q, Vatan oldidagi farzandlik burchimni to‘la o‘tayolmayapman deb o‘kinib qo‘yaman. Bu o‘kinch meni ko‘p narsalar to‘g‘risida o‘ylashga undaydi. Axir, bu beqiyos go‘zal Vatan Allohning el qatori menga ham atagan buyuk tuhfasi. Mendan avval o‘tgan avlod-ajdodlarim uni jamiki betakror jozibasi bilan, tuganmas xazinalari bilan menga meros qoldirgan. Xo‘sh, nima qilmoq kerak? Tekin meros ekan deb uning boyliklarini bir chekkadan sovuraverishim kerakmi? Axir, yotib yesa tog‘ chidamas ekan. Yo‘q, orqa-oldimizga qaramay sovurish yo‘lini tutadigan bo‘lsak, bu go‘zal o‘lka uch-to‘rtta avlodning umri o‘tmasdanoq odam yursa oyog‘i, qush uchsa qanoti kuyadigan dashtu biyobonga aylanadi-yu, biz hammamiz kelajak avlodlarning qarg‘ishiga uchraymiz. Baxtimizga, o‘tgan avlod-ajdodlarimiz bizga Vatanni meros qilibgina qoldirgan emaslar, balki bu Vatanni chin yurakdan sevishni, unga fidokorlik bilan xizmat qilishni, uning husniga husn, boyligiga boylik qo‘shishni ham meros qoldirishgan. Vatanni sevmoq imondandir, deb ta’lim berishgan ular. Demak, har bir odam uchun Vatanni sevish ham farz, ham qarz.

Shu o‘rinda bir shoirning Vatan sevgisi haqidagi atigi to‘rt misrada aytgan bir gapi esimga tushib ketdi: “Vatan” uchun kimlar nimalar qilmagan? Birovlar Vatan deb jon fido qilgan, birovlar vatan deb gap sotgan…“ Men hech kimni malomat qilmoqchi emasman, buning uchun mening haqqim ham yo‘q. Lekin, nazarimda, shunday tuyuladiki, biz keyingi vaqtlarda Vatanga muhabbatimizni ko‘proq ”gap sotish“ yo‘li bilan ifodalashga berilib ketganga o‘xshaymiz. Nazarimda, ”tarbiya“, ”vatanparvarlik tarbiyasi“ degan narsani ham butunlay bir tomonlama tushunamiz, shekilli. Qancha ko‘p gapirsak, gaplarimiz qancha tum-taroq, balandparvoz bo‘lsa, tarbiyaviy ishlarimiz shuncha yaxshilanayotganga o‘xshaydi. Holbuki, bularning bari bilimimizning sayozligidan, madaniy saviyamizning pastligidan, qolaversa, gapirayotgan gapimizni o‘zimiz qadrlamasligimizdan tug‘iladi va bu siy­qalik oxir-pirovardida, eng noyob, eng inja tuyg‘ularimizni ham o‘tmaslashtiradi. Natijada, ”Vatan sevgisi“ning qadri pasayib, bahosi tushib ketishi ham hech gap emas. Bir misol keltiraman: keyingi paytlarda ancha-muncha odamlar televizor orqali yoki matbuot sahifalarida sira xijolat tortmay ”men falon sohada Vatan uchun 30, 40 yoki 50 yil xizmat qilib qo‘yganman» deya maqtanadigan bo‘lib qolishdi. Biroq odam o‘zi to‘g‘risida shunaqa deganida qilgan xizmatlarini pisanda qilayotganga o‘xshab ketadi. Albatta, biror sohada 30 yilmi, 40 yilmi ishlagani juda yaxshi — buning uchun faqat rahmat aytish va pullar bilan rag‘batlantirish kerak. Lekin nima uchun buni — butun umr bo‘yi tirikchiligini o‘tkazish uchun maosh olib qilgan ishini o‘zining vatanparvarligi deb taqdim etishi kerak?

Vatanni sevish va, ayniqsa, bu sevgini amalda namoyon qilish unchalik oson ish emas. Bu odamdan juda katta jasoratni, bardoshni, chidamni talab qiladi. Qizig‘i shundaki, Vatan o‘z farzandlaridan har oyda, har haftada, har soat, har soniyada jon fido qilishni talab qilmaydi. Vatan yo‘lida sodir bo‘ladigan bunday fidokorlik eng yuksak, eng oliy fidokorlik bo‘lib, u favqulodda hollarda ro‘y beradi. Lekin Vatan sevgisi odamdan bir qarashda mahobatli ko‘rinmaydigan, insonning oddiy faoliyatidan kam farq qiladigan, aslida esa juda mashaqqatli mehnatdan iborat bo‘lgan kundalik jasoratni talab qiladi. Bu o‘rinda bugungi odamlarga juda yaxshi o‘rnak bo‘ladigan yana bir toifa chin vatanparvarlar avlodi yodimga tushdi.

1914-mi yoxud 1915 yilgimi — aniq esimda yo‘q — jadid gazetalaridan birida kichkina axborot e’lon qilingan. Undan ma’lum bo‘ladiki, jadidlar ma’rifat ishlari yo‘lida xayriya kechasi o‘tkazgan ekanlar va kecha oqibatida ma’lum miqdorda pul tushgan ekan. Gazetadagi axborotda ana shu pul tiyinma-tiyin nimalarga sarflangani aniq ko‘rsatilgan. Bu ishlarning barini jadidlar shovqin-suronsiz, biron og‘iz maqtanishsiz, pisandasiz va ta’masiz amalga oshirganlar. Va nihoyat, mana shu xizmatlari uchun sho‘rolar zamonida qamalib, ko‘pchiliklari otib yuborilgan yoxud o‘zga yurtlarga badarg‘a qilinib, urug‘lari quritilgan. Ularning bunday beminnat fidokorliklari biz uchun mangu ibrat bo‘lib qolmaydimi? Bizning esa hamon topganimiz gap… gap… gap… Biri-biridan chiroyli, biri-biridan purviqor, biri-biridan dabdabali va biri-biridan puch, mag‘izsiz gaplar, samimiyatdan uzoq gaplar. Qo‘rqamanki, bu havoyi gaplar hatto bizning picha riyokorligimizni ham oshkor qilib qo‘yadi.

Sezib turibman — shu o‘rinda bir tabiiy savol tug‘ilishi mumkin — maqolada Vatan sevgisi og‘izda emas, amalda, ishda namoyon bo‘lmog‘i kerak degan gap ko‘p aytilyapti. Xo‘sh, bugungi oddiy odam nima qilmog‘i, Vatanga muhabbatini qanday namoyon etmog‘i kerak? Axir, tarixda qiladigan ulug‘ jasoratlarni hamma ham, har kuni qilavermaydi-ku? Menimcha, Vatan yo‘lida bir ishni qilishni istagan odam, avvalo, tarixga kirish haqidagi o‘ylarini bir chekkaga yig‘ishtirib qo‘ymog‘i kerak; chunki bir shoir aytganidek, avval ishni qoyil qilmoq kerak, shon-shuhratni esa keyin bo‘lishib olinaveradi. Hayot esa hamma vaqt jasorat ko‘rsatishga imkon beradi — jasoratlar, fidokorliklar faqat favqulodda odamlarning mahriga tushgan emas. Prezidentimiz takror-takror aytadigan bir ibora bor — “Savob ishni har kim qilmog‘i, har kuni qilmog‘i lozim”. Faqat bir narsani aytmoq joizki, savob ishlar, shu jumladan, Vatan ravnaqi yo‘lidagi ishlar hech qachon avvaldan tasdiqlangan ro‘yxat bo‘yicha, birovlarning ko‘rsatmasi bilan qilinmaydi. Har kim o‘z aql-zakovati bilan, o‘z qalbining amriga ko‘ra qudrati yetgan darajada, imkoni bor darajada Vatan, elu yurt yo‘lidagi ishlarni qiladi.

Vatanga muhabbatingizni amalda namoyon qilmoq uchun falon qiling, piston qiling deb ko‘rsatma berolmayman. Hayotning o‘zida siz qilishingiz mumkin bo‘lgan yumushlar oyoq ostidan chiqib qoladi. Hozir o‘zi turgan joyda obodonchilik ishlariga yordam berayotgan, maktablarga, bolalar bog‘chalariga ko‘maklashayotgan, ijodkorlarning kitoblarini chop ettirishga madadlashayotgan, qo‘li qisqaroq oilalarga bolalarning to‘ylarini o‘tkazib berayotgan va yana qanchadan-qancha saxovatpesha ishlarni qilayotgan odamlar haqidagi xabarlar ko‘payib qoldi. Bularning bari elu yurt ravnaqi yo‘lida qilinayotgan savob ishlardir. Agar bordi-yu, bunaqa ishlarga ham qurbingiz yetmasa, hechqisi yo‘q, o‘kinmang — jilla bo‘lmasa, to‘rt-besh tup daraxt eking, hovlingiz atrofini obod qiling, loaqal, eshigingiz tagiga bir tup qirqog‘ayni ekingki, o‘tgan-ketganlar yashnagan gullarni ko‘rib, ichlarida “barakalla” deyishsin. Bunday ishlar ham yurtimizning husniga husn, chiroyiga chiroy qo‘shadi-ku.

Odam ota-onasini tanlayolmaganidek, Vatanni ham tanlayolmaydi. Albatta, Alloh odamga Vatanni muzliklardan ham, sahrolardan ham, changalzorlardan ham ato etishi mumkin. Lekin siz bilan bizga Alloh O‘zbekiston deb atalgan, tuprog‘ida oltin gullaydigan, qishlarida bahor shivirlaydigan, tog‘ desa tog‘i bor, bog‘ desa bog‘i bor, har tongda bulbullar madhini o‘qib tamom qilolmaydigan bir yurtni Vatan qilib bergan ekan, buning uchun o‘zimizni BAXTLI deb bilmog‘imiz kerak. Prezidentimiz aytganiday, shukronalar bilan yashamog‘imiz kerak. Vatan bizga ato etilgan ulug‘ ne’mat ekan, Vatanga muhabbat ham har birimizga berilgan ulug‘ ne’matdir.

*“Ma’naviy kamolot yo‘llarida” nomli kitobidan o‘rin olgan maqolasi juz’iy qisqartirishlar bilan havola etilmoqda

“ADABIYOT YASHASA – MILLAT YASHAR”

Har qanday chinakam iste’dod sohibi kabi Abdulhamid Cho‘lpon ham ijodning deyarli hamma sohalarida samarali faoliyat ko‘rsatgan. U ham shoir, ham nosir, ham dramaturg, ham tarjimon, ham publitsist bo‘lishi bilan birga, barkamol munaqqid, mohir adabiyotshunos, o‘ziga xos tarzda fikrlaydigan san’atshunos ham bo‘lgan. Uning badiiy asarlari xalq ma’naviyatini shakllantirishda qancha muhim rol o‘ynagan bo‘lsa, adabiy-tanqidiy maqolalari ham shunchalik katta qimmatga ega. Ammo istibdod zamonida Cho‘lpon ijodini o‘rganish u yoqda tursin, nomini tilga olish ta’qiqlangani uchun keng jamoatilikkina emas, hatto adabiyotshunos mutaxassislar ham Cho‘lpon ijodining bu qirrasi to‘g‘risida g‘oyat mavhum va tumanli tasavvurga ega edilar. Faqat so‘nggi yillardagina Sh.Turdiyev, N.Karimov, B.Do‘stqorayev, M.Olimov, U.Dolimov, Z.Eshonova, D.Quronov, U.Sultonov kabi adabiyotshunoslarning harakati bilan Cho‘lponning inqilobdan oldin va keyin chop etilgan, hozir esa topilishi amri-mahol bo‘lib qolgan, jurnallar va gazetalarda sochilib yotgan adabiy-tanqidiy asarlari ilmiy muomalaga kira boshladi. Surxondaryolik yosh cho‘lponshunos N.Yo‘ldoshev esa Cho‘lpon hayoti va ijodiga doir bibliografiya e’lon qilib, unda birinchi marta Cho‘lpon maqolalarining ro‘yxatini aniqladi. Bibliografiyada ko‘rsatilishicha, shoirning 1914-1937 yillar mobaynida chop etilgan adabiy-tanqidiy maqolalari hozircha 63 ta ekan. Izlanishlar davom ettirilsa, bu raqamning ko‘payishi turgan gap.

Maqolalar bilan tanishish natijasida shunday xulosaga kelish mumkinki, Cho‘lpon o‘zini professional munaqqid yoki muayyan akademik qoidalar asosida ish yurituvchi adabiyotshunos olim deb hisoblagan emas. Cho‘lpon estetika bobida, san’at nazariyasida yangi sahifa ochgan emas, jahon san’atini va san’atshunosligini batamom yangi yo‘llarga burib yuboradigan tugal ta’limot yaratmagan. Shunga qaramay, yangi o‘zbek adabiyoti tarixini Cho‘lponning adabiy-tanqidiy faoliyatisiz tasavvur qilib bo‘lmaydi. Yangi o‘zbek adabiyotini shakllantirishda, 20-30 yillardagi g‘oyat murakkab ijodiy kurashlar muhitida unda izchil realistik uslubning ustivorligini ta’minlashda Cho‘lponning adabiy-tanqidiy qarashlarining ahamiyatini kamsitish mumkin emas. Cho‘lpon munaqqid sifatida. Birinchi navbatda, adabiyot va san’atning amaliy masalalari bilan shug‘ullangan, yanada aniqroq aytganda, ma’naviy uyg‘onish va madaniy rivojlanish asosida adabiy jarayon davomida ko‘ndalang bo‘lgan dolzarb muammolarga javob topishga intilgan, shu tarzda adabiyotni o‘z davrining ilg‘or g‘oyalari bilan boyitishga Sharq va G‘arbning bebaho tajribasini yangi o‘zbek adabiyotiga olib kirishga harakat qilgan.

Cho‘lpon adabiy-tanqidiy merosining ahamiyati faqat shu bilan cheklanmaydi. Yuqorida aytganimizdek, Cho‘lpon tanqidiy faoliyati bilan estetika sohasida yangi bir ta’limot yaratishni maqsad qilib qo‘ymagan bo‘lsa-da, uning maqolalarini ichki yaxlitlikdan mahrum, har xil yillarda har xil munosabatlar bilan yozilib, har xil narsalar to‘g‘risida bahs yurituvchi parokanda asarlar yig‘indisidan iborat deb qarash mumkin emas. Aksincha, har bir maqolaning yugurik misralari ortidan Cho‘lponning o‘zi qarab turganday bo‘ladi. Har bir maqolada Cho‘lpon shaxsiyatining aniq muhri borki, xuddi shu narsa ularni bir yaxlit holda keltirib turadi. Cho‘lponning adabiy-tanqidiy merosi bu ulug‘ adib shaxsiyatining turli qirralarini, madaniy saviyasini, e’tiqodi va dunyoqarashini o‘raganishda, ijtimoiy hayotning muhim jihatlariga uning munosabatini aniqlashda, ijodiy biografiyasining ba’zi nuqtalarini to‘laroq yoritishda ham g‘oyat ahamiyatlidir. Biz merosni muayyan tartibda o‘rganish natijasida Cho‘lponning g‘oyaviy-estetik evolyutsiyasi qanday kechgani haqida tasavvurga ega bo‘lamiz, hatto “ijtimoiy tuzum va iste’dod” degan muammoni qo‘yib, sovet voqeligi Cho‘lponning san’atkor sifatidagi o‘sishiga qanday salbiy ta’sir etganini, bir san’atkor taqdiri misolida totalitar tuzumning chinakam iste’dodga qanchalik dushman ekanini to‘laroq tasavvur etishimiz mumkin.

Cho‘lponning birinchi tanqidiy asari “Adabiyot nadur?” degan maqola bo‘lib, “Sadoi Turkiston” gazetasida 1914 yil 4 iyun kuni e’lon qilingan. Bu maqola, umuman, Cho‘lponning matbuot yuzini ko‘rgan ilk asarlaridan biridir. Cho‘lpon uni 16 yashar o‘smirning shunchalik tiyraklik bilanqalam tebratganiga qoyil qolmay ilojingiz yo‘q. Faqat favqulodda iqtidorga ega odamgina 16 yoshida tafakkurning bunchalik yuqori pog‘onalariga ko‘tarilishi mumkin. Sarlavhaning o‘zidan ayon ko‘rinib turibdiki, maqola juda muhim masalaga bag‘ishlangan. Adabiyot adabiyot bo‘lgandan beri Sharqda ham, g‘arbda ham ne-ne buyuk iste’dod sohiblari “Adabiyot, san’at nadur? Uning kimga keragi bor? San’atkor kim? U jamiyat oldida burchdormi? Burchdor bo‘lsa, bu burch nimalardan iborat? Burchdorlik bilan ijod erkinligi o‘zaro qanday chiqishadi?” kabi muammolarga ro‘para kelishgan. Ko‘rinib turibdiki, bular ijodning hayot-mamot masalalari, ijodkor ularni loaqal o‘zi uchun hal qilmay turib, e’tiqod qilib olsa arziydigan estetik prinsiplarni aniqlamay turib samarali ijod qilolmaydi. Lekin shunga qaramay, hanuz adabiyot va san’atning yetakchi xossalarini qamrab oladigan, hamma davrlar uchun baravar ma’qul bo‘ladigan universal ta’rif, mukammal javob topilgani yo‘q. Buyuk san’atkorlarning javoblarida ham masalaning ayrim jihatlarigina, adabiyot va san’atning ayrim xislatlari, ayrim fazilatlarigina ifodalanadi.

Tabiiyki, Cho‘lpon ham adabiyot olamiga qadam qo‘yishi bilanoq shu muammoga ro‘para keldi va unga javob izlashga majbur bo‘ldi. Shunisi diqqatga sazovorki, Cho‘lpon o‘z izlanishlarida yolg‘iz emas edi. Xuddi shu davrda boshqa o‘zbek ziyolilari ham “adabiyot nadur?” degan muammoga javob izlab ancha urinishgan. Masalan, qo‘qonlik mashhur ma’rifatparvar “Ash’ori nisvon” degan majmuaning muallifi Ibrohim Davron 1909 yildayoq “Turkiston viloyati gazeti”da “Shoir nadur?” degan maqola e’lon qiladi. Yoki adabiyotshunos olim Begali Qosimovning ta’kidlashicha, 1914 yilda Mirmuhsin Shermuhammad bilan Saidahmad Vasliy o‘rtasida adabiyotning mohiyati, vazifalari va jamiyat oldidagi burchi to‘g‘risida bahs-munozara bo‘lgan. Folaversa, bunda y izlanish faqat turkistonlik ziyolilar o‘rtasidagina sodir bo‘lgan emas. Xuddi shu yillarda qo‘shni Qozog‘istonda ham, Ozarbayjon yoxud tatarlar yurtlarida ham adabiyotning mohiyatini izlash, uning jamiyat hayotidagi, millat ravnaqidagi ahamiyatini aniqlash harakati ancha avj olgan edi. Natijada “adabiyot nadur?” degan mangu savolga turli mintaqalarda bir-biriga yaqin javoblar paydo bo‘la boshlagan edi. Ozarbayjon adiblari Jalil Mamadqulzoda yoxud Abdurahim Haqverdiyevlarning, tatar yozuvchilari Abdulla To‘qay yoxud Olimjon Ibrohimovlarning XX asr boshlarida chop etilgan adabiyot haqidagi maqolalari fikrimizning dalili bo‘la oladi. O‘z izlanishlari oqibatida ular naqadar bir-biriga yaqin xulosalarga kelganini ko‘rsatish uchun bir konkret misollga murojaat qilaman: taniqli qozoq jurnalisti, ma’rifatparvar va demokrat M.Seralin o‘zi muharrirlik qilgan “Ayqap” jurnalining 1922 yildagi 1-sonida yozadi: “Til va adabiyot xalqning qalbi va ruhidir… adabiyotsiz xalq zabonsiz boladay gap. Bunday bola boshqalarga o‘zining dardu quvonchlarini gapirib berolmaydi. Xalqlarni bir-biriga yaqinlashtiradigan eng kuchli vosita til va adabiyotdir. O‘z adabiyotining haqiqiy qadr-qimmatini bilgan xalqlarning farzandlarigina o‘z tilini chinakam ardoqlay oladi. Qozoq xalqining o‘z tili va o‘z adabiyoti bor… bizning burchimiz unutilib yotgan ulkan xazinalarni yuzaga olib chiqish va hammaning mulkiga aylantirishdir” .

Endi Cho‘lponga murojaat qilaylik. Yosh munaqqid “Adabiyot nadur?” maqolasida, birinchi navbatda, adabimyotning ijtimoiy mohiyati to‘g‘risida fikr yuritadi. Uning fikricha adabiyot millatni taraqqiy ettirish vositasi, uning ma’naviyatini ta’minlaydigan omil, Cho‘lpon bu xulosaning chin ekanligiga shu qadar ishonganki, maqolada hech qanday e’tirozga o‘rin qoldirmaydigan tarzda “adabiyot yashasa – millat yashar” deya tasdiqlaydi: “Ha, to‘xtamasdan harakat qilib turg‘on vujudimizga, tanimizga suv, havo naqadar zarur bo‘lsa, maishat yo‘lida har xil qora kirlar bilan kirlangan ruhimiz uchun ham shul qadar adabiyot kerakdir. Adabiyot yashasa – millat yashar. Adabiyoti o‘lmagan va adabiyotining taraqqiyotiga cholishmagan va adiblar yetishtirmagan millat oxiri bir kun hissiyotdan, o‘ydan, fikrdan mahrum qolib sekin-sekin inqiroz bo‘lur”.

Biri Turkistonda, biri Qozog‘istonda turib, bir-biridan bexabar ikki muallif deyarli bir xil tarzda adabiyotning mohiyati, jamiyat hayotdagi, millat ravnaqidagi ahamiyati to‘g‘risida fikr yuritmoqda. Bundagi mushtaraklik tasodif emas albatta. Bu shu bilan izohlanadiki, XX ar boshlarida Turkistonda ham, Qozog‘istonda ham ulug‘ Uyg‘onish shabadalari esa boshlagan edi. Turkistonda shu kezlari tarix maydoniga kirib kelgan, keyinchalik “jadidlar” deb nom olgan fikri ochiq, taraqqiyparvar ziyolilar bu uyg‘onishni ta’minlagan asosiy kuch bo‘ldi. Ular mustamlakachilik styosati tufayli Turkiston zabun ahvolga tushib qolganini, xalq vajohat va nodonlik qo‘ynida, erksizlik bo‘yinturug‘i ostida ikkiyoqlama zulm iskanjalari ostida qattif ezilib yotganini chuqur angladilar va bunday hayotni o‘zgartirish, yangilash zarurligi haqidagi g‘oyalarni olg‘a surdilar. Ular xalqni ma’rifatli qilishni, saviyasini ko‘tarib, oq-qorani taniydigan qilishni yangilanishning birlamchi sharti deb bildilar va shu olijanob niyatni amalga oshirish uchun fidoyilik bidlan ishga kirishdilar. Ular har xil ta’qib va ta’qiqlarag qaramay, moddiy qiyinchiliklarni yengib maktablar ochdilar, darsliklaryaratdilar, gazetalar chiqardilar, nashriyotlar ochib kitoblar chop etdilar, turli madaniy-ma’rifiy to‘garaklar ochdilar… Xullas, qisqa muddat ichida jadidlar millatning sadoqatli va fidokor farzandlari sifatida tanildi.

Cho‘lpon shu ulug‘ ma’riftparvarlik harakatininig qanotlarida ijod maydoniga kirib keldi. U mustaqil o‘qib o‘rganish oqibatida g‘oyat yukmsak madaniy saviyaga ega edi. Sharq klassiklari, ayniqsa, turk va hind yozuvchilarining asarlari bilan, shuningdeyek, Ovro‘pa va rus adabiyoti bilan puxta tanish edi. Shuning uchun 15-16 yoshlaridayoq ma’rifatpararlik g‘oyalarini qabul qilishga har jihatdan tayyor edi. Shuning uchunt Cho‘lpon yoshligiga qaramay, Turkistonning taqdiri to‘g‘risida, millatning istiqboli haqida chuqur qayg‘urish bilan o‘ylay boshladi. U ham jadidlarga ergashib, xalqni jaholat va nodonlik, erksizlik va qashshoqlik botqag‘idan qutqarib olishning birdan bir yo‘li ma’rifat degan e’tiqodga keldi. Millatni ravnaq toptirish uchun, birinchi navbatda, uni mustamlaka asoratidan xalos etish kerak, buning uchun esa xalq o‘zini o‘zi tanigan bo‘lmog‘i, hammani birlashtiradigshan, yakdil qiladigan milliy iftixor tuyg‘usiga ega bo‘lmog‘i kerak. Cho‘lpon xalqni shu darajaga yetkazishga yordam beradigan imkoniyatlar, chora-tadbirlar izlaydi va adabiyot ularning eng samaralisidir degan to‘xtamga keladi. Shuning uchun ham yosh munaqqid komil ishonch bilan hatto millatning yashashini adabiyotning yashashiga bog‘liq qilib qo‘ydi. Ehtmol, Cho‘lpon bu yeprda biroz ehtirosga berilgandir, bir oz mubolag‘aga yo‘l qo‘ygandir, lekin hech shubha yo‘qki, XX asr boshlaridagi Turkiston sharoitida “adabiyot yashasa – millat yashar” degan formula to‘g‘ri va samarali formula edi. Muhimi shundaki, adabiyotga bunday qarash, uni xalq hayotini yangilashning muhim vositasi deb hisoblash Cho‘lpon ijodida shunchaki yo‘l-yo‘lakay aytilgan bir fikr sifatida qolib ketgani yo‘q, balki uning keyingi ijodi davomida doimiy ravishda rahnamolik qiluvchi dasturulamal bo‘ldi. Cho‘lpon shu e’tiqoddan kelib chiqib, 20-yillard yangi niqobga kirib olgan mustamlakachilikni fosh etdi, xalq uchun kishan yasovchi turli-tuman to‘ralar va afandilarni qoraladi, hurlikni, erkinlikni kuylovchi otashin she’rlar yaratdi. Keyinchalik esa xalq hayotining turli qatlamlarini haqqoniy aks ettiruvchi roman va dramalar yaratib, xalqning ma’naviy ulg‘ayishiga katta hissa qo‘shdi.

“Adabiyot nadur?” maqolasining kishini lol qoldiradigan yana bir muhim tomoni shundaki, 16 yoshlik munaqqid adabiyotning ijtimoiy vazifasini ta’kidlash bilan cheklanmaydi, balki uning o‘ziga xos xususiyatiga, ya’ni obrazlar tabiatiga alohida urg‘u beradi. Yosh munaqqid uchun adabiyot quruq g‘oyalar majmuasi emas, balki, birinchi navbatda, inson ruhiyati bilan bog‘liq bo‘lgan g‘odisadir. U odamlarning shuuriga emas, his-tuyg‘ulariga ham ta’sir etishi, ularni quvontirib yoxud mahzun ahvolga solib, shu orqali ijtimoiy burchini o‘tashi zarur. Cho‘lpon bu fikrlarni o‘ziga xos obrazlarda bunday ifodalagan: “Adabiyot chin ma’nosi ila o‘lgan, so‘ngan qaralgan, o‘chgan majruh yarador ko‘ngilga ruh bermak uchun, faqat vujudimizga emas, qonlarimizga qadar singishgan qora balchiqlarni tozalaydurgan, o‘tkir yuoak kirlarini yuvadurg‘on toza ma’rifat suvi, xiraldashgan oynalarimizni yorug‘ va ravshan qiladurgan, chang va tuproqlar to‘lgan ko‘zlarimizni artib tozalaydurg‘an buloq suvi bo‘lgonlikdan bizga g‘oyat kerakdur”.

Qadim-qadimlardan beri ma’lumki, bdiiy asar chinakam san’at darajasiga ko‘tarilmog‘i uchun unda g‘oyaviylik bilan badiiylik chambarchas birikib ketgan bo‘lmog‘i kerak. Badiiyatsiz g‘oyaviylik adabiyotni muqarrar o‘limga mahkum etadigan rak kasaliga o‘xshaydi. Adabiyot faqat badiiyati orqaligina, teran hayotiy mazmunni, muhim hayot haqiqatini odamlarni hayajonlantiradigan, to‘lqinlantiradigan badiiy shakllarda ifodalaganidagina jamiyat ehtiyojini qondira oladigan qudrat kasb etadi. Buni yaxshi anglagan Cho‘lpon badiiyatining mohiyatini o‘ziga xos tarzda shunday uqdiradi: “…Ba’zi vaqtda falak bir odamni qayg‘uga solar, ul o‘zi tushunib, o‘ylab turib, oh tortib yig‘lar. Bu hasratlarni o‘z ichiga sig‘dirolmas. Birovga aytsa, “voy bechora” dermukin deb, albatta, o‘z qayg‘usini birovna aytmakka tilar. To‘ppa-to‘g‘ri aytganda ul qadar ta’sir qilmas. Adabiyot ila aytganda, albatta, ta’sir qilar. Mening bir oshnamning o‘ldigi xabari kelar. Men hech xafalanmayman. Bir vaqtda maktub kelar, maktubda alarning ko‘rgan kunlari adabiyot ila bunday yozilur:

Gullar bilan pok qayg‘uli mahzun boqurdi,
Ko‘z yoshlarimiz to‘xtamay tun-kun oqurdi

Mana shuni o‘qib albatta, bir ta’sir ila alarning qayg‘usiga qo‘shilurmiz”.

Cho‘lpon adabiyotning yangi g‘oyaviy mazmuni uchungina emas, ayni chog‘da uning yuksak badiiyati uchun ham kurashganida, albatta, o‘sha davrdagi adabiy jarayonning xususiyatiga tayangan. Ma’lumki, jadidlar XX asr boshlarida ma’rifatparvarlik g‘oyalari bilan sug‘orilgan yangi mazmundagi adabiyot yaratdilar, ammo turli sabablarga ko‘ra bu adabiyot hamma vaqt ham yuksak badiiyat bilan omuhta bo‘lavermas edi. Shuning uchun bo‘lsa kerak, Cho‘lpon adabiyotni san’atga yaqinlashtirish imkonlarini izladi va bunga erishishning eng to‘g‘ri yo‘li haqqoniylik degan xulosaga keldi. Haqqoniylikning ildizlari esa xalqchillikda. Adib yoxud shoir xalq hayotining ichida bo‘lmog‘i kerak va bu hayotning hamma zamzamalarini aks ettirishga intilishi kerak. Ehtimol, yosh Cho‘lpon bunday qarashlarga stixiyali tarzda kelgandir, lekin nima bo‘lganda ham u “qalam ahllari”ni xalq hayotiga yaqinroq “aralashib” yurishga undaydi. “Adabiyot nadur?”dan keyin yozilgan va “Sadoi Turkiston” gazetasining 1915 yil 6 fevral sonida chop etigan “Muhtaram yozg‘uvchilarimizga” degan murojaatnomada Cho‘lpon shunday xitob qiladi: “Muhtaram qalam ahllari milliy maishatni yomon deb bezmay, zohirda bo‘lsa ham to‘ylarda, gapxonalarda, bachchabozlar majlisida, bazmlarda va shunga o‘xshash millatning eng tanqid qiladurgan o‘rinlarida birga aralashib yurmaklari kerakdurki, toki komil o‘sha odatlarni kitob sahifalarida chiroyliroq qilib yozg‘unday bo‘lsunlar. Milliy maishatdan bezgan bilan bezilib, ko‘milib ketaberadilar. Onda aralashib yurulsa, ondagi so‘zlarni, odatlarni o‘rganmoqqa bo‘ladurki, kitob betlariga ko‘churib yozmoqqa materiallarning eng asllari xalq orasidan olinur”.

Cho‘lpon inqilobdan keyin ham o‘zining estetik prinsiplarini shakllantirib bordi. U ko‘pgina maqolalarida konkret ijodkorlar misolida yoki muayyan asarlar tahlili orqali realizmning turli-tuman masalalarini o‘rtaga qo‘ydi. Jumladan, uning maqolalarida talant va ijodiy mehnat, hayotiylik va haqqoniylik, samimiyat va sun’iylik, matn ustida ishlash, badiiy tasvirning chinligi va rangdorligi, tabiat manzaralari va psixologizm kabi masalalar qalamga olingan va ular to‘g‘risida bugun ham ahampiyatini yo‘qotmagan qimmatli fikrlar aytilgan. Masalan, Cho‘lpon maqolalaridan birida adabiyotning “tugallanishi”, ya’ni takomillashishiga katta e’tibor berib, bunga “adabiyotga kira olmagan narsalarni shafqatsiz suratda maydondan haydash” bilan va badiiy asar tilini soddalashtirish orqali erishilar deb hisoblaydi. Cho‘lpon “Chig‘atoy guriungi”ga mansub odamlar xuddi shu yo‘lda faoliyat ko‘rsatganini aytadi. Ma’lumki, bizning “sovet” adabiyotshunosligimizda bu tashkilot hamisha panturkistik tashkilot sifatida aksilinqilobiy oldinga surgan guruh sifatida qoralanib kelindi. Buning natijasida biz bugun “Chig‘atoy gurungi” haqida deyarli hech narsa bilmaymiz. Bugunga kelib bilganimiz shu bo‘ldiki, “Chig‘atoy gurungi” haqida aytilgan gaplarning bari bo‘hton ekan. Shuning uchun Cho‘lpon maqolasidan olingan quyidagi parcha shoirning chin adabiyot uchun kurashini ko‘rsatish bilan birga, o‘sha to‘garak haqida qisman bo‘lsa-da, ma’lumot beradi: “…u jamiyatga mansub kishilar tilni soddalashtirmaslik maqsadini asos qilib ushlaganlari holda o‘zbek adabiyotining tugallanishiga ham katta ahamiyat berdilar. Tugallanadurg‘on adabiyot chin adabiyot bo‘lmog‘i kerak. Shuning uchun ular adabiy asarlarga haqiqiy qiymatini berib, adabiyotga kiraolmag‘an narsalarni shafqatsiz suvratda maydonlan hayday boshladilar… “Chig‘atoy gurungi” asosini mahkam qurg‘onligi va chinakam to‘g‘ri chizg‘onlig‘i uchun o‘zi yo‘q, ketsa ham, o‘zbekning yangi adabiyotida yangi, porloq, sharafli sahifalar ochdi va ochmoqda davom etadir”.

1918 yila Cho‘lponning o‘zi ham “Chig‘atoy gurungi” to‘garagining faol a’zosi bo‘lganini aytsak, “chin adabiyot” uchun kurashda uning xizmatlari ayon bo‘ladi. Albatta, bizning maqolamizda Cho‘lponning hamma adabiy-tanqidiy maqolalarini tilga olib, ularda ko‘tarilgan masalalarni batafsil sharhlab chiqish imkoni yo‘q. Biroq yangi o‘zbek adabiyoti uchun uning izchil kurashi haqida so‘z borar ekan, bir maqolani sira ham chetlab o‘tib bo‘lmaydi. Bu “Ulug‘ hindi” degan maqola bo‘lib, unda olg‘a surilgan fikrlar g‘oyat prinsipial qimmatga ega.

“Maorif va o‘qitg‘uvchi” jurnalining 1925 yil 7-8 qo‘shma sonida chop etilgan bu maqola bir qarashda juz’iy masalaga – buyuk hind shoiri Robindranat Tagor siymosini targ‘ib qilishga bag‘ishlanganday ko‘rinadi. Biroq aslida esa Cho‘lpon Tagor bahonamsida o‘zbek adabiyotining rivoji qay yo‘ldan borishi kerakligi haqidagi mulohazalarni bayon qiladi. Maqolada Tagor asarlari ideal darajasi ko‘tarilgan chinakam san’at namunalari sifatida talqin qilingan. Xo‘sh, Cho‘lpon Tagor ijodini qpay jihatdan ideal ijod deb biladi? Shunisi muhimki, Cho‘lpon bu to‘g‘rida fikr bildirar ekan, faqat o‘zbek adabiyoti yoxud o‘zbek yozuvchmlarinigina nazarda tutmaydi, balki, umuman, yangi adabiyotning XX asr boshlarida adabiyotga kirib kelgan Sharq yoshlarini nazarda tutadi. Cho‘lponning nazarida bu yoshlar “yo‘lsizlik kasaliga chalingan. Qolaversa, Cho‘lponning o‘zi ham “yo‘lsizlik dardidan ko‘p aziyat chekadi. Nima uchun? “Yo‘lsizlik” deganini qanday tashanmoq kerak? Cho‘lpon yozadi: “Eski adabiyot bilan yangi adabiyotning o‘rtasida qolg‘on sharqlik yosh chinakam chuchmal bir vaziyatdadir. Eski adabiyot bir shirin: yangisi yana shirin: g‘arbniki tag‘in yana shirin. Qaysi bittasiga ko‘proq berilsin?”

Afsuski, Cho‘lpon bu o‘rinda eski va yangi adabiyotning “shirinligi” nimalarda ifodalanishini aytmaydi, faqat maqola davomida yoshlarnin yo‘lsizligi, “boshlab o‘zi yo‘lsiz” ekanini aytib, uning mohiyati nimadaligiga ishora qiladi: “O‘zimning yo‘lsizligimdan biroz so‘zlab o‘tayin: Navoiy, Lutfiy, Boyqaro, Mashrab, Umarxon, Fazliy, Furqat, Muqimiylarni o‘qiyman: bir xil, bir xil, bir xil… Ko‘ngil boshqa narsa qidiradir. Botu, G‘ayratiy, Oltoy, Oybek, Jo‘lqunboylarni o‘qiyman: quvontiradir, xolos! Ular mening uchun yolg‘on chiroqlar bo‘lsa ham, mening ertam uchun! Avloniy, Tavallo, Siddiqiy va Hakimzodalarni o‘qimayman, o‘qimayman. Mana shu holga solg‘on o‘shalar!..” Bu parchada Cho‘lpon o‘zbek namoyandalarining nomlarini tilga olyapti, ularning ijodida bir xillik borligidan, ba’zilarida esa bundan ham jiddiyroq nuqsonlar borligidan zorlanyapti. Shu parchaga qarab turib Cho‘lponning o‘zbek klassiklariga salbiy munosabati yoxud mensimay qaragani haqida gapirish mumkinmi? Afsuski, men Cho‘lpon haqidagi ritsolamda shunga yaqinroq gapni aytganman va klassiklarimizni o‘zimcha Cho‘lpondan himoya qilmoqchi, Cho‘lponning o‘zini ham o‘z maqolasida himoya qtlmoqchi bo‘lganman. mana o‘sha parcha: “O‘ylaymanki, bugun Cho‘lponning bu xulosasi bilan unchalik kelishib bo‘lmaydi – klassiklarimizning har qaysis o‘ziga xos iqyofaga, bir-birinikidan farq qiluvchi uslubga ega ekan, olamni idrok etadilar va olam haqidagi qarashlari bilan ham, estetik prinsiplari jihatidan ham bir-birlarini takrorlamasliklari isbot qilindi. Lekin Cho‘lpon ularni “bir xil, bir xil,birxil!” deb baholayotgan ekan, bunda Sharq she’riyatining o‘ziga xos ba’zi sifatlarini nazarda tutayotgan bo‘lishi mumkin”.

Gap shundaki, Cho‘lpon bu maqolada faqat o‘zbek adabiyoti haqidagina mulohaza yuritayotgani yshq, balki u sharq adabiyotidan ham, G‘arb adabiyotidan ham ko‘ngli uncha to‘lmasligini aytyapti, bu adabiyotlar yo “ortiqcha sharqliligi” yoxud “ortiqcha g‘arbliligi” bilan taassuf tug‘dirishini izhor qilyapti. “To‘qaydan tortib Qavi Najmiygacha – tatar adabiyoti, Hodidan tortib H.Javodgacha – ozarbayjon adabiyotini (Husayn Jovidni ajratib olib qoldim!), Nomiq Kamoldan Ali Sayfiyga dovur Usmonli adabiyotini o‘qiyman: yo ortiqcha yangilik, g‘arblilik yo ortiqcha sharqlilik, faqat usmonlichadan Rizo Tavfiqning ba’zi bir yangi shakl bilan eski ruhda aytgan so‘fiylarcha she’riyatini o‘qiyman, shularga durustgina qoniqaman. Undan keyin Yahyo Kamolning “Saydobod” ruhida ba’zi narsalari. Faqat ular shu qadar ozki…”

Savol tug‘iladi: nima uchun Cho‘lpon bir varakayiga ham o‘zbek, ham tatar, ham ozarbayjon, ham turk adabiyotlarining namunalaridan qoniqmaslik tuyg‘ularini namoyon etyapti?menimcha, buning birdan byuir sababi shundaki, Cho‘lpon Uyg‘onish davrinig odami bo‘lgani uchun adabiyotning ham yangicha bo‘lishini xohlagan. Yangi adabit uyg‘onish davrining mohiyatiga mos keladigan, xalq hayotiga yaqinroq turadigan adabiyot bo‘lmog‘i kerak. Ortiqcha “sharqlilikka yoki ortiqcha “g‘arblilikka” berilgan adabiyot esa bu talablarga javob berolmaydi. Xo‘sh, nima qilmoq kerak? Aadbiyotni, “shirinlikdan, “bir xillikdan” qutultirishning yo‘li qanaqa bo‘ladi? Cho‘lpon bu savollarning javobini Tagor ijodidan izlaydi. Munaqqid Tagor asarlarini o‘qib, “ulardan qonganini ma’lum qilar ekan, buning asosiy boisi deb Tagorning “Sharq va G‘arb o‘rtasidagi oltin ko‘prrik” ekanini aytadi. Darhaqiqat, Tagor ijodi to‘laligicha Hindiston zaminida o‘sib-ulg‘aygan bo‘lsa-da, betakror milliy ranglarga ega bo‘lsa-da, bu ijod milliy mahdudlikdan uzoq. U o‘z ijodida ham milliy, ham Sharq, ham G‘arb an’analarini birlashtrdi. Uning she’riyatida va romanlarida Sharqqa xos shartlilik, ko‘tarinkiliuk, donishmandlik ham, G‘arbga xos psixologizm, xarakterlar mantig‘iga amal qilish, dalillash ham bor. Buning oqibatida u hind xalqining hayotini shunday tasvirladiki, bu tasvir butun jahon kitobxoniga – uning millati va yashash joyidan qat’i nazar – baravar ta’sir qiladigan kuchga ega bo‘ldi. Yuksak badiiyat bilan tahlil qilingan umumbashariy muammolar Tagor asarlariga alohida teranlik va o‘ziga xos falsafiylik baxsh etdiki, xuddi shu sifatlar ularni Cho‘lpon uchun bag‘oyat jozibador qildi.

“Ulug‘ hindi” maqolasida Cho‘lpon Tagordan olingan saboq sifatida yana bir masalani qo‘ydi. Shu munosabat bilan yuqorida maqolada keltirilgan matn parchasidan bir nuqtaga diqqatni jalb qilmoqchiman. Cho‘lpon boshqalarga qaraganda Avloniy, Tavallo, Siddiqiy va Hamza Hakimzoda sha’niga keskinroq ohangda gapiradi, “Meni shu holga solgan”, “ya’ni “yo‘lsizlikka”, “mubtalo qilganlar “O‘shalar” deb, bir marta emas, ikki marta ularni “o‘qimayman, o‘qimayman” deb ta’kidlaydi. Afsuski, bizning o‘zbek “sovet” adabiyotshunosligida Cho‘lponning bu mulohazasi ham ilmiy asosda xolisona tahlil qilinish o‘rniga unga siyosiy ayblar taqash uchun yana bir bahona bo‘ldi. Hatto, “jiddiy adabiyotshunoslardan biri” sifatida tanilgan Izzat Sulton ham shu “dalil” asosida Cho‘lponni ayblashdan tiyina olmaydi. “Bu yerda sovet voqe’ligini so‘zsiz va izchil qabul qilgan shoirlarga salbiy baho berganligi (aftidan, Hamza va Avloniy nazarda tutilyapti, shekilli. Unda Tavallo va Siddiqiy nima bo‘ladi? – O.Sh). cho‘lpon “yo‘lsizligi”ning ma’nosini ochib beradi: u hali shoir sifatida yangi voqelikni tushunishga va madh etishga tayyor emas”.

Cho‘lponning adabiyotdagi “yo‘lsizlikdan” qutulish yo‘llarini izlagani to‘satdan kattakon siyosiy aybga aylanib qolgan. Holbuki, Cho‘lponning maqolasida na sovet voqeligi, na inqilob haqida gap ketayotipti, ayrim shoirlar haqida keskinroq ruhda gapirilayotgan ekan, buni Cho‘lpon ularning inqilobni “so‘zsiz” qabul qilganligi uchun emas, boshqa sabablar tufayli qilyapti. Ma’lumki, jadidlar adabiyotidan jamiyatni yangilash jarayonida muhim qurol sifatida foydalanishgan. Ammo ayrim jadid yozuvchilarining ijodida g‘oyalar targ‘ibotiga ko‘proq e’tibor berilib, badiiyat masalalari keyingi o‘rinlarga tushib qolgan edi. Natijada san’atning eng muhim shartlaridan biri bo‘lmish mazmun bilan shakl birligiga puturetaboshlagan, g‘oyaviylik badiiyat hisobiga ustuvor o‘rin egallay boshlagan edi. Bu nuqson nafaqat Hamza, Siddiqiy yoxud Avloniy asarlarida, hatto jadidchilik harakatining eng yirik siymosi Mahmudxo‘ja yehbudiy ijodida ham ko‘zga tashlanadi. Aftidan, Cho‘lpon bu hodisani juda chuqur his qilgan, uning xavfini juda aniq anglagan va maqolalarida bunga qarshi ogohlantirgan. Uning ayrim asarlarni “o‘qimayman” deb zorlanishining asosiy sababi ham shunda – bu asralarda g‘oyaga urg‘u berilgan-u, badiiyat oqsab qolgan.

Shunday qilib, Cho‘lponning 20-yillardagi bir qancha maqolalarida tilga olingan va “Ulug‘ hindi” ancha to‘liq ifodalangan masala – yangi o‘zbek adabiyotini yaratish masalasi edi. Cho‘lponning nazarida bu vazifani muvaffaqiyatli hal qilish uchun Tagordek buyuk san’atkorlar tajribasidan kelib chiqib, Sharq va G‘arb san’atlarini sintez qilmoq va mazmun bilan shaklning uyg‘unligiga erishmoq kerak, zinhor bazinhor san’atni quruq g‘oyalar majmuasiga aylanib qolishiga yo‘l qo‘ymaslik zarur.

Afsuski, 20-yillarda ham, undan keyingi davrlarda ham Cho‘lponning bu xitobi hech kimning qulog‘iga yetib borgani yo‘q. Chunki sovet hokimiyati yillarida amalga oshirilgan adabiy siyosat – chinakam san’at namunalarini yaratishdan ko‘ra yozuvchilarni hukmron mafkuraning sodiq soldatlariga aylantirishga harakat qilgan edi. Yozuvchi o‘z “yog‘iga o‘zi qovrilib, ming xil ijod iztiroblarini kechirib, matn ustida jon kuydirib ishlab o‘tirishi shart bo‘lmay qolgandi – u “dolzarb” mavzuni tanlasa, ilg‘or ishchi yo sadoqatli koomunistni qahramon qilib olsa, xalqlar do‘stligini ulug‘lab, ulug‘ madhiyalar o‘qisa, “hayotimiz farovon, kelajagimiz porloq, partiyaga imng rahmat!”degan gaplarni aytsa kifoya edi. Bunday asar, badiiy saviyasidan qat’i nazar, haqiqiy adabiyot deb baholanar, ortiqcha to‘siqlarsiz chop etilar, boshqa tillarga tarjima qilinar, har xil mukofotlar-u, unvonlar bilan rag‘batlantirilar edi. Bu siyosat maqarrar ravishda adabiyotda “sxematizm” degan dahshatli illatni tug‘dirdi, haqiqiy iste’dod egalarini qadrsizlantirdi, o‘rtamiyonachilikka keng yo‘l ochdi, san’at bobida talantsiz, lekin ig‘volarga, fisqu fasodlarga, xushomad va laganbardorlikka, zamonaga moslashishga ustasi faranglar, nafsi uchun vijdonini sotishga tayyor odamlar suv betidagi ko‘pikdek qalqib yurishiga imkon yaratdi. Yafsuski, bu g‘ayritabiiy, teskari hodisaning oqavalari hozirgi kunga qadar ham sirqib yotibti. Cho‘lponning zorlanishlariga va ogohlantirishlariga e’tibor berib, o‘sha mahaldayoq bu hodisaning oldi olinganda, ehtimol, ahvol boshqacha bo‘lishi mumkin edi, o‘zbek yozuvchilarining asarlari ham xozirgidan ko‘proq darajada jahon miqyosida tan olingan va tanilgan bo‘larmidi? Nima bo‘lganda ham, bizni g‘oyat quvontiradigan joyi shundaki, shoir va dramaturg, nosir va publitsist Cho‘lpon tanqidchilik bilan ham jiddiy shug‘ullanib, bugun ham qimmatini yo‘qotmagan asarlar meros qoldirgan. Uninng maqolalari bu ulug‘ insonning chinakam xalq farzandi bo‘lagnini, millat ravnaqi yo‘lida astoydil qayg‘urib cholishganini, o‘zbek adabiyotining tom ma’nodagi yuksak adabiyot uchun bo‘lishi uchun qimmatli fikrlar bayon qilganini ko‘rsatadi. Cho‘lpon bu fikrlarin bayon qilish bilan, yangi adabiyot yaratish yo‘lidagi mulohazalarini o‘rtaga tashlash bilan cheklangani yo‘q, balki o‘zining amaliy ijodida bu e’tiqodlarga amal qilib, o‘zi ham “G‘arb va Sharq o‘rtasida oltin ko‘prik” bo‘ladigan asarlar yaratdi…

Cho‘lponda milliy iftixor tuyg‘usi shu qadar o‘tkirki, u biron o‘rinda millat sha’niga aytilgantahqirli gaplarni nazargan qochirmaydi. Birinchi qarashda, bunday ta’nalar yoxud pichinglar har qancha arzimas ko‘rinmasin, Cho‘lpon ular haqida o‘z lulohazalarini aytadi va yaraning gazak olishining oldini olganday bo‘ladi. Bir misol keltiraylik. Cho‘lponning 1924 yilda yozilgan va “Farg‘ona” gazetasida bosilagan bir maqolasi bor. “Qalamning toyilishi” deb atalgan bu maqola adabiy-tanqidiy maqola emas, biroq u Cho‘lponning o‘z xalqining milliy tuyg‘ularini, sha’nini nechog‘li sezgirlik va hushyorlik bilan himoya qilganini yaxshi ko‘rsatadi. Maqolaning yozilishiga sabab bo‘lgan voqea shuki, Moskvada Glavxlopkom degan tashkilot paxta haqida kitob chiqaribdi-da, unga “russkiy xlopok” degan ibora qo‘llandi. Toshkentda chiqadigan “Turkestanskaya pravda” gazetasida esa bir maqolada “Russkiy Pamir” deb ishlatilibdi shunga o‘xshash birinchi qarashda g‘ayrimantiqiy ko‘ringan, aslida ba’zi bir shovinistlarning o‘zbek xalqiga mensimay qarashi, Turkistonga otasidan qolgan mulkiday munosabatda bo‘lishini ifodalovchi iboralar Cho‘lponni qattiq g‘azablantiradi. “Russkiy xlopok” deyish mumkin bo‘lsa, nima uchun “Russkiy Turkistan” deyish mumkin bo‘lmasin?” deya istehzo bilan so‘raydi Cho‘lpon va maqola davomida rus chorizmining mustamlakachilik siyosatini oqlashga urinuvchilarni qattiq fosh qiladi. Cho‘lpon o‘z maqolasida Turkiston iqtisodiy sho‘rosi chiqargan “Statisticheskoye yejegodnik”dan quyidagi parchani keltiradi: “Turkistonni olgan rus podsholari uni mustamlaka qilmoq uchun muayyan reja bilan iqtisodiy zarurat orqasida olgonlari yo‘q. Xalqi Rossiyaga chegaradosh bo‘lg‘on qabilalar rus savdo karvonlarini talab, hadeb besaranjom qila bergandan keyin, shularni bosamiz deb aylanishib kelib qolg‘on”. Cho‘lpon chorizmning bunaqa himoyachilarini fosh qilar ekan, Turkistonning mustamlaka bo‘lganini Oktyabr ideologlari ham tan olganini eslatib o‘tadi.

Cho‘lpon boshqa masalalarda ham, jumladan madaniyat borasida ham xalqqa o‘rinsiz ta’nalar qiluvchi, asossiz ravishda uning “nodon”ligi yoki “madaniyatsizligi”ni pesh qiluvchi odamlarni ham tanqid qiladi. Bunda ham Cho‘lpon uchun arzimaydigan gap yo‘q, u yo‘l-yo‘lakay aytilgan gap-so‘zlarga javob berishni ham burchi deb biladi. 20-yillarda ham ba’zi spektakllarga tomoshabin kam qatnagan ko‘rinadi. Shu sababdan bo‘lsa kerak, “xalq teatrga yurmaydi” degan gap tarqalib, aybni madaniy saviyaning pastligiga qo‘ymoqchi bo‘ladilar. Cho‘lpon bunga keskin javob beradi: “Xalq teatga yurmaydi” degan gap to‘g‘ri emas. Xalq yuradir. Lekin teatr-tomosha ismida bo‘laturg‘on qo‘g‘irchoq o‘yinlariga, o‘z ruhiga yot bo‘lgan, unga anglashilmayturgangan tarjimalik “g‘arbiy” asarlarga yurmasa haqi bordir. Yo‘q esa, o‘zini qiziqtiradigan zaminlarda yozilgan va yaxshi o‘ynalaturg‘on tomoshalarga xalq yuradir”.

Cho‘lponning millatparastligi, milliy iftixor tug‘usining o‘kirligi unga madaniyat, san’at, adabiyot xodimlarini obyektiv baholashga halaqit bergan emas. Kerak o‘rinlarda Cho‘lpon madaniy siyosat bobidagi nuqsonlarni keskin tanqid ham qilgan, xalq turmushidagi, urf-odatlaridagi, dididagi kemtiklarni ochiq aytishdan ham sira tortingan emas. Demak, Cho‘lponning 20-yillardagi maqolalarida namoyon bo‘ladigan millatparastligi shunchaki g‘ayrishuuriy, stixiyali, “biologik” tuyg‘u bo‘lgan emas. Undagi milliy iftixor tuyg‘usi real zamin asosida shakllangan tuyg‘u va u o‘z navbatida Cho‘lponning baynalmilalchiligiga qanot bo‘lgan…

Cho‘lpon ham boshqa iste’dod sohiblari kabi sovet hokimiyati yillarida to‘rga ilingan baliqday hukmron mafkura domiga ilinib, undan qutulish ilinjida tahlikada tipirchilab yashashga majbur bo‘lgan. Ayniqsa, bolsheviklar tuzumi murvatlarni qattiqroq buraganda, tizginlar qattiq tortilganda cho‘lponlar omon qolmoq uchun zamona zayliga qarab ish yuritishga majbur bo‘lgan. Agar 20-yillarning boshlarida hali adabiyot va san’at sohasida nisbatan jinday erkinlik mavjud bo‘lgan bo‘lsa, hali adabiyotda bir-biridan farq qiluvchi oqimlar yashayotgan va ular bir-biridan farq qiluvchi g‘oyalarni olg‘a surayotgan bo‘lsa, 20-yillarning ikkinchi yarmida jinday-jinday toza havo kirib turgan teshiklar batamom yopib tashlanadi. Ayniqsa, RKP (b) Markaziy Komitetining 1925 yil 18 iyun qaroridan keyin “proletar adabiyotining gegomonligi” uchun kurash juda qizg‘in tus oldi. Buning oqibatida ijodda har qanday erkinlikka chek qo‘yildi. Yangi paydo bo‘lgan RAPP tashkiloti ham o‘zining vulgar sotsiologik qarashlari bilan hukmron mafkuraning tegirmoniga suv quydi. “Mafkuraviy sog‘lomlik uchun”, “Yot mafkuralarga qarshi kurash” shiori ostida adabiyotdagi va san’atdagi har bir mustaqil kuch, har bir yilt etgan iste’dod egasi shafqatsiz tazyiq ostiga olina boshladi. Bunga bo‘y bermagan, bo‘lar-bo‘lmas rivoyatlarni, yolg‘on-yashiq afsonalarni qabul qilmagan adabiyotchilar boshi ustida esa hech mubolag‘asiz o‘lim xavfi qanot yoza boshladi. Hukmron mafkura o‘z aqidalarini NKVD, GPUlar orqali zo‘rlik bilan o‘tkaza boshladi. Bunday sharoitda har qanday ijodkor ham tabiiy ravishda jonini saqlab qolish yo‘llarini qidira boshlaydi. Ba’zilar ko‘proq, ba’zilar kamroq darajada zamonasozlikka o‘tadi. Shular qatorida Cho‘lpon ham bor edi. Xo‘sh, buning uchun Cho‘lponni qoralash mumkinmi? Nega u mardona ravishda o‘zini o‘qqa tutib bermadi? – deya unga ta’na qilish mumkinmi? Menimchva, yo‘q. Chunki o‘z-o‘zini saqlash instinkti – insoniyat tabiatida, qonida, shuurining allaqaysi pinhona puchmoqlarida bor. Har qanday odam ham xatarga, o‘lim xavfiga duch kelganda, hatto istamasa ham, himoyalanish, o‘zini asrash yo‘liga o‘tadi. Ijodkor odam ham bundan mustasno emas. Buni o‘z e’tiqodidan chekinish deb qarash kerak emas. Cho‘lpon e’tiqodidanchekingani yo‘q. Avvalo, shuni aytish kerakki, mustabidlik tazumi avj olib, hukmron mafkuraning xurujlari kuchaygan sari, ayniqsa, 30-yillarning boshidan boshlab, adabiyotda “Sovet voqeligini madh etish, partiyaning rahbarlik rolini ulug‘lash, dohiy obrazini yaratish” deganga o‘xshagan hodisalar juda keng quloch yoydi. Bu yo‘lga kirmagan shoiru yozuvchilar ochiqdan-ochiq aksilinqilobchi, millatchi shoirlar sifatida qaralardi. Buni qarangki, Cho‘lpon butun ijodi davomida bironta she’rida Stalinning nomini tilga olmadi, hatto bir necha yil qantargach, sozini yana qo‘lga olib, ya’ni “Sobet pozitsiyasiga” o‘tib yozgan she’rlarida ham bundy qilmadi. To‘g‘ri, “Soz” to‘plamiga kirgan she’rlar ichida “g‘oyaviy” she’rlar ham bor – ularning ayrimlari inqilobga, partiya qurultoyiga, yangi hayotga bag‘ishlangan. Biroq ular badiiy jihatdan Cho‘lponning asl she’rlaridan zaifroq bo‘lsalar-da, oshkora xushomaddan yoxud hamdu sanodan uzoq she’rlar. Aftidan, Cho‘lpon bitta yaxshi she’rini yaratish uchun o‘sha sharoitda hukmron mafkuraga jinday yonberib, ikki-uchta “”g‘oyaviy she’rlar bitgan ko‘rinadi. Uning adabiy-tanqidiy maqolalari ham shunaqa. Faqat ba’zi maqolalaridagina, yuqorida ko‘rganimizdek u hukmron mafkuraning ba’zi bir “qo‘shiqlari”ni kuylagan bo‘lsa ehtimol. Buning uchun Cho‘lponni qoralash, uning merosini ayrim qismidan voz kechish mumkin emas…

Cho‘lponning adabiy-tanqidiy merosi endigina o‘rganila boshlandi. Hozircha shu narsa ayon bo‘ldiki, bu merosning juda zo‘r fazilatlari ham, o‘ziga yarasha qusurlari ham bor. Ularda Cho‘lpon bosib o‘tgan murakkab yo‘l muhrlanib qolgan. Bu meros o‘zining jamiki fazilatlari va qusurlari bilan adabiy tafakkurimiz tarixining qimmatli sahifasini tashkil qiladi.

E’TIQODIMNI NЕGA O‘ZGARTIRDIM?

Eskigan, chirigan tamallar
Yo‘qlikka egri yo‘l izlarkan,
Nega men undan yuz o‘girmay?

BOTU

1996 yil boshlarida “Trud” gazetasida Rossiya Kommunistlar partiyasi rahbari Gennadiy Zyuganovning suhbati bosildi. Unda quyidagi gaplar ham bor edi: “Butun umrini tinch yashab, mamlakati, xalqi haqida yaxshi gaplar gapirib kelgan, keyin aynigan odamni ko‘rsam, hazar qilaman. Agar u butun umri davomida yolg‘on gapirgan bo‘lsa, har kuni uyiga qaysi yuz bilan kirdi ekan, yaqinlari bilan qanday muloqotda bo‘ldi ekan? Odam oltmish yoshga kirganida, chinakamiga ko‘zi ochilishi va o‘tmishni qahru g‘azab bilan qoralab, oyoqosti qilishi mumkinligiga negadir aqlim bovar qilmaydi”.

Avvaliga bu gaplarga unchalik e’tibor berganim yo‘q — bamaylixotir yuraverdim. Lekin negadir yuragim g‘ashlanaverdi, allaqayerim zirapcha kirgandek lo‘q-lo‘q qilib tinchlik bermasdi. O‘ylab qarasam, bu achchiq gaplar to‘g‘ridan-to‘g‘ri mening sha’nimga aytilgan ekan. Axir, men o‘ttiz yillik partiya a’zosi edim, oltmish yoshga kirganda partiyadan chiqdim, butun umrim mobaynida mamlakat haqida, xalq to‘g‘risida yaxshi gaplar aytib kelgan edim, bugun esa o‘zimning kommunistcha o‘tmishimni astoydil qoralash bilan bandman. Mana, e’tiqodimni o‘zgartirganim uchun o‘rtoq Zyuganovning malomatiga qolib o‘tiribman, Zyuganovning dashnomi achib turgan yaraga tuz sepganday bo‘ldi. Negaki, e’tiqodsizlik chindan xam yomon narsa. O‘zim ham bo‘lar-bo‘lmasga e’tiqodini yangilayveradigan beqaror va beburd odamni yomon ko‘raman. Ayniqsa, shaxsiy manfaat yo‘lida do‘stini, og‘a-inisini, ustozini chaqsa kepakka sotib yuborishdan toymaydiganlardan men ham hazar qilaman. Biroq e’tiqodingiz hayot sinoviga dosh berolmagan va sizni allaqa
chon boshi berk ko‘chaga kiritib qo‘ygani isbotlangan, muqaddas deb hisoblab kelgan bayrog‘ingizning soxtaligi bilinib qolsa, nima qilmoq lozim? Shunda ham odam misi chiqqan e’tiqodiga ko‘r hassasiga yopishganidek yopishib olmog‘i kerakmi? Shunda ham Qo‘qon bozoridagi o‘jar dehqonga o‘xshab, “dig‘onim — dig‘on” deb bezrayib turaverishi zarurmi? Yo‘lingizda to‘sin uchrab qolsa, “men faqat to‘g‘ri yuraman” degan aqida bilan borib unga peshonangizni urish donolikdan emas-ku, axir!
Shunday qilib, men oltmish yoshimda e’tiqodimni o‘zgartdim va Zyuganovning malomatiga qoldim. Nachora, bu ham bir ko‘rgulik-da! O‘rtoq Zyuganov menga ta’na toshlarini otib, ancha-muncha xumordan chiqib olgan bo‘lsa ajab emas. Ammo masalaning “lekin”i shundaki, o‘sha kezlarda e’tiqodini o‘zgartgan birgina men yoki Eshmat bilan Toshmat emas edi. Undaylar minglab, yuz minglab, hatto millionlab edi. O‘zingiz hisoblab ko‘ring, bir zamonlar RSDRP, keyin—RKP (b), undan so‘ng — VKP (b) va nihoyat, KPSS degan nom bilan dovrug‘ qozongan partiya safida 80-yillarning oxiriga kelib taxminan 20 million a’zo bor edi. 20 million-a! Aytmoqqa oson! Bu sanoq o‘rtacha nufusli Ovrulo mamlakatining aholisiga teng keladi.
Bugun shuncha odamning hammasi bo‘lmasa-da, mutlaq ko‘pchiligi kommunistik mafkuradan uzil-kesil yuz o‘girib, e’tiqodini o‘zgartirdi. Tuzukroq o‘ylab qarang, ma’naviy suyanchig‘i barbod bo‘lgan, ixlos bilan ishongan ideallari sarob bo‘lib chiqqan salkam 20 million odam! Hayotining yarmidan ko‘pini yashab qo‘ygach, birdan shuncha umr bexuda ketganini anglab qolgan, dunyoni poklashdek oliy niyatga xizmat qilyapman deb o‘ylagan, aslida esa o‘zi butkul “kirlanib” bitgan 20 miilion odam! Bashariyat tarixida hali hech qachon bunaqa kata falokat, bunchalik behudud fojia ro‘y bergan emas edi va, ehtimolki, bundan keyin ham hech qachon ro‘y bermas. Bu shunday mislsiz falokat, shu qadar ulkan ma’naviy yemirilishki, uning oqibatida kurralar mehvaridan chiqadi, jamiyatning ruhiy muvozanati buziladi, qanchadan-qancha odam to‘satdan o‘zini junun vodiysiga tushib qolganday his qiladi va yangi suyanch tog‘larini izlab har tomon sarsari yuguradi. Shundoq ekan, beqiyos falokatdan aziyat chekkan million-million odamdan «hazar q
ilish“ bilan masala hal bo‘larmikan? Ular ”o‘z o‘tmishlarini oyoqosti qilmoqdalar» deya ta’na toshini otgan bilan ish bitarmikan? To‘g‘ri, o‘tmishni qoralashdan foyda yo‘q. Chunki o‘tmish — o‘tmish-da! U allaqachon tarixga aylangan. Uning biror kemtigini butlab qo‘yish mumkin bo‘lmaganidek, biror besunaqay joyini pardozlab, tekislab ham bo‘lmaydi. Undan faqat saboq olish mumkin.
XX asr so‘nggida yuz bergan bu mislsiz ma’naviy halokat juda ko‘p odamlarni garangsitib, sarosimaga solib qo‘ydi. Olimlar, mutafakkirlar uning sabablarini o‘rganishga kirishdi. Xozirning o‘zida bu to‘g‘rida o‘nlab, yuzlab salmoqli tadqiqotlar maydonga keldi. Kelajakda ular yanada ko‘proq yaratilar. Albatta, ulkan tarixiy evrilishlar silsilasida birgina odamning boshidan o‘tganlari maxsus e’tibor berib o‘tirishga arziydigan katta voqea emas. Masalan, men nega e’tiqodimni o‘zgartdim, bu jarayonda qanday iztiroblar chekdim, qanday o‘ylar, o‘kinchlar, afsusu nadomatlar ko‘nglimdan kechdi — buning kimga ham qizig‘i bor deysiz? Ammo hamma titrab-qaqshab zulmatni qoralayotgan chog‘da bittagina shamchiroq yoqilsayu o‘sha zulmatning bir chekkasi sal bo‘lsada yorishsa nima qipti? Daryolar irmoqlardan, irmoqlar tomchilardan tashkil topadi. Shundoq ekan, bir odamning achchiq tajribasi ham nimagadir asqotib qolishi mumkin-ku! Xamma bo‘lmasa ham, loaqal nevara-chevaralarim o‘qib, men boshimdan kechirgan adashishlar va xatoliklar yo‘liga qadam qo‘yishdan o‘zlarini tiyarlar.

* * *

Abdulla Qahhorning iborasi bilan aytganda, men partiyaga chaqiriq qog‘ozi bilan kirgan emasman. Binobarin, mening kommunistcha e’tiqodim ham qandaydir majburiyatlar tufayli, kimlarningdir qiyin-qistovi bilan shakllangan emas. Aksincha, esimni tanibmanki, men yurgan yo‘llar to‘ppa-to‘g‘ri partiyaga olib keluvchi yo‘llar bo‘lgan edi. Balog‘at yoshiga qadam qo‘yishim bilanoq partiyaga a’zo bo‘lish, kommunistlar safida odim otmoq hayotimning bosh maqsadiga aylangan edi. Meni bunga hech kim majburlagani yo‘q, lekin butun turmush tarzim, maktabda kechirgan hayotim ham, oilamizdagi sharoit ham, umuman, men yashab nafas olayotgan muhit boshidan oyog‘igacha butkul menda shu ishtiyoqni tug‘dirdi va yashnatib avj oldirdi.
Bugun yillar qa’ridan nazar tashlasam, bolaligim qirmizi alvonlar yal-yal tovlanib, tantanavor musiqa sadolari yayrab turgan, gullarga to‘liq, charog‘on nurlarga ko‘milgan muazzam go‘shadan chiqib kelayotgandek tuyuladi. Ayniqsa, maktab yillari… Baraban sadolari, gorn ohanglari, pioner bo‘yinbog‘larining hilpirashi, quvnoq qo‘shiqlar, saflarda shaxdam yurishlar… Qomatlar tik, boshlar mag‘rur ko‘tarilgan. Tom ma’noda o‘zimizni baxtiyor his qilardik. To‘g‘ri, ustimiz yupungina edi, qornimiz birda to‘ysa, birda to‘ymay qolar edi. Ko‘cha-ko‘ylarda ham, dala-dashtlarda ham betashvish, hamma narsadan mamnun odamlardan ko‘ra, tund, qovog‘i soliq, peshonasi tirishgan, tajang odamlar ko‘proq ro‘para kelardi. Ular qandaydir musibat ostida ezilganday ko‘rinardi. Ammo bu tashvishlar bilan bizning ishimiz yo‘q edi. Biz baxtiyor edik va baxtiyorligimiz uchun mehribon otamiz — dohiy Stalinga rahmatlar aytishdan bo‘shamasdik. Tabiiyki, u paytlarda biz dunyoni bolaning ko‘zi bilan ko‘rar, ko‘rganlarimizni bolaning aqli bilan idrok etar edik — bizni istalgan ko‘yga solsa bo‘lardi, bizdan istalgan qo‘g‘irchoqni yasash mumkin edi. Bizga nimani uqtirsalar, shuni haqiqat deb qabul qilardik. Quloqdan kirgan pand-nasihatlar, ko‘zimiz ko‘rgan shioru chaqiriqlar yuragimizga bajarilishi shart bo‘lgan harbiy buyruqlardek o‘rnashib qolardi.
Keyin balog‘at yoshiga yetdik. Kechagi yurish-turishimizda o‘yinga moyil tomonlar kuchli bo‘lgan bo‘lsa, bugun ularning hammasi jiddiy tus oldi. Biz o‘zimizni ancha ulg‘aygan, hamma ishni mustaqil hal eta oladigan odamlar sifatida his qildik. Komsomolga kirdik. Bu — hayotimizning ilk bosqichidagi eng jiddiy, eng ahamiyatli voqea edi. So‘rovnomalar to‘ldirdik, ijtimoiy kelib chiqishimizni bayon qildik, majlislarga masala bo‘ldik, rayon komsomol qo‘mitalarining byuro majlislarida tik turib savollarga javoblar berdik, nizomda aytilgan talablarni og‘ishmay bajaraman, deb qasamyod qildik va uni ado etishga baqadri imkon tirishdik ham. Komsomol bileti biz uchun eng muqaddas ashyo edi — uni ko‘z qorachig‘iday asrardik. Komsomollik yillarimiz urush davriga to‘g‘ri keldi. Biz hali ham yupun, chala qursoq edik, yashash sharoitimiz juda qoloq va og‘ir edi. Turmushda hali tuzukroq ro‘shnolik ko‘rganimiz yo‘q, xonadonlarimizda birimiz ikki bo‘lgani yo‘q, yurtimiz ham obodonchilikdan yiroq edi. Biz bularning barini urushga yo‘yardik-da, hamon o‘zimizni baxtiyor hisoblardik. To‘g‘ri, yuragimizning allaqayerida shu baxtimiz kemtikligini g‘ira-shira his qilardik. Lekin “Nega shunaqa? Bu kemtiklik nimada?” deb o‘z-o‘zimizdan so‘ramasdik. So‘rolmasdik ham. Birov man etgani uchun emas, balki so‘rab o‘rganmagan edik. Umuman, sovetcha hayotimizning biror jihatiga shubha bildirish, biron ishimizga shak keltirish yoki aqidamizdan gumon qilish bizga yot edi. Biz baxtiyor edik, chunki bizga “Senlar — baxtiyorsan” deb uqtirishgan edi. Biz Stalinning farzandlari edik.
Stalinga sadoqatimiz shu qadar ulug‘ ediki, uni hech narsa bilan o‘lchab bo‘lmasdi. Birov “Stalin uchun jon berishing kerak” desa, ko‘pchiligimiz sira ikkilanmasdan “Men tayyor!” deya oldinga chiqardik. Biz ana shunday sadoqatli va fidokor edik.
Ancha yillar o‘tib ketgandan keyin bildim — fashistlar Germaniyasidagi bizga tengqur yoshlar ham Gitlerga sadoqatda xuddi o‘zimizga o‘xshar ekan, ular ham o‘zlarining fashistcha ideallari yo‘lida jon fido qilishga tayyor turarkan. Qiziq, bir-biriga ashaddiy dushman ikki mamlakat, bir-biri bilan hayot-mamot jangi olib borgan ikki partiya o‘z yoshlarini bir xil yo‘lda tarbiya qilibdi, ularni bir xil fazilatlar egasi qilib yetishtirmoqchi bo‘libdi. Keyin-keyin ulg‘ayib, tajriba orttirib, besh-olti ko‘ylakni yirtgandan keyin mulohaza yuritib bildimki, sadoqat deganlari ham, shak, gumon deganlari ham har xil bo‘lar ekan.
Sadoqat deganlari juda yaxshi, qimmatli fazilat, ammo u ko‘r-ko‘rona, aql o‘txonalarida toblanmagan bo‘lsa, fazilat deb atash qiyin. Bunday “fazilat”dan faqat kulfat kelishi mumkin. Xuddi shuningdek, har qanday erkin fikr, aqliyot bobidagi har qanday kashfiyot gumondan, shakdan boshlanadi, lekin “gumon” ham ko‘r-ko‘rona bo‘lsa, me’yor va chegaradan chiqib ketsa, odamni behalovat qiladi, hamma narsadan yuz o‘girib, har qanday ke’matni oyoqosti qiluvchi, hatto iymonini ham sustlashtiruvchi maxluqqa aylantiradi. Ammo biz bu haqiqatlardan tamom bexabar edik, komsomolga, Stalinga, kommunizmga sadoqatimiz bilan hech narsani o‘ylashga, fikr yuritishga qobil bo‘lmagan, buning o‘rniga har qanday buyruqni so‘zsiz bajarishga tayyor turgan manqurtsifat odamga aylanib borayotganimizni bilmas edik.
Yana yillar o‘tdi. Urush tugadi. Biz maktabni bitirib, talaba bo‘ldik.
Talabalik chindan ham oltin davr. Besh yil mobaynida onadan butunlay yangi tug‘ilganday bo‘lasiz. Har kuni bir yangi kashfiyot yuz ochgandek, aqlga aql qo‘shilgandek bo‘ladi. Ochiq ko‘zlar yangidan ochiladi — hayrat bilan amin bo‘lasizki, olam avval ko‘rib yurganingizdan bo‘lakcha! Lekin sezasizki, eski, ko‘nikkan odatlaringiz sizni tark etishga shoshmaydi, ayniqsa, asosiy masalalarda siz hamon o‘sha-o‘shasiz! Qalbingizni ko‘pdan chirmab kelgan kishanlar yana ham mustahkam bo‘lsa bo‘libdiki, aslo bo‘shashmabdi. Gazetalar, radio, jild-jild kitobu risolalar, kino ekranlari hamon qulog‘ingizga sotsializmning buyuk afzalligi, dohiymizning donoligi, partiyaning qudrati haqidagi cho‘pchaklarni quyishdan toliqqani yo‘q. Albatta, siz ham bu gaplarning haqligiga zarracha shubha qilmaysiz va faqat bizda — dunyoning oltidan birini tashkil qiluvchi ulug‘ mamlakatdagina baxtlar saltanati qurilganiga iymon keltirasiz.
Kommunistik g‘oyalar talaba nigohida jozibador ranglar bilan namoyon bo‘lardi. Bu jozibaga aloqador narsalar mohiyatini anglamoq uchun kitob titishdan charchamas edik. So‘ng bildikki, “kommunizm” degan so‘z aslida lotincha bo‘lib, “umumiylik, mushtaraklik, birgalik, ahillik” degan ma’nolarni bildirar ekan. Kommunistcha g‘oyalarda insoniyatning eng olijanob orzulari, inja tilaklari mujassam ekan. Axir, inson inson bo‘lganidan beri yaxshilikni qo‘msaydi. Yaxshilik saltanatini barpo etishni orzu qiladi. Bu saltanatda hamma teng, bir-biriga mehribon, g‘amxo‘r bo‘ladi. Unda har qadamda, har ishda adolat qaror topadi, zulm, haqsizliklar unutiladi, odamlar urush neligini esdan chiqaradi. Hamma yurtlar, hamma elatlar, hamma xalqlar bir-biriga qo‘lni berib, bir-biriga ko‘maklashib, bunyodkor mehnat bilan band bo‘ladi.
Haqiqatan ham, qanday olijanob g‘oyalar! Umumbashariy g‘oyalar. Ularni rad etish, ularga qarshi chiqish mumkinmi axir?! Ammo bilmaysizki, hayot boshqa — unda har qadamda qalbakilikka, aldamchilikka ro‘para kelasiz. Unda ko‘pincha gap boshqayu amal boshqa, suvrat o‘zgachayu siyrat bo‘lakcha. Hayotda bir hovuch yovuz kuchlar bor—ular qora niyatlarini niqoblab, ana shu umuminsoniy, olijanob g‘oyalarni o‘zlariga shior qilib olganlar, ularni o‘zlaricha talqin qilib, shu g‘oyalar soyasida davru davron surishga jahd qilganlar. Ular odamlarning soddaligi va ishonuvchanligidan foydalanib, o‘zlarining qora maqsadlariga erishishda ulardan vosita sifatida foydalanmoqchi bo‘lganlar.
Biroq bu haqiqatni siz ancha keyin, ko‘p yillar o‘tgandan so‘nggina anglaysiz — buni anglash uchun butun umringizni sarflashingiz, ko‘pdan-ko‘p qurbonlar berishingiz, ko‘p iztiroblar va azob-uqubatlar chekishingiz kerak bo‘ladi. U paytlarda esa hali oldiga poxol solsa ko‘nib ketaveradigan, har narsaga laqqa tushadigan, osongina aldanaveradigan, ko‘zi ochiq bo‘lsa ham, aslida hech narsani ko‘rmaydigan yoshgina tolib yigit edingiz. Hali hayotning past-balandini uncha ko‘rmagansiz, achchiq-chuchugini yetarli tatimagansiz, hali oyog‘ingiz yerda bo‘lsa ham, ko‘nglingiz samolarda — romantik xayollar og‘ushidasiz. Shuning uchun yoshingiz ulg‘ayib, komsomol safini tark etishingiz bilanoq kommunistlar partiyasiga kirishga qat’iy ahd qilasiz…
Shunday qilib, men yigirma yoshga to‘lib-to‘lmay — 50-yillarning boshida partiyaga kirish harakatiga tushib qoldim. Bir qarashda bu yo‘lda men uchun hech qanday to‘siq yo‘q edi: partiyaning dasturi va nizomi bilan tanishman, ularni tan olaman; o‘qishlarim yaxshi, jamoatchilik ishlarida faolman; ijtimoiy kelib chiqishim ham yomon emas — qarindosh-urug‘lar orasida biron gumon tug‘diradigan yo‘q; komsomol tavsiya bergan, meni biladigan kommunistlar ham tavsiya berishga tayyor.
Xullas, hammasi joyida. Yo‘q, baribir, bo‘lmadi — hozir ziyolilardan kamroq qabul qilyapmiz, degan rad javobini oldim. Darhaqiqat, o‘sha kezlarda ziyolilar yana “qovun tushirgan” edi — ularning ichidan bir guruh xalq dushmanlari chiqib qoldi. Buni qarangki, bu galgi xalq dushmanlarining hammasi o‘zimiz yaxshi bilgan, yaqindan muloqotda bo‘lgan, elu yurt oldida katta hurmatlarga sazovor Shayxzoda, Said Ahmad, Shuhrat, Shukrullo, Mirzakalon Ismoiliy, Hamid Sulaymon kabi odamlar edi. Odam olasi ichida deganlari shu ekan-da! Bo‘lmasa, Hamid Sulaymon bizga G‘arb adabiyotidan bir yil dars bergan edi. Hali rosa g‘o‘r ekanmiz — bir yil shu odamning ma’ruzalarini eshitibmiz-u, bir marta ham dushmanligini payqamabmiz-a! Asl qiyofasini zo‘r mahorat bilan yashirib yurar ekanlar-da! Shuncha tanish-bilishlar qamalgan bo‘lsa-da, biz bir daqiqa ham ularning aybdorligiga shubha qilganimiz yo‘q, chunki ongimizga “shonli chekistlarimiz sira xato qilmaydi!” degan gap singdirilgan edi. Shuning uchun biror kishi qaysarlik qilib, biron qamalgan odamning gunohkorligiga shubha bildirsa, g‘ashimiz kelardi.
Saida Zunnunova degan yosh shoira bizning fakultetda o‘qirdi. Endigina ilk kitobi chop etilgan, umidli ijodkor hisoblanardi. U andijonlik bo‘lib, yaqinda Said Ahmadga turmushga chiqqan edi. Rahbariyat shoiradan eridan voz kechishni, ko‘pchilik oldida erini qoralashni talab qildi. Negaki, talabalar safi g‘oyaviy sog‘lom bo‘lmog‘i kerak, unda xalq dushmanlarining xotinlariga o‘rin yo‘q edi. Saidasi tushmagur esa, o‘zi jinqarchaday bo‘laturib, “Chiqadigan erim yo‘q, erim gunohsiz!” deb oyoq tirab turib oldi. Saidaga achinamiz — harqalay, nima bo‘lganda ham o‘zimizga o‘xshagan toliba, turmushga chiqib, hali biron bir ro‘shnolik ko‘rgani yo‘q, endi esa “he” yo‘q, “be” yo‘q, boshi ochiq qolsa alam qiladi-da! Bunaqa desangiz, topgan eri dushman chiqib qolgan bo‘lsa, nima deysiz! Boringki, Saida eridan ajramadi — uni universitetdan haydadilar. Biz esa tomosha qilib, baqrayib turaverdik.
Xullas, men universitetni tugatganimdayoq partiya a’zosi bo‘lmog‘im kerak edi, lekin bir guruh dushman ziyolilar bunga xalaqit berdi.
Shunaqa tashvishlar bilan talabalik ham ortda qoldi. Keyin Moskvaga ketdim. Jahon adabiyoti institutining aspiranturasida o‘qidim. Bu yerda ham peshqadamlardan edim. Hatto ikki yil davomida institut komsomol tashkilotining kotibi ham bo‘ldim. Tabiiyki, partiyaga kirish orzusi hamon ko‘ngilda jo‘sh urib turardi va hatto yanada kuchliroq o‘t olardi. Buning boisi quyidagicha edi: institutimiz Borovskiy ko‘chasida joylashgan bo‘lib, Krasnopresnensk rayoniga karardi. VKP (b) tarixining qisqa kursini xatm qilgan har bir so‘takka yaxshi ma’lumki, Krasnopresnensk rus inqilobining markazlaridan biri bo‘lgan. 1905 yilgi inqilob kunlarida rus proletariati barrikadalarda turib ekspluatatorlarga qarshi qonli janglar qilgan. Hozir o‘sha joylarda hatto “Barrikada” degan kinoteatr ham bor. Qisqasi, qutlug‘ joy. Ana shunday tarixiy manzilda joylashgan institutda o‘qishning o‘zi qanday buyuk sharaf! Shu rayonda partiyaga kirsangiz-chi, savobiga nima yetsin! Bu bilan butun umr faxrlanib yursangiz arziydi! Bu yerda ham ishlarim
ancha siljib qolgan edi — hatto rayon qo‘mitasi kotibining suhbatidan ham o‘tgan edim, faqat byuro majlisidan o‘tsam, bas, murodim hosil bo‘lardi. Ammo partiyaga kirish bu gal ham nasib qilmagan ekan — 1953 yilning mart oyida Stalin vafot etdiyu hayotimizdagi juda ko‘p narsa ag‘dar-to‘ntar bo‘lib ketdi. Tabiiyki, Krasnopresnensk raykomining Toshkentdan kelgan bir o‘zbekni partiyaga qabul qilishdan ko‘ra muhimroq tashvishlari boshidan oshib yotardi. Shunday qilib, 1955 yilda Toshkentga qaytdim va shu yilning sentyabr oyidan boshlab Toshkent Davlat dorilfununida ishlay boshladim. Bu yerda faoliyat boshlashim bilanoq, albatta, yana o‘sha ishtiyoq — partiyaga kirish orzusi meni tinch qo‘ymadi. Nihoyat, 1959 yilning yanvar oyida orzuim ushaldi — men partiya a’zosi bo‘ldim.

* * *

Ha, men partiyaga a’zo bo‘ldim. Hayotimda juda katta o‘zgarish sodir bo‘ldi — o‘zimni niyatlari pok, vijdoni toza, olijanob, mard, fidokor va sodiq odamlar guruhiga qo‘shilgan, ular bilan birga dunyoda ulug‘, eng baxtiyor, eng adolatli jamiyat qurishdek katta ish yo‘lida hammaslak bo‘lgan odam deb hisoblay boshladim. Men partiyaga biron mansab yoxud imtiyoz ta’masida kirganim yo‘q edi. Partiya maboda, biror imtiyoz bersa, hamisha janglarda oldingi safda bo‘lish, jabhalarning eng og‘ir joylarida cholishish, mas’uliyatning eng mushkulini zimmaga olish imtiyozini berishini yaxshi bilardim. Kommunist degani men uchun eng faol ijodkor, eski dunyoni tag-tugi bilan barbod qilib, o‘rniga yangi dunyo yaratuvchi kurashchi edi. Avvallari u men uchun yetib bo‘lmas yuksaklikdagi narsa edi, endi esa men shunday odamlar bilan hamsaf, hamnafas bo‘ldim. Bugun bularning hammasi juda anoyi, go‘l odamning havoyi gaplaridek tuyuladi, lekin o‘sha kezlarda bularning bari chinligiga astoydil ishonar edik.
1959 yil men uchun ana shunday ko‘tarinki kayfiyat bilan boshlandi, ammo yilning oxiriga borib kutilmagan voqealar boshimga tushdiki, ular mendagi ishonchning tomiriga bolta urdi, birinchi marta tanlagan yo‘limning to‘g‘riligiga shubha qila boshladim. To‘g‘ri, hali shubha-gumonlarimni hech kimga oshkor etmagan esam-da, lekin baribir gumon qurtlari meni ich-ichimdan kemira boshlagan edi. Voqea bunday bo‘lgan edi. Tabiiyki, men partiyaga kirganim bilan hali o‘zimni eski kommunistlarga teng deb hisoblamas, yosh kommunist deb bilar edim. Yosh kommunist esa yoshi ulug‘ hammaslaklariga yetib olish uchun, ularga munosib bo‘lish uchun o‘n chandon ortiqroq xizmat qilmog‘i, partiyaning hamma topshirig‘ini yelib-yugurib, ortig‘i bilan ado etishga tirishmog‘i kerak. Men shundoq bo‘lishga harakat ham qildim: ma’ruzalarimning mazmundor va talabalarga manzur bo‘lishi uchun qayg‘urdim, jamoatchilik ishlarini sidqidildan bajardim, munaqqid sifatida faol ish yuritdim, hatto Moskvada o‘zbek adabiyoti dekadasida qatnashib, u yerdan “Shavkatli mehnati uchun” degan medal bilan qaytdim.
Oradan ko‘p o‘tmay, mening yelib-yugurishlarim sezildi —jamoamizda menga hurmat ancha oshganday bo‘ldi. Shuning natijasi o‘laroq meni boshlang‘ich partiya tashkilotiga kotib qilib sayladilar. Bu menga bildirilgan juda katta ishonch edi. Ayni chog‘da zimmamga haddan ziyod mas’uliyat ham yukpangandi. Bundan buyon men jamoamiz hayotining hamma sohasi uchun javobgar edim. Hammaslaklarimning ishonchini oqlamaslikka haqqim yo‘q edi. Shunday qilib, g‘ayratimni o‘n chandon orttirib ishlay boshladim. Partiya byurosining majlislarini muntazam o‘tkazib tura boshladim: ularda yengil-elpi masalalar emas, o‘qish-o‘qitish va tarbiyaning eng muhim masalalarini muhokama qildik; partiya xo‘jaligini, umumiy majlislarning qarorlarini, byuro majlislarining qaydnomalarini tartibga keltirdim; har bir byuro a’zosining biron tayinli ish bilan shug‘ullanishiga erishdim; mehnat intizomini qattiq nazorat qila boshladik; yotoqlardagi ahvol bilan shug‘ullandik; fakultet bo‘yicha yagona siyosiy-tarbiyaviy ishlar rejasini tuzdik va shu reja asosida ish yurita boshladik. Men bu ishlarga bosh-qosh bo‘lgan ekanman, azbaroyi xudo, buning evaziga biron mukofotga erisharman yoxud biron maq-tovga sazovor bo‘larman deb aslo o‘ylagan emasman. Mening nazarimda boshqacha bo‘lishi mumkin ham emasdi — yosh kommunist astoydil g‘ayrat bilan yeng shimarib ishlashi, rohat-istirohat unga butunlay yot bo‘lmog‘i kerak edi. Albatta, o‘shandagi ishlarimizda qandaydir nuqsonlar ham bo‘lgan bo‘lishi mumkin. Lekin biz astoydil “to‘g‘ri qilyapmiz” degan ishonch bilan ishlardik.
Oradan ko‘p o‘tmay, bu ishlar kimlargadir ma’qul bo‘lmaganday, kimlarningdir ensasini qotirayotganday bo‘ldi. Ba’zan-ba’zan “Yugur, ha, yugur, quruq qolyapsan” deganday istehzolarni ham imi-jimida sezib qolardim. Yana qaytarib aytyapman, bu gaplardan o‘sha paytdagi ishlarimiz mutlaqo nuqsonsiz edi, degan xulosa chiqarmaslik kerak. Jamoamiz uncha katta emas, lekin kommunistlardan tashqari, umuman, partiyasiz o‘qituvchilar va talabalarni qo‘shib hisoblasak, uncha kichkina ham emas edi. Har qanday o‘rtacha jamoa kabi, bizning jamoada ham har xil odamlar, har xil yoshlar bor edi. O‘sha kezlarda vaziyat anchagina murakkab edi. Yaqindagina XX s’yezd bo‘lib o‘tgan, unda Stalin shaxsiga sig‘inish qattiq tanqid qilingan edi. Bu hol jamiyatda fikriy uyg‘onish jarayonini boshlab yubordi. Har xil tarzda eski aqidalarni taftish qilish boshlandi. Biri-biridan qaltis savollar ustma-ust yog‘ila boshladi. Ular javob berishni talab qilardi. Albatta, bunaqa savollarning berilmagani, yopig‘liq qozon yopig‘lig‘icha qolavergani tuzuk edi, ammo buning iloji yo‘q — g‘isht qolipdan ko‘chgan, to‘g‘on o‘pirilgan edi. Shunday sharoitda partiya boshlang‘ich tashkilotlarda bunaqa shakkokliklarning bo‘lmasligiga alohida ahamiyat berdi. Ammo qayoqda deysiz!
Kunlardan birida dorilfunun kutubxonasining katta daftarida “Sotsialistik realizm — soxta metod! Undan voz kechish kerak!” degan yozuv paydo bo‘lib qoldi. Bu ham mayliya, muallif yozuvning tagiga katta qilib “Filologiya fakultetining talabasi Dolgov” deb ism-sharifini ham yozib qo‘yibdi. To‘polon bo‘lib ketdi. Qidirsak, talabalarimiz ichida Dolgov chindan ham bor ekan va haligi gaplarni haqiqatan ham u yozgan ekan. Partkomga yugurishlar, raykomga chopishlar boshlandi. Gap gorkomgacha borib yetdi. Juda xunuk voqea ro‘y bergan, bu — jamoamizning butun faoliyatiga qora chiziq tortgandek gap edi. Chunki sotsialistik realizmni inkor qilish sovet tuzumini inkor qilish bilan barobar edi. Buni to‘g‘ridan-to‘g‘ri oshkora aksilsho‘roviy faoliyat deb baholasa bo‘lar edi. Zudlik bilan Dolgovni qayta tarbiyalash boshlandi — o‘zi bilan bir necha marta suhbatlar o‘tkazib, gapini qaytarib olish taklif qilindi. Ammo Dolgov yomon o‘jar ekan, gapida turib oldi. Hatto sovet adabiyotidan ko‘p yillar dars berib kelgan, kitoblar yozgan dongdor professorlar ham bu talabaga “sotsialistik realizm bor narsa” deb ishontira olmadilar. Nima qilmoq kerak? Bunaqa shakkok talabani daf qilmasa, ko‘z ochib yumguncha boshqalarni ham yo‘ldan ozdirishi hech gap emas, 30- yoki loaqal 40-yillar bo‘lganda-ku, bunaqalar bilan tegishli joylarda gaplashilib, tezda dami o‘chirilardi. Ammo endi zamon boshqa — muhit jinday iliy boshlagan, biz ham bo‘y-bastimizga demokratlarning liboslarini o‘lchab ko‘ra boshlagan edik. Shuning uchun mustaqil fikrga ega bo‘lish vajidan talabani o‘qishdan haydash noqulayroq edi. Yuqori tashkilotlardan maslahat bo‘ldi — Dolgovni bir-ikki yilga zavodga jo‘natinglar, hayotni ko‘rsin, chiniqsin, keyin, hushi joyiga kelganda qaytarib olarsizlar. Shunday qildik. Dolgov shu ketganicha tinchib ketdi. O‘shandan keyin desangiz, talabalar ichida bunaqangi namoyish qiladigani boshqa chiqmadi. Tinchidik.
Tinchidig-u, bu voqeadan mening yuragimda chandiq qoldi. Men o‘sha paytga qadar soddaligimga borib, ishchilar jamoasiga a’zo bo‘lish — har bir inson uchun ulug‘ mukofot, shon-sharaf ishi, deb o‘ylab yurar edim. Partiyaviy rahbarlarimiz bir oz boshqacharoq o‘ylar ekanlar — biror gunoh qilib qo‘ygan nobop odamni jazolash uchun ishchilar jamoasiga jo‘natar ekanlar. Demak, zavod va fabrika ham o‘ziga xos ahloq tuzatish mehnat lageri ekan-da! Ana xolos!
Bu noxush voqeaning zahri ketib ulgurmasdan jamoamizda yana bir voqea ro‘y berdi — ikkita professor ko‘pchilik oldida aytishib qolib, biri ikkinchisini qattiq haqorat qilibdi. Albatta, professor odamning janjallashib yurishi uyat gap, lekin nachora — hayot-da! Ba’zan shunaqasi ham bo‘ladi. Buning vahima qiladigan joyi yo‘q. Ikkala janjalkashni chaqirib, “Bunaqa qilmanglar, uyat!” deb tanbeh berib ko‘yaqolsa-ku, bas! Lekin bu gal ham to‘polon bo‘lib ketdi. Gap shundaki, professorlardan biri yuqoriroq doiralarga yaqin ekan. Shuning uchun “yuvindixo‘r” degan ta’na unga qattiq botibdi. U partiya Markaziy Komitetiga shikoyat yozibdi. Darhol shahar partiya komitetining komissiyasi tuzildi. Komissiya raisi Oktyabr rayon komitetining birinchi kotibi edi. Komissiya qattiq ishladi, faqat ikki professor mojarosini emas, butun fakultet hayotining hamma tomonini atroflicha chuqur o‘rganib chiqdi. Taomilga ko‘ra, komissiya bizning ham mulohaza va takliflarimizni inobatga olgan holda shahar partiya qo‘mitasi byurosining qarori loyihasini tayyorlab bermog‘i kerak ekan. Bunday loyiha tayyorlandi — unda ahvol xolisanillo baholangan va ma’qul takliflar aytilgan edi. Biroq byuro majlisida ish birdan chappasiga ketdi. Fakultetda keksa jurnalistlardan Rasul Muhammadiy degan odam ishlardi. Beayb — parvardigor deganlaridek, domlasi tushmagur bir oz mayda gapga moyilroq edilar. Fakultetdagi Tursun Sobirov degan domla bilan sira chiqishmas edilar. Bu to‘g‘rida ikkovlari bilan ham bir necha marta gaplashdik, hatto masalani partbyuro majlisida ham ko‘rib chiqib, ikkovlariga jiddiy tanbeh bergan bo‘ldik. Shu domla gorkom byurosida so‘zga chiqdiyu yolg‘on-yashiqlarni qo‘shib juda qattiq gapirdi. U kishining gapiga qaraganda, fakultet juda katta o‘pirilish girdobida va hech kim ahvolni tuzatish yo‘lida hech narsa qilayotgani yo‘q ekan. U Tursun Sobirov bilan o‘rtalaridagi mojaroni juda muhim, printsipial tortishuv tarzida bayon etdi-da, bu masalada partbyuro unga mutlaqo yordam bermayotganini aytdi.
— Hay, hay, bu gap g‘irt yolg‘on-ku! — dedim men o‘rnimdan sapchib turib.
— O‘tiring! — deb jerkib berdi majlisni boshqarib borayotgan gorkom kotibi Qayum Murtazoyev. — Sizga so‘z berilgani yo‘q! So‘z berilganda gapirasiz.
Rasul Muhammadiyning gapi vaziyatni keskin o‘zgartirib yubordi, shunday taassurot qoldiki, go‘yo komissiya ahvolni tuzukroq o‘rganmagan, loyihada ko‘p kamchiliklar xaspo‘shlab ko‘rsatilgan. Murtazoyev qalamning keti bilan stolga bir-ikki urdi-da, tanaffus e’lon qildi. Tanaffus chog‘ida byuro a’zolari qarorni o‘zgartirish haqida kelishib oldi, shekilli, tanaffusdan keyin Murtazoyev fakultetdan ikki-uch kishini qattiq jazolash haqida taklif kiritdi. Bular ichida men ham bor edim.
— Boshlang‘ich tashkilot kotibi Ozod Sharafiddinovga shaxsiy varaqasiga yozish sharti bilan qattiq vigovor e’lon qilinsin. Rozimisizlar, o‘rtoqlar? Qani, o‘rtoq Sharafiddinov, o‘zingiz nima deysiz? Rozimisiz?
Buni eshitdimu hang-mang bo‘lib qoldim. Chunki shaxsiy varaqaga yoziladigan qattiq vigovor juda og‘ir jazo edi. U odamga umrbod yopishtirilgan tavqi-la’nat bilan barobar edi. Albatta, bir-ikki yil yaxshi ishlasangiz, bu jazoni bergan tashkilot uni olib tashlardi. Biroq buning siz uchun hech qanaqa ahamiyati yo‘q edi. Bundan keyin siz boshqa biron ishga o‘tar chog‘ingizda yoxud chet elga borishingizga to‘g‘ri kelib qolganda yo boshqa biron sabab bilan so‘rovnoma to‘lg‘azadigan bo‘lsangiz, albatta, “Partiya jazosi olganmisiz?” degan savolga javob berishingiz talab qilinardi. “Xa, olganman” degan javob esa darhol qarshingizdagi istiqbol eshigini butkul tambalab tashlardi — siz eski hammom, eski tosligingizcha qolaverardingiz. Men yosh kommunist bo‘lsam ham bu jazoning naqadar dahshatli ekanini, bu jazoga mustahiq bo‘lgan kishi o‘z-o‘zidan ikkinchi darajali odamga aylanib qolajagini yaxshi bilardim. Murtazoyevning savolidan keyin dunyom butunlay ag‘dar-to‘ntar bo‘lib ketganday bo‘ldi, tizzalarim qaltiradi, rangim bo‘zardi. Bir zumda xayolimdan allaqancha o‘ylar quyunday o‘tdi. Kotibning savoliga nima deb javob berishimni bilmasdim. Nogahon bir fikr, to‘g‘rirog‘i, bir savol miyamga keldi.
— O‘rtoq kotib! — dedim hayajonimni bosolmay. — Menga gorkom byurosiga e’tiroz bildirishim mumkin emas deb tushuntirilgan edi. Shuning uchun savolingizga nima javob berishni bilolmay qoldim. Faqat bitta iltimosim bor, men partiyaga kirganimda hukumat meni yuksak mukofot — medal bilan mukofotlagan edi. To‘qqiz oy partiya safida bo‘lganimdan keyin menga shaxsiy varaqamga yozish sharti bilan qattiq vigovor berilyapti. Qanday qilib medalga sazovor bo‘lgan yigit to‘qqiz oy partiya tarbiyasini ko‘rib, qattiq vigovor oladigan darajada tuban ketishi mumkin? Shuning mantiqini tushuntirib bersanglar, mayli, har qanday jazoga tayyorman.
— Nima deyapsiz? — dedi kotib. — Nega to‘qqiz oy?
— Shunaqa-da! Partiyaga kirganimga endi to‘qqiz oy bo‘ldi.
Kotib qattiq g‘azablandi. Qo‘lidagi qalamning keti bilan stolga qattiq urdi.
— Qani, dorilfunun partkomining kotibi bormi? O‘rnidan tursin!
Partkom kotibi o‘rnidan turdi.
— Siz qanaqa odamsiz o‘zi?! — Endi uning boshida kaltak qasir-qusur sina boshladi. Ish bunaqa tomonga aylanib ketishini men xayolimga ham keltirmagan edim. Xijolat ichida g‘o‘ddayganimcha turibman. — Siz ustavni bilasizmi? Bu kishini kotib qilayotib qayoqqa qaragan edingiz? Axir, ustavda aniq yozib qo‘yilgan-ku — bir yillik staji bo‘lmasa, boshlang‘ich tashkilotga kotib qilib saylab bo‘lmaydi!
Men qolib ketdim, gapning quyug‘ini bechora partkom kotibi eshitdi. Nihoyat, byuro a’zolari uni so‘ka-so‘ka charchashdi shekilli, yana menga qaytishdi.
— Qani, nima deysizlar? Sharafiddinovni nima qilamiz? — dedi Murtazoyev.
— Oddiy vigovor bera qolaylik, — dedi byuro a’zolaridan biri.
Men yana e’tiroz bildirmoqchi bo‘lib o‘rnimdan qo‘zg‘algan edim, yonimda o‘tirgan keksagina odam qo‘limdan tortib o‘tqazib qo‘ydi.
— Bas, bo‘ldi, yengillik qilaverma. Noiloj joyimga o‘tirdim. Men bergan savolga hech kim javob bermadi. Lekin meni jazolashdi. Oddiy vigovor deganlari partiyaviy jazolar ichida eng yengillaridan, lekin baribir jazo edi. Bir yildan keyin vigovor olib tashlandi. Yengil tortdim — go‘yo badanimga yopishib olgan allanechuk kirdan poklanganday bo‘ldim. Ammo shu bir yil mobaynida tanamga yuvgan bilan ketkazib bo‘lmaydigan allaqancha yangi kirlar yopishib ulgurgan edi.
O‘sha kungi byuro majlisidan keyin yuragimda bir narsa chirt uzildi — nazarimda, e’tiqodimning bir tomiri uzilgan edi. Keyinchalik men uni asliga qaytarishga ancha urindim, ammo g‘isht qolipdan ko‘chganidan so‘ng buning iloji yo‘q ekan. Axir, partiya, uning rahbar idoralari mening uchun oliy sajdagoh edi, men unga sadoqatli farzandday xizmat qilmog‘im, u ham meni o‘z farzandiday ardoqlamog‘i kerak edi. Eng muhimi, partiya o‘z a’zolarining har qanday savollariga haqqoniy javob bermog‘i, har qanday mushkulotini adolat bilan yechib bermog‘i lozim edi. O‘sha kuni shu ishonchim darz ketdi. Men partiya uchun jonimni jabborga berib, shunchalik xizmat qilsam-u, bir og‘iz “rahmat” o‘rniga jazoga mustahiq bo‘lib o‘tirsam?! Adolat deganlari shumi hali? Bu uchiga chiqqan nohaqlik emasmi? Siz partiyani boshingizga ko‘tarib ardoqlaganingiz bilan partiya oldida qilcha ham qadringiz yo‘q ekan-da! Sidqidildan unga qilgan xizmatlaringiz nimayu o‘zingiz nimasiz? Buvim rahmatli aytib yuradigan bir naql bo‘lardi: “Qoziqning uchi ham bo‘lma, boshi ham bo‘lma: uchi bo‘lsang — yerga kirasan, boshi bo‘lsang — to‘qmoq yeysan. Qoziqning beli bo‘l, bolam”. Bu menga burjua axloqining aqidasi bo‘lib tuyular va men uni hazm qilolmas edim. Ammo jonajon partiyam og‘ushida kechirgan hayotim meni bu masalaga boshqacha qarashga undadi. Unchalik go‘l bo‘lmaslik kerak ekan, tevarak-atrofingizga ko‘zni kattaroq ochib qarash lozim ekan. Ko‘zni kattaroq ochib qarasam, qarshimda shunday haqiqatlar namoyon bo‘la boshladiki, ular oldida aqlim shoshib qoldi. Ko‘zni kattaroq ochib qarasam… partiyaning hayoti insoniy mantiqdan xoli, haqiqat va adolatdan yiroq, ko‘pincha yolg‘on asosga qurilgan hayot edi. Nafaqat partiya hayoti, partiya rahbarligida barpo etilgan jamiyat hayotida ham sog‘lom aqlga zid, har qanday mantiqdan tamoman uzoq ishlar ko‘p edi. Ularning tagiga yetaman deb harchand urinmang, urinishlaringiz bekor ketardi.
Bir necha yil mobaynida fakultetimiz Hadradagi besh qavatli katta bir imoratda faoliyat ko‘rsatdi. Bir vaqtlar uning yonida “Rodina” kinoteatri bo‘lardi. U 40-yilda qurib bitkazilgan, juda ko‘rkam, old tomonida baland-baland ustunlari bor, peshtoqlari ovrupocha imoratlarnikiga o‘xshatib ishlangan edi. Odamlar bu kinoteatrni juda yaxshi ko‘rar, unda har doim yangi filmlar namoyish etilar va hamisha gavjum bo‘lardi. Kunlarning birida to‘satdan kinoteatr yopildiyu uni ta’mir qila boshladilar.
Biz hayron bo‘ldik — kinoteatr yangi bo‘lsa, hali biror joyi darz ketmagan bo‘lsa, uning nimasini ta’mir qiladilar? Bunaqa narsani bizdan so‘rab o‘tirarmidi? Shunday qilib, ta’mir davom etaverdi. Biz yarim vayrona holga keltirilgan kinoteatr manzarasiga ko‘nikib ham qoldik. Sekin-asta bir yil o‘tdi, ikki yil o‘tdi, uch yil o‘tdi. Ta’mir esa sira oxiriga yetmaydi. “Nega bunday?” deb surishtirsak, bu yerda ta’mir bo‘layotgani yo‘q, Hamza nomidagi teatrga yangi bino qurilayotgan ekan. Hamza teatri chindan ham yangi binoga muhtoj edi, bu binoni chindan ham Hadra maydonining biror joyiga qurmoq darkor edi. Ammo nega endi kelib-kelib “Rodina” kinoteatrining o‘rniga qurmoq kerak? Nega yap-yangi, muhtasham, shaharga ko‘rk berib turgan bir binoni olib tashlab, uning o‘rniga butunlay boshqa bir binoni qo‘ndirmoq zarur? O‘sha binoni boshqa joyga qursalar, Eskishahardagi muhtasham binolar soni bittaga ko‘payar edi-ku! Yana bir masala — Hamza teatrining yangi binosi qurib bitkazilguncha o‘tgan vaqt ichida “Rodina” kinoteatri ishlab turganda, bunaqa teatrlardan ikkita-uchtasini qurishga yetadigan daromad tushardi-ku! Nega buning hisobi qilinmadi? Bu tarixiy “ta’mirlash” siri keyin ayon bo‘ldi. O‘sha kezlarda davlat har doimdagidek kamxarjroq bo‘lib qolgan ekan. Shunga ko‘ra har xil tomoshaxonalar qurishga mablag‘ bermay qo‘yibdi. Lekin ta’mirlash uchun har qancha mablag‘ kerak bo‘lsa, berar ekan. Qaysi bir uddaburron kattamiz shundan foydalanibdiyu Hamza teatriga yangi bino kurishga mablag‘ undiribdi… Ruslar bunaqa ishni “afera” deydi. Afera — o‘g‘irlikning bir turi hisoblanadi. O‘zbekchada buni “firibgarlik” deydilar. Firibgarlik ilgarigi jamiyatlarda uyat ish deb bilingan. Faqat bizdagina kommunistik partiya rahnamoligida xo‘jalik yuritishning barcha sohalarida qo‘llasa bo‘laveradigan oddiy ishlar qatoriga kirdi. Bunday firibgarliklar hammaning ko‘z o‘ngida sodir bo‘lar, lekin hech kim bunga qarshi lom-mim deb og‘iz ochmas edi.
Har yili talabalar paxtaga — hasharga olib chiqilardi. Bunga hamma ko‘nikib qolgan, hatto har yili “Qachon paxtaga jo‘naymiz?” deb sabrsizlik bilan kutadiganlar ham bo‘lardi. Chunki paxtaga chiqishning o‘ziga yarasha nash’asi ham bo‘lardi. Ammo rejani bajarish kechiksa, talabalar yog‘in-sochinli kunlarga qolib ketsa, sovuq boshlanib qolsa yomon bo‘lardi. Ayniqsa, dekabr oyiga qolib ketsak, ahvol juda og‘irlashardi. Ertalablar — yer muzlagan, qahraton ayoz, kun iligandan keyin esa muzlar erib, hamma yoq bilch-bilch loyga aylanadi. Oyoqqa botmon-botmon loy ilashib, yurib bo‘lmaydi. Lekin sho‘rlik talabalar shunda ham dalani tark qilmaydi, ushuqdan ko‘karib ketgan panjalariga uhlay-uhlay terimda davom etadilar. Ba’zan esa paxta qolmagan bo‘ladi. Ammo rahbarlarimiz shunda ham daladan ketishga ruxsat bermaydi. Talaba ertalabdan kechgacha dalada bo‘lmog‘i kerak. Bolalar ichida kasal ko‘payadi, intizom bo‘shashadi. Lekin baribir ruxsat yo‘q.
Mashinalarda raykom kotiblari va boshqa kattalar izg‘ib yuradi.
— Qani, bu talabalarning rahbari kim?
— Men,— deyman botqoq daladan sudralib chiqib kattamizning oldiga borar ekanman.
— Nega terim sur’ati pasayib ketdi? Mana kechagi ma’lumotnomangiz, kishi boshiga yarim kilogrammdan ham tushmayapti. Bu qanaqasi bo‘ldi?
— Ko‘rib turibsiz-ku, dalada paxta qolmagan. Kun bo‘yi qirtishlaganda yarim kilo chiqmaydi. Umuman, bunday sharoitda talabalarni dalada tutishdan nima ma’no bor?
Kattamiz menga yeb yuborguday o‘qrayib qaraydi, rangi bo‘zaradi, ijirg‘anib deydi:
— Sizni kim rahbar qilib qo‘ygan? Partiyaning paxta siyosatini tushunmas ekansiz. Siz bilan boshqacha gaplashamiz!
Kattamiz ketganidan keyin ancha vaktgacha “partiyaning paxta siyosati”ni tushunib olishga tirishib miyamni ishlataman — miyalarim tors yorilib ketguday bo‘ladi. Bu tirishishlar oqibatida faqat bir narsani tushunib yetaman — qish dalasida paxta sira qolmagan bo‘lsa-da, kattalarimizga “paxta yo‘q” deb bo‘lmas ekan, ularga faqat “xo‘b bo‘ladi, bajaramiz!” deb turmog‘ingiz kerak ekan. Shundagina ularning qahr-g‘azabidan omon qolishingiz mumkin. Shunday qilib, halovatingizni saqlab qolish, behuda jazolarga mustahiq bo‘lmaslik uchun jinday yolg‘on suqilib kirdi, kerak bo‘lsa-bo‘lmasa undan “unumli” foydalana boshladik, hatto san’at sohasida ham boshdan-oyoq yolg‘onga asoslangan, yolg‘onga sajda qilib yaratilgan, yolg‘onni bayroq etgan asarlar paydo bo‘ldi. O‘nlab-yuzlab misollar keltirish mumkin. Mana bittagina misol. Hamza haqidagi davomli filmni eslang. Nomi “Olovli yo‘llar” edi, shekilli. Hamza — qurolfurush, kurashchi, Rabindranat Thakurning do‘sti, Misr inqilobining tashkilotchilaridan va hokazo va hokazo. U inqilobchilik bobida shunaqa cho‘qqilarga ko‘tariladiki, hatto Leninni ham bir cho‘qishda qochiradigan darajaga yetadi. Nazarimda, bu filmning nomi “Hamza mavzuidagi xomxayollar” deb qo‘yilsa to‘g‘riroq bo‘larmidi? Qizig‘i shundaki, shunday film ham jamiyatda hech qanday e’tiroz tug‘dirmadi, aksincha, uning to‘g‘risida matbuotda ko‘pdan-ko‘p maktovli maqolalar e’lon qilindi. Filmni yasaganlar ham, uni tomosha qilganlar ham xijolat chekib, bir-birlaridan ko‘zlarini olib qochmadilar. Negaki, yolg‘on gapirish, yolg‘onga sajda qilish jamiyatda allaqachon odat tusiga kirib ketgan edi.
Jonajon partiyamning bag‘rida yurib kashf etgan haqiqatlarimdan biri shu bo‘ldiki, u tili boshqa, dili boshqa partiya ekan. Katta-katta majlislarning qarorlarida, tantanali yig‘inlarda, shiorlar va xitoblarda bir xil gap aytilardi-da, amaldagi ish unga sira to‘g‘ri kelmas edi. Masalan, partiyani aldash, unga yolg‘on gapirish eng og‘ir gunohlardan hisoblanardi, ammo partiya a’zosi har qadamda yolg‘on gapirmasa, boshiga falokat yog‘ilar, kuni o‘tmas edi. Deylik, o‘tmishda ota-bobolarimizdan birortasi ruhoniy yoki savdogarlik bilan shug‘ullangan badavlatroq odam bo‘lgan bo‘lsa, buni albatta yashirmoq darkor edi. To‘g‘risini aytib qo‘ysangiz, boshingiz malomatdan chiqmasdi. Nazarimda, partiyaga haqiqatni gapiradigan rostgo‘y va samimiy odamlar emas, balki kerakli gapni gapiradigan, rahbarlarga ma’qul gaplarni aytadigan, zarur fursatda har qanday yolg‘onni qo‘llashdan tap tortmaydigan chechan va uddaburronlar kerak edi. Keling, yaxshisi, men bir voqeani aytib beray, xulosani o‘zingiz chiqarib oling.
Bir domlamiz bo‘lardi — Tohiriy degan. Bu odam yaxshi ma’nodagi eski ziyolilardan edi. U kishi pedagogikadan dars berar, leksiyani artistona mahorat bilan o‘qir, tom ma’noda qomusiy bilimlarga ega edi. Talabalar u kishini juda yoqtirar, ma’ruzalarini maroq bilan tinglar, tevaragidan sira odam arimasdi. Domla yoshi bir joyga yetib, ishni tark etar muddati yaqinlashganda partiyaga kirishni ixtiyor qilibdilar. Ancha yelib-yugurishlardan keyin hujjatlar tayyor bo‘lgan.
Kunlardan birida dorilfunun partkomining majlisida domlaning arizasi ko‘rildi. Odatdagidek, domla partiyaning dasturi va nizomini tan olishini aytdi, savollarga javob qaytardi. Majlis ahlidan kimdir hammani qiziqtirgan bir savolni o‘rtaga tashladi:
— Nega shu paytgacha partiyaga kirmay, qariganda bu ishga ahd qildingiz?
Domla sira kutilmagan bir javobni berdi:
— Shu paytgacha o‘zimni partiyaga noloyiq deb hisoblab keldim, negaki men yaqin-yaqingacha millatchi edim. Endigina shu illatdan qutuldim.
Birdan bomba portlaganday bo‘ldi — majlis ahlining ko‘pchiligi “millatchi” degan so‘zni eshitgan bo‘lsa ham, tirik millatchini ko‘rmagan edi. Umuman, bunday davrada “men millatchi edim-u, endi tuzaldim” degan gap ilgari yangramagan bo‘lsa kerak. Hamma hang-mang bo‘lib qoldi. Domlasi tushmagur, “Partiyani aldab bo‘lmaydi, uning qarshisida samimiy bo‘lmoq kerak” deb o‘ylab bor gapni oshkora aytdi-qo‘ydi. Aytdi-qo‘ydi-yu, lekin ishning pachavasini chiqardi — sobiq millatchini, albatta, partiyaga qabul qilmadilar. “Axir, u millatchiligidan xalos bo‘lgan-ku! Shunday bo‘lmasa, o‘tmishini bu qadar rostgo‘ylik bilan aytib o‘tirmasdi. Uni samimiyati uchun jazolamaylik” degan gaplar o‘tmadi. Keyin ancha vaktgacha xar xil partiyaviy yig‘inlarda sobiq millatchini partiyaga olishiga sal qolgani haqida gapirib, dorilfununga ta’na toshlarini yog‘dirib yurdilar.
Partiyaning ichki hayotida yolg‘on, aldov va g‘irromlikning avj olishi jamiyat hayotida ko‘pdan-ko‘p illatlarning tomir otishiga sabab bo‘ldi. Odamlar oshkora tilyog‘lamalik, qalb amriga qarshi borib, vijdonini yutib ish tutish va faqat o‘z manfaatini o‘ylab faoliyat ko‘rsatish kabi qusurlardan hazar qilmay qo‘ydilar.

* * *

Men nafaqat oliy o‘quv yurtida dars bergan pedagogman, ayni chog‘da tanqidchilik ham qilganman. Faoliyatimning ancha qismi Yozuvchilar uyushmasi bilan bog‘liq kechgan. Bu yerdagi katta-katta yig‘inlarda yozuvchi do‘stlarimning ikkiyuzlamachiligini, riyokorligini ko‘rib ko‘p iztiroblar chekkanman.
Bir kuni Yozuvchilar uyushmasida katta yig‘in bo‘ldi. Unda Pasternak degan rus yozuvchisining xiyonatkorona ishlarini qoralashimiz kerak edi. Boris Pasternak shoir va tarjimon edi. She’riyat muxlislarining aytishicha, u juda iste’dodli, o‘ziga xos, yaltoqilikdan uzoq shoir bo‘lgan. U o‘zbeklar o‘rtasida uncha mashhur emas edi. Va umuman, bu shoirning rasmiy doiralar bilan muomalasi chatoq bo‘lib, uni imkoni boricha sanoqqa qo‘shmaslikka, kitoblarini chiqarmaslikka, o‘zining borligini sezmaslikka harakat qilardilar. Shu odam “Doktor Jivago” degan roman yozibdi. Romanda inqilobni qoralabdi, oq gvardiyachilarni tuzukkina odam sifatida tasvirlabdi. Bunaqa asarning bizda nashr bo‘lishi mumkin emas edi — uni chet ellardagi allaqaysi burjua nashriyotlari bosib chiqaribdi, unga hatto Nobel mukofoti berilibdi. Shundan keyin adabiyot olamida katta hangomalar boshlandi. Partiyaning buyrug‘i bilan Moskvada taniqli yozuvchilardan bir guruhi Pasternakka ochiq xat yozib, uni vatanfurushlikda, g‘oyasizlikda, burjua mafkurasiga moyillikda aybladi. Nobel mukofotidan voz kechishga undadi.
Mamlakatdagi barcha respublikalar Yozuvchilar uyushmalarida uni qoralab yig‘inlar o‘tkazildi. Albatta, endi — bugungi kunda bunday yig‘inlar o‘tganining hech ajablanadigan joyi yo‘q deb qaraymiz. Zero, sho‘rolar zamonida qolipga sig‘magan yozuvchi hamma vaqt har xil yo‘llar bilan qoralanib kelgan. Meni lol qoldirgani boshqa narsa edi — bizning uyushmamizdagi yig‘inga bel bog‘lab kelganlar ichida Pasternakni biladigan odamlargina emas, umrida uning nomini eshitmagan zotlar ham “zo‘r hujum”ga shay turardi. Ular orasida “Doktor Jivago” romanini o‘qiganlar esa umuman yo‘q edi. Shunga qaramay, so‘zga chiqqanlar “Men ”Doktor Jivago“ni o‘qigan emasman, lekin Pasternakni butunlay qoralayman, bunaqa xoinga sovet yozuvchilari safida o‘rin yo‘q!” deb hayqirdilar. Majlis Pasternakni yakdillik bilan qoraladi. Yozuvchilar, ya’ni xalq nazarida eng peshqadam, eng fikri ochiq, eng xalqparvar ziyolilar yig‘inida bir odam topilmadiki, “Ey birodarlar, asarni hech qaysimiz o‘qimagan bo‘lsak, gap nima to‘g‘rida borayotganidan bexabar bo‘lsak va umuman, Pasternakning o‘zini tuzukroq bilmasak, uning fikr-mulohazalarini eshitmagan bo‘lsak, qanday qilib uni qoralashimiz mumkin? Bu vijdonga, insofga xilof ish-ku!” desa…
O‘shanda biz donolik bilan emas, johillik bilan Pasternakning yuziga tupurgan edik. Endi ayon bo‘lmokdaki, o‘shanda… Pasternakning emas, o‘zimizning basharamizga tuflagan ekanmiz.
Afsuski, partiyaning ichki hayotidan ham, umuman, o‘sha davrlardagi jamiyat hayotidan ham bunaqa misollarni ko‘plab keltirish mumkin. Ularning bari biz partiya rahbarligida sotsialistik jamiyat emas, allaqanday to‘nkarilgan teskari jamiyat qurganimizdan dalolat beradi. To‘g‘ri, hayotimiz avvalgidan birmuncha durust bo‘lib qolgan edi. Yeb-ichishimiz ham, yashash sharoitlarimiz ham xiyla epaqaga kelib qolgan edi. Biroq jamiyat hayotida yolg‘on-yashiqning kuchayishi, insoniy qadr-qimmatning kamayishi, haromxo‘rlik va nopoklikning avj olishi axloqni xarob etib, e’tiqodlarning tomirini qurita boshlagan edi.
Men onamni “aya” derdim. Ayam Qo‘qonning yonginasidagi Oxunqaynar qishlog‘ida tug‘ilib o‘sgan, so‘ng taqdir taqozosi bilan avval Qo‘qonga, keyin Toshkentga kelib qolgan. Ayam chamasi o‘n yilcha savdo sohasida mehnat qilganlaridan keyin — 1938 yilda partiyaga kirdilar. U kishi partiyaga chin yurakdan ixlosmand edilar. Ayolliklariga qaramay, u kishini tom ma’noda partiyaning soldati desa bo‘lardi. Partiya qaysi ishga, qanday lavozimga qo‘ymasin, ayam ularni gap-so‘zsiz, e’tirozsiz bajarar, partiyaning har bir topshirig‘ini sidqidildan ado etishga tirishar edi. Biz oilada to‘rt farzand edik; ochig‘ini aytganda, bolalikda ona mehriga to‘yganmizmi-yo‘qmi, aniq ayta olmayman. Biz uyqudan turmasdan ayam ishga ketgan bo‘lar, kechqurun u kishi ishdan qaytganda biz uxlab qolardik. Shu alfozda yillar o‘tdi — biz ulg‘aydik, uyli-joyli bo‘ldik, ayam ham salkam yarim asrlik a’zolik stajiga ega bo‘lgan partiya faxriysiga aylandilar. Ammo bir kun kelib, keksalik kor qildimi yo ko‘p yillik “qadrdon” kasallari — diabet yengdimi, har holda ayam yotib qoldilar. Butun umri odamlar orasida — harakatda, faoliyatda o‘tgan odam yotib qolmasin ekan. Negaki, tashqi dunyodan uzilib, to‘rt devor ichiga qamalib qolishdan yomoni yo‘q. Biz — farzandlar, albatta, qo‘limizdan kelgancha ayamning ahvolini yengillatishga harakat qildik, lekin u kishi alam va iztiroblar ichida hayotdan ko‘z yumdilar. Keyin o‘ylab qarasam, u kishining umriga zavol bo‘lgan narsa faqat qand kasalining tajovuzlarigina emas ekan. Shak yo‘q, o‘lim haq! Ammo odamni qismatidan besh kun burun bu dunyo bilan vidolashuvga majbur qiladigan sabablar ham ko‘p ekan. Ayamning hadeganda tilga chiqavermaydigan allanechuk og‘ir pinhoniy bir dardi bor edi. Ko‘pincha ishdan qaytib, huzurlariga kirsam, ko‘zlari namiqqan, yuzlari tund bo‘lardi.
— Yana yig‘ladingizmi, aya?
— Yo‘q, bolam, nega yig‘lay? Shunchaki siqildim-da, — derdilar ayam shikasta ovozda.
Bir kuni o‘zlari yorildilar:
— Nega bunday-a, o‘g‘lim? Men ellik yillik umrimni partiyaga bag‘ishladim, sochimni supurgi, qo‘limni kosov etib, uning xizmatini qildim, endi esa partiya shiramni so‘rib olib, po‘stimni tuflab tashladi. Shuncha xizmatlarim qumga singib ketdimi?
Darhaqiqat, ayam yotib qolganlaridan keyin u kishi a’zo bo‘lgan tashkilot ayamni hisobdan chiqarib, mahalladagi maktabning partiya tashkilotiga kiritib qo‘ygan edi. Bu to‘g‘rida bir odam kelib xabar berib ketdi-yu, undan keyin boshqa hech kim kelmadi. Oradan oylar o‘tdi. Partiya a’zosi har oyda a’zolik badali to‘lab turmog‘i kerak. Bu — partiya a’zosi uchun so‘zsiz bajarilishi lozim bo‘lgan temir qonun edi. Agar uch oy a’zolik badali to‘lanmasa, u o‘z-o‘zidan partiyadan chiqib ketardi. Ayam shundan qattiq bezovta bo‘ldi va meni maktabga jo‘natdi.
— E, domla, shunga tashvish qilib yuribsizmi? — dedi kotib beg‘amgina ohangda. — Nafaqadagi odam bor-yo‘g‘i yigirma tiyin badal to‘laydi. O‘zimiz to‘lab yuboryapmiz.
Ayamning kuyganicha bor edi — partiya o‘zining xastalikka uchrab, ishga yaramay qolgan a’zosidan butunlay yuz o‘girgan edi. Men esa u kishining alamli savoliga tuzukroq javob topib berolmay garang edim. Ha, bizning partiya uchun odam cho‘t emas edi — inson qadri haqida og‘izda ko‘p balandparvoz gaplar aytilsa-da, amalda zarur bo‘lib qolsa, u har qanday odamning bahridan o‘tib ketaverardi.
Oradan ko‘p o‘tmay shunga o‘xshash ko‘rgulik o‘zimning boshimga tushdi.
80-yillarning boshlarida odamlarga chorbog‘ tarqatish rasm bo‘ldi. Bir guruh yozuvchilar ham bu nasibadan quruq qolmadi. Ular orasida men ham bor edim. Rostini aytsam, menga bir shapaloq yer tekkaniga juda suyundim — odam yoshi o‘tib borgan sari yerga yaqinroq bo‘lishni xohlab qolarkan. To‘g‘ri, jinday uzoqligi bor — Toshkentdan o‘ttiz besh chaqirim keladi. Nima qipti, yigirma yildan beri gijinglatib minib yurgan mashinam bor, har qanday uzog‘imni yaqin qiladi.
Yer tashlandiq, zarang ekan, tuprog‘i sho‘x. Bunisini ham eplaymiz. Joyimiz do‘ngroq ekan — suv chiqishi qiyin. Bu ham shashtimizni qaytara olmadi. Ammo ishni biror boshpana barpo etishdan boshlamoq kerak edi. Butun oila a’zolarimiz bahamjihat ishga kirishdik. Qurilish materiallari topish qiyin edi, ularni topsangiz, mashina topilmaydi, mashina topilsa, sabil qolgur pul topilmay xunob qiladi. Harqalay, yoru do‘stlar, oshna-og‘aynilar jonga ora kirdilar. O‘sha yili yozi bilan har kuni chorbog‘da hashar bo‘ldi va bu hasharlarda ishtirok etmagan bironta yosh ijodkor yoxud shogird qolmadi. Xullas, imoratni ko‘pchiliklashib tiklab oldik. Lekin uning pardozdan chiqib uzil-kesil bitishiga hali uch-to‘rt qovun pishig‘i bor edi. Shapaloqdek yerni epaqaga keltirish, boshpana bo‘ladigan mo‘jazgina bir kulbani bitirib olish bunaqa qiyin bo‘lishini bilganimda, chorbog‘ deganini sira ham havas qilmagan bo‘lardim. Ammo na iloj — boshlagan ishni oxiriga yetkazish kerak.
Shu ahvolda kunlar o‘tib turardi, kunlardan birida gazetada “Chorbog‘chilar” degan feleton chiqib qoldi. Qarasam, uch-to‘rt kishi qatorida mening ham familiyam bor. Feletonchisi tushmagur rosa boplabdi — uning gapiga qarasa, menday rasvo, menday boylikka ruju qo‘ygan maxluq yo‘q, nafsim hakalak otib, ikki qavatli shohona qasr qurib olibman. Yo tavbangdan ketay, yolg‘on ham evi bilan-da… Ammo partiya tashkiloti uchun matbuotda chiqqan material jiddiy signal hisoblanardi. Asosiy mashmashalar feleton chiqqanidan keyin boshlandi — partiya majlisida masalam ko‘rildi, ketma-ket partkomu raykomlarga chaqirildim, izohnomalar, tushuntirish xatlari yozdim. Nihoyat, mendan uyning ikkinchi qavatini buzib tashlash talab qilindi. Yaxshimi, yomonmi, o‘z qo‘ling bilan barpo etgan narsani buzish juda og‘ir bo‘lar ekan. “Tayyor bitgan imoratni nega buzmoq kerak, undan ko‘ra uni olinglar, bolalar bog‘chasi qilasizlar”, dedim. “Yo‘q”, dedilar. “Bo‘lmasa, bolaxona qurganim uchun jarima to‘lay, loaqal yo‘limizni asfalt qilishga xarjlarsizlar”, dedim. “Yo‘q”, dedilar. “Buzing, bo‘lmasa, partiyadan o‘chiramiz”. Men, albatta, partiyadan o‘chishni istamas edim. “Mayli, buzaman. Loaqal, yozgacha ruxsat beringlar”, dedim. “Yo‘q!” Bahorning iliq kunlaridan birida uch-to‘rt kishi bo‘lib bolaxonani qo‘porib tashladik. Lekin tomni yopolmadik. Keyin yog‘ingarchilik boshlandi. Aksiga olib, o‘sha yili bahor juda seryog‘in bo‘ldi. Yozgacha imoratning bari sho‘ralab, shuvoqlari ko‘chib tushdi, devorlari ham uqalanib yaroqsiz holga keldi. Uch oy oldin bejirimgina turgan imorat bomba tushgan vayronaga aylandi-qoldi.
O‘sha paytdagi iztiroblarimni eslasam, hozir ham kuyib-o‘rtanib ketaman. Chorbog‘ degan narsadan butkul ko‘nglim sovidi. Har gal o‘sha vayronani ko‘rganda chalasiga o‘zim o‘t qo‘yib yuborgim keladi. Lekin bundan ham yomonroq alam qilgani boshqa narsa bo‘ldi. Qanday gunohim bor ediki, meni shunchalar badnom qildilar? O‘g‘rilik qilgan bo‘lmasam, birovning haqini yemagan bo‘lsam, chorbog‘ni qurib, daromad manbaiga aylantirgan bo‘lmasam? Axir, mening yoshimdagi donoroq do‘stlarim sira jonlarini koyitmay, hatto oylik ijara haqini to‘lamay, hukumat qurib bergan hashamatli chorbog‘larda yashayapti-ku! Men bo‘lsam, hukumatni chiqimdor qilmay deb hammasini o‘z mehnatim bilan qurib yuribman. Va rahmat eshitish o‘rniga yana feleton bo‘lib o‘tirsam! Meni elu yurt oldida badnom qilsalar! Axir, odamlar nazarida jinday obro‘ga ega bo‘lsam, men buni yillar mobaynida halol mehnatim, to‘g‘riligim evaziga misqollab to‘plagan edim. Mening obro‘yim men a’zo bo‘lgan partiyaning obro‘yi emasmidi? Nega partiya meni bu adolatsizlikdan himoya qilmadi? Demak, unga mening obro‘yim ham, o‘zim ham kerak emas ekanman-da! O‘shanda men bu savollarning birontasiga javob topganim yo‘q. O‘ylashlar oqibatida afsusu nadomatlarga to‘liq yana bir xitob tug‘ildi, xolos: “Bu dunyo bunchalar telba-teskari bo‘lmasa?!”
Albatta, bunaqa xo‘rliklar va nohaqliklarga dosh berish qiyin edi. O‘ylay-o‘ylay bir narsadan tasalli topdim — bunaqa ishlar hayotimizda yangilik emas-ku! Sen-ku partiyaning bir oddiy a’zosisan, sendan yuz chandon katta odamlar, tom ma’nodagi ulug‘ odamlar ham bunaqa teskari qismatdan bena-sib qolmaganlar-ku! Ularning ham hech qanaqa gunohlari yo‘q edi.
Shunday deb o‘ylaganimda ulug‘ inson va ulug‘ olim Habib Abdullayevning qismati ko‘z oldimda gavdalanardi. Dunyoga dong‘i ketgan olim. Oltin topishning samarali yo‘llarini kashf etgan; u topgan konlardan million-million daromad ko‘rilgan va hozir ham ko‘rilmokda. Uning rahbarligida Fanlar akademiyasi ham beqiyos o‘sdi. Bunaqa olim yuz yilda bir tug‘iladi, millat u bilan har qancha faxrlansa arziydi. Bunday olim xorijiy mamlakatlardan birontasida yashaganida, shubhasiz, juda katta izzat-ikrom ko‘rgan va farovon hayot kechirgan bo‘lardi. Ammo shunday odam ellik yoshga kirib-kirmay olamdan o‘tdi. Ha, umri qisqa ekan. Ammo uning umrini qisqa qilishga o‘zimiz ham ancha-muncha hissa qo‘shdik-ku! O‘zining halol puliga anchayin imorat qurgani uchun uni badnom qilgan, tuproqqa qorishtirgan o‘zimiz edik-ku! Go‘yo bir tomonda sonmingta Habib Abdullayev qalashib yotibdiyu bunisini uloqtirib tashlab, o‘rniga yangisini qo‘yib qo‘yish mumkinday. Olim tevaragida g‘iybat qozoni qaynab yotganda partiyadan “Hoy birodarlar, bir katta olim durustroq uy qurib olgan bo‘lsa nima bo‘libdi? Bu o‘zimizga obro‘ olib keladi” degan sado chiqmadi-ku!
Yo‘q, arzimagan “gunohlar” bahonasida odamlarni yomonotliq qilish, burnini yerga ishqab, qanotini qayirib olish partiyaning sevimli ishlaridan edi. Har xil yo‘llar bilan odamni xo‘rlash, tahqirlash va shu tarzda “popugini pasaytirib” qo‘yish bizning hayotimizda oddiy ish bo‘lib qolgan edi.
Shu gaplarni yozyapmanu ko‘z o‘ngimda ulug‘ san’atkorimiz Shukur Burhonovning nuroniy siymosi gavdalanadi. O‘ylaymanki, yurtimizda bironta odamga uning kimligini tushuntirishga hojat bo‘lmasa kerak. Shukur Burhonov betob kunlardan birida uning ishtirokisiz, orqasidan majlis qilibdilar-da, ishdan bo‘shatib, “patta”sini uyiga eltib beribdilar. Holbuki, san’atkorning butun umri shu teatrda o‘tgan, u hayotini teatrdan tashqarida tasavvur ham qilolmasdi. Buni qanday tushunib, qanday izohlash mumkin? Har qancha uzrli sabablar ro‘kach qilinmasin, ular Shukur Burhonni teatrdan quvgan odamlarning bag‘ritoshligini oqlay olarmikan? Axir, biz bag‘rikeng, sersaxovat, mehridaryo xalq sifatida tanilgan edik-ku! Dini islom, musulmon axloqi asrlar mobaynida bizga odamiylikni, rahmdillikni, shafqatni singdirib kelgan edi. Nega endi bugunga kelib shu qadar mehrsiz va bag‘ritosh bo‘lib qoldik? Yaqinlarimizga qancha ko‘p ozor yetkazsak, shuncha ko‘proq huzurlanamiz. Bu illat bizga qachon, qanday yopishgan? Sho‘rolar zamonida keng tomir yoygan insonga loqayd qarash, uni qadrlamaslik shunday oqibatlarga olib kelmadimi?
Albatta, bu mulohazalar kimgadir ma’qul bo‘lmasligi, kimdadir e’tiroz tug‘dirishi mumkin. Kimdir “Mubolag‘a ham evi bilan-da! Uch-to‘rtta hodisani sanab, shundan insonga loqayd qarash partiya amaliyotining umumiy tamoyili bo‘lgan deyish mumkinmi?” deb o‘ylayotgandir ham. Bunga nima deb javob bersa bo‘ladi? Mening gaplarimda mubolag‘a yo‘q, birodarlar. Sizlarni bunga yana bir bor amin qilmoq uchun quyidagi dalilni keltiraman. Sizlar, albatta, Dinmuhammad Qo‘nayev haqida eshitgan bo‘lsangiz kerak. U katta-katta kashfiyotlar qilgan atoqli geolog olim edi. Ammo keng xalq ommasiga geolog bo‘lib emas, yirik davlat arbobi va dongdor partiya xodimi sifatida ko‘proq tanilgan edi. Qo‘nayev qirq yildan ziyodroq rahbarlik lavozimlarida ishladi, shundan yigirma bir yil mobaynida partiya Markaziy Komiteti Siyosiy Byurosiga a’zo bo‘ldi. Albatta, bu odam partiyaning ichki hayotini yaxshi bilgan, uning bu borada aytgan gaplarini sira shubha tug‘dirmaydigan dalil tarzida qabul qilsa bo‘ladi. Yaqinda Almatida uning “Mening davrim to‘g‘risida” degan xotiralar kitobi chiqdi. Unda shunday satrlar bor: “Sen hokimiyat kursisida o‘tirgan bo‘lsang, hurmatga sazovor, munosib odamsan. Mansabdan ketishing bilan seni ertasigayoq unutib yuboradilar. Ko‘p hollarda esa mening ahvolimga tushasan — yangi chiqqan rahbarning qutqusi bilan mening ustimga har xil bo‘lar-bo‘lmas ayblar to‘nkadilar va o‘zimni oqlagani biron og‘iz gap aytishga mutlaqo imkon bermadilar.”
Qo‘nayevning boshiga tushgan mojarolar partiya o‘z a’zolarini qanday “qadrlagan”ini yaqqol ko‘rsatadi. Boshqacha bo‘lishi mumkin ham emas edi. Kommunistik partiya rahbarlari og‘izda gumanistik aqidalarni alqagan bo‘lsalar-da, amalda odamlarga o‘z maqsadlariga erishish yo‘lida bir vosita deb qaraganlar. Shuning uchun kommunistik jamiyat qurish yoki uni himoya qilish yo‘lida million-million odamlarni qurbon qilib yuboraverganlar. Ular bu qilmishlarini oqlash uchun maxsus nazariyalar ham to‘qib chiqarganlar.
“Odamlar davlat mashinasining murvatlari va parraklaridir” degan edi Stalin. Buyuk dohiy yana bir joyda: “Bizda almashtirib bo‘lmaydigan odam yo‘q!” degan shiorni oldinga surgan edi. Bugunga kelib bu gaplar naqadar aksil-insoniy mazmunga ega ekani ayon bo‘ldi. Axir, bu dunyoda insondan buyukroq, insondan mo‘jizaviyroq jonzot yo‘q! Insonning chiqiti bo‘lmaydi, uning biri — tosh, biri — gul. O‘z o‘rnida ikkovi ham kerak. Ammo kommunistik partiya inson taqdiri haqida gap ketganda bu aqidani butkul unutar edi.
Qars ikki qo‘ldan degan gap bor. Partiyaki o‘z a’zosini qadrlamasa, a’zolar o‘z partiyasini nechuk qadrlasin?
Men nafaqat munaqqid va adabiyotshunosman, balki muntazam ravishda tarjimachilik bilan ham shug‘ullanganman. Tarjima qilgan asarlarim orasida Leninga bag‘ishlanganlari ko‘p. U paytlarda men Lenin haqidagi ocherk va hikoyalar, qissalar va romanlarni o‘zbek kitobxoniga yetkazishni juda muhim ish deb hisoblardim. O‘zbek yoshlari bu kitoblarni o‘qib dohiydan ibrat olsa, unga o‘xshagan barkamol bo‘lishga harakat qilsa qanday yaxshi! U kezlarda ko‘pgina sovet kishilari kabi Leninni parvardigordek benuqson deb bilardim. Jinday tili chuchukligini aytmasa, boshqa aybi yo‘q edi. 20-yillardayoq matbuot sahifalarida “Lenin payg‘ambarmi, yo‘qmi?” degan mavzuda juda jiddiy bahs o‘tgan. Har holda, uning butun dunyo mehnatkashlarining dohiysi ekaniga sovet kishilarida zarracha shubha yo‘q edi. Lekin bir gal menda allanechuk gumon paydo bo‘lgan.
O‘shanda men birinchi marta xorijiy safarga chiqib, Misrga borgan edim. Safar davomida misrlik oddiy odamlar bilan muloqotda bo‘lishga harakat qildim. Leninning tasviri zarblangan nishonlardan ancha-muncha olib olgan edim. Misrliklar nishonlarni bajonu dil olishdi, u yoq-bu yog‘ini aylantirib tomosha qilishdi, so‘ng rasmni ko‘rsatib “Bu kim?” deb so‘rashdi. Qiziq-a, ular mehnatkash bo‘laturib, o‘z dohiylarini tanimadilar. “Bu — Lenin” deyman ranjiganimni bildirmaslikka tirishib. Ular esa menga baqrayib turaveradilar. “Lenin kim?” deb so‘raydilar. Keyin-keyin bildimki, xorijda Leninning shuhrati unchalik emas ekan, u yerdagi odamlar Leninsiz ham binoyidek kunlarini ko‘rib turar ekanlar. Bizning nazarimizda esa, Lenin bo‘lmasa, yer yuzida hayot to‘xtab qoladiganday edi. Mabodo, olamda biron mangu turadigan narsa bo‘lsa, bu — Lenin bo‘lmog‘i kerak edi.
Keyin oshkoralik va qayta qurish boshlandi. Ilgari yashirib kelingan haqiqatlar yuzaga chiqa boshladi. Ko‘zimiz ochildi. Lekin… Shu o‘rinda Cho‘lponning bir bayti esga tushadi:

Nechun ochildi ko‘zim, qayga ketdi uyqularim?
Bu uyg‘onishda to‘lib-toshdi, oshdi qayg‘ularim.

Ko‘zimiz ochilib ko‘rdikki, Lenin bobo ham o‘zimiz qatori ekanlar, ko‘pda benuqson emas, aksincha, ancha-muncha jinoyatlarga qo‘l urishdan qaytmagan, ancha-muncha odamning hayotiga zomin ham bo‘lgan ekanlar. Lenin bobo ham nafs balosiga giriftor bo‘lgan osiy bandalardan ekanlar, faqat yeb-ichish, molu dunyo orttirish kasaliga emas, butun dunyoni o‘z bichimiga moslab qayta qurish dardiga mubtalo bo‘lgan ekanlar. U kishi faoliyat maydoniga kirib kelishlari bilanoq Arximedning mashhur gapini o‘z manfaatlariga moslab, “Menga tayanch nuqtasini bering, butun dunyoni ag‘dar-to‘ntar qilaman!” deb hayqirgan edilar. Keyin partiyani o‘zlari uchun shunaqa tayanch nuqtasi qilib oldilar, partiya a’zolari va partiyaga a’zo bo‘lmagan oddiy odamlarni o‘zlarining xomxayollarini ro‘yobga chiqarishda vosita deb bildilar. Bu g‘aroyib hodisani idrok et-moqchi bo‘lib harchand urinaman, lekin tagiga yetolmayman. Qandoq bo‘ldiki, Rossiya imperiyasidek katta bir mamlakat bir hovuch nayrangbozning tuzog‘iga ilindi? Nechuk es-hushi joyida, aqli raso million-million odamlar bolsheviklar to‘qigan afsonalarga chippa-chin ishondi? O‘tmish haqida qancha ko‘p o‘ylasam, bunaqa savollar shuncha ko‘proq paydo bo‘ladi.
Ammo biz savol berib o‘rganmagan edik. Negaki savol bermoq uchun odam sinchkov bo‘lmog‘i, har narsaning tagiga yetishga tirishmog‘i kerak, fikrlaydigan odam bo‘lmog‘i shart. Biz ayni shu fikrlash masalasida oqsar edik, yuqoridan aytilgan yoxud matbuotda yozilgan har qanday gapni tahlil chig‘irig‘idan o‘tkazmay, haqiqat deb qabul qilishga ko‘nikib qolgan edik. Buning natijasida har xil yolg‘on-yashiqlar, bo‘lar-bo‘lmas afsonalar ongimizga singdirilardi. Har kuni takror-takror aytaverganidan keyin yolg‘on ham rostga o‘xshab qolar ekan. Gap quruq bo‘lmasin, bir-ikkita misol keltiray.
Ko‘p yillar mobaynida “Ulug‘ Oktyabr inqilobi insoniyat tarixida yangi davr ochdi” degan ibora bizning “bismillo”miz bo‘lgan. Har bir ma’ruzada, har bir maqolada, har bir kitobda bu gap qayta-qayta ta’kidlanar, qayta-qayta quloqqa quyilar edi. Lekin hech kim “1917 yil oktyabrida o‘zi inqilob bo‘lganmi yoxud shunchaki davlat to‘ntarishimi? Yo bir hovuch sarguzashttalab unsurlar uyushtirgan fitnamidi u? To‘ntarish yoki fitna bo‘lsa, uni ”ulug‘“ deb bo‘ladimi? Bu to‘ntarish ochgan ”yangi davr“ nimalarda aks etadi?” degan savollarni bermas edi.
Ko‘p kitoblarda O‘zbekistondagi fuqarolar urushi haqida gap ketganda “Farg‘ona vodiysida shonli askarlarimiz yuz ming bosmachini qirib tashladi” deb yozilardi. Buni o‘qib, “O‘, frunzening shovvozlari-ey! Rosa bosmachilarning ta’zirini bergan ekan-da” deb yuraverganmiz. Holbuki, jinday fikr yuritilsa, jinday tahlil qilinsa, bu safsataning misi chiqadi: ajabo, yuz ming bosmachi qirilgan bo‘lsa, tirik qolgani qancha ekan? Boring, ana, bosmachilarning beshdan biri qirilgan bo‘lsin. Unda qo‘lda qurol bilan sho‘rolarga qarshi kurashgan bosmachilar 500 ming kishini tashkil qiladi-ku! Vodiy aholisining hammasi oyoqqa turgan ekan-da! Unday bo‘lsa, butun xalqni “bosmachi” deb bo‘ladimi? Sho‘ro hukumati ham xalqning xohish-irodasiga qarshi o‘rnatilgan ekan-da?!
Fikrlashdan qochish, “och qornim — tinch qulog‘im” falsafasi odamni loqayd qiladi. Firqa arboblari esa bundan foydalanib, ommani o‘zlarining nog‘orasiga istagancha o‘ynataveradilar. Hech kim ularning mushugini “pisht” deyishga jur’at qilolmay qoladi.
Qayta qurish avj olgan kezlarda Satin degan bir kimsani allaqayerdan topib kelib, Toshkent shahar partiya qo‘mitasiga kotib qilib qo‘ydilar. Bu zotning o‘zbeklarda qasdi bor ekanmi, har qalay, ko‘p odamni qiyratdi. U odamni ayblaganda da’volarni qalashtirib tashlar, lekin dalil-isbotini o‘ylab ham o‘tirmas edi. Bir kun katta bir yig‘inda Toshkent dorilfununini millatchilik uyasi sifatida ta’rifladi va buning daliliga “Talabalarning 50 foizi o‘zbek ekan” degan gapni aytdi. Na o‘sha majlisda, na yig‘indan keyin bironta odam chiqib, “Dorilfunun talabalarining yarmi o‘zbek bo‘lsa, juda oz ekan, axir, dorilfunun boshidanoq mahalliy millat bolalariga oliy ta’lim berish maqsadida tuzilgan” degan gapni aytmadi. Shu tarzda Satin ham millatchilarni fosh qilish ishiga munosib hissasini qo‘shdi.
Qayta qurish davri ko‘p davom etgani yo‘q. Ammo besh-olti yillik qisqa muddat mobaynida nafaqat Lenin to‘g‘risida, balki partiyaning boshqa dohiylari to‘g‘risida, partiyaning o‘zi haqida shunaqa haqiqatlar ochilib ketdiki, ular e’tiqodimizning qolgan-qutganini ham barbod etdi. Bu davrda e’lon qilingan hujjatlarda jinoyatkorlar bir to‘da ekani, yetmish yil mobaynida dunyoning oltidan bir qismini yovuzlik saltanatiga aylantirgani, odamlarni iymon va vijdondan, faollik va halollikdan mahrum etgani uzil-kesil isbot qilindi. Partiya quladi. U yelga uchragan tutunday g‘oyib bo‘ldi. Undan xotira sifatida mamlakat tarixida sira bitmas bir yara bo‘lib qora o‘pqon qoldi. Partiya quladi-yu, uning xarobalari ostida millionlab oddiy partiya a’zolari qoldi. Men shulardan biri edim. Men partiya asoratidan qutuldim — endilikda bo‘lar-bo‘lmas majlislarda soatlab qadalib o‘tirishlarga, hisobot berishlarga, yolg‘on gapirishlarga, o‘zimda yo‘q fazilatlarni sotishga, riyokorlikka hojat qolmadi. Ammo bu — o‘ttiz yil mobaynida vujudimga singib ketgan partiyaviy illatlarning qo‘lansa bo‘yidan butkul xalos bo‘ldim degan ma’noni bildirmaydi. O‘ttiz yil davomida ko‘nglimga jo bo‘lgan, ongimga o‘rnashib olgan og‘ular hamon fikrimni zaharlashda davom etmoqda. Partiya safida o‘tgan o‘ttiz yillik umrimni sarhisob qilib, “Nima orttirdimu nimalardan mahrum bo‘ldim?” degan savolni qo‘ysam, orttirganim bir hovuch bo‘lsa, yo‘qotganim tog‘day beqiyos!
Men partiyaga juda katta orzu-umidlar bylan kirgan edim. Maqsadim —mansab emas, imtiyozlar emas, balki maslakdosh do‘stlar bilan birgalikda ulug‘ ishlarni amalga oshirish, ma’naviyat yuksakliklarida parvoz qilish, inson degan nomga dog‘ tushirmay yashash edi. Ming afsuski, bu orzular ushalmadi. Aksincha, partiya safida yurib, jinday riyokor, jinday aldamchi, jinday ikkiyuzlamachi bo‘lib qoldim, mehnat qilish o‘rniga o‘zimni mehnat qilayotganday qilib ko‘rsatishni o‘rgandim, safsatabozlikka, ko‘zbo‘yamachilikka ko‘nikdim.
Oskar Uayld degan ingliz yozuvchisining “Dorian Greyning portreti” degan ajoyib romani bor. Roman qahramoni Dorian Grey — bo‘y-basti kelishgan, har qanday qiz bir ko‘rsa oshiqu beqaror bo‘lib qoladigan barkamol yigit. U mustaqil hayotga endi qadam qo‘yar ekan, Iblis bilan uchrashadi; Iblis uning iymoni evaziga to vafotiga qadar butun navqironligi va jozibadorligini saqlab qolishni va’da qiladi. Dorian rozi bo‘ladi — umrini ayshu ishratda, huzur-halovatda o‘tkazadi, sira qarimaydi — umrining oxirigacha yoshlikdagi barkamolligini saqlab qoladi. Nihoyat, vaqt-soati yetib, olamdan o‘tadi. U o‘lim to‘shagida yotar ekan, ko‘z o‘ngida yillar davomida shakllangan: haqiqiy qiyofasi namoyon bo‘ladi. Bu qiyofa odamni jirkantiradigan darajada xunuk — peshonalar tirishgan, ko‘zlar chaqchaygan, pastki lablar osilib tushgan, so‘yloq tishlar yirtqich hayvonnikidek turtib chiqqan… Huzur-halovat, rohat-farog‘at, maishatning bahosi bu…
Dorian Greyning o‘lim to‘shagida namoyon bo‘lgan asl qiyofasi — iymonsizlik va ma’naviyatsizlikning qiyofasi. Men partiya saflarida kechirgan hayotimga yakun yasamoqchi bo‘lsam, har gal Dorian Greyning asl qiyofasi ko‘z oldimda gavdalanaveradi. Partiyaning soxta talablari, shafqatsizligi, g‘ayriinsoniyligi meni ikkiyuzlamachi, riyokor qildi, iymondan mahrum etdi, qing‘ir yo‘llarga boshladi. Shundoq ekan, nechuk men bunday partiyadan kechmay? Nechuk e’tiqodimni o‘zgartirmay? Buning uchun mendan hazar qilish kerakmi? Aksincha, meni va menga o‘xshash boshqa millionlarni shu ko‘yga solgan partiyadan hazar qilmoq kerak emasmi? Ha, ko‘zlar juda kechikib ochildi, aql kechikib kirdi. Lekin men kechikib bo‘lsa ham ko‘zim ochilganiga shukrlar qilaman.
Kompartiya tarqab ketganidan keyin yangi partiyalar tuzildi. Meni ham ular safiga kirishga taklif qildilar. “Meni qo‘yinglar, birodarlar,— deb javob berdim. — Keling, endi bu yog‘iga adashsam, o‘zim adashay, o‘zim tuzatay va o‘zim javob beray”. Mendan so‘rashlari mumkin — xo‘p, kommunistik e’tiqoddan voz kechibsiz, boshqa partiyalardan bosh tortibsiz, endi e’tiqodsiz yashamoqchimisiz? Nega endi e’tiqodsiz yashar ekanman? Aksincha, bugun iymonim butroq, e’tiqodim mustahkamroq bo‘lib qoldi. Bugun men umumbashariy qadriyatlarga, yaxshilikka, halollikka, diyonat va insofga e’tiqod qo‘ydim. Mening baxtimga, menga o‘xshagan millionlarning baxtiga jonajon yurtimiz boshida mustaqillik bayrog‘i hilpiray boshladi. Mustaqillik bizga erkinlik olib keldi va shu bilan birga, har birimizga yuksak mas’uliyatlar yukladi. Endi biz teranroq va dadilroq fikrlaydigan bo‘lmog‘imiz kerak, ma’naviyatimizni yangi bosqichga ko‘tarishimiz zarur. Biz yangi, mustahkam va yuksak iymonga ega bo‘lmog‘imiz darkor. Yangi iymonga ega bo‘lmoq uchun esa butunlay poklanmoq shart. Buning uchun qolgan umr yetib bersa, bas!

“Tafakkur” jurnalining 1997 yil 10-sonidan olindi.

хдк

(Tashriflar: umumiy 18 158, bugungi 2)

1 izoh

Izoh qoldiring