Hamza Hakimzoda Niyoziy. She’rlar va masallar.

ҳамза
6 март — Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889-1929) туғилган кун.

Ҳамза ижоди мустақиллик, истиқлол туфайлигина ҳақиқий баҳосини олмоқда. У ҳеч бир бўрттиришсиз, қўшиб-чатишсиз ҳам XX аср ўзбек адабиётининг атоқли вакили: новатор шоир, ҳозиржавоб носир, истеъдодли драматург, ғайратли театр арбоби, моҳир педагог сифатида замондошлари Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпонлар қаторидан муносиб ўрин олишга ҳақлидир.

9989

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий
ШЕЪРЛАР ВА МАСАЛЛАР

ЭЙ,АҲЛИ ВАТАН…

Эй аҳли ватан! Босди сани мунча ғафолат,
Ғарқ айлади мунча сани дарёи жаҳолат,
Тишиди сани бошинг узра шум заллаю разолат,
Боқ! Ҳолингга налар бўла? Гар бўлса басорат?
Қоплаб келур миллатингни зулмату ғорат,
Инсон сифатинг вор эса тур! Айла жасорат!

Ғафлат уйқусидан кўзинг оч! Боқ замона,
Илм айла! Маориф тутуни тўлди жаҳона,
Солди ҳама миллат бу маорифга хазона,
Биз миллат этуб ор ила номуси баҳона,
На мактаб илм ўлди, на бозорда тижорат,
Хушк ўлдиғимиз боисидан бўлди касолат.

Олимларимиз ичар тама бирла адоват,
Давлат элида кибру ҳаво бирла сафоҳат,
Фахр аҳли аро фисқу ҳасад этди давомат,
Хотун, эру қиз ёшу қари ичра жаҳолат,
Топсунми тараққий яна бизларда камолат,
Кетсунми таассуф элидан бўғзу адорат?

Инсон эсанг ўлгил ҳама дам толиби миллат,
Зийнатласун абдангги ғайрат ила ҳиммат,
Нўш этсанг ажал шарбатидин узма муҳаббат,
Қўл силтама келса на бало бирла машаққат,
То умри ичида кўрмаса ҳар кимса залолат,
Топмоғлик анга мумкин эмас иззу шарофат.

Миллат деганнинг боши агар кетса ризодур!
Ҳар лаҳзада минг жабру жафо етса ризодур!
Ҳар тийғи ситам кўкси узра текса ризодур!
Миллат йўлида қони оқуб ётса ризодур!
Бир зарра юзин тобламас ул келса на ҳолат,
Бош узра кўрар келса на хил зулм ила ғорат.

Кир! Лаззат дунёдан умид уз, мосуво қил,
Миллат йўлида мол ила жонингни фидо қил,
Дилдан ҳама кибр ила адоватни фано қил,
Бу хидмати оламда қолурликни адо қил,
Токим ҳама халқ айласа сўнгингда мудомат,
Ҳар икки жаҳонда санга ўлмазми саодат.

Солма қулоғинг таьна киби сўзларга, кар бўл,
Хизматга жадал айла, кеча тому саҳар бўл,
Минг жоҳил ўқи келса, жигар бирла сипар бўл,
Миллат йўлида кетса агар жондан ўтар бўл,
Парво қила кўрма бошингга тушса қиёмат,
Тоун, ситам ёғса-да ҳеч қилма надомат.

То чекмаса ғурбат ватанинг қадри бўлурми?
Ғарқ ўлмаса дарёя гуҳар қўлга келурми?
Кўр! Тарбиясиз ҳеч шажар мева қилурми?
Сойиллик эдан кимсая давлат йиқилурми?
Тун-кун йўқу ғафлатда ётуб айладук одат,
Шул-чун адам ўлди мана бизларда диёнат.

Боқ шул эса аҳвол начук бўлғувсидур вой,
Ким миллат учун ўзни фидо қилгувсидир вой,
Мактаблар учун борини сарф этгусидир вой,
Дунёйи лазиз баҳрасидан ўтгусидир вой,
Бу бойлар аро сирқ ҳасад этса зиёдат,
Олимлар аро бўлмаса бир сулҳу садоқат.

Бу халқимиза айш ила ишрат эса матлаб,
Кундан куна ошмазми бизим жаҳли мураккаб?
Ким олиму маориф кутадир, ким сола мактаб?
Бир кун қолуриз охирида зорлар ағлаб,
Суд айламагай ул куни минг оҳу надомат,
Луқмон тирилиб келса тузалмас бу жароҳат…

БИР КЕЛУБ КЕТСУН

Сабо арзимни еткур, моҳитобон бир келуб кетсун,
Тамоми ҳусн элининг шоҳи-султон, бир келуб кетсун.

Тутарга бир дами суҳбат асиру нотовон бирлан,
Дариғ тутмай нигорим бўлса имкон, бир келуб кетсун.

Неча кундан бери кўрсатмайин васлин соғинтурди,
Тараҳҳум айласун ул шўхи жонон, бир келуб кетсун…

Қафас ичра всирам андалибдек доғи ҳажридан,
Агар бир марҳамат қилса гулистон, бир келуб кетсун.

Ва ё қилмоқ эса қурбон бу зулму кори боридан,
Олиб қўлига ханжар марди майдон, бир келуб кетсун.

Фироқи фирқатидан етди бошим бистари ғамга,
Кўрарга ул ҳакими кобилистон бир келуб кетсун.

Кетуб тандан мадорим, гул юзим чун заъфарон ўлди,
Дилимни қуввати, дардимга дармон, бир келуб кетсун.

Агарчи мандан ўтган бўлса ҳар саҳву хато дилдор,
Кечурсин, товба қилдим, юз пушаймон бир келуб кетсун.

Ниҳонийга неча аҳду вафолар боғлаган эрди,
Дегил кўп қилмасун аҳдини ёлғон бир келуб кетсун.

1908 йил.

ЎРГУЛСУН ҚУЛИНГ

Қай куни кўрдимки ман дийдор, ўргулсин қулинг,
Ул замон ўлдум асир афгор ўргулсун қулинг.

Оҳ уриб кетдим ўзимдан қолмади сабру қарор,
Ашки селобим эрур анҳор, ўргулсун қулинг.

Мунча ҳам золим экансан, қайрилуб бир боқмадинг,
Термулиб қолдим йўлингда зор, ўргулсун қулинг.

Мен ўзимча бўлмадим, жоно гирифторинг сани,
Бор экан хилқатда бу асрор, ўлгулсун қулинг.

Раҳм қил, инсоф қил, андак худодан шарм қил,
Берма кўп бечорага озор, ўргулсун қулинг,

Барчага бу ишқ савдоси баробар муғбача,
Қилмагил бечоралардан ор, ўргулсун қулинг…

Найласун ёзмай Ниҳон дардинг, ўзинг бир кўрмаса,
Лйласа арзи дилии изҳор, ўргулсун қулинг.

1911 йил.

БУ ФАЛАК

Бу фалак чархини ости бир қизиқ бозор экан,
Ҳар касинг сармояи ғам қўлида тайёр экан.

Лек арзондир машаққат, роҳатин нақди баланд,
Шунчалик айби ҳукмдори ажал маккор экан.

Бегимиз ўлсин тавозеъ пеша бўлса кофидир,
Ҳар эшик очиқ анга давлат эли дилдор экан,

Чашми хўп, боши нигун ҳар бир ҳақиқат ошиқи,
Кўҳна пўш ўлса аёқ остида хасдан хор экан.

Жисми сидқим ҳавзи ҳақлик ичра ботмоз билмадим,
Жоми ҳавзу сувдаму қайсида бир сир бор экан.

Тушса ҳар шайга муҳаббат гарчи ўлсун нописанд,
Толибини наздида гавҳарча қадри бор экан.

Дарди сирринг лоақал қилма вужудингга аён,
Ўз вужудингдан чиқон душман иши душвор экан.

Ҳар хирад аҳлини сўзи бир муаммо гўйё,
Дониш аҳлин пандини рад айламоқ бекор экан…

1911 йил.

АЙРИЛМАСУН

Ҳеч ким мендек илоҳи, ёридан айрилмасун,
Муниси ғамхор ўшал дилдоридан айрилмасун.

Орзусига етолмай, топмасин умри хазон,
Мисли булбул вақт ўтуб, гулзоридан айрилмасун.

Меҳр қўйганда кимарса бўлмасун ҳеч бенасиб,
Товуси боғи чаман рафторидан айрилмасун.

Чуғз янглиғ хонавайрон ўлмасун мандек киши,
Чок ўлуб бағри садафдек боридан айрилмасун.

Тири сайёди ажалдан сийнаси мажруҳ ўлуб,
Оҳуйи мушки Хўтан тоторидан айрилмасун.

Айрилуб тан роҳати кўз уйқусида ҳам яна,
Дилбари жони ширин гуфторидан айрилмасун.

Дод дерман термулуб, кўкка боқуб, йўқдур илож,
Душманинг ҳам бир гули рухсоридан айрилмасун.

Борму бир марди худо сийнамга урса ханжари,
То Ниҳон ул раҳмати асроридан айрилмасун.

1911 йил.

АРЗИМНИ АЙТАЙ

Арзимни айтай боди сабога,
Еткур саломим гулгун қабога.

Кўрдум юзингни кетдим ўзимдин,
Тушдим ўшал дам доми қазога.

Оҳим эшутуб тоқат тутолмай,
Тушти малаклар рақси самога.

Ҳажрида йиғлаб бағрим эзилди,
Боқмайди бир йўл ман бенавога.

Аввалда ўтди шумлуқ ўзимдин,
Дедим асиринг қолдим балога.

Бир кўигли қаттиқ золим экансан,
Парвоси йўқдур оҳу навога.

Ушшоқ элини қонини тўкмоқ,
Одат бўлубдур ул бевафога.

Киргай рақибни сўзига доим,
Солгай жафолар ман мубталога.

Бечораларга қилмас тараҳҳум,
Базми муяссар ноошинога.

Билмам на қилса, кечса бу жондан,
Етса бўлурму қоши қарога.

Қилдинг Ниҳоний кўп аҳду паймон,
Ҳар ким ёмондур солдик худога.

1911 йил.

СОҒИНУБ

Эй дилбаро, ишқинг била девона бўлдум соғинуб,
Булбул каби тун кечалар гирёна бўлдум соғинуб.

Бир неча кунлардан бери кўрмай висолинг, эй пари,
Турлик бало минг ғам била ҳамхона бўлдум соғинуб.

Ҳеч ким манингдек куймаган ҳажринг ўтига, эй санам,
Танҳо туташдим ман ўзим сўзона бўлдум соғинуб.

Тушди сани деб бошима жабру ситам, ҳадсиз азоб,
Ақлу ҳушимдан оқибат бегона бўлдум соғинуб.

Келгай эдинг, эй маҳлиқо ҳар дамда аҳволим сўраб,
Бир неча кундур келмадинг, ҳайрона бўлдум соғинуб.

Ким деса жононинг келур бу ҳафтанинг охирлари,
Атрофидан минг айлануб, парвона бўлдум соғинуб.

Ташлаб ғариб девонани мунча узоғ этдинг сафар,
То келғуча қоплар ютуб, бирёна бўлдум соғинуб.

Излаб сани ҳар кўчада сандан хабар берса кими,
Эл ичра кўп шарманда ҳам афсона бўлдум соғинуб.

Минг шукрким келдинг бу кун сиҳҳат саломат, шодмен,
Айлай Ниҳоний жон фидо, қурбона бўлдум соғинуб.

1912 йил.

ЭЙ КЎНГИЛ

Эй кўнгил истар эсанг зулмат қулубингга чироғ,
Аҳли дониш суҳбатидан бўлмагил ҳаргиз йироғ.

Қуввати бозу била беҳуда урма наъралар,
Марди майдон гар эсанг нафсингни ўлдур беяроғ.

Асли тоат шул: ўзингдан ўзгапи хушнуд қил,
Муттақимаи деб кишилар багрига солма тароғ.

Матлабииг раҳмат эсл хулқу адабда қоин ул,
То ики дунёда топгил давлати фазлу фароғ.

Йўқ жаҳонда ҳеч кас озор аламдан чекмаган,
Бу Ниҳон, ёраб, петар маҳшарда бўлганда сўроғ,

1913 йил.

МАКТАБ

Эрур илму адаб, фазлу ҳунар осори мактабдан,
Етар ҳар рутбаи олий эса такрор мактабдан.

Ҳама гулшан уза ёмғур ёғуб чун сабзазор этса,
Тараққий гулшани обод ўлур анҳори мактабдан.

Ҳама иззу, шарофат ҳам саодат конидур мактаб,
Етар ики жаҳонда матлабинг зинҳор мактабдан.

Қаю миллатда мактаб ўлмаса бешак хароб ўлгай,
Ҳама миллатда шул-чун гуфтугў бисёр мактабдан.

Ҳама илму маориф ганжини деворидир мактаб,
Ҳама ҳикмат чиқар бу маҳзани асрори мактабдан.

Чиқиб турмакда ҳар кун юз туман асбоб-ашёлар,
Тамоман асли бешак меваи ашжор мактабдан.

Қўшар иисоп қаторига қилуб инсонларни инсон;
Ўқуб илму адаб бўлгай керак ҳушёр мактабдан.

1914 йил.

ТОШБАҚА ВА ЧИЁН

Тошбақа бирла бўлиб ўртоқ чиён,
Аҳд этишиб дўст бўлишиб жонажон.

Бир куни қилмоқчи бўлишди сафар,
Боғлашубон чиқди икови камар.

Йўлда чиён тошбақага лоф уруб,
Дедики: «Боқсам агар ўйлаб туриб,

Манча санга суйгули йўқ меҳрибон,
Сен тану гўё анга мен мисли жон».

Бул арода йўл тушиб анҳорга,
Қолди чиён ҳайрати душворга.

Тошбақа боқиб деди: «Эй ошно?
Нега кўринди юзингда жофа?»

Деди чиён «Сузмоқа йўқ одатим,
Қолмоқа ажраб яна йўқ тоқатим.

Тошбақа деди: «Ема ғам, мин мени,
То кўтариб сувдан ўтарман сени».

Тошбақани минди чиён ётқизиб,
Тошбақа кетди сув ичига сузиб.

Йўлда чиён тошбақадек дўстига
Урди бир-икки нишини пўстига…

Тошбақа билди, деди: «Феъли ёмон,
Не ҳаракатлар қиласан бу замон?»

Деди чиён: «Заҳар солув одатим,
Одатими таркига йўқ тоқатим.

Гарчи турубсан менга хизмат этиб,
Мен соламан заҳрими фурсат топиб.

Тошбақа деди: «Бу на фосид хаёл
Қайт бу ишингдан, бали, нишингни ол.

Дўст дебон, душманнинг қилма ишин!
Ўйла сенам, оқибатинг келмишин!

Деди чиён: «Бўлмаса ўз хоҳишим,
Бошқа насиҳатга мени йўқ ишим.»

Тошбақа ҳам билдики, бўлмас боқиб,
Шўмғиди бир, кетди чиён ҳам оқиб.

Ҳисса: кими ғайрни улфат этар.
Ўз-ўзича бошига кулфат етар.

1914 йил.

ТЎҒРИ СЎЗЛА

Тўғри сўзла, эй ўғул,
Тил бурмағил ёлғонға ҳеч.
Бир масал бор: тўғри сўзлар
Бошини кесмас қилич.

1914 йил.

ОНА

Парча гўшт эрдик туғулган вақтимизда,
Онамизнинг бағри ўлди тахтимизда.

Тутди эмчак ширин уйқудан сўчиб,
Кечалар совуқ бешикларни қучиб.

Икки-уч йил бағри узра кўтариб,
Катта қилди ўзи меҳнатда ҳориб.

Жону дилда асради бизни суюб,
Деди бизни, бошқа орзуни қўюб.

Оғриса бир жойимиз йиғлаб юриб,
Ҳар эшикни кезди дору ахтариб.

Яъни, йўқ бизга анодек меҳрибон,
Синаги қалқон, бош узра соябон.

Бизга ҳам лозим ани шод айласак,
Бизга қилган хизматин ёд айласак.

1914 йил.

РАМАЗОН

Келди айём муборак барча жон дилшоддир,
Руҳлари ҳам ҳар азобу қаҳрдан озоддир.

Рўзаи моҳи шарифинг ҳурматиндан бехилоф,
Осий, ғайри осийга ҳақ раҳмати бунёддир.

Ву саодат кунда йўқдир бизда эҳсон суннати,
Умматидан Аҳмадинг руҳн букун ношоддир.

Ағниёлар ағниё аҳбобига бергай закот,
Амри ҳақ аҳкоми шаръа ўзлари устоддир.

Камбағаллар қичқирурса, дема овози закот,
Бари бой хизматчисин зарбиндан доддир.

Дарбадарлик, беватанлик зарби етмасми анга!
Боз анга дашному таъна ханжари муздоддир.

Оҳ, қилдинг эй жаҳолат, илмсизни оқибат
Парча нонга бошини хам, номуси барбоддир.

Ийд куни барча ясангай турфа алвонлар кийиб,
Осмон, гўё, оёқ остида барафтоддир.

Камбағаллар титрашиб юргай яланғоч изғишиб,
Оҳ,— бу фақирлик, асорат онлари сайёддир.

Дил шикаста, бағри хун кўзида ёши шаш қатор,
Отасиз, бахтсиз етимлар ҳолига фарёддир.

Эй мусулмон, сенга вермиш, анга йўқми қудрати!
Лек андин азмойиш, сендин истибдоддир.

Ўйлама, ўлгунча ҳар ким бу разолатда кетар,
Шоҳлар бир кун гадо, бир кун гадо шаҳзоддир.

Бир етимга тева бўлмоқ шоҳ Аҳмадга надир,
Бир етим дилшоддир, даргоҳи акбар шоддир.

Ҳақ қули бўлсанг ҳақиқат риштасин тутғил мудом,
Зоҳиру ботин ҳақиқат наҳридин ободдир.

Эй Ниҳон, бўйла мусулмонлик ила шармандасен,
Зоҳиринг тақлид-уммат, ботининг ифсоддир.

1914 йил, 10 август.

ЎҚИ!

Кўзимизга кўриниб турган ҳама асбоблар
Ҳеч бири бўлмас эди, гар бўлмаса, зинҳор уқув.

Ер ичида кўмилиб ётган ҳама олтин, кумуш
Юзага чиқди бари боис анга ахбор, ўқув…

Гар дилингда ўйлаган орзуга етмоқ истасанг,
Қиммат умринг қилмагил беҳудага бекор, ўқи!

Қўй ўйин, сайру тамошони, ғанимат ёшлигинг.
Шум феъллардан ўзингии айлагил безор, ўқи!

Эй ўғил, дунёда бўлмоқ истасанг олижаноб,
Ўқиғил мактаб келиб, зинҳор ўқи, минг бор ўқи!

1914 йил.

ИЛМ ИСТА

Ким билурди одаму олам надир, ҳайвон нечик?
Бўлмаса эрди агар инсонда бу осори илм.

Қайси бир мавжуда боқсанг билмоқа кайфиятин
Лозим ўлгай топмақа аввал ўқиб ахбор илм…

Оламнинг хуршиди кундир, одамнинг хуршиди илм,
Оламнинг зулмоти тундир, одамнинг нодори илм.

Ҳар муроду мақсадингга етмоқ истарсан мурод,
Кўз очиб бедор бўл, даркор илм, даркор илм!

Ул ҳақиқат ойинига сайқал истарсан Ниҳон
Илм иста, илм иста, истағил зинҳор илм!

1914 йил.

КИТОБ

Ҳар кўнгилнинг орзуси шул эрур обиҳаёт
Қадрини билган кишига, шубҳасиз, жондир китоб.

Ҳар муроднинг бошидир, ҳар муддаонинг гавҳари,
Ҳар маразларнинг шифоси яъни луқмондир китоб.

Кўзни нури, дил ҳузури, дилларинг дармонидир,
Ҳар қоронғу дилга гўё моҳитобондир китоб.

Ҳар балодан асрағучи энг муҳим қиммат яроғ.
Тири ваҳшат, ханжари зиллатга қалқондир китоб.

Ҳар киши ёшликда қилса озгина ғайрат агар,
Тез замонда ошно бўлмоғи осондир китоб.

1914 йил.

ҚАЛАМ

Ман қачон мактабга келдим ошно қилди қалам,
Бора-бора ақл-у ҳушимни расо қилди қалам.

Ўргатуб илм-у адаб, ахлоқ-у ҳам фазл-у ратаб,
Оре, ғайрат, шарм ила бир порсо қилди қалам.

Ота-онам қилмаган ҳар яхшилик бўлса агар,
Кўрсатуб манга ўзини раҳнамо қилди қалам.

Ўқудум, чиқди саводим ҳам хатим яхши бўлуб,
Ғайратимга яраша ишлар манго қилди қалам.

Ҳарна ким ёзмиш қалам сўзидан асло чиқмадим,
Ул мани ҳам айтганим ахир бажо қилди, қалам.

Бор эди кўнглумда бўлмоқ подшоҳлик орзу,
Ўтмади фурсат бу ҳожатим раво қилди қалам.

Халқаро кам-кам мани обрў-ю шуҳрат топдируб,
Бир гадони ўгии эрдим подшо қилди қалам.

Ҳисса: бўлда подшоҳ, боқгил қаламни ҳурмати,
Ҳар кишини ўзидан шундоқ ризо қилди қалам.

БИР КИШИНИНГ БОР ЭДИ ТЎРТ БОЛАСИ…

Бир кишининг бор эди тўрт боласи,
Ётган эди уйга келиб холаси.

Турса хола эрта била ўрнидан,
Бир сўми йўқ бўлмиш они қўйнидан.

Сўрди, чоқирди болалардан ани,
„Кўп хафа қилманг, берингиз, — деб, — мани“.

Ҳар бири ҳам „Олгонимиз йўқ“, деди,
Ичди қасам, „Кўргонимиз йўқ“, деди.

Билди ота фойдасиздир қийнамоқ,
Лозим ани олмоқ учун алдамоқ.

Борчасини қўйди қамаб бир уя,
Олдига ҳар қайсини қозон куя.

Деди: „Кимки рост эса гар сўзи,
Қора бўлур ўзича икки юзи.

Кимни агар ёлғон эрурса сўзи,
Бор-у йўғ-у қора бўлур ўнг юзи“.

Каттаси олган эди ул оқчани,
Билмади ул ўзи учун ҳийлани.

Деди: „Қаро бўлса ўзи ўнг юзум,
Қора қилай чап юзимни ўз-ўзим“.

Қилди қаро чап юзини ваҳм этуб,
Икки кўзин турди эшикка тикуб.

Бошқалари олмагани тўғридан,
Тик туришуб кутди ани ўғридан.

Чиқди олиб барчасини отаси,
Боқдики чап юз қародур каттаси.

Боқди ўзи бошқаларинг оқ юзи,
Бўлди хижолат, чиқуб эгри сўзи.

Берди у ҳам холасининг сўмини,
Ташлади сўнг шуйла феъли шумини.

Ҳисса: кими бўйла хиёнат қилур,
Бир кун ўзини шуйла хижолат қилур.

МEВАЛАР МОЖАРОСИ

ЎРУК

Ўрук ўрнидан туруб,
Рангини сарғайтуруб,
Келди тутни бошига,
Шовқун солуб тик туруб.

Деди: „Эй Тут, талтайиб,
Дема ҳар сўз ялпайиб,
Бошгинангга бир урай,
Ерда қолгин шалпайиб.

Сени кўп еган киши
Бадан қашимоқ иши,
Ортуқчадур устига
Юракбуруқ ташвиши.

Оре ман сандан кейин,
Сандан юз ҳисса ширин,
Айтуб адо қилайин,
Қайси ҳуснимни бирин.

Ўзум минг дардга даво,
Қурутса андан бажо,
Ҳатто мағзимни олуб,
Солгай қандолат аро.

Мухтасар айлай сўзум,
Мева ичра бир ўзум,
Боғ ичини ёмтар,
Оппоқ, ойдиндак юзум“.

ГИЛОС

Гилос ҳаддан ошиқуб,
Хафаликдан тошиқуб,
Келди ўрук бошига,
Мушт кўтаруб шошиқуб:

„Эй Ўрук, сан сўзлама,
Махтанмоқни кўзлама!
Ёнбошингга бир тепай,
Боғга ҳаргиз юзлама.

Ғўранг қурсун, кеч битар,
Еган киши ич кетар.
Пишганинг шалпайтируб,
Қуруғингдан бод етар.

Билурсан, отим Гилос,
Суяр мани ом-у хос.
Мани кўрган кишилар
Ўзга мева хоҳламас.

Шириндурман асалдан,
Дорудурман азалдан.
Бисмилло деб еганни
Қутқазам минг касалдан.

Калтароқ қилай сўзум,
Махтасам арзир ўзум.
Боғга кирган кўзига
Ёқутдек ёнар юзум“.

 

(Tashriflar: umumiy 42 304, bugungi 1)

19 izoh

  1. materiallar a`lo darajada, bundan kiyin yanada mukammallashtirasizlar degan umiddaman. yosh avlod manashunday bobokalonlari borligidan faxrlansinlar.
    bu yurt to`la avliyo,
    bu yurt to`la donodir.
    o`tmishdan qolgan nurlar,
    kelajakga ma`nodir.
    JAHONGIR QOBIL

  2. Menga judayam yoqdi men bu sherlarini oqisam qandaydir o’sha bolalikni hazonlar bilan qor yogdirib daraxtlar ustida shamollar bilan o’ynab quvnagan paytlarimga qaytaman

  3. Maa shaa Alloh!
    Ijodlari juda ajoyib.Ayniqsa » Ramazon»she‘ri juda ibratli

  4. Дунедаги буюк шоирдир,мард углон,халк дарди Билан яшаган Инсон,

  5. Хамзанинг номини тиклаш, Узбек академик миллий театрга номини кайтариш, шеьрлари ва газалларини куй басталаб кушиклар битиш, ешларни унинг ижоди билан таништириш лозим. Айнан Хамза мустакил Туркистон давлати учун биринчи мадхия- гимнни езган эди. Бугунга келиб унинг номини коралаш бу мозийга, буюк аждодларимизга хурматсизлик ва адабсизликдан узга нарса эрмас.

  6. Менга бир шеьр керак эди
    «Ош есалалар уртада сарсон илик.
    Ху́жа чирок ёги Хакимжон пилик»- деган сатрлари бор.
    Шуни топса буладими?

  7. Ассалому алайкум раҳматуллоҳу ва баракатуҳ!
    Раҳмат сизга устоз! Бобокалонларимизни унутмаганипгиз учун ҳам!

Izoh qoldiring