Hotam Fayziyev xotirasiga bag’ishlov.

090

Бундан уч кун олдин, 7 май куни ўзбек санъатининг  таниқли вакили, истеъдодли кинооператор ва режиссёр Ҳотам Файзиев ҳам 76 ëшида оламдан ўтди. У ўзбек киноси тарихида ўчмас саҳифа бўлиб қолган «Сен етим эмассан» (1962), «Тошкент — нон шаҳри» (1967), «Фавқулодда комиссар» (1969), «Абу Райҳон Беруний» (1974), «Дилором» (1968), «Ўткан кунлар» (1998) каби бадиий фильмларни суратга олган.
Таниқли ўзбек кинорежиссёри Мелс Афзалов  Ҳотам Файзиевни эслаб шундай дейди:  

 — Ҳотам аканинг ўзбек киносанъати учун беқиёс хизмати сингган. “Сен етим эмассан” сингари киноларни тасвирга туширган. Киночиларни орасида жуда катта обрўга эга одам эди. Тинмасдан ишларди, иш, иш ва яна иш. Ёш режиссёрлар шу одамни қўл остида кино олиб жуда кўп нарсани ўрганди. Бутун ўзбекистонлик кинооператорларнинг устози эди. “Ўтган кунлар” филмида мен билан бирга ҳам режиссёр ҳам сценарий муаллифи бўлди. Шуҳрат Аббосовни, мени машҳур қилган аслида Ҳотам Файзиев бўлади. Санъатда жуда катта из қолдирган инсон. Мени номидан айтинг. Мен тасанно айтиб, бу одамга тиз чўкаман.

099

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, кинооператор ва кинорежиссёр Ҳотам Файзиев 1937 йилда Тошкентда туғилган. 1958 йилда Бутуниттифоқ Давлат кинематография институтининг (ВГИК, Москва) кинооператорлик факультетини, 1983 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг драма режиссёри бўлимини тугатган.

1958—1959 йилларда «Ўзбекфильм» кииостудиясида оператор ассистенти, 1959 йилдан кинооператор сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Ҳ. Файзиевнинг илк мустақил иши «Беш оғайни» бадиий фильмидир.

Шундан бери самарали ижод этиб, ўзбек киноси тарихида ўчмас саҳифа бўлиб қолган «Сен етим эмассан» (1962), «Тошкент — нон шаҳри» (1967), «Фавқулодда комиссар» (1969), «Абу Райҳон Беруний» (1974), «Дилором» (1968), Ўткан кунлар» (1998) каби бадиий фильмларни суратга олди.

Бу санъат асарлари томошабинлар томо-нидан илиқ кутиб олиниб, матбуотда ижобий баҳоланди. Албатта, бунда кинооператор Ҳ.Файзиевнинг ҳам ижодий меҳнатининг ўрни бўлакчадир.

Шунингдек, Ҳ.Файзиев 1960 йилдан бошлаб, то мустақиллик йилларигача «Ўзбекфильм» киностудиясида яратилган «Саҳро осмони» (1963), «Виждон амри сари» (1965), «Сурайё» (1964), «Нур ва соя» (1970), «Йилнинг тўрт фасли» (1976), «Жала»(1979), «Эҳтиёт бўлинг, илонлар»(1980), «Комила» (1982), «Диёнат» (1983), «Ёлғизликда» (1984), «Бувижонимни қайтариб беринг»(1986), «Ҳаёт мазмуни» (1987), «Уран планетасининг сайёраси» (1990), «Алангадаги фаришта»(1991), «Алиф Лайло»(1992), «Оқ бино оқшомлари»(1988), «Юлдузингни бер осмон»(1955), «Катта жанжал» (1996), «Чимилдиқ»(1999) каби бадиий фильмларнинг кўпчилигида кинооператор, айримларида кинорежиссёр сифатида фаол қатнашиб, истеъдодли кино арбоби сифатида эл назарига тушди.

Сўнгги 40 йил ичида Ўзбекистонда суратга олинган юзлаб ҳужжатли ва қисқа метражли фильмларни майдонга келишида ҳам Ҳ. Файзиевнинг хизматлари каттадир.

«Тошкент зилзиласи»(1967), «Самарқанд — ҳамиша мен билан»(1968), «Навоий шаҳри»(1975), «Менинг минг қиз ва ўғлонларим»(1975), «Фарғона қизлари»(1976), «Чотқол қўриқхонаси» (1977), «Йўл четида қолдирилиб кетилганлар»(1977), «Европага йўл» (1992), «Авлоднома»(1994), «Муроднинг орзу-умидлари»(1995), «Есенин»(1995), «Аёл мадҳияси»(1996) каби ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар унинг ижод маҳсулидир.

«Наштар» ва «Зумраша» киножурналларининг кўп сонларида режиссёр ва оператор сифатида ишлади. Бу кино асарларида Ҳ.Файзиевнинг ўзига хос қайтарилмас операторлик таланти ва салоҳияти ёрқин намоён бўлди.

1960—1998 йиллар мобайнида Ҳ.Файзиев суратга олган кўпгина бадиий ва ҳужжатли фильмлар Кишинёв, Санкт-Петербург, Тбилиси, Баку, Олмаота, Теҳрон, Бухоро ва бошқа шаҳарларда бўлган фестивалларда совринларга сазовор бўлди.

Ҳотам Файзиевнинг ўзбек кино санъатининг салкам ярим асрлик равнақидаги хизматлари муносиб тақдирланди. 1969 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвонига, 1970 йилда Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди, Ўзбекистон Республи-каси мустақиллигининг саккиз йиллиги муносабати билан «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. 2013 йилнинг 7 майида вафот этди.

СЕН ЕТИМ ЭМАССАН — ТЫ НЕ СИРОТА
Узбекфильм 1962
Автор сценария: Рахмат Файзи
Режиссёр: Шухрат Аббасов / Шуҳрат Аббосов
Оператор: Хатам Файзиев
Оригинальное название: Сен етим эмассан.

В ролях: Лютфи Сарымсакова, Обид Джалилов, Гена Ткаченко, Фима Каминер, Лариса Луппиан, Людмила Поречина, Роберт Атабеков, Абиль Азизов, Женя Артишевский, Валерий Рожаев, Лиля Пенькова, Наташа Митрохина, Н. Никонова, Нина Иванова, Мохира Ахмедова, Петя Колесников, Павел Шахов, Эве Киви, Рахим Пирмухамедов, Юлдуз Ризаева, Нариман Латипов, Е. Слуцкий, И. Курских, Тамара Назарова

Описание: Сюжет киноповести основан на реальной истории. Прототипы героев картины — ташкентский кузнец Шаахмед Шамахмудов и его жена Бахри Акрамова — в годы Великой Отечественной войны усыновили и удочерили 14 ребятишек-сирот разных национальностей, эвакуированных в Узбекистан из разных уголков страны.

ТАШКЕНТ — ГОРОД ХЛЕБНЫЙ
Узбекфильм 1968
Режиссёр: Шухрат Аббасов
Оператор: Хатам Файзиев

По мотивам одноимённой повести Александра Неверова.

09876

Ҳотам ФАЙЗИЕВ,
“Тошкент – нон шаҳри” фильмининг саҳналаштирувчи оператори,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби

«ТОШКЕНТ – НОН ШАҲРИ»

Таҳририятдан: Яқинда “Ўзбекфильм” киностудиясига Россиянинг Старомайтский районидаги Новиковская номли мактабнинг бешинчи синф ўқувчиларидан ҳаяжонли хат келди. Болалар ўзларининг юртдоши бўлган ёзувчи А. Неверовнинг “Тошкент – нон шаҳри” қиссаси асосида яратилган шу номдаги бадиий фильм, унинг дунёга келиши тарихи, кейинги тақдири ва қаҳрамонларининг қисмати билан жуда қизиқишаётганликларини ёзишибди.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам илҳом ва ҳалол меҳнат билан яратилган асарнинг умри боқий бўлади. Ижодкор учун бундан ортиқроқ мукофот бўлмаса керак.
Биз машҳур “Тошкент – нон шаҳри” фильмининг саҳналаштирувчи оператори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Ҳотам Файзиевга мурожаат қилиб, мазкур картинанинг суратга олиш жараёнига тегишли хотиралари билан ўртоқлашишни илтимос қилдик.
Ўз эсдаликларини қунт билан қоғозга тушириб келган Ҳотам акага миннатдорчилик билдирамиз.

* * *

1966 йилнинг октябрь ойида “Тошкент – нон шаҳри” фильми устида иш бошланди. Сценарий ёзувчи Александр Неверовнинг шу номли қиссаси асосида кинодраматург Андрей Михалков-Кончаловский томонидан ёзилганди.
Бу картинада биз учун энг муҳими – муаллиф қиссасида тасвирлаган воқеалар кечган жойларни топиш эди. А. Неверов ўз қиссасида 20-йилларда Волгабўйида кечган оғир очарчилик асоратларини, улкан минтақа аҳолисининг азоб-уқубатларини акс эттирган эди.
Рассом Э. Калонтаров иккаламиз эса суратга олинадиган жойларни кўздан кечириш учун Россиянинг Оренбург, Куйбишев, Горький, Саратов областларида бўлдик. Қишлоқларда бўлганимизда маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашдик, ўша воқеаларга шоҳид бўлганларнинг ҳикояларини эшитдик. Қаерга бормайлик, қайси уйга кирмайлик, меҳмондўст руслар бизни ҳеч бўлмаса қайноқ карам шўрвасиз қўйиб юборишмасди.
Одамлар билан дилдан суҳбатлар асносида биз халқ бошига тушган кулфатлар, тирик қолиш учун одамларга ҳамма нарсани ейишга мажбур этган машъум очарчилик йиллари ҳақида кўпроқ ва бири иккинчисидан даҳшатли маълумотлар ола бошладик. Биз бу ерда уйлари деразаларига тахта қоқиб ташланган, кимсасиз қишлоқларни кўрдик; ўз умринининг якунини сабр билан кутаётган ёлғиз қарияларга дуч келдик. Улар ҳеч кимга керак эмас эдилар гўё. Уларга ҳеч қандай ёрдам беролмаслигимизни тушуниб, қайғуга ботардик.
Биз кўп жойларни кўрдик, суратга олдик ва аста-секинлик билан ўзимиз иш бошлаган мавзу ичига кира бошладик.
Шу билан суратга олинадиган жойларни кўришнинг биринчи босқичи тугади ва биз Тошкентга қайтдик. Бу ерда режиссёрлик сценарийси устида иш бошладик.
Тасвирга тушириш жойлари географияси жуда кенг эди. Фильм воқеалари Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудларида бўлиб ўтарди. Режиссёрлик сценарийси тайёр бўлганидан кейин суратга олишнинг табиий жойларини топиш учун иккинчи бор ижодий сафарга чиқдик.
Бу сафарда биз қаҳрамонимиз Миша Додонов ўтган йўллардан юришга қарор қилдик. Қиш келиб қолганлиги сабабли сафаримиз анча мураккаблашди. Студиядан биз кигиз этик – пийма ва пўстинлар олдик. Сафаримиз чоғида улар бизга жуда асқотди.
Фильмда кўп воқеалар темир йўл билан боғлиқ эди. Шу сабабли биз олдиндан мамлакатнинг барча темир йўлларида юриш ҳуқуқини берадиган махсус рухсатнома ҳужжатларини олдик. Бу ҳужжатга асосан биз тепловозлар кабиналарида ҳам, юк ва йўловчилар поездларида ҳам юришимиз мумкин эди.
Дастлаб Актюбинскда тўхтадик. Бу ерда меҳмонхонага мослаштирилган кўҳна француз вагонида яшашимизга тўғри келди. Актюбинскда биз эски икки ўқли вагонлар ва бўш темир йўл тармоқларини изладик. Омадимиз келган тақдирда шу ернинг ўзида қолган объектларни танлашимиз керак эди. Афсуски, Актюбинскда излаганларимизни тополмадик.

Бизнинг кейинги тўхташ жойимиз Бузулук станцияси бўлди, бу ердан қаҳрамонимиз Миша Додонов нон шаҳри Тошкентга қараб йўл оларди. Бу ерда фильмимиз учун мос келадиган объектларни топишимизга жуда ишониб тургандик. Ахир Александр Неверов ўз қиссасида айнан Бузулукни, унинг одамларини, қашшоқ қишлоқларини қаламга олганди.
Темир йўлни, вокзални ва яқин-атрофдаги қишлоқларни диққат билан кўздан кечириб чиқдик. Ўша машъум очлик йилларини бошларидан ўтказган кексалар билан гаплашдик, уларнинг ёғоч уйларига кириб кўрдик.
Бизга алоҳида объектлар маъқул келди, бироқ барча кўрсаткичлари билан бизни қаноатлантирадиган объектлар мажмуасини тополмадик. Гуруҳимиз тасвирга олиш ишларини хотиржам олиб бориши мумкин бўлган бўш темир йўл тармоғи масаласида ҳам муаммолар пайдо бўлди.
Бизга Александров Гайга боришни маслаҳат беришди. У ерга поездлар кам қатнаркан, шу сабабли бемалол суратга олиш ишларини олиб бориш мумкин экан.
Александров Гайга юк состави кетаётганини билиб қолгач, шоша-пиша энди юра бошлаган поезднинг вагонига осилиб чиқиб олдик. Аммо тез орада бу ишимиздан афсусландик. Вагон ичи ифлос ва жуда совуқ эди. Муздай елвизак оҳак қолдиқларини чанг қилиб кўтарарди. Тез орада усти-бошимиз оппоқ тус олди, ўзимиз Қорбобога ўхшаб қолдик. Бир-биримизга қараб кулардик: юзларимиз худди тегирмончиники дек эди.
Бир неча соатдан кейин состав қандайдир бекатда тўхтади. Вақтни йўқотмасдан, тепловоз томон чопдик. Машинистларга рухсатномаларимизни кўрсатиб, тепловозга чиқиб олдик.
Аввалига машинистлар бизнинг ташқи кўринишимизга ажабланиб, ҳайрон бўлиб қарашди. Ниҳоят бунинг сабабини билишгач, дарҳол бизни кабинага ўтқазишди ва қайноқ чой билан сийлашди. Тез орада баданларимизга иссиқ югурди, ўзимизни тетик ҳис қила бошладик.
Тепловоздан ҳамма томон яхши кўриниб турарди. Йўл бўйи биз ўзимизга маъқул жой қидириб ҳар томонга аланглаб келдик.
Кечга яқин Александров Гайга етиб келдик. Маҳаллий раҳбарият билан мулоқотда бўлгач, бизнинг талабларимиз бу ерда адо этилмаслигини тушундик.
Тунни вокзалда ўтказиб, эрталаб орқага қайтдик. Бизни темирйўлчилар учун жиҳозланган вагонга жойлаштиришди. Вагон юк составига тиркалган эди.
Вагонда ётиш мумкин бўлган полкалар бор эди. Қаттиқ совуқ туфайли вагоннинг бутун ойналарини қиров ва муз қоплаганди.
Қидирувлар бизни Пенза бекатига олиб келди. Чор-атроф оппоқ қор билан қопланган эди. Буюртма таксида ўзимизга мос қишлоқни излаб Пенза области районларини айлана бошладик. Қалин ёққан қор, ўтиб бўлмас йўллар ва қаҳратон совуқ ишимизни қийинлаштирарди.
Шундай кунларнинг бирида Эмануэль Калонтаров ўзини ёмон ҳис қилди. У бурни ва қулоқларини совуққа олдириб қўйганди. Калонтаровни шифохонага ётқизишга мажбур бўлдик, ўзимиз эса объектларни қидиришни давом эттирдик.
Пенза бекатида бизга темир йўл тармоғи бўйлаб Нижнее-Ломово шаҳарчасига боришни таклиф этишди.

Рассомимизни шифохонада ёлғиз қолдириб кетишга кўнглимиз чопмай турди. Шифокорлар Калонтаров яна бир неча кун муолажа олиши лозим деб айтишди. Мен Эмануэлнинг яқинда бирдан ўзига маъқул келган қандайдир манзарани кўриб қолиб, қувончдан қийқириб юборганча қияликдан чопиб келаётган маҳали қор уюми ичидаги чуқурликка тушиб кетганини эсладим. Ўшанда уни аранг қалин қор қатлами тагидан суғуриб олгандик. Тарашадай қотиб қолган, фақат тишлари такиллаётган шўрлик Калонтаров оёғида тик туролмасди. Уни қиздирадиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Гуруҳимиздаги келишувга кўра ўзимиз бир грамм ҳам ичмасдик, ёнимизда ҳам спиртли ичимлик олиб юрмасдик.
Пензадан биз Нижнее-Ломовога йўл олдик. Шаҳарча мўъжазгина эди. Шаҳарча раҳбарияти билан учрашиб, ўз мақсадимизни баён қилдик. Улар рус ёзувчисининг тилга тушган асари бўйича фильм олаётганимиздан жуда мамнун эканликларини билдиришди.
Бизни бир колхоз раиси билан таништиришди. Унинг исмини эслаб қолмаганимдан афсусдаман. Раис жуда ажойиб одам экан. Бизга бундай ҳавода у ёқларга машиналарда бориб бўлмаслигини тушунтиришди ва отларга тиркалган катта-катта чаналарда йўлга тушишни таклиф этишди.
Қалин пўстинларга ўралиб олган кўйи қишлоқлардан бирига йўл олдик. Аниқ йўлнинг ўзи йўқ эди, қалин қорда узоқ юрдик. Қаҳратон совуқ. Кўзларимизга қадар бекитиб, ўраниб-чирманиб олганмиз. Атрофда фақат оппоқ ранг. Қор тагидан телефон симёғочларининг учлари аранг кўриниб туради.
Ниҳоят омад биз томонга юз бурди. Биринчи дуч келган қишлоқнинг ўзиёқ бизнинг тасавуримиздаги қишлоққа мос келарди. Биз узоқ излаган, аммо сира тополмаган шамол тегирмони ҳам бу ерда бор эди. Энг ҳайратланарлиси, қишлоқда ёғочдан бунёд қилинган черков ҳам сақлаб қолинганди.
Биз енгил нафас олдик. Ахир узоқ вақт, азобланиб излаганларимиз олдимиздан чиқиб турганди-да. Қишлоқни ҳам, тегирмонни ҳам, черковни ҳам ва ҳаттоки бўш темир йўл тармоғини ҳам топгандик.
Шаҳарчадаги кичкина меҳмонхонада суратга олиш гуруҳини жойлаштирса бўларди. Шаҳарча бозорида эса ўша пайтлари ҳам ўзбеклар турли-туман меваларни сотиб ўтиришарди.
Биз турли кулбаларга кирдик, уларнинг эгалари билан суҳбатлашдик, турмуш тарзи билан танишдик, суратга олиш учун кўчаларни танладик.
Қишлоқларда асосан кекса чол-кампирлар истиқомат қилишарди. Ёшларнинг ҳаммаси шаҳарга кетиб қолган. Кўплаб кулбаларда ҳатто оддийгина электр токи ҳам йўқ эди.
Электр токининг йўқлиги тасвирга олиш гуруҳимиз ишига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин эди. Ахир техникамиз бевосита ток билан ишларди-да. Демак биз бу ерга ток ишлаб чиқарадиган ускуна билан келишимиз керак бўлади.
Колхоз раиси билан ёзда учрашишга келишиб олдик ва Пензага қайтдик. Бу ерда бизни кўзларида ёш билан рассомимиз Эмануэль Калонтаров қучоқ очиб кутиб олди.
Россияда натурани танлаб бўлганимиздан кейин биз Қозоғистонга йўл олдик.

* * *

Туркистон шаҳрига яқинлашарканмиз, вагон ойнасидан қадимий шаҳар харобаларини кўрдик ва машинада шу ерга боришга қарор қилдик.
Шаҳарда бўлганимизда ажойиб жойларни кўрдик ва каттагина объектни шу ерда тасвирга олишни, Қозоғистонда юз берадиган саҳналарнинг қолган қисмини эса Тошкентдан 30-40 чақирим узоқликдаги “Дарвоза” бекатида суратга туширишни режалаштирдик. У ерда ҳам бўш темир йўл тармоғи бор эди.
Тошкентдаги саҳналар учун пойтахтимиз биқинида жойлашган колхоз узумзори танланганди.
Шу билан табиий жойларни танлаш бўйича давом этган узоқ ва машаққатли меҳнатимиз тугади.
Маълумки, суратга олиш гуруҳининг иши, ташвиши, елиб-югуриши – ҳамма-ҳаммаси актёр учун. Томошабин экранда актёрни, унинг ижросини кўради. Шу сабабли кинофильм яратишда актёрларни танлаш жуда муҳим босқич ҳисобланади. Актёрларни излаш билан иккинчи режиссёрлар ва уларнинг актёрлар бўйича ассистентлари шуғулланишади.
“Тошкент – нон шаҳри” картинасида рус миллатига мансуб персонажлар кўплаб учраши боис иккинчи режиссёрликка “Мосфильм”дан рус актёрларини яхши биладиган Константин Старостин таклиф этилди. Ўзбек актёрлари билан эса бизнинг иккинчи режиссёримиз Эсон Каримов шуғулланди.
Актёрлик синовлари учун “Мосфильм” павильонларидан бирида ёғоч уйнинг бир қисми қурилиб, унда рус актёрлари синаб кўрилди.
Додоновнинг онаси ролига кинода дастлабки қадамларини қўяётган актриса Валентина Тализина синаб кўрилди.
Эркаклар ролларига Москва ва Ленинград театрлари ҳамда “Киноактёр” студияси актёрлари синаб кўрилди.
Актёрлик синовлари яхши натижалар берди ва фильмга А. Суснин, Е. Гуров, В. Колпаков, Р. Куркина, Н. Аринбосарова, Н. Тимофеев, С. Чекан, Л. Калюжная ва бошқа қатор истеъдодли актёрлар жалб этилди.
Болалар роллари ижрочиларини топиш эса анча қийин кечди. “Мосфильм”га ҳам жуда кўплаб болаларни олиб келишди. Лекин улар орасида бизга керак бўладиган даражада салоҳиятли, бош ролни ижро этадиган бола чиқмади. Биз ваҳимага тушиб қолдик.
Шунда кимдир яқинда болалар учун мўлжалланган фильмда суратга тушган болакай Володя Воробейни эслаб қолди. У Пермда яшарди. Володяни дарҳол Москвага чақиришга қарор қилдик.
Тез орада болакай бувиси ҳамроҳлигида “Мосфильм”да пайдо бўлди. Ш. Аббосовга ҳам, гуруҳимизга ҳам у дарров маъқул келди. Болакайнинг юришидан, гапиришидан қишлоқда ўсганлиги кўриниб турарди. Ёши ҳам бизга тўғри келарди.
Володя иштирокидаги киносиновлар жуда муваффақиятли ўтди. Биз енгил нафас олдик.
Серёжа роли ижрочисини топиш эса янада қийинроқ кечди. Россия областларида қидирувни давом эттиришга қарор қилдик. Куйбишев (ҳозирги Самара)ни танладик. У ерда павильонли киностудия бор эди.

Бизнинг иккинчи режиссёрларимиз ва ассистентларимиз областнинг мактабларида, интернетларида, болалар ҳаваскорлик тўгаракларида Серёжа ролига мос болакайни излашга тушишди. Бу орада Шуҳрат Аббосов иккаламиз суратга олинадиган табиий жойлар – натура қидириб областни айланиб чиқа бошладик.
Йигирманчи йиллар очарчилиги Волгабўйи районларида бошланган ва Куйбишев шаҳри ҳамда унинг ён-атрофидаги қишлоқларга қаттиқ таъсир кўрсатган. Оч одамлар оломони Ўрта Осиёга нон излаб йўлга чиқди. Уларнинг кўпчилиги Қозоғистоннинг сўнгсиз чўлларида ўлиб кетди. Аммо манзилга етиб келганларга ҳам осон бўлмади. Худди ўша пайтлари Тошкентда майда ўғрилик пайдо бўлди. Агар авваллари кичик дўконларнинг эгалари ўз дўконларини бемалол очиб қолдириб кетадиган бўлишса, энди эшикларга мустаҳкам қулф ўрнатишга ўтишди. Ўзбеклар ўз болаларини “самарска (самаралик) келаяпти” деб қўрқитадиган бўлишди.
Аммо ҳар қанча оғирлик ва машаққатларга қарамасдан, Тошкент халқи Россиянинг очарчилик ҳукм сураётган минтақаларидан келган бечора одамларга жой берди, уларнинг қорнини тўйдирди.
Куйбишев шаҳрида бўлганимизда Шуҳрат Аббосов билан ўлкашунослик музейига кирдик. Келишимиздан асосий мақсадимизни билганидан кейин музей директори бизга Волгабўйидаги очарчиликнинг даҳшатли манзаралари акс этган ноёб суратларни кўрсата бошлади. Бу фотосуратлар мени ларзага солди…
Музей директорининг рухсати билан мен бу фотосуратларни расмга тушириб олдим. Бу суратлар фильмимиз учун декорация, либос ва эскизлар яратаётган рассомларимизга жуда қўл келди. Афсуски, вақт ўтиши билан бу суратлар йўқолиб кетди.
То биз суратга олинадиган жойларни танлаб, музей материалларини ўрганиб чиққунимизга қадар режиссёрлик гуруҳи киносинов учун болаларни танлаб бўлганди.
Яхши, истеъдодли болалар саралаб олинганлиги кўриниб турарди. Киносиновларни киностудия павильонида ўтказдик. Синов натижаларига кўра болалар ичида Володя Куденьков исмлиси энг яхши деб топилди. Фильмда у Миша Додонов билан бирга Тошкентга отланган дўсти Серёжа ролини ижро этди.

Биз маҳаллий актёрлар билан киносиновларни давом эттириш учун Тошкентга қайтиб келдик.
Ўзбек актёрлари бизга яхши таниш бўлишса-да, улар ичидан энг яхшиларини қунт билан синов ўтказибгина танлаб олдик.
Таниқли актёрлардан Ҳикмат Латипов, Жавлон Ҳамроевларни олдик. Ўзбек болакайи Раҳим ролини ижро этадиган актёрни узоқ изладик. Режиссёрлик гуруҳи саъй-ҳаракатлари билан ниҳоятда қобилиятли бола бўлган Бахтиёр Набиев топилди.

Апрель ойининг бошларида суратга олишни бошладик. Тасвирга туширишнинг биринчи объекти сифатида биз Тошкент яқинидаги колхоз узумзорини танладик.
Бу объектда Ҳикмат Латипов, Нурхон ака Эшмуҳамедов, Жавлон Ҳамроев ва Володя Воробей суратга тушишлари керак эди.

Актёрларга мос либослар танладик. Додонов учун уст-бош топиш анча қийин кечди. Қаҳрамонимизнинг ташқи кўриниши унчалик ўхшамаётган эди. Болакайнинг хўб олис йўллардан, кўп машаққатлар ва азоблар тортиб келганини таъкидлаб кўрсатиб турувчи ғижим, кир-чир, йиртиқ-ямоқ камзул керак эди. Бизни картинамизнинг иккинчи режиссёри Эсон Каримов қутқарди – у қайдандир айнан шундай камзул топиб келди.
Биринчи кадрларимизни тасвирга тушириш учун бутун гуруҳимиз билан колхоз узумзорига келдик. Бироқ суратга олиш майдончасида Володя Воробей ҳам, унинг бувиси ҳам йўқ эди. Улар тезликда етиб келишини айтиб, бизни тинчлантиришди.
Суратга олиш техникасини жой-жойига қўйиб чиқдик, мизансаҳнани аниқладик ва кадрни ўрнатдик. Одатда актёрларни чарчатиб қўймаслик учун уларнинг ўрнига дублёрлардан фойдаланиларди. Дублёрлар билан кадр ва мизансаҳналар аниқланади, чироқ ўрнатилади, суратга олиш камерасининг ҳаракат мароми солиштирилади ва ҳоказо.
Мана, суратга олиш учун ҳаммаси тайёр бўлди. Ҳатто об-ҳаво ҳам бизга кўмак бераётгандай эди – қуёш чарақлаб турарди. Бор-йўғи болакайни кадрга олиб кириш ва “Мотор!” дея буйруқ бериш қолганди, холос.
Бироқ… Володя Воробейдан дарак йўқ эди. Уни ҳеч ким олиб келолмади. Ўша пайтлари телефон алоқаси ҳали тараққий этмаган. Шу сабабли зудликда Тошкент билан гаплашишнинг ҳам ҳеч қандай иложи йўқ эди.
Гуруҳимиз аъзолари асабийлаша бошлашди. Бошқа лавҳани ҳам суратга ололмасдик. Чунки барча кадрларда Володя Воробей бўлиши керак эди-да.
Кун бўйи бесамара кутиб ўтирганимиздан кейин ноилож орқага, Тошкентга қайтдик. Ўзимиз бўлса болакайнинг соғлиғидан хавотирда эдик.
Шаҳарга келган заҳоти Володя ҳам, бувиси ҳам соғ-саломат эканлигидан хабар топдик. Болакайнинг суратга олиш майдончасига бормаганлигига сабаб эса – меҳнатига тўланадиган ҳақ масаласи эди. Буви билан набира сметадагига қараганда анча кўп гонорар талаб қилишди.
Ўшанда менга уларнинг бу қилиғи юлғичлик ва ғайриахлоқий ҳаракат бўлиб кўринди. Жуда жаҳлим чиқиб кетди ва Володя Воробей ўрнига Куденьковни бош ролда суратга олишни таклиф этдим. Яна бир неча киши менинг бу фикримни маъқуллади.
Лекин Шуҳрат Аббосов бу ҳақда ҳаттоки эшитишни ҳам истамади. У бош ролда фақат Воробейни кўрарди. Бошқа бола уни мутлақо қониқтирмасди.
У пайтлари бозор муносабатлари ҳақида мамлакатимизда гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Биз аниқ белгиланган маошга қаноат қилиб ишлардик ва савдолашишни, ўзимизга кўпроқ пул талаб қилишни тасаввур ҳам этолмасдик. Эҳтимол ўша пайтлари болакай билан унинг бувиси кино санъатида ҳозирги бозор муносабатларининг уруғларини экишгандир. Албатта, бу ҳазил.
Аммо ўшанда улар юзага келган вазиятдан фойдаланиб, ўзларининг моддий аҳволларини яхшилашга ҳаракат қилгандилар.
Савдолашиш давом этаркан, гуруҳимиз бир неча кун мобайнида суратга олишга чиқолмади.
Воробейлар оиласи ва “Ўзбекфильм” ўртасидаги савдолашиш оила фойдасига ҳал бўлди. Кайфияти кўтарилиб кетган болакай суратга тушишга розилигини билдирди.
Гуруҳ бутун таркиби билан суратга олиш майдонига етиб келди. Аммо ўша куни ҳаво айниб қолди. Кўкда енгил булутлар пайдо бўлди…
Куннинг иккинчи ярмида осмон булутлардан халос бўлади, қуёш чиқади деган умидда суратга олиш кунини бекор қилмаган ҳолда камераларни ўрнатиб, актёрлар билан саҳналарни машқ қилишни бошлаб юбордик.
Биз вақти-вақти билан осмонга илинж билан термулиб, булутларнинг тарқалиб кетишини кутардик. Лекин умидларимиз сира рўёбга чиқай демасди. Булутлар тарқалмай турарди. Кун дим. “Қилт” этган шабада йўқ. Осмоннинг биз “сут” деб атайдиган кўриниши эса гуруҳимизни қониқтирмасди.

Ўша куни ҳаво яхши томонга ўзгармади. Кечгача кутиб ўтиргач, ноилож студияга қайтдик.
Бу ҳол бир ҳафтадан кўпроқ давом этди. Гуруҳимиз очиқ кунни кутган ҳолда ҳар куни ишонч билан суратга олиш майдонига чиқарди. Аммо…
Ниҳоят бир ҳафтадан сўнг осмон артилган шишадай тиниқлашди, жилмайиб қуёш чиқиб келди ва биз ишлашни бошладик.
Кадрни тасвирга туширарканмиз, режиссёримиз Шуҳрат Аббосов картина қаҳрамонини танлашда янглишмаганига ишонч ҳосил қила бордик. Володя Воробей ўз ролини ўта ишончли тарзда талқин этарди. Биз ёш актёрнинг ҳар бир сўзига, ҳар бир хатти-ҳаракатига ишонардик. Буни кўриб, кайфиятимиз кўтарилиб кетди. Фильм яхши чиқишига ишонч пайдо бўлди.

* * *

Пенза областининг Нижнее-Ломово шаҳарчасида картинамизнинг кўплаб объектлари жамланган эди. Биз қиш пайти келганимизда натура учун танлаб олган жойларимизга бордик.
Волгабўйи темир йўли раҳбарияти томонидан Нижнее-Ломовога эски кўринишдаги вагонларни юборишга буйруқ берилди.
Меҳмонхонага жойлашганимиздан кейин Аббосов, Калонтаров, картина директори ва мен тасвирга тушириш учун танлаб олинган қишлоққа йўл олдик.
Олдинги картиналаримизда ҳам болалар иштирок этганлиги сабабли, улар билан ишлаш борасида анчагина тажриба орттириб улгургандик.
Лекин “Додоновлар ҳовлиси” объектини суратга оларканмиз, кутилмаганда ёш болаларнинг фавқулодда ўжарлиги ва инжиқлигига дуч келдик.
Гуруҳимиз аъзоларидан кимдир уларга токи ўйинчоқлар беришмагунча режиссёр амакининг айтганларини қилманглар деб шивирлаб қўйган экан. Федька билан Яшка ролини ижро этаётган болакайлардан гоҳ бири йиғлайди, инжиқлик қилади, “кинога тушмайман” дейди, гоҳ иккинчиси. Режиссёрнинг ҳар қанча ялиниб-ёлворишлари ҳам уларга кор қилмади.
Бизнинг ҳовлилардан фарқли равишда, бу қишлоқда ҳовлилар ҳар куни супуриб-сидирилмайди. Қуёш кўкка кўтарилганидан сўнг барг ва ўт-ўланлар билан қопланган ҳовлидан қўланса ис тарала бошлади. Маълум бўлишича, юпқа ўт-ўланлар қатлами тагига чўчқа ахлати ташланган экан. Одамнинг кўнглини айнитиб юборадиган даражада бадбўй ҳид шундан келаётган эди. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам биз ишлашимиз керак эди. Маъмурларимиз шаҳарга, болаларга ўйинчоқ олиб келишга кетишди. Болалар эса ҳамон йиғлар ва бизларнинг илтимосларимизга парво ҳам қилишмасди.
Тез орада ўйинчоқлар келди. Буни кўрган болакайлар бирдан қувониб кетишди ва режиссёрнинг айтганларини бажара бошлашди. Лавҳа катта қийинчиликлар билан суратга олиниб бўлинди.
Ўша ёз об-ҳаво тинмай ўзгариб турди. Гуруҳимиз тез-тез бирдан ёғиб қоладиган ёмғир тагида қоларди, шундан сўнг лойга айланган йўллардан аранг ўтиб, суратга олиш жойига минг машаққатлар билан етиб келардик. Биз соатлаб осмонга термулиб, унинг очилиб кетишини кутардик. Бу эса фильмни суратга олиш муддатини чўзарди.
Мен ҳар қандай об-ҳавода суратга ололмасдим, бу картина услубини бузган бўларди. Менинг биринчи навбатдаги вазифам табиий фактураларни, кайфиятни, ёритишнинг ўзига хосликларини экранда ифода этиб бериш эди.
Кейинчалик эса не-не машаққатлар, не-не азоб-уқубатлар билан олинган кадрларнинг ҳаммаси ҳам фильмимизга киритилмади.

* * *

Темир йўл билан боғлиқ эпизодларни суратга олиш жуда катта мушкулликлар туғдирарди. Зеро унда 20-йиллар кийим-бошини кийиб олган катта миқдордаги оммавий саҳна ишитрокчилари ҳамда кўҳна вагон, паровоз иштирок этарди.
Кунларнинг бирида темир йўл бекатига эски вагонлар тиркалган составни олиб киришди.
Кўп сонли оммавий саҳна иштирокчилари тўпланишди. Улар кийинтирилгач, вагонлар томига жойлаштирилди. Вагонлар деразлари ва зиналарида ҳам одамлар ўтиришарди. Уларга турли-туман қоплар, халталар, чамадонлар ва бошқа реквизитларни тарқатишди.
Сценарий бўйича состав рус даласи ичидан кетиши керак эди. Шу сабабли состав бекатдан бир неча километр нарига олиб чиқилди. Ҳақиқий рус даласи бошланди.
Вагонлар томларида ўтирган одамларни ҳамда йўловчилар билан лиқ тўла ҳолда кетаётган поезднинг умумий кўринишини суратга олдик. Тасвирга тушириш ишлари анчайин силлиқ кечарди, состав доимий ҳаракатда бўлгани учун йўловчилар ҳам ҳеч қаёққа кетиб қолишмасди. Қуёш ёрқин нур сочиб турарди. Қилаётган ишимиздан ўзимиз ҳам мамнун эдик. Охирги кадр – паровоз қувурини суратга олиш қолганди, холос.
Мен билан ассистентим паровозга чиқдик, камерани ўрнатдик ва қора тутун бурқсиб турган қувурни тасвирга ола бошладик. Мен машинистдан қора тутунни кўпайтиришни илтимос қилдим. Кадрни суратга оларканман, машинистларнинг бирдан ваҳимага тушиб бақир-чақир қила бошлашганини эшитдим. Мен аппаратдан нигоҳимни уздим ва уларга қарадим. Қуюқ қора тутун уларни биздан тўсиб турарди. Машинистлар жон-жаҳдлари билан қўлларини силкитганларича олдинга ишора қилишарди. Мен шу томонга қарадим ва бирдан даҳшатга тушдим. Темир изларга кўндаланг тортилган электр сими шиддат билан яқинлашиб келарди. Бирдан ўтириб қолдим ва худди шу сонияда электр сими худди ўткир пичоқдай киноааппарат ўрнатилган штативнинг юқори қисмини кесиб ўтди ва уларни далага улоқтириб юборди.
Агар бир лаҳзага ушланиб қолганимда эди, шубҳасиз, менинг бошим ҳам далага отилиб тушган киноаппарат ва штативнинг юқори қисми ёнида бўларди.
Ўзимни ёмон ҳис қилдим. Бутун вужудим дир-дир титрарди.
Бир неча юз метр юргандан кейингина поезд тўхтади. Тасвирга олиш аппаратини кўтариб келишди.
Тушлик пайти бўлди. Состав бекатга қайтиб келди. Ҳаммани гуруҳ маъмурияти ташкил этган таомлар билан меҳмон қила бошлашди.
Менинг эса ҳеч нарса егим келмасди. Суратга олиш пайти бостириб келган ажал ваҳимаси ҳали бутунлай ўтиб кетмаган эди.
Оммавий саҳна иштирокчилари иштаҳа билан овқатланишарди. Гуруҳ аъзоларининг ташвишлари етарли эди, шунинг учун мен билан деярли ҳеч кимнинг иши йўқ эди.
Мен овқатланаётган одамларга қарардим ва агар мен билан фожиа рўй берганда ҳам булар ҳеч нарса бўлмагандай хотиржам ўтириб, бемалол овқатни тановул қилаверишармиди, деган ўйларга бордим.
Шу куни мен бошқа суратга ололмадим.
Эртаси куни эса тасвирга тушириш ишлари яна давом этди.

* * *

Бир куни кечқурун мен темир йўл бекатига бориб, у кечаси қандай ёритилишини кўрмоқчи бўлдим.
Меҳмонхонадан станциягача бир неча километр келарди. Кечқурунлари салқин эди, шу сабабли устимга тўн кийиб олдим.
Бекатга торгина асфальт йўл олиб чиқарди. Йўл ўртасида кетиб борардим. Атроф жим-жит. Йўлда машиналар ҳам, аравалар ҳам учрамади. Бирор тирик жон йўқдай эди. Борлиқ ўлик сукунат оғушида. Станцияга қадар ҳали узоқ эди. Шошилмасдан кетиб борардим. Вақтим бемалол эди.
Кутилмаганда шовқин-сурон ва жанговар ҳайқириқлар билан йўлга узун таёқ-тўқмоқлар билан қуролланган икки гуруҳ йигитлар отилиб чиқишди. Мен қўрқиб кетдим. Яширинишнинг ҳам иложи йўқ эди. Йигитлар “Ур аблаҳларни!” дея бақир-чақир қилганларича девордай жипслашиб бир-бирларига ташланишди. Мен уларнинг орасида қолдим. Энди тамом бўлдим, деган ўйга бордим. Бошимга тушадиган зарбани кута бошладим. Жанг эса авжига чиққан эди. Йигитлар бир-бирларини аямай савалашар, атрофни оҳ-вой, сўкишлар, ингроқлар тутиб кетганди. Мен қочиб қолиб, қўрқоқ деган ном орттиришдан ор қилганча ҳамон калтаклашаётганлар орасидан ўтиб борардим. Нимагадир у томон ҳам, бу томон ҳам менга тегинмади. Ҳатто менинг руслар учун хос бўлмаган чопоним ҳам уларнинг эътиборини тортмади. Мен уришаётганларни хавфсираб айланиб ўтганча олдинга юришда давом этдим. Ногаҳон енгила бошлаган гуруҳдаги йигитлар қочишга тушишди. Ғолиб томон эса уларни бутунлай мағлуб этиш учун қочаётганларнинг ортидан чопди.
Мен билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Афтидан, ҳар кимнинг ўз душмани бор эди.
Темир йўл бекатига эсон-омон етиб олгач, тунги ёритиш қандай ташкил этилганлигини ўз кўзим билан кўрдим. Суратга олиш учун қулай нуқталарни излаб кўргач, ортга тинчгина, ҳеч бир саргузаштсиз қайтдим.

“Бекат” объекти жуда катта эди ва суратга олиш ишлари кун-тун давом этиши керак эди. Бу объектда кўплаб актёрлар, оммавий саҳналар иштирокчилари билан бир қаторда бир нечта поезд составлари ҳам тасвирга тушириларди. Кўплаб кадрлар ҳаракатда олинарди. Буларнинг бариси биздан аниқ ўйланган, пухта режаланган ишни талаб этарди.
Бу кадрлар актёрларнинг, оммавий саҳна иштирокчиларининг, поездга хизмат кўрсатаётган темирйўлчиларнинг, суратга олиш камераси ҳаракатининг, ёруғлик ва пиротехниканинг ўзаро мутаносибликда ишлашини тақозо этарди. Суратга олиш ишлари кучли зўриқишда кечди – болалар ҳам, катта ёшли актёрлар ҳам ўз ролларини жон диллари билан берилиб ижро этишди. Энг қийин вазифа Куденьков зиммасига тушди. Унинг кетаётган поезд орқасидан қувиб етишини бир неча дублда олдик.

Суратга олиш тугагандан кейин гуруҳимизни таниб бўлмай қолди – паровоз трубасидан чиққан қурумдан уларнинг ҳаммаси қоп-қорайиб кетганди.
Кўп объектларни суратга олдик, лекин ҳали суратга олинмагани кўпроқ эди.

* * *

Оғир, асабийлашиш ва зўриқишларга бой иш режиссёримиз Шуҳрат Аббосовнинг соғлиғига таъсир этди ва у касал бўлиб қолди. Киноэкспедицияни зудликда орқага қайтариш ва эпизодларнинг қолган қисмларини Тошкентга кўчириш масаласи кўндаланг туриб қолди. Шунинг учун Тошкентда тасвирга тушириш имконияти бўлмаган кадрларни бу ерда ошиғич тарзда суратга олиб бўлишимиз керак эди.
Тошкент бизни чидаб бўлмас даражада иссиқ билан қарши олди.
Картинанинг ярмидан кўпроғини тасвирга туширишимиз керак эди. Бирон жойга чиқиб ёки павильонда суратга туширишни бошлагунимизга қадар Тошкентдаги натура объектларида ишлаб туришни режалаштирдик.
Эски шаҳар саҳналари объектлари Эски Жўва бозоридан унчалик узоқ бўлмаган жойдан топилди. Бу ерда тош тўшалган кўча, эски ўзбек уйлари ҳамда ярим вайрона ҳолидаги мачит сақланиб қолган эди.
Очлик ва чарчоқдан тинка-мадори қуриган Мишка беихтиёр сотувчи аёлнинг нонини олиб қўйиб, шоша-пиша ея бошлаши саҳнасини суратга олдик. Жаҳли чиқиб кетган аёл ёрдам сўраб бақиради ва болани калтаклайди. Болалар қочиб қолишади. Уларнинг ортидан оломон чопади. Болаларни милиционер тутиб олади.
Эски Тошкентни Миша Додоновнинг нигоҳида кўрсатишга қарор қилдик. Тутун бурқсиб турган кабоблар, саватлардаги қайноқ нонлар, паранжи ёпинган аёллар, уюм-уюм қовун-тарвузлар, мўл-кўл мева ва сабзавотлардан унинг боши айланиб кетиши керак эди. Мишани фавқулодда тор ва қийшиқ кўчалар, узун чопон ва дўппи кийган эркаклар, паранжили аёллар ҳайратга солиши аниқ эди. Бу эпизодни суратга олаётганимизда кадрнинг ўткир композицион тузилишига, динамикали ҳаракатларга ва контраст ёритилишга риоя этдик. Ғазабга минган оломондан қочиб кетаётган болаларни тасвирга олиш учун қўл камерасини елкамга қўйганча болалар ортидан чопишга мажбур бўлдим.

* * *

Биз Тошкентда суратга олиш ишларини давом эттираётган пайтимизда маъмурий гуруҳ бизга темир йўл билан боғлиқ катта объектни тайёрлаб қўйганди.
Темир йўл билан боғлиқ эпизодларни суратга олиш катта тайёргарликни ҳамда бу жараёнга боғлиқ барча тармоқларнинг ўзаро мутаносиб ишлашини тақозо этади.
Қозоғистон темир йўлининг “Дарвоза” бекатида бизга темир йўлнинг поездлар жуда кам ўтадиган участкасини ажратиб беришди. Бу тармоқ қандайдир завод билан боғланган бўлиб, кунига икки-уч марта юк поезди ўтиб қоларди, холос.
Гуруҳимиз билан “Дарвоза” бекатига етиб келдик ва бизга ажратилган эски поезд вагонларига жойлашдик. “Дарвоза”да бошқа бирон меҳмонхона, ҳаттоки рисоладагидай ошхона ҳам йўқ эди.
Биринчи кеча жуда ёмон ўтди. Тез-тез ёнимиздан ўтиб турган поездлар шовқинидан ухлаётганлар даҳшат ичида сакраб ўринларидан туриб кетишарди. Гўё қарши тарафдан келаётган поезд рельслардан чиқиб кетиб, бизнинг вагонларга уриладигандек эди. Бунинг устига нимагадир бекатга яқинлашиб келаётган поездлар албатта қулоқни батанг қилар даражада чинқириб гудок берарди.

Орадан бир неча кун ўтгандан кейин ҳам барибир бу шароитга кўниколмадик ва норозилик билдириб, ўзимизга бошқа жой талаб қилдик. Гуруҳ маъмурияти вокзал биносидан бир нечта хона топди. У ерга гримчиларни ва Сауле ролини ижро этаётган ёш актриса Наталья Аринбосаровани жойладик.
Бизга эса бекат ҳовлисида палатка таклиф этилди. Бу беш-олти ўринлик палаткаларда киши ўзини хотиржамроқ сезарди. Лекин бу узоққа чўзилмади. Оқшомларнинг бирида қаттиқ шамол кўтарилди ва палаткаларимизни қулатиб-йиртиб ташлади. Бу ҳол бир неча маротаба такрорланди.
Бундай маиший муаммоларга қарамасдан, суратга олиш ишлари ўз маромида давом этарди.
Ёз ўртаси эди. Кунлар бениҳоя исиб кетган. Биз суратга олаётган жойда қуёшнинг қайноқ нуридан яшириниш учун лоақал биттагина дарахт ҳам йўқ эди.
“Поезд” объектини суратга олардик.
Эпизод каттагина эди. Уни суратга олиш мураккаб ва хавфли эди.
Қуёш оташидан вагонларнинг тунука томлари шу қадар қизиб кетгандики, истак туғилган тақдирда у ерда бемалол тухум қовуриб олса бўларди.
Гуруҳимиз оғир киноаппаратлари билан вагон томига жойлашди. Ҳаракатдаги поездда суратга олиш керак эди. Ҳеч қандай муҳофаза воситалари йўқ. Айниқса болаларни суратга олаётганда биз ўзимизни ҳам, уларни ҳам хатарга қўяётгандик. Болалар вагоннинг қайнаб турган томида яланг оёқда чопишлари, тиз букиб туришлари, қўлларини томга теккизишлари лозим бўларди. Болалар оғриқдан йиғлашарди, аммо уларнинг бундай ҳолати бизга керак эди. Бу уларга ўз ролларини ҳаққоний ва ишончли ўйнашларига ёрдам берарди. Биз тўхтамасдан суратга олавердик.
Эпизод таъсирчанлигини кучайтириш мақсадида биз тез-тез суратга олиш нуқталари ва ракурсларини ўзгартириб турардик.
Ҳаракатдаги поезднинг бир вагонидан бошқа вагонига сакраб ўтаётган актёрларни суратга олиш техник жиҳатдан жуда қийин эди. Қуйи нуқтадан тасвирга тушириш учун мен поезд вагонлари орасига боғланган осма кажавага жойлашиб олдим. Озгина ноаниқлик рўй берган тақдирда мен кинокамерам билан биргаликда пастга, шиддат билан ўтиб бораётган рельслар устига қулаб тушишим мумкин эди.
Аммо биз таваккалсиз таъсирчан кадрларни суратга ололмаслигимизни яхши билардик, шу сабабли бундай ишларга онгли равишда ўз ихтиёримиз билан қўл урардик.

* * *

Шундай кунларнинг бирида бизнинг олдимизга студия директори Абдулаҳад Абдуллаев келди.
“Қозоқ чўли” эпизодидан кадрни суратга олаётгандик. Бу лавҳада Миша Додонов кетиб бораётган поезднинг охирги вагонига бир амаллаб осилиб олиши керак эди. Поезд ортидан югураркан, у йиртиқ чиптакавушларидан айрилар ва энг сўнгги лаҳзада вагон зинасининг қуйи палласидан ушлаб қоларди. Шунда Мишанинг яланғоч оёқлари ерда судралиб, ўткир тошларга уриларди.
Бу кадрни бир неча нуқтадан суратга олдик. Болакайнинг оёғи ўткир тошларга урилиб қонаб кетаётганини кўрган директор бир неча маротаба суратга олишни тўхтатмоқчи бўлди, лекин улгуролмади. Кадр тасвирга туширилди ва ҳаммаси яхши тугади.
Биз тез-тез чиройли кадрни суратга олиш учун таваккал қилиб турардик. Шундай воқеалар ҳам бўлдики, қийшиқ рельслар сабабли паровоз издан чиқиб кетди. Бир сафар эса шундай паровоз бизнинг – тасвирга олиб турганларнинг устимизга қулаб кетишига сал қолди.
Тошкентдан “Дарвоза”га жўнаб кетишимиз олдидан жуда чиройли саксовул омборини топгандик. Унга декорация ишлатиб, ажойиб манзара пайдо этса бўларди.
Рассом омборни ёғоч тўсиқ ва кузатув минораси билан ўраб, катта иш қилди. Саксовул тахланиб, катта-катта уюмлар ҳосил этилганди. Ерга қора кўмир чанги сепилганди.
Бу саҳнада Дунаев Миша билан Раҳимни ёғоч омборга олиб келиши керак эди. Бу ерда эса бир неча аёл ва жулдурвоқи болалар истар-истамасдан ўтинларни бир жойдан бошқа жойга таширдилар. Вазиятни баҳолагач, Раҳим аскар билан машғул бўлди. Унинг қаршисида рақс тушганча Раҳим алдаб-сулдаб аскарнинг картошкасини олиб қўйди. Мишка эса ҳалол меҳнаткаш сифатида ўтин ташишга киришди.
Оташин қуёш ва кўмир чанги актёрларга ҳам, гуруҳга ҳам ишлашга халақит берарди. Болалар жуда чарчашди. Настенка ролини ижро этган актриса жон дили билан, жуда ишончли ўйнади. Унга қарашнинг ўзи ҳам қўрқинчли эди. Суратга олиб бўлганимиздан кейин унинг ўзига келишига, бутун танасини қоплаб олган қора кўмир қурумидан тозаланиб олишига анча вақт кетди. Кейинчалик бу кадр натуралистик кадр сифатида фильмдан олиб ташланди.
Тез ва кўп суратга олардик. Афсуски, суратга олинган кадрларнинг бир қисми фильмнинг якунловчи вариантига кирмай қолди.

* * *

Биз сценарий ҳажми катта эканлигини, суратга олинган материал бизга рухсат этилган тасма метрларидан кўпроқ бўлишини билардик. Лекин ўзимизни тўхтатиб қололмасдик. Ўзимиз ишлаётган материалга жон-жаҳдимиз билан берилиб кетгандик, уни яхши кўриб қолгандик. У ўз жозибаси билан бизни чарчоқ билмай ишлашга мажбур этарди.
Туркистонда суратга олишни режалаштирган каттагина объектимиз қолганди. Тасвирга тушириш объекти сифатида Туркистон шаҳридан унча узоқда бўлмаган қадимий қалъа харобаларини танлагандик. У ерда жуда баланд тупроқ деворлар сақланиб қолганди. Маҳаллий ҳудуд ва қалъанинг ландшафти ўзининг ибтидоийлиги билан катта таассурот қолдирарди.
Бизнинг қаҳрамонларимиз бу муҳитга табиий равишда сингишиб кетиб, яхлитликни ташкил қилардилар.
Бу саҳнада бир гуруҳ одамларнинг поездни кутиб ўтирмасдан, Тошкентга қараб пиёда йўлга тушишга қарор қилганликлари кўрсатилади. Уларга Миша Додонов ва Раҳим ҳам қўшилишади. Улар қуёш аёвсиз куйдириб ташлаган қозоқ ерларидан ўтишади. Кекса бобо Додоновга буғдойни қандай экиш ва мўл ҳосил олиш йўлларини ўргатади. Улар Тошкент ва Тошкент замини ҳақида орзу қилишади.
Қалъанинг қуёш нурлари остида кўзни қамаштиргудай чақнаб турган қайноқ оқ томлари ва кўҳна тупроқ деворлар бағрида бу сўзлар ҳеч қачон амалга ошмайдиган орзудай янграрди. Бутун атроф-муҳит бор-йўқ истаклари нон шаҳри Тошкентга етиб олиш бўлган бир сиқим одамларни ғанимларча эзиб турарди.
Туркистонда охирги кадрларни суратга олгандик, шу билан тасвирга тушириш даври якунига етди. Гуруҳимиз Тошкентга қайтди.
Кейинги босқич бошланди – картинани монтаж қилиш ва овоз бериш. Бу ишлар бир неча ой вақтимизни олди.
Ўша йиллари рус тилига эътибор кучлироқ эди, шу сабабли бизнинг фильмимизга ҳам рус тилида овоз берилди.

* * *

Киностудия бадиий кенгаши ва киностудияда ишлайдиган кўп сонли қизиқувчилар учун фильм катта залда намойиш қилинди. Режалаштирилган бир ярим соат ўрнига фильм икки соату йигирма дақиқа давом этди.
Фильм тугагандан кейин бирдан залга сукунат чўкди. Илк томошабинларимиз эсанкираб қолишган эди.
“Ўзбекфильм” бадиий кенгаши фаолиятида илгари учрамаган воқеа рўй берди. Бадиий кенгаш раиси фильм муҳокамасини кейинги кунга қолдиришни таклиф этди. Зеро фильмда кўп баҳсли ўринлар бўлиб, уларни юқорида турувчи раҳбарлар билан маслаҳатлашиб олиш керак эди.
Кейинроқ режиссёр Шуҳрат Аббосовга босим ўтказиш бошланди. Москвада фильмни бир серияга қадар қисқартиришни талаб қилишди. Қаршилик кўрсатиш ёрдам бермади. Бизни қўллаб-қувватловчилар ҳам бўлмади. Картинанинг беш қисмини қисқартириб ташлаб, ўн қисмини қолдиришди. Асаблари қақшаб кетган Ш. Аббосов касал бўлиб қолди ва юрак хуружи билан шифохонага тушди.
Картинанинг тўлиқ вариантли нусхасини зудликда йўқ қилишди… Аммо ҳозирча негатив сақланиб турарди.
Мен студия директори Абдулаҳад Абдуллаев ҳузурига кириб, картинанинг тўлиқ кўринишидан яна бир нусха тайёрлаб беришларини илтимос қилдим. Мен уни келажак учун, томошабинларнинг янги авлоди учун асраб қўймоқчи эдим.
Абдуллаев жуда ақлли ва журъатли раҳбар эди. У дарҳол ўринбосари Қаюм Абдураҳмоновни чақириб, унга картинанинг тўлиқ кўринишдаги нусхасини тайёрлаб бериш вазифасини топширди. Мен бунинг учун Абдулаҳад Абдуллаевдан бир умр миннатдорман, у кишининг ёрқин хотираси ҳамиша қалбимда.
“Тошкент – нон шаҳри” фильми кинотетрларга чиқарилиб, катта муваффақият қозонганидан кейин Шуҳрат Аббосов билан мени Давлат мукофотига тавсия этишди. Аммо мукофотни бошқалар олишди.
Картина ўз ҳаёти билан яшаб келмоқда. Одамлар ҳалигача бу фильмни эслашади.

Manba: «Yoshlik» jurnali — 2010 yil, 2-son

(Tashriflar: umumiy 643, bugungi 1)

Izoh qoldiring