Ibrohim G’afurov. Boborahimning sariq gullari & Boborahim Mashrab. Agar oshiqligim aytsam

Ashampoo_Snap_2017.12.16_23h45m46s_003_.png  Ёзнинг бошларида боғнинг аёғдаги қизил жаноқи олмалар пишди. Хожам гарчи нафсига бандиликдан қутилган бўлсада, лекин бу қизил олмаларнинг пишишини сабирсизлик билан кутади. Нечукдир уларни ёлғиз Бобораҳимга тердиради. Бобораҳимдан ўзганинг қўли теккан олмани эмайди. Шунинг учун савр ойи ўтгач, Бобораҳимни йилқидан озод қилади ва уни таҳсилга ўтқазади.

Иброҳим Ғафуров
БОБОРАҲИМНИНГ САРИҚ ГУЛЛАРИ
05

  Иброҳим Ғафуров — Шарқ классик адабиёти ва ўзбек адабиёти тарихининг билимдони. Шарқ классик адабиёти умрбоқий ғояларга, бетакрор нафислик ва маънавий улуғлик намуналарига тўла; ўзбек адабиёти тарихини билмай, севмай эса тилда кашфиёт қилиш мушкул. “Уйқумни ўчирди руҳият ҳазратлари, — деб ёзади адиб. — Ҳушимни ўчирди аларнинг ҳайбатлари қулф урган ғайратлари…” Таниш ҳол. Уйқуни ўчирган сўз ҳазратларидир. Шунинг учун адиб асарларида Гуштасп, Зардўшт, Табарий, Умар Хайём, Халлож, Абул Ҳусайн, Румий, Ғаззолий, Навоий, Бобур, Машраб, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, устозлар — Озод Шарофиддинов ва Ғайбуллоҳ ас-Салом сўзлайди.

05

Ashampoo_Snap_2016.08.11_15h23m24s_003_a.pngЁзнинг бошларида боғнинг аёғдаги қизил жаноқи олмалар пишди. Хожам гарчи нафсига бандиликдан қутилган бўлсада, лекин бу қизил олмаларнинг пишишини сабирсизлик билан кутади. Нечукдир уларни ёлғиз Бобораҳимга тердиради. Бобораҳимдан ўзганинг қўли теккан олмани эмайди. Шунинг учун савр ойи ўтгач, Бобораҳимни йилқидан озод қилади ва уни таҳсилга ўтқазади. Бобораҳим таҳсил ва зикирдан ҳоли бўлган кезлари боққа чиқиб кетади. Боғ жуда катта, поёни ёқ. Боғни бир қулочдан мўлроқ тезоқар ариқ айланиб ўтади. Боғнинг олд томонида икки улуғ кўшк ва икки баланд супа ва супалар ёнида икки кўк ҳовуз бор. Боғга хизматкорлар, боғбон, чопон-чўлиқ турадиган улкан ҳовлидан ўтиб кирилади. Ҳовли карвонсаройга туташ. Карвонсаройнинг кунботар томонига эса баланд ва улуғ ўймакор масжид тушган. Масжиднинг рўпарасида оқ тошлардан солинган кўркам хонақоҳ. Хонақоҳнинг кунчиқарга қаратилган кенг ҳовлисига қатор-қатор қилиб анор ва анжирлар экилган. Анорларнинг ҳам анжирларнинг ҳам баргидан ҳосили кўп. Ана шу анжирзор боғчанинг этагида муллавачча ва шогирдлар пирдан таҳсил оладилар. Таҳсилхона деганимиз баланд баҳаво айвон ва айвоннинг ичкарисида юз чоғлик одам бемалол жойлашадиган жамоатхона, яъни бизнингча зал. Айвонга ҳам , жамоатҳонага ҳам бир неча қаватли қилиб қип-қизил гиламлар тўшалган. Бунда дунёнинг турли чеккаларидан келган ўз ихтиёри билан Хожамга муридлик йўлини тутган юздан ортиқ муллаваччалар таҳсил кўрадилар. Улар фиқҳ, тасаввуф, фалаккиёт ва тиббиётга оид билимларни мустақил ўзлаштирадилар. Хожам ҳар ҳафта уч кун шогирдлари билан савол-жавоб қиладилар. Икки кун савол-жавоблардан сўнг сулук хусусида ваъз айтадилар. Ҳафтанинг қолган уч куни муридлар қалъа ва унинг атрофларидаги узоқ-яқин қишлоқларда қаландарлик қиладилар. Зикир тушиб халқни жаббори оламнинг адолати ва ҳукмидан огоҳ этадилар.

Бугун пайшанба эрталабги савол-жавобдан сўнг Хожам Бобораҳимни имлаб ҳузурларига чорладилар-да , боғдаги қизил олма етилгандир, бўтам , жавзо забтига оладур. Териб чиққил, — дедилар.

Бобораҳим икки қўлини қошига теккизди ва қуллиқ қилиб ташқарига чиқди.

Бобораҳим боғга туташ солинган уйдаги ўзига ажратилган алоҳида хужрасига кирди. Бир зум унутган нарсасини эсламоқчи бўлгандай уй ўртасида серрайиб туриб қолди. Яна қулоғгда ўша сирли товуш: Тинг! Тинг! Ичолинг! Ичолинг! Ичолинг бодани гуллар сўлиюр… Умримиз! Умримиз! Умримиз оқибат тупроқ бўлиюр… Ким, ким айтган буни? Нега неча кундирки дилимни, тилимни ёқади бу сўзлар?

Бобораҳимнинг хаёли бирдан ёришди. Унитган нарсасини эслади. Боққа танбурни олиб чиқмоқчи эди. У сават ва танбурни кўтариб ҳужрадан чиқди.

Ариқ ёқалаб анча юргач , боғ этагига тушди. Бу ер хилват ва ғоят сўлим. Ариқ лабидаги қатор жаноқи олмалар ҳақиқатан ҳам қизариб пишган, ҳатто тагига ҳам туша бошлаган эди. Атрофни жуда нафис олма ҳиди тутиб кетганди. Бир зумда бу муаттар ҳид Бобораҳимни маст қилди. Унинг боши айланиб кетди. У ҳолсизланиб ариқ бўйига олма тупига елкасини суяб ўтирди. Олмазорнинг пасти жийдазор кета-кетгунча. Жийдазор эса кўз илғамас олисларда оқ теракларга уланиб кетади. Жийдазор ва оқ тераклар шунчалар қуюқки, улардан атрофга аллақандай ифодалаб бўлмайдиганбир ёғду таралади. Балки шунинг учун бу ерни Ёғаду дейдилар! – хаёлидан ўтказди Бобораҳим. Ёғаду! Ёғаду! Ёғаду! Ҳой, Ёғаду! Вой, Ёғаду — деб такрорлай бошлади у тили ва танглайига бу сўз жуда татти туюлиб. У ҳайрон бўлади: доим тилга тонг азондан қандайдир бир сўз, ибора ёки жумла шундай ўрнашиб келади-да, сўнг хафталар бу сўз ёки жумлани тўхтовсиз ва дуч келган ерда такрорлайверади. Бирон ҳафталар бу сўз уни ҳоли-жонига қўймайди. Тинмай тилига қалқиб чиқади. Маълум бир оҳангда такрорланаверади. Баъзан пир билан савол жавоб кезлари улар беихтиёр оғиздан чиқиб кетади. Барча унинг оғзига ҳайрон бўлиб тикилади. Хожам ўзига хос юмшоқлик билан:
– Бўтам?.. – дейди саволомуз.
– Ҳеч… – дейди ҳижолат чекиб Бобораҳим. – Маъзур кўрингиз, таҳсир, бехослик…
– Бехос нарсалар ҳам ўз ўрнида хосдур! – дейди Хожам. Бобраҳим бошини эгади. Хожам яна Абулҳамид Ғаззолийнинг Баёнларини шарҳлашга тушадилар.

Абулҳамид Ғаззолий ҳақида Бобораҳим илк бора марҳаматли пири Бозор охунддан Наманганда эшитган. Бозор охундни эслаб Бобораҳимнинг кўнгли бузилди. Наманган, Қўқон, ота қишлоғи Андугонни эслади. Қайдаховв? Қайда, у ота юртлар! Негадир юраги қаттиқ сиқилди. Бир ойдан бери бу ерда ўзини қўйгани жой топаолмайди. У ўзининг бир ерда узоқ туролмаслигини билади. Жаннат бўлсин, Макка бўлсин, Мадина бўлсин, Қуддус бўлсин, йўқ, узоқ туролмайди. Унинг юрагининг ришталари бир жойга боғланган эмас. Унинг юрагининг ришталари бутун оламга, рубъйи маскунинг барча нуқталарига тортилган. Ришталар тортилган ерларга бормагунча ва у ерларда Адолатнинг каломини айтмагунча, у ерлардан ўтган улуғларни ёд этмагунча унинг юраги тинчимайди, жони орам истамайди. Бўлмаса, Хожамнинг боғу боғотлари, Қашқар, Ёрканд, о, Хўтаннинг қиру адирлари жаннатдан камми? Жаннат шу! Жаннат шу! Лекин менга жаннат керакми? Мен жаннат қидирайми? Дардманлардан юз ўгириб хонақоҳнинг салқин пучмоқларида тиловатга берилиб ўтирайми? Айтмоқчи, Бозор пирим …Кўзлари ёшли Бозор пирим… Бобораҳимнинг хаёлхонасида шу топ бир воқеа ярқ этиб кўринди.

Ўша куни Бозор пиримни Ғаззолий «Иҳё»сининг Муҳаббат, маҳзунлик, шодлик ва барокат бобини узоқ тушунтирдилар. Муҳаббат фақат Ҳудога чиндур, дедилар ва Ғаззолий Баёнидан бир ривоят келтирдилар. Парвардигори олам Мусога қараб айтди: «Мен касал бўлдим, сен келиб мени кўрмадинг». Мусо деди: «Қандай қилиб, ё Раҳмон?» Парвардигори олам айтди: «Менинг бандам фалон кас оғир ётиб қолди, сен эса уни бориб кўрмадинг. Агар уни бориб кўрганингда, мени ўша ердан топган бўлардинг»… Бозор пирим ривоятнинг охирини айтди-ю, оҳ деб ўтирган ерида ёнига қулади. Барча шогирдлар аввал анграйиб қолдилар. Сўнг уч киши шаҳд ўрнидан турди. Пиримни суяб ўтирдилар. Кимдир муздай сув келтирди. Рўмолни ҳўллаб унинг бошига бостирдилар. Бозор охунд бир оз ўтгач, ўзига келиб кўзини очди:
– Ана жамол! Ана жамол, болаларим! – деди у.
Сўнг айтган сўзидан қувват олдими, туриб ўтирди. Қаддини ростлади. Кўзёшларини артди.
– Бобораҳим! – деди. – Кел, мунда ўлтир! – у Бобораҳимни ёнига чақирди. Бобораҳимдан ўзга ҳеч кимга у бундай илтифот кўрсатмас эди. Бобораҳим олдинги қатордан туриб пирининг ёнига оҳиста чўкди.

– Ўқи! – деди пир.

Бобораҳим икки қўлини икки қошига қўйди. Ўрнидан туриб пирига таъзим қилди, сўнг ўзи каби муллаваччаларга енгил эгилиб қуллуқ адо этди. Сўнг пир кўрсатган ерга яна чўкди. Кўзларини юмди ва бошлади.

Бобораҳим бир ўқишга тушса, тўхтатмасдан соатлаб ўқирди. Ҳазрат Навоийдан бошлаб, Лутфийга, ундан ҳазрат Атойи ва Саккокийга, улардан Оқ сарой ва Кўк сарой шоирларига, улардан Румий, Насимий, Жомий, Деҳлавийга ўтарди. Саъдий ва Ҳофиз девонларини, «Шоҳнома», Навоий Хамсасини ёддан биларди ва ҳеч тутилмай ёд айтарди. У ўқиганда ҳамма танг қотиб қоларди. Овозида аллақандай киши руҳини бутунлай ром қиладиган шира пайдо бўларди. Лекин одатий сўзлашганда, жуда оддий, ғоят оҳиста сўйлар, лекин сўзларни дона-дона қилиб, чертиб айтар ва шунинг учун ҳар қанча секин сўйлаганда ҳам албатта, тингловчи уни аниқ-равшан эшитарди.

Бобораҳим ўзи билмасди. Лекин ҳар бир шоирнинг ғазалини алоҳида фақат шу ғазалга ярашадиган ва шу ғазалнинг яширин моҳиятини очадиган бир оҳанг билан ўқирди. Айниқса, Навоий ва Саъдий ғазалларини ўқиганда, унинг товуши фавқулодда сеҳрли унга айланарди. Одамлар оҳ-воҳ қилиб ўринларидан тура бошлар, бошлари, елкалари, бутун вужудларини шу ғалати оҳанг йўлига солиб тебрана кетардилар. Бобораҳим охирида ўз ғазалларини ўқирди. Дарё дарёга қўшилгандай унинг ғазаллари улуғларнинг абётларига уйғун ва теран бир оқимда қўшилиб кетар, нимаси биландир уларни тўлдирар ва нималари биландир уларни давом эттирар, аллақайси томонлари билан уларнинг барчаларидан ажралиб турарди. У пайтлар ҳали Бобораҳим ғазалларига исмини қўймасди. Лекин тингловчилар барибир аллақандай ўзига хосликдан Бобораҳимнинг шеърини ажратиб олардилар.

Бу ғазалларнинг кўпини у отаси билан узоқ қиш кечалари иссиқ танча четида ўтириб ёд олган эди. Отаси эски девонларни авайлаб варақлаб хаста товушда ўқиркан, Бобораҳим рўбарўсида ўтирган онасининг чеҳрасига тикилар, онасининг ғоят нафис юз чизиқларига маҳлиё бўлар, бу гўзал чизиқлар ғазалнинг шикаста оҳангларига қўшилиб унинг беҳад ўткир ҳофизасига бетўхтов нақшланиб борарди. Назарида бу ғазалларнинг бари онаси ҳақида айтилгандай эди. Бобораҳим онасининг чеҳрасига суюб қараб, унда жуда кўп ғалати кашфиётлар қиларди. Онасининг икки ёноғи шунчалар чиройли эдики, улар худди беҳад нозик ишланган чиний кўзачаларга ўхшаб кетарди. Бу кўзачалар доим кўз деган булоқнинг ёнида турарди ва у кўзларга тенгсиз бир тилсим бағишларди. Онасининг жуда нозик сарғиш оппоқ юзини у сариқ садбарг гулга ўхшатарди. У ҳар қачон ва ҳар қайда ғазал ўқиса, вирди забон қилса, кўз ўнгига онасини, онасининг ёноғидаги икки нафис кўзачани келтирар ва шундан дилининг тубида ифода қилиб бўлмас бир сеҳрли овоз дунёга келарди.

– Жадий охирлаб, Далв кира бошлаган қиш чоғларида кечаси билан гупиллатиб қор ёғади. Атроф қор ёғдуларига тўлади. Қор тўпиқдан кўтарилгач, у тинади. Осмон чарақлаб очилади. Юлдузлар тиниқ порлайди. Мана шундай юлдуз порлаган Жадий кечаларида кўкка ўйнагани парилар чиқишади, – деб эртак айтарди унга онаси. – Улар юлдузларнинг шуълаларига қараб тинимсиз хандон отиб куладилар. Шунда уларнинг кўкракларидан жаранглаб дурлар сочилади. Бу дурлар ерга тўкилмайди. Балки одам бўйи баравар кўкда муаллақ осилиб қолади. У дурлар кўзга кўринмайди. Фақат кўзи ва дили энг тоза одамгина у дурларни пайқайди. Кўзинг ва дилингни доим тоза тут, Раҳимжон, ўғлим. Кўкдан ёғилган пари дурларни кўриш сенга насиб бўлгай. Улар дилингга ўрнашгай.

Бир куни Бозор охунд қошида илк маротаба «Биродарлар, мен ушбу кеча Мажнундин назар топдим» деб бошланадиган ғазалини ўқиди.
Ғазал охирига етганда Бозор охунд ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Тўни қўйнидан катта қийиқчасини чиқариб, юз-кўзларини узоқ артди.
– Бобораҳим, — деди ниҳоят йиғламсираган товушда. – Сенга энди ўзга раҳбар керак. Қани, охирги байтингни яна бир қайтар-чи, бўтам.
Бобораҳим ўқиди:

– Нетай, зебо санам, жоноки, ҳеч ким раҳбар бўлмас,
Адаштим, йўл йитирдим, не паёму не хабар топдим…

– Ана! Ана! – деди узун қўлларини олдинга чўзиб Бозор охунд. – Ёлғиз раҳбар Яратганнинг ўзидир. Лекин Ғаззолий ривоятида айтилгандай Яратганнинг йўли бандаларининг кўнгилларидан ўтади: бўтам, Бобораҳим! Сен эмди бизнинг қўлимиздан ва ихтиёримиздан чиқдинг. Сен эмди дунёга сиғмайсан. Бўтам, сенинг рамузинг йўлдир. Яна Мажнундир. Яна валий Мансурдир… Сен доим йўллар ва манзилларни қидириб ўтасан. Сен Яратганнинг ҳақиқатини қидирасан. Уни қидириб сен оламнинг хасталигини ўз бўйнингга олажаксан. Ўзингни дардмандларча балогардон қилурсан. Лекин унгача ҳали анча вақт бор. Кўп ўтмай Савр кирар. Мулки Қашқарга карвон боражак. Сен шу карвон била жўнайсан, бўтам. Эмди Оппоқ Хожам ҳазратига юкинурсан. Дардингга шояд ул зоти бобаракотдин чора топурсан. Лекин… боягина абётда ушбу кеча Мажнундин назар топдим, дедингким, ул недир?

Бобораҳим сўйлагали оғиз жуфтлади. Лекин пирга шогирдлар олдида туш айтиб ўтириш болаликдай туюлишини англади.
– Мажнун хаёли мени таъқиб этаётир, пирим, – дея олди у.

Ўша йили Савр ойи у катта карвон билан Қўқон, Андижон, Ўш, Саритош орқали Улуғчот довонидан ўтиб Қашқарга келди. Музли тоғларнинг буюк ҳайбатини кўрди. Бобораҳим қўрқув ҳисси нималигини билмасди. Ғоятда чайир, кучли йигит бўла бошлаган эди. Улуғчотга не машаққат билан кўтарилганларида Бобораҳим бу ақл бовар қилмас ҳайбат ўтрусида бирдан ўзини овози бутун туркий элларни тутган сарбаланд шоир деб тасаввур қилди.

Мана, иккинчи йилга қараб тортди унинг Қашқар таҳсили. Пир гоҳ ҳуд, гоҳ беҳуд. Замоннинг ўткинчи ишларига кўп бош қўшадир. Муридларни ҳали ёш деб йилқига жўнатадир. Лекин назари ўткир. Унинг кўзидан ҳеч нарса қочиб қутулмайди. Бобораҳимга кўп илтифотлар қиладир. Унинг абётларин савол-жавоб кезлари атай ўқиттириб, мунг ила қулоқ осадир.
– Бўтам, абётларингни шўх ва мунглиғ ёзасан. Битикларингда Худонинг тўғри йўлини кидирасан. Фақат кўрқаменки, исёнларингда ифрот жўшқинлик бор. Андин ўзингни барк тутгил.

Бир кез Хожам илтифот айлаб, Бобораҳим бир тур янги битган ғазалларидан ўқиганда, унга янги чакмон тўн, бир хачир ва бир ғоятда нафис ясалган танбур тортиқ қилди.
– Ҳақиқат майидан доим масту мустағриқ бўлиб юргайсан. Абётингни эмди Машраб исми бирлан битгил, – деб оқ фотиҳа берган ва барча муриду уламолар бунга омин деган эдилар.

Ўшандан бери Бобораҳим таҳсилдан озод чоғлари Қашқарнинг машҳур созандаларига қўшилиб мақом йўлларини ўрганди. Ажабки, у мақомларни жуда тез ўзлаштириб олди. Мақом куйларини қанча севиб чалса, дилида ғазаллар шунча жўшиб, лаззатли титроқлар ичида қуюлиб келарди. У оз вақт ичида най ва уд чалишни ҳам хўб ўрганиб олди. Созандалар унинг кўп ғазаллари, мухаммаслари, мустазодларини мақом куйларига солиб айта бошладилар. Бу оташин ғазаллар шўх-шан Қашқар элида ва ундан ўтиб бутун Фарғонаю Шошда шуҳрат тутди.

Бобораҳим қизил олма тагида танбурни олма шохига илиб қўйганча узоқ хаёлга толиб ўтирди.

Сўнг олмаларни тўкиб юбормаслик учун шохларга авайлаб оёқ қўйиб, дарахт тепасига кўтарилди. Энг юқори айри шохга ўрнашиб, тепадаги баайни лоладай қизариб пишган нақш олмаларни саватга тера бошлади. Бирпасда сават қизил олмаларга тўлди. Дарахт устида олманинг ҳиди янада ўткирроқ, янада муаттарроқ эди. У пастга тушмоқчи бўлиб турган эди, шу тоб яқин ўртада жийдазор ва теракзор томондан булбулнинг жарангдор чахчахлаган овози эшитилди. Бобораҳим ўзича мақомларни булбул яратган, одамга уларни чалишни булбул ўргатган деб юрарди. Боғнинг жимжитлигида булбулнинг хониши шу қадар теран янграр эдики, гўё оламда шу жигарсўхта куйдан ўзга ғам, ўзга шодлик, ўзга ўйин йўқдай эди. Бобораҳим кўзларини юмди ва аста оёғи турган айри шохга ўтирди. Шохлар орасига яхшилаб ўрнашгач, у кўзини чирт юмган кўйи ўзини сайраётган булбул ўрнида тасаввур қила бошлади. Бобораҳим ўзини ўзи севган нарсалар ичида ёки ўзини уларнинг ўрнига қўйиб тасаввур қилиш ва хаёлида тасаввурининг сувратларини чизишни жуда ёқтирарди. У шу тобда дилини булбулга кўчирдию, шу билан бор дунёни унутди. Билмайди шу алфозда дарахт тепасида қанча ўтирди. Бир замон оёғи остида олма тагида недир тингир-тингир қилаётганини ва бу товуш борган сайин булбул сайроғини босиб кетаётганлигини ҳис қилди. Бобораҳим ҳуши ўзига келиб пастга қаради. Пастда қизил рўмол ўраган, қизил нимча ва қизил кўйлак кийган ўн беш ёшлардаги бир қиз унинг танбурини шохдан олиб ҳавас билан оҳиста чертарди. Бобораҳим шарпа берди. Қиз унинг шарпасини дарҳол сезди. Бошини кўтариб шохлар оралаб дарахт тепасига қаради. Унинг катта-катта қора қийиқ кўзларида алланима йилт этиб кетди.

– Муллака, бизнинг саватимизни ҳам қизил олмангизга тўлдириб бермайсизми? Ойимлар олма тилашяпту.
– Ҳозир, ҳозир, бош устига, – деди Бобораҳим ва ўнг қўлини қоши устига қўйди. Сўнг олма шохларини ларзон қилмаслик учун оҳиста пастга тушди. Қўлидаги олма тўла саватни ерга қўйди ва қизнинг рангин чўплардан чиройли ясалган саватини олиб яна олма устига кўтарилди. Саватни бир зумда сара олмаларга тўлдирди.
– Бу танбур сизникими, муллака? Танбурингиз чиройли экан.

Қиз йигитнинг жавобини кутмай саватни қўлига олди ва аста ариқ бўйлаб юра бошлади. Саватни эшиккача элтиб берай, қийналади, – деб ўйлади Бобораҳим ва қанчалик қисинмасин, қиз ортидан юриб саватни унинг қўлидан олди. Қиз ортиқча эътироз билдириб ўтирмади.
– Муллака, сизни Намангандан келган дейишади, тўғрими? – у яна саволига жавоб кутиб ўтирмай сўзлай бошлади: – Мен эса Ўшдан келганман. Отам мени пиримга назир қилган. Икки йилдан ошди бу даргоҳга келганимга… Сизни қирда лола сайлида кўрганман. Кўп ғазал айтишган эдингиз.

Бобораҳим қизлар билан сира гаплашиб ўрганмаган. Лекин пирининг чўри ва канизаклари бемалол, эркин юришади. Уларни ҳар куни юмуш юзасидан кўради. Лекин бу шу қадар одамга ёқадиган саволлар берадиган ширин тил қизни биринчи кўриши.
– Муллака, нега сизни девона деб чақиришади? Ҳечам девонага ўхшамайсиз-ку?
Бобораҳимнинг жавобини кутиб ўтирмай ўзи жавоб беради:
– Девоналар яхшими? Девона эмасларми?

Яна ўзи жавоб беради:
– Менга қолса, девоналар яхши.
Улар кунжакдаги аҳли аёл истиқомат қиладиган ҳашаматли иморатлар қатор-қатор жойлашган чиройли ҳовлига қарата очилган боғ эшикка етиб келдилар. Бобораҳим саватни қизнинг қўлига тутқазди. Шунда қўли оловга нохос тегиб кетгандай жазиллади ва дарҳол қўлини тортиб олди. Ва шитоб билан боғ ичкарисига кириб кетди.

Бобораҳим дош беролмади.
Боя олма тепасида туриб қизнинг юзини кўрганда, унинг икки ёноғи бениҳоя нафис ясалган кўзача каби ўта нозик чизиқча ҳосил қилганини кўрган ва юраги ногаҳон титраб кетганди. Ҳозир, мана саватни унинг қўлига тутқазаётиб яна ногоҳ унинг чеҳрасига кўз қирини бир зум ташлади ва бу оқ-сариққа мойил қирғизчароқ чеҳра дунёдаги барча энг нафис кўзачалардан ҳам гўзалроқ ва оташинроқ эканлигини кўрди. «Садбарг… сариқ садбарг…» – хаёлидан ўтказди у. Зумда онасини эслади ва кўз ўнгига келтирди. У қизни шу заҳоти, шу тобда яна кўргиси келди. Унинг лоларуҳ юзига тўйиб-тўйиб қарагиси келди. «Онамнинг иси келаётир, – деб ўйлади у. – Онамнинг иси келаётир… Ўзинг кечир, раббимо».

У гўзал нарсаларни кўрса, титраб дунёга сиғмай кетарди.
Бобораҳим яна ўзининг ҳеч қаерга сиғмай бораётганини ҳис қилди. Бу тароватли олмазор, бу қушлар хониши, бу Кубро, Ғаззолий ва Аттор ҳақидаги савол-жавоблар – ҳамма-ҳаммаси ҳеч нарсага кераксиз, арзимас ақл ўйинлари бўлиб, инжиқлик, сохтакорлик бўлиб туюлди унга.

Эртага у пирнинг кўзига қаролмайди. Нигоҳига дош беролмайди. Эртага у пирга боғланиб ўтиролмайди.

Йўқ-йўқ, кетмоқ керак. У йўлларга ғазаллар айтади. Тунлар оқ теракларнинг устига чиқиб тўлган ойга қараб ҳеч тўхтамай байтлар ўқийди. Дунёнинг барча байтларини ойга айтади. Вайроналарга айтади у ғазалларини, вайроналарда «хийп-хийп» деб улаётган чуғзлар билан баравар маснавийлар ўқийди. У ўзи каби дардмандлар ва жигар-бағри куйганларни ахтаради. Улар билан дунё боғининг йўлларини кезади. Уни бекор девона демайдилар. У йўлларнинг девонаси. Йўлларга, самоларга тинмай ўқилатурғон маснавийлар – мунглиқ байтлар девонаси.

Бобораҳим шу куни ва яна бир неча кун ўзидан-ўзи «Кўрдим юзунгни…» деб тўхтовсиз такрорлаб юрди. Сўнг бирдан қизилга бурканган ва унинг олдида бирпас қизил капалакдай парвоз қилиб борган, ҳавойи, эркин қизнинг: «Девонамисиз?» – деб сўраганини эслади. «Ҳа, девонаман, девонаман, девонаман», деб қайтараверди. «Сен ахир девоналарни яхши кўрасан-ку…» Сўнг тунда танбур машқ қилиб ўтириб, бирдан сўзлар ўз-ўзидан қуюлиб келди:

– Кўрдум юзунгни девона бўлдум…

Шу кеча Бобораҳим яна Мажнунни туш кўрди. Мажнуннинг юзи икки кўзачага ўхшарди. У кўзаларга Мажнун кўзларидан ёш қуюлиб оқар, кўзачалар тўлиб-тошиб тинимсиз Мажнун кўксига шовуллаб оқарди. Мажнун баланд қир устида ўтирар, унинг орқасида худди Бобораҳимникига ўхшаш йилқичиларнинг кўк ўтови қурилган эди. Мажнун ўтовга қарамас, оёғидан минг тешик бўлиб кетган чориғини ечиб ҳадеб ерга уриб қоқар-ди. Чориқ ичидан ҳеч нарса тушмасди. Лекин Мажнун йиртиқ чориқ ичига гўё саҳроларнинг қумлари тўлгандай уни тўхтовсиз ерга уриб қоқарди. Йиртиқ чориғини ерга уриб қоқаётган Мажнун Бобораҳимнинг хаёлига қаттиқ ўрнашиб қолди. Кейин Бобораҳим яна бир туш кўрди. Унда Мажнун ўша йиртиқ чориғини Бобораҳимга берди. Бобораҳим шу заҳоти уни чўлларда ёрилиб кетган оёғига кийиб олди.

Неча замонлар ўтиб Бобораҳим бу чориқни Балхда дор тагида чўнқайиб ерга қоқиб ўтирди. Чориқ энди илма-тешик бўлиб кетган, лекин ҳали кийса бўларди…

 

011 Ibrohim G’afurov
BOBORAHIMNING SARIQ GULLARI
05

Ibrohim G’afurov — Sharq klassik adabiyoti va o’zbek adabiyoti tarixining bilimdoni. Sharq klassik adabiyoti umrboqiy g’oyalarga, betakror nafislik va ma’naviy ulug’lik namunalariga to’la; o’zbek adabiyoti tarixini bilmay, sevmay esa tilda kashfiyot qilish mushkul. “Uyqumni o’chirdi ruhiyat hazratlari, — deb yozadi adib. — Hushimni o’chirdi alarning haybatlari qulf urgan g’ayratlari…” Tanish hol. Uyquni o’chirgan so’z hazratlaridir. Shuning uchun adib asarlarida Gushtasp, Zardo’sht, Tabariy, Umar Xayyom, Xalloj, Abul Husayn, Rumiy, G’azzoliy, Navoiy, Bobur, Mashrab, Cho’lpon, Abdulla Qodiriy, Abdulla Qahhor, ustozlar — Ozod Sharofiddinov va G’aybulloh as-Salom so’zlaydi.

05

077Yozning boshlarida bog’ning ayog’dagi qizil janoqi olmalar pishdi. Xojam garchi nafsiga bandilikdan qutilgan bo’lsada, lekin bu qizil olmalarning pishishini sabirsizlik bilan kutadi. Nechukdir ularni yolg’iz Boborahimga terdiradi. Boborahimdan o’zganing qo’li tekkan olmani emaydi. Shuning uchun savr oyi o’tgach, Boborahimni yilqidan ozod qiladi va uni tahsilga o’tqazadi. Boborahim tahsil va zikirdan holi bo’lgan kezlari boqqa chiqib ketadi. Bog’ juda katta, poyoni yoq. Bog’ni bir qulochdan mo’lroq tezoqar ariq aylanib o’tadi. Bog’ning old tomonida ikki ulug’ ko’shk va ikki baland supa va supalar yonida ikki ko’k hovuz bor. Bog’ga xizmatkorlar, bog’bon, chopon-cho’liq turadigan ulkan hovlidan o’tib kiriladi. Hovli karvonsaroyga tutash. Karvonsaroyning kunbotar tomoniga esa baland va ulug’ o’ymakor masjid tushgan. Masjidning ro’parasida oq toshlardan solingan ko’rkam xonaqoh. Xonaqohning kunchiqarga qaratilgan keng hovlisiga qator-qator qilib anor va anjirlar ekilgan. Anorlarning ham anjirlarning ham bargidan hosili ko’p. Ana shu anjirzor bog’chaning etagida mullavachcha va shogirdlar pirdan tahsil oladilar. Tahsilxona deganimiz baland bahavo ayvon va ayvonning ichkarisida yuz chog’lik odam bemalol joylashadigan jamoatxona, ya’ni bizningcha zal. Ayvonga ham , jamoathonaga ham bir necha qavatli qilib qip-qizil gilamlar to’shalgan. Bunda dunyoning turli chekkalaridan kelgan o’z ixtiyori bilan Xojamga muridlik yo’lini tutgan yuzdan ortiq mullavachchalar tahsil ko’radilar. Ular fiqh, tasavvuf, falakkiyot va tibbiyotga oid bilimlarni mustaqil o’zlashtiradilar. Xojam har hafta uch kun shogirdlari bilan savol-javob qiladilar. Ikki kun savol-javoblardan so’ng suluk xususida va’z aytadilar. Haftaning qolgan uch kuni muridlar qal’a va uning atroflaridagi uzoq-yaqin qishloqlarda qalandarlik qiladilar. Zikir tushib xalqni jabbori olamning adolati va hukmidan ogoh etadilar.

Bugun payshanba ertalabgi savol-javobdan so’ng Xojam Boborahimni imlab huzurlariga chorladilar-da, bog’dagi qizil olma yetilgandir, bo’tam , javzo zabtiga oladur. Terib chiqqil, — dedilar.

Boborahim ikki qo’lini qoshiga tekkizdi va qulliq qilib tashqariga chiqdi.

Boborahim bog’ga tutash solingan uydagi o’ziga ajratilgan alohida xujrasiga kirdi. Bir zum unutgan narsasini eslamoqchi bo’lganday uy o’rtasida serrayib turib qoldi. Yana qulog’gda o’sha sirli tovush: Ting! Ting! Icholing! Icholing! Icholing bodani gullar so’liyur… Umrimiz! Umrimiz! Umrimiz oqibat tuproq bo’liyur… Kim, kim aytgan buni? Nega necha kundirki dilimni, tilimni yoqadi bu so’zlar?

Boborahimning xayoli birdan yorishdi. Unitgan narsasini esladi. Boqqa tanburni olib chiqmoqchi edi. U savat va tanburni ko’tarib hujradan chiqdi.

Ariq yoqalab ancha yurgach , bog’ etagiga tushdi. Bu yer xilvat va g’oyat so’lim. Ariq labidagi qator janoqi olmalar haqiqatan ham qizarib pishgan, hatto tagiga ham tusha boshlagan edi. Atrofni juda nafis olma hidi tutib ketgandi. Bir zumda bu muattar hid Boborahimni mast qildi. Uning boshi aylanib ketdi. U holsizlanib ariq bo’yiga olma tupiga yelkasini suyab o’tirdi. Olmazorning pasti jiydazor keta-ketguncha. Jiydazor esa ko’z ilg’amas olislarda oq teraklarga ulanib ketadi. Jiydazor va oq teraklar shunchalar quyuqki, ulardan atrofga allaqanday ifodalab bo’lmaydiganbir yog’du taraladi. Balki shuning uchun bu yerni Yog’adu deydilar! – xayolidan o’tkazdi Boborahim. Yog’adu! Yog’adu! Yog’adu! Hoy, Yog’adu! Voy, Yog’adu — deb takrorlay boshladi u tili va tanglayiga bu so’z juda tatti tuyulib. U hayron bo’ladi: doim tilga tong azondan qandaydir bir so’z, ibora yoki jumla shunday o’rnashib keladi-da, so’ng xaftalar bu so’z yoki jumlani to’xtovsiz va duch kelgan yerda takrorlayveradi. Biron haftalar bu so’z uni holi-joniga qo’ymaydi. Tinmay tiliga qalqib chiqadi. Ma’lum bir ohangda takrorlanaveradi. Ba’zan pir bilan savol javob kezlari ular beixtiyor og’izdan chiqib ketadi. Barcha uning og’ziga hayron bo’lib tikiladi. Xojam o’ziga xos yumshoqlik bilan:
– Bo’tam?.. – deydi savolomuz.
– Hech… – deydi hijolat chekib Boborahim. – Ma’zur ko’ringiz, tahsir, bexoslik…
– Bexos narsalar ham o’z o’rnida xosdur! – deydi Xojam. Bobrahim boshini egadi. Xojam yana Abulhamid G’azzoliyning Bayonlarini sharhlashga tushadilar.

Abulhamid G’azzoliy haqida Boborahim ilk bora marhamatli piri Bozor oxunddan Namanganda eshitgan. Bozor oxundni eslab Boborahimning ko’ngli buzildi. Namangan, Qo’qon, ota qishlog’i Andugonni esladi. Qaydaxovv? Qayda, u ota yurtlar! Negadir yuragi qattiq siqildi. Bir oydan beri bu yerda o’zini qo’ygani joy topaolmaydi. U o’zining bir yerda uzoq turolmasligini biladi. Jannat bo’lsin, Makka bo’lsin, Madina bo’lsin, Quddus bo’lsin, yo’q, uzoq turolmaydi. Uning yuragining rishtalari bir joyga bog’langan emas. Uning yuragining rishtalari butun olamga, rub’yi maskuning barcha nuqtalariga tortilgan. Rishtalar tortilgan yerlarga bormaguncha va u yerlarda Adolatning kalomini aytmaguncha, u yerlardan o’tgan ulug’larni yod etmaguncha uning yuragi tinchimaydi, joni oram istamaydi. Bo’lmasa, Xojamning bog’u bog’otlari, Qashqar, Yorkand, o, Xo’tanning qiru adirlari jannatdan kammi? Jannat shu! Jannat shu! Lekin menga jannat kerakmi? Men jannat qidiraymi? Dardmanlardan yuz o’girib xonaqohning salqin puchmoqlarida tilovatga berilib o’tiraymi? Aytmoqchi, Bozor pirim …Ko’zlari yoshli Bozor pirim… Boborahimning xayolxonasida shu top bir voqea yarq etib ko’rindi.

O’sha kuni Bozor pirimni G’azzoliy «Ihyo»sining Muhabbat, mahzunlik, shodlik va barokat bobini uzoq tushuntirdilar. Muhabbat faqat Hudoga chindur, dedilar va G’azzoliy Bayonidan bir rivoyat keltirdilar. Parvardigori olam Musoga qarab aytdi: «Men kasal bo’ldim, sen kelib meni ko’rmading». Muso dedi: «Qanday qilib, yo Rahmon?» Parvardigori olam aytdi: «Mening bandam falon kas og’ir yotib qoldi, sen esa uni borib ko’rmading. Agar uni borib ko’rganingda, meni o’sha yerdan topgan bo’larding»… Bozor pirim rivoyatning oxirini aytdi-yu, oh deb o’tirgan yerida yoniga quladi. Barcha shogirdlar avval angrayib qoldilar. So’ng uch kishi shahd o’rnidan turdi. Pirimni suyab o’tirdilar. Kimdir muzday suv keltirdi. Ro’molni ho’llab uning boshiga bostirdilar. Bozor oxund bir oz o’tgach, o’ziga kelib ko’zini ochdi:
– Ana jamol! Ana jamol, bolalarim! – dedi u.
So’ng aytgan so’zidan quvvat oldimi, turib o’tirdi. Qaddini rostladi. Ko’zyoshlarini artdi.
– Boborahim! – dedi. – Kel, munda o’ltir! – u Boborahimni yoniga chaqirdi. Boborahimdan o’zga hech kimga u bunday iltifot ko’rsatmas edi. Boborahim oldingi qatordan turib pirining yoniga ohista cho’kdi.

– O’qi! – dedi pir.

Boborahim ikki qo’lini ikki qoshiga qo’ydi. O’rnidan turib piriga ta’zim qildi, so’ng o’zi kabi mullavachchalarga yengil egilib qulluq ado etdi. So’ng pir ko’rsatgan yerga yana cho’kdi. Ko’zlarini yumdi va boshladi.

Boborahim bir o’qishga tushsa, to’xtatmasdan soatlab o’qirdi. Hazrat Navoiydan boshlab, Lutfiyga, undan hazrat Atoyi va Sakkokiyga, ulardan Oq saroy va Ko’k saroy shoirlariga, ulardan Rumiy, Nasimiy, Jomiy, Dehlaviyga o’tardi. Sa’diy va Hofiz devonlarini, «Shohnoma», Navoiy Xamsasini yoddan bilardi va hech tutilmay yod aytardi. U o’qiganda hamma tang qotib qolardi. Ovozida allaqanday kishi ruhini butunlay rom qiladigan shira paydo bo’lardi. Lekin odatiy so’zlashganda, juda oddiy, g’oyat ohista so’ylar, lekin so’zlarni dona-dona qilib, chertib aytar va shuning uchun har qancha sekin so’ylaganda ham albatta, tinglovchi uni aniq-ravshan eshitardi.

Boborahim o’zi bilmasdi. Lekin har bir shoirning g’azalini alohida faqat shu g’azalga yarashadigan va shu g’azalning yashirin mohiyatini ochadigan bir ohang bilan o’qirdi. Ayniqsa, Navoiy va Sa’diy g’azallarini o’qiganda, uning tovushi favqulodda sehrli unga aylanardi. Odamlar oh-voh qilib o’rinlaridan tura boshlar, boshlari, yelkalari, butun vujudlarini shu g’alati ohang yo’liga solib tebrana ketardilar. Boborahim oxirida o’z g’azallarini o’qirdi. Daryo daryoga qo’shilganday uning g’azallari ulug’larning abyotlariga uyg’un va teran bir oqimda qo’shilib ketar, nimasi bilandir ularni to’ldirar va nimalari bilandir ularni davom ettirar, allaqaysi tomonlari bilan ularning barchalaridan ajralib turardi. U paytlar hali Boborahim g’azallariga ismini qo’ymasdi. Lekin tinglovchilar baribir allaqanday o’ziga xoslikdan Boborahimning she’rini ajratib olardilar.

Bu g’azallarning ko’pini u otasi bilan uzoq qish kechalari issiq tancha chetida o’tirib yod olgan edi. Otasi eski devonlarni avaylab varaqlab xasta tovushda o’qirkan, Boborahim ro’baro’sida o’tirgan onasining chehrasiga tikilar, onasining g’oyat nafis yuz chiziqlariga mahliyo bo’lar, bu go’zal chiziqlar g’azalning shikasta ohanglariga qo’shilib uning behad o’tkir hofizasiga beto’xtov naqshlanib borardi. Nazarida bu g’azallarning bari onasi haqida aytilganday edi. Boborahim onasining chehrasiga suyub qarab, unda juda ko’p g’alati kashfiyotlar qilardi. Onasining ikki yonog’i shunchalar chiroyli ediki, ular xuddi behad nozik ishlangan chiniy ko’zachalarga o’xshab ketardi. Bu ko’zachalar doim ko’z degan buloqning yonida turardi va u ko’zlarga tengsiz bir tilsim bag’ishlardi. Onasining juda nozik sarg’ish oppoq yuzini u sariq sadbarg gulga o’xshatardi. U har qachon va har qayda g’azal o’qisa, virdi zabon qilsa, ko’z o’ngiga onasini, onasining yonog’idagi ikki nafis ko’zachani keltirar va shundan dilining tubida ifoda qilib bo’lmas bir sehrli ovoz dunyoga kelardi.

– Jadiy oxirlab, Dalv kira boshlagan qish chog’larida kechasi bilan gupillatib qor yog’adi. Atrof qor yog’dulariga to’ladi. Qor to’piqdan ko’tarilgach, u tinadi. Osmon charaqlab ochiladi. Yulduzlar tiniq porlaydi. Mana shunday yulduz porlagan Jadiy kechalarida ko’kka o’ynagani parilar chiqishadi, – deb ertak aytardi unga onasi. – Ular yulduzlarning shu’lalariga qarab tinimsiz xandon otib kuladilar. Shunda ularning ko’kraklaridan jaranglab durlar sochiladi. Bu durlar yerga to’kilmaydi. Balki odam bo’yi baravar ko’kda muallaq osilib qoladi. U durlar ko’zga ko’rinmaydi. Faqat ko’zi va dili eng toza odamgina u durlarni payqaydi. Ko’zing va dilingni doim toza tut, Rahimjon, o’g’lim. Ko’kdan yog’ilgan pari durlarni ko’rish senga nasib bo’lgay. Ular dilingga o’rnashgay.

Bir kuni Bozor oxund qoshida ilk marotaba «Birodarlar, men ushbu kecha Majnundin nazar topdim» deb boshlanadigan g’azalini o’qidi.  G’azal oxiriga yetganda Bozor oxund ho’ng-ho’ng yig’ladi. To’ni qo’ynidan katta qiyiqchasini chiqarib, yuz-ko’zlarini uzoq artdi.
– Boborahim, — dedi nihoyat yig’lamsiragan tovushda. – Senga endi o’zga rahbar kerak. Qani, oxirgi baytingni yana bir qaytar-chi, bo’tam.
Boborahim o’qidi:

– Netay, zebo sanam, jonoki, hech kim rahbar bo’lmas,
Adashtim, yo’l yitirdim, ne payomu ne xabar topdim…

– Ana! Ana! – dedi uzun qo’llarini oldinga cho’zib Bozor oxund. – Yolg’iz rahbar Yaratganning o’zidir. Lekin G’azzoliy rivoyatida aytilganday Yaratganning yo’li bandalarining ko’ngillaridan o’tadi: bo’tam, Boborahim! Sen emdi bizning qo’limizdan va ixtiyorimizdan chiqding. Sen emdi dunyoga sig’maysan. Bo’tam, sening ramuzing yo’ldir. Yana Majnundir. Yana valiy Mansurdir… Sen doim yo’llar va manzillarni qidirib o’tasan. Sen Yaratganning haqiqatini qidirasan. Uni qidirib sen olamning xastaligini o’z bo’yningga olajaksan. O’zingni dardmandlarcha balogardon qilursan. Lekin ungacha hali ancha vaqt bor. Ko’p o’tmay Savr kirar. Mulki Qashqarga karvon borajak. Sen shu karvon bila jo’naysan, bo’tam. Emdi Oppoq Xojam hazratiga yukinursan. Dardingga shoyad ul zoti bobarakotdin chora topursan. Lekin… boyagina abyotda ushbu kecha Majnundin nazar topdim, dedingkim, ul nedir?

Boborahim so’ylagali og’iz juftladi. Lekin pirga shogirdlar oldida tush aytib o’tirish bolalikday tuyulishini angladi.
– Majnun xayoli meni ta’qib etayotir, pirim, – deya oldi u.

O’sha yili Savr oyi u katta karvon bilan Qo’qon, Andijon, O’sh, Saritosh orqali Ulug’chot dovonidan o’tib Qashqarga keldi. Muzli tog’larning buyuk haybatini ko’rdi. Boborahim qo’rquv hissi nimaligini bilmasdi. G’oyatda chayir, kuchli yigit bo’la boshlagan edi. Ulug’chotga ne mashaqqat bilan ko’tarilganlarida Boborahim bu aql bovar qilmas haybat o’trusida birdan o’zini ovozi butun turkiy ellarni tutgan sarbaland shoir deb tasavvur qildi.

Mana, ikkinchi yilga qarab tortdi uning Qashqar tahsili. Pir goh hud, goh behud. Zamonning o’tkinchi ishlariga ko’p bosh qo’shadir. Muridlarni hali yosh deb yilqiga jo’natadir. Lekin nazari o’tkir. Uning ko’zidan hech narsa qochib qutulmaydi. Boborahimga ko’p iltifotlar qiladir. Uning abyotlarin savol-javob kezlari atay o’qittirib, mung ila quloq osadir.
– Bo’tam, abyotlaringni sho’x va munglig’ yozasan. Bitiklaringda Xudoning to’g’ri yo’lini kidirasan. Faqat ko’rqamenki, isyonlaringda ifrot jo’shqinlik bor. Andin o’zingni bark tutgil.

Bir kez Xojam iltifot aylab, Boborahim bir tur yangi bitgan g’azallaridan o’qiganda, unga yangi chakmon to’n, bir xachir va bir g’oyatda nafis yasalgan tanbur tortiq qildi.
– Haqiqat mayidan doim mastu mustag’riq bo’lib yurgaysan. Abyotingni emdi Mashrab ismi birlan bitgil, – deb oq fotiha bergan va
barcha muridu ulamolar bunga omin degan edilar.

O’shandan beri Boborahim tahsildan ozod chog’lari Qashqarning mashhur sozandalariga qo’shilib maqom yo’llarini o’rgandi. Ajabki, u maqomlarni juda tez o’zlashtirib oldi. Maqom kuylarini qancha sevib chalsa, dilida g’azallar shuncha jo’shib, lazzatli titroqlar ichida quyulib kelardi. U oz vaqt ichida nay va ud chalishni ham xo’b o’rganib oldi. Sozandalar uning ko’p g’azallari, muxammaslari, mustazodlarini maqom kuylariga solib ayta boshladilar. Bu otashin g’azallar sho’x-shan Qashqar elida va undan o’tib butun Farg’onayu Shoshda shuhrat tutdi.

Boborahim qizil olma tagida tanburni olma shoxiga ilib qo’ygancha uzoq xayolga tolib o’tirdi.

So’ng olmalarni to’kib yubormaslik uchun shoxlarga avaylab oyoq qo’yib, daraxt tepasiga ko’tarildi. Eng
yuqori ayri shoxga o’rnashib, tepadagi baayni loladay qizarib pishgan naqsh olmalarni savatga tera boshladi. Birpasda savat qizil olmalarga to’ldi. Daraxt ustida olmaning hidi yanada o’tkirroq, yanada muattarroq edi. U pastga tushmoqchi bo’lib turgan edi, shu tob yaqin o’rtada jiydazor va terakzor tomondan bulbulning jarangdor chaxchaxlagan ovozi eshitildi. Boborahim o’zicha maqomlarni bulbul yaratgan, odamga ularni chalishni bulbul o’rgatgan deb yurardi. Bog’ning jimjitligida bulbulning xonishi shu qadar teran yangrar ediki, go’yo olamda shu jigarso’xta kuydan o’zga g’am, o’zga shodlik, o’zga o’yin yo’qday edi. Boborahim ko’zlarini yumdi va asta oyog’i turgan ayri shoxga o’tirdi. Shoxlar orasiga yaxshilab o’rnashgach, u ko’zini chirt yumgan ko’yi o’zini sayrayotgan bulbul o’rnida tasavvur qila boshladi. Boborahim o’zini o’zi sevgan narsalar ichida yoki o’zini ularning o’rniga qo’yib tasavvur qilish va xayo
lida tasavvurining suvratlarini chizishni juda yoqtirardi. U shu tobda dilini bulbulga ko’chirdiyu, shu bilan bor dunyoni unutdi. Bilmaydi shu alfozda daraxt tepasida qancha o’tirdi. Bir zamon oyog’i ostida olma tagida nedir tingir-tingir qilayotganini va bu tovush borgan sayin bulbul sayrog’ini bosib ketayotganligini his qildi. Boborahim hushi o’ziga kelib pastga qaradi. Pastda qizil ro’mol o’ragan, qizil nimcha va qizil ko’ylak kiygan o’n besh yoshlardagi bir qiz uning tanburini shoxdan olib havas bilan ohista chertardi. Boborahim sharpa berdi. Qiz uning sharpasini darhol sezdi. Boshini ko’tarib shoxlar oralab daraxt tepasiga qaradi. Uning katta-katta qora qiyiq ko’zlarida allanima yilt etib ketdi.

– Mullaka, bizning savatimizni ham qizil olmangizga to’ldirib bermaysizmi? Oyimlar olma tilashyaptu.
– Hozir, hozir, bosh ustiga, – dedi Boborahim va o’ng qo’lini qoshi ustiga qo’ydi. So’ng olma shoxlarini larzon qilmaslik uchun ohista pastga tushdi. Qo’lidagi olma to’la savatni yerga qo’ydi va qizning rangin cho’plardan chiroyli yasalgan savatini olib yana olma ustiga ko’tarildi. Savatni bir zumda sara olmalarga to’ldirdi.
– Bu tanbur siznikimi, mullaka? Tanburingiz chiroyli ekan.

Qiz yigitning javobini kutmay savatni qo’liga oldi va asta ariq bo’ylab yura boshladi. Savatni eshikkacha eltib beray, qiynaladi, – deb o’yladi Boborahim va qanchalik qisinmasin, qiz ortidan yurib savatni uning qo’lidan oldi. Qiz ortiqcha e’tiroz bildirib o’tirmadi.
– Mullaka, sizni Namangandan kelgan deyishadi, to’g’rimi? – u yana savoliga javob kutib o’tirmay so’zlay boshladi: – Men esa O’shdan kelganman. Otam meni pirimga nazir qilgan. Ikki yildan oshdi bu dargohga kelganimga… Sizni qirda lola saylida ko’rganman. Ko’p g’azal aytishgan edingiz.

Boborahim qizlar bilan sira gaplashib o’rganmagan. Lekin pirining cho’ri va kanizaklari bemalol, erkin yurishadi. Ularni har kuni yumush yuzasidan ko’radi. Lekin bu shu qadar odamga yoqadigan savollar beradigan shirin til qizni birinchi ko’rishi.
– Mullaka, nega sizni devona deb chaqirishadi? Hecham devonaga o’xshamaysiz-ku?
Boborahimning javobini kutib o’tirmay o’zi javob beradi:
– Devonalar yaxshimi? Devona emaslarmi?

Yana o’zi javob beradi:
– Menga qolsa, devonalar yaxshi.
Ular kunjakdagi ahli ayol istiqomat qiladigan hashamatli imoratlar qator-qator joylashgan chiroyli hovliga qarata ochilgan bog’ eshikka yetib keldilar. Boborahim savatni qizning qo’liga tutqazdi. Shunda qo’li olovga noxos tegib ketganday jazilladi va darhol qo’lini tortib oldi. Va shitob bilan bog’ ichkarisiga kirib ketdi.

Boborahim dosh berolmadi.
Boya olma tepasida turib qizning yuzini ko’rganda, uning ikki yonog’i benihoya nafis yasalgan ko’zacha kabi o’ta nozik chiziqcha hosil qilganini ko’rgan va yuragi nogahon titrab ketgandi. Hozir, mana savatni uning qo’liga tutqazayotib yana nogoh uning chehrasiga ko’z qirini bir zum tashladi va bu oq-sariqqa moyil qirg’izcharoq chehra dunyodagi barcha eng nafis ko’zachalardan ham go’zalroq va otashinroq ekanligini ko’rdi. «Sadbarg… sariq sadbarg…» – xayolidan o’tkazdi u. Zumda onasini esladi va ko’z o’ngiga keltirdi. U qizni shu zahoti, shu tobda yana ko’rgisi keldi. Uning lolaruh yuziga to’yib-to’yib qaragisi keldi. «Onamning isi kelayotir, – deb o’yladi u. – Onamning isi kelayotir… O’zing kechir, rabbimo».

U go’zal narsalarni ko’rsa, titrab dunyoga sig’may ketardi.
Boborahim yana o’zining hech qaerga sig’may borayotganini his qildi. Bu tarovatli olmazor, bu qushlar xonishi, bu Kubro, G’azzoliy va Attor haqidagi savol-javoblar – hamma-hammasi hech narsaga keraksiz, arzimas aql o’yinlari bo’lib, injiqlik, soxtakorlik bo’lib tuyuldi unga.

Ertaga u pirning ko’ziga qarolmaydi. Nigohiga dosh berolmaydi. Ertaga u pirga bog’lanib o’tirolmaydi.

Yo’q-yo’q, ketmoq kerak. U yo’llarga g’azallar aytadi. Tunlar oq teraklarning ustiga chiqib to’lgan oyga qarab hech to’xtamay baytlar o’qiydi. Dunyoning barcha baytlarini oyga aytadi. Vayronalarga aytadi u g’azallarini, vayronalarda «xiyp-xiyp» deb ulayotgan chug’zlar bilan baravar masnaviylar o’qiydi. U o’zi kabi dardmandlar va jigar-bag’ri kuyganlarni axtaradi. Ular bilan dunyo bog’ining yo’llarini kezadi. Uni bekor devona demaydilar. U yo’llarning devonasi. Yo’llarga, samolarga tinmay o’qilaturg’on masnaviylar – mungliq baytlar devonasi.

Boborahim shu kuni va yana bir necha kun o’zidan-o’zi «Ko’rdim yuzungni…» deb to’xtovsiz takrorlab yurdi. So’ng birdan qizilga burkangan va uning oldida birpas qizil kapalakday parvoz qilib borgan, havoyi, erkin qizning: «Devonamisiz?» – deb so’raganini esladi. «Ha, devonaman, devonaman, devonaman», deb qaytaraverdi. «Sen axir devonalarni yaxshi ko’rasan-ku…» So’ng tunda tanbur mashq qilib o’tirib, birdan so’zlar o’z-o’zidan quyulib keldi:

– Ko’rdum yuzungni devona bo’ldum…

Shu kecha Boborahim yana Majnunni tush ko’rdi. Majnunning yuzi ikki ko’zachaga o’xshardi. U ko’zalarga Majnun ko’zlaridan yosh quyulib oqar, ko’zachalar to’lib-toshib tinimsiz Majnun ko’ksiga shovullab oqardi. Majnun baland qir ustida o’tirar, uning orqasida xuddi Boborahimnikiga o’xshash yilqichilarning ko’k o’tovi qurilgan edi. Majnun o’tovga qaramas, oyog’idan ming teshik bo’lib ketgan chorig’ini yechib hadeb yerga urib qoqar-di. Choriq ichidan hech narsa tushmasdi. Lekin Majnun yirtiq choriq ichiga go’yo sahrolarning qumlari to’lganday uni to’xtovsiz yerga urib qoqardi. Yirtiq chorig’ini yerga urib qoqayotgan Majnun Boborahimning xayoliga qattiq o’rnashib qoldi. Keyin Boborahim yana bir tush ko’rdi. Unda Majnun o’sha yirtiq chorig’ini Boborahimga berdi. Boborahim shu zahoti uni cho’llarda yorilib ketgan oyog’iga kiyib oldi.

Necha zamonlar o’tib Boborahim bu choriqni Balxda dor tagida cho’nqayib yerga qoqib o’tirdi. Choriq endi ilma-teshik bo’lib ketgan, lekin hali kiysa bo’lardi…

011

(Tashriflar: umumiy 502, bugungi 1)

1 izoh

  1. men Ibrohim G’afurov tarjima qilgan Mangu qayliqni elektron variantini 10 kundan buyon qidiraman lekin faqatgina kitobning muqovasinigina topdim, xattoki Navoiy kutubonasida xam yo’q, agar yozuvchi yoki tarjimon kitobi kitobxonga tezroq yetib borishini istasa uni internetga yoki kutubxonalarga xam berishi kerak emasmi? chunki xozirgi kunda birinchi navbatda internetdan yoki kutubxonadan qidiramiz xar qanday kitobni. agar shu kabi ba’zi kitoblarni elektron variantini internetga joylashtirilsa yaxshi bo’lardi. raxmat

Izoh qoldiring