Бизнинг мақсадимиз ҳеч кимни ёмонотлиқ қилиш эмас, ниятимиз шуки, ҳозирги ва келажак авлод зулм системаси чинакам ижодкор ва олимлар бошига не кунларни солганини, одамларни бир-бирига ёв қилиб қўйганини билсин. Бундай даҳшатлар бошқа такрорланмасин! Тоталитар тузумнинг халқимиз ва маданиятимиз бошига солган кулфатлари ёдимиздан чиқмаслиги керак. Ва, энг муҳими, мустабид тузумнинг калтагига айланиб, улуғ сиймоларимиз ва маданий дурдоналаримиз бўйнига ташланиш иллатидан бир умрга халос бўлайлик.
Наим Каримов
«АЛПОМИШ»нинг ҚАТЛИ ОМ ЭТИЛИШИ
Ботирлар ҳақидаги эпик достонларнинг 6ири «Алпомиш»дир. Бу ажойиб достонда энг қадимги афсоналарнинг қаҳрамони бўлган Алпомишнинг ажойиб қаҳрамонликлари тасвирланади.
Ойбек
МУҚАДДИМА
Одамзод пайдо бўлганидан бери адолат ва ҳақиқат қарор топган жамиятни орзу қилиб келади. Ленин ва Сталин ўзлари пойдеворини қурган давлат ана шундай халқпарвар тузум деб одамзодни ишонтирмоқчи бўлдилар.
30-йилларнинг ўрталаридан бошлаб, шу мақсадда, Сулаймон Стальский — оддий халқ оқини «XX аср Ҳомери» деган унвон билан юритилди. Жамбул Жабоев эса Шарқ халқлари оғзаки ижодининг чўққиси сифатида баҳолана бошлади. Барча миллий республикаларда халқ оғзаки ижодини ўрганишга жадал киришилди. 1935 йилда «Калевала» карело-фин эпосининг биринчи, қисқартирилган нашри эълон қилинганининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Бундан илҳомланган Сталиннинг ватандошлари 1937 йил декабрда — Гуржистонда ҳам даҳшатли қатағон бўрони гурлаб ўтганига қарамай — муаллифи Шота Руставели деб белгиланган «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» эпосининг 750 йиллигини миллий байрам ўлароқ қайд этдилар. Орадан ярим йил ўтмай, зўрлик билан бирлаштирилган давлатнинг байроқдор халқи ҳам «Игорь лашкари жангномаси» яратилганига 750 йил тўлганини тантана қилди. 1939 йил сентябрида эса арманлар «Довуд Сосунли» эпосининг бунёд бўлганига минг йил тўлди, деб бутун дунёга жар солдилар. Ниҳоят, роса бир йилдан сўнг, уруш арафасида қалмоқ халқ эпоси «Жанғар»нинг 500 йиллиги Элистада ўтказилган катта маъракага боис бўлди.
Бу эпосларнинг яратилганига 500, 750, айниқса минг йил тўлганини тасдиқловчи бирор далил-ҳужжат йўқлигига қарамай, халқ ижодига нисбатан умумдавлат ва умумхалқ миқёсида бўлаётган эътибор социалистик тузумнинг чиндан ҳам халқпарвар ва маърифатпарварлигини намойиш эта бошлади. Шўролар ҳукумати ва Коммунистлар фирқасига эса худди шу нарса сув билан ҳаводек зарур эди.
Жаҳондаги энг қадимий маданиятга эга халқлар орасида, шубҳасиз, ўзбек халқи ҳам бўлиб, унинг бу борада фахрланиши учун асослар зиёда эди. Биргина «Гўрўғли» туркумига кирган халқ достонларининг сони қирққа яқинлиги ва уларнинг XVI—XVII асрларга мансублиги ўзбек халқ оғзаки ижодининг қадимийлиги ва бойлигини тасдиқловчи ёрқин мисолдир. Бу туркумга кирмаган халқ достонлари орасида эса «Алпомиш» эпосини энг қадимий деб ҳисоблаш ва унинг ёшини «Довуд Сосунли» билан тенг, деб белгилаш тўғри бўларди.
Усмон Юсупов бошчилик қилган Ўзбекистон Коммунистлар фирқаси ўша йилларда шўролар мамлакатида халқ ижодини тарғиб қилиш соҳасида олиб борилган тадбирлардан рағбатланиб, Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги билан биргаликда «Алпомиш»нинг минг йиллигини ҳам тантанали нишонлаш бўйича тараддуд ишларини бошлаб юборди. Ҳамид Олимжон 1938 йилда ўзбек фольклоршунослари қўлидаги «Алпомиш»нинг уч-тўрт нусхасини ўрганиб, Фозил Йўлдош ўғлидан ёзиб олинган нусхани айрчм қисқартишлар ва сўзбоши билан бирга 1939 йили эълон қилди. Шу даврдан эътиборан «Алпомиш», ўзбек халқининг мўътабар оғзаки ёдгорлиги сифатида мактаб ўқув дастурларига киритилди. Л. Пеньковский асарни рус тилига таржима қилишга киришди. «Алпомиш»нинг умумиттифоқ тўйига тайёргарликни жадаллаштириш ниятида бу хайрли юмўшга кейинчалик В. Державин билан А. Кочетков ҳам жалб этилдилар.
«Алпомиш»ни меҳр билан ўрганган Ҳамид Олимжон уни чоп этишдан мурод тўю тантаналар ўтказиш эмас, балки тилимиз ва адабиётимизнинг кейинги тараққиёти ва равнақи йўлида ундан фойдаланиш эканики биринчи бўлиб тушунди. У ўз сўзбошисида, чунончи, бундай сўзларни ёзди:
«Алпомиш» тил жиҳатидан ўзбек тилининг бутун бойлиги ва рангдорлигини акс эттиради. Достон ўзбек халқ тилининг қанчалик ширалик, қанчалик ихчам ва ўз ҳаётини ифода қилиш учун қанчалик мукаммал, бой эканини ҳам кўрсатади. Достонда турмушда учрайдиган энг оддий сўзлардан тортиб, биз учун нотаниш, лекин билишимиз зарур бўлган ҳарбий терминларгача мавжуд. Чорвачиликка оид терминлар ҳадсиз кўп. Буларни биз билмас эдик ва билмасдан туриб, ўзбек тилининг қашшоқлиги ҳақида ёлғон афсоналар ҳам тўқиб юрар эдик. «Алпомиш»да бу кунги адабий тилимиз, матбуот тили учун практик аҳамиятга эга бўлган сўзлар жуда кўпдир.
Ниҳоят, «Алпомиш» бизнинг ёзувчиларимиз учун ҳам катта аҳамиятга эгадир….
Бизнинг ёзувчиларимизга фольклорни билиш қанчалик зарур эканини «Алпомиш» кўрсатур. Ўзбек адабиётини юксалтириш, унинг тилини чин халқ тили қилиш, содда ва чуқур қилиш ва ниҳоят, умуман айтганда, ўзбек совет адабиётини чин маънода халқчил қилиш учун фольклорнинг аҳамияти буюк бўлур».
Ҳамид Олимжон сингари фидойи ўзбек зиёлиларининг «Алпомиш»нинг 1000 йиллигига боғлаган умидлари катта эди. Аммо Улуғ Ватан урушининг бошланиши билан бу умидларнинг рўёбга чиқиши дориломон замонларга қолди.
МАМЛАКАТ ИЧКАРИСИДАГИ «СОВУҚ УРУШ»
Собиқ шўролар мамлакати Ватан урушидан ғолиб бўлиб чиқди. Бироқ инсоният тарихидаги бу энг даҳшатли урушда шахсан Сталиннинг хатолари туфайли 40 миллионга яқин шўро халқининг ёстиғи қуриди. Шундай бўлса ҳам золим подшонинг ҳарбий «даҳо»си улуғ Ғалабанинг бирдан-бир омили деб эълон қилинди. Хорижий олам Сталин билан ҳисоблашадиган бўлди. Мамлакат ичкарисида эса Сталин номи илоҳийлаштйрилди. Бу воқеалар «халқлар доҳийсиининг руҳий оламида кескин ўзгаришларни келтириб чиқарди. У маданий ва маърифий даражаси ўртамиёна шахс бўлишига қарамай, ҳайбаракаллачиларнинг тинимсиз қарсаклари остида ўзини дунёдаги энг доно, энг ақл-заковатли, энг маърифатли ва энг юксак бадиий дид соҳиби деб ҳисоблади. Унинг «юксак дид»ига ўтирмаган санъат ва адабиёт намуналари зса ўз-ўзидан буржуа мафкурасига хизмат қилувчи, зарарли, ғоясиз, паст савияли асарлар деб ҳисобланди. Натижада бундай асарлар ва уларнинг муаллифларига қарши шафқатсиз кураш бошланди.
ВКП(б) Марказий Қўмитасининг «Звезда» ва «Ленинград» журналлари тўғрисида» 1946 йил 16 августда қабул қилган қарори мамлакат ичқарисида адабиёт ва санъат аҳлига қарши бошланган ва қўплаб талафотлар етказган «совуқ урушининг қалдирғочи бўлди. Сталин «катюша»лар ихтиро қилинган замонда яшаган. Шунинг учун ҳам у кўз остига олган марраларни бир нафасда баравар отилган ўқлар билан пайхон қилиш усулига амал қилди. Ўша йилнинг кузида «Драматик театрларнинг репертуари ва уни яхшилаш тадбирлари тўғрисида», «Катта ҳаёт» кинофильми тўғрисида» деган қарор-ўқлар кетма-кет отилди. 1948 йили эса шўро маданиятига катта офат келтирган тадбирлардан бири «В. Мураделининг «Улуғ дўстлик» операси тўғрисида» чиқарилган қарор бўлди. Аммо ВКП(б) Марказий Қўмитасининг расмий қарорлари билан бирга унинг «кичик артиллерияси» —- «Правда» газетаси билан «Большевик» журнали ҳам адабиёт ва санъат оламининг Сталин томонидан забт этилмаган соҳилига муттасил ўт очиб, қанчадан-қанча истеъдодли ижод аҳлини майиб ва ногирон қилиб ташлади.
Бу қарорларнинг Н. С. Хрушчев ва Л. И. Брежнев замонларида қабул қилинган ҳужжатлардан фарқи шунда эдики, Марказий Қўмита уларнинг бажарилиш даражасини доимо кузатиб, дўппи ўрнига бош олувчилар учун ҳамма имкониятларни туғдириб берарди. Шунинг учун ҳам мамлакат бўйлаб эсаётган «совуқ уруш» шабадаси 1948— 1949 йилларда айниқса авж олди.
1947 йил 20 февралда СССР Ёзувчилар уюшмасининг бош котиби А. Фадеев Максим Горький номидаги Жаҳон адабиёт институтида бўлиб ўтган анжуманда шўрб танқидчилигининг аҳволи ва вазифалари тўғрисида маъруза қилди. Ушбу маърузада олға сурилган фактлар дастлаб адибнинг «Большевик» ва «Октябрь» журналларида босилган мақолаларида, сўнг СССР Ёзувчилар уюшмаси ҳайъатининг XI пленумида қилган маърузасида ривожлантирилди.
А. А. Фадеев бу маърузасида урушдан кейинги адабий жараёнга А. А. Жданов кўзи билан қарашга, унинг нутқида ҳамда Марказий Қўмитанинг «Звезда» ва «Ленинград» журналлари тўғрисидаги қарорида баён этилган адабиёт соҳасидаги фирқа сиёсатини амалга ошириш мажбур бўлди. Бу маърузада, бошқа адабий ҳужжатлар қатори, В. Шишмарёвнинг 1946 йили Ленинград дорилфунуни томонидан чоп этилган «Александр Веселовский ва рус адабиёти» деган рисоласи ҳам кескин танқид қилиб ўтилди.
А. Веселовский Ғарбий Оврупо адабиёти бўйича қомусий билим соҳибидир. У ана шу кенг билими туфайли Ғарбий Оврупо халқлари адабиётини қиёсий ўрганиш услубиятини ишлаб чиққан. Сталин бундай улкан олимлар билан 1937 йилдаёқ орани очиқ қилгани сабабли 1946 йилга келиб, аллақандай Веселовский тўғрисида илмий асарнинг яратилиши куфрли хато эди. Фадеев ана шу хатони фош этиб, Веселовскийнинг ўтган асрнинг 60-йилларида рус инқилобий-демократик адабиёти анъаналаридан воз кечиб, роман-герман адабий мактаби олдида сажда қилганига эътиборни қаратди. Унинг бу борадаги таҳдидлари «Литературная газета» ва «Советская культура»да ҳамда «Правда» газетасининг 1947 йил 30 июнь—1 июль сонларида чоп этилган мақоладан кенг ўрин эгаллади. ВКП(б) Марказий Қўмитаси бу сўнгги мақолага жамоатчилик эътиборини қаратиб, унда баён қилинган Ғарб маданиятига сажда қилиш ҳолларини урушдан кейинги шўро жамиятини қўпориши мумкин бўлган офат сифатида талқин қилди. Шу тарзда шўро адабиёти ва санъатида космополитизмга қарши кураш шиори остида шармандали мафкуравий ҳаракат бошланди. Фирқа қанотида вояга етган ёзувчилар, танқидчилар ва санъатшунослар машҳур ҳамкасбларини ғажиб ташлаш учун мавжуд шароитдан ҳаёсизларча фойдаландилар. Коммунистлар фирқаси эса ушбу ҳаракатдан гўё Ғарб маданиятига сиғинувчи ё миллий маданиятлари билан ифтихор қилувчи зиёлиларни қувғин остига олишда фойдаланди.
Л. Климович «Правда» газетасининг 1949 йил 11 январь сонида эълон қилинган «Адабиётшуносликда космополитизмга қарши» мақоласида В. Жирмунский ва Ҳ. Зариповнинг «Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси» (Москва, 1947 йил) китобига алоҳИда тўхтаб, ҳар иккала муаллифни Веселовскийнинг зарарли назарияси асоратида қолганликда айблади. «Жирмунский ва Зарипов,— деб ёзди у,— фанимиз томонидан қораланган ва буржуа адабиётшуносларидан қолган «тарихий-қиёсий» услубиятга кўр-кўрона эргашиб, ўзбек фольклорини гўё бир миллий адабиётдан иккинчи миллий адабиётга ҳамиша кўчиб юрувчи халқаро сюжетлар йиғиндиси, деб баҳолайдилар».
Тоталитар тузумда жорий этилган таомилга кўра, мазкур китоб муаллифлар хизмат қилаётган муассасаларда муҳокама этилиши ва уларнинг тавба-тазаррулари кенг жамоатчиликка етказилиши лозим эди. Шундай бўлди ҳам. 1949 йил 9 февралда Тошкентда Тил ва адабиёт институтида ўтказилган кенгашда «Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси» ва унинг маҳаллий муаллифи ер билан битта қилинди. Институт директори Иззат Султоннинг шу кенгашда ўқиган маърузаси климовичона сарлавҳа билан «Шарқ юлдузи»нинг 2-сонида босилди.
Агар атоқли адабиётшунос ўз маърузасида танқид тиғини В. Жирмунский ва Ҳ. Зариповга қаратиб, шу йўл билан «Алпомиш» устига яқинлашиб келаётган офат олдини олишга уринган бўлса, бошқа айрим нотиқлар фольклоршунос ҳамкасблари билан ҳисоблашиш вақти келди, деган ўй билан йиқилган полвонни обдон тепкиладилар.
1949 йил март ойида Тошкент шаҳар адабиёт ва санъат ходимларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Адабиёт ва санъатда «беватан космополитлар»ни охиригача фош этиш шиори остида ўтган бу йиғилишнинг асосий мавзуи гарчанд ўзбек драматургияси ва театр танқидчилиги билан узвий боғлиқ бўлса-да, Ҳ. Ёқубов сингари шу даврнинг фаол найзабозлари яна жамоатчилик эътиборини В. Жирмунский ва Ҳ. Зариповга қаратиб, хумордан чиқмоқчи бўлдилар.
«Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси»нинг асосий муаллифи эса москвалик ва ленинградлик олимлар даврасида муҳокама этилиб, унинг илмий изланишлари маҳсулй зарарли деб топилди.
В. Жирмунский ва Ҳ. Зарипов қаламидан чиққан китобга қарши кураш секин-аста кенг кўлам касб этиб, адабиётшунослик ва санъатшуносликнинг бошқа намуналарини ҳам ўзининг оловли домига торта бошлади. «Дружба народов» альманахининг 1949 йилги 4-китобида «Ўрта Осиё ва Озарбайжон халқлари адабиётлари ва санъатлари тарххини марксча-ленинча ёритиш учун» деган расмий мақола эълон қилинди. Шу альманахнинг 1951 йилдаги 4-китобидан эса Л. Климовичнинг «Бир мақола муносабати билан» деган мақоласи ўрин олди. Бу мақола, юзаки қараганда, В. Жирмунскийнинг «Туркологик мажмуа»да (Москва, 1951) босилган мақоласи тўғрисида бўлса-да, унда озарбайжон халқининг «Китоби Дада Қўрқут» эпоси муайян мақсад билан тилга олинган эди. Муаллиф «Озарбайжон шеърияти антологиясидда мазкур китобнинг «Озарбайжон адабиётининг энг қадимий обидаси» сифатида тилга олинганлигига чидаган бўлса ҳам унинг ўз бадиий-тарихий қимматига кўра Оврупо халқларининг энг яхши қаҳрамонлик эпослари — «Игорь лашкари жангномаси», «Роланд ҳақида қўшиқ» ва бошқалар билан бир қаторга қўйилганидан иззат-нафси ҳақоратланган деб билди. Кейинроқ маълум бўлишича, бундай талқин бошқа шовинист адабиётшуносларнинг ҳам қитиқ патларига теккан экан.
Марказқўмдаги режиссёрлар томонидан саҳналаштирилган бундай томошалардан мақсад қиёсий-тарихий услубиятни адабиётшунослик илмидан қувиб чиқаришгина эмас, балки В. Жирмунский ва Ҳ. Зариповларнинг жаҳон маданияти обидаларига қиёслагани «Алпомиш» каби миллий эпосларнинг танобини тортиб қўйиш, урушдан кейин кўкракларини тўлдириб нафас ола бошлаган халқларни уларнинг маданий илдизларидан узиб қўйиш эди. Бу ҳолни тушунган кишилардан бири шўро Шарқи халқлари адабиётининг жонкуяр тарғиботчиси ва толмас таржимони С. И. Липкин эди.
ВКП(б) Марказий Қўмитасининг Татаристондаги мафкуравий ишлар муносабати билан 1944 йилда қабул қилган қарорида Идегей ҳақидаги «феодал-хонлар эпосивнинг татар халқи ўртасида оммалашгани жиддий хато сифатида таъкидлансан эди. С. И. Липкин космополитизмга қарши кураш баҳонасида «Идегей» сингари эпосларнинг қатағонга учраши мумкинлигини сезиб, «Литературная газета» саҳифаларида бу асарни ҳимоя қилувчи катта мақола билан чиққан. Лекин, зулм салтанатининг ғилдираги аллақачон ҳаракатга келган эди. Семён Липкин ёҳуд бошқа бирор ҳақиқатпарвар киши уни тўхтатиб қолиши асло мумкин эмас эди. Орадан бир мунча фурсат ўтгач, Марказқўмнинг «Идегей» эпосининг халққа қаршилиги, феодал-миллатчилик руҳи тўғрисидаги шармандали қарори эълон қилинди.
«Сталин,— деб кейинчалик ёзган эди С. Липкин,— хавф-хатар Шарқдаги ҳануз тирик юрган буржуа миллатчиларидан келаётганини пайқади. Улар ўз миллий эпослари, қадимги классиклари, подшо ва лашкарбошиларини улуғлаш билан панисломизм уруғларини сочишлари, амалда хорижий мусулмон мамлакатларининг айғоқчиларига айланишлари мумкин эди. Уларни йўқ қилиш лозим эди».
Ана шундай ақидадан келиб чиқиб, Сталин 1950—1952 йилларда шўро Шарқи халқларининг қадимий эпосларига қарши ҳужумни бошлаб юборди. «Правда» газетаси 1951 йил апрелида озарбайжон халқининг «Китоби Дада Қўрқут» эпосини зарарли асар деб эълон қилди. Озарбайжон ёзувчиларининг ўша кезлардаёқ чақирилган умумий йиғилиши «фармони олийни якдиллик билан маъқуллаб, қадимий халқ эпосига лаънат тамғасини босди. Ўша йилнинг июнида бўлиб ўтган Озарбайжон фирқасининг XVIII съездида М. Бағиров эпоснинг «зарарли моҳияти»ни фош этишда ўз санъатини намойиш этди. Д. Гажиев ва М. Қулизода эса «Халққа қарши қаратилган бир китоб тўғрисида» деган мақоласида («Литературная газета» 1951 йил, 7 июль) мазкур эпоснинг ҳам, уни ўрганиб келган олимларнинг ҳам пўстагини қоқди. СССР шўро ёзувчилари уюшмасининг Л. Климович раислигидаги СССР халқлари адабиёти бўйича комиссиясининг бюроси эса шошилинч равишда йиғилиб, озарбайжон эпосининг «халққа қарши қаратилган» асар эканини тасдиқлаб, унинг нашр этиб келинганини хато деб топди.
«Правда» газетасининг машъум чиқиши ҳам, Л. Климович раислик қилган ҳайъат қарори ҳам тоталитар тузумнинг барча миллий жумҳуриятлари учун дастуруламал бўлиб хизмат қилиши лозим эди. Шунинг учун туркман қардошлар ҳам «Қўрқут ота» китобининг бошига ит кунини солдилар. Ўша йилнинг 14 августида эса Қозоғистон фирқаси қозоқ адабиётидаги жиддий мафкуравий хатолар тўғрисида қарор қабул қилди. Олмаота шаҳар ёзувчиларининг йиғилишида эса XIX асрдаги «феодал-хонлик ҳаракатининг етакчиси» Кенесари Қосимов образининг қозоқ ёзувчилари ижодида «кўкка кўтарилгани» ҳоллари очиб ташланди.
Навбат ўзбек халқ оғзаки ижодининг ғурури бўлган асарларга ҳам етиб келган эди.
«АЛПОМИШ»ГА ТАШЛАНГАН СИРТМОҚ
В. М. Жирмунский қаламига мансуб ишларнинг бирида «Алпомиш» билан «Китоби Дада Қўрқут»нинг тарқибий қисми — «Бамси Байрак» ўртасидаги муштарак жиҳатлар тилга олинган эди. Л. Климович «Дружба народов» альманахида эълон қилинган мақоласида «Бамси Байрак» достони мазмунини танқидий равишда баён қилганига қарамай, «Алпомиш» достонини ундан ажратиб олиш ва ҳимоя қилишга уринган, бу, гоҳ адашган, гоҳ тўғри йўлдан борган олимнинг «Алпомиш» каби Шарқ халқлари маданияти дурдоналарини 50-йиллар куюнидан сақлаб қолишга қаратилган уриниши эди. Ўзбек фольклори ва адабиётшунослигига яқин доираларга мансуб кишилар буни тўғри тушунганлар. Улар «Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси» китобини қанчалик қораламасинлар, бирор халқ достонини кундага қўйишга ботинмаганлар.
Аммо беш қўл баравар эмас, албатта. Кимдир ўзгани хилват жойда калтаклаш билан ўзининг ботирлигини кўрсатмоқчи, яна кимдир «катта раҳбарлар»га яхши кўриниш учун масжидга ўт қўймоқчи бўлади.
Ўша йилларда ВКП(б) МҚ ҳузуридаги Маркс-Энгельс-Ленин институти Ўзбекистон бўлимининг аспиранти бўлган А. Абдунабиев тарих саҳнасида бир лаҳза бўлса-да кўриниши учун қулай вазият келганини тушунди. У мамлакатда авж олган мафкуравий курашни зимдан кузатар экан, Л. Климовичнинг «Алпомиш»ни ҳимоя қилишга уринганида, ўзбек олимларининг эса оғизларига талқон солиб ўтирганларида бир гап борлигини пайқади. Аммо улар агар бу шиддатли, аммо фоний бўроннинг ўтишини кутиб, «Алпомиш»ни космополитизм ва феодал ўтмиш маданияти гулханига ташлашдан ўзларини тийган бўлсалар, у фурсатнинг ўзи учун ғанимат эканлигини сезди. А. Абдунабиев «Алпомиш»ни «Бамси Байрак» билан солиштирганида, В. Жирмунскийнинг ҳақ эканига ишонч ҳосил қилиб, модомики, «Бамси Байрак»нинг халққа қарши моҳияти бўртиб турган экан, демак, «Алпомиш» ҳам реакцион асардир, деган хулосага келди. Унинг бахтига, Ойбек ҳам «Ўзбек поэзиясининг антологияси»га ёзган кириш мақоласида «Алпрмиш»ни «Китоби Дада Қўрқут»га чоғиштирган экан. Аммо у адибнинг бу ҳар иккала эпосни энг қадимги қаҳрамонлик достонлари сифатида тилга олгани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Унинг назарида, Ойбекнинг бу икки эпосни ўзаро алоқада текширгани, В. Жирмунский ва Ҳ. Зариповнинг эса тавқи лаънатга учраган китобда: «Китоби Дада Қўрқут»да «Алпомиш» ўзбек эпосининг бизга қадар етиб келган энг қадимий нусхаси бўлмиш «Бамси Байрак» достонини учратамиз», деган сўзлари етарли эди.
А. Абдунабиев бу «кашфиёти»дан боши осмонга етиб, «Алпомиш»ни мажақлаб ташловчи мақола ёзди. Кейинчалик бу мақолага «Правда Востока» газетасининг ходими А. Степанов ҳам шерик бўлиб, шўро Шарқининг адабий ҳаётида «инқилоб ясовчи» мақолани Москвадаги нуфузли нашрларга юбордилар. Аммо бу «ёш Неронанинг умиди зое кетди. Москва газеталари бу шубҳали ишга бош қўшмадилар. Шундан кейин 50-йиллар зулматида топишган биродарлар ўз мақолаларини Марказқўм кўмагида «Правда Востока» газетасининг 1952 йил 29 январь сонида чоп этишга эришдилар.
Тоталитар тузум авж олган 50-йиллар шароитида бирор олим ё ёзувчи ҳаётига зомин бўлиш учун уни марксизм-ленинизм услубиятини билмасликда айблашнинг ўзи кифоя эди. Бундай айбни эса ўтмишдаги халқ ижодини текширган истаган олимга қўйиш, уни феодал давр маданиятига сажда қилишда қбралаш ҳеч гап эмас эди. А. Абдунабиев билан А. Степанов ҳам шу синалган усулдан маҳорат билан фойдаландилар. Улар ана шу руҳдаги муқаддимадан сўнг айни муддаога кўчиб, ёздилар:
«Алпомиш»нинг мундарижаси қандай? Ўзининг ғоявий йўналишига кўра, реакцион «Дада Қўрқут» эпоси билан «Алпомиш» ўртасида жуда кўп умумийлик бор. У асарда ҳам, бунисида ҳам меҳнат аҳлига ёт ғоя ва интилишлар тарғиб қилинади.
«Алпомиш» достонида ижобий қаҳрамонлар сифатида ўз подалари билан Бойсун кўли атрофида жойлашган қўнғирот 16-қабила уруғига мансуб ҳукмрон табақа кўрсатилган. Қуллар бу подаларга ҳам, ҳукмронларга ҳам хизмат қиладилар. Эпоснинг марказий персонажлари — қўнғирот уруғининг хони Бойбўри, унинг ўғли Ҳакимбек -Алпомиш ва хоннинг туғишган укаси — қабилалардан бирининг бошлиғи Бойсари ва унинг қизи Барчиной…»
Ана шу йўналишдаги «таҳлил»дан кейин муаллифлар бундай хулосага келадилар: «Алпомиш» достонининг Фозил Йўлдошга мансуб нусхаси халқ эпоси эмас, хонлар эпосидир. Унда ўзбек халқининг қаҳрамонона ўтмиши, унинг ташқи ва ички босқинчиларига қарши кураши, она диёрга бўлган меҳр-муҳаббати, ўзининг бахтли келажагига бўлган муқаддас ишончи ва бошқа халқлар билан тинч-тотув яшашга бўлган интилиши акс эттирилмаган. Бу эпосда хонлар ва беклар шарафланади, қўшни халқлар устига қилинган қонли юришлар олқишланади, хонларнинг ҳисобсиз бойликлари куйланади, куч-қудрат олдида сўзсиз бўйсуниш ва бошқа диндаги халқларга нисбатан муросасизлик тарғиб қилинади».
Бу сўзлар «Алпомиш»ни шу пайтгача «мардлик, муҳаббат ва дўстлик достони» (Ҳ. Олимжон) сифатида ўрганган олимларнинг қарашларига мутлақо зид эди. Аммо улар озарбайжон халқининг жаллоди М. Бағировнинг қуйидаги сўзлари билан худди ака-укадек ўпишиб кўришади: «Дада Қўрқут» халқ эпоси эмас,— деган эди у Озарбайжон коммунистлари съездида қилган маърузасида,— У бошидан охиригача Озарбайжон ерларига талончи ва қотиллар сифатида келган кўчманчи ўғуз қабилаларининг ҳукмрон табақасини мадҳ этишга бағишланган. Китобга миллатчилик заҳри ниҳоятда сингиб кетган бўлиб, у мусулмон бўлмаганларга — бошқа диндагиларга, аввало, қардош гуржи ва арман халқларига қарши қаратилган».
Ҳамид Олимжон «Алпомиш»ни 1938 йилда нашрга тайёрлар экан, «Ўзбек халқининг ашаддий душманлари «Алпомиш» ва бунга ўхшаш қимматли халқ бадиий ижодларини майдонга чиқишига тўсқинлик қилиб келдилар», деб ёзган ва бундай разолат орадан 14 йил ўтгач, тағин такрорланишини тасаввур ҳам этмаган эди. Лекин тарихнинг катта қусурларидан бири хатоларнинг такрорланишидир. Зўравонлик авж олган замондан ҳақиқат ва адолат қушлари қочади. Ўлаксага ўч бўлган қора қузғунлар эса даврнинг асосий манзарасини яратадилар.
А. Абдунабиев ва А. Степановнинг Москва газеталаридан қайтган мақолаларидан бири «Халқчиллик байроғи остида» деган ном билан «Звезда Востока» ойномасининг ўша йилги 2-сонида босилиб чиқди. Найзавоз муаллифлар агар биринчи мақолада «Алпомиш»ни чавақлаш билан чекланган бўлсалар, иккинчисида манфур В. Мильчаковнинг уларга бўлган илтифотидан рағбатланиб, «жиддий нуқсонлари бўлган «Авазхон», «Зулфизар» (нодон муаллифлар бу икки номнинг битта асарга мансуб эканлигини билмаганлар ҳатто!), «Равшанхон», «Рустамхон» ва бошқа эпослар»га ҳам тош отган эдилар.
Жорий этилган расм-русмга кўра, ҳайбаракаллачи ташкилотлар фирқа матбуотининг чиқишини карнай-сурнайлар билан кутиб олиши лозим эди. «Правда Востока» рўзномасида эълон қилинган мақола биринчи бўлиб Ўзбекистон давлат дорйлфунуни адабиёт минбаргоҳларининг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама этилди. Сўзга чиққан барча илм аҳли «халққа қарши қаратилган» «Алпомиш» эпосининг фирқа органида танқид қилинганини якдиллик билан маъқуллади. Минбаргоҳ аъзолари «Алпомиш» мавзуини ўқув дастуридан чиқариб ташлаб, бошқа фольклор асарлари қатори, «Гўрўғли» достонлар туркумини ҳам тафтиш қилиб чиқишга қарор қилдилар.
Ўрта Осиё давлат дорилфунуни домлалари ҳам бу масалада самарқандлик ҳамкасбларидан орқада қолмадилар.
21—22 март кунларида эса Ўзбекистон Коммунистлар фирқаси Марказқўмининг X пленуми бўлиб ўтди. Саркотиб А. Э. Ниёзов тажрибали раҳбар бўлгани учун «Республикадаги мафкуравий ишларнинг ҳолати ва уларни яхшилаш тадбирлари тўғрисида» қилган маърузасида «Алпомиш» эпосини оҳ калтак-кўк калтак қилишни бошқа нотиқларга қолдириб, тарих, тил, адабиёт ва санъат соҳасидаги ўтмишни кўкка кўтаришнинг ҳар қандай кўринишларини марксча-ленинча шафқатеизлик билан фош этиб ташлади. Бу шармандали пленум қарорлари бусиз ҳам ўзбек фани ва маданиятида кечаётган танглик жараёни теранлашишига сабаб бўлди.
Ўша йилнинг март ойидаёқ Ўзбекистон Фанлар акадёмияси умумий фирқа йиғилиши бўлиб ўтди. X пленум қарорларини ўртаниб чиқиш ва «ҳаётга тадбиқ этиш»га бағишланган бу йиғилишда Марказқўм котиби Ҳ. Турсунов катта нутқ сўзлаб, ижтимоий фанлар билан шуғулланувчи олимларнинг чангини қоқди. Шу йиғилишда уларга кенг жамоатчиликнинг қаҳр-ғазабини «Алпомиш» эпосига қаратиш ва уни зудлик билан қатли ом этиш вазифаси топширилди.
«АЛПОМИШ»НИНГ ҚАТЛ ЭТИЛИШИ
1952 йилнинг 28 ва 31 март кунларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ҳамид Олимжон номидаги Адабиётчилар уйида «Алпомиш» эпосининг муҳокамаси бўлиб ўтди. Эпос гарчанд ўзбек тилида ёзилган, нотиқларнинг қарийб барчаси ўзбек бўлсалар-да, тоталитар тузум қонунига кўра, муҳокама фақат рус тилида олиб борилди.
Бугун Сталин ҳукмронлик қилган даврни қўмсаётган кишилар шу ҳолнинг ўзиданоқ мустабид тузум таъмини эсласалар ажаб эмас. Аёнки, ўша залда икки-уч нафар ўрисдан бўлак «улуғ оға»нинг бирорта вакили бўлмаган. Аммо шунга қарамай, бу муҳокаманинг ҳар бир нафас олишини Москванинг Тошкентдаги ҳушёр кўзлари кузатиб турган ва ҳар эҳтимолга қарши, бирор қайсар ҳақиқатпарварнинг товушини ўчиришга шай бўлиб турган. Нотиқлар ҳам, албатта, буни сезганлар ва бирор эҳтиётсиз айтилган сўз учун таниш ертўлага чақириб қолмасинлар, деган ҳадик билан «Алпомиш»ни ҳам, «Алпомиш» элга танитган шоиру олимларни ҳам истаганларича балчиққа қорганлар.
А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институтининг янги директори Юсуф Султонов маъруза қилган. Ҳозир Алишер Навоий номи билан аталган Адабиёт институтининг фольклор бўлими ҳужжатгоҳида ушбу муҳокаманинг ёзма ҳисоботи мавжуд. Муштарийларига муҳокама ҳақида ҳисобот берган «Қизил Ўзбекистон» газетасининг шаҳодат беришича, «Докладчи «Алпомиш» достонининг бир неча вариантларини таҳлил қилиб, бу достоннинг феодал-хонлар муҳитида яратилган ва шуларнинг манфаатини кузатувчи, халққа қарши қаратилган асар эканини жуда кўп мисоллар билан қўрсатиб берди. Бу достонда хонлар, беклар мақталади. Босқинчилик ва зўравонлик пропаганда қилинади. Ислом динига мансуб бўлмаган бошқа халқларга ёмон муносабатда бўлинади. Достоннинг бош қаҳрамони Алпомиш меҳнаткаш халқнинг олижаноб фазилатларини ва умид-орзуларини ўзида ифода қилмайди, аксинча, у ҳоким, қонхўр бек, типик зўравон ва золим сифатида ҳаракат қилади. Достонда меҳнаткаш халқнинг оддий вакиллари бузиб кўрсатилади, ҳукмрон синф вакиллари эса ҳар хил мақомда мадҳ қилинади, «Алпомиш» достонининг халққа қарши қаратилган моҳияти ана шундан иборатдир…»
Маърузачи фақат халқ достонини чиппакка чиқариш билангина шуғулланнб қолмай, «Шарқ юлдузи» журналида таъкидланишича, «ҳозирга қадар «Алпомиш» достонини пропаганда қилиб келган, уни кўп марталар нашр қилдирган ва бу нашрларга тумтароқли кириш сўзлари ёзган, ўрта мактаб программа ва хрестоматияларига киритган ва достонни саҳналаштирган баъзи адабиётчиларни қаттиқ танқид қилди. Масалан, В.Жирмунский ва Ҳоди Зариповлар ўзларининг «Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси» деган ғоявий жиҳатдан зарарли асарларида, ёзувчи Ойбек «Ўзбек поэзияси антологиясипда ёзган кириш сўзида, Мақсуд Шайхзода «Алпомиш» достонининг 1949 йилда чиққан рус тилидаги нашрига ёзган сўзбошисида бу асарни идеаллаштирдилар…»
Бу сўзлар 50-йиллардаги мафкуравий иқлим учун оддий ва ҳатто беозор бўлиб туюлиши мумкин. Аммо агар шу даврда бечора В. Жирмунский ва Ҳ. Зариповларнинг узлуксиз танқид тўқмоғидан беллари дол, тиллари лол бўлгани, Ойбекнинг тўшакбанд бўлиб ётгани, Ёзувчилар уюшмасидан ўчирилган Шайхзоданинг эса қамоқ остонасида турганини эсласак, бу сўзларни айтган маърузачини у қадар инсофли деб бўлмайди.
Шубҳасиз, ушбу муҳокамадаги энг оғир вазифа ўзбек фольклоршунослиги фанининг отаси Ҳоди Зариф гарданига тушган. Рўй бераётган воқеанинг халққа ва маданиятга қарши жиноят эканлигини кўра-била туриб, у аҳли донишни ақлга, инсофга чақира олмас эди. Шунинг учун ҳам у Ю. Султоновдан кейин биринчи бўлиб сўзга чиққан бўлишига ва Станишевский томонидан икки маротаба мавзуга яқин келишга даъват этилганига қарамай, Н. Я. Марр ва А. Н. Веселовский таълимотлари атрофида узоқ ганграб юрди. Ниҳоят, мажлис раиси унга расмий равишда танбеҳ берганидан кейингина нотиқ яна 15 дақиқа муҳлат сўраб, ўзбек фольклори масалаларига қайтди, лекин нима учундир «Юсуф ва Аҳмад», «Алибек ва Валибек», «Шайбонийхон» каби достонларнинг халққа қарши моҳияти хусусида сўзлаб, уларга нисбатан ижобий муносабат бйлдирган В. Жирмунский, Ойбек ва айниқса М. Афзаловни танқид қилиш билан шуғулланди. Сўнг А. Абдунабиев ва А. Степановларнинг ғайриилмий қарашларини маъқуллашдан бошқа чорани топмади.
Аммо унинг нутқида умуман «Алпомиш» достонида эмас, балки достоннинг ҳозир муҳокама этилаётган нусхасидагина халққа қарши руҳ бўлган, деган фикр сезилар-сезилмас ўтган. Буни илғаб қолган шарқшунос-чекист Станишевский руҳий тушкунлик ва парокандалик ҳолатида турган Ҳоди Зарифга ўз вақтида зарба бериб, уни «ўйин»дан чиқаришга эришган. Тоталитар тузумнинг бу тажрибали ва маккор вакили Ҳоди Зарифнинг дамини ўчириш билан «Алпомиш»ни тарих ахлатхонасига осон-гаров улоқтириб ташлаш мумкин, деб тўғри ўйлаган. Зеро, на Тил ва адабиёт институтида, на ёзувчилар уюшмасида «Алпомиш»ни ҳимоя қила, Абдунабиевларга муносиб зарба бера олувчи ундан бошқа бирорта мард йўқ эди. Тоталитар тузум бандай мардлар билан 1937 йилдаёқ ҳисоб-китоб қилиб, тирик қолганларини эса аллақачон яроқсиз қилиб қўйган, манқуртлашган бошқа олим ва олимнамо кимсалар эса станишевскийларнинг чилдирмасига тонг отгунча ўйинга тушиши мумкин эди.
«Ўртоқ Зарипов айтмоқчики,— давом этган нотиқ.— «Алпомишянинг бошқа нусхаларини топиб ўрганмаганимиз учун бу мунозаралар наф келтирмайди ва ҳоказо ва ҳоказо. Ўртоқ Зарипов бу эпоснинг 6—8-синфлар мактаб хрестоматиясига тавсия этилгани ҳақида гапирмади. У ана шу етарли даражада заҳарланган асардан олинган парчалар ўқувчиларимиз таълим олаётган қўлланмаларга киритилганини гапирмади.
Келинг, «Алпомиш» эпосининг шу маънода, ахлоқий мажмуа маъкосида, халқни тасвирлаши маъносида қандай асар эканлигини бир кўрайлик. Сирасини айтганда, бу ўзбек халқига туҳмат. Сирасини айтганда, бу ўзбек халқининг юзига қора суртишдир. Бундай асар ўзбек халқини туҳматона тасвирлашда душманларгагина қўл келиши мумкин».
Станишевский бу сўзларидан кейин достондан мисоллар келтириб, ўз хулосасини асослашга уринди. Афсуски, бадиий сўзда туҳматчининг тилини куйдириш, оғзида олов бўлиб ёниш фазилати йўқ. Акс ҳолда Станишевский оғзидан отилган гулхандан у мажлис аҳли олдида тирик машъалага айланган бўлармиди?..
Аммо бу кимсанинг оғзидан чиққан «заҳарланган асар», «туҳматона тасвирлаш» каби иборалар ўзини 50-йилларнинг миллий қаҳрамони деб ҳис қилган, тезда хизмат пиллапоясидан осмон бўйи кўтарилган Абдунабиевнинг «Алпомишига, уни тадқиқ, тарғиб ва таржима қилган ижодкорларга нисбатан қўллаган сўзлари олдида ҳолва бўлиб қолади. Ҳали чаласавод аспирант бўлишига қарамай, марксча-ленинча талмуддан бўлак нарсани сариқ чақага олмай қўйган бу зот ҳаётининг энг ширин палласини фольклорга, илмга, халққа бағишлаган кишиларга калондимоғлик билан назар ташлаб, уларга сиёсий айб қўймоқчи бўлди.
«Алпомиш» эпоси,— деди у,— кўп йиллар давомида шунинг учун ҳам нашр этиб келиндики, бу ўртоқлар уни тиш-тирноқлари билан ҳимоя қилиб, унинг қаҳрамонларини ҳар томонлама оқлаб келдилар. Унинг рус ва ўзбек тилларида кўп маротаба нашр этилганини фақат шу ҳол билан изоҳласа бўлади. Бу шахсларни (асар қаҳрамонларини демоқчи.— Н.-К.) кўкка кўтаришсиз, таъриф ва тавсиф қилишсиз достон халқ ўртасида ҳеч ҳам обрў-эътибор қозонмаган бўларди. Ва сиз, ўртоқ Зарипов, бунга айбдорсиз!»
Масалани буришни қаранг. Мана энди найзавозларнинг «Алпомишини тарғиб ва ташвиқ қилганларга осилганлари сабаби маълум бўлди. Демак, абдунабиевлар фикрига кўра, уларнинг хизматисиз «Алпомиш» халқ ўртасида обрў-эътибор қозонмаган бўларди.
«Шундай қилиб, «Алпомиш» достонининг маддоҳларини ўзбек халқининг сажияси ва ғоявий йўналиши учун ёт бўлган, халққа қарши асарни тарғиб қилишда айблаймиз!— давом этади терговчи-нотиқ.— Биз Жирмунский, профессорлар Бертельс ва Климовичга, космополит Зариповга, ёзувчилар Мақсуд Шайхзодага, Собир Абдуллага, фольклоршунос Богдановага, доцент Афзаловга, шоир Пеньковскийга сиёсий айб қўямиз!
Улар ваҳший ва шафқатсиз кимсаларга хос бўлган, аммо хар қандай меҳнат аҳлига ёт бўлган хунрезлик, қотиллик, ўғрилик, зўравонлик ва талон-торожликни меҳкаткаш ўзбек халқига унинг асрий удумлари сифатида ёпиштирмоқдалар. Бу шахслар улуғ ва қаҳрамон совет халқининг бузилмас ва таркибий қисми бўлган менинг ўзбек халқимга тухмат қилмоқдалар…»
Муҳтарам муштарий! Сиз бу сўзларни ўқиб, манқус Вишинскийнинг 1937 йилдаги суд жараёнларида туҳмат ва ҳақоратлардан таркиб топган нутқини ёдингизга тушираётгандирсиз. Қаранг, бу нутқлар — тоталитар тузум маддоҳларининг нутқлари — қанчалик бир-бирлари билан ҳамоҳанг, Уларнинг ҳар иккаласи ҳам халқ номидан сўзламоқда. «Менинг ўзбек халқим»,— демоқда заррача уялмай Абдунабиев ва бу халқнинг асл фарзандларини оёқости қилмоқда. Агар мабодо Абдунабиевнинг ваколати бўлган-да, у ҳам устози Вишинский сингари юқорида номлари саналган барча кишиларни отишга ҳукм қилган бўлармиди?..
Кечирасиз, ҳурматли муштарий! Мен жазавага тушган нотиқнинг «вандал» деган сўзини «ваҳший» деб таржима қилдим. Зеро, маданий ёдгорликларни хароб қилувчи кишини Оврупода вандал деб атасалар-да, Шарқда, бизнинг Ўзбекистонда, чамаси, шу вақтгача бундай иблислар бўлмаган. Шунинг учун бундай тушунча ҳам ўзбек тилида, менинг тилимда шаклланмаган экан. Леқин «Алпомиш» ҳам, ахир, маданий ёдгорлик-ку, уни ҳам хароб этувчи кишини, масалан, Абдунабиевни қандай аташимиз лозим?..
Бу лирик чекинишдан кейин яна муҳокама залига қайтайлик. Нотиқ ўзини тамом қораловчи ролида ҳис этиб, давом қилмоқда: «Бу шахслар мазкур реакцион эпосни қайси мақсадда тарғиб этганларини тўла ва ҳар томонлама тушунтириб берсинлар! Улар «Алпомиш»ни баҳолашда сиёсий саводсиз, сиёсий кўр бўлганларини ёхуд уни атайин тарғиб қилиб келганларини ошкора айтиб берсинлар!
ЗАРИПОВ (залдан). Мен айтдим.
АБДУНАБИЕВ. Йўқ, сиз ҳеч нарса айтганингиз йўқ!..»
Ажабо, бу чаласавод аспирант боланинг ёши отасидан улуғ бўлган ҳурматли зотга бўлаётган муносабатини қаранг! Бундай бадбин кимсалар Шарқда илгари ҳам бўлганми? Шоҳлар ва бекларнинг арзандалари салтанатдаги улуғ зотлар билан шу зайилда гаплашганми экан? Менимча, йўқ.
Бизнинг нотиқ уялмай-нетмай ўша руҳда давом этиб, деди:
«Мен Мақсуд Шайхзода ва Собир Абдулладан сўрайман: Партиямиз ва жонажон ҳукуматимизнинг ғамхўрлигига нисбатан бундай нонкўрлигингиз сабаби нимада? Ўзбек халқига туҳмат қилишдан уялмадингизми?
Нима учун Собир Абдулла халққа қарши «Алпомиш» эпосини музикали драма сифатида қайта ишлаб, уни Ўзбекистон ССРнинг 25 йиллигига бағишлади? Ё бу нарса Собир Абдулланинг ўзбек халқининг ажойиб санасига қилган совғасими?
Шайхзоданинг миллатчилик руҳидаги хато ва оғишларини биз биринчи марта кўраётганимиз йўқ. У ўзининг қатор бошқа асарларида ҳам жиддий хатоларга йўл қўйган.
Шайхзода Мақсуд! Мен сиздан сўрайман ва талаб қиламан: В. В. Маяковскийнинг «Владимир Ильич Ленин» достонини рус тилидан ўзбек тилига ўгириб, миллатчилик чизиғини ўтказганингизда, қандай мақсадни кўзлагансиз? Нима учун сиз улуғ Ленин тўғрисидаги достонни бузиб таржима қилгансиз? Агар дуруст таржима қилишга қурбингиз келмаган бўлса, бу ишга нима учун қўл ургансиз?
Шайхзода! Мен сиздан сўрайман ва талаб қиламан: Нима учун сиз Совет Ўзбекистонининг улуғ давлат арбоби, Ленин-Сталин партиясининг содиқ фарзанди, ўзбек халқи қолаверса, бутун совет халқи ҳурмат қилган марҳум Йўлдош Охунбобоев образини «Оқсоқол» достонингизда бузиб тасвир этгансиз? Оташин большевик, коммунизмнинг фаол қурувчиси Йўлдош Охунбобоевни нима мақсадда қолоқ, мутаассиб инсон қилиб тасвирлагансиз? Асосий қаҳрамони Кавказ халқларининг қонхўр жобири «Жалолиддин» драмангизни ўзбек адабиётига қайси мақсадда олиб киргансиз? Ниҳоят, сиз «Алпомиш» феодал эпосини қайси ва қандай мақсадда кўкларга кўтариб, тинимсиз тарғиб этиб келгансиз? Сиз қайси мақсадда бизнинг ёш авлодимизни қонхўр Алпомиш мисолида тарбияламоқчи бўлгансиз?..»
Бу заҳарли сўзларни Шайхзода ва Собир Абдуллага КГБ ертўласида зобит терговчи эмас, оддий бир аспирант гапирмоқда; фольклорга, адабиёт илмига, маданият оламига мутлақо алоқаси бўлмаган чаласавод бир мулла гапирмоқда. Лекин бу мулланинг орқасида фақатгина В. Мильчаков қабилидаги шахслар эмас, балки улардан кўра ҳам қудратлироқ куч турар эди. Бу куч Абдунабиевнинг келажагига катта умид боғлаб, унинг қиёфасида фақат Ўзбекистон комсомолининг биринчи котибини эмас, балки ундан кўра ҳам муҳим лавозим соҳибини кўрарди. Агар орадан бир йил ўтгач, Сталин ўлиб, сталинизм парчаланмаса, у албатта, катта лавозимга миниб, халқимиз бошига бундан минг маротаба оғир савдоларни туширган бўларди.
Агар эътибор бераётган бўлсангиз, нотиқ, «Алпомиш» достонидан кўра, бу асар билан ҳормай-толмай шуғулланган, унинг ўзбек ва рус китобхонлари ўртасида катта эътибор қозонишига ҳисса қўшган муҳтарам сиймолар тўғрисида кўпроқ гапирмоқда. Бунинг боиси шунда эдики, «Алпомиш» достонининг муҳокамаси муайян сиёсий давраларда тайёрланган спектакль бўлиб, бу давралар Абдунабиев сингари унсурлар ёрдамида ўзбек халқининг Чўлпонлардан кейин ўсиб етилган зиёкор ва ижодкор авлодини каллакламоқчи, омон қолганларни эса тирик мурдаларга айлантирмоқчи эди. Абдунабиев ўша сиёсий давралар топган, тарбиялаган ва улар хизматига сўзсиз камарбаста бўлган, дўппи деганда каллани сапчадек узиб келадиган содиқ бир саллот эди. Бу айтганимиз спектакль эса Шайхзода, Шуҳрат, Саид Аҳмад, Шукрулло, Мирзакалон Исмоилий, Ҳамид Сулаймон, Ёнғин Мирзо, А. ва Н. Алимуҳамедовлар ҳамда бошқа ўнлаб маърифат аҳллари қамалган пайтда, ё қамалишлари арафасида кечаётган, ана шу «қама-қама» жараёни билан узвий боғлиқ эди. Шу маънода муҳокама қандайдир одатдаги илмий анжуман эмас, балки тоталитар тузум қатағон машинасининг ҳаракати билан боғлиқ сиёсий тадбир бўлди.
Биз фойдаланган муҳокама материаллари орасида, юқорида тилга олинган нутқ ва маърузадан ташқари (улар тайёр матнлардан ўқилгани сабабли тезёзарлар томонидан битилмаган), 50-йилларда институтга раҳбарлик қилганлардан яна бири — Солиҳ Қосимовнинг сўзи йўқ. Бу нотиқнинг сўзи махсус туширилиб қолдирилган бўлса ажаб эмас. Зеро, С. Қосимов ўзи эгаллаган лавозимни зиёд ушлаб туриш учун 50-йиллар руҳида иш тутган.
Қолган нотиқларнинг сўзларини эса уч гуруҳга ажратиш мумкин. Тарихчи Берестнев, адабиётшунос Ғулом Каримов ва фольклоршунос Мансур Афзалов ўртоқлар гарчанд «Алпомиш»ни қоралаш жараёнидай четда турган бўлмасалар-да, на илмга, на дўстларига хиёнат қилмасликка ҳаракат қилганлар. Иккинчи гуруҳ (Михаил Салье ва Маҳмудали Юнусов) ўзбек фольклорининг бошқа намуналари, хусусан «Гўрўғли» достонларига ҳам танқидий назар ташлаш ғоясини кўтарганлар. Охунжон Собиров бу сўнгги таклифнинг адолатли эканини исботлаш ниятида «Зулфизар ва Авазхон» достонини «таҳлил» қилиб, қиймалаб, у ҳам «Алпомиш» сингари зарарли асар, деган хулосага келган. «Ўртоқлар,— деган у,— менимча, бу ерда ўртоқ Зарипов раҳбарлик қилган Тил ва адабиёт институти босиб чиқарган бу достоннинг зарарли эканини исбот қилишга ҳожат бўлмаса керак…» Агар Охунжон Собиров нутқига эътибор берсак, асосий тиғ халқ достонидан кўра кўпроқ унинг нашр этилишига сабабчи бўлган Ходи Зариф кўкрагига қаратилгани ва нотиқнинг бу хатти-ҳаракатлари кимларнингдир томонидан идора қилиб турилгани сезилади. Худди шундай ғаразли ният, Шайхзода ва Ҳоди Зарифни оёғидан чалиш истаги Ҳомил Ёқубовнинг нутқида ҳам аён товланиб турган.
Хуллас, 1952 йилнинг 28 ва 31 март кунларида бўлиб ўтган муҳокамадан кейин ўзбек халқининг ажойиб оғзаки ёдгорликларидан бири — «Алпомиш» достони «халққа қарши асар» деб эълон қилинди. Достон китоб дўкони пештахталаридан, кутубхона жовонларидан йиғиштириб олинди. Шайхзода ва Ҳоди Зариф иши билан шуғулланиш эса, чамаси, тегишли идораларнинг зиммасига тушди.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Бу йил (1992) «Алпомиш» достонига лаънат тамғаси босилганига 40 йил тўлди. Бу ҳам ўзига хос «юбилей». Бу шармандали жараёнда иштирок этган ва «Алпомиш»ни бадном қилган кимсаларнинг аксарияти аллақачон ҳаётдан кўз юмган. Шунинг учун ҳам эски гапларни қўзғаш кимларгадир эриш туюлиши мумкин. Лекин умри, Абдулла Орипов айтмоқчи, итлар қуршовида ўтган карвонлар — Шайхзода ва Ҳоди Зариф сингари алломаларнинг порлоқ хотираси ҳурмати, жабрдийда маданий обидамиз «Алпомиш» ва уни асрлар давомида айтиб, авлоддан-авлодга қолдириб келган бахшиларимиз ҳурмати халқимиз тарихининг бу шармандали саҳифасини унутмаслигимиз лозим., Баъзилар ўтган кунларни ҳадеб титкилаш шартми, бу нарса ҳозирги ёшлар наздида ижод ва илм аҳлларини обрўсизлантирмайдими, деб ўйлашлари мумкин. Бизнинг мақсадимиз ҳеч кимни ёмонотлиқ қилиш эмас, ниятимиз шуки, ҳозирги ва келажак авлод зулм системаси чинакам ижодкор ва олимлар бошига не кунларни солганини, одамларни бир-бирига ёв қилиб қўйганини билсин. Бундай даҳшатлар бошқа такрорланмасин! Тоталитар тузумнинг халқимиз ва маданиятимиз бошига солган кулфатлари ёдимиздан чиқмаслиги керак. Ва, энг муҳими, мустабид тузумнинг калтагига айланиб, улуғ сиймоларимиз ва маданий дурдоналаримиз бўйнига ташланиш иллатидан бир умрга халос бўлайлик.
Қаршимизда XXI асрнинг Мунаввар дарвозаси турибди. Биз бу муборак дарвозадан қусурларимизни, иллатларимизни қолдирган ҳолда ўтиб, улуғ Одамзод Карвонига муносиб эл сифатида қўшилайлик.
1992