Usmon Azim. G’oz & Malika Fozilova. Usmon Azim ijodida «Alpomish» dostoni motivlari

Ashampoo_Snap_2017.07.20_17h10m11s_001_.png   Шоир сифатида элга танилиб, сермашаққат ижод йўлининг анча-мунчасини босиб ўтган қаламкашнинг насрга қўл уриши хайрли бўлар экан. “Ҳаяжону завқдан бегона, Тинч дарёдай жим оқди умрим”, дея армон қилган истеъдодли шоирнинг насрий ва драматик асарлар жамланган бу китоби шоир қаламидан тўкилган наср намунасининг қудрати нечоғлик улкан бўлишини кўрсатди гўё…

УСМОН АЗИМ ИЖОДИДА
“АЛПОМИШ” ДОСТОНИ МОТИВЛАРИ
Малика Фозилова
07

065“Алпомиш” достони Усмон Азимни ҳаяжонга солган ва бир эмас, бир неча марталаб қўлига қалам олишга даъват этган асар. У ижодининг дастлабки даврида ҳам, сал кейинроқ “Бахшиёна” туркумида ҳам “Алпомиш” оҳангларига мурожаат қилади. Унинг насрдаги “Ғоз” ҳикояси, кейинроқ “Алпомишнинг қайтиши” драмаси, “Тонг отган тарафларда” драматик  достонида “Алпомиш”га у ёки бу даражада таянилган (1). Умуман, Усмон Азимнинг мазкур йўналишдаги асарларининг барчасига “Алпомиш” асос бўлган, дейиш мумкин. Бироқ ёзувчи биргина манбага қайта-қайта мурожаат этганда ҳам мавзу жиҳатдан бир-бирига яқин, аммо мазмун томондан  умуман бетакрор асарлар яратади.

“Алпомиш” достонида зиндонда ётган Алпомишнинг ёнига тушган Ғоз билан боғлиқ мотив бор. Бу мотивга кўра, бир оёғи синган ва бир қаноти шикастланган Ғоз зиндонга йиқилади. Алпомиш Ғознинг яралари битиб, учадиган бўлгач, унинг қанотига хат боғлаб: “Элу халқимга менинг ўлик- тирик хабаримни сен етказсанг,” дея ният қилиб, Ғозни учириб юборади. Ғоз ўн тўрт кеча-кундуз учгач, Шакаман тоғига етиб, қанотлари толиб, тоққа қўнади. Ғозни мана шу тоғ этагида яшовчи бир кампирнинг ўғли отган бўлиб, у Ғознинг ўлмасдан, фақат ярадор бўлгани, ҳатто учиб кетганидан аламига чидай олмай, бир неча йилдан бери ўласи бўлиб ётган эди. Ҳордиқ чиқариб, куч йиғиш учун тоққа қўнган Ғознинг ғағиллаган товуши касал ётган Мерганнинг қулоғига етади. У ўзини “ориятга қўйган” Ғозни овозидан таниб, уни яна отмоқ пайига тушади. Кампир эса:

Бу ёлғиз ғоз Алпомиш арзачиси,
Қўйгин, болам, арзачига ўлим йўқ,
То ўлганча тирик қулга тиним йўқ, —

дея Ғозни учириб юбориш пайига тушади. Мерган Кампирнинг сўзига қулоқ солмай, Ғозни отади. У ўқни отганида Ғоз учиб кетади ва ўғил оғир дард билан ётиб қолади. Ғоз эса хатни, эсон-омон Алпомишнинг синглиси Қалдирғочга етказади. Достондаги Ғоз билан боғлиқ мотив шу сюжет билан якунланади (2). Усмон Азим мана шу кичиккина сюжетни бироз кенгайтириб, уни дастлаб ҳикояга айлантирди. Ҳикояда қаҳрамон ҳаётидан биргина эпизод қаламга олинган. Ғозни ўлдиролмай, ориятдан куйиб кетган ўғилнинг руҳий ҳолати тасвирланган. Муаллиф диққат марказида Кампир образи туради. Кампир фарзандини балога гирифтор этаётганини билиб турса ҳам, Ғознинг элчи эканлигини кўнгли сезиб, уни учириб юборади. Кампир ана шу мураккаб руҳий жараёнда дунёни, инсониятни бало-қазолардан сақлаб қола оладиган илоҳийлаштирилган куч даражасига кўтарилади. Ҳикоя “Алпомиш” достонидаги мотив асосида ёзилган бўлса-да, достондаги эпизоднинг давоми сифатида тамоман янгича талқин этилган.

Усмон Азим ҳаёт ҳақида нимаики демоқчи бўлган бўлса, шунинг ҳаммасини бадиий асарда тасвир этилган одамларнинг яшаш шароити, хулқ-атвори, руҳияти, бажарадиган ишлари, интилишлари ва ўйларида, умуман олганда, тақдирида акс эттиришга ҳаракат қилади. Шунга кўра, ҳикояга, достондагилардан ташқари, яна бир қанча янги образлар киритилган. Унда достонда мавжуд бўлган Ғоз, Кампир, унинг ўғли, Алпомиш, Ойбарчин каби образлар қаторига фолчи Бўлган Кал, табиб Луқмони Ҳакимлар ҳам қўшилган.

Ҳикоя ёзилганидан сўнг орадан маълум вақт ўтгач, ёзувчида уни янада кенгайтириш нияти туғилди ва 2013 йили ана шу “Ғоз” ҳикояси асосида “Тонг отган тарафларда” драмасини яратди. Драманинг қамрови катта, унда ёзувчи ўзининг ҳаёт ҳақидаги, ўзбек халқининг тарихи ҳақидаги фикр ва ўйларини ифодалашга ҳаракат қилган. Ҳикоядаги воқеа драмага янада кенгайиб, янги тафсилотлар билан кўчди. Шу сабабли асар маълум сюжет асосида яратилган бўлса-да, бутунлай мустақил янги асар даражасига кўтарилди.

Драмага Мангуқут, Ойёруғ, Мангуҳаёт каби янги образлар киритилган. Маълумки, бадиий асарда тасвир этилган кишилар образи бир хил бўлмайди. Бу, албатта, ёзувчининг ижодий ниятига боғлиқ. “Тонг отган тарафларда” драмасида Усмон Азим Она — Тонгёруғ ва ўғил — Ёлғизмерганнинг тақдирларини тасвирлаш орқали бутун бир элнинг пайдо бўлиши, яшаш учун кураши ва узоқ даврларни босиб ўтиш тарихини кўрсатишга интилган. Бошқа барча персонажлар ана шу бадиий ниятнинг мужассамланишидаги ўрни ва шу икки қаҳрамон образига яқинлигига қараб драмадан ўрин олган.

Драмага киритилган Мангуқут образига катта бадиий вазифа юкланган. У қолдирган васият бўйича наслни давом эттириш бурчи Тонгёруғни ҳар қандай вазиятда чекинмасликка, олға юришга ундайди. Ойёруғ образи — аёл матонатининг яна бир тимсоли. Мангуҳаёт — умид, ёрқин келажакка ишора. Ғоз драмада асосий образлар даражасига кўтарилган. Ғоз ҳақидаги ҳикояда асосан орият, ғурур масаласи биринчи ўринга чиққан.

Бетоб фарзандининг бошида парвона бўлиб, уни оёққа турғизиш учун елиб-югуриши, вақтни ҳам унутиб, кунни кун, тунни тун демай даво излаб, нажот истаб ва озгина бўлса-да умид қидириб, жуда олис йўлларни босиб ўтиши — булар ҳаммаси Она деган номга муносиб ҳар қандай аёлнинг қисматидир. Шу сабаб ҳикояда Кампирнинг ўғли ҳақида бирор умидбахш гап айтармикин, дея фолчи Бўлган Кал олдига бориши, ундан фойда бўлмагач, шифо сўраб табиб Луқмони Ҳаким ҳузурига узоқ масофа босиб йўл олиши, ундан ҳам ҳафсаласи пир бўлгач, Алпомишдан мадад сўраши Онанинг фарзанди учун ҳар қандай машаққатга тайёр ва ҳар қандай ишга қодир эканини кўрсатади.

Ҳикояда Алпомиш билан боғлиқ яна бир мотив бор. Алпомиш ўғлининг касалига шифо топишда мадад сўраб борган Кампирни катта иззат билан кутиб олади. Чунки у Кампирдан қарздор: Кампир ўз фарзандининг жонини хатарга қўйиб бўлса-да, Алпомишдан хабар олиб кетаётган элчи Ғозни ўлимдан сақлаб қолган. Элчи Ғоз омон қолиб, бутун Қўнғирот халқига бахт кулиб боқади. Ўз қарзини узишни истаган Алпомиш ҳам катта мардлик қилади. У Кампирнинг ўғли соғайиб кетиши учун ўз ўғли Ёдгорбекни Худо йўлига қурбонликка беради. Бироқ, Ғоз ҳикояси шу ечим билангина тугамайди. У бунчалик жўн қурилмаган. Унда Кампирнинг меҳри, матонати, саботи, жасорати бундан кўра мураккаб маънога эга. Кўмак сўраганларидан кўнгли тўлмагач, Кампир барчадан Яратган унинг сўрайдиган биргина тилагини ижобат этиши учун дуо қилишларини ёлворади. Ортга — ўғлининг ёнига қайтган Кампир тоғ бошига етганда ўз ниятини ошкор этади: у “Худойим! Ўзинг қўллагин! Раҳмат нурини бошимдан соч. Мени ғозга айлантир-да, кейин инон-ихтиёримни ўзимга бер!.. Худойим!..” — деб нола қилади. Бутун Қўнғирот эли ва Кампирнинг дуоси ижобат бўлиб, у Ғозга — ўша ўғли ўлдиролмаган Ғозга айланади.

Драмадаги Онанинг елкасида бундан-да кучли масъулият бор. У нафақат ўз фарзандининиг ҳаётини, шунингдек, у вакиласи бўлган Тонгли элининг ягона фарзанди, зурриёти, меросхўри, умуман, сўнгги эркагини сақлаб қолиши керак. Орият ва ғурурдан ҳам кўра, бир халқнинг яшашда давом этувчи сўнгги вакилини ва шу билан халқни, миллатни сақлаб қолиш, унинг давомийлигини таъминлаш гояси асар марказига чиққан.

1447410329_teatr-5.jpg“Бу асар, — деган эди Усмон Азим учрашувдаги суҳбатларимиздан бирида, — “Ватанни қандай севиш керак?” деган саволга менинг жавобим. Янада очиқроқ айтсам, васиятимдир. Шу сабабдан асардаги ҳар бир ҳаракат, ҳар бир сўз шу ғояга бўйсундирилган. Умуман, ёзиш жараёни жуда сирли — ҳар томонга урилиб, аниқ бир сўзни, жумлани излаётганингда, у сенинг кўнглингга қувонч бахш этиб аллақайлардандир пайдо бўлади. Ва у ўша — сен излаётган ягона сўз, жумла эканлигини дарҳол биласан. Танийсан… Қаҳрамонлар тасвири ҳам шундан — бош ғоядан келиб чиқади” (3). Шу маънода, драматургнинг сюжет чизиғи мана шу воқеалар асосида ривожланадиган янги асари фидокор, халқпарвар инсонлар ҳақидаги афсонавий воқелик асосига қурилар экан, ижодкор бу орқали жуда катта маънавий масалаларни ўртага ташлайди. Фалсафий-поэтик асар талаблари, миллий қадриятларга таяниб яратилган асарда нафақат миллатни асраб қолиш, шунингдек миллий ўзликни англаш масалалари юқори ноталарда жаранглайди. Халқона руҳдаги асарда мардлик, фидокорлик, номус ва орият каби фазилатлар улуғланади.

Асар ғоясига сингдирилган оиланинг муқаддаслиги, фарзандга меҳр, юртга садоқат сингари қадриятлар қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатлари орқали деталлаштирилади. Асосийси, асарда оддий инсоний муносабатлар атрофида бутун халқ тақдири, унга масъулият, бурч масалалари олий қадриятлар сифатида тараннум этилади. Асардаги қаҳрамонлар нутқидаги ҳар бир сўзга жуда катта маъно юкланган. Ватан, миллат учун жонидан кечишга тайёр инсонлар қисмати, мана шундай инсонлари мавжудлиги учун бу халқ яшаётгани, унинг ёруғ эртасига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди. Қадим мозийда кечса-да, воқеалар бугунги кунимиз нафасини беради. Ўзликни англаш, миллат қайғуси ва эртанги куни учун ҳар биримиз масъул эканимизни яна бир бор саҳнавий ифода воситалари орқали ёдга солади. Шу йўл билан руҳиятимиз, тафаккуримизга сездирмаган ҳолда ҳар биримизни тарбиялайди. Эзгуликка чорлайди. Бу эса саҳна санъатининг энг олий мақсадидир.

——————-
1. Қаранг: А з и м У Жоду. Тошкент: Шарқ, 2003; А з и м У Тонг отган тарафларда. Драматик достон // Шарқюлдузи, 2014, 1-сон, 50-71-бетлар.
2. Қаранг: Алпомиш. Айтувчи Фозил Йўлдош ўгли. Ёзиб олувчи Маҳмуд Зарифов. Нашрга тайёрловчилар Ҳоди Зарифов ва Тўра Мирзаев. Тошкент: Ўзбекистон, 2011.
3. «Тил ва адабиёт таълими», 2014 йил, 12-сон, 48-бет

Манба: «Ўзбек тили ва адабиёти» журнали, 6/2015

Усмон АЗИМ
ҒОЗ
09

01_a.pngАлпомиш чоҳга тушганини биласиз. Чоҳга ярадор ғйз қулаганини ҳам биласиз. Ғозни отолмаган шакаман мерган ору номусдан юрак бағри эзилиб йиқилганини ҳам биласиз. Алпомиш ғозни даволаб, қанотига хат бойлаб, юртига элчи қилиб учирганидан ҳам хабарингиз бор. Ғоз яна мерган кулбаси устидаги тоғнинг бошига қўниб, қанғиллаганидан ҳам, касал ётган овчи қўлига ёй олганидан ҳам, шу ғоз ўлса Алпомиш хор, Қўнғирот эли зор бўлишини худо кўнглига солган мерганнинг энаси «ҳай-ҳай»лаб қушни учириб юборганини ҳам эшитгансиз. Алпомиш юртига қайтиб, Барчин ерига тасаллилар айтиб, Ёдгор ўғлини бағрига босиб, Қўнғиротнинг кўнглини ёзиб ўтганини ҳам қулоғингиз илиб қолган.

Аммо ғозни отолмаган Шакаман мерганнинг ҳоли не кечди? Билмайсиз.

Ўз боласини балога топшириб, ғозни учирган бечора кампир бемор фарзандининг бошида қандай кун кўрди? Билмайсиз…

Мана энди биз ана шу билмаганингиз ҳақида ёзамиз. Одатимиз шунақа — биров гапирганини қайтариб юрмаймиз. Зерикманг, деймиз-да, гапдан чарчаган дунёнинг гапдон болалари!..

Хуллас, биздан эшитинг.

Кампир «ҳай-ҳай»лади. Ўқ тегмади. Ғоз бир айланиб, ўтакаси ёрилиб, «Бойсун-Қўнғиротга етгунча, қанотимни толдирма», деб тангрига ёлвориб, баландлаб учиб кетди. Мерган куни етганини сезди — «енамки ғозни мендан авло билди, паймонам тўлган экан, гулим очилмай сўлган экан», деб оҳ уриб, олам кўзига қоронғу кўриниб, тўшакка етмай йиқилди. Кампир бечора «воҳ, боламилаб, ўзини фарзандининг устига ташлади, кўзларини ёшлади.
— Болам,— деди кампир,—қаддингни кўтар, ҳали бу тоғнинг бошидан села-села ғозлар ўтар, истаган ғозингни отиб олишга кучинг етар…
— Эна, мен сезиб турибман, бу ғоз қайтмайди. Менга бошқа ғознинг нима кераги бор? Отган ўқим хато кетмаган мерган эдим. Энди ор-номус мени омон қўймайди… Ҳай, эна! Нодон эна! Бир ғозни фарзандингга раво кўрмадинг — мени ўлдирган асли сенсан.

Мерган шундай деб бўзлади, бечора энасининг жигар-бағрини тузлади. Кампир йиғлаб ичкари кириб, ташқари чиқяпти, боласининг бошида ўргиляпти, дили вайрон, тақдирнинг ногаҳон зулмидан ҳайрон, ўғлига, балки ўзига мадад бериб сўзлаяпти:
— Болам! Жоним болам! Мен ҳам худонинг бир куйган бандасиман. Оллоқ кўнг-лимга солди… У ғозсиз кўп ёмон бўларди, Бойсун-Қўнғирот томом бўларди, Алпомиш чоҳда қоларди. Барчинни Ултонтоз, оларди… Бир юрт йўқ бўларди, жон болам! Аммо сенсиз менга бу дунё қоронғу! Оллоҳдан бир умрингни сўраб олмасам, энанг бўлиб нима қилдим,— деб йиғлаяпти.

Мерган кун сайин кучдан кетиб, қоқ суяк бўп қоляпти, сўнгги куни армонда — Азроилнинг шарпасини сезиб боряпти… Ор-номус учун ўладиган замонлар ҳам бўлган-да, биродарлар!

Кампирнинг қилмаган давоси қолмади. Бир қўйи бор эди — чилтонларга бағишлаб, сўйиб, элга хом талаш этди. Париларнинг жодуси кесилсин деб, бир товуғининг қонига пахта булаб, фарзандининг бошидан айлантирди. Қирқ мулла чақириб чилёсин ўқитди. Нафаси ўткир бир парихонни келтириб, бир парча пўстакка дам солдириб, бўсағага кўмди. Беморни қоронғи хонага қамаб, чироқ ёқди. Самандар кўсани топтириб келиб, жар солдирди… Бемор ўзига келмади.

Қирқ дарадан нарида Бўлган кал дегич бир фолчи бор эди. Зўр эди — ўтиргандан қирқ юрим, югургандан қирқ турум топарди. Бировнинг исмини эшитса, умрини маталдай айтиб, худо буюръмаган касалларга умрини қайтиб бераверарди.

Кампир шу кални топиб борди. Қирдан фолчининг уйига тушиб келаверди… Кал капасидан чиқиб кампирга бақираверди:
— Қайт! Кампир, қайт! Мен фол очишни ташлаганман! Қайт келган йўлингга деяпман! Қайт!
— Бўлган иним! Минг афсунга тўлган иним! Боламнинг дардига даво излаб, қошингга биядай бўзлаб қ«ляпман! Қайт демагин! Жонимни олсанг ол! Молимни олсанг ол! Фақат беумид қайтарма…

Шўрлик кампир калнинг капасига яқин келолмайди — бетда туриб зориллаяпти, бечора Бўлганни ҳам бир билгани бордир-да, кампирни яқин келтирмайди.
— Молингни ололмайман — талончи эмасман, жонингни ололмайман — тангри эмасман… Кампир! Қайт! Мениям қийнайверма!.. Фол очишни ташлаганман… Очган фолим тескари чиқяпти. Фақат тангридан умид кут.
— Ҳеч бўлмаса бир сирни айт, Бўлган иним. Мен худога нима ёмонлик қилдимки, ёлғиз боламни, кўзимнинг оқу қорасини бедаво дардга дучор қилди?
— Кўзимни ёшлатма, кампир! Сўраб нима қиласан? Сен фидойилик қилдинг! Бу дунёда фидокорнинг иши оғирдир… Энди қайтавер, кампир! Бошқа бир сўз айтмайман. Ҳаммамиз ҳам бандамиз — худо бошимизга нимаки солса, сабру тоқат билан қабул қилишдан бошқа иложимиз йўқ…

Кампир билдики, бу кал бошқа ҳеч нарса демайди. Кўнгли алағда, бечора, яна боласининг қошига қирқ дара ошиб, ҳаллослаб чопиб келди. Мерганнинг қирқ жонидан йигирмаси узилган, ранги заъфарон — қони бузилган, «армонда кетар бўлдим», деб шифтга қараб ётибди. Энасининг келганини сезиб, бурилиб қаради… Биродарлар! Одам дегани жон чиққунча умид қилаверар экан — мерган энаси бир хушхабар олиб келадигандай тикилди. Кампир ерга қаради: худо шифо берса, отдай ўйноқлаб кетишини айтди.

Кампир сўлаётган ўғлига қараб, чидаб туролмади. Итни сўйиб, гўштидан шўрва қилди. Суварак емаган дашт кирписининг қонини ичирди. Ҳаммасини йиғлаб-йиғлаб, «бечора болам»лаб ўзи сўйди, ўзи пиширди. Тоғ бошига ғозлар қўнганда, «ўша ғоз» келганини айтиб, фарзандини алдаб кўрди — мерган қушларнинг овозига бир дам қулоқ тутиб турди-да, «йўқ» деди, қовжираган лабларини аранг қимирлатиб.

Энди кампир Луқмони Ҳакимни дараклаб жўнади. Қирқ кун йўл юрди, қирқ тоғдан, қирқ чўлдан ўтди, Бир кун қараса, соқоли белига тушган бир мўйсафид ўту ўланлар билан гаплашиб келяпти. .
— Сен, жирғаноқ, шарбат бўласан… Қариқиз, сен касалларни терлатасан… Юлғин, писмиқ, нега яшириняпсан? Ариларга асални кимберади, тентак! Афсонак! Заҳарлиман деб хафамисан? Заҳринг ҳам дори-ку! Ўсавермайсанми?..

Кампир чолга эгилиб салом берди. Чол унга бир разм солиб қаради-да:
— Нега менга эгилдинг, одамларнинг улуғи?—деди оғриниб.— Аксинча, мен сенга таъзим этмоғим даркор эди. Мен ҳаётимда мингта, мақтаниб айтсам, ўн мингта одамни ҳаётини сақлаб қолдим. Сен бўлса… Э-ҳе!..

Чол кампирнинг ҳақиқий улуғворлигини кўрсатмоқчидай, икки қўлини ёйиб бутун дунёни кўрсатди. Бечора кампир чидаб туролмади — Луқмони Ҳакимга умид билан тикилиб, пойига йиқилиб, ёшига ёқаси ҳўл бўлиб, хунобаси мўл бўлиб изиллаверди.
— Мен қайдан улуғ бўлай, Луқмони Ҳаким! Бир боламнинг дардига даво тополмасам…

Луқмони Ҳакимуни ердан кўтарди, ёшини артди, сочларига илашган хасларни отди.
— Бир юртга дориломонлик берган одам улуғ бўлмай, мен улуғ бўлайми, кампир! Кампир яна изиллаб ёлворишга тушди:
— Агар мен улуғ бўлсам, боламнинг дардига даво топиб бер, эй, Луқмони Ҳаким! Илоё бу дунёнинг ёмонидан ёмон яшай! Фақат болам армонда кетмасин!..

Луқмони Ҳаким оғир ўйга толди.
— Сен олам кўрмаган фидойилик кўрсатдинг,— деди у ниҳоят, чуқур хўрсиниб.— Энди чидамоқдин бошқа йўл йўқ. Чида, кампир! Неки бошингга тушса қаноат эт!.. Э, фалак!..

Луқмони Ҳаким бир «оҳ» урдию яна ўт-ўланалар билан гаплашиб, дала-даштни оралаб кетаверди.

Кампир яна боласининг қошига чопқиллаб жўнади. Қирқ кун йўл юриб, қирқ тоғдан, қирқ чўлдан ўтиб етиб келди. Боласи яна умид билани бош кўтариб қаради. Кампир йўлдан териб келган ўтларини фареандига кўрсатиб: «Луқмони Ҳаким бериб юборди», деб хурсанд қилиб, қайнатиб ичирди — мерган ўзига келмади. Танида таранг тортилган ҳаётнинг ришталари чирсиллаб узилиб кетаётганига қулоқ тутиб, тақдирга тан бериб, жимгина ётаверди. Кампир эшикка чиқади— йиғлайди, ичкари киради — кулади, «аҳволинг анча тўзук» деб, тасалли берган бўлади. Аммо ўзининг тинчи йўқ. Ажал эшикни очса — эшикдан, очмаса — тешикдан кирадигандай…

Кампир ўйлаб-ўйлаб, Бойсун-Қўнғиротга — Алпомишнинг ҳузурига жўнади. Боласининг азобида эси ўзида йўқ — неча вақт йўл юрганини билмайди — балки кундир, балки йилдир… Кампир Асқар тоғдан чиқиб, пастга қаради. Қирқ минг уйли Қўнғирот қирқ минг оқ ўтов тикиб, қирқ минг сурув қўйини яйловда яйратиб, ҳар ўтовнинг олдида ўн тулпорни бойлатиб, тўй қилиб — бахшиларни сайратиб, омон-омонликда, хушбахт замонликда умр кечиряпти. Кампир Алпомишнинг қирқ қанот ўтовини чангароғига осилган яшил байдоқдан билди. Тоғдан тушди-да, ясовуллару баковулларнинг ёнидан шамолдай ўтиб, юрт сўраб ўтирган Алпомишнинг қошига борди.

Биродарлар! Алпомиш ҳам тек йигит эмас эди, кампирнинг кимлигини дарров билди — икки қўли кўксида, «хуш кўрдик, эна», деб кулиб, мўйловининг бир четини тишлаб, кўнглини хушлаб пешвоз чиқди.
— Бир хизматга келдим,— деди кампир.
— Минг хизматингиз бўлса ҳам, бажо бўлади, эна!— деди Алпомиш.— Тиланг! Кампир эзилиб, унсизгина йиғлашга тушди. Аркони давлатга аралашиб юрган

Ойбарчин эсли хотин эмасми, чопқиллаб келиб кампирни белидан олиб, устига атлас кўйлак ёпиб, тўрга ўтқизди — ҳол сўради.
— Қўнғирот эли!—деди ўзини босиб олган кампир ўтирганларга қараб.— Менинг кимлигимни биласизларми?
— Сиз элчи ғозни ўлимдан қутқазган халоскоримиз бўласиз! — деди ҳамма бир оғиздан.
— Шу ғозни отолмаган мергангина бир болам ор-номусда куйиб-қоврилиб, бу дунёдан соврилиб кетяпти… Шу боламнинг дардига даво топиб беринглар, деб келдим…

Ҳамма жим қолди. Нима қилишсин? Ўлимдан бошқа ҳамма нарсага даво бор… Аммо ўлим…

Барибир Алпомиш мард эди, биродарлар! Кампирни армонда ёлғиз қўйгиси келмади. Қўнғирот қайтиб Қўнғирот бўлишига сабабчи бу ҳалол кампирни ўлим уқубатига қандай қилиб юзма-юз қўйсин?
— Эна,— деди Алпомиш бир тўлғаниб,— менинг ҳам биргина ўғлим — кўзимнинг оқу қораси, ҳаётимнинг маъноси Ёдгорим бор. Шуни олиб кетинг. Сиз туфайли менинг юртим омон қолди, Ёдгоржоним туфайли сизнинг фарзандингиз ҳам соғайиб кетсин. Шу боламни хайри худо йўлига буюрдим…
— Йўқ… — деди кампир кўздан ёши селоб бўлиб.
— Олинг, эна! Ёдгор ўша ғоз тоғ устига чиқиб, ўзини ўғлингизга атаб қурбон қилади. Иншооллоҳ, болангиз тузалиб кетгай…

Алпомиш аркону давлатнинг қуввати бўлиб ўтирган Ёдгорбекка назар ташлади. Ёдгорбек падари бузурукворига қуллуқ этиб, хизматга тайёр эканлигини билдирди. Барчин келиб, ўғлининг бўйнига осилди.
— Эли учун қурбонлиққа арзийдиган шўрлик болам!— деб айтиб йиғлаб бошлади. Алпомиш кўзларида қалққан ёшларини тийиб, бир кескин ишора қилди. Ўртага сукут чўкди. Ёдгорбекни пешонасидан ўпди.
— Бор, болам,— деди сўнг у — Қўнғирот ҳар кимдан қарзини узиб юрмоғи ло-зим… Бор, ёлғизим! Бор, Ёдгорим! Юртингни қарзини уз!—Кейин кампирга юз-ланди:—Эна, энди жўнанглар! Илоё фарзандингиз шифо топсин!

Энди кампир бу марду майдонликнинг олдида лолу ҳайрон, юрак-бағри вайрон бўлиб ўтириб қолди. Узоқ ўтирди. Кейин нимадир эсига тушиб, юзи ёришди.
— Қўнғирот аҳли!— деди у.— Мен бир муштипар кампир эсам-да, сиз айтган йўлга юролмайман. Фарзанд доғи нима эканлигини мен бечора билмасам, ким билсин! Ёдгорбекни ҳам қўйинглар — Барчиннинг бахтига соғ-саломат яшайверсин! Фақат бир илтимосим бор. Ҳозир ҳаммангиз чин кўнгилдан худодан тилангки, менинг ҳеч бўлмаса биргина зорим яратганнинг қулоғига етсин!

Қўнғирот эли гуриллаб, яратганга ёлвориб, дўо қилди. Кампир йўлга тушди. Алпомиш кампирни тўхтатиб, Бойчиборга миндирди. Ёнига қирқ йигитни қўшди. Уйигача элтиб қўйишни тайинлаб, хўшлашди…

Кампир билан қирқ йигит ғоз қўнган тоққа етганда, кампир Бойчибордан тушди, жиловини қирқ ботирдан бирининг қўлига тутқазди. Йигитлар «касал ётган жўрамизни кўриб қайтамиз», деб ҳарчанд уринмасинлар, уларни Бойсунга жўнатди. Ҳайҳотдай тоғнинг бошида бир ўзи мунғайиб қолди.

«Худойим! Менинг ноламга ҳам бир бор қулоқ срл! Ҳеч бўлмаса, Қўнғиротдай бир юртнинг дуосини инобатга ол! Сочим супурги, қўлим косовликда умрим кечди. Бир фарзанд ўстирдим. Бир тақдир қушини ўлимдан сақлаб қолдим. Энди болам ўладиган бўлиб ётибди. Тоғдан пастга тушолмай турибман. Қўрқаманки, мени бенажот қайтганимни сезган болагинамнинг бу дунёда қарори қолмайди… Худойим! Ўзинг қўллагин! Раҳмат нурин бошимдан соч. Мени ғозга айлантир-да, кейин инон-ихтиёримни ўзимга бер!.. Худойим!..»

Кампир тўсатдан ҳавонинг бир бўлакча тўлқини уни туртиб ўтганини сезди. Баданига ажабтовур вижирлаш кирди. У ўзининг ғозга айланганини кўриб, қувончидан, ғақиллаб сайраб юборди.

Ғознинг қичқириғи мерганнинг қулоғига етди. Таниди — ўша ғоз! Қувониб, қайта-қайта ғанқиллаб турибди. Оҳ, келаркансан-ку, армонларда ўлдирган ёлғончининг ажал-берди ғози! Келаркансан-ку!… Мерган ёнида беега ётган ўқ-ёйини олиб, тоққа томон жўнади. Аммо касаллик қуритган танда куч қайда? Уйининг остонасидан чиққанида йиқилди… Энди ғозга етиш гумон. Ҳай, эсиз дунё! Насиб этмаган экан-да… Аммо худо йигитнинг омадини берса, нималар бўлмайди! Ғоз ўйнаб-ўйнаб, сайраб-сайраб учиб, ўқ етар жойга келиб тўхтади. Мерган қўлига ёйни, садоқдан ўқни чиқариб ғозни мўжалга олди. Бироқ касалликдан нури қочган кўзи тиниб, бўшатган ўқи ғоз устидан — икки терак бўйи баланддан ўтиб кетди. Аттанг! Ўладиган қул шундай бўлар экан-да!.. Аммо ғоз яна ўйин кўрсатди. Ҳавога бир баландлаб учди-ю, қанотларини озод ёйганича сузиб келиб, мерганнинг шундоқ қаршисига қўнди!

«Худойим! Менга меҳринг шунчалар мўлми? Жувонмарг кетишимни истамаган тангрим! Ўзинг мадад бер!..»

Мерган бор кучи билан ёйни тортиб, ўқни бўшатди. Ўқ ғозни туйраб ўтиб кетди. Мерган бирдан касалликдан халос бўлиб, ўрнидан сакраб турди. Югуриб ғознинг ёнига борди. Қуш ҳали жон узмаганди.
— Эна!—қувончини ичига сиғдиролмай қичқирди мерган.— Қаердасан! Ғозни отдим! Эна! Соғайиб кетдим! Эна!..

Қуш бу қичқириқдан ногоҳ кўзини очди. Қанотларини толпинтирмоққа уринди. Мерган ғознинг кўзида ажабтовур бир шодликнинг шарпасини кўриб, қичқиришдан тўхтади.
— Эна!— деб қичқирди у энди хавотирланиб.

Қушнинг қанотлари шалвираб тушди. Шодликнинг шарпаси эса аллақандай совуқлик бостириб келаётган қовоқлари остига ботди.
— Эна…

Ҳеч ким жавоб бермади. Ҳикоя тугади.

Фақат, биродарлар, бир илтимосимиз бор: ғоз кўрсаларинг отманглар! Ким билсин, балки, элчи қушдир, қим билсин, балки бировнинг онасидир… Шунақа гаплар.

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 8-сон

МУТОЛАА ШУКУҲИ
Шодмон Сулаймонов
07

Элинг учун, болам, яша,
Элинг учун ўл, болам.
Усмон Азим

Яхши асар ўқилганда олинган завқдан ортиқроқ завқни бошқа ердан топиш мушкул! Яқинда ана шундай шавқ-завқдан баҳраманд бўлиш насиб этди. Ўқиганим – Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “Жоду” китоби, бу китобдан ўрин олган “Ғоз” ҳикояси эди.

Шоир сифатида элга танилиб, сермашаққат ижод йўлининг анча-мунчасини босиб ўтган қаламкашнинг насрга қўл уриши хайрли бўлар экан. “Ҳаяжону завқдан бегона, Тинч дарёдай жим оқди умрим”, дея армон қилган истеъдодли шоирнинг насрий ва драматик асарлар жамланган бу китоби шоир қаламидан тўкилган наср намунасининг қудрати нечоғлик улкан бўлишини кўрсатди гўё.

Содда ва самимий бахшиёналари билан Сурхон бахши-шоирларининг муносиб давомчиси эканлигини намойиш эта олган, Элбек бахши, Эломон бахши, Оқботир, Алпомиш, Барчиной, Бойчибор, Гулпари, Тўнғичу Ўртанчаю Кенжа ботирларни сўйлатиб, одамият дардларини шеърга солишда ўзига хос тажриба орттирган шоир “Ғоз”да ҳам шу йўлдан борган. Ҳикоя сюжети учун “Алпомиш” достонида бир-икки жумлада баён қилинган Алпомиш ва хабарчи ғоз саргузашти асос бўлиб хизмат қилган. Кўпчилик “Алпомиш”ни ўқиган. Уни такрор-такрор мутолаа қилганлар ҳам бисёр. Аммо тан олайлик, Алпомиш оёғига хат боғлаб, Бойсунга йўллаган ғозни қутқарган кампирнинг, ғозни отолмай қолган мерганнинг тақдири не кечгани ҳақида ўйламаганмиз.

Усмон Азим ана шу тақдирни қаламга олган. Ғозга ўқ теккизолмаган Мерган биринчи маротаба ўқи хато кетганлиги, номдор мерган бўлатуриб, бир ғозни отолмаганлиги учунгина хасталик тўшагига михланади. Аммо унинг жисми эмас, руҳи, қалби жароҳатланган, бу жароҳатнинг номи эса ғурур эди.

Ҳикояни ўқишли қилган муҳим жиҳатлардан яна бири асар тилининг халқона ибораю қочиримлар билан зийнатланганлигидир. Ҳикоя худди халқ достонлари каби жонли суҳбат-мулоқот тарзида битилган. Бу эса унинг ўқилишини осонлаштиради. Насрий қофия – сажъларнинг бисёрлигини ҳам худди шундай фазилат сифатида эътироф этиш жоиз:”… Ғоз бир айланиб, ўтакаси ёрилиб, “Бойсун-Қўнғиротга етгунча қанотимни толдирма”, деб Тангрига ёлвориб, баландлаб учиб кетди. Мерган куни етганини сезди: “Энамки ғозни мендан авло билди, паймонам тўлган экан, гулим очилмай сўлган экан”, деб оҳ уриб, олам кўзига қоронғу кўриниб, тўшакка етмай йиқилди. Кампир бечора “воҳ, болам”лаб, ўзини фарзандининг устига ташлади, кўзларини ёшлади”.

Кўзингиз бу манзара акс этган сатрлар узра кезганда, муаллифни Онага нисбатан ноҳақлик қилганликда айблайсиз. У билан хаёлан баҳсга чоғланиб, маломат ёғдира бошлайсиз: Ахир, Она фидоийлик қилди-ку! У мерган ўғли нишонга олган, оёғига Алпомишнинг хати боғланган ғозни учириб юбормаганида, Бойсун-Қўнғиротнинг ҳоли не кечар эди?! Муштипар она не сабаб қилган улкан фидоийлиги эвазига айрилиқ, кулфат ила “сийланиши” керак?

Китобхонни ўртаган бу саволларга ёзувчи кўпни кўрган, “бировнинг исмини эшитса, умрини маталдай айтиб, Худо буюрмаган касалларга умрини қайтариб бераверадиган” Бўлган кал тилидан жавоб қайтаради:”… Сен фидоийлик қилдинг! Бу дунёда фидокорнинг иши оғирдир…”

Нақадар шафқатсиз хулоса! Аммо тан оламизми-йўқми, синовдан ўтган хулоса. Дўсту рақиблар маломатини андиша боис олқиш дея қабул қилганмисиз? Кўнглингизга жон қадар яқин олган биродарингиз юрагингизга пичоқ санчганми? Яхшилик эвазига таъна эшитиб, изза бўлганмисиз? Унда Бўлган калнинг хулосасига эътироз қилолмайсиз! Бўлган кал тилидан инсониятнинг энг катта дардини сўйлаётган ёзувчига қўшилиб пешона тириштирасиз. Ҳикояга жонлилик бахш этган энг муҳим жиҳатлардан яна бири, шубҳасиз, ана шу каби парадокс асосига қурилган сюжет чизиқларига мурожаат этилганлигидир.

Аждодлар жасоратию саховатини ибрат қилиб кўрсатиш – дунё адабиётининг муштарак фазилати. Айниқса, инсоний ғурур йўлида ғайрат кўрсатган зотлар барча замон ва маконларда ибрат намунаси бўлганлар. Ҳикоя муаллифи йўл-йўлакай ишоралар тарзида бўлса-да, бу ҳақиқатга такрор-такрор урғу беради. Муаллиф тутган бу йўлда Мерган қалбида жўш урган ғурур туйғусининг аслий-азалий ҳиссиёт ўлароқ асрлар давомида қадр топганлигини таъкидлаш истаги жо бўлган.

“Ғоз”даги Алпомиш эл-улусни ўйлаб ўғлини қурбон қилишига бир баҳя қолган муштипар онага яккаю ягона ўғли Ёдгорни қурбонлик учун бериб юбормоқни бурч деб билади:”… Сиз туфайли менинг юртим омон қолди, Ёдгоржон туфайли сизнинг фарзандингиз ҳам тузалиб кетсин. Шу боламни хайри Худо йўлига буюрдим…”.

“Ғоз”даги Луқмони ҳаким, ҳар қанча буюк табиб бўлмасин, муштипар она олдида бош эгади:”… Мен сенга таъзим қилмоғим даркор. Мен ҳаётимда мингта, мақтаниб айтсам, ўн мингта одамнинг ҳаётини сақлаб қолдим. Сен бўлса… Э-ҳе!”.

Яхши асарни юракка яқин қиладиган фазилатларни айтиб битиролмайсан. Яхши асарда тасвирланган воқеалар анчагача қалбингни ўртаб, хотирангда чарх уриб юради. Яхши асарнинг айрим парчаларини ихтиёрсиз ёд олиб, унда қўлланган тагдор иборалар, нақлнамо хулосалар, залворли луқмалар нутқингга кўчиб, уларни давраларда айтиб юрасан. Усмон Азим бахшиёналарида, шунингдек, “Сиз билмайдиган замонларда” ва “Ғоз” ҳикояларида қўлланган “Ў, биродарлар”, “Биродарлар” каби мурожаатлар шу қадар дилга яқин, таъсирлики, уларнинг айримлари менинг ҳам нутқимга кўчиб, ҳатто сиз ўқиётган битикларимда жаранг берди.

Ай, биродарлар! Шоир ёзган насрий асарни шоир ўқиса, бунинг устига, овоз чиқариб, кўпчиликнинг олдида ўқиса, оғир бўлар экан. Менда ҳам шундай бўлди. Дастлаб уйда ўқиганим ва мутолаадан сўнг томоғимга қадалган ҳаяжонни ёшга айлантириб кипригимга индирган “Ғоз”ни талабаларга ўқиб бериш учун ўзимда куч тополсам керак, дея умид қилгандим. Аммо ўғлининг дардига дармон, дилига қувват бўлмоқ ниятида ғозга айланишдан-да, мерган ўғли отган ўққа рўпара келишдан-да қайтмаган Онанинг ўтли саргузашти ҳақида овоз чиқариб сўйлаш осон эканми?…

Ай, биродарлар, китоблар бағрида чинакам маърифат жо эканлигини англаб етган талабаларим кўзидан оққан ёш хайрли мужда бўлиб кирди кўнглимга. Ай, биродарлар! Дунёни қалби музлаганлар кунпаякун қилади… Мен олис кечмиш манзарасидан катта сабоқлар чиқара олган, инсоний ғурур, меҳр-оқибат одамият аҳлининг азалий қадрияти, маънавий қудрати эканлигига имон келтирган оташ қалблар тафтида яйрадим. Қўлимдаги китоб муқовасини силадим.

Манба: “Ёшлик”, 2013 йил, 4-сон

Усмон АЗИМ
ЖОДУ
07

Умриинг ўтиши — кўэ юмиб очгунча.
Бобомнинг гурунгидан.

Эркак чой қўйди.

Хаёлланиб деразадан пастга қаради. Бекатга етиб келган автобусдан йўловчилар бирин-кетин туша бошладилар. Шафтолиранг кўйлакли аёл ўзини ерга ташлаши билан эркак нохос шамол теккандай ҳаракатланди. Юзини тириштириб, елкаларини енгил йиғганча, энгашгандай бўлди. Югуриб ташқари чиқди. Лифтнинг тугмачасини босди. Қайдадир пастда қўзғола бошлаган кабинани кутишга  сабри чидамай, пастга югурди. Аёл у яшайдиган гугурт қутиси монанд тўққиз қаватли иморатнинг бурчагидан айланиб ўтиб, ўзининг уйига элтадиган йўлкага эндигина қадам ташлаган эди. У ўзи томонга шиддат билан яқинлашиб келаётган эркакка кўзи тушгач, жилмайди.

— Сиз мени кўрсангиз доим жилмаясиз, — деди эркак  етиб келар-келмас.

— Хўш? — деди аёл кулгуси янада чиройлироқ тортиб.

— Мени жоду қилганмисиз-эй… Сизни кўргим келаверади.

— Ҳа,мен жодугарман.

Аёлнинг табассуми чидаб бўлмас даражада гўзаллашди. Эркак энг катта гапини айтмоққа оғиз жуфтлаганини сезган аёл уни тўхтатди.

— Илтимос, кўчани гапи эмас…

— Бўлмаса, қаерда айтай?

Аёл шарақлаб кулиб юборди.

— Юринг, бизнинг уйга, айтарсиз.

Улар қўшни беш қаватли иморатнинг учинчи қаватига бесўз кўтарилдилар. Ичкари кирдилар. Аёл йўлкадаги чироқни ёқиб, эшикни қулфлади.

— Эҳ! — деди эркак, — газга чой қўйган эдим, эсимдан чиқибди. Бориб ўчириб келай…

Аёл лабларидаги ўша чиройли жилмайиши билан унинг кўзларига  тик қаради.

— Мен — жодугарман! — деди у. — Сизни жодулаб қўйганман. Энди бу уйдан чиқиб кетолмайсиз…

— Ойи, дадам келмаяптилар-ку, — деди дадасини ҳар лаҳзада соғинадиган қизи.

— Инжиқлигингни қўй. Даданг энди келмайди.

Унинг овози титрарди.

— Нега келмайди?! Нега келмайди?!.

Онасининг овози кутилмаганда қатьий жаранглади.

— Даданг ўлди.

Қиз гарангсиб бориб, деразага қаради. Қўшни беш қаватли уйнинг олдида қатор-қатор одамлар ўтирарди. Чопон кийишган, бошларида дўппи. У бир пас дераза ойнагига бош тираб тургач, ичкарига бурилди.

— Болам, шу ердамисан?

Эшикда ўғли кўринди. Қўлида китоб.

— Китоб ўқийвериб оламдан бехабар қоласан, болам! Даданг қазо қилибди, жанозага бор. Каттангни ҳам олиб ол. Оёғимда жон бўлганда мен ҳам борардим.

Ўғил орқасига қайтаётганда, она уни яна тўхтатди.

— Ошхонада чойнак тиқирлаяпти. Кимдир чой қўйиб эсидан чиқарган кўринади. Менга бир пиёла чой дамлаб бер-да, боравер…

15803014_254898768267604_4040438055046217728_n.jpgMalika FOZILOVA
USMON AZIM IJODIDA
“ALPOMISH” DOSTONI MOTIVLARI
07

053“Alpomish” dostoni Usmon Azimni hayajonga solgan va bir emas, bir necha martalab qo’liga qalam olishga da’vat etgan asar. U ijodining dastlabki davrida ham, sal keyinroq “Baxshiyona” turkumida ham “Alpomish” ohanglariga murojaat qiladi. Uning nasrdagi “G’oz” hikoyasi, keyinroq “Alpomishning qaytishi” dramasi, “Tong otgan taraflarda” dramatik dostonida “Alpomish”ga u yoki bu darajada tayanilgan (1). Umuman, Usmon Azimning mazkur yo’nalishdagi asarlarining barchasiga “Alpomish” asos bo’lgan, deyish mumkin. Biroq yozuvchi birgina manbaga qayta-qayta murojaat etganda ham mavzu jihatdan bir-biriga yaqin, ammo mazmun tomondan umuman betakror asarlar yaratadi.

“Alpomish” dostonida zindonda yotgan Alpomishning yoniga tushgan G’oz bilan bog’liq motiv bor. Bu motivga ko’ra, bir oyog’i singan va bir qanoti shikastlangan G’oz zindonga yiqiladi. Alpomish G’ozning yaralari bitib, uchadigan bo’lgach, uning qanotiga xat bog’lab: “Elu xalqimga mening o’lik- tirik xabarimni sen yetkazsang,” deya niyat qilib, G’ozni uchirib yuboradi. G’oz o’n to’rt kecha-kunduz uchgach, Shakaman tog’iga yetib, qanotlari tolib, toqqa qo’nadi. G’ozni mana shu tog’ etagida yashovchi bir kampirning o’g’li otgan bo’lib, u G’ozning o’lmasdan, faqat yarador bo’lgani, hatto uchib ketganidan alamiga chiday olmay, bir necha yildan beri o’lasi bo’lib yotgan edi. Hordiq chiqarib, kuch yig’ish uchun toqqa qo’ngan G’ozning g’ag’illagan tovushi kasal yotgan Merganning qulog’iga yetadi. U o’zini “oriyatga qo’ygan” G’ozni ovozidan tanib, uni yana otmoq payiga tushadi. Kampir esa:

Bu yolg’iz g’oz Alpomish arzachisi,
Qo’ygin, bolam, arzachiga o’lim yo’q,
To o’lgancha tirik qulga tinim yo’q, —

deya G’ozni uchirib yuborish payiga tushadi. Mergan Kampirning so’ziga quloq solmay, G’ozni otadi. U o’qni otganida G’oz uchib ketadi va o’g’il og’ir dard bilan yotib qoladi. G’oz esa xatni, eson-omon Alpomishning singlisi Qaldirg’ochga yetkazadi. Dostondagi G’oz bilan bog’liq motiv shu syujet bilan yakunlanadi (2). Usmon Azim mana shu kichikkina syujetni biroz kengaytirib, uni dastlab hikoyaga aylantirdi. Hikoyada qahramon hayotidan birgina epizod qalamga olingan. G’ozni o’ldirolmay, oriyatdan kuyib ketgan o’g’ilning ruhiy holati tasvirlangan. Muallif diqqat markazida Kampir obrazi turadi. Kampir farzandini baloga giriftor etayotganini bilib tursa ham, G’ozning elchi ekanligini ko’ngli sezib, uni uchirib yuboradi. Kampir ana shu murakkab ruhiy jarayonda dunyoni, insoniyatni balo-qazolardan saqlab qola oladigan ilohiylashtirilgan kuch darajasiga ko’tariladi. Hikoya “Alpomish” dostonidagi motiv asosida yozilgan bo’lsa-da, dostondagi epizodning davomi sifatida tamoman yangicha talqin etilgan.

Usmon Azim hayot haqida nimaiki demoqchi bo’lgan bo’lsa, shuning hammasini badiiy asarda tasvir etilgan odamlarning yashash sharoiti, xulq-atvori, ruhiyati, bajaradigan ishlari, intilishlari va o’ylarida, umuman olganda, taqdirida aks ettirishga harakat qiladi. Shunga ko’ra, hikoyaga, dostondagilardan tashqari, yana bir qancha yangi obrazlar kiritilgan. Unda dostonda mavjud bo’lgan G’oz, Kampir, uning o’g’li, Alpomish, Oybarchin kabi obrazlar qatoriga folchi Bo’lgan Kal, tabib Luqmoni Hakimlar ham qo’shilgan.

Hikoya yozilganidan so’ng oradan ma’lum vaqt o’tgach, yozuvchida uni yanada kengaytirish niyati tug’ildi va 2013 yili ana shu “G’oz” hikoyasi asosida “Tong otgan taraflarda” dramasini yaratdi. Dramaning qamrovi katta, unda yozuvchi o’zining hayot haqidagi, o’zbek xalqining tarixi haqidagi fikr va o’ylarini ifodalashga harakat qilgan. Hikoyadagi voqea dramaga yanada kengayib, yangi tafsilotlar bilan ko’chdi. Shu sababli asar ma’lum syujet asosida yaratilgan bo’lsa-da, butunlay mustaqil yangi asar darajasiga ko’tarildi.

Dramaga Manguqut, Oyyorug’, Manguhayot kabi yangi obrazlar kiritilgan. Ma’lumki, badiiy asarda tasvir etilgan kishilar obrazi bir xil bo’lmaydi. Bu, albatta, yozuvchining ijodiy niyatiga bog’liq. “Tong otgan taraflarda” dramasida Usmon Azim Ona — Tongyorug’ va o’g’il — Yolg’izmerganning taqdirlarini tasvirlash orqali butun bir elning paydo bo’lishi, yashash uchun kurashi va uzoq davrlarni bosib o’tish tarixini ko’rsatishga intilgan. Boshqa barcha personajlar ana shu badiiy niyatning mujassamlanishidagi o’rni va shu ikki qahramon obraziga yaqinligiga qarab dramadan o’rin olgan.

Dramaga kiritilgan Manguqut obraziga katta badiiy vazifa yuklangan. U qoldirgan vasiyat bo’yicha naslni davom ettirish burchi Tongyorug’ni har qanday vaziyatda chekinmaslikka, olg’a yurishga undaydi. Oyyorug’ obrazi — ayol matonatining yana bir timsoli. Manguhayot — umid, yorqin kelajakka ishora. G’oz dramada asosiy obrazlar darajasiga ko’tarilgan. G’oz haqidagi hikoyada asosan oriyat, g’urur masalasi birinchi o’ringa chiqqan.

Betob farzandining boshida parvona bo’lib, uni oyoqqa turg’izish uchun yelib-yugurishi, vaqtni ham unutib, kunni kun, tunni tun demay davo izlab, najot istab va ozgina bo’lsa-da umid qidirib, juda olis yo’llarni bosib o’tishi — bular hammasi Ona degan nomga munosib har qanday ayolning qismatidir. Shu sabab hikoyada Kampirning o’g’li haqida biror umidbaxsh gap aytarmikin, deya folchi Bo’lgan Kal oldiga borishi, undan foyda bo’lmagach, shifo so’rab tabib Luqmoni Hakim huzuriga uzoq masofa bosib yo’l olishi, undan ham hafsalasi pir bo’lgach, Alpomishdan madad so’rashi Onaning farzandi uchun har qanday mashaqqatga tayyor va har qanday ishga qodir ekanini ko’rsatadi.

Hikoyada Alpomish bilan bog’liq yana bir motiv bor. Alpomish o’g’lining kasaliga shifo topishda madad so’rab borgan Kampirni katta izzat bilan kutib oladi. Chunki u Kampirdan qarzdor: Kampir o’z farzandining jonini xatarga qo’yib bo’lsa-da, Alpomishdan xabar olib ketayotgan elchi G’ozni o’limdan saqlab qolgan. Elchi G’oz omon qolib, butun Qo’ng’irot xalqiga baxt kulib boqadi. O’z qarzini uzishni istagan Alpomish ham katta mardlik qiladi. U Kampirning o’g’li sog’ayib ketishi uchun o’z o’g’li Yodgorbekni Xudo yo’liga qurbonlikka beradi. Biroq, G’oz hikoyasi shu yechim bilangina tugamaydi. U bunchalik jo’n qurilmagan. Unda Kampirning mehri, matonati, saboti, jasorati bundan ko’ra murakkab ma’noga ega. Ko’mak so’raganlaridan ko’ngli to’lmagach, Kampir barchadan Yaratgan uning so’raydigan birgina tilagini ijobat etishi uchun duo qilishlarini yolvoradi. Ortga — o’g’lining yoniga qaytgan Kampir tog’ boshiga yetganda o’z niyatini oshkor etadi: u “Xudoyim! O’zing qo’llagin! Rahmat nurini boshimdan soch. Meni g’ozga aylantir-da, keyin inon-ixtiyorimni o’zimga ber!.. Xudoyim!..” — deb nola qiladi. Butun Qo’ng’irot eli va Kampirning duosi ijobat bo’lib, u G’ozga — o’sha o’g’li o’ldirolmagan G’ozga aylanadi.

Dramadagi Onaning yelkasida bundan-da kuchli mas’uliyat bor. U nafaqat o’z farzandininig hayotini, shuningdek, u vakilasi bo’lgan Tongli elining yagona farzandi, zurriyoti, merosxo’ri, umuman, so’nggi erkagini saqlab qolishi kerak. Oriyat va g’ururdan ham ko’ra, bir xalqning yashashda davom etuvchi so’nggi vakilini va shu bilan xalqni, millatni saqlab qolish, uning davomiyligini ta’minlash goyasi asar markaziga chiqqan.

0_1416b8_1b355135_-1-orig.jpg“Bu asar, — degan edi Usmon Azim uchrashuvdagi suhbatlarimizdan birida, — “Vatanni qanday sevish kerak?” degan savolga mening javobim. Yanada ochiqroq aytsam, vasiyatimdir. Shu sababdan asardagi har bir harakat, har bir so’z shu g’oyaga bo’ysundirilgan. Umuman, yozish jarayoni juda sirli — har tomonga urilib, aniq bir so’zni, jumlani izlayotganingda, u sening ko’nglingga quvonch baxsh etib allaqaylardandir paydo bo’ladi. Va u o’sha — sen izlayotgan yagona so’z, jumla ekanligini darhol bilasan. Taniysan… Qahramonlar tasviri ham shundan — bosh g’oyadan kelib chiqadi” (3). Shu ma’noda, dramaturgning syujet chizig’i mana shu voqealar asosida rivojlanadigan yangi asari fidokor, xalqparvar insonlar haqidagi afsonaviy voqelik asosiga qurilar ekan, ijodkor bu orqali juda katta ma’naviy masalalarni o’rtaga tashlaydi. Falsafiy-poetik asar talablari, milliy qadriyatlarga tayanib yaratilgan asarda nafaqat millatni asrab qolish, shuningdek milliy o’zlikni anglash masalalari yuqori notalarda jaranglaydi. Xalqona ruhdagi asarda mardlik, fidokorlik, nomus va oriyat kabi fazilatlar ulug’lanadi.

Asar g’oyasiga singdirilgan oilaning muqaddasligi, farzandga mehr, yurtga sadoqat singari qadriyatlar qahramonlarning xatti-harakatlari orqali detallashtiriladi. Asosiysi, asarda oddiy insoniy munosabatlar atrofida butun xalq taqdiri, unga mas’uliyat, burch masalalari oliy qadriyatlar sifatida tarannum etiladi. Asardagi qahramonlar nutqidagi har bir so’zga juda katta ma’no yuklangan. Vatan, millat uchun jonidan kechishga tayyor insonlar qismati, mana shunday insonlari mavjudligi uchun bu xalq yashayotgani, uning yorug’ ertasiga bo’lgan ishonchni yanada mustahkamlaydi. Qadim moziyda kechsa-da, voqealar bugungi kunimiz nafasini beradi. O’zlikni anglash, millat qayg’usi va ertangi kuni uchun har birimiz mas’ul ekanimizni yana bir bor sahnaviy ifoda vositalari orqali yodga soladi. Shu yo’l bilan ruhiyatimiz, tafakkurimizga sezdirmagan holda har birimizni tarbiyalaydi. Ezgulikka chorlaydi. Bu esa sahna san’atining eng oliy maqsadidir.

——————-
1. Qarang: A z i m U Jodu. Toshkent: Sharq, 2003; A z i m U Tong otgan taraflarda. Dramatik doston // Sharqyulduzi, 2014, 1-son, 50-71-betlar.
2. Qarang: Alpomish. Aytuvchi Fozil Yo’ldosh o’gli. Yozib oluvchi Mahmud Zarifov. Nashrga tayyorlovchilar Hodi Zarifov va To’ra Mirzaev. Toshkent: O’zbekiston, 2011.
3. «Til va adabiyot ta’limi», 2014 yil, 12-son, 48-bet

Manba: «O’zbek tili va adabiyoti» jurnali, 6/2015

Usmon AZIM
G’OZ
09

05Аlpomish chohga tushganini bilasiz. Chohga yarador gʻyz qulaganini ham bilasiz. G’ozni otolmagan shakaman mergan oru nomusdan yurak bagʻri ezilib yiqilganini ham bilasiz. Alpomish gʻozni davolab, qanotiga xat boylab, yurtiga elchi qilib uchirganidan ham xabaringiz bor. G’oz yana mergan kulbasi ustidagi togʻning boshiga qoʻnib, qangʻillaganidan ham, kasal yotgan ovchi qoʻliga yoy olganidan ham, shu gʻoz oʻlsa Alpomish xor, Qoʻngʻirot eli zor boʻlishini xudo koʻngliga solgan merganning enasi «hay-hay»lab qushni uchirib yuborganini ham eshitgansiz. Alpomish yurtiga qaytib, Barchin yeriga tasallilar aytib, Yodgor oʻgʻlini bagʻriga bosib, Qoʻngʻirotning koʻnglini yozib oʻtganini ham qulogʻingiz ilib qolgan.

Ammo gʻozni otolmagan shakaman merganning holi ne kechdi? Bilmaysiz.

O’z bolasini baloga topshirib, gʻozni uchirgan bechora kampir bemor farzandining boshida qanday kun koʻrdi? Bilmaysiz…

Mana endi biz ana shu bilmaganingiz haqida yozamiz. Odatimiz shunaqa — birov gapirganini qaytarib yurmaymiz. Zerikmang, deymiz-da, gapdan charchagan dunyoning gapdon bolalari!..

Xullas, bizdan eshiting.

Kampir «hay-hay»ladi. O’q tegmadi. G’oz bir aylanib, oʻtakasi yorilib, «Boysun-Qoʻngʻirotga yetguncha, qanotimni toldirma», deb tangriga yolvorib, balandlab uchib ketdi. Mergan kuni yetganini sezdi — «enamki gʻozni mendan avlo bildi, paymonam toʻlgan ekan, gulim ochilmay soʻlgan ekan», deb oh urib, olam koʻziga qorongʻu koʻrinib, toʻshakka yetmay yiqildi. Kampir bechora «voh, bolamilab, oʻzini farzandining ustiga tashladi, koʻzlarini yoshladi.
— Bolam,— dedi kampir,—qaddingni koʻtar, hali bu togʻning boshidan sela-sela gʻozlar oʻtar, istagan gʻozingni otib olishga kuching yetar…
— Ena, men sezib turibman, bu gʻoz qaytmaydi. Menga boshqa gʻozning nima keragi bor? Otgan oʻqim xato ketmagan mergan edim. Endi or-nomus meni omon qoʻymaydi… Hay, ena! Nodon ena! Bir gʻozni farzandingga ravo koʻrmading — meni oʻldirgan asli sensan.

Mergan shunday deb boʻzladi, bechora enasining jigar-bagʻrini tuzladi. Kampir yigʻlab ichkari kirib, tashqari chiqyapti, bolasining boshida oʻrgilyapti, dili vayron, taqdirning nogahon zulmidan hayron, oʻgʻliga, balki oʻziga madad berib soʻzlayapti:
— Bolam! Jonim bolam! Men ham xudoning bir kuygan bandasiman. Olloq koʻng-limga soldi… U gʻozsiz koʻp yomon boʻlardi, Boysun-Qoʻngʻirot tomom boʻlardi, Alpomish chohda qolardi. Barchinni Ultontoz, olardi… Bir yurt yoʻq boʻlardi, jon bolam! Ammo sensiz menga bu dunyo qorongʻu! Ollohdan bir umringni soʻrab olmasam, enang boʻlib nima qildim,— deb yigʻlayapti.

Mergan kun sayin kuchdan ketib, qoq suyak boʻp qolyapti, soʻnggi kuni armonda — Azroilning sharpasini sezib boryapti… Or-nomus uchun oʻladigan zamonlar ham boʻlgan-da, birodarlar!

Kampirning qilmagan davosi qolmadi. Bir qoʻyi bor edi — chiltonlarga bagʻishlab, soʻyib, elga xom talash etdi. Parilarning jodusi kesilsin deb, bir tovugʻining qoniga paxta bulab, farzandining boshidan aylantirdi. Qirq mulla chaqirib chilyosin oʻqitdi. Nafasi oʻtkir bir parixonni keltirib, bir parcha poʻstakka dam soldirib, boʻsagʻaga koʻmdi. Bemorni qorongʻi xonaga qamab, chiroq yoqdi. Samandar koʻsani toptirib kelib, jar soldirdi… Bemor oʻziga kelmadi.

Qirq daradan narida Boʻlgan kal degich bir folchi bor edi. Zoʻr edi — oʻtirgandan qirq yurim, yugurgandan qirq turum topardi. Birovning ismini eshitsa, umrini matalday aytib, xudo buyur’magan kasallarga umrini qaytib beraverardi.

Kampir shu kalni topib bordi. Qirdan folchining uyiga tushib kelaverdi… Kal kapasidan chiqib kampirga baqiraverdi:
— Qayt! Kampir, qayt! Men fol ochishni tashlaganman! Qayt kelgan yoʻlingga deyapman! Qayt!
— Boʻlgan inim! Ming afsunga toʻlgan inim! Bolamning dardiga davo izlab, qoshingga biyaday boʻzlab q«lyapman! Qayt demagin! Jonimni olsang ol! Molimni olsang ol! Faqat beumid qaytarma…

Shoʻrlik kampir kalning kapasiga yaqin kelolmaydi — betda turib zorillayapti, bechora Boʻlganni ham bir bilgani bordir-da, kampirni yaqin keltirmaydi.
— Molingni ololmayman — talonchi emasman, joningni ololmayman — tangri emasman… Kampir! Qayt! Meniyam qiynayverma!.. Fol ochishni tashlaganman… Ochgan folim teskari chiqyapti. Faqat tangridan umid kut.
— Hech boʻlmasa bir sirni ayt, Boʻlgan inim. Men xudoga nima yomonlik qildimki, yolgʻiz bolamni, koʻzimning oqu qorasini bedavo dardga duchor qildi?
— Koʻzimni yoshlatma, kampir! Soʻrab nima qilasan? Sen fidoyilik qilding! Bu dunyoda fidokorning ishi ogʻirdir… Endi qaytaver, kampir! Boshqa bir soʻz aytmayman. Hammamiz ham bandamiz — xudo boshimizga nimaki solsa, sabru toqat bilan qabul qilishdan boshqa ilojimiz yoʻq…

Kampir bildiki, bu kal boshqa hech narsa demaydi. Koʻngli alagʻda, bechora, yana bolasining qoshiga qirq dara oshib, halloslab chopib keldi. Merganning qirq jonidan yigirmasi uzilgan, rangi za’faron — qoni buzilgan, «armonda ketar boʻldim», deb shiftga qarab yotibdi. Enasining kelganini sezib, burilib qaradi… Birodarlar! Odam degani jon chiqquncha umid qilaverar ekan — mergan enasi bir xushxabar olib keladiganday tikildi. Kampir yerga qaradi: xudo shifo bersa, otday oʻynoqlab ketishini aytdi.

Kampir soʻlayotgan oʻgʻliga qarab, chidab turolmadi. Itni soʻyib, goʻshtidan shoʻrva qildi. Suvarak yemagan dasht kirpisining qonini ichirdi. Hammasini yigʻlab-yigʻlab, «bechora bolam»lab oʻzi soʻydi, oʻzi pishirdi. Togʻ boshiga gʻozlar qoʻnganda, «oʻsha gʻoz» kelganini aytib, farzandini aldab koʻrdi — mergan qushlarning ovoziga bir dam quloq tutib turdi-da, «yoʻq» dedi, qovjiragan lablarini arang qimirlatib.

Endi kampir Luqmoni Hakimni daraklab joʻnadi. Qirq kun yoʻl yurdi, qirq togʻdan, qirq choʻldan oʻtdi, Bir kun qarasa, soqoli beliga tushgan bir moʻysafid oʻtu oʻlanlar bilan gaplashib kelyapti. .
— Sen, jirgʻanoq, sharbat boʻlasan… Qariqiz, sen kasallarni terlatasan… Yulgʻin, pismiq, nega yashirinyapsan? Arilarga asalni kimberadi, tentak! Afsonak! Zaharliman deb xafamisan? Zahring ham dori-ku! O’savermaysanmi?..

Kampir cholga egilib salom berdi. Chol unga bir razm solib qaradi-da:
— Nega menga egilding, odamlarning ulugʻi?—dedi ogʻrinib.— Aksincha, men senga ta’zim etmogʻim darkor edi. Men hayotimda mingta, maqtanib aytsam, oʻn mingta odamni hayotini saqlab qoldim. Sen boʻlsa… E-he!..

Chol kampirning haqiqiy ulugʻvorligini koʻrsatmoqchiday, ikki qoʻlini yoyib butun dunyoni koʻrsatdi. Bechora kampir chidab turolmadi — Luqmoni Hakimga umid bilan tikilib, poyiga yiqilib, yoshiga yoqasi hoʻl boʻlib, xunobasi moʻl boʻlib izillaverdi.
— Men qaydan ulugʻ boʻlay, Luqmoni Hakim! Bir bolamning dardiga davo topolmasam…

Luqmoni Hakimuni yerdan koʻtardi, yoshini artdi, sochlariga ilashgan xaslarni otdi.
— Bir yurtga dorilomonlik bergan odam ulugʻ boʻlmay, men ulugʻ boʻlaymi, kampir! Kampir yana izillab yolvorishga tushdi:
— Agar men ulugʻ boʻlsam, bolamning dardiga davo topib ber, ey, Luqmoni Hakim! Iloyo bu dunyoning yomonidan yomon yashay! Faqat bolam armonda ketmasin!..

Luqmoni Hakim ogʻir oʻyga toldi.
— Sen olam koʻrmagan fidoyilik koʻrsatding,— dedi u nihoyat, chuqur xoʻrsinib.— Endi chidamoqdin boshqa yoʻl yoʻq. Chida, kampir! Neki boshingga tushsa qanoat et!.. E, falak!..

Luqmoni Hakim bir «oh» urdiyu yana oʻt-oʻlanalar bilan gaplashib, dala-dashtni oralab ketaverdi.

Kampir yana bolasining qoshiga chopqillab joʻnadi. Qirq kun yoʻl yurib, qirq togʻdan, qirq choʻldan oʻtib yetib keldi. Bolasi yana umid bilani bosh koʻtarib qaradi. Kampir yoʻldan terib kelgan oʻtlarini fareandiga koʻrsatib: «Luqmoni Hakim berib yubordi», deb xursand qilib, qaynatib ichirdi — mergan oʻziga kelmadi. Tanida tarang tortilgan hayotning rishtalari chirsillab uzilib ketayotganiga quloq tutib, taqdirga tan berib, jimgina yotaverdi. Kampir eshikka chiqadi— yigʻlaydi, ichkari kiradi — kuladi, «ahvoling ancha toʻzuk» deb, tasalli bergan boʻladi. Ammo oʻzining tinchi yoʻq. Ajal eshikni ochsa — eshikdan, ochmasa — teshikdan kiradiganday…

Kampir oʻylab-oʻylab, Boysun-Qoʻngʻirotga — Alpomishning huzuriga joʻnadi. Bolasining azobida esi oʻzida yoʻq — necha vaqt yoʻl yurganini bilmaydi — balki kundir, balki yildir… Kampir Asqar togʻdan chiqib, pastga qaradi. Qirq ming uyli Qoʻngʻirot qirq ming oq oʻtov tikib, qirq ming suruv qoʻyini yaylovda yayratib, har oʻtovning oldida oʻn tulporni boylatib, toʻy qilib — baxshilarni sayratib, omon-omonlikda, xushbaxt zamonlikda umr kechiryapti. Kampir Alpomishning qirq qanot oʻtovini changarogʻiga osilgan yashil baydoqdan bildi. Togʻdan tushdi-da, yasovullaru bakovullarning yonidan shamolday oʻtib, yurt soʻrab oʻtirgan Alpomishning qoshiga bordi.

Birodarlar! Alpomish ham tek yigit emas edi, kampirning kimligini darrov bildi — ikki qoʻli koʻksida, «xush koʻrdik, ena», deb kulib, moʻylovining bir chetini tishlab, koʻnglini xushlab peshvoz chiqdi.
— Bir xizmatga keldim,— dedi kampir.
— Ming xizmatingiz boʻlsa ham, bajo boʻladi, ena!— dedi Alpomish.— Tilang! Kampir ezilib, unsizgina yigʻlashga tushdi. Arkoni davlatga aralashib yurgan

Oybarchin esli xotin emasmi, chopqillab kelib kampirni belidan olib, ustiga atlas koʻylak yopib, toʻrga oʻtqizdi — hol soʻradi.
— Qoʻngʻirot eli!—dedi oʻzini bosib olgan kampir oʻtirganlarga qarab.— Mening kimligimni bilasizlarmi?
— Siz elchi gʻozni oʻlimdan qutqazgan xaloskorimiz boʻlasiz! — dedi hamma bir ogʻizdan.
— Shu gʻozni otolmagan mergangina bir bolam or-nomusda kuyib-qovrilib, bu dunyodan sovrilib ketyapti… Shu bolamning dardiga davo topib beringlar, deb keldim…

Hamma jim qoldi. Nima qilishsin? O’limdan boshqa hamma narsaga davo bor… Ammo oʻlim…

Baribir Alpomish mard edi, birodarlar! Kampirni armonda yolgʻiz qoʻygisi kelmadi. Qoʻngʻirot qaytib Qoʻngʻirot boʻlishiga sababchi bu halol kampirni oʻlim uqubatiga qanday qilib yuzma-yuz qoʻysin?
— Ena,— dedi Alpomish bir toʻlgʻanib,— mening ham birgina oʻgʻlim — koʻzimning oqu qorasi, hayotimning ma’nosi Yodgorim bor. Shuni olib keting. Siz tufayli mening yurtim omon qoldi, Yodgorjonim tufayli sizning farzandingiz ham sogʻayib ketsin. Shu bolamni xayri xudo yoʻliga buyurdim…
— Yoʻq… — dedi kampir koʻzdan yoshi selob boʻlib.
— Oling, ena! Yodgor oʻsha gʻoz togʻ ustiga chiqib, oʻzini oʻgʻlingizga atab qurbon qiladi. Inshoolloh, bolangiz tuzalib ketgay…

Alpomish arkonu davlatning quvvati boʻlib oʻtirgan Yodgorbekka nazar tashladi. Yodgorbek padari buzurukvoriga qulluq etib, xizmatga tayyor ekanligini bildirdi. Barchin kelib, oʻgʻlining boʻyniga osildi.
— Eli uchun qurbonliqqa arziydigan shoʻrlik bolam!— deb aytib yigʻlab boshladi. Alpomish koʻzlarida qalqqan yoshlarini tiyib, bir keskin ishora qildi. O’rtaga sukut choʻkdi. Yodgorbekni peshonasidan oʻpdi.
— Bor, bolam,— dedi soʻng u — Qoʻngʻirot har kimdan qarzini uzib yurmogʻi lo-zim… Bor, yolgʻizim! Bor, Yodgorim! Yurtingni qarzini uz!—Keyin kampirga yuz-landi:—Ena, endi joʻnanglar! Iloyo farzandingiz shifo topsin!

Endi kampir bu mardu maydonlikning oldida lolu hayron, yurak-bagʻri vayron boʻlib oʻtirib qoldi. Uzoq oʻtirdi. Keyin nimadir esiga tushib, yuzi yorishdi.
— Qoʻngʻirot ahli!— dedi u.— Men bir mushtipar kampir esam-da, siz aytgan yoʻlga yurolmayman. Farzand dogʻi nima ekanligini men bechora bilmasam, kim bilsin! Yodgorbekni ham qoʻyinglar — Barchinning baxtiga sogʻ-salomat yashayversin! Faqat bir iltimosim bor. Hozir hammangiz chin koʻngildan xudodan tilangki, mening hech boʻlmasa birgina zorim yaratganning qulogʻiga yetsin!

Qoʻngʻirot eli gurillab, yaratganga yolvorib, doʻo qildi. Kampir yoʻlga tushdi. Alpomish kampirni toʻxtatib, Boychiborga mindirdi. Yoniga qirq yigitni qoʻshdi. Uyigacha eltib qoʻyishni tayinlab, xoʻshlashdi…

Kampir bilan qirq yigit gʻoz qoʻngan toqqa yetganda, kampir Boychibordan tushdi, jilovini qirq botirdan birining qoʻliga tutqazdi. Yigitlar «kasal yotgan joʻramizni koʻrib qaytamiz», deb harchand urinmasinlar, ularni Boysunga joʻnatdi. Hayhotday togʻning boshida bir oʻzi mungʻayib qoldi.

«Xudoyim! Mening nolamga ham bir bor quloq srl! Hech boʻlmasa, Qoʻngʻirotday bir yurtning duosini inobatga ol! Sochim supurgi, qoʻlim kosovlikda umrim kechdi. Bir farzand oʻstirdim. Bir taqdir qushini oʻlimdan saqlab qoldim. Endi bolam oʻladigan boʻlib yotibdi. Togʻdan pastga tusholmay turibman. Qoʻrqamanki, meni benajot qaytganimni sezgan bolaginamning bu dunyoda qarori qolmaydi… Xudoyim! O’zing qoʻllagin! Rahmat nurin boshimdan soch. Meni gʻozga aylantir-da, keyin inon-ixtiyorimni oʻzimga ber!.. Xudoyim!..»

Kampir toʻsatdan havoning bir boʻlakcha toʻlqini uni turtib oʻtganini sezdi. Badaniga ajabtovur vijirlash kirdi. U oʻzining gʻozga aylanganini koʻrib, quvonchidan, gʻaqillab sayrab yubordi.

G’ozning qichqirigʻi merganning qulogʻiga yetdi. Tanidi — oʻsha gʻoz! Quvonib, qayta-qayta gʻanqillab turibdi. Oh, kelarkansan-ku, armonlarda oʻldirgan yolgʻonchining ajal-berdi gʻozi! Kelarkansan-ku!… Mergan yonida beega yotgan oʻq-yoyini olib, toqqa tomon joʻnadi. Ammo kasallik quritgan tanda kuch qayda? Uyining ostonasidan chiqqanida yiqildi… Endi gʻozga yetish gumon. Hay, esiz dunyo! Nasib etmagan ekan-da… Ammo xudo yigitning omadini bersa, nimalar boʻlmaydi! G’oz oʻynab-oʻynab, sayrab-sayrab uchib, oʻq yetar joyga kelib toʻxtadi. Mergan qoʻliga yoyni, sadoqdan oʻqni chiqarib gʻozni moʻjalga oldi. Biroq kasallikdan nuri qochgan koʻzi tinib, boʻshatgan oʻqi gʻoz ustidan — ikki terak boʻyi balanddan oʻtib ketdi. Attang! O’ladigan qul shunday boʻlar ekan-da!.. Ammo gʻoz yana oʻyin koʻrsatdi. Havoga bir balandlab uchdi-yu, qanotlarini ozod yoyganicha suzib kelib, merganning shundoq qarshisiga qoʻndi!

«Xudoyim! Menga mehring shunchalar moʻlmi? Juvonmarg ketishimni istamagan tangrim! O’zing madad ber!..»

Mergan bor kuchi bilan yoyni tortib, oʻqni boʻshatdi. O’q gʻozni tuyrab oʻtib ketdi. Mergan birdan kasallikdan xalos boʻlib, oʻrnidan sakrab turdi. Yugurib gʻozning yoniga bordi. Qush hali jon uzmagandi.
— Ena!—quvonchini ichiga sigʻdirolmay qichqirdi mergan.— Qaerdasan! G’ozni otdim! Ena! Sogʻayib ketdim! Ena!..

Qush bu qichqiriqdan nogoh koʻzini ochdi. Qanotlarini tolpintirmoqqa urindi. Mergan gʻozning koʻzida ajabtovur bir shodlikning sharpasini koʻrib, qichqirishdan toʻxtadi.
— Ena!— deb qichqirdi u endi xavotirlanib.

Qushning qanotlari shalvirab tushdi. Shodlikning sharpasi esa allaqanday sovuqlik bostirib kelayotgan qovoqlari ostiga botdi.
— Ena…

Hech kim javob bermadi. Hikoya tugadi.

Faqat, birodarlar, bir iltimosimiz bor: gʻoz koʻrsalaring otmanglar! Kim bilsin, balki, elchi qushdir, qim bilsin, balki birovning onasidir… Shunaqa gaplar.

М: «Sharq yulduzi» jurnali, 1991 yil, 8-son

MUTOLAA SHUKUHI
Shodmon Sulaymonov
07

Eling uchun, bolam, yasha,
Eling uchun o‘l, bolam.
Usmon Azim

Yaxshi asar o‘qilganda olingan zavqdan ortiqroq zavqni boshqa yerdan topish mushkul! Yaqinda ana shunday shavq-zavqdan bahramand bo‘lish nasib etdi. O‘qiganim – O‘zbekiston xalq shoiri Usmon Azimning “Jodu” kitobi, bu kitobdan o‘rin olgan “G‘oz” hikoyasi edi.

Shoir sifatida elga tanilib, sermashaqqat ijod yo‘lining ancha-munchasini bosib o‘tgan qalamkashning nasrga qo‘l urishi xayrli bo‘lar ekan. “Hayajonu zavqdan begona, Tinch daryoday jim oqdi umrim”, deya armon qilgan iste’dodli shoirning nasriy va dramatik asarlar jamlangan bu kitobi shoir qalamidan to‘kilgan nasr namunasining qudrati nechog‘lik ulkan bo‘lishini ko‘rsatdi go‘yo.

Sodda va samimiy baxshiyonalari bilan Surxon baxshi-shoirlarining munosib davomchisi ekanligini namoyish eta olgan, Elbek baxshi, Elomon baxshi, Oqbotir, Alpomish, Barchinoy, Boychibor, Gulpari, To‘ng‘ichu O‘rtanchayu Kenja botirlarni so‘ylatib, odamiyat dardlarini she’rga solishda o‘ziga xos tajriba orttirgan shoir “G‘oz”da ham shu yo‘ldan borgan. Hikoya syujeti uchun “Alpomish” dostonida bir-ikki jumlada bayon qilingan Alpomish va xabarchi g‘oz sarguzashti asos bo‘lib xizmat qilgan. Ko‘pchilik “Alpomish”ni o‘qigan. Uni takror-takror mutolaa qilganlar ham bisyor. Ammo tan olaylik, Alpomish oyog‘iga xat bog‘lab, Boysunga yo‘llagan g‘ozni qutqargan kampirning, g‘ozni otolmay qolgan merganning taqdiri ne kechgani haqida o‘ylamaganmiz.

Usmon Azim ana shu taqdirni qalamga olgan. G‘ozga o‘q tekkizolmagan Mergan birinchi marotaba o‘qi xato ketganligi, nomdor mergan bo‘laturib, bir g‘ozni otolmaganligi uchungina xastalik to‘shagiga mixlanadi. Ammo uning jismi emas, ruhi, qalbi jarohatlangan, bu jarohatning nomi esa g‘urur edi.

Hikoyani o‘qishli qilgan muhim jihatlardan yana biri asar tilining xalqona iborayu qochirimlar bilan ziynatlanganligidir. Hikoya xuddi xalq dostonlari kabi jonli suhbat-muloqot tarzida bitilgan. Bu esa uning o‘qilishini osonlashtiradi. Nasriy qofiya – saj’larning bisyorligini ham xuddi shunday fazilat sifatida e’tirof etish joiz:”… G‘oz bir aylanib, o‘takasi yorilib, “Boysun-Qo‘ng‘irotga yetguncha qanotimni toldirma”, deb Tangriga yolvorib, balandlab uchib ketdi. Mergan kuni yetganini sezdi: “Enamki g‘ozni mendan avlo bildi, paymonam to‘lgan ekan, gulim ochilmay so‘lgan ekan”, deb oh urib, olam ko‘ziga qorong‘u ko‘rinib, to‘shakka yetmay yiqildi. Kampir bechora “voh, bolam”lab, o‘zini farzandining ustiga tashladi, ko‘zlarini yoshladi”.

Ko‘zingiz bu manzara aks etgan satrlar uzra kezganda, muallifni Onaga nisbatan nohaqlik qilganlikda ayblaysiz. U bilan xayolan bahsga chog‘lanib, malomat yog‘dira boshlaysiz: Axir, Ona fidoiylik qildi-ku! U mergan o‘g‘li nishonga olgan, oyog‘iga Alpomishning xati bog‘langan g‘ozni uchirib yubormaganida, Boysun-Qo‘ng‘irotning holi ne kechar edi?! Mushtipar ona ne sabab qilgan ulkan fidoiyligi evaziga ayriliq, kulfat ila “siylanishi” kerak?

Kitobxonni o‘rtagan bu savollarga yozuvchi ko‘pni ko‘rgan, “birovning ismini eshitsa, umrini matalday aytib, Xudo buyurmagan kasallarga umrini qaytarib beraveradigan” Bo‘lgan kal tilidan javob qaytaradi:”… Sen fidoiylik qilding! Bu dunyoda fidokorning ishi og‘irdir…”

Naqadar shafqatsiz xulosa! Ammo tan olamizmi-yo‘qmi, sinovdan o‘tgan xulosa. Do‘stu raqiblar malomatini andisha bois olqish deya qabul qilganmisiz? Ko‘nglingizga jon qadar yaqin olgan birodaringiz yuragingizga pichoq sanchganmi? Yaxshilik evaziga ta’na eshitib, izza bo‘lganmisiz? Unda Bo‘lgan kalning xulosasiga e’tiroz qilolmaysiz! Bo‘lgan kal tilidan insoniyatning eng katta dardini so‘ylayotgan yozuvchiga qo‘shilib peshona tirishtirasiz. Hikoyaga jonlilik baxsh etgan eng muhim jihatlardan yana biri, shubhasiz, ana shu kabi paradoks asosiga qurilgan syujet chiziqlariga murojaat etilganligidir.

Ajdodlar jasoratiyu saxovatini ibrat qilib ko‘rsatish – dunyo adabiyotining mushtarak fazilati. Ayniqsa, insoniy g‘urur yo‘lida g‘ayrat ko‘rsatgan zotlar barcha zamon va makonlarda ibrat namunasi bo‘lganlar. Hikoya muallifi yo‘l-yo‘lakay ishoralar tarzida bo‘lsa-da, bu haqiqatga takror-takror urg‘u beradi. Muallif tutgan bu yo‘lda Mergan qalbida jo‘sh urgan g‘urur tuyg‘usining asliy-azaliy hissiyot o‘laroq asrlar davomida qadr topganligini ta’kidlash istagi jo bo‘lgan.

“G‘oz”dagi Alpomish el-ulusni o‘ylab o‘g‘lini qurbon qilishiga bir bahya qolgan mushtipar onaga yakkayu yagona o‘g‘li Yodgorni qurbonlik uchun berib yubormoqni burch deb biladi:”… Siz tufayli mening yurtim omon qoldi, Yodgorjon tufayli sizning farzandingiz ham tuzalib ketsin. Shu bolamni xayri Xudo yo‘liga buyurdim…”.

“G‘oz”dagi Luqmoni hakim, har qancha buyuk tabib bo‘lmasin, mushtipar ona oldida bosh egadi:”… Men senga ta’zim qilmog‘im darkor. Men hayotimda mingta, maqtanib aytsam, o‘n mingta odamning hayotini saqlab qoldim. Sen bo‘lsa… E-he!”.

Yaxshi asarni yurakka yaqin qiladigan fazilatlarni aytib bitirolmaysan. Yaxshi asarda tasvirlangan voqealar anchagacha qalbingni o‘rtab, xotirangda charx urib yuradi. Yaxshi asarning ayrim parchalarini ixtiyorsiz yod olib, unda qo‘llangan tagdor iboralar, naqlnamo xulosalar, zalvorli luqmalar nutqingga ko‘chib, ularni davralarda aytib yurasan. Usmon Azim baxshiyonalarida, shuningdek, “Siz bilmaydigan zamonlarda” va “G‘oz” hikoyalarida qo‘llangan “O‘, birodarlar”, “Birodarlar” kabi murojaatlar shu qadar dilga yaqin, ta’sirliki, ularning ayrimlari mening ham nutqimga ko‘chib, hatto siz o‘qiyotgan bitiklarimda jarang berdi.

Ay, birodarlar! Shoir yozgan nasriy asarni shoir o‘qisa, buning ustiga, ovoz chiqarib, ko‘pchilikning oldida o‘qisa, og‘ir bo‘lar ekan. Menda ham shunday bo‘ldi. Dastlab uyda o‘qiganim va mutolaadan so‘ng tomog‘imga qadalgan hayajonni yoshga aylantirib kiprigimga indirgan “G‘oz”ni talabalarga o‘qib berish uchun o‘zimda kuch topolsam kerak, deya umid qilgandim. Ammo o‘g‘lining dardiga darmon, diliga quvvat bo‘lmoq niyatida g‘ozga aylanishdan-da, mergan o‘g‘li otgan o‘qqa ro‘para kelishdan-da qaytmagan Onaning o‘tli sarguzashti haqida ovoz chiqarib so‘ylash oson ekanmi?…

Ay, birodarlar, kitoblar bag‘rida chinakam ma’rifat jo ekanligini anglab yetgan talabalarim ko‘zidan oqqan yosh xayrli mujda bo‘lib kirdi ko‘nglimga. Ay, birodarlar! Dunyoni qalbi muzlaganlar kunpayakun qiladi… Men olis kechmish manzarasidan katta saboqlar chiqara olgan, insoniy g‘urur, mehr-oqibat odamiyat ahlining azaliy qadriyati, ma’naviy qudrati ekanligiga imon keltirgan otash qalblar taftida yayradim. Qo‘limdagi kitob muqovasini siladim.

Manba: “Yoshlik”, 2013 yil, 4-son

Usmon AZIM
JODU
07

Umriing o‘tishi — ko‘e yumib ochguncha.
Bobomning gurungidan.

Erkak choy qo‘ydi.

Xayollanib derazadan pastga qaradi. Bekatga yetib kelgan avtobusdan yo‘lovchilar birin-ketin tusha boshladilar. Shaftolirang ko‘ylakli ayol o‘zini yerga tashlashi bilan erkak noxos shamol tekkanday harakatlandi. Yuzini tirishtirib, yelkalarini yengil yig‘gancha, engashganday bo‘ldi. Yugurib tashqari chiqdi. Liftning tugmachasini bosdi. Qaydadir pastda qo‘zg‘ola boshlagan kabinani kutishga sabri chidamay, pastga yugurdi. Ayol u yashaydigan gugurt qutisi monand to‘qqiz qavatli imoratning burchagidan aylanib o‘tib, o‘zining uyiga eltadigan yo‘lkaga endigina qadam tashlagan edi. U o‘zi tomonga shiddat bilan yaqinlashib kelayotgan erkakka ko‘zi tushgach, jilmaydi.

— Siz meni ko‘rsangiz doim jilmayasiz, — dedi erkak yetib kelar-kelmas.

— Xo‘sh? — dedi ayol kulgusi yanada chiroyliroq tortib.

— Meni jodu qilganmisiz-ey… Sizni ko‘rgim kelaveradi.

— Ha,men jodugarman.

Ayolning tabassumi chidab bo‘lmas darajada go‘zallashdi. Erkak eng katta gapini aytmoqqa og‘iz juftlaganini sezgan ayol uni to‘xtatdi.

— Iltimos, ko‘chani gapi emas…

— Bo‘lmasa, qayerda aytay?

Ayol sharaqlab kulib yubordi.

— Yuring, bizning uyga, aytarsiz.

Ular qo‘shni besh qavatli imoratning uchinchi qavatiga beso‘z ko‘tarildilar. Ichkari kirdilar. Ayol yo‘lkadagi chiroqni yoqib, eshikni qulfladi.

— Eh! — dedi erkak, — gazga choy qo‘ygan edim, esimdan chiqibdi. Borib o‘chirib kelay…

Ayol lablaridagi o‘sha chiroyli jilmayishi bilan uning ko‘zlariga tik qaradi.

— Men — jodugarman! — dedi u. — Sizni jodulab qo‘yganman. Endi bu uydan chiqib ketolmaysiz…

— Oyi, dadam kelmayaptilar-ku, — dedi dadasini har lahzada sog‘inadigan qizi.

— Injiqligingni qo‘y. Dadang endi kelmaydi.

Uning ovozi titrardi.

— Nega kelmaydi?! Nega kelmaydi?!.

Onasining ovozi kutilmaganda qatiy jarangladi.

— Dadang o‘ldi.

Qiz garangsib borib, derazaga qaradi. Qo‘shni besh qavatli uyning oldida qator-qator odamlar o‘tirardi. Chopon kiyishgan, boshlarida do‘ppi. U bir pas deraza oynagiga bosh tirab turgach, ichkariga burildi.

— Bolam, shu yerdamisan?

Eshikda o‘g‘li ko‘rindi. Qo‘lida kitob.

— Kitob o‘qiyverib olamdan bexabar qolasan, bolam! Dadang qazo qilibdi, janozaga bor. Kattangni ham olib ol. Oyog‘imda jon bo‘lganda men ham borardim.

O‘g‘il orqasiga qaytayotganda, ona uni yana to‘xtatdi.

— Oshxonada choynak tiqirlayapti. Kimdir choy qo‘yib esidan chiqargan ko‘rinadi. Menga bir piyola choy damlab ber-da, boraver…

07

(Tashriflar: umumiy 2 747, bugungi 1)

3 izoh

  1. Oldin o’qimagan ekanman…
    O’tkan kuni saytda e’lon qilingan «Boychechak» hikoyasidan diydam to’lgandi. Bugun bu hikoyadan ko’zim yoshga to’ldi…

  2. Sizlarga qanday minnatdorchilik bildirishni bilmayapman. O’qituvchiman, kerakli ma’lumotlar va bilimlar majmuasini taqdim etayotganingiz uchun katta rahmat.

  3. Ассалому алайкум, ажойиб ҳикоя экан, онадан бошқа ҳеч ким бу оғир юкни кўтаролмаслигини ҳис қилган муаллиф она образидан жуда усталик билан фойдаланган , қойил,юртимизда шундай оналар кўпайсин

Izoh qoldiring