Islom Ali. Yangi she’rlar daftaridan

09 Бугунги соҳифамизда ҳозирги адабий жараёнда тобора фаол ўрин эгаллаётган ёш шоирлар авлодининг вакили Ислом Алининг янги шеърларини тақдим этамиз.

Ислом АЛИ
ЯНГИ ШЕЪРЛАР ДАФТАРИДАН


   Ислом Али 1993 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган. Республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. Шеърлари республика матбуотида, хусусан, «Хуршид Даврон кутубхонаси»да чоп этилган.


Садоқат

Кундуз билан тунни қориштирар шом.
Қиш,
Бўрон,
Зулумот – совуқ тажалли.
Илимлиқ кунларни истаган бобом
Ҳавотир ичида кутар ажални.

Шамнинг ёғдусини ютар тўрт девор.
Қоқ, сўлғин жуссада қалтирайди жон.
Бўсаға устида бурушиб зор-зор
Ғингшийди қоплон.

Жимликнинг ортидан мўралар мотам.
Шамнинг бўйи каби кичраяр чора.
Бобомнинг кўзида умид бор, зотан,
Ўлим ойдинлашар табора.

Эшикни тирнайди то тонгга қадар,
Қоплон ғашиқмоққа қўйгандай ружу.
Ёки сезган каби олдиндан хатар
Чийиллар кучук.

Оҳорсиз деворлар қорайди ғамдан –
Тонготар чоғида ёғду бекинди –
Нурни ичиб қўйди бир ютиб шамдон.
Бобом гўдак каби енгил кекирди.

Бир тунда файзини йўқотди ҳовли.
Ёришгани сари машъумлашди тонг.
Овозим шошириб қўйди овулни:
Бобожон, бобо-жон, бо-бо-жо-он.

Қиш, бўрон увиллар…
Ўлим бу – тақдир.
Мотамга табиат оқ либос кийди.
Тобутнинг ортидан чопганча дир-дир
Қоплон ғингшийди.

Халойиқ мозордан қайтишди, тушкун.
Қиш,
Бўрон,
Изғирин
Яна тонг отди.
Қоплон қор қоплаган қабрга уч кун
Тўшини босганча дирдираб ётди.

Ҳаммамиз кўникиб яшайвердик жим,
Бобомсиз дунёда қилганча сабр.
Шу бўйи қоплонни кўрмади ҳеч ким.
Қоплон қайтмади.

Ҳеч кимга билдирмай қайга кетди у?
Бобомсиз қолишга қилолмай тоқат.
Балки эгасига кўрсатган мангу
Садоқат.

Сизга
98
Шам ёнди,
Кўнглимдай ёришди ҳужрам.
Туйнукдай тешилди зулматнинг кўкси.
Мен сизни ёғдули туманлар ичра
Қидирдим, сасингиз чиқмади – йўқсиз.
Бунчалар зулматга мойилсиз? Сизга
Мен оппоқ тонгларни қоралаб кутдим.
Қаранг, нур, қоронғу дунёни қўзғаб
Менинг ҳам ингичка соямни ютди.
…оҳ, кўҳна ўтмишни ўтказганман ғаш.
Қоп-қора кунлардан вужудим зада.
Ахир юрагимга яқин бу оташ.
Мен шамга қоришиб кетдим лаҳзада.
Кўнглимга кўланка бўлолмайди ғов.
Сизнинг йўлингизни ёритгум аё.
Илло, энди менинг бу бошим олов.
Илло, менинг бошим сиз учун маёқ.
Сиз ҳамон жимдирсиз.
Зулумот – совуқ.
Йўқ, асло чекинманг, узлатга ғариб.
Сиз учун кўксимга тўлдириб ҳовур,
Ёниб бораяпман ичингиз сари.

***

Мунча кўнгил абас яшнар,
Мунча оҳор талаб ранги.
Ичим қақроқ, сувга ташна
Саҳро каби ётар чангиб.

Япроқ бўлиб чорлагин бир,
Эгик бошим аро ястан.
Ҳовур кезиб чопдим ахир
Бирор соя тополмасдан.

Самовотдан улаш белги,
Ҳайрат эрур фақат арзим.
Менга ёмғир бўлиб келгин
Ва кўзимни айла манзил.

Мени сийла бир шашт билан,
Исёнимнинг ярми ботин.
Тушларимни пайҳон қилар,
Потирлатиб сор қаноти.

Муштоқдирман қатра нурга,
Тўсиқларни аё синдир.
Ҳисларим бор, нишлаб турган,
Тилим гуллаб юборсин бир.

Ялдо ўтди кўп тунларим,
Энди бир тонг истарам ман.
Наҳорнинг шўх насимлари
Силаб ўтсин истарамдан.

Ва ошиқлар бўлсин надим
Мендан токи Сенга қадар
Ҳайрат қуйиб бер, чанқадим,
Лиқ тўлдириб дилкосада.

***

Булбул хониш қилар, қафас ичида,
Булбул нолиш қилар, қафас ичида.
Боғларга термулиб темир ортидан
Ва ўйғониш қилар, қафас ичида.
Куйиб ёниш қилар қафас, ичида,
Ўздан тониш қилар, қафас ичида.
Озодлик қўмсар ва бошига ҳар тун
Тўшин болиш қилар, қафас ичида.
Кўзин хомуш қилар, қафас ичида,
Сўнг ёлвориш қилар, қафас ичида.
Она табиатга арзу додми ё
Кўнгил ёриш қилар, қафас ичида.
Бир илинж қидириб осмонга боқар.
Бу совуқ симлардан келолмас ғолиб.
Шўрлик қанотини кериб ҳар саҳар
Симириб боғларнинг эпкин шамолин
Тинмай хониш қилар, қафас ичида.

Бозор

Мен, отамни сотган бозорда,
Ҳаммол бўлиб орқалайман юк.
Курагимни эзган залвордан
Ўсди менинг суягим бузуқ

Оғир-оғир босарман қадам,
Мен ялангман, бу йўллар чақир.
Елкамга дард ортган оломон,
Шу дард билан тўлайди ҳақим.

Бозор менга тилайди сабр,
Бозор кутар менинг ишимни.
Мен кутарман қул Билол каби
Ҳаққа қараб ҳайқиришимни

Мен, отамни сотган бозорда,
Юк элтувчи ишчиман, ёхуд,
Бозор кимни сотса мозорга
Сукут сақлаб ташийман тобут.

Ва саросар кезиб эрта кеч,
Тўрхалтамни ишққа тўлдиргум.
Курагимнинг кўнганига ҳеч,
Юрагимни келмас кўндиргим.

Бу башарнинг ангори сатанг.
Виждонини сотар даллоллар.
Шовқин, қий-чув бу кўланкада
Ор кўтариб юрар ҳаммоллар

Бозор юки елкамда қалқир,
Билагимда қабарар нуқси
Яшамаган бўлардим балки
Яшаш мумкин бўлганда юксиз.

***

Дунё – кўҳна жанггоҳ, қадимий уруш.
Зафар шаробига хуморми гар сан,
Ўзингни ўзингдан қутқармай туриб,
Ажаб, ўзгадан ҳимоя истарсан.

Бирма-бир елкалаб қалқийди тобут,
Бирор ким жанггоҳда қолмаган собит,
Унгача туғ тутиб курашмоқ лобид.
Туғилиб бўлгач ҳам доя истарсан.

Қиёфанг бир тараф, аслинг бир тараф,
Кўкармоқчи бўлган фаслинг бир тараф,
Во дариғ, илдизинг, наслинг бир тараф,
Униб чиқмоқ учун поя истарсан.

Курашмоқ – жасорат, курашмоқ – пешдир.
Илдизлар минг йиллик харсангни тешди.
Парвознинг лаззати азобга эшдир.
Бошингни кўтармай қоя истарсан.

Зиёдан кўнгилга юқмишдир зиё,
Зиёсиз кўнгилга юқмишдир риё,
Билки, ундирмайсан бирорта гиёҳ –
Ўзганинг боғига соя истарсан.

Ўзи жанггоҳ ясаб яратди пойга,
Нолийсан – демакки, оёғинг тойган.
У нафас киргизди бир сиқим лойга
Нечун Унга қарши ғоя истарсан.

Кузак ўйлари

Ҳавода қалқийди намли тароват.
Қартайган чинорлар йиғлайди – музтар.
Кимдиир боғ айланиб излар ҳаловат.
Шоирлар кўнгилга айланар кузда.

Кўнгил – осмонда чарх ураётган қуш.
Кўнгил – сукунатни қилар хиргойи.
Кўнгил – ишқ майини симириб сархуш
Кейин кўнглини шеър айлаган шоир.

Қаранг дарахтлардан тўкилмоқда сўз,
Бирма-бир, кўзимга ҳайрат улашиб.
Аслида энг буюк шеър бу – япроқнинг
Омонат бандидан илкис қулаши.

Хазонни ўқийман, кейин ёмғирни,
Сўнг дайди шамолни… Ёпилмас дафтар.
Гулдурак мисоли ҳайқирар руҳим
Худонинг ёзганин алқаб, шарафлаб.

Ёзмишдир алмисоқ пайтидан токи…
Борлиқни айламиш катта шоҳ асар.
Токи гулламоқ бор, тўкилмоқ зоҳир –
Кузак – кўрсатилган буюк хулоса!

***

Узоқ-узоқларга йўл олар одам,
Йўлнинг кўринмайди сира адоғи.
Хўрсиниб борармоқда – ранги афтода.
Маҳзун кетиб борар – қадами оғир.
Йўлида садо бор, одамнинг.

Узоқ-узоқларни соғинар одам.
Тилида ненидир айтар шивирлаб.
Бир дам кўкка унсиз термулар, бир дам,
Елкалари ўқтин-ўқтин қимирлар.
Бўғзида нидо бор, одамнинг.

Узоқ-узоқларга талпинар одам.
Беҳол вужудини соғинч чирмаган.
Ўксиб кетиб борар, бу йўлдан, лекин
Дорил замонларда бир бор юрмаган.
Бўйнида хато бор, одамнинг.

Узоқ-узоқларни йўқотган одам,
Узоқ-узоқларга бориб етмоқчи.
Одам, гўдак каби ичиккан, ҳозир
Йиғлаб ўз кўнглига кириб кетмоқчи.
Кўнглида Худо бор, одамнинг.

***

Бу шамол чапкари эсар ва
Бир лахза кўзимни очирмас.
Чанг босган йўлларни кезарман,
Манзилни ёдимдан қочирма.

Сафардош изладим аланглаб
Юзида бўлмаган ниқоби.
Дариғо, йўлга бир қаранглар,
Ҳамма бир бирига муқобил.

Қадамин қичайди оломон,
Ортига бир назар солмасдан.
Туртиниб-туртиниб чопарман,
Уларнинг ортидан қолмасдан.

Бу йўллар гоҳида туташиб
Гоҳида айрога бўлинган.
Ҳар битта сўқмоқнинг тугаши
Бир куни элтади ўлимга.

Манзилни ёдимдан қочирма…

***

Бунчалар ғаш зариф дил
Таъбир излаб юрибман.
Оҳорсиз ва ғарибдир
Таъмир излаб юрибман.
Бир ёнимда нон талаш,
Бир ёнимда шон талаш.
Менинг лабим қонталаш
Сабр излаб юрибман.

Ортимга боқсам улус
Қалқиб турар, қаранг, – дор.
Наҳотки дор тикканга
Олқиш урдим жарангдор.
Бўғзимда қотиб сўзим,
Ер чизиб икки кўзим
Суратин солдим мана
Дунёнинг ҳур ва рангдор.

Ёмоқ босган тўнимнинг
Қасмоғига шеър сано.
Ғул тутган қўлга наҳот
Гул тутган деб берса ном.
Босиб келар ҳавотир.
Ҳали чиқмай саводи
Бир болам бунча хомуш,
Бири бунча серсалом.

Оғам куйиб қўш тортар
Иним йиғлаб тугар мушт.
Волидам қизил жанггоҳ
Тўлмаганча туғармиш.
Ўтрукмиди бу алқов?
Тушларим алғов-далғов:
Қучоқласам пиримни
Қўлимга қон юқармиш.

Не кўргулик, бир замон
Чопонини чап кийди.
Икки миллат ойдини
Бир-бирига сапчийди.
Сўнг айланиб чархи дун
Ғийбат бўлар нархи дун.
Шоирлар ҳам бир-бирин
Сотгани чин гап, дейди.

Билолмайман, тентираб
Надир излаб юрибман.
Балки ўзимга қиймат
Қадр излаб юрибман.
Қаердадир ютиб қон
Мурғаклар топшириб жон
Паноҳ топар ўлимдан.
Ҳеч не келмай қўлимдан
Ҳақдан фақат биргина
Амр излаб юрибман.

Мана ўзим учун шарҳ
Керак бўлса гар мисол.
Ўйларим беҳаёдир
Қорни очиқ ғар мисол.
Мен ўзимдан қочганча
Ахтарарман ўзимни.
Топсам юзим уётлиғ
Топмасам ҳам шармисор.

Билмайман бу йўлларда
Надир излаб юрибман.
Очилмаган гуллардан
Абр излаб юрибман.
Ҳайқириғим шеъримдир
Жимлигим ҳам ёзганим.
Айтолмаган сўзимга
Қабр излаб юрибман.

***

Деразам ортини чўмилтирар куз,
Саҳарлаб чинорлар олмиш таҳорат.
Намиққан ҳазоннинг исидай, туйқус,
Ҳаёл, бўйламоққа излайди чора.

Тўкилмоқ шоирга юксалишдай гап,
Очиққан руҳингни ололсанг чайиб.
Ёмғирлар ошиқни мастликка чорлаб,
Кўкдаги соқийнинг қуйилган майи.

-Сен ҳам томчиларга тавалло айла,
Азизим, кузакда туйғулар вожиб.
Ишқпараст кўнгилга тўлдириб ҳайрат,
Шахарни қитиқлар осмоннинг сочи.

Мен жим кезарканман ҳиёбон узра,
Кўнглимни ийдириб соғади исминг.
Яланғоч дарахтлар ҳайқирар музлаб,
«Куз ҳам мухаббатнинг бир бўлак қисми».

Мени оғушига ямлайди бу боғ,
Сочимнинг тукига сингади иқрор.
Азизим, кўзингни ёдлатиб шундоқ,
Яхшиям соғиниб яшашга куз бор.

  Bugungi sohifamizda hozirgi adabiy jarayonda tobora faol o‘rin egallayotgan yosh shoirlar avlodining vakili Islom Alining yangi she’rlarini taqdim etamiz.

Islom ALI
YANGI SHЕ’RLAR DAFTARIDAN


   Islom Ali 1993 yilda tug‘ilgan. O‘zbekiston davlat san’at va madaniyat institutini tamomlagan. Respublika yosh ijodkorlar seminari ishtirokchisi. She’rlari respublika matbuotida, xususan, «Xurshid Davron kutubxonasi»da chop etilgan.


Sadoqat

Kunduz bilan tunni qorishtirar shom.
Qish,
Bo‘ron,
Zulumot – sovuq tajalli.
Ilimliq kunlarni istagan bobom
Havotir ichida kutar ajalni.

Shamning yog‘dusini yutar to‘rt devor.
Qoq, so‘lg‘in jussada qaltiraydi jon.
Bo‘sag‘a ustida burushib zor-zor
G‘ingshiydi qoplon.

Jimlikning ortidan mo‘ralar motam.
Shamning bo‘yi kabi kichrayar chora.
Bobomning ko‘zida umid bor, zotan,
O‘lim oydinlashar tabora.

Eshikni tirnaydi to tongga qadar,
Qoplon g‘ashiqmoqqa qo‘yganday ruju.
Yoki sezgan kabi oldindan xatar
Chiyillar kuchuk.

Ohorsiz devorlar qoraydi g‘amdan –
Tongotar chog‘ida yog‘du bekindi –
Nurni ichib qo‘ydi bir yutib shamdon.
Bobom go‘dak kabi yengil kekirdi.

Bir tunda fayzini yo‘qotdi hovli.
Yorishgani sari mash’umlashdi tong.
Ovozim shoshirib qo‘ydi ovulni:
Bobojon, bobo-jon, bo-bo-jo-on.

Qish, bo‘ron uvillar…
O‘lim bu – taqdir.
Motamga tabiat oq libos kiydi.
Tobutning ortidan chopgancha dir-dir
Qoplon g‘ingshiydi.

Xaloyiq mozordan qaytishdi, tushkun.
Qish,
Bo‘ron,
Izg‘irin
Yana tong otdi.
Qoplon qor qoplagan qabrga uch kun
To‘shini bosgancha dirdirab yotdi.

Hammamiz ko‘nikib yashayverdik jim,
Bobomsiz dunyoda qilgancha sabr.
Shu bo‘yi qoplonni ko‘rmadi hech kim.
Qoplon qaytmadi.

Hech kimga bildirmay qayga ketdi u?
Bobomsiz qolishga qilolmay toqat.
Balki egasiga ko‘rsatgan mangu
Sadoqat.

Sizga

Sham yondi,
Ko‘nglimday yorishdi hujram.
Tuynukday teshildi zulmatning ko‘ksi.
Men sizni yog‘duli tumanlar ichra
Qidirdim, sasingiz chiqmadi – yo‘qsiz.
Bunchalar zulmatga moyilsiz? Sizga
Men oppoq tonglarni qoralab kutdim.
Qarang, nur, qorong‘u dunyoni qo‘zg‘ab
Mening ham ingichka soyamni yutdi.
…oh, ko‘hna o‘tmishni o‘tkazganman g‘ash.
Qop-qora kunlardan vujudim zada.
Axir yuragimga yaqin bu otash.
Men shamga qorishib ketdim lahzada.
Ko‘nglimga ko‘lanka bo‘lolmaydi g‘ov.
Sizning yo‘lingizni yoritgum ayo.
Illo, endi mening bu boshim olov.
Illo, mening boshim siz uchun mayoq.
Siz hamon jimdirsiz.
Zulumot – sovuq.
Yo‘q, aslo chekinmang, uzlatga g‘arib.
Siz uchun ko‘ksimga to‘ldirib hovur,
Yonib borayapman ichingiz sari.

***

Muncha ko‘ngil abas yashnar,
Muncha ohor talab rangi.
Ichim qaqroq, suvga tashna
Sahro kabi yotar changib.

Yaproq bo‘lib chorlagin bir,
Egik boshim aro yastan.
Hovur kezib chopdim axir
Biror soya topolmasdan.

Samovotdan ulash belgi,
Hayrat erur faqat arzim.
Menga yomg‘ir bo‘lib kelgin
Va ko‘zimni ayla manzil.

Meni siyla bir shasht bilan,
Isyonimning yarmi botin.
Tushlarimni payhon qilar,
Potirlatib sor qanoti.

Mushtoqdirman qatra nurga,
To‘siqlarni ayo sindir.
Hislarim bor, nishlab turgan,
Tilim gullab yuborsin bir.

Yaldo o‘tdi ko‘p tunlarim,
Endi bir tong istaram man.
Nahorning sho‘x nasimlari
Silab o‘tsin istaramdan.

Va oshiqlar bo‘lsin nadim
Mendan toki Senga qadar
Hayrat quyib ber, chanqadim,
Liq to‘ldirib dilkosada.

***

Bulbul xonish qilar, qafas ichida,
Bulbul nolish qilar, qafas ichida.
Bog‘larga termulib temir ortidan
Va o‘yg‘onish qilar, qafas ichida.
Kuyib yonish qilar qafas, ichida,
O‘zdan tonish qilar, qafas ichida.
Ozodlik qo‘msar va boshiga har tun
To‘shin bolish qilar, qafas ichida.
Ko‘zin xomush qilar, qafas ichida,
So‘ng yolvorish qilar, qafas ichida.
Ona tabiatga arzu dodmi yo
Ko‘ngil yorish qilar, qafas ichida.
Bir ilinj qidirib osmonga boqar.
Bu sovuq simlardan kelolmas g‘olib.
Sho‘rlik qanotini kerib har sahar
Simirib bog‘larning epkin shamolin
Tinmay xonish qilar, qafas ichida.

Bozor

Men, otamni sotgan bozorda,
Hammol bo‘lib orqalayman yuk.
Kuragimni ezgan zalvordan
O‘sdi mening suyagim buzuq

Og‘ir-og‘ir bosarman qadam,
Men yalangman, bu yo‘llar chaqir.
Yelkamga dard ortgan olomon,
Shu dard bilan to‘laydi haqim.

Bozor menga tilaydi sabr,
Bozor kutar mening ishimni.
Men kutarman qul Bilol kabi
Haqqa qarab hayqirishimni

Men, otamni sotgan bozorda,
Yuk eltuvchi ishchiman, yoxud,
Bozor kimni sotsa mozorga
Sukut saqlab tashiyman tobut.

Va sarosar kezib erta kech,
To‘rxaltamni ishqqa to‘ldirgum.
Kuragimning ko‘nganiga hech,
Yuragimni kelmas ko‘ndirgim.

Bu basharning angori satang.
Vijdonini sotar dallollar.
Shovqin, qiy-chuv bu ko‘lankada
Or ko‘tarib yurar hammollar

Bozor yuki yelkamda qalqir,
Bilagimda qabarar nuqsi
Yashamagan bo‘lardim balki
Yashash mumkin bo‘lganda yuksiz.

***
47
Dunyo – ko‘hna janggoh, qadimiy urush.
Zafar sharobiga xumormi gar san,
O‘zingni o‘zingdan qutqarmay turib,
Ajab, o‘zgadan himoya istarsan.

Birma-bir yelkalab qalqiydi tobut,
Biror kim janggohda qolmagan sobit,
Ungacha tug‘ tutib kurashmoq lobid.
Tug‘ilib bo‘lgach ham doya istarsan.

Qiyofang bir taraf, asling bir taraf,
Ko‘karmoqchi bo‘lgan fasling bir taraf,
Vo darig‘, ildizing, nasling bir taraf,
Unib chiqmoq uchun poya istarsan.

Kurashmoq – jasorat, kurashmoq – peshdir.
Ildizlar ming yillik xarsangni teshdi.
Parvozning lazzati azobga eshdir.
Boshingni ko‘tarmay qoya istarsan.

Ziyodan ko‘ngilga yuqmishdir ziyo,
Ziyosiz ko‘ngilga yuqmishdir riyo,
Bilki, undirmaysan birorta giyoh –
O‘zganing bog‘iga soya istarsan.

O‘zi janggoh yasab yaratdi poyga,
Noliysan – demakki, oyog‘ing toygan.
U nafas kirgizdi bir siqim loyga
Nechun Unga qarshi g‘oya istarsan.

Kuzak o‘ylari

Havoda qalqiydi namli tarovat.
Qartaygan chinorlar yig‘laydi – muztar.
Kimdiir bog‘ aylanib izlar halovat.
Shoirlar ko‘ngilga aylanar kuzda.

Ko‘ngil – osmonda charx urayotgan qush.
Ko‘ngil – sukunatni qilar xirgoyi.
Ko‘ngil – ishq mayini simirib sarxush
Keyin ko‘nglini she’r aylagan shoir.

Qarang daraxtlardan to‘kilmoqda so‘z,
Birma-bir, ko‘zimga hayrat ulashib.
Aslida eng buyuk she’r bu – yaproqning
Omonat bandidan ilkis qulashi.

Xazonni o‘qiyman, keyin yomg‘irni,
So‘ng daydi shamolni… Yopilmas daftar.
Guldurak misoli hayqirar ruhim
Xudoning yozganin alqab, sharaflab.

Yozmishdir almisoq paytidan toki…
Borliqni aylamish katta shoh asar.
Toki gullamoq bor, to‘kilmoq zohir –
Kuzak – ko‘rsatilgan buyuk xulosa!

***

Uzoq-uzoqlarga yo‘l olar odam,
Yo‘lning ko‘rinmaydi sira adog‘i.
Xo‘rsinib borarmoqda – rangi aftoda.
Mahzun ketib borar – qadami og‘ir.
Yo‘lida sado bor, odamning.

Uzoq-uzoqlarni sog‘inar odam.
Tilida nenidir aytar shivirlab.
Bir dam ko‘kka unsiz termular, bir dam,
Yelkalari o‘qtin-o‘qtin qimirlar.
Bo‘g‘zida nido bor, odamning.

Uzoq-uzoqlarga talpinar odam.
Behol vujudini sog‘inch chirmagan.
O‘ksib ketib borar, bu yo‘ldan, lekin
Doril zamonlarda bir bor yurmagan.
Bo‘ynida xato bor, odamning.

Uzoq-uzoqlarni yo‘qotgan odam,
Uzoq-uzoqlarga borib yetmoqchi.
Odam, go‘dak kabi ichikkan, hozir
Yig‘lab o‘z ko‘ngliga kirib ketmoqchi.
Ko‘nglida Xudo bor, odamning.

***

Bu shamol chapkari esar va
Bir laxza ko‘zimni ochirmas.
Chang bosgan yo‘llarni kezarman,
Manzilni yodimdan qochirma.

Safardosh izladim alanglab
Yuzida bo‘lmagan niqobi.
Darig‘o, yo‘lga bir qaranglar,
Hamma bir biriga muqobil.

Qadamin qichaydi olomon,
Ortiga bir nazar solmasdan.
Turtinib-turtinib choparman,
Ularning ortidan qolmasdan.

Bu yo‘llar gohida tutashib
Gohida ayroga bo‘lingan.
Har bitta so‘qmoqning tugashi
Bir kuni eltadi o‘limga.

Manzilni yodimdan qochirma…

***

Bunchalar g‘ash zarif dil
Ta’bir izlab yuribman.
Ohorsiz va g‘aribdir
Ta’mir izlab yuribman.
Bir yonimda non talash,
Bir yonimda shon talash.
Mening labim qontalash
Sabr izlab yuribman.

Ortimga boqsam ulus
Qalqib turar, qarang, – dor.
Nahotki dor tikkanga
Olqish urdim jarangdor.
Bo‘g‘zimda qotib so‘zim,
Yer chizib ikki ko‘zim
Suratin soldim mana
Dunyoning hur va rangdor.

Yomoq bosgan to‘nimning
Qasmog‘iga she’r sano.
G‘ul tutgan qo‘lga nahot
Gul tutgan deb bersa nom.
Bosib kelar havotir.
Hali chiqmay savodi
Bir bolam buncha xomush,
Biri buncha sersalom.

Og‘am kuyib qo‘sh tortar
Inim yig‘lab tugar musht.
Volidam qizil janggoh
To‘lmagancha tug‘armish.
O‘trukmidi bu alqov?
Tushlarim alg‘ov-dalg‘ov:
Quchoqlasam pirimni
Qo‘limga qon yuqarmish.

Ne ko‘rgulik, bir zamon
Choponini chap kiydi.
Ikki millat oydini
Bir-biriga sapchiydi.
So‘ng aylanib charxi dun
G‘iybat bo‘lar narxi dun.
Shoirlar ham bir-birin
Sotgani chin gap, deydi.

Bilolmayman, tentirab
Nadir izlab yuribman.
Balki o‘zimga qiymat
Qadr izlab yuribman.
Qayerdadir yutib qon
Murg‘aklar topshirib jon
Panoh topar o‘limdan.
Hech ne kelmay qo‘limdan
Haqdan faqat birgina
Amr izlab yuribman.

Mana o‘zim uchun sharh
Kerak bo‘lsa gar misol.
O‘ylarim behayodir
Qorni ochiq g‘ar misol.
Men o‘zimdan qochgancha
Axtararman o‘zimni.
Topsam yuzim uyotlig‘
Topmasam ham sharmisor.

Bilmayman bu yo‘llarda
Nadir izlab yuribman.
Ochilmagan gullardan
Abr izlab yuribman.
Hayqirig‘im she’rimdir
Jimligim ham yozganim.
Aytolmagan so‘zimga
Qabr izlab yuribman.

***

Derazam ortini cho‘miltirar kuz,
Saharlab chinorlar olmish tahorat.
Namiqqan hazonning isiday, tuyqus,
Hayol, bo‘ylamoqqa izlaydi chora.

To‘kilmoq shoirga yuksalishday gap,
Ochiqqan ruhingni ololsang chayib.
Yomg‘irlar oshiqni mastlikka chorlab,
Ko‘kdagi soqiyning quyilgan mayi.

-Sen ham tomchilarga tavallo ayla,
Azizim, kuzakda tuyg‘ular vojib.
Ishqparast ko‘ngilga to‘ldirib hayrat,
Shaxarni qitiqlar osmonning sochi.

Men jim kezarkanman hiyobon uzra,
Ko‘nglimni iydirib sog‘adi isming.
Yalang‘och daraxtlar hayqirar muzlab,
«Kuz ham muxabbatning bir bo‘lak qismi».

Meni og‘ushiga yamlaydi bu bog‘,
Sochimning tukiga singadi iqror.
Azizim, ko‘zingni yodlatib shundoq,
Yaxshiyam sog‘inib yashashga kuz bor.

21

(Tashriflar: umumiy 2, bugungi 2)

Izoh qoldiring