Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига
Ҳазрат Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» асарининг «Назм гулистонининг хушнағма қушлари» фаслида соҳибкамол шоирларга баҳо бераркан: «… оламда завқу ҳол аҳли булар латойифи била масрурдурлар ва булар маорифи била ҳузур қилурлар», дея эътироф этадилар. Бобокалонимизнинг бу таърифларига «завқу ҳол аҳли» қалбидан аллақачон жой олган булбулзабон шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг ижоди ҳам бевосита тааллуқлидир.
Сирожиддин Саййид
БУ ЁРУҒ ДУНЁДА ЎЧМАС ЧИРОҒИМ
Дунёда нима кўп – гап кўп, воқеа-ҳодиса кўп. Оламшумул жараёнлар силсиласида мамлакатлар, давлатлар, одамлар ва башарият ўз тақдири ва ҳаётини эзгуликка томон буриш, тинчлик ва омонликда кун кечириш йўлида бир зум бўлса-да тин олганини билмаймиз.
Фалак айланади, ҳаёт давом этади. Кеча ва кундуз эврилгани янглиғ дунёнинг авзойи ҳам оқ ва қора рангларда алмашиниб туради. Биз оқ ранглар кўпайсин, деймиз, дунё ва одамзод ҳаёти ёруғликка, нур ва зиёга чулғанмоғини истаймиз. Адабиёт ҳамиша «қоронғуликлар ёруғликка чиқиши учун» хизмат қилиб келган. Буни қарангки, дунёда неча замонлардан бери «адабиёт» сўзини мутлақо эсидан чиқариб юборган элатлар ҳам бор экан. Бошига тушган мусибатлар тақозоси билан оч-наҳор фарзандлари мактаб нималигини кўрмай, дарслик ва китоб ўқиш бахтидан бебаҳра ўтаётган, йиллар давомида тупроғига ўқ-доридан бошқа ҳатто бир дона буғдой тушмаган минтақаларда ҳам ҳаёт давом этаяпти. Бироқ у энди бошқа манзара…
Ҳаёт бўстони, тириклик боғи ҳаётбахш шабадалари, шаффоф шудрингларию осойиш тонгларнинг жонбахш ва жозиб жилолари билан қадрли. Президентимиз Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори эзгу мақсад ва муддаоларимизга, мамлакатимизда адабиётга эътибор ва эътирофга олий мақомдан далолат бергувчи яна бир муҳим ҳужжат бўлди. Таъбир жоиз бўлса, бу қарор кўнгилларга, уйлар ва хонадонлар, билим юртларию таълим даргоҳларига тонгги насим, сурурбахш субҳидам сабоси янглиғ бирпасда эсиб, уфуриб кирди.
Қарордаги «… халқимиз маънавияти, онгу тафаккурини юксалтириш, ёш авлод қалбида ўзликни англаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини, эзгу фазилатларни камол топтириш борасида ёрқин истеъдоди, бетакрор бадиий асарлари, ибратли ижтимоий фаолияти билан катта ҳисса қўшган» шоиримиз номига билдирилган юксак баҳо ва таърифнинг ўзи ғоят муҳим тарбиявий аҳамиятга эга. Сўзни қадрлаган, ўз она диёрини севиб, халқига садоқат билан хизмат қилган, Ватанини сидқидилдан тараннум этган шоирни халқи ҳам, Ватани ҳам қадрлаб, эъзозлайди.
Ҳазрат Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» асарининг «Назм гулистонининг хушнағма қушлари» фаслида соҳибкамол шоирларга баҳо бераркан: «… оламда завқу ҳол аҳли булар латойифи била масрурдурлар ва булар маорифи била ҳузур қилурлар», дея эътироф этадилар. Бобокалонимизнинг бу таърифларига «завқу ҳол аҳли» қалбидан аллақачон жой олган булбулзабон шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг ижоди ҳам бевосита тааллуқлидир.
Элу юртнинг қадду бастини юксак, муносиб сўз билан кўрсата билмоқ ҳамма шоирларга ҳам насиб этавермайди. Элнинг дилкаш, дардкаш шоири Муҳаммад Юсуф ҳаёт бўлганида бугун олтмишга кирган бўларди. Тақдирнинг бешафқат ҳукмини қарангким, Андижондан чиққан яна бир шоирига Заҳириддин Муҳаммад Бобур умрини раво кўрмиш. Тақдир — ҳақдир.
У озод, дилбар Ватанини бир фарзанд янглиғ сидқидилдан, кўнглини осмонлардай кенг очиб куйлаб ўтди. «Эй дўстларим, дунёда ортда қолган из яхши», деган шоирдан элу элдошлари қалбида ўчмас из қолди. Хокисор, меҳнаткаш элини, улуғ Ватанини ўзига хос, ҳаммага тушунарлигина қилиб тараннум этди. Қизғалдоқдай севгиси, капалакдай муҳаббатини шабнамга чўмган майсалар мисол тоза, беғараз ва иддаосиз айтиб ўтди.
* * *
Бир пайтлар шарқироқ сойлардай ҳайқириб юрган шоирлар қаторига сокингина бир ирмоқ, камсуқумгина бир ўзбаки ариқ келиб қўшилганини биров сезиб, биров сезмай қолганди. Қалдироқлар гулдираган, булутлар билан чақинлар қиличбозлик қилиб, алғов-далғов бўлиб ётган баҳор осмонида ой шундай нохосдан пайдо бўлади, қуёш шундай билинмайгина чиқади. Кейин… ҳаммаёқ нурафшон, мунаввар бўлади.
Шеърият — Муҳаммад Юсуф учун том маънода қисматга айланди. Сўз йўли, шеър йўли унинг ҳаёт йўли, умрий тақдирини белгилаб берди.
Ватан ҳақида қаламкаш зоти борки ёзган, ёзяпти. Бироқ «Осмонга бўй чўзган оқтерак ўлкам!» ёки «Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга, Римни алишмасман бедапоянгга» дейишнинг гашти ўзгача. Ватаннинг ўзи мисол тушунарли, ҳалол ва хокисор эли янглиғ соддагина қилиб айтганга не етсин:
Сен — шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Ўғлим деб,
бош эгиб турган чинорим,
Қўйнимдаги ифтихорим,
Бўйнимдаги туморим,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним!
Шоирнинг қадду қомати, қалбининг бўю бастини, қиёфасию кўнгил дунёсини шеъри кўрсатади, унинг зоҳири ҳам, ботини ҳам ўз шеъридир.
Бу шеърият ўз-ўзидан яралгани йўқ. Худо берган бу истеъдод «Шувоқлари кўчган эски уйлар», ажин босган азиз ва қадрдон юзларни эслатувчи ним нураган пахса деворлару тупроқ кўчаларнинг тунги сукутларидан, онаизорларнинг меҳру соғинчлари, оталарнинг умрий заҳматлари иси келгувчи яктак-чопонлари, сулув қизларнинг кулгиларию қошу киприклари аро ўсма майсасидек кўкариб, барг ёзиб камол топди. Бу шеърият меҳру соғинч, дарду ҳижрон, тириклик ва ўлим, дийдор ва айрилиқ тарбиясини олган. Шунинг учун унда меҳр ҳам, соғинч ҳам бисёр.
Шоир савол ҳам бермайди, жавоб ҳам сўрамайди. Шеърлар сизни сўроққа тутмайди. У бор-йўғи кўнглини тўкади, шеър шаклида саҳифаларга тўкилган кўнгил кишига юк юкламайди. Сиз уларни шундоқлигича, яъни шеърларни кўнгил мисол, кўнгилни шеърлар янглиғ қабул қиласиз. Бу шеърлар дарҳол, дафъатан сизнинг биродарингиз, ёру синглингиз, онангизу Ватанингизга айланиб қолади.
Беихтиёр баҳор чечакларини сочаётган жозиб оқшом аро унинг ўйчан қиёфаси гавдаланади, дийдалари остида бир жуфт безовта қуш ин қурган, яхшилаб тикилсангиз — кўклам ёмғирларида ивиган оқ кўйлаги остидан озғин жуссаси ичра юраги кўриниб тургандай… Уни эл рағбатига сазовор этган — шеърлари, деҳқон қўлидаги нондай жайдари ва соддаваш шеърияти. Уларда даъво йўқ, ўзига маҳлиёлик ва бодилик йўқ. Шеърлар — кўнгил боғининг шавқ шамолларида шовуллаб тўкилган япроқларидир. «Жайрон, нега кўзинг тўла ёш?» дейилган, бир боғнинг раҳму шафқати беркиниб ётган сатргинада жайрон кўзларини далаларнинг ғубори чулғаган ойсингиллар учун бир дунё меҳр бордир.
Муҳаммад Юсуфни болалар яхши кўради, хижолатда қабоси ҳилпираётган лолалару тўйга қатлама қатлаётган кайвони холалар яхши кўради. У ҳалол ва поктийнат элнинг ҳалол бир дилбанди сифатида
Ёрилган қўлларга термулиб юриб,
Шу ялпиз далада мен ҳам бўй етдим.
Кейин шеър йўқлади тушимга кириб,
Кейин ўзим йўқлаб Тошкентга кетдим.
Навоий сатрига термулиб юриб,
Туйдим жамолини бу кўҳна элим,
>Кейин сен изладинг тушимга кириб,
Кейин ўзим излаб ёнингга келдим,
— дея хирмондаги букри толда беланчаги чайқалаётган болага ҳам ҳисоб беришдан тортинмайди. «Хирмондаги бола», чақалоқ — шоир учун ҳалоллик-поклик рамзи, эл ва Ватан тимсоли, унинг энг тоза, покиза сўзи ҳам шу:
Мен келдим шул шаффоф сўзимни топиб,
Мен билдим, юракданВатанни севмоқ?
Беланчак осилгантолларни ўпиб,
Чақалоқ кўзигаҳалол термулмоқ…
* * *
Ҳақиқий шеърият ҳамиша фидойиликни талаб қилади, шоирдан беаёв қурбонликни, ўзини ўзи шафқатсизларча Сўзга бахшида этмоқни сўрайди. Муҳаммад Юсуф чин шоир эди, шундайлигича қолди. У илк шеъри чиққанидан буён бир одам зотига берилмиш нимаики қувончу изтироб, меҳнату заҳмат, бахту фароғат бўлса, ҳамма-ҳаммасини шеърига, шеърларига сарфлади. Ўзини, яқинлари, гулдай қизчаларининг бари орому ҳаловатини ҳам шеърга алмашди. Ҳамиша камгап, ийманиб юргувчи бир шоир сўзбозлару сўзфурушлар дунёсига шеър учун аёвсиз яшамоқ, жонини, борлиғини сарфламоқ қандоқ бўлишини ҳаёти, китоблари ила кўрсатиб кетди. Шунинг учун «Нима қилсам шеър ишқида қилдим мен» деган сатри ҳам энди бутун ҳаётию ижодига ўзи қўйиб кетган хулосадай жаранглайди. Ва «Юртим, сени иддаолар қилмай севаман», деб айтганида ҳам нечоғли ҳақ эди.
Истиқлол даврида юртда қанчалар йўлу кўприклар солингани янглиғ, неча азизу авлиёларнинг муқаддас маконлари обод этилиб, яна не-не муҳташам, муаззам бинолар тиклангани мисол адабиётимиз, шеъриятимизда ҳам бу йиллар нурли излар қолдирди. Устозлар изидан, сафдошлари билан ёнма-ён Муҳаммад Юсуф ҳам, таъбир жоиз бўлса, ўз шеърлари билан нурли кўприклар солиб, янги ёруғ йўллар очишга муваффақ бўлди. Унинг назмий йўл-кўприклари кўнгилларни кўнгилларга улади, дилларни дилларга яқинлаштирди, қалбларни бир-бирига ёру ошно этди. У азиз ва бетимсол диёрини ўзгача бир завқу шавқ билан куйлади:
Одам билан улғаяр макон,
Дунёларга достон бўлади.
Эркли элнинг гўдаги султон,
Султони мард инсон бўлади.
Даҳри дун ҳаммадан қолади,
Биздан озод Ватан қолади!
Илк шеърлари биланоқ катта устозларнинг назарига тушган, мудом уларнинг диққат-эътиборида бўлган, «осмонқалб шоир» дея ном олган шогирднинг ҳам шогирдлари қисқа муддатда кўпайиб кетди.
Устоз Абдулла Ориповнинг эътирофига эътибор беринг: «Чинакам шоирнинг қалбида аллақандай соҳир қуш доимо сайраб туради, деган гапни кўп бора эшитгандик. Ўша қуш айнан Муҳаммаджоннинг, Муҳаммад Юсуфнинг юрагида ошён қурганига мен астойдил ишонганман. Унинг кўзлари ҳам, чеҳраси ҳам ҳамиша латиф бир куйни хониш қилгандай эди. У ўз элини, халқи, Ватанини чин фарзанддай, беғараз, сидқидилдан яхши кўрар эди. Шу меҳрнинг натижаси ўлароқ, унинг шеърлари ҳам худди шундоқ беминнат ва беғараз шеърият сифатида майдонга келди. У обрў талашмас, иззатини сўроқлаб юришдан ор қиларди. Худди шундоқ яхши инсонгина яхши ижодкор бўлиши табиий ва қонунийдир. Ҳақиқий маънодаги барҳаётлик, завол билмаслик Муҳаммад Юсуф ижодига ҳам тааллуқли десам, иншоллоҳ, хато қилмагайдирман».
Абдулла ака Муҳаммад Юсуф билан устоз ва шогирд бўлиб Доғистон халқ шоири Расул Ҳамзатовнинг таваллуд тўйига Махачқалъага борганларини, Расул бобонинг Муҳаммаджонни дарров яхши кўриб қолганини, унга шеър ўқитиб, «Шеърни ўзимдай ўқиркансан», дея мақтаганларини алоҳида меҳр ва соғинч билан эслайди. Бу хотираларнинг ўзи ҳам, у дийдорлашувлар ҳам бугун шеърий соғинчларга айланган.
Қушдай учиб қучоғингдан дунё кездим,
Қанча олис кетсам шунча қадринг сездим.
Кезиб-кезиб топганларим Соғинч бўлди,
Қайда юрсам ёди меҳринг овунч бўлди.
Айланайин қора қошу кўзингдан-а,
Ўзингдан қўймасин, халқим, ўзингдан-а!
* * *
Устоз-муаллимлар даврасида шеър, адабиёт ҳақида гап кетганда домлалардан бири «Сўз Ватандай бўлмоғи керак!» деган чиройли иборани ишлатган эди. Бу — шоир сўзининг салмоғи, миқёси даражасини белгилаб берадиган тўғри гап. «Имон йўқ гўшада эҳром қайдадир», дейди Муҳаммад Юсуф. Унинг наздида Сўз Ватан тушунчаси янглиғ қадрли ва азиз.
Мен нетиб шоир ўлай,
Бир қалам ўйнатмасам.
Жон қадар бир сўз сўраб,
Бир калом шеър айтмасам,
— дейилганида ҳам айнан шу муқаддас масъулият билан Бурч назарда тутилган. «Шундай йилларни кўрдикки, бахтли бўлиш уят эди», деганди устоз Асқад Мухтор. Муҳаммад Юсуф чин маънода бахтли бўлиш, яъни одам инсондай яшаши уят саналмаган, элу юртимизнинг асрий орзу-армонлари ушалган ғурурбахш бир замоннинг озодқалб шоири бўлиб камолга етди. Шунинг учун ҳам
Дунёга боқ, қадди сендек ким бор яна,
Халқ бўлишга ҳадди сендек ким бор яна,
— дея кўксини тўлдириб сўз айтди. Сўзини айтолмай йиғлаб кетганларни билгани, кўргани, уларнинг ҳаққи-ҳурмати учун ҳам шоир қалбида Сўз қадри — Ватан қадри янглиғ табаррук ва муқаддас тушунчага айланади. Ўкинч-армони эса худди чорлов, даъват мисол жаранглайди:
Йўқса етмасмидик Сўзнинг қадрига,
Пойига минг садқа этмасмидик жон,
Ватаннинг қадрига, дўстнинг қадрига,
Кунларнинг қадрига шу дориломон…
Дунёда норасо, ношукр фарзанд бўлишдан ҳам ёмони йўқ. Шоир учун бу энг изтиробли ҳолат. Улуғ аждодларга муносиб ворис бўлиб яшамоқ туйғуси унинг юрагининг юксак ва нурланиб турган порлоқ қирраси. Ҳаёту тирикликнинг, фарзандлик ва шоирлигининг бор мазмун-моҳиятини у шу қиррадан туриб белгилайди. Шундай шараф ва ориятни билмаганларга эса унинг жавоби бундоқ:
Мангу назм гулшани сўлмас,
Навоий-ку яшар то абад.
Оқибатсиз элда эрк бўлмас,
Мурувватсиз юртда —саодат…
Кечиргайми ҳазрат ўз қавмин
Бир-бирига бўлмаса паноҳ:
Подшосининг билмаса қадрин,
Гадосини сийламаса гоҳ?..
«Муҳаммад Юсуф шеърларини райҳонлардай экиб кетди», деганди мухлислардан бири. Унинг шеърларини юртимизда нимаики гўзал, нафис, жозибали ва тароватли бўлса — ҳамма-ҳаммасига қиёслаш мумкин. Тўрғай деса ҳам бўлади. Капалакларга ўхшатиш мумкин, қалдирғоч деса ҳам учиб кетаверади. Жилғалардай жилдираб туради, юлдузлардек жимирлайди бу шеърлар. «Қовурғамнинг тагида бир қумри йиғлар», дея ўқиганингиз ҳамоно кўкрак қафасидан потирлаб чиқиб келаётган қумрини кўрасиз. Ялпизлардай бўй таратиб, гиёҳлардай ифор сочаётган, қийғос гуллаган олчазордай оппоқ бир шеърият. Дала-даштдай анвойи, лолазор қирлардай қизғиш-қирмизи, ҳилпираб, чайқалиб, ястаниб ётибди. Фақат бир лола, биргина лолақизғалдоқ…
Олдингга мен боролмасам, ўт гуноҳим,
Бир йўқлаб қўй мен дунёдан ўтган чоғим.
Қабрим узра ҳилпираб тур, қизғалдоғим,
Муҳаммаддан бўлак дўсти девонанг йўқ.
* * *
Шоир ҳаётнинг ҳақиқий ошиғи, тирикликнинг чин волаю шайдоси эди. Шеърлари ҳам шу шайдолик ва ошуфталикнинг маҳсули бўлиб дунёга келди. Ҳазрат Навоийнинг «Ки шайдолик диёридин етишган корвондир бу» деган сатрлари бор. Муҳаммад Юсуф шеърияти шу «шайдолик диёри»нинг янги кўклами мисол сарин, тоза ва муаттар ҳаволари билан кириб келди. Кириб келди эмас, кўклам мисол, унинг ёмғирларию саболари янглиғ юз берди, содир бўлди.
«Кўкламойим» деган сўзни шеъриятимизда биринчи бўлиб Абдулҳамид Чўлпон ишлатган бўлса керак. Унинг «Кўкламойим йўлга чиққан. Кўкламойим қўзғалган», дея бошлангувчи шеъри — баҳорнинг соғинчу севинчи билан бирга, шоир қалбининг изтироб ила армони ҳамдир. «Кўклам билан юртимга ҳам бир кўкариш келсайди», дея армон қилади Чўлпон. Ўз-ўзидан маълумки, бу армон, бу «кўкариш»нинг номи юрт ва миллат озодлиги эди ва Чўлпондек шоирларимиз бу армон учун ўз жонларини ўлпонга берганини Истиқлол даври шоири Муҳаммад Юсуф ҳам армон ва ғурур билан шеърга солади:
Ўлса ўзи ўлар,
Сўзи ўлмайди,
Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар.
Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди,
Юракка кўмилар асл шоирлар.
Муҳаммад Юсуфнинг кўклами, «Кўкламойим» шеъри — унинг ҳаётга, тирикликка муҳаббатининг гўзал ва дардли таронаси. Шоир бу кўкламига яшамоқнинг қанча алам ва айрилиқларини бошдан ўтказиб етишган.
Сочимда оқ, мен баҳордан ўтиндим:
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим,
— дейди у. Шеърнинг аввалги сатрлариданоқ сизни ҳам тансиқ ва орзиқтиргувчи бир соғинч чулғаб олади.
«Бир чимдим кўклам», бир кўкламлик ҳаётнинг нақадар азиз ва ғанимат эканлиги, «қумри билан омон чиқдик биз қишдан», дейилса-да, бу дийдорга эришмоқнинг ўзи қанчалар қувончли ва армонли, нечоғли орзиқтиргувчи ва онийлиги жуда жозибали айтилади. Шеърнинг энг изтиробли сатри эса сизни ҳам мувозанатдан чиқаради:
… Яна сенга етаманми йўқми мен…
Бу шеър шоирнинг ўз кўкламига саломи, айни пайтда видоси ҳамдир. Бундай шеър ва қўшиқлар қалбларни қайта бошдан тарбиялаш қудратига эга. Умр кўкламларининг ғаниматлиги, ҳаёт боғларида одам болаларидан фақат эзгулик дарахтларигина мангу кўкариб қолишини эслатиб тургувчи шеърларгина шундоқ куйланади.
* * *
«Халқона» деган сўзни бўғинларга бўлсангиз, икки улуғвор сўз юзага келади: Халқ ва Она.
Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ҳақидаги ҳамма шеърлари она ҳақидадир, она ҳақидаги барча шеърлари айни пайтда Ватанга бағишлангандир.
Олтин бешик узра аллалар айтиб,
Ҳамиша бедорим — онаизорим.
Жилғаси жаранги тонгда уйғотиб,
Юрагимга кириб келган баҳорим,
Ватан, қадрим уйи — хонақоҳимсан,
Момоларим ётар саждагоҳимсан.
«Кимда ғам кўп бўлса — у менинг онам»,
— дейди у яна бир шеърида. Шоир онасини Ватанни суйгандайин, Ватанини эса онасини суйган янглиғ яхлит ва беминнат меҳрини бериб камол топди. Шеъри ҳам, сўзи ҳам шу меҳр баробарида, юртнинг бўю бастига қараб вояга етди. Унинг муҳаббатини онага алоҳида, Ватанга алоҳида айро-айро ҳолда тасаввур қилиш қийин. У ўз диёрини, она тупроғини бир фарзанд суйганчалик суйди, бир фарзанд янглиғ кўнглини уфқлардай кенг очиб тараннум этди. Унинг дарди нурли, шу боис армонли сатрларидан ҳам кўнглингиз ёришиб кетади. Шунинг учун бу шеърлар кишига дард устига дард юкламайди, аксинча руҳ бағишлайди, кўнгилни кўтаради.
* * *
Шеъри ўзига, ўзи шеърига ўхшаган шоир.
Биз Муҳаммад Юсуф ҳақидаги бу таърифни кўп бора айтганмиз, яна такрорлашдан тортинмаймиз. Бугун унинг дўстлари кўп, кўчирмачи-тақлидчилари ҳам бисёр. Бунга боис номи ҳам, шеър-қўшиқлари ҳам эл аро овоза бўлиб кетган шоир дўстимизнинг ўзи ва сўзи. «Токи менинг тақлидчиларим бор экан — мен буюк шоирман», деган экан бир устоз адиб. Муҳаммад Юсуфнинг шеъриятга кийиб кирган назмий яктаги ўзиники эди. Шеъру шоирлик унинг учун умрий қисматга айланган эди. У ҳаётнинг ҳамма ҳашамларига эришмоғи мумкин эди, бироқ ҳаммасидан шеърини, виждонини баланд қўйди. Муҳаммаджон шон-шуҳратни таъма қилмади, шуҳрат унга етишолмай, хун бўлиб изларидан югуриб, сўроқлаб юрди.
Дардли, самимий тиниқ шеърлари билан қисқа вақт ичида қўшиқчиликнинг димиқиб кетган ҳавосини тозартиришга муваффақ бўлди. Шеърлари қўшиқдай ўз оҳанги, мусиқаси билан туғилгани учун ҳам дарҳол халқ суйган, одамларнинг кўнглидан тез жой олган машҳур ашулаларга айланиб кетди. Унинг қўшиқлари маддоҳлик, қуруқ қофиябозлигу ўртамиёначиликдан йироқ, нимаики ёзган, айтган бўлса — чин дилдан, меҳр ва муҳаббат билан айтган эди. Оддий кундалик сўзи ҳам шоирнинг кимлигини, ҳаётдаги тутуми, инсоний қиёфасини билдиради. Мисол учун, одмироқ кийимига қараб, «Муҳаммад ака, шундай машҳур шоирсиз, қимматбаҳо костюмлардан кийиб юрсангиз бўлмайдими?» деган олифтароқ санъаткорга «Ҳаммангни кийинтириб юрибман-ку, менга шуни ўзи етади-да», дея беозоргина берган жавобида ҳам унинг шоирлиги, ўзига хос феъл ва эътиқоди кўриниб турарди.
Ватанпарварлик оиладан, оилавий муҳитдаги тарбиядан бошланади. Муҳаммаджон ўз оиласини бўлакча меҳр билан севувчи, оилапарвар, болапарвар инсон эди. Буни волидаи муҳтарамаси, ука-сингиллари, умр йўлдоши ва қизларига бағишланган жигарлик, дилбандлик ва оталик меҳр-муҳаббати барқ уриб, уфуриб турган «Онам йиғлар», «Фотима», «Мадина», «Узр», «Рафиқамга», «Эй жуфти ҳалолим», «Лолақизқалдоқ» сингари кўплаб шеърларининг ҳозир ҳам кенг китобхонлар тилида меҳр билар айтилиб, ўқилаётганидан ҳам билса бўлади. У бир замонлар «Битта қизимни ҳам узатолмадим», дея армон қилган, бир пайтлар «Биз ҳали ҳаммадан ўтамиз, қизим!» дея шеърий аллалар бағишлаган қўш капалак, қаламқош қалдирғочлардек қизчалар Мадина ҳам, Нозима ҳам улғайиб, бўй етиб, бугун ўз бахт-саодатининг мунис бекалари бўлиб турибди. Ҳурматли домламиз ўайбулла Саломовдек улкан олимнинг тарбиясини олган умр йўлдоши Назирахон ҳар гал «Эсласак арзирли хуш дамимиз бор», дея армон қиларкан, бирга кечган ҳаётларини шукроналик билан ёдга олади.
Уни дунёга келтирган азиз онаси Энахон аянинг ҳам соғинчи бисёр эди. Ҳар баҳор кўклам билан шоир ўғли ҳам эшикдан кириб келадигандай йўл қараб илҳақ ва интизор бўларди. Бугун онаизор ҳам йўқ. Борган жойлари жаннатларнинг ўртасидан бўлсин, Худо раҳмат қилсин, деймиз. Буларнинг бари — ҳаёт, тириклик. У ўз шиддати, севинчу соғинчлари, айрилиқ ва дийдорлари ила гуриллаб давом этаётир. Қанотлари қайрилмас, музаффар ва мунаввар ҳаёт. Муҳаммад Юсуфнинг Марҳаматдаги қабрига қўйилган ёдгорлик лавҳида унинг бир сатргина шеъри битилган: «Бу ёруғ дунёда ўчмас чироғим». Шу бир сатргинада шоирнинг бутун ҳаёти, яшаган умрининг мазмун-моҳияти жо бўлган. Тириклик боғини ўз номлари, амаллари билан безаб кетганларга ҳамиша шарафлар айтилган. Муҳаммад Юсуф шундай инсон эди, шундай шоир бўлиб эл қалбида қолди.
МУҲАММАД ЮСУФНИНГ САЙЛАНМАСИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИНГ ЁКИ ЮКЛАБ ОЛИНГ