Ulug’bek Hamdam. Na’matak.Mini roman.

Ashampoo_Snap_2017.08.22_15h47m40s_001_.png 24 апрел — адабиётшунос олим,шоир ва ёзувчи Улуғбек Ҳамдам таваллуд топган кун.

  Наъматак иккала далаҳовлининг қоқ ўртасидаги ажриқзорга айланган қаттиқ ердан ўсиб чиққанди. Бутани ҳеч ким атайин эккан эмас, у ўз-ўзидан, йўғ-е, жуда-а бундай десак бўлмас-ов, худди сирли тақдир янглиғ, қўшниларнинг умр йўлларида пайдо бўлганди… Балки одамлар унинг йўлларида учраб қолгандир, ким билади дейсиз…

Улуғбек Ҳамдам
НАЪМАТАК
Мини-роман
033

ulugbek-hamdam.jpg Улуғбек Ҳамдам (Ҳамдамов Улуғбек Абдуваҳобович) 1968 йил, 24 апрелда Андижон вилояти, Марҳамат туманида туғилган. 1988-1993 йилларда ТошДУ нинг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. 1992-93 йилларда эса давлатимиз ташаббуси билан ўқишга юборилган талабалар сафида Туркиянинг Кўнё шаҳрида тахсилни давом эттирган. 1993-1994 йилларда Шарқшунослик институтида турк тилидан дарс берган. 1994-1996 йилларда Ҳозирги Миллий Университет ўзбек филологияси факултетининг кундузги аспирантурасини ўқиган.

1997 йилда «30-йиллар ўзбек шеъриятида «соф лирика» муаммоси» (Ойбек шеърлари мисолида) мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган. Ҳозирда «ХХ аср ўзбек шеърияти бадиий тафаккур тадрижининг ижтимоий-психологик асослари» мавзусида докторлик диссертацияси устида ишламоқда. 1997-2009 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва Адабиёт институтида катта илмий ходим. 2009- йилдан бери «Шарқ юлдузи» журналининг бош муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда.
«Тангрига элтгувчи исён» (2002), «Атиргул» (2006), «Сени кутдим» (2007) шеърий ҳамда «Ёлғизлик» (2000), «Мувозанат» (2003), «Исён ва итоат» (2004), «Сабо ва Самандар», «Узоқдаги Дилнура» (2010) каби насрий асарлари нашр этилган. Илмий асарлар тўплами ҳам бор («Бадиий тафаккур тадрижи», 2003; «Янгиланиш эҳтиёжи», 2007).
Улуғбек Ҳамдам Мавлоно Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» (2001) ва профессор У. Туроннинг «Туркий халқлар мафкураси тарихи» номли асарларини турк тилидан ўгирган.

033

Нақорат:

Қандай кўз-ла боқса, одам оламга,
Шундай жавоб айлар олам одамга,
деган экан донишлар…

I

(биринчи авлод)

Наъматак иккала далаҳовлининг қоқ ўртасидаги ажриқзорга айланган қаттиқ ердан ўсиб чиққанди. Бутани ҳеч ким атайин эккан эмас, у ўз-ўзидан, йўғ-е, жуда-а бундай десак бўлмас-ов, худди сирли тақдир янглиғ, қўшниларнинг умр йўлларида пайдо бўлганди… Балки одамлар унинг йўлларида учраб қолгандир, ким билади дейсиз…

Бўлиб ҳам, йиллар ўтган сайин кўкка бўй чўзиб, айни дамда, чор томонга тарвақайлаб борар, ҳайбатидан нақ дарахт дегинг келади. Қўшниларнинг у билан деярли иши йўқ: на йигитнинг уйдагилари ва на қизнинг ота-онаси ўсимликка эгалик нигоҳи билан қарар, аксинча, ҳар сафар куз келиб, боғдаги турли-туман дарахтларнинг ҳосили йиғиб олинганда, биргина шу, — на у ва на бу тарафдаги наъматак меваси терилмай, — қандай бўлса, шундайлигича шохларида қоларди. Йигит томон “Нега наъматакни териб олмайсизлар? Эртага қор тушади. Увол бўлади-я!” дея койинса, қиз томон “Нималар деяпсиз, қўшнижон? Ахир, бутанинг шохлари сиз томонга кўпроқ эгилган, у шубҳасиз, сизники! Нест-нобуд қилмай, дарров узиб олинглар-е” дея кишига хуш ёқадиган эркалик билан жавоб беришарди. Хуллас, икки ўртада наъматак мевалари қўл урилмайингина қолиб кетаверар-қолиб кетаверарди…

Ана шу зайлда фасллар бир-бирларини қувлаб ўтаверишди-ўтаверишди…

Ўша куни йигит шаҳардан бир ўзи келиб қолди. Кела солиб қўлига кетмон тутганча боғ оралаб ичкари юрган эди, баҳор эмасми, қийғос гуллаган ўша наъматак қаршисида тик турган ошуфтаҳол қўшни қизга дуч келди-да, жилови қаттиқ тортилган отдек, тақа-тақ тўхтади. Аввалига хаёл эгасини чўчитиб юбормаслик учун томоқ қирди, кейин ихтиёрий-ихтиёрсиз равишда олдинга икки-уч одим босганини ўзи ҳам сезмади. Қиз ҳушини тўплаб, ортга хиёл тисарилганча салом бердию: “Қаранг, қандай чиройли гуллабди!” дея ҳайратини ошкор этиб, вазиятдан осонгина қутилмоқ бўлди. Аммо тутилди: йигит наъматакнинг чаман-чаман очилган оқ-қизғиш гулларига тикилган кўйи қизга тобора яқин келди. Чинданам бута роса гулга кирган, унинг ҳушбўйи атрофни тутган, арилар учиб-қўниб бол тўплашарди. Йигит андак энгашган кўйи нимпушти гуллардан бирини авайлаб ҳидлади. Димоғига атиргул ва яна аллақайси чечак, балки дарахт бўйларидан атирлар етгандек бўлди, аммо, барибир, бошқа ҳид эди бу: яна-да нафис, яна-да ўзгача таровати бор эди унинг!.. Қаддини ростлаб олиб, ҳушбўй ҳавони боз, бу сафар чуқур-чуқур симирди, шунда димоғига наъматак ҳиди аралаш ёнгинасида киприк қоқмай маҳлиёланиб турган тамомила янги бир гул, бўлгандаям, борлиқдаги жамики гулларнинг аълосию раъноси — қўшни қизнинг сочларидан уфураётган мушку анбар келиб урилди. Йигитнинг боши бир лаҳза ширин айланди… Лекин шу лаҳза унинг келгуси ҳаётига тарх бўлиб тушди…

— Қаранг, бутанинг ўтган йилги мевалари ҳалиям шохида туриптийкан, улар гўё манави гуллару япроқларнинг ортига беркиниб олгандек! — деди қиз ўзини тобора маст қилаётган сеҳрли оламнинг тўридан халос этишга беҳуда уриниб. – Биласизми, бу нарса нимадан далолат?..

— Билганда қандоқ: қўшнимизнинг ялқовлигидан-да! Ишёқмаслик қилмай, вақтида териб олсангиз бўлмайдими? Қизбола деганиям шунча дангаса бўладими? – қизнинг оғзидан гапини илиб олиб ҳазиллашди йигит.

— Ўзингиз дангасасиз! — Ноз аралаш жавоб берди қиз. — Шу деганизгаям қараб туринг, кузда икки йиллик мевасини териб оламан-да, қўшқўллаб ўзингизга тортиқ қиламан!..

— Ҳа-ҳа-ҳа! – йигит яйраб қаҳқаҳа отди, қиз унга жўр бўлди…

Фурсат бир думалаб, фасллар тағин алмашди. Ниҳоят, қиз айтган кузак ташриф буюрди. Куз!.. Табиатдан сара олтин териб оладиган палла!..

…Йигит далаҳовлига иккала оила ҳам келмайдиган бегим кунини танлаб, бир ўзи шом пайти бош суқди. Қўлига пақирча тутиб тўғри наъматак томон юрди. Бутанинг ўзлари томонга эгилган борлиқ навдасидан мевани битта-битта териб олди. Кейин челакни ичкарида қолдириб, шаҳарга қайтди…

Дам олиш куни ҳар галгидек иккала оила жамоаси жам бўлди. Йигит идишдаги наъматакка бир қур кўз ташлаб олгач, “қизни мот қиламан” деган ўйга чўмган кўйи лабида нимтабассум билан челакни кўтарганча қўшниникига чиқиб кетаётганди, йўлакда худди шундай елим пақирча ушлаб олган алпозда шитоб кириб келаётган қизга рўбарў келиб қолди.

Ассалуму алайкум!..

Ваалайкум ассалом! Хуш келибсиз, қўшни!..

Хушвақт бўлинг!.. Мана, дангаса қизнинг сизга ваъда қилгани! — Қиз челакни йигитга узатди. Йигит челакка қараб қотиб қолди: наъматак! Шу асно қизнинг ҳам нигоҳи йигитнинг пақирига тушди ва у ҳам кутилмаган манзарадан чунон ажабланди. Сўнг иккаласи қўлларидагини ерга қўйиб, бараварига наъматак томон чопиб кетишди…

Келиб қарашса, наъматак шохида барглар панасидаги яккам-дуккамини айтмаса, “ана, наъматак!” дегулик дадил меваси қолмаган: маълум бўлишича, йигит ўзлари томондагисини қиз учун, қиз эса ўз ҳовлиларига эгилган қисмини йигит учун териб, бир-бирларига тутган экан. Фақат қиз эрталаб терган эса, ўша куни кечда, шом қоронғисида йигит бу ишга уннаган, табиийки, наъматак меваларининг терилганлигини пайқамаган экан…

…Наъматак атрофидаги хушбўй воқеалардан хабар топиб, кўнгилларида қудалашиш истаги аллақачон куртак ёзган оналар ҳаммасини оқизмай-томизмай, балки ошириб-тошириб оталарга етказишган, ҳар не сиртларига чиқармаслик пайидан бўлмасинлар, уларнинг-да дилларига ёруғлик ингган эди… Буёғига гапни чўзиб нима қилдик, ота рози — худо рози-да!..

Тўй кўкламда, наъматак авжи гулга кирган файзли паллада бўлиб ўтди…

Нақорат:

Қандай кўз-ла боқса, одам оламга,
Шундай жавоб айлар олам одамга,

деган экан донишлар…

II

(иккинчи авлод)

Бу орада наъматак неча ўн гуллаб, яна шунча бор гулини тўкди. Йигит ва қиз энди ўша наъматак каби яшаб, новдаларини ҳаёт кенгликлари бўйлаб баралла ёздилар, мева тугдилар ва ниҳоят, бутадан фарқ қилиб, қаридилар: улардан икки ўғил, икки қиз, фарзандлардан эса ўн битта невара туғилди. Йигит ва қизнинг хайрихоҳ отаю оналари аллақачон боқий оламга рихлат қилишган, ўзларининг ҳам энди шарти кетиб парти қолган. Инчунин, далаҳовлидан шаҳарга бормай қўйишганига кўп бўлган. Бошқача айтганда, шу ерга меҳр қўйиб, шу ерда умр мазмунини топдилар, деса ҳам бўлаверади. Ниҳоят, қазо вақти етиб, жонларини Яратган Эгамизга топширишганда, васиятларига кўра сўнгги манзилга шу ердан кўтаришди, ёнма-ён қабрга қўйишди ҳам…

Аммо наъматак ҳали-ҳамон гуркираб ўсар эди. Чолу кампир уни то ҳаёт шамлари ўчгунча астойдил парвариш қилишган: қари новдалари пойидан энди униб чиққан ёш ниҳолларига алоҳида эътибор бериб буташган, мисоли инсон боласига қарагандек, атрофида парвона бўлиб, меҳр кўрсатишган, камолга етказишганди. Мана, ўша эътиборнинг ҳосиласи – наъматак ҳозир ҳам иккала ҳовлининг ўртасида улкан қаддини кўтаришга чоғланиб турибди. Худди бир пайтлардагидек, худди вақт ўтмагандек, худди ҳали замон икки қўшни — ўша йигиту ўша қиз чопиб келиб, наъматак гулини ҳидлаб қолишадигандек, ўтган йилдан қолган меваларини бир-бирига меҳр ила илинишадиган, кейин… кейин ноғора қоқиб тўй қилишадигандек…

… Йўқ. Энди атрофга қарасангиз, фурсат деган сирли неъматнинг қўлида улар — ўша йигиту ўша қиз аллақачон чолу кампирга айланиб, ёшини яшаб, ошини ошаб, ниҳоят, бу бебақо оламни тарк этиб кетганлигининг гувоҳи бўласиз. Кетиб, ўрниларига бошқа, навбатдаги авлод келиб улгурганлигини кўрасиз. Бу томондан чолу кампирнинг кенжа ўғли, у томондан ҳам кампирнинг қариндошларидан худди шундай ўрта ёшлардаги бир меросхўр далаҳовлига янги эга чиққанлигини биласиз энди! Ана, қаранг, янги авлод ҳам наъматак атрофида парвона бўлиб қолди. Қизиқ, жуда қизиқ, бу авлод вакиллари наъматакка “сиз” деб мурожаат қилишармикан ва ёки “сен”?..

Наъматак менга қарашли. Болаларингга айтиб қўй, асло қатилмасин, мевасини мен териб оламан! — деди бу томон ўдағайлаб.

Тушингни бориб сувга айт! Наъматак кўпроқ менинг ҳовлимга қараган, демак, у менинг мулким. Агар унинг бир донаси олинганини билиб қолсам, ўзингдан ўпкала, қўшни, нақ боғингни пайҳон қиламан-а! — дағдаға қилди у томон…

Шундай қилиб, ўртада низо чиқди. На у томон бунисига, на буниси у томонга ён босди. Келишмовчилик бора-бора совуқчиликка, совуқчилик эса урушу жанжалга эврилди. Натижада қўшнилар юзкўрмас ёвга айланишди. Бир қаро кун келиб эса, ўртада девор кўтариладиган бўлди. Аммо чегарани қаердан ўрнатиш борасида яна ҳар хиллик туғилди: ҳар рақиб томон деворни шундай олишни хоҳладики, оқибатда наъматак бутаси ўзи ёқда қолсин! Чучварани хом санаган кўринишади: у тараф бошлаган деворни буниси, бу тараф кўтарганини эса униси бузиб ташлар бўлди…

Ана шундай қутсиз кунлардан бир кун денг, бу қўшни ўз боғидаги дарахтлар баргини қуруқшай бошлаганини сезиб қолди. Ажаб, касаллик тегмаса, қурғоқчилик бўлмаса, ўғит-парвариши жойида эса, нега қурийди?.. Қўшниларнинг боғига разм солди: ана, ҳаммасиники бирдек гуркираб ўсиб ётибди. Шунда ўз боғидаги дарахтлар тагини синчиклаб текшириб қараганди, оҳак юқини кўриб, бирданига ҳаммасини тушунди. Тушундию ўртада қиёмат қўпти! Бориб турган пасткашликни жазоламоқ бўлиб, бу қўшни иккита давангир ўғлини ортидан эргаштирганча, болта кўтариб, у қўшнининг боғига қараб юрди. Жон аччиғида, илк, иккала ҳовли ўртасидан ўсиб чиққан ўша наъматакни чопиб ташлади. Шунда қўшнининг ҳовлисига бемалол ўтиб, ўйлаб қўйилган ёвуз ниятни амалга ошириш мумкин бўлиб қолди. Наъматак бутаси чавақлаб ташлагандан кейин гўё энди ҳар қандай хунрезликка йўл очилгандек бўлди. Ҳар ҳолда, шу тобда айнан шу ҳисни туйди ичида бу қўшни… У қўшни эса буларни кўриб, то ҳушини тўплаб, “ҳай-ҳай”лаб етиб келгунча болта тутган уч эркак боғдаги дарахтларнинг нақ ярмини калликлашга улгурганди. Мазлум қўшни кела солиб золим қўшнининг тиғ тутган қўлига жон ҳолатда ёпишди. У ҳам ўз навбатида юлқиниб, болтани айириб олмоққа жон-жаҳди билан тиришди. Кўз кўзга тушиб, жисмлар бир-бирига қаршилик кўрсатиб суртилганда, неча замондир томирларда адоват билан оққан қон қизиб, юракларда вулқондек жўш урди. Натижада, эндигина дарахтларнинг қаттиқ танасига урилиб турган кесгир болтанинг битта зарби айланиб келиб, инсоннинг юмшоқ бўйнига тушди…

Бир неча йил ўтгач эса қамоқдаги қўшни ҳам ўпка сили билан оғир хасталаниб, ҳаётдан кўз юмди…

Нақорат:

Қандай кўз-ла боқса, одам оламга,
Шундай жавоб айлар олам одамга,

деган экан…

III

(учинчи авлод)

Қирғинбарот жанжалда чопилгану чопган қўшниларнинг ҳар иккаласи ҳам ўлиб кетишди-ю, ўша йили кўклам келиши билан наъматак ўз илдизидан қайта ниш уриб чиқди. Орадан йиллар ўтиб эса, юқорига анча бўй чўзиб, кўзга кўриниб қолди. Энди яна атроф-жавонибда уйғониш фасли! Қушлар чуғур-чуғур қўшиқ айтади, арилар ғўнғиллайди, шабода ҳам яна ўз тилида оламлар ўтмишидан, одамлар кечмишидан шивирлаб нималарнидир замзама қилади. Хуллас, ушбу ажиб манзаранинг шоҳиди бўлган нажиб кишининг баҳри дили худди мавсумнинг ўзидек қулф уриб очилади-кетади… Аммо шабоданинг тилини тушунган қайда?.. Япроқлар шивиридан тупроқлар сирини уқадиганлар ҳали ҳам туғиляптимикан ўзи дунёда?!.. Тупроқлар бағрига яширилган Яратганнинг имлосини-чи!?..

Биринчи кун

Ана, олам гўзаллигини куйлаш учун бани одам ҳам гўшасини тарк этди: ёшгина қиз шитоб билан айвондан ташқарига отилиб чиқди-да, негадир боққа қараб чопди ва наъматакнинг ёнидан ўтаётиб қўқисдан оёқ илди. Шу кўйи бутанинг гулга кирган ёшгина новдасига қизиқсиниб тикилиб қолди. Айни дамда денг, нариги ҳовли тарафдан ҳам тахминан шу қизчага тенгдош, — балки бир-икки ёш каттароқдир, — мўйлаби энди сабза ура бошлаган ўспирин йигитча пайдо бўлиб, тўғри шу ёққа одимлади. Келиб, қизчадан: “Нимани тамоша қиляпсан?” деб сўради.

— Отини билмайман. Аммо гули чиройли экан, қара! Сен биласанми бунинг исмини? – саволга савол билан жавоб берди қизча. Ўспирин “Йўқ” дегандек бош чайқади. “Лекин чинданам чиройли экан” деганча эгилиб гулни ҳидлади…

— Чиройлиликка чиройлик, аммо унинг дастидан… унинг дастидан!.. – Қизча давом этолмади, гапи бўғзига тиқилди, турган ўрнида тебранди, қалқинди, сўнг бирдан кескин бурилди-да, ҳўнграб йиғлаганча уйи томон югургилаб кетди…

Иккинчи кун

Эртаси кун ўспирин барвақт кўз очди. Аслида, у ёлчитиб ухлаганиям йўқ. Ўриндан турмай ўйланиб ётди, ётаверди, аммо ўйлаганларининг охирига сира етолмади. Ниҳоят, базўр қўзғалиб, ҳовлига ўтди, юз-қўлини муздеккина сувда ювдиямки, кўнгли ёришмади. Оёқлари негадир бута томонга тортиб кетаверди, кетаверди. Қаршилик кўрсатишни бас қилиб, беихтиёр ўша ёққа одимлади. Келиб, бута қаршисига чўкди…

Вақт айланди…

Онаси неча бор тушликка чиқирди, аммо йигитча қимир этмади, тиззасини қучоқлаганча қўшни қизчани кутиб ўтираверди. Ки, ичида кимдир “Кут, у албатта келади!” дер эди. У кутди: ўша овозга қулоқ тутиб, ўрнидан бир қарич ҳам силжимади. Ниҳоят, кун оға бошлагачгина дарахтлар орасидан ёш қизнинг таниш кўйлаги кўринди. “Хайрият!” — чуқур, аммо ширин хўрсинди йигитча.

— Йиғладингми?

Қизча индамади.

— Йиғлабсан, жуда кўп йиғлабсан, — деди ўспирин катталардек салмоқланиб. — Эшитдим, ҳаммасини онам айтиб берди. Мен билмаган эканман. Аммо оталаримиздан аввал боболаримиз ҳам яшашган, улар эса бир-бирларини севиб турмуш қуришган экан… Бунисидан хабаринг бормиди сенинг?!..

Қизча индамади.

— Бунга ҳам шу бута сабаб бўлган экан… – деди йигитча.

Қизча жим туриб қулоқ соларди. Афтидан, у боболар қисматидан ҳам воқиф эди. Бир пас бурнини шимиллатиб тортиб турди-турди-да, сўнг бир сўз ҳам демай изига бурилиб, дарахтлар орасида кўздан ғойиб бўлди…

Учинчи кун

Бу кун ҳам улар яна наъматак олдида кўришиб қолишди.

— Онангдан бутанинг исмини сўрадингми?

— Йўқ. Сен-чи?

— Эсимдан чиқибди…

Улар бир муддат сўзсиз қотдилар. Аммо ўйсиз эмас…

— Ўзи шу муҳимми? — Тилга кирди йигитча.

— Билмасам… Муҳим, шекилли… – Ўйланиб деди қизча.

Улар шу кўйи ўзлари билмаган, танимаган бута қаршисида анчагача туриб қолишди. Олисдан қараганда, бу икки ўспирин – ёш қиз билан бўз йигитча наъматакка қандай муносабатда бўлишни гўё билишмас, аммо ўзларини билишни жуда-жуда исташаётгандек тутишар, шунга яраша ҳаракатлар, имо-ишоралар қилишар, ўсимликнинг гирдида айланишар, нималарнидир бир-бирларига тинмай уқтиришар эди… Ким билади дейсиз, улар балки боболарини эслашаётгандир, балки оталарини, балки ёдларида тамомила ўзга ўй бордир…

Нақорат:

Қандай кўз-ла боқса, одам оламга,
Шундай жавоб айлар олам одамга…

Қибрай, далаҳовли, 2013 йил 27-апрель.
Манба: «Шарқ юлдузи», 3-сон, 2013 йил.

93b91e420408332.jpg24 aprel — adabiyotshunos olim,shoir va yozuvchi Ulug‘bek Hamdam tavallud topgan kun.

Na’matak ikkala dalahovlining qoq o‘rtasidagi ajriqzorga aylangan qattiq yerdan o‘sib chiqqandi. Butani hech kim atayin ekkan emas, u o‘z-o‘zidan, yo‘g‘-ye, juda-a bunday desak bo‘lmas-ov, xuddi sirli taqdir yanglig‘, qo‘shnilarning umr yo‘llarida paydo bo‘lgandi… Balki odamlar uning yo‘llarida uchrab qolgandir, kim biladi deysiz…

Ulug‘bek Hamdam
NA’MATAK
Mini-roman
033

улуғбек-хамдам1.jpgUlug‘bek Hamdam (Hamdamov Ulug‘bek Abduvahobovich) 1968 yil, 24 aprelda Andijon viloyati, Marhamat tumanida tug‘ilgan. 1988-1993 yillarda ToshDU ning o‘zbek filologiyasi fakultetida tahsil olgan. 1992-93 yillarda esa davlatimiz tashabbusi bilan o‘qishga yuborilgan talabalar safida Turkiyaning Ko‘nyo shahrida taxsilni davom ettirgan. 1993-1994 yillarda Sharqshunoslik institutida turk tilidan dars bergan. 1994-1996 yillarda Hozirgi Milliy Universitet o‘zbek filologiyasi fakultetining kunduzgi aspiranturasini o‘qigan.

1997 yilda “30-yillar o‘zbek she’riyatida ”sof lirika“ muammosi” (Oybek she’rlari misolida) mavzusida nomzodlik dissertatsiyasini yoqlagan. Hozirda “XX asr o‘zbek she’riyati badiiy tafakkur tadrijining ijtimoiy-psixologik asoslari” mavzusida doktorlik dissertatsiyasi ustida ishlamoqda. 1997-2009 yillarda O‘zbekiston Fanlar akademiyasining Alisher Navoiy nomidagi Til va Adabiyot institutida katta ilmiy xodim. 2009- yildan beri “Sharq yulduzi” jurnalining bosh muharriri lavozimida ishlab kelmoqda.
«Tangriga eltguvchi isyon» (2002), «Atirgul» (2006), «Seni kutdim» (2007) she’riy hamda «Yolg‘izlik» (2000), «Muvozanat» (2003), «Isyon va itoat» (2004), «Sabo va Samandar», «Uzoqdagi Dilnura» (2010) kabi nasriy asarlari nashr etilgan. Ilmiy asarlar to‘plami ham bor («Badiiy tafakkur tadriji», 2003; «Yangilanish ehtiyoji», 2007).
Ulug‘bek Hamdam Mavlono Rumiyning “Ichindagi ichindadir” (2001) va professor U. Turonning “Turkiy xalqlar mafkurasi tarixi” nomli asarlarini turk tilidan o‘girgan.

033

Naqorat:

Qanday ko‘z-la boqsa, odam olamga,
Shunday javob aylar olam odamga,
degan ekan donishlar…

I

(birinchi avlod)

Na’matak ikkala dalahovlining qoq o‘rtasidagi ajriqzorga aylangan qattiq yerdan o‘sib chiqqandi. Butani hech kim atayin ekkan emas, u o‘z-o‘zidan, yo‘g‘-ye, juda-a bunday desak bo‘lmas-ov, xuddi sirli taqdir yanglig‘, qo‘shnilarning umr yo‘llarida paydo bo‘lgandi… Balki odamlar uning yo‘llarida uchrab qolgandir, kim biladi deysiz…

Bo‘lib ham, yillar o‘tgan sayin ko‘kka bo‘y cho‘zib, ayni damda, chor tomonga tarvaqaylab borar, haybatidan naq daraxt deging keladi. Qo‘shnilarning u bilan deyarli ishi yo‘q: na yigitning uydagilari va na qizning ota-onasi o‘simlikka egalik nigohi bilan qarar, aksincha, har safar kuz kelib, bog‘dagi turli-tuman daraxtlarning hosili yig‘ib olinganda, birgina shu, — na u va na bu tarafdagi na’matak mevasi terilmay, — qanday bo‘lsa, shundayligicha shoxlarida qolardi. Yigit tomon “Nega na’matakni terib olmaysizlar? Ertaga qor tushadi. Uvol bo‘ladi-ya!” deya koyinsa, qiz tomon “Nimalar deyapsiz, qo‘shnijon? Axir, butaning shoxlari siz tomonga ko‘proq egilgan, u shubhasiz, sizniki! Nest-nobud qilmay, darrov uzib olinglar-ye” deya kishiga xush yoqadigan erkalik bilan javob berishardi. Xullas, ikki o‘rtada na’matak mevalari qo‘l urilmayingina qolib ketaverar-qolib ketaverardi…

Ana shu zaylda fasllar bir-birlarini quvlab o‘taverishdi-o‘taverishdi…

O‘sha kuni yigit shahardan bir o‘zi kelib qoldi. Kela solib qo‘liga ketmon tutgancha bog‘ oralab ichkari yurgan edi, bahor emasmi, qiyg‘os gullagan o‘sha na’matak qarshisida tik turgan oshuftahol qo‘shni qizga duch keldi-da, jilovi qattiq tortilgan otdek, taqa-taq to‘xtadi. Avvaliga xayol egasini cho‘chitib yubormaslik uchun tomoq qirdi, keyin ixtiyoriy-ixtiyorsiz ravishda oldinga ikki-uch odim bosganini o‘zi ham sezmadi. Qiz hushini to‘plab, ortga xiyol tisarilgancha salom berdiyu: “Qarang, qanday chiroyli gullabdi!” deya hayratini oshkor etib, vaziyatdan osongina qutilmoq bo‘ldi. Ammo tutildi: yigit na’matakning chaman-chaman ochilgan oq-qizg‘ish gullariga tikilgan ko‘yi qizga tobora yaqin keldi. Chindanam buta rosa gulga kirgan, uning hushbo‘yi atrofni tutgan, arilar uchib-qo‘nib bol to‘plashardi. Yigit andak engashgan ko‘yi nimpushti gullardan birini avaylab hidladi. Dimog‘iga atirgul va yana allaqaysi chechak, balki daraxt bo‘ylaridan atirlar yetgandek bo‘ldi, ammo, baribir, boshqa hid edi bu: yana-da nafis, yana-da o‘zgacha tarovati bor edi uning!.. Qaddini rostlab olib, hushbo‘y havoni boz, bu safar chuqur-chuqur simirdi, shunda dimog‘iga na’matak hidi aralash yonginasida kiprik qoqmay mahliyolanib turgan tamomila yangi bir gul, bo‘lgandayam, borliqdagi jamiki gullarning a’losiyu ra’nosi — qo‘shni qizning sochlaridan ufurayotgan mushku anbar kelib urildi. Yigitning boshi bir lahza shirin aylandi… Lekin shu lahza uning kelgusi hayotiga tarx bo‘lib tushdi…

— Qarang, butaning o‘tgan yilgi mevalari haliyam shoxida turiptiykan, ular go‘yo manavi gullaru yaproqlarning ortiga berkinib olgandek! — dedi qiz o‘zini tobora mast qilayotgan sehrli olamning to‘ridan xalos etishga behuda urinib. – Bilasizmi, bu narsa nimadan dalolat?..

— Bilganda qandoq: qo‘shnimizning yalqovligidan-da! Ishyoqmaslik qilmay, vaqtida terib olsangiz bo‘lmaydimi? Qizbola deganiyam shuncha dangasa bo‘ladimi? – qizning og‘zidan gapini ilib olib hazillashdi yigit.

— O‘zingiz dangasasiz! — Noz aralash javob berdi qiz. — Shu deganizgayam qarab turing, kuzda ikki yillik mevasini terib olaman-da, qo‘shqo‘llab o‘zingizga tortiq qilaman!..

— Ha-ha-ha! – yigit yayrab qahqaha otdi, qiz unga jo‘r bo‘ldi…

Fursat bir dumalab, fasllar tag‘in almashdi. Nihoyat, qiz aytgan kuzak tashrif buyurdi. Kuz!.. Tabiatdan sara oltin terib oladigan palla!..

…Yigit dalahovliga ikkala oila ham kelmaydigan begim kunini tanlab, bir o‘zi shom payti bosh suqdi. Qo‘liga paqircha tutib to‘g‘ri na’matak tomon yurdi. Butaning o‘zlari tomonga egilgan borliq navdasidan mevani bitta-bitta terib oldi. Keyin chelakni ichkarida qoldirib, shaharga qaytdi…

Dam olish kuni har galgidek ikkala oila jamoasi jam bo‘ldi. Yigit idishdagi na’matakka bir qur ko‘z tashlab olgach, “qizni mot qilaman” degan o‘yga cho‘mgan ko‘yi labida nimtabassum bilan chelakni ko‘targancha qo‘shninikiga chiqib ketayotgandi, yo‘lakda xuddi shunday yelim paqircha ushlab olgan alpozda shitob kirib kelayotgan qizga ro‘baro‘ kelib qoldi.

Assalumu alaykum!..

Vaalaykum assalom! Xush kelibsiz, qo‘shni!..

Xushvaqt bo‘ling!.. Mana, dangasa qizning sizga va’da qilgani! — Qiz chelakni yigitga uzatdi. Yigit chelakka qarab qotib qoldi: na’matak! Shu asno qizning ham nigohi yigitning paqiriga tushdi va u ham kutilmagan manzaradan chunon ajablandi. So‘ng ikkalasi qo‘llaridagini yerga qo‘yib, baravariga na’matak tomon chopib ketishdi…

Kelib qarashsa, na’matak shoxida barglar panasidagi yakkam-dukkamini aytmasa, “ana, na’matak!” degulik dadil mevasi qolmagan: ma’lum bo‘lishicha, yigit o‘zlari tomondagisini qiz uchun, qiz esa o‘z hovlilariga egilgan qismini yigit uchun terib, bir-birlariga tutgan ekan. Faqat qiz ertalab tergan esa, o‘sha kuni kechda, shom qorong‘isida yigit bu ishga unnagan, tabiiyki, na’matak mevalarining terilganligini payqamagan ekan…

…Na’matak atrofidagi xushbo‘y voqealardan xabar topib, ko‘ngillarida qudalashish istagi allaqachon kurtak yozgan onalar hammasini oqizmay-tomizmay, balki oshirib-toshirib otalarga yetkazishgan, har ne sirtlariga chiqarmaslik payidan bo‘lmasinlar, ularning-da dillariga yorug‘lik inggan edi… Buyog‘iga gapni cho‘zib nima qildik, ota rozi — xudo rozi-da!..

To‘y ko‘klamda, na’matak avji gulga kirgan fayzli pallada bo‘lib o‘tdi…

Naqorat:

Qanday ko‘z-la boqsa, odam olamga,
Shunday javob aylar olam odamga,

degan ekan donishlar…

II

(ikkinchi avlod)

Bu orada na’matak necha o‘n gullab, yana shuncha bor gulini to‘kdi. Yigit va qiz endi o‘sha na’matak kabi yashab, novdalarini hayot kengliklari bo‘ylab baralla yozdilar, meva tugdilar va nihoyat, butadan farq qilib, qaridilar: ulardan ikki o‘g‘il, ikki qiz, farzandlardan esa o‘n bitta nevara tug‘ildi. Yigit va qizning xayrixoh otayu onalari allaqachon boqiy olamga rixlat qilishgan, o‘zlarining ham endi sharti ketib parti qolgan. Inchunin, dalahovlidan shaharga bormay qo‘yishganiga ko‘p bo‘lgan. Boshqacha aytganda, shu yerga mehr qo‘yib, shu yerda umr mazmunini topdilar, desa ham bo‘laveradi. Nihoyat, qazo vaqti yetib, jonlarini Yaratgan Egamizga topshirishganda, vasiyatlariga ko‘ra so‘nggi manzilga shu yerdan ko‘tarishdi, yonma-yon qabrga qo‘yishdi ham…

Ammo na’matak hali-hamon gurkirab o‘sar edi. Cholu kampir uni to hayot shamlari o‘chguncha astoydil parvarish qilishgan: qari novdalari poyidan endi unib chiqqan yosh nihollariga alohida e’tibor berib butashgan, misoli inson bolasiga qaragandek, atrofida parvona bo‘lib, mehr ko‘rsatishgan, kamolga yetkazishgandi. Mana, o‘sha e’tiborning hosilasi – na’matak hozir ham ikkala hovlining o‘rtasida ulkan qaddini ko‘tarishga chog‘lanib turibdi. Xuddi bir paytlardagidek, xuddi vaqt o‘tmagandek, xuddi hali zamon ikki qo‘shni — o‘sha yigitu o‘sha qiz chopib kelib, na’matak gulini hidlab qolishadigandek, o‘tgan yildan qolgan mevalarini bir-biriga mehr ila ilinishadigan, keyin… keyin nog‘ora qoqib to‘y qilishadigandek…

… Yo‘q. Endi atrofga qarasangiz, fursat degan sirli ne’matning qo‘lida ular — o‘sha yigitu o‘sha qiz allaqachon cholu kampirga aylanib, yoshini yashab, oshini oshab, nihoyat, bu bebaqo olamni tark etib ketganligining guvohi bo‘lasiz. Ketib, o‘rnilariga boshqa, navbatdagi avlod kelib ulgurganligini ko‘rasiz. Bu tomondan cholu kampirning kenja o‘g‘li, u tomondan ham kampirning qarindoshlaridan xuddi shunday o‘rta yoshlardagi bir merosxo‘r dalahovliga yangi ega chiqqanligini bilasiz endi! Ana, qarang, yangi avlod ham na’matak atrofida parvona bo‘lib qoldi. Qiziq, juda qiziq, bu avlod vakillari na’matakka “siz” deb murojaat qilisharmikan va yoki “sen”?..

Na’matak menga qarashli. Bolalaringga aytib qo‘y, aslo qatilmasin, mevasini men terib olaman! — dedi bu tomon o‘dag‘aylab.

Tushingni borib suvga ayt! Na’matak ko‘proq mening hovlimga qaragan, demak, u mening mulkim. Agar uning bir donasi olinganini bilib qolsam, o‘zingdan o‘pkala, qo‘shni, naq bog‘ingni payhon qilaman-a! — dag‘dag‘a qildi u tomon…

Shunday qilib, o‘rtada nizo chiqdi. Na u tomon bunisiga, na bunisi u tomonga yon bosdi. Kelishmovchilik bora-bora sovuqchilikka, sovuqchilik esa urushu janjalga evrildi. Natijada qo‘shnilar yuzko‘rmas yovga aylanishdi. Bir qaro kun kelib esa, o‘rtada devor ko‘tariladigan bo‘ldi. Ammo chegarani qayerdan o‘rnatish borasida yana har xillik tug‘ildi: har raqib tomon devorni shunday olishni xohladiki, oqibatda na’matak butasi o‘zi yoqda qolsin! Chuchvarani xom sanagan ko‘rinishadi: u taraf boshlagan devorni bunisi, bu taraf ko‘targanini esa unisi buzib tashlar bo‘ldi…

Ana shunday qutsiz kunlardan bir kun deng, bu qo‘shni o‘z bog‘idagi daraxtlar bargini quruqshay boshlaganini sezib qoldi. Ajab, kasallik tegmasa, qurg‘oqchilik bo‘lmasa, o‘g‘it-parvarishi joyida esa, nega quriydi?.. Qo‘shnilarning bog‘iga razm soldi: ana, hammasiniki birdek gurkirab o‘sib yotibdi. Shunda o‘z bog‘idagi daraxtlar tagini sinchiklab tekshirib qaragandi, ohak yuqini ko‘rib, birdaniga hammasini tushundi. Tushundiyu o‘rtada qiyomat qo‘pti! Borib turgan pastkashlikni jazolamoq bo‘lib, bu qo‘shni ikkita davangir o‘g‘lini ortidan ergashtirgancha, bolta ko‘tarib, u qo‘shnining bog‘iga qarab yurdi. Jon achchig‘ida, ilk, ikkala hovli o‘rtasidan o‘sib chiqqan o‘sha na’matakni chopib tashladi. Shunda qo‘shnining hovlisiga bemalol o‘tib, o‘ylab qo‘yilgan yovuz niyatni amalga oshirish mumkin bo‘lib qoldi. Na’matak butasi chavaqlab tashlagandan keyin go‘yo endi har qanday xunrezlikka yo‘l ochilgandek bo‘ldi. Har holda, shu tobda aynan shu hisni tuydi ichida bu qo‘shni… U qo‘shni esa bularni ko‘rib, to hushini to‘plab, “hay-hay”lab yetib kelguncha bolta tutgan uch erkak bog‘dagi daraxtlarning naq yarmini kalliklashga ulgurgandi. Mazlum qo‘shni kela solib zolim qo‘shnining tig‘ tutgan qo‘liga jon holatda yopishdi. U ham o‘z navbatida yulqinib, boltani ayirib olmoqqa jon-jahdi bilan tirishdi. Ko‘z ko‘zga tushib, jismlar bir-biriga qarshilik ko‘rsatib surtilganda, necha zamondir tomirlarda adovat bilan oqqan qon qizib, yuraklarda vulqondek jo‘sh urdi. Natijada, endigina daraxtlarning qattiq tanasiga urilib turgan kesgir boltaning bitta zarbi aylanib kelib, insonning yumshoq bo‘yniga tushdi…

Bir necha yil o‘tgach esa qamoqdagi qo‘shni ham o‘pka sili bilan og‘ir xastalanib, hayotdan ko‘z yumdi…

Naqorat:

Qanday ko‘z-la boqsa, odam olamga,
Shunday javob aylar olam odamga,

degan ekan…

III

(uchinchi avlod)

Qirg‘inbarot janjalda chopilganu chopgan qo‘shnilarning har ikkalasi ham o‘lib ketishdi-yu, o‘sha yili ko‘klam kelishi bilan na’matak o‘z ildizidan qayta nish urib chiqdi. Oradan yillar o‘tib esa, yuqoriga ancha bo‘y cho‘zib, ko‘zga ko‘rinib qoldi. Endi yana atrof-javonibda uyg‘onish fasli! Qushlar chug‘ur-chug‘ur qo‘shiq aytadi, arilar g‘o‘ng‘illaydi, shaboda ham yana o‘z tilida olamlar o‘tmishidan, odamlar kechmishidan shivirlab nimalarnidir zamzama qiladi. Xullas, ushbu ajib manzaraning shohidi bo‘lgan najib kishining bahri dili xuddi mavsumning o‘zidek qulf urib ochiladi-ketadi… Ammo shabodaning tilini tushungan qayda?.. Yaproqlar shiviridan tuproqlar sirini uqadiganlar hali ham tug‘ilyaptimikan o‘zi dunyoda?!.. Tuproqlar bag‘riga yashirilgan Yaratganning imlosini-chi!?..

Birinchi kun

Ana, olam go‘zalligini kuylash uchun bani odam ham go‘shasini tark etdi: yoshgina qiz shitob bilan ayvondan tashqariga otilib chiqdi-da, negadir boqqa qarab chopdi va na’matakning yonidan o‘tayotib qo‘qisdan oyoq ildi. Shu ko‘yi butaning gulga kirgan yoshgina novdasiga qiziqsinib tikilib qoldi. Ayni damda deng, narigi hovli tarafdan ham taxminan shu qizchaga tengdosh, — balki bir-ikki yosh kattaroqdir, — mo‘ylabi endi sabza ura boshlagan o‘spirin yigitcha paydo bo‘lib, to‘g‘ri shu yoqqa odimladi. Kelib, qizchadan: “Nimani tamosha qilyapsan?” deb so‘radi.

— Otini bilmayman. Ammo guli chiroyli ekan, qara! Sen bilasanmi buning ismini? – savolga savol bilan javob berdi qizcha. O‘spirin “Yo‘q” degandek bosh chayqadi. “Lekin chindanam chiroyli ekan” degancha egilib gulni hidladi…

— Chiroylilikka chiroylik, ammo uning dastidan… uning dastidan!.. – Qizcha davom etolmadi, gapi bo‘g‘ziga tiqildi, turgan o‘rnida tebrandi, qalqindi, so‘ng birdan keskin burildi-da, ho‘ngrab yig‘lagancha uyi tomon yugurgilab ketdi…

Ikkinchi kun

Ertasi kun o‘spirin barvaqt ko‘z ochdi. Aslida, u yolchitib uxlaganiyam yo‘q. O‘rindan turmay o‘ylanib yotdi, yotaverdi, ammo o‘ylaganlarining oxiriga sira yetolmadi. Nihoyat, bazo‘r qo‘zg‘alib, hovliga o‘tdi, yuz-qo‘lini muzdekkina suvda yuvdiyamki, ko‘ngli yorishmadi. Oyoqlari negadir buta tomonga tortib ketaverdi, ketaverdi. Qarshilik ko‘rsatishni bas qilib, beixtiyor o‘sha yoqqa odimladi. Kelib, buta qarshisiga cho‘kdi…

Vaqt aylandi…

Onasi necha bor tushlikka chiqirdi, ammo yigitcha qimir etmadi, tizzasini quchoqlagancha qo‘shni qizchani kutib o‘tiraverdi. Ki, ichida kimdir “Kut, u albatta keladi!” der edi. U kutdi: o‘sha ovozga quloq tutib, o‘rnidan bir qarich ham siljimadi. Nihoyat, kun og‘a boshlagachgina daraxtlar orasidan yosh qizning tanish ko‘ylagi ko‘rindi. “Xayriyat!” — chuqur, ammo shirin xo‘rsindi yigitcha.

— Yig‘ladingmi?

Qizcha indamadi.

— Yig‘labsan, juda ko‘p yig‘labsan, — dedi o‘spirin kattalardek salmoqlanib. — Eshitdim, hammasini onam aytib berdi. Men bilmagan ekanman. Ammo otalarimizdan avval bobolarimiz ham yashashgan, ular esa bir-birlarini sevib turmush qurishgan ekan… Bunisidan xabaring bormidi sening?!..

Qizcha indamadi.

— Bunga ham shu buta sabab bo‘lgan ekan… – dedi yigitcha.

Qizcha jim turib quloq solardi. Aftidan, u bobolar qismatidan ham voqif edi. Bir pas burnini shimillatib tortib turdi-turdi-da, so‘ng bir so‘z ham demay iziga burilib, daraxtlar orasida ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi…

Uchinchi kun

Bu kun ham ular yana na’matak oldida ko‘rishib qolishdi.

— Onangdan butaning ismini so‘radingmi?

— Yo‘q. Sen-chi?

— Esimdan chiqibdi…

Ular bir muddat so‘zsiz qotdilar. Ammo o‘ysiz emas…

— O‘zi shu muhimmi? — Tilga kirdi yigitcha.

— Bilmasam… Muhim, shekilli… – O‘ylanib dedi qizcha.

Ular shu ko‘yi o‘zlari bilmagan, tanimagan buta qarshisida anchagacha turib qolishdi. Olisdan qaraganda, bu ikki o‘spirin – yosh qiz bilan bo‘z yigitcha na’matakka qanday munosabatda bo‘lishni go‘yo bilishmas, ammo o‘zlarini bilishni juda-juda istashayotgandek tutishar, shunga yarasha harakatlar, imo-ishoralar qilishar, o‘simlikning girdida aylanishar, nimalarnidir bir-birlariga tinmay uqtirishar edi… Kim biladi deysiz, ular balki bobolarini eslashayotgandir, balki otalarini, balki yodlarida tamomila o‘zga o‘y bordir…

Naqorat:

Qanday ko‘z-la boqsa, odam olamga,
Shunday javob aylar olam odamga…

Qibray, dalahovli, 2013 yil 27-aprel.
Manba: “Sharq yulduzi”, 3-son, 2013 yil.

09

(Tashriflar: umumiy 6 212, bugungi 1)

Izoh qoldiring