Алишер Навоий аввал «Бадойиъ ул-бидоя», кейин «Наводир ун-ниҳоя» девонларини, сўнг умр бўйи ёзган ғазал, мухаммас, мусаддас, таржиъбанд, рубоий ва (достонлардан бошқа) барча шеърий асарларини жамлаб, «Хазоин ул-маъоний» девонини тузган, бу эса умрнинг тўрт фаслини ифода этувчи тўрт девондан иборат эканлиги шеърият муҳибларига маълум.
Мирзо Кенжабек
НАВОИЙ ДЕВОНИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ
«Агар бу зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир».
Ислом Каримов
«Девон» истилоҳининг маъноси
Ҳазрати Амир Низомиддин Алишер Навоий ижодида маърифат ва мавъиза, инсоний муҳаббат ва илоҳий ишқ, мажоз ва ҳақиқат мавзулари тараннуми бошқа ҳеч бир девонда мисли кўрилмаган даражада орифона ва санъаткорона дарж этилгандир.
Эй Навоий, олтину шингарфу зангор истама,
Бўлди назминг рангидин девон қизил, сориғ, яшил.
«Девон» «Ғиёс ул-луғот»га кўра ажамий сўз бўлиб, бир қанча маъноларни англатади.(1) Жумладан, арабий ҳарфлар асосида тартиб берилган, аруз вазнида битилган, бир шоирга оид бўлган ғазаллар ҳамда (маснавий ва қасидалардан бошқа) барча шеърлар мажмуасидир. «Девони Навоий», «Девони Хожа Ҳофиз»,«Девони Фузулий» каби. Девон тузишга муваффақ бўлган шоирлар «соҳиби девон» деб улуғланади. Баъзи мамлакатларда девон анъанасига асосланган шеърият «девон адабиёти» деб юритилади.
Девон адабиёти ХI асрда Мовароуннаҳрда Қорахонийлар даврида бошланган, исломий маданиятдан баҳра олган, шу сабабдан араб ва форс адабиётларидан таъсир топган исломий адабиётдир.(2)
Қуръони карим ва ҳадиси шариф маъноларини ўзига сингдирган бу мумтоз адабиёт «мажоз ҳақиқатнинг кўпригидир» деган ҳикматга асосланади.
Мажоз ва унинг моҳияти
Мажоз – 1) йўл; 2) ўтиш жойи; 3) ҳақиқатнинг зидди; 4) сўзнинг ўз ҳақиқий маъносидан бошқа (кўчма) маънода истеъмол қилинадиган маъносидир. Мажоз санъатида сўзнинг ҳақиқий маъноси тарк этилган бўлиши мумкин эмас, балки ўша мавзуда ва бошқа мавзуда унга мушобаҳат ёки зарифият, ёки сабабият, ёхуд ундан бошқа алоқаси мутаҳаққиқ бўлиши шарт.(3)
“Ғиёс ул-луғот” мусаннифи Муҳаммад Ғиёсуддин Ромпурий фикрича, мажоз санъатининг асоси Қуръондадир. Зарифият алоқасига мисол: Ҳаворийлар Ийсо алайҳиссаломга: «Аллоҳ таъоло бизга осмондан бир моида (дастурхон) туширсин», дедилар («Моида» сураси, 112-114-оятлар). Дастурхондан мурод эса таом, егуликлардир. Сабабият алоқасига мисол: шамс (қуёш)нинг итлоқи (таъаллуқи) «зиё» ифодасида, кулл (бутун)нинг итлоқи жузвда (қисмда) намоён бўлди. Масалан, «аномил»ни «асобиъ» дейилди, яъни,бармоқларнинг учлари бармоқлар дейилди: «йажъалуна особиъаҳум фий озониҳим», яъни: «улар чақмоқлардан ўлиш қўрқуви билан бармоқларини қулоқларига тиқурлар» («Бақара», сураси, 19- оят). Бармоқлардан мурод, албатта, бармоқларнинг учларидир. Чунки бармоқлар бутун ҳолда қулоқларга сиғмайди. Бутуннинг қисмдаги итлоқига мисол: «Фотиҳа» сурасининг тамоми «Ал- ҳамд» дейилди. Бирор асбоб воситасида бажариладиган ишлар ўша нарса номи билан аталишига мисол: ҳарфлар ва ёзув қалам дейилди (ёзувчи қаламкаш дейилди). Сўз тил дейилди. Узумнинг суви шароб дейилди.
Ҳазрати Имом Муҳаммад ибн Имоил ал-Бухорийнинг «Ал- Жомиъ ас-саҳиҳ» асари, «Рўза китоби»да Қуръони каримдаги «оқ ип» ва «қора ип» лафзлари ҳақида ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: Адий ибн Ҳотим (розийаллоҳу анҳу) баён қилдилар: «Оқ ипни қора ипдан ажратадиган бўлгунча еб-ичингизлар» деган ояти карима («Бақара», 187-оят) нозил бўлганда бир қатим оқ ва бир қатим қора ипни олиб, ёстиғим остига қўйиб, (ёстиғимни қия қилиб кўтариб) қарай бошладим, ҳар қанча тикилиб қарамайин, қайси бири оқ ва қайси бири қора эканлигини сира ажрата олмадим. Сўнг кундузи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтиб бердим. Жаноби Расулуллоҳ: «Бундан мақсад тун қоронғуси ва кундуз ёруғидир», дедилар. Яъни, субҳи содиқдир.(4) Яна Саҳл ибн Саъддан қилинган ривоятда: «Бундан одамлар билдиларки, оқ ип ва қора ипдан мақсад кеча ва кундуз экан», дейилади.
Мажоз ҳақида ҳадиси шарифлардан ҳам кўп мисол келтириш мумкин. Масалан, ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир мутойибаларида: «Кампир жаннатга кирмайди», деган мажоз билан: «Ҳақ таъоло ёшартириб жаннатга киритади», деган маънони ифодалаганлар.(5) Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан баён қилинган ҳадисда ул зот: «Ҳа, мен ҳазил қилурман, лекин ҳақиқатдан бошқа бир сўзни сўзламасман», деганлар.(6)
Ана шу сабабларга кўра мумтоз шеъриятда, девон адабиётида мажознинг ортида ҳақиқат бўлиши шарт қилинган.
Ҳазрати Алишер Навоий девонининг илк ғазалиданоқ шеърият мухлисининг эътиқодини ислоҳ қилишга киришади, назарини тўғрилашга ундайди, унинг эътиборини мажозлар ортидаги ҳақиқатларга қаратади:
Ваҳдате бўлғай муяссар май била жом ичраким,
Жому май лафзин деган бир исм ила қилғай адо.
Яъни: «Жому май истилоҳлари ичида кишига ваҳдат – Ҳақ таъолонинг яккаю ягоналиги шавқи ва илми муяссар бўлади, шеъриятда «жом» ва «май» сўзларини ишлатган киши ваҳдат таълимотини бир ном билан ифодалайди, холос». Шундан сўнг шоир фикрини янада аниқлаштириб, «бу мажозий ифодаларни қўлловчи ишқ ва тавҳид аҳлини билмасдан инкор қилаверма», дейди:
Сен гумон қилғондин ўзга жому май мавжуд эрур,
Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.
Яна бошқа байтларида ошиқ шоирнинг ғамини дунё ғами деб, бода ифодасиини узум бодаси деб гумон қилманг, чунки зоҳир аҳлига бу маъно шундай кўринади, дейди:
Жаҳон ғамию узум бодаси гумон қилманг,
Ки зоҳир аҳлиға бу маъни этти бўйла зуҳур.
Лекин ҳақиқат аҳлига май ваҳдатдир – Ҳақ таъолонинг яккаю ягоналиги фикри ва завқидир, ғам кўнгилга келадиган ушбу кўплик фикридир:
Ва лек аҳли ҳақиқатқа май эрур ваҳдат,
Ғам ушбу касрат эрурким, қилур кўнгилга хутур.
Навоий шеъриятнинг зоҳирий жиҳатларига пок назар билан қараш зарурлигини, шунда киши мажоз ортидаги ҳақиқатни англашини бундай билдиради:
Гар Навоий йиғласа, ишқинг мажозийдур деманг,
Ким назар пок айлагач, айни ҳақиқатдур мажоз.
Яна бир байтида: «Вужудингни Ҳақ таъоло сир хазинаси қилди, бу хазина ҳақиқат дурру лаълидан иборатдир, мажоз эмасдир», дейди ва мавзунинг ҳақиқати муҳим эканлигини таъкидлайди:
Вужудингни чун қилди ҳақ ганжи роз, ҳақиқат дурру лаълидин, йўқ мажоз.(7)
Яна бир байтида мажоз ва ҳақиқатнинг моҳиятини баён этиб, дарҳақиқат, ишқнинг сири учун мажозга зарурат йўқлигини билдиради:
Бўйлаки, ҳақ нури зоҳирдур юзунгда, бўлмағай
Филҳақиқат, сирри ишқингга хаёл этмак мажоз.
Шунга қарамай, мажоз девон қўрғонининг ташқи кўринишидир, ишқи илоҳий баёни учун мустаҳкам синч, емирилмас маънавий иморатга сабаб ва воситадир.
Навоийнинг тафсир ва ҳадисга иштиёқи
Ҳазрати Алишер Навоийнинг тафсир ва ҳадис илмларига иштиёқи, бу улуғ неъматлардан нечоғлиқ баҳраварлиги барча асарларида, жумладан, девонида ҳам равшан билиниб туради. Чунончи, байтларида неча-неча ояти карималар ва ҳадиси шарифлар мазмунига ишорат қилиши ёки уларнинг маъносини баён этиб ўтиши унинг ғазалиётига руҳ ва боқийлик бахш этгандир.
«Назм ул-жавоҳир» асари муқаддимасида Навоий вақт топдим дегунча Қуръони карим ва унинг тафсири ҳамда ҳадиси шарифлар мутолаасига машғул бўлганини таъкидлаб, айтади: «…ложарамким, кўпрак авқотим (вақтларим) Каломуллоҳ иштиғоли ва анинг тафосири (тафсирлари) қийлу қоли била ўтар эди, то аҳодис (ҳадислар) дарёсиға ғавс қилур (чўмар) эрдим ва андин гаронмоя (қимматбаҳо) гавҳарлар иликка кивирур (қўлга киритар) эрдим…» (8)
Навоий девонидаги Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлар мазмуни дарж этилган сатрлар, шубҳасиз, алоҳида тадқиқот манбаидир.
Навоий девонининг фазилатлари
Алишер Навоий аввал «Бадойиъ ул-бидоя», кейин «Наводир ун-ниҳоя» девонларини, сўнг умр бўйи ёзган ғазал, мухаммас, мусаддас, таржиъбанд, рубоий ва (достонлардан бошқа) барча шеърий асарларини жамлаб, «Хазоин ул-маъоний» девонини тузган, бу эса умрнинг тўрт фаслини ифода этувчи тўрт девондан иборат эканлиги шеърият муҳибларига маълум.
Илк девон дебочасида Навоий ўз девонининг хусусиятларини гўзал баён қилган. Бу хосликлар девонининг фазилатлари, бошқа девонлардан устунлиги бўлиб, қуйидагилардан иборат:
1. Илгариги девонларнинг соҳиблари халқ иборати ва ки- тобатида (форсий ва туркий имлога кўра) воқе бўлган 32 ҳарфдан тўрттасини (сод, зод, итқи, изғи ёки пе, чим, гоф ва ломалиф ҳарфларини) тарк этган бўлсалар, Навоий ўша тўрт ҳарф гавҳарларини ҳам бошқа ҳарфлар жавоҳири ипига тизиб, ғазалиётни ўттиз икки ҳарф тартиби билан мураттаб қилган.
2. Навоий ҳар бир ҳарфга оид ғазалиётнинг биринчи ғазали билан ўзга ғазаллар орасидаги услуб хусусияти жиҳатидан бўладиган фарқларга риоят қилиб, ҳар бир ҳарф ғазалини Аллоҳнинг ҳамди, Расулуллоҳнинг наъти ёки бу икки ишга далолат қиладиган ғазаллар билан ёки бир мавъиза билан бошлаган. Навоий бу ишлардан ғафлатда қолмаслик яхши эканини таъкидлаб, айтади: «Муқаррардирки, ҳар (бир) амрда (ишда) бир лаҳза Ҳақ субҳонаҳу ва таъоло ҳамдидин ё Расул алайҳиссалом наътидин, ё бу икки ишга далолат қилурдек бир амрдин ғофил бўлмамоғлик авлодурур».(9)
3. Навоий айтадики, гўё баъзи кишилар ашъор таҳсилидан ва девон такмилидан мақсад мажозий ҳусну жамол деб биладилар, зоҳирий хатту хол таърифидан бошқа нарсани англамайдилар. Ҳолбуки, маърифатомиз бир ғазал топилмайдиган девон ва мавъизатангиз бир байти бўлмаган ғазал бўлмаслиги керак. Бусиз бир девон битилса, кўп беҳуда заҳмат чекилган бўлади.
Шу сабабдан Навоий ҳамд, наът ва мавъизадан ташқари ҳар бир ғазалда биттадан-иккитадан насиҳаторо ва мавъизаосо байт киритиб кетган, токи соҳиби девоннинг меҳнати ва ғазалхоннинг вақти зоеъ кетмасин.
4. Навоий фикрича, матлаъ – илк байт махсус навъда воқеъ бўлган бўлса, ғазалга ўша матлаъ услубида тамомлик сарпосини кийгизиш ва тугаллик кийимини кийдириш керак. Афсуски, олдинги кўп девон соҳиблари бир байтда висол баҳоридан гуллар очдирса, бошқа байтда фироқ хазонидан қайғу чекканлар. Улардан фарқли ўлароқ, Навоий ўз девонида ғазалнинг матлаъи
– илк байти қайси мазмунда воқеъ бўлса, мазмун то мақтаъгача;
– сўнгги байтгача шакл жиҳатидан мувофиқ ва маъно жиҳатидан мутобиқ бўлишига саъй-ҳаракат қилган.
5. Навоий ўз девонида маснавий (достонлар) ва қасидалардан бошқа барча шеър навъларини жамлаган: ғазал, мусаддас, рубоиёт, мустазод, фардлар, номий муаммолар, луғзлар, таржиъбандлар, туюқлар каби шеърий жанрларнинг ҳар бири китобхон учун фойдали, манфаатли бўлишига уринган.
Навоий: «Қайси бир султонки, мустаҳкам, ҳимояланган бино қурдирса ва баланд бир айвон бунёд этдирса, у бинонинг равоқида ва у айвонинг тоқида ўз исмини ёздирган, токи у айвон тоқи бор экан, у исм унда боқий бўлади», дейди ва бу девон қасрига Султон Ҳусайн Бойқаронинг исми ёзилиши лойиқ эканини таъкидлайди. Девон сўнгидаги шеърий илтижоларидан бирида бундай дейди:
Ё Раб, чекибон кўп рақам, журму гуноҳ,
Номамни қаро қилдиму умримни табоҳ.
Раҳмат суйидин ювмасанг ул номани, оҳ,
Маҳшар куни неткамен мени номасиёҳ?!
Бу ҳазрати Навоийга хос бўлган тавозуъ, хоксорлик, хавф ва умидворликдир.
ИЗОҲЛАР
1 Қаранг: Муҳаммад Ғиёсуддин ибни Жалолуддин ибни Шарофуддин Ромпурий
(Мустафоободий). «Ғиёс ул-луғот» 1-жилд. Душанбе: «Адиб», 1987. -С.353.
2 Қаранг: «Buyk turkce sozluk», D. Mehmet Dogan. с.288-289. с.288-289. «Yeni
Safak», Istanbul, 1996.
3 Қаранг: «Ғиёс ул-луғот». -С.233.
4 Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, «Саҳиҳи Бухорий» («Ал- Жомиъ ас-саҳиҳ»). I жилд. -Б.315. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси Давлат ил- мий нашриёти. Тошкент, 2008.
5 Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизий. Шамойили Муҳаммадийя. –Т.:«Меҳнат».
1991. –Б.50.
6 Ўша асар, ўша саҳифа.
7 Алишер Навоий. Садди Искандарий. Мукаммал асарлар тўплами. 11-жилд. –Т.:
«Фан», 1993.
8 Алишер Навоий. Назм ул-жавоҳир. Мукаммал асарлар тўплами. 15-жилд.
–Т.:«Фан» нашриёти, 1999. -Б. 127.
9 Алишер Навоий, Бадойиъул-бидоя. Дебоча. Мукаммал асарлар тўплами, 1-жилд.
–Т.:«Фан». 1987. –Б. 21.