To’ra Sulaymon. She’rlar va qo’shiqlar

00415  февраль —  атоқли ва ардоқли шоир Тўра Сулаймон туғилган кун

   Шеъри халқ қўшиғига айланган шоирнинг умри узун бўлади. Унинг умри ўзбекман деган миллат дунёда яшагани қадар етади. Аслида мана шу халқ қўшиғига айланган шеърлар туфайли ўзбекнинг умри ҳам дунё тургунча ва қора чодирда энг сўнгги юлдуз сўниши қадар давом этади.

“БИР БАХШИНИНГ ОРТИДА…”
Иброҳим ҲАҚҚУЛ
филология фанлари доктори
045

Ардоқли шоир Тўра Сулаймон 1934 йил 15 февралда Бахмал туманида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1999). ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тугатган (1964). Ижоди 50-йилларда бошланган. Илк шеърлар тўплами — «Истар кўнгил» (1962). «Мен қайга борар бўлсам» (1965), «Жаҳонгашта» (1970), «Ҳамқишлоқларим», «Интизор» (1973), «Сирдарё қўшиқлари» (1974), «Илтижо» (1976), «Алхазар» (1976), «Тўйбоши» (1977), «Сизни эслайман» (1980), «Қоракўзгинам» (1981), «Гулшан» (1988), «Сарвиноз» (1990), «Харсанг» (1994), «Жаҳоннома», «Гул бир ён, чаман бир ён» (1996), «Ёвқочди» (1998), «Сайхон» (2003) каби асарлар муаллифи. Кўплаб шеърлари қўшиқ қилинган. Публицистик мақолалар тўплами ҳам бор («Мамлакатнинг таянч нуқтаси», 2004). 2005 йил Гулистон шаҳрида вафот этган.

09

05Бу фоний дунёни тарк этиб кетган ёзувчи ва шоирлар жуда кўп. Лекин кенг миқёсда улардан камдан-камининг туғилган куни ҳар йил хотирланади. Ўзбекистон халқ шоири Тура Сулаймоннинг таваллуд санаси муносабати билан йиғин ўтказиш Сирдарёда анъана бўлиб қолди. Бу жуда яхши ва хайрли иш, албатта. Чунки Тўра Сулаймон мақтаса – мақтагудек, фахрланса – фахр этгудек шоир. Унинг шахсияти ҳақиқатда сийрак учрайдиган бир шахсият.

Биз бугун бу йиғилишга Тўра акага ҳурмат баланд ва самимият билан хотирлайдиган атоқли ижодкорлар – шоир Хуршид Даврон ва ёзувчи Эркин Аъзам билан бирга келмоқчи эдик. Қарангки, иккаласи ҳам келолмади. Хуршид Даврон Андижонга Мирзо Бобур тавaллуд кунига бағишланган тадбирларга таклиф этилган экан. Эркин Аъзамнинг ҳам зарур иши чиқиб, Сизлардан узр сўрашимни айтиб, “Жўра, Тўра Сулаймон назари кўп баланд шоир эди… Арзончи эмасди”, деди.

Мен эса “Арзончи бўлса, Тўра Сулаймон бўлармиди? Ёки “Тўра Сулаймон бир ён, Гўрўғли Султон бир ён” дея ўзбекнинг афсонавий бир қаҳрамони билан “ринг”га чиқармиди?” дедим.

“Йиғинда шу гапларни айтинг-да”, деди Эркин. Мана, айтдим. Бу ёғи икки жумла энди ўзимнинг фикр-мулоҳазаларим. Шоирни кўкка кўтаришда ҳам, ерга уришда ҳам кўҳна Шарқ кўмакка муҳтожлик сезмаган – унисини ҳам, бунисини ҳам қойиллатган. Аммо, ғурур, қаноат сустлиги туфайли ёки нафс ва манфаат хуружи боис баъзан энг истеъдодли шоирлар ҳам қадр-қимматларини ўзлари ерга қориштирган. Шунга қарамасдан, одамлар шоир деганда ҳақгўй, қатъиятли, ҳатто бир қадар қайсар, шижоати руҳиятида аксланиб турадиган эркин ва бутун Шахсни тасаввур этишган. Бунақа зотларни бугун учратиш анча қийин. Нима кўп – Ўзбекистонда шоирликка даъвогар кўп. Бахшиёна нафаси, ҳаддини билиши, самимияти, дардчиллиги билан улар орасида Тўра акани эслатадигани йўқ. Чунки Тўра Сулаймон инсон ва шоир ўлароқ кимгадир тақлид қилиб, кимгадир ўхшашни сира ўйламаган – фақат ўзига ўхшаб, ўзининг шахсий дунёсини ҳар нимадан баланд билиб яшаган. Шу учун ҳам кексаликни у ўзгача бир қаноат билан қарши олганди:

Қор тамоми қўнмишдир бошга,
Қарамасдан кўнгилга, ёшга.
Буюк тоғлар мисоли бошим
Яқин бўлар энди қуёшга…

Ўзбекистоннинг вилоятларида, айтайлик, Бухоро, Самарқанд, Андижон ё Хоразмда Тўра Сулаймон билан тенгдош, сафдош шоирлар яшаб ўтишган. Агар адашмасам, улардан бирортаси ҳам умр бўйи кун кечириб ўтган диёрининг тимсоли даражасига юксалишда Тўра Сулаймонга тенглашолмаган. Сирдарёликларнинг меҳр ва эҳтиромини кузатсангиз:

Тўра Сулаймон деган
Бир бахшиси бор экан,
Бир бахшининг ортида –
Минг яхшиси бор экан, —

деган сўзларининг ростлигига ҳеч шак келтирмайсиз. Қонида бахшилик, оқинлик ҳиссиёти жўшганда, ўзини у Эргаш Жуманбулбул ўрнида тасаввур этиб, юрт кезиб жафокаш элининг ғам-андуҳ, ижтимоий ҳасрат ва надоматларини мардона оҳангларда тасвирлаб кетган. Тўра Сулаймон сийратидан шеърга кўчган риндлик, дарвешлик ҳолатларини ҳам мен эътиборга молик, деб биламан.

Бизнингча, Тўра Сулаймон келажаги кафолатланган қалам соҳиби, тама, хушомад, маддоҳлик офатига йўлиқиб у ҳеч пайт шоирлигини сотмаган ва турланиб-тусланишга эҳтиёж ҳам сезмаган. Агар ҳозир Тўра Сулаймон ҳаёт бўлганида, миллат ва жонажон юрт қисматидаги янгиланиш ҳамда ҳаётий эврилишлардан қалби илҳомга тўлиб, тиним билмай ижод қиларди.

2017 йил, 12 февраль

МЕН БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ТЎРА СУЛАЙМОН
Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

045

003 Тўра Сулаймонни биламан деб юрган эканман. Билмас эканман. Оқин шоирнинг «Сенсиз ёлғиз, ғариб бўлдим…» сайланма китобини варақлар эканман, билмаслигимни чуқур англадим. Ҳамма қатори «Гўрўғли султон бир ён, Тўра Сулаймон бир ён» ни айтиб юраверган эканман.

Тўра Сулаймон билан юзма-юз илк китобларим чиққан 80-йилларда танишганман. Кунлардан-бир кун шоир мен ишлайдиган «Ёш гвардия» нашриётига келганида, атайлаб мени излаб топган, «Ҳа,Самарқанддай шаҳри азимдан ҳам шоир чиқар экан-ку!» дея мени бағрига босган эди. Ўша-ўша Тўра ака Тошкентга келганида мени суриштирадиган бўлди, гоҳ «Мавлоно Самарқандий» деб, «Соҳибқирон набираси» китобим нашр этилгандан кейин «Бобомнинг набираси» деб алқайдиган бўлди. Мен бўлсам ўзим билан-ўзим овора, ёнимдаги улкан чинорни, бепоён даштни, юксак Олқорни билиб-билмай юраверган эканман.

Тўра ака оламдан ўтгач, унинг менга бўлган меҳри фарзандларига ўтди. Оға шоирдан қолган ана шу улкан меҳр олдида қарздорман. «Сенсиз ёлғиз, ғариб бўлдим…» китобининг ҳар мисрасини, айниқса, «Эргаш Жуманбулбул ўғли эл кезади» туркумидаги ҳар бир нақлни ўқиганимда бу қарзнинг ортиб бораётганини сездим.

Тўра акадан олдин менга унинг мана бу шеъри етиб келган, юрагимга ўчмас бўлиб қуйилган эди:

Шамол шамолни тебратар.
Шамол булутни тебратар.
Булут ёмғирни тебратар.

Ёмғир майсани тебратар.
Майса бияни тебратар.
Бия қимизни тебратар.

Қимиз йигитни тебратар.
Йигит сулувни тебратар.
Сулув бешикни тебратар.

Бешик болани тебратар.
Бола дунёни тебратар.

Бу шеър эрта кўклам шамоли тебратган олис ва кимсасиз даштнинг кўкшин чечаклари шовуллашидай сеҳрли ва қадимий эди. Бу шеър Кошғарий бобо замонларидан, бепоён ва юксак Тагритоғ томонларидан келгандай эди. Бу сатрларни илк эшитганимда уларни ХХ асрнинг шоири ёзгани мутлақо хаёлимга ҳам келмаган, бу кўҳна қўшиқни соқолини шамол қўмитган қари, аммо кўзлари тийрак бахши тўқиган бўлса керак деб ўйлаган эдим.

Шеъри халқ қўшиғига айланган шоирнинг умри узун бўлади. Унинг умри ўзбекман деган миллат дунёда яшагани қадар етади. Аслида мана шу халқ қўшиғига айланган шеърлар туфайли ўзбекнинг умри ҳам дунё тургунча ва қора чодирда энг сўнгги юлдуз сўниши қадар давом этади.

Таниқли адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошнинг китоб учун махсус ёзилган «Иккинчи умр манзаралари» мақоласи Тўра Сулаймондек бетакрор шоирнинг ижод оламини теран ва самимий очиб берганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Олим мазкур мақолада тўғри қайд этганидек,»Тўра Сулаймон — бугунги одам ҳаёти ва олам ҳодисаю ҳолатларини кечанинг назари билан кўриб, шуурга тез етиб бориб, унда мустаҳкам ўрнашадиган азалий усулда ифодалай олгани билан эртанги кунга ёвуқ турадиган ижодкор. Зеро, шоир ижодининг йитмас қадимий қадриятлардан сувланган томирлари ўта чуқур кетган. Тўра Сулаймон асарларида кечанинг бағрида дунёга келган бугун эртанги кунни назорат қилади. Шу сабаб, уларда миллатнинг узилмас умр занжири, йитмас эзгу қадриятлари акс этади».

2014

ТЎРА СУЛАЙМОН
ШЕЪРЛАР
07

ИЛТИЖО

Баҳор келса, бошланур боғда булбул хониши,03
Саъва, қумри нағмаси, суралай товланиши.
Қирларда лола сайли, қишлоқларда йилбоши:
Тўхтагай табиатдан ҳаққушлар зорланиши
Баҳор, кетма менинг боғимдан.

Қилмиши қинғир зотга давр қайда, даврон қайда?
Ватангадо кимсага беминнат макон қайда?
Ёлғиз отга оламда ном қайда, нишон қайда?
Баҳор, сенсиз саҳрою тоғу тошга жон қайда?
Кетма, Баҳор, менинг боғимдан.

Ўлмасликка ишора – ўланга ошиқлигим.
Саодатга ишора – замонга ошиқлигим.
Теранликка ишора – уммонга ошиқлигим,
Гўзалликка ишора – бўстонга ошиқлигим.
Баҳор, кетма менинг боғимдан.

Бу кун қай бир ерда қиш, қайда хазон резгилик,
Қайларда ёз, қайда куз, қайда жондан безгилик.
Кўкламнинг ҳар нафаси умрга арзигулик
Боғсиз, боғбонсиз ерда не ҳам қилсин эзгулик…
Кетма, Баҳор, менинг боғимдан.

Гиёҳ билан қопланмиш кўҳна қабр бошлари,
Майсадаги шудринглар – кимларнинг кўзёшлари?
Бу ерда ётар отам ҳам узангидошлари
Ҳар баҳор эслар уни қавми-қариндошлари,
Баҳор, кетма менинг боғимдан.

Ёз бўйи қорга зорман, қишда баҳорга зорман,
Чаманда гул бўйига интиқман, интизорман,
Куз келмай хазон бўлган севги, гулдан безорман,
Баҳорсиз ҳам диёрсиз эл ичра беназарман.
Баҳор, кетма, менинг боғимдан.

УМР ЎТМОҚДАДИР ДАРЁ МИСОЛИ

Эсиз, болаликни қолдириб ортда,
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.
Қолдириб-қолдирмай из бу ҳаётда,
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.

Оппоқ тонгни улаб тийраи шомга,
Бирда шак келтириб сирли оламга,
Гоҳо таъзим қилиб бадкор, бадномга,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Қай кезлар ушалмай орзу-армонлар,
Бирда ғолиб келиб тулкисимонлар,
Бирда бой берилиб бебаҳо онлар,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Денгиздай мавж уриб, қирғоқдан тошиб,
Юрар йўлимиздан бирда адашиб,
Ким биландир зимдан мансаб талашиб
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Яратиб не сирлар, не мўъжизалар,
Қутлуғ кун кетидан кун ўтказилар.
Беҳуда ўтган дам – кўнгил эзилар…
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Ҳар тонгда тўрғайдан олдин уйғониб,
Чаманлар яратиш ишқида ёниб,
Бирда-чи: эътиқод, имондин тониб
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Эрта билан боғлиқ – не дамларимиз,
Билиб-билмай босган қадамларимиз,
Хайрли иш, алам, қарамларимиз
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.

Кексалик мўралаб эшик қоқмоқда,
Болалик қайтадан қайтарилмоқда…
Биздан эрта кунга нелар қолмоқда?
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Ўлмас созни ўйлаб дегинг келмайди,
Ўчмас издан сўйлаб дегинг келмайди,
Мангуликка бўйлаб дегинг келмайди
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли…

ЎХШАР

Куйга куй уланур базм оқшоми,
Еру кўк хазонсиз фаслга ўхшар.
Базм оқшоми, бу – назм оқшоми,
Тўйхона баҳорий сайлга ўхшар.

Меҳнат, муҳаббатсиз кечган умрнинг,
Ёмғирсиз булутдай кўчган умрнинг,
Шам мисол бир ёниб ўчган умрнинг
Мазмуни эскирган нақлга ўхшар.

Ҳаққушга хатарсиз ошён муносиб,
Кўклам қушларига чаман муносиб.
Йигит-қизга аҳду паймон муносиб,
Бусиз кўнгил зилу замбилга ўхшар.

Куёвга вафоли қаллиқ ярашмиш,
Тиллари шакар ҳам болли ярашмиш.
На бахтки, юзлари холли ярашмиш
Келин гулга, куёв булбулга ўхшар.

Келин қайнонага эш бўлиб юрса,
Бўйқизлар ичинда пеш бўлиб юрса,
Таъби равшан вақти хуш бўлиб юрса,
Юрган ери райҳои, жамбилга ўхшар.

Келинчак бор уйнинг кўрки бўлакча,
Келиннинг куёвга эрки бўлакча.
Бошида укпари, бўрки бўлакча,
Сочлари саҳройи сумбулга ўхшар.

Манзил, муроди бир, аҳди бир бўлмиш,
Орзу-ўйлари бир, бахти бир бўлмиш,
Тақдир, талпиниши, тахти бир бўлмиш
Икки ёшнинг йўли бир хилга ўхшар.

Осмонидан ўлан аримас бу эл,
Юзга кирмай эли қаримас бу эл,
Теграсига қазо даримас бу эл
Олтин дарвозали Чамбилга ўхшар.

ТЕБРАТАР

Қадимги қимизчи чоллар қўшиғи

Шамол шамолни тебратар.
Шамол булутни тебратар.
Булут ёмғирни тебратар.
Ёмғир тупроқни тебратар.
Тупроқ майсани тебратар.
Майса бияни тебратар.
Бия қимизни тебратар.
Қимиз йигитни тебратар
Йигит сулувни тебратар.
Сулув бешикни тебратар.
Бешик болани тебратар.
Бола дунёни тебратар.

КЕЛАРМИСАН?

Кўзларим йўлларингда
зор, гирён, келармисан?
Дилдорсиз не ҳам қилсин
танда жон, келармисан?

Бу ташна лаб, ташна дил,
бу ошуфта кўнгилга
Жон ато қила билмиш
Зарафшон, келармисан?

Гулшаннинг қулф уриши
абри найсон биландир,
Сен билан боғ-роғларим
бехазон, келармисан?

Севиб, севилмаганлар
бебахт бир кимсалардир.
Сенингсиз бўлмас бағрим
фаровон, келармисан?

Ёр меҳри, диёр меҳри,
эл меҳри турган ерда
Не ҳожат менга тахти
Сулаймон, келармисан?

СОЗЧИ ҚЎШИҒИ

Олти ой эримас Оқтовнинг қори,
Кўкида чарх урар қарчиғай, сори.
Ўзига мос бўлса йигитнинг ёри,
Бахтидан шод бўлса онаизори.

Мақтовин келтирар сайроқ торим, ҳей.
Яхшилик бор ерда шай бўлган созсан,
Тунлари тўлишган ой бўлган созсан.
Ташна лаб дилларга сой бўлган созсан.

Не эзгу куйларга бой бўлган созсан,
Сайрасанг қолмагай нола, зорим, ҳей.
Жонимга пайваста боғ, бодомзорим,
Булбуллар маскани – гулу гулзорим.

Жаҳонда тенги кам озод диёрим.
Бу юртда бўлмагай нолаи зорим.
Ватанга армуғон дилда борим, ҳей.
Армоним йўқ дўсту ўртоқлар билан

Зап йигит-қиз, бахти барҳақлар билан.
Меҳнаткаш, йўллари порлоқлар билан –
Ғайрати дарёдай қайноқлар билан
Яшнагай шу улуғ лолазорим, ҳей.

МУҚАДДАС ҚЎШИҚ

Ассалом, она юрт, тонглар ўлкаси,
Таъриф-тавсифингнинг йўқ ниҳояси.
Сенга бағишланур муқаддас қўшиқ,
Бу – ўзбек элининг ўз мадҳияси.

Кўҳна ота юртим, қадим Туроним,
Ўз бешик, ўз тилим, шавкатим, шоним.
Етти иқлим ичра тенги топилмас –
Тупроқ, тоши олтин Ўзбекистоним.

То башар бор экан, бор экан қуёш,
Бирлашган элга ёв отолмагай тош.
Ёвқур йигитларинг, лочин қизларинг
Ғанимлар олдида эгмаганлар бош.

Дастурхони очиқ, хирмони баланд,
Самовий тоғлари номига монанд.
Оламга машҳур не зотлар Ватани,
Меҳринг қон-қардошлар меҳрига пайванд.

Сен – тошқин Жайҳуним, теран Сайҳуним,
Сен – менинг ўтмишим, сен – ёруғ куним.
Елкадош ўлкалар билан ҳамнафас,
Шонли Туркистоним – Ўзбекистоним.

Гулинг гулзор бўлсин, қирларинг ўрмон,
Дарёларинг денгиз, кўлларинг уммон.
Ҳудудинг дахлсиз, яловинг юксак,
Сен – Шарқнинг машъали, сен – доруломон.

ҚАЙТА КЕТМАС БЎЛИБ КЕЛДИНГМИ, БАҲОР

Еру самовотда Наврўз нафаси,
Боғу бўстонларда андалиб саси,
Бу нафас, бу саснинг йўқ муқояси.
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?

Дастлаб тонг чоғинда кўргандим сени,
Сўнг Тангри тоғинда кўргандим сени,
Қизлар ёноғинда кўргандим сени.
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?

Малак ҳолатинда кўргандим сени,
Қушлар қанотинда кўргандим сени,
Куйчи баётинда кўргандим сени.
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?

Ҳали айтилмаган таърифинг қанча,
Сен то ўру қирни айланмагунча
Боғлар гулга кирмас, очилмас ғунча.
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?

Қошлари ўсмалим, кўзи сурмалим,
Этак-этак гулли, бари бурмалим,
Сени дунёда ҳеч кима бермалим!
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?

Сен қайта яралиш, ёшлик тимсоли,
Ҳаёт бахш этгувчи Масиҳ мисоли.
Сенсиз одамзоднинг не кечар ҳоли?
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?

Тўрт фаслнинг танҳо маликаси сен,
Тугал гўзалликнинг ниҳояси сен,
Ошиқ-маъшуқларнинг таманноси сен!
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?

Ер бирла осмоннинг тиллақоши сен,
Айтар қўшиғимнинг аввал-боши сен,
Олтин бешигимнинг сафардоши сен!
Қайта кетмас бўлиб келдингми, баҳор?

АРМОН
Эр йигит ўзи учун эмас, эли учун яшайди.
Мақол

Бобомнинг орзулари амалга ошмас бўлса,
Юрган йўлимда ўлан, қўшиқ қалашмас бўлса,
Қўшиқларим боғлардан, тоғлардан ошмас бўлса,
Эл-юрт бахтини куйлаш менга ярашмас бўлса,
Кўнглимда армон ётар
Тура билмас нор мисол.

Хешларимнинг бемаврид кўзларида ёш кўрсам,
Бир мард билан нопокнинг тақдирин туташ кўрсам,
Қайси бир бегуноҳни кенг йўлда адаш кўрсам,
Бир бетайин кимсанинг оёғида бош кўрсам…
Кўнглимда армон ётар
Терскайдаги қор мисол.

Аро йўлда қолгудай бўлса бирор йўлдошим,
Манзилга етмай туриб қоқилса қайғудошим,
Муҳтож бўлса кимгадир жон аямас қурдошим,
Бадкор деган ном олса бирон-бир ватандошим,
Кўнглимда армон ётар,
Улаб бўлмас тор мисол.

Гулзорни алаф босса, зоғ босса боғбон туриб,
Муаллақ қолса кимдир ер туриб, осмон туриб,
Гар газанда топтаса тупроқни посбон туриб,
Бир йўртоқ йўл бошласа қудратли карвон туриб,
Кўнглимда армон ётар
Аҳволи абгор мисол.

Айрилар бўлса магар кимда ким ошёнидан,
Муқаддас тош-тупроғи, серюлдуз осмонидан,
Карвон ўз сарбонидан, бола соябонидан,
Қумри ўз гулшанидан, қундуз Зарафшонидан,
Кўнглимда армон ётар
Бебахт, беназар мисол.

СОЗИМ

Сенинг тилакларинг бўлмас мустажоб,
Узилмас торларим, синмас созларим.
Нолам Биру Борга етса не ажаб,
Узилмас торларим, синмас созларим.

Сен айтгандай, эрмак, касб-кор эмас бу,
Кўплар ета билмас орзу-ҳавас бу.
Бобомлардан қолган ёлғиз мерос бу,
Узилмас торларим, синмас созларим.

То она табиат менга ёр экан,
Ҳар дами ғанимат, бетакрор экан,
Диёнат бор экан, ялтоқ хор экан,
Узилмас торларим, синмас созларим.

Бирнинг тақдири – бу туман тақдири,
Сарбонга боғлиқдир карвон тақдири,
Созчининг қўлида камон такдири,
Узилмас торларим, синмас созларим.

Тонг – талъат белгиси. Тун эса Танглик.
Ой – оқшом эркаси, қуёш – Мангулик
Бадномга бўлмаса Ерда юргулик,
Узилмас торларим, синмас созларим.

Хоҳи рози бўлгил, хоҳи норизо,
Хоҳи мотам тутиб, хоҳи оч аза,
Довруқлари бўлиб элга овоза,
Узилмас торларим, синмас созларим.

Сенга қолган куним, кунмас – қабоҳат.
Кошки сендан кутсам имдод, иноят!
Мени қўллай олур, қилур ҳимоят,
Узилмас торларим, синмас созларим!

ТАВАЛЛО
Онам Мукаррама уста Нурмат полвон қизининг  шарофати билан битилган машқим

Нелардандир кўнгил бўлиб ғаш,
Ҳам эгилиб бу эгилмас бош,
Кўзларимда қалқиб турса ёш,
Бу ҳолимга беролмай бардош
Муштипар бир Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Қайтар бўлсам қуруқ қўл овдан,
Қора қозон қолса қайновдан
Ҳам айрилиб ўлжа, уловдан,
Қарзга ботар бўлсам бировдан,
Таскин бериб Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Бирда ҳақдин, бирда ноҳақдин,
Жабр кўрсам бир бетавфиқдин.
Ортда турсам қалби қуроқдин,
Қадрим хароб бўлса тупроқдин.
Оҳлар уриб Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Оға-ини ўртасида гап…
Алҳол, келиб чиқмиш ихтилоф:
Бири иззат, бири мулк талаб.
– Бу оқ сутим, меҳримга хилоф, –
Дея шўрлик Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Синалмоқнинг гали келганда,
Ноҳақ мағлуб бўлсам майдонда,
Номим қолмас бўлса жаҳонда,
Ким дўст-душман билинар онда
Аҳволимга Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Ғаним бир ён, мен бир ён бўлсам,
У устивор, мен урён бўлсам,
Бу ҳам камдай ногирон бўлсам –
Оғоч отга ёнма-ён бўлсам,
Ой тутилиб, Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Бўлсам гумроҳ, бўлса гуноҳим,
Вужудимга солмасдин ваҳм,
Қабул айлаб тавалло-оҳим,
Дариғ тутмай меҳринг, илоҳим,
Йиғлатмагил мушфиқ Онамни,
Волидаи муҳтарамамни.

ҚАЙГА ҚЎЙДИЛАР?
Отам Сулаймон мулло Бойбек ўғлининг  ўлмас хотирасига

Азалдан бор нарса мерос деган гап,
Йиғиб, йиғинарлар топганин мақтаб.
Сўнгги кун бисотда борини атаб,
Отадан болага қолсин, дедилар,
Отамнинг ўзини қайга қўйдилар?

Қирқ қуббали жуган, зарли ёлпўшлар,
Ёқут, олмос мисол “топилмас” тошлар,
Ичи неларгадир тўла болишлар
Отадан болага қолсин, дедилар,
Отамнинг ўзини қайга қўйдилар?

Кўммада, қўрада неки бор – бари,
Боғу чорбоғлари, лўкчаю нори,
Боболардан қолмиш қўлдаги тори
Отадан болага қолсин, дедилар,
Отамнинг ўзини қайга қўйдилар?

Ақиқ мисол мудом беғубор софлик,
Хешларга садоқат, душманга дафлик,
Гўрўғли султондай бир сўз, бир гапли
Отадан болага қолсин, дедилар,
Отамнинг ўзини қайга қўйдилар?

Салкам бир таноб ер, қўш тут, қўш ҳўкиз,
Тилла қашов, олтин тўқмоғу мугуз,
Симоби пўстин ҳам қирғизи кигиз
Отадан болага қолсин, дедилар,
Отамнинг ўзини қайга қўйдилар?

Емай-ичмадилар эртани ўйлаб,
Ўлмай туриб ўлим тўшагин бўйлаб…
Борлиқ топганларин асраб-авайлаб
Отадан болага қолсин, дедилар,
Отамнинг ўзини қайга қўйдилар?

Дунёсиз дунёни бекор дедилар,
Йўқсиллар ҳар қачон хор-зор дедилар,
Эндиги бор савдо, бозор дедилар,
Отадан болага қолсин, дедилар,
Отамнинг ўзини қайга қўйдилар?

Тугамас хазина, кетмас бир давлат,
Етар-етмас кунда сабру қаноат,
Баланд мартабаю улкан саодат
Отадан болага қолсин, дедилар,
Отамнинг ўзини қайга қўйдилар?

Чўлпон гўзаллиги, тонг тиниқлиги,
Офтоб азаллиги, тоғ буюклиги,
Дониш синиқлиги, қўл югруклиги
Отадан болага қолсин, дедилар,
Отамнинг ўзини қайга қўйдилар?

Ҳали ушалмаган не орзу-ўйлар,
Ҳали чалинмаган сеҳрли куйлар,
Хазонсиз чаманлар, муаттар бўйлар
Отадан болага қолсин, дедилар,
Отамнинг ўзини қайга қўйдилар?

Нордай бир бардошлик, тоғдай сабот ҳам,
Фаровон ризқу-рўз, барқарор бахт ҳам,
Шу боқий умр, шу порлоқ ҳаёт ҳам
Отадан болага қолсин, дедилар,
Отамнинг ўзини қайга қўйдилар?

БИЗЛАР ТОМОНДА

“Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал” ,
Чўлпон деса Чўлпон – ундан-да гўзал.
Раъно исмли ҳамшира қизга

Сендай гул кўрмадим ҳеч бир чаманда,
Бир чаманмас, на Чин, на Хуросонда.
Таърифинг эшитиб ақлдан озмиш
Бир паҳлавон йигит бизлар томонда.

Бу қошлар, бу кўзлар, бу олма юзлар,
Бу иффат, бу ибо, бу ҳаё, нозлар.
Андоза оладир не сарвинозлар,
Сенга ишқи тушган қолмас омонда!

Кўринмасмиш кундуз кўзга сени деб,
Пайдо бўлди экан қай бир куни деб,
Қандай бахтли экан Қайс-Мажнуни деб,
Юлдузлар оҳ урар эрмиш осмонда.

Сени деб қанчалар ситам тортадир,
Шоирлар мадҳ этиб қалам тортадир,
Тун пардасин бирда Ой ҳам тортадир,
Бирда Шамс қолармиш лолу ҳайронда.

Не дилларга ғулу сола келдилар,
Не санамлар ортда қола келдилар.
Аямасдин ўчин ола келдилар,
Қасосим бор деб бир Т. Сулаймонда.

Сен ўсган бу бўстон, бу ошиённи,
Жаҳон кўчиб келган кавкабистонни,
Инс-жинс дорий билмас қутлуғ қўрғонни
Забт этолмас ҳатто соҳибқирон-да.

Шартларинг овоза бўлса Туронда,
Мағрибда, Машриқда, Мочин, Эронда,
Жарчилар десалар: “Майдон мардники,
Малика ҳамон ўз аҳд-қароринда!”

Майдонда шоҳлар ҳам бўлса шармисор,
Ғолиб бўлмоқ бўлса душвордин-душвор.
Ўзинг ёрлақа, деб, ё Парвардигор,
Қолган умрим кечсин доруломонда…

Алплар ҳам ноумид бўлсалар магар,
Устиворлик қилиб бирон-бир дигар,
Пояндоз тўшалса Ўш, Урганч қадар
Ғуломи бўлгаймиз биз ўша онда…

ҲИКМАТ

Сочга бир-бир оқ тушмоқдадир,
Бундан кўнгил ёришмоқдадир.
Қор бўларми пастқам тоғларда,
Бошим кўкка туташмоқдадир.

Улкан тоғда қор салтанати,
Теграсида сор салтанати.
Ойдин йўлга чиққан карвонсиз
Бўлармиди нор салтанати.

Чўнг чўққилар йил бўйи қорли,
Бағри мудом нурли, шунқорли,
Она ернинг сийнаси қорсиз,
Бўла билмас боғли, баҳорли.

Ҳикмат асли сочнинг оқлиги,
Эзгуликка эш, чанқоқлиги.
Шукронаким, қолган умрнинг
Тунмас, тонгга ёвуқроқлиги.

Қор тамоми қўнмишдир бошга,
Қарамасдан кўнгилга, ёшга.
Буюк тоғлар мисоли бошим
Яқин бўлар энди қуёшга…

ТОПОЛМАСМАН

Излай-излай ҳориб бўлдим, сенсиз ёлғиз, ғариб бўлдим,
Энди босган изларингни тўрт томондин тополмасман.
Толиқиб ҳам толиб бўлдим, қирққа кирмай қариб бўлдим,
Лайлу наҳор сени излаб ер-осмондин тополмасман.

Ажаб тақдир, ажаб қисмат бу бошда борга ўхшайдир.
Ойдин бўла келган йўлим узилган торга ўхшайдир,
Сенсиз қошим қабоғимда қурилган дорга ўхшайдир,
Сенингдек бир гуландомни Гулистондин тополмасман.

Баҳор ўтиб ёз ҳам келди, ҳамон сендин хабар йўқдир.
Бесоҳиб боғ-роғларимда қумри, саъва, самар йўқдир.
Гар хаёлот дарёсига ғарқ бўлсам бир канор йўқдир,
На-да саҳро, на-да сайҳон, Кўҳистондин тополмасман.

Ҳали баргрез куз олдинда, не шўриш, не иш олдинда,
Ҳеч ким имдод бера билмас қаҳри қаттиқ қиш олдинда.
Қарта-қарта қон ўрнида кўздин оқар ёш олдинда,
Ҳаргиз сени излаб Хўтон, Чин-Мочиндин тополмасман.

Хазон фасли етиб келмай жудолик бу бошга тушмиш.
Йиғламоқдин ўзга чорам йўқдир оғу ошга тушмиш,
Мусибат бир бошга эрмас ер-кўк, тоғу тошга тушмиш,
Энди сендек дилкушони Шом, Болқондин тополмасман.

ҚОЛМИШ
Амирқул Пўлканни эслаб

Жигарим, бунчалар шошмасанг эди,
Ўзансиз дарёдай тошмасанг эди,
Орага ўлимни қўшмасанг эди.
Кимда қолмиш кўклам,
Ёзларинг сени?

Баҳордай барқ уриб очилган чоқда,
Қолдириб кетдинг сен бизларни доғда.
Энди учрашгаймиз қайси бир боғда?..
Қайда қолмиш қутлуғ
Изларинг сени?

Сен билан қора ер тўярми эди?
Тўйиб, бу одатин қўярми эди?
Сенинг ҳам кўронинг тайёрми эди?
Келмай туриб тўйин
Кўзларинг сени?

Айтгил, бу чинингми, ҳазилингмидир?
Жудолик аталмиш ғазалингмидир?
Бу ғазал маконинг, манзилингмидир?
Кимга аён, айтгил,
Розларинг сени?

Ҳали куз келмасдан қишинг тушдими?
Хатарли қафасга қушинг тушдими?
Туйнуксиз кулбага ишинг тушдими?
Мўлмасмиди айтар
Сўзларинг сени?

Мунис шеъриятинг – иффатли қиздай,
Ҳали қўл тегмаган янги қўбиздай,
Қори, қирови йўқ баҳордай, ёздай,
Қайга учмиш суқсур,
Ғозларинг сени?

Орзуларинг фақат сўзингда қолмиш,
Изларинг далаю тузингда қолмиш,
Қолган борлиқ умринг назмингда қолмиш,
Қўлдан қўлга ўтгай
Созларинг сени.

КЎРДИМ

Кўрдим, кўрдим дунёни
Ҳамиша бир кам кўрдим.
Яхшини армон бирла
Ёмонни бекам кўрдим.

Бағри бутунларни бут,
Ёлғизни ғариб кўрдим.
Бирда нодон, ножинсни
Майдонда ғолиб кўрдим.

Ҳақларни мудом бирдай
Ялқовни ёрти кўрдим.
Кўнгли очиқ зотларни
Ҳотамдан ортиқ кўрдим.

Бирларни аро йўлда,
Бирни армонли кўрдим.
Бирда мунофиқларни
Давру давронли кўрдим.

Бирларни дунёпараст,
Бирни имонли кўрдим.
Нопокни шод, донони
Юраги қонли кўрдим.

Бирларни беэътиқод,
Бирларни риё кўрдим.
Бирларни ўз элига
Тамом маҳлиё кўрдим.

Бирда кўриб ўкиндим
Оёқни бош ўрнида.
Лаъл ўрнида сополни,
Гавҳарни тош ўрнида.
Воажаб, бирда кўрдим

Қулни хоқон ўрнида,
Бирда кўрдим лолани
Бир қатра қон ўрнида.
Бирда кўриб лол қолдим
Дарёни сой ўрнида.
Қуёш ўрнида юлдуз,
Юлдузни ой ўрнида.

ГУЛ БИР ЁН, ЧАМАН БИР ЁН
Синглим Коммунага

Чаман ичинда бир гул, гул бир ён, чаман бир ён.
Сарви, санобармидир? – Соч бир ён, суман бир ён.
Саҳар, субҳи содиқда мушк бир ён, мужгон бир ён.
Тун пардасин тортса гар
ой бир ён, осмон бир ён.

Ўсган боғига алқов, ўстирган боғбонига,
Хавфу хатардан сақлай келган соябонига,
Андалиб қўнар, зоғлар қўнолмас бўстонига.
Мақтовига мен бир ён,
борлиқ сухандон бир ён.

Ҳаким зоти бор ерда дард бир ён, дармон бир ён.
Ёринг жафокаш бўлса уй бир ён, зиндон бир ён.
Икки жон бир бўлмаса – шам бир ён, шамдон бир ён.
Айри бўлса йўллари
туғ бир ён, туғён бир ён.

Қўриқчиси бўлардим боғимда унар бўлса,
Кузим келмай баҳорим қайта бошланар бўлса,
Солномачиси бўлай магар у Қамар бўлса,
Қасам ичиб айтаман:
намак бир ён, нон бир ён.

Қумри, саъва ошиён айлар бир гулафшон бу.
Бир кокили Сир бўлса, ул бири Зарафшон бу.
Илоҳий санамлардан бир зурёд, бир нишон бу.
Керак бўлса магар жон,
жон бир ён, жаҳон бир ён.

Бу оламда Ой танҳо, муборак Қуёш танҳо,
Бўйқизларнинг ичинда бир шу эгма қош танҳо.
Унингдек ҳеч ким менга бўлмаса сирдош танҳо,
Гўрўғли султон бир ён,
Тўра Сулаймон бир ён.

15  fevral —  atoqli va ardoqli shoir To’ra Sulaymon tug’ilgan kun  

She’ri xalq qo’shig’iga aylangan shoirning umri uzun bo’ladi. Uning umri o’zbekman degan millat dunyoda yashagani qadar yetadi. Aslida mana shu xalq qo’shig’iga aylangan she’rlar tufayli o’zbekning umri ham dunyo turguncha va qora chodirda eng so’nggi yulduz so’nishi qadar davom etadi.

“BIR BAXSHINING ORTIDA…
”Ibrohim HAQQUL
filologiya fanlari doktori

045

Ardoqli shoir To’ra Sulaymon 1934 yil 15 fevralda Baxmal tumanida tug’ilgan. O’zbekiston xalq shoiri (1999). ToshDUning o’zbek filologiyasi fakulьtetini tugatgan (1964). Ijodi 50-yillarda boshlangan. Ilk she’rlar to’plami — «Istar ko’ngil» (1962). «Men qayga borar bo’lsam» (1965), «Jahongashta» (1970), «Hamqishloqlarim», «Intizor» (1973), «Sirdaryo qo’shiqlari» (1974), «Iltijo» (1976), «Alxazar» (1976), «To’yboshi» (1977), «Sizni eslayman» (1980), «Qorako’zginam» (1981), «Gulshan» (1988), «Sarvinoz» (1990), «Xarsang» (1994), «Jahonnoma», «Gul bir yon, chaman bir yon» (1996), «Yovqochdi» (1998), «Sayxon» (2003) kabi asarlar muallifi. Ko’plab she’rlari qo’shiq qilingan. Publitsistik maqolalar to’plami ham bor («Mamlakatning tayanch nuqtasi», 2004). 2005 yil Guliston shahrida vafot etgan.

045

Bu foniy dunyoni tark etib ketgan yozuvchi va shoirlar juda ko’p. Lekin keng miqyosda ulardan kamdan-kamining tug’ilgan kuni har yil xotirlanadi. O’zbekiston xalq shoiri Tura Sulaymonning tavallud sanasi munosabati bilan yig’in o’tkazish Sirdaryoda an’ana bo’lib qoldi. Bu juda yaxshi va xayrli ish, albatta. Chunki To’ra Sulaymon maqtasa – maqtagudek, faxrlansa – faxr etgudek shoir. Uning shaxsiyati haqiqatda siyrak uchraydigan bir shaxsiyat.

Biz bugun bu yig’ilishga To’ra akaga hurmat baland va samimiyat bilan xotirlaydigan atoqli ijodkorlar – shoir Xurshid Davron va yozuvchi Erkin A’zam bilan birga kelmoqchi edik. Qarangki, ikkalasi ham kelolmadi. Xurshid Davron Andijonga Mirzo Bobur tavallud kuniga bag’ishlangan tadbirlarga taklif etilgan ekan. Erkin A’zamning ham zarur ishi chiqib, Sizlardan uzr so’rashimni aytib, “Jo’ra, To’ra Sulaymon nazari ko’p baland shoir edi… Arzonchi emasdi”, dedi.

Men esa “Arzonchi bo’lsa, To’ra Sulaymon bo’larmidi? Yoki “To’ra Sulaymon bir yon, Go’ro’g’li Sulton bir yon” deya o’zbekning afsonaviy bir qahramoni bilan “ring”ga chiqarmidi?” dedim.

“Yig’inda shu gaplarni ayting-da”, dedi Erkin. Mana, aytdim. Bu yog’i ikki jumla endi o’zimning fikr-mulohazalarim. Shoirni ko’kka ko’tarishda ham, yerga urishda ham ko’hna Sharq ko’makka muhtojlik sezmagan – unisini ham, bunisini ham qoyillatgan. Ammo, g’urur, qanoat sustligi tufayli yoki nafs va manfaat xuruji bois ba’zan eng iste’dodli shoirlar ham qadr-qimmatlarini o’zlari yerga qorishtirgan. Shunga qaramasdan, odamlar shoir deganda haqgo’y, qat’iyatli, hatto bir qadar qaysar, shijoati ruhiyatida akslanib turadigan erkin va butun Shaxsni tasavvur etishgan. Bunaqa zotlarni bugun uchratish ancha qiyin. Nima ko’p – O’zbekistonda shoirlikka da’vogar ko’p. Baxshiyona nafasi, haddini bilishi, samimiyati, dardchilligi bilan ular orasida To’ra akani eslatadigani yo’q. Chunki To’ra Sulaymon inson va shoir o’laroq kimgadir taqlid qilib, kimgadir o’xshashni sira o’ylamagan – faqat o’ziga o’xshab, o’zining shaxsiy dunyosini har nimadan baland bilib yashagan. Shu uchun ham keksalikni u o’zgacha bir qanoat bilan qarshi olgandi:

Qor tamomi qo’nmishdir boshga,
Qaramasdan ko’ngilga, yoshga.
Buyuk tog’lar misoli boshim
Yaqin bo’lar endi quyoshga…

O’zbekistonning viloyatlarida, aytaylik, Buxoro, Samarqand, Andijon yo Xorazmda To’ra Sulaymon bilan tengdosh, safdosh shoirlar yashab o’tishgan. Agar adashmasam, ulardan birortasi ham umr bo’yi kun kechirib o’tgan diyorining timsoli darajasiga yuksalishda To’ra Sulaymonga tenglasholmagan. Sirdaryoliklarning mehr va ehtiromini kuzatsangiz:

To’ra Sulaymon degan
Bir baxshisi bor ekan,
Bir baxshining ortida –
Ming yaxshisi bor ekan, —

degan so’zlarining rostligiga hech shak keltirmaysiz. Qonida baxshilik, oqinlik hissiyoti jo’shganda, o’zini u Ergash Jumanbulbul o’rnida tasavvur etib, yurt kezib jafokash elining g’am-anduh, ijtimoiy hasrat va nadomatlarini mardona ohanglarda tasvirlab ketgan. To’ra Sulaymon siyratidan she’rga ko’chgan rindlik, darveshlik holatlarini ham men e’tiborga molik, deb bilaman.

Bizningcha, To’ra Sulaymon kelajagi kafolatlangan qalam sohibi, tama, xushomad, maddohlik ofatiga yo’liqib u hech payt shoirligini sotmagan va turlanib-tuslanishga ehtiyoj ham sezmagan. Agar hozir To’ra Sulaymon hayot bo’lganida, millat va jonajon yurt qismatidagi yangilanish hamda hayotiy evrilishlardan qalbi ilhomga to’lib, tinim bilmay ijod qilardi.

2017 yil, 12 fevral

MEN BILGAN VA BILMAGAN TO’RA SULAYMON
Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri
045

To’ra Sulaymonni bilaman deb yurgan ekanman. Bilmas ekanman. Oqin shoirning «Sensiz yolg’iz, g’arib bo’ldim…» saylanma kitobini varaqlar ekanman, bilmasligimni chuqur angladim. Hamma qatori «Go’ro’g’li sulton bir yon, To’ra Sulaymon bir yon» ni aytib yuravergan ekanman.

To’ra Sulaymon bilan yuzma-yuz ilk kitoblarim chiqqan 80-yillarda tanishganman. Kunlardan-bir kun shoir men ishlaydigan «Yosh gvardiya» nashriyotiga kelganida, ataylab meni izlab topgan, «Ha,Samarqandday shahri azimdan ham shoir chiqar ekan-ku!» deya meni bag’riga bosgan edi. O’sha-o’sha To’ra aka Toshkentga kelganida meni surishtiradigan bo’ldi, goh «Mavlono Samarqandiy» deb, «Sohibqiron nabirasi» kitobim nashr etilgandan keyin «Bobomning nabirasi» deb alqaydigan bo’ldi. Men bo’lsam o’zim bilan-o’zim ovora, yonimdagi ulkan chinorni, bepoyon dashtni, yuksak Olqorni bilib-bilmay yuravergan ekanman.

To’ra aka olamdan o’tgach, uning menga bo’lgan mehri farzandlariga o’tdi. Og’a shoirdan qolgan ana shu ulkan mehr oldida qarzdorman. «Sensiz yolg’iz, g’arib bo’ldim…» kitobining har misrasini, ayniqsa, «Ergash Jumanbulbul o’g’li el kezadi» turkumidagi har bir naqlni o’qiganimda bu qarzning ortib borayotganini sezdim.

To’ra akadan oldin menga uning mana bu she’ri yetib kelgan, yuragimga o’chmas bo’lib quyilgan edi:

Shamol shamolni tebratar.
Shamol bulutni tebratar.
Bulut yomg’irni tebratar.

Yomg’ir maysani tebratar.
Maysa biyani tebratar.
Biya qimizni tebratar.

Qimiz yigitni tebratar.
Yigit suluvni tebratar.
Suluv beshikni tebratar.

Beshik bolani tebratar.
Bola dunyoni tebratar.

Bu she’r erta ko’klam shamoli tebratgan olis va kimsasiz dashtning ko’kshin chechaklari shovullashiday sehrli va qadimiy edi. Bu she’r Koshg’ariy bobo zamonlaridan, bepoyon va yuksak Tagritog’ tomonlaridan kelganday edi. Bu satrlarni ilk eshitganimda ularni XX asrning shoiri yozgani mutlaqo xayolimga ham kelmagan, bu ko’hna qo’shiqni soqolini shamol qo’mitgan qari, ammo ko’zlari tiyrak baxshi to’qigan bo’lsa kerak deb o’ylagan edim.

She’ri xalq qo’shig’iga aylangan shoirning umri uzun bo’ladi. Uning umri o’zbekman degan millat dunyoda yashagani qadar yetadi. Aslida mana shu xalq qo’shig’iga aylangan she’rlar tufayli o’zbekning umri ham dunyo turguncha va qora chodirda eng so’nggi yulduz so’nishi qadar davom etadi.

Taniqli adabiyotshunos olim Qozoqboy Yo’ldoshning kitob uchun maxsus yozilgan «Ikkinchi umr manzaralari» maqolasi To’ra Sulaymondek betakror shoirning ijod olamini teran va samimiy ochib berganini alohida ta’kidlab o’tish lozim. Olim mazkur maqolada to’g’ri qayd etganidek,»To’ra Sulaymon — bugungi odam hayoti va olam hodisayu holatlarini kechaning nazari bilan ko’rib, shuurga tez yetib borib, unda mustahkam o’rnashadigan azaliy usulda ifodalay olgani bilan ertangi kunga yovuq turadigan ijodkor. Zero, shoir ijodining yitmas qadimiy qadriyatlardan suvlangan tomirlari o’ta chuqur ketgan. To’ra Sulaymon asarlarida kechaning bag’rida dunyoga kelgan bugun ertangi kunni nazorat qiladi. Shu sabab, ularda millatning uzilmas umr zanjiri, yitmas ezgu qadriyatlari aks etadi».

2014

TO’RA SULAYMON
SHE’RLAR
045

ILTIJO27

Bahor kelsa, boshlanur bog’da bulbul xonishi,
Sa’va, qumri nag’masi, suralay tovlanishi.
Qirlarda lola sayli, qishloqlarda yilboshi:
To’xtagay tabiatdan haqqushlar zorlanishi
Bahor, ketma mening bog’imdan.

Qilmishi qing’ir zotga davr qayda, davron qayda?
Vatangado kimsaga beminnat makon qayda?
Yolg’iz otga olamda nom qayda, nishon qayda?
Bahor, sensiz sahroyu tog’u toshga jon qayda?
Ketma, Bahor, mening bog’imdan.

O’lmaslikka ishora – o’langa oshiqligim.
Saodatga ishora – zamonga oshiqligim.
Teranlikka ishora – ummonga oshiqligim,
Go’zallikka ishora – bo’stonga oshiqligim.
Bahor, ketma mening bog’imdan.

Bu kun qay bir yerda qish, qayda xazon rezgilik,
Qaylarda yoz, qayda kuz, qayda jondan bezgilik.
Ko’klamning har nafasi umrga arzigulik
Bog’siz, bog’bonsiz yerda ne ham qilsin ezgulik…
Ketma, Bahor, mening bog’imdan.

Giyoh bilan qoplanmish ko’hna qabr boshlari,
Maysadagi shudringlar – kimlarning ko’zyoshlari?
Bu yerda yotar otam ham uzangidoshlari
Har bahor eslar uni qavmi-qarindoshlari,
Bahor, ketma mening bog’imdan.

Yoz bo’yi qorga zorman, qishda bahorga zorman,
Chamanda gul bo’yiga intiqman, intizorman,
Kuz kelmay xazon bo’lgan sevgi, guldan bezorman,
Bahorsiz ham diyorsiz el ichra benazarman.
Bahor, ketma, mening bog’imdan.

UMR O’TMOQDADIR DARYo MISOLI

Esiz, bolalikni qoldirib ortda,
Umr o’tmoqdadir daryo misoli.
Qoldirib-qoldirmay iz bu hayotda,
Umr o’tmoqdadir daryo misoli.

Oppoq tongni ulab tiyrai shomga,
Birda shak keltirib sirli olamga,
Goho ta’zim qilib badkor, badnomga,
Umr o’tmoqdadir, umr o’tmoqda.

Qay kezlar ushalmay orzu-armonlar,
Birda g’olib kelib tulkisimonlar,
Birda boy berilib bebaho onlar,
Umr o’tmoqdadir, umr o’tmoqda.

Dengizday mavj urib, qirg’oqdan toshib,
Yurar yo’limizdan birda adashib,
Kim bilandir zimdan mansab talashib
Umr o’tmoqdadir, umr o’tmoqda.

Yaratib ne sirlar, ne mo»jizalar,
Qutlug’ kun ketidan kun o’tkazilar.
Behuda o’tgan dam – ko’ngil ezilar…
Umr o’tmoqdadir, umr o’tmoqda.

Har tongda to’rg’aydan oldin uyg’onib,
Chamanlar yaratish ishqida yonib,
Birda-chi: e’tiqod, imondin tonib
Umr o’tmoqdadir, umr o’tmoqda.

Erta bilan bog’liq – ne damlarimiz,
Bilib-bilmay bosgan qadamlarimiz,
Xayrli ish, alam, qaramlarimiz
Umr o’tmoqdadir daryo misoli.

Keksalik mo’ralab eshik qoqmoqda,
Bolalik qaytadan qaytarilmoqda…
Bizdan erta kunga nelar qolmoqda?
Umr o’tmoqdadir, umr o’tmoqda.

O’lmas sozni o’ylab deging kelmaydi,
O’chmas izdan so’ylab deging kelmaydi,
Mangulikka bo’ylab deging kelmaydi
Umr o’tmoqdadir daryo misoli…

O’XShAR

Kuyga kuy ulanur bazm oqshomi,
Yeru ko’k xazonsiz faslga o’xshar.
Bazm oqshomi, bu – nazm oqshomi,
To’yxona bahoriy saylga o’xshar.

Mehnat, muhabbatsiz kechgan umrning,
Yomg’irsiz bulutday ko’chgan umrning,
Sham misol bir yonib o’chgan umrning
Mazmuni eskirgan naqlga o’xshar.

Haqqushga xatarsiz oshyon munosib,
Ko’klam qushlariga chaman munosib.
Yigit-qizga ahdu paymon munosib,
Busiz ko’ngil zilu zambilga o’xshar.

Kuyovga vafoli qalliq yarashmish,
Tillari shakar ham bolli yarashmish.
Na baxtki, yuzlari xolli yarashmish
Kelin gulga, kuyov bulbulga o’xshar.

Kelin qaynonaga esh bo’lib yursa,
Bo’yqizlar ichinda pesh bo’lib yursa,
Ta’bi ravshan vaqti xush bo’lib yursa,
Yurgan yeri rayhoi, jambilga o’xshar.

Kelinchak bor uyning ko’rki bo’lakcha,
Kelinning kuyovga erki bo’lakcha.
Boshida ukpari, bo’rki bo’lakcha,
Sochlari sahroyi sumbulga o’xshar.

Manzil, murodi bir, ahdi bir bo’lmish,
Orzu-o’ylari bir, baxti bir bo’lmish,
Taqdir, talpinishi, taxti bir bo’lmish
Ikki yoshning yo’li bir xilga o’xshar.

Osmonidan o’lan arimas bu el,
Yuzga kirmay eli qarimas bu el,
Tegrasiga qazo darimas bu el
Oltin darvozali Chambilga o’xshar.

TEBRATAR

Qadimgi qimizchi chollar qo’shig’i

Shamol shamolni tebratar.
Shamol bulutni tebratar.
Bulut yomg’irni tebratar.
Yomg’ir tuproqni tebratar.
Tuproq maysani tebratar.
Maysa biyani tebratar.
Biya qimizni tebratar.
Qimiz yigitni tebratar
Yigit suluvni tebratar.
Suluv beshikni tebratar.
Beshik bolani tebratar.
Bola dunyoni tebratar.

KELARMISAN?

Ko’zlarim yo’llaringda
zor, giryon, kelarmisan?
Dildorsiz ne ham qilsin
tanda jon, kelarmisan?

Bu tashna lab, tashna dil,
bu oshufta ko’ngilga
Jon ato qila bilmish
Zarafshon, kelarmisan?

Gulshanning qulf urishi
abri nayson bilandir,
Sen bilan bog’-rog’larim
bexazon, kelarmisan?

Sevib, sevilmaganlar
bebaxt bir kimsalardir.
Seningsiz bo’lmas bag’rim
farovon, kelarmisan?

Yor mehri, diyor mehri,
el mehri turgan yerda
Ne hojat menga taxti
Sulaymon, kelarmisan?

SOZChI QO’ShIG’I

Olti oy erimas Oqtovning qori,
Ko’kida charx urar qarchig’ay, sori.
O’ziga mos bo’lsa yigitning yori,
Baxtidan shod bo’lsa onaizori.

Maqtovin keltirar sayroq torim, hey.
Yaxshilik bor yerda shay bo’lgan sozsan,
Tunlari to’lishgan oy bo’lgan sozsan.
Tashna lab dillarga soy bo’lgan sozsan.

Ne ezgu kuylarga boy bo’lgan sozsan,
Sayrasang qolmagay nola, zorim, hey.
Jonimga payvasta bog’, bodomzorim,
Bulbullar maskani – gulu gulzorim.

Jahonda tengi kam ozod diyorim.
Bu yurtda bo’lmagay nolai zorim.
Vatanga armug’on dilda borim, hey.
Armonim yo’q do’stu o’rtoqlar bilan

Zap yigit-qiz, baxti barhaqlar bilan.
Mehnatkash, yo’llari porloqlar bilan –
G’ayrati daryoday qaynoqlar bilan
Yashnagay shu ulug’ lolazorim, hey.

MUQADDAS QO’ShIQ

Assalom, ona yurt, tonglar o’lkasi,
Ta’rif-tavsifingning yo’q nihoyasi.
Senga bag’ishlanur muqaddas qo’shiq,
Bu – o’zbek elining o’z madhiyasi.

Ko’hna ota yurtim, qadim Turonim,
O’z beshik, o’z tilim, shavkatim, shonim.
Yetti iqlim ichra tengi topilmas –
Tuproq, toshi oltin O’zbekistonim.

To bashar bor ekan, bor ekan quyosh,
Birlashgan elga yov otolmagay tosh.
Yovqur yigitlaring, lochin qizlaring
G’animlar oldida egmaganlar bosh.

Dasturxoni ochiq, xirmoni baland,
Samoviy tog’lari nomiga monand.
Olamga mashhur ne zotlar Vatani,
Mehring qon-qardoshlar mehriga payvand.

Sen – toshqin Jayhunim, teran Sayhunim,
Sen – mening o’tmishim, sen – yorug’ kunim.
Yelkadosh o’lkalar bilan hamnafas,
Shonli Turkistonim – O’zbekistonim.

Guling gulzor bo’lsin, qirlaring o’rmon,
Daryolaring dengiz, ko’llaring ummon.
Hududing daxlsiz, yaloving yuksak,
Sen – Sharqning mash’ali, sen – dorulomon.

QAYTA KETMAS BO’LIB KELDINGMI, BAHOR

Yeru samovotda Navro’z nafasi,
Bog’u bo’stonlarda andalib sasi,
Bu nafas, bu sasning yo’q muqoyasi.
Qayta ketmas bo’lib keldingmi, bahor?

Dastlab tong chog’inda ko’rgandim seni,
So’ng Tangri tog’inda ko’rgandim seni,
Qizlar yonog’inda ko’rgandim seni.
Qayta ketmas bo’lib keldingmi, bahor?

Malak holatinda ko’rgandim seni,
Qushlar qanotinda ko’rgandim seni,
Kuychi bayotinda ko’rgandim seni.
Qayta ketmas bo’lib keldingmi, bahor?

Hali aytilmagan ta’rifing qancha,
Sen to o’ru qirni aylanmaguncha
Bog’lar gulga kirmas, ochilmas g’uncha.
Qayta ketmas bo’lib keldingmi, bahor?

Qoshlari o’smalim, ko’zi surmalim,
Etak-etak gulli, bari burmalim,
Seni dunyoda hech kima bermalim!
Qayta ketmas bo’lib keldingmi, bahor?

Sen qayta yaralish, yoshlik timsoli,
Hayot baxsh etguvchi Masih misoli.
Sensiz odamzodning ne kechar holi?
Qayta ketmas bo’lib keldingmi, bahor?

To’rt faslning tanho malikasi sen,
Tugal go’zallikning nihoyasi sen,
Oshiq-ma’shuqlarning tamannosi sen!
Qayta ketmas bo’lib keldingmi, bahor?

Yer birla osmonning tillaqoshi sen,
Aytar qo’shig’imning avval-boshi sen,
Oltin beshigimning safardoshi sen!
Qayta ketmas bo’lib keldingmi, bahor?

ARMON
Er yigit o’zi uchun emas, eli uchun yashaydi.
Maqol

Bobomning orzulari amalga oshmas bo’lsa,
Yurgan yo’limda o’lan, qo’shiq qalashmas bo’lsa,
Qo’shiqlarim bog’lardan, tog’lardan oshmas bo’lsa,
El-yurt baxtini kuylash menga yarashmas bo’lsa,
Ko’nglimda armon yotar
Tura bilmas nor misol.

Xeshlarimning bemavrid ko’zlarida yosh ko’rsam,
Bir mard bilan nopokning taqdirin tutash ko’rsam,
Qaysi bir begunohni keng yo’lda adash ko’rsam,
Bir betayin kimsaning oyog’ida bosh ko’rsam…
Ko’nglimda armon yotar
Terskaydagi qor misol.

Aro yo’lda qolguday bo’lsa biror yo’ldoshim,
Manzilga yetmay turib qoqilsa qayg’udoshim,
Muhtoj bo’lsa kimgadir jon ayamas qurdoshim,
Badkor degan nom olsa biron-bir vatandoshim,
Ko’nglimda armon yotar,
Ulab bo’lmas tor misol.

Gulzorni alaf bossa, zog’ bossa bog’bon turib,
Muallaq qolsa kimdir yer turib, osmon turib,
Gar gazanda toptasa tuproqni posbon turib,
Bir yo’rtoq yo’l boshlasa qudratli karvon turib,
Ko’nglimda armon yotar
Ahvoli abgor misol.

Ayrilar bo’lsa magar kimda kim oshyonidan,
Muqaddas tosh-tuprog’i, seryulduz osmonidan,
Karvon o’z sarbonidan, bola soyabonidan,
Qumri o’z gulshanidan, qunduz Zarafshonidan,
Ko’nglimda armon yotar
Bebaxt, benazar misol.

SOZIM

Sening tilaklaring bo’lmas mustajob,
Uzilmas torlarim, sinmas sozlarim.
Nolam Biru Borga yetsa ne ajab,
Uzilmas torlarim, sinmas sozlarim.

Sen aytganday, ermak, kasb-kor emas bu,
Ko’plar yeta bilmas orzu-havas bu.
Bobomlardan qolgan yolg’iz meros bu,
Uzilmas torlarim, sinmas sozlarim.

To ona tabiat menga yor ekan,
Har dami g’animat, betakror ekan,
Diyonat bor ekan, yaltoq xor ekan,
Uzilmas torlarim, sinmas sozlarim.

Birning taqdiri – bu tuman taqdiri,
Sarbonga bog’liqdir karvon taqdiri,
Sozchining qo’lida kamon takdiri,
Uzilmas torlarim, sinmas sozlarim.

Tong – tal’at belgisi. Tun esa Tanglik.
Oy – oqshom erkasi, quyosh – Mangulik
Badnomga bo’lmasa Yerda yurgulik,
Uzilmas torlarim, sinmas sozlarim.

Xohi rozi bo’lgil, xohi norizo,
Xohi motam tutib, xohi och aza,
Dovruqlari bo’lib elga ovoza,
Uzilmas torlarim, sinmas sozlarim.

Senga qolgan kunim, kunmas – qabohat.
Koshki sendan kutsam imdod, inoyat!
Meni qo’llay olur, qilur himoyat,
Uzilmas torlarim, sinmas sozlarim!

TAVALLO
Onam Mukarrama usta Nurmat polvon qizining sharofati bilan bitilgan mashqim

Nelardandir ko’ngil bo’lib g’ash,
Ham egilib bu egilmas bosh,
Ko’zlarimda qalqib tursa yosh,
Bu holimga berolmay bardosh
Mushtipar bir Onam yig’laydir,
Qolganlari yolg’on yig’laydir.

Qaytar bo’lsam quruq qo’l ovdan,
Qora qozon qolsa qaynovdan
Ham ayrilib o’lja, ulovdan,
Qarzga botar bo’lsam birovdan,
Taskin berib Onam yig’laydir,
Qolganlari yolg’on yig’laydir.

Birda haqdin, birda nohaqdin,
Jabr ko’rsam bir betavfiqdin.
Ortda tursam qalbi quroqdin,
Qadrim xarob bo’lsa tuproqdin.
Ohlar urib Onam yig’laydir,
Qolganlari yolg’on yig’laydir.

Og’a-ini o’rtasida gap…
Alhol, kelib chiqmish ixtilof:
Biri izzat, biri mulk talab.
– Bu oq sutim, mehrimga xilof, –
Deya sho’rlik Onam yig’laydir,
Qolganlari yolg’on yig’laydir.

Sinalmoqning gali kelganda,
Nohaq mag’lub bo’lsam maydonda,
Nomim qolmas bo’lsa jahonda,
Kim do’st-dushman bilinar onda
Ahvolimga Onam yig’laydir,
Qolganlari yolg’on yig’laydir.

G’anim bir yon, men bir yon bo’lsam,
U ustivor, men uryon bo’lsam,
Bu ham kamday nogiron bo’lsam –
Og’och otga yonma-yon bo’lsam,
Oy tutilib, Onam yig’laydir,
Qolganlari yolg’on yig’laydir.

Bo’lsam gumroh, bo’lsa gunohim,
Vujudimga solmasdin vahm,
Qabul aylab tavallo-ohim,
Darig’ tutmay mehring, ilohim,
Yig’latmagil mushfiq Onamni,
Volidai muhtaramamni.

QAYGA QO’YDILAR?
Otam Sulaymon mullo Boybek o’g’lining o’lmas xotirasiga

Azaldan bor narsa meros degan gap,
Yig’ib, yig’inarlar topganin maqtab.
So’nggi kun bisotda borini atab,
Otadan bolaga qolsin, dedilar,
Otamning o’zini qayga qo’ydilar?

Qirq qubbali jugan, zarli yolpo’shlar,
Yoqut, olmos misol “topilmas” toshlar,
Ichi nelargadir to’la bolishlar
Otadan bolaga qolsin, dedilar,
Otamning o’zini qayga qo’ydilar?

Ko’mmada, qo’rada neki bor – bari,
Bog’u chorbog’lari, lo’kchayu nori,
Bobolardan qolmish qo’ldagi tori
Otadan bolaga qolsin, dedilar,
Otamning o’zini qayga qo’ydilar?

Aqiq misol mudom beg’ubor soflik,
Xeshlarga sadoqat, dushmanga daflik,
Go’ro’g’li sultonday bir so’z, bir gapli
Otadan bolaga qolsin, dedilar,
Otamning o’zini qayga qo’ydilar?

Salkam bir tanob yer, qo’sh tut, qo’sh ho’kiz,
Tilla qashov, oltin to’qmog’u muguz,
Simobi po’stin ham qirg’izi kigiz
Otadan bolaga qolsin, dedilar,
Otamning o’zini qayga qo’ydilar?

Yemay-ichmadilar ertani o’ylab,
O’lmay turib o’lim to’shagin bo’ylab…
Borliq topganlarin asrab-avaylab
Otadan bolaga qolsin, dedilar,
Otamning o’zini qayga qo’ydilar?

Dunyosiz dunyoni bekor dedilar,
Yo’qsillar har qachon xor-zor dedilar,
Endigi bor savdo, bozor dedilar,
Otadan bolaga qolsin, dedilar,
Otamning o’zini qayga qo’ydilar?

Tugamas xazina, ketmas bir davlat,
Yetar-etmas kunda sabru qanoat,
Baland martabayu ulkan saodat
Otadan bolaga qolsin, dedilar,
Otamning o’zini qayga qo’ydilar?

Cho’lpon go’zalligi, tong tiniqligi,
Oftob azalligi, tog’ buyukligi,
Donish siniqligi, qo’l yugrukligi
Otadan bolaga qolsin, dedilar,
Otamning o’zini qayga qo’ydilar?

Hali ushalmagan ne orzu-o’ylar,
Hali chalinmagan sehrli kuylar,
Xazonsiz chamanlar, muattar bo’ylar
Otadan bolaga qolsin, dedilar,
Otamning o’zini qayga qo’ydilar?

Norday bir bardoshlik, tog’day sabot ham,
Farovon rizqu-ro’z, barqaror baxt ham,
Shu boqiy umr, shu porloq hayot ham
Otadan bolaga qolsin, dedilar,
Otamning o’zini qayga qo’ydilar?

BIZLAR TOMONDA

“Oydan-da go’zaldir, kundan-da go’zal” ,
Cho’lpon desa Cho’lpon – undan-da go’zal.
Ra’no ismli hamshira qizga

Senday gul ko’rmadim hech bir chamanda,
Bir chamanmas, na Chin, na Xurosonda.
Ta’rifing eshitib aqldan ozmish
Bir pahlavon yigit bizlar tomonda.

Bu qoshlar, bu ko’zlar, bu olma yuzlar,
Bu iffat, bu ibo, bu hayo, nozlar.
Andoza oladir ne sarvinozlar,
Senga ishqi tushgan qolmas omonda!

Ko’rinmasmish kunduz ko’zga seni deb,
Paydo bo’ldi ekan qay bir kuni deb,
Qanday baxtli ekan Qays-Majnuni deb,
Yulduzlar oh urar ermish osmonda.

Seni deb qanchalar sitam tortadir,
Shoirlar madh etib qalam tortadir,
Tun pardasin birda Oy ham tortadir,
Birda Shams qolarmish lolu hayronda.

Ne dillarga g’ulu sola keldilar,
Ne sanamlar ortda qola keldilar.
Ayamasdin o’chin ola keldilar,
Qasosim bor deb bir T. Sulaymonda.

Sen o’sgan bu bo’ston, bu oshiyonni,
Jahon ko’chib kelgan kavkabistonni,
Ins-jins doriy bilmas qutlug’ qo’rg’onni
Zabt etolmas hatto sohibqiron-da.

Shartlaring ovoza bo’lsa Turonda,
Mag’ribda, Mashriqda, Mochin, Eronda,
Jarchilar desalar: “Maydon mardniki,
Malika hamon o’z ahd-qarorinda!”

Maydonda shohlar ham bo’lsa sharmisor,
G’olib bo’lmoq bo’lsa dushvordin-dushvor.
O’zing yorlaqa, deb, yo Parvardigor,
Qolgan umrim kechsin dorulomonda…

Alplar ham noumid bo’lsalar magar,
Ustivorlik qilib biron-bir digar,
Poyandoz to’shalsa O’sh, Urganch qadar
G’ulomi bo’lgaymiz biz o’sha onda…

HIKMAT

Sochga bir-bir oq tushmoqdadir,
Bundan ko’ngil yorishmoqdadir.
Qor bo’larmi pastqam tog’larda,
Boshim ko’kka tutashmoqdadir.

Ulkan tog’da qor saltanati,
Tegrasida sor saltanati.
Oydin yo’lga chiqqan karvonsiz
Bo’larmidi nor saltanati.

Cho’ng cho’qqilar yil bo’yi qorli,
Bag’ri mudom nurli, shunqorli,
Ona yerning siynasi qorsiz,
Bo’la bilmas bog’li, bahorli.

Hikmat asli sochning oqligi,
Ezgulikka esh, chanqoqligi.
Shukronakim, qolgan umrning
Tunmas, tongga yovuqroqligi.

Qor tamomi qo’nmishdir boshga,
Qaramasdan ko’ngilga, yoshga.
Buyuk tog’lar misoli boshim
Yaqin bo’lar endi quyoshga…

TOPOLMASMAN

Izlay-izlay horib bo’ldim, sensiz yolg’iz, g’arib bo’ldim,
Endi bosgan izlaringni to’rt tomondin topolmasman.
Toliqib ham tolib bo’ldim, qirqqa kirmay qarib bo’ldim,
Laylu nahor seni izlab yer-osmondin topolmasman.

Ajab taqdir, ajab qismat bu boshda borga o’xshaydir.
Oydin bo’la kelgan yo’lim uzilgan torga o’xshaydir,
Sensiz qoshim qabog’imda qurilgan dorga o’xshaydir,
Seningdek bir gulandomni Gulistondin topolmasman.

Bahor o’tib yoz ham keldi, hamon sendin xabar yo’qdir.
Besohib bog’-rog’larimda qumri, sa’va, samar yo’qdir.
Gar xayolot daryosiga g’arq bo’lsam bir kanor yo’qdir,
Na-da sahro, na-da sayhon, Ko’histondin topolmasman.

Hali bargrez kuz oldinda, ne sho’rish, ne ish oldinda,
Hech kim imdod bera bilmas qahri qattiq qish oldinda.
Qarta-qarta qon o’rnida ko’zdin oqar yosh oldinda,
Hargiz seni izlab Xo’ton, Chin-Mochindin topolmasman.

Xazon fasli yetib kelmay judolik bu boshga tushmish.
Yig’lamoqdin o’zga choram yo’qdir og’u oshga tushmish,
Musibat bir boshga ermas yer-ko’k, tog’u toshga tushmish,
Endi sendek dilkushoni Shom, Bolqondin topolmasman.

QOLMISh
Amirqul Po’lkanni eslab

Jigarim, bunchalar shoshmasang edi,
O’zansiz daryoday toshmasang edi,
Oraga o’limni qo’shmasang edi.
Kimda qolmish ko’klam,
Yozlaring seni?

Bahorday barq urib ochilgan choqda,
Qoldirib ketding sen bizlarni dog’da.
Endi uchrashgaymiz qaysi bir bog’da?..
Qayda qolmish qutlug’
Izlaring seni?

Sen bilan qora yer to’yarmi edi?
To’yib, bu odatin qo’yarmi edi?
Sening ham ko’roning tayyormi edi?
Kelmay turib to’yin
Ko’zlaring seni?

Aytgil, bu chiningmi, hazilingmidir?
Judolik atalmish g’azalingmidir?
Bu g’azal makoning, manzilingmidir?
Kimga ayon, aytgil,
Rozlaring seni?

Hali kuz kelmasdan qishing tushdimi?
Xatarli qafasga qushing tushdimi?
Tuynuksiz kulbaga ishing tushdimi?
Mo’lmasmidi aytar
So’zlaring seni?

Munis she’riyating – iffatli qizday,
Hali qo’l tegmagan yangi qo’bizday,
Qori, qirovi yo’q bahorday, yozday,
Qayga uchmish suqsur,
G’ozlaring seni?

Orzularing faqat so’zingda qolmish,
Izlaring dalayu tuzingda qolmish,
Qolgan borliq umring nazmingda qolmish,
Qo’ldan qo’lga o’tgay
Sozlaring seni.

KO’RDIM

Ko’rdim, ko’rdim dunyoni
Hamisha bir kam ko’rdim.
Yaxshini armon birla
Yomonni bekam ko’rdim.

Bag’ri butunlarni but,
Yolg’izni g’arib ko’rdim.
Birda nodon, nojinsni
Maydonda g’olib ko’rdim.

Haqlarni mudom birday
Yalqovni yorti ko’rdim.
Ko’ngli ochiq zotlarni
Hotamdan ortiq ko’rdim.

Birlarni aro yo’lda,
Birni armonli ko’rdim.
Birda munofiqlarni
Davru davronli ko’rdim.

Birlarni dunyoparast,
Birni imonli ko’rdim.
Nopokni shod, dononi
Yuragi qonli ko’rdim.

Birlarni bee’tiqod,
Birlarni riyo ko’rdim.
Birlarni o’z eliga
Tamom mahliyo ko’rdim.

Birda ko’rib o’kindim
Oyoqni bosh o’rnida.
La’l o’rnida sopolni,
Gavharni tosh o’rnida.
Voajab, birda ko’rdim

Qulni xoqon o’rnida,
Birda ko’rdim lolani
Bir qatra qon o’rnida.
Birda ko’rib lol qoldim
Daryoni soy o’rnida.
Quyosh o’rnida yulduz,
Yulduzni oy o’rnida.

GUL BIR YoN, ChAMAN BIR YoN
Singlim Kommunaga

Chaman ichinda bir gul, gul bir yon, chaman bir yon.
Sarvi, sanobarmidir? – Soch bir yon, suman bir yon.
Sahar, subhi sodiqda mushk bir yon, mujgon bir yon.
Tun pardasin tortsa gar
oy bir yon, osmon bir yon.

O’sgan bog’iga alqov, o’stirgan bog’boniga,
Xavfu xatardan saqlay kelgan soyaboniga,
Andalib qo’nar, zog’lar qo’nolmas bo’stoniga.
Maqtoviga men bir yon,
borliq suxandon bir yon.

Hakim zoti bor yerda dard bir yon, darmon bir yon.
Yoring jafokash bo’lsa uy bir yon, zindon bir yon.
Ikki jon bir bo’lmasa – sham bir yon, shamdon bir yon.
Ayri bo’lsa yo’llari
tug’ bir yon, tug’yon bir yon.

Qo’riqchisi bo’lardim bog’imda unar bo’lsa,
Kuzim kelmay bahorim qayta boshlanar bo’lsa,
Solnomachisi bo’lay magar u Qamar bo’lsa,
Qasam ichib aytaman:
namak bir yon, non bir yon.

Qumri, sa’va oshiyon aylar bir gulafshon bu.
Bir kokili Sir bo’lsa, ul biri Zarafshon bu.
Ilohiy sanamlardan bir zuryod, bir nishon bu.
Kerak bo’lsa magar jon,
jon bir yon, jahon bir yon.

Bu olamda Oy tanho, muborak Quyosh tanho,
Bo’yqizlarning ichinda bir shu egma qosh tanho.
Uningdek hech kim menga bo’lmasa sirdosh tanho,
Go’ro’g’li sulton bir yon,
To’ra Sulaymon bir yon.

090

(Tashriflar: umumiy 13 340, bugungi 1)

5 izoh

  1. Бундай шойирлар улмас Булар Узбек Халкининг юрагида хамиша яшайдилар Буларни Хурматини жойига куйиш бизнинг вазифамиз Оллох Рахматига олсин фарзандларига Сабр каноат берсин

  2. Ассалому алайкум не бахтки мен шоирнинг кушнисиман шерларни укиб маза килдим коллеж талабаси булган пайтларим шоир бобомнинг уйларида бирга яшаганман

Izoh qoldiring