Miraziz A’zam. Qirq bolaga qirq savol.

075
Мен ҳеч шеър ёзиш ҳақида ўйламасдим. Бир ора 6-синфда ўқирканман, ўпка касалига учраб, олти ой даволаниш учун Санаторий-Ўрмон Мактабига ўтдим, у ерда Саидов фамилияли бир ўқитувчи ҳам адабиётдан дарс берар, ҳам адабиёт тўгарагига раҳбарлик қиларкан. Унинг таълимларидан сўнг баҳор ва май ойи тўғрисида бир-икки шеър ёзган эдим, улар деворий газетада чиқарилганди. Аммо ёзувчи одам ўз шеърларини матбуотда чиқаришга ҳаракат қилиши мумкин ва кераклиги тўғрисида ҳеч ўйлаган эмасман. Газеталарда фақат катта, жудаям таниқли одамларгина шеър чиқаради, деган тасаввурда эдим. Олти ой ичида шифоланиб, яна ўз мактабимга қайтганимда, шеър ёзиш хаёллари мендан йироқлашди.

088 Филфакда ўқиб юрган кезларимда ёшлик ва муҳаббат савдолари мени яна шеър ёздира бошлади. Аммо буларнинг баъзиларида Ҳайне ва Есенин таъсирлари бордай туюлар, уларни ҳеч кимга ўқиб бермас, кўрсатмас эдим. Дафтарларда қолиб кетарди. Филфакнинг журналистика бўлимини битириб, Тошкент Телестудиясида ишлай бошлаганимда, иш тақозоси билан қозоқ ва қирғиз шеъриятидан таржималар қилдим, улар ТВ кўрсатувларида берилди.

1959 йили “Ғунча” журналига ишга ўтдим. Журналнинг 1960 йилги биринчи сонида менинг шеърим илк бора матбуотда чиқди. “Чакки қилибман” номли бироз юморга йўғрилган бу оддий шеърим ҳақида бир қанча муаллифлар муҳарририятга келиб ижобий фикрлар айтишди. Шундан кейин бош муҳарриримиз мендан тез-тез шеър ёзиб беришни сўрайдиган бўлиб қолди.

Ўзим бу йилларда икки ўғиллик бўлиб, ҳам оилада, ҳам ишим туфайли мактаб ва боғчаларда болалар ичида бўлавериб, ўз-ўзидан болалар дунёсидан шеърлар битардим. Ғафур Ғулом, Шайхзода, Миртемир, Қуддус Муҳаммадийлар билан тез-тез кўришардим. Ёзувчилар Уюшмасида турли адабий анжуманларга қатновим фаоллашди. Республика бўйлаб турли шаҳар ва туманларга борардим. Шу тариқа халқ ҳаёти манзаралари кўз ўнгимда муҳрланиб қолар, ичимда фақат ҳаётни ёзиш фикри қатъийлашиб борарди (Миразиз Аъзамнинг «Шеър инсон қувончи ва изтиробларини ўзида акс эттиради» мақоласидан).

09
Миразиз Аъзам
БОЛАЛАРГА ЁЗИЛГАН ШЕЪРЛАРДАН НАМУНАЛАР
07

СЕРХАРХАША БОЛА

Бугун тонгда уйғониб
Ҳолимга йиғлавордим:
Менинг компютерим йўқ,
Қўлда телефоним йўқ!

Кияй десам жинси шим,
Яна уним-буним йўқ!
Хўрлигим келиб кетди,
Оёқда бутсийим йўқ!

Эгнимда-чи футболка,
Яна бошқа кийим йўқ!
Мени бир чол тўхтатди,
– Бас, – деди у шу заҳот, –
Ўн минг доллар бераман
Бир қўлингни менга сот!

Қўл телефон, компютер
Жинси шим ҳам оласан!
Бутсийни, футболкани
Жомадонга соласан.
– Қўлни нима қиласиз,
Бор-ку ўзингизда қўл?!
– Ёш қўлингни ишлатиб
Бойишга топаман йўл! –
Ўйлаб жимиб қолгандим
Мени аврай кетди чол:
– Миллион доллар бераман,
Ё кўзингни сотақол.

Чап кўз бўлса ҳам майли,
Олай қулоғингни ҳам.
Қопқора сочларингни,
Сотсанг оёғингни ҳам…
– Сизда борку ҳаммаси,
Нетасиз меникини?
– Меникилар қариди,
Ишлатгум сеникини!
Бу ўткир кўзлар билан
Минглаб китоб ўқийман.
Катта шоир бўламан,
Қирқта достон тўқийман.

Китобларда илм кўп
Буни яхши биламан.
Тунлар ўқиб, изланиб
Ихтиролар қиламан.
Учоқ, кема, роботлар.
Ясашни ўрганаман.
Бойиш учун ҳар нарса
Қиламан, тирмашаман.
Ҳеч бўлмаса биттасин
Сота қолгин илтимос…

Боқсам чолнинг кўзлари
Айёр тулкиларга хос…
Қаддимни тоғдай ростлаб
Қўлимни қилиб муштум:
– Ҳеч нимамни сотмайман! –
Деб чолдан узоқлашдим.

САЛИМБОЙНИНГ ЭРКАТОВУҒИ
(Ҳасадгўй бола тилидан ҳазил шеър)

Салимбойнинг товуғи бор
Олачипор қаноти.
Салимбойнинг шу товуқ деб
Мақтаниши ғалати.

Ўқувчига ўз уйида
Товуқ боқиш эп эмас.
Боқса боқсин, аммо шуни
Яхши билиб қўйса бас:

Тухум керак бўлса агар
Ҳар дўконда лиммо-лим.
Товуқ боқиш қизиқтирса,
Бордир унга саволим:

Паррандалар учун бор-ку
Жамоамиз фермаси!
Уйда боқиб, қўшниларга
Кўп халақит бермасин.

Товуқлари гулни чўқир,
Қанотлари тақиллар.
Ўз уйида тухум қўйиб
Бизникида қақиллар.

КИТОБ НИМА ДЕСАЛАР.

Китоб нима, десалар,
Китоб офтоб, дедилар.
Қўшилмайман бу гапга,
Ўхшамайди офтобга:

Офтоб ахир кечқурун
Кўзга кўринмай қолар.
Тунда унинг иссиғи
Бизга билинмай қолар.

Китоб эса тунда ҳам
Яна ўқи деб қистар.
Ўқисангиз тушда ҳам
Қалбингизни иситар.

Китоб нима, десалар,
Китоб — бу кон, дедилар.
Қўшилмайман ҳеч бунга,
Ўхшамайди у конга:

Йиллар, асрлар ўтиб
Конда маъдан тугайди.
Газу темир, кўмир ҳам
Озу оздан тугайди.

Китоблар-чи, аксинча,
Ошиб борар йилма-йил.
Турар дунё тургунча,
Кўчиб юрар тилма-тил.

Китоб нима, десалар,
Китоб одам, дегайман.
Энг қадрдон оғайним,
Ичи олам, дегайман.

Одам билан дўстлашиб
Киролмасам ичига,
Дўстлик эмас дўстлигим,
Ишонмайман кучига.

Китоб қалин оғайним,
Дардлашаман секин, жим.
Гапига қулоқ солсам,
Кўринар бутун олам.

БЎРИ ЕНГИЛДИ

Дарахтда бир ин кўриб
Ўйлаб қолди шум бўри:
«Отнинг мазасин кўрдим,
Қўйнинг қонини сўрдим,
Едим баъзида қуён,
Чумчуқ емабман бирон… »

Ўйлаб турди-да бир зум
Инга сакради у шум.
Лекин гурсса йиқилди,
Бўғзига қон тиқилди.
Ув солди, чопди, елди,
Бир арра топиб келди.

Арралашга киришди,
Тез йиқай деб тиришди.
Она чумчуқни йўқлаб
Чирқиллар жиш чумчуқлар:
Чириқ-чириқ, чириқ-чуқ…
Етиб келди қўш чумчуқ.

Иккаласи ҳам учқур,
Бири бирини чўқир.
Унга ташланса бўри,
Аррани олди бири,
Дарахтга илиб қўйди,
Мириқиб кулиб қўйди.
Чумчуқлар қилди байрам,
Бўрига қилди алам,
Ҳорганча ва шалвираб
Изига кетди чарчаб.

МИРАЗИЗ АЪЗАМНИНГ «ҚИРҚ БОЛАГА ҚИРҚ САВОЛ» ( Тошкент.,»Шарқ»,2000 ) КИТОБИНИ ФАРЗАНДИНГА ЎҚИБ БЕРИНГ (УНИ ЮКЛАБ ОЛИШИНГИЗ ВА ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИШИНГИЗ ҲАМ МУМКИН)
07

07

(Tashriflar: umumiy 835, bugungi 1)

Izoh qoldiring