Sa’dixon Mavlavixon o’g’li. Tanazzul. Roman.Birinchi kitob.

0012
Икки ҳафта аввал Саъдихон Мавлавихон ўғлининг «Таназзул» деб номланган тарихий романининг биринчи китоби нашрдан чиққанидан хабар бериб, асар ҳақидаги маълумотларни тақдимот саҳифамизда эълон қилган эдик. Бугун муаллифнинг розилиги билан асарни тўлиқ ҳолда сизга тақдим этишимизни маълум қиламиз.
Тарихий романда Қўқон хонлигининг инқироз даври ўзига хос йўсинда бадиий образлар воситасида тасвирлаб берилган. Асарда кўпгина тарихий шахсларнинг қиёфалари ҳаққоний акс этганлигини таъкидлаш жоиз. Роман халқимиз тарихи, унинг яқин ўтмишдаги аҳволи билан қизиққан китобхонларда катта қизиқиш уйғотади, деган умиддамиз.

007
Саъдихон Мавлавихон ўғли
ТАНАЗЗУЛ
Тарихий романнинг биринчи китоби
001

БИРИНЧИ ҚИСМ
I БОБ


“Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар…”
Абдулла Қодирий (Жулқунбой)

1268-нчи ҳижрия, сунбула ойининг бошлари … Тошканд ҳокими Нормуҳаммад қушбегининг Қўқон хони Худоёрхон билан хуфя келишган ҳолда мутобаатдан бўйин товлаб мустақиллик эълон қилгани учун, хон Мусулмонқул мингбоши билан Тошканд шаҳрига қўшин тортиб келди. Қарийб бир тумандан ошиқроқ отлиқ сипоҳи навкарлар юзлиги билан тўп-тўп бўлиб Чирчиқ дарёси кечувидан ўтарди.

Кечувдан биринчи марта ўтаётган навкарларга далда бўлиши учун дарёнинг эни бўйлаб бир-биридан баланд-паст қилиб иккита арқон тортилган. Мусулмонқул мингбоши дарё лаби – дўнгликда бир тўп қипчоқ бий лари ҳамроҳлигида кечувдан ўтаётган навкарларни кузатар эди. Мусулмонқул ўрта бўйдан баландроқ, буғдойранг, қисиқ кўзларининг ораси текис, сийрак чўққи соқол, тишларининг ораси очиқ, ёши ўтингқираб қолган бўлишига қарамай мушакдор, бақувват, қишин-ёзин бошида оқ барра қалпоқ, эгнида қора чакманининг устидан қайиш камар боғлаб, сопи тошлар билан безатилган қилич тақиб олган.

Бир вақтлар кўпкарида отдан йиқилиб, чап оёғи майиб бўлган, шундан бу ёғига оқсоқланиб юради. Навкарларнинг ярмидан кўпи кечувдан ўтиб бўлган, кечув жойи энига кенг бўлса ҳам саёзроқ, сув сокин оқаётгани учун унчалик қийналмасдан ўтишарди. Мингбоши рўпара қирғоқни кузатар экан, кўзи хоннинг чодирига тушиб, ҳайратланди, “ия,… нега чодир тортти, булар, товба-а,… хон эсини жеп қўйғамма, нима бала. Кечувдан ўта соб шаҳарди босиш ўрниға чодир торттирғанини қора. Хонди эси жўқ, қаватидағи бек ларди ҳаммаси аҳмоқ. Қўшин бошида журсам бўларакан, тўхтатмасдан олдинға қаратиб ҳайдардим”. Хоннинг ўзига нисбатан муносабати-ю, айтган гаплари эсига тушиб, юраги ғаш тортди, сабаби ҳар доим унга қулоқ солиб, гапини маъқуллаб юрадиган хон, кейингги пайтлар юзига тик қарайдиган бўлди. Айниқса, охирги марта мингбоши унинг ҳузурига кириб, “иттан тарқаған Нормат итоатдан бўйин товлапти”, – деганида, Худоёрхон кўзларини чақчайтириб, “Азизбекни тайинладинггиз, бош тортти, Нормат кўппакни тайинладингиз, бош тортти. Ўзбошимчалик билан кенгашмасдан қилинган ишнинғ оқибати шундай бўлади, энди Тошкандга бекни ўзим тайинлайман”, – деб жеркиб ташлагани мингбошига оғир ботди. У хон ҳузуридан авзойи бузилиб чиқди.

Алам-у ғазабдан икки чаккаси лўқиллаб, лаби гезариб, қисиқ кўзларининг таги пир-пир учарди, “товба қилдим, хон бошқа бўп қоғандай, олдинлари овзимға қараб турадиған, энди жузимға тик қараб гапиряппа, бийларға кенғғаш соп буни олдини олиш керақ. Ҳаддидан ошиб кетти”. Ўша куниёқ овулга бориб, қипчоқ бийлари билан кенгашди. Анчагина мунозара, баҳслардан кейин кенгаш охирида бийлардан Ўразанбий дегани унга шундай, деди:
– Тошканға борғунча уч-тўрт жойға қўниб борасан, катта бий, жўл бўйи хон билан суйлашиб кўр, шароитға қара, бўладиған бўса бўсин, бўмайдиған бўса, Тошканға борғанинғда маъраканинғ айни қизиған пайтида қаватидағи бекларға қўшиб, шартта қатл қилдирғиндағин тахтға акаси Маллахон дима, бошқасинима қўй, гап шу.

Мингбоши, бийларнинг маслаҳати билан йўл бўйи Худоёрхонни киши билмас зимдан кузатди. Борган сари хоннинг гаплари, юриш-туришлари мингбошига ёқмай қолди. Равотларнинг бирида шомдан кейин хон ҳузуридан ранги ўчиб чиқди. Нордон гап эшитган шекилли, ўзига ажратилган хонага борар экан, бурнининг тагида ғулдиради: “Хон мамлаға кўнадиған бўсаям жўқ қиламан, кўнмайдиған бўсаям жўқ қиламан, тўртта бекди олдида абийримди тўкди, иттан тарқаған минғди ити”. Шундан кейин кечувга етганча хон билан тузук-қуруқ гаплашмади, чодирига ҳам кирмади. Ҳозир ҳам шоҳона ёзги чодирда атрофидаги беклар билан алланималарни гаплашаётган хонни кузатар экан, бир қарорга келиб, жиловдорини чақирди.
– Боймура-а-ат!
– Хўжам.
– Гавимди жахшилаб эшитиб ол, Боймурат. Маърака бошланғанда хон шаҳар дарвозасидан кирғанданоқ жузлиғинғ билан шаҳсуворди жориб кирдағин, хонди бўйниға қилич сол, калласи сапчадайин учиб кетсин кўппакди. Хон оттан жиғилди деғунча Тошкан ҳокимлиғини саған бераман, маъқулма?

Боймурод қовоқларини уйган ҳолда сўзсиз бош чайқади. Унинг бош чайқаб, рад қилишидан мингбоши ҳам ажабланиб, ҳам ғазаби қўзиди.
— Тилинғди жутғанмисан, гапир, ҳайвон!
– Хўжам, ўнта хоннинғ калласини ол, десанғиз, оламан, лекин маған Тошкандиям, бошқасиниям ҳокимлиғини кераги жўқ, қаватинғиздан қувманғ, хўжам.
– Ё, товба-а, қипчоқди ичида сендан ахмоғи жўқ, – мингбоши Боймуроднинг содиқлигидан кўнгли эриб, сарғайиб кетган тишларини кўрсатганча тиржайди, – майли, ҳокимлиқди жўқ десанғ, жўқ. Шу бугундан бошлаб Қўқондағи “Қипчоқ ариқ”ди саған ҳадя қилдим, авлод-аждодинғғача хатлаб бераман. Ўтап қона, Ўта-а-ап?!
– Бек ака хоннинғ олдида, хўжам.
– Хоннинғ олдида!? – мингбоши ажабланиб дарёнинг нариги қирғоғига, Худоёрхон турган тўпга қараб қўйди, – айттима-а, жўл бўйи хоннинғ олдидан кетмай қолди деб, тили бир чиғаров, энди ўған ишониб бўмайди… Ўска-а-ан!!
– Лаббай, катта бий?
– Сен хоннинғ жонидағи беклардан кўзинғди узма. Боймурат хонди жиғитти деғандан жигитларинғ билан Баҳодир шиғовул ди, Умарали понсодди , Саидбекди, жонида журған қирғиз жигиттиям калласини ол, – бир оз ўйланиб туриб қўшиб қўйди, – Ўтаптиям калласини ол, ит увлини, ҳокимлиқди саған бераман.
– Бош устиға, катта бий, – қўлини кўксига қўйиб Ўсканбий, хурсандлигидан терисига сиғмай.
– Энди журунғлар, кечувдан ўтамиз, – отига минар экан, узангини ушлаб турган Боймуродга қараб, – кечувдан ўтғандан кейин маған хондан олислатиб чодир торттир.
– Хўжам.

Боймурод мингбошининг ҳам мулозими, ҳам жиловдори, ўрта бўйли, ёши қирқлар атрофида, буғдойранг, у ҳам хўжасидек қипчоқ уруғидан. Сийрак мўйловли, бошида думи икки курагининг орасида осилиб турадиган тулки туммоқ, қилич осилган камари чакмон устидан қаттиқ бойланган. Ким хон бўлишидан қатъий назар, фақат Мусулмонқулга содиқлик билан хизмат қилади, камгап, савол-жавобда, буйруқ олаётганда оҳангига қараб, деярли битта сўз ишлатади – “Хўжам”.

Бийлар билан кечувдан ўтиб дўнгроққа тортилган чодирга жойлашган мингбоши, хўмрайганча атрофни кузатар экан, хон чодири атрофида югургилаб қолган одамларга кўзи тушиб, юраги яна ғаш тортди. Ҳеч кимга қарамай ўзича ғулдиради.
– Ичим қизиб боражатир, билиб туриппан, шу бугун бир нарса бўлади-ёв, журагим сезибжатир. Хонди ҳозирди ўзида жўқ қилиш керақ, – кўзларини ола-кула қилиб бийларга бақирди, – тур ҳамманғ, отға мин, ишди кейинға қолдириб бўмайди, хон ғимирлаб қомасидан, калласини ҳозир олиш керак!.. Хонди чодирини ҳозирди ўзида босамиз… Боймура-а-ат!!
– Хўжам.
– Отларди опке, хонди шу топта босамиз.
– Хонди чодириға от қўйип бўмайди, хўжам, ҳамма жойда навкарлар давра қип гурунғлашибжатир.
– Давра туври кеп қоса, ўртасидан от соб жуваринғлар, қойта ҳаммаси иргашади. Қўлинғ жетти деғандан калласини ол, иттан тарқағанди. Ия, бу човған ким бўлди яна? Анови отини қичап келаятқан сени одаминғма?

Боймурод жавоб беришга улгурмасдан Ўсканбий отлиққа қараб туриб, деди:
– Биздинғ тўпға қарашли жигит, орқасидан шайтон қувяппа, нима бала.
Чодир олдига етиб келган навкар сакраб отдан тушди-да, тез-тез юриб келиб, таъзим ҳам қилмасдан ҳовлиққанча Ўсканбийга қараб, бақиргудай бўлиб деди:
– Бий оға…
– Бас-с!! Гавинғди катта бийға қараб айт, тарбия кўрмаған, ит, – Ўсканбий навкарнинг бефаросатлигидан аччиқланиб.

Навкар Ўсканбийнинг дашномидан бир зум довдираб туриб, сўнгра мингбошига қаради.
– Хиёнат, катта бий, хиёнат!
– Хиёнат!? Қандайча хиёнат?! – мингбошининг ранги оқариб.
– Қўқонлиқлар тошқанлиқларға қўшилиб, қипчоқди қирғин қиларакан.
– Қирғин қиларакан? Ким ойтти?
– Бўлам ойтти.
– Бўланғ ким?
– Қушбегида жузваши бўб хизмат қилади, боя бўламди кўрай, деб қўшин бошиға борувдим, паналатиб маған шу гапти ойтти.

Мингбоши хон чодирига бир қараб олиб, ғазабдан бўғриқиб кетди.
– Ҳаҳ, иттан тарқағанлар! Буларди эси жўқ десам, қойта мени аҳмоқ қилишти-я. Ичим жанғандан билувдим-а. Қўшинға дам бериб, чодирди бекорға торттирмаған, бу минғди кўппағи. Нормат кўппакди келишини кутяпти…
– Ё, Парвардигор, тошқанлиқлар келдиёв…
Бийлар бараварига навкар қараган томонга қарашди. Қўйлиқ томондан чанг кўтарилиб, сон-саноқсиз отлиқлар қийқирганча от қўйиб келарди.
– Вой, бойо-ов, ҳаммаси Норматти қўшинима?
– Бир туманға бориб қолар-ов…
– Мунча воҳима қилдинғ, нари борса уч-тўрт минғ чиғади ё жўқ.
Шу пайт хоннинг чодири атрофида ғала-ғовур бошланди. Мингбоши қўлини пешонасига соябон қилиб, отлиқлар томон бир қараб олди-да, одамларига қараб, қичқирди:
– Ойттима, хон ғимирлаб қолади деб… Отланинғла-а-ар!!

Қипчоқлар бир зумда ўзларини от устига олиб, ғала-ғовур бўлаётган томонга ҳадиксираб қарашди. Шу пайт қияликда турган навкарлар пилта милтиқларини мингбошининг чодири томон қарата гумбурлатиб ўқ узиб қолишди. Ҳамма ёқни тутун қоплади. Отлар ҳуркиб, кишнаган, масофа олис бўлгани боис бирига ўқ тегиб, бирига тегмаган, қий-чув, дод-вой бошланди. Тошканликлар жангу-жадалсиз қўқонликлар билан аралаш-қуралаш бўлиб кетишди. Икки қўшин орасида турган Нормуҳаммад қушбеги билан Ўтаббой қушбеги от устида бир-бирлари билан қучоқлашиб кўришишди. Қипчоқлар ҳам қарши ҳужумга тайёрланиб, қиличларини суғуришлари билан мингбоши уларга қараб, ҳайқирди:
– Тўхта ҳайвонлар! Тўхта, дийман, кўппаклар!!!
Отларини ниқтамоқчи бўлган қипчоқлар жойларида қотиб, ҳаммалари мингбошига қарашди. Мингбоши аланглаганча кўзлари билан мулозимини қидириб, ҳайқирди:
– Боймура-а-ат!
– Хўжам!
– Кечувға бошла, ит увли!
– Наржақдағиларға ойтмаймизма?
– Уларди ҳозир қўйип тур, ўзинғди жонинғди ўйласанғ-чи, ҳайвон!

Боймурод қамчини боши узра икки марта айлантирди, сўнгра от бошини кечув томонга буриб, ҳайқирди:
– Қипчоқла-а-ар!!!… Хўжамди ўртаға об кечувға қараб ҳайда-а-а…
Шундай дея отига қарсиллатиб қамчи босди-да, дарё кечувига қараб от чоптириб кетди. Қипчоқлар ҳам қийқиришганча мингбошини ўртага ола солиб, кечувга қараб от қўйишди. Мингбоши чап қўли билан қамчи аралаш жиловни ушлаган, ўнг қўли билан эгар қошини маҳкам чангаллаганча шалоплаб оти билан сувга тушди. Етти юзга яқин отлиқ кечувидан сув тўлқинланиб, лойқаланиб кетди.

Кечувдан ўтиш мингбоши учун чексиз азоб бўлди. Дарё ўртасида сув отнинг қорнигача чиққач, назарида ҳамма имиллаб юраётгандай туюлди. Юраги шошиб, отини тинимсиз ниқтарди. Ниҳоят дарё қирғоғига чиқишди. Мингбоши яқинроқдаги дўнгга қараб отини тезлатди. Дўнгга чиқиб, отни тўхтатди-да, бурилиб, дарё томон қаради. Одамлари ўтиб бўлган, дарё олдингидай тинч оқарди. Нариги қирғоқда бақир-чақирлар жанг суронига ўхшамас, аксинча, ҳаммалари хурсандчилик қилишаётгандай эди. Навкарлар жанг қилишнинг ўрнига бир-бирлари билан қучоқлашиб, кўришишларига қараб туриб ҳеч нарсага тушунолмай бир муддат анграйиб турди. Чодир олдида хонга таъзим адо этаётган Нормуҳаммад қушбеги билан Саидбекка кўзи тушиб пешонасига шарт этиб урди. “Ҳаҳ, аҳмо-о-оқ, аҳмоқ, қари тўнка, ҳаммаси олдиндан ўйлаб қилинған иш бу, Саидбекди писанд қимаған тента-а-ак, тентак. “Кароматини кўрамиз”, – деб назарға илмовдим, жаш болани алдағандай алдади, кўппак. Айб ўзимда, ўған баҳо беришда қаттиқ адашдим”.

Атрофга аланглаб, кўз югуртирар экан, навкарларга алланималар деб кўрсатма бераётган Қиличга кўзи тушиб, юраги зирқираб кетди, “бу қирғизди назарға илмаслиқ наржоқда турсин, одам қаториға ҳам қўшмовдим. Жонибек қўрбоши дан тортиб ҳамма навкарди ўзиға қаратиб опти, ит увли, Қўйлибой айтувди-я, “ҳушёр бўлиш керак” деб, гапиға эътибор қимаппан, хомкалла. Қўшинди қарийб ҳаммаси бир зумда хон тараф бўлди-қўйди. Лаънати иттан тарқағанлар, ҳали шошмай турларинғ, Мусулмонқулдай одамди мансабидан ағдаришди кўрсатиб қўяман сен кўппакларға, хонинғдан тортиб понсод-у, шиғовулинғғача дорға остираман, ҳайвонлар!” Сўнгра ўзига кўз тикиб турган қипчоқларга қараб, деди:
– Ҳамманғ жахшилаб эшитиб ол. Паркат ти ён томонидан ўтиб Облиққа борамиз. Облиқда бир кеча қўниб эртаси Кандир, Чодак довонидан ўтиб Кетмонтепаға, Ирисқулбийдикиға қараб жўл оламиз, овқатти Облиқда, Каримқулбийдикида жиймиз. Қона, энди ҳамманғ жадалла.

Бошлаб ўзи отининг сағрисига қамчи босди. Ҳамма ёқни отларнинг дупур-дупури-ю чанг-тўзон босиб кетди. Отлиқларнинг олдида мингбоши отини гоҳ чоптириб, гоҳ йўрттириб борар экан, мияси чақмоқдай ишларди, “хў-ўш, вақт ўтмасдан Кетмонтепаға бориб, уч-тўрт минғ қўшин жиғиб, тездан саройди босиш керак. Саройда Султонбек парвоначи билан Ҳамдам понсодлар қоған, сарбозхонада нари борса бир минғ-ярим минғ навкар қоған, бу жахши. Лекин жомон томони ҳам бор. Хон Ўтапти қўшин билан бирға Қўқонға қайтариб жувариши турған гап. Қўшин жиғиб борғунимча Ўтап Қўқонға кеп қўяди, бундай пайтта саройға ҳужум қип бўмайди, жин урсин… Нима қилиш керак? Парвардигор, ишимди осон қил. Шошма, шошма, Бойзоқбийди ўртаға қўйиб, ўрислардан Саид обкеған милтиқлардан бир минғ-икки минғтасини сотиб осаммикин”, – миясига келган фикрдан мингбошининг юзлари ёришиб “ҳайт”, – деб қийқириб қўйди, – “ана шундай қиламан. У пайтта сарой наржақда турсин, амирдиям тахтини эгаллайман. Бунинғ учун бийларди Кетмонтепаға чоғиртиб, тилла жиғиш керак. Облиққа борғанда Боймуратға айтиб, бийларға чопар жувартираман”…

Облиқ қишлоғига шом аралаш хуфтонда ҳориб, чарчаб, очиқиб кириб келишди. Қишлоқда мингбошининг бўлаларидан бири Каримқулбийнинг қўрғонига тушишди. Бир вақтлар Каримқулбий додхоҳ Андижонда ҳоким бўлганида Мусулмонқулни ботирбоши лавозимига тайинлаган эди. Бий навкарларни бедазорга жойлаштириб, мингбошини ёнидаги уч-тўртта бийлари билан бирга яхшигина жиҳозланган меҳмонхонага олиб кирди. Дастурхон тузатиб, чой қўйдирди. Иккита боқилган сўқим сўйдириб, дошқозонлар остирди. Навкарлар эгар-жабдуғи олинган отларни яйловга ҳайдаб, ўзлари овқат пишгунча бедазорга чўзилишди. Каримқулбий ташқарида хизматкорларга буйруқ бериш билан овора бўлиб турган пайтда, мингбоши соқчи навкарлар билан супада гурунглашиб, дам олиб ўтирган Боймуродни чақирди.

– Хўжам!
– Туркистонбовоға чопар неччи кунда бориб қайтади?
– Бориб келиши бир ҳафтадан ошиқроқ, хўжам.
– Жахши, овқаттан кейин жигитлардан тўрттасини озувини тувурлаб, жўлға тайярла. Саҳарлаб Туркистонбовоға жўнат, нома битиб бераман, улли жуздинғ катта бийи Бойзоқбийға берсин, борған жигитлар Бойзоқбийди жўқ деғаниға қўймай ўзи билан бирға обкесин, тушундинғма?
– Хўжам.
– Кейин, жигитларди иккитадан қип ажратғиндағин, улардиям саҳарлаб ўзимизди бийларди овулиға жўнат. Туркистонбоводан чопарларди жетиб келишини чама қип, икки ҳафтадан кейин ҳамма бийлар Кетмонтепаға, Ирисқулбийди овулиға жиғилиб кесин. Кенгаш бўларакан, десин. Ўразанбий, Оқбўтабий, Қувондиқбий, Норқулбийларға “албатта борар экансиз”, – деб қоттиғана қип тойинласин. Жиғиладиған бийларди каттаси шулар, шулар нима деса, қоғани хўп дийди, тушундинғма?
– Хўжам.
– Бориб, шул ишларди тезлат, жигитларди саҳарлаб жўлға чиғар, саған жувап.

Боймурод унсиз бош силкиди-да, эшикни ёпиб, кўздан ғойиб бўлди. Бийлар Кетмонтепада икки ҳафта қолишларини эшитиб, бир-бирларига қараб қўйишди, лекин мингбошининг уйилган қош-қовоғига қараб, чурқ этмай нон ковшаб ўтиришди. Мингбоши ўзидан ёшроқ бийлар билан гаплашишни ўзига эб кўрмас, ўзидан катта бийлар билан гаплашганда ҳам гапни чўзмас, фақат Ўразанбий, Оқбўтабийлар билангина очилиб, дилдан суҳбат қурарди. Ҳозир ҳам гаплашмасдан қовоғини уйиб ўтирар экан, бийлар бир-бири билан киши билмас имо-ишора қилиб олишди-да, сўнгра ёши каттароғи юрак ютиб ундан сўради:
– Қўқонға қачон қайтамиз, катта бий?
– Нима, Қўқонға бориб ўлғинғ келяппа?
– Жўғе-е, бола-чаға қоғанда…
– Қоған бўса нима қипти, бўри жермиди?
– Бўри жемайдиғў, уйди томорқаси билан қора чопоннан тортиб овдим. Шаҳар қора чопонди қўлиға ўтса, уйди қойтиб об қўймасин дийман-да, катта бий.
– Сен тортиб оған бўсанғ, энди бу тортиб олади, дийирман навати билан деған, ўтоғаси, – мингбоши бир уҳ тортиб, зирқираётган оёқларини уқалаб, болишга суянди, – азғинтай савр қип турғин, айна, улли бийлар билан кенғғаш қип олайиқ, Худо хоҳласа, шу ойди охириға қомай Қўқонди босиб об қўямиз, кўнглинғди тўқ қиғин.

Мингбошининг гапларидан кейин бийлар сал хотиржам тортишди, ҳатто пастроқ товушда гурунглашиб ҳам олишди. Мингбоши гурунгга қўшилмай қўлидаги бўш пиёлани чой қайтариб ўтирган бийга узатди-да, гиламнинг гулига тикилиб туриб, ичида куёвини сўкди, “жахшилиқди билмаған ит увли. Ҳали шошмай турсин, менинғ совунимға кир жувмапти, куёвим деб аччи-қури гапларини кўтариб журуппан-а, аяб ўтирмасдан қўшин тортишдан олдинроқ қатл қилдириб жуварсам бўларакан, кўппакди”, – чуқур уҳ тортиб, кўзларини юмди. Хаёли уни ўтган йиллар томон олиб кетди…

* * *

…Мадалихон томонидан топталган шариат арконларини ҳимоя қилиш баҳонасида Бухоро амири амир Насруллохон, 1257-нчи ҳижрия, ҳамал ойининг бошлари да Фарғона мамлакатига қўшин тортиб келди. Жанг-у жадаллар билан Қўқонни босиб олди. Шоира Моҳларойим, унинг ўғиллари Мадалихон, Султон Маҳмудхон ва бошқа бир қанчаларни қатл қилдириб, тарёки Иброҳим хаёлни тахтга ўтқазди. Хонликдаги деярли ҳамма лавозимни манғитлар эгаллаб олишди. Эгаси ким бўлишидан қатъий назар ер-мулкларни ўзаро мусодара қилишди. Ерликларнинг бой-у камбағалини ҳам, бек-у уламосини ҳам писанд қилмай қўйишди.

Янги-янги солиқлар солиб, халққа жабр-ситам етказишади. Манғитларнинг зулмидан халқ норози бўла бошлади. Иброҳим хаёлнинг тахтга ўтирганига икки ой ўтар-ўтмас ўзбек, қирғиз, қипчоқ жамоалари бирлашиб, қирғиз Юсуфбий додхоҳ бошчилигида қўзғолон кўтаришди. Карвонсарой, сарбозхоналардаги манғитларни қирғин қилиб, қувиб солишди. Шу ғалаёнда қипчоқларга бош бўлган Мусулмонқул манғитларни қувиб, чопиб саройга бостириб кирди. От устида туриб ташқи, ўрта ҳовлидаги ҳужраларни, сарбозхонани остин-устин қилиб текширишаётган навкарларни назорат қилиб турди.

Шу пайт хон маҳкамасининг ланг очилган эшигидан бир тўп навкарларга бош бўлган Боймурод чиқиб келиб, Мусулмонқулнинг рўпарасида қўл қовуштирди. Мусулмонқул қиличининг қонини отининг сағрисидаги ёпқичга чала артиб, шиғиллатганча қинига солди-да, қўл қовиштириб турган Боймуроддан сўради:
– Хаёл қона?
– “Хўжанд” дарвозасидан чиқиб, Маҳрамға қараб қочипти, хўжам.
– Жузликни об, қув, фақат араваларни қайтар, отлиқларди қувиб журма!
– Хўжам!
Боймурод навкарлар билан ташқи ҳовлида дасталаб қўйилган отлари томон чопиб кетишди. Мусулмонқул жиловни силтаб, от бошини бурувди ҳамки, дарвоза томондан бир тўп бекларга бош бўлиб келаётган Юсуфбий додхоҳга кўзи тушиб, отдан тушишга мажбур бўлди. Юсуфбий додхоҳ Мусулмонқулга ўқрайиб қараб, деди:
– Мусулмонқул!
– Лаббай, бий оға.
– Саройға отлиқ киришға қандай ҳаддинғ сиғди? Ўзинғ қоп тарбия кўрмаған қипчоқларинғ ҳам отта кирипти. Жўғат отинғди бул жердан, ўзинғам қури!

Мусулмонқул Юсуфбий додхоҳнинг беклар олдида изза қилганидан ижирғаниб индамасдан отини ташқи ҳовли томон етаклар экан, ижирғаниб ғулдиради: “иттан тарқаған қирғизди бийи, қипчоқларди кимлиғини ҳали кўрсатип қўяман саған. Худо хоҳласа, вақти кеп саройди қўлға осам, ҳар куни отта кираман!…”

Эртаси куни хон авлодидан бўлмиш Шералихон ни оқ кигизга солишди-да, хон қилиб кўтариб, тахтга ўтқазишди. Юсуфбий додхоҳ мингбоши лавозимини эгаллаб турди. Бир қанча вақт ўтгач қирғиз, қипчоқларнинг талаби билан Шералихон Юсуфбий додхоҳни Марғилонга ҳоким қилиб, мингбоши лавозимини Шоди додхоҳга берди. Бу орада Андижонда қўшин тўплаб, қулай пайт пойлаб юрган Мусулмонқул Юсуфбий додхоҳ билан Шоди додхоҳни бирин-кетин йўқ қилиб, мингбоши лавозимини эгаллади. Салтанатни мустаҳкамлашда бирмунча ислоҳотлар ўтказди. Бекликлардаги норозилик, ғалаёнларни бартараф қилди.

1262-нчи ҳижрия, саратон ойининг ўрталари да Ўшдаги ғалаён каттароқ бўлди. Хоннинг фармони билан ғалаённи бостириш учун Мусулмонқул мингбоши тажрибали кекса понсодлардан Умарали понсодни ёнига олиб, Ўшга қўшин тортиб борди. Бу галги қўшин сафарига хоннинг рухсати билан кичик ўғилларидан бири Худоёрхон, тенгқури Саидбек билан, Нормуҳаммад юзбоши нинг юзлиги назоратида қўшин билан бирга жўнади. Худоёрхон, ўн беш-ўн олти ёшлар атрофида бўлишига қарамасдан, ўзининг ёшидан катта кўринар, овози дўриллашга ўтган, мўйловлари энди сабза ура бошлаган, табиатан қайсарроқ, ўқиш-ёзишдан кўра отда чопишни, қиличбозликни, ов қилишни хуш кўради. Саидбек шаҳзодадан фарқи ўлароқ оғир-вазмин, мулоҳазали, бўш вақтини китоб мутолаа қилиш билан ўтказар, форс, араб тилларида эркин сўзлашади.

Саидбек Шералихоннинг мушовирларидан бири Орифбек офтобачининг ўғли. Бир вақтлар Олимхон тахтга ўтиргач, тахтга даъвогарлик қилган Шералихоннинг отаси Ҳожибекни қатл қилдирди. Ўғлининг ҳам қатл қилинишидан қўрққан бегойим Орифбекнинг онасига маслаҳат солди:
– Пошшахон, Худонинг ғазабига учрагур хон эримни қатл қилдирди, энди ўғлимнинг ҳам жонига қасд қилмаса деб қўрқаман. Шуларни ўйлаб, кечалари ҳам уйқум келмайди, айланай.
Эридан барвақт тул қолган Гулсумбиби бегойимга қараб, астойдил ачиниб кетди. Бир зум ўйланиб туриб, деди:
— Хаёлимга бир фикр келди, бегойим.
— Айтинг, айланай.
– Таласда раҳматли отасининг муридлари бор. Ҳар гал нарз-ниёз олиб келишганда, “Пошшоойим, тўрачамизни овулга олиб боринг. Пиримиздан битта шу туёқ қолган”, – деб кетишади. Агар хўп десангиз, Шералихон билан Орифбек икковини Таласга олиб кетаман, бегойим. Омон-омон даврлар келгандан кейин бир гап бўлар.
Бегойим Гулсумбибининг гапларидан йиғлаб юборди.
– Шундай қилинг, пошшахон, айланай сиздан, болагинам тирик қолса бўлди, илоҳим Орифбекнинг роҳатини кўринг.

Бегойим тиззасида турган гулдор дуррасини хонтахта устига ёзди. Ўрнидан туриб, токчада турган чоғроқ сандиқчанинг қопқоғини очди-да, танга аралаш тилла тақинчоқларни ҳовучлаб дуррага сола бошлади. Сўнгра дуррани маҳкам боғлаб, Гулсумбибига узатди.
– Мана буни олинг, айланай, бу тиллалар билан болаларимизни катта қилиб, оёққа қўйишингизга бемалол етади. Биттаю-битта боламни сизга топширдим, сизни Худога топширдим, Пошшахон.
Иккала бева бир-бирларини қучоқлаб, юм-юм йиғлашди…

Эртаси куниёқ Гулсумбиби тўрт яшар Шералихон билан тенгқури Орифбекни олиб, Таласга жўнаб кетди. Муридлари ёрдамида қийналмасдан болаларни вояга етказди. Икковини бир йилда уйлантирди. Тўйдан кейин йил ўтар-ўтмас Гулсумбиби ҳаётдан кўз юмди. Шералихон тахтга ўтиргач, Орифбекни сарой хизматига олди. Ҳам мушовир, ҳам офтобачи лавозимини берди. Икки йил ўтиб, офтобачининг хотини қазо қилди. Галабаққолликда ҳовлиси бўлса ҳам уйида камдан-кам туриб, ўғли билан асосан саройда истиқомат қилади. Отаси куну-тун сарой ишлари билан банд бўлгани учун Саидбек доим Худоёрхон билан бирга. Болаликдан бирга катта бўлгани сабабли Худоёрхоннинг ўзи ҳам унга қаттиқ боғланиб қолган. Қаёққа борса ҳам Саидбекни ўзи билан бирга олиб кетади. Ҳар куни эрталаб Худоёрхон билан бирга Ҳокимойим нинг олдига саломга киради. Ҳокимойим Саидбекни ҳам ўз фарзандидек кўрар эди…

Мусулмонқул мингбоши Ўшдаги ғалаённи ҳафта ичида бартараф қилди. Умарали понсоднинг маслаҳати билан амал талашиб, ғалаёнга сабабчи бўлган Алимбек понсодни, Сайид додхоҳни, Пўлат додхоҳни растага олиб чиқиб, халқ олдида дорга остирди, бир нечтасига ҳад урдирди. Батамом тинчлик ўрнатилганидан сўнг иккинчи куни, Ўш ҳокими Муродбек қушбегининг ўрдасидаги нақшинкор хоналарнинг бирида дам олиб ётар экан, эшик секин қия очилиб, Боймурод кўринди.
– Нима гап? – мингбоши ётган жойидан бошини кўтармай сўради.
– Қўқондан чопар, Хўжам.
– Айт, кирсин.
– Икков кеған.
– Каттасини айт, бири қосин.

Боймурод ҳужрадан чиққач шошилмасдан ўрнидан туриб ўтирди-да, хонтахта устида турган қалпоғини кийди. Эшик очилиб, хонага чопар кирди. Таъзим адо қилганидан кейин қўйнидан карнай қилиб ўралган номани чиқариб, мингбошига берди.
– Янги хондан фармони олий, мингбоши жаноблари.
– Жанғи хондан?! – мингбоши номанинг муҳрига кўз югуртирар экан, – Қанақа жанғи хон? Ким хон бўлди? – чопарнинг жавобини кутмасдан мулозимини чақириб буюрди, – чопарнинғ қорнини тўйдирдағин, кейин дамини осин.
Иккови ғойиб бўлгач, муҳрни синдирди-да, номани очиб, ўқий бошлади.
Ҳуваллоҳул холиқул бориул мусаввир.

Амруллоҳи фарзатун ва амруно вожиб. Бизким, Фарғонамамлакатининғ хоқони султон ибн султон, яъни Муродхон ибн Олимхон сўзимиз: ушбуни маълум қиламизки, тарих 1262-нчи ҳижрия, моҳи саратоннинғ 8-нчисида ба амри Субҳонаҳу Шералихон ибн Ҳожибекни орадан кўтариб, тахти маврусийни эгалладиқ…
Номанинг шу ерига келганида мингбошининг этлари жимирлашиб, лабларидан сўз учди, “Ё, Парвардигор, хонимизди қатл қипти, Муродхон ким бўлди?… Э-э, бир вақтлар Умархон қатл қилдирған Олимхонди улчасиғў, буям хон авлоди”, чордонадан чўкка тушиб ўтириб олди-да, давомини ўқий бошлади. Номани ўқиган сари қовоқлари уйилиб, юзи жиддийлашди.

Ушбуға мутобиҳ фармонимиз: минғбоши лавозимида Мусулмонқул Тўрғай баҳодир ўғлини қолишини лозим топдиқ. Фарғона мамлакатиға хоқонлиғимизни тан олиб, итоат қилған ҳолда Ўш шаҳарида тинчлиқ ва тартибни барқарор қилишда қатл қилиш, авф қилиш, ҳоким тайинлаш ваколатини берурмиз. Пойтахтға зудлик билан қайтиб, Салтанат фаровонлиғи учун ба сидқи дил хизмат қилишинғғизни тақрир этдиқ. Воқеан, дилбандинғиз Абдураҳмон сарой хизматида, ояндаба валади солиҳинғизнинғ мартабаси улуғ бўлишиға бовар қилурмиз.
Илова: Бизнинғ хуфя фармонимиз, Худоёрхон ибн Шералихонни қатл қилинишини лозим топдиқ, номани олған заҳотинғиз ҳукмни кечиктирмай ижро қилинғ. Ҳукми Подшоҳ вожиб.

Номани ўқиб, ҳайратланган Мингбоши уни хонтахта устига ташлади-да, ўрнидан туриб, хонада у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Бир томондан, мансабда қолганига кўнгли хотиржам бўлса, иккинчи томондан, фавқулодда бўлиб ўтган ишлардан кўнгли ғаш эди. Тўзғиган фикрларини бир жойга йиғиб, ўйлай бошлади: “хон ҳазратларини қатл қилишибди-я, пойтахтта қирғин бўғанов, ё Парвардигор, бевақт ўлимдан ўзинғ сақла. Тахтда Муродхон, улим хон ҳузурида, яна шаҳзодани қатл қилишға пармон берипти, нималар бўлаяпти, ўзи, Муродхон қаёқдан кеп қолди… Шунча жиллар ўтиб, қаёқдан келди бу ит увли?… Шошма-шошма… Амакиси Умархон тахтға ўтирғанда, у мулозимлари билан амир Ҳайдархондан паноҳ излаб, Бухороға қочған эди. Ўшанда Умархон ишди чала қимасдан Олимхонни улларини ҳаммасини ушлаб, битта қўймай қатл қиғанда эди, ҳозир шу ғалвалар бўмас эди. Ўзи ҳеч қачон қалам аҳлидан жахши хон чиқмаған. Шуҳрати оламға тарқаған темурзода Улуғбекдай амирди қатл қиғанда, Умархон ким бўпти. Касал бўб ўлған дейди-ғў, лекин паққос заҳарлаб ўлдиришған, бу аниқ… Астофилло, товба қилдим, ўлғанларди орқасидан гапириш гуноҳ…, Муродхоннинғ қўшини жўқ, бировдинғ жардамисиз, ҳеч қачон тахтти ололмас эди, бу кундай равшан. Ким жардам бериши мумкин?… Фақат амир Насруллохон…

Ҳем-манғитнинғ кўппағи!..”, – мингбоши юришдан тўхтаб, чўққи соқолини силар экан, ўйлашда давом этди, – “энди бу жағиға ақл билан ўйлаб иш қилиш керак. Худоёрхонди қатл қип, Муродхонғға итоат қип қўяғосаммакан, Муродхонам бўса Шералихондайдир, мансабимда қосам, маған парқи нима, ё бекликларди оёққа турғизиб саройди боссаммакан, бир томондан, улчам саройда, нима қисам туври бўларикин?” Мингбошининг боши ғувиллаб кетди, бир уҳ тортди-да, қўйнидан рўмол чиқариб, терлаган пешонасини артди, “понсодди чағиртиб, ўған маслаҳат солиш керак, у вазмин, мулоҳазали одам. Бундай пайтда у жахши маслаҳат беради, жахшиси номани ўзи ўқиб қўяғосин, қона, нима дийди”, – У шу қарорга келиб, мулозимини чақириб, буюрди:
– Тез, Умарали понсодди чағир.
– Хўжам, – Боймурод буйруқни бажаргани шошибгина хонадан чиқди.

Бир оз фурсат ўтмай хонага Умарали понсод кирди. Ёши олтмишларни қоралаган, ўрта бўйли, калта соқолига оқ оралаган, ақлли, мулоҳазали, хоннинг олдида ҳам ўз фикрини эркин айтадиган, Умархон даврида оддий сарбоз бўлиб хизмат қилган, Мадалихон даврида Қашқарда Хитойларга қарши бўлган жангларда довюраклиги учун юзбоши, кейинчалик понсодлик лавозимига кўтарилган, амир Насруллохон Қўқонни босган вақтида Моҳларойимнинг буйруғи билан хоннинг жиянлари, хонзода, бекзодалар билан бир мунча сарой анжомларини олиб, ўз юзлигидаги сарбозлари қуршовида Ўшга қочган эди. Иброҳим хаёлга қарши ғалаёнда ўзининг йигитлари билан Шералихоннинг тахтга ўтиришига кўмаклашди.

– Келинғ, понсод, – мингбоши Умарали понсодга кўрпачадан жой кўрсатар экан, хонтахта устида турган номага ишора қилди, – номани ўқинғ.
Понсод кўрсатилган жойга чордона қуриб ўтирди-да, қиличини орқа томонига ётқизиб қўйди. Хонтахта устидан номани олиб ўқир экан, лабларидан хитоб учди:
– Ё алҳазар! Хон ҳазратларини қатл қилишибди-ку! – кўзини номадан узиб, мингбошига қаради.
– Ўқинғ, понсод, охириғача ўқинғ, – мингбоши чойнакдан чой қуяр экан, – кейин гаплашамиз.

Номани ўқиб бўлган Умарали понсод қовоғини уйганича қоғозга тикилиб қолиб, ҳаяжон билан мингбошидан сўради:
– Товба қилдим, товба, товба… Муродхон саройни қандай қилиб олибди? Қўшин тортиб келибдими?
– Ўзимам шуған ҳайрон бўп туриппан, понсод, қўшин тортиб кеғандайиди Самарқанға жетмасдан айғоқчиларимиз хабар қиған бўларди. Сарбозхонадағи навкарлар, шаҳар халқи бир бўп душманға қарши чиғарди. Менинғ ўйлашимча, саройда аралашиб журған уч-тўртта беклардан хоин чиққан-ов, яна Худо билади.

Шералихон қатл қилиниб, Муродхоннинг тахтга ўтиришидан Умарали понсод бир оз гангиб қолган эди. “Э, Худое-ей, бу яна нима кўргилик. Шаҳар халқи нима бўлдийикин, тахт талаш бўлганда албатта қирғин бўлади, хон ҳазратларини қатл қилишганда атрофидаги бекларни ҳам соғ қўйишмайди”, – Умарали понсод жойида бир қўзғолиб олиб, мингбошига кўз қирини ташлади, – “мингбоши номада битилган гапларга лаққа тушмаса эди, мансаб деганда ҳеч нарсадан қайтмайди бу, шароитга қараб оғмачилиқ қиладиган феълиям бор, устига-устак ўғли ҳам саройда, жин урсин, авзойига қараганда ҳали бир қарорга келмаганга ўхшайди”.

Қўлидаги номани карнай қилиб ўрар экан, мингбошидан Муродхон ҳақида сўрай кетди:
– Муродхон ким ўзи? Қаёқдан келди? Тахтга даъвогарлик қилишга ҳаққи борми?
– Ҳаққи бор. Раҳматли хон ҳазратлари билан ака-укаларнинғ болалари, – жавоб берди мингбоши пиёладаги чойни ҳўплар экан, – Олимхон, Умархон, Муродхонлар, Норбўтабийдинғ авлодидан, Шералихондан тортиб Худоёрхонғача Ҳожибекнинғ авлодидан, ўттиз беш жил олдин Умархон Олимхонди қатл қип тахтға ўтирғанида, Муродхон Бухороға қочған эди, у вақтлар амир Ҳайдархон даври эди, кейин тахтға амир Насруллохон ўтирди. Муродхонди сарой бекларидан бирортаси деярли тонимайди. Хулоса шуки, унинғ тахтға ўтиришида амир Насруллохоннинғ қўли бор деб, ўйлайман. Майли, уларди қўйиб турайиқ, понсод, номадан гапиринғ, номадан. Номада битғандай Муродхонди тан об итоат қиламизма, ё жўқма? Ишди тинчлиқ билан осон томонини кўраверайиқ, шўған нима дийсиз?

Умарали понсод қўлида карнай қилиб ўралган номага бир қараб олиб, пешонасини тириштирганча деди:
– Муродхоннинғ тахтга ўтиришида сиз айтқанчалиқ амир Насруллохоннинг қўли бўлса, бу нома биз учун тузоқ, мингбоши жаноблари.
– Тузоқ!? Нега тузоқ бўлади? Сабаб?
– Сабаби тўрт йил олдин ғалаён кўтариб, амирнинғ одамларини қирдик, Иброҳим хаёлни Бухорога қувиб, Шералихонни тахтга ўтқаздик. Ғалаёнга Юсуфбий додхоҳ бошчилиқ қилган бўлса ҳам, Насруллохоннинг бизда алами катта, амир нимани буюрса, Муродхон шуни қилади. Муродхон тахтда қолса, икки дунёда бизни соғ қўймайди, бизни саройда қатл кутаяпди, мингбоши жаноблари.

“Қатл” сўзини эшитиб, мингбошининг эти музлаб, ранги оқариб кетди, кўзини ола-кула қилиб, Умарали понсодга ўдағайлади:
– Эн-нафасинғизди иссиқроқ қинғ, понсод. Ҳар нарсаға паришта омин дейди-я…
– Бўладиганини айтдим, мингбоши жаноблари, ўзингиз ўйланг, саратоннинг олтисида йўлга чиқувдик, саккизида Муродхон саройни босган, бизнинг Ўшга жўнашимизни олдиндан пойлаб туришган. Чунки ҳеч вақт Бухородан Қўқонгача икки кунда етиб келиб бўлмайди. Боя айтқанларинггиз тўппа-тўғри, хоин ўзимиздан чиққан, бу ишларнинг тепасида амир Насруллохон тургани аниқ.

Мингбоши Умарали понсоднинг мантиқли гапларини эшитиб, анграйиб қолди. Баланд дорни кўз олдига келтириб, юраги увушиб кетди, “ё, Парвардигор, бевақт ўлимдан ўзинғ сақла, жахшиям понсодға маслаҳат соғаним, мансабға ўтираман деб қариб бўмаса дорға тортилараканман. Понсодди гаплари туппа-туври, тўр жил олдин қиған ишимизға амир бизди бирмас, ўн марта дорға осади”, тарозини палласига қараб турган мингбоши, шартта бир томонли бўлиб қўя қолди, чордонадан чўкка тушиб ўтирди-да, Умарали понсодга изоҳ бера кетди:
– Муродхон номада ўтирик битғанини ўзимам билиб туриппан, Умаралибек, номани ўқиғанданоқ бекларди хоинлиқ қиғанини, фитнани бошлаған амир Насруллохон эканлиғини дарров билдим. “Қона, понсод нима дияракан”, – деб сизға жўрттанға шу гапти айтувдим. Энди бу жағиға нима қиламиз? Ана ўшандан гапиринғ!
– Ўзингиз нима дейсиз?
– Маған қоса шу бугуноқ Андижон, Наманган, Марғилон беклариға нома битиб, чопар жуварамиз, ҳаммаси қўшини билан кеб, “Чашмаи Орифон”да қўшилсин. Тун жармида шаҳарди босамиздағин, саройди қўлға об, Муродхонни ёнидағилари билан қўшиб, қатл қип жуварамиз, гавим маъқулма, Умаралибек?
– Гапингиз маъқул, – деди Умарали понсод мингбошининг бир зумда ўзгариб қолишидан ҳайратланиб, – саройни босиб Муродхонни тахтдан ағдарадиган бўлсак, олдин шаҳардаги аҳволдан хабардор бўлишимиз лозим. Муродхон шаҳарни қандай босиб олди, беклар қай аҳволда, навкар қай аҳволда, фуқаро қай аҳволда, Муродхоннинг навкари қанча, қирғинбарот қандай бўлган, ана шуларни билишимиз лозим, қисман бўлса ҳам нома келтирган чопардан сўраб билиб олсақ, кейин шунга қараб бирга режа тузамиз.
– Туври гап, чопар билади, чопарди сўроққа тутиб, билиб оламиз, – эшикка қараб мулозимини чақирди, – Боймура-ат!

Эшик очилиб, қўлини кўксига қўйган Боймурод кўринди.
– Чопарлар нима қип жатир?
– Овқатни жеб бўб, дамини об жотир, хўжам.
– Боёноғини чоғир, кесин.
– Хўжам.
Хонага кириб келган чопар тўхтади-да, таъзим адо қилиб, қўл қовуштирди. Мингбоши билан Умарали понсод чопарга бошдан оёқ разм солишди. Чопар, ўрта бўйли, мушакдор, мўйлов қўйган, узоқдан кўзга ташланадиган беқасам чопон кийган, тортиб бойланган камарига қилич тақиб олган, тулки туммоғига чопарлик белгисини билдирувчи жиға қадаб олган. Чопар гавдасини сал олдинга эгиб, мингбошига қаради. Мингбоши қўли билан жой кўрсатди:
– Мана бу жаққа кеб ўтир. яна жағинрақ, энди ўтир, “ўтир” деяпман саған. Ана шундай, отинғ нима? Мустафоқул, дейсамма? Жахши, ҳозир понсод жаноблари саған савол берадилар. Дона-дона, аниқ қиб жавоб бер, тушундинғма?

Чопар бош ирғади. Мингбоши “бошланғ”, дегандай Умарали понсодга ишора қилди. Умарали понсод жойидан бир қўзғалиб олди-да, чопарнинг кўзларига қараб, тикилиб сўради.
– Муродхон шаҳарга қандай кирди? Шаҳарни қамал қилдими ё тўсатдан ҳужум қилдими? Қирғинда кўп одам ўлдими?
– Қамал қилгани йўқ, бек ака, янги хоннинг навкарлари “Қашқар”, “Хўжанд” дарвозаларидан бемалол кириб келишди. Шаҳар ичида қирғин бўлмади, қирғин фақат саройда бўлди.
– Саройда бўлди дейсанми? Аниқ биласанми?
– Аниқ биламан, бек ака, ҳаммамиз девонхона ёнидаги ҳужрамизда эдик.
– Ким, ҳаммамиз?
– Чопарлар, олти нафар. Қодирбек мирохур, Мадамин понсод яна бир қанча беклар навкарлар билан ташқи ҳовли билан ўрта ҳовлида хон ҳазратларининг хос соқчилари билан Орифбек офтобачини чопиб ташлашди.
Мингбоши ўтирган жойида бир сесканиб тушди.
– Шошма, Мустафоқул, шошма, қирғинда Қодирбек мирохур билан Мадамин понсод хон ҳазратлариға қарши қилич суғурдима?
– Шундай.
– Ойттим-а, Умаралибек, хоин ичимиздан чиққан деб. Акс ҳолда шаҳарди бир томчи қон тўкмасдан, қирғинсиз об бўлама, офтобачини ҳам шулар ўлдиришдима?
– Шундай, мингбоши жаноблари, саройнинг орқа томонидаги боғда ўлдиришди, хон ҳазратларини ҳимоя қилиш учун қилич суғурган экан, беклар ўртага олиб, шаҳид қилишди, кейин хон ҳазратларини чопиб ташлашди.

Умарали понсод ўтирган жойда бир қалқиб, қовоғини уйганча мингбошига қаради. Мингбоши бир уф тортиб, деди:
– Икковлариниям Худо раҳмат қисин, Орифбек офтобачи хўп одам эди, жаннати, ҳам дав, ҳам мард одам эди.
Хирож кеғанда ҳам, закот жиғилғанда ҳам на бир танға чақа, на бир мисқол нарса олар эди. Ҳақгуй ҳалол инсон эди. Хон ҳазратларидан бошқа ҳеч кимдан ҳадя олмас эди. Биттаю-битта улини ўқитиб, илмли, одобли қиб ўстирди. Шундай одамди шаҳид қилишибди-я, кўппаклар. Дарвоқе, улининғ оти Саидбекмиди, понсод? Бу шўринғ қурғурлар шаҳзода иккови бир кунда оталаридан айрилиб жетим бўлди-я, бояқишлар, – мингбошининг товуши бўғилиб қолди, кейин томоғини зўрма-зўраки бир-икки марта қириб, чопардан сўради, – фитнаға ким бошчилик қилди?

– Қодирбек билан Мадаминбек.
– Аниқ биласамма?
– Шулар бўлса керак. Чунки янги хонни тахтга ўтқазишаётганда Қодирбек билан Мадаминбек бош-қош бўлишди.
– Хи-иъ ит увли, – мингбоши ўрнидан туриб кетиб, у ёқдан бу ёққа юра бошлади, – одамзоднинғ ичини жуз жилда ҳам билиб бўмас экан-да, понсод. Бу кўппакларға ўтған жил амлокдан жер ажратиб берувдим, нонкўрлар, ҳайвонлар! – мингбоши ҳамон жаҳлидан тушмай жойига бориб ўтирди-да, Умарали понсодга қараб, вишиллади, – саройди қўлға олғанимиздаёқ иккаловини растаға об чиғиб, дорға остираман, понсод, дорға!…, – чопарга қараб, – Муродхонни қачон тахтға ўтқазишди?

– Хон ҳазратларининг қатлларидан кейин, асрдан олдинроқ Яйпан томондан келишди. Олдинда Қодирбекнинг илғорлари, эллик-олтмиш қадам кейинда Муродхон, икки ёнида Қодирбек билан Мадаминбек, бухороликлар. Орқада мингдан ошиқ сарбозлар, Қоратегин дан, Дарвоз дан, Бухородан. Қодирбек билан Мадаминбекнинг навкарлари шаҳарда тартибни назорат қилиб туришди. Шаҳар аҳолиси ваҳимага тушиб қолди. “Замон, замони Муродхон”, – деган чақириқлар билан саройга кириб келишди. Икки кун ичида бировни дорга осиб, бировни қамаб, бировни бадарға қилиб, тартиб ўрнатишгач, кейин карнай сурнайлар билан халққа ош беришди, беку-уламоларга сарполар тарқатишди.

– Аъламу-арконлар ға сарпо бериб ўзиға ағдариб оптида, кўппак, – мингбоши ғазабдан титраб.
Умарали понсод савол беришда давом этди:
– Муродхоннинг қанча навкарлари бор?
– Аниқ билмайман, икки-уч минг нари-бери бор-ов.
– Қароргоҳлари қаерда?
– Навкарларнинг ҳаммасини сарбозхоналарга бўлиб ташлаган, бухоролик навкарлар Ашир бўқоқнинг карвонсаройига қўнишган, икки юздан ошиқроғи саройда соқчилик қилишаяпти.
– Саройда соқчилар қандай қўйилган?
– Эски ҳолатда, фақат ташқи ҳовлининг соқчилари кўпайтирилган, олий ҳазрат.
– Соқчиларға ҳалиям Баҳодир шиғовул қораяппа?
– Йўқ, янги хон Баҳодир шиғовулни лавозимидан бўшатди.
– Бўшатди? Нега бўшатди? Ғалаёнға қўшилмадима?
– Шиғовул жаноблари ғалаён куни шаҳарда йўқ эдилар.
– Қаерға кетувди?
– Саройдаги ғалаёндан бир кун олдин уюрга кетувдилар. Лекин уюрдан қайтганларидан кейин янги хон шиғовулни мансабларидан бўшатипти, мулозимлари айтишди.
– Шиғовулнинғ ўзи ҳозир қаерда? – Шаҳар ташқарисидаги чорбоғида, шекилли. Ёзда доим чорбоғда бўладилар.
Мингбоши билан понсод бир-бирларига қараб олишди. Нома ўқилгандан бу ёғига биринчи марта икковининг юзларида табассумга яқинроқ бир ифода пайдо бўлди, “понсодға айтиш керак, тездан шиғовулға нома битиб жуварсин”. Мингбоши хаёлидан шуларни ўтказар экан, чопардан сўради:
– Сарой соқчилари, кимнинғ жузлиғидан? – Биздан эмас, ҳаммаси янги хоннинг навкарлари. Фақат қалъа дарвозаларининг соқчилари Қодирбек билан Мадаминбекнинг юзлигидан. – Сарой соқчиларининғ бошлиғи ким ?
– Қаноатшо , қоратегинлиқ, соқчиларга шу қарайди.
– Жин урсин бу маччойиларди, – мингбоши ғижинганча ўтирган жойида бир қўзғолиб олди, – сени ким жуварди?
– Қодирбек мирохур юборди.
– Ўзи чоғирдима?
– Йўқ, Қодирбекнинг жиловдори сизнинг ҳужранггизга бошлаб борди. Хонага кирганимда сизнинг ўрнингизда Қодирбек, анови бухороликларнинг биттаси билан бирга ўтирган экан. Ҳамма бекликларга номаларни шулар битишган шекилли, хоннинг муҳри хонтахта устида турувди. Қодирбек сизнинг номингизга битилган номани менга топшириб, дарҳол Ўшга жўнашимга фармон берди.
– Қодирбекни менинғ ҳужрамда дединғма?
– Сизнинг ҳужрангизда, олий ҳазрат.
– Менинғ жойимди кўзлапти-да, ит увли.

Мингбоши “бошқа гавим жўқ” дегандай, бошидан қалпоғини олиб, хонтахта устига қўйди-да, орқасидаги ёстиққа ўзини ташлади. Умарали понсод мингбошига бир қараб олди, сўнгра жиққа тер босган чопарга қараб, деди:
– Сени саволлар билан роса чарчаттик шекилли, Мустафоқул. Бориб, дамингни ол, кейин ўзим чақиртираман.
Чопар сўзсиз ўрнидан туриб, қўлини қовуштирди.
– Шошма, – деди мингбоши, болишга суянган ҳолда энди юрмоқчи бўлган чопарни тўхтатиб, – эшиғинғда бола-чағанғ борма?
– Учта болам бор, олий ҳазрат.
– Бўлмаса, жахшилаб эшитиб ол. Болаларинғ билан узоқ жашайман десанғ, бу жерда бўған савол-жавоблар ҳақида бировға чурқ этмайсан, акс ҳолда бошинғ ўлимда, молинғ талонда. Понсод жанобларининғ айтғанларини бажарасан, тушундинғма?
– Тушундим, мингбоши жаноблари.
– Тушунған бўсанғ, саған жувап.

Чопар таъзим адо қилиб, орқаси билан беш-олти қадам юрди-да, кейин бурилиб, хонадан чиқди. Икковлари ёлғиз қолишгач ҳар бири ўз хаёли билан банд бўлди. Умарали понсод чопарга тайинлайдиган гаплари ҳамда янги хонга юбориладиган номанинг мазмуни устида фикр юритар, мингбоши эса сарой ва туман бекларини хаёлан бир-бир кўз олдидан ўтказар эди. У табиатан қўпол бўлганлиги учун деярли ҳамма беклар билан расмий муомалада бўлар, бирортасига кулиб яхши гапирмас, вазифасини дўндирган бекларга ҳам “бўпти, ишинғға бор”дан нарига ўтмас эди. Мингбоши бекларга нисбатан ўзида ишончсизлик туйғусини ҳис қилди. Юраги ғашланиб, бир уф тортди-да, понсодга қаради. Умарали понсод ҳануз ярим юмилган кўзларини ҳар-ҳар вақт пирпиратиб, бир нуқтага тикилиб ўтирарди.
– Хў-ўш, понсод жаноблари, – деди мингбоши, ўртадаги жимликни бузиб, – саройдағи аҳволни сал бўлса ҳам билиб олдиқ. Энди айтинғ, ишни нимадан бошлаймиз?
– Муродхонга нома битишдан бошласак, девдим.

– Маъқул, – деди мингбоши калпоғининг ичидан оқ тоқияни олиб, бошига кияр экан, – Муродхонға битаётған номанғизға шуларни илова қинғ. Муродхон ибн Олимхон ҳазратларини Фарғона вилояти хони деб тан оламиз ҳамда итоат қиламиз, бизға кўрсатған илтифотларини бажонидил қабул қиламиз, номада берған пармонларини сўзсиз ижро этамиз. Ҳа, айтғандай, шуни ҳам келиштириб битинғ, қипчоқ, қирғизлар ғалаён кўтармаслиқлари учун, Худоёрхонди ими-жимида Жазжаванда қатл қиламиз, хуллас, шундай битинғки, нома ишонарли чиқсин, – мингбоши шу ерга келганида бир оз ўйланиб турди-да, Умарали понсодга хавотирланиб қаради, – Понсод! Жанғғи хон, бўса-бўмаса жўлларға, равотларға ўз айғоқчиларини қўйиши мумкин. Шаҳзоданинг қўшин билан пойтахтға бориши режаларимизди чиппака чиғариб журмасин. Саидбек икковини Нормуҳаммаднинғ жузлиғиға қўшиб, пастқам жўллар билан жўнатиш керак.

– Гапингиз маъқул, мингбоши жаноблари. Шаҳзодани пойтахтга ўн чақирим етмасдан Катта Кенагасга, Султонбек парвоначининг қароргоҳига юборамиз. Мен нома битиб, чопардан юбораман, шаҳзодани кутиб олишади. Саройни олганимизга қадар ўша ерда тургани маъқул, хавф-хатардан холи, – деди Умарали понсод, чордона қуриб ўтирган жойида бир қўзғалиб, уюшган оёқларининг жойини алмаштирди-да, сўзида давом этди, – Марғилон беги Ўтаббойга ҳам нома юборамиз, бир-икки минг навкари билан “Чашмаи Орифон” равотида бизга қўшилади. Андижон, Наманган бекларига индамаймиз. Ўзимизда мингдан ошиқроқ бор, Муродбек қушбегида мингта навкар, шиғовул билан парвоначида мингтадан икки минг, ҳаммаси беш мингдан ошиқроқ. Шунча навкар, менимча, етса керак, мингбоши жаноблари? Яна ўзингиз чамалаб кўринг.

Мингбоши бир зум кўзларини юмиб, чўққи соқолини силади, сўнгра Умарали понсодга қараб:
– Агар пойтахтти қамал қиладиған бўсақ, яна шунча навкар керак бўлади, иш қамалғача бормаслиғи учун Баҳодир шиғовулға нома битиб жуваринг. Шиғовул бирор жўлини қиб қалъа дарвозаларини очиб берса, сиз айтған навкарлар жетиб ортади.
– Нома билан иш битмайди, мингбоши жаноблари, – Умарали понсод, мингбошининг йилтираб турган киприксиз қисиқ кўзларига қараб, – шиғовул билан юзма-юз гаплашишим керак, шаҳардаги аҳволни ўзидан эшитиб, шунга қараб иш тутамиз.

Мингбошининг туксиз қошлари баланд кўтарилди. Ораси очиқ тишларини кўрсатиб, оғзини очганича Умарали понсодга қараб қолди. Умарали понсоднинг гаплари унга жуда маъқул келган эди.
– Жуда жахши ўйлабсиз, понсод жаноблари, жуда жахши, – деди мингбоши тили калимага келиб, – ўзинғиз бориб, шиғовул билан жузма-жуз гаплашишинғиз жуда маъқул иш. Қачон жўнамоқчисиз ?
– Саҳарлаб жўнасам керак. Олдин номаларни битиб, чопарларни жўнатай. Сиз кечқурунга бекларни кенгашга чақиртиринг, ҳа, айтгандай, Худо хоҳласа, Муродхонни тахтдан ағдардик дейлик, маслаҳат билан тахтга кимни ўтқизамиз?
– Кимди ўтқизамиз дейсизма? – мингбоши бу ҳақда ўйлаб кўрмагани учун Умарали понсоднинг ўзидан сўради, – ўзинғиз нима дейсиз? Кимди ўтқизсақ бўлади?
– Тахтга ҳақдорлардан иккита муносиброғи бор, – жавоб берди Умарали понсод бир оз ўйланиб туриб, – бири Тошканд ҳокими Саримсоқбек , бири Андижон ҳокими Маллахон. Икковиям хон авлоди, Худо раҳмат қилсин, Шералихон ҳазратларининг, ўғиллари, шу икковидан қайси бири сизга маъқул бўлса, ўшани ўтқизамиз?

Мингбоши бошидан қалпоғини олиб, пешонасини тириштирди. Рўмол билан пешонасини артиб, қалпоғини қайтадан кийди. Бироз муддат соқолини силаб туриб Умарали понсодга қараб, деди: – Икковиям бўлади, понсод жаноблари. Лекин уларнинғ бирини об кеғанча ҳафта-ўн кун вақт кетади, ҳозир вақтимиз тиғиз, жахшиси, олдимизда журған Худоёрхонни тахтға ўтқазиб қўяғоямиз.
Умарали понсод ажабланиб мингбошига қаради:
– Худоёрхонни дейсизми? Ёшлик қилмасмикин? Энди ўн олтига тўляпти. Акалари турганда уни тахтга ўтқазсак, қандай бўлар экан? Маллахонни билмадим-у, лекин Саримсоқбек жуда ҳам қайсар, Худоёрхонни тан олмаса керак, бўйсунмаслиги аниқ.
– Ажаб қизиқсиз-да, понсод. Ота-боволаримиз даврида Худоёрхондан ҳам жашрақ шаҳзодалар тахтға ўтиришған, эси кириб, суяғи қотғунча мамлакатти ўзимиз идара қип турамиз, у жағиға Худо халлоқ. Саримсоқбекка келсак, уни маған қўйиб беринғ, уни ўзим бўйсундираман.

Умарали понсод мингбошининг мақсадини тушунди. Унга фармон берадиган хон эмас, балки маслаҳат сўраб, гапига кирадиган хон керак эди. Лекин кўзларининг чақнаб кетиши Умарали понсоднинг юрагида хавотир уйғотди. “Парвардигор, фитналардан ўзинг асра, бу дашти қипчоқнинг юзи-кўзидан нималарни ўйлаётганини билиб ҳам бўлмайди, жин урсин. Бир балони бошламаса эди, бу чўлоқ.” Шуларни хаёлидан ўтказаётган Умарали понсод мингбошига зимдан қараб, деди:
– Тахтга Худоёрхонни лозим кўрган бўлсангиз, ихтиёрингиз, мингбоши жаноблари. Ишқилиб охири бахайр бўлсин. Бирор-бир нарсани олдиндан билиб бўлмайди. Худо кўрсатмасин, кейинчалик ака-укалар ўртасида низо чиқиб, қон тўкилмасин, деб қўрқаман.
– Хотиринғиз жам бўлсин, понсод жаноблари, – деди мингбоши санча бошлаган чўлоқ оёғини уқалар экан, – бунчалиққа бориб жетмайди, ҳар қандай низони сулҳ билан бартараф этаман. Олдин саройни қўлға об, Худоёрхонни тахтға ўтқазайиқ, қоғани бир гап бўлар.
– Маъқул, хон ҳазратларининг қатлларини шаҳзодага айтмай турсакмикин дейман, сиз нима дейсиз?
– Гапинғғиз маъқул, понсод, кейинрақ бир жўлини қилармиз, – эшикка қараб қичқирди, – Боймура-а-ат!.. Шаҳзода қона?
– Қушбегининғ шаҳар ташқарисидағи чорбоғида, хўжам, одам жуварайма?
– Шошма! – деди мингбоши, сўнгра кетишга ҳозирланиб ўрнидан турган Умарали понсодга қараб, – сиз номаларди битиб, чопарларди жуваринг, икки соатлардан кейин қушбегининғ чорбоғиға жўнаймиз. Қоған гапларди жўлда гаплашамиз.
– Маъқул, – Умарали понсод увишиб қолган оёқларини эҳтиёт билан бир-бир босиб хонадан чиқди.
– Сен чорбоққа одам жувар, – деди мингбоши, қўл боғлаб турган Боймуродга, – понсод билан бораётғанимизни айтсин, кейин ҳамма жузбошиларни айтиб чиқ, шомдан кейин шу жерға жиғилишсин.
– Хўжам.

Эшик ёпилгач, мингбоши ўзини ёстиққа таппа ташлади-да, узала тушиб ётди. Кўзларини юмган ҳолда Умарали понсод билан қилган маслаҳатларини бир-бир хаёлидан ўтказа бошлади. “Ҳаммасини маслаҳат қип бўлдиқ, шекилли, уф-ф… Худоға шукур, муаммоларди қарийб жарми ҳал бўлди-ёв. Ишлар кенғаш қиғанимиздай кетса, жахши, худди мойда журғандай силлиққана бўб кўчади, илойим шундай бўсин. Хў-ўш, понсод номаларди битиб, жўнатғандан кейин иш бошланади. Муродхон битған номамизға ишонған тақдирдаям ҳамма жойға айғоқчи қўйиши ониқ, лекин ҳеч ким, ҳеч нарсани билмайди, бу жахши. Шиғовул қўшин жиғаман, деб ҳамма жерға довруқ соб жувармасайиди, – мингбоши ўрнидан туриб ўтирди, – жўғ-е, довруқ сомайди, унинғ эси бутун, ишди ими-жимида қилади. Парвоначиниям овзи маккам, ияҳ,… вой тента-а-ак, – мингбоши пешонасига тарс этиб урди, – улим эсдан чиқипти, понсод билан улимди гаплашмаппиз, – мингбоши ўрнидан бир туриб қайта ўтирди, – жўлда гаплашаман, чорвоққа бораятғанда гаплашаман, – мингбоши бир “уф” тортиб, ёстиққа суянди, – Парвардигор, бало-қазодан Абдураҳмонжонимди ўзинғ асра, битта-ю-битта улим, қоғани қиз…”
Мудрамоқчи бўлиб турган мингбошининг уйқуси учиб кетди. Пешонасини тириштирганча бошини хам қилиб, ўйга толди…

* * *

Икки соатлардан кейин Умарали понсод билан Мусулмонқул мингбоши, соқчи навкарлар кузатувида шаҳар қалъасининг “Ўзган” дарвозасидан чиқишар экан, олдинроқда кетаётган иккита отлиқ навкар йўл очиб боришар эди:
– Пўшт ! Йўлдан қоч!
– Четроққа ўт! Четроққа деяпман, ҳайвон!
– Ҳў-ўй! Отдан туш, мингбоши жаноблари келаяптилар, тез отдан туш, овсар !
Навкарларга дарвоза соқчилари ҳам ёрдамлаша кетишди:
– Қа-а-айт!! – соқчилар дарвозага кирмоқчи бўлаётган от аравани тислантиришар экан. – Орқага қа-а-айт, ўнгроққа ол, ўнгга ол, деяпман санга, хонасаллот, ҳа, ана шундай.
– Болангни олдинга ол, энағар…
Умарали понсод билан мингбоши, Муродбек қушбегининг сайислари томонидан безатилган отларда савлат тўкиб келишар, сал орқароқда ўн чоғли навкарларга бош бўлиб Боймурод уларни кузатиб келар эди. Дарвоза соқчилари бир қатор тизилишиб, таъзимда туришди. Қалъадан бир оз узоқлашиб, йўловчилар, деҳқонлар, чорбозорчилар анча сийраклашди. Мингбоши отининг жиловини ярим тортиб, гапириб келаётган Умарали понсодга тенглашди. Понсоднинг гапларини эшитиб бўлиб, отининг жиловини тортиб, таққа тўхтади.

– Умаралибек, боя бошқа гаплар билан бўб, улимди эсдан чиқариппиз. Абдураҳмон саройда-ку, агар саройди қамал қиладиған бўсақ,.. – мингбоши гапини давом қила олмади.
– Хотиржам бўлинг, мингбоши жаноблари, менинг эсимдан чиққани йўқ. Шиғовулга нома битаётганимда Абдураҳмон тўғрисида ҳам қўшиб битдим.
– Хайрият, шиғовулға нима қилиш кераклиғини тушунтириброқ биттинғизма?
– Баҳодирбекка тушунтиришнинг ҳожати йўқ, мингбоши жаноблари, нима қилиш кераклигини сиз-у мендан яхши билади. Борганимда шу ҳақда яна батафсилроқ гаплашиб оламан, кўнглингиз тўқ бўлсин.
– Худога шукур, понсод, бир енгил торттим, – мингбоши тўхтаган отини ниқтаб, – ҳа, айтғандай, бояна, навкарлардан тўрттасини қаерға жўнатдим дединғғиз?
– Ие, шунча гапирган гапларимни наҳотки эшитмаган бўлсангиз?
– Маъзур тутинғ, понсод, хаёлим улимдайиди.
– Шундай денг, хўп, эшитинг бўлмаса, мингбоши жаноблари, чопарларни жўнатганимдан кейин, орқаларидан тўртта навкарни Хўжанд томонга жўнатдим. Пойтахтнинг ўн-ўн икки чақирим атрофини қараб келинглар, дедим. Амир Насруллохон Муродхонга мадад кучи юбориши эҳтимолдан холи эмас.
– Амир Насруллохон, Хоразм билан туташған сарҳади билан банд, бир жилнинғ ичида амирнинғ учта карвонини туркманлар талаб кетишған, ҳозир шулар билан овора бўса керак, лекин навкарларди жувариб, жахши иш қиғансиз, ҳар ҳолда кўнғлимиз тўқ бўлади.

Олдинроқда кетаётган икки навкар отларининг бошини карвон йўлидан чапга, қушбегининг чорбоғига борадиган йўлга қараб буришди.
– Сиз шаҳзодани, чорбоғнинг ўзидан, саҳар йўлга чиқишга кўндиринг, – деди Умарали понсод мингбошига, – Нормуҳаммадга секин тайинланг, мавридини топиб, хон ҳазратларининг қатл қилинганларини шаҳзодага йўлда айтсин, бу ўсмирлар оталарининг ўлимини эшитса, қай аҳволга тушишини Худо билади.
– Обтовачининғ ўғли оғирроқ-қў-ў, лекин шаҳзода бир мартаға тўпаланғ қилади.
Иккови бир оз фурсат жим кетишди.
– Мен саҳар Азимбекнинг йигирмата навкари билан йўлга чиқаман, – гапини давом қилди Умарали понсод, – бориб, Баҳодир шиғовул билан обдон маслаҳатлашаман, қўшин шаҳарга кириши учун учта – “Марғилон”, “Риштон”, “Тоғлиқ” дарвозаларининг очиқ бўлишини таъминласа, шунга қараб бу ёғини ўзингиз ҳал қиласиз, мингбоши жаноблари…

Мингбоши билан Умарали понсод, йўл бўйи мулоҳаза, мунозара, баҳслардан кейин маслаҳат пишиб, бир қарорга келишганда, Муродбек қушбегининг чорбоғига етиб келишди. Ланг очилган чорбоғнинг дарвозаси олдида, Нормуҳаммад юзбоши бошчилигида навкарлар, мингбоши билан Умарали понсодни таъзим билан кутиб олишди. Бири отларининг жиловидан, бири узангиларидан ушлаган навкарлар, икковларининг отларидан тушишга ёрдамлашишди.
– Қийналмай, яхши келдиларми? – деб сўради Нормуҳаммад мингбоши билан Умарали понсодга таъзим қилган ҳолда.
– Худоға шукур, – деди мингбоши, отнинг жиловини тушишга ёрдамлашган навкарларнинг бирига узатар экан, – шаҳзода қона?
– Ичкаридалар.
– Бориб айтғин, ҳузурлариға кирамиз.
– Бош устига.
Юзбоши ташқари ҳовлидан юриб, шошибгина зинадан кўтарилди-да, равон бўйлаб илдамлади. Нормуҳаммад юзбоши баланд бўйли, келишган, ёши йигирма беш-йигирма олтиларда, ақлли, довюрак, ҳарбий машқларда яхшигина таълим олган, шу билан бирга ўсмирлик даврида мадрасада ҳам ўқиган. Уч йил олдин Шералихон Нормуҳаммадни чақириб, деди:
– Шу бугундан бошлаб шаҳзодага кичкина оталиқ бўласан, Нормуҳаммад, шаҳзода қаерга борса, уни кузатиб борасан.
– Бош устига, хон ҳазратлари.

Шундан бери Нормуҳаммад Худоёрхон билан Саидбекни қаерга боришларидан қатъий назар уч-тўртта навкари билан кузатиб борадиган бўлди. Нормуҳаммад даҳлизга кириб, кўздан ғойиб бўлиши билан мингбоши камарини тузатган бўлди-да, Умарали понсодга қараб, деди:
– Понсод жаноблари! Шаҳзодаға озғинтой ўтирик гапирамиз, зарурат. Қона, орқамдан журунғ.
Нормуҳаммад юзбоши уларни даҳлизда қарши олиб, ярим таъзим билан хонага таклиф қилди. Нақшинкор, ҳашаматли катта хона… Гиламлар тўшалган… Хонанинг равон томонида деразалар бўлиб, ички ҳовли томони ҳаммаси токчалар, қопқалари майда нақш, хона тўрида қўшқават кўрпачада Худоёрхон ўтирар… олдида дастурхон ясатилган… Ҳар хил ноз-неъмат. Хона ўртароғида Саидбек ярим таъзим қилган ҳолда қўл қовуштириб турар эди. Мингбоши билан Умарали понсод хонага олдинма-кетин киришди-да, шаҳзодага ярим таъзим қилишди. Саидбекнинг таъзимига алик олган бўлишиб, бош қимирлатиб қўйишди.
– Келинг, мингбоши жаноблари, мана бу ёққа марҳамат, – Худоёрхон уларни дастурхонга таклиф қилиб, жой кўрсатар экан, – понсод жаноблари, марҳамат қилинг.

Фотиҳа ўқилиб, ҳол-аҳвол сўрашилгандан сўнг, Худоёрхоннинг ишораси билан қўл боғлаб турган Саидбек пастроққа ўтирди-да, нон ушатиб, чой қайтарди. Саидбекнинг енгил ва чиройли ҳаракатларидан яхшигина таълим олганлиги кўриниб турар эди. Уни зимдан кузатиб турган мингбошининг хаёлидан “одоб-у, тартиби жойида, нуфузли меҳмонларни кутишға қўйса бўлади”, – деган фикр ўтди.
– Таомга марҳамат қилсинлар, жаноблар, насибалари қўшилган экан.

Худоёрхон каттагина чинни лагандаги қовурмага меҳмонларни манзират қилди. Саидбек узатган пиёладаги чойларни олиб, мингбоши билан Умарали понсод овқатга машғул бўлишди. Худоёрхон қўлидаги иликни бежиримгина пичоқ билан тозалар экан, мингбошидан сўради:
– Шаҳар тинчми, мингбоши жаноблари? Дўкон, расталар ишлаяптими?
– Худоға шукур, шаҳар тинч, шаҳзодам, қадимғисидан ҳам жахши, – жавоб берди мингбоши бўш пиёлани

Саидбекка узатаётиб, – бозор гавжум, дўкон расталарда савдо-сотиқ авжида, гузарларда косиб ҳунармандлар ишлашаяпти, тартиб жахши, шаҳзодам, халқ тирикчилиғини қип жатир.
Суҳбат асосан бозордаги нарх-навою, фуқаронинг осойишталиги устида кетди. Умарали понсод билан Саидбек одоб доирасида сукут сақлаб ўтиришди. Худоёрхон қўлларини дастурхон четида турган рўмолга артар экан, мингбошига синовчан қаради:
– Менинг олдимга бежиз ташриф буюрмаган бўлсангиз керак, мингбоши жаноблари? Сафаримиз қариганга ўхшайди. – Шундай шаҳзодам, сафаримиз қариди, – деди мингбоши томоғини қириб, Умарали понсодга бир қараб олди-да, гапида давом этди, – отанғиз – хон ҳазратларидан чопар келди. Катта Кенагасда Султонбек парвоначининғ қароргоҳида катта жиғин бўларакан. Сизнинғ ўша жиғинда бўлишинғиз буюрилған.

– Султонбек парвоначи деганингиз, икки йил олдин сарой хизматидан бўшаб кетган одамми?
– Худди ўша, шаҳзодам, совлиғи туври кемағанлиғи сабабли, отанғиз – хон ҳазратларидан рухсат сўраб, сарой хизматидан бўшаған. Ахир парвоначи, авлодинғиз, Худо раҳматиға олсин Умархон ҳазратлариға, Мадалихон ҳазратлариға, отанғиз – хон ҳазратлариға хизмат қип кеған, ҳурмати бор, шунинг учун саҳар Нормуҳаммаднинғ жузлиғи билан жўлға чиқишинғиз лозим, шаҳзодам.
– Сизлар-чи? – Мингбоши яна зўрма-зўраки томоғини қирди-да, ўтирган жойида бир қўзғолиб олиб, жавоб берди. – Отанғиз – хон ҳазратлари, маған жўғори сарҳадларни қараб келишимға фармон бериб жуварибдилар. Худо ҳоҳласа, индин саҳар қўшин билан жўлға чиқамиз. Мингбоши Умарали понсодга қараб қўйди. Умарали понсод бошини эгганича бир нуқтага тикилиб ўтирар эди.
– Ҳукми подшо вожиб, мингбоши жаноблари, – деди Худоёрхон жилмайиб, – ҳозир десангиз ҳам йўлга тайёрмиз. – Қуллуқ, шаҳзодам, – деди мингбоши енгил тортиб, – энди бизға рухсат берсанғиз, жўлға тайёргарлик кўрсақ, сиз ҳам жўл олдидан дам олинғ, ахир Кенагасғача камида икки-уч қўниб, манзилға жетасиз.

Қисқа фотиҳа ўқиб туришди. Ташқари ҳовлида навкарлар отларни тайёр ҳолда ушлаб туришар, дарвозадан нарироқда Боймурод бошлиқ навкарлар отларининг жиловидан ушлаб, тик турган ҳолда кутиб туришарди. Худоёрхоннинг ҳузуридан мингбоши билан Умарали понсодни кузатиб келаётган Нормуҳаммад, ташқари ҳовлига чиқишлари билан илдамгина олдинга ўтди-да, навкарлар тутиб турган отнинг узангисидан ушлади. Мингбоши бир ҳаракат билан ўзини эгар устига олиб, жиловни қўлига олар экан, Нормуҳаммадга деди:
– Нурали сарбоз қона?
– Шу ерда, мингбоши жаноблари, чақирайми? – Бирға чиғинғлар! – Бош устига. Нормуҳаммад, четроқда қўл боғлаб турган Нурали сарбозга қўли билан ишора қилди. Нурали сарбоз Нормуҳаммаднинг юзлигида оталиқ вазифасида хизмат қилар, ўрта бўйли, ёши элликлар атрофида, Мадалихон тахтга ўтиргандан бошлаб сарбоз бўлиб хизматга кирган, деярли ҳамма урушларда қатнашган, тажрибали, мулоҳазали, ақлли сарбоз. Керак бўлган пайтда Нормуҳаммадга маслаҳат берар, юзликдаги интизомни назорат қилади. Навкарлар Нормуҳаммаддан кейин, Нурали сарбозга сўзсиз бўйсунишар ва уни самимий ҳурмат қилишади. Чорбоғ дарвозасидан чиқиб, бир оз юрилгач, мингбоши отини секинлатди-да, орқага бурилиб, тўхтади.Умарали понсод ҳам отини буриб, мингбошидан сал орқароқда жиловни тортди. Илдамгина юриб келаётган Нормуҳаммад билан Нурали сарбоз, беш-олти қадам етмасдан мингбошининг рўпарасига келишди-да, қўл қовуштириб туришди.

Мингбоши бир оз сукут қилиб турди, сўнгра салмоқли оҳангда сўз бошлади:
– Гапларимни жахшилаб эшитиб олинғлар! Шу дақиқадан бошлаб шаҳзодаға бошларинғиз билан жавоб берасизлар. Бугун пойтахтдан чопар келди. Хонимиз Шералихон ҳазратларини қатл қилишибди. Тахтға шаҳзоданинғ амакиваччаси Муродхонни ўтқазишибди.

Бу хабардан Нормуҳаммад билан Нурали сарбоз, мингбошига қараб, бақрайиб қолишди. Нурали сарбоз тезда ўзига келиб, юзига фотиҳа тортди. Мингбоши қовоғини уйиб, бўғиқ овозда гапиди давом қилди:
– Ниятимиз, Худо хоҳласа, Муродхонни тахттан ағдариб, Худоёрхонни ўтқазамиз. Нормуҳаммад, сен ҳозир бориб, навкарларинға фармон бер, жўлға ҳозирлиқ кўришсин. Шаҳзода билан Саидбекни олиб, жузлиғинг билан саҳар жўлға чиқасизлар. Манзил Катта Кенагас, Султонбек парвоначининғ қўрғониға борасизлар. Жузлиғинғ шаҳзода билан қўшиндан алоҳида кетишларинға сабаб, Муродхон номада унинғ қатлиға фармон берған. Уни авайлаб қўриқланғ, жўлда карвонларни айланиб ўтинғ. Икковиға ҳам оталари қатл қилинғанларини, мавридини топиб, жўлда айтасан. Султонбек парвоначиға чопар жуворғаммиз, сизларни кутиб олишади. Фақат қароргоҳға жарим тунда кириб боринғ, кечаси-ю кундузи чорбоғдан чиқманғ. Кейинғи фармонни Баҳодир шиғовулдан оласиз, – мингбоши бир оз нафасини ростлади, кейин Нурали сарбозга деди, – Нурали! Сен ҳар доим икковиға кўз-қулоқ бўлиб тур, овқати, кийимиға қара, тушундинғма?
– Бош устига, мингбоши жаноблари!
Мингбоши Умарали понсодга қаради. Умарали понсод бир оз ўйланиб туриб, кейин пастроқ товушда деди:
– Нормуҳаммад, фалак чархи қайси томонга айланишини билиб бўлмайди. Худо кўрсатмасин, бирон нарса сабаб бўлиб, ишларимиз амалга ошмай қолса, шаҳзода билан Саидбек икковини олиб, довон орқали Тошкандга олиб кетинглар. Тошканднинг беги Саримсоқбек, шаҳзоданинг акаси. У ёғига ўзи бир йўл кўрсатар.

Умарали понсод гапини тугатиб, мингбошига қаради:
– Мингбоши жаноблари, энди буларга йўл олдидан бир оқ фотиҳа беринг!
Мингбоши қўлини фотиҳага очаётиб “ўзинғиздан бўлсин”, – дегандай боши билан имо қилди. Умарали понсод фотиҳага қўлини очди:
– Парвардигорим сизларни ўз паноҳида асрасин, сафарларингиз бехатар бўлсин, соғ-саломат манзилга етиб олинглар, Оллоҳу акбар! Энди боринглар, сизларга оқ йўл!
Мингбоши билан Умарали понсод отларини йўлга буришди-да, йўрттириб кетишди. Четроқда турган соқчи навкарлар ҳам жойидан қўзғалишди. Нормуҳаммад юзбоши билан Нурали сарбоз қўл қовуштирган ҳолда уларни кузатиб қолишди. Навкарлар ортидан чанг кўтарилиб, кўздан ғойиб бўлишгач, ҳали ҳам ўзига кела олмаган Нормуҳаммад Нурали сарбозга қараб, деди:
– Нурали амаки, хон ҳазратларини қатл қилишибди-я! Шаҳзоданинг ҳам қатлига фармон келибди. Бу қирғинларнинг охири кўринадими ўзи?

Нурали сарбоз бошидаги қалпоғини тўғрилаб туриб деди:
– Худо билади, бегим. Ҳамма шаҳзода-ю хонларнинғ боши теппасида қилич осилиб туради шекилли. Эсимни танибманки, Умархондан ташқари ҳамма хону-шаҳзодаларни қатл қилишган, тавба қилдим, Парвардигор, гуноҳкор бандангни ўзинг кечир, – Нурали сарбоз кўкрагига “туф-туф” деб қўйди-да, гапини давом қилди, – энди бегим, сиз шаҳзоданинг олдиларига боринг. Мен ўнбошиларни йиғиб, йигитларни йўлга ҳозирлай, ахир ўзимизга ҳам, отларимизга ҳам уч кунлик озиқ ғамлашимиз керак.
– Маъқул, Нурали амаки.
Иккови чорбоғ дарвозаси томон тез-тез юриб кетишди.

* * *

Ўш шаҳрининг ҳокими Муродбек қушбегининг ўрдаси… Аср охирлаб, шом яқинлашиб қолган, ўрда дарвозасининг бир табақаси ланг очиқ дарвоза саҳнида хилма-хил мевали дарахтлар файз бериб турар, пастроқда кунда келиб-кетувчилар учун бандар жойлашган. Дарвоза олдида иккита навбатчи соқчи пилта милтиқларининг тирговичини елкаларидан ошириб қотиб туришар, ҳар-ҳар вақт ичкаридан соқчибоши чиқиб, ташқаридан хабар олиб турар эди. Кенгашга хабар қилинган юзбошилар бирин-кетин кела бошлашди. Ҳовли саҳнида тайёр турган сайислар, соқчибошининг ишораси билан бекларнинг отларини ўрда отхонасига етаклаб кетишди. Қушбеги маҳкамасининг эшиги олдида турган ўрда мулозими, бекларга қараб, баланд овозда деди:
– Бу ёққа марҳамат қилсинлар, жаноблар!
Беклар яқинлашгач, у бурилиб ичкарига қараб йўл бошлади. Улар соқчи турган йўлакдан юриб, кенггина танобийдан ўтишди-да, шамлар билан яхшигина ёритилган ўрданинг энг катта хонасига кириб боришди. Хона ичи кенг, нақшинкор, ҳашаматли, майда нақш қопқали токчалар, Хитойдан келтирилган нафис чинни буюмлар, қип-қизил гиламлар солинган бу хонада қушбеги бошқа шаҳарлардан карвон билан келган меҳмонларни, элчиларни, чопарларни, уламо-ю бекларни қабул қилар эди. Беклар ҳали ўтириб улгурмасидан эшик очилди-да, хонага ҳудайчи кириб, баланд овоз билан чақирди:
– Мингбоши жаноблари қушбеги, понсод жаноблари билан марҳамат қиляптилар!

Беклар бир қатор тизилишиб бошларини эгганларича қўл боғлаб туришди. Бироздан сўнг мингбоши кўринди, орқароқда Умарали понсод билан Муродбек қушбеги келишар эди. Хона бўйлаб юришар экан, бекларнинг таъзимларига бош силкишиб ўтишди-да, тўрга солинган қўш-қават кўрпачага чордона қуришди. Ўртада ўтирган мингбоши, ҳамон қўл қовуштириб турган ўн-ўн беш чоғли бекларга қўли билан жой кўрсатиб, ўтиришга рухсат берди:
– Жақинрақ кеб, мана бу жаққа ўтиринғлар.

Беклар мингбоши кўрсатган жойга ўтиришар экан, кенгашга нима учун чақиришганини билиш учун сабрсизлик билан кутишар ва бир-бирлари билан паст овозда шивирлашиб олишар эди. Мусулмонқул мингбоши, туманларда, шаҳарларда бўлиб турадиган низо, ғалаёнларни бартараф қилишда фақат ёш бекларни танлар, келажакда бошқа давлатлар билан эҳтимоли бор тўқнашга, ёшларни чиниқтириб борар эди. Умарали понсод мингбошининг ишораси билан бекларга бир кўз югуртириб чиқди-да, улардан бирига деди:
– Мунавварбек! Қироат қилинг!
Мунавварбек чиройли овозда ўртача қироат қилди-да, “Субҳона роббика“ни тугатиб, “омин”га қўл кўтарар экан, Умарали понсодга қаради. Умарали понсод кўзларини чирт юмиб олган мингбошига бир қараб қўйди-да, қўлини кўтариб, дуо қилди:
– Илоҳи оми-и-ин! Ўқилган тиловати қуръондан ҳосил бўлган савобни марҳуми-мутавоффолар хонимиз Шералихон ҳазратлари билан Орифбек офтобачининг руҳларига бағишладик. Оллоҳ бу икковларини “шаҳиди аъло” даражасига насиб қилиб, ғариқи раҳмат қилсин. Охиратларини обод қилсин, Оллоҳу акбар.

Умарали понсод юзига фотиҳа тортар экан, ҳеч нарсани тушуна олмаган беклар у билан бирга юзларига фотиҳа тортишди-да, мингбоши билан Умарали понсодга қараб, бақрайиб қолишди. Сўнгра ғивир-ғивир, шивир-шивир бошланиб кетди. Пастгина ғала-ғовурни Мусулмонқул мингбошининг дўриллаган салобатли овози босиб кетди:
– Жузбаши беклар! Мамлакатимизда мусибат! Хонимиз Шералихон ҳазратларини беш кун олдин пойтахт саройида қатл қилишди!!!
Хона ичи бирдан жимиб қолди. Беклар қандай ҳолатда бўлган бўлсалар, шундай ҳолатда қотиб қолдилар. Айримлари мингбоши айтган гапларни тўлиқ тушуниб ҳам етмаган эдилар. Мингбоши ўтирганларга бир-бир қараб чиқиб, гапини давом эттирди:
– Бухоро амири, амир Насруллохон жардамида Муродхон ибн Олимхон тахтға ўтирди. Бугун пешиндан олдин пойтахтдан чопар келди. Жанғи хондан маған нома келтирибди.
Мингбоши қўлидаги карнай қилиб ўралган номани очди-да, дона-дона қилиб бир бошдан ўқиб берди. Номани ўқиб бўлиб, нигоҳини яна бекларга қарата савол ташлади:
– Хўш, жузбаши беклар, – мингбоши қўлидаги номани карнай қилиб ўрар экан, – саройдағи бу ғалаёнға нима дейсиз?
Ўртага оғир сукунат чўкди. Шералихоннинг қатл қилиниши, Муродхоннинг тахтга ўтириши, боз устига Худоёрхоннинг қатлига фармон келиши, юзбоши бекларни довдиратиб қўйган эди. Ўтирганлардан бирортасининг гап бошлашга юраги дов бермас, ҳаммалари ҳаяжон билан мингбошига тикилиб қолишган эди. Ниҳоят бекларнинг орасида ўтирган Баҳодир шиғовулнинг жияни Азимбек жойида бир қимирлаб олиб, бўғиқ овоз билан деди:
– Менга рухсат берсангиз, сўзласам.

Мингбоши бошини қимирлатиб, рухсат ишорасини берди. Ўтирганлар кўз тикиб тургани учун Азимбек бир оз ҳаяжонланди, сўнгра нафасини ростлаб олиб, дадилгина сўзлай бошлади:
– Мингбоши жаноблари, бизларни кўп нарсага ўргатдингиз, сафарларга олиб бордингиз, ўзимизга яраша тажрибалар орттирдик, чўлу-биёбонларда юриш-туришни ўргандик, от чопиш, қиличбозлик, найза отишни ўргандик. Биз сизни ҳам устоз сифатида, ҳам мингбоши сифатида таниймиз. Шогирд сифатида таълим оламиз, навкар сифатида фармонингизни бажарамиз. Сиз қаёққа бошласангиз, сўзсиз итоат қилиб эргашамиз. Салтанатимиз ҳимояси учун жонимизни ҳам аямаймиз!… Ҳар қандай фармон бўлса, бераверинг…

Боядан бери жим бўлиб ўтирган беклар бирдан жонланиб ҳаммалари бараварига Азимбекнинг гапларини маъқуллашди. Мингбоши ҳаяжондан кўзлари чақнаб ҳар қандай хавф-хатарга тайёр турган бекларга бирров кўз югуртириб, кўнгли хотиржам тортди. У чордонадан чўкка тушиб ўтирди. Чуқур нафас олиб, томоғини бир-икки қирди-да, салобат билан, деди:
– Баракалла, болаларим! Салтанатда сиздай жигитлар бўлса, ҳар қандай жовға бас келамиз. Бизнинғ фармонимиз қисқа ва лўнда! Саройни қўлға оламиз. Муродхонни айғоқчилари-ю хоинлари билан бирға қатл қип, Худоёрхонни тахтға ўтқазамиз!
Худоёрхоннинг тахтга ўтиришини эшитиб, хурсанд бўлган беклар, “ялт” этиб бир-бирларига қараб олишди. Мингбошининг гаплари уларга маъқул бўлган эди.
– Эртадан бошлаб тайёргарлиғ кўринғлар. Худо хоҳласа, индин саҳар жўлға тушамиз. Бу жердан Муродбек қушбеги минғта навкари билан қўшилади. Марғилоннинғ беги Ўтаббой қушбегиям бир минғ, ярим минғ навкари билан “Чашмаи орифон”да қўшилади. Шаҳарға жағин қоғанда Баҳодир шиғовул билан Султонбек парвоначи навкарлари билан қўшилади. Ўзимиздикилар билан ҳаммаси бўб беш-олти минғға жағин бориб қолади, шу кифоя. Ўзинғғизға маълум, тўрт-беш кун жўл журамиз. Лекин мўлжални шундай олишимиз керакки, пайшанба оқшом, жумаға ўтар кечаси тунда шаҳарға кириб боришимиз лозим. Шаҳарға киришда қалъанинғ учта дарвозасидан кирамиз. Ўтаббой қушбеги қўшиннинғ бир қисми билан “Риштон” дарвозасидан кириб, Муродхоннинғ асосий навкарлари истиқомат қилиб турған сарой олди сарбозхонани босади. Султонбек парвоначи навкари билан “Тоғлиқ” дарвозасидан кириб, “галабаққоллик”ни ўраб олади. Баҳодир шиғовул навкари билан Ашир буқоқнинғ карвонсаройини ўраб олади. Биз қоған навкарлар билан “Марғилон” дарвозасидан кириб, туври саройға ҳужум қиламиз.

Мингбоши гапидан тўхтаб, бир оз нафасини ростлади. У бекларга бир-бир қараб чиқар экан, улардаги ўзгаришни сезди. Хонадаги беклар бир соат олдин, ташқарида бир-бирларини туртишар, ҳазил-ҳузул билан ўйинқароқлик қилишар эди. Ҳозир эса ҳаммалари бирданига беш ёшга улғайиб қолгандай жиддий ўтиришар, деярли киприк қоқмай, мингбошининг сўзларини диққат билан тинглашарди.

– Кейинғи тафсилотларни понсод жанобларидан эшитасизлар.
Мингбоши, чўккадан чордона қуриб ўтирар экан, боши билан Умарали понсодга ишора қилди. Беклар нигоҳларини Умарали понсодга қаратишди. Умарали понсод ўтирган жойида бир қўзғалиб олди-да, вазминлик билан сўзлай бошлади:
– Ўзингизга маълум, шаҳзода билан Саидбек, Нормуҳаммаднинг юзлиги билан бирга. Боя қушбеги жанобларининг чорбоғларига борган эдик. Мингбоши жаноблари Нормуҳаммадга шаҳзодани Катта Кенагасга, – Султонбек парвоначининг қароргоҳига саҳар олиб кетишга буюрдилар. Шаҳзоданинг ғалаёндан узоқроқ тургани маъқул. Саройни қўлга олсақ, Худо хоҳласа, шаҳзодани олиб келиб, тахтга ўтқазамиз, – Умарали понсод гапидан тўхтаб, бекларга назар ташлар экан, нигоҳини Азимбекда тўхтатди, – сен ҳам Азимбек, йигитларингдан йигирматасини йўлга ҳозирла, саҳар йўлга чиқамиз. Амакинг Баҳодир шиғовулнинг чорбоғига борамиз. Шиғовул билан уч-тўрт соатлик маслаҳатлашадиган гапларимиз бор. Агар мўлжалланган режаларимиз амалга ошса, қалъа дарвозалари билан бирга сарой дарвозаларини ҳам ичкаридан очишга ҳаракат қиламиз. Амалга ошмай қолса, саройни қамалга оламиз. Халқни оёққа турғизиш керак бўлади, бундай пайтда қирғин бўлиши аниқ, – Умарали понсод шу гапларни айтар экан, мингбошига қаради, мингбоши тасдиқ ишорасини қилиб бошини қимирлатиб қўйди ва сўзида давом этди, – Мен ўша кечаси тўртта навкар билан ортга қайтаман, сен қолган навкарларинг билан Баҳодир шиғовулнинг хизматида қоласан, кейинги фармонларни фақат ундан оласан, – Умарали понсод бир оз фурсат сукут қилиб турди-да, кейин бекларга қараб гапини тугатди, – юзбоши беклар, мингбоши жаноблари билан бирга ўйлаган хомаки режаларимиз мана шулар. Мабодо кейинчалик бирор ўзгариш бўлса, пойтахтга киришдан олдин хабарини берамиз.

Умарали понсод гапини тугатгач, мингбоши бекларга бирров кўз югуртириб чиқди. Эртаси кун бўйи йўлга ҳозирлик кўришни буюрди-да, қўлларини дуога оча туриб, Умарали понсодга қаради:
– Қона, понсод жаноблари, жўл олдидан жигитларға оқ фотиҳа беринғ.
– Илоҳи оми-и-ин, – Умарали понсод фотиҳага қўл очар экан, ҳаммалари дуога қўл кўтаришди, – шу қилаётган адолатли ишимизда Худо ёр бўлсин, пирлар мададкор бўлсин, бобокалонларимиз арвоҳлари қўлласин, Худоёрхон хон бўлсин, душманлар ер билан яксон бўлсин, халқимиз шодон бўлсин, салтанатимиз обод бўлсин, Шералихон ҳазратлари билан Орифбек офтобачининг руҳлари шод бўлсин, шу маъракада соғ-саломат ғалаба қилишимизда Парвардигорим ҳаммамизга насибу рўз қилсин, Оллоҳу акбар!!!
– Оллоҳу акбар! – жўр бўлиб ҳаммалари юзларига фотиҳа тортишди.

Доим ҳушёр турадиган ҳудайчи хонага кириб келди. Мингбошига таъзим қилди-да, қаддини ростлаб чақирди:
– Мингбоши жаноблари, меҳмонхонада дастурхон мунтазир, бошлаб, марҳамат қилсинлар!
Мингбоши жойидан қўзғалар экан, беклар гур этиб ўринларидан туришди-да, бир қатор тизилиб, қўл қовуштириб туришди…
Вақт хуфтон бўлган эди.

* * *

Саҳар ўрда дарвозасининг саҳнида мингбоши билан қушбеги, Умарали понсодни йўлга кузатишар экан, мулозим ушлаб турган отга етмасдан, мингбоши Умарали понсоднинг қўлидан ушлаб, тўхтатди:
– Понсод,… Баҳодир шиғовулға қоттироқ қип тайинланғ, бир жўлини қип улимди чиқариб осин. Агар саройни қамал қиладиған бўсақ… – мингбошининг томоғига бир нарса тиқилиб, гапира олмай қолди.
– Хотиржам бўлинг, мингбоши жаноблари, – деди Умарали понсод, мингбошига таскин бериб, – борганда шиғовул билан обдон маслаҳатлашиб, чорасини топамиз. Худо хоҳласа, ғалаён тугагунча, ўғлинғиз бехавотир жойда бўлади. Бу ёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин.
– Илоҳим, шундай б-бўсин.
Мингбошининг овози титраб, кўзларига ёш келди… У ғира-ширада кўздан ғойиб бўлган отлиқларнинг орқасидан узоқ вақт қараб қолди.

II БОБ

Умарали понсод, Азимбекнинг навкарлари билан бирга Баҳодир шиғовулнинг чорбоғига қир томондан яқинлашар экан, тун яримлаб қолган, сокинликни чорбоғ ёнидан оқиб ўтаётган сувнинг шилдираши-ю, чигирткаларнинг тўхтовсиз чириллаши бузиб турарди. Понсод отининг жиловини тортиб, тўхтади, ёнига яқинлашган Азимбекка паст овозда деди:
– Биз қир томонга қараган дарвозанинг олдига бориб турамиз. Сен Усмонали билан кўча томонидаги дарвозага боринглар, эҳтиёт шарт.
– Хўп бўлади, – Азимбек орқароқда турган Усмоналига бошини ирғаб, ишора қилди, – орқамдан юр.
Шундай дея отини ниқтади. Дарвозага яқинлашар экан, ойнинг хира ёғдусида кўчанинг у ёқ-бу ёғига аланглаб қаради. Отдан енгилгина сакраб тушди-да, жиловини Усмоналига тутқазди, қамчининг дастаси билан дарвозани оҳиста қоқди. Ҳовлидан сиртлон итнинг ҳуриши эшитилди. Бир оздан сўнг Баҳодир шиғовулнинг мулозими – Холиқулнинг уйқусираган товуши эшитилди:
– Ки-и-им?
– Секинроқ, овсар. Дарвозани оч!
– И-и-и, бек акам келибдилар-ку!

Холиқул дарвозанинг бир табақасини очар-очмас ҳовлидан катта бўрибосар ит отилиб чиқди. Кесилган думини ликиллатганича бор бўйи билан сакраб, олдинги оёқларини Азимбекнинг елкаларига қўйди.
– Тур… Қоплон! – Азимбек, юзини яламоқчи бўлган итдан бошини орқароққа олар экан, қўлидаги қамчисини силкиб, пўписа қилди, – Нари тур, эш-ш-шак.
Қоплон, Азимбекнинг атрофидан бир-икки марта айланди-да, вовуллаб, яна ўзини ичкарига урди. Отлар пишқириб, қулоқларини чимиришди. Ҳовлига кирган Азимбек, қўли билан Усмоналига “тезроқ кир” ишорасини қилди. Ҳуркиброқ ҳовлига кираётган отлар дарвозадан кириши билан дарвозани тамбалаётган Холиқулга ёрдамлашаётиб сўради:
– Ҳаммаларинг тинчми?
– Худога шукр, тинч, бек ака.
– Амаким уйдамилар?
– Ичкаридалар, уйғотайми?

Жавоб беришга улгурмасдан, ташқи равонда елкасига тўн ташлаб, шам кўтарган ҳолда бир-бир босиб келаётган Баҳодир шиғовул кўринди.
– Холиқул! Ким у, бемаҳалда?
– Бек акамлар келдилар.
– Ассалому алайкум! Амаки! – Азимбек шиғовул томон тез-тез юриб борар экан, ўзи билан ўйнашмоқчи бўлган итни ҳайдади. – Тур кет, Қоплон!
– Ўзингмисан, жиян. Кел, кел, соғ-саломат юрибсанми? – Баҳодир шиғовул шамдонни айвон рафига қўйиб, зинадан тушар экан, хиралик қилиб турган итни ҳайдади. – Нари тур, ҳайвон! Буни қара, жиян, бу кучук болани ўзинг эрка қилиб ўстирдинг, энди қўйга ҳам бормаяпти, занжирга ҳам кўнмаяпти, падан-н-наълат.

Баҳодир шиғовул Умарали понсод билан тенгқур, ўрта бўйли, чорпахилдан келган, шоиртабиат, ақлли, ишнинг кўзини биладиган, Мадалихон давридан саройда шиғовул лавозимида хизмат қилиб келади. Элчи, чопарлардан ташқари сарой соқчиларини ҳам бошқариб назорат қилиб туради. Саройнинг хуфя жойларини шиғовулчалик биладиган одам деярли йўқ. Баҳодир шиғовулнинг отамерос чорбоғи, шаҳардан бир чақирим нарида жойлашган қишлоқнинг кун чиқар томонидан туташган бўлиб, йигирма танобдан ошиқроқ чорбоғнинг атрофи тўрт пахса девор урилган. Мол-ҳол, экин-тикинлари ҳам шу чорбоғда. Тўрт танобдан ошиқроқ ерга боғ қилиб, боғнинг ўртасига ҳужралари билан олдини пешайвон қилиб каттагина меҳмонхона солдирган. Кўча томондан, ташқари ҳовли, ичкари ҳовли бўлиб, айвонлари билан қурилган иморатда, хос навкарлар, соқчилар, хизматкорлар истиқомат қилишади. Ўзи ёзни деярли чорбоғда ўтказар, шаҳарнинг “Ғишкўприк” маҳалласида данғиллама ҳовлиси ҳам бор.

Қашқар, Ёркент, Андижон, Наманган томонидан келадиган туя-карвонларининг йўли, шу чорбоғ ёнидан ўтиб, “Марғилон” дарвозасидан шаҳарга киради. Баҳодир шиғовул, жияни билан астойдил қучоқлашиб кўришиб, ҳол-аҳвол сўради:
– Қани менга қара-чи, оббо азамат-ей, яхши келдингми? Мунча кеч? Ўзинг келдингми? Понсод билан? Қайси понсод? И-и-и, Умаралибек келганми? Қани у? Ҳа-а-а, – Баҳодир шиғовул қаддини ростлаб, атрофга аланглади, – Холиқу-ул!!
– Лаббай, бек ака.
– Супадаги йигитлардан иккитасини олиб, тўрдаги дарвозага югур, аввал итларни уясига қаманглар. Навкарларни боғдаги меҳмонхонага олиб боришсин. Отларни бандарнинг тўрига олиб кириб, боғланглар. Ўзинг Умарали понсодни тўғри бу ёққа олиб келгин.
Баҳодир шиғовул уларни жўнатгач, супа олдида қолган йигитларга қараб, деди:
– Сан иккаланг боғдаги меҳмонхонага қараб югур. Йигитларни уйғотинглар. Жой солинглар, дастурхон ёзинглар. Кейин дарров ошга уннанглар. Йигитлар йўлдан очиқиб келишган.
Йигитлар шошибгина кетишгач, шиғовул равонга назар ташлаб кимнидир қидирди-да, тополмагач чақирди:
– Абдурасул!

Шундоққина шиғовулнинг орқасида турган Абдурасул дўриллаган товуш билан:
– Лаббай, бек ака.
Баҳодир шиғовул бир чўчиб тушиб, орқасига ўгирилиб қаради. Рўпарасида бошини сал эгиб, қўл қовуштириб турган семизгина Абдурасулга кўзи тушиб, кўкрагига “туф-туф” деганча унга қараб ўдағайлаб кетди:
– Вой писмиғ-ей, тўнка! Бунинг орқамда жимгина турганини қара, жиян. Одамларни чўчитишни санга шайтонни ўзи ўргатган. Буни гавдасига қаранг, тўйга боқилган сўқим ҳам сени олдингда този иттай, “томга чиқаман”, деб ҳамма норвонни синдириб бўлдинг, ҳар қандай ҳужрага кирганингда эшикдан ёнинг билан сирғалиб кирасан, фил…
Азимбек билан нарироқда отларнинг жиловидан ушлаб турган Усмонали кулиб юбормаслик учун қовоқларини уйиб, қотиб туришар эди. Шиғовул узоқ танбеҳдан кейин ниҳоят Абдурасулга буйруқ бера бошлади:
– Тезда бориб, катта ҳужрани тайёрла, хонтахтанинг устига дастурхон тузат, кейин қозонга ўзинг қара, Холиқул аканг чойга қарасин, югур, – сўнгра Азимбекка қараб, – жиян, сен Усмонали билан боққа чиқиб боринглар, йигитларингга бош-қош бўлиб тур. Бақир-чақир қилишмасин. Бирор кам-кўст бўлса, Усмоналини юбор.
– Хўп бўлади, амаки.

Азимбек боққа қараб юрар экан, қамчиси билан Усмоналига ишора қилди. Кўзларини Азимбекдан узмай турган қоплон, бу ишорани юз фоиз ўзига деб қабул қилди. Икки сакрашда Азимбекнинг олдига тушиб олди-да, ер ҳидлаганча йўл бошлаб кетди…
Бироз фурсатдан кейин чорбоғнинг ичида оёқ учида сезиларли жонланиш бошланди. Шиғовулнинг йигитлари чаққонгина қимирлашар, меҳмонхонанинг бир томонига дам олиш учун кўрпачалар солишди. Бир томонда сабзи-пиёз тўғрашар, ўчоқ бошида олов ёқиб, осилган қозонни ювишар эди. Йўлдан ҳориб келган навкарлар, яроғ-аслаҳаларини айвонга териб қўйиб, меҳмонхона ёнидан оқиб ўтаётган ариқда бет-қўлларини ювишди-да, бирин-кетин меҳмонхонага киришди.
Бир дона шам билан ғира-шира ёритилган ташқи ҳовлида Баҳодир шиғовул у ёқдан-бу ёққа юриб, Умарали понсодни сабрсизлик билан кутарди. У, Умарали понсоднинг келганидан хурсанд. Бир ҳафтадан бери ичи тўлиб, дардини кимга айтишни билмай юрар эди. Энди тенгқури келди, бугун мазза қилиб ҳасратини тўкиб-солади. Шиғовул бир томондан хурсанд бўлса, бир томондан Умарали понсоднинг бевақт ташрифи уни ўйлантириб қўйди, “понсод бошини хатарга қўйиб, бекорга келмаган бўлса керак. Ҳойнаҳой мингбоши, Шералихон қатлини, Муродхоннинг тахтга ўтирганини эшитган бўлса, шаҳардаги аҳволни билиш учун понсодни юборган шекилли. Яхшиям, тун ярмида келишди, Худо кўрсатмасин, айғоқчилар билиб қолгудек бўлса, янги хон ҳаммамизни қатор қилиб дорга остиради, – шиғовулнинг этлари жимирлашиб кетди, – Парвардигор, товба қилдим, жаллоднинг дор-у кундасидан ўзинг асра…”. Оёқ товушидан шиғовулнинг хаёли бўлинди. Боғ томондан Холиқул билан Умарали понсод олдинма-кетин чиқиб келишди.
– Ие, ие, Умаралибек, келсинлар, келсинлар, қадамларига ҳасанот, марҳабо, – Баҳодир шиғовул Умарали понсод билан қучоқлашиб кўришди, ҳол-аҳвол сўрашилгандан кейин шиғовул мулозимларига буюра кетди:
– Холиқул! Бек акангни камар, тўнларини ол! Абдурасул! Сан қўлга сув ол!
Обдон бет-қўлини ювган Умарали понсод артиниб бўлар экан, Баҳодир шиғовул уни ҳужрага таклиф қилди:
– Қани, Умаралибек, ичкарига марҳамат.
– Ўзларидан бўлсин.
– Сиз меҳмонсиз.
Ортиқ такаллуф сиғмаганлиги учун Умарали понсод ҳужранинг эшигини очиш учун илдамгина олдинга ўтиб олган Холиқулга эргашди. Иккита шам билан ёритилган хонада Умарали понсод эгнида битта яктак билан роҳатланиб ўтирар, Баҳодир шиғовул патирни ушатиб, чой қайтарар экан деди:
– Йўл чарчатиб қўймадими, Умаралибек?
– Ҳа, энди, ёш ўтиб қолгани билиниб қоляпти, Баҳодирбек. Олдинлари кеча-ю кундуз отда юрсак ҳам чарчамас эдик, – Умарали понсод пиёлани олар экан, оёғини уқалаб қўйди, – ўзингиз тинчмисиз? Мол-жон омонми?
– Худога шукур, тупроқдан ташқари, – жавоб берди шиғовул, сўнгра Умарали понсодни дастурхонга манзират қилди; – Қани, Умаралибек, ош пишгунча яхна гўштдан, қатлама, қаймоқдан марҳамат қилсинлар.

Шундай дея ўзи бошлаб чиннидаги қаймоққа нон ботирди. Абдурасул аллақачон боққа чиқиб ошга уннаган, ташқи равонда Холиқул ҳушёргина бўлиб турар, ҳар-ҳар вақт оёқ учида даҳлизга кириб, ҳужрадагилардан хабар олар эди. Бироз фурсат тамадди қилингач, Баҳодир шиғовул сўради:
– Ғалаённи бартараф қилдиларингизми? Мингбоши жаноблари қандай? Соғ-саломатмилар? Муродбек қушбеги тинчиб қолдими?
– Шаҳар тинч, Худога шукур, ҳаммалари соғ-саломат. Қушбеги ҳам анча тинчиб олди, лекин …, – Умарали понсод бир тўхтаб олиб сўзида давом этди, – Баҳодирбек, бу сафарги ғалаённи бостириш анча қийин бўлди. Мансаб тегмай қолган беш-ўнта мансабталаблар қирғиз, қипчоқни оёққа турғизиб, Мусулмонқулга қарши ғалаён кўтаришибди. Халқ ҳам қўзғалган. Муродбек қушбеги “одам бекорга қирилмасин”, – деб бизни кутган. Бора солиб ғалаённи бостирдиқ, эртаси куни раста олдидаги майдонда, мингбоши додхоҳлиқ қилди. Ғалаёнга бош бўлганларнинг уч-тўрттасини дорга осиб, қолган беш-ўнтасига ҳад урилди. Худога шукур, ҳаммаси тинчиб кетди. Халқ яна ўз тирикчилиги билан овора.
– Илоҳим, тинчлик бўлсин.

Умарали понсод бир оз фурсат қўлидаги пиёлага қараб сукут қилиб турди, кейин пешонасини тириштирганича Баҳодир шиғовулга қараб, деди:
– Баҳодирбек, бемаврид келганимнинг сабабини фаҳмлаган бўлсангиз керак?
– Фаҳмлаяпман.
– Яхши, гапнинг индаллосини айтиб қўя қолай, уч кун олдин, Ўшда, мингбоши… Муродхондан нома олди. Хулласи калом, номада Мусулмонқулнинг мингбошилиқ лавозимида қолиши-ю Худоёрхоннинг қатлига фармон берган.
Баҳодир шиғовул Умарали понсодга ялт этиб қаради, сўнгра бошини олдинга сал эгган ҳолда товушини пасайтириб сўради:
– Шаҳзода, қатл қилинмагандир?
– Йўғ-е, Баҳодирбек, шаҳзода ҳаёт.
– Хайрият! Ўзингга шукур! – шиғовул хотиржам тортиб, кейин бирдан тутоқиб кетди, – ҳе-ет-товба. Мусулмонқулни мингбошилиқ лавозимида қолдирган эмиш. Ахир мингбоши лавозимини Қодирбекка берди-ку, Мадаминбек қушбеги бўлди… Йў-ўқ, бу ерда бошқа гап бор, Умаралибек, бошқа гап бор…
– Буни биз ҳам фаҳмладиқ, Баҳодирбек. Шунинг учун мингбоши билан бир ишни маслаҳат қилувдиқ, бу ерга келишимдан ҳам мақсад шу.
– Қандай иш экан у, Умаралибек?
– Муродхонни қатл қилиб, Худоёрхонни тахтга ўтқазамиз.
Баҳодир шиғовулнинг кўзлари чақнаб кетди. Чордонадан чўкка тушиб ўтирди. Умарали понсоднинг кўзларига қараб турди-да, бир оз ҳаяжонланиб деди:
– Кўнглимдаги иш… Умаралибек. Мен тайёрман, нима қилишим керак?

Умарали понсод, ўйланиб туриб, деди:
– Олдин бу ердаги аҳволни билишим лозим, Баҳодирбек, саройда бўлган ғалаёндан бошланг, шунга қараб режа тузамиз.
– Маъқул.
Баҳодир шиғовул чўккадан вазминлик билан шошмасдан чордона қуриб ўтирди-да, томоғини бир қириб олиб, сўз бошлади:
– Ғалаён бўлган кун мен шаҳарда йўқ эдим, Умаралибек. Бир кун олдин раҳматли хон ҳазратларининг фармойишлари билан йигитларни олиб, уюрга кетдим. Эртаси кун бўйи йилқидан йигирма тўртта от ажраттик, индинига шаҳарга қайттик. Саройда фитна бўлганини йўлдаёқ бозорчилардан эшитдим. Қалъа дарвозасидан кирар эканман, соқчиларнинг менга таъзим қилиб ғалати қараб қўйишларини сезсам ҳам, сир бой бермадим, фақат бош ирғаб, ҳеч нарса бўлмагандай олдинга босиб кетавердим. Йўлда тўп-тўп бўлиб юрган бегона навкарларни учратардим. Саройга яқин қолганда йигирматача бухоролиқ сипоҳилар йўлимни тўсишди. Олдинда турган уларнинг юзбошиси бўлса керак, нописандлик билан менга заҳарханда қилиб қўли билан “тўхта” ишорасини қилди. Ғазабимдан чаккаларим лўқиллаб кетди. Узангида оёққа турдим-да, юзбошига заррача эътибор бермасдан сипоҳиларга қараб ўшқирдим:
– Йўлни бўшат, ҳайвонлар!! Бу отлар Фарғона мамлакатининг хони Муродхон ҳазратларига қарашли отлар, қўл теккизганнинг боши ўлимда, моли талонда, йўлдан қочларинг, лаънати кўппаклар!!

Навкарлар бир зум бақрайганча қотиб туришди, улар мендан бундай шижоатни кутишмаган шекилли, кейин бирданига ҳаммалари юзбошиларининг буйруғини ҳам кутмасдан отларини ниқтаб, шоша-пиша йўл бўшатишди. Мен қовоғимни уйганимча бошимни ғоз кўтариб, шаҳдам йўлимда давом этдим. Юзбошининг такаббурлигидан асар ҳам қолмади. Ранги оқарганича орқадан кузатиб, қараб қолди. Йилқиларни сарой отхонасининг қўрасига қамадим-да, сайисларга тайинлаб, йигитларим билан саройга йўл олдим.
– Шаҳарга кирмасданоқ қочиб кетсангиз бўлмасмиди? – сўради Умарали понсод бўш пиёлани хонтахта устига қўйиб, орқасидаги ёстиққа суянар экан.
– Қариган чоғимда қочиб, қаёққа ҳам борардим, Умаралибек. Қочганни ушласа, қатл қилиши аниқ. Уйдан ҳибсга олиб ушлаб борса, ё қатл қилади ёки бадарға. Бўладиган иш бир ёқлик бўлсин, деб, саройга бордим. Бандарга келиб, отдан тушдим-да, жиловни Холиқулга узатдим. Шу пайт нарироқда отини етаклаб, менга қараб келаётган Ғани тўқсобага кўзим тушди. Тўқсобанинг ранги ўчиб, қовоқлари осилган, жилов ушлаган қўли билинар билинмас титрар эди. У илдамгина юриб олдимга келиб тўхтади-да, хириллаган паст овозда деди:
– Бек ака, отни бойламанг!
– Нима учун?
– Шаҳарга киришингизданоқ хонға етказишган. Қодирбек сизни хонга ёмонлаб бўлди. “Ҳузури олий”га кирсангиз, хон сизни қатлга фармон беради. Бу ердан тез кетинг, бек ака, ноумид шайтон, ҳали ҳам кеч эмас.
Ўзимни тўқсобадан қизиқ гап эшитгандек тутиб, жилмайиб турдим-да, кейин дарвоза олдида бизни кузатиб турган навкарлар эшитадиган қилиб хохолаб кула бошладим. Кулганимни кўриб, ҳар хил ҳаёлга борган тўқсоба, кўзларини катта очиб бақрайганча менга қараб, қотиб қолди. Мен жилмайганимча тўқсобанинг елкасига қоқиб дедим:
– Оббо Ғанибек ука-ей! Шунақа гаплар дегин, оббо сен-ей, – шундай деб яна кулдим-да, мен ҳам унга қизиқ бир гап айтгандай паст овозда дедим, – ўзингни хурсанд қилиб кўрсат, Ғанибек ука. Бизни кузатиб туришибди. Ҳа, ана шундай. Энди жилмайгин. Ё товба, одам ҳам шунақа беўхшов жилмаядими? Даҳшат! Ҳа, майли, энди гапларимга яхшилаб қулоқ сол. Агар ҳозир сенинг гапингга кириб, қочсам, икковимизни ҳам дорга осишади. Мени қочганлигим учун, сени эса хабар берганинг учун. Энди отнинг жиловини Холиқулга бер, ҳа, баракалла… Қани, энди мени “Ҳузури муборак”ка бошла, “кимсан?”, – деб бухоролик соқчилар асабимни бузишмасин, – шундай деб тўқсобага қараб кулдим. Ғанибек тўқсоба қўлидан келганча башарасини иршайтириб, чийиллаган овозда деди:
– Хон сизни қатл қилдиради, бек ака!
– Ким қачон қатл бўлишини Қодир эгамнинг ўзи билади, Ғанибек ука. Бу ёғи пешонадан. Қани, бошла.

Менинг хотиржам турганимни кўриб, тўқсоба бошини сарак-сарак қилди-да, бурилиб, сарой томон йўл бошлади. Дарвоза олдида турган соқчилардан ўтиб, хон маҳкамасига йўл олдиқ. “Ҳузури муборак”ка яқинлашар эканмиз, қабулхонада ўтирган ҳудайчи шошиб ўрнидан турди. Ғани тўқсоба бир қадам олдинга ўтиб, қотиб турган ҳудайчига деди:
– Хон ҳазратларининг ҳузурларига кириб, “Баҳодир шиғовул ҳузуринггизга киришга изн сўраяптилар”, – деб айтинг.
Ҳудайчи сўзсиз бош ирғади-да, хоннинг олдига кириб, тезгина чиқди:
– Хон ҳазратлари изн бердилар!

Ҳудайчининг орқасидан “Ҳузури муборак”ка кирдим, оёқ остига солинган янги гиламларни ҳисобга олмаганда, ҳаммаси ўша-ўша, ўзингиз билган ҳашаматли нақшинкор хона. Тўрда, тахтда Муродхон ўтирар. Икки ёнида амир Насруллохоннинг ноиблари. Қодирбек билан Мадаминбек ҳам шуларнинг қаторида. Хоннинг қовоғи солинган, ёнидагилар бир-бирлари билан кўз уриштириб олиб, истеҳзо билан менга қарашди. Қуйироқда ўтирган айрим бекларнинг кўзларида менга нисбатан ачиниш ҳисси бор эди. Хонга таъзим адо қилиб, уни қутладим:
– Тахти маврусийлари қутлуғу муборак бўлсин, олампаноҳ!
– Кимсан?
– Баҳодир шиғовул, Самадбек ўғли, олампаноҳ!
– Нима арз билан келдинг?
– Ҳисобот бергани келдим, олампаноҳ!
– Қандай ҳисобот?
– Уюрингиздан йигирма тўртта йилқини, хос навкарларингиз учун олиб келдим, олампаноҳ.
– Уюр кимники?
– Сизга қарашли, олампаноҳ. От минганники, тўн кийганники, тахт ўтирганники, дейишади. Фарғона мамлакатининг мол-мулки энди сизнинг тасарруфингизда. Назорат қилиб, сизга ҳисобот бериш, бизнинг вазифамиз, қиблаи олам.

Назаримда хоннинг қовоғи сал очилгандай бўлди. Лекин ёнида ўтирганлардан бири ўрнидан туриб, унинг қулоғига алланималарни шивирлади. Хон бошини кўтариб, менга хўмрайиброқ қаради:
– Олдинги хоннинг ўнг қўли бўлиб, садоқат билан хизмат қилган экансан, кўппак!
– Сизга тўғри айтишган, олампаноҳ. Мен ҳамма хонларга садоқат билан ҳалол хизмат қилиб келганман. Хизматни раҳматли қиблагоҳингиз Олимхон ҳазратларидан бошлаганман. Ҳалол хизматларим учун хон ҳазратлари мени юзбоши қилиб тайинлаганлар.
Отасининг номини эшитған хоннинг кўзлари бир чақнади-да, яна аввалги ҳолига келди:
– Ҳамма хонларга садоқат билан хизмат қилган бўлсанг, нега Иброҳимбекка хиёнат қилдинг, итдан тарқаган?!
– Хон авлодидан бўлмагани учун, олампаноҳ, – дедим хоннинг кўзларига тик қараб.
– Шунақа дегин, – хон тахтнинг суянчиғига суяниб, – фақат хон авлодига хизмат қиласанми?
– Шундай, олампаноҳ.
– Менга-чи?… Менга хизмат қиласанми?
– Фармон берсалар, хизматингизни қилавераман, олампаноҳ.
Хон заҳарханда қилиб Қодирбекка қараб олди, сўнгра қовоғини уйганча менга тикилди:
– Қатлга фармон берсам-чи?
– Тақдир, олампаноҳ. “Даҳмаи шоҳон” га кўмдирсангиз, ўша ерда ҳам ота-боболарингизнинг хизматларини қилиб юравераман.

Хон кулиб юборди. Атрофдагилар ҳам унга қўшилиб кулган бўлишди. Хоннинг юзи яна жиддийлашиб, мендан сўради:
– Отамни қатл қилишганда сен қаерда эдинг?
– Хон ҳазратлари Қўқонга қайтаётганларида учта юзлиқни Тошкент бегининғ ихтиёрига ташлаб кетдилар. Мен ҳам юзлигим билан шуларнинг ичида эдим.
– Бор, боравер, озодсан, – деди хон, Қодирбекнинг ишораларига эътибор бермай, – кейинроқ сенга фармон юборамиз. Бориб ишингни қилавер.
Хонга қуллуқ қилиб, таъзим адо қилдим-да, орқам билан юриб “Ҳузури муборак”дан чиқдим. Сарой дарвозасидан чиқиб, бандарга қараб юрар эканман, “хон ҳозир чақириб қолади”, – деган фикр хаёлимда ўйнар эди. Чорбоққа қандай етиб келганимни ўзим ҳам билмайман. Мана шунақа гаплар, понсод жаноблари.
Шиғовул гапини тугатар экан, пиёладаги совиб қолган чойни сипқарди. Ўртада бир оз жимлик чўкди. Умарали понсод, ўлим ваҳмини бошидан ўтказган Баҳодир шиғовулга қараб туриб ҳам ачинди, ҳам меҳри ошди.
– Сизни, Парвардигоримнинг ўзи асрабди, Баҳодирбек, бир айтганингиз бор экан, – Умарали понсод томоғини бир қириб олиб, – “Ҳузури муборак”да, хон билан мавқеингизга муносиб даражада савол-жавоб қилиб қутулиб кетганингиздан беҳад хурсандман, Баҳодирбек, ниҳоятда хурсандман.

Баҳодир шиғовул, Умарали понсодга қараб кулиб деди:
– Товба қилдим, хоннинг олдида, ўлимни писанд қилмаслик, шунча куч-қувват қаёқдан келди, билмайман, лекин чорбоққа борганимдан кейин, бўшашиб қўрққанимдан икки кунгача мазам қочиб, ўзимга келолмай юрдим.
– Одамзод борки, ҳаммамиз ўлимдан қўрқамиз, Баҳодирбек, – юпатган бўлди Умарали понсод, – фақат ғирт тентакларгина ўлимдан қўрқишмайди.
– Буни қаранг, понсод жаноблари, хоннинг олдида ғирт тентак бўлган эканманда-а?
Икковлари мириқиб кулишди.
– Хон бошқа чақиртирмадими?
– Йўқ, эртаси кечқурун Ғани тўқсоба чорбоққа келди. Суҳбат қилиб анча ҳасратлашиб ўтирдиқ. Бир кеча ётиб кетди. Фитна олдиндан тайёрланган экан. Амирнинг одамлари савдо карвони билан Қўқонга келиб, бир йил мобайнида карвонсаройда истиқомат қилишган экан. Ҳар хил моллар олиб келиб, тижорат билан шуғулланишган. Аввалига совға-салом билан Қодирбекни йўқлашган. Кейин амирдан нома олиб келиб беришган. Муродхонни тахтга ўтқазиш эвазига мингбошилик лавозимини ваъда қилишган. Қодирбек ҳам мансаб эвазига бир нечта бекларни ўз томонига оғдирган. Сизларнинг Ўшга кетишингиз улар учун қулай фурсат бўлган. Ўшга кетганларингиздан тўрт кун кейин бу ишни амалга оширишди. Бир кунда Шералихонни қатл қилиб, Муродхонни тахтга ўтқазишди.

– Ғалаёнгача Муродхон қаерда экан?
– Амирнинг кўрсатмаси билан аввал навкарлари билан Қоратегинда бўлган, кейинчалик навкарлар Қоратегинда қолиб, ўзи уч-тўртта мулозимлари билан Ўратепанинг Найман гузарида кутиб юрган. Қодирбек чопар юбориши билан Маҳрамда бирлашган. Шералихон қатл қилингандан кейин Яйпан орқали Қўқонга кириб келишган, – шундай дея Баҳодир шиғовул бўғриққанидан қип-қизариб, кимларгадир зарда қилиб қўл силтади, – жангсиз, қурбонсиз, ими-жимида тахтни эгаллагани одамга алам қилар экан, понсод жаноблари! Халқимиз ҳам бор бўлсин! Қўйдай ювош. Ким қаёққа етакласа, кетаверади. Шунга айтишганда “ўздан чиққан балога қайга борай давога”, деб. Янги хон ош берган куни, яна шаҳарнинг ҳаммаси, бегу-уламосидан тортиб, бою-камбағалигача қуллуққа келишди.
Умарали понсод, хуноби ошган Баҳодир шиғовулга қараб туриб деди:
– Ҳа-а, Баҳодирбек. Амирнинг одамларига тан бериш керак. Тахтни эгаллаш учун бир йилнинг ичида, ҳамма нарсани ипидан-игнасигача ҳисобга олишган.

Шу пайт эшик очилиб, бир лаганда ош билан чойнак кўтарган Холиқул ҳужрага кирди. Қўлидагиларни дастурхонга қўйди-да, бўш чойнакни олиб, чиқиб кетди. Шиғовул гўштни патир устида тўғраб, ошга босар экан, Умарали понсодга қараб:
– Қани, Умаралибек, энди ошга марҳамат қилсинлар.
Икковлари дастурхонга яқинроқ жойлашиб, ошга машғул бўлишди. Ош устида шиғовул, ҳафта ичида ҳибсга олинганлар, қувғин қилинганлар, қатл қилинганлар ва бошқа бир қанча бўлган воқеалар ҳақида гапириб берди. Умарали понсод Баҳодир шиғовул узатган чойни олар экан, сўради:

– Шералихоннинг жасадини нима қилишди?
– Хон аввалига ҳамма жасадларни кишибилмас, тунда довон йўлида эски қабристонга кўмдириб юбормоқчи бўлган экан. Лекин амирнинг ноиблари халқнинг норози бўлиб, ғалаён кўтаришидан қўрқиб, хон ҳазратларининг жасадини “Даҳмаи шоҳон”га, қолган жасадларни қабристонга дафн қилишга Муродхонни кўндиришибди. Жанозани хуфтонга яқин ўқишган, кўп киши бўлмаган. Навкарлар, беш-ўнта бек-у боёнлар, пешволардан, Шайхулислом Сулаймонхўжа эшон, ноиблари халифа Сафохўжа эшон билан домла Холмуҳаммад охунд, қозикалон ҳамда бир нечта уламолар бўлишган. Жанозага шайхулисломнинг ўзлари ўтганлар. Шералихонни “Даҳмаи шоҳон”га, Мадалихоннинг қабри ёнига дафн қилишган. Қолганларни қабристонга қўйишган.
– Орифбек офтобачини-чи? – сўради Умарали понсод ош ейишни бас қилиб, қўлини рўмолга артар экан.
– Уни ҳам қабристонга, беклар ётган қаторга дафн қилишди. Ие, Умаралибек, ошдан олинг, ярим бўлмасдан қўл артаяпсиз.
– Бас, кўп едим, ош ширин бўлган экан, энди чой ичсак кифоя, – деди Умарали понсод, дандонков билан тишларини ковлар экан, – Орифбек офтобачи, тўғрисўз, ҳақгўй одам эди. Парвардигор, бу марҳум мутаваффоларни раҳматига олсин.
– Ҳам, дав эди, – шиғовул овози титраб, – хонни тўсиб, бир ўзи еттита бек-у, иноқларга қарши қилич суғурган. Бунинг учун шернинг юрагидек юрак керак. Биттасининг елкасига қилич солиб қулатган, бошқалари орқадан келиб, бўйнига қилич уришган, номардлар. Қодирбек билан Мадаминбек ҳам шуларнинг ичида бўлган.

Иккови бир зум жим қолишди. Шу пайт ҳужранинг эшиги очилиб, чойнак кўтарган Холиқул кўринди. Умарали понсод дастурхон четига чойнакни қўяётган Холиқулдан сўради:
– Азимбек йигитларининг олдидами?
– Йўқ, бек акам ҳозиргина ичкари ҳужрага кириб ётдилар.
– Йўлга йигитлардан тайинладими?
– Индамадилар.
– Қанақа йигитлар? Нима гап ўзи, Умаралибек? – сўради шиғовул.
– Саҳар йўлга чиқишим керак.
– Дарров-а, бугун ҳордиқ чиқариб, эртага тунда йўлга чиқсангиз бўлмайдими?
– Иложим йўқ, Баҳодирбек. Қўшин бошида мингбошининг бир ўзлари. Кечиксам, хавотирга тушади. Йўлдаги равотлардан бирида дам оларман.
– Майли, ихтиёрингиз, – шиғовул бир оз пешонасини тириштириб турди-да, Холиқулга қараб деди, – бек акангга индама, дамини олсин, ўзимизнинг йигитлардан тўрттасини йўлга ҳозирла. Отларимдан бирини понсод жаноблари учун ҳам эгарлаб қўй.
– Хўп бўлади, бек ака, – Холиқул бўш чойнакни олиб, ташқарига чиқди.
– Шуниси яхшироқ, Умаралибек, менинг йигитларим сизни кузатиб боришади, – деди шиғовул Умарали понсодга қараб, – йигитларингиз йўлдан чарчаб келишган.
– Маъқул.
– Энди бу ерда, биз қиладиган хизматдан гапиринг, Умаралибек.

Умарали понсод бир зум ўйланиб турди-да, сўнгра кўрсаткич бармоғини шиғовул томон нуқиб, гап бошлади:
– Хўп… Бўлмаса эшитинг, Баҳодирбек. Пойтахтда қилинадиган ишларга, мингбошининг ваколати билан сиз бошчилик қиласиз. Шаҳзода, Нормуҳаммаднинг юзлиги кузатувида шу бугун тунда Султонбек парвоначининг қароргоҳига етиб борган бўлиши керак. Орифбек офтобачининг ўғли Саидбек ҳам шулар билан. Нормуҳаммаднинг юзлиги билан Азимбекнинг йигитлари сизнинг ихтиёрингизда бўлишади, – шу ерда Умарали понсод, бир тўхтаб олиб сўзида давом этди, – сиз бажарадиган вазифалар жуда ҳам мушкул ва қалтис, Баҳодирбек! Биз, Худо хоҳласа, пайшанбадан жумъага ўтар кечаси етиб келамиз. Қўшин тўхтамасдан шаҳарга кириб келиши учун, учта дарвоза –“Риштон”, “Марғилон”, “Тоғлиқ” дарвозалари очиқ бўлишини таъминлашингиз лозим. Биз киргандан сарой билан сарой олди сарбозхонани босамиз. Сиз, Баҳодирбек, Ашир буқоқнинг карвонсаройини қўлга оласиз, Султонбек парвоначи “галабаққоллик”ни эгаллайди. Лекин энг қалтиси сарой. Ўша тунда иложи бўлса, саройнинг ҳовлисига, юз эллик-икки юз нафар навкарни киритиш керак, Баҳодирбек. Саройнинг паст-баланд, хуфя жойлари ўзингизга маълум. Қўшиннинг келишига, саройнинг ички ва ташқи дарвозаларини очишга саъй-ҳаракат қилинг. Агар иложи бўлмай қолса, саройни қамал қилишга тўғри келади. Қамал қилингандан кейин қирғин бошланиб кетади, шиғовул жаноблари.

Умарали понсод гапини тугатиб, хонтахта устида турган пиёлани олди-да, ёстиққа суянди, сўнгра “нима дейсиз” дегандек шиғовулга қаради. Баҳодир шиғовул кўзларини юмиб олиб, хаёлга чўмди. Бир оз фурсатдан кейин Умарали понсодга қараб, деди:
– Қалъанинг дарвозалари-ю карвонсаройни амалласа бўлади, лекин саройнинг дарвозалари мураккаброқ… Майли, уч-тўртта беклар билан ўзимиз кенгаш қилиб, бирор йўлини топармиз.
– Яхши, шиғовул жаноблари, энди, яна бир нозикроқ масала. Мингбошининг ўғли Абдураҳмон хон ҳузурида экан… эшитгандирсиз?
– Қулоғимга чалингандай бўлувди.
– Муродхон Абдураҳмонни кафилликда ушлаб турибди, агар иш қамалга борса, у ёғи ўзингизга маълум. Бирор чорасини топиш керак.
– Буни Ғани тўқсобага юклайман, ўзимизга қарашли беклардан ҳозирча шу саройга аралашиб турипти.
Икковлари анча вақтгача қалъа дарвозалари, сарой дарвозалари, қилинадиган вазифалар, чоралар, режалар ҳақида муҳокама қилиб бўлишгач, Умарали понсод деди:
– Бўпти. Хуллас, бажаришингиз керак бўлган вазифалар, мана шулар, Баҳодирбек. Бу ишларни қандай қилиб амалга ошириш, ўзларингизга ҳавола. Керак бўлган пайтда Мусулмонқул мингбошининг номидан ҳар қандай фармонни бераверинг.

Баҳодир шиғовул бош ирғаб, деди:
– Маъқул. Бу ёғига беклар билан бамаслаҳат иш қиламиз. Азонгача икки соатларча вақт бор. Сиз ётиб, дамингизни олинг, бирор соатлардан кейин уйғотаман.
Шиғовул мулозимини чақириб, дастурхонни олдирди. Қисқа фотиҳадан кейин Умарали понсод ўтирган ўрнида бошини ёстиққа қўйиб, чўзилди. Шиғовул шамлардан бирини олиб, ҳужрадан чиқди. Даҳлизда ковушини оёғига илиб, айвонга чиқар экан, нарироқда қўл қовуштириб турган Холиқулга кўзи тушди.
– Йигитлар йўлга тайёр бўлишдими?
– Тайёр, бек ака. Супада ухлашяпти. Отларни ҳам озиғи билан тайёрлаб қўйдим.
– Баракалла, энди сен ҳам ётиб, бир оз дамингни ол. Бек акангларни кузатишдан олдин уйғотаман.
– Ўзингиз кириб, дамингизни олинг, бек ака. Жуда чарчадингиз. Айтган вақтингизда ўзим уйғотаман.
– Э-э, кўзимга энди уйқу келармиди, ўғлим. Дамингни олавер, – деди шиғовул, айвондан юриб, ичкари ҳовлига қараб бурилар экан.

Холиқул шиғовулни кўздан ғойиб бўлгунча кузатиб турди-да, айвон четига солинган кўрпачага чўзилиб қўя қолди. Баҳодир шиғовул хобхонасига кирди. Шамни токчага қўйиб, солиб қўйилган жойига чўзилди. Баланд қўйилган ёстиққа ёнбошлар экан, хаёлини бир жойга тўплаб, ўйлай бошлади, “ишни нимадан бошласам экан, хў-ўш, беклар билан гаплашиш учун, парвоначи билан Ғани тўқсобани чақиртириш керак. Қалъа деворидан ошиб ўтиш учун энг қулай жой “Марғилон” билан “Риштон” дарвозасининг оралиги, пастқам жойлар, ҳам юқори пахсаси анча жойи қулаб тушган. Таъмирлаш учун ичкари томондан ҳаррак ҳам қўйилган. Буни уста Мели билан гаплашишим керак… Лекин устани кўндириш қийин, инжиқроқ… мингбоши фармон берди, десам, дарров кўнади. Энди сарой… Бу қалтисроқ… Боғнинг қибла томонидаги эски қувурдан кирса бўлади, фақат ичкаридаги соқчилардан эҳтиёт бўлиш керак… Парвардигор, ишимизни ўзинг осон қил…”.

Саҳарга яқин Баҳодир шиғовул Умарали понсод билан тўртта навкарни кузатар экан, понсодга қаттиққина тайинлади:
– Жумъага ўтар кечаси кеч қолиб юрманглар яна, биз саройда бўламиз, кун ёришига ўтса, мубораза қилишга тўғри келиб қолади.
– Хотиржам бўлинг, Баҳодирбек, Худо хоҳласа, бемалол улгурамиз.
– Йўлингиз бехатар бўлсин.
– Худонинг паноҳига топширдим.
– Яхши боринг.
– Яхши қолинг.

Отлиқлар бир зумда қоронғилик ичида кўздан ғойиб бўлишди. Баҳодир шиғовул отлиқлар кетган томон бир оз қараб турди-да, сўнгра бурилиб, ичкарига қараб юрар экан дарвозани тамбалаётган Холиқулни чақириб, тайинлади.
– Эрталаб уста Мелини қаердан бўлса ҳам топиб келгин. Катта Кенагасга одам юбор, Султонбек парвоначига хабар берсин. Шом оралаб борар экансиз, десин. Ғани тўқсобага ҳам одам юбор. У ҳам шомда келсин. Кечқурунга шўрва ташаттириб қўй. Обдон милдираб қайнасин.
– Хўп бўлади, бек ака.
– Шошма, – кетмоқчи бўлган Холиқулни тўхтатиб, – боғдаги йигитлардан хабар олдингми?
– Йўқ ҳали. Ҳозир бориб, хабар оламан.
– Қўявер, ўзим бораман. Уста Мелини олиб келганингдан кейин мени уйғот.
– Хўп бўлади, бек ака.

Шиғовул, ишкомнинг тагидан ўтиб, боғ томонга қараб юрди. Ғира-ширада дарахтларни оралаб меҳмонхонага яқинлашар экан, айвондаги тартибсизликни кўриб, феъли айниди. Айвон устунларига тортилган арқонга қатор қилиб пайтавалар илиб қўйилган. Пастда чориқ, этиклар бетартиб сочилиб ётар, девор томонга яккам-дуккам қилиб милтиқ, қилич, найзалар тираб қўйилган. Баҳодир шиғовул меҳмонхона олдидаги супага етганда супада ётган йигитлардан бири бошини кўтариб қараб турди-да, шиғовулнинг гавдасидан таниди. Тезгина супадан тушиб, ярим таъзим қилди.
– Бек ака…
– Абдусаломмисан?
– Ҳа, менман, бек ака.
– Супадагилар кимлар?
– Ўзимизнинг йигитлар, бек ака.
– Барини уйғот! Тезда меҳмонхонага киришсин. – Шиғовул қовоғини уйганча, навкарлар ухлаб ётган хонага кириб борди. У хонага бирров кўз югуртириб чиқди-да, амирона таҳдидли овоз билан бақирди. – Ҳамманг ўрнингдан тур!!!
– Аҳ, ким бу?
– Ким келди?
– Нима гап?

Уйқусираган навкарлар орасида ғала-ғовур бошланди. Шиғовул қаҳрли оҳангда бақирди:
– Жим бўл баринг!! Жим деяпман, ҳайвонлар!!!
Хона бир зумда сув сепгандек жимжит бўлиб қолди. Супада ётган шиғовулнинг йигитлари ҳам хонага кириб келишди.
– Ҳамманг яхшилаб эшитиб олларинг! – кўзларини ола-кула қилиб деди шиғовул. – Сайилга келганларинг йўқ. Бу қанақа тартибсизлик? Ҳозир ҳамманг тонг ёришмасдан ҳожатга чиқ. Пайтаваю чориқларингни йиғиштиринглар. Қурол-аслаҳалар ҳаммангнинг ёнингда бўлсин. Кундузи эшик, деразадан бурунларинг ҳам чиқмасин. Тушундиларингми?! Бу ердаликларингни бирон жон зоти билмасин! Хоннинг айғоқчилари ҳамма жойларда изғиб юрибди. Худо кўрсатмасин, сезиб қолгудек бўлса, битта қўймай ҳаммамизни дорга остиради! Овқатни йигитлар олиб келиб беришади. Қоронғи тушганда боғни айлансаларинг бўлади, лекин товушларинг чиқмасин. Четдан қараган одам, меҳмонхонада одам борлигини билмаслиги керак, – шундай дея эшик олдида қатор турган ўзининг йигитларига қараб, – санлар ҳам уч кун чорбоғдан чиқмайсизлар. Шаҳарга тушиш зарурати бўлса, фақат Холиқулга айтинглар. Таниш-билишларга ҳам чурқ этманглар. Отларни яйловга олиб чиқманг. Ғарамдаги бедадан беринглар. Яна уч кун. Жумъага ўтар кечаси, қалъанинг деворидан ошиб, саройга кирамиз. Ана шунга тайёрланинглар, тушундиларингми?! Азимбек йўқлигида қайси биринг катта?!
– Мен, Усмонали, бек ака. – тўрдаги бурчакдан овоз келди.
– Сен тартибни назорат қил! Энди ҳамманг айтганларимни бажаринглар!
Баҳодир шиғовул меҳмонхонадан чиқиб, дарахтларни оралаганча уй томон юриб кетди. Қишлоқдан хўрозларнинг қичқирган товушлари эшитила бошлади. Шиғовул ичкари ҳовлига кириб, Холиқул тайёрлаб қўйган обдаста билан таҳорат олди-да, бомдод намозига машғул бўлди…

* * *

Қуёш кетмон бўйи кўтарилган… Холиқулнинг сохта йўталидан, пинакка кетган шиғовул уйғониб, кўзини очди. Эшик қия очилиб, Холиқул кўринди. Шиғовул гапиришга эриниб, овозини чиқариб қўя қолди:
– Ҳа-а?
– Уста Мели амакини олиб келдим.
– Дастурхон ёздингми?
– Ёзганман, супада бек акамлар билан нонушта қилаяптилар.
– Яхши. Ҳозир чиқаман.
Холиқул эшикни ёпгач, шиғовул ўрнидан турди-да, ҳомуза тортиб, обдон керишди. Томоғини қирганича хобгоҳидан чиқиб, ташқи ҳовли томон йўл олди.
– Ие, ие, келсинлар, уста калон, келсинлар, – деди шиғовул дўриллаган овоз билан супага яқинлашар экан.

Ўрта бўйли, бичими чаққонгина, қисқа соқоли сийракроқ, жияк ёқа оқ сурп кўйлак устидан белбоғ боғлаб олган уста Мели чаққонгина супадан тушди-да, оёғига чувагини илиб, иккала қўлини олдига чўзганича шиғовулга пешвоз чиқди:
– Ассалому алайкум! Бек ака!
– Ваалайкум, уста калон, ваалайкум! – шиғовул уста билан кўришиб бўлиб, орқадан келган Азимбекнинг қўлини олар экан, – яхши ётиб турдингми жиян? – Жавобини ҳам кутмай. – Қани, супага марҳамат.
Фотиҳадан сўнг, ҳол-аҳвол сўрашилди.
– Қани, дастурхонга марҳамат қилсинлар, – шиғовул манзират қилар экан, мулозимини чақирди, – Холиқу-ул!
– Лаббай, бек ака.
– Ниманг бор?
– Ҳозир ширчой тайёр бўляпти, бек ака.
– Тезлат!

Азимбек бир пиёла чой қуйиб, шиғовулга узатди-да, чойнакни уста Мелининг олдига суриб деди:
– Амаки, мен боққа ўтиб, йигитлардан хабар олай, керак бўлсам, чақиртирарсиз.
– Шошма… йигитларингни бир оз тартибини тузат, боя саҳар, бирров танбеҳ бериб келдим, кундузи ҳамма хонада бўлсин, боққа чиқиб юришмасин, шуни қаттиқ тайинла!.. Ҳозирги пайтда эҳтиёткорлиқ шарт, ҳушёрлиқ ҳам лозим, жиян… майли, энди боравер.
Азимбек кетгач, Баҳодир шиғовул уста Мелига қараб, гинахонлик қила кетди:
– Оббо уста Мели-е-ей!.. Чақиртирмасам, ўзингиздан билиб, “би-ир бек акамдан хабар олай” ҳам демайсиз. Ака-укачилик, оқибат, шуми энди?
– Тирикчилик-да, бек ака, – уста Мели ўзига чой қуяр экан, шиғовулнинг, ўзига яқин олганидан сергакланиб, – ишимизнинғ қизғини ёзда. Ўзинғиз биласиз, уста халқи харидахўрмиз. Ёз бўйи ишлаймиз, қишда еб ётамиз.
– Ҳали ҳам қалъанинг деворида ишлаяпсизларми?
– Ўша ерда. Ўн тўрт-ўн беш газға яқин деворнинғ юқори пахсаси тушиб кетған. Шу иш билан банд бўлиб турувдик…
– Ие, пахса уришни бошладиларингизми?
– Йўқ ҳали, харракларни ярим кўтариб, хандақдан тупроқ кўчириб қўювдиқ, саройдағи тўс-тўполон, қирпичоқдан кейин ҳеч кимнинғ иши бўлмай қолди. Биз ҳам ишни тўхтатиб қўйдиқ.

Иккита косада ширчой кўтарган Холиқул, супа томон юриб келиб, аввал шиғовулнинг олдига битта косани, иккинчисини уста Мелининг олдига қўйди. Сўнгра бўш чойнакни олиб, изига қайтди.
– Қани, уста калон, ширчойга қаранг, – деди шиғовул ширчойга нон тўғраб, – ишни тўхтатиб қўйган бўлсангиз, ҳозир бекорчиман денг?
– Бекорчидан Худо безор, бек ака, – Уста Мели ширчойга нон тўғрар экан, – ҳовлида беш-олтита устун ётқизғанман, шогирдларға шунинғ кандакорлигиға бош-қош бўлиб турибман.
– У ишни қўя туринг, уста Мели, – шиғовул ширчойни ҳўриллатиб ичар экан, – сизға бир хуфя иш бор.
– Қўлимдан келса, бош устиға, бек ака, – уста Мели «хуфя» сўзидан бир оз чўчиб, – лекин умримда бирор марта хуфя иш қилиб кўрмағанман.
– Қўлингиздан келади, уста калон, шунинг учун ҳам сизни чақиртирдим.
– Қандай хуфя иш экан у, бек ака? – устанинг юраги безиллаб.
– Муродхонни тахтдан ағдарамиз, – дангал деди шиғовул, мўйловини силаб.
Уста Мелининг безиллаган юраги шувиллаб кетди. Ширчой томоғига тиқилаёзди. Косани маҳкам ушлаганча атрофга олазарак қараб олди. Сўнгра ранги ўчган ҳолда шиғовулга қараб, зўрма-зўраки иршайди:
– Ҳе-е, ҳазилинғиз бор бўлсин, бек ака. Шунақаям ҳазил қиласизми? Сал бўлмаса ўзим супадан ағдарилиб тушардим.
– Ҳазиллашаётганим йўқ, уста калон. Уч кундан кейин тунда одамларни қалъа деворидан ошириш керак.
– Э-э, шундай демайсизми, бек ака, нима экан дебман, – бир оз тинчланган уста Мели сўнгра ингичка бўйнини шиғовул томон чўзганича ҳамма нарсадан хабардор одамдек кўзларини қисиб шивирлади; – Хоннинғ тазйиқиға учраған одамларни шаҳардан ташқариға чиқариб, қочиришимиз керак, топдимми, бек ака?
– Аксинча, уста Мелибой, аксинча. Одамларни шаҳарга олиб киришимиз керак.
– Шаҳарға-а?! – устанинг юраги яна шувиллаб, қисилган кўзлари катта очилди.
– Шаҳарга.
– Н-нечта одам? – дудуқланиб сўради.
– Нари-бери икки юзта, – шиғовул кўзларини лўқ қилиб.
– Икки юзта-а?!

Устанинг ранги оқариб, Баҳодир шиғовулга бақрайиб қараб қолди. Бир оздан сўнг ўзига келиб, ғўлдиради:
– Яна қирғин бўладими, бек ака? Ахир мен ёғоч чопишдан бошқа нарсаға ярамайман!
– Сизни биров қилич чопсин деётгани йўқ, уста калон. Сиз бошқа ишни бажарасиз.
Иштаҳаси паққос бўғилган уста Мели, Баҳодир шиғовулга қараб, хаёлидан ўтди, “бир балони бошламаса эди бу, шайтоннинғ шогирди. Икки юзта навкар билан хонни ағдармоқчи-я, овсар. Йўқ, бу ишга аралашмайман. Ҳамманинг уйини куйдиради, бу қари така”, уста Мели томоғини бир қириб олди-да, кекирдагини баланд-паст қилиб деди:
– Мени, маъзур тутасиз, бек ака, мен оддийғина бир уста бўлсам, менга бу иш…

Баҳодир шиғовул устанинг гапини дағаллик билан бўлди.
– Сизга бу ишни топширишни менга шахсан Мусулмонқул мингбоши жанобларининг ўзлари фармон бердилар.
Уста Мелининг ранги ўзгариб, гапи оғзида қолди, “ё, Парвардигор, бу ишларнинғ тепасида мингбошининғ ўзи турған экан-да. Саройға ўт қўйиб бўлса ҳам тахтни ағдаради бу дашти қипчоқ. Агар йўқ десам, саройға қўшиб капамға ҳам ўт қўйиши аниқ…, икки юзта навкари билан бекорга чиранмаган экан, бу қари даканғ. Қодир эгам, бу ғалвалардан ўзинғ паноҳинғда асра”, уста ўлганининг кунидан шиғовулга бир амаллаб ишшайиб туриб деди:
– Шу гапни бошиданоқ айтсанғиз бўлмасмиди, бек ака. Наҳотки мингбоши ҳазратларининғ ўзлари мени тайинлаған бўлсалар?
– Шундай, уста калон, сизни тайинлаган эдилар, – шиғовул, уста Мелига ўғринча қараб олди-да, лоқайдлик билан сўзида давом этди, – на чора, рад қилганингизни мингбоши жанобларига айтиб, ўрнингизга уста Сарварни тайинлаймиз, шекилли.
– И-и-и, ҳай, ҳай, бек ака! Ахир, мен “йўқ” демадим-ку. Фақат бу ишни олдин машқ қилиш керак, демоқчи эдим холос, – уста Мели, қип-қизарганича шоша-пиша олдини ола бошлади, – Сарвар чўлоқ, бу ишни эплай олмайди, у устозиға ҳалигача “арвоҳи пир” ошини қилиб бермаған, ғирт муттаҳамнинғ ўзи-ку. Мингбоши жанобларининғ ҳар қандай фармонлари биз учун қонун. Айтинғ, мен нима қилишим керак, бек ака?
– Мана бу бошқа га-а-ап, уста Меливой. Ахир сизга, мингбоши жанобларининг назарлари бекордан-бекорга тушмаган бўлса керак.
– Шундай, бек ака, шундай. Ҳазратимнинғ пешайвонларидағи, чортарош харининғ устунларини ўзим қўйғанман-да, назарлари ўшанда тушған.
– Офарин, уста калон, офарин, – Баҳодир шиғовул, устани олқишлаган бўлди, – энди ишга ўтсақ. Аввало, қалъа деворидаги харракларни битқазиш керак. Қанча вақт керак бўлади?
– Икки-уч кунда тамомласак керак.
– Ишни жадаллаштиринг, уста Мели, узоғи билан эртаси кечгача тамомлаш лозим.
– Ҳаракат қиламиз, бек ака. Ҳозир бора солиб, шогирдларни йиғиб ишни бошлаб юбораман, Худо хоҳласа.
– Маъқул, харраклар бақувватми?
– Бақувват, ҳаммаси болордан қурилған, мустаҳкам, бек ака.
– Яхши, тепасига нечта одам сиғади?
– Зичроқ турса агар, ўттиз-ўттиз бешта сиғиб қолар.
– Бўлади. Энди яхшилаб қулоқ солинг, уста, – Баҳодир шиғовул қўйнидан беш-олтита тангаларни олиб, уста Мелига берар экан, – мана бу тангаларга, харракдан ергача етадиган қилиб, ўнта-ўн бешта йўғонроқ арқон сотиб олинг. Ҳар бир арқоннинг орасини бир газдан қилиб тугинг. Пайшанба куни кундузи ҳамма арқонларни, харракнинг устига олиб бориб қўйинг. Ишончли шогирдлардан иккитасини олинг-да, қоронғи тушиши билан арқонларнинг бир учини харракка боғлайсизлар. Иккинчи учини девор ошириб ташлайсизлар. Иложи борича товуш чиқармасдан ҳаракат қилинглар… Девор ошиб, харракка тушган навкарларни пастга юбораверинг. Пастда одам бўлади. Ҳамма ошиб бўлгандан кейин, арқонларни тортиб олинглар-да, уй-уйларингизга тарқалинглар. Сиз бажарадиган хуфя иш мана шу, уста Меливой.

Баҳодир шиғовул гапини тугатиб, дастурхондан бир шингил узумни олди-да, шошмасдан ея бошлади. Беш дақиқа олдин ҳар қандай ишга тайёр турган уста Мелининг ранги ўчиб, танаси ярим тахта бўлиб қолган эди. У бажариши лозим бўлган хуфя ишни шиғовул айтиб бўлиши биланоқ, орқасидан айғоқчи тушгандек, атрофга аланглаб юраги ғаш тортди. “Ё товба, товба! Эртага қиёмат бўляпти-ю, бу жангарининғ томоғидан узум ўтганини қаранғ… Ҳе-е-ех-хуфя ишинғ ордона қолсин… Икки юзта навкарни ўзи бўладими… Тунги соқчилар кўриб қолишса нақ харракнинғ устида дорға осишади-я… Парвардигор, ўзинғ уларнинғ кўзини кўр қил… Қилсам, бир бало, қилмасам, минг бало… Қодир эгам, шу ғалвалардан омон эсон чиқсам, девона Баҳовуддин пиримнинғ арвоҳларига етти чалпак назр қилиб, пилик ёқаман”. Баҳодир шиғовул илимилиқ бўлиб ўтирган уста Мелига зимдан қаради, “э, ҳа-а, афти ангорига қараганда, бу қилтириқ уста, чўчиб қолган, шекилли, тобини келтирмасам, ишни ланж қилиб қўймасин яна…”

– Ҳа-а, уста калон, дамингиз чиқмай қолди, қўрқяпсизми?
– Йўғе-е, бек ака, нимадан ҳам қўрқар эдим, – деди уста Мели, ўзини хотиржам қилиб кўрсатишга уриниб, – лекин, шу десанғиз, этларим увушиб, бўшашиб кетяпман, товба. Худди биров орқамдан пойлаб турғандай. Ахир умримда бундай хатарли ишни қилғаним йўқ-да, бек ака.
– Асло чўчиманг, уста калон, кимга-кимгаю, лекин сиз учун хатарли жойи йўқ, – деди шиғовул, узумдан нам бўлган қўлларини сочиққа артар экан, – шунинг учун ҳам мингбоши жаноблари сизни тайинладилар… Аравага болта, арра, теша, арқон, андава шунга ўхшаган устачилик анжомларини ортиб, шаҳар айлансангиз, ҳеч ким сиздан шубҳаланмайди. Чунки, сиз устасиз. Энди мана буни олиб қўйинг, уста Мелибой, – Баҳодир шиғовул қўйнидан чоғроқ халтачани чиқариб, устага тутқазар экан, – бу хизмат ҳақингиз.
– И-и-и, бек ака, хафа бўламан, – уста қўлидаги халтачага қараб, юзларига қон югурди, – биз бу ишни холисанлиллоҳ қиламиз…
– Бу халтачани сизга беришни мингбоши жанобларининг ўзлари буюрганлар. Ҳалигача бирор кимса у кишининг қўлларини қайтаришга журъат қилмаган. Агар халтачани олмасангиз, мингбоши жанобларини ранжитган бўласиз, уста калон.
– Э-э-э, шунақами, шунақами? Товба қилдим, бек ака, ҳазорон товба! Халтача у ёқда турсин, Ҳазратимнинғ ҳар бир босған излари ҳам биз учун табаррук, – уста Мели халтачани қўйнига солар экан, юрагининг ғашлиги-ю, чўчинқирашлар бир зумда йўқ бўлиб, бирдан ботирлиги тутиб кетди, – икки юзта навкар ҳам гап бўптими, бек ака, мингбоши жаноблариға айтинғ, керак бўлса ҳамма қўшинларини қалъанинғ деворидан ошириб юбораман.
– Ҳа-аддагар! Баракалла! – устани мақтади шиғовул, – аслида, бундай юрак билан сарбоз бўлиб хизмат қилсангиз бўлар экан.
– Сарбоз бўли-иб! Нималар деяпсиз, бек ака… Сарбозликдан Худо сақласин, – уста Мелининг капалаги учиб, шиғовулга қаради, унинг чақчайиб турганини кўриб, дарров текислаб қўя қолди, – сарбозлик ҳам яхшику-я, тасаддуқ, лекин биз халқнинғ хизматидағи одам, шу десанғиз, тинчғина пойтешани тиқиллатиб юрғаним маъқул, – сўнгра шоша-пиша гапни бошқа ёққа бурди, – ҳозир бориб, шогирдларни йиғсам, бир соатлардан кейин ишни бошлаб юборамиз. Худо хоҳласа, эртаға асрға қолмай харракни битирамиз, пайшанба куни арқонлар билан банд бўламан. Қани, бек ака, кушойиши корга ўзинғиз бир оқ фотиҳа беринғ.

Энди ёнбошлаган Баҳодир шиғовул туриб, ўтирди-да, дуога қўл очди:
– Оми-ин!! Парвардигор, сизларни ўз паноҳида асрасин. Сизларга куч-қувват берсин, мингбоши жанобларининг олдида обрў-эътиборли қилсин, Оллоҳу Акбар!!
– Оллоҳу Акбар!, – жўр бўлиб юзига фотиҳа тортди, уста Мели, кейин супадан тушиб чувагини кияр экан, деди, – энди, бизға жавоб, бек ака.
– Майли. Яхши боринг, Меливой. Худо ёр бўлсин…

Устани кузатгач, Баҳодир шиғовул ёнбошлаганча кўзларини юмиб ҳаёлга чўмди: “Хў-ўш, шаҳарга кириш масаласи ҳал бўлди. Парвоначи билан тўқсоба келишса, дарвозаларни маслаҳат қиламиз… Энди мингбошининг ўғлини муҳофаза қилиш керак, лекин қандай қилиб… Саройдан қочириб бўлмайди, соқчилар янги хоннинг навкарларидан… Уни тагхоналардан бирига яшириш керак… Тагхона, ҳарам билан ошхонанинг тагида, у ерга ҳар ким ҳам бора олмайди, эшик оғаси борса бўлар эди, лекин уни қатл қилишди… Жин урсин… Яна кимга ишонса бўлади…”. Шиғовул сарой аъёнларини, ҳудайчидан тортиб ясовул гача бир-бир кўздан ўтказди, “бирортаси ҳам тўғри келмайди… Фақат Ҳокимойим уддасидан чиқиши мумкин. Лекин унга қандай қилиб етказамиз… Ҳарамга Заҳро сатангни юбориш керак, ҳа, ҳа, Заҳро сатангни юбориш керак, Ҳокимойим азадор, Заҳро кўнгил сўрагани боради, ахир яллачиси-ку, ҳеч ким шубҳа қилмайди. Заҳродан, нома битиб юбораман”. Шиғовулнинг юмилган кўзлари ярим очилди, ўрнидан туриб, ўтирар экан, бурнининг тагида ғўлдиради “нома битиш керак, Ҳокимойимга нома битаман. Заҳрога номани Ғанибек олиб бориб беради. Мингбошининг номидан буюрса, юраги ўйнаганидан саройга бепаранжи югуриб қолади яллачи сатанг. Бу ишни тезлатиш керак. Ҳозироқ номани битиб, тўқсобадан юбориш керак”.

Баҳодир шиғовул хаёлига келган фикрлардан мамнун ҳолда супадан тушиб, ковушини кияр экан, мулозимини чақирди:
– Холиқул!
Ҳужрани йиғиштираётган Холиқул бир зумда шиғовулнинг рўпарасида қўл қовуштирди.
– Тезда Ғани тўқсобани топиб, олиб келгин!
– Аллақачон одам юборганман, бек ака. Ўзингиз тайинлагандек шом оралаб келадиган бўлдилар.
– Йў-ўқ!! Ҳозир топиб келасан! Ўзинг борасан. Ваҳима қилмасдан айт. “Зарурат ишлари чиқиб қолди, ҳозир борар экансиз”, – дегин. Тўқсоба бир соатдан кейин шу ерда бўлсин. Қани, энди ғизилла.
Холиқул сўзсиз бош ирғади-да, ҳовли четидаги бандарга қараб шошибгина кетди…

* * *

Ҳокимойимга битилган номани Баҳодир шиғовулдан олган Ғани тўқсоба, Холиқулнинг кузатувида йўрғани етаклаб дарвозадан чиқди. Узангига оёғини қўйиб ўтирмасдан бир сакраб ўзини эгар устига олди-да, отига қамчи босиб, шаҳарнинг “Марғилон” дарвозаси томон чоптириб кетди.

001

АСАРНИНГ ДАВОМИНИ ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ, ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИНГ ЁКИ ЮКЛАБ ОЛИНГ.
001

001

хдк

(Tashriflar: umumiy 1 585, bugungi 1)

1 izoh

  1. Жуда хам яхши китоб экан Якин уртада бунака китоб укимаган эдим

Izoh qoldiring