Abdulhamid Cho’lpon.Vayronalar orasidan (Andijon — O’sh -Jalolobod).

065

   2014 йил буюк ватандошимиз, адабиётимизнинг бетакрор сиймоси Абдулҳамид Чўлпон қаламига мансуб — 1919 йилда ёзилган «Тилимиз», 1924 йилда эълон қилинган «Адабиёт надир?», «Тарихнинг зарарли такаррури», «Вайроналар орасидан (Андижон-Ўш-Жалолобод)» каби бир қатор таниқли асарларнинг ўзига хос юбилейи йилидир. Бу йил «Тилимиз» ёзилганига 85 йил, «Адабиёт надир?», «Тарихнинг зарарли такаррури», «Вайроналар орасидан (Андижон-Ўш-Жалолобод)» ёзилганига 90 йил тўлади. Айни шу баҳонаи-сабаб уларга яна бир карра диққатимизни қаратмоғимиз керак деб ўйлайман.

Энг аввало, уларнинг орадан шунча вақт ўтиб ҳам замонамизнинг айрим муаммолари ҳақидаги сизу бизнинг тушунчаларимизга ҳамоҳанг эканини кўраман. «Вайроналар орасидан (Андижон-Ўш-Жалолобод)»ни бугун қайта ўқир эканман, худди кўз ўнгимизда бўлиб ўтган Қрим воқеаси,шу муносабат билан назарга ташланган бугунги Россия сиёсати ҳақида ёзилгандек таассурот қолдирадиган айрим жумлаларни ўқиб, ҳайратга тушдим.

«Тилимиз»даги Чўлпон қарашлари ҳам бугунги кунимиз учун ўта дахдор эканлигини кўраман. Чунки, она тилимизнинг бугунги аҳволи ҳамон ачинарли аҳволда қолмоқда. Шу ўринда фидойи ва жонкуяр  ёзувчи Аҳмад Аъзамнинг (Аллоҳ раҳматига олсин) бор-йўғи бир йил аввал ёзилган мақолаларида тилга олинган муаммоларни эслаш кифоя.

Чўлпон ёзганидек, бу «Тарихнинг такарруримикан (такорланишимикан)?»  Тарих жумбоқларини билан беҳад узоқ ўрганшим боис биламанки, тарихдаги такрорланишлар бор гап ва бу такрорланишлар ҳар қайси замонда ҳам жамият олдидаги бирламчи вазифалар ўзгармас қонуниятларга эга эканлигидан юзага чиқади. Шундай экан, Чўлпон яшаган давр Туркистон халқи ва жамияти олдида кўндаланг қўйган вазифалару талаблар бугунги мустақиллик даврида ҳам такрор қалқиб чиқаётгани табиийдир. Айни шу сабабдан ҳам, юқорида тилга олиб ўтган мақолаларга бугунги кўз билан қарамоғимиз, улардан тегишли хулоса ва мулоҳазалар ясамоғимиз ўринли бўлади.

Чўлпоннинг мақолаларининг кунимиз учун ҳам долзарблиги унинг юксак тафаккур салоҳиятига эга бўлганининг ёрқин мисолидир.
Биз бундан кейинги саҳифаларимизда «Тилимиз»,»Адабиёт надир?», «Тарихнинг зарарли такаррури» ва бошқа ўзига хос «юбилей»лари нишонланадиган бир қатор асарларни, шунингдек, улар ҳақидаги фикр-мулоҳазалар акс этган мақолаларни эълон қилиб борамиз.

Хуршид Даврон

099

Бугунги ёш китобхонлар Чўлпонни кўпроқ дилбар лирик шеърлар, «Кеча ва кундуэ»дек баркамол роман муаллифи, моҳир таржимон сифатида билади. Кекса авлод зиёлиларимиз ха бу кўпқиррали истеъдод соҳиби айни пайтда фаол журналист, ношир, жўшқин мақоланавис ҳам бўлганини яхши эслайдилар. Тошкент давлат дорилфунунида ташкил топган 20—30-йиллар ўзбек адабиёти ривожи масалаларини — Қодирий, Чўлпон, Фитрат ижодини тадқиқ этувчи махсус илмий, гуруҳ ходимлари Октябрь инқилоби, совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида Туркистон да чоп этилган ойнома ва рўзномалар тахламларини варақлаб, ғоят бой, ранг-баранг маданий-маьнавий хазинага, жумладан, Чўлпоннинг ўнлаб адабий-танқидий ва публицистик мақолаларига дуч келдилар.

Чўлпон мақолалари адиб ижодий меросининг салмоқли қисмини ташкил этади. У ижоддаги илк қадамларидаёқ публицистикага мурожаат этган. 20-йилларда турли мавзуларда, хилма-хил адабий шаклларда ғоят баракали ижод қилган. Бу мақолалар адиб шахси, ижоди, ҳаёти ҳақидаги тасаввуримизни хийла бойитади: бевосита қайноқ ҳаёт қучоғида туғилган, турмушнинг ўзида рўй бераётган алғоа-далғов ҳодисалар изидан бориб ёзилган иншоларда, бир томондан, давр нафаси сурони уфуриб туради. Иккинчи томондан уларда ўта таъсирчан, нозиктаъб лирик шоирнинг калб садолари баралла эшитилади. Мазкур мақолаларни ўқиб, Чўлпон шеъриятидаги, насрий асарларидаги ранг-баранг кечинмалар, руҳий драмаларнинг, хусусан, дарду изтиробларга тўла фиғону нолишларнинг, кўз ёшларнинг ҳаётий заминини билиб оламиз.
Энг муҳими, уларни мутолаа этган да она диёрда ўша кезлари юз берган хилма-хил ҳодисаларга шу юртнинг чин фарзанди, асл фукароси сифатида фаол муносабатда бўлган, халқ тақдири, дарди, қайғуси билан нафас олган бир етук сиймонинг ёниқ қалбини кўрамиз. Ҳукмингизга ҳавола этилаётган Чўлпоннинг 1924 йилда ёзилган «Вайроналар орасидан» номли сафарномасини ўқиб, аминмизки, бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қиласиз.

055
Абдулҳамид Чўлпон
ВАЙРОНАЛАР ОРАСИДАН (АНДИЖОН— ЎШ — ЖАЛОЛОБОД)
06

004   Эрталаб, азон вақтида жўнамоқчи бўлиб ётқон эдим.
Энг қизғин уйқуда вақтимда уйғотдилар. «Тур, аравакашлар келиб, қараб турибдурлар» дедилар.
Уйқусирамадим, ирғиб ўрнимдан турдим. Наридан-бери, чала-чулпа бет-кўзни ювуб, апил-тапил кийимларимни кийдим-да, ташқарига чиқдим.
Қоронғи, хийла қоронғи эди. Қоқилиб-тиқилиб пиллапоядан тушдим. Орқамдан чироғ кўтариб онам келди, кўчага чиқдик.

Тўрт арава — ўзимизнинг девсифат аравалар кўчанинг ўртасига тўхтағонлар эди. Шу оғир, шу бўшанг, шу лавашоқ аравалар билан олти тош (48 чақирим) йўл босмоқ! Ўҳ-ҳў!
Янги руҳ ва эски тил билан «таваккал»ни айтиб аравага ирғидим.
Чиқир-чуқур… арава қўзғолди…

Арава қўзғолиб, унинг доираси бемалол уч қулоч келатурғон ҳайбатлиқ ғилдираклари 5—10 матта айлангунча, онам бечоранинг хира чироғи бизни узатмоқда давом этар эди. Мундай қоронғи бир кечада, ёлғиз ўзум, тонимоғон кишилар билан кимсасиз вайрон йўлға чиққаним учун қўрқишдан ҳам холи эмасман, лекин хира чироғнинг кучсиз ёруғлари билан бир мунча жойғача кузатиб қолғон онам, оналарға махсус шафқати, муҳаббати билан қандай қўрқувларға йўлуққандур.

Меним ўзим учун унча қиммат бўлмағон борлиғим унинг учун ҳамма нарсадан қиммат эмасми?
Шаҳарнинг чекка жойлариға яқинлашамиз. Неча йиллик ички урушлар билан чарчағон жойнинг даштлардек ёввойилашиб кетган кўчаларида, мушук кўзи қадар бир ёруғлиқ билан ёниб турғон электрик фонорлари… орқамиэда қолиб борадур. Бир-икки бурулиш билан нафси шаҳарнинг ўзидан чиқдик.

«Пахтақум»нинг 1-зовудининг кет томонидан ўтуб борамиз. Энг ёруқ электрик чироғларининг ўткур ёруғлари орасидан гувиллаган товуш келадур. Бу зовуд парраларининғ айланишидан чиққан товуш. Чироқ зиёлари орасидан қорайиб кўрунган кўк, онамиз ернинг қора бағрига ўхшайдур.

Қора бағирлиқ ерни ўйлағондан кейин хаёл кўзлари олдидан кенг бир пахта таласи очиладур, кенг пахта таласида, маҳшарда тўпланган саллалик мусулмонлардек, оқ бошлари билан бир маҳшар ҳолини олғон пахта дарахтлари — ғўза поялари, ҳақиқатан одам болалари учун ҳақиқий маҳшар манзарасини келтирар! Пахта маҳшари билан пахта зовудининг гувиллаган товуши… ўт билан сув, ўлим билан ҳаёт оҳанглари каби бир оҳанг (гармония) вужудга келтирадур…

Ўша ўртада яна 1 —2 та зовуд бор эди, харобага айланган бир неча тери зовуди бор эди, биттасигина соғ қолғон. Арава йўли ниҳоятда оғир, отлар кўб ёмон қийналадурлар, уларни қўзғотиб олиб бориш учун товуш борича қийқирғон, уруниб-сурунғон аравакашларнинг ҳоли ҳам ундан енгил эмас. Аравалар бир неча ерда лойга ботди, кўпайишиб, қийқиришиб юриб чиқардилар. Шу ҳолда, минг нола билан Анжон адириға етдик.
Ҳали, тонгдан дарак йўқ. Қоронғилиқ яна боёғи ранги билан қуюқлашиб, қаймоқлашиб турубдур. Қоронғилик, назарларимда баъзан қоттиғ қуюқлашқондек бўлуб кетар-да, кўзимни бир очиб — бир юмуб: «Ёлғон тонг (субҳи каззоб)ми, бу?» дейман.

Адирдан тушуб, Хартум қишлоғиға кириб борамиз, Чекарак жойлардағи иморатлар, ҳовлилар бузулғон, бўш, вайрон кўрундилар. Илгари жуда обод бўлғон гузардан қоровул тақтасининг маъюс-маъюс товуши эшитилди. Ёмон, лой йўллар билан Зовроқ қишлоғиға ўтдик, ундан Чек қишлоғиға етиб, катта адирға чирмаша бошладиқ.
Қишлоқларда қимирлағон жон йўқ, ҳамма уйқуда, ҳамма хонада жон бор, одам бордек кўрунадур. Лекин, хона жойларнинг бўш бўлғонлари, эгасиз, кимсасиз қолғонлари ҳам кўб, дедилар.

Томларға босилғон беда, макка ва ғўза поялари ёнларидан ўтғанда аллақандай хаёлий шакл кўрсаталар. Гоҳ дев бошидек, гоҳ олбости тўдасидек, гоҳ ухлағонларни масхара қилиб кулган хаёли бедордек, гоҳ дарахт шохида ухлаб ётқон бир тўп қорғадек кўрунадур. Ҳолбуки, қишлоқнинг бутун умиди, тасаллиси, бори-йўғи шу бир ғарам поя!

Адирнинг текис тош йўлида отларни қамчиладилар, гур-гур арава чопиш бошланди. Илгари вақтда босмачиларнинг бозорчи тўсатурғон бир ерларига — Тура булоғига келдик. Кўнглим тўлқунланди, қолғон-қутғон босмачилар бор бўлса… рўбаримиздан чиқсалар… Мен бу хаёллар билан бош айлантиргунча аравакашлар булоқдан ҳам ўтиб кетдилар, қатор-қатор чизилғон аравалардан ҳар хил қўшиқлар эшитиладур. Гулёр, узма гул, махзумхон, омон ёр… ҳаммаси, ҳаммаси!

Шаҳардан чиққандан бери 15 чақирим йўл юрдик, тонг отқони йўқ, фақат тонг еридан кичкинакина бўшанг ва хира бир қизиллиқ кўрунди, 20 чақирим йўл босиб, Ўш билан Андижоннинг қоқ ўртасидағи Хўжаобод қишлоғига яқинлашқонимизда аста-секин тонг отди. Йўлда бир қишлоқни кўрдик. Ярмидан кўпи куйуб кетибдур. Сабабини аравакашлардан сўрадим: « Босмачилар билан урушқони чиққан арманилар 3—4 йил бўлди талаб, ўт қўйуб юбордилар» деди…

Арманиларнинг «миллий дашноқ» фирқалари, шўро ҳукумати ёш вақтида қизил байроқ остига кириб олиб уларнинг қилғон ваҳшатлари, 18— 19-йилларда Фарғонадаги «арман диктатураси» кўз олдимдан битта-битта чизилиб ўтди.

— Кўпрукка келиб қолдик! — дедилар. Хаёлдан айнидим. Шаҳрихон сойининг кўпругига етган эдик.
Бир вақтлар кўп пул сарф қилиниб бино этилган бу темир кўпрук жуда ёмон бузилибдур. икки чеккадаги панжара темирлари буткул қолмағон, ернинг баъзи жойлари от сиғарлик даражада тешилган, бу тешикларга хода юмалатиб қўйғонлар. Хўжаобод ҳукуматдорлари ёғоч тошишиб қўйғонлар, кўпрукни тузатмакчи бўлғон бўлсалар керак. Лекин, кунлар, ойлар ўтмоқда, ҳали ишдан дарак йўқ. Ҳолбуки, бу йўл катта,ва обод бир йўл бўлиб, кеча-кундуэ арава қатнаб туродур. Кўпрукни тезроқ тузатиш чорасини кўрмак керак эди…
Кимнинг вазифаси бу?

Нонушта маҳали Хўжаобод қишлоғиға кириб, бир чойхонага тушдик. Аравакашлар отларни ўтга қўйдилар. Мен газетага ёзмоқ учун хабарлар истадим, халқнинг кам-кўстини суруштирдим.

Хўжаободнинг Шаҳрихон сойи томонида Ўш сойи деган бир кичкина сой бор экан. Бу сой Ўш томондан келиб Шаҳрихон сойиға қуюлар экан. Ўтган йил шу Ўш сойи тентакланиб кётиб, 500 таноп қадар экинлик, ҳовли ва боғ ерларини оқизиб кетган. Ҳозир ҳам шу ернинг ёнидан яна оқизмоқда давом этар экан.

У тўғридан Хўжаобод халқи ҳар йўл билан ҳукуматға арз қилғон; Андижонда ўтган йил чиқиб тўхтағон «Дархон» газетасида ҳам у тўғрида ёзилғон; ўтган йил Туркистон марказ ижроқўми ва Фарғона музофот ҳукумат бошлиқлари ўзлари келиб кўриб кетганлар. Лекин, шу чоққача ҳеч бир чора кўрилмаган. Шу нуқтага Фарғона Музофот ижроқўмининг диққатини қайтадан жалб қиламан.

Саёҳатимизни Хўжаобод қишлоғиға келиб тушган жойимизда тўхтатқон эдик. Ундан нарисини ёзмоқ учун эс-ҳушни тўплаб ўтириб, қўлға қалам олғунча анча вақт ўтуб кетди. Бу орада «Туркистон» газетасининг ёзишқучиларидан Ғози Юнус ва Элбек ўртоқлар билан бирга ўшал йўллардан яна бир мартаба ўтишга тўғри келди. Эсдаликлар яна янгиланди, кўрган — билганлар яна орта тушди. Саёҳатнинг давомини, энди, «икки мартаба бўлғон саёҳатнинг давоми» қилиб ёзотурғон бўлдим.

Хўжаобод кўринишга кичкина қйшлоқ бўлғони билан, гап-сўз кўп экан. Айниқса газетачига гап-сўз топила берадур. Ўшдан 20 чақирим йироқликда Қорасув истансаси солиниб, тўғри қатнов йўл тушгандан бери Хўжаободнинг илгариги мавқеи сусайиб қолибдур. Бўлмаса, Хўжаобод — арава, от, пиёда, фойтун, пўчта ва ўт арава карвонлари учун (ҳожилар таъбирича) бир «Харков» каби эди. Помир ва Қашқарға ёлишқон, Ўзгант ва Гулша каби кенг жойларни ўз доирасиға олғон Ўш уез(д)ининг марказ томон билан бўлатурғон қайноқ алоқасида Хўжаобод муҳим бир истанса эди.

Ҳозир, бўлус ижроқўми бор экан. Битта мактаб ҳам бор дедилар. Лекин унинг ўзидан кўпроқ «оти» бор шекилли… Кўкламдан тортиб то кузгача мактаб таътил экан, деҳқонлар болаларини фақат қишдағина ўқита олар экан.

Мактаб мундай бўлғони билан бошқа ғалати нарсалар кўп: ўтган сафар ёзилғон кўпрук ҳали ҳам тузалмаган, биз сўнгги боришимизда файтунни ҳам еталаб ўтдик. Ўшға борғонимизда дедиларким, кўпрукни халқ ҳисобидан тузатдирмакка Ўш ижроқўми қарор берди. «Ҳукумат маблағиға бўлмас эканми?» деган эдик, «Баладия (вилоят) идорасининг пули йўқдур», дедилар. Баладия идораларидан сўз очилғондан кейин гапиргандан кўра гапирмаган яхшироқ дедик-да, жим бўлдик…

Сой оқизиб бораётқон ерлар яна ҳам ўша кўйи туродурлар. Бироз вақтдан кейин Хўжаободнинг ярмини олиб кетса ҳам мумкин. Сув идораларидан 3 муҳандис бориб, 3 мартаба режа тортиб келган эмиш… Муҳандислар ишбилармонлар (спец) қаториға кирганлари учун, ойлиқ ва кундалик (суточный) кўпгина берилатурғондур. Мундай бўлғондан кейин 3 эмас, 30 мартаба режа тортсалар нима зарар?

Пахтақумнинг 1 пункти бор экан. У ерда ишлагувчиларнинг ҳаммасидан ҳам халқ тескарисига рози кўрунди. Бир Зубов деган хазиначи бор экан, унинг энг ширин гапи кўча сўкишларининг ўртачароғи экан… Бир деҳқонға 2 десатина пахта учун 100 сўм пул ва 20 пут буғдой бериб, буғдойнинг пулини ҳалиги 100 сўм дан олиб қолса керак экан. Хазиначи эсидан чиқарибдурда, олмабдур. Деҳқон ташқариға чиқиб, пулни санаб, буғдойни олғоч, «буғдойнинг пулини олиб қолмабсиз» деб, хазиначининг олдиға кирган экан, «сен ўғри, муттаҳам» деб арава-арава ҳақоратлардан кейин 3 сўм жарима тўлатибдур.

Бу кишини, юртнинг аризаси устидан Ўш ҳукумати (уез маркази) чақирғон экан, «иш вақти, бора олмайман» деб, бормабдур. «Пахта маъракаси»га зарар келмасин деб, Ўш ҳукумати ҳам ўзича бир нарса қилмасдан, музофот маҳкамаларига ҳавола қилубдур. Хўжаобод деҳқонлари шу аризаларнинг жавобини кутадурлар.

006 Деҳқонлар бу йил ер экишга ястойдил киришганлар. Ҳар ким тиришиб-тирмашиб бир от-улов топишга урунғон, топа олмағонлари чопиқ билан бўлса ҳам экин экишга киришган. Халқ — юртнинг тинчланганига, эркин-эркин деҳқончилик қилишға мумкин бўлиб қолғониға хурсанд. Ҳукуматнинг оз-кўп, қўлидан келган қадар ёрдамидан ҳам жуда мамнун кўрундилар.

Хўжаободдан 3 чақирим нарида бурунги замонда пўчта аравалари билан дили-жонларға бекатлик вазифасини ўтайхурғон бир бино бор эди. Ул бино Ўш билан Андижоннинг қоқ ўртасига, ҳар икки тарафини 24 чақиримдан солинғон эди. Ҳозир иморатлари қуруқ девордан иборат бўлиб қолибдур. Саҳнига пахта экибдурлар…

Ундан 2—3 чақирим нарида неча минг десатина келатурғон 1 боғ бор. Ул боғ мундан 10—12 йиллар бурун Фарғонанинг машҳур қорунларидан яҳудий Симҳоевлар томонидан қилинғон эди. Боғнинг ерларини деҳқонлардан (ҳарчанд нообод ерлар бўлса нам) арзон-арзон олиб беришга ўзимизнинг аҳмоқ тўраларимиздан бири кўб катта хизмат қилғон эди. Ҳатто бу тўранинг ҳаракати билан сув келмас ерларга сув келди, яъни юқоридағи қишлоқларда ўлтурғон деҳқонлар ўз сувларидан кесиб «тўрамнинг боғиға» берди. Деҳқонларнинг кўплари тўранинг муриди бўлғони учун, тўра ул ишни жуда осон бажарди. «Оқ қилдим», «Қора қилдим!» дейди, бўлди, бас.

Кейинча Симҳоев тўранинг ўзини ҳам боғдан ҳайдади, киргизмайтурғон бўлди Шунчаликки, аҳмоқ тўра ўзининг камбағал деҳқонларини бир бойнинг манфаатига қурбон қилди. Ҳозир жанжалларнинг бир асоси мана шундай жойларда бўлар экан.

Кўпи мевали дарахтдан иборат бўлғон ул кенг боғнинг жуда кўб, ҳадсиз-ҳисобсиз терак кўчатлари бор экан. Ғалати, оврўповорий иморатлар, гулшанлар ясалғон, неча юзлаб қўй, неча ўнлаб мол-сийирлар, яхши ҳўкузлар, неча жуфт отлар турғонлар деҳқончилиқ асбобларининг ҳам ҳар хили бўлғон.

Бу — албатта илгари вақтда. Мана бу ички урушлар вақтида боғча тамом ишдан чиқиб, бир чакалакзор бўлиб қолғон, иморатларни истеҳком ясаб олуб, босмачилар билан аскарларимиз, аскарларимиз билан босмачилар отишқонлар. Ҳисобсиз милтиқ тешиклари яқин замондағи даҳшатлик дамларини эсга солуб, масхара қилиб кулуб турадурлар…

Илгари туб жой халқидан бир неча киши боғни ҳукуматдан ижараға олғон эканлар. Кейинги вақтда ҳукумат ул ижарачилардан қайтариб олиб, «қишлоқ союзи» деган ташкилотга берган. Бу ташкилот зироат муҳандислари юборғон хўжаободлиқлардан мардикор ёллаб ишлатиб туродир. Биз ўтуб кетаётқонда бир неча киши замбар тўқуб турар эди. Бузулғон, йиқилғон уйлар тузатилмакка бошлағон, боғчага ҳам чинакам бел боғлаб ишлаган кўрундилар.

Андижондан Хўжаободгача (адирларни қўшмасак) қиш фаслларида йўл ёмон бўладир. Хўжаобод билан Ўш орасида қиш фаслида ҳам йўл яхши, текис, қуруқ бўладур.

Кейинги сафаримизда кўкламнинг кўм-кук қўйнида гуллар орасида кетдик. Йўл жуда чиройлиқ бўлғон эди, дарахтларни сиқиб бўғуб олғон туфайли (паразит) чирмовуқлар қуюлиб туша бошлағонлар. Экинсиз, ўт босиб ётғон ерларга қўш чиққан, ҳайдалғон, чопилғон. Ориқларни тузатганлар. Сувлар шириллаб оқиб бородур.

Ўшнинг ёқинидағи тоғлар, ҳайбатлик бўлиб кўруна бошладилар. Ўш ва Андижон уезларига кўклам фаслида равоч (шукри) етиштириб бературғон «Шукри тоғи», кўм кўк кўкариб, ўнг биқинимизда туродур.

«Сурат тоғ»нинг орасидаги узун ўрмондек чиройлиқ йўлдан ўтиб борамиз. Ўша жойда ёғоч кўмир куйдиратурғон қўралар бор. Баъзиларининг оғзини очиб ўтун тўплаб қўйғонлар. Баъзиларига ўтин тиқиб тайёрлаб қўйғонлар. Баъзилари тутун чиқариб куюб турадир. Баъзиларининг ўти ўчган, оғзиға чаплаган лойлари сарғайиб кесак бўлғонлар, очилишға ҳозир туродурлар.

Ўшга яқинлашганда бир тўп катта терак келадур, ўшликлар ҳам уни «катта терак дейдилар. 1916 йилда Ўшдан, Николай ҳукумати ва Оврупо истилочиларининг улуғ қурбонлариға «мардикор-лошмон» номи билан олиб берилатурғон ўшлик йигитларни Ўш халқи — катта-кичик — шу «катта терак»гача узотуб қўйғон эди. Йироқдан теракни кўриш билан эсимга бечора мардикорлар тушди, аллаким-аллакимларнинг нафсларини қондириш учун шу — йироқ юртлардан аллақайларға бормоқ учун шу йўлға чиқиб, шу теракнинг тагида ота-оналарининг иссиқ ёшлариға қуюлғонлар…

Теракнинг ҳозир бошқа каромати чиқибдур: кимдур, биров, бир «эътиқодлиқ банда айтибдурким: «Ҳар ким шу теракнинг пўстини қайнотиб ичса, безгакдан қутуладур». Теракнинг ўзи ҳам бир неча юз йилги қадим терак эмасми, дарҳол «азиз»лигига ишонишибдур: одам бўйидан юқориғача пўстини тамом шилиб олибдурлар… Буйи олмоқ учун духтурнинг қоғози (рецепт) керак эмас, бир бошидан ўтган бирга ўн қўшиб айтдими, ишонтирдими, бўлди. Қанча узоқ йўллардан шу бир қарич пўст учун келатурғон бечора бордур!

Хива томонда «тоун» касали бор эмиш, унга ҳам шундай бир терак топилғонда соғлиқни сақлаш комиссарлигининг шаҳардан ташқариға чиқмайтурғон пуллари Аму бўйлариға ҳам мажбурият билан бориб қолмас эди!..

Бас энди, Ўшга етиб қолдиқ!

099

«Бутун Фарғонада, хавосининг тозалиги ва иқлимининг хушлиги жиҳатидан, Ўш билан тенглашатурғон жой йўқ». (Бобир)

Фарғона музофотидағи шаҳарлар орасида энг гўзал жойға ўринлашқон ва соғлом иқлимға зга бўлғони — Ўшдур. Бу атроф умуман жуда яхши суғориладур ва унинг муаттар бинафшалик кўклами чинакам жозиб!
(«Қашқар амири Ёқуб». Номи французча асардан)

010
Бир ўзбек-турк ва бир французнинг бир маънини онглатғон юқориғи икки сўзиға ўзумдан бир нарса қўшуб ўтурмайман. Ўш — чинакам мақталишға арзийтурғон жой муни кейинги сайёҳатимда бирга бўлғон рафиқларим ҳам жуда самимий бир тил билан сўзладилар.

Лекин…
Лекин, ҳозирги Ўш Бобир айтган ва француз муаллифи ёзғон иқлим ва ҳавоға эга бўлса ҳам, ўзининг бу кунги бузғун ва хароба ҳоли билан 10 йил бурунғи Ўш ҳам эмасдир. Юқорида қўйғон сарлавҳам, Ўш шаҳрининг энг чинакам тилмочи!

Андижон йўлидан шаҳарга кириб кетатурғон, 5— 6 маҳаллани ўткунча бўшаб қолғон ҳовли-жойларни ва уларнинг йиқилиб, ағдорилиб ётқон уй ва деворларини кўрасиз. Бозорға яқинлашганингиздағина жон асари, тириклик асари, уй-жой, тузуклик асари кўрасиз.

Бозор куни бир баланд жойдан туруб томоша қилдим: оддий бир қишлоқ бозоридан бошқа нарса кўринмайдур. Шаҳар ва шаҳарликдан нишон йўқ. Хароб бўлғон, бўлаётғон ва хароб бўлғуси катта мадрасалар ва уларнинг бир хил ваҳший чеҳра кўрсатгучи, қўпол пештоқлари — ўтгандаги шаҳарлардан бир нишон ва аломат сақлаб туродурлар. От, туя… туя, от… мана Ўш бозорининг энг кўп меҳмонлари!

008
«Эшагига ярашар тушови!» дегандек Ўш шаҳрига яраша шаҳар ғамхўри, яъни баладия шўъбаси! Шаҳарнинг биргина жойида, биргина нарса кўринмайдур-ким, баладия шўъбаси ўшани қилғон бўлса… Бозор ўртасидан оқиб ётқон чиройли сойнинг устида бир катта кўпрук солишибдур, сўраттирсам: унда ҳам баладия шўъбасининг кўп даҳли йўқ экан.

Бу — эски шаҳар.
Янги шаҳар ҳам мундин дуруст эмас. У — балки, мундан ҳам бадтар.
Инқилобнинг бузуш даврида бузилғон шаҳарлар, мана бу  2—3 йилги тузаш даврида танимаслиқ ҳолиға келаёздилар, баъзилари келдилар ҳам. Лекин Ўш шаҳри тез орада муни даъво эта олмайдур. Мунга катта бир сабаб:  Ўшнинг темир йўлдан йироқлиғи. Замонимиз электрик замони. Шундай замонда темир йўлдан ҳам қуруқ қолғон бир шаҳар, тезгина обод бўла олмас. Мундан 10 йиллар бурун темир йўл Андижондан нарига ўтмас эди. Улуғ «Олти шаҳар» Қашқар билан бўлатурғон муносабат Ўшни катта бир бекат (истанса) ясаб олғон эди. Бир томони Еттисув музофотиға етатурғон орқа тараф, шаҳар билан бўлатурғон муомаласини Ўш оралиқ қилур эди. Туркистоннинг пахта ишлари учун Қашқар дан чиқиб келатурган арзон қўл мардикорлари… 50000 ва 100.000 лаб Ўш орқалиқ ўтарлар эди. Сўнгра: Ўш — ҳам чегарага яқин;  ҳам зиёратгоҳ бўлғонлиғидан, кўп кучларнинг ўзиға тортилишиға сабаб бўлур эди. Мана, Ўшни бурунлари обод қилиб келган омилларнинг бир нечаси!

( Бу кун шу омиллардан ҳеч бири йўқ. Шундан Ўшнинг шаҳарлик ва ободлиқ важҳидан аҳволи бир мунча вақт шу ҳолда қолса керак.

Тоғ яқин: шундай биқинда. Бир неча қадам: тоғ
Биз ҳам рафиқлар билан биргалашиб чиқдик. Тоғнинг ён бағирларида одамнинг белига етиб ўсатурғон ўтлар, кўкат, майсалар, қизғалдоқ ва бошқа гуллар ҳали пастак-пастак бўйлари билан ёш боладек энди тиккаланиб, оёққа босиб келадур…

Тоғнинг қора, жонсиз ва қўпол тошларининг ҳам бир «хосияти», бир «каромати» бор бу мамлакатда. Қўл тиқилса —қўл оғримайтурғон, бош тиқилса; — бош оғримайтурғон, бел тегса — бел оғримайтурғон «муборак» чуқурчиқлари бор у тошларнинг! Ҳар бир «шифохона» олдида бир шайх, бир очкўз, таъмакор алдамчи, ёлғон ва ёлғон сотиб ўтурадур… Тоғда, қора тошлар орасида бир қаричдан ортиқроқ ўсган бир кўкат, бир ўт йўқдурким, бошлариға бир парча латта-путта илинган бўлмасун! У латталар ҳаммаси ҳам — ирим, тегиб бўлмайдур. Фақат, «жинлар», «ажиналар», «арвоҳлар»гина  кўзга кўринмасдан келиб-кетиб кетадурлар.

Бечора ўзбек хотуни!
Сенга 12 ёшингда кафан кийгизган жаноблар, туғулғон кунингдаёқ сени иримларнинг бемаъни қучоқлариға ирғитадурлар! Билмайсен.
Билмайсен.
Билмаганинг учун сен ҳали кўб йиллар шу иримлар учун энг тоза умидларингни сўлдирғайсен! .
Сенинг билмоғинг, ўрганмоғинг учун кенг йўл очилғон шу замонда, сенга очилғуси мактабларнинг таъминоти учун маҳаллий маблағ  (местное сердство)нинг кўпайишини тилайлик!..
Ўшда шаҳар ва уез ижроқўми бор, унинг биноси ҳам Ўшнинг ўзига яраша тарқов, очиқ-сочиқ, маҳкамага келишмайтурғон бир болахона. Бошқа идоранинг жойлари ҳам шундай.

Балки, мундан ҳам бўлмағурроқ. Лекин биргина мактаб бор. Биноси жуда яхши, бурун рус ерлик мактаби бўлғон. У ҳам — биз борғонда ремонт қилинмағон эди. Ремонт учун баладияда пул йўқ эди, муаллимларнинг таъминоти учун маориф шўъбасига бермак учун маориф комиссарлигида пул йўқ. Шундай қилиб, шу биргина мактабнинг тақдири ҳам қалтираб туродур. Халқ таъминотига ўтказганлар, халқдан пул йиғиш қийин…

Биз шаҳар боғчасида, энг гўзал бир жойда ўлтуруб эдик, «газетачилар келибдур», деб хабар эшитган бир киши ёнимизга келди. Ярим соат жон куйдириб, кап-катта одам йиғлағундай бўлиб бир жойга 2 мартаба солиқ чиққанлиғини, шикоятларидан фойда бўлмоғонлиғини онглатди. Шўро матбуоти — ўз асосини хийла маҳкамлаб олғон экан, буни биз ўша ерда очиқ билдик.

Ўшда сув билан юратурғон бир электрик истансаси бор. Қуввати кўб.  Нархи ҳам арзон, олғучилар оз. Ҳозир сим тортилмоғон кўчаларға сим тортишға, нархни яна ҳам арзонлаштиришға ҳаракат бор.

Ўшнинг атрофида яшағучи, қирғиз халқи — мактабга ва билимга жиддий интиладур. Гулшада юрт йўли билан яхши бир мактаб биноси тушди; очилиш маросимида тўй ясалиб, мактабнинг 6 ойлиқ таъминоти йиғилди. Ўзгантда ҳам мактаб биноси солинди. Гулшада муаллимлар курси очилди. Шулар ҳаммаси халкнинг ташаббуси.
Лекин Ўш шаҳри биргина мактабни ҳам ишлатолмайдур.

Ўшнинг босмачилардан қутулғониға 2 йилча бўлди. Шунинг учун атрофида экилган ерлар кўп, деҳқончилик яхши. Сув сероб.
Ҳар ерда бўлғонидек, мунда ҳам от-улов, камлиги бор. Бу ҳам вақти билан тўлдирилур, албатта. Биз Жалолободға келгандан сўнг билдикки, шу чоққача Ўшда давом қилиб келган биргина кину-театр ҳам яқинда Жалолободға кўчубдур…

Ниҳоят бир кун тонг чоғида Жалолободға бормоқ учун Қорасув истансасиға қараб йўлға чиқдик. Гўзал тоғи, гўзал кўриниши билан гўзал Ўш шаҳри, бузғун чеҳрасини қайғуга тўлдириб орқамиздан қараб қолди…
Ўшдан жўнадик.

007 Ўш билан Қорасув ўртасидағи йўл, нима учундир, Ўш — Андижон йўлидан ҳам бўш, қатновсиз кўрунди. Бўлмаса — Ўш шаҳрини темир йўлга туташтирғон ҳам текис, ҳам яқин бўлғон бу йўл қатнов, обод, карвонлар узилмайтурғон бўлса лозим эди. Бу ҳол Ўшнинг ҳар бир жиҳатдан илгариги мавқеини йўқота бошлағонини кўрсатадур. Ҳозир унинг ўрнини Жалолобод билан Ўзгант қишлоқлари олиб борадилар. Ўзгантга кетатурғон йўлнинг устида бўлуб, ёқиниға темир йўл истансаси солинғони учун кичкинагина Хонобод қишлоғи ҳам обод бўлиб борадур. Жалолобод бўлса — аллақачондан бери Ўшнинг энг муҳим савдо ва саноат жиҳатларини ўзига тортиб олиб, кундан-кун кенгайтириб келадур. Ўзгант қишлоғи ҳам бутун муносабатини Хонобод орқалиқ темир йўлға боғлаб олди, Ўш билан ҳеч бир иши йўқ.

Мозорлар, шайхлар, «улуғлар» маскани бўлғон чиройлиқ Ўш шаҳри, устига кундош келиб қолғон ёш жувондек, бир чеккада маҳзун-маҳзун қолуб кетди…

Ўш билан Қорасувнинг ярим белидаги Қашқар қишлоққа яқинлашамиз. Ўнг ёнимизда кенг ва зўр бир ер. Бу — Туркистонни ўруслар олмасдан илгари қайси бир хон, ё бекнинг боғи бўлғон жой. Қари-қари ўруклари ўша шонсиз-шарафсиз кунларни эсга тушуриб туродурлар…

Инқилобдан бурун у ер «подшолиқ ерлари идораси» (Управление Государств, земл.) деган маҳкаманинг қўлида бўлуб, яхши насади отлар етиштириш учун унда «от зовути» очилғон эди. У зовуддан Ўш ва атрофи, умуман шу атроф учун бирмунча яхши насллик отлар етишган эди. Бурунлари, зовутнинг ёнидағи кенг экин ерлари ҳам бир қарич қолдирилмасдан экилиб турар эди. Биз ўтиб кетган вақтимизда экинлик ерларни қарич-қарич ёввойи ўтлар босиб ётқонини кўрдик…

«От зовути» ҳам бузулиб кетган. 1919 йилда Фарғона босмачиларининг сардори бўлган Муҳаммадаминбек, муҳожир ўруслар билан биргалашиб Ўш шаҳрига ҳужум қилғон ва олғон вақтида, Сафўнов ўртоқ қўл остидағи қизил аскарлар шу «от зовути»да босмачилар билан жуда кўб отишқон эканлар. Муни бизнинг аравакашимиэ бўлғон ўшлик ёш йигит содда ва ширин бир тил билан сўзлаб берди. Ўша отиш вақтларида милтиқ отмоқ учун тешилган девор тешиклари оқ бодроқдек, бодраб кетганлар. Ҳозир у тешикларни лой билан чаплаб, зовутнинг яхши уйлариға ўшал жойлардағи баъзи бир деҳқонлар кириб олғонлар эмиш.

Қорасувга келдик.
Истансанинг ичкари ва ташқарисиға одамлар кўб тўпланғонлар: Андижондан кела-турғон поезни кутадурлар. Биз ҳам билет кассасиға яқинлашиб, навбат билан кута бошладиқ. Поез нариги истансадан чиқди. «Энди касса очиладур», деб навбатдагилар сиқилиша бошладилар. Бирдан бир ўрус бақирди: «Поезд тўла, шунинг учун одам ҳам олинмайдур, билет ҳам сотилмайдур».

Ҳамма ҳайрон бўлди.
Биз ҳаммадан ортуқ ҳайрон бўлдик. «Муштум» билан кенгашдик, у: — Рассомим «Тулла» бўлса, ҳалиги билет сотилмайдур деган темир йўлчининг баъзи бир қилиқларини чизиб олар эди! — деб ўз ҳасратини қилди.
«Муштум» бир нарсани сезмасдан гапирмайдур. Билет сотилмайдур деб эълон қилғон темир йўлчи ташқариға чиқиб баъзи бир «ишончлик» савдогарларга: «Бир нарса беринг, билет топамиз!» демакчи бўлуб, қўли билан «оқча»га ишорат қилғон. Темир йўлчининг бу ҳийласи «Муштум»нинг ўткир кўзидан қочиб қутулмайди, эҳтимолким, «Муштум»нинг келгуси сонларида шундай «фазл ва ҳунарлар»ға доир баъзи бир «ажойибот»ларни томоша қилсақ!

Ўзимизнинг бемалол арава билан бўлса ҳам Жалолободга кетмакчи бўлдик. Фақат аравакашлар дарёнинг сувидан қўрқдилар. Шунда кечки поез билан Андижонға қайтмоқчи бўлдиқ. «Жалолобод поезини узотиб қўяйлиқ» деган баҳона билан истансага чиқдиқ.
Билетларни олуб, бир қизил вағунға чиқиб ўрунлашдиқ.

Вағунларда тиқинлиқ деган гап йўқ. Бўш жой жуда кўб. Ҳатто, кўб «эрка» кишилар баҳузур чўзилиб, ухлаб бородурлар. Агар 1—2  юз кишига билет сотилса ҳам вағунлар сиғдирғундай…

Қўнғироқлар чолинди.
Вағунларға биздан бошқа ҳам 5—10 та мусулмонлар хуржун кўтариб кирганлар эди, бемалол жойландилар. Бошқа вағунларға ҳам чиққанлар кўп бўлди.  3-қўнғироқ бўлди.
Поез қўзғолди…

Эшикдан тафтишчи (контрулур) келиб кирди. Билетсизларға солинатурғон жаримадан ва уни ундиришдаги узил-кесилликдан хабаримиз бўлғони учун юрагимиз бир дукиллаб олди.
Поез ичида ғалати-ғалати, «ажойибот», қизиқ «сир»лар, туб жой халққа қилинаётғон муомалаларни тоза томоша қилдиқ.

Султонободнинг бузулиб кетган истансасида тўхтамасдан, катта дарёдан отлаб ўтуб, Хонободда жиндак тўхтағондан сўнг Жалолободға кириб кетдик.

«Водийлар ичинда қанча водий,
Қон қилди жигарни водий, бодий!»

Фарғона водийси тўғрисида айтилган шу икки йўл байт, Фарғонадан йироқ тушуб қолғон бир фарғоналикнинг ўз водийсини соғиниб айтган байтларидан икки йўли.

Мен ҳам шу икки йўл байтни қайтара-қайтара Жалолобод — Кўгарт водийсиға келиб кирдим.

Аввалги сафаримда ҳам, кеййнгисида ҳам Жалолободда кўп тўхташға тўғри келмади. Бир кун — икки кун!  Зотан Жалолободнинг ҳафталарча юруб кўратурғон жойлари ҳам йўқ. Мусулмонлар қошида Ҳазрати Айюб пайғамбарға нисбат берилган учун муқаддас саналғон, замон фикрчилари учун эса, ернинг кўгартлик табақаларидан ўтуб чиққон сувдан бошқа нарса бўлмағон қайноқ булоқлар бордурким, Жалолободнинг кўрилатурғон нарсаси шулгинадур.

Жалолобод қишлоғи ёки шаҳарчасининг кун чиқиш биқинидағи баланд адирлар — бир чеккасидан чиқиб ётқон у булоқлар бурунғи чор ҳукуматининг диққатини яхшигина жалб қилғон эди. Чор ҳукумати, ул-жойни — яхши, мукаммал бир курурт қилиб, шимол ва ғарбнинг бир кўзлик кўзойнак таққан жинтилмон (олифта) бой болалари учун — ҳам шифо манбаи, ҳам исроф ва фаҳш уяси қилмоқчи эди. Шунинг бошланғичи ўлароқ алоҳида-алоҳида 10 хоналик булоқ ҳаммомлари вужудга келтирган, уларнинг теварагида зиёратчилар учун шаҳар мусофирхоналари шаклида айрим хоналар бино қилдирғон эди.

Булоқнинг юқори томониға, адирнинг энг устига боғчалар ёсатмоқ, яна яхши бинолар солмоқ режалари чизилиб, ер ости сув йўллар учун темир қувурлар санчилғон эди.

Чор ҳукуматининг совуқ ва кўм-кўк кўзлари, юқориси жабр, қуйиси зулмдан иборат бўлғон кирпикларини бир-бирига ёпишдириб, шундай хаёлға ботқон вақтида Осиёнинг шу ёввойи адирлари ўрнида, «муаззам ва бўлинмас Русия»нинг рус завқини сепайтурғон гўзал «Бадан-Бадан» (Баден-Баден. Германиядаги машҳур курот шаҳар. Х.Д. изоҳи)  ини кўрар эди.

Жаҳон уруши бошлангандан кейин тор миллатчи ўрус муҳаррирлари Гирмония куруртлари орқали Гирмония хазинасига тушган пуллари учун қайғирмоққа бошладилар. «Ватанпарвар» ўрус газеталарининг биттасида бир қайноқ миллатчи ёзадурким, «Бизнинг энг кўп пулимиз Гирмониянинг «Бадан-Бадан» каби куруртларига тўкуладурлар: унда сарф қилинғон пулларимиз Гирмония давлатининг хазинасиға тушадур, давлат эса у пулларни «Круп» фабриқасиға бериб, ўрус қўшинини қирмоқ учун 42 сантимётрлик тўплар ҳозирлайдур.
Сарф қилинатурғон пулларимиз кўб бўлса, киборларимиз яхши ҳаволик жойларни истасалар, Қрим ва Қафқазия куруртларига борсунларким, ўз чўнтагимиздан чиққан пул яна ўз чўнтагимизга тушсин. Шунинг билан баробар ҳукуматимиз ҳам Қафқазия ва Қрим куруртларини Гирмония куруртларидек яхшилаш йўлларини қарасун. Сўнгра, бошқа ўлкаларимизда ҳам яхши, шифолик жойлар бор. Масалан: Туркистонда мундай жойлар биргина эмас, бир нечта бор. Шуларни Гирмония куруртларидек мукаммал қилсак, ватанимиз учун қанча катта хизмат қилмоқ мумкин».

Ўрус миллатчисининг шу мақоласини 1914—15 йилларда ўқуғон бўлсам ҳам, у вақтда унинг чин маъносига унча тушунмаган эдим. Орадан 10 йил қадар вақт ўтди, Русияда улуғ ўзгаришлар бўлди, «ватанпарварлик», «миллатчилик» каби сўзларга янги маънолар берилди. Энди юқоридаги маколанинг ҳам бизга, бутун очиқ ва ёпиқ жиҳатлари билан бирга яхши онгланадур.

Айниқса, ўшал «Қизбулоқ»нинг ёнида турган Кўгарт водийсиға назар солсақ, унда қатор чизилиб кетган ўрус қишлоқларини кўрсак, мақоланинг мазмуни яна ҳам очиқ фаҳмланадур. Чор ҳукуматининг муҳожират идораси, ҳақиқатан муқтадор кишиларнинг қўлиға топширилғон экан. Бу атрофда, фикримча, шу Жалолобод — Кўгарт водийсидан унумлик тупроқ бўлмаса керак. Шу жойга энг катта муҳожирлар қишлоқлари саналғон, энг қора муҳожирлар ўрнатилғон. Муҳожирлар қишлоқларининг ўртасида ярқираб кўринган ҳайбатлик бутхона қуббалари чор ҳукуматининг ният ва идорасини жуда очиқ кўрсатадур.

Октябрь ўзгаришидан кейин босмачи курашининг энг қизғин даврларида Кўгарт муҳожирларини босмачилар сафида кўрамиз. «Озуқ инҳисори» (монополияси)га қарши шиддатлик исён кўтарганлар шу муҳожирлар бўлдилар. 1919 йилда Андижонни авраб олғон босмачиларнинг энг қалин қатори муҳожир аскарлари эди. 1920—21 йилларда ўтказилган ер ислоҳоти чор ҳукуматининг қора мақсадларига содиқ қолиб келган муҳожирларга яхши сабоқ бўлди. Теваракларида туя миниб юрган қирғиз, арава ҳайдаб юрган ўзбекларни, «булар ҳам одам» дейишга мажбур қилди. Қанча қийин бўлса ҳам, бурун кучлаб олғон жойларини асл, ўз эгаларига қайтариб беришга мажбур бўлдилар.

Водийчанинг муҳожирлар масаласини, шўролар ҳукумати мана шу йўл билан яхшилаб ҳал қилди. Энди курурт масаласи бор. Уни ҳам ҳал қилмоқ керак. Бугунги Ҳазрати Айюб, том маъноси билан бир курурт эмасдур. Лекин шундай қилиниши керак. Туркистон шўролар жумҳуриятининг марказ ҳукумати, жумҳуриятнинг бу ҳол қимматбаҳо жойларини ҳеч бўлмағонда Қрим ва Қафқазия куруртлари билан тенглаштиришга тегиш.

Ўрта Осиёнинг камбағал деҳқонлари, меҳнаткаш ишчилари ўз жумҳуриятларининг шифолик жойларида ҳамма ўнғайлиқ ва қулайлиққа эришганлари ҳолда, дам олишга, истироҳат қилишга тегишдурлар. Ҳозирга қадар бу тўғрида жуда оз ишланғанга ўхшайдур. Куруртнинг ҳатто махсус духтури ҳам йўқ. Сўнгра:  Жалолободда бу йил мушаккил бир курурт ҳам бўлмади шекиллик.

Жалолобод, бурунғи эсдаликларда ёзғоним каби, кундан-кун тараққий қилиб борадур. Мунда албатта, темир йўлнинг катта таъсири бор. Бу йўлни яна ичкариларга олиб кетмоқ ҳам мумкин. Жалолободнинг ўзида бир касалхона бор, атрофида (муҳожир қишлоқлари учун) ҳам бир касалхона солинғон экан, ҳозир борми, йўқми билмадим.

Маориф ишлари жуда суст. Сустликда, марказ маориф комиссарлиги билан ҳам тенглаштириб бўлмайдир… Шаҳарда туб жой халқ учун биргина интернат бор. У интернат-ҳукумат таъминотида. Илгари фаҳш жойи бўлғон бир номерни бузуб, халқ ёрдами билан яхши 4 синфлик бир мактаб биноси солғонлар, биз борғон вақтда бино битишга яқинлашқон эди. Лекин, муаллимларнинг таъминотига на давлат хазинасидан, на маҳаллий маблағлардан ҳеч нарса берилмайдур. Халқ ҳисобига таъмин қилиш ҳам жуда қийин экан. Жалолободнинг маорифпарварлари шу тўғрида бизга кўп шикоят қилдилар. Биз нима қиламиз? Газетага ёзиб, тегишлик идораларнинг қулоғиға қуюб кетмакдан бошқа қўлимиздан келмайдур.

Сўнг вақтда Жалолобод ижроқўмининг яхши ташаббуслари бор: шаҳарнинг катта қатнов кўчаларига тош тердирилмакчи. Тошни дарёдан ташиб бориш учун йўл идораси билан онглашилғон. Бир қисм сарфини Андижон ижроқўми бермакчи бўлғон, бир қисмини ўзи топадур. Сўнгра шаҳарчани электрик билан ёруғлаш иши ҳам юзага чиқиб келадур. Бу хусусда мавжуд бир ўт тегирмоннинг қувватидан фойдаланиш йўлини топқонлар. Баъзи бир асбоблар ҳозирланғон, тездан шаҳарча электрик билан ёруғлана бошласа керак.

Мана бу ишлар, агар ташаббус қилинса, ҳар, қайда ҳам кўп нарсалар ишламоқ мумкинлигини кўрсатадур. Давлат сармоясидан оз берилса ҳам маҳаллий маблағ йўлға қўйилғон бўлмаса ҳам, ташаббус орқасида кўб нарса ишламак мумкин. Мунинг мисоллари биргина Жалолободда эмас, бошқа жойларда ҳам бор. Лекин, Жалолободдағиси ташаббуснинг бекор кетмаслигига энг очиқ мисол. Кошки, маориф ишларида ҳам шу хил жиддий ташаббуслар бўлса-ю, ижодий ишлар ишланса ва янги қилинаётган электрик истансалари учун қишлоқ деҳқонларининг болаларидан ёш усталар, техниклар етишсалар.

Қайтмоқ учун вағунга ўлтурдик. 5—6 соатдан сўнг Андижонда бўламиз. Шунинг билан саёҳатимиз тамом бўладур. Шу катта саёҳатнинг натижасида кўб нарсаларни кўрдик. 5—6 йиллик бузғунлиқ тарихини жой-жойида варақлаб, ўқиб кўрдик. Бузғунлиқ — ҳақиқатан жуда кўплик. Бузғунликни йўқ қилиб, йиқилғонни тиклаш учун жуда зўр кучлар, туганмас ғайратларга эҳтиёж бор. Юрт — бузулғон. Лекин унинг мунбит тупроғи кўчиб кетгани йўқ, жойида. У тупроқ орқали яна юртни яшнатмак, сиз ва бизнинг қўлимизда, ҳурматлик ўқиғучилар!

1924

017
Дилмурод Қуронов
САТРЛАР ОРАСИДА ЮРТ ТАШВИШИ
06

чўлпон Маърифатчилик адабиётида — хоҳ XVIII аср Европа адабиётини ва хоҳ Русия маърифатчиларини олиб кўринг — сафарномалар анча кенг ўрин тутади. Табиийки, ўзбек маърифатчилик адабиёти ҳам истисно эмас: Муқимий, Фурқат, Беҳбудий, Фитрат ижодий меросларида бу жанрнинг турли кўринишларига дуч келишимиз ҳам шунга далолат қилади. Кузатишлар шуни кўрсатадики, йўл очерклари — сафарномаларнинг миллий адабиётларда кенг тарқалиши конкрет миллат ижтимоий ҳаётида жиддий ўзгаришлар етилаётган пайтларга тўғри келар экан. Зеро, реалистик сафарнома мавжуд ҳаётдаги фактларга ўқувчи диққатини жалб этиб, улар асосида мушоҳада юритишга ундайди; бу хилда яшаб бўлмаслигига ишонтиришу жамиятни ислоҳ қилиш заруратини англатишга кенг имкониятлар беради. Маърифатчилик ғоялари таъсирида адабиётга кириб келган Чўлпон жанрнинг мазкур имкониятларидан бирмунча ўзгарган шароитда ҳам моҳирона фойдалана билган эди.

Адибнинг 1924 йилда ёзилган «Вайроналар орасидан» номли сафарномаси борки, унда муаллиф воқеликни «ичдан» кузатади. Андижондан Ўш ва Жалолободга қилинган сафар давомида муаллиф ўзи гувоҳ бўлган энг характерли воқеаларни, кўзи тушган нарсаларни қайд этиб боради. Бироқ сафарномани фактларнинг оддийгина қайди дея олмаймиз, зеро, унда фактографик ва таҳлилий қатламлар ёнма-ён боради. Асар марказида турувчи сайёҳ-муаллиф образи икки қатламнинг уйғун бирикувини таъминлайди. Чўлпон келтираётган фактлар реалликдан олингани аён, бироқ буни оддийгина натуралистик қайдлар маъносида тушунмаслик лозим. Фаол ижодкор шахс сифатида Чўлпоннинг ўз қарашлари, орзу-интилишлари, бир сўз билан, ижтимоий-эстетик идеали мавжуд эди. Демакки, танланаётган фактлар ҳам ўша идеалга мос, биринчи галда адибнинг қарашларию хулосаларини ифодалашга хизмат қиладилар. Шу маънода уларнинг аксариятини публицистик-иллюстратив образлар сирасига қўшишимиз мумкин.

«Вайроналар орасидан»нинг композицион қурилиши, бир томондан, сафарнома жанри талаби билан, иккинчи томондан, ундаги таҳлилий қатламнинг ўзига хослиги билан белгиланади. Сафарнома жанри талабидан келиб чиққан ҳолда макон ва замон ўзгаришларининг қатъий тартиби сақланган. Бироқ бу йўллардан илгари ҳам кўп бор юрган сайёҳ мушоҳадаси ҳозирги мавжуд фактлар билангина қаноатланмайди: у ўзи билган ўтмишга бот-бот қайтади, чоғиштиришга интилади. Юрт қайғусида яшаётган адиб тафаккури вақт чегараларини бузиб юборади. Муаллиф бирон фактни келтирар экан албатта унинг ўтмишини эслайди, муқояса қилади, унинг ўйлари қатида эса доимо келажак ташвиши ботин бўлади. Фикримизни асослаш учун сайёҳнинг биргина фактни қай тарзда мушоҳада этишига эътибор берайлик. Хўжаобод қишлоғи яқинида «Фарғонанинг машҳур қорунларидан яҳудий Симхоевлар»нинг пулию ҳийла-найранглари билан барпо этилган боғ ҳақида қуйидагиларни ўқиймиз: «Кўп мевали дарахтдан иборат бўлғон ул кенг боғни жуда кўп, ҳадсиз-ҳисобсиз керак кўчатлари бор экан, ғалати овруповорий иморатлар, гулшанлар ясалган. Неча юзлаб қўй, неча ўнлаб мол-сийирлар, яхши ҳўкузлар неча жуфт отлар турғонлар, деҳқончилик асбобларининг ҳам ҳар хили бўлғон.

Бу, албатта, илгари вақтда, мана бу кичик урушлар вақтида боғча тамом ишдан чиқиб, бир чакалакзор бўлиб қолғон. Иморатларини истеҳком ясаб олиб босмачилар билан аскарларимиз, аскарларимиз билан босмачилар отишқонлар. Ҳисобсиз милтиқ тешиклари яқин замондаги даҳшатлик дамларни эсга солуб, масхара қилиб турадурлар…

Илгари тубжой халқидан бир неча киши боғни ҳукуматдан ижарага олғон эканлар. Кейинги вақтда ҳукумат ул ижарачи-лардан қайтариб олуб, «қишлоқ союзи» деган ташкилотга берган. Бу ташкилот зироат муҳандислари юборғон, хўжаободликлардан мардикор ёллаб, ишлатуб турадур. Биз ўтуб кетаётқонда бир неча киши замбар тўкуб турар эди. Йиқилғон, бузулғон уйлар тузатилмакга бошлағон, боғчага ҳам чинакам бел боғлаб ишлаган кўринадилар».

Юртининг кеча ва бугунини қиёсларкан адиб уруш келтирган вайроналикларни кўриб эзилади, уруш асоратлари бартараф этилаётганини, яратиш даври бошланаётганини кўриб дили таскин топади. Бироқ йўл давомида дуч келгани айрим фактлар уни чинакам ташвишга соладики, уларни келтириш билан ўқувчини юртининг эртаси ҳақида жиддийроқ мушоҳада қилишга ундайди. Чўлпон Хўжаобод пахта пунктида «бир Зубов деган хазиначи бор экан, унинг энг ширин гапи кўча сўкишларининг ўртачароғи экан» дея аламли истеҳзо билан ёзади. Муаллиф Зубовнинг маҳаллий аҳолига ҳақоратомуз муомаласи ҳақида хабар бераркан, қизиқ бир фактни газетхон эътиборига ҳавола қилади. Гап шундаки, маҳаллий аҳоли шикоятларига асосан Ўш ҳукумати (яъни, ўша пайтдаги уезд ҳукумати) Зубовни чақиртирганида, у «иш вақти боролмайман» дейди-да, бормай қўяқолади. қизиғи шундаки, «пахта маъракасига зарар қилмасин, деб Ўш ҳукумати ҳам ўзича бир нарса қилмасдан, музофот маҳкамаларига ҳавола қилибдур». Кўрамизки, бу ўринда Чўлпонни оддий бир кассирнинг маҳаллий ҳукуматни менсимаслиги эмас, ўша кассир «улуғ оға»лардан бўлганлиги учун-да ҳеч бир таъсир қилолмаслиги ҳайратга солади. Боз устига, уезд ҳукумати пахта кампаниясига зарар етишидан қўрқиб масалани юқорига оширар экан, демак, юқори идоралар аввало пахтани талаб қилади, уни етиштираётган халқ шаъни эса иккинчи даражали масала. Худди шу ўринда сатр орасида Чўлпоннинг «бу мустамлакачилик сиёсатининг айни ўзи эмасми?!» деган ташвишли саволи кўзга ташланади. Зеро, муаллифнинг нияти ҳам шу аслида: у ўзи айтмаган, айтолмаган гапларни зийрак газетхон уқиб олишига ишонади, шунга умид қилади. Шу боис ҳам айтолмагани ҳолда, айтмоқчи бўлганига ишора қилади, ўқувчининг уқишини бошқаради гўё. Хўш қандай қилиб? Адиб бу хил фактларни келтирганида боғ мисолида кўрганимиз “ўтмиш — ҳозир — келажак” силсиласидан фақат «ҳозир»ни олади. Юқоридагича схема асосида фактларни мушоҳада қилиб келаётган, шунга мослашиб улгурган газетхон беихтиёр яна ўша йўсин ўйлай бошлагани сезмай қолади, етишмаётган халқаларни (“ўтмиш” ва “ҳозир”ни) ўзи топиб, тўлдиради. Натижада адибнинг юрт истиқболи ҳақидаги ташвиши ўқувчи қалбига инади — муаллиф ғоявий-бадиий ниятига эришади.

Бугун боболар ибрати, хусусан, Чўлпон ибрати биз учун муҳимлиги шубҳасиз. Хўш, юқоридаги мулоҳазаларимиздан қандай ибрат ҳосил бўлади? Айтиш мумкинки, Чўлпон атрофитда юз бераётган ўзгаришлардан қувонгани ҳолда, моҳиятга чуқур назар сола билгани учун ҳам мавжудлик билан келиша олмаган — унга нисбатан қалб исёни билан яшаган. Илло, умум кайфиятига берилмасдан, ўзининг ШАХСлик мақомида тура олишлик , моҳиятга назар сола билишлик ҳам таҳсин ва ибратга лойиқ буюк фазилатдир.

0999

(Tashriflar: umumiy 529, bugungi 3)

Izoh qoldiring