Boysun madonnasi yoxud shaxsi yashirin ayollar haqida afsona

077  «Дунёнинг ўнлаб мамлакатларида бўлганман, аммо «Бойсун мадоннаси» дунёни менга қараганда кўпроқ айланиб чиқди. Ҳаётимдаги энг машҳур ана шу ишимни яратишга Рўзи (Чориев) сабабчи бўлган, — деб эслайди мусаввир — дўстим мени 1965 йилда Бойсунга олиб борган эди. Ўшанда Рўзи билан бирга болалар уйида катта бўлган дўстимнинг адаши бўлган Рўзибой деган ажойиб инсоннинг уйида меҳмон бўлган эдик. Бойсун мадоннаси ўша Рўзибойнинг хотини. Ҳозир ўзим ҳам бу асарни соғинсам кўргазмага боришимга тўғри келади. Ўшандаям кўргазма Тошкентда бўлса! Бу асар дунёга чиқиб кетганига 40 йилдан ошди. Биргина Парижда 3 марта намойиш этилди (Владимир Бурмакин билан суҳбатдан)»

018
Баҳром Умаров
БОЙСУН МАДОННАСИ
ёхуд шахси яширин аёллар ҳақида афсона
039

Менинг кўз ўнгимда одам қиёфасини жонли тарзда тасвирлаган, қиёфа ва қоматларга ҳаракат, нафас ва руҳ бера олган уйғониш даврининг атоқли вакиллари Ленардо да Винчи, Микеланжело, Лоренцио ди Креди, Пьеро ди Козимо, Фра Бартоломео Андреа дель Сарто, Коррежо ва буюк ранг-тасвирчи рассомлар Рафаэль, Жоржоне ва Тицианларнинг ижод намуналари…

Муҳташам саройнинг турли залларини кўздан кечирар эканман, юзлаб сайёҳлар ҳам мен каби ушбу саройда рўъёлар оламида сайр қилаётгандек…

Сал кам беш аср илгари яратилган Микеланжелонинг «Занжирбанд қул», «Ўлаётган қул», «Моисей», «Мадонна Медичи», «Лоренцо де Медичи», Ботичеллининг «Венеранинг туғилиши», Рафаэлнинг “Конестабил мадоннаси”, Албрехт Дюрернинг “Мадонна”си юз минглаб ёки миллионлаб шахслар ва қатор замонлар тан олган бу каби ўлмас қадриятлар.

Она, оналик меҳри улуғланган Леонардо да Винчининг “Мадонна»си ва машҳур “Моно Лиза” портретини, Рафаэль Сантининг “Сикстин Мадоннаси”, «Мадонна Бенуа», «Қоядаги мадонна» каби асарларда она сиймосининг ташқи кўринишида одамлар чеҳраси жонлантирилиб, уларнинг ички дунёси, нозик кўнгил ҳолати ифодаланган.

Суратларнинг беқиёс жозибаси ва сирларга йўғрилганлигига мафтун бўлиб анча вақт ўтганини билмай қолибман.

Куни кеча ўзини Мерседес деб таништирган ва ҳозиргина менинг маҳлиё бўлиб санъат асарларини кўздан кечираётганимни ҳис этган таржимон қиз менга кулибгина:

-Барибир, «Бойсун Мадоннаси» картинасининг ҳарорати бошқача-а?, — деб қўйди.

Мен эса, бу номли санъат асари борлигини билмасам-да, у қизга сир бой бермасдан фақат жилмайибгина тасдиқлаб қуйдим. «Бойсун Мадоннаси» асари умримда бир марта бўлсин қулоғимда чалинганида, асло ёдимдан чиқмаган бўлар эди.

Ўзбек тилини аврупоча талаффуз билан гапирса ҳам шарқона ибо билан бурро, шоирона гапирар эди. Мерседес узун қоп-қора сочларини нозик қўллари билан тараркан, қуёш нурлари унинг мамнун чеҳраларига олтин арғумчоқ ташлаб ўтарди.

Унинг кўзлари чиройли эди.

Сочи қора. Кўзлари эса  мовий. Ўт чақнаб турарди кўзларидан. Қарашининг ўзи ҳар қандай юракни беҳаловат қиларди. Ҳаяжонга тўла эди у кўзлар. Буни тасвирлаш қийин. Лекин ҳар ҳолда кўзлари мовийроқ, мовий эмасди.

… Бу расмларда рассом ёш аёлнинг фақат ташқи қиёфасинигина эмас, балки унинг ички дунёси, кечинмалари ва кайфиятини ҳам ажойиб, сирли тарзда акс эттирган. Ҳамма нарса ёрқин, гўзал ва баркамол.

Тасвирдаги соялар, ранглар ҳамоҳанглиги, ҳатто бўёқлар таркиби ҳам бетиним тузатишлар, тажрибалар, синовлар натижасида юзага келган. Одамлар ҳолатлари, юз кўринишларининг турли шаклдаги чизмалари фикримизни тасдиқлайди. Мусаввирлар ҳар бир асарида қандайдир муаммонинг ечимини қидирар ёки оддий кундалик ҳаётда инсонларнинг бахт ҳақидаги орзуларини кўра олгандай.. Уларнинг асарларидаги чуқур фалсафий мазмун киши қалбига қувонч бахш этади. Музейда ўзимни ҳақиқий дунёдан узилиб қолган киши сифатида ҳис этган бўлсам,  чиройли қиз — Мерседеснинг боягина айтган  гаплари мени янада ҳайратда қолдирди.

Мерседес қизни яна гапга солдим. Аввал «Жаконда» («Мона Лиза») расмининг асл нусхасини кўргани ё кўрмагани ҳақида суриштирдим. У эса, менга «Жаконда» расми Париждаги оламшумул санъат музейида кўрганини таъкидлаб, бу машҳур санъат асари билан боғлиқ ажойиб ҳаётий воқеаларни ҳикоя қилди.

Ҳаммаёқда: қасрларда ҳам, шаҳардаги хонадонларда ҳам кибор оилалар қизларини Жаконданинг машҳур табассумини ўзлаштириб олиш санъатини ўргатишга ҳаракат қилишганини, бу образ ҳамиша кишини тўлқинлантириб, уни ҳаяжонга солиб келганини, ХIХ аср охиридан бошлаб «Жаконда»га муҳаббат изҳори, дил рози баён этилган мактублар йўллана бошлаганини, бу ҳол эса тарихда жуда муҳим воқеа юз беришига, яъни унинг ўғирланишига сабаб бўлганини айтди.

1911 йилнинг 21 август куни барча газеталар кишини ташвишга соладиган катта сарлавҳалар билан чиқди: «Жаконда» ўғирланди!».

Бутун оламдаги санъат мухлислари ташвишга тушиб, афсус-надомат чека бошлади.  Франция халқи қайғуга чўмди.

Кўча чолғучилари, хонандалари «Жаконда»ни айтиб-айтиб, йиғлаб-йиғлаб, куйлай бошладилар. Ҳис-туйғуларини жиловлай олмаган санъат аҳли эс-ҳушини йўқотаёзади: улар  0,77х0,53 м. ҳажмдаги асл бойлик ўғирланганлигини ишонгиси келмасди. «Инсоният ўз Мадоннасидан маҳрум бўлди», деб ёзди Пеладан.

«Жаконда» 1913 йилнинг январида ўғрининг уйидан топилди. Ўғри Луврга сохта полициячилар кузатувида келган санъат мухлиси, ушбу асарнинг телбаларча фидойи мухлиси эди.

Мерседеснинг фикрича, асар муаллифи бу образни сўзлашга, томошабинни ҳис этишга мажбур этган. Бу асарни кўришга ошиққанлар сони беҳисоб. Ўқ ўтмас ойналар билан иҳоталанган расмни кўриш умидида ошиққан мухлислар оқими шу қадар кўпки (биргина 1990 йилнинг ўзида 14 миллион киши), улар бу гўзаллик қаршисида соатлаб туришади.

Леонардо да Винчининг жаҳон санъати дурдонасига айланган ушбу асари бугун ҳам  миллионлаб кишиларни жалб этмоқда. Асарда тасвирланган хоним—Жаконданинг сирли табассуми барчани маҳлиё этмоқда, ҳамон портрети яратилган аёл ИСМИ ва ШАХСИ яширинлигича қолмоқда.

Тасвирдаги аёлнинг келиб чиқиши номаълумлиги унинг машҳур бўлиб кетишига қўл келди. Бу расм асрлар оша ғаройиб сир оғушида яшаб келмоқда. Энди у рангтасвиргина эмас,  жилмаяётган гўзаллик тимсолгиа айланган.

Мерседеснинг «Жаконда» асари ҳақида тўлқинланиб гапирганини мароқ билан эшитиб, ётоқ жойга етиб келганимизни ҳам илғамай қолибман.

У мен билан жилмайибгина хайрлашди. Ҳа, ҳа, ўша Жаконданинг машҳур табассумини ўзлаштириб олгангандек, ўшандай жилмайди у.

Мен ундан кўз узмай, сўнгги нуқтагача унинг ортидан термулиб қолдим.

02Владимир Бурмакин. Бойсунлик аёл (Бойсун мадоннаси)

* * *

Дрезден. Бу шаҳарда одамлар доим шошиб юришади. Шошмай юрганларга йўл йўқ бу шаҳарда.

Уйга қайтар эканман қалбимда тинчлик бермай келаётган туйғулар бир-бири билан тортишарди.

Сабрсизлик билан ётоғимга шошиламан. Интернетда «Бойсун Мадоннаси» картинаси ҳақидаги маълумотни яҳудий олим Алек Д.Эпштейннинг бир  мақоласидан ўқидим:

“… в 1969 году, было создано полотно Владимира Бурмакина «Байсунская мадонна», многократно экспонировавшееся на различных выставках как на родине автора, в Узбекистане, так и далеко за его пределами. Сам художник рассказывал: «Появился этот образ благодаря Рузы Чарыеву. В 1965 году мы отправились с ним в его родные места в Сурхандарью. В Байсуне остановились у друга Чарыева по детдому, тоже Рузы; Байсунская мадонна — его жена. В 23 года она имела уже пятерых детей; очень красивая, не хуже, чем Роксана Александра Македонского. (Муаллиф ўз картинасини “Бойсун Роксанаси” деб номлади, аммо бу асар Европада “Бойсун Мадоннаси” номи билан машҳур бўлди–Б.У). Меня восхищало все в Байсуне — горный воздух, дома на склонах, по крышам которых бегали вверх-вниз мальчишки, запахи от земли. У хозяев было небольшое жилище… С молодой хозяйки я сделал несколько набросков, а картину написал в Ташкенте»» (Цит. по: Наталия Шулепина. Тысячи оттенков академика Бурмакина // «Правда Востока», 13 апреля 2007. Мақолани мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин ).

Асар сюжети оддий ва узвий: миллий либосдаги ёш аёл қўлида фарзанди. Орқада–бир-бирига уланиб кетган қишлоқнинг оддий уйлари. Лекин аёлнинг ўйчан ва ғамгин кўзларида шу қадар самимийлик, муҳаббат ва ажиб сир мавжудки, портретдан кўз узгим келмади.

Асарда тасвирланган бойсунлик аёлнинг нигоҳида сирли маъноларни беихтиёр ўқидим. У самимий нигоҳи билан қандайдир муаммонинг ечимини мендан сўраётгандай эди. Беихтиёр хижолат чеккудай бўлиб, унинг ҳасратига шерик бўлгим келди. Аёл нигоҳининг теранлиги, унинг  кўзида акс этиб турган вазмин ўйлари  фақат шу аёлгагина хос ҳамда юксак бадиий маҳорат билан тасвир этилганки, мен ҳам , у билан қўшилиб ўй сураётганлигимни пайқамай қолдим.

Мусаввир тун эндигина чўкаётган ғира-шира пайтдаги сирли ҳолатни  гўзал тасвирлаган. Қуюқлашган қора ва бинафша ранглар қуёш нурларини ютиб юборгани учун аёлнинг юз ифодасига, мантиғига куч берган, кўнглидаги тошқинликни ёрқин ифодалаган.

Таъсирчан образ замирида қишлоқ аёлининг изтироби ҳам мужассамдек туюлди менга.Негаки, шўро даврининг авж палласида яратилган мазкур картинада мусаввир турмуш қийинчиликлари юки остида қолиб кетган қишлоқ аёлининг умумлашма қиёфасини тасвирланган эди.

Бу асарга умрбоқийлик бахш этган сифатлардан бири ундаги либосларнинг теран халқчил томирларга эгалиги. Ўз фарзандини бағрига босган аёлнинг анъанавий кийими ва тақинчоқлари ўзида миллий хусусиятларни жипслаштирган. Узун ҳамда кенг, ўйма ёқали кўйлак бўйиндан бир қарич узунликда кўкраккача кесилган, ингичка жияк тутилиб, боғич қилинган. Унинг пушти рангли «қалампир маржон» бўйин тақинчоқлари ўзига зеб берган.

Аёлнинг ўйчан нигоҳида ўзбекнинг минг йиллик маданияти, туғма андишаси намоён. Санъат тарихидан биламизки, андишали нигоҳни кўп тасвирлашган. Лекин уни кўз олдингизга келтириб қўйиш ҳамма санъаткоргаям насиб этмаган. Владимир Бурмакин  ана шу қийиндан-қийин икки юмушни: андиша ва маҳзун қувончни биргина картинада уйғунлаштира уддалай олган, кафтига олиб кўрсатган. Ҳаттоки она бағридаги болакай нигоҳида ҳам онага дилдошлик ва дарддошлик акс этган.

Муаллиф асарида аёл қалбининг шарқона ҳис-туйғулари, ранг-баранг зарблари, руҳий дунёси, кечаги тарихий қадрияти бадиий ифода кўзгусига солиштириб кўз-кўз қилган.

Портрет мени ўз олдида фақат томошабин эмас, балки ижодкор сифатида тутишга ундади. Асарни муайян мантиқий зўриқишсиз, енгил қабул қилолмадим. Уни шунчаки кўриб бўлмайди, балки қайта идрок этилади, У турли ракурсларда жилваланади.

Бу асарга муаллифнинг касбдошлари “ўзбек аёлининг оналик мадҳияси” деб бекорга ном қўйишмаганига амин бўлдим.

Асар муаллифи Владимир Бурмакиннинг http://www.vladibur.uz номли сайтида: “В 1968 году «Байсунская мадонна» экспонировалась в Москве, в Манеже, на международной выставке в Ганновере (Германия). Она трижды бывала в Париже. И всюду вызывала настоящий фурор!” – деб ёзилган.

Яна бир сайтда муаллиф номидан: “Дунёнинг ўнлаб мамлакатларида бўлганман, аммо «Бойсун Мадоннаси» дунёни менга қараганда кўпроқ айланиб чиқди. Ҳаётимдаги энг машҳур ана шу ишимни яратишга Рўзи сабабчи бўлган. Ҳозир ўзим ҳам бу асарни соғинсам кўргазмага боришимга тўғри келади. Ўшандаям кўргазма Тошкентда бўлса!»-дейилган.

Интернет тизими орқали «Бойсун Мадоннаси» картинасини кўриб, у қадар кўп бўлмаган ахборотларни ўқиб, исмсиз ва нотаниш туйғуларимга ном қўёлмай қолдим. Чунки ҳалигача ўзи яратган асарни ўзи соғиниб яшаган муаллиф ҳақида ҳеч ҳам эшитмаган эканман. Ҳақиқий даҳолар шунақа яшашади.

Яна Мерседес қиз билан «Бойсун Мадоннаси» картинасини ҳақида бот-бот гаплашмоқчи бўлиб, тонг ёришишини кутдим.

Афсус мен уни бошқа кўрмадим… Сафдошларим орасидан ҳар куни изладим топа олмадим.

Хориж сафарини ҳам поёнига етиб, Ватан тупроғига қадам қўяр эканман, «Бойсун Мадоннаси» асарида акс эттирилган аёлни топишга ва у билан картинанинг яратилиши тарихи ҳақида сўзлашмоқ пайида бўлдим. Афсуски, бу машҳур картина, муаллифининг бойсунлик Рўзи ҳақидаги дўсти ва унинг оиласи ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмас эди.

Бойсунлик ўқитувчи ва зиёлилар, ёшу қаридан Рўзи акани, тўғрироғи академик Рўзи Чориев билан бир вақтлар меҳрибонлик уйида тарбияланган Рўзи акани, “Бойсун Мадоннаси” асари ҳақида сўроқ қилдим, лекин тайинли гап ололмадим.

Анча вақтдан ўтиб менининг нотинч кайфиятимни пайқаган ва ушбу сатрларнинг қораламаси мазмуни билан танишиб олишга улгурган падари бузрукворим бир тонгда маҳалладошимиз Рўзи ака уйига таъзияга бориб келишимизни айтиб қўйдилар.

Бир дам ўтиб отам:

-Ўғлим, Сиз излаётган «Бойсун Мадоннаси» асари шу кишининг хонадонида дунёга келган, — дедилар.

Йўл-йўлакай ўша машҳур бразилиялик ёзувчи Пауло Коэлонинг “Алкимёгар” асари эсимга келди: Камбағалликка кун кечирган Сантяго исмли чўпон йигит ҳам аксар қашшоқ одамлар каби тўсатдан бойиб кетишни орзу қилади. Бир кун вайрона бир черковга қўйларини қамаб, ётиб ухлайди. Тушида унга Миср эҳромлари яқинидаги чўлда, бир қирликда беҳисоб бойлик кўмилгани, бу дафина уни кутиб тургани аён бўлади. Бу тушни у икки бор кўради. Хаёлчан Сантяго таваккал деб йўлга тушади. Юртидаги ҳар хил жодугару башоратгўйлар, йўлда ҳамроҳ бўлган яхши-ёмон одамлар иштирокидаги саргузаштлар уни мақсадига етишидан сира қайтармайди. Аммо охирида Миср эҳромлари яқинига борган Сантяго ўғри-қароқчилар қўлига тушади, улардан калтак еб, таланади. “Буёққа нега келдинг, нега ер ковлаяпсан?” деб сўраган қароқчилар бошлиғига Сантяго тушида кўрганини баён қилади. У Сантягонинг анойилигидан кулиб, мен ҳам бир пайт худди шу сен ётган ерда ухлаб, бир туш кўрган эдим, тушимда гўё Испаниянинг фалон вилоятига бориб, фалон маҳалладаги ташландиқ черков ҳовлисидаги азим чинор тагида ётган катта дафинани қазиб олишим керак эмиш, бу тушни икки марта кўрдим, аммо мен тушига ишониб қаёқдаги Испанияга борадиган, ўша жойларни кавлаб юрадиган тентаклардан эмасман, дейди. Ажаб, умрида Испанияни кўрмаган бу каззоб Сантягога ғирт таниш маҳаллаларни айтади, у айтган черков эса айнан Сантяго қўй қамаб юрган черков эди! Сантяго яна жазм қилади – ватанига қайтади ва айтилган жойни қазиб, хазина топади.

…Ҳа, Испаниядан Мисрга йўл олган Сантяго ўз ВАТАНИга қайтмаса, муродига етмас эди.

Жанозадан қайтгач мен отамга Рўзи аканинг аёли, ҳа ўша Европани ҳайратга тутган “Бойсун Мадоннаси” бизнинг қишлоғимизда биз билан ёнма-ён яшаётгани ҳақида одамларнинг бехабарлигидан афсус билан сўзладим.

-Ўғлим! Инсон тафаккури ўзгарди: одамлар осмонга, ерга, табиатга бошқача нуқтаи назар билан қарай бошлади. Анча нарса ўзгарди. Лекин бир нарса ўзгармади: ўзбек йигитининг аёли унинг тумори ва ори эканлиги ҳамон фазилат бўлиб қолди, — дедилар отам.

Дрезден-Бойсун

01

ВЛАДИМИР БУРМАКИН АСАРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
02

099

0990

07

08

09

066

03

03

04

05

06

011

012

014

077

(Tashriflar: umumiy 1 595, bugungi 1)

3 izoh

  1. Зур макола. Бойсун Мадоннасини Нодир ака Норматов билиши мумкин. Макола учун рахмат.

  2. Бойсун Мадоннаси,бу узимизни Тугал хола,кулидаги бола эса,ёГазамфар ака,ёки Музаффар ака,

Izoh qoldiring