Saodat Fayziyeva. Mening ertaklarim. She’rlar

045   Шу йилнинг февраль ойида мен ёш шоира Саодат Файзиеванинг бир туркум шеърларини тақдим этар эканман, унинг шеърлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларимни ҳам билдирган эдим. Шу ўтган вақт ичида сайтда шеърлари эълон қилинган бошқа ёш ижодкорлар қатори Саодатни ҳам кузатиб боришни унутмадим.  Бугун, орадан бир неча ой ўтиб, шоира қизимга яна бир бор далда беришни истаб, аввало яқинлашиб келаётган туғилган куни билан чин дилдан қутлаб, унинг янги шеърларини тақдим этмоқдаман. Шу билан бирга яқин кунларда сайтда эълон қилинган ёш шоирлар шеърлари ҳақидаги фикру мулоҳазаларимни ҳам эълон қилишимни маълум қиламан.

Саодат Файзиева
ШЕЪРЛАР
05

Саодат Файзиева 1992-йил 11-июлда Бухоро вилояти Олот туманида туғилган. 2009- йил тумандаги физика- математикага ихтисослаштирилган 31-ИБМИни тугатган. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факултетида теҳсил олмоқда. Шеърлари ва мақолалари матбуотда чоп этилган.

03

* * *

Муслим акага

Сен қушга айландинг —
Қанотлар ўсди,
Титроқ юрагингга оқиб кирди мунг.
Табиат хафаҳол кўйлагин кийди,
Одамликка хайр айтганингдан сўнг.

Ҳузун йили берган қайғу ариди,
Қушларнинг тилида куйладинг қўшиқ.
Энди осмонларга учишинг мумкин,
Ёнингга энг холис шеърингни қўшиб.

Учдинг, учавердинг, қалқиди оҳлар,
Кузда тўкилгандай япроқсимон ҳис.
Сен кўкдан қарадинг: бир тўп гумроҳлар
Ерда чумолидай яшаб юрибмиз.

Қуш бўлиб эврилдинг ўзга маъвога,
Ғамсифат парвозга буткул кўндингми?
Сезяпман: ҳаттоки қушлик ҳам сенинг
Таржима қилолмай қийнар кўнглингни…

* * *

Бир қадам нарида гуркирар ҳаёт,
Бағрида яшнайди турфа ранг  гиёҳ.
Бир қадам нарида сен яшаяпсан,
Ердаги энг бахтли одамсан гўё.

Оқ чизиқ чизилган икки ўртада,
Девордек паналаб асрар кимнидир.
Дунёлар йиқилса, парвойинг етмас,
Бўйим деворбопмас дейсан барибир.

Бир қадам — ҳикматлар ортилган сандиқ,
Ичида ёмғирранг кўнглим яшайди.
Бир қадам — қалбингга тикилган ғурур,
Худди охири йўқ йўлга ўхшайди.

Кузга айланмоқда боғимдаги ранг,
Видо либосини киймоқда юрак.
Бир куни мен ҳақда билмоқ истасанг,
Ўша қадам мендан сўзлайди эртак.

Бир қадам етмади юрагинггача,
Қолган барча-барча мўжиза рўё.
Майли, юрагимга бераман таскин —
Мана шу бир қадам — энг гўзал ҳаё!

Бир қадам етмади юрагинггача…

* * *

Шамол недан бермоқда хабар,
Гувлаб ўтди шовқинли саси.
Қани менга таниш чеҳралар,
Қишлоқ мендан кечган, чамаси.

Бир бевафо қизалоқни деб
Тутлар сафин бузибди наҳот?
Қадамларим изи бор йўлни
Ёмғир билан ювибди ҳаёт.

Қани менга шотут берган чол —
Боғларида меҳр гуллаган?
Она, бувим кўринмайдилар —
Сочларимни майин силаган.

Дада, изим  сақлаган сўқмоқ
Энди қайга йўналган, айтинг
Сочингизда йўқ эди бир оқ
Мен бедилга айланар пайти.

Шамол эсар — товушим инграб
Чиқолмайди нолага дўниб.
Юрагимни тополмаяпман,
Қайга кетай тақдирга кўниб?

Бедазорда нигоҳи маъюс,
Кўзларимга термулди итим.
Қачон кўксим ғижимлади муз,
Қачон дардга дилимни тутдим?

Англаяпман елнинг сўзини —
Қишлоғимнинг овози гирён:
Мени ташлаб кетган дил билан
Илдизимиз бирлиги ёмон …

* * *

Дунё дардин элади бу тун,
Оппоқ ғамга бурканди юрак.
Неча аср ўтди-ку, нечун,
Нечун, сира ўзгармас эртак?

Бўриларга ўлжа бўлади
Кенжа ботир дили —  эзгулик.
Қора девнинг саройи-қўрғон,
Бирон мард йўқ уни бузгулик.

Ёрилтошга кирди гўзаллик,
Маъсумликни еди Қимматлар.
Семурғ билан ўзга юртларга
Учди дўстлик, учди ҳимматлар.

Сен эртакнинг эзгу якунин
Қидирмоққа бурдинг йўлингни.
Сездирмасдан оҳиста олдинг
Қўлларимда турган қўлингни.

Йўл юрдинг-а, йўлдан мўл юрдинг,
Ҳар қаричда юпқалашди дил.
Қўлларингни қўйворганим-чун,
Кечир мени, жоним, кечиргил…

Энди қайси манзилга етдинг —
Ўйларимнинг йиғлови теран.
Қайси эртак яшамоқ истар
Қалби юпқа қаҳрамон билан?

Йўл юрдинг-а, йўлдан мўл юрдинг,
Эшигимни топди кўзларинг.
Не учундир ичкаригача
Етиб келмас бўлди сўзларинг…

Дунё дардин элади бу тун,
Оппоқ ғамга бурканди юрак.
Туғилганда қанақа бўлса,
Шундайича яшасин эртак…

* * *

Видо етди ғамли боғларга,
Дарахтларнинг тўкилди оҳи.
Сўнгги хазон парчаларида
Суратингни кўраман гоҳи.

Мезон, наҳот йўлга отландинг,
Юрагимнинг ўзгарди ранги.
Шундай маъюс тугарми, ахир,
Оқ ва қора гулларнинг жанги.

Мен ортингдан кетаман, десам,
Қўлларимни қўйвормас кимдир.
Қол, дейишга ярамас ғуссам —
Юрагимнинг найлари жимдир.

Видо етди ғамли боғларга,
Қадамларинг босилди оғир.
Йиғлар, ерни ўраб оҳларга,
Кўзларини йўқотган ёмғир.

 

* * *

Март. Судралиб ўтарди кунлар,
Ногоҳ булут чимирди қошин.
Кўкдан ёғди совуқ учқунлар,
Дарахтларнинг эгилди боши.

Заминни чулғади оппоқ қор,
Шамол тўкди бодом гулини.
Ўрик шўрлик зорланар бекор —
Қор тушунмас унинг тилини.

Учиб юрар қандайдир ваҳм,
Ҳаво узра ҳаволанар дил.
Дарахтларда бормиди қасдинг,
Булутларга «тўхтанглар», дегил.

Қара, кўнглим шунчалар эрка,
Осмон қизи эканман чиндан.
Битта сенинг бефарқлигинг деб
Ўриклар юз ўгирди мендан.

Март. Ҳовлиқиб  ўтмоқда кунлар,
Булут олди сингли учун қасд.
Йиғлаяпман  сени деб шунча:
Гул заволи адолат эмас!

* * *

Оҳиста-оҳиста қадамлар билан
Манзилин кўнглимга кўчирди кўклам.
Шамолнинг алдамчи эртагидан маст
Момақаймоқ каби тўкилдим мен ҳам.

Кўзимдан пардани суғурди биров,
Дунёга қайтадан нигоҳим тикдим.
Наҳот, осмон шунча тубанда бўлса —
Кўникдим…

Қанотимни асраб солдим сандиққа,
Юрагимга қуйдим уммонча тоқат.
Ерга тушганимни ҳеч ким билмади,
Зиёратга шамол келмоқда фақат.

Азизим, сен яшар осмон кўп узоқ,
Толиқтирар экан йўлнинг чарчоғи.
Мен фақат ўзимни ўйлабман, бироқ
Кўнглингни кўзимга солмабман чоғи.

Бир куни…Ҳа, балки ўша бир куни
Бағрингга етмайин қолганда юлдуз,
Ёдингнинг қайсидир пучмоқларидан
Термулиб қараса мовийюрак қиз,

Шамолдан изҳоринг юборасанми,
Мен уни заминда кутиб тураман.
Осмонингга элтар қанотларимни
Юрагим қатида олиб юраман.

Бир куни, ҳа, балки ўша бир куни
Осмонингда қолса  бир юлдуз мастур —
Сен  ўша юлдузни асрамоқ учун
Кўнглингдан  бир илдиз ясасанг  басдир…

Бир куни, келади ҳали бир куни…

* * *

Турфа инсон бордир оламда,
Суратидан гўзал сийрати.
Ҳар бир қилган эзгу амали
Оширади кўнгил қийматин.

Бирисида яшайди борлиқ,
Бугун билан бирга юради.
Яна бири эртага шошиб
Кунга жадал қамчи уради.

Кимдир кўнгил олмоққа уста,
Сўзларида садоқат оқар.
Кимдир юрак дарчаларига
Аямасдан михларни қоқар.

Одамларни ўрганиш учун
Титкиладим минглаб китобни.
Лекин афсус, топа олмадим
Сен ҳақингда ёзилган бобни.

Кўзларингга битилган эртак
Ажиб ҳислар уйғотган дамдан
Мен осмонда яшай бошладим,
Узоқлашиб далли оламдан.

Кимсан, дедим, садо бўлмади-
Нигоҳларим қотди ҳайратда.
Тушларимда яшар кимсага
Дуч келгандим биринчи марта!

Кўклам кириб келди кўнглимга,
Кўксим бўлди сирларга макон.
Сенга ўхшаш ҳеч ким йўқ Ерда,
Кимсан ўзи, кимсан, эй Инсон?!

Илинжимнинг оёғи синиқ,
Босолмайди ҳатто бир қадам —
Юрагимда яшай бошлади
Китобларга тушмаган Одам.

Сен ҳақда кўп билгим келганди,
Титкиладим минглаб китобни.
Лекин ҳануз тополмаяпман,
Кўнглинг ҳақда ёзилган бобни…

 

* * *

Кипригимнинг этакларидан
Шабнам томди гуллар кўксига.
Қаердандир нурлар ёғилди
Ойнадаги юзим аксига.

Деразамдан боқди шаън еллар,
Панжарани синдирди кўклам.
Толеъ чалди эски торини —
Бошланмоқда қандайдир байрам.

Ёстиқ қучиб сарғайган китоб
Очиб қўйди сўнгги бобини.
Юрагимда яшар туйғулар
Ҳижобини олди ёпиниб.

Бахт келиши ғалат бўларкан,
Ҳатто исмим йўқотаман мен.
Ҳали-ҳануз ишонгим келмас —
Наҳот, эшик қоқаётган Сен?…

* * *

Болалик — энг чиройли эртак —
Зарра ғамга жой йўқ юракда.
Маликадек эдим-у гўё
Яшар эдим нурли эртакда.

Эртак-осмони ол бир олам,
Майсаларнинг қалбин тинглардим.
Мен сокинлик куйин елданмас,
Дониш дарахтлардан ўргандим.

Канизаклар хизматимга шай,
Сайр этардим қанотли отда.
Ташвиш нима, кўз ёши нима,-
Яшамасди ҳеч бири ёдда.

Ногоҳ девлар мамлакатимга
Лашкарини тортди. Сезмадим.
Ҳамма ёққа жарчи юбориб,
Бир баҳодир алпни изладим.

Қани ўша жасур ёвқувар,
Халос этса ўт-алафлардан.
Сенинг номинг жаранглаб чиқди
Мен унутган дил тарафлардан.

Эртагимни қутқармоқ учун
Керак унга қўймоғинг қадам.
Сенга жуда ўхшаб кетади
Башоратда айтилган Одам…

Чопар кетди эшигинг излаб,
Сенга борар хатим бегумон.
Сен келгунча қандай бўлса ҳам,
Жоним сақлаб тураман омон.

Эртак, нега девларинг бисёр,
Алпларингнинг қулоғи оғир?!
Шу касаллик жабри деб ҳамма
Маликалар юраги оғрир…

Сенга борар хатим бегумон…

 

* * *

Март томонга шайланди юрак —
Томоғимда қават-қават мунг.
Бўйим анча пасайса керак
Қиш ҳасратин олганидан сўнг.

Юрагимнинг йўллари қорли,
Курасам ҳам кўринмас таги.
Бунча узоқ яшади менда
Шеърсизликнинг сўлғин эртаги?…

Ана, қорлар эрий бошлади-
Ғумбагида оёқланди дил.
Шеърим, яна тойиблар кетма,
Аста босиб юрагимга кир!

 

* * *

Деразамни чертди ҳаворанг хотир,
Осмон тим-тим тўкди эзилган ёшин.
Юрагим ичида йўқолган қизча
Елкам узра қўйди чарчаган бошин.

Ташқарида ҳамон ваҳима, гув-гув,
Новдалар томчидан тўқиб борар соз.
Баногоҳ қалбимнинг эшигин қоқди
Ёмғирга қоришган таниш бир овоз:

«Биламан, юмушинг, ташвишларинг кўп,
Ҳар айтар сўзингга муштоқдир олам.
Менга сендан дунё керакмас, фақат
Саломатман, десанг, кўнглим тоғ, болам.

Балки юпун юриб шамоллагансан —
Эрталабдан бери учади кўзим.
Болам, ҳар нарсага куюнаверма,
Ўлимдан ўзгаси топади тўзим.

Кеча кулча ёпдим жиянингга деб,
Чопқиллаб ариққа югурди илдам.
Мана шу ариққа кулча ботириб,
Нечтасини сувга оқизган сен ҳам.

Бугун бошим баланд парвозларингдан,
Атрофингда қанча мақтов елади.
Ҳар сафар севганинг — ёмғир ёғганда
Сени жуда-жуда кўргим келади…»

Кўнглимдан қулади охирги таскин,
Кўзларимга кўчди булутнинг оҳи.
Онажон, бу телба қизингиз қўнган
Осмон ердан кўчиб кетади гоҳи.

Гоҳи унутаман-илдизим қайда,
Қайси сўқмоқлардан бошланган йўлим.
Тафтингиз эсимдан чиққан маҳаллар
Музлаб қолар қалам ушлаган қўлим.

Менга ёқар ёмғир ёғмас бу ерда,
Тупроқ ҳидларини келтирмас еллар.
Бу ерда мен шуҳрат топарман, лекин,
Сизни мендан тортиб олмоқда йиллар…

Оҳ, мени қанчалар қийнайди:  сизга
Арзирли битта шеър  ёзолмаганим.
Онажон, онажон, онажонгинам,
Бутун оламимга арзирим маним!!!!!

034

Shu yilning fevral` oyida men yosh shoira Saodat Fayzievaning bir turkum she’rlarini taqdim etar ekanman, uning she’rlari haqida o’z fikr-mulohazalarimni ham bildirgan edim. Shu o’tgan vaqt ichida saytda she’rlari e’lon qilingan boshqa yosh ijodkorlar qatori Saodatni ham kuzatib borishni unutmadim. Bugun, oradan bir necha oy o’tib, shoira qizimga yana bir bor dalda berishni istab, avvalo yaqinlashib kelayotgan tug’ilgan kuni bilan chin dildan qutlab, uning yangi she’rlarini taqdim etmoqdaman. Shu bilan birga yaqin kunlarda saytda e’lon qilingan yosh shoirlar she’rlari haqidagi fikru mulohazalarimni ham e’lon qilishimni ma’lum qilaman.

Saodat Fayzieva
SHE’RLAR
05

Saodat Fayzieva 1992-yil 11-iyulda Buxoro viloyati Olot tumanida tug’ilgan. 2009- yil tumandagi fizika- matematikaga ixtisoslashtirilgan 31-IBMIni tugatgan. Hozirda O’zbekiston Milliy universitetining o’zbek filologiyasi fakultetida tehsil olmoqda. She’rlari va maqolalari matbuotda chop etilgan.

03

* * *

067

Muslim akaga

Sen qushga aylanding —
Qanotlar o’sdi,
Titroq yuragingga oqib kirdi mung.
Tabiat xafahol ko’ylagin kiydi,
Odamlikka xayr aytganingdan so’ng.

Huzun yili bergan qayg’u aridi,
Qushlarning tilida kuylading qo’shiq.
Endi osmonlarga uchishing mumkin,
Yoningga eng xolis she’ringni qo’shib.

Uchding, uchaverding, qalqidi ohlar,
Kuzda to’kilganday yaproqsimon his.
Sen ko’kdan qarading: bir to’p gumrohlar
Yerda chumoliday yashab yuribmiz.

Qush bo’lib evrilding o’zga ma’voga,
G’amsifat parvozga butkul ko’ndingmi?
Sezyapman: hattoki qushlik ham sening
Tarjima qilolmay qiynar ko’nglingni…

* * *

Bir qadam narida gurkirar hayot,
Bag’rida yashnaydi turfa rang giyoh.
Bir qadam narida sen yashayapsan,
Yerdagi eng baxtli odamsan go’yo.

Oq chiziq chizilgan ikki o’rtada,
Devordek panalab asrar kimnidir.
Dunyolar yiqilsa, parvoying yetmas,
Bo’yim devorbopmas deysan baribir.

Bir qadam — hikmatlar ortilgan sandiq,
Ichida yomg’irrang ko’nglim yashaydi.
Bir qadam — qalbingga tikilgan g’urur,
Xuddi oxiri yo’q yo’lga o’xshaydi.

Kuzga aylanmoqda bog’imdagi rang,
Vido libosini kiymoqda yurak.
Bir kuni men haqda bilmoq istasang,
O’sha qadam mendan so’zlaydi ertak.

Bir qadam yetmadi yuraginggacha,
Qolgan barcha-barcha mo’jiza ro’yo.
Mayli, yuragimga beraman taskin —
Mana shu bir qadam — eng go’zal hayo!

Bir qadam yetmadi yuraginggacha…

* * *

Shamol nedan bermoqda xabar,
Guvlab o’tdi shovqinli sasi.
Qani menga tanish chehralar,
Qishloq mendan kechgan, chamasi.

Bir bevafo qizaloqni deb
Tutlar safin buzibdi nahot?
Qadamlarim izi bor yo’lni
Yomg’ir bilan yuvibdi hayot.

Qani menga shotut bergan chol —
Bog’larida mehr gullagan?
Ona, buvim ko’rinmaydilar —
Sochlarimni mayin silagan.

Dada, izim saqlagan so’qmoq
Endi qayga yo’nalgan, ayting
Sochingizda yo’q edi bir oq
Men bedilga aylanar payti.

Shamol esar — tovushim ingrab
Chiqolmaydi nolaga do’nib.
Yuragimni topolmayapman,
Qayga ketay taqdirga ko’nib?

Bedazorda nigohi ma’yus,
Ko’zlarimga termuldi itim.
Qachon ko’ksim g’ijimladi muz,
Qachon dardga dilimni tutdim?

Anglayapman yelning so’zini —
Qishlog’imning ovozi giryon:
Meni tashlab ketgan dil bilan
Ildizimiz birligi yomon …

* * *

Dunyo dardin eladi bu tun,
Oppoq g’amga burkandi yurak.
Necha asr o’tdi-ku, nechun,
Nechun, sira o’zgarmas ertak?

Bo’rilarga o’lja bo’ladi
Kenja botir dili — ezgulik.
Qora devning saroyi-qo’rg’on,
Biron mard yo’q uni buzgulik.

Yoriltoshga kirdi go’zallik,
Ma’sumlikni yedi Qimmatlar.
Semurg’ bilan o’zga yurtlarga
Uchdi do’stlik, uchdi himmatlar.

Sen ertakning ezgu yakunin
Qidirmoqqa burding yo’lingni.
Sezdirmasdan ohista olding
Qo’llarimda turgan qo’lingni.

Yo’l yurding-a, yo’ldan mo’l yurding,
Har qarichda yupqalashdi dil.
Qo’llaringni qo’yvorganim-chun,
Kechir meni, jonim, kechirgil…

Endi qaysi manzilga yetding —
O’ylarimning yig’lovi teran.
Qaysi ertak yashamoq istar
Qalbi yupqa qahramon bilan?

Yo’l yurding-a, yo’ldan mo’l yurding,
Eshigimni topdi ko’zlaring.
Ne uchundir ichkarigacha
Yetib kelmas bo’ldi so’zlaring…

Dunyo dardin eladi bu tun,
Oppoq g’amga burkandi yurak.
Tug’ilganda qanaqa bo’lsa,
Shundayicha yashasin ertak…

* * *

Vido yetdi g’amli bog’larga,
Daraxtlarning  to’kildi ohi.
So’nggi xazon parchalarida
Suratingni ko’raman gohi.

Mezon, nahot yo’lga otlanding,
Yuragimning o’zgardi rangi.
Shunday ma’yus tugarmi, axir,
Oq va qora gullarning jangi.

Men ortingdan ketaman, desam,
Qo’llarimni qo’yvormas kimdir.
Qol, deyishga yaramas g’ussam —
Yuragimning naylari jimdir.

Vido yetdi g’amli bog’larga,
Qadamlaring bosildi og’ir.
Yig’lar, yerni o’rab ohlarga,
Ko’zlarini yo’qotgan yomg’ir.

 

* * *

Mart. Sudralib o’tardi kunlar,
Nogoh bulut chimirdi qoshin.
Ko’kdan yog’di sovuq uchqunlar,
Daraxtlarning egildi boshi.

Zaminni chulg’adi oppoq qor,
Shamol to’kdi bodom gulini.
O’rik sho’rlik zorlanar bekor —
Qor tushunmas uning tilini.

Uchib yurar qandaydir vahm,
Havo uzra havolanar dil.
Daraxtlarda bormidi qasding,
Bulutlarga «to’xtanglar», degil.

Qara, ko’nglim shunchalar erka,
Osmon qizi ekanman chindan.
Bitta sening befarqliging deb
O’riklar yuz o’girdi mendan.

Mart. Hovliqib o’tmoqda kunlar,
Bulut oldi singli uchun qasd.
Yig’layapman seni deb shuncha:
Gul zavoli adolat emas!

* * *

Ohista-ohista qadamlar bilan
Manzilin ko’nglimga ko’chirdi ko’klam.
Shamolning aldamchi ertagidan mast
Momaqaymoq kabi to’kildim men ham.

Ko’zimdan pardani sug’urdi birov,
Dunyoga qaytadan nigohim tikdim.
Nahot, osmon shuncha tubanda bo’lsa —
Ko’nikdim…

Qanotimni asrab soldim sandiqqa,
Yuragimga quydim ummoncha toqat.
Yerga tushganimni hech kim bilmadi,
Ziyoratga shamol kelmoqda faqat.

Azizim, sen yashar osmon ko’p uzoq,
Toliqtirar ekan yo’lning charchog’i.
Men faqat o’zimni o’ylabman, biroq
Ko’nglingni ko’zimga solmabman chog’i.

Bir kuni…Ha, balki o’sha bir kuni
Bag’ringga yetmayin qolganda yulduz,
Yodingning qaysidir puchmoqlaridan
Termulib qarasa moviyyurak qiz,

Shamoldan izhoring yuborasanmi,
Men uni zaminda kutib turaman.
Osmoningga eltar qanotlarimni
Yuragim qatida olib yuraman.

Bir kuni, ha, balki o’sha bir kuni
Osmoningda qolsa bir yulduz mastur —
Sen o’sha yulduzni asramoq uchun
Ko’nglingdan bir ildiz yasasang basdir…

Bir kuni, keladi hali bir kuni…

* * *

Turfa inson bordir olamda,
Suratidan go’zal siyrati.
Har bir qilgan ezgu amali
Oshiradi ko’ngil qiymatin.

Birisida yashaydi borliq,
Bugun bilan birga yuradi.
Yana biri ertaga shoshib
Kunga jadal qamchi uradi.

Kimdir ko’ngil olmoqqa usta,
So’zlarida sadoqat oqar.
Kimdir yurak darchalariga
Ayamasdan mixlarni qoqar.

Odamlarni o’rganish uchun
Titkiladim minglab kitobni.
Lekin afsus, topa olmadim
Sen haqingda yozilgan bobni.

Ko’zlaringga bitilgan ertak
Ajib hislar uyg’otgan damdan
Men osmonda yashay boshladim,
Uzoqlashib dalli olamdan.

Kimsan, dedim, sado bo’lmadi-
Nigohlarim qotdi hayratda.
Tushlarimda yashar kimsaga
Duch kelgandim birinchi marta!

Ko’klam kirib keldi ko’nglimga,
Ko’ksim bo’ldi sirlarga makon.
Senga o’xshash hech kim yo’q Yerda,
Kimsan o’zi, kimsan, ey Inson?!

Ilinjimning oyog’i siniq,
Bosolmaydi hatto bir qadam —
Yuragimda yashay boshladi
Kitoblarga tushmagan Odam.

Sen haqda ko’p bilgim kelgandi,
Titkiladim minglab kitobni.
Lekin hanuz topolmayapman,
Ko’ngling haqda yozilgan bobni…

 

* * *

Kiprigimning etaklaridan
Shabnam tomdi gullar ko’ksiga.
Qaerdandir nurlar yog’ildi
Oynadagi yuzim aksiga.

Derazamdan boqdi sha’n yellar,
Panjarani sindirdi ko’klam.
Tole’ chaldi eski torini —
Boshlanmoqda qandaydir bayram.

Yostiq quchib sarg’aygan kitob
Ochib qo’ydi so’nggi bobini.
Yuragimda yashar tuyg’ular
Hijobini oldi yopinib.

Baxt kelishi g’alat bo’larkan,
Hatto ismim yo’qotaman men.
Hali-hanuz ishongim kelmas —
Nahot, eshik qoqayotgan Sen?…

* * *

Bolalik — eng chiroyli ertak —
Zarra g’amga joy yo’q yurakda.
Malikadek edim-u go’yo
Yashar edim nurli ertakda.

Ertak-osmoni ol bir olam,
Maysalarning qalbin tinglardim.
Men sokinlik kuyin yeldanmas,
Donish daraxtlardan o’rgandim.

Kanizaklar xizmatimga shay,
Sayr etardim qanotli otda.
Tashvish nima, ko’z yoshi nima,-
Yashamasdi hech biri yodda.

Nogoh devlar mamlakatimga
Lashkarini tortdi. Sezmadim.
Hamma yoqqa jarchi yuborib,
Bir bahodir alpni izladim.

Qani o’sha jasur yovquvar,
Xalos etsa o’t-alaflardan.
Sening noming jaranglab chiqdi
Men unutgan dil taraflardan.

Ertagimni qutqarmoq uchun
Kerak unga qo’ymog’ing qadam.
Senga juda o’xshab ketadi
Bashoratda aytilgan Odam…

Chopar ketdi eshiging izlab,
Senga borar xatim begumon.
Sen kelguncha qanday bo’lsa ham,
Jonim saqlab turaman omon.

Ertak, nega devlaring bisyor,
Alplaringning qulog’i og’ir?!
Shu kasallik jabri deb hamma
Malikalar yuragi og’rir…

Senga borar xatim begumon…

 

* * *

Mart tomonga shaylandi yurak —
Tomog’imda qavat-qavat mung.
Bo’yim ancha pasaysa kerak
Qish hasratin olganidan so’ng.

Yuragimning yo’llari qorli,
Kurasam ham ko’rinmas tagi.
Buncha uzoq yashadi menda
She’rsizlikning so’lg’in ertagi?…

Ana, qorlar eriy boshladi-
G’umbagida oyoqlandi dil.
She’rim, yana toyiblar ketma,
Asta bosib yuragimga kir!

 

* * *

Derazamni chertdi havorang xotir,
Osmon tim-tim to’kdi ezilgan yoshin.
Yuragim ichida yo’qolgan qizcha
Yelkam uzra qo’ydi charchagan boshin.

Tashqarida hamon vahima, guv-guv,
Novdalar tomchidan to’qib borar soz.
Banogoh qalbimning eshigin qoqdi
Yomg’irga qorishgan tanish bir ovoz:

«Bilaman, yumushing, tashvishlaring ko’p,
Har aytar so’zingga mushtoqdir olam.
Menga sendan dunyo kerakmas, faqat
Salomatman, desang, ko’nglim tog’, bolam.

Balki yupun yurib shamollagansan —
Ertalabdan beri uchadi ko’zim.
Bolam, har narsaga kuyunaverma,
O’limdan o’zgasi topadi to’zim.

Kecha kulcha yopdim jiyaningga deb,
Chopqillab ariqqa yugurdi ildam.
Mana shu ariqqa kulcha botirib,
Nechtasini suvga oqizgan sen ham.

Bugun boshim baland parvozlaringdan,
Atrofingda qancha maqtov yeladi.
Har safar sevganing — yomg’ir yog’ganda
Seni juda-juda ko’rgim keladi…»

Ko’nglimdan quladi oxirgi taskin,
Ko’zlarimga ko’chdi bulutning ohi.
Onajon, bu telba qizingiz qo’ngan
Osmon yerdan ko’chib ketadi gohi.

Gohi unutaman-ildizim qayda,
Qaysi so’qmoqlardan boshlangan yo’lim.
Taftingiz esimdan chiqqan mahallar
Muzlab qolar qalam ushlagan qo’lim.

Menga yoqar yomg’ir yog’mas bu yerda,
Tuproq hidlarini keltirmas yellar.
Bu yerda men shuhrat toparman, lekin,
Sizni mendan tortib olmoqda yillar…

Oh, meni qanchalar qiynaydi: sizga
Arzirli bitta she’r yozolmaganim.
Onajon, onajon, onajonginam,
Butun olamimga arzirim manim!!!!!

032

(Tashriflar: umumiy 318, bugungi 1)

Izoh qoldiring