6 июль — таниқли шоир Шукур Қурбон таваллуд топган кун.
Умуман олганда, шоирлик қайси даврда осон бўлган? Айниқса, Навоий, Бобур, Машраб каби шоирларни дунёга берган халқ қалбидаги гапни айтиш менимча ҳамма давр ижодкоридан ҳам юксак масъулият талаб этади. Қолаверса, ўша йилларда мамлакатимизда мустабид тузум ҳукмрон эди. Бу давр шоирларининг қиладиган иши, энг аввало, халқ ҳаётидаги ҳақиқатларни ёзиш бўлган Мен ҳам ўшалар қаторида баҳоли қудрат, Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда, «аччиқ ҳақиқат»ларни қоғозга туширишга уринганман.
Эркин ВОҲИДОВ
ҚАЛБ ҲАРОРАТИ ҲЕЧ КАМ БЎЛМАСИН
Биз, олтмишинчи йилларда адабиётга кириб келган авлод, ёшимиз қирққа етганда ҳам «ёш ёзувчи», «ёш шоир» деб аталганмиз. Сабаби ҳали биздан кейинги ижодкорлар авлоди ростмона бўй кўрсатмаган, адабиёт майдонини эгаллаб улгурмаган эди.
Етмишинчи йилларга келиб янги бир тўлқин, янги бир истеъдодли авлод сафимизга қўшилди. Ўзбек назми ва насрига янги руҳ кириб келди. Бу авлод сафида пешқадамлардан бири Шукур Қурбон эди. Унинг ҳаяжонга тўла юраги, айтган сўзи, ёзган шеъри, ҳар бир хатти ҳаракатида аён бўлиб турарди. Шукурнинг илк шеърларини ўқиб кўнглимда туғилган яхши сўзларни ўша вақт матбуотда, анжуманларда айтганман. Қарангки, у замонлар ҳам қирқ йилча ортда қолиб қолибди.
Бугун энди Шукур Қурбон элга таниқли шоир, ўзи устоз бўлиб, ёш ижодкорларни тарбияламоқда, ижод майдонига йўллаб, илк китобларига «Оқ йўллар» ёзмоқда.
Бугун мен Шукур Қурбоннинг сайланма шеърларини ўқиб, у босиб ўтган ижодий йўлни кўз олдимга келтириб турибман. Бу йўл ҳеч бир шоирда текис ва равон бўлмайди. Шукур каби ҳиссиёт шоирида ижодий изланиш йўллари машаққатли кечади. Ҳаёт бир ерда турмаганидек, ижодий услуб ҳам ўзгариб, янгиланиб боради. Мана бугун олтмиш ёш арафасида анча тиниқлик касб этган:
Шоирлар каломи отилган ўқдир,
Нишонга тегарки, кўнгиллар тўқдир.
Ҳақиқатни айтиш нодонлик бўлса,
Нодонликдан айро шеърият йўқдир.
Шоир дўстимга ижодий умрузоқлик тилайман. Қалб ҳарорати ҳеч кам бўлмасин.
ИЖОД МАСЪУЛИЯТИ
Шоир Шукур Қурбон билан суҳбат
Адабий жараёнда сўз майдони ичра кирмоқ, унда турмоқ анча мураккаб масала. Биз тенгилар эндигина эл орасида танила бошлаганда бири иккинчисидан талабчан олим ва мунаққидлар, шоирлар ёшларнинг ҳар бир ижод намунасини диққат билан кузатар, сарагини-саракка, пучагини-пучакка чиқарардилар. Улар эътирофига унча-мунча ёшларнинг сазовор бўла олиши қийин эди.
Бундан ташқари, халқимиз ноёб истеъдод соҳиблари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи каби ҳар бири ўз йўналишини ярата олган шоирлар шеъриятидан баҳра олиб турган бир пайтда шеър ёзиш масъулияти жуда юксак эди.
Умуман олганда, шоирлик қайси даврда осон бўлган? Айниқса, Навоий, Бобур, Машраб каби шоирларни дунёга берган халқ қалбидаги гапни айтиш менимча ҳамма давр ижодкоридан ҳам юксак масъулият талаб этади. Қолаверса, ўша йилларда мамлакатимизда мустабид тузум ҳукмрон эди. Бу давр шоирларининг қиладиган иши, энг аввало, халқ ҳаётидаги ҳақиқатларни ёзиш бўлган Мен ҳам ўшалар қаторида баҳоли қудрат, Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда, «аччиқ ҳақиқат»ларни қоғозга туширишга уринганман. Масалан,
Ҳой, ҳеч ким ҳеч нима сезмаётирми?
Қалбларда лоқайдлик кезмаётирми?
Қилт этмай қўйди-ку дарахтлар учи,
Шамол ер остидан эсмаётирми?
Устозларнинг талабчанлиги шунчалик эдики, биз уларнинг асарларини жуда синчковлик билан ўқирдик, уларга ўзимизча баҳо беришга ҳаракат қилардик, улар даражасида ёзишга интилардик. Шу билан бирга, ёзганларимизнинг ўзига хос бўлишини истардик. Кўп ўқирдик — ҳар ойда дунё миқёсида ном қозонган бирор бир шоирнинг китобини ўзимиз учун кашф этардик. Буларнинг ҳаммаси биздан сўзга масъулият билан ёндашишни талаб қиларди. Бундан ташқари, Миртемирдай буюк устознинг семинар машғулотларидаги мушоиралар ижодга муносабатимизни чархлаб турган. Дарвоқе, энг асосийси, устозлар биз — ёшлар ижодига алоҳида меҳр билан қарардилар, ёзган-чизганларимизни ўқиб фикр билдиришга эринмасдилар. Айниқса, ўткир нигоҳли атоқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддиновнинг шеърларимга ижобий фикрлар билан матбуотда мақолалар ҳам эълон қилганини хурмат билан эслайман. У инсоннинг сабоқлари менга умрим охиригача йўлчи юлдуз бўлиб туради. Уларга содиқ қолишни ният қилганман. Ижодим ҳақида яхши фикрлар бўлган, ҳозиргача 25 та китобим чоп этилди. Лекин шоир ижодига қандай баҳо бериш мухлисларнинг иши.
Ўтган йилларда республика марказий матбуотида — «Ёшлик» журналида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ва бошқа газеталарда шеърий туркумларим, достон ва мақолаларим мунтазам эълон қилиниб турган. Кейинги йилларда «Арбаъин — 1», «Қалбдаги шамлар», «Байрам — болаларники», «Элликқалъа дафтари», «Балиқчиликлар», «Тоҳир Малик сабоқлари», «Абдулла Орипов сабоқлари» , «Озорингни соғиндим», «Озод Шарафиддинов сабоқлари», «Муҳаммад Юсуф сабоқлари» (2012), «Меҳрингга зорман» (Сайланма), «Омонулла Мадаев сабоқлари» китобларим нашр этилди. Муҳими бу эмас, ғалвир сувдан кўтарилганда оҳ тортишдан Ўзи асрасин:
Гулзор ўртасида мисли хору хас
Назардан қолди у, лекин тан олмас:
Чўкиб бораётиб сув ўртасида
«Ғалвир — нобоп!.. — дея қичқирар нокас.
Ижодкорнинг қандай инсон бўлиши эса, аввало, унинг Худо берган талант ва иқтидорига, иймон-эътиқодига боғлиқ. Очиғи, ҳаётда тили бошқаю дили бошқа ижодкорларга мен ҳам дуч келганман, лекин уларга ўхшамасликка ҳаракат қилганман. Халқимизда шундай мақол бор: «Ҳар ким қилса ўзига».
Шоир оиласи ва дўстларидан нимани кутиб яшайди? Шоир ҳам ҳамма қатори ишга боради, ойлик-маош олади, рўзғор тебратади. Оиласидан ҳам, ҳамма қатори, садоқат кутади. Садоқатга озгина фидойилик ҳам қўшилса, ижодкор учун бу жуда катта имконият, деганидир. Чунки жуда кўп асарларини у ишдан кейин, иккинчи ва учинчи «смена»да ёзади. Ва ёзганларига ҳадеганда қалам ҳақи унавермайди.
Анча йиллардан буён Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида фаолият юритаяпман. Юртбошимиз ташаббуси билан бетакрор бир тарзда қурилган Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонамиз айни кунда ёшларнинг чинакам зиё масканига, қадрдон гўшасига айланди. Агар иккита умрим бўлганида, биттасини кутубхоначиликка бағишлардим. Ёшлигимда (баъзан ҳали ҳам), китоб дўконларида соатлаб қолиб кетардим. Ёшим олтмишни қоралаб қолганида шу табаррук масканда хизмат қилиш насиб этди. Назаримда, бу зиё масканида китоб муаллифларининг руҳлари кезиб юргандай… Бинобарин, бу ерда инсонларнинг китобга муносабатини кўриб тураман. Ёзадиган одам учун эса, бу нарса керак. Қолаверса, ҳозир кўплар китобнинг ўрнига пулни ўқишяпти, қўл телефонларини, интернетни ўқишяпти. Кутубхонамизда ёшларнинг китобга, адабиётга жиддий муносабатини кўриб жуда қувонаман. Лекин ўзларига бўлган талаблари қаттиқ эмаслиги мени бир оз хавотирга солади. Шу ўринда туркман шоири Омондурди оға (Аннадурдиев) нинг бир латифаси эсимга тушди:
«Кекса шоир — Ота Кўпакдан сўрабдилар:
— Ота Кўпак, айтинг-чи, сиз қанақа шоирсиз? Зўрмисиз ё ўткинчимисиз? Асарларингиз тақдирига қандай қарайсиз? Улар яшаб қоладими?
— Билмадим, — дебди Ота Кўпак. — Лекин қачон қарамай, атрофимни ёшлар ўраб олишади. Бунда бир маъно бўлса керак…»
Суҳбатни Жавлон Жовлиев ёзиб олди
Шукур Қурбон
ШЕЪРЛАР
НАВОИЙНИ АНГЛАШ
Тарих, дегани бу — жанг-жадал эмас,
Сўздир у , сўзларда акс этган маъно.
Балки туркийни ҳам биров тил демас,
Навоий назмидан туймаса наво.
Уйғоқ шуур билан хаёлга толсак,
Навоий ва иймон — эгиз тушунча.
Шоирга биз қанча яқин боролсак,
Худога яқинлаб борурмиз шунча.
Эл ғамин ўйлаган бари бир ўлмас,
Уни кутар доим тақдир аломат.
Бу теран нолалар ҳеч қачон сўлмас,
Кўнгилни авайлаб-асрар саломат.
«Эй, Навоий», дея чорлар ўзини
Муҳаббат йўлига, меҳр йўлига.
«Эй, Навоий» — жаҳон очар кўзини,
Тилла тушган каби гадой қўлига.
«Эй, Навоий» — қуёш тушар самодан,
Кетар пой-пиёда уфқлар оралаб.
Юрак энтикади тоза ҳаводан,
Метин дардларини тилка-поралаб.
Авлод-авлодларга ҳамиша ёр у,
Турли халқлар аро расо қаддимиз.
«Сўзимни эшит», — деб бизларга зор у,
«Биз ҳам зор», — дейишга борми ҳаддимиз?
АВВАЛГИ ДЎСТЛАРИМ
Аввалги дўстларим, мени эслабсиз,
Мени соғинибсиз, мени излабсиз.
Дебдилар: у бошқа ҳолатда бу кун,
Бундай давраларга чорламоқ нафсиз.
Тўғри, эсланмаган дўст, бу — дўст эмас,
Сиз-да хаёлимга ҳамиша пайваст.
Телвагезак ўтган ажиб у йиллар
Менинг ҳам қисматим йўлига пайваст.
Ҳаёти дунёда турфадир сабоқ,
Танлаш гали келди, кутдирмай узоқ.
Сизга у дунёнинг саодатидан
Бу дунё роҳати туюлди хўброқ.
Кетдингиз бирингиз қувиб амал, шаън,
Бирингизни мол-мулк чалғитди йўлдан.
Оқибат қабрнинг остонасида
Тушай, деб турибди ҳассамиз қўлдан.
МАҲАЛЛИЙЧИЛИК
Душман керак бўлса, дунёда қанча,
Дўстларинг — омонат,
ҳамкорлар — қаллоб.
Кўнгилни орзулар шиддати янчар,
Юрак — меҳрталаб, муҳаббатталаб.
Ҳар жой, ҳар кўйингга жонимни қоқай,
Халқим, жаҳолатда токай
қақшайсан?!
Калта ўйлаб гоҳо қийнайсан токай,
Маҳаллийчиликни қачон ташлайсан?
Ҳасрат, ҳаяжонлар бўғизга етди,
Кўзинг оч, сен ҳам бир атрофга қара.
Оламда ўт ва сув бирлашиб кетди,
Лайли-Мажнун бўлди оқ билан қора.
Пастлар баландларни кўтарди бошга,
Қайноқлар кўксига босди совуқни.
Нега сен ҳамиша қоқилдинг тошга?
Нега ўз кўксингга отдинг шу ўқни?
Номи бир ўзбексан, ўзингга бексан,
Яхлит бир парчасан туркий жаҳондан.
Юракда дард билан сен қадди тиксан,
Чегара чизиғи ўтмаган қондан.
БАҲОУДДИН НАҚШБАНД
(Ҳикматлар асосида)
Дардимиз мунаввар ниятни берди,
Нафсимиз жунбуши уятни берди.
Хорликни танладик бу улуғ йўлда,
Аллоҳим абадий иззатни берди.
Сенгача кимларни кўрмаган бу йўл,
Қоқилган, йиқилган кимса бунда мўл.
Шамга ўхшаб элга равшанлик бахш эт,
Ўзинг-чи, панада, қоронғуда бўл.
Пайғамбар дуоси баракотидан
Бу умматда сиртдан ҳайвон бўлиш йўқ.
Нокаслар касридан, қусуротидан
Сийрати махлуқни кўрмай ўлиш йўқ.
Дилни англамаслар куйдирди ғоят,
Умидим ўлмади, орзиқиб тўздим.
Валийдек бирор дўст келса деб шояд,
Юзлаб душманларга дастурхон ёздим.
Халқ ўзи сабабчи ортда қолса гар,
Кифтида ўзлари орттирган ғамлар.
Ҳолбуки, хато йўқ Аллоҳ ишида,
Нуқсон йўқ илоҳий файз келишида.
МУҲАММАД ЮСУФГА
Қара, кўзларимда кўринмайди нам,
Гарчанд кўнгил тўла оҳ ила фарёд.
Шоирларнинг эрта кетишига ҳам
Наҳот, кўниктирди бизларни ҳаёт.
Шу сўзларни мендан кутганмидинг, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?
Бир шоир оламга келиши учун,
Ким билар неча бор тўлғонар замин?
Шоирлар бемаҳал ўтса оламдан,
Айт, кимлар тўлдирар унинг бир камин?
Сенинг ўрнингни-чи, ким босади, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?
Водий шевасига пайваста гарчанд,
Андижон лафзининг ўз оҳанги бор.
Бобурий каломнинг оддийлигидан
Теранлик барқ урар асрлар бедор.
Сен ҳам шу ҳикмат, деб ёнганмидинг, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?
Тақводор ҳамкентинг Дукчи Эшоннинг
Руҳи қўллагандир сени эҳтимол.
Назмий бир ишора ила эл-юртни
Ойдин орзуларга бошладинг алҳол.
Бошлаб қўйиб, ўзинг қайга кетдинг, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?
Бўз боласи бўлиб ўзбаки сўзнинг,
Биқиқ давралардан кетдингми бадар?
Китоб ўқимасдан қўйган улуснинг
Қалбини қўшиқ-ла этмоқ мунаввар —
Мақсадинг эдими шеър ёзишдан, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?
Лекин хонандалар… баъзилари паст,
Шеъринг ундиргунча ялтоқланди-ку!
Танилиб дедилар «Буюртмамиз-ла
Шеър ёзиб бўлди бу «Муҳаммад Юсуф»
Билганмидинг буни, кулганмидинг, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?
Улар ҳам ўтишар, ғийбат гап-сўз ҳам,
Лекин қўшиқларинг янграйди абад.
Мустақиллик даври тароналари
Сенинг куйларингсиз кемтикдир, албат.
Боқий бу толени ўйлабмидинг, айт,
Эй юксак ғазалга ярашиқли байт?
СОХТА ДЎСТ
Мени балки яна керак қиларсиз,
Бошланг, мен тайёрман, борайлик қаён?
Кимларга айтишим лозим қандай сўз?
Қўшай қайси сўзга қандай ҳаяжон?
Бу оламда менинг кўрган-билганим —
Балки юрагимга ортиқча бир юк.
Бу юкдан эзилиб оғрийди жоним,
Тамасиз, бегидир бирор дўстим йўқ.
Ҳурматингиз мен-ла ортсин, ўзгалар
Назарида мудом юксалинг, ўсинг.
Кимлигингни билмоқ бўлсалар агар
Донолар қизиқар, ким, дея дўстинг.
Хасга ёпишгандай чўкаётган зот,
Раъйингизга қараб яшайман бу чоқ.
Душманлар кулади ҳолимга, ҳайҳот,
Йиғлайман мен дўстлик ҳолига узоқ.
ЎН САККИЗДАН ЎТГАН ҚИЗ
Ўн саккиздан ўтган қиз,
Дил овчисин кутган қиз.
Бировларга билдирмай,
Дардин ичга ютган қиз.
Отангнинг бардошисан,
Онангнинг кўз ёшисан.
Дугоналар ичра тоқ,
Туйғулар талошисан.
Чиройингни эрта-кеч
Ой билан кун талашган.
Қизлар бор — ўн саккиздан
Ўтиб бўлиб адашган.
Гадомассан — тиланган,
Навомассан — куйланган.
Келмас сени севганлар,
Севганларинг — уйланган.
Ўн саккиздан ўтган қиз,
Дардин ичга ютган қиз.
КЕЛАВЕР
Тоқатим тоқ бўлди,
Чоғ бўлмади дил.
Номинг ёд айладим,
Куйдим муттасил.
Куйсам-да, куйсам-да,
Суйдим муттасил.
Борай, деб ёзибсан, юрак ютиб, оҳ,
Ҳарна жавобимга мунтазир, муштоқ.
Келавер, дейман-да, бошқа не дейман,
Келавер, жонингдан жоним айлансин.
Ўзим ҳам чорловдим,
Унсиз чорловдим.
Ўзгага билгисиз,
Мунгсиз чорловдим.
Ўзимдан борсам-да,
Излаб бормовдим.
Мендан садоқату
Сендан марҳамат,
Бир оғиз сўзингга
Маҳтал неча қат,
Гоҳ ғурур қўймасдан,
Гоҳо йигитлик,
Ҳажринг-ла қасдлашиб
Қилдим мен итлик.
КУЗГИ ЁМҒИР
Эзиб ёққан кузги ёмғирдан,
Шалвирашиб қолди дарахтлар,
Тилла барглар ерга чапланди,
Чироқ ёғдусида ярақлаб.
Кузги ёмғир, бу кузги ёмғир,
Дунёйимга ёққандай бўлди.
Кузги ёмғир — севгининг сўнгги,
Видолари бўлиб туюлди.
Сирқиратиб ўтди баданни,
Эсган узуқ-юлуқ изғирин.
Ёр кетган йўл бошида қотдим,
Ўз-ўзимдан қаттиқ ёзғириб.
Кузги ёмғир, ай, кузги ёмғир,
Тўлиб кетган эдингми шунча?!
Кўнглингни бир бўшатиш учун
Мени абгор этдингми шунча?
КУЗАТИБ ҚОЛМАСА…
Кузатиб қолмаса уйда бир киминг,
Йўлинг кўпаймайди, юрсанг ҳам қанча.
Эгнингга чангакдай чип ёпишганча,
Вужудинг ғижимлаб борар кийиминг.
Вужуд озор чекса, кўнгилда ситам,
Ҳар кимга сўник руҳ билан қарайсан.
Ҳар кимдан гарчи ҳол-аҳвол сўрайсан,
Сен ўз ҳол-аҳволинг сўрайсан шу дам.
Турли давраларга бош суқасан жим,
Далда ахтарасан ҳаётни кезиб.
Оламда гоҳ ўзни ортиқча сезиб,
Бурчак-бурчакларда ёш тўкасан жим.
Кузатиб қолмаса уйда бир киминг,
Кутиб олгувчинг ҳам бўлмайди, аён.
Судралиб қайтасан уйингга томон,
Вужудинг ғижимлаб борар кийиминг.
ХИЁНАТ
Сезар бир нимани, айтолмас фақат,
Эзар елкасидан гуноҳлар юки.
Бари бир фош бўлар экан хиёнат,
Бари бир садоқат енгаркан бир кун.
Дўл аралаш ёмғир ёғар бу кеча,
Шамол қуритади тинка-мадорни.
Юрак уст-устига пушаймон ичар,
Босарманми, дея ўша хуморни.
Лекин бари бекор, бари беҳуда,
Кетиб боради файз оиласидан.
Хотиржам турмушни қўмсар у жуда,
Безган ҳалол-пок эр дағдағасидан.
Гўлдай яшайверса бўлмасми, деяр,
Кўрдай яшайверса бўлмасми, деяр.
Валадизиноси тақдирин ўйлаб,
Кечикиб у энди ич-этин еяр.
КЎЗГУ
Ҳаммаси тугади, бошланмай туриб,
Сен нола чекарсан, кўзларинг ёшлаб.
Мен армон ютарман, томоғим қуриб…
Бизлар бир-бировни кетурмиз ташлаб.
Йиллар учиб ўтар кўтариб тўзон,
Хотирот кўзгуси хира тортар жим.
Буюк бир фожеа рўй берар шу он:
Сўниб борар унда қуёшдай исм.
Қолган умр кечар ғамли, синоқли,
Бироқ умидворман: синмайди кўзгу.
Ёдгор буюм каби яшар ардоқли—
Юрак-юракларнинг ич-ичида у.
Ва бир кун муҳаббат ёдга тушган чоқ,
Қўлга олиб уни тинч, беихтиёр.
Ҳеч кимга билдирмай, йиғлаймиз узоқ,
Ювиб-тозалаймиз кўз ёш-ла бекор.
Хира тортган ҳислар яшнарми қайтиб?
Ўчиб кетган бўлар улар кўзгудан.
Исмлар қуёшдай порлаган пайтни,
Қанча ахтармайлик, топмаймиз ундан.
ЁЛҒИЗ АЁЛ
Меҳрнинг таъмини эсдан чиқариб,
Дилгир ўйлар аро кездингми йиллаб?
Дунёнинг аёллик бахтидан нари,
Кетдингми ғойибдан қаноат тилаб?
Қайси манзилларда кутдилар қандоқ?
Ким сени ноҳақдан-ноҳақ ранжитди?
Даф этдими сенга ташланиб ногоҳ
Хушомад ва ҳирснинг минг битта ити?
Ҳаёт эса ўзга, ҳаётинг ўзга,
Сойларга айтдингми кўрганинг тушинг?
Сабаб қолдирмай, деб ғийбату сўзга,
Рангпар сайладингми туриш-
турмушинг?
Гарчи юрагингда тирикдир умид,
Гарчи қалб ҳар нафас туғади ҳавас,
Кирар тушларингга ўша минг бир ит,
Ўша занжирларин узиб басма-бас.
Шукур Қурбон (Олимжон ўғли) 1951 йилда Андижон вилоятининг Балиқчи туманида хизматчи оиласида туғилган. Ҳозирги ЎзМУ нинг филология факултетини битириб (1968—73), «Шарқ юддузи» журнали таҳририятида иш фаолиятини бошлаган. Шундан кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилоят бўлимида, Ўзбекистон телерадиокомпаниясида, «Соғлом авлод учун» журнали муҳарририятида хизмат қилган. Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётининг бўлим мудири.
Илк шеърлари Узбекистан Қаҳрамони, атокди адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов назарига тушган, устоз унга «Оқ йўл» тилаган. Шоир битиклари дарслик ва қўлланмалардан ўрин олган. Ўзбекистон радиоси «Олтин фонди»да унинг радиопостановка ва юзга яқин қўшикдари сакданмоқда. Маънавий-маърифий йўналишдаги асарлари учун 1989 йилда шоир Мовароуннаҳр мусулмонлари диний бошқармаси мукофоти соҳиби.
Shukur Qurbon (Olimjon o’g’li) 1951 yilda Andijon viloyatining Baliqchi tumanida xizmatchi oilasida tug’ilgan. Hozirgi O’zMU ning filologiya fakultetini bitirib (1968—73), «Sharq yudduzi» jurnali tahririyatida ish faoliyatini boshlagan. Shundan keyin O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining Toshkent viloyat bo’limida, O’zbekiston teleradiokompaniyasida, «Sog’lom avlod uchun» jurnali muharririyatida xizmat qilgan. Hozirda Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston Milliy kutubxonasi nashriyotining bo’lim mudiri.
Ilk she’rlari Uzbekistan Qahramoni, atokdi adabiyotshunos olim Ozod Sharafiddinov nazariga tushgan, ustoz unga «Oq yo’l» tilagan.Shoir bitiklari darslik va qo’llanmalardan o’rin olgan. O’zbekiston radiosi «Oltin fondi»da uning radiopostanovka va yuzga yaqin qo’shikdari sakdanmoqda. Ma’naviy-ma’rifiy yo’nalishdagi asarlari uchun 1989 yilda shoir Movarounnahr musulmonlari diniy boshqarmasi mukofoti sohibi.
Erkin VOHIDOV
QALB HARORATI HECH KAM BO’LMASIN
Biz, oltmishinchi yillarda adabiyotga kirib kelgan avlod, yoshimiz qirqqa yetganda ham «yosh yozuvchi», «yosh shoir» deb atalganmiz. Sababi hali bizdan keyingi ijodkorlar avlodi rostmona bo’y ko’rsatmagan, adabiyot maydonini egallab ulgurmagan edi.
Yetmishinchi yillarga kelib yangi bir to’lqin, yangi bir iste’dodli avlod safimizga qo’shildi. O’zbek nazmi va nasriga yangi ruh kirib keldi. Bu avlod safida peshqadamlardan biri Shukur Qurbon edi. Uning hayajonga to’la yuragi, aytgan so’zi, yozgan she’ri, har bir xatti harakatida ayon bo’lib turardi. Shukurning ilk she’rlarini o’qib ko’nglimda tug’ilganyaxshi so’zlarni o’sha vaqt matbuotda, anjumanlarda aytganman. Qarangki, u zamonlar ham qirq yilcha ortda qolib qolibdi.Bugun endi Shukur Qurbon elga taniqli shoir, o’zi ustoz bo’lib, yosh ijodkorlarni tarbiyalamoqda, ijod maydoniga yo’llab, ilk kitoblariga «Oq yo’llar» yozmoqda.
Bugun men Shukur Qurbonning saylanma she’rlarini o’qib, u bosib o’tgan ijodiy yo’lni ko’z oldimga keltirib turibman. Bu yo’l hech bir shoirda tekis va ravon bo’lmaydi. Shukur kabi hissiyot shoirida ijodiy izlanish yo’llari mashaqqatli kechadi. Hayot bir yerda turmaganidek, ijodiy uslub ham o’zgarib, yangilanib boradi. Mana bugun oltmish yosh arafasida ancha tiniqlik kasb etgan:
Shoirlar kalomi otilgan o’qdir,
Nishonga tegarki, ko’ngillar to’qdir.
Haqiqatni aytish nodonlik bo’lsa,
Nodonlikdan ayro she’riyat yo’qdir.
Shoir do’stimga ijodiy umruzoqlik tilayman. Qalb harorati hech kam bo’lmasin.
IJOD MAS’ULIYATI
Shoir Shukur Qurbon bilan suhbat
Adabiy jarayonda so’z maydoni ichra kirmoq, unda turmoq ancha murakkab masala. Biz tengilar endigina el orasida tanila boshlaganda biri ikkinchisidan talabchan olim va munaqqidlar, shoirlar yoshlarning har bir ijod namunasini diqqat bilan kuzatar, saragini-sarakka, puchagini-puchakka chiqarardilar. Ular e’tirofiga uncha-muncha yoshlarning sazovor bo’la olishi qiyin edi.
Bundan tashqari, xalqimiz noyob iste’dod sohiblari Erkin Vohidov, Abdulla Oripov, Rauf Parfi kabi har biri o’z yo’nalishini yarata olgan shoirlar she’riyatidan bahra olib turgan bir paytda she’r yozish mas’uliyati juda yuksak edi.
Umuman olganda, shoirlik qaysi davrda oson bo’lgan? Ayniqsa, Navoiy, Bobur, Mashrab kabi shoirlarni dunyoga bergan xalq qalbidagi gapni aytish menimcha hamma davr ijodkoridan ham yuksak mas’uliyat talab etadi. Qolaversa, o’sha yillarda mamlakatimizda mustabid tuzum hukmron edi. Bu davr shoirlarining qiladigan ishi, eng avvalo, xalq hayotidagi haqiqatlarni yozish bo’lgan Men ham o’shalar qatorida baholi qudrat, Erkin Vohidov ta’biri bilan aytganda, «achchiq haqiqat»larni qog’ozga tushirishga uringanman. Masalan,
Hoy, hech kim hech nima sezmayotirmi?
Qalblarda loqaydlik kezmayotirmi?
Qilt etmay qo’ydi-ku daraxtlar uchi,
Shamol yer ostidan esmayotirmi?
Ustozlarning talabchanligi shunchalik ediki, biz ularning asarlarini juda sinchkovlik bilan o’qirdik, ularga o’zimizcha baho berishga harakat qilardik, ular darajasida yozishga intilardik. Shu bilan birga, yozganlarimizning o’ziga xos bo’lishini istardik. Ko’p o’qirdik — har oyda dunyo miqyosida nom qozongan biror bir shoirning kitobini o’zimiz uchun kashf etardik. Bularning hammasi bizdan so’zga mas’uliyat bilan yondashishni talab qilardi. Bundan tashqari, Mirtemirday buyuk ustozning seminar mashg’ulotlaridagi mushoiralar ijodga munosabatimizni charxlab turgan. Darvoqe, eng asosiysi, ustozlar biz — yoshlar ijodiga alohida mehr bilan qarardilar, yozgan-chizganlarimizni o’qib fikr bildirishga erinmasdilar. Ayniqsa, o’tkir nigohli atoqli adabiyotshunos olim Ozod Sharafiddinovning
she’rlarimga ijobiy fikrlar bilan matbuotda maqolalar ham e’lon qilganini xurmat bilan eslayman. U insonning saboqlari menga umrim oxirigacha yo’lchi yulduz bo’lib turadi. Ularga sodiq qolishni niyat qilganman. Ijodim haqida yaxshi fikrlar bo’lgan, hozirgacha 25 ta kitobim chop etildi. Lekin shoir ijodiga qanday baho berish muxlislarning ishi.
O’tgan yillarda respublika markaziy matbuotida — «Yoshlik» jurnalida, «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» va boshqa gazetalarda she’riy turkumlarim, doston va maqolalarim muntazam e’lon qilinib turgan. Keyingi yillarda «Arba’in — 1», «Qalbdagi shamlar», «Bayram — bolalarniki», «Ellikqal’a daftari», «Baliqchiliklar», «Tohir Malik saboqlari», «Abdulla Oripov saboqlari» , «Ozoringni sog’indim», «Ozod Sharafiddinov saboqlari», «Muhammad Yusuf saboqlari» (2012), «Mehringga zorman» (Saylanma), «Omonulla Madaev saboqlari» kitoblarim nashr etildi. Muhimi bu emas, g’alvir suvdan ko’tarilganda oh tortishdan O’zi asrasin:
Gulzor o’rtasida misli xoru xas
Nazardan qoldi u, lekin tan olmas:
Cho’kib borayotib suv o’rtasida
«G’alvir — nobop!.. — deya qichqirar nokas.
Ijodkorning qanday inson bo’lishi esa, avvalo, uning Xudo bergan talant va iqtidoriga, iymon — e’tiqodiga bog’liq. Ochig’i, hayotda tili boshqayu dili boshqa ijodkorlarga men ham duch kelganman, lekin ularga o’xshamaslikka harakat qilganman. Xalqimizda shunday maqol bor: «Har kim qilsa o’ziga».
Shoir oilasi va do’stlaridan nimani kutib yashaydi? Shoir ham hamma qatori ishga boradi, oylik-maosh oladi, ro’zg’or tebratadi. Oilasidan ham, hamma qatori, sadoqat kutadi. Sadoqatga ozgina fidoyilik ham qo’shilsa, ijodkor uchun bu juda katta imkoniyat, deganidir. Chunki juda ko’p asarlarini u ishdan keyin, ikkinchi va uchinchi «smena»da yozadi. Va yozganlariga hadeganda qalam haqi unavermaydi.
Ancha yillardan buyon O’zbekiston Milliy kutubxonasi nashriyotida faoliyat yuritayapman. Yurtboshimiz tashabbusi bilan betakror bir tarzda qurilgan Alisher Navoiy nomidagi Milliy kutubxonamiz ayni kunda yoshlarning chinakam ziyo maskaniga, qadrdon go’shasiga aylandi. Agar ikkita umrim bo’lganida, bittasini kutubxonachilikka bag’ishlardim. Yoshligimda (ba’zan hali ham), kitob do’konlarida soatlab qolib ketardim. Yoshim oltmishni qoralab qolganida shu tabarruk maskanda xizmat qilish nasib etdi. Nazarimda, bu ziyo maskanida kitob mualliflarining ruhlari kezib yurganday… Binobarin, bu yerda insonlarning kitobga munosabatini ko’rib turaman. Yozadigan odam uchun esa, bu narsa kerak. Qolaversa, hozir ko’plar kitobning o’rniga pulni o’qishyapti, qo’l telefonlarini, internetni
o’qishyapti. Kutubxonamizda yoshlarning kitobga, adabiyotga jiddiy munosabatini ko’rib juda quvonaman. Lekin o’zlariga bo’lgan talablari qattiq emasligi meni bir oz xavotirga soladi. Shu o’rinda turkman shoiri Omondurdi og’a (Annadurdiev) ning bir latifasi esimga tushdi:
«Keksa shoir — Ota Ko’pakdan so’rabdilar:
— Ota Ko’pak, ayting-chi, siz qanaqa shoirsiz? Zo’rmisiz yo o’tkinchimisiz? Asarlaringiz taqdiriga qanday qaraysiz? Ular yashab qoladimi?
— Bilmadim, — debdi Ota Ko’pak. — Lekin qachon qaramay, atrofimni yoshlar o’rab olishadi. Bunda bir ma’no bo’lsa kerak…»
Suhbatni Javlon Jovliyev yozib oldi
Shukur Qurbon
SHE’RLAR
NAVOIYNI ANGLASH
Tarix, degani bu — jang-jadal emas,
So’zdir u , so’zlarda aks etgan ma’no.
Balki turkiyni ham birov til demas,
Navoiy nazmidan tuymasa navo.
Uyg’oq shuur bilan xayolga tolsak,
Navoiy va iymon — egiz tushuncha.
Shoirga biz qancha yaqin borolsak,
Xudoga yaqinlab borurmiz shuncha.
El g’amin o’ylagan bari bir o’lmas,
Uni kutar doim taqdir alomat.
Bu teran nolalar hech qachon so’lmas,
Ko’ngilni avaylab-asrar salomat.
«Ey, Navoiy», deya chorlar o’zini
Muhabbat yo’liga, mehr yo’liga.
«Ey, Navoiy» — jahon ochar ko’zini,
Tilla tushgan kabi gadoy qo’liga.
«Ey, Navoiy» — quyosh tushar samodan,
Ketar poy-piyoda ufqlar oralab.
Yurak entikadi toza havodan,
Metin dardlarini tilka-poralab.
Avlod-avlodlarga hamisha yor u,
Turli xalqlar aro raso qaddimiz.
«So’zimni eshit», — deb bizlarga zor u,
«Biz ham zor», — deyishga bormi haddimiz?
AVVALGI DO’STLARIM
Avvalgi do’stlarim, meni eslabsiz,
Meni sog’inibsiz, meni izlabsiz.
Debdilar: u boshqa holatda bu kun,
Bunday davralarga chorlamoq nafsiz.
To’g’ri, eslanmagan do’st, bu — do’st emas,
Siz-da xayolimga hamisha payvast.
Telvagezak o’tgan ajib u yillar
Mening ham qismatim yo’liga payvast.
Hayoti dunyoda turfadir saboq,
Tanlash gali keldi, kutdirmay uzoq.
Sizga u dunyoning saodatidan
Bu dunyo rohati tuyuldi xo’broq.
Ketdingiz biringiz quvib amal, sha’n,
Biringizni mol-mulk chalg’itdi yo’ldan.
Oqibat qabrning ostonasida
Tushay, deb turibdi hassamiz qo’ldan.
MAHALLIYCHILIK
Dushman kerak bo’lsa, dunyoda qancha,
Do’stlaring — omonat,
hamkorlar — qallob.
Ko’ngilni orzular shiddati yanchar,
Yurak — mehrtalab, muhabbattalab.
Har joy, har ko’yingga jonimni qoqay,
Xalqim, jaholatda tokay
qaqshaysan?!
Kalta o’ylab goho qiynaysan tokay,
Mahalliychilikni qachon tashlaysan?
Hasrat, hayajonlar bo’g’izga yetdi,
Ko’zing och, sen ham bir atrofga qara.
Olamda o’t va suv birlashib ketdi,
Layli-Majnun bo’ldi oq bilan qora.
Pastlar balandlarni ko’tardi boshga,
Qaynoqlar ko’ksiga bosdi sovuqni.
Nega sen hamisha qoqilding toshga?
Nega o’z ko’ksingga otding shu o’qni?
Nomi bir o’zbeksan, o’zingga beksan,
Yaxlit bir parchasan turkiy jahondan.
Yurakda dard bilan sen qaddi tiksan,
Chegara chizig’i o’tmagan qondan.
BAHOUDDIN NAQSHBAND
(Hikmatlar asosida)
Dardimiz munavvar niyatni berdi,
Nafsimiz junbushi uyatni berdi.
Xorlikni tanladik bu ulug’ yo’lda,
Allohim abadiy izzatni berdi.
Sengacha kimlarni ko’rmagan bu yo’l,
Qoqilgan, yiqilgan kimsa bunda mo’l.
Shamga o’xshab elga ravshanlik baxsh et,
O’zing-chi, panada, qorong’uda bo’l.
Payg’ambar duosi barakotidan
Bu ummatda sirtdan hayvon bo’lish yo’q.
Nokaslar kasridan, qusurotidan
Siyrati maxluqni ko’rmay o’lish yo’q.
Dilni anglamaslar kuydirdi g’oyat,
Umidim o’lmadi, orziqib to’zdim.
Valiydek biror do’st kelsa deb shoyad,
Yuzlab dushmanlarga dasturxon yozdim.
Xalq o’zi sababchi ortda qolsa gar,
Kiftida o’zlari orttirgan g’amlar.
Holbuki, xato yo’q Alloh ishida,
Nuqson yo’q ilohiy fayz kelishida.
MUHAMMAD YUSUFGA
Qara, ko’zlarimda ko’rinmaydi nam,
Garchand ko’ngil to’la oh ila faryod.
Shoirlarning erta ketishiga ham
Nahot, ko’niktirdi bizlarni hayot.
Shu so’zlarni mendan kutganmiding, ayt,
Ey yuksak g’azalga yarashiqli bayt?
Bir shoir olamga kelishi uchun,
Kim bilar necha bor to’lg’onar zamin?
Shoirlar bemahal o’tsa olamdan,
Ayt, kimlar to’ldirar uning bir kamin?
Sening o’rningni-chi, kim bosadi, ayt,
Ey yuksak g’azalga yarashiqli bayt?
Vodiy shevasiga payvasta garchand,
Andijon lafzining o’z ohangi bor.
Boburiy kalomning oddiyligidan
Teranlik barq urar asrlar bedor.
Sen ham shu hikmat, deb yonganmiding, ayt,
Ey yuksak g’azalga yarashiqli bayt?
Taqvodor hamkenting Dukchi Eshonning
Ruhi qo’llagandir seni ehtimol.
Nazmiy bir ishora ila el-yurtni
Oydin orzularga boshlading alhol.
Boshlab qo’yib, o’zing qayga ketding, ayt,
Ey yuksak g’azalga yarashiqli bayt?
Bo’z bolasi bo’lib o’zbaki so’zning,
Biqiq davralardan ketdingmi badar?
Kitob o’qimasdan qo’ygan ulusning
Qalbini qo’shiq-la etmoq munavvar —
Maqsading edimi she’r yozishdan, ayt,
Ey yuksak g’azalga yarashiqli bayt?
Lekin xonandalar… ba’zilari past,
She’ring undirguncha yaltoqlandi-ku!
Tanilib dedilar «Buyurtmamiz-la
She’r yozib bo’ldi bu «Muhammad Yusuf»
Bilganmiding buni, kulganmiding, ayt,
Ey yuksak g’azalga yarashiqli bayt?
Ular ham o’tishar, g’iybat gap-so’z ham,
Lekin qo’shiqlaring yangraydi abad.
Mustaqillik davri taronalari
Sening kuylaringsiz kemtikdir, albat.
Boqiy bu toleni o’ylabmiding, ayt,
Ey yuksak g’azalga yarashiqli bayt?
SOXTA DO’ST
Meni balki yana kerak qilarsiz,
Boshlang, men tayyorman, boraylik qayon?
Kimlarga aytishim lozim qanday so’z?
Qo’shay qaysi so’zga qanday hayajon?
Bu olamda mening ko’rgan-bilganim —
Balki yuragimga ortiqcha bir yuk.
Bu yukdan ezilib og’riydi jonim,
Tamasiz, begidir biror do’stim yo’q.
Hurmatingiz men-la ortsin, o’zgalar
Nazarida mudom yuksaling, o’sing.
Kimligingni bilmoq bo’lsalar agar
Donolar qiziqar, kim, deya do’sting.
Xasga yopishganday cho’kayotgan zot,
Ra’yingizga qarab yashayman bu choq.
Dushmanlar kuladi holimga, hayhot,
Yig’layman men do’stlik holiga uzoq.
O’N SAKKIZDAN O’TGAN QIZ
O’n sakkizdan o’tgan qiz,
Dil ovchisin kutgan qiz.
Birovlarga bildirmay,
Dardin ichga yutgan qiz.
Otangning bardoshisan,
Onangning ko’z yoshisan.
Dugonalar ichra toq,
Tuyg’ular taloshisan.
Chiroyingni erta-kech
Oy bilan kun talashgan.
Qizlar bor — o’n sakkizdan
O’tib bo’lib adashgan.
Gadomassan — tilangan,
Navomassan — kuylangan.
Kelmas seni sevganlar,
Sevganlaring — uylangan.
O’n sakkizdan o’tgan qiz,
Dardin ichga yutgan qiz.
KELAVER
Toqatim toq bo’ldi,
Chog’ bo’lmadi dil.
Noming yod ayladim,
Kuydim muttasil.
Kuysam-da, kuysam-da,
Suydim muttasil.
Boray, deb yozibsan, yurak yutib, oh,
Harna javobimga muntazir, mushtoq.
Kelaver, deyman-da, boshqa ne deyman,
Kelaver, joningdan jonim aylansin.
O’zim ham chorlovdim,
Unsiz chorlovdim.
O’zgaga bilgisiz,
Mungsiz chorlovdim.
O’zimdan borsam-da,
Izlab bormovdim.
Mendan sadoqatu
Sendan marhamat,
Bir og’iz so’zingga
Mahtal necha qat,
Goh g’urur qo’ymasdan,
Goho yigitlik,
Hajring-la qasdlashib
Qildim men itlik.
KUZGI YOMG’IR
Ezib yoqqan kuzgi yomg’irdan,
Shalvirashib qoldi daraxtlar,
Tilla barglar yerga chaplandi,
Chiroq yog’dusida yaraqlab.
Kuzgi yomg’ir, bu kuzgi yomg’ir,
Dunyoyimga yoqqanday bo’ldi.
Kuzgi yomg’ir — sevgining so’nggi,
Vidolari bo’lib tuyuldi.
Sirqiratib o’tdi badanni,
Esgan uzuq-yuluq izg’irin.
Yor ketgan yo’l boshida qotdim,
O’z-o’zimdan qattiq yozg’irib.
Kuzgi yomg’ir, ay, kuzgi yomg’ir,
To’lib ketgan edingmi shuncha?!
Ko’nglingni bir bo’shatish uchun
Meni abgor etdingmi shuncha?
KUZATIB QOLMASA…
Kuzatib qolmasa uyda bir kiming,
Yo’ling ko’paymaydi, yursang ham qancha.
Egningga changakday chip yopishgancha,
Vujuding g’ijimlab borar kiyiming.
Vujud ozor cheksa, ko’ngilda sitam,
Har kimga so’nik ruh bilan qaraysan.
Har kimdan garchi hol-ahvol so’raysan,
Sen o’z hol-ahvoling so’raysan shu dam.
Turli davralarga bosh suqasan jim,
Dalda axtarasan hayotni kezib.
Olamda goh o’zni ortiqcha sezib,
Burchak-burchaklarda yosh to’kasan jim.
Kuzatib qolmasa uyda bir kiming,
Kutib olguvching ham bo’lmaydi, ayon.
Sudralib qaytasan uyingga tomon,
Vujuding g’ijimlab borar kiyiming.
XIYONAT
Sezar bir nimani, aytolmas faqat,
Ezar yelkasidan gunohlar yuki.
Bari bir fosh bo’lar ekan xiyonat,
Bari bir sadoqat yengarkan bir kun.
Do’l aralash yomg’ir yog’ar bu kecha,
Shamol quritadi tinka-madorni.
Yurak ust-ustiga pushaymon ichar,
Bosarmanmi, deya o’sha xumorni.
Lekin bari bekor, bari behuda,
Ketib boradi fayz oilasidan.
Xotirjam turmushni qo’msar u juda,
Bezgan halol-pok er dag’dag’asidan.
Go’lday yashayversa bo’lmasmi, deyar,
Ko’rday yashayversa bo’lmasmi, deyar.
Valadizinosi taqdirin o’ylab,
Kechikib u endi ich-etin yeyar.
KO’ZGU
Hammasi tugadi, boshlanmay turib,
Sen nola chekarsan, ko’zlaring yoshlab.
Men armon yutarman, tomog’im qurib…
Bizlar bir-birovni keturmiz tashlab.
Yillar uchib o’tar ko’tarib to’zon,
Xotirot ko’zgusi xira tortar jim.
Buyuk bir fojea ro’y berar shu on:
So’nib borar unda quyoshday ism.
Qolgan umr kechar g’amli, sinoqli,
Biroq umidvorman: sinmaydi ko’zgu.
Yodgor buyum kabi yashar ardoqli—
Yurak-yuraklarning ich-ichida u.
Va bir kun muhabbat yodga tushgan choq,
Qo’lga olib uni tinch, beixtiyor.
Hech kimga bildirmay, yig’laymiz uzoq,
Yuvib-tozalaymiz ko’z yosh-la bekor.
Xira tortgan hislar yashnarmi qaytib?
O’chib ketgan bo’lar ular ko’zgudan.
Ismlar quyoshday porlagan paytni,
Qancha axtarmaylik, topmaymiz undan.
YOLG’IZ AYOL
Mehrning ta’mini esdan chiqarib,
Dilgir o’ylar aro kezdingmi yillab?
Dunyoning ayollik baxtidan nari,
Ketdingmi g’oyibdan qanoat tilab?
Qaysi manzillarda kutdilar qandoq?
Kim seni nohaqdan-nohaq ranjitdi?
Daf etdimi senga tashlanib nogoh
Xushomad va hirsning ming bitta iti?
Hayot esa o’zga, hayoting o’zga,
Soylarga aytdingmi ko’rganing tushing?
Sabab qoldirmay, deb g’iybatu so’zga,
Rangpar sayladingmi turish-
turmushing?
Garchi yuragingda tirikdir umid,
Garchi qalb har nafas tug’adi havas,
Kirar tushlaringga o’sha ming bir it,
O’sha zanjirlarin uzib basma-bas.
ШУКУР ҚУРБОННИНГ САЙЛАНМАСИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ