Ҳалима Аҳмад афсун деганда ўзига ва бутунлай ўз-ўзига, ўз ички оламларига ғарқ бўлишни англайди. Ошиқ малакларни уйғотиш ва девона бўлиб куйлаш — ўз-ўзига ғарқ яшашлик билангина муяссар бўлади. Табиатда ҳамма нарсалар яратишнинг сурури — масарратида. Табиат чексиз, интиҳосиз фусун ва фусунсозлик ичида. Уни тўғри Ақл, Навоий айтмоқчи, ТААҚҚУЛ билан, тўғри Идрок ва тўғри Онг билан англаб бўлмайди. Шунинг учун шоира афсоналар ичидан бўлса ҳам, ўзига, шоирлик ИДРОКИга АФСУН ҳолатини чорлайди (Иброҳим Ғафуров мақоласидан иқтибос).
Ҳалима Аҳмад
ЯШИЛ
Баллада
Эй, қайғу билан бахтни
яраштирувчи,
Эй, Ажал кўзларини
қамаштиргувчи,
Ўзимни
ўзимда адаштиргувчи
Ноламга гул тиккан —
тонгни кўрдингми,
Кўрдингми иситмаси баланд шафақни…
Бу лаҳза кўнглимнинг ямоқларига
Ошиқ этгим келар ҳар бир япроқни.
Хаёл кенгликлари
яшил ва қўнғир,
Соғинч боғларида мудрайди кунлар
Қовжираган эрта ташналигида
Томирда ҳаллослаб чопади хунлар
Самонинг ортида
куйган бир юлдуз
Кулларин тўрт ёнга сочиб очар фол
Ёришмаган фолдай таниш бир овоз
Чорлайди:
Ҳалима, қайдасан, келгин, кела қол!
Мана шу овозга айланар
хокисор умрим,
Аммо кўнглим чироғини ўғирлар кимдир
Ва шодликсиз қолган қорачиқларим-
Ичида
Ненидир шивирлаб тинмайди ёмғир…
Ва қалбим гулзорига кирган
бегона эркак
Лоқайд эснаганча сўрайди мендан:
Никоҳ узугингнинг кўзидаги осмон қаерда?!.
Мен эса ўйлайман:
Қаерга кетди у осмон?..
Сўнг қалбим гулзоридан
бегона эркакни
Бегона ўт каби юлиб ташлайман…
Боқаман тўрт ёнда сенинг нигоҳинг,
Анжир гулларидай сирли, мафтункор,
Айтгин,
нима учун, не учун ахир
Минг йилки, жонимда эримайди қор?
Қачонлардир мен ҳам ям-яшил эдим
Дарёга талпинган жилғадай яшил.
Елкамга бош қўйиб ухларди қуёш,
Уйғонганда дерди:
салом, майса дил!..
Руҳимни эзғилаб ўтар қадамлар
Мен ҳамон сўқирдай соламан қулоқ.
Сезаман энг олис ёд соҳилида
Исмимни шамолга ўргатади боғ
Ва ҳаводан келар йиғининг ҳиди
Исмимни ғижимлаб келади фарёд
Музлаб қолган кўзим осмонин тўсиб
Киприкларим қушдай қоқади қанот:
Қани мен,
Қайдаман,
Йўқолдим қачон?
Нега берк уфқнинг дарвозалари
Қачондир навниҳол эмасмиди тонг
Бугун нега унинг кўзлари қари?!
Дугонам айтади:
«Тушкунлик бу ношукурликдан
Ҳаёт қандай гўзал ва дилрабо сир”
Чил-чил синдирганча кўнгилни дейман:
Маккор ҳаёт-одам ўргатувчидир…
Кулиб йиғламоқнинг баҳоси қанча
Йиғлаб кулмоқликнинг қиймати
надир?
Ўзни фош қилмоққа етмайди кучим
Нечун тупроқман-у, руҳим сандадур.
Эй, зулматни
нурга айлантирувчи,
Иймон кенглигида сургувчи хаёл
Сочиб ташланганман сенинг пойингда
Яшил кундан қолган гардман эҳтимол…
Эҳтимол,
сувнинг маъюс тиниқлигини
Тинглаётган ялпиздир наслим
Мусаффо нигоҳинг илдизларидан
сув ичиб
Қачондир кўкарган фаслим.
Эҳтимол,
қочиб чиққандирман
қайсидир маҳал
Мажнуннинг гулханга тўлган тушидан
Эҳтимол, Семурғни уйғотгандирман
Алданган майсанинг чучкиришида…
Ҳозир эса кўнглим
ялпиз шохига илиб,
Ғазаллар битаман,
ғазалим ўлик.
Чунки сўзлар беҳад семириб кетган.
Уларни дил қонидан айириб
Боқдик ёлғон шароби билан
Сўзларни ҳақиқат хиёбонида
сайр эттиришга чўчидик
Чунки ҳақиқатнинг ранги ям-яшил…
Ва яна кимдир айтган эди:
Аввал ва охирни
тўлдирар яшил
Мен эса ялпиз шохчасида
қуриган дилни
Ўлик ғазалларга қиламан эҳсон
Ва қор босган жоним ичида ногоҳ
Сабза ёди билан тирилар осмон…
Тирилган осмонни
бошимга кийиб
Борлиқни чумоли каби тинглайман:
Исмимни хиргойи
қилади шамол,
Авжи паст…
Дарахтнинг кўнгли тўкилган
Сарғайган китобдай титилади боғ.
Қуриётган дарёнинг
сўнгги
томчиси янглиғ
Яшил соғинч билан тирикман бу чоғ
Гоҳ ёлғон туюлар яшаётганим,
Кун ўтказиш учун алдайман Вақтни.
(Гарчи ёлғонларга йўқдир тоқатим)
Қўшни аёл эса
ҳар куни
рўзғор ўчоғига
Ўтиндай қалайди бир қучоқ бахтни.
Бир ширакайф куйлаб
ўтар кўчадан:
«Қайси қирғоқдасан, қайси қирғоқда?»
Қанчалар озод у, ўзидан озод…
Сезаман бир оғриқ жисму жонимда
Нилуфар ўсмоқда дилдаги доғдан.
Мен ишқ куйларини унутдим тамом,
Куйласам ҳижронга
тушар оҳангим.
Ёмғир,
қадамингни секинроқ босгин
Мен ҳозир ўзимдан
ажралиб кетаяпман, жим…
…Юзимга шапати урар шифокор:
«Бемор, ўзингизга қайтинг
(қўллари бирам меҳрибон)!
Шивирлайман ақлим ташқарисида:
Қайтгим келмаяпти, ахир, дўхтиржон.
Беҳушликнинг ширин изтиробида
Сўрайман: Ҳаққа қайси йўлдан бораман,
Ва қаерда менинг яшил кўйлагим
Гулдай очилдими ҳеч қурса бир бор
Кимнингдир кафтида ошиқ юрагим?
Кўзимни очаман,
яшил боқар тонг,
Дардларим улоқиб кетган қайгадир,
Деразадан ширин жилмайиб боқиб,
Ҳақнинг манзилини айтади ёмғир.
Ҳаёт томирида оқаман яна,
Ўзимга сиғмайди ўзимдаги дил
Жонимга нафасинг теккан чоғида
Раббим, нигоҳларинг нақадар яшил.
Раббим, нигоҳларинг нақадар яшил.
M: «Шарқ юлдузи» журналининг веб-саҳифасидан олинди
Halima Ahmad
YASHIL
Ballada
Ey, qayg’u bilan baxtni
yarashtiruvchi,
Ey, Ajal ko’zlarini
qamashtirguvchi,
O’zimni
o’zimda adashtirguvchi
Nolamga gul tikkan —
tongni ko’rdingmi,
Ko’rdingmi isitmasi baland shafaqni…
Bu lahza ko’nglimning yamoqlariga
Oshiq etgim kelar har bir yaproqni.
Xayol kengliklari
yashil va qo’ng’ir,
Sog’inch bog’larida mudraydi kunlar
Qovjiragan erta tashnaligida
Tomirda halloslab chopadi xunlar
Samoning ortida
kuygan bir yulduz
Kullarin to’rt yonga sochib ochar fol
Yorishmagan folday tanish bir ovoz
Chorlaydi:
Halima, qaydasan, kelgin, kela qol!
Mana shu ovozga aylanar
xokisor umrim,
Ammo ko’nglim chirog’ini o’g’irlar kimdir
Va shodliksiz qolgan qorachiqlarim-
Ichida
Nenidir shivirlab tinmaydi yomg’ir…
Va qalbim gulzoriga kirgan
begona erkak
Loqayd esnagancha so’raydi mendan:
Nikoh uzugingning ko’zidagi osmon qaerda?!.
Men esa o’ylayman:
Qaerga ketdi u osmon?..
So’ng qalbim gulzoridan
begona erkakni
Begona o’t kabi yulib tashlayman…
Boqaman to’rt yonda sening nigohing,
Anjir gullariday sirli, maftunkor,
Aytgin,
nima uchun, ne uchun axir
Ming yilki, jonimda erimaydi qor?
Qachonlardir men ham yam-yashil edim
Daryoga talpingan jilg’aday yashil.
Yelkamga bosh qo’yib uxlardi quyosh,
Uyg’onganda derdi:
salom, maysa dil!..
Ruhimni ezg’ilab o’tar qadamlar
Men hamon so’qirday solaman quloq.
Sezaman eng olis yod sohilida
Ismimni shamolga o’rgatadi bog’
Va havodan kelar yig’ining hidi
Ismimni g’ijimlab keladi faryod
Muzlab qolgan ko’zim osmonin to’sib
Kipriklarim qushday qoqadi qanot:
Qani men,
Qaydaman,
Yo’qoldim qachon?
Nega berk ufqning darvozalari
Qachondir navnihol emasmidi tong
Bugun nega uning ko’zlari qari?!
Dugonam aytadi:
«Tushkunlik bu noshukurlikdan
Hayot qanday go’zal va dilrabo sir”
Chil-chil sindirgancha ko’ngilni deyman:
Makkor hayot-odam o’rgatuvchidir…
Kulib yig’lamoqning bahosi qancha
Yig’lab kulmoqlikning qiymati
nadir?
O’zni fosh qilmoqqa yetmaydi kuchim
Nechun tuproqman-u, ruhim sandadur.
Ey, zulmatni
nurga aylantiruvchi,
Iymon kengligida surguvchi xayol
Sochib tashlanganman sening poyingda
Yashil kundan qolgan gardman ehtimol…
Ehtimol,
suvning ma’yus tiniqligini
Tinglayotgan yalpizdir naslim
Musaffo nigohing ildizlaridan
suv ichib
Qachondir ko’kargan faslim.
Ehtimol,
qochib chiqqandirman
qaysidir mahal
Majnunning gulxanga to’lgan tushidan
Ehtimol, Semurg’ni uyg’otgandirman
Aldangan maysaning chuchkirishida…
Hozir esa ko’nglim
yalpiz shoxiga ilib,
G’azallar bitaman,
g’azalim o’lik.
Chunki so’zlar behad semirib ketgan.
Ularni dil qonidan ayirib
Boqdik yolg’on sharobi bilan
So’zlarni haqiqat xiyobonida
sayr ettirishga cho’chidik
Chunki haqiqatning rangi yam-yashil…
Va yana kimdir aytgan edi:
Avval va oxirni
to’ldirar yashil
Men esa yalpiz shoxchasida
qurigan dilni
O’lik g’azallarga qilaman ehson
Va qor bosgan jonim ichida nogoh
Sabza yodi bilan tirilar osmon…
Tirilgan osmonni
boshimga kiyib
Borliqni chumoli kabi tinglayman:
Ismimni xirgoyi
qiladi shamol,
Avji past…
Daraxtning ko’ngli to’kilgan
Sarg’aygan kitobday titiladi bog’.
Quriyotgan daryoning
so’nggi
tomchisi yanglig’
Yashil sog’inch bilan tirikman bu chog’
Goh yolg’on tuyular yashayotganim,
Kun o’tkazish uchun aldayman Vaqtni.
(Garchi yolg’onlarga yo’qdir toqatim)
Qo’shni ayol esa
har kuni
ro’zg’or o’chog’iga
O’tinday qalaydi bir quchoq baxtni.
Bir shirakayf kuylab
o’tar ko’chadan:
«Qaysi qirg’oqdasan, qaysi qirg’oqda?»
Qanchalar ozod u, o’zidan ozod…
Sezaman bir og’riq jismu jonimda
Nilufar o’smoqda dildagi dog’dan.
Men ishq kuylarini unutdim tamom,
Kuylasam hijronga
tushar ohangim.
Yomg’ir,
qadamingni sekinroq bosgin
Men hozir o’zimdan
ajralib ketayapman, jim…
…Yuzimga shapati urar shifokor:
«Bemor, o’zingizga qayting
(qo’llari biram mehribon)!
Shivirlayman aqlim tashqarisida:
Qaytgim kelmayapti, axir, do’xtirjon.
Behushlikning shirin iztirobida
So’rayman: Haqqa qaysi yo’ldan boraman,
Va qaerda mening yashil ko’ylagim
Gulday ochildimi hech qursa bir bor
Kimningdir kaftida oshiq yuragim?
Ko’zimni ochaman,
yashil boqar tong,
Dardlarim uloqib ketgan qaygadir,
Derazadan shirin jilmayib boqib,
Haqning manzilini aytadi yomg’ir.
Hayot tomirida oqaman yana,
O’zimga sig’maydi o’zimdagi dil
Jonimga nafasing tekkan chog’ida
Rabbim, nigohlaring naqadar yashil.
Rabbim, nigohlaring naqadar yashil.
M: «Sharq yulduzi» jurnalining veb-sahifasidan olindi