Stefan Sveyg. Novella va hikoyalar

021

28 ноябрь — мен бениҳоя севган адиб Стефан Цвейг (Stefan Zweig) таваллуд топган кун

Видолашув мактубида Цвейгнинг ўзи шундай деганди: “Олтмиш ёшдан кейин ҳаётингни янгитдан бошлаш учун катта куч талаб қилинаркан. Менинг куч- қувватим эса узоқ йиллар давомида ватанимдан олисларда, сарсон-саргардонликда тугаб битди. Ўйлайманки, яхшиси, бошни баланд кўтариб, олий қадрияти озодлик бўлмиш тириклик китобига ҳозирнинг ўзида аёвсиз сўнгги нуқта қўйганим афзалдир. Мен барча ёр-биродарларимни олқишлаб қоламан. Узоқ давом этган қаро тундан кейин уфқни ана ўшалар кўришсин! Мен эса ғоят бесабрман ва улардан аввалроқ кетаман.”

09

044

Буюк адиб Стефан Цвейг (Stefan Zweig) 1881 йилнинг 28 ноярида Вена шаҳридаги бадавлат хонадонда, тўқимачи корхона эгаси Мориц Цвейг оиласида дунёга келди.1900 йилда гимназияни тамомлаб,Вена университетининг фалсафа факультетига таҳсил ола бошлади.Талабалик чоғидаёқ “Кумуш торлар” деб номланган илк шеърий китобчасини нашр эттирди ва уни почта орқали таниқли шоир Райнер Мария Рилькега юборди.Мана шу илк китобчадан бошлаб Стефвн Цвейг билан Райнер Мария Рильке ўртасида жуда узоқ давом этган дўстлик ришталари боғланди.

Университетни тамомлаган Стефан Цвейг дунё бўйлаб саёҳатга отланди.Дастлаб Европа шаҳарларини,кейинчалик Осиё ва Америка қитъасидаги кўплаб шаҳарларни томоша қилди.Биринчи жаҳон уруши охирлаб қолган 1917 йилдан бошлаб у Швейцарияда истиқомат қилади.Айни шу пайтлари у буюк француз адиби Ромен Роллан билан дўстлашади.

1922 йилдан бошлаб Стефан Цвейг номини машҳур қилган китоблар бирин кетин нашр этилди.Айниқса, адибнинг биографик йўналишда ёзилган “Эразм Роттердамуснинг шукуҳи ва фожиаси” (1934),”Мария Стюарт” (1935) асарлари янгиланаётган Европа адабиётида катта ўзгариш ясади.

Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши Стефан Цвейгни Европадан Америка қитъасига бош олиб кетишга мажбур қилди.Фашизмнинг ашаддий душмани бўлган адиб нацистларнинг Европа бўйлаб ғолибона юришларига тоқат қилолмади ва руҳий тушкунлик натижасида 1942 йилнинг 22 февралида ўз жонига қасд қилиб,ҳаётдан кўз юмди. Стефан Цвейгнинг фожиали ўлими ҳақида Эрих Мария Ремарк ўзининг “Жаннатдаги соялар” романида шундай сатрларни битган эди: “Агар олис Бразилияда ўз жонларига қасд қилган Стефан цвейг ва унинг хотини қша фожиали оқшом бирор бир кишига ўз ҳис туйғуларини тўкиб солиш имконига бўлганларида эди,бу даҳшатли ўлим юз бермаган бўларди.Афсуски Цвейг бегона юртда ва бегона одамлар орасида яшаётган эди”.

03
АДИБНИНГ СЎНГГИ НУҚТАСИ

С.САИДМУРОДОВ
09

012Кунлардан бир куни ҳаётда рўшнолик кўрмаган бахтиқаро бир йигит ўз жонига қасд қилишга қарор қилди, тўғрироғи, ўзини отмоқчи бўлди. Йигит бахтсиз бўлиш билан бирга жуда уятчан ҳам эди. Шу боис бирон зотнинг эътиборини тортмаслик ва безовта қилмаслик учун ўзини ўлдириш мақсадида қабристонни танлади. Худкушликни қоқ ярим тунда, ой тўлган кечада амалга оширишни дилига тугиб қўйди. Шундай қилиб, ойдин кечада қабристонга кириб, қаттол қисмати ила сўнгги ҳисоб-китобини тугатиш учун қулайроқ ўриндиқ излай бошлади. Қабрлар орасида тентираркан, бирдан бақириб юбораёзди: ой нури остида қаршисида қора либосда, қанотли бир қиз турарди! Яхшироқ тикилиб қарагандан кейингина йигит енгил нафас олди: бу оддийгина ҳайкал экан. Ғарбда бевақт хазон бўлган болалар ва қизалоқларнинг қабрлари устига шундай фаришта ҳайкали ўрнатиш удуми бор. Лекин айни дамда йигитнинг эътиборини бошқа бир нарса ўзига тортди. Ҳайкал остига марҳума қизчанинг исм-шарифию таваллуд ва вафот этган саналаридан ташқари лотин тилида қуйидаги мазмундаги ёзув ҳам битилган эди: “Ҳой, узоқ йўл юриб ҳориган йўловчи! Шу ерда бир зумга тин ол. Сени олдинда яна олис йўл кутмоқда. Йўлингда давом эт ва токи билагингда куч, оёғингда мадор бор экан, токи вужудингда муштдеккина юрагинг уриб турган экан, бахт нашидасидан баҳраманд бўл…”

Ушбу сўзлар ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган йигитга шунчалик қаттиқ таъсир этдики, у ортига бироз тисарилди-да, қўлидаги тўппончани узоқ-узоқларга улоқтирди. Сўнг ортига ўгирилиб, истиқболи томон югуриб кетди.

Мана шу тарзда бўлғусида сўзнинг қудрати ила ўткир қалам соҳиби бўлиб етишган австриялик ёзувчи – Стефан Цвейг бир ўлимдан қолади…

Буюк адиб, мунаққид, кўплаб ғаройиб новеллалар муаллифи Стефан Цвейг 1881 йилнинг 28 ноябрида Вена шаҳридаги бадавлат хонадонда, тўқимачи корхона эгаси Мориц Цвейг оиласида дунёга келди. Ёзувчининг болалиги ва ўсмирлиги ҳақида кўп нарса маълум эмас. Цвейгнинг ўзи болалигини, барча зодагон оилаларда бўлганидек, зерикарли ва оддий ўтганини таъкидлаган. 1900 йили гимназияни тамомлаб, Вена университетининг фалсафа факультетида таҳсилни давом эттиради. Адабиёт бобида Цвейгнинг илк машқлариданоқ “кетмони уча бошлайди”. Ота- онасига ортиқча юк бўлишни истамаган бўлажак адиб талабалик чоғидаёқ чўнтагидаги бор чақаларини қоқиштириб, ўз ҳисобидан “Кумуш торлар” деб номланган илк шеърий китобчасини нашр эттиради ва уни почта орқали таниқли шоир Райнер Мария Рилькега юборади. Мана шу илк китобчадан бошлаб Стефан Цвейг билан Мария Рильке ўртасида жуда узоқ давом этган дўстлик ришталари боғланди.

Университетни тамомлаган Стефан Цвейг дунё бўйлаб саёҳатга отланади. Дастлаб Европадаги (Лондон, Париж), кейинчалик Осиё ва Америка қитъасидаги кўплаб шаҳарларни томоша қилади. Биринчи жаҳон уруши охирлаб қолган 1917 йилдан бошлаб у Швейцарияда истиқомат қилади. Айни шу кезлар буюк француз адиби Ромен Роллан билан дўстлашади, ҳатто Ролланни “Оврупо виждони” дея алқаб, унга бағишланган самимий очеркини эълон қилади.

1922 йилдан бошлаб Стефан Цвейг номини машҳур қилган китоблар бирин-кетин дунё юзини кўради. Адибнинг тарихий- биографик йўналишда ёзилган “Эразм Роттердамуснинг шукуҳи ва фожиаси”, “Мария Стюарт”, “Башариятнинг юлдузли онлари” асарлари ҳамда, айниқса, бир-биридан ажойиб-ғаройиб новеллалари янгилаётган Европа адабиётида катта ўзгариш ясади. Цвейг қисқа жанр усталарининг асарларидан ажралиб турувчи ўзининг новелла андозасини яратганди. Унинг новеллалари драматизмга бойлиги, ноодатий
сюжетлари билан ўқувчини лол қолдириб, инсон тақдири нақадар шафқатсиз эканлиги устида бош қотиришга ундайди. Улардаги воқеалар баъзида қувноқ, баъзида хатарли саёҳат-сафарларда рўй беради, барчаси саноқли дақиқаларда, инсон ўз манфаатларидан воз кечиб, ўзини қурбон қила олишга қодирлиги элакдан ўтказиладиган дамларда рўй беради. Ҳар бир ҳикоянинг мағзини эса асар қаҳрамонининг кучли ҳаяжон ёхуд жазава ҳолатида ирод этадиган монолог ташкил этади (“Нотаниш аёл мактуби”, “Амок”, “Мураббия”, “Юракни ўртовчи сир”, “Лепорелла”,“Янги касб билан туйқус танишув”, “Куйган кўнгил фарёди” каби новеллалари шулар жумласидандир). Ўз новеллаларида Цвейг инсон юраги ҳимоясиз, меҳрга ташналигини, ҳар қандай жасорат, қаҳрамонлик, гоҳида жиноят ҳам инсонда кучли ҳис- туйғулар тошқинини келтириб чиқаришини таъкидлашдан чарчамасди. Унинг биргина “Нотаниш аёл мактуби” новелласини ўқиган Максим Горький Цвейгни аёл кишининг ички кечинмалари, руҳияти билағони, дея эътироф этиб, ушбу новеллани аёлга бағишланган энг яхши асар эканлигини алоҳида таъкидлайди..

30-йилларда Цвейг икки ўт орасида қолади. Фашизмнинг тобора чуқурроқ томир отаётганини биринчилардан бўлиб сезган Стефан 1934 йили Австриядан бош олиб чиқиб кетади. Расмий равишда янги асари – “Мария Стюарт” қаҳрамонининг тарихий ўтмишини Британия архивларидан титиб кўришни рўкач қилган бўлса-да, қалбининг тубида эндиликда ватанига қайтиб келолмаслигини ҳис этарди. Шундан сўнг ҳақиқий дарбадарлик бошланади.
Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши Стефан Цвейгни Америка қитъасига “ҳайдади”. У биринчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги сўнгги уруш бўлиб қолади, деган хомхаёлга борганди.

0061942 йилнинг 23 февралида бутун дунё газеталарининг биринчи саҳифаларидаёқ қуйидаги шов-шувли хабар пайдо бўлади: “Таниқли австриялик ёзувчи Стефан Цвейг ва унинг рафиқаси Шарлотта Рио-де-Жанейро шаҳарчаларидан бири Петрополисдаги кулбаларда ўз жонларига қасд қилишди”. Юзлаб, минглаб одамларни юҳодек ўз домига тортаётган уруш даврида бу хабар узоқ вақт шов-шув бўлиб қололмасди. Кимдир бунга замондошларини худбинларча менсимаслик, деб қараса, кимдир буни ҳайратла қабул қилди.

Худкушлик қилишга Цвейгда ҳеч қандай арзирли сабаб йўқ эди. Уни на ижодий инқироз, на молиявий қийинчилик, на бирон касаллик, на шахсий ҳаётда учрайдиган қўйди-чиқдилар безовта қиларди. Тўғри, 30-йиллар- нинг ўрталарига келиб Германияда унинг китобларини ўқиш ва сотиш тақиқланганди. Шундай эса-да, Америка ноширлари адибни қучоқ очиб кутиб олишганди. Ўлимидан бир кун олдин ўзининг сўнгги асарлари – “Шахмат новелласи” ҳамда “Кечаги дунё”ни ўша ноширлардан бирига жўнатади. Кейинроқ ёзув-чининг столидан тугалланмаган бир неча қўлёзмалар ҳам топилади: Бальзак ҳақида тарихий биография, Монтенга бағишланган очерк ва ҳали сарлавҳаси қўйилмаган роман.

Шахсий ҳаётда ҳам унинг омади келганди. Йигирма йил биргаликда турмуш кечирган рафиқаси Фридерика Мария фон Винтерниц билан ажрашса-да (улар кейинчалик бир-бирларига тез-тез хат ёзиб туришади), ўлимидан уч йил олдин ўзидан йигирма етти ёш кичик Шарлотта Альтманга уйланади. Шарлотта турмуш ўртоғига умрининг сўнгги нафасигача садоқатли бўлиб қолади.

Худкушликнинг важ-карсони этиб ёзувчининг бегона юртлардаги ёлғизлигини, ватанга бўлган соғинчини, қаттиқ чарчоқ ва нацистларнинг Европа бўйлаб ғолибона юришларига тоқат қилолмаслик натижасида келиб чиққан оғир руҳий тушкунликни ҳам кўрсатишади. Адибнинг фожиали ўлими ҳақида Эрих Мария Ремарк ўзининг “Жаннатдаги соялар” романида шундай сатрларни битган эди: “Агар олис Бразилияда ўз жонларига қасд қилган Стефан Цвейг ва унинг суюкли хотини ўша фожиали оқшом ҳеч қурса телефон орқали
ўз ҳис-туйғуларини бирон зотга тўкиб солиш имконига эга бўлганларида эди, бу даҳшатли ўлим юз бермаган бўлармиди. Афсуски, Цвейг мусофирчиликда, бегона одамлар орасида эди”.

Балки, ўша ёшлигида амалга оширмоқчи бўлган қилмишига фаришталар “омин” дейишгандир; балки, новеллаларининг аксар қаҳрамонларини ўз жонларига қасд қилдириш орқали ўзини ҳам худкушликка тайёрлаб боргандир. Яна ким билади дейсиз?!

Видолашув мактубида Цвейгнинг ўзи шундай деганди: “Олтмиш ёшдан кейин ҳаётингни янгитдан бошлаш учун катта куч талаб қилинаркан. Менинг куч- қувватим эса узоқ йиллар давомида ватанимдан олисларда, сарсон-саргардонликда тугаб битди.
Ўйлайманки, яхшиси, бошни баланд кўтариб, олий қадрияти озодлик бўлмиш тириклик китобига ҳозирнинг ўзида аёвсиз сўнгги нуқта қўйганим афзалдир. Мен барча ёр-биродарларимни олқишлаб қоламан. Узоқ давом этган қаро тундан кейин уфқни ана ўшалар кўришсин! Мен эса ғоят бесабрман ва улардан аввалроқ кетаман.”

099

Стефан Цвейгнинг «Аёл ҳаётидан 24 соат» асарини мутолаа қилинг, принтердан чиқаринг ёки юклаб олинг
022

90

(Tashriflar: umumiy 3 910, bugungi 6)

7 izoh

  1. men uNing endigina noMalum
    ayo’l maktubi Novelasini
    oqib tasirlanib ketdim ohiri fojeali tugashini kutmagan edim eh afsus hayoti ham asarlari singari fojeali ekan!

  2. «Номаълум аёл мактуби»ни Толстойнинг «Маъсума»си каби бир ўтиришда ўқиганман. Даҳшат! Шунча ғамни, алам ва дардни кўтариб юрган Цвейг янаям 60 йилдан ошиқроқ яшабди. Қойил.
    Аёл ҳақида ёзилган энг яхши асар сирасига киритмасамда, уни олқишлайман.

  3. Men Stefan Sveyg asarlarida ayol obrazining yoritilishi bo’yicha dissertatsiya yozyapman. Adibning ijodida ayol butun qalb-qo’ri, his-tuyg’ulari bilan juda aniq va yorqin ifodalab berilgan. Barcha asarlari o’ziga xos!

  4. Adibning Egizak qizlar rivoyati ni har bir hotin qizlarimizga o‘qib chiqishini maslahat bergan bo‘lar edim…

  5. notanish ayol maktubi naqadar mahorat bilan yozilgan. odamni shu darajada sehirlaydiki,shu kichik hikoyada olam olam tasurot. butin bir raman deyish mumkin. ayol shu darajada sabrli va qalbi daryo. muxabbatini kuz qorachiqday asradi. va yigit qalbini ham bir umrga asr etdi. xuddi bizni sehrlagan kabi.

Izoh qoldiring