Imdat Avshar. Oq bulut

091

    Илиқ бир яйлов шабадаси ялаб ўтарди болаларнинг юзини. Шул оқ товуш ҳамиша айни гузаргоҳдан ўтарди. У ўтадиган йўлнинг икки четига болалардан баъзилари пойабзалининг ипини маҳкамлар, айримлари эса шо¬ша-пиша золдирларининг чўнтакларига тиқиштиришарди. Ўйинда ютиб чиққан болалар кечирилар, қўлга тушганлар ҳайдаб юбориларди. Барча ўйинлар ёмғир охирига қолдириларди. У келганда оқ ёмғирга учарди болалар, шакар буржига кирарди қуёш.

09
Имдат Авшар
ОҚ БУЛУТ
Туркчадан Файзи Шоҳисмоил таржимаси
034

Чошгоҳ пайти келарди. Бир илиқ ел каби эсар, раҳмат булути сингари ўтарди маҳалладан. У келганда оппоқ бир товуш янграрди кўчалар бўйлаб, болаларни ҳайқириқ билан орқасидан эргаштирган бир товуш:
— Ўзи юради!
— Ўзи юради!

Бу товуш эшитилганда, товушга ошна болалар узоқ югуришга тайёрланишарди. Илиқ бир яйлов шабадаси ялаб ўтарди болаларнинг юзини. Шул оқ товуш ҳамиша айни гузаргоҳдан ўтарди. У ўтадиган йўлнинг икки четига болалардан баъзилари пойабзалининг ипини маҳкамлар, айримлари эса шо¬ша-пиша золдирларининг чўнтакларига тиқиштиришарди. Ўйинда ютиб чиққан болалар кечирилар, қўлга тушганлар ҳайдаб юбориларди. Барча ўйинлар ёмғир охирига қолдириларди. У келганда оқ ёмғирга учарди болалар, шакар буржига кирарди қуёш. Ақида мавсуми, ҳайит дамлари ҳақиқий шакар байрамига айланарди. Суюнчи хабарлар уйларнинг деразаларига, осмонларга кўтариларди шовқин-суронлардан қўрққан қушлар. Оқ булутнинг келганини дараклаб бир-бирини қутлаган болаларнинг хушчақчақ овозлари юксаларди чанг кўчаларда:
— Ҳожи бобо келаяпти!
— Ҳожи бобо келаяпти!

Ҳар ҳафта дўл сингари ёғиб ўтарди Ҳожи бобо. Каттакон, оқ қанотли бир қуш мисоли учиб келарди, болалар унга қараб ҳай¬қирганча югуриб кетишарди. Ҳожи бобо ва болалар бир-бирларига яқинлашган сари севинч ҳайқириқлари ҳам кучаярди:
— Ҳожи бобо келаяпти!
— Ўзи юриб келаяпти!

Ҳожи бобо маҳаллага киргач, велосипедининг рулини қўйиб юборар, икки қўлини икки томонга кўтарарди. Шамолда ҳилпираётган пешбанди этаклари ҳаволанар, оқ кабутар сингари қанот қоқар, учиб бораётгандай кўринарди. Юзидан аримайдиган ўша табассум билан болаларга қанд сочар, бақирганича йўлида давом этарди.
— Ўзи юраяпти!

Болалар ўзи юрадиган ўша оқ ва баракали овоз орқасидан эргашганларида, маҳаллада бир қаҳқаҳа тўфони ҳамда кўп овозли югуриш бошланарди. Болалар тилларида завқли тезайтиш билан бир дарё бўлиб оқишарди велосипеднинг орқасидан. Ҳожи бобо завқли бир тезайтиш эди болаларнинг тилида. Югуришаркан ҳаммаси бир овоздан бақиришарди:
— Ҳожи бобо бери боқ, қулоғингга тери тақ!
— Ҳожи бобо бери боқ, қулоғингга тери тақ!

Бутун борлиғини шакар қилиб болаларга сочган, оқларга бурканган кўнгли қувноқ одам эди Ҳожи бобо. Яйловдан тушиб ўтган ҳар бир экин пайкалига барака бағишлаган оқ кўпикли шалола… Пахта каби оппоқ эди соқоллари. Бошидаги шляпа, оёқларидаги нейлон пой¬абзаллар, кўйлагининг устидан боғлаган узун пешбанди, велосипеди, велосипедига боғлаган тасмалар, ўнг ғилдиракнинг икки ёнидаги шамол гуллари, болаларга сочган ақида ширинликлари, куйлаган илоҳий қўшиқлари… Ҳаммаси оппоқ эди.

Болаларнинг уфқида оппоқ булут эди у. Ўтган йўлларига шакар бўлиб, қанд бўлиб ёғиларди. Ўша оқ булутнинг ёғдирган шакар-қандларини илиб олиш учун жон ҳолатда югурарди болалар. Ҳожи бобо қўлларини чўнтагига ҳар солганида тезайтишларни авжига чиқарган болаларнинг овозлари ўчарди бир зум. Барча кўзлар унинг қўлларига тикилар, ёмғирни кутишарди. Ҳожи бобо қандларини ҳавога ирғитганида ҳайқириқлар янгидан юксаларди. Болалар жоме масжиди ҳовлисида дон сепилган кабутарлар каби қандлар тушган ерга ташланишарди.
Дон тераётган кабутарлар: — “Ҳожи бобо бери боқ, қулоғингга тери тақ!”, — дея қичқириб қайтадан велосипед изидан тушардилар. Болаларнинг бу ҳайқириқларини эшитмагандай орқасига ҳеч қарамасди “ўзи юраётган”. Ҳар кун бошқа бир маҳаллага ёғаётган баракали оқ булут ҳар келганида қандлар сепиб, орқасидан бахтиёр болаларни эргаштирарди.

Болалар чарчаганида унинг ҳам овози узоқлашар, қўлларини қуш қанотларидай ёйиб учар, шу кетиш ғойиб бўларди. Ҳеч кими йўқ эди Ҳожи бобонинг. Хом ғиштдан тикланган бир уйда ёлғиз яшарди. Қанд сочадиган маҳаллалардан эски магнитофон, радио, соат, газ ўчо¬ғи… нима топса сотиб олар, уларни таъмирлаб қасаба бозорида сотарди…топган барча пулини болаларнинг қувончлари учун қанд олишга сарфларди.

Баъзан велосипеднинг орқасида каттакон бир лимонад хуми билан келарди. Лимонад сотувчи айланиб юрарди. Мактаблар ҳовлисида кутар, болаларга лимонад тарқатарди. Танаффус қўнғироғи жаранглаганда болалар ҳужумига дуч келарди. Қўлидаги узун чўмич билан бардоқларни тўлдириб болаларга тарқатарди. Ўқувчилар унинг атрофига йиғилиб, ҳар бири бир ёнидан тортишар, уст-бошини юлишарди. Ярамаслар унинг қўлларига, елкасига осилар, баъзилар устига минар, айримлар этагидан тортишарди.

— Ҳожи бува, менга ҳам.
— Ҳожи бобо, мен ичмадим.
У чўмичини хумга тўл¬дириб бардоқларга бўшатаркан, бақириб қўярди:
— Ўзи тўлааади!
— Ўзи тўлади!

Таъмирлаган эски ашё, радио бўлса “ўзи гапиради”, газ ўчоғи бўлса ўзи ёнади!”— дея бақириб сотарди. Таъмирлаган ашёларни бозор жойига тизиб чиқар, бир кассетага ўз овозини ёзиб олар, магнитофон тугмасини босар, у ердан узоқлашарди. Таъмирланган магнитофон ҳам ўзини ҳамда бошқа ашёларни реклама қиларди. Ҳожи бобо узоқлашгач, кеча ўз овозини ёздирган кассета куйлаб, гапиришга бошларди. Таъмир қилинган магнитофон атрофига тўпланган қизиқувчан харидорларга узундан узоқ тушунтиришлар берарди:
— Мен гапираман, гапиришни биламан. Қўшиқ ҳам айтаман. Илоҳийларни ҳам куйлайман. Мана кўринглар, бу газ ўчоғи ўзи ёнади, мана бу соат вақтни ўзи айтиб беради. Мана бу радио эса бешта тилни билади…

Реклама фасли битгач, Ҳожи бобонинг овози билан бир илоҳи бошларди:

Мен юрибман ёна-ёна
Ишқ бўяди мени қона,
На оқилман, на девона,
Кел, кўр мени ишқ
найлади.
Магнитофон теварагига йиғилган оломонга қарата шундай дерди:
— Олдимни тўсманглар, сурилинглар, тарқалинглар-чи!
Баъзан кўздан ғойиб бўларди оқ булут.
— Яна учиб кетди бизни тентак, — дейишарди орқасидан.

Ҳаждан қайтганлар қа¬сам ичиб Ҳожи бобони Каъбада кўрганларини айтадилар. Телбамиди, валиймиди? Биров билмасди, аммо у:
— Ақлнинг сирдоши телбаликдир, эй ёронлар, — дерди ҳамиша.
Ҳаж мавсумида учиб бордим, учиб келдим. Ўзим бордим, ўзим келдим,— дея ўтарди маҳалладан. Болаларнинг устига қанд ўрнига хурмо ёғдирарди.

Январ ойи эди. Қор уч кун тинимсиз ёққанди. Қариялар шу пайтгача бунақа қишни кўрмаганликларини айтишарди. Шамол ҳеч тиним билмас, тунлари билан ёққан қорни совурарди. Уйларнинг шимол томонлари том бўйи қор билан қопланганди. Чордоқлар ҳам кўринмасди. Бутун қасаба оқ ёпинчиққа бурканганди. Ўша куни пешин азонидан ке-йин аччиқ бир даъват товуш учди миноралардан…

Оқ булут кўкка кўтарилганди, учиб кетганди бу дунёдан; “ўзи учганди…”
Оппоқ бўлиб келарди маҳаллага. Каттакон оппоқ бир қуш сингари учарди кўчаларда. Шакар ёмғири эди у. Чошгоҳ пайти, илиқ бир шамол билан ва оппоқ бир товуш билан келарди. Оппоқ бир кунда, бир тўфон билан учиб кетди ва бошқа сира келмади, “ўзи кетган”.

На ўша овоз ўтди маҳалладан, на-да шакар буржига кирди қуёш…
Ўша кундан кейин ўйинларини сира давом эттирмади болалар..

«Китоб дунёси»,2014 йил, 22-сон.

090

09
Imdat Avshar
OQ BULUT
Turkchadan Fayzi Shohismoil tarjimasi
034

Choshgoh payti kelardi. Bir iliq yel kabi esar, rahmat buluti singari o’tardi mahalladan. U kelganda oppoq bir tovush yangrardi ko’chalar bo’ylab, bolalarni hayqiriq bilan orqasidan ergashtirgan bir tovush:
— O’zi yuradi!
— O’zi yuradi!

Bu tovush eshitilganda, tovushga oshna bolalar uzoq yugurishga tayyorlanishardi. Iliq bir yaylov shabadasi yalab o’tardi bolalarning yuzini. Shul oq tovush hamisha ayni guzargohdan o’tardi. U o’tadigan yo’lning ikki chetiga bolalardan ba’zilari poyabzalining ipini mahkamlar, ayrimlari esa sho¬sha-pisha zoldirlarining cho’ntaklariga tiqishtirishardi. O’yinda yutib chiqqan bolalar kechirilar, qo’lga tushganlar haydab yuborilardi. Barcha o’yinlar yomg’ir oxiriga qoldirilardi. U kelganda oq yomg’irga uchardi bolalar, shakar burjiga kirardi quyosh. Aqida mavsumi, hayit damlari haqiqiy shakar bayramiga aylanardi. Suyunchi xabarlar uylarning derazalariga, osmonlarga ko’tarilardi shovqin-suronlardan qo’rqqan qushlar. Oq bulutning kelganini daraklab bir-birini qutlagan bolalarning xushchaqchaq ovozlari yuksalardi chang ko’chalarda:
— Hoji bobo kelayapti!
— Hoji bobo kelayapti!

Har hafta do’l singari yog’ib o’tardi Hoji bobo. Kattakon, oq qanotli bir qush misoli uchib kelardi, bolalar unga qarab hay¬qirgancha yugurib ketishardi. Hoji bobo va bolalar bir-birlariga yaqinlashgan sari sevinch hayqiriqlari ham kuchayardi:
— Hoji bobo kelayapti!
— O’zi yurib kelayapti!

Hoji bobo mahallaga kirgach, velosipedining rulini qo’yib yuborar, ikki qo’lini ikki tomonga ko’tarardi. Shamolda hilpirayotgan peshbandi etaklari havolanar, oq kabutar singari qanot qoqar, uchib borayotganday ko’rinardi. Yuzidan arimaydigan o’sha tabassum bilan bolalarga qand sochar, baqirganicha yo’lida davom etardi.
— O’zi yurayapti!

Bolalar o’zi yuradigan o’sha oq va barakali ovoz orqasidan ergashganlarida, mahallada bir qahqaha to’foni hamda ko’p ovozli yugurish boshlanardi. Bolalar tillarida zavqli tezaytish bilan bir daryo bo’lib oqishardi velosipedning orqasidan. Hoji bobo zavqli bir tezaytish edi bolalarning tilida. Yugurisharkan hammasi bir ovozdan baqirishardi:
— Hoji bobo beri boq, qulog’ingga teri taq!
— Hoji bobo beri boq, qulog’ingga teri taq!

Butun borlig’ini shakar qilib bolalarga sochgan, oqlarga burkangan ko’ngli quvnoq odam edi Hoji bobo. Yaylovdan tushib o’tgan har bir ekin paykaliga baraka bag’ishlagan oq ko’pikli shalola… Paxta kabi oppoq edi soqollari. Boshidagi shlyapa, oyoqlaridagi neylon poy¬abzallar, ko’ylagining ustidan bog’lagan uzun peshbandi, velosipedi, velosipediga bog’lagan tasmalar, o’ng g’ildirakning ikki yonidagi shamol gullari, bolalarga sochgan aqida shirinliklari, kuylagan ilohiy qo’shiqlari… Hammasi oppoq edi.

Bolalarning ufqida oppoq bulut edi u. O’tgan yo’llariga shakar bo’lib, qand bo’lib yog’ilardi. O’sha oq bulutning yog’dirgan shakar-qandlarini ilib olish uchun jon holatda yugurardi bolalar. Hoji bobo qo’llarini cho’ntagiga har solganida tezaytishlarni avjiga chiqargan bolalarning ovozlari o’chardi bir zum. Barcha ko’zlar uning qo’llariga tikilar, yomg’irni kutishardi. Hoji bobo qandlarini havoga irg’itganida hayqiriqlar yangidan yuksalardi. Bolalar jome masjidi hovlisida don sepilgan kabutarlar kabi qandlar tushgan yerga tashlanishardi.
Don terayotgan kabutarlar: — “Hoji bobo beri boq, qulog’ingga teri taq!”, — deya qichqirib qaytadan velosiped izidan tushardilar. Bolalarning bu hayqiriqlarini eshitmaganday orqasiga hech qaramasdi “o’zi yurayotgan”. Har kun boshqa bir mahallaga yog’ayotgan barakali oq bulut har kelganida qandlar sepib, orqasidan baxtiyor bolalarni ergashtirardi.

Bolalar charchaganida uning ham ovozi uzoqlashar, qo’llarini qush qanotlariday yoyib uchar, shu ketish g’oyib bo’lardi. Hech kimi yo’q edi Hoji boboning. Xom g’ishtdan tiklangan bir uyda yolg’iz yashardi. Qand sochadigan mahallalardan eski magnitofon, radio, soat, gaz o’chog’i… nima topsa sotib olar, ularni ta’mirlab qasaba bozorida sotardi…topgan barcha pulini bolalarning quvonchlari uchun qand olishga sarflardi.

Ba’zan velosipedning orqasida kattakon bir limonad xumi bilan kelardi. Limonad sotuvchi aylanib yurardi. Maktablar hovlisida kutar, bolalarga limonad tarqatardi. Tanaffus qo’ng’irog’i jaranglaganda bolalar hujumiga duch kelardi. Qo’lidagi uzun cho’mich bilan bardoqlarni to’ldirib bolalarga tarqatardi. O’quvchilar uning atrofiga yig’ilib, har biri bir yonidan tortishar, ust-boshini yulishardi. Yaramaslar uning qo’llariga, yelkasiga osilar, ba’zilar ustiga minar, ayrimlar etagidan tortishardi.

— Hoji buva, menga ham.
— Hoji bobo, men ichmadim.
U cho’michini xumga to’l¬dirib bardoqlarga bo’shatarkan, baqirib qo’yardi:
— O’zi to’laaadi!
— O’zi to’ladi!

Ta’mirlagan eski ashyo, radio bo’lsa “o’zi gapiradi”, gaz o’chog’i bo’lsa o’zi yonadi!”— deya baqirib sotardi.
Ta’mirlagan ashyolarni bozor joyiga tizib chiqar, bir kassetaga o’z ovozini yozib olar, magnitofon tugmasini bosar, u yerdan uzoqlashardi. Ta’mirlangan magnitofon ham o’zini hamda boshqa ashyolarni reklama qilardi. Hoji bobo uzoqlashgach, kecha o’z ovozini yozdirgan kasseta kuylab, gapirishga boshlardi. Ta’mir qilingan magnitofon atrofiga to’plangan qiziquvchan xaridorlarga uzundan uzoq tushuntirishlar berardi:

— Men gapiraman, gapirishni bilaman. Qo’shiq ham aytaman. Ilohiylarni ham kuylayman. Mana ko’ringlar, bu gaz o’chog’i o’zi yonadi, mana bu soat vaqtni o’zi aytib beradi. Mana bu radio esa beshta tilni biladi…

Reklama fasli bitgach, Hoji boboning ovozi bilan bir ilohi boshlardi:

Men yuribman yona-yona
Ishq bo’yadi meni qona,
Na oqilman, na devona,
Kel, ko’r meni ishq
nayladi.
Magnitofon tevaragiga yig’ilgan olomonga qarata shunday derdi:
— Oldimni to’smanglar, surilinglar, tarqalinglar-chi!
Ba’zan ko’zdan g’oyib bo’lardi oq bulut.
— Yana uchib ketdi bizni tentak, — deyishardi orqasidan.

Hajdan qaytganlar qa¬sam ichib Hoji boboni Ka’bada ko’rganlarini aytadilar. Telbamidi, valiymidi? Birov bilmasdi, ammo u:
— Aqlning sirdoshi telbalikdir, ey yoronlar, — derdi hamisha.
Haj mavsumida uchib bordim, uchib keldim. O’zim bordim, o’zim keldim,— deya o’tardi mahalladan. Bolalarning ustiga qand o’rniga
xurmo yog’dirardi.

Yanvar oyi edi. Qor uch kun tinimsiz yoqqandi. Qariyalar shu paytgacha bunaqa qishni ko’rmaganliklarini
aytishardi. Shamol hech tinim bilmas, tunlari bilan yoqqan qorni sovurardi. Uylarning shimol tomonlari tom bo’yi qor bilan qoplangandi. Chordoqlar ham ko’rinmasdi. Butun qasaba oq yopinchiqqa burkangandi. O’sha kuni peshin azonidan ke-yin achchiq bir da’vat tovush uchdi minoralardan…

Oq bulut ko’kka ko’tarilgandi, uchib ketgandi bu dunyodan; “o’zi uchgandi…”
Oppoq bo’lib kelardi mahallaga. Kattakon oppoq bir qush singari uchardi ko’chalarda. Shakar yomg’iri edi u. Choshgoh payti, iliq bir shamol bilan va oppoq bir tovush bilan kelardi. Oppoq bir kunda, bir to’fon bilan uchib ketdi va boshqa sira kelmadi, “o’zi ketgan”.

Na o’sha ovoz o’tdi mahalladan, na-da shakar burjiga kirdi quyosh…
O’sha kundan keyin o’yinlarini sira davom ettirmadi bolalar..

«Kitob dunyosi»,2014 yil, 22-son.

090

(Tashriflar: umumiy 254, bugungi 1)

Izoh qoldiring