Шоир Амир Худойбердининг номи адабиёт ихлосмандларига яхши таниш. Унинг “Дунё ва мен”, “Жавобсиз савол”, “Эврилиш”, “Еттинчи малак”, “Ойдин лаҳзалар”, “Суҳо” номли китоблари мухлислар қалбидан аллақачон жой олиб улгурган. Шоирнинг “Девоналармиз” деб номланган янги китобига турли даврларда яратилган ижод намуналаридан ташқари ҳали оҳори тўкилмаган шеърлари-да сараланиб жамланди. Ўйлаймизки, ушбу мажмуа шеърият ихлосмандларини бефарқ қолдирмайди.
Амир Худойберди
ДЕВОНАЛАРМИЗ
Шеърлар
Амир Худойберди 1961 йил Қарши туманидаги Шилви(Шайх Шиблий) қишлоғида таваллуд топган. 1985 йилда Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. 1994 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. «Дунё ва мен», «Жавобсиз савол», «Эврилиш», «Еттинчи малак», «Ойдин лаҳзалар», «Девоналармиз» китоблари чоп этилган.
ДЕВОНАЛАРМИЗ
Бир тўшакда, бир кўрпада ётиб ёнма-ён
Ухлаяпмиз, ахир дема бегоналармиз.
Тўшагимиз замин бўлса, кўрпамиз осмон,
Ёндошликни англолмаган девоналармиз.
Бир илдиздан кўкарганмиз, муаззам олам
Бешигимиз, дема сийқа афсоналармиз.
Момо Ҳаво онамиздир, отамиз Одам,
Қондошликни англолмаган девоналармиз.
Бани башар ошёни шу митти сайёра,
Қўлни қўлни берсак гўё маржоналармиз.
Элни элга, дилни дилга боғлолсак зора,
Жондошликни англолмаган девоналармиз.
“Худо бир!” деб пайғамбарлар ўтди, биз ҳамон
Ҳақ йўлини топа олмай сарсоналармиз.
Эътиқодлар айри-айри, ягона имон,
Диндошликни англолмаган девоналармиз.
Дилдошликни англолмаган бегоналармиз.
1990 йил
АЮРМАСИН ЎЗБЕКИСТОНДИН
1
Дедилар: «Энг гўзал маъво қайсидур?»
Дедим: «Она юртим – бахт фирдавсидур!».
Дедилар: «Нечун у муқаддас, улуғ?»
Дедим: «Боболарим бермиш унга руҳ!»
Дедилар: «Кечарсан ондин ё жондин?»
Дедим: «Аюрмасин Ўзбекистондин!»
2
Эй, Ватан, сен ила ҳаётим, борим.
Сен менинг иймоним, номусим, орим.
Неча азизларим ётган мозорим
Ва эрка дилбандлар эркин кезган боғ.
Таърифинг беқиёс – ожиздир калом,
Сен менга қўшиқсан, қалбимга илҳом.
То абад бор экан ўзбек деган ном
Мен учун сен доим муқаддас тупроқ.
Асрларким келур Фурқат фиғони,
Ҳинддан шоҳ Бобурнинг соғинч, армони.
Оҳ, қийин узмоқлик ҳижратда жонни,
Лолалар кўксида қайғулардан доғ.
Дедилар: «Кечарсан ондин ё жондин?»
Дедим: «Аюрмасин Ўзбекистондин!»
1992 йил
ВАТАН
Ўтиб кетди болалик,
Ўтди шўхлик барчаси.
Юлдуз бўлди, ой бўлди
Ёнган юрак парчаси.
Илҳом келди, очилди
Самоватнинг дарчаси.
Илҳом онлари ширин,
Ўзга болни тотмасман.
Шеърим – менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.
Ватан дея, халқ дея
Чиқди илк бор саводим.
Қаламим бийрон бўлди,
Бийрон бўлди давотим.
Дилимдаги бол меҳрим,
Тилимдаги новвотим
Нурга дўнди, нур бўлдим,
Кун ботди, мен ботмасман.
Шеърим – менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.
Билмас ҳеч ким: қайларда
Қолур хоки, турбати.
Ҳижронларни енгишга
Етар кимнинг қурбати.
Ҳар сўзимда ўзим бор,
Сўз – қалбимнинг сурати.
Ўлсам ҳамки бегона
Тупроқларда ётмасман.
Шеърим – менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.
Тандан чиқар жон, аммо
Мен яшайман шеъримда.
Унутилар шон, аммо
Мен яшайман шеъримда.
Фано – беимкон, аммо
Мен яшайман шеъримда.
Ўзга олам кўксида
Асло илдиз отмасман.
Шеърим – менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.
Ҳақдан келса иноят
Шоир зоти суюкдир.
Халқи каби бардошли,
Халқи каби буюкдир.
Шоир қалби ҳамиша
Қувғиндаги кийикдир.
Ватан бағри зўр паноҳ,
Ўзга паноҳ топмасман.
Шеърим – менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.
Ватан учун фидо ҳар
Кипригимнинг толаси.
Юрагимдир қирларда
Ёниб турган лоласи.
Шоир бўлдим, мен оддий
Ўзбекнинг бир боласи.
Бир томирмиз, элдошлар,
Мен сизники – ётмасман.
Шеърим – менинг Ватаним,
Мен Ватанни сотмасман.
2011 йил
КЕЧИРМАСМАН ХИЁНАТИНГНИ
Инсонмиз-ку, кечирарман қусурларингни,
Тушунарман турфа тусда зуҳурларингни.
«Фақат беайб худо» деган узрларингни,
Кечирарман барча қилмиш-қиёматингни,
Кечирмасман аммо асло хиёнатингни.
Инсон зоти хом сут эмган бандалиги рост,
Овворадир хатолардан бўлолмай халос.
Тўрт фаслда гуллар гуноҳ дарахти қийғос,
Кечирарман кеч куздаги зиёнатингни,
Кечирмасман фақатгина хиёнатингни.
Хиёнатга бир бор кўнгил бўлдими мойил,
Қайта-қайта қўл ургайдир, нафратга ноил.
Бу жумбоқни ечолмагай ҳатто Азройил,
Бир лаҳза ҳам унутма, дил, диёнатингни,
Кечирмасман асло-асло хиёнатингни.
Майли ошиқ бўлгил ёхуд обид ё зоҳид,
Қалбимизга ишқ берган У — ягона, воҳид.
Барчасидан хабардордир, барига шоҳид,
Ажрин бергай чеккан барча риёзатингни,
Кечирмаса керак У ҳам хиёнатингни…
9 май 2014 йил
УНУТДИ
Мени замон унутди,
Осий даврон унутди.
Унутмади одил ер,
Аммо осмон унутди.
Мушкул эди унутмоқ,
Жуда осон унутди.
Хас-хашаклар ардоғим,
Боғу бўстон унутди.
Силқиб оқдим кўз ёшдай,
Чашми фаттон унутди.
Дарё эдим саҳрода
Қолдим, уммон унутди.
Зоҳир бўлдим зуҳрида
Соҳир ошён унутди.
Бир хароба кулба дил,
Қасру кошон унутди.
Минг йил оёқ остида
Ётдим, жаҳон унутди.
Унутмасман ҳеч қачон,
Девди, ҳар он унутди.
Мискинликнинг қабосин
Кийдим, султон унутди.
Чумолилар сирдошим,
Сор беомон унутди.
Зоҳир бўлмоқ имкони
Йўқдир, имкон унутди.
Аслида Амирни бир
Аҳди ёлғон унутди.
5 май 2014 йил
ЭРТАГА
Эртага бўлади бари бошқача,
Ортда қолар фироқ, ҳижрон алами.
Энг бахтли инсон деб пешонамизга
Ёзиб қўяр шояд тақдир қалами.
Эртага бўлади бари бошқача,
Қанча синовларда тобланган юрак
Қуёшдай порлайди, зулмат қаъридан
Аста чиқиб келар нурли келажак.
2014 йил
БИР КЎНГИЛ…
Бир кўнгил истайман кўнглимдай бўлсин,
Баҳордай соғинай адоларини.
Кўнглимдай йиғласин, кўнглимдай кулсин,
Кечириб яшайин хатоларини.
2014 йил
АҲМОҚҚА ТЕНГ БЎЛМАНГ
Бас келиб бўлмайди аҳмоққа асло,
Чунки унда мингта тўнғиз кучи бор.
Аҳмоққа тенг бўлманг, қочингки, илло,
Ичида адоват, кийна, ўчи бор.
Унга бас келгувчи фақат худойим,
Хорликда етгайдир бир кун қазоси.
Эй дўст, йироқ юргин аҳмоқдан доим,
Яккаланиб қолсин, шудир жазоси.
2014 йил
КИМКИ ЧЕКИНСА
Кимки эзгуликдан чекинса андак
Ёвузлик домига тушгайдир бешак.
Минг қатла дод десин бенаф юмушдир,
Иблисга иймонсиз юрак емишдир.
2014 йил
ТИРИКЛИК
Тириклик бир марта берилган имкон,
Ҳар нега улгургин чиқмай туриб жон.
Шамолга совурсанг умринг нақдини
Умид дарчасини ёпгайдир Осмон.
2014 йил
ТУПРОҚДА ҲИКМАТ КЎП
Тупроқда ҳикмат кўп, эгил, ерни ўп,
Ўпгил пойингдаги хасни, хазонни.
Ҳикматлардан сўйлар ҳатто чирик чўп,
Уйғот қалбингдаги ўлик жаҳонни.
2008 йил
ФАЛАКДА ЭВРИЛДИ
Фалакда эврилди сароблар,
Ўзингни самодил санагин.
Бўлса-да ҳолимиз хароблар
Ҳеч қачон алвидо демагин.
Топиниб талпиндик нурга биз,
Ҳижронни ичингга қамагин.
Туробистонда ҳам биргамиз,
Ҳеч қачон алвидо демагин.
Тириклик энг олий саодат,
Қалбинг қуроғини ямагин.
Шусиз ҳам кунимиз омонат,
Ҳеч қачон алвидо демагин.
2014 йил
ЛИМ-ЛИМ
Қирқ жом узатди соқий, бирида шароб лим-лим,
Ичдим бирида – роҳат, бирида азоб лим-лим.
Пайдар-пай узатар у, бирида хуноб лим-лим,
Бирида кўз ёши-ю, бирида гулоб лим-лим.
Соқий кўзлари «биё-биё», «ич» деб қистайди,
Ичмагани қўймайди, билмам, нима истайди?!
Жом ҳам илгимга етмай лабларимни излайди,
Кетма-кет келур, ҳайҳот, қувонч-изтироб лим-лим.
Ҳар жомни сипқорганда ишқ ила ёндим шоён,
Кўз ўнгимда тенгсиз бир гавҳар бўлди намоён
Жомларга боқиб кўрдим икки оламни аён:
Бирида зулмат лим-лим, бирида офтоб лим-лим.
Бир жомни ичгач, кўрдим ўзни базмда бехос,
Қирқ томондан қирқ хил соз,
қирқ хил куй айлар оғоз.
Қирқ раққоса айланар ишвасида қирқ минг ноз,
Тўлди юракдан оққан ҳислар-ла рубоб лим-лим.
Дедим: «Соқий, айт, мендин
ниҳон тутма! Не асрор?!
Қирқ бор менга жом тутдинг,
бунда қандай ҳикмат бор?!»
Деди: «Наҳот сезмадинг, этди-ку, жомлар изҳор:
Бирида савол лим-лим, бирида жавоб лим-лим!»
Бирин ичгач, олмадай оқиб кетди юрагим,
Бирдан йиғлаб юбордим: «Оҳ, қайдасан, малагим?!
Нозбўйдай нозликкинам, оқ илон, оқ билагим?»
Билсам ичмасдим, экан жом ичра сароб лим-лим.
Маю мастоналикнинг шавқи сиғмади жона,
Бир жомда ғам кўпирди олам бўлди ғамхона.
Дардимни ким тинглар деб боқдим жумла жаҳона,
Олам ётур ғафлатда – кўзларида хоб лим-лим.
Узатилган ҳар жомда умр шомини кўрдим.
Беҳишт деворин кўрдим, дўзах томини кўрдим.
Икки қўлимда икки жомни тутиб ўй сурдим:
Бирида гуноҳ лим-лим, бирида савоб лим-лим.
Эй, соқий! Яна бир бор узат, ичайин қона,
Қирқ биринчи жом ила тўлса тўлар паймона.
Бир лаҳза қўниб ўтдим жаҳон отли айвона –
Кўзларим косасинда кетурман туроб лим-лим…
1991 йил
АММО СИЗГА…
Юлдузларга қўл етса бўлар,
Узиб олса бўлади Ойни.
Аммо Сизга етиш қаёқда,
Гадоси кўп сизнинг чиройни.
Сиз барига бепарво, бу он
Хаёл қурган кошоналарда
Тентирайсиз: гўзал бир ўғлон
Чиқиб келар афсоналардан.
Сиз қошига чопасиз дарҳол,
Сочиб мушкни, анбарий исни.
У-чи лоқайд боқар, эҳтимол,
Эртакларда кўрмаган Сизни.
Видо айтиб сўнг бор умидга,
Тонг пайтлари йиғлайсиз тўлиб.
Кунлар ўтиб оддий йигитга
Тегажаксиз оддий қиз бўлиб.
1985 йил
СЕВАМАН
Мен сени севаман, ғунча лабида
Ўпичдай титраган шабнам мисоли.
Мен сени севаман, ҳижрон шабида
Эриб адо бўлган бир шам мисоли.
Мен сени севаман, чўққини қучиб
Жарликка осилиб турган қоядай.
Мен сени севаман, ўзидан қочиб
Ўзига эргашиб юрган соядай.
Мен сени севаман…
О, бундан ортиқ
Севишимни талаб қилмагин, гулим.
Бундан ортиғини этолмам тортиқ,
Бундан ортиқ севги бўлади ўлим!
1985 йил
ИЗЛАМАНГ
Гар кетар бўлсам мени дашти фанодан изламанг,
Топмагайсиз барибир, еру самодан изламанг.
Белги қўймангиз мозорим устига тошдин, ажаб,
Ул нишон бўлгайму мендин, ҳар балодан изламанг.
Тупроғимдин бир сариқ гул унса, булбул йиғласа,
Бўзласа фарёд чекиб най, ул наводан изламанг.
Ўзим бирла этмагайман асло ғамни ҳамроҳ,
Шул сабабдин ҳар бир мотамсародан изламанг.
Изламанг нури муаллақ офтобнинг ҳуснидан,
Тийра тундан – мардуд, юзи қародан изламанг.
Изламакдин фойда йўқдир, келдиму кетдим, бу – сир,
Яхшиси даркор унутмоқлик, бақодан изламанг.
Ўтди умрим ўзлигимни англайин деб, кимлигим
Ёлғончи олам берган ёлғон баҳодан изламанг.
Бир либос эрди Амир исмим азалдан, оқибат
Ечганимда мен уни, мендек адодан изламанг.
1995 йил
ИККИ ГЎША
Шаҳримда ёнма-ён икки гўша бор,
Бирови бозору бирови мозор.
Бир ёнда тинчимас шовқину сурон,
Бир ёнда абадий жимжитлик ҳоким.
Ташвишлар устидан кулиб беомон
Шамол сочиб ўйнар қабрлар хокин.
Бир ёнда тириклар молини мақтар,
Марҳумлар кафанга ўранади жим.
Бир ёнда фалсафа: жой топ, жой ахтар,
Бир ёнда ўз жойин топгандир ҳар ким.
Тириклар гоҳ пулга сотарлар имон,
Ўликларга эса зар тупроққа тенг.
Тирикларга торлик қилади жаҳон,
Ўликларга эса бир қабр ҳам кенг.
Фойда, деб жиққамушт, эй аҳли бозор!
Ҳув анув гўшага солинг бир назар!
Улар сизу биздек яшаб ўтганлар,
Тупроқ босиб ошин ошаб ўтганлар.
Ва яна орзуси ёзмай туриб барг,
Эрта хазон бўлган қанча жувонмарг.
Ёнма-ён ётишар низоси унут,
Бир-бирин ғийбати, иғвоси унут.
Ҳасад қилмас ғариб қабрдаги зот,
Мармартошга эга марҳумга, ҳайҳот!
Мен бир шоир, дунё бозорин кўриб,
Уфққа боқаман ғамгин ўй суриб.
Наҳотки тириклар аъмоли риё?
Дунё азал шундай яралганми ё?
«Биз ҳам сиздай эдик, сиз ҳам биздайин
Бўлишингиз тайин», дегандек майин,
Ухлайди ўликлар мўмин, беозор,
Сирли сукунатга чўмади мозор.
1976-1986-йиллар
КАЛЛА СУЯГИ ОЛДИДАГИ ЎЙЛАР
Ишонгим келмайди, шу бош чаноғи
Бир замонлар тирик бўлганлигига.
Қуёшнинг нурлари ўпиб ёноғин,
Кўзларида юлдуз кулганлигига.
Ишонгим келмас, шу суяк ичинда
Орзулар жимирлаб оққандир наҳот?
Икки чуқурчада нур бўлиб чиндан,
Оламга ҳайрат-ла боққандир наҳот?!
Бу кўҳна фалакнинг савдосидан лол,
Нималар ҳақида ўйлаган экан?
Бир гўзал ишқида куйиб телбаҳол,
Гулларни қучоқлаб куйлаганмикан?
Ишонгим келмайди, бир кун менинг ҳам
Суягимни қўлга олишларига.
«Шуям севганмикан, чекканмикан ғам?»
Дея сукут ичра қолишларига!
1989 йил
ДУНЁ ВА МЕН
1
Пишмаган бир бошоқ эдим, ўрди чарх,
«Ниманг қолди унда?..» деб на сўрди чарх.
«Дилим қолди…» деёлмадим, инчунин,
Неча мендин улуғларни кўрди чарх.
2
Етишдим: кўкка кўз тикиб – тупроққа,
Елиб-югуриб, ранж чекиб, тупроққа.
Ўйлайдурман: хуррам пайтларим салом
Бердимми бир, бошим эгиб тупроққа?!
з
Васл истадим – фироқ бўлди насибам,
Нафас чиқиб бир «оҳ» бўлди насибам.
«Эй, ёронлар! Қандай одам эди у?..» –
Деган сўнгги сўроқ бўлди насибам.
4
Мусулмонлар ёмонламас марҳумни,
Кулол ясар айри-айри ҳар хумни.
Кўҳна бозор, синиқ сопол бўлсам-да,
Бошқалардан кам қўймади нархимни.
5
Чарх айланар – армонимга не парво?
Ғамим, қувончу шонимга не парво?
Осмон ўша осмон, ер ҳам ўша ер –
Увол кетган ёш жонимга не парво?!
6
Ўйлайдурман: қолгай бу жаҳон менсиз,
Яшайдур эл, кечадур замон менсиз.
Унутишар яқинларим бирма-бир,
О, мен ғариб… Ўзимга ёмон менсиз.
7
Ўлим сўнгги девор эмас, юпанч – шу,
Заволсиздир Руҳ – хор эмас, юпанч – шу.
Янги либос кийганингда ҳайитда
Эскиси ҳеч даркор эмас, юпанч – шу!
8
Сен дунёдан, дунё сендан жудоми?
Лабингдаги қотган сўз не? Видоми?!
Дегайдирлар: гар имонинг бут бўлса,
Висолига эришгайсан Худонинг!
9
Имон нима – кеч англадим, ғўр эдим,
Ғофил эдим, кўзи очиқ кўр эдим.
Имонсизлар «Сен биздан!» деб қўлимдан
Етаклади – пешонаси шўр эдим!
10
Кеч англадим: тавфиқ надир, сужуд на,
Илоҳ надир, руҳ нимадир, вужуд на?
Кўгаролмай гуноҳимнинг қопини
Қолганимда билдим – қўрқув, умид на?
11
Мен оламдан ўтмадим, балки олам
Мендан ўтди. Эмди менинг зуволам,
Буюк Кулол илкидадир, хоҳласа
Кўза ясар, хоҳласа яна одам!
12
Соғинч қолди юрагимнинг унида,
Тошдек қотди жигаримнинг хунида.
Дийдор учун бу дунёдан кетдим мен,
Кўришгаймиз Буюк висол кунида!
13
Кетганимдан ғаним хурсанд, ё раббим?!
Кўрмадилар маним хурсанд, ё раббим?!
Улар азоб ичра қолди, маним-чи,
Руҳим озод, таним хурсанд, ё раббим!
1991 йил
ТОНГДА БИР БЕБАХТ ҚУШЧА…
Тонгда бир бебахт қушча
Кафтимга келиб қўнди.
Дон сўради, дон бердим
Қалбим ушоқларидан
Сув сўради, сув бердим
Кўзим булоқларидан.
Ин сўради, ин қурдим
Вужудимда жонимдан.
Остига хас тўшадим
Меҳримдан.
Осмонимдан
Бир парча узиб бердим.
Не сўраса – шу бердим,
Барин этдим муҳайё.
Бадбахтликнинг тамғаси
Бўйнида эди, аё!
Аммо бахт беролмадим,
Асло бахт беролмадим.
Шомда у учиб кетди,
Кафтимни очиб кетди…
2001 йил
МАКТУБ
Майли, мени Насимийдек
товонимдан сўйсинлар.
Юрагимни жаҳаннамнинг
оловига қўйсинлар.
Аммо йўлим ҳақдир менинг!
Мен йўлимдан қайтмасман,
“Сизни севдим” деган сўздан
ўзга сўзни айтмасман.
Ошиқ бўлиб қолганимни,
майли, жаҳон эшитсин.
Шоир қалбда ҳеч қандай сир
қолмас ниҳон, эшитсин.
Майли, менга маломатдан
тошлар отсин оломон.
Қаро қонга ботсам ҳамки,
севгим билан қоламан.
Ишқингизда ўлсам агар
бир бор қабримга боринг,
Кўз ёшингиз тўкинг, майли,
мозоримни суғоринг.
Қарайманки, баҳор мени
соғинибди – келибди,
Юракларда қотган ўшал
парча музлар эрибди.
Қўрқманг асло, ёлғизгинам,
сизни тутмасман сўроқ,
Яқин келиб назар солинг
тупроғимга яхшироқ.
Майсаларнинг орсида
ўсиб ётар митти гул.
У – Амирнинг қабри ичра ичра
сиғмаган умиди, гул.
Нечун бунча безовтасиз,
нечун титрар юзингиз?
Мен шу гулни сизга бердим,
олинг, уни узингиз.
Лабга босиб ҳидланг тўйиб,
муҳаббатнинг бўйи – бу!
Шафақларни уфқларга
ёйган қалбнинг куйи – бу!
Япроқлари гарчи заъфар,
муғжалари жиққа қон,
У – зулматнинг косасидан
тошиб чиққан дард-армон.
Сизники у, бировларга
элтиб ҳадя этмангиз,
Олиб кетинг, қабристонга
асло ташлаб кетмангиз.
1986 й
СИЗГА ЯРАШАДИ
Сизга ярашади барнолик,
Бизга эса Сизга шайдолик.
Ярашади бир жуфт хурмодек
Кўзингизга нисбат – шаҳлолик.
Ярашади бизнинг кўнгулга
Рўйингиздан топмоқ рўшнолик.
Қадимий Аҳдда ҳам битилмиш
Иккимиз аро бул ошнолик.
Биз гадо қисматин танладик,
Сизнинг илкингизда пошшолик.
Биз сулҳ тузмоқни истаймиз,
Сизнинг истагингиз – яғмолик.
Сизни деб кунларим қорайди,
Сиз эса доим тонгсиймолик.
Сизни деб савдойи жон бўлдик,
Фалак иши асли савдолик.
Сиз – поклик аршининг муршиди,
Бизнинг сулукимиз – расволик.
Гоҳида порсосиз, гоҳида
Тақвонгиз терс – тавқи тарсолик.
Сиз ҳануз баланддан тушмайсиз,
Жонга тегмадими танҳолик?
Амирнинг севгиси ўлса-да,
Ўчмайди, чун икки дунёлик.
2001 йил
БОРМИ МЕН НОДОН КАБИ
Борми мен нодон каби икки жаҳон оввораси,
Тоатда тоқат, куфрда маддалар дил ёраси.
Чекди сарҳад икки кифтим ўртасида, ё фалак,
Бир томоним боғ эса, бир ён олов фаввораси.
Тилда тангри зикри, тақво тасбеҳи қўйнимдадир,
Бўйнимда сиртмоқ каби ёр зулфининг зуннораси.
Бир-бирига зид тамошо икки лавҳа, икки дарж:
Ол юзим Оллоҳдин ойдин, недин манглай қораси.
Англаёлмай лол эрурман, иддаоми муддао?!
Гоҳ ўнг, гоҳ айланар терс чархнинг даввораси.
Тенг бўлинмиш иккига дил ярми иймон истагай,
Илинжин ботил элидин излагай бир пораси.
Баски гумроҳлик, Амир, қўйгил оёғинг бир томон,
Ҳаққа юзлан, дардларингни борми ўзга чораси?
2008 йил
КЕЧДИ УМРИНГ
Кечди умринг, эй ғариб, ғафлатда нодонлиқ ила,
Ҳар ишингда минг надомат, минг пушаймонлиқ ила.
Топмади қалбинг ҳаловат, руҳ маломат кунжида,
Тазарру даштида жисминг қолди сарсонлиқ ила.
Уқубат чекмоқни охир билмайин айш айладинг,
Ўйладинг кечгай ҳаёт ишратда шодмонлиқ ила.
Минмасангда кибр отин эл деди киббор сени,
Унутдинг гоҳ оёғинг остини осмонлиқ ила.
Синди чил-чил, тошга урдинг умрнинг пок гавҳарин,
Зулм этдинг ўз-ўзингга хулқи ҳайвонлиқ ила.
То чуқурроқ ботди кўкракка надомат ханжари,
Чиқмагай жонинг танангдан ҳеч осонлиқ ила.
Ким билибди, амридин андуҳ ўтида куйса дил,
Энди чеккайсан азоб чоки гирибонлиқ ила.
2008 йил
ЮЛДУЗ УСМОНОВА МОНОЛОГИ
Самодаги юлдузларга кўчсам ҳамки,
Зулматларда шамдек ёниб-ўчсам ҳамки,
Олисларда сендан айро тушсам ҳамки,
Дарё бўлиб тошар кўнглим – соғинаман,
Она юртим, ёлғиз сенга сиғинаман.
Сен бўлмасанг, бўлармидим Юлдуз бу кун,
Ишқингда қалб ёнар кеча-кундуз бу кун.
Чуқур ботди кўксимга бир илдиз бу кун.
Илдизидан узилса ким шаксиз сўлар,
Илдизидан узилмаган чинор бўлар.
Сенга томон талпинармен, юрагим – сен.
Ҳар қадамда менга паноҳ, керагим – сен.
Қайда бўлмай, сенинг битта бўлагинг – мен.
Кечолмасман сендан, асл ўзлигимсан,
Қаро қошли, қаро кўзли ўзбегимсан.
Мен Ватанни алишмасман дунёларга,
Алишмасман Париж, Рим, Амирқоларга.
Тупроғингнинг зарраси тенг тиллоларга,
Она юртим, дилдан севган дилбандингман,
Хизматингга камарбаста фарзандингман.
Чиқмай туриб ширин жони баданидан,
Кечмас Юлдуз ўз элидан, Ватанидан,
Айро тушмас булбул ҳам ўз чаманидан,
Булбул бўлиб наво қилдим боғларингда,
Гарчи қанча алам қолди зоғларингда…
2008 йил
БУГУН БОР
Кеча йўқ.
Мозийга айланган кеча.
Эрта йўқ.
Эртакдир эртанги режа.
Мавҳумлик ичида бари кўмилар,
Эртада ким бору ким йўқ, ким билар.
Бугун бор.
Бугунда кечган ҳар бир он
Қанчалар ғанимат.
Омонат умр.
Демакки бугундан қилайлик ҳузур,
Мавжудмизки, кечсин лаҳзалар шоён.
Чекмайлик надомат, бошқаси абас,
Эрта Ўзи подшоҳ,
Ўзи бош паноҳ.
Токи тирикдирмиз, то қайноқ нафас
Қайноқ бўсаларга бераркан имкон.
То юрак ураркан,
Токи танда жон,
Бугунни, азизам, байрам қилайлик.
Биздан рози кечсин оний лаҳзалар,
Томирларда титроқ, қалбда ларзалар.
Эрта бир гап бўлар, эрта ғамин қўй,
Кечаги кун ҳозир бамисоли туш.
Кел, мени эркала, кел, бўйнимдан қуч,
Кўксимни куйдирсин оловли оғуш.
Бугунни бой бермоқ – бахтни бой бермоқ,
Бугун қўлимизга қўниб турган қуш.
Эрта йўқ, жонгинам, бугун бор холос,
Бугуннинг юзига юзларингни бос…
1999 йил
ҚАЙ ДИЛНИ ОҒРИТДИМ
Қай дилни оғритдим билиб-билмасдан,
Узр, дейман, ахир қилмадим қасддан.
Ранжимоқ ноўрин уч турли касдан:
Ақли ғўр боладан, телбадан, мастдан.
ЯШАЙЛИК
Яшайлик тинч, аҳил, инсонларга хос,
Душманлик саодат келтирмайди, рост.
Адоват олови дўзах ўтидан
Бир учқун, бандалар ўтиндир холос.
КОКИЛИНГНИ
Кокилингни ўрмиш минг бир малойик,
Зулфингга занжирми, зар, нима лойиқ?
Кўкни куйдирганда юзунг партави
Зулумот пинжига қочмиш халойиқ…
ҲАЙРОНАДИРМАН
Ўз ақлини бой берган бир девонадирман,
Оқилларнинг даврасига бегонадирман.
Бехуд, бенаф юмушлар-ла кечди ҳаётим,
Пушаймондан энди наф не, ҳайронадирман.
2011 йил
БИЛМАДИМ
Билмадим, шеърларим эскими-янги,
Ўчган-ўчмаганми бўёғи, ранги.
Лойни Вақт кулоли обдон пишитган,
Соз эрур боз эски хумнинг жаранги.
АЁ ЁР
Илҳақмен, жавоб йўқ,
аё ёр, не бўлди?
Жом маҳтал, шароб йўқ,
аё ёр, не бўлди?
Кутарман юз аср, минг аср,
кутишдан
Ўзга бир азоб йўқ,
аё ёр, не бўлди?
ҚОРА МУШУК
Қора мушук кесиб ўтган йўлакни
Кесиб ўтгинг келмайди сира.
Қора мушук кесиб ўтмаган
Йўл қолдими, дил, бўлма хира.
Керак эмас ғашлик,
хавотир,
Қора мушук – ҳаёт тарзимиз.
У кесган йўл бизга раводир,
Инобатсиз барча арзимиз.
Ҳар қалай у ола мушукдан
Пешроқ деймиз, таскин яхши-да.
Ахтарамиз илинж шумшукдан
Умидимиз айлаб бахшида.
2.02. 1990.
РУҲ – БЕЗАВОЛ
(“Самовий ишқ”достонидан парча)
Ўз ҳуснингга бўлаверма ўзинг маҳлиё.
“Мен танаман” деб ўйлама, эй гўзал, асло.
Кибрланма ва керилма кўп деб ошиғим.
Фалак найрангбоз, маккора кампир, очиғи.
Чиройли қад-қоматингга шайдолар
бир кун Қарисанг ё хунуклашсанг нетарлар
– индамасдан юз ўгириб кетарлар.
Умринг отин жиловдори – тананг хоҳиши.
Чирқирайди Руҳинг тананг талаби билан,
бердинг кўп озор. Азобладинг.
Англамадинг. Олий моҳият саналмиш
Руҳ мангу безавол.
Бир кун тананг тупроқларда чирир,
ем бўлур қумурсқалар ва қуртларга,
қолмас ҳатто сўнгагинг.
Зарра-зарра сочилиб кетгай
аросатда адо бўлган худбин юрагинг.
Сен нафсингнинг оввораси изтироб чекиб
излайдирсан тананг учун таскин-тасалли.
Тангри бунёд этгай гарчи инсон зотини
бир томчи сув – нутфаданким, аммо аввало
олий Аршда бино қилар Руҳни ва сўнгра
жо айлагай бир заррага – илоҳий ҳикмат!
Биз бор-йўғи сабабчимиз, зурриёдимиз –
Тангридан бир иноятдир, яратгувчи – У.
У хоҳласа умидимиз ушалгай, илло.
Очилгайдир орзуларнинг қопқаси– тилло!
Куфр ила аросатда сарсон-саргардон
Қибламизни топган маҳал Ҳақдан тонмоқлик!
Гуноҳларнинг ботқоғидан оёқ узолмай я
на Иблис қутқусига беор кўнмоқлик!
Руҳ ғизосиз қолиб кетди, танпарвар бўлдик.
Билмаймизми, тан Руҳ учун муваққат ошён.
Тан – ўткинчи…
Руҳ – абадий…
Тангри қошида ….
“мен”лигимиз ҳосиласи – танҳо ҳақиқат!
Куюнмагин…
Йиғламагин….
муҳаббат йўқ деб.
Йўқ деб вафо юрагингга ботирма тирноқ.
Қалби сўқир кимса билсин қайдан ахир
ёниб-ёниб севмоқликни,муҳаббат илмин.
Чувалчангдай чувалганча сохта дунёнинг
алдовлари, фириблари занжирида инграса ақл.
Димоғида эшак қурти болалаб ётган
Девга ошиқ бўлса гумроҳ, адашган кўнгил.
Очолмаса қалб кўзини
Аршдан келган тоза насим,
ҳур шаббода,
мусаффо эпкин.
Энди у банда бадбахтлигин боисини кимдан кўради?
Манглайига осий деган тамға туради.
Ношукурлик ва маҳдудлик кишанларида
банди бўлиб ётгай, илло, қиёмат қадар.
Кел, азизам, оқ қоғозга тўкилсин кадар.
Тўлиб-тошиб куйлайлик, кел, илоҳий жуфтлик
Толейин то бошимизга тож қилсин Осмон.
Кел, гўзалим!
Коинотнинг олий буржида қовушган
Руҳ қисматидан куйлайлик достон.
Бир достонки, муҳаббатдан,
боқий бахтдан,
саодатдан хабар берсин,
Замин ва Замон қулоқ оссин
ва англасин Ҳақдан бу ғоя.
Зеро бизнинг мавжудликка муҳаббат доя.
Чекингайдир зулмат, алам биллониҳоя.
Офтоб порлар,ишқ шуъласин сочганча соҳир.
Шу ёғдуда бизлар бормиз, қалбимиз зоҳир…
25 март-14 май 2014 йил.
Амир Худойбердининг Юлдуз Усмонова куйлаган «Девоналармиз» шеърини ўғирлаган муттаҳам ҳақида мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин
Amir Xudoyberdi
DEVONALARMIZ
She’rlar
Amir Xudoyberdi 1961 yil Qarshi tumanidagi Shilvi(Shayx Shibliy) qishlog’ida tavallud topgan. 1985 yilda Toshkent Davlat universitetining o’zbek filologiyasi fakul`tetini tamomlagan. 1994 yildan buyon O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining a’zosi. «Dunyo va men», «Javobsiz savol», «Evrilish», «Yettinchi malak», «Oydin lahzalar», «Devonalarmiz» kitoblari chop etilgan.
DEVONALARMIZ
Bir to’shakda, bir ko’rpada yotib yonma-yon
Uxlayapmiz, axir dema begonalarmiz.
To’shagimiz zamin bo’lsa, ko’rpamiz osmon,
Yondoshlikni anglolmagan devonalarmiz.
Bir ildizdan ko’karganmiz, muazzam olam
Beshigimiz, dema siyqa afsonalarmiz.
Momo Havo onamizdir, otamiz Odam,
Qondoshlikni anglolmagan devonalarmiz.
Bani bashar oshyoni shu mitti sayyora,
Qo’lni qo’lni bersak go’yo marjonalarmiz.
Elni elga, dilni dilga bog’lolsak zora,
Jondoshlikni anglolmagan devonalarmiz.
“Xudo bir!” deb payg’ambarlar o’tdi, biz hamon
Haq yo’lini topa olmay sarsonalarmiz.
E’tiqodlar ayri-ayri, yagona imon,
Dindoshlikni anglolmagan devonalarmiz.
Dildoshlikni anglolmagan begonalarmiz.
1990 yil
AYURMASIN O’ZBEKISTONDIN
1
Dedilar: «Eng go’zal ma’vo qaysidur?»
Dedim: «Ona yurtim – baxt firdavsidur!».
Dedilar: «Nechun u muqaddas, ulug’?»
Dedim: «Bobolarim bermish unga ruh!»
Dedilar: «Kecharsan ondin yo jondin?»
Dedim: «Ayurmasin O’zbekistondin!»
2
Ey, Vatan, sen ila hayotim, borim.
Sen mening iymonim, nomusim, orim.
Necha azizlarim yotgan mozorim
Va erka dilbandlar erkin kezgan bog’.
Ta’rifing beqiyos – ojizdir kalom,
Sen menga qo’shiqsan, qalbimga ilhom.
To abad bor ekan o’zbek degan nom
Men uchun sen doim muqaddas tuproq.
Asrlarkim kelur Furqat fig’oni,
Hinddan shoh Boburning sog’inch, armoni.
Oh, qiyin uzmoqlik hijratda jonni,
Lolalar ko’ksida qayg’ulardan dog’.
Dedilar: «Kecharsan ondin yo jondin?»
Dedim: «Ayurmasin O’zbekistondin!»
1992 yil
VATAN
O’tib ketdi bolalik,
O’tdi sho’xlik barchasi.
Yulduz bo’ldi, oy bo’ldi
Yongan yurak parchasi.
Ilhom keldi, ochildi
Samovatning darchasi.
Ilhom onlari shirin,
O’zga bolni totmasman.
She’rim – mening Vatanim,
Men Vatanni sotmasman.
Vatan deya, xalq deya
Chiqdi ilk bor savodim.
Qalamim biyron bo’ldi,
Biyron bo’ldi davotim.
Dilimdagi bol mehrim,
Tilimdagi novvotim
Nurga do’ndi, nur bo’ldim,
Kun botdi, men botmasman.
She’rim – mening Vatanim,
Men Vatanni sotmasman.
Bilmas hech kim: qaylarda
Qolur xoki, turbati.
Hijronlarni yengishga
Yetar kimning qurbati.
Har so’zimda o’zim bor,
So’z – qalbimning surati.
O’lsam hamki begona
Tuproqlarda yotmasman.
She’rim – mening Vatanim,
Men Vatanni sotmasman.
Tandan chiqar jon, ammo
Men yashayman she’rimda.
Unutilar shon, ammo
Men yashayman she’rimda.
Fano – beimkon, ammo
Men yashayman she’rimda.
O’zga olam ko’ksida
Aslo ildiz otmasman.
She’rim – mening Vatanim,
Men Vatanni sotmasman.
Haqdan kelsa inoyat
Shoir zoti suyukdir.
Xalqi kabi bardoshli,
Xalqi kabi buyukdir.
Shoir qalbi hamisha
Quvg’indagi kiyikdir.
Vatan bag’ri zo’r panoh,
O’zga panoh topmasman.
She’rim – mening Vatanim,
Men Vatanni sotmasman.
Vatan uchun fido har
Kiprigimning tolasi.
Yuragimdir qirlarda
Yonib turgan lolasi.
Shoir bo’ldim, men oddiy
O’zbekning bir bolasi.
Bir tomirmiz, eldoshlar,
Men sizniki – yotmasman.
She’rim – mening Vatanim,
Men Vatanni sotmasman.
2011 yil
KECHIRMASMAN XIYONATINGNI
Insonmiz-ku, kechirarman qusurlaringni,
Tushunarman turfa tusda zuhurlaringni.
«Faqat beayb xudo» degan uzrlaringni,
Kechirarman barcha qilmish-qiyomatingni,
Kechirmasman ammo aslo xiyonatingni.
Inson zoti xom sut emgan bandaligi rost,
Ovvoradir xatolardan bo’lolmay xalos.
To’rt faslda gullar gunoh daraxti qiyg’os,
Kechirarman kech kuzdagi ziyonatingni,
Kechirmasman faqatgina xiyonatingni.
Xiyonatga bir bor ko’ngil bo’ldimi moyil,
Qayta-qayta qo’l urgaydir, nafratga noil.
Bu jumboqni yecholmagay hatto Azroyil,
Bir lahza ham unutma, dil, diyonatingni,
Kechirmasman aslo-aslo xiyonatingni.
Mayli oshiq bo’lgil yoxud obid yo zohid,
Qalbimizga ishq bergan U — yagona, vohid.
Barchasidan xabardordir, bariga shohid,
Ajrin bergay chekkan barcha riyozatingni,
Kechirmasa kerak U ham xiyonatingni…
9 may 2014 yil
UNUTDI
Meni zamon unutdi,
Osiy davron unutdi.
Unutmadi odil yer,
Ammo osmon unutdi.
Mushkul edi unutmoq,
Juda oson unutdi.
Xas-xashaklar ardog’im,
Bog’u bo’ston unutdi.
Silqib oqdim ko’z yoshday,
Chashmi fatton unutdi.
Daryo edim sahroda
Qoldim, ummon unutdi.
Zohir bo’ldim zuhrida
Sohir oshyon unutdi.
Bir xaroba kulba dil,
Qasru koshon unutdi.
Ming yil oyoq ostida
Yotdim, jahon unutdi.
Unutmasman hech qachon,
Devdi, har on unutdi.
Miskinlikning qabosin
Kiydim, sulton unutdi.
Chumolilar sirdoshim,
Sor beomon unutdi.
Zohir bo’lmoq imkoni
Yo’qdir, imkon unutdi.
Aslida Amirni bir
Ahdi yolg’on unutdi.
5 may 2014 yil
ERTAGA
Ertaga bo’ladi bari boshqacha,
Ortda qolar firoq, hijron alami.
Eng baxtli inson deb peshonamizga
Yozib qo’yar shoyad taqdir qalami.
Ertaga bo’ladi bari boshqacha,
Qancha sinovlarda toblangan yurak
Quyoshday porlaydi, zulmat qa’ridan
Asta chiqib kelar nurli kelajak.
2014 yil
BIR KO’NGIL…
Bir ko’ngil istayman ko’nglimday bo’lsin,
Bahorday sog’inay adolarini.
Ko’nglimday yig’lasin, ko’nglimday kulsin,
Kechirib yashayin xatolarini.
2014 yil
AHMOQQA TENG BO’LMANG
Bas kelib bo’lmaydi ahmoqqa aslo,
Chunki unda mingta to’ng’iz kuchi bor.
Ahmoqqa teng bo’lmang, qochingki, illo,
Ichida adovat, kiyna, o’chi bor.
Unga bas kelguvchi faqat xudoyim,
Xorlikda yetgaydir bir kun qazosi.
Ey do’st, yiroq yurgin ahmoqdan doim,
Yakkalanib qolsin, shudir jazosi.
2014 yil
KIMKI CHEKINSA
Kimki ezgulikdan chekinsa andak
Yovuzlik domiga tushgaydir beshak.
Ming qatla dod desin benaf yumushdir,
Iblisga iymonsiz yurak yemishdir.
2014 yil
TIRIKLIK
Tiriklik bir marta berilgan imkon,
Har nega ulgurgin chiqmay turib jon.
Shamolga sovursang umring naqdini
Umid darchasini yopgaydir Osmon.
2014 yil
TUPROQDA HIKMAT KO’P
Tuproqda hikmat ko’p, egil, yerni o’p,
O’pgil poyingdagi xasni, xazonni.
Hikmatlardan so’ylar hatto chirik cho’p,
Uyg’ot qalbingdagi o’lik jahonni.
2008 yil
FALAKDA EVRILDI
Falakda evrildi saroblar,
O’zingni samodil sanagin.
Bo’lsa-da holimiz xaroblar
Hech qachon alvido demagin.
Topinib talpindik nurga biz,
Hijronni ichingga qamagin.
Turobistonda ham birgamiz,
Hech qachon alvido demagin.
Tiriklik eng oliy saodat,
Qalbing qurog’ini yamagin.
Shusiz ham kunimiz omonat,
Hech qachon alvido demagin.
2014 yil
LIM-LIM
Qirq jom uzatdi soqiy, birida sharob lim-lim,
Ichdim birida – rohat, birida azob lim-lim.
Paydar-pay uzatar u, birida xunob lim-lim,
Birida ko’z yoshi-yu, birida gulob lim-lim.
Soqiy ko’zlari «biyo-biyo», «ich» deb qistaydi,
Ichmagani qo’ymaydi, bilmam, nima istaydi?!
Jom ham ilgimga yetmay lablarimni izlaydi,
Ketma-ket kelur, hayhot, quvonch-iztirob lim-lim.
Har jomni sipqorganda ishq ila yondim shoyon,
Ko’z o’ngimda tengsiz bir gavhar bo’ldi namoyon
Jomlarga boqib ko’rdim ikki olamni ayon:
Birida zulmat lim-lim, birida oftob lim-lim.
Bir jomni ichgach, ko’rdim o’zni bazmda bexos,
Qirq tomondan qirq xil soz,
qirq xil kuy aylar og’oz.
Qirq raqqosa aylanar ishvasida qirq ming noz,
To’ldi yurakdan oqqan hislar-la rubob lim-lim.
Dedim: «Soqiy, ayt, mendin
nihon tutma! Ne asror?!
Qirq bor menga jom tutding,
bunda qanday hikmat bor?!»
Dedi: «Nahot sezmading, etdi-ku, jomlar izhor:
Birida savol lim-lim, birida javob lim-lim!»
Birin ichgach, olmaday oqib ketdi yuragim,
Birdan yig’lab yubordim: «Oh, qaydasan, malagim?!
Nozbo’yday nozlikkinam, oq ilon, oq bilagim?»
Bilsam ichmasdim, ekan jom ichra sarob lim-lim.
Mayu mastonalikning shavqi sig’madi jona,
Bir jomda g’am ko’pirdi olam bo’ldi g’amxona.
Dardimni kim tinglar deb boqdim jumla jahona,
Olam yotur g’aflatda – ko’zlarida xob lim-lim.
Uzatilgan har jomda umr shomini ko’rdim.
Behisht devorin ko’rdim, do’zax tomini ko’rdim.
Ikki qo’limda ikki jomni tutib o’y surdim:
Birida gunoh lim-lim, birida savob lim-lim.
Ey, soqiy! Yana bir bor uzat, ichayin qona,
Qirq birinchi jom ila to’lsa to’lar paymona.
Bir lahza qo’nib o’tdim jahon otli ayvona –
Ko’zlarim kosasinda keturman turob lim-lim…
1991 yil
AMMO SIZGA…
Yulduzlarga qo’l yetsa bo’lar,
Uzib olsa bo’ladi Oyni.
Ammo Sizga yetish qayoqda,
Gadosi ko’p sizning chiroyni.
Siz bariga beparvo, bu on
Xayol qurgan koshonalarda
Tentiraysiz: go’zal bir o’g’lon
Chiqib kelar afsonalardan.
Siz qoshiga chopasiz darhol,
Sochib mushkni, anbariy isni.
U-chi loqayd boqar, ehtimol,
Ertaklarda ko’rmagan Sizni.
Vido aytib so’ng bor umidga,
Tong paytlari yig’laysiz to’lib.
Kunlar o’tib oddiy yigitga
Tegajaksiz oddiy qiz bo’lib.
1985 yil
SEVAMAN
Men seni sevaman, g’uncha labida
O’pichday titragan shabnam misoli.
Men seni sevaman, hijron shabida
Erib ado bo’lgan bir sham misoli.
Men seni sevaman, cho’qqini quchib
Jarlikka osilib turgan qoyaday.
Men seni sevaman, o’zidan qochib
O’ziga ergashib yurgan soyaday.
Men seni sevaman…
O, bundan ortiq
Sevishimni talab qilmagin, gulim.
Bundan ortig’ini etolmam tortiq,
Bundan ortiq sevgi bo’ladi o’lim!
1985 yil
IZLAMANG
Gar ketar bo’lsam meni dashti fanodan izlamang,
Topmagaysiz baribir, yeru samodan izlamang.
Belgi qo’ymangiz mozorim ustiga toshdin, ajab,
Ul nishon bo’lgaymu mendin, har balodan izlamang.
Tuprog’imdin bir sariq gul unsa, bulbul yig’lasa,
Bo’zlasa faryod chekib nay, ul navodan izlamang.
O’zim birla etmagayman aslo g’amni hamroh,
Shul sababdin har bir motamsarodan izlamang.
Izlamang nuri muallaq oftobning husnidan,
Tiyra tundan – mardud, yuzi qarodan izlamang.
Izlamakdin foyda yo’qdir, keldimu ketdim, bu – sir,
Yaxshisi darkor unutmoqlik, baqodan izlamang.
O’tdi umrim o’zligimni anglayin deb, kimligim
Yolg’onchi olam bergan yolg’on bahodan izlamang.
Bir libos erdi Amir ismim azaldan, oqibat
Yechganimda men uni, mendek adodan izlamang.
1995 yil
IKKI GO’SHA
Shahrimda yonma-yon ikki go’sha bor,
Birovi bozoru birovi mozor.
Bir yonda tinchimas shovqinu suron,
Bir yonda abadiy jimjitlik hokim.
Tashvishlar ustidan kulib beomon
Shamol sochib o’ynar qabrlar xokin.
Bir yonda tiriklar molini maqtar,
Marhumlar kafanga o’ranadi jim.
Bir yonda falsafa: joy top, joy axtar,
Bir yonda o’z joyin topgandir har kim.
Tiriklar goh pulga sotarlar imon,
O’liklarga esa zar tuproqqa teng.
Tiriklarga torlik qiladi jahon,
O’liklarga esa bir qabr ham keng.
Foyda, deb jiqqamusht, ey ahli bozor!
Huv anuv go’shaga soling bir nazar!
Ular sizu bizdek yashab o’tganlar,
Tuproq bosib oshin oshab o’tganlar.
Va yana orzusi yozmay turib barg,
Erta xazon bo’lgan qancha juvonmarg.
Yonma-yon yotishar nizosi unut,
Bir-birin g’iybati, ig’vosi unut.
Hasad qilmas g’arib qabrdagi zot,
Marmartoshga ega marhumga, hayhot!
Men bir shoir, dunyo bozorin ko’rib,
Ufqqa boqaman g’amgin o’y surib.
Nahotki tiriklar a’moli riyo?
Dunyo azal shunday yaralganmi yo?
«Biz ham sizday edik, siz ham bizdayin
Bo’lishingiz tayin», degandek mayin,
Uxlaydi o’liklar mo’min, beozor,
Sirli sukunatga cho’madi mozor.
1976-1986-yillar
KALLA SUYAGI OLDIDAGI O’YLAR
Ishongim kelmaydi, shu bosh chanog’i
Bir zamonlar tirik bo’lganligiga.
Quyoshning nurlari o’pib yonog’in,
Ko’zlarida yulduz kulganligiga.
Ishongim kelmas, shu suyak ichinda
Orzular jimirlab oqqandir nahot?
Ikki chuqurchada nur bo’lib chindan,
Olamga hayrat-la boqqandir nahot?!
Bu ko’hna falakning savdosidan lol,
Nimalar haqida o’ylagan ekan?
Bir go’zal ishqida kuyib telbahol,
Gullarni quchoqlab kuylaganmikan?
Ishongim kelmaydi, bir kun mening ham
Suyagimni qo’lga olishlariga.
«Shuyam sevganmikan, chekkanmikan g’am?»
Deya sukut ichra qolishlariga!
1989 yil
DUNYO VA MEN
1
Pishmagan bir boshoq edim, o’rdi charx,
«Nimang qoldi unda?..» deb na so’rdi charx.
«Dilim qoldi…» deyolmadim, inchunin,
Necha mendin ulug’larni ko’rdi charx.
2
Yetishdim: ko’kka ko’z tikib – tuproqqa,
Yelib-yugurib, ranj chekib, tuproqqa.
O’ylaydurman: xurram paytlarim salom
Berdimmi bir, boshim egib tuproqqa?!
z
Vasl istadim – firoq bo’ldi nasibam,
Nafas chiqib bir «oh» bo’ldi nasibam.
«Ey, yoronlar! Qanday odam edi u?..» –
Degan so’nggi so’roq bo’ldi nasibam.
4
Musulmonlar yomonlamas marhumni,
Kulol yasar ayri-ayri har xumni.
Ko’hna bozor, siniq sopol bo’lsam-da,
Boshqalardan kam qo’ymadi narximni.
5
Charx aylanar – armonimga ne parvo?
G’amim, quvonchu shonimga ne parvo?
Osmon o’sha osmon, yer ham o’sha yer –
Uvol ketgan yosh jonimga ne parvo?!
6
O’ylaydurman: qolgay bu jahon mensiz,
Yashaydur el, kechadur zamon mensiz.
Unutishar yaqinlarim birma-bir,
O, men g’arib… O’zimga yomon mensiz.
7
O’lim so’nggi devor emas, yupanch – shu,
Zavolsizdir Ruh – xor emas, yupanch – shu.
Yangi libos kiyganingda hayitda
Eskisi hech darkor emas, yupanch – shu!
8
Sen dunyodan, dunyo sendan judomi?
Labingdagi qotgan so’z ne? Vidomi?!
Degaydirlar: gar imoning but bo’lsa,
Visoliga erishgaysan Xudoning!
9
Imon nima – kech angladim, g’o’r edim,
G’ofil edim, ko’zi ochiq ko’r edim.
Imonsizlar «Sen bizdan!» deb qo’limdan
Yetakladi – peshonasi sho’r edim!
10
Kech angladim: tavfiq nadir, sujud na,
Iloh nadir, ruh nimadir, vujud na?
Ko’garolmay gunohimning qopini
Qolganimda bildim – qo’rquv, umid na?
11
Men olamdan o’tmadim, balki olam
Mendan o’tdi. Emdi mening zuvolam,
Buyuk Kulol ilkidadir, xohlasa
Ko’za yasar, xohlasa yana odam!
12
Sog’inch qoldi yuragimning unida,
Toshdek qotdi jigarimning xunida.
Diydor uchun bu dunyodan ketdim men,
Ko’rishgaymiz Buyuk visol kunida!
13
Ketganimdan g’anim xursand, yo rabbim?!
Ko’rmadilar manim xursand, yo rabbim?!
Ular azob ichra qoldi, manim-chi,
Ruhim ozod, tanim xursand, yo rabbim!
1991 yil
TONGDA BIR BEBAXT QUSHCHA…
Tongda bir bebaxt qushcha
Kaftimga kelib qo’ndi.
Don so’radi, don berdim
Qalbim ushoqlaridan
Suv so’radi, suv berdim
Ko’zim buloqlaridan.
In so’radi, in qurdim
Vujudimda jonimdan.
Ostiga xas to’shadim
Mehrimdan.
Osmonimdan
Bir parcha uzib berdim.
Ne so’rasa – shu berdim,
Barin etdim muhayyo.
Badbaxtlikning tamg’asi
Bo’ynida edi, ayo!
Ammo baxt berolmadim,
Aslo baxt berolmadim.
Shomda u uchib ketdi,
Kaftimni ochib ketdi…
2001 yil
MAKTUB
Mayli, meni Nasimiydek
tovonimdan so’ysinlar.
Yuragimni jahannamning
oloviga qo’ysinlar.
Ammo yo’lim haqdir mening!
Men yo’limdan qaytmasman,
“Sizni sevdim” degan so’zdan
o’zga so’zni aytmasman.
Oshiq bo’lib qolganimni,
mayli, jahon eshitsin.
Shoir qalbda hech qanday sir
qolmas nihon, eshitsin.
Mayli, menga malomatdan
toshlar otsin olomon.
Qaro qonga botsam hamki,
sevgim bilan qolaman.
Ishqingizda o’lsam agar
bir bor qabrimga boring,
Ko’z yoshingiz to’king, mayli,
mozorimni sug’oring.
Qaraymanki, bahor meni
sog’inibdi – kelibdi,
Yuraklarda qotgan o’shal
parcha muzlar eribdi.
Qo’rqmang aslo, yolg’izginam,
sizni tutmasman so’roq,
Yaqin kelib nazar soling
tuprog’imga yaxshiroq.
Maysalarning orsida
o’sib yotar mitti gul.
U – Amirning qabri ichra ichra
sig’magan umidi, gul.
Nechun buncha bezovtasiz,
nechun titrar yuzingiz?
Men shu gulni sizga berdim,
oling, uni uzingiz.
Labga bosib hidlang to’yib,
muhabbatning bo’yi – bu!
Shafaqlarni ufqlarga
yoygan qalbning kuyi – bu!
Yaproqlari garchi za’far,
mug’jalari jiqqa qon,
U – zulmatning kosasidan
toshib chiqqan dard-armon.
Sizniki u, birovlarga
eltib hadya etmangiz,
Olib keting, qabristonga
aslo tashlab ketmangiz.
1986 y
SIZGA YARASHADI
Sizga yarashadi barnolik,
Bizga esa Sizga shaydolik.
Yarashadi bir juft xurmodek
Ko’zingizga nisbat – shahlolik.
Yarashadi bizning ko’ngulga
Ro’yingizdan topmoq ro’shnolik.
Qadimiy Ahdda ham bitilmish
Ikkimiz aro bul oshnolik.
Biz gado qismatin tanladik,
Sizning ilkingizda poshsholik.
Biz sulh tuzmoqni istaymiz,
Sizning istagingiz – yag’molik.
Sizni deb kunlarim qoraydi,
Siz esa doim tongsiymolik.
Sizni deb savdoyi jon bo’ldik,
Falak ishi asli savdolik.
Siz – poklik arshining murshidi,
Bizning sulukimiz – rasvolik.
Gohida porsosiz, gohida
Taqvongiz ters – tavqi tarsolik.
Siz hanuz balanddan tushmaysiz,
Jonga tegmadimi tanholik?
Amirning sevgisi o’lsa-da,
O’chmaydi, chun ikki dunyolik.
2001 yil
BORMI MEN NODON KABI
Bormi men nodon kabi ikki jahon ovvorasi,
Toatda toqat, kufrda maddalar dil yorasi.
Chekdi sarhad ikki kiftim o’rtasida, yo falak,
Bir tomonim bog’ esa, bir yon olov favvorasi.
Tilda tangri zikri, taqvo tasbehi qo’ynimdadir,
Bo’ynimda sirtmoq kabi yor zulfining zunnorasi.
Bir-biriga zid tamosho ikki lavha, ikki darj:
Ol yuzim Ollohdin oydin, nedin manglay qorasi.
Anglayolmay lol erurman, iddaomi muddao?!
Goh o’ng, goh aylanar ters charxning davvorasi.
Teng bo’linmish ikkiga dil yarmi iymon istagay,
Ilinjin botil elidin izlagay bir porasi.
Baski gumrohlik, Amir, qo’ygil oyog’ing bir tomon,
Haqqa yuzlan, dardlaringni bormi o’zga chorasi?
2008 yil
KECHDI UMRING
Kechdi umring, ey g’arib, g’aflatda nodonliq ila,
Har ishingda ming nadomat, ming pushaymonliq ila.
Topmadi qalbing halovat, ruh malomat kunjida,
Tazarru dashtida jisming qoldi sarsonliq ila.
Uqubat chekmoqni oxir bilmayin aysh aylading,
O’ylading kechgay hayot ishratda shodmonliq ila.
Minmasangda kibr otin el dedi kibbor seni,
Unutding goh oyog’ing ostini osmonliq ila.
Sindi chil-chil, toshga urding umrning pok gavharin,
Zulm etding o’z-o’zingga xulqi hayvonliq ila.
To chuqurroq botdi ko’krakka nadomat xanjari,
Chiqmagay joning tanangdan hech osonliq ila.
Kim bilibdi, amridin anduh o’tida kuysa dil,
Endi chekkaysan azob choki giribonliq ila.
2008 yil
YULDUZ USMONOVA MONOLOGI
Samodagi yulduzlarga ko’chsam hamki,
Zulmatlarda shamdek yonib-o’chsam hamki,
Olislarda sendan ayro tushsam hamki,
Daryo bo’lib toshar ko’nglim – sog’inaman,
Ona yurtim, yolg’iz senga sig’inaman.
Sen bo’lmasang, bo’larmidim Yulduz bu kun,
Ishqingda qalb yonar kecha-kunduz bu kun.
Chuqur botdi ko’ksimga bir ildiz bu kun.
Ildizidan uzilsa kim shaksiz so’lar,
Ildizidan uzilmagan chinor bo’lar.
Senga tomon talpinarmen, yuragim – sen.
Har qadamda menga panoh, keragim – sen.
Qayda bo’lmay, sening bitta bo’laging – men.
Kecholmasman sendan, asl o’zligimsan,
Qaro qoshli, qaro ko’zli o’zbegimsan.
Men Vatanni alishmasman dunyolarga,
Alishmasman Parij, Rim, Amirqolarga.
Tuprog’ingning zarrasi teng tillolarga,
Ona yurtim, dildan sevgan dilbandingman,
Xizmatingga kamarbasta farzandingman.
Chiqmay turib shirin joni badanidan,
Kechmas Yulduz o’z elidan, Vatanidan,
Ayro tushmas bulbul ham o’z chamanidan,
Bulbul bo’lib navo qildim bog’laringda,
Garchi qancha alam qoldi zog’laringda…
2008 yil
BUGUN BOR
Kecha yo’q.
Moziyga aylangan kecha.
Erta yo’q.
Ertakdir ertangi reja.
Mavhumlik ichida bari ko’milar,
Ertada kim boru kim yo’q, kim bilar.
Bugun bor.
Bugunda kechgan har bir on
Qanchalar g’animat.
Omonat umr.
Demakki bugundan qilaylik huzur,
Mavjudmizki, kechsin lahzalar shoyon.
Chekmaylik nadomat, boshqasi abas,
Erta O’zi podshoh,
O’zi bosh panoh.
Toki tirikdirmiz, to qaynoq nafas
Qaynoq bo’salarga berarkan imkon.
To yurak urarkan,
Toki tanda jon,
Bugunni, azizam, bayram qilaylik.
Bizdan rozi kechsin oniy lahzalar,
Tomirlarda titroq, qalbda larzalar.
Erta bir gap bo’lar, erta g’amin qo’y,
Kechagi kun hozir bamisoli tush.
Kel, meni erkala, kel, bo’ynimdan quch,
Ko’ksimni kuydirsin olovli og’ush.
Bugunni boy bermoq – baxtni boy bermoq,
Bugun qo’limizga qo’nib turgan qush.
Erta yo’q, jonginam, bugun bor xolos,
Bugunning yuziga yuzlaringni bos…
1999 yil
QAY DILNI OG’RITDIM
Qay dilni og’ritdim bilib-bilmasdan,
Uzr, deyman, axir qilmadim qasddan.
Ranjimoq noo’rin uch turli kasdan:
Aqli g’o’r boladan, telbadan, mastdan.
YASHAYLIK
Yashaylik tinch, ahil, insonlarga xos,
Dushmanlik saodat keltirmaydi, rost.
Adovat olovi do’zax o’tidan
Bir uchqun, bandalar o’tindir xolos.
KOKILINGNI
Kokilingni o’rmish ming bir maloyik,
Zulfingga zanjirmi, zar, nima loyiq?
Ko’kni kuydirganda yuzung partavi
Zulumot pinjiga qochmish xaloyiq…
HAYRONADIRMAN
O’z aqlini boy bergan bir devonadirman,
Oqillarning davrasiga begonadirman.
Bexud, benaf yumushlar-la kechdi hayotim,
Pushaymondan endi naf ne, hayronadirman.
2011 yil
BILMADIM
Bilmadim, she’rlarim eskimi-yangi,
O’chgan-o’chmaganmi bo’yog’i, rangi.
Loyni Vaqt kuloli obdon pishitgan,
Soz erur boz eski xumning jarangi.
AYO YOR
Ilhaqmen, javob yo’q,
ayo yor, ne bo’ldi?
Jom mahtal, sharob yo’q,
ayo yor, ne bo’ldi?
Kutarman yuz asr, ming asr,
kutishdan
O’zga bir azob yo’q,
ayo yor, ne bo’ldi?
QORA MUSHUK
Qora mushuk kesib o’tgan yo’lakni
Kesib o’tging kelmaydi sira.
Qora mushuk kesib o’tmagan
Yo’l qoldimi, dil, bo’lma xira.
Kerak emas g’ashlik,
xavotir,
Qora mushuk – hayot tarzimiz.
U kesgan yo’l bizga ravodir,
Inobatsiz barcha arzimiz.
Har qalay u ola mushukdan
Peshroq deymiz, taskin yaxshi-da.
Axtaramiz ilinj shumshukdan
Umidimiz aylab baxshida.
2.02. 1990.
RUH – BEZAVOL
(“Samoviy ishq”dostonidan parcha)
O’z husningga bo’laverma o’zing mahliyo.
“Men tanaman” deb o’ylama, ey go’zal, aslo.
Kibrlanma va kerilma ko’p deb oshig’im.
Falak nayrangboz, makkora kampir, ochig’i.
Chiroyli qad-qomatingga shaydolar
bir kun Qarisang yo xunuklashsang netarlar
– indamasdan yuz o’girib ketarlar.
Umring otin jilovdori – tanang xohishi.
Chirqiraydi Ruhing tanang talabi bilan,
berding ko’p ozor. Azoblading.
Anglamading. Oliy mohiyat sanalmish
Ruh mangu bezavol.
Bir kun tanang tuproqlarda chirir,
yem bo’lur qumursqalar va qurtlarga,
qolmas hatto so’ngaging.
Zarra-zarra sochilib ketgay
arosatda ado bo’lgan xudbin yuraging.
Sen nafsingning ovvorasi iztirob chekib
izlaydirsan tanang uchun taskin-tasalli.
Tangri bunyod etgay garchi inson zotini
bir tomchi suv – nutfadankim, ammo avvalo
oliy Arshda bino qilar Ruhni va so’ngra
jo aylagay bir zarraga – ilohiy hikmat!
Biz bor-yo’g’i sababchimiz, zurriyodimiz –
Tangridan bir inoyatdir, yaratguvchi – U.
U xohlasa umidimiz ushalgay, illo.
Ochilgaydir orzularning qopqasi– tillo!
Kufr ila arosatda sarson-sargardon
Qiblamizni topgan mahal Haqdan tonmoqlik!
Gunohlarning botqog’idan oyoq uzolmay ya
na Iblis qutqusiga beor ko’nmoqlik!
Ruh g’izosiz qolib ketdi, tanparvar bo’ldik.
Bilmaymizmi, tan Ruh uchun muvaqqat oshyon.
Tan – o’tkinchi…
Ruh – abadiy…
Tangri qoshida ….
“men”ligimiz hosilasi – tanho haqiqat!
Kuyunmagin…
Yig’lamagin….
muhabbat yo’q deb.
Yo’q deb vafo yuragingga botirma tirnoq.
Qalbi so’qir kimsa bilsin qaydan axir
yonib-yonib sevmoqlikni,muhabbat ilmin.
Chuvalchangday chuvalgancha soxta dunyoning
aldovlari, firiblari zanjirida ingrasa aql.
Dimog’ida eshak qurti bolalab yotgan
Devga oshiq bo’lsa gumroh, adashgan ko’ngil.
Ocholmasa qalb ko’zini
Arshdan kelgan toza nasim,
hur shabboda,
musaffo epkin.
Endi u banda badbaxtligin boisini kimdan ko’radi?
Manglayiga osiy degan tamg’a turadi.
Noshukurlik va mahdudlik kishanlarida
bandi bo’lib yotgay, illo, qiyomat qadar.
Kel, azizam, oq qog’ozga to’kilsin kadar.
To’lib-toshib kuylaylik, kel, ilohiy juftlik
Toleyin to boshimizga toj qilsin Osmon.
Kel, go’zalim!
Koinotning oliy burjida qovushgan
Ruh qismatidan kuylaylik doston.
Bir dostonki, muhabbatdan,
boqiy baxtdan,
saodatdan xabar bersin,
Zamin va Zamon quloq ossin
va anglasin Haqdan bu g’oya.
Zero bizning mavjudlikka muhabbat doya.
Chekingaydir zulmat, alam billonihoya.
Oftob porlar,ishq shu’lasin sochgancha sohir.
Shu yog’duda bizlar bormiz, qalbimiz zohir…
25 mart-14 may 2014 yil.
Amir Xudoyberdining Yulduz Usmonova kuylagan «Devonalarmiz» she’rini o’g’irlagan muttaham haqida mana bu sahifada o’qishingiz mumkin
Шоир Амир Худойберди ўзлигини англаган шоирдир
Энг куп Суз бойлигига эга,чиройли маъно яратадиган шоир. Амир худойберди бугунги куннинг энг зур шоири.