Abdusalom Ibrohimov. G’azallar

022

Бундан роппа-роса устоз Нажмиддин Комилов бугун сизга тақдим этилаётган ғазаллар муаллифи ҳақида шундай сўзларни битган эди: «Дард инсонга йўл очади. Дунёдаги ҳар бир иш учун инсон юрагида иштиёқ, ҳавас ва дард бўлиши лозим, дейдилар Жалолиддин Румий ҳазратлари… Дарҳақиқат, шундай эмасми!.. Масалан, буғдой донаси токи ерга тушиб, лойга қоришмас, бағрини чок-чок қилмас экан, у ниш чиқара олмайди, демакки кўкармайди. Худди шу каби дунёда неки катта-кичик яратиқлар, кашфиётлар бор, барчаси дард маҳсулидир. Ҳатто инсоннинг ўзи ҳам… Абдусалом Иброҳимов ғазаллари билан танишар эканман, кўнглимдан беихтиёр ана шундай ўйлар кечди.

567
Абдусалом Иброҳимов
ҒАЗАЛЛАР
045

***

Бу ўтар дунёға эй дўст камсуқум меҳмон бўл,
Майли, олим бўлма, аммо, яхши бир инсон бўл.

Ким ёмонлик қилса сенга, сен Худоға қўй они,
Душмани одам эмас, йўқ, душмани шайтон бўл.

Эчки ҳам қўйнинг оёғи ўзиға сиртмоқ эрур,
Ҳар ёмонга яхши бўлки, бағри кенг осмон бўл.

Неча инсон бошиға тушғай қаро кун сўз билан,
Хулқи хуш ҳам хокисор ҳам сўзи бенуқсон бўл.

Ҳеч киши қолмас жаҳонда, яхшилик қолғай фақат,
Ким тикангул бўлса бўлсин, сен гули райҳон бўл.

Ота-онанг хизматидан қочма жаннат истасанг,
Кексалик чоғида тун-кун дардиға дармон бўл.

Ёз ғазал, Абдусалом, эл-юрт дуосин ол мудом,
Келса ким қошингга йўқлаб суҳбати жонон бўл.

***
Онажоним, сизни меҳмон англасам бўлмасмиди,
Сўз каби меҳмонни шодон айласам бўлмасмиди.

Кўп хато ўйлар эканман сизни ҳеч ўлмайди деб,
Бир қадам ҳам ёнингиздан жилмасам бўлмасмиди.

Сийладим дўст-ошнони, сизга фурсат топмадим,
Аввало сиз бебаҳони сийласам бўлмасмиди.

Ёрга мен парвона бўлдим, ўзгага ёр бўлди ул,
Сиз учун хизмат бажони ўйласам бўлмасмиди.

Ўйласам айтган сўзимдан нега озор чекдингиз,
Сизга хуш сўзларни кўпроқ сўйласам бўлмасмиди.

Дўсту ёрлар суҳбатида Ҳофизу, машшоқ эдим,
Сизга ҳам дилбар қўшиқлар куйласам бўлмасмиди.

Не учун кўз очмадим, оҳ, кетмасингиздан бурун,
Йўлингизга гул поёндоз ташласам бўлмасмиди.

Хоки пойингиз ўпай деб, йиғламиш Абдусалом,
Мадҳингизга эртароқ сўз бошласам бўлмасмиди.

* * *

Шод эрурман мустақил юртим жамолиға боқиб,
Ёш ўғил-қизларни меҳнат ҳалолиға боқиб.

Муҳташам йўллар, саройлар тинч ҳаёт инъомидур,
Фахр этурман топган камолиға боқиб.

Қайси бир кангулға келмас ҳолати бу ифтихор,
Ҳур Ватан осмонида ойнинг ҳилолиға боқиб.

Минг шукр, алҳамдулиллоҳ, тоатим эркин-эмин,
Ким шукр қилмас экан ризқ бемалолиға боқиб.

Ишлаган тишлар дегайлар, ишлаган инсон азиз,
Дилга ибрат келмағайму бир чумолиға боқиб.

Қўлга мен олдим қалам осуда турмуш бор учун,
Қайси бир ерлардаги тинчлик заволиға боқиб.

Нафратим келмиш нечун сен бу қадар жўшдинг дебон,
Кимнидур берган ғалат, қинғир саволиға боқиб.

Не ажаб бадбин одам кир топса тирноқ остидан,
Қўрқмағайман ғоявий душман қуролиға боқиб.

Шу Ватан, шу эл учун ижод қилур Абдусалом,
Эл суяр боғбонни ҳам эккан ниҳолиға боқиб.

***
Жаҳонда кимса борким қолмасин ишқ можаросиға,
Табиблар чора топмас бу касалликнинг давосиға.

Муҳаббат келса ғойибдан кангул оташға тўлғайдур,
Чидарсан токи жон бор ул жафокорнинг жафосиға.

Ўзиға қолса ҳеч ким кечмағай бир зум ширин жондан,
Ва лекин ошиқ эрса, жон берар ўз махлуқосиға.

Туну кун йиғлатиб қон телба қилғай бандани бу ишқ,
Висолидин ўзга бир йўл йўқ онинг тарки балосиға.

Кишиким мол бериб, жон сақламиш душман ҳужум этса,
Ўлиб ҳам кунда юз бор етмағай ёрнинг ризосиға.

Агар ёр этмаса шафқат, синаб кўрмиш бало бирла,
Ўзидин кечмаса, ҳаргиз назар солмас гадосиға.

Бу кеч, Абдусалом ёр ҳажрида йиғлаб, ғазал ёздинг,
Қулоқ сол энди бир дам тонг саҳар булбул навосиға.

* * *
Жон чекмаса ким дилбари жононға етишмас,
То ўзни фано қилмаса, иймонға етишмас.

Кўз нуриға не ҳожат эрур кўр бўлса кангул,
Кўз қон тўкмаса, ишқ аҳли армонға етишмас.

Озори муҳаббат ўлдирур бахти қарони,
Дардиға табиб топмаса, дармонға етишмас.

Дил ёнса агар ишқ ўтидин йўқ анга тоқат,
Тоқат эта билмас киши уммонға етишмас.

Гоҳ шод этадур ошиқ юракни заҳми ҳижрон,
Ишқ маст қилмағон роҳати ҳижронға етишмас.

Ошиқ элиға эришадур ёр истағонлар,
Ким ёр истамас, йўл узра сарбонға етишмас.

Хуммори висол оғриғини чораси ашъор,
То Абдусалом ул моҳитобонға етишмас.

026

023

(Tashriflar: umumiy 171, bugungi 1)

Izoh qoldiring