Атоқли аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 10 март куни вафот қилганларини эшитиб, бу нурли инсон ҳақига Қуръони Карим тиловат қилдим, Аллоҳдан содиқ бандасини ўз раҳматига олишини сўрадим. Шайх ҳазратлари билан учрашуву суҳбатларимни, менинг таклифим билан истиқлол арафасида «Камалак» нашриётида «Имон» номли китобларини нашр этган пайтларни эсладим. Кутубхонам тўрида сақланаётган аллома совға қилган китобларни олиб, варақладим. Шайхдан улкан мерос қолди, бу мерос асрларча Ислом оламининг энг нодир хазинаси сифатида эъзозланишига шубҳам йўқ. «Хуршид Даврон кутубхонаси» интернет саҳифаси марҳумнинг оиласи ва яқинларига таъзия изҳор этади.
Ҳамдардлик муждалари
Россия Федерацияси Мусулмонлар идораси ва Россия муфтийлар кенгаши раиси, шайх Равил Ғайнуддин шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафоти муносабати билан барча мусулмонларга ва олимнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этди.
“Устоз Муҳаммад Содиқ ўзидан минглаб шогирдлар, илмий китоблар қолдирди. У умрини Исломнинг ҳақиқий йўлини ўрганиш ва тушунтиришга бағишлади. Унинг шогирдлари орасида Ўзбекистоннинг ислом ўқув юртларида ўқиган, ҳозирда Россияда забардаст бўлган 10дан ортиқ олим мавжуд. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф доимо халқ билан бирга эди, оддий мусулмонлардан ўзини олиб қочмасди”, дейилади Россия мусулмонлари идораси сайтида чоп этилган ҳамдардлик билдирувида.
Ижтимоий тармоқларда дунёнинг бир қанча диний арбобларининг ҳамдардликлари эълон қилинган.
Жумладан, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам ҳамдардлик изҳор этаркан, марҳумнинг чечен халқининг ҳақиқий дўсти бўлганлигини таъкидлаб, у зотнинг хотираси учун пойтахт Грозний шаҳридаги кўчалардан бирига Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилишини маълум қилган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (ҳафизаҳуллоҳ) хазратлари 1952 15-апрел куни Андижон вилоятида таваллуд топган.
Ўрта мактабни тугатгач, Бухоро шаҳридаги «Мир Араб» мадрасасига ўқишга кирди.
Сўнгра Тошкентдаги имом Бухорий номли Ислом олий маъҳадида таҳсилни давом эттирди.
Олий маъҳадни битиришлари биланоқ «Совет шарқи мусулмонлари» журналида ишлади.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларини Ливия Араб Республикасининг Триполи шаҳридаги Исломий даъват факультетига ўқишга юборди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мазкур факультетни 1980-мелодий санада имтиёзли тамомлаб, юртга қайтди.
Сўнгра шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг ташқи алоқалар бўлимида ишлаб, айни пайтда Олий маъҳадда дарс бердилар. Кейин мазкур маъҳадда мудир ноиби, сўнгра мудир лавозимларида ишлади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф диний идоранинг 1989-йилда бўлиб ўтган Умумий қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси лавозимига тайинланди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф собиқ совет Олий кенгашига депутат этиб сайланди.
Шайх ҳазратлари собиқ совет иттифоқи президенти Михаил Горбачёв ҳамда Олий кенгашга собиқ совет иттифоқи мусулмонларининг ҳаёти ифода этилган баённома тақдим этди.
Шайх ҳазратларининг кўплаб талабларига биноан, Горбачёв собиқ иттифоқдан ҳаж сафарига борадиган мусулмонларнинг сони кескин ошириш ҳақида қарор қабул қилди.
Бундан ташқари, ана шу даврда шайх ҳазратлари мусулмонларнинг тақдирини ҳал қилувчи катта миқёсдаги ишларни ҳам амалга оширдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари совет делегацияси аъзолигида бир неча давлатларга сафар қилди.
Президент Горбачёвнинг таклифи билан афғон мужоҳидларининг Пешовардаги вақтинча қароргоҳига бориб, афғоний жиҳод қўмондонлари билан музокаралар олиб борди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўз саъй-ҳаракатларини собиқ иттифоқ мусулмонларининг диний ҳуқуқлари, диний таълим ва маданиятини тиклаш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга йўналтирган эдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси бўлдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қатор халқаро ислом ташкилотлари, жумладан:
— Макка шаҳридаги Ислом олами уюшмасининг таъсис мажлиси аъзоси;
— Дунё тасаввуф уюшмаси аъзоси;
— Дунё мусулмонлар уламолари кенгаши аъзоси;
— Исломобод шаҳридаги Бутундунё ислом уюшмаси аъзоси;
— Дунё масжидлари уюшмаси аъзоси;
— Иорданиядаги Оли Байт ташкилотига қарашли Исломий фикрлар академияси аъзоси ҳисобланган эди.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф сўнгги йилларда илмий ва даъватга ҳамда диний маданиятни оширишдаги фаолият билан машғул эди.
Аллоҳ раҳмат қилсин!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг жанозаси Тошкентдаги Шайх Зайниддин жоме (Кўкча) масжидида пешин номозидан кейин ўқилди. Жоме масжиди атрофи эрталабдан одамлар билан лиқ тўлди.
Жаноза намозига марҳумнинг ўғли Исмоил Муҳаммад Юсуф имомлик қилди.
Жаноза намози олдидан нутқ қилган Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов забардаст олимнинг вафотини “бутун Ислом оламининг улкан мусибати” деб атади.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анварқори Турсунов эса улуғ алломанинг вафотини “осмоннинг ерга қулаши”га менгзади.
Алишер Назар
БИР ТОҒ ҚУЛАДИ
Ҳозиргина дунёдаги энг яхши бир одамни, беназир алломани, ориф ва ошиқ бир зотни тупроққа қўйиб қайтдик. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 63 ёшларида, ҳабиби ва дастгири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшларида Ўзининг ҳузурига кетдилар. Бу зот миллатнинг ва умматнинг чироқларидан бири эди. У бугун учди! Қалбимиз ва кўнглимиз зулматда қолди. Кутилмаганда, ҳаммани, уни чин дилдан яхши кўрадиганларни доғда қолдириб кетди.
Мен минглаган мусулмонларнинг кўзларида ёш, юзларида мислсиз ғам-аламни кўрдим. Уларнинг ҳаммасининг дилида бир гап эди: бўлиши мумкин эмас! Лекин минг ваҳки, шундай бўлди.
Аллоҳо, Шайх ҳазратларига Фирдавс жаннатларидан жой ато қилгин! Сени ва Сени яхши кўрганларни яхши кўрганимиз учун, бор-йўғимиз – шу муҳаббатимиз учун улуғларингнинг шафоатига ноил эт!
Рамзан Кадыров
Ассаламу алайкум! По воле Всевышнего Аллаха завершился жизненный путь Шейха Мухаммада Содика Мухаммада Юсуфа. Ушёл в праведный мир великий человек, посвятивший всю свою жизнь изучению Священного Корана и Сунны Пророка (с.а.в). Он передал свои бесценные знания ученикам во всём мире. Шейх был близким другом моего ДОРОГОГО ОТЦА, известного во всем мире религиозного деятеля, Первого Президента ЧР, Героя России Ахмат-Хаджи Кадырова. Их дружба зародилась в годы учёбы ОТЦА в Ташкентском исламском институте имени имама Бухари. Мухаммад Садык был его преподавателем. Шейх до последнего дня хранил память об ОТЦЕ, приезжал на все наши мероприятия, посещал нашу семью. Кончина шейха большая утрата для всего исламского мира! На всё воля Аллаха! Во всех мечетях и населенных пунктах Чечни читают молитвы в память о шейхе. Я принял решение назвать его именем одну из улиц Грозного. Да смилостивится Аллах над шейхом, да откроются перед ним двери Вечного Рая!
БУ ШЕЪР ЭМАС, НОХУШ ХАБАРНИ ЭШИТГАНДАН СЎНГ ДИЛИМНИ ҚУРШАГАН ИЗТИРОБДАН БИР ҚАТРА!
НОГОҲОНИЙ ДАРД
Шайх Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф оламдан ўтди!
Ногаҳон оғриқдан зирқираб кетди,
Мусулмон шажарнинг теран илдизи.
Шайх Муҳаммад Содиқ бизни тарк этди,
Тарк этди – рафиқлар қалбини эзиб!
Бир мустар кечада шамоллар увлаб,
Келтирди менга энг нохуш хабарни.
Юрагимнинг ярми қон ютиб йиғлар,
Оғир сукунатга ғарқ бўлди ярми.
Валлоҳ! Дийдор истаб кетди ул ҳазрат,
Ғафлат қўйнидамиз, ухлаб ётибмиз.
Ўзига етмоқчун берган умрни,
Арзонга сотибмиз, текин сотибмиз.
… Маънодор кўзлари, ўйчан нигоҳи,
Сўнгги дам нелардан бердийкин мужда?
Бизга изтироб-ла боққан шубҳасиз:
Шулар ўлмай туриб қилса деб сажда.
Бу дунё янада камбағаллашди,
Бир ҳикматли зотин қўйгач йўқотиб.
Одамлар сезмайди – кўзлари бойли,
Тургач тонглар отиб ва кунлар ботиб.
Азизлар сизни деб заққумлар ютди,
Тафаккур қилинг ва инсофга келинг.
Аллоҳ назар қилиб турган лаҳзалар,
Кўнглингизни очиб дуолар қилинг.
Аллоҳ, муршидимиз қайтариб олдинг,
Энди қийиб қўйма руҳнинг таомин.
Ул бандангни ўзинг раҳмат айлагин,
Ва бизларга раҳм айлагин, омин.
Омин!
Сирожиддин ИБРОҲИМ
10 март, 2015 йил
ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ ҲАЗРАТЛАРИ ХОТИРАСИГА
Оламни ғам босди, мунғайди олам,
Яна ҳам касалманд кўринди дунё.
Чеҳраларга кўзёш қадади алам,
Зулматга чўккандек қорайди само.
Қайғудан қалбларга қамалди фарёд,
Бўғизни куйдирди оловлар, чўғлар.
Илму ихлос ила ҳамиша обод,
Эгасиз қолгандек ўксинар боғлар.
Мусибат азобин айтайин десам,
Тилимдан ҳар томон қочади сўзлар.
Куч топиб, ҳушимга қайтайин десам,
Ёмғирга айланар исёнкор кўзлар.
Юрак ёниб борар, оҳлар ёнади,
Кўксимда тўлғонар исмсиз йиғи.
Қалбим бу дунёдан, дундан тонади,
Чуқурроқ санчилар айрилиқ тиғи.
Бир олим оламни тарк этди, ҳайҳот,
Дилнинг мотамига бўлмайди чидаб.
Сен менга жавоб бер, эй фоний ҳаёт,
Қани айт-чи, менга, қаддингни тиклаб!
Сен қандай дош бердинг, минг йиллар аввал
Расулим (САВ) ўлимга юз бурганида?!
Қандай ғам кўтардинг – шундай бир маҳал,
Валийлар ажалга тик юрганида?!
Бир олим оламни тарк этди, минг оҳ,
Азоби шунчалик аламли, оғир.
Эй дунё, мени сени тушундим шу чоғ,
Сенинг яраларинг қанчалик оғрир!
Ўлим – охиратга қўйилган қадам,
Ўлим – висол сари яқинлаб бормоқ.
Ҳақнинг дийдорини соғинган одам
Ўлимдан топади иқболин порлоқ.
“Мен ўлсам, йиғламанг, – деди Мавлоно –
Висол кечасига шошаётирман.
Гоҳ тоғдек, гоҳ саҳро кўринар дунё,
Иккисидан юриб, ошаётирман”.
Мана, тоғдан ошиб, саҳродан юриб,
Дарёлардан сузиб ўтдингиз, Ҳазрат.
Ҳеч кимга бир оғиз калом айтмасдан,
Сўнгги манзилга ҳам етдингиз, Ҳазрат.
Балки қалбингизга келгандир хабар,
Балки Ҳақ бу дамни этгандир илҳом.
Аммо чин қулларнинг тийнати камтар –
Жимгина ўз ишин айлайди тамом.
Шунчалик меҳрингиз юксакми эди –
Шунчалик порламиш дилингизда ком:
Расули акрамдан (САВ) ҳаё қилгандек
Олтмиш учда умр бўлмишдир тамом!
Илм булоғидан сув олган Сизсиз,
Ташна эл дардига бўлдингиз малҳам.
Илмингизнинг нури сўнмагай асло,
Гарчи офтоб каби ботдингиз шу дам.
Сиз бир офтоб каби ботдингиз асли
Мусулмон юракнинг шафақларига.
Илмингиз олмоснинг нақшидай , Ҳазрат,
Битилмиш мўмин дил варақларига.
Дуолар йўллаймиз, Қуръон ҳам, алҳол,
Эҳсон, ихлослининг ниятлари соф.
Эй соҳиби очиқ номаи аъмол,
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф!
Акром МАЛИК
Шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳ ҳақларига бағишланади.
Совуқнинг сасидан сесканди юрак
Қалблар чок чокидан сўтилиб кетди
Динни боши узра тутгувчи тиргак
Устуни бу кунда йиқилиб кетди
Бўғзимда сўзимиз, босиб хаяжон
Тиқилиб чиқолмас фарёдлар унсиз
Эгасига тутиб омонати жон
Ортидан қолдилар томи устунсиз
Булоқлар кўз очиб тўхтамай оқса
Ёмғирдан шалобо бўлди дилларим
Нахот ўтмиш бўлиб бизларга боқса
Бугундан яхшийди ўтган кунларим
Паришон хаёллар изғийди харён
Изғийди эгасиз қолгун сурувдай
Қадрига етмадик Сарбон бир инсон
Ортида қолдикку кетдилар сувдай
Чироқлар ёнмоқда кунлар ўтмоқда
Қуёш хам манзилга қўяди бошин
Ё Раб! Мижжаларда қонлар оқмоқда
Қайга яширсинлар кўздаги ёшин!
Осмондан тушақол рахмат ёмғири
Сепилган уруғлар қаддини тутсин
Куч тўплаб тик турсин хар бир болдири
Оғир юк залворин муносиб тутсин
Қанча оғир юкни кўтарган устун
Кўрмаган инсонга мисоли эртак
Ёмғирдан қониб ич навнихол дўстим
Тиргакдай етишса ажабмас куртак
Ислом Оламидаги улуғ алломалардан бири эдилар. Аллоҳ Ўз раҳматига олсин!