Denov: E’tirof va ehtirom

Ashampoo_Snap_2016.12.25_17h27m31s_001_.png«Денов: эътироф ва эҳтиром. Тошкент, ”Тафаккур”нашриёти, 2014, 500 нусхада. Тўплаб нашрга тайёрловчи: Тожиддин Раззоқ. Муҳаррир: Исроил Шомиров

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари номзоди Тоштемир Турдиевнинг номини мамлакатимиз адабий жамоатчилиги яхши билади. Ушбу китобга толмас тадқиқотчи ва адиб   Тоштемир Турдиев ҳақидаги мақолалар жамланган.

АДАБИЁТ ЖОНКУЯРИ
(Сўзбоши ўрнида)

Биз Тоштемир Турдиев билан бир замоннинг одамларимиз. Шунинг учун ёшимиздаги бир-икки йиллик фарқ ҳатто билинмайди. У мени иззат қилиб ”Абдулла ака!” дегани билан мен уни ”Ука” демасдан, ”Дўстим!” дейман.
Аммо бу ҳаётда ҳамма тенгдошлар ҳам дўст бўлиб кетавермайдилар.
Тоштемирнинг энг катта фазилати адабиётга фидойилигидир. Шунинг учун ҳам у 30 ёшнинг нари-берисида халқ оғзаки ижодидан номзодлик ишини муваффаққиятли ҳимоя қилди.
Мен Тоштемирнинг Раъно Узоқова ҳақидаги тадқиқотларини жуда қадрлайман. Тадқиқотчи олим сифатида Тоштемир Раъно Узоқованинг адабий жамоатчиликка номаълум ижодий фаолиятини тиклади ва бу ҳақда ”Субҳидам қалдирғочи” деб номланган жуда чиройли китоб ёзди. Бу хайрли ишнинг давоми сифатида Тоштемир Турдиев Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев билан ҳамкорликда Раъно Узоқованинг энг сара асарларини алоҳида китоб ҳолида чоп этди. Бу китобнинг тайёрланиши ва чоп этилишида Тоштемир Турдиевнинг ҳиссаси катта бўлганлигига шахсан гувоҳман.
Тоштемир Турдиевнинг ўзбек адабиёти олдидаги яна бир катта хизмати унинг ”Алпомиш” достонининг Сурхондарё вариантини ёзиб олиб, алоҳида китоб ҳолида чоп этганлигидир.
Адабий жамоатчилик орасида Тоштемир Турдиевнинг ўз ўрни бор. Бу ажойиб дўстимиз қарийб 50 йиллик ижтимоий фаолиятини адабиётга, маърифатга бахшида қилди. Олимимизга раҳмат деймиз!

Абдулла ОРИПОВ
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири.

034

«ДЕНОВ: ЭЪТИРОФ ВА ЭҲТИРОМ» ТЎПЛАМИГА
КИРГАН ШЕЪРЛАР ВА МАҚОЛАЛАРДАН НАМУНАЛАР
077

ТОШТЕМИР АКА — БУЮК ОДАМ

Бир тоифа бор—донишманд, доно,
Улар илми элга машъал доимо.
Эъзозла уларни то бор имконинг,
Билимларни ўрган токи бор жонинг.
Сенга айтар ёмон-яхшини улар,
Улардир оламда сара, эзгулар.
Хаёлингда бўлсин билимлари ҳам,
Улар учун этма ширин сўзни кам.
Юсуф Хос Ҳожиб

Тоштемир ака ўзига, демакки, кўнглига яқин одамларнинг исми-шарифини айтмасдан, уларга ”Буюк” деб мурожаат қилади.
Шу муносабат билан битта тафсилот: Кўп йиллар элнинг назаридаги вазифаларда ишлаган, лекин илтифот ва эҳтиром сингари олийжаноб фазилатлардан узоқ бўлган бир акамизга Тоштемир ака қандайдир муносабат билан ”Э, сиз буюк одамсиз!” дебдилар. Ҳамма бало шундаки, Ҳалиги акамиз ”буюк” деган сўзнинг луғавий маъносини билмас эканлар. Бироз жим қолиб, нима бўлса бўлсин деб, ”Э, Тоштемир ака, сиз ҳам буюксиз!” деган экан. Чунки ўша одам мендан ”Буюк дегани нима дегани?”, деб сўради. ”Нега мендан буни сўраяпсиз, нима ўзингиз билмайсизми?” десам, ”Тоштемир ака мени ”Буюксиз” деди. Не қиларимни билмай ”Э, Тоштемир ака сиз ҳам буюксиз дедим”. Ўшанда мен: ”Тўғри айтибсиз, Тоштемир ака буюк одам!” дедим ва бу таъриф тўғри!
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод айниқса, умрининг охирида ёлғизланиб қолганини яқинда менга айтиб беришди. Агар хотирам менга панд бермаса, Тоғай Муроднинг қиссалари, романлари оммавий ахборот воситаларида тақриз ҳам қилинмади. Аммо ёзувчи оламдан ўтгач, биз Тоғай Муроднинг нечоғлик… буюк ёзувчи эканлигини фаҳмладик. Ва газеталарда саҳифа-саҳифа мақолалар чоп этилди ва бу… эътироф ҳамон давом этмоқда.
Мен кўп ўйлайман: нега бундай… эътирофлар, ҳаяжонли кайфиятда ёзилган мақолалар Тоғай Мурод ўтмасдан олдин ёзилмади? Ахир ”Агар бировга ҳурматингиз бўлса, буни унинг ўзига билдириб қўйинг!” мазмунидаги муборак ҳадисга нега амал қилмаймиз? Ў Ғафур Ғуломнинг машҳур ”Бир оғиз ширин сўз—нондек арзанда!” деган гаплари тўғрими? Шунга ўхшаяпти шекилли.
Қаранг, Тоғай Мурод ўзи ҳақидаги бир-биридан қизиқ, ажойиб мақолаларни ўз кўзи билан ўқиганида қанчалар хурсанд бўлар, кўнгли кўтарилар эди.
Ана шу нуқтада устоз Тоштемир Турдиевнинг биз—кўпчиликдан устунлиги, баландлиги, яъни ўзларининг иборалари билан айтганда ”буюк”лиги яққол кўриниб қолади.
Қаранг, яқинда Сўфи Аллоҳёр ҳазратларидан ўқидим: Бировга яхшилик қилмаслик, ўша одамга ёмонлик қилиш билан… тенг турар экан! Ва биродарингизга айтган бир оғиз ширин гапингиз, ҳатто табассумингиз ҳам садақа, хайр, яна яхшилик ўрнига ўтар экан!
Мен Тоштемир акани кўп, жуда кўп йиллардан бери биламан. Ёшлигимизда биз устоздай бўлишни орзу қилардик. Кейин, тақдир насиб қилиб, Тоштемир ака билан ҳамкорликда бирга ишладик. Ҳатто ака-ука, устоз-шогирд даражасига бориб етдик.
Мен устозни иш юзасидан турли вазиятларда кузатганман. Ва бирор марта устозни бирор киши юзи у ёқда турсин, орқасидан ҳам сўкканини, ҳеч бўлмаганда аччиқ гап айтганини эшитмаганман.
Ахир ҳаётда одам турли вазиятларга, турли кайфиятларга тушиб қолади. Иймонли, эътиқодли одамларга қараганда бировга озор бериб, таскин топадиган одамларнинг кўпроқ эканлигини кўриб турибмиз. Тоштемир акага биров Қаламислик қилганда ҳам, устоз ”Ахир ўртада Аллоҳ бор-ку!” деб ҳовурини босадилар. Нима, Тоштемир аканинг жаҳли чиқмайдими, аччиҚи келмайдими, шундай пайтларда устоз ўзларини Ғоят вазмин тутадилар ва юқорида таъкидланган иборани айтадилар.
Имом Бухорий ҳазратларидан ўқидим: Шариатда энг зўр одам ғазабини жиловлай оладиган одам экан! Биз эса бўлар-бўлмасга, осмонни бошимизга кўтарамиз ва нодонлик қиламиз. Ахир, бу дунёда содир бўлаётган катта-кичик гапларнинг… Бизнинг кайфиятимиз, шовқин кўтаришимиз билан нима иши бор! Йўқ, сўкинсак, бировга танбеҳ бериб, дилини оғритсак, дунёнинг ишлари ўзгариб қолади деб ўйлаймиз. Ва бу ҳаракатимиз билан бир биродаримизни ранжитамиз, ҳам ўзимизни бу гуноҳнинг азобига гирифтор қиламиз.
Мен кейинги пайтларда бирон ҳолатдан жаҳлим чиқса, дарҳол устознинг хотиржам қиёфасини кўз олдимга келтираман-бирдан ўзимга келаман.
Мен кўп йиллардан бери шеър ва ҳикоялар ёзиб юрганим билан ўзимни ижодкор, яъни шоир, ёзувчи деб ҳисобламайман ва бу даъводан узоқдаман. Аммо, адабиётни, ижодкорларни, хусусан, деновлик ижодкорларни бир қадар биламан. Кўпчилиги билан бевосита танишман.
Мен сизга айтсам, бадиий ижод аҳли доим ҳам бир-бири билан апоқ-чапоқ бўлиб юрмайди. Чунки, ҳар ким ўзича-зўр! Йўқ, зўр бўлиш, яъни яхши асарлар ёзиш, яхши, лекин бундай ажойиб одамнинг ўзгаларни инкор этишини… ҳеч тушуна олмайман.
Ана шу… бир-бири билан чиқишмайдиган ижодкорларнинг ҳаммаси мунтазам равишда устознинг ҳузурига ошиқадилар, интиладилар, ёзганларини устозга маъқуллатиб оладилар. Чунки, устоз ижод аҳлини иззат-икром қиладилар, илтифот кўрсатадилар. Шунинг учун Деновнинг ҳамма ижодкорлари доим устозга талпинадилар.
Мен ҳали Денов ижодкорлари… деяпман. Тошкентдан Сурхондарёга оёғи етган қалам аҳллари ҳам Тоштемир аканинг суҳбатини олиш учун албатта Деновга келадилар.
Бундай фазилатга эга бўлмоқ учун одам албатта буюк бўлмоҚи керак. Шунинг учун Тоштемир акага нисбатан ”Буюк!” деган таърифда мутлақо муболаҚа йўқ деб ўйлайман.

Хурсан ХОЛИҚОВ
”Ўзбекистон халқ таълими ҳомийси”
нишони совриндори.

ДЕНОВНИНГ ЁШИНИ АНИҚЛАШГА ДОИР

Денов шаҳри Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида жойлашган бўлиб, Марказий Осиёдаги ўтмишда Бақтрия-Тоҳаристон деб аталмиш ҳудуддаги қадимий шаҳарлардан бири ҳисобланади.
Унинг заминида Сополли деган давр бронза асрига тўғри келади. Бу ердан аввалги икки минг йилликнинг ўртасига — 3-3,5 минг йил аввалги даврга дахлдор сопол буюмлар топилди.
Ўша даврга оид биринчи манзилгоҳ Қизилсув дарёсининг бўйида, яъни ХVI-ХVII асрларда қад кўтарган Денов қалъаси ўрнида бўлган. Шу жойда XX асрнинг 60-йилларида таниқли олима Г.А.Пугаченкова томонидан сополлар йиғиндиси топилган ва уни илк ўрта асрларга оид деб, нотўғри талқин қилинган эди (1965 йилда чоп этилган “Холчаён” асарига қаранг). Аслида эса бу сополлар милоддан аввалги икки минг йил аввалиги бронза даврига мансуб эди. Кейинчалик, XX асрнинг 70-йилларидаги менинг қидирув ишларимда, Қизилсув ёнбағридан ўша даврга оид қабр қолдиқлари топилган бўлиб, унинг асосида биз Деновни Марказий Осиёдаги энг қадимий давлатлардан бири қаторига киритдик (Менинг “Марказий Осиё цивилизацияси давлатлари, маданияти” деган китобимга қаранг).
Л.Сверчков ва С.Страндлар томонидан бронза асрига ва илк темир даврига, яъни милоддан аввалги биринчи минг йилликка мансуб баъзи бир манзилгоҳлар Денов атрофидаги Қорахон деган ва бошқа жойлардан топилган.
Шу топилмалар асосида биз милоддан аввалги иккинчи ва биринчи минг йилликларда Денов шаҳарга айланиб, унинг ҳудудида ҳаёт гуркираб яшнаган ва унинг ўрни катта майдонни эгаллаган, деб айта оламиз.
Милоддан аввалги VI-IV асрларда, яъни Ўрта Осиёнинг жанубий ҳудудлари Аҳамонийлар подшолиги тасарруфида бўлган чоҚида ҳам бу жойларда ҳаёт бир меъёрда яшнаб турган. Бунга мисол қилиб Денов атрофида биз учратган баъзи бир манзилгоҳларни кўрсатиш мумкин.
Грек-Бақтрия подшолиги, милоддан аввалги 2-3 асрларга келиб, Қизилсув дарёсининг ўнг қирғоғида, Деновнинг бўлажак қалъаси жануброғида, бизгача етиб келган баланд тепалик ўрнида, ерли халқ ўртасида Калламинор деб номланган жойда катта манзилгоҳ — шаҳар пайдо бўлади. Бу шаҳар милодимизнинг IV-V асрларигача яшаб келган. 10-12 метрли маданий қатлам буни тасдиқлайди.
Барча ашёвий далиллар шуни кўрсатадики, Калламинор Чағониён ҳудудидаги катта шаҳарлардан бири бўлиб, балки у марказий шаҳар -Далварзинга тобе бўлгандир.
Шу даврга келиб, Деновнинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган Холчаён ўрнида Кушон империяси ҳукмронлик қилган пайтда йирик шаҳар пайдо бўлди.
Илк ўрта асрлар (V-VIII а.)да Чағониённинг пойтахти Қизилсув-нинг Сурхон дарёсига қўшиладиган жойга кўчиб, Будрачтепа ўрнида қад кўтаради. Олимларнинг тасдиқлашларига кўра, Будрачтепадаги шаҳар Чағониён деб аталиб, вилоятнинг пойтахти ҳисобланган.
Денов атрофидаги сақланиб қолган тепаликлар, ўша йилларда шаҳарнинг у ер, бу ерда кўпгина манзилгоҳлар мавжуд эканлигини тасдиқлайди.
XIII аср бошларида Чағониён мўғул истилочилари томонидан вайрон қилинади ва кейинчалик Будрачдан шимолроқда, ўишттепа ўрнида яна янги шаҳар тикланади.
Ёзма манбаларнинг хабар беришича, XVI аср бошларига келиб илк бор “Деҳ-и нав”, яъни “Янги манзилгоҳ” ёки тўғрироқ айтганда, Денов номи пайдо бўлади. У ўз навбатида, аста-секин ўса бориб XVI — XVII асрларга келиб, янги шаҳар пайдо бўлади, оқибатда вайронага айланган “эски” Чағониён шаҳар деган мавқеини тамомила йўқотди. Бу жой Денов деб аталиб, Сурхондарё вилоятининг йирик ва ўз ўрнига эга бўлган шаҳри сифатида гуркираб яшаб келмокда.
Шундай қилиб, ҳозирги Денов шаҳри пайдо бўлганига уч ва ундан ҳам кўп минг йилликлар, яъни милоддан аввалги икки минг йилликнинг ўртасидан бугунги кунга қадар яшаб келаётганлиги археологик далиллар асосида тасдикданмокда.
Шу боисдан ҳам биз Деновнинг ёши 3-3,5 минг йиллик тарихга эга, деб ҳисоблаймиз.
Адабиётшунос олим Тоштемир Турдиев Денов хақида 6 та китоб ёзиб, Деновнинг ўтмиши, бугуни ҳақида тўғри фикрларни билдирганлигини эътироф этса бўлади.

Эдвард РТВЕЛАДЗЕ
академик, тарих фанлари доктори.

097

ҚАДИМИЙ ДЕНОВ ҲАҚИДА

Баланд тоғлар, тўлиб-тошиб оқаётган дарёлар ва серҳосил ерларга бой, Оллоҳ томонидан яратилган Сурхон ерига илк бор 1989 йилда келган эдим.
Ўша йили дўстим Баҳодир Турғунов ва мен Токионинг Сока университетида ишлаётган чоғимда иккиёқлама шартнома тузиб, Буюк ипак йўлини ўрганиш бўйича асосий объект қилиб Далварзинтепани танлаган эдик. Иш бошлаш билан бирга, Турғунов билан биргаликда Далварзинтепада икки қаватли бинони тиклаб, унга «Катонинг уйи», деб ном бердик ҳам.
6 йиллик (1989-1994 йиллар) шартнома асосида иш олиб бораётган чоғида гавжум Денов бозорини, унинг ёдгорликлари Саид Оталиқ мадрасасини, Денов қалъасини, халқ ҳунармандларининг ижодлари билан танишгани Денов шаҳрига тез-тез келиб турдик.
Шу йиллари Турғуновнинг ташаббуси билан Холчаён қишлоғига бориб, у ердаги бир неча тепаликларни кўриш ҳам насиб этган эди. Унга қадар профессор Галина Анотольевна Пугаченкованинг Холчаёндаги ишлари, у ҳақидаги ёзган китоблари билан танишиб чиққан эдим.
Бу сафар келганимда ажойиб ҳайкаллар топилган Хонақотепа ўрнини танимай қолдим, чунки у тепалик томомила йўқ бўлиб кетибди.
Бу ажойиб ёдгорликни сайёҳлар келиб кўришлари учун сақлаб қолишганда яхши бўларди деб, жуда ачиндим. 1999 йилдан бери, мана 10 йилдирки, мен эски Термиз ичидаги Қоратепа ёдгорлигида ишламоқдаман. Шу йиллар ичида мен япон сайёҳларини Деновга тез-тез олиб келиб турдим.
Дўстим Турғунов туфайли мана шу йили, яқинда, яна бир бор Холчаёнга келиш насиб этди. Бу сафар ҳам менга салкам 4 гектар ерни эгаллаган қадимий шаҳар ўрни Қорабоғтепанинг ярми ҳам қолмаганини кўриб ҳайрон қолдим. Бу тепалик бузилаётганлигининг гувоҳи ҳам бўлдим.
Шундай бўлса ҳам, бир неча кун мобайнида у ерда қазилма ишларини олиб бордим ва ажойиб топилдиқларга дуч келдим. Мени бир нарса жуда хурсанд қилди. У ҳам бўлса ерли халқнинг бизга бўлган самимий муносабатлари, болакайларнинг сопол синиқларини олиб келганликлари, уй бекаларининг ўзлари тайёрлаган мазали таомлари билан мени ва менинг учта япон дўстларимни меҳмон қилганликларини кўриб тасаннолар айтган эдик.
Топилмаларим ичидан мен бир сопол парчасини, унда уч бурчак, чўққа қирра ҳолатдаги қалпоҚи билан ўтирган ҳолда Кушон подшоҳининг тасвирини ва унинг икки томонида эгик турган, юнонликлар либосида, тасвирланган иккита аёлнинг қиёфаларини, урчуқ боши, нафис сопол идиш-товоқ бўлакларини, мис тангаларини санаб ўтмоқчиман.
Мен келгунга қадар дўстим Турғунов ўтган йили Денов ҳокимлигининг ҳомийлигида бироз қазилма ишларини олиб бориб, бир-биридан ажойиб, оғирлиги 400-500 кг келадиган тошдан ўйиб ишланган, Рим ва юнон архитектура обидаларида учрайдиган тагкурсиларни топиб, қазиб қўйган экан. Улар ҳам қазилган бўйича ўз жойида турибди.
Худди шунга ўхшаш 10 тадан зиёд тагкурсилар Қорабоғтепадан 500 метрларча узоқликда жойлашган Холчаёндаги Хонақо тепалигидан ҳам топилиб, улар 41-ўрта мактаб музейида жойлаштирилган экан. Бундай тошлар Термиздаги Айритом, Қоратепа, Фаёзтепа деган буддавий ёдгорликларда ҳам кўп учрайди. Мен АфҚонистоннинг Сурх-хўтал, Хадда ёдгорликларида ҳам кўрган эдим. Улар милоддан аввалги III-I асрларга мансубдир. Мен кейинги йилларда Ўзбекистонда бир неча шаҳарлар -Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қарши, Шаҳрисабз, Марғилоннинг ёшлари аниқланиб, юбилейлар ўтказилганлигини яхши биламан.
2003 йил эса Термиз шаҳрининг 2500 йиллик тўйида шахсан қатнашиб, Ўзбекистон Президенти билан ёнма-ён туриб, яқиндан танишиб ҳам олдим.
Бу сафар Деновга келиб, оз бўлса ҳам қазилма ишларига ўз ҳиссамни қўшиб, Денов ҳам ўзининг минг йиллик тўйини ўтказишга арзигулик шаҳарку, деб ўйланиб қолдим. Унинг 2300 йиллик осори атиқалари борлиги шубҳасиз.
Бу ҳакда Денов туман маънавият-тарғибот бўлими раҳбари Тоштемир Турдиев билан учрашиб, суҳбатимиз чоғида гаплашиб олдик ва мен ҳам бу ишларга ўз ёрдамимни беражагимни изҳор қилдим. Мен жуда суюндим, яқинда 90 баҳорни қаршилаган бўлсамда, бу ишларга ўз улушимни қўшишга бел боҚлаб, ўша тўйда қатнашиш насиб этсин, деб Яратгандан тилаб қоламан.
Мен барча Сурхон аҳлига, деновликларга “Катта раҳмат”, ҳеч чарчаманглар”, деб қоламан.

Кюдзо КАТО
Сока университети профессори, Япония.

КЎНГИЛЛАР ДОИМ ГУМБУРЛАБ ТУРСИН

Тоштемир Турдиев — Денов туманининг Тўхтамиш кишлоғида туғилган, эллик етти ёшда. Филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Кўплаб илмий тадқиқот китобларининг муаллифи. Яқинда машҳур Хўшбоқ бахши Мардонақул ўғлидан “Алпомиш” достонини ёзиб олиб, “Ёзувчи” нашриётида ўн минг нусхада чоп этди. Уч ўғил, бир қизи бор. Жону-дили — неваралари: бир кун кўрмаса касал бўлиб қолади.
— “Бешинчи қаватда беш дақиқа”лик суҳбатга хуш келибсиз.
Анъанани бузмаймиз: сизга “беш”нинг нимаси ёқади?
— Аввало, тоқликда илоҳий маъно бор. Кейин: “беш” — оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас. Меъёр — мунтазамлиликка кафолат. Бу туркумни Саид Аҳмад аканинг бошлаб берганлари эса ҳаммасидан яхши бўлди.
— Сиз Саид Аҳмадни яхши кўрасизми?
— Биз у киши билан кўп йиллардан бери биродармиз. Лекин гап бунда эмас: ахир, “Уфқ”ларни йиҚлаб ўқиганмизку! Масалан, мен адабиётимизни “Уфқ”сиз тасаввур қилолмайман.
— Мана, “Тўртинчи ҳокимият” деган гаплар тилга тушиб кетди. Мухбирлик сизга бегона эмас. Ҳатто, “Қалб кўзи” жамоатчилик кенгашининг аъзосисиз. Саволни одобсизликка йўйманг, қайси нашрларга обунасиз, қайси газеталарни мунтазам кузатиб борасиз?
— Адабий газета ва журналларнинг ҳаммасини оламан. Чунки, Тошкент билан Деновнинг ораси етти юз километр—адабий жараённи доим ҳис қилиб туришим учун булар керак. “Жаҳон адабиёти” билан “Тафаккур”ни қайта ўқиш учун қўлим етадиган жойда сақлайман. “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил этилмаганда маънавиятимиз кемтик бўлиб қолар эди.
— Мен ҳам негадир шу журнални яхши кўраман. Лекин шарққа қараганда Қарбнинг посангиси са-ал босиб кетаяптими, дейман. Ҳай, майли, борига шукр қилиб турайлик. Гапимиз яна адабиётга бурилиб кетаяпти. Раҳбар сифатида айтинг: “Тўртинчи ҳокимият” намоёндалари ўз салтанатини қурдими?
— Бу саволингизга “ҳа!” десам менинг ҳақим кетади, “йўқ!” десам сизнинг ҳақингиз кетади. Шўро замонида Ўзбекистоннинг саноқлигина газетаси бор эди. Мустақилликнинг саккиз йилида матбуот нашрларининг сони беш юздан ошиб кетди. Демоқчиманки, бугун мамлакатимиз мухбирларнинг катта лашкарига эга: улар зўр бериб ишламоқда. Чунки мухбирларнинг орқасида Президентимиз туриптилар. Бу жуда катта гап ва катта… Имконият! Масалага шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, мухбирлар доим ҳам имкониятлардан фойдалана олмаяптилар.
— Қайси маънода?
— Мухбирлар Президентимиз сиёсатининг барқарорлигини таъминлашга сафарбар этилганлар деб биламан. Ўзбекистон жаҳон андозаларига интилмоқда. Эришилган натижаларни бутун жаҳон кўриб турипти ва мамнуният билан эътироф этмоқда. Қисқа пайт ичида мамлакатимизнинг иқтисоди ва сиёсатидаги устивор йўналишлар мутлақо янги ўзанларга тушиб кетди. Ўзингиз айтинг, бундан саккиз йил олдин хусусий мулк эгасини биз ҳатто тасаввур ҳам қилолмас эдик — хаёлимизга сиғмасди.
— Ҳамма газеталар фермерлар ҳақида мақолалар беряптику?!
— Тўғри-и… Дарё янги ўзанларда мавж уриб оқмоҚи учун аввало у ўзига йўл очиши керак. Демоқчиманки, мухбирларимиз дарёнинг мавжига маҳлиё бўлиш билан бирга бу дарёнинг йўлидаги Қовларни олиб ташлашга ҳам ҳисса қўшишлари керак-да! Иқтисодий ислоҳотлар ҳамма туманларда ҳам осонгина амалга ошаяпти деб бўлмайди: мулкдорлар шундай катта тўҚаноқларга рўпара келяптики, охир оқибат уларнинг кўпчилиги тушкунликка тушишгача бориб етишмоқда. Фермер қарсиллатиб даласида меҳнат қилишнинг ўрнига идораларда ранги сарҚаймоқда, банкларда куни ўтмоқда, сон-саноқсиз назоратчи-тафтишчиларнинг қовоҚига қараб қолмоқда. Бугун қайси мухбир мен фалончи фермернинг муаммосини ҳал қилиб беришда жонбозлик кўрсатдим деб мақтанолади?
— Бу гапларингизнинг ҳаммаси тўғри, лекин сиз катта талаблар қўяётган мухбир жанобларининг ҳам битта жони бор, бундан ташқари у ҳам одам — яшаши, бола-чақасини боқиши керак.
— Яшанг, шунинг учун мухбирликнинг қаттиқ нонига қаноат қилган одамларгина бу йўлга кирсин-да! Мухбирликни ҳам чидаганга чиқарган. Ёзиш осон эмас.
Ўзимдан қиёс. Одамнинг ёши ўтган сари ёзиш қийинлашиб бораверар экан. Баъзан, соатлаб шалоҚи чиққан машинкамга термулиб ўтираман. Сўнг тирқираб кўзимдан ёш чиқиб кетади. Кўз олдингиздан бутун олам чекинади. Сўнг секин-секин машинка чиқиллай бошлайди, ке-етди… Бир жойга бориб тўхтайсиз—бармоқларингизнинг ўзи исми шарифингизни ёзади. Силлангиз қуриб, чўзилиб қоласиз. Лекин руҳ учқулоқлаб туради. Хуллас, руҳни вужуддан халос қилмасангиз ҳеч нарса чиқмайди-да. Эсингиздами, бу жараённи Бистомий ҳазратлари илоннинг пўст ташлашига ўхшатадилар.
— Қаранг, мухбирлик ҳақида гаплашаётган эдик. Чалғиб кетдик: Хаёл сачради-да. Бешинчи қаватнинг меҳмони сифатида барибир истакларингизни тинглаймиз.
— Аввало, “Қишлоқ ҳаёти”га янги рукн муборак бўлсин. Яхши ишлар ҳеч қачон назардан четда қолмайди. Бу билан кейинги пайтларда “Қишлоқ ҳаёти”нинг мазмуни ҳам, мундарижаси ҳам хайрли тарафларга юз бурганини эътироф этмоқчиман. Бундан буёққа газета номига муносиб бўлиши керак. Чунки, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги мамлакати—халқнинг асосий қисми қишлоқларда истиқомат қилади. Халқ газета саҳифаларида ўзини топиши керак. Қайси куни Муҳаммадали Қўшмоқбойнинг булунҚурлик Амин бахши ҳақидаги мақоласини ўқиб мазза қилдим-қойил! Шундай достонимиз, шундай бахшимиз, шундай мухбиримиз борлигидан кўнглим кўтарилиб кетди. Алпомиш Бойчиборни миниб бир дарадан ўтса, ўша дара а-анча пайт гумбурлаб турар экан. Сиз билан бизга Алпомиш бегона эмас. Тўғрисини айтсам, Амин бахши ҳақидаги ўша мақола кўнглимни гумбурлатиб юборди. Мухбир укаларимга Алпомишнинг қувватини, Бойчиборнинг қанотини тилайман.
— Раҳмат, Тоштемир ака, илоё, фаришталар “омин!” деган бўлсин!

Мезбон: Тожиддин РАЗЗОҚ.
“Қишлоқ хаёти” 1999 йил 20 август.

ТОШ ВА ТЕМИР
Тоштемир ТУРДИЕВГА

Одамлар бор ичи тош ва кўмирдир,
Одамлар бор иши — Қимир-Қимирдир.
Одамлар бор бурч ва маслак бобида,
Ҳаргиз емирилмас тош ва темирдир.

Андак лутф қилдим, Тоштемир оға,
Сиз — бир ўзани кенг, қуримас дарё.
Сизга Алпомишнинг ўзидир тоға,
Сизга Термизийлар бариси — бобо.

Сирожиддин САЙЙИД
Ўзбекистон Халқ шоири

 

ДЕНОВДАГИ УЧ ДАРАХТ

Муаззам Деновда, Алоуддин Аттордек валий, закий зотлар абадий макон тутган қутлуғ заминда бир-бирига кўп ўхшайдиган ва айни пайтда бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган уч ижодкор яшайди ва ижод қилади. Бири Тоштемир Турдиев, иккинчиси Зойир Мамажонов, учинчиси эса Тожиддин Раззоқдир. Учовига ҳам алоҳида ҳурматимиз бор. Учовининг ҳам иззатини жойига қўйгимиз келади. Бироқ кўпинча бу ишнинг уддасидан чиқа олмай қоламиз. Агар биз уларнинг иззатига етолмаган бўлсак, бу муҳтарам устозларни Худо иззат қилсин!
Вақт тўхтамаётир (тўхтамайди ҳам!). Чунки унинг жилови соҳиби замон қўлидадир. Вақтнинг шиддатига далил шуки, яқиндагина қадалган ниҳоллар улкан дарахтларга айланиб улгурдилар. Вақт ўтган сари бу уч устоз ҳам тобора салобатли бўлиб, баланд дарахтлар янглиғ юксалиб бормоқдалар. Улар яхшиликдан бошқа барча нарсаларнинг бевафо эканлигини, бинобарин заволга маҳкум эканлигини англаб етган одамлардир. Бу ҳақиқатни улар узоқ ва жудаям узоқ юриб топишган. Бугун улар ўтган-кетганга яхши гап айтиб турибдилар. Биз (мен) бу кунларни ҳам ғанимат билайлик (билайин).
Айтганча, ёшимиз ўтган сайин битта оддий ва завол билмас ҳақиқатни англаяпмиз: одам деганлари бу дунёда бор-йўҚи бир оғиз яхши гапнинг гадоси экан. Бошқа барча нарсалар яхши гапнинг олдидан салом бериб ўтаверсин экан.
Айтганларимга балки қўшиларсиз, балки қўшилмассиз ҳам: биз айтаётган шу уч устоз ҳам қўлларидан келганча, ақллари етганча ўтган-кетганга яхши, фойдали гапларни айтиб туришибди. Шу кунлар ҳам кўп ғаниматдир.
Бу уч устоз кўп йиллар бўлдики, журналистиканинг, адабиётнинг оғир юкини баҳоли қудрат елкалаб келадилар. Шу йўлнинг, шу улуғ манзилнинг бир оддий корандаси бўлганликлари учун ўзларини, ҳаттоки, бахтиёр сезадилар ҳам. Нақадар яхши.
Бу одамлар (учовлон) нинг қай бири билан суҳбатлашсангиз ҳам кўнглингиз ором топади, таскин олади. Ёшимиз улғайиб билдикки, бу ўтар дунёда таскин ҳам бир улуғ давлат экан. (Дарвоқе, шу ўринда ақлимиз етганча бир маслаҳатни айтамиз: ҳаргиз учови билан бир вақтнинг ўзида суҳбат қуришни ихтиёр қилмасангиз дегандик. Чунки учта ажойиб ҳамда бетакрор китобни, ҳаттоки, улар ҳар қанча қизиқарли ва мазмунли бўлса-да, бир вақтнинг ўзида ўқий олмайсиз-ку! Шундайми? ) Шунинг учун бир мухлис сифатида улар билан алоҳида–алоҳида суҳбатлашишдан завқ оламиз ва сизга ҳам тажрибадан келиб чиқиб шуни тавсия этган бўлардик.
…Буюкликка даъвогар, бироқ ҳали-ҳамон буюкликнинг машаққатли сўқмоқлари ва чакалакзорлари оралаб бораётган барча қаламкашларга, ижод аҳлига Тоштемир бобо Турдиев одатда шундай юзланади:
— Ҳа, буюк қалайсиз? Ижодингизга гап йўқ, қойил, буюксиз! Хўш бизга қандай топшириқлар, хизмат бор? Ҳеч тортинмасдан айтаверинг, буюк!
Бироқ бўлажак буюклар учун ёлғизгина шу илтифотнинг ўзи кифоя қилади. Йўғ-е,кифоя қилади нимаси, балки етиб-ортади ҳам. Илтифотнинг бундай ёруғлигидан бўлажак буюклар гоҳида азбаройи ҳурсандчиликдан довдираб ҳам устознинг шу гапларидан ҳатто, май ичмай туриб ҳам сархуш бўлиб қоладилар. Чунки Тоштемир бобо айтар гапини маромига етказиб, ўрнини, жойини топиб ва томир-томирингизга қуйиб гапиради. Бунинг илдизларини маҳоратдан, кўп йиллик тажрибадан, давра кўрганликдан, қолаверса, одамгарчиликнинг баландлигидан изламоқ керак, деб ўйлаймиз.
Тошлардан-да, қаттиқ, темирдан-да, мустаҳкам Тоштемир бобо бугун етмишинчи баландликдан кутилмаганда дадил ва илдам одимлаб бораётир.Бу баландликка кимдир (кечирасиз) ўрмалаб, кимдир беллари букилганча инқиллаб, энкайиб-энкайиб ва бутун оғирлигини заранг ҳассага солиб келди. Тоштемир бобо (ака) эса ўктам, худди алп йигитлардек , худди навқирон генераллардек тетик одимлаб етиб келди. Агар сочларининг қордек оқарганлигини ҳисобга олмасак, йигитлик шиддати устозни ҳали тарк этмагандек таассурот қолдиради кишида, қутлуғ бўлсин, устоз!
Одатда узоқ-яқин томонлардан Денов (Сурхон)га томон йўлга чиққан одам (ижодкор)ларнинг бирлари Тоштемир бобонинг, бирлари Зойир Мамажоновни, бошқа бировлари эса Тожиддин Раззоқни қора тортиб келадилар. Келганларнинг баридан шу уч устоз ҳолини, йўлини, мақсад-матлабини очиқ кўнгиллик билан сўрайди. Шу одамларни деб азим Деновга келганларнинг кўнгли томон иш юмушларини ҳам бир ёнга қўйиб, шу уч устоз пешвоз чиқадилар.
“Э-э, ҳеч бўлмаса, бир кун аввал айтмабсиз-да, мен зарур иш билан фалон томонга кетаётиб эдим”, деб ёки бўлмаса, “Узр энди, озроқ бетобман…“ қабилида баҳона важ айтмайдилар. Улар дийдор тортиб келаётганларнинг қадрига ва иззатига барибир етадилар. Чунки улар (устозлар) оқил одамлар сифатида шуни яхши биладиларки, дийдорни ҳаргиз кечиктириб бўлмайди. Чунки бу дунёда дийдор ҳам ғаниматдир.
Денов деган музофотда шиғил ҳосилга кирган уч дарахт бор: улар Тоштемир Турдиев , Зойир Мамажонов, Тожиддин Раззоқлардир.
Деновда уч қизиқарли ва мазмунли китоб бор: улар Тоштемир Турдиев, Зойир Мамажонов, Тожиддин Раззоқлардир.

Маҳмуд АБУЛФАЙЗ
“Термиз оқшоми”,
2012 йил 23 апрель.

ҚУЁШИМ ЯҚИН

Мен чўпон таёғин қўлтиққа қисиб,
Адирда юрган бир қишлоғи бола.
Кафтида Сурхоннинг сувини ичиб,
Қамиш най қўлимда қилади нола.

Термизий хокини кўзига суртган,
Шоирларим бордир, чопган омадим.
Момақалдироқдай гумбурлаб ўтган,
Шукур оғам билан Тоғай Муродим.

Менинг кўксим осмон, қуёшим яқин,
Ғурурим тоғ қадар, қалбда номус, ор.
Усмон Азимдайин юраги чақин,
Менинг Сирожиддин Саййидларим бор.

Мудом шеърга ташна кўксимда юрак,
Сўз кутиб яшайди аршу аълодан.
Кўринмай гуллашни ўрганмоқ керак,
Хокисор Шафоат Раҳматуллодан.

Баъзан баҳор бўлиб, баъзида ёмғир,
Болта Ёри келар кулиб эшикдан.
Мен ҳамон излайман соғиниб дилгир,
Эшқобил Шукурни ”Олтин бешик”дан.

Шоир нони қаттиқ, эзгудир матлаб,
Тақдири азалда шу эрур ёзиқ.
Саксондан сакради чунон бир ҳатлаб,
Боладай беғубор Болтажон Содиқ.

Жайҳун бир ёнда-ю Сурхон бир ёнда,
Узоқдан ўзига чорлар соҳиллар.
Тоштемир Турди бор Чағониёнда,
Меҳмонга бошлайди Сафар Кокиллар.

Бу юртда янтоқ ҳам таратар ифор,
Тойчоғи Амударёдан сакрайди ўтиб.
Чайлада улғаяр мисоли баҳор,
Боласи бешикда шеърлар эшитиб.

Исроил ШОМИРОВ
”Сурхон ёшлари” газетаси бош муҳаррири, шоир.

05

09

(Tashriflar: umumiy 527, bugungi 1)

Izoh qoldiring