Alpomish. O’zbek xalq qahramonlik dostoni

Ashampoo_Snap_2016.12.23_15h04m01s_004_.png   Алпомиш. Ўзбек халқ қаҳрамонлик достони. Т, «Тафаккур» нашриёти, 2014. Айтувчи: Хўшбоқ бахши Мардонақул ўғли — Ўзбекистон халқ бахшиси. Ёзиб олиб, нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи: Тоштемир Турдиев — филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Сўнгсўз муаллифи: Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон. Нашр учун масъул: Исроил Шомиров — ”Сурхон ёшлари” газетаси бош муқаррири. (Нашр ҳақида, сўзбоши ва сўнгсўз билан мана бу саҳифада ҳам танишиш мумкин)

Халқ оғзаки ижоди дурдоналари гўё булоққа ўхшайди. Аждодларимизнинг миллий-маънавий мероси асрлар оша яшаб келмоқда. Ўзбекнинг ори, тантилиги, ғурури, юртга муқаббати ва улуғ дардини ўзида акс эттирган ”Алпомиш” қаҳрамонлик достонининг Сурхои воҳасида яратилган нусхаси сайқалланган ва тўлдирилган ҳолда китобхонларга тақдим этилмоқда.Мурод битта — достонни китоб ҳолида ўқишни истаганларни мамнун этиш! Аминмизки, бу улуғ достон мутолааси, ундан баҳрамандлик бизни халқимизнинг теран илдизларига туташтиради, ёш авлод кўксини осмон қадар улғайтиради, юракда юртга садоқат туйғурини камол топтиради.

АЛПОМИШ
Ўзбек халқ қаҳрамонлик достони
Айтувчи: Хўшбоқ бахши Мардонақул ўғли
Ёзиб олиб, нашрга тайёрловчи: Тоштемир Турдиев
03

Дўмбирам қўлга ушлайин,
Дўстлар кўнглин хушлайин.
Арзимни тингланг, халойиқ,
”Алпомиш”ни бошлайин.

Ҳўў, азизлар, айтмоқ биздан, эшитмоқ сиздан, айтадиган бўлдик. Ўн минг уйли Қўнғирот элдан, ҳозирги Сурхон воҳасининг дили — Бойсуннинг бундан минг йил илгариги номи Хўжаиқанд эди, янтоғлари шакар, қанд эди. Шунинг учун Хўжаиқанд аталган. Кейинчалик у Хўжанд бўлиб кетди. Алпомиш шундай юртда даврон суриб ўтди.
Алпомишнинг авлодини айтадиган бўлсак, бош бобосини Добинбий де-йишар, Добинбийнинг Олпинбий деган ўғли бор эди. Олпинбийдан иккита ўғил бўлиб, бирови Бойбўри, иккинчиси Бойсари эди. Бойбўри Хўжаиқандда бек бўлди. Бойсари эса беш минг қўйли бой бўлди.
Бойсарихон акасининг қошига келиб, ҳў Бойбўри, менинг қўйларимни томоша қил, серкаларимни томоша қил, кейин бир таърифини айт, деб ҳам эдики, укамнинг кўнгли изза бўлмасин, деб Бойбўрибек айтиб қолди:

Сўм-сўм тилла, сўм тилла,
Сувга солса ботмасин.
Худо берган давлатинг,
Тепкиласа кетмасин.
Қўшоғининг бошига,
От чоптирса етмасин.

Қўйинг қўйни жойласин,
Карсан қуйруқ бойласин.
Эгиз-эгиз эгиз тув,
Эринмасанг учов тув.
Бировини Ҳасан қўй,
Бировини Ҳусан қўй,
Бировини Ёқуб қўй,
Буйнига мунчоқ тақиб қўй.

Шуйтиб, булар бек экан, бой экан, битта айби бор экан: икковиям бефарзанд — афгор экан.
Бир куни Бойбўрининг кўнгли изза бўлиб, алами тоза бўлиб, фалакдан шикоят қилиб, Бойсарининг қошига борайин, Оллоҳ таолодан бир фарзанд тилайин, деб яна кўзидан қатор-қатор ёш тизилди, кўнгли бузилди. ”Эй дунё, сенга келиб кимнинг кўнгли шод бўлди, кимники ношод бўлди? Менга шунча мол-давлат, бахт бердинг, тожу тахт бердинг. Ўлар вақтимда орқамда қоладиган бир зурёдим бўлмаса, тобутимнинг сояси, ўлигимнинг эгаси бўлмаса, бу дунёнинг, бу ташвишнинг менга нима кераги бор? Эгам, мени қайларга отдинг, мунча йиғлатдинг?” — деб фалакдан шикоят қилиб, бедов отининг белига миниб, Бойсарининг уйига бораётган жойи экан:

Ерда қолар бўлди жасад,
Мен қилдим маккора касофат.
Йиғлайман зор-зор, найлайин,
Ҳаққа етсин бул муножот.
Кўрган кунларим-а зиёда,
Қолдим толесиз, пиёда.
Кўзимга дунё тор эди,
Нима гуноҳим бор эди?..
Бўшади бекнинг уяси,
Кимга тегади сояси.
Бир зурриёдим бўлмай,
Охиратга юзлансам,
Ким ўлигим эгаси?..
Бир хиллар келди-я дунёга .
Олам эски, кимлар яшар,
Яйловга сиғмас от билан.
Кимларда ул, қиз— давлат,
Кимлар — ҳур, паризод билан.
Кимларда қўра-қўра мол,
Сурувга сурув қўй билан.

Кимлар овунишиб ўтар,
Маърака-тўй, обрўй билан.
Мен шўрликни адо этдинг,
Жилатиб охир, ”вой” билан.

”Дод!” деганча Бойбўри,
Дардга дармон тилайди.
Кўзларида шашқатор,
Тўйиб-тўйиб жилайди.

Қийғир деган қушлар бор,
Кўринмайди қияда.
У шўрликнинг дардлари,
Аламлари зиёда.
Бу нимадан, ёронлар,
Савдо тушибди бошига.
Шуйтиб борганин билмас
Бойсарибек қошига.

Ана шунда Бойбўри қаддини букиб, зор-зор ёш тўкиб, укаси Бойсарининг ўтовига тушиб: ”Ў, оғам-а, бу дунё менга торлик қилди. Ошинг ҳам керагамас, гўшинг ҳам керагамас, Қўнғирот отинг ҳам керагамас, хайр десанг, тулпор отингни минасан, мен билан шикорга инасан, қуш овлаб, кийик овлаб юрагимиздан бир черни чиқармасак нима деган киши бўламиз? Сендаям бир зурёд бўлмаса, мендаям бир зурёд бўлмаса, ким бўлиб ўтамиз бу ноқис дунёдан? Оллодан тилайлик. Хизр юрган чўлларга гашт қилайлик”, — дебди.
Анда Бойсари ҳам шундай зорланган эмасми: ”Хайр, ака, менга ҳам беш минг қўй бергунча битта қиз берса бўлмасмиди?” — деган гап оғзидан чиқди. Шунда иккови иккита тулпор отни миниб, отларга маъмиз бериб, Туркан дар-ёсидан кечиб, Хўжаиконга етди. Сўна-суқсур овлаб бир тўбанинг устига чиқиб, иккаласи ҳам ерга топпа-топпа тайлади, отларини гулмихга бойлади. Шуйтиб, ўзлари тўбанинг устига чиқиб ётганиди, Бойбўрининг кўзи уйқуга кетди. Тушида уч киши келиб: ”Тургин, Бойбўри, оҳинг Худога етди, сенга Оллоҳ бир ўғил, бир қиз берди, уканг Бойсарига бир қиз берди, у ёғини Оллоҳ билади, жойингдан тур, хушхабарни ол”, — дегандай бўлди. Бойбўри чориллаб жойидан туркалиб, кўзидан қатор-қатор ёш тизилиб, кўнгли бузилиб: ”Тур, Бойсари, оҳимиз Худога етди”, — деб Бойсарига айтаётган сўзи:

Ўзи эди мени зор-зор йиғлатган,
Ўзи эди мендан зурёд тилатган,
Ўзи эди катта тоғни қулатган,
Ўзи эди тоғлардан ҳам йўл очган.
Ўзи эди Одам Ҳаво яратган,
Ўзи бўлди, оғам, мени юпатган.
Шоирларда бийрон-бийрон тил бўлар,
Бир худонинг зикрин айтса авлиё,
Мен шўрликка битта қизу ул бўлар.
Меҳмонингнинг еган оши туз бўлар,
Дунёнинг зийнати сизу биз бўлар.
Овмин дегин, қўлинг очгин, оғажон,
Сен оғамга зар кокиллик қиз бўлар.
Хурсанд қилай қувнаб ўсган элимни,
Хизр бобом боғлагандир белимни.
Берганига шукр қилай, оғажон,
Ҳақ йўлига қурбон қилай молимни.

Бойсари ҳам бу гапни эшитгандан кейин кўзидан қатор-қатор ёш келиб, иккаласи қучоқлашиб кўришиб, отларига қайта миниб, мамлакатга келиб, Бойбўри тахтига ўтириб, кўрган тушининг таъбирини айтиб, олти ой тўй бериб, деди:

Фидо айладим жонимни,
Оллоҳ берди армонимни.
Арзим эшит, Хўжанд эли,
Айтай энди имконимни.

Шоирлардайин куйладим,
Ажаб сўзларни ўйладим.
Учта зурёдинг-а ҳурмати,
Зиндонда ётган-а қулларни,
Барисин озод айладим.
Дуолар билан чечилсин,
Мард одамнинг кишани.
Фарзанд бўлади, бўйингдан,
Ота-энанинг-а нишони.
Қўлинг очиб дуо қилгин,
Гала ўзбекнинг эшони.

Қуйди саврнинг жоласи,
Ҳаққа етгандир ноласи,
Қўлин очиб дуо қилди,
Жажжи Ҳакимнинг холаси.
Ботир бўлади, оғалар,
Одамзотнинг чайири.
Отларга чап бермайди,
Оққан дарёнинг айири.
Қўлинг очиб дуо қил-а,
Тоштемирдайин шоири.
Ошпаз, ошингни пиширгин,
Тушмай ароба устидан,
Гўшпаз, гўштингни пиширгин,
Тушмай ароба устидан,
Бу дунёда мен кўрмадим
Одамнинг бағри бутунин.
Қозонни қўйгин чўлларга,
Чиқсин-а осмонга тутуни.

Ҳалоллаб берган-а тузлари,
Шундай бошланди сўзлари,
Энди келсин-да қошига,
Оллоҳ берган Бойбўрига,
Уллари билан қизлари.
Даврага чиққин ўйинга,
Қўнғирот элининг қизлари.
Осмонда ёруғ ойи бор,
Яратган Худойи бор.
Қорин-қоринда мойи бор,
Яна олдига қўйгали
Хум чойнакларда чойи бор.
Курашга чиққан полвонга
Тўқсон сурувда қўйи бор.
Ола бергин борлиқни,
Устига ортган зари бор.
Яхши қизларни танлайвер,
Сизга борғининг зўри бор.

Ана шунда ҳў қаранг, раста-раста, одам тўлиб кетди баланд-пастда, қўй сўйиляпти, сурнай чалиняпти, қозон қўйиляпти, полопон дудиллаяпти. Қўнғирот-жуз, бутун ўзбек мамлакати Чилвир чўлини, Ҳовдак кўлини босиб кетди. ”Шундай адолатли пошшога ҳам худо фарзанд берсин-а! Хушхабарига олти ой тўй берса, зурёдлари дунёга келса, яна олти ой тўй беради. Етим-есирларнинг бари тўйиб қолади. Худоё, яхшига берсин!” — дейишиб, баччағар, ҳамма даштга чиқиб кетди. Қозон қўйилган, қўй сўйилган, одамлар гала-гала келаяпти, товоқлар тўртов ора қуйилаяпти. Нафси ёмоннинг ўрти куяяпти: ”Жувонмарг ўлгур калвачча, нарироқ”, — деб тумшуғига туртаяпти. Энажон, билмасам деб, оғизни дастурхонга суртаяпти. Ана шунда Бойбўри билан Бойсари, бирови курашга борлик берса, бирови кўпкарига борлик бераяпти, бойликнинг олдида нима? Мана шундай қилиб, тўй ўтаверсин, Оллоҳ таолонинг карами билан, тўққиз ой, тўққиз кун ўтиб Бойбўрига биттагина фарзанд ато этди. Бойсари хонадонида ҳам шу куни фарзанд туғилди — бир қизгина! Шунда қаранг, саҳар-саҳар тушида бир одам келиб: ”Ҳу-у, Бойбўри, тилаган мақсадингни худо берди, отини Ҳакимбек қўй, — деди. Ул мамлакатингга бек бўлади”. Бойсарига: ”Қизингнинг отини Барчин қўйгин, икковинг қуда бўлгин”, — деди. Ана шунда Бойсарибой қизини йўргаклаб олиб келиб, тахтда ўтирган Бойбўрига берди. Шунда қиз фарзандининг юзини очиб кўриб, Бойбўрининг кўзидан қатор-қатор ёш тизилиб, кўнгли бузилиб, устихони эзилиб: ”Бунинг боиси бор эдики, икковини Оллоҳ таоло жуфт қилиб яратибди-да!” — деди. Ана энди Ҳакимбекни ҳам кўтариб келиб қўлига берди, шунда Бойбўри билан Бойсарини таърифлаб уларга деди: ”Қани, қўшиқ айтадиган созандаларим, бир қўшиқ айтиб халқнинг кўнглини хушласаларинг бўлмайдими?” — деб эди, созандалар ғиринг-пиринг қилиб, у ёғини чертиб, бу ёғини тортиб тайёрлаётувди, менга ўхшаган бир бахши созанда айтди: ”Эй тўхта, сен тайёр бўлгунча мен, ”қуллуқ бўлсин”ни берайин”, — деб дўмбирасини дарров қўлига олиб, Бойбўрибекнинг саройида икковига ”Қуллуқ бўлсин” қилаётган жойи экан:

Қурбон бўлайин, бегимжон,
Сенинг бир қадди-бўйингга.
Тақдир қилиб меҳмон бўлдик,
Олти ой берган тўйингга.
Хизр бобода-я бойлаган,
Билдим, Султоним, белингиз,
Қуллуқ бўлсин, бегимжон,
Ҳакимбек деган улингиз.
Тонг юлдуздай порлайди,
Бегижон, икки кўзингиз.
Хўжанд элга ош берасиз,
Бош бўлиб, бегим, ўзингиз.
Қуллуқ бўлсин-ай, бойбобо,
Ойбарчиндайин қизингиз.
Осмондаги ёрқин ойи,
Иноят қилди худойи.
Энди жаннатдай бўлди,
Бойбўрининг ўсган жойи.
Фарзандига дуо қилсин-а,
Ҳакимбекнинг қиблагойи.
Танага сиғмас сийнаси,
Сира бўлмасин гуноси.
Ҳакимбекни дуо қилсин,
Кунтуғмушдайин энаси.
Обод бўлсин-да рўзғори,
Янаям обод бўлсин-да,
Хўжанд-Қўнғирот шаҳари.
Хизрнинг бордир назари,
Гавҳарлар бордир-а тилингда,
Муҳринг бордир-а қўлингда,
Саломат яша, Бойбўри,
Ўсиб Қўнғирот элингда.
Минг йилларгача ўлмагин,
Хўжанддай ўсган-а элингда.

Мана, азизлар, ойдан ой ўтди, кундан кун ўтди. Ҳакимбек билан Барчиной тўрт ёшга етганда Бойбўрибек Ҳакимбекнинг қўлидан ушлади. Бойсари ҳам қизининг қўлидан ушлади. ”Домуллани чақириб келиш бизга тўғри келмайди. Устозни чақириш мумкин эмас. Одамлар қатори бизам мадрасага борайлик”, — деб беклик тахтидан тушиб, Ҳакимнинг қўлидан отаси Бойбўри ушлаб, Бойсари қизининг қўлидан ушлаб, иккови домланинг қошига бориб: ”Ҳў, домлажон, мана, фарзандларни сизга топширдик”, — деб домлани хушлаб, икки оғиз сўз дейишди:

Энди сизга бўлар фарзанд хизмати,
Ҳаққа етган бу лофининг фарёди.
Ҳаким болам — Қўнғиротнинг авлоди,
Қошингизда Али мўмин зурриёди.
Зурёдимни энди сизга топширдим.
Ўзбек дейди асли зоти,
Ўзгин дейди, Ҳаким оти,
Боламни сенга топширдим.
Бўлсин Пайғамбар уммати,
Одам бўкмас буғдой нондан,
Айро тушмасин макондан,
Боламни сизга топширдим.
Сабоқ беринг ҳар томондан,
Ўлсам бошга паноҳ бўлсин.
Элга ота-она бўлсин.
Бўшади бекнинг хонаси,
Ўзи аёллар доноси,
Боламни қучоқлайди,
Кунтуғмишдайин онаси.
Гап келди ота тилига,
Худо қарашсин ҳолига,
Ҳакимбекни қабул қил, деб,
Топшираяпти қўлига.

Бойсарибек билан Бойбўрибек фарзандларига тоза кийимларни кийдириб, домланинг қўлига топширди. Ҳакимбек илмлар билан чегараланиб қолмас, камон отиш, найза санчиш, кураш тушиш амалларини донғи кетган устозлардан ўрганди.
Ҳакимбек олти ёшда эди, Қосим деган мерган Ҳакимбекка ёй тортишни олти ой ўргатди. Ҳакимбекнинг алп бобосидан қолган ўн тўрт ярим ботмонлик парли ёйи бор эди. Уни фақат Қосим отар, ундан бошқа ҳеч ким жойидан кўтара олмас эди. Кўкқамишнинг кўлида, баланд тўбада Ҳакимбек шу ёйнинг устидан чиқиб қолди: “Ҳўў устози табаррук, шу ёйни нимага менинг қўлимга бермадингиз, оттирмадингиз?“ — деди. У: “Ў, болам, ўн гулингдан бир гулинг очилгани йўқ. Кетар ақлинг келгани йўқ, билакда гўштинг тўлгани йўқ. Болам, буни бериб сени майиб қилайинми? Отанг сени менга омонат топширган. Насиб бўлса билак гўштинг тўлсин, кетар ақлинг келсин. Буни албатта, сен отасан, кўнглим етади“, — деди.
“Устоз, агар, хайр, десангиз, шу ёйга кўнглим кетаяпти, отмасам ҳам қўлимга олсам қайтади?“ — деди.
“Агар бирон жойинг шикаст топса, отангдан балога қоламан“, — деди. “Эй устоз, ўзим жавоб бераман, бобо, кўнглим кетди, табаррук ёйга ўхшайди, бир кўрсам қайтади?“ — деди.
—Майли, кўрсанг кўр, — деди.
Ҳакимбек чопиб келиб, худди бир таёқни олгандай ёйни қўлга олиб, ўқни солди.
—Тўхта, тўхта, болам, — деди.
—Эй бобо, товга қаратиб отаман, — деди.
Ичига ўқни солиб товга қаратиб отди, ўқ кўринмай кетди. Ўшанда Боботовнинг бир чўққисини жулиб кетган экан. Бу Ҳакимбекнинг олти ёшда отган ўқи эди.
Шунда устоз айтди: “Ё раб, бул бекорга назаркарда эмас экан. Гап шундай, буни отангга айтма, мен ҳам айтмайман, ҳали сен ёшсан, дунё бехислат эмас, кўзи борлар бор, суқи борлар бор. Ўш умринг хазон бўлмасин, болам, бугун олдинг бу ёйни, иккинчи қўлингга олмайсан, — деди. — Агар олсанг мен устоз эмасман, агар олмайман десанг устозлик қиламан, бўлмаса йўқ“, — деди.
—Бўлди, отганим шул. Энди сиз рухсат қилган куни отаман, — деди. Шундай гаплар билан бу ўртада Ҳакимбек овози ҳам дўриллаб, вояга етиб қолди. Бойсарибойнинг хотини: “Ҳўў болам, бизнинг Қўнғирот — ўзбекимизнинг ор-номуси бўлади. Қиз билан ўғил вояга етгандан кейин ажралиб юради. Қўй, болам, ҳали сизлар бир-бирларингизга номаҳрамсизлар. Қачон маҳрам бўлсаларинг худонинг карами билан бўлади“, — деди.
Бойбўрихоннинг беш минг қўйи, ўнта қўтони бор эди. Чўпонлар 500-500 дан бўлиб боғарди. Унинг олтита хонандаси, олтита созандаси бор эди. Ҳар ўтовига битта-битта созанда қўйиб эди. Бойбўрининг аскарлари, амалдорлари Бойсариникидан келиб овқатланар, созандани эшитар эдилар. Кунларнинг бир куни: “Ў созандалар, сизлар ҳам қуруқ достон айтиб юрасизлар, баланддан айтасизлар, пастдан айтасизлар. Қани шу Бойсарининг қўйини, жойини, амалларини бир мақтаб беринглар“ — деб бир мўйсафид бахшига илтимос қилди. Шунда айтдики: “Биз бахшилар — кишини ноҳақдан мақтамаймиз, фақат кўзимиз билан кўрганимизни айтамиз, холос, унга қўшишимиз мумкин эмас“, — деди. Сўнг:
—Ҳай, майли, айтдингиз, келинг, айтганингизни қилайин, — деб қўлига созини олиб, Бойсарихоннинг молини, жойини барчасини бир тўда қилиб айтиб турган жойи экан:

Олтмишлар чўпон боғади
Бойсарибойнинг қўйини.
Тўқсонлар чўри шипирар
Қўтондаги қийини.
Баланд жойларга тикади,
Оқ ўтовлардан уйини.
Ҳовдак кўлдан кесиб келар,
Оқ ўтовининг чийини.
Тўқсон норларга ортади,
Қоринда сори мойини.
Чўпонлари чолади,
Қамишдан бўлган найини.
Кайвонилари сизлар-ов,
Капа бўлсаям жойини.
Яхши одам қайтармас,
Ўш болалар райини.
Қўнғирот тулпори чопади,
Бойбўрининг тўйини.
Сарбозлари бермайди,
Оққан дарёнинг бўйини.
Кайвониси пилаб ичар,
Совисаям чойини.
Шогирдлари чертаркан-да,
Хушбоқ бахшининг куйини.
Тўрасини қаритмайди,
Яхши хотиннинг ўйини.

Бахши шу гапни айтиб мақтагандан сўнг, Бойбўрибойнинг хотини Кунтуғмиш ойим айтди: “Бойсарининг қўтонига мен қий супуриб келишга чўриларимни юбордим. Бойсарининг чўрилари сенинг чўриларингни урибди. Бу ерга айланма, дебди. Бу гап қандай гап бўлди?“ — деб, Кунтуғмиш ойим тўрасининг қошига келиб, бўлган гапни айтиб турган жойи экан:

Бугун келди сўзнинг моси,
Ўзинг одамнинг доноси.
Арзимни эшит, Бойбўри,
Хўжанд элининг эгаси.

Номаъқул эмас сўзларим,
Бойбичаман-да ўзларим.
Бойсарибойнинг қийига,
Эркинлаб борди қизларим.
Беклар даврини сурибди,
Бориб қўтонга кирибди.
Бектўрам, сизни ўйлайман,
Чўри қизларни урибди.

Хотин зоти бўлар хуноб,
Ошқовоқлар тортар таноб.
Хурсанд бўлиб кетган эди,
Икки бети келди қонаб.

Одамларга қози эдим,
Бахшиларнинг сози эдим.
Бир зурёдим бўлмаганда,
Даштда юрган қўзи эдим.
Бегона чўрини урганда,
Икки дунёда рози эдим.

Тулпор отини желгани,
Кунлар қиёмат бўлгани.
Суякдан ўтиб боради,
Бойсарибойнинг қилгани.
Журакларим жора бўлди,
Оқ кўнглим қора бўлди.
Мени тинглагин, бек тўрам,
Қалбим пора-пора бўлди.

Қора кунларга қолади,
Бу сўзим қандай бўлади?
Яна борса чўриларим,
Аниқ бирови ўлади.

Хаёлга гаплар олмайсан,
Бирам жилмайиб кулмайсан.
Бесанов қўйли укангдан,
Сираям закот олмайсан.
Шундайин ойинг сўйлайди,
Айрилиқ мени қийнайди.
Закот олмайсан укангдан,
Фуқаро нима ўйлайди?
Сўзлаяпти шул паризод,
Ўйдай эгилгандир жасад.
Билганлар қилсин ҳикоят,
Закот олмасанг укангдан,
Бек тўрам, бергин маслаҳат.

Отга таққан ойил бўлай,
Доим сенга мойил бўлай.
Закот олсанг Бойсаридан,
Тўрам, сенга қойил бўлай.

Кунтуғмиш ойим тўрасининг қошига келиб, тиз чўкиб, чўриларининг таёқ еб келганлигини айтди. Бойбўрининг қошида муҳрдорлар номидан тождор ясовуллар ўтирган эди.
Шунда ясовуллардан бири туриб айтди:
—Ҳў, Бойбўрибек, адолатли султони бокарам, Кунтуғмиш ойим бу гапларни тўғри айтди. Сени ким айтади адолатли султон деб? Етим-есирлардан солиқ олсанг, беш молли бўлсаям солиқ олсанг, ўн молли бўлсаям солиқ олсанг. Деҳқоннинг еридан солиқ оласан. Беш минг қўйли Бойсаридан солиқ-закот олмайсанми?… Бу гап тўғри эмас! Ахир, безакот ҳам дунёда мол бўлама? Нима учун Бойсарибойдан закот олмайсан?
Бу гаплар ҳаммага маъқул келгандан кейин Бойбўри айтди, “Тўғри эса. Бефарзандлар моли майид, илгарику зурёди йўқ эди, ўғил-давлатнинг боши, қиз-дунёнинг зийнати. Бойсаригаям фарзанд ато қилди, закот олмоқ энди вожиб бўлди!“ — деди.
Шунда иккита оқсоқолларни юборди.
—Ўў, оқсоқоллар, акобирлар, илгари-ку зурёди-фарзанди йўқ, деб закот олмас эдим. Оллоҳнинг Каломида ҳам бефарзанддан закот олинмайди, дейилган. Бойсарига Оллоҳ таоло фарзанд берди, мана энди закот бермоқ вожиб бўлди. Бойсарига айтинг, ҳар қирқ қўйига бир тўғлидан закот берсин, муҳрланган қоғозимни етказинг, — деб, иккита оқсоқолни юборди. Шунда булар от ўйнатиб сувлиқ чайнатиб, Бойсарибекнинг қошига келиб, тиз букиб, сизга мана Султони бокарамнинг берган хати. Шундай қиласиз экан, деб қўлига тутқазди. Шунда Бойсарибой хатни ўқиб кўриб, ҳар туки чопонидан тешиб ўтиб: “Баччағар, — деди. — Бу қандай гап бўлди? Тор қориндан талашиб тушган бўлсак. Эмчакдошим бўлса, дунёда шундан бошқа яна ҳеч кимим йўқ эди. Ўлигимнинг пояси, тобутимнинг сояси, деб эдим. Бегона бўлгандаям молимнинг ярмини олганда кўнглимга келмас эди. Тор қориндан талашиб тушган оғам мендан закот олама, бу қандай гап бўлди?“ —деб кўзидан қатор-қатор ёш тизилиб, кўнгли бузилиб, устихони эзилиб, Саййид баққол деган бир донишмандга Бойбўрининг шу гаплари ростми, деб икки оғиз айтиб турган жойи экан:

Сўрай берса, менинг қўйим, оқсоқол,
Беш минг қўйим, Бойбўрининг қўйидир.
Тўйлар берса элатига, айланайин,
Ҳа, деганда Бойбўрининг тўйидир.
Миниб юрган тулпор билан тойларим,
Зурёдсизман, Бойбўрининг тойидир.
Ўзим келиб, ўзим кетсам дунёдан,
Бу жойлар ҳам Ҳакимбекнинг жойидир.
Бир худою бўлсин бошимга пано,
Хўжанд элда ўзим бўлдим-да, доно,
Бойбўридан хатни олдим, айланай,
Бошимгами тушгандай бўлди гуно.
Ойбарчиним, оға, киши бандаси,
Охир бир кун бўлар кўзимдан пана.
Ажал етмай энди ота ўлмайди,
Бу ишлардан менинг кўнглим тўлмайди.
Ойбарчиним киши бандаси, айланай,
Ўлиб кетсам бул юртимда қолмайди.
Сўйлайберсам доноларнинг тилидир,
Ойбарчиним Ҳакимбекнинг гулидир.
Ўғлим йўқдир сира менинг, оғалар,
Жийган молим Ҳакимбекнинг молидир!
Насиб қилса, булар Ҳаким қўйидир.
Адолатли, дер эдим мен хонимни,
Бир худойим олса энди жонимни.
Тилинг бўлса жавоб бергин, оқсоқол-а,
Ханжар олиб тўккин, майли, қонимни.
Ажал етиб мендай султон ўлмади,
Бу сўзлари менга маъқул бўлмади.
Маслаҳат бер, оқсоқолим, айланай,
Ёлғончида юргилигим қолмади.
Оқ оралаш кўрдим тулпор жолида,
Кўр кўзини кўрдим молим тўлида.
Шайтон кўрдим Хизр юрган жўлида,
Закот олса мендан Бойбўри акам,
Мен турмайман, қўйинг, Хўжанд элида.
Боботовдан эсдаликка тош олиб,
Хумор кўзга халқа-халқа ёш олиб.
Закот олса ширхўрадан Бойбўри,
Ўзга юртга мен кетаман бош олиб.

Шундай дегандан кейин оқсоқол айтди: “Қани, тўхтанг, биродар бойим, менинг ҳам оқсоқол акобирларим бор, бу сўзларни нотўғри айтдингиз, кўпнинг гапи-кўл деган, ҳа, Бойбўри ҳам кўпнинг гапига кириб айтса айтгандир-да, ё фикр хатолик қилгандир, ё шароб ичиб маст бўлиб ўтиргандир, буларни билиб келайин, кўнглингиз чўкмасин, хафа бўлмасин, бориб оқсоқолларим билан маслаҳат қилайин деб, оқсоқол акобирларининг қошига келиб,”Бойбўри бундай дебди. Бойсари шундай деяпти, қани Бойсарибекка қандай маслаҳат берамиз, қани, оқсоқоллар?“ Оқсоқолларнинг бирови туриб: “Эй оқсоқоллар султони, бекнинг сўзи бир бўлади, унинг олдига тушгувчи бўлмайди. Оллонинг юзини, изини кўрмаса бек бўлмайди, қандай қилиб Бойбўрига қилган ишингиз хато деймиз? Хўжанд деган шаҳри бор, қўлида кирдикори бор, осадиган дори бор, йўл бермайдиган нори бор, норига юклаб қўядиган зари бор, қошида жаллод мирғазаблари бор. Бойсари деб биз Бойбўрининг дорига тортиламизми? Бойсарига маслаҳат бермаймиз. Қаёққа кетса кетаверсин“, — деб иккови бир-бирига гапириб турган жойи экан:

Ёмон жойларда турмаймиз,
Бизлар ҳеч жойга бормаймиз.
Бизларни чала демагин,
Сенга маслаҳат бермаймиз.
Хизмат буюрай чўрини,
Манглайингнинг шўрини.
Бордир чўпонлар далада,
Бўрига бермас қўйини.
Кетсанг бундан нарига,
Қулоқ сол айтган зорига.
Маслаҳат бермаймиз Бойсарига,
Осиламиз Бойбўрининг дорига.
Қаторда юрса нори бор,
Билакларида зўри бор,
Тўқсон жойларда дори бор,
Хўжанддай улкан шаҳри бор,
Олдида суйган ёри бор,
Қошида зурриёдлари бор.
Қаҳрланса олар Бойбўри,
Осадиган баланд дори бор.
Бундай зўрға оқсоқол,
Ким бўлади-я баробар.
Маслаҳат бериб, бой ота,
ТаҚин бўлмайлик гуноҳкор.

Шунда, Бойсарибой оқсоқолининг келмаганидан кейин айтди: “Э баччағар, буларнинг гапи бир экан-да“. Бойсарихон тўбал қўйни сўйди, тепадан ўчоқни ўйди, ўзининг оқсоқол акобирларини чақириб: “Ҳў халойиқ, мана, қориндан талашиб чиққан акам мендан закот сўради. Ўз акамга закот бергунча, ўзга мамлакатга бориб ҳамма қўйимни олса ҳам рози бўламан, кетдик. Хўжанд ери бизга ҳаром, туякаш, туянгни торт, чўпонлар, қўйингни ҳайда, чўриларни эргаштир. Хўжанднинг элидан ўзга мамлакатга кетамиз“, — деб, хабар берди. Туяларни тортаяпти, бир томонда қўйлар, бир томонда йилқилар… Бойсарининг кўппак итлари ҳам ҳуришиб жойидан тўркаб, бор мамлакатни бузиб, қайдасан Туркан дарё деб, молларини тортиб жўнаётган жойи экан:

Бежоғим тортди шогирдлар,
Созимнинг торлари узилди.
Фармон берди Бойсари,
Тикилган ўтовлар бузилди.
Ўзилди юрак хонаси,
Ўтмай Бойбўри жоласи.
Фармон берилди, бузилди,
Чўриларнинг капаси.
Бойсарибойга ботади,
Аканинг закот олгани.
Ботиб боради қўлига,
Тулпор отнинг жугани.
Эндиликда лозим бўлмайди,
Бу шаҳарда Бойсарининг қоғани.
Қаттиқ ботди-я, шу бойга,
Тулпор отларнинг-а жугани.
Закотчиларнинг-а кегани,
Фармон берди-я, бўшалди.
Бузилди бойлар уяси,
Мажнунтолларнинг сояси.
Фармон берилди, қўзғолди,
Бойсари беш минг туяси.
Полвон бўлар,оғалар,
Одамзотнинг чайири.
Туяга жўл бермайди,
Дарёларнинг ғайири.
Шу достонни айтаётир,
Сурхондарёнинг шоири.
Фармон бўлди, қўзғолди,
Тоналар билан сийири.
Тарқади бекнинг тўйлари,
Кўнглида қолди ўйлари.
Энди кимга қолади,
Бойсарибойнинг-а жойлари?
Фармон берди, жойидан турди,
Оқ-қора бошли қўйлари.
Хумор кўзлари ёш бўлиб,
Эриган юрак тош бўлиб.
Қўйлар қўзғолди жойидан,
Кўсам серкалар бош бўлиб.
Фармон берди Бойсари,
Ҳайрон қолди ёши-қари.
Бўкириб жойидан қўзғолди,
Оғзи қора лўкча пари.
Шундай бўлди хизматлари,
Кишнаб ўйнайди отлари.
Сезиб қўзғолди жойидан,
Чўпоннинг сиртлон итлари.
Ортилиб норга ўтинлар,
Қолмади бағри бутунлар.
Қора норларга жугин ортди,
Зор инграниб хотинлар.
Осмонда ой адо бўлди,
Жуги-жоби тўда бўлди,
Бек заҳридан зода бўлди.
Бу йиғламай ким йиғласин?
Элатидан жудо бўлди.
Болалар чопар зириллаб,
Итлар ҳуради увиллаб.
Бойсари кўчиб жўнади,
Жойлари қолди ҳувиллаб.

Мана шундай қилиб фармон берди. Бойсарихон беш минг қўй билан, туя-тойи билан, нор-зари билан, чўри-чўпораси билан, қуллари билан, бир фармон билан, лекин Хўжанд халқи-даштидан, қайдасан, ота журт, Туркан дарё деб, Туркан дарё томон жўнайберди. Бу хабарни эшитгандан сўнг, Ҳакимбекларни ўқитиб юрган домулласи Қосимбек: “Ҳў баччағар, бу қандай бўлди, юрт бузилди, подшодан адолат кетди. Ҳакимбек, қатордан норинг кетди, нор устида доринг етди, Ойбарчин ёринг кетди, вафодоринг кетди. Оталар кетди, бу қандай кўргулик бўлди? Эшитганлар, хонлар, беклар нима дейди? Икки ширхўра ҳам бир-биридан айриладими? Ҳалиям, юр, Ҳакимбек, отангнинг қошига борайлик. Айб қилган бўлса гуноҳини ювайлик. ”Ҳалиям Бойсарининг қошига борсин, ўзининг арзини қилсин, Бойсарини йўлидан қайтармаса, ёлғончида юргилигимиз қолмади“, — деб, Бойбўрининг қошига келиб, у тиз букиб, нордай чўкиб: Ҳалиям шаштингдан қайт, Бойбўри. Бу қандай қилган ишларинг бўлди?“ — деб икки оғиз гапираётган жойи экан:

Хизматингда бўлар беҳисоб чўри,
Ўзингсан одамлар ичида зўри.
Ука бўлар акасининг мадори,
Ўзингсан-да Ҳакимбекнинг падари.
Бойсарибой нима дебди, Бойбўри?
Сени номард деди элларнинг бари.
Бу дунёнинг нашъасини кўрайин,
Ўлмасам, дунёда даврон сурайин.
Ҳалиям укангни қайтар, Бойбўри,
Пул сўрасанг, майли, ўзим берайин.

Қосим полвон бу сўзларни Бойбўрига айтгандан кейин, Бек хаёлга чўмди. Ва ўзининг хатосига иқрор бўлди. Бир майдон сукутга боргандан сўнг, Бой-бўри бошини кўтариб: “Ҳў, Қосим полвон, қилмишим шул бўлди, айтганинг чин бўлди. Элдан эл кетса, элнинг бахти кетгани, элга эл қўшилса, элнинг насибаси, деган гап бор. Аввали ширхўранг бўлса, элни бузиб кетса, элдан давлат қайтгани, бахтимнинг қайтгани, майли бундан олган закотима нима берарди? Ҳалиям, Қосимжон, мана фармонни қайта ёздирайин, муҳримни босайин, сендан бошқа унинг қошига борадиган одам йўқ. Мана, зурриёдим Ҳакимжонни сенга топширайин, икковинг от ўйнатиб, Бойсарининг олдига боринглар, фармонимни кўрсатинглар. Икковингдан бошқа қайтариб олиб келолмайди. Мен борсам яхши-ёмон деймиз, яна ўртада жанжал бўлмасин, мени кўргандан кейин аччиғи келади. Ўртага тушгин, оға, ширхўрамни қайтариб келгин“, — деб Қосимбекнинг қўлига фармонини берди. Ҳакимбек билан иккови от ўйнатиб, сувлиқ чайнатиб, Бойсарига фармонни кўрсатиб: “Қайтинг, элнинг оғаси, Бойбўри чақираяпти“, — деб икки оғиз айтиб турган жойи экан:
Учмасин одамнинг қораси,
Сенсан йигитнинг сараси.
Бекор бўлди-да хон фармони,
Қайтгин, Бойбўри жўраси.
Эгасиз қилма элини,
Сувсиз қилмагин чўлини.
Билгин одамнинг ҳолини,
Тўхтатиб тургин, чўпонлар,
Бойсарибойнинг молини.
Ўйнатиб лайли отини,
Босиб тоғларнинг ўтини,
Эшит чопарнинг додини,
Хон фармон бекор бўлди,
Қулоқ сол, бойнинг хотини.
Ойлар қарай олмас юзингга,
Рози бўл берган тузингга,
Сўзимга ишон, Бойсари,
Ҳалиям қайтгин изингга.
Қамчи бермагин молингга,
Бир қарагин аҳволингга.
Бекор айлади фармонни,
Бойсари, қайтгин элингга.
Эшит чопарнинг зорини,
Тўхтатгин молнинг барини.
Ўзга юртларда йиғлатма
Ҳакимнинг Барчин ёрини.
Ҳариблик бошга тушганда,
Шумлигини билади.
Мард одамлар ҳамиша
Доно сўзин олади.
Ўз элинг тарк айлама, Бойсари,
Бегоналар билиб биздан кулади.
Ойга улашмай адо бўл,
Бойбўри билан қуда бўл.
Замонлардан зода бўл.
Ўзга юртга хон бўлгунча,
Ўз юртингда гадо бўл.
Нодон бўлма, доно бўлгин,
Мардларнинг ишини қилгин.
Маслаҳатим, қулоқ солгин,
Ҳалиям элингда қолгин.

Шундай дегандан кейин, Бойсари айтди: “Ҳў Қосимбек полвон, мард одам тупурган тупугини ютмайди, номард айтмайди, айтганидан қайтмайди. Хўжанд эли менга ҳаром дедим. Энди токайгача ҳаром бўса бўлсин! Энди мен кетаман, йўлимни тўсма“, — деди. Шунда Қосимбекнинг кўнгли нозза бўлиб, ороми тоза бўлиб қандай юз билан борамиз деб, Ҳакимжонга қараб икки оғиз айтиб турган жойи экан:

Ойдай тўлган экан одам жасади,
Зое кетди бир одамнинг хизмати.
Қандай қилиб борамиз-да, Ҳакимжон,
Қулоқ солгин, Бойбўрининг зурёди.
Майли, қўйгин, болам, менинг ҳолима,
Гап келади сўйлайберсам тилима.
Булбул қўнмай қолди чаман гулима,
Бойсарибой гар қайтмаса элига,
Мен ҳам кетай ўзим ўсган элима.

Оқ билагинг ўраб ташла бўйнима,
Ола жилон кирди, найлай, қўйнима.
Икки дунё рози бўлдим, Ҳакимжон,
Қиличингни солгин, болам, бўйнима.
Ўзим устод Ҳакимбекка пир бўлай,
Қилич солгин, мен ўлайин, Ҳакимбек.
Мендай устоз арвоҳларга пир бўлай,
Мени ўлтир, рози бўлдим, шогирдим.

Эшитгин-ай,мендай устоз сўзини,
Кўп еганман Бойбўрининг тузини.
Соғинасан Бойсарининг қизини,
Тири бориб мен кўргунча ўлдиргин,
Қандай кўрай Бойбўрининг кўзини.
Бефарзанд тангридан фарзанд тилайди,
Ёлғиз кўрса манглайини силайди.
Икки дунё рози бўлдим, шогирдим,
Қучоқлайди Ҳакимбекни, жилайди.

Ҳаким туриб айтди: “Ҳў устоз, бундай кунларни мард кўради, номард нимани кўради. Фарзандни дунёга келтиришдан олдин отанинг белидан энанинг қорнига ўтганда, тақдири азалига шу нарсаларни ёзади дейилган, мумкин, манглайимизга айрилиқ ёзилгандир. Шунинг учун юртлар бузилгандир, ҳар ким тақдирида борини кўради-да, энди қандай қиламиз, отамиз Бойбўри бўлса, у кишига бир нарса деёлмайсан. Бек-да, унинг фармони вожибдур. Бекнинг фармонига ким қарши боролади? Тақдирда борини кўрамиз. Бундан, полвон, хафа бўлманг“, — деди. Шу боланинг сўзи юракка тасалли бўлиб, Қосим полвон бориб Бойбўрига шу хабарларни қилди. Шунда Бойбўри айтди: “Ҳай қани, нари-бери бориб ўйла, бирон жойни бориб жойла, борди-келди қиламиз. Тўй-маърака, хайр-худойига чақирамиз, фотиҳа лозим бўлар. Улар ўзиям балки келар, оқсоқол-акобирлар бир нима деяр, бир инсофга келар, иншооллоҳ, ўзи қайтиб келар. Зоримиз бор, зўримиз йўқ. Қосим полвон, хафа бўлманг, энди бўлар иш бўлди, ғишт қолипдан кўчди“, — деди. Ана энди бу гаплар бўлаберсин, Бойсарихон беш минг қўй билан уч кечаю кундуз йўл тортди. Туркан дарёсидан, Шеробод дарёсидан ўтиб, мана ҳозирги Бешқўтонда, Бойсарининг қўтони бор эди. Беш минг қўй билан қўтонга жойлашди. Мана шу ерлар: Туркан дарёнинг нарёғини Қорақалпоқдан келган қалмоқлар эгаллаган эди, Туркан дарёнинг нарёғи то Хоразмгача Амударёни ёқалаб қалмоқлар яшар эди. Мана бул хабар қалмоқнинг подшоси Тойчахонга етди. “Ўзбек Қўнғиротининг бекларидан бири Бойсарибек беш минг қўйи билан келиб жойлашибди, мақсадини билмадик, шунча қўйи бор, моли бор, дунёси бор одам ҳам ўзга мамлакатга келама, бунинг бир балоси бор, бир гапи бор, дўстмикан, душманмикан, билайлик, дўст бўлса, ҳолидан хабар олайлик, ҳў ясовуллар, бориб Бойсаридан хабар олинглар, не сабабдан келганини билинглар“, — деб Тойчахон ўнта ясовулни юборди. Тойчахоннинг ясовуллари Бойсарининг қўтонига жўнади. Узангига оёғини тираб, бойингни ким дейди, деб Бойсарихонни чақириб элчилар гапираётган жойи экан:

Пиринг бўлса мададкор,
Қўлингда бордир ихтиёр.
Бул дунёни сўрасанг,
Келмоқ бордир, кетмоқ бор.
Куйган қулларга, бўйингдан,
Кенг дунёлар бўлар тор.
Донг кўтарган, бой бобо,
Элчиларнинг дарди бор.
Кечалар кўрган-а тушимни,
Кундузлар куни жўраймиз.
Кўзимиз лочин, бой бобо,
Кенг дунёга қараймиз.
Мергандайин чўлларда,
Жўлбарсдай бўплар талаймиз.
Қандай элнинг сен зурриёди,
Бой бобо, исмингиз сўраймиз.
Сўйлатгин менга тилингни,
Санаганмисан молингни.
Биласанми аҳволингни,
Баён айлагин, бой бобо,
Ўйнаблар ўсган элингни.
Ҳақларга етган-а додингни,
Ойдай тўлган-а жасадингни,
Айтгин бизга-я мақсадингни.
Хабар берганда-я, бой бобо,
Отанг қўйган отингни.
Боғда гулларни терайлик,
Эллар оралаб-а журайлик.
Ўлмасак даврини сурайлик,
Мақсадни айтгин-а, бой бобо,
Подшога хабар-а берайлик.

033

05

(Tashriflar: umumiy 6 706, bugungi 2)

2 izoh

Izoh qoldiring