Sirojiddin Ibrohim. She’rlar

003   Сирожиддин дўстим, менга ёзган хатингиздаги «Мени шеър ёзиш завқи тарк этиб кетганига ҳам кўп вақт бўлаяпти» деган сўзингиз мени ўйлантириб қўйди. Дастлаб  бу гапни ёшликка хос максимализмга йўймоқчи бўлдим. Аммо, кейин бундай таъкиднинг сабаби бошқа деган ўйга бордим.  Сизга  бир фикр (насиҳат)  айтишдан тийилдим.  Аввало, нима бўлгандаям,  бирон  қарорга келиш мутлақ  сизнинг ҳаққингиз. Пешонангизга нималар битилгани эса ёлғиз Яратганга аён. Қарор сиздан, аммо ҳукм Оллоҳдандир. Унинг ҳукмини вақт айтади. Бугун сиз ўз  йўлини излаётган одамсиз, мақсадингизга шеър ёзишни тарк этиш билан  етмоқчи экансиз, ихтиёрингиз. Зеро, комилликка элтгувчи йўллар  кўп. Ана шу машаққатли йўлдан олис нур томон  кетаётган сиздек  ёш дўстимга Парвардигордан қувват ва мурувват сўрайман.

045
Сирожиддин ИБРОҲИМ

ШЕЪРЛАР
06

ТУН. БОБОМ БОҒИНИ КЕЗАМАН

Тун.934
Бобом боғини ёлғиз кезаман.
Ҳеч дарахтга раҳм этмабди кеч куз.
Тўкилган япроқлар оҳин сезаман,
осмонда йиғлайди,
бир аламнок кўз.

Эҳ, ёзда бу боғда юриб бўлмасди,
Кўрсанг гар,
шубҳасиз, дер эдинг – ўрмон!
Кун бўйи кезиб ҳам чиққинг келмасди,
юракка…
журъат шарт кирмоққа бу он.

Фақат мен кезаман эзиб руҳимни,
қўрқув йўқ.
Танимда қизийди қоним.
Булут шивирлайди қулоқларимга,
у бобом эртагин айтар давомин.

Кезаман.
Кезаман эзиб руҳимни,
ногаҳон кўзимдан қуйилади ёш.
Меҳр танқис бўлиб кетмоқда жуда,
диллар – ёрилтошмас!
Ҳа, ёрилмас тош.

Сўнг қайтиб келаман ғариб кулбага,
ҳамма уйқудадир,
бир момом бедор…
Насиҳат қилади мендай телбага:
“Боғда… Хазонрезда… Ажиналар бор”.

Кўз ёшим артаман.
Хира чироқда,
хира кўзи билан момом сезмайдир.
Тизига бош қўйиб, боладай дейман:
“Момо, “Ёрилтош”ни айтиб беринг бир…”

* * *

Сўзсиз ҳасратларга чўкаверар дил,
Сайроқи қушларнинг қумсаймиз куйин.
Биз бахтнинг изидан солганмиз-у йўл,
Гоҳ тўғри йўллар ҳам кўрсатар ўйин.

Уфқ қизарганда девонавормиз,
Ишқ сари сафарлар кўнгил сайлими?
Момомнинг севинчдан тўккан ёшининг,
Бир томчиси бўлиб оқсам майлими?

Ёруғ хаёлларга тоблаб юракни,
Қушлар сайроғига қониб нафсимиз.
Бўлмасми, оддийроқ яшаб ўтсак биз,
Ё англамоқ учун ўлмоқ керакми?

Ҳозир оёқяланг тупроқни кечиб,
Аллоҳнинг борлигин қилганимча ҳис.
Ва тилимда гуллаб энг муборак сўз,
Юрибман, дунёнинг ёдидан ўчиб.

* * *
Умрнинг йўллари қучганига шод,
Юракнинг энг оғир одимларини.
Ўзига мадҳия тўқитар ҳаёт,
Алдаб дунёнинг гўл одамларини.

Бироқ, билмагаймиз борлигини ҳеч,
Ойнинг юзларини этган заҳролуд
Ҳислар ардоқланар, сўз керакмас пуч,
Юрак одимлари ёқиб ўтар ўт.

У излайверади бир валломат дўст,
Ҳамма телбалик деб атар ишини.
Қароқлари аро тошган дарёга,
Бўзлаб айтаверар мунглиғ тушини.

Одими бунчалар оғир бўлмаса,
Умр йўлларини эзар товони.
Энг фузун дардларга дунё тўлмаса,
Бу оғир юракнинг битмас армони.

Уни авф этинглар бедор оқшомда,
Шеърларни меҳмонга чорлаган диллар.
Ва ўзини атаб ҳар турли номда,
Карашма айлаган ишқи йўқ гуллар…

Бу оғир юракнинг оғриқлари мўл,
Бағрин ерга бериб, ётар юзтубан.
Сабр қирғоғидан тошганида сел,
Васлдан ўзгасин олмагайдир тан.

Ташқари оламда ўзгача ҳаёт,
Қорни тўқлигидан бахтлилардир жам.
Умр йўлларига бўлиб кетди ёт,
Юракнинг энг оғир одимлари ҳам.

ОШИҚМАН

Лаблари Ишқ сўраб қонаблар кетган,
Дил-у дунёлари ёниблар кетган,
Жами суйганлари яниблар кетган.
Жон-у жаҳонининг баҳридан ўтган,
Ҳижрони яғмонинг заҳридан ютган,
Изтироб қушини бағрида тутган.
Ошиқман, куй куйлаб омон ошиқман.
Кўйингда ранг-рўйи сомон ошиқман.

Баҳорни соғинган куз дарахтидай,
Қақраган бўғзимга қуявердим май.
”Иншааллоҳ етгум, озгина чидай”,
Деб ўзин овутган девонасаро,
Инсу-фаришталик мавқеи аро,
Аросатда қолиб қалблари яро.
Васлинг ёди бирла омон ошиқман.
Зарра-заррамгача тамом ошиқман.

Нокиро хаёллар ичра яшаган,
Дунё тиланишдан тамом бўшаган,
Ҳазрати Увайсга, зора ўхшаган,
Қул бўлсам. Пойингни тавофлар қилсам,
Раҳмингга қандайин жавоблар қилсам,
О, қани заррангга муносиб бўлсам,
Ғариб қул бўлай деб омон ошиқман.
Барибир арзимам, ёмон ошиқман.

Жунун черигини дил бериб боқдим,
Кўнглима руҳимнинг жандасин ёпдим.
Ишқинг назарида ўзимни топдим,
Ёлворам, васлингсиз хароб этмагин,
Умид ёғдуларин сароб этмагин,
Боғи ризвонларда оғу ютмайин.
Ўзимни англарам ҳамон ошиқман.
Зарра-заррамгача тамом ошиқман.

ТЕАТР. УСМОН АЗИМ ВА СОЯБОН ҲАҚИДА ШЕЪР

Театр. Томоша… Руҳингда титроқ,
Буюк изтиробни санъат ниқоблар.
Буни томошабин билмайди бироқ,
Залда гулдирайди қарсак, хитоблар.

Ўша ҳол такрордир мана бугун ҳам,
Янграб турар мамнун қарсаклар тез-тез.
Мен томоша бўйи адо бўлганман,
Олқишлар сиғмайди кўнгилга бу кез.

Иймон, севги, нафрат, виждон… ҳаётнинг,
Сувратини чизди шафқатсиз саҳна.
Тириклар ҳақинда азиз оятни,
Гоҳи шод, гоҳ ғамгин шивирлади, ҳа.

Бир карахт, бир тўзон хаёлот ичра,
Дилимни ёқарди ҳислар ҳазинли.
Ногоҳ кўзим тушди, шахтли чайқалиб,
Чиқиб кетаётган Усмон Азимми?!

Одамлар тарқагач, зўрға қўзғолдим,
Бир ширин азобдан юрак кўзи нам.
Энди, тўлиб кўчаларни кезаман,
Энди, кетиб бўлган чоғи устоз ҳам.

Ташқарига чиқдим, бир майин ёмғир,
Ҳаёт нафасидай тотли нафаси.
Тушуниксиз ҳисга тўлганди бағир,
Кўтарилиб борар кўкрак қафаси.

Театр қаршиси қолмиш сийраклаб,
Ҳамма ҳаётига яна шўнғиди.
Соябон остига бошини олиб,
Гўё мангуликка кетаётган эди…

Юрак чайқаларди девона мастдек,
Осмонлар мисоли бўлганди пастдек.
Ернинг бағри узра қулоғин тутиб,
Бўзларди, бўзлови адо бўлмасдек.

Кўнгли эврилганди Усмон Азимнинг,
Билмадим, муножот этиб не деди.
Билганим – ёмғирда дардга кўмилиб,
Шу туришини ўзи бир зўр шеър эди.

Дарахтларга дилим тўкмоқчи бўлдим,
Оломонга эса йўқ эди сўзим.
Худойим, ёдинг-ла лиммо-лим тўлдим,
Менга Табризийдек бир дўст бер ўзинг…

Ҳа-я, Усмон Азим… у бир хўрсинди,
Сўнг соябон тутди баланд бошга жим…
Мен эса шом узра фузун дард бўлдим,
Осмонни тинглаши шарт-ку, бирор ким!

* * *

Ёзилган сеҳрли дастурхон,
фақат ишқ тановул этасан.
Иштаҳанг бўғилган, қолгани
қолади шу турган ҳолича.
Ойнинг нурларига осилиб,
бош оққан томонга кетасан,
куйлайсан овозинг борича.

Томоққа тиқилган кўзёши,
ҳеч имкон бермайди навога.
Қўлларинг кўксингни тўсгандир,
(Юракда нимадир ўсгандир.)
бир қулоч ёзсанг-чи ҳавога.
Қандай куч умидинг узгандир,
қақраган саҳродек бағирда
ишқ қаён, гул қаён тўзгандир?

Неча бор ўзимни ўлдирдим,
соғиндим осмонни, осмонни!
Валекин изтироб тўймади,
у севиб қоларкан негадир,
ўзига мард боққан инсонни.

* * *

Унутиш неъматми,
жазоми – билмам,
эсингдан оғгудек севган чоғингда.
Унутмайин десанг –
юрак ёрилар,
унутсанг –
армонлар ўсар боғингда.

Ҳаловатсиз кечган кунлар умрингни,
емириб боради,
қилади ғорат.
Сен учун барча ранг тусин йўқотар,
Борлиғинг биргина ундан иборат.

Олис бўлганингда,
ҳар бир лаҳзада,
қандай тура олгунг, ахир, қақшамай?
Кезсанг кўчаларни –
танишлар боқар,
Юрсанг ҳам ўзингга, гарчи ўхшамай.

Бўғриқиб кетасан,
дилда калом йўқ.
Ёлғон бўлган умр туюлар узун.
Маъюс сийпалайсан,
лабинг босасан,
ёш тўкиб ўпасан оёғин изин.

Неъматми, жазоми –
билмадим, лекин,
унутсанг –
жон берар изтироб қуши.
Унутсанг –
барига ясалар якун,
ҳеч гапмас қонингнинг совиб қолиши.

ҲАҚИҚАТ

Менга ҳақиқатнинг керак кўзлари…
Асқар Маҳкам

Жонини деб йиғлаб юрган ёронлар,
Худбинлик жомида ичаверманг май.
Ҳаётда ҳақиқат деган нарса бор,
Нигоҳи бургутнинг нигоҳларидай.

Кўнгил ҳисларининг сувратин чизиб,
Нурни истаганлар, яхшилаб қаранг!
Наҳотки, бу руҳни қийнамас эзиб,
Ҳақиқатнинг ҳоли бўлса забун, танг.

Найзанинг тиғинда кўрган кунларнинг
Кўнгил хотиржам деб бўйнин қучасиз.
Сўрмайсиз ҳаққини беайб хунларнинг,
Иймонга куймасдан кафан бичасиз.

Шавкат Раҳмон дунни тарк этиб кетди,
Кетди. Энди йўқдир… Асқар Маҳкам ҳам.
Ҳақиқат йўлидан қай манзил етди,
РАҲМОН ИШҚИН ДИЛДА ТУТГАНЧА МАҲКАМ.

Ширин “эртак”ларнинг ёлғон тахтида,
Султонлик бас эрур, бас эрур хаёл.
Ваҳшатнинг чоҳига оз қолди жуда,
Инсоният қулар – силжиса хиёл.

Япроққа ёзилган байтлардан кечдим,
Оловда жон берган шеърларим ҳаққи!
Бир буюк чигални ахийри ечдим,
Ҳақиқат юксалтар экан бу халқни.

Хаёлни унутинг, қуёшга боқинг,
Кўзлардан ёш оқсин – одам ўлмайди.
Сўнг ҳақиқат истаб юракни ёқинг,
ҲАҚИҚАТСИЗ ҲАҚҚА ЕТИБ БЎЛМАЙДИ!!!

* * *

Сўзсиз ҳасратларга чўкаверар дил,
Сайроқи қушларнинг қўмсаймиз куйин.
Биз бахтнинг изидан солганмиз-у йўл,
Гоҳ тўғри йўллар ҳам кўрсатар ўйин.

Уфқ қизарганда девонавормиз,
Ишқ сари сафарлар кўнгил сайлими?
Момомнинг севинчдан тўккан ёшининг,
Бир томчиси бўлиб оқсам майлими?

Ёруғ хаёлларга тоблаб юракни,
Қушлар сайроҚига қониб нафсимиз.
Бўлмасми, оддийроқ яшаб ўтсак биз,
Ё англамоқ учун ўлмоқ керакми?

Ҳозир оёқяланг тупроқни кечиб,
Аллоҳнинг борлигин қилганимча ҳис.
Ва тилимда гуллаб энг муборак сўз,
Юрибман, дунёнинг ёдидан ўчиб.

ИЛТИЖО

Қулга қул айлама, ё Қодир Эгам,
Миллати муслимни яхшиликда тут!
Ҳабибинг, расулинг энг улуғ кунда,
Умматлари юзин кўрмасин шувут.

Аҳли мардумингнинг қалбин безагин,
Ботир эт, собир эт, айлагил салим.
Солиҳа аёллар омонда бўлсин,
Шармсиз дунёда афзали ўлим.

Қўрқаман – “Мен эрман”, дегувчиларнинг,
Наъраси юракка етмайди, қани?!
Занчалиш фарзандлар берма – хор этар
Қароқлари ёшга тўлуғ Ватанни.

Қолаётган излар надоматталаб,
Кексаларни маҳрум айлама нурдан.
ТОНГ тобора яқин белги бермоқда,
Ҳикмат кўтарилиб бормоқда ердан.

Диллари бегидир болалар келсин,
Мен исти-фор айтай – айбимизни ўт.
Дунё “сирот”ида ҳалок айлама,
Миллати муслимни яхшиликда тут!

ХОТИРА

Хотира чўғлари ловуллаганда
сўнгги томчи қонин садақа қилган
совуқларда қотган гадой муҳаббат
бу чўғга қўлини тоблаб исинди.

Хотира чўғлари милтиллаганда
видо нигоҳлари ғамгин термулиб,
менга соғинганинг айтиб берарди.

Хотира чўғлари юуткул сўнганда
менинг ул чўғларга исинганим ҳам
хотирага айланган эди…

МЕН ЎЗИМНИ

Бир зариф нур томонга маҳзун
қўл чўзасан –
у нур олисда.
Ҳувиллаган кўнглингда оҳанг
садо берар,
узилар ришта.
Бари абас, бари ўткинчи,
Тушда кечар экан тириклик.
“Севилдим”, деб ўзни алдайсан,
“Яшадим”, деб алдайсан шўрлик.
Кўп ҳавойи кунларни кечдим,
Эврилар деб кутдим ҳасратни.
Ҳаммасидан юз бурдим охир,
Дил қаърига йўлладим хатни.
Дунёсидан этмай арзи дод,
Мен ўзимни айладим абгор.
Яқосидан тутганча унинг,
Боқсам…
ҳамма экан талабгор.
Шеър ўқисам –
Япроқ титраса,
мен ўзимни бахтиёр сездим.
Дилда ишқдан ўсган гуллардан
териб қанча гулдаста тиздим.
Улар бари қолди беэга,
топмадим бир муносиб одам.
Ва эҳтимол,
шунингчун нурга…
қўлим чўзиб тургум ҳали ҳам.
…Ростин айтсам,
қаттиқ севдим мен,
мард бўлай деб қаттиқ яшадим.
Телбаликда, Парвардигорим,
Мажнундан ҳам пешга ўхшадим.
Нима топдим,
нима йўқотдим,
Буни ўзинг ва ўзим билдим.
Кафтларимни дардга тўлдириб,
илтижоли дуолар қилдим…
Мен ўзимни адолар қилдим,
йиғламоқни эплай олдим, бас!
Бир замонлар шонга ўч эдим,
шеър дегани энди керакмас.
Қандай яхши ҳар зарра ёшда
акс этади дардинг залвори.
Ёлғончида бир рост нарса бор:
у – ёшдаги юракнинг зори.
Бундай боқсанг,
ҳеч бир ифода,
Этгулик ҳис қолмади сўзда.
Бир зариф нур томонга маҳзун
қўл чўзасан –
у нур олисда.

004

   Sirojiddin do’stim, menga yozgan xatingizdagi «Meni she’r yozish zavqi tark etib ketganiga ham ko’p vaqt bo’layapti» degan so’zingiz meni o’ylantirib qo’ydi. Dastlab bu gapni yoshlikka xos maksimalizmga yo’ymoqchi bo’ldim. Ammo, keyin bunday ta’kidning sababi boshqa degan o’yga bordim. Sizga bir fikr (nasihat) aytishdan tiyildim. Avvalo, nima bo’lgandayam, biron qarorga kelish mutlaq sizning haqqingiz. Peshonangizga nimalar bitilgani esa yolg’iz Yaratganga ayon. Qaror sizdan, ammo hukm Ollohdandir. Uning hukmini vaqt aytadi. Bugun siz o’z yo’lini izlayotgan odamsiz, maqsadingizga she’r yozishni tark etish bilan yetmoqchi ekansiz, ixtiyoringiz. Zero, komillikka eltguvchi yo’llar ko’p. Ana shu mashaqqatli yo’ldan olis nur tomon ketayotgan sizdek yosh do’stimga Parvardigordan quvvat va muruvvat so’rayman.

045
Sirojiddin IBROHIM

SHE’RLAR
06

TUN. BOBOM BOG’INI KEZAMAN

045

Tun.
Bobom bog’ini yolg’iz kezaman.
Hech daraxtga rahm etmabdi kech kuz.
To’kilgan yaproqlar ohin sezaman,
osmonda yig’laydi,
bir alamnok ko’z.

Eh, yozda bu bog’da yurib bo’lmasdi,
Ko’rsang gar,
shubhasiz, der eding – o’rmon!
Kun bo’yi kezib ham chiqqing kelmasdi,
yurakka…
jur’at shart kirmoqqa bu on.

Faqat men kezaman ezib ruhimni,
qo’rquv yo’q.
Tanimda qiziydi qonim.
Bulut shivirlaydi quloqlarimga,
u bobom ertagin aytar davomin.

Kezaman.
Kezaman ezib ruhimni,
nogahon ko’zimdan quyiladi yosh.
Mehr tanqis bo’lib ketmoqda juda,
dillar – yoriltoshmas!
Ha, yorilmas tosh.

So’ng qaytib kelaman g’arib kulbaga,
hamma uyqudadir,
bir momom bedor…
Nasihat qiladi menday telbaga:
“Bog’da… Xazonrezda… Ajinalar bor”.

Ko’z yoshim artaman.
Xira chiroqda,
xira ko’zi bilan momom sezmaydir.
Tiziga bosh qo’yib, boladay deyman:
“Momo, “Yoriltosh”ni aytib bering bir…”

* * *

So’zsiz hasratlarga cho’kaverar dil,
Sayroqi qushlarning qumsaymiz kuyin.
Biz baxtning izidan solganmiz-u yo’l,
Goh to’g’ri yo’llar ham ko’rsatar o’yin.

Ufq qizarganda devonavormiz,
Ishq sari safarlar ko’ngil saylimi?
Momomning sevinchdan to’kkan yoshining,
Bir tomchisi bo’lib oqsam maylimi?

Yorug’ xayollarga toblab yurakni,
Qushlar sayrog’iga qonib nafsimiz.
Bo’lmasmi, oddiyroq yashab o’tsak biz,
YO anglamoq uchun o’lmoq kerakmi?

Hozir oyoqyalang tuproqni kechib,
Allohning borligin qilganimcha his.
Va tilimda gullab eng muborak so’z,
Yuribman, dunyoning yodidan o’chib.

* * *
Umrning yo’llari quchganiga shod,
Yurakning eng og’ir odimlarini.
O’ziga madhiya to’qitar hayot,
Aldab dunyoning go’l odamlarini.

Biroq, bilmagaymiz borligini hech,
Oyning yuzlarini etgan zahrolud
Hislar ardoqlanar, so’z kerakmas puch,
Yurak odimlari yoqib o’tar o’t.

U izlayveradi bir vallomat do’st,
Hamma telbalik deb atar ishini.
Qaroqlari aro toshgan daryoga,
Bo’zlab aytaverar munglig’ tushini.

Odimi bunchalar og’ir bo’lmasa,
Umr yo’llarini ezar tovoni.
Eng fuzun dardlarga dunyo to’lmasa,
Bu og’ir yurakning bitmas armoni.

Uni avf etinglar bedor oqshomda,
She’rlarni mehmonga chorlagan dillar.
Va o’zini atab har turli nomda,
Karashma aylagan ishqi yo’q gullar…

Bu og’ir yurakning og’riqlari mo’l,
Bag’rin yerga berib, yotar yuztuban.
Sabr qirg’og’idan toshganida sel,
Vasldan o’zgasin olmagaydir tan.

Tashqari olamda o’zgacha hayot,
Qorni to’qligidan baxtlilardir jam.
Umr yo’llariga bo’lib ketdi yot,
Yurakning eng og’ir odimlari ham.

OSHIQMAN

Lablari Ishq so’rab qonablar ketgan,
Dil-u dunyolari yoniblar ketgan,
Jami suyganlari yaniblar ketgan.
Jon-u jahonining bahridan o’tgan,
Hijroni yag’moning zahridan yutgan,
Iztirob qushini bag’rida tutgan.
Oshiqman, kuy kuylab omon oshiqman.
Ko’yingda rang-ro’yi somon oshiqman.

Bahorni sog’ingan kuz daraxtiday,
Qaqragan bo’g’zimga quyaverdim may.
”Inshaalloh yetgum, ozgina chiday”,
Deb o’zin ovutgan devonasaro,
Insu-farishtalik mavqei aro,
Arosatda qolib qalblari yaro.
Vasling yodi birla omon oshiqman.
Zarra-zarramgacha tamom oshiqman.

Nokiro xayollar ichra yashagan,
Dunyo tilanishdan tamom bo’shagan,
Hazrati Uvaysga, zora o’xshagan,
Qul bo’lsam. Poyingni tavoflar qilsam,
Rahmingga qandayin javoblar qilsam,
O, qani zarrangga munosib bo’lsam,
G’arib qul bo’lay deb omon oshiqman.
Baribir arzimam, yomon oshiqman.

Junun cherigini dil berib boqdim,
Ko’nglima ruhimning jandasin yopdim.
Ishqing nazarida o’zimni topdim,
Yolvoram, vaslingsiz xarob etmagin,
Umid yog’dularin sarob etmagin,
Bog’i rizvonlarda og’u yutmayin.
O’zimni anglaram hamon oshiqman.
Zarra-zarramgacha tamom oshiqman.

TEATR. USMON AZIM VA SOYABON HAQIDA SHE’R

Teatr. Tomosha… Ruhingda titroq,
Buyuk iztirobni san’at niqoblar.
Buni tomoshabin bilmaydi biroq,
Zalda guldiraydi qarsak, xitoblar.

O’sha hol takrordir mana bugun ham,
Yangrab turar mamnun qarsaklar tez-tez.
Men tomosha bo’yi ado bo’lganman,
Olqishlar sig’maydi ko’ngilga bu kez.

Iymon, sevgi, nafrat, vijdon… hayotning,
Suvratini chizdi shafqatsiz sahna.
Tiriklar haqinda aziz oyatni,
Gohi shod, goh g’amgin shivirladi, ha.

Bir karaxt, bir to’zon xayolot ichra,
Dilimni yoqardi hislar hazinli.
Nogoh ko’zim tushdi, shaxtli chayqalib,
Chiqib ketayotgan Usmon Azimmi?!

Odamlar tarqagach, zo’rg’a qo’zg’oldim,
Bir shirin azobdan yurak ko’zi nam.
Endi, to’lib ko’chalarni kezaman,
Endi, ketib bo’lgan chog’i ustoz ham.

Tashqariga chiqdim, bir mayin yomg’ir,
Hayot nafasiday totli nafasi.
Tushuniksiz hisga to’lgandi bag’ir,
Ko’tarilib borar ko’krak qafasi.

Teatr qarshisi qolmish siyraklab,
Hamma hayotiga yana sho’ng’idi.
Soyabon ostiga boshini olib,
Go’yo mangulikka ketayotgan edi…

Yurak chayqalardi devona mastdek,
Osmonlar misoli bo’lgandi pastdek.
Yerning bag’ri uzra qulog’in tutib,
Bo’zlardi, bo’zlovi ado bo’lmasdek.

Ko’ngli evrilgandi Usmon Azimning,
Bilmadim, munojot etib ne dedi.
Bilganim – yomg’irda dardga ko’milib,
Shu turishini o’zi bir zo’r she’r edi.

Daraxtlarga dilim to’kmoqchi bo’ldim,
Olomonga esa yo’q edi so’zim.
Xudoyim, yoding-la limmo-lim to’ldim,
Menga Tabriziydek bir do’st ber o’zing…

Ha-ya, Usmon Azim… u bir xo’rsindi,
So’ng soyabon tutdi baland boshga jim…
Men esa shom uzra fuzun dard bo’ldim,
Osmonni tinglashi shart-ku, biror kim!

* * *

Yozilgan sehrli dasturxon,
faqat ishq tanovul etasan.
Ishtahang bo’g’ilgan, qolgani
qoladi shu turgan holicha.
Oyning nurlariga osilib,
bosh oqqan tomonga ketasan,
kuylaysan ovozing boricha.

Tomoqqa tiqilgan ko’zyoshi,
hech imkon bermaydi navoga.
Qo’llaring ko’ksingni to’sgandir,
(Yurakda nimadir o’sgandir.)
bir quloch yozsang-chi havoga.
Qanday kuch umiding uzgandir,
qaqragan sahrodek bag’irda
ishq qayon, gul qayon to’zgandir?

Necha bor o’zimni o’ldirdim,
sog’indim osmonni, osmonni!
Valekin iztirob to’ymadi,
u sevib qolarkan negadir,
o’ziga mard boqqan insonni.

* * *

Unutish ne’matmi,
jazomi – bilmam,
esingdan og’gudek sevgan chog’ingda.
Unutmayin desang –
yurak yorilar,
unutsang –
armonlar o’sar bog’ingda.

Halovatsiz kechgan kunlar umringni,
yemirib boradi,
qiladi g’orat.
Sen uchun barcha rang tusin yo’qotar,
Borlig’ing birgina undan iborat.

Olis bo’lganingda,
har bir lahzada,
qanday tura olgung, axir, qaqshamay?
Kezsang ko’chalarni –
tanishlar boqar,
Yursang ham o’zingga, garchi o’xshamay.

Bo’g’riqib ketasan,
dilda kalom yo’q.
Yolg’on bo’lgan umr tuyular uzun.
Ma’yus siypalaysan,
labing bosasan,
yosh to’kib o’pasan oyog’in izin.

Ne’matmi, jazomi –
bilmadim, lekin,
unutsang –
jon berar iztirob qushi.
Unutsang –
bariga yasalar yakun,
hech gapmas qoningning sovib qolishi.

HAQIQAT

Menga haqiqatning kerak ko’zlari…
Asqar Mahkam

Jonini deb yig’lab yurgan yoronlar,
Xudbinlik jomida ichavermang may.
Hayotda haqiqat degan narsa bor,
Nigohi burgutning nigohlariday.

Ko’ngil hislarining suvratin chizib,
Nurni istaganlar, yaxshilab qarang!
Nahotki, bu ruhni qiynamas ezib,
Haqiqatning holi bo’lsa zabun, tang.

Nayzaning tig’inda ko’rgan kunlarning
Ko’ngil xotirjam deb bo’ynin quchasiz.
So’rmaysiz haqqini beayb xunlarning,
Iymonga kuymasdan kafan bichasiz.

Shavkat Rahmon dunni tark etib ketdi,
Ketdi. Endi yo’qdir… Asqar Mahkam ham.
Haqiqat yo’lidan qay manzil yetdi,
RAHMON ISHQIN DILDA TUTGANCHA MAHKAM.

Shirin “ertak”larning yolg’on taxtida,
Sultonlik bas erur, bas erur xayol.
Vahshatning chohiga oz qoldi juda,
Insoniyat qular – siljisa xiyol.

Yaproqqa yozilgan baytlardan kechdim,
Olovda jon bergan she’rlarim haqqi!
Bir buyuk chigalni axiyri yechdim,
Haqiqat yuksaltar ekan bu xalqni.

Xayolni unuting, quyoshga boqing,
Ko’zlardan yosh oqsin – odam o’lmaydi.
So’ng haqiqat istab yurakni yoqing,
HAQIQATSIZ HAQQA YETIB BO’LMAYDI!!!

* * *

So’zsiz hasratlarga cho’kaverar dil,
Sayroqi qushlarning qo’msaymiz kuyin.
Biz baxtning izidan solganmiz-u yo’l,
Goh to’g’ri yo’llar ham ko’rsatar o’yin.

Ufq qizarganda devonavormiz,
Ishq sari safarlar ko’ngil saylimi?
Momomning sevinchdan to’kkan yoshining,
Bir tomchisi bo’lib oqsam maylimi?

Yorug’ xayollarga toblab yurakni,
Qushlar sayroQiga qonib nafsimiz.
Bo’lmasmi, oddiyroq yashab o’tsak biz,
YO anglamoq uchun o’lmoq kerakmi?

Hozir oyoqyalang tuproqni kechib,
Allohning borligin qilganimcha his.
Va tilimda gullab eng muborak so’z,
Yuribman, dunyoning yodidan o’chib.

ILTIJO

Qulga qul aylama, yo Qodir Egam,
Millati muslimni yaxshilikda tut!
Habibing, rasuling eng ulug’ kunda,
Ummatlari yuzin ko’rmasin shuvut.

Ahli mardumingning qalbin bezagin,
Botir et, sobir et, aylagil salim.
Soliha ayollar omonda bo’lsin,
Sharmsiz dunyoda afzali o’lim.

Qo’rqaman – “Men erman”, deguvchilarning,
Na’rasi yurakka yetmaydi, qani?!
Zanchalish farzandlar berma – xor etar
Qaroqlari yoshga to’lug’ Vatanni.

Qolayotgan izlar nadomattalab,
Keksalarni mahrum aylama nurdan.
TONG tobora yaqin belgi bermoqda,
Hikmat ko’tarilib bormoqda yerdan.

Dillari begidir bolalar kelsin,
Men isti-for aytay – aybimizni o’t.
Dunyo “sirot”ida halok aylama,
Millati muslimni yaxshilikda tut!

XOTIRA

Xotira cho’g’lari lovullaganda
so’nggi tomchi qonin sadaqa qilgan
sovuqlarda qotgan gadoy muhabbat
bu cho’g’ga qo’lini toblab isindi.

Xotira cho’g’lari miltillaganda
vido nigohlari g’amgin termulib,
menga sog’inganing aytib berardi.

Xotira cho’g’lari yuutkul so’nganda
mening ul cho’g’larga isinganim ham
xotiraga aylangan edi…

MEN O’ZIMNI

Bir zarif nur tomonga mahzun
qo’l cho’zasan –
u nur olisda.
Huvillagan ko’nglingda ohang
sado berar,
uzilar rishta.
Bari abas, bari o’tkinchi,
Tushda kechar ekan tiriklik.
“Sevildim”, deb o’zni aldaysan,
“Yashadim”, deb aldaysan sho’rlik.
Ko’p havoyi kunlarni kechdim,
Evrilar deb kutdim hasratni.
Hammasidan yuz burdim oxir,
Dil qa’riga yo’lladim xatni.
Dunyosidan etmay arzi dod,
Men o’zimni ayladim abgor.
Yaqosidan tutgancha uning,
Boqsam…
hamma ekan talabgor.
She’r o’qisam –
Yaproq titrasa,
men o’zimni baxtiyor sezdim.
Dilda ishqdan o’sgan gullardan
terib qancha guldasta tizdim.
Ular bari qoldi beega,
topmadim bir munosib odam.
Va ehtimol,
shuningchun nurga…
qo’lim cho’zib turgum hali ham.
…Rostin aytsam,
qattiq sevdim men,
mard bo’lay deb qattiq yashadim.
Telbalikda, Parvardigorim,
Majnundan ham peshga o’xshadim.
Nima topdim,
nima yo’qotdim,
Buni o’zing va o’zim bildim.
Kaftlarimni dardga to’ldirib,
iltijoli duolar qildim…
Men o’zimni adolar qildim,
yig’lamoqni eplay oldim, bas!
Bir zamonlar shonga o’ch edim,
she’r degani endi kerakmas.
Qanday yaxshi har zarra yoshda
aks etadi darding zalvori.
Yolg’onchida bir rost narsa bor:
u – yoshdagi yurakning zori.
Bunday boqsang,
hech bir ifoda,
Etgulik his qolmadi so’zda.
Bir zarif nur tomonga mahzun
qo’l cho’zasan –
u nur olisda.

004

(Tashriflar: umumiy 3 016, bugungi 1)

4 izoh

  1. Sirojiddinning she’rlari menga yoqdi, anglashimcha hali u bizning xalqdan ko’p yaxshi she’rlar qarzdor, ijodlariga rivoj, ilhom onlarining bardavomligini tilayman.

  2. Ниҳоятда мағзи тўқ шеърлар экан. Кучли эҳтирос, кескин зиддиятларга бой шеърлар экан. Шеърларни қайта-қайта ўқидим. Шоирнинг қўллари дард кўрмасин.
    «…Мен эса шом узра фузун дард бўлдим,
    Осмонни тинглаши шарт-ку, бирор ким…».

Izoh qoldiring