Муҳаббат ёшликка қудрат бахш этади. Ватанни севишга, миллатнинг оғирини енгил қилишга, инсон иззатини баланд тутишга, аёлни ардоқлашга, дўстга садоқат кўрсатишга, яъни эзгу ишларга, хайрли амалларга қўл уришга ундайди…
ШОИР САЛИМ АШУР БИЛАН
ИККИ СУҲБАТ
Суҳбатдош: Сирожиддин Иброҳим
ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТЛАР ЎЗГАРМАСДИР
Биринчи суҳбат
Салим Ашур – 1964 йилда туғилган. 1989 йилда Тошкент давлат университети журналистика факультетини тугатган. “Саодат” журналида бўлим мудири, “Ўзбекистон овози” газетасида бош муҳаррирнинг биринчи ўринбосари вазифаларида хизмат қилган. 2004 йилдан “Turkiston” ва “Молодежь Узбекистана” газеталари бош муҳаррири.
2012 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвонига сазовор бўлган. “Яшил гиёҳ”, “Атиргул”, “Сиз эртага келасиз”, “Кечиккан тонг”, “Аталган кунлар”, “Сенсиз”, “Дарз”, «Келажакка қадам», «Она тилим», «Машиналар карвони», «Муҳаббат китоби» “Титроқ” номли китоблари нашр этилган.
1.Ёшлик сизнинг наздингизда… Уни қандай тушунасиз?
— Ёшлик – умр баҳори. Ижод ва муҳаббат фасли. Шеър ҳам, айниқса, ёшликка ярашади. Ёшликда ёзилган шеърларда ҳарорат барқ уради. Ёшликнинг шеърлари ўқиган қалбни куйдиради. Ёшликда муҳаббат нима эканлигини илк бор ҳис этасиз, англайсиз. Ўаётингизда ҳар куни бир кашфиёт рўй беради. Янги-янги ҳақиқатларга дуч келаверасиз.
Ёшликнинг куч-қуввати ерга ҳам, кўкка ҳам сиғмайди. Фақат уни фойдали ўзанга йўналтириш лозим. Шундай бўлса, чўлда гул, гулшан ундиради. Аксинча бўлса, яшнаб турган чаман боғни кўкка совуриши мумкин. Ўзи ҳам елда совурилиб, сувда оқиб кетиши эҳтимол.
Ёшликнинг бунёдкор, яратувчи кучидан кўп нарса ундириб қолиш зарур. Энг буюк кашфиётлар, ихтиролар, бадиий асарлар шу паллада яратилган.
Муҳаббат ёшликка қудрат бахш этади. Ватанни севишга, миллатнинг оғирини енгил қилишга, инсон иззатини баланд тутишга, аёлни ардоқлашга, дўстга садоқат кўрсатишга, яъни эзгу ишларга, хайрли амалларга қўл уришга ундайди.
«Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир», деган ҳикмат бежиз айтилмаган.
Киши, энг аввало, яхши инсон бўлишга интилади. Бунинг учун ёшликда кўп яхши китобларни ўқимоқ лозим. Яхши китоб яхши инсонни тарбиялайди. Улуғ рус адиби Антон Павлович Чеховнинг: «Ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман», деган сўзлари қатида чуқур маъно мужассам.
2. Одимлаётган йўлингиз ва ортда қолаётган излар хусусида.
— Ҳаётда ҳар ким ўзига ўзи йўл очади. Бировнинг йўлидан бошқа биров юролмайди. Баъзан кимдир кимдандир йўлларни, манзилларни қизғанади. Ҳолбуки, ҳар кимнинг йўли ҳам, манзили ҳам бўлак. Халқ орасида содда қилиб айтилади-ку: «Бировнинг гўрига биров киролмайди».
Йўл одамларнинг бошини қовуштиради, бирлаштиради. Баъзан уларни бир-биридан айиради, бир-бирига душман қилиб қўйиши ҳам мумкин.
Анча бўлди, мен ҳам йўлдаман. Йўлдошларим, қўлдошларим билан фахрланаман. Бу йўл ҳароратли Сурхондарё тупроғидан, ҳароратли сўздан бошланганидан фахрланаман. Чунки Сурхондарёда ҳам, сўз диёрида ҳам менинг азиз устозларим, дўстларим кўп.
Излар… Излар ҳақида гапиришга журъатим етмайди. Илгари тош мангудек туюларди менга. Энди қоғоз умрбоқийроқ кўринади. Излар ҳақида… биз узун тунларда термулган, кўз нурларимизгина эмас, умрларимизни ҳам тўккан қоғозлар гапирар…
Мен ўз ишининг усталарини, ҳар қандай соҳанинг етук вакилларини ҳурмат қиламан. Чунки уларнинг меҳнат ва заҳматлари билан башарият маданияти, миллат маънавияти авлоддан авлодга ўтади..
3.Ҳаётингиз давомида азиз бўлиб қолган хотира?
— Ҳарбий хизматга отланганман. Тошкентдаги Шимолий темир йўл вокзалидан биз, ҳарбийга чақирилганлар поездга чиқаяпмиз. Мен вагондаман. Кузатувчиларни, ота-она, хола-аммалар…ни поездга яқинлаштиришмайди. Мени кузатишга отам чиққан. Хайрлашганмиз. Кўзларим билан оломон орасидан отамни топдим. У кузатувчилар орасида, белдан келадиган темир тўсиқдан ушлаб турибди. Қисилиб қолган. Ора узоқ… Ўшанда мен биринчи марта отамни шунчалик яқиндан кўриб қолдим. Отамни таниб қолдим. Қиёфасини, гавдасини танидим. Ўшангача ота-ота деб ёнида юрганим билан, чеҳрасига тикилиб қарамаган, юзи, қўллари қанақалигига эътибор бермаган эканман. Отам жудаям ўзбек экан: миқти, қурч, ўрта бўй, кифтлари кенг ва … қора. Шу сиймо юрагимга, кўзимга муҳрланиб қолди. Ота десам, ҳозир ҳам кўз ўнгимда ўша қиёфа гавдаланади.
Отамнинг юзи ёнидаги бошқа одамларнинг юзларига қараганда қорароқ эди. Шу нарсанинг белгиси эди бу: отам нисбатан ўзбекроқ эди, қуёш ва шамолга тик қараган, далани айланиб ўтмаган, чин меҳнаткаш, заҳмат, машаққатни кўпроқ кечирган эди.
Ҳа, отам халқимизнинг кичик тимсоли эди – кичик ва оддий.
4.Тасаввурингизча, «Инсон» номига муносиб шахс қандай фазилатлар соҳиби бўлиши керак?
— Оқ соч тарих гувоҳ, замонлар ўзгаради, ўзгаришлар инсон табиатига, ижтимоий ҳаётга таъсир ўтказади. Илло, инсонийлик фазилатлари ўзгармасдир: Ватан ва халққа фидойилик ва садоқат, мардлик ва ирода, меҳнаткашлик… Бундай фазилатлар жамулжамини улуғ бобомиз Баҳоуддин Нақшбанд: «Қалбинг Ҳақда, қўлинг меҳнатда бўлсин», деб жуда ихчам ва аниқ ифодалаганлар. Шундай инсонлар бугун ҳам орамизда борлиги, уларнинг саъй-ҳаракати туфайли юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Балогардон зотларни Тангрининг ўзи ҳифзи-ҳимоясида асраcин!
Қаердадир ўқиган эдим, дельфинлар жуфт бўлиб, охирги нафасигача бир-бирига садоқат кўрсатиб яшаркан. Яхши хўракка нафси ҳакалак отмасдан, бир ўзи ютмасдан, шеригини ҳам овоз – сигнал бериб насибага чорлар, аксинча, мабода, оғир вазиятда қолса, тўрга тушса ё қармоққа илинса, шеригини ёрдамга чақирмас, уни ҳам хавф остида қолдиришни истамас, шу йўл билан жуфтини, турдошини асрар, нима бўлса, ўзи бўлар экан.
Яхшиямки, орамизда яхшини ёмондан асрайдиган инсонлар кўп. Шулар эмасми – фазилатли инсонлар?!.
5.Замондош ёшлар ҳақида фикрингиз қандай?
— Ёшлар ҳамма замонда ҳам ўз даврига нисбатан илғор бўлган. Ёшларнинг ўзиб бораётганини кўрганда қувонадиган катталар ёш авлодни оқлаган, қувонмайдиганлар эса ёшларни қоралаган. Қолган ҳаммаси шунинг атрофидаги гаплар…
6. Бахт ва вақт мезонлари…
— Ҳамманинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам алоҳида. Кимнингдир бахти бошланган нуқтадан бошқа кимнингдир бахтсизлиги, кимнингдир бахтсизлиги бошланган жойдан кимнингдир бахти бошланиши мумкин. Ҳа, бахт мезонлари барча учун бир хил эмас. Таниқли шоир Мирзо Кенжабекнинг шундай дилбар тўртлиги бор:
Фироқ битди, минг пора бўлди,
Қалб заҳмига қалб чора бўлди.
Иккимизнинг бахтимиз аро
Лекин кимдир бечора бўлди.
Тирикликнинг мўъжизаси ҳам шунда…
Кўпчиликка баравар дахлдор, инчунун бутун миллатнинг тақдирини нурлантириб турадиган саодатлар ҳам мавжуд. Булар Ватан мустақиллиги, миллат эрки… Юртимиз, халқимиз шундай бахтдан масрур.
Ҳаёт мезон бўлса, умр ва вақт унинг икки палласи. Агар посанги бузилса, бир томон босиб кетади. Вақт умрга баҳо беради.
7.Дилда гапларингиз бўлса…
— Менинг биринчи мактабим ҳам, дафтарим ҳам Сурхондарё. Кўпчилик Сурхондарёнинг қанчалар зўр ерлигини билмайди. Унинг берадиган, оладиган нарсалари ҳам иссиғига яраша. «Сурхон ёшлари» ва Сурхондарё ёшларини яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан самимий табриклайман. Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, асраш ишига ўз ҳиссамизни қўшиш, ёшу қари – ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Манба: «Сурхон ёшлари» газетаси 2013 йил 22 июнь
СЎРАЙДИГАН УЗРЛАРИМ БОР…
Иккинчи суҳбат
–Салим ака, Сурхондарёда баҳор нафаси уфуриб қолди. Хабарлашган чоғларимиз юртни соғинганингиз сўзларингиздаги энтикишдан сезилади. Шу ҳислардан озроғини суҳбатимиз учун қоғозга туширсангиз…
–Ўзбекистон баҳорни Сурхондарёда кутиб олади. Бойчечак, бинафша, чучмома титраб, чайқалиб баҳор йўлида порлайди. Қумри-булбул, саъва-қалдирғоч най чалиб баҳорни чорлайди. Юртга Сурхон уфқларидан ўтиб келади кўклам. Қир-ўнгирларда қудратга энаётган навқирон ҳаёт гуркирайди. Шукуҳли фасл сеп ёяди.
Озурда руҳиятда нурафшон ва гулафшон тўлқинлар шивирлайди, қалбда ишқ ундирган илдизлар тағин ғимирлайди. Тоғлар элчиси – шабода қиёқларнинг яшил қонини қиздирган; алвон, напармон, нимдош, пистоқи, кўкиш, сарғиш, қизғиш, оқиш муждаларни адирларга, далаларга ҳовуч-ҳовуч сочади.
Эҳ-ҳ, Сурхон баҳори… Далалар, чўллар баҳори… Бир томонда бойчечак денгизи шовуллар, бир тарафда қизғалдоқ денгизи ловуллар, бир ёнда минг хил ўт, кўк мавжланар. Ҳар тош, кесак, чўп ҳаётга талпинар, занг босган ҳар илдиз, ҳар томир ҳаётга чирмашар. Капалак, қўнғиз, чумолигача яшашга ошиқар…
Сергакланиб тирилади тириклик. Кўк кунгурасини силкитиб момо қалдироқ гумбурлайди – имиллаётган юракларни туртиб, тугун боғлаган қабоқларни қитиқлаб уйғотади, оғочларда оҳорли ранглар югуради, новдаларда дур боғлаган куртаклар бўртади, кўклам нафасидан тўйинган ғунчалар жаранглаб портлайди. Ҳамма ёққа турфа бўёқлар сочилади. Дунё янги ранг, янги чеҳра касб этади. Чақмоқлар чақинида чақнаган чақинлар қимирлаган жонни, ўсаётган ҳар ҳаракатни ҳаётнинг катта кўчасига ҳайдаб чиқади – яша, нафас ол!
Ногоҳ қўшин ташлаб ҳужум бошлаган ёмғир, жала ҳар зарра, ҳар ҳужайрагача ҳаёт сувига тўйинтиради. Атрофда, ҳавода турли кўкат, ўт анқийди. Кўклам ҳаётни ишғол этади.
Атласлар сўқмоқларга чиқади, шойилар кўчаларни тўлдиради, ўсмалар, хинолар очиқ нигоҳлардан ийманади, ҳарир рўмоллар бир эн, икки эн кўтарилади, бодом қабоқлар кўз учида қарайди…
Иссиқ нон қўлни куйдиради: тандир – олам, нон – қуёш…
Болалигим қолиб кетган, оқиб кетган Сурхон баҳорлари… Оға-иниларим, эгачи-сингилларим билан чароғин уйимиз… Тонгни уйғотиб, тунни ухлатган отам, онам…
Кўз илғамас далаларнинг энг четидан бошланган Ватан…
Ортда қолган орзулар, олдга ўтган армонлар… Наҳотки, шунинг ҳаммаси менинг ҳаётим…
–Бу йил сизга эллигинчи баҳорни туҳфа этмоқда, муборак бўлсин! Ўттиз йиллик ижодий фаолият давомида ёзганларингиз ўз ўқувчиларини топиб улгурди. Бу одатий саволга ҳам ўхшаб кетади, бироқ қизиқ-да! Шоир Салим Ашурга қанчалик даражада мухлислик қила оласиз?
–Ўттиз йилни сиқиб, фақат ижод йилларини қолдирсангиз, уч йил ҳам бўлмаса керак. Афсус. Начораки, сўлган шу ўттиз гул менинг чекимда.
Мен дастлаб адабий оқимларнинг ишқибози бўлдим. Хусусан, поэзияда футуризм, акмеизмни, прозада сюрреализмни ўргандим. Уларнинг тажрибаларини ёзганларимда синамоқчи бўлганман. Синаганман. Лекин, ўша қораламаларим ўзимга ёқади. Уларда қандайдир эркинлик, дахлсизликни сезаман. Кейин рус шеърияти, насрига қизиқдим. Ғарбга ҳам оғдим. Ўрганишга интилдим.
Бизда ижодий тажрибаларга кўпроқ маънодан айро тушган шаклбозлик, деб қараш шаклланган. Аслида, на адабий жамоатчиликни, на мутахассисларни ҳайиқтирадиган даражада янгиликлар яратганимиз ҳам йўқ. Янгиликни доим хушламай кутиб оладилар, уст-бошига, бошдан оёғига қарайдилар. Ундан кейин қандай муомала, муносабат кўрсатишлари Янгиликнинг ўзига боғлиқ…
Ҳозир – эллик ёшимда мўътадилман, деб айтишим мумкин. Тажриба фан тараққиёти учун қанчалар зарур эҳтиёж бўлса, адабиёт ривожи учун ҳам шунчалар муҳимдир.
Кеча ёзганимдан бошқасига мухлис бўлолмайман. Баъзан ўқиб, наҳотки шундай тутуриқсиз нарсаларни мен ёзган бўлсам, деб ўкинаман. Таҳрирбоп жойлари кейин чиқаверади. Мендан яхши шоир чиқмайди, деб кўп иккиланаман. Яхши кўрган шоирларимнинг шеърлари ёнига ўзимникини қўёлмайман. Арзимайди, арзимайди-да! Ёзишимни ўзгартиролмасам, бошқача ёзолмасам, нима қилай!..
Мени бир иштибоҳ кўп қийнайди: борган сари шеър ёзишни ўрганяпманми ёки бори ҳам тугаб, билганларимни ҳам бой беряпманми? Ёзаверайми ёки йиғиштириб қўяйми? Чиқадими ўзи мен ғарибдан Шоир…
Ёзганларим кўзимга баъзан дуруст ҳам кўринади. Нимадир янгилик бордек туюлади. «Оҳанглар ва шакллар» туркумидаги, муҳаббат мавзуидаги, Ватан ҳақидаги беш-ўнта шеърга мухлислик қилсам бўлар…
–Бугунги ўзбек шеърияти ҳақидаги мулоҳазаларингизни ҳам билсак яхши бўларди.
–Бугунги ўзбек шеърияти мисоли бир уммон; мисоли бир осмон. Ғаввос минг қулоч отгани билан уммоннинг бир қирғоғидан бошқа қирғоғига етиб улгурмайди. Моҳир фазогир ҳам осмонни дафъатан қуча олмайди. Бугунги ўзбек шеърияти мисоли бир бўз ер. У ёмғир-қорнинг, иссиқ-совуқнинг, тун-куннинг, кеча-кундузнинг, ой-қуёшнинг куч-қувватини шимиб, қудратга тўлаётир. Яқин келгусида бу бўз ерда бақувват ва буюк сўз ниҳолдек кўкариб, қуёшга – юксакка интилади. Ҳали бир гуллаб, ғунча тугиб, ҳосил бериб, очунни ҳайратга солади. Жарангдор бу тор овозига булбуллар ҳам маҳлиё бўлади. Инглиз шоири Перси Биши Шелли айтгандек бўлади: «Поэзия инсоният тенгдошидир. Инсон арфага ўхшайди, турли шамоллар урилган сайин турли куйларни таратади».
Адабиётнинг вазифаси қалбни тарбиялаш, шу орқали дунёни гўзаллаштиришдир. Бошқа хизматларни адо этиб, шу хизматни қилмаган адабиёт адабиёт эмас.
Менга кейинги пайтларда шоир-ёзувчиларимизнинг сўз пайдо бўлиши, тараққиёти билан боҚлиқ турли даражадаги изланишлари, тадқиқотлари қизиқ туюлмоқда. Эркин Воҳидов, Тўра Нафасов, Шомирза Турдимов, Низомиддин Маҳмудов, Насимхон Раҳмонов, Аҳмад Аъзам, айниқса Эшқобил Шукурнинг шу йўналишдаги нозик, шоирона кузатишларидан мароқланаман. Энди, дейман, ўзимча, адабиёт сўз санъати деган таърифга бутун бўй-басти, шакл-шамойили билан мос келаётир. Бу йўл тенденция – анъанага айланишини истардим. Сўз қирралари, маъно товланишлари, сўзнинг биллурлашуви шоир учун мутлақо янги имкониятлар беради. Ижодкорнинг сўз билан ишлаш маданиятини оширади. Бунинг ёруғ ҳосиласи бадииятнинг абадиятида акс этади. Доно Миртемир айтганидек, «Каъбамсан шеърият, эзгу эҳромим…»
Баъзан ўйланиб қоламан: ким учун ёзяпман? Шундай пайтда катта шоирларимиз кўз олдимга келади. Ҳар бир шеър менинг улар олдидаги ҳисоботимдир.
–«Сурхон ёшлари» газетасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев ҳақидаги эссеингиз давомли чоп этилди. Буни ҳам ўқувчилар жуда яхши кутиб олишди. Умуман ўзбек адабиётида сурхондарёлик ижодкорларнинг тутган ўрни ҳақида гапирсангиз. Улар билан доимий алоқадамисиз?
–«Менинг Шукур акам» эссесини эълон қилгани учун «Сурхон ёшлари» таҳририятига миннатдорлик билдираман.
Юртдошлик, ватандошлик туйғуларини қадрлайман, дилдошлик, маслакдошлик, елкадошлик шундан бошланади. Дунёни инсонларнинг бирдамлиги обод этади. Одам одам билан тил топишса, қандай яхши!
Адиб – миллат мулки. Шоир – халқ овози. Адибга ҳам, шоирга ҳам чуғур-чуғур этадиган дилни болалиги, илк ҳайратлари беради. Сурхон воҳаси шоир, ёзувчи фарзандларига қуёшдек иссиқ, қумридек сайроқи дил ато эта олган. Наргиза Одинаева, Жўрабек Жаҳон, Шодмонқул Салом, Қўчқор Норқобил, Эшқобил Шукур, Сирожиддин Саййид, Мирзо Кенжабек, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Нодир Норматов… Шукур Холмирзаев, Рўзи Чориев… Ўар бири ўз авлодининг сардори. Адабиёт боғининг мевали дарахтлари. Усмон аканинг кейинги йилларда эълон қилинган китоблари поэзиямизни бир поғона кўтарди. Эркин аканинг тилга тушмаган нарсаси йўқ. Ўтган йили эълон қилинган Эшқобил Шукурнинг «Кўз юмиб кўрганларим», Шодмонқул Саломнинг «Борлигини билганлар» тўпламлари йилнинг энг яхши китоблари бўлди. Мен расмлар ва ранглар оламини англашда кўп нарсани Нодир Норматовнинг мақолаларидан ўрганаман. Сирожиддин Саййид шеърлари сиёҳи қуримай мухлислар қўлига ўтиб кетади. Қўчқор Норқобилнинг драмалари энг нуфузли театрлар саҳнасидан тушмайди. Наргизани ҳозирданоқ бутун республика ёшлари танийди. Мен шу шоирларимиз, адиблармиз билан ҳар куни соатлаб суҳбатлашаман – китобларини ҳар куни ўқийман. Ўқийману дилдан севинаман. Юртдош адибларимизнинг ҳар бири алоҳида яхши шоир-ёзувчилар экани кишини суюнтиради.
–Эллигинчи довондан буёғига ўй-фикрлар нималар билан банду қандай ижодий режалар кўзланган?
–Қадимийлигини, табиийлигини йўқотмаган жойларни кўришга, ўрганишга қизиқаман. Бормаган ерларим кўп…
Бошлаб қўйилган, чала ётган нарсаларим бор… «Ҳали вақт бор-ку, улгураман» – шундай кайфият ва кундалик юмушлар билан кўп фурсат бой берилган. Энди шуларнинг ўрнини тўлдира оламанми? Ўқилмаган китоблар бор, ўқиш керак. Мозий, айниқса, туркийлар, аждодлармизнинг кечмиши сир-синоатга тўла. Қизиқ. Тортади. Ўзимнинг қаламимга келсак, сўз устида, матн устида ишлашни, характерлар ва сюжетларни сайқаллашни пухтароқ ўрганишим керак. Орзулар, режалар кўп. Уларнинг уддаси бўйича хонаси келганда яна суҳбатлашармиз.
–Суҳбатимиз «Чағониён» газетаси учун махсус бўлмоқда. Газета билан боғлиқ хотираларингиз ва дил сўзларингиздан баҳраманд этсангиз.
–«Чағониён» деганда аввало адиб ва таниқли журналист Зойир Мамажон кўз олдимизга келади. У тажрибали, ҳаётни яхши кўрадиган ва яхши биладиган, воқеаларга муносабатини дангал ошкор этадиган, ташаббускор журналист эди. Зойир ака «Чағониён»ни оёққа қўйди, эл-юртга танитди. Касбга доир кўпгина янги технологиялар дастлаб «Чағониён»да жорий этилган.
Зойир акани ўтган асрнинг саксонинчи йилларидан, вилоят газетасида меҳнат қилган пайтларидан билар эдим. Мен у пайтда ўрта мактаб ўқувчисиман. Газетада Зойир аканинг катта-катта мақолалари тез-тез эълон қилинарди. Саксон бир, саксон иккинчи йилларда бўлса керак, ҳикоялар тўплами чоп этилди. Бу китобчани таҳририятда кимдир менга бергани эсимда (Зойир аканинг ўзи эмас). Қўлимга оларканман, ўзим билган, кўрган инсоннинг яп-янги китоби қўлимни, юрагимни иссиқ куйдирган эди. Ҳикояларни ухламай ўқиганман. Зойир ака ёзувчи сифатида ҳам, журналист сифатида ҳам чинакамига донг таратиб ўтди. Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг эссесида, «Кузда баҳор ҳавоси» ҳикоясида Зойир Мамажоннинг портрети жуда тиниқ, меҳр билан чизилган. Бугун Уста бошлаган, катта ва равон йўлга қўйган ишни аҳил ижодий жамоа давом эттирмоқда. Уларга муваффақият тилайман!
–Мазмунли ва самимий суҳбатингиз учун раҳмат! Узоқ умр, ижодий маҳсулдорлик, яхши кунлар ёрлигини тилаб қоламиз.
–Ташаккур! Сўнгда шуни айтмоқчиман: қишлоғимдан, мактабимдан сўрайдиган узрларим бор…
Изоҳ: Ушбу суҳбат «Чағониён» газетасининг 2014 йилдаги феврал-март ойларидаги бир сонида чоп этилганди. Суҳбат баъзи сабабларга кўра, қисқартириб берилди.
Салим АШУР
ШЕЪРЛАР
Сиз эртага келасиз…
Сиз эртага келасиз,
Ҳозир
Хабарини етказди симлар.
Бу хатарнок йўлда карвонни
ютган вабо —
оҳангдор қумлар.
Сиз эртага келасиз —
Салимга ҳам гулоблар қуйди.
Кўзингиздан ўпдим.
Лабларим
Юлдузларга теккандай куйди.
Лабингизда — бешикда жаҳон,
Жаҳонларни суйдим мастона.
Сиз эртага келасиз,
Бугун
Янги ранглар кияр остона.
Сиз эртага келасиз «1»дай,
Одамларга номаълум сирдай.
Кўрасиз —
Севгимни илиб қўйибман –
Якшанбада ювиб
ёйилган кирдай.
Сиз эртага келасиз,
Ҳозир
Юрагимни қўйдим ўртага.
Агар тузлар ютиб олсалар,
Тополмайсиз мени эртага.
Сиз эртага келасиз, қочиб
Таъқиб этган фаранги куйдан.
Сиз келасиз шошиб, аммо мен
Чиқиб кетган бўламан уйдан.
Сиз эртага келасиз…
Боққа
Либосларни хазондай ташлаб.
Бугун менинг чўллик қишлоққа
Кетгам келар
кўзимни ёшлаб.
Сиз эртага келасиз,
Бироқ
Бугун тушуб қолдим мен асир.
Бу дунёда нима бўлсаям,
Менга ҳозир керакдир,
ҳозир.
Сиз эртага келасиз,
Бугун
Ой нурига лим-лим тўламан.
Сиз эртага келасиз,
Аммо
Эртага мен ўлган бўламан…
* * *
Ишонинг, бир умр содиқ қоламан,
Сизни авайлайман мен чўкаётиб.
Мен сиздан оғушлар сотиб оламан,
Сизни қутқараман ўзимни отиб, —
Мен сизга бир умр содиқ қоламан.
Турсангаз — мен сизга паноҳ бўлгумдир.
Юрсангаз — мен сизга бўлгум посбон.
Сизни севиб ўлмоқ — гўзал удумдир,
Сизни севмай яшаш — ўлим бегумон, —
Мен сизга бир умр содиқ қоламан.
Аскарнинг дарғага садоқатидек,
Сиддиқлиги каби томчининг тошга,
Офтобнинг ҳар кунги саёҳатидек,
Тайёрлига каби кўзимни ёшга,
Нега бундоқ, нима, нечун демасдан,
Боғлиқлиги каби кийикнинг тоққа,
Мен сизни ҳар куни ёниб севаман,
Мен сизни ҳар куни севаман бошқа.
Фалак эгалари қилмасдан амр,
Фармонлар чиқармай ҳали подшоҳ,
Қалбим синиқларин этмасдан таъмир,
Ҳали тузалмасдан бузилган дунё,
Тўғри йўлга кирмай токи одамзот,
Токи тарқагунча ҳаётдан туман…
Бир умр, бир умр итингиз каби
Сизга хизмат қилай садоқат билан.
* * *
Ёдга солди ўпичларингиз
Сиздан олдин ўпган аёлни.
У ҳам сизга ўхшаб берарди
«Севасизми?» деган саволни.
Кеча уни севганлигим рост,
Бугун сизни севганим ҳам чин.
Унутаман сизни эртага,
Ўзга учун эртага севгим.
Сизда худди шундоқсиз,
бироқ Ўзгаларни эслайсиз.
Шундан Жонингизга киради титроқ.
Титроқ эмас, алдоқ бу, жоним,
Мен сиздан ишқ қилмайман талаб.
Кўпдан буён унутди меҳр –
Муҳаббатни мендаги бу қалб.
Бизни нима боғлайди, билмам,
Эҳтимолки, сизда билмайсиз.
Сизга фидо бўлолмам, сиз ҳам
Менга жонни фидо қилмайсиз.
Тунда икки ёқдан келдик ва
Қуйилдик бир олов уммонга.
Тонгда хайр деймиз шивирлаб
Ва кетамиз икки томонга.
Ёдга солди ўпичларингиз
Сиздан олдин ўпган аёлни.
У ҳам сизга ўхшаб берарди
«Севасизми?» деган саволни.
* * *
Мана гугурт, мана тош, мана
Битта зарб. Ва тугайди умр.
Фақат чақмоқ — чўғ ошиқона –
Фақат чақмоқ оловни эмар.
Фақат чақмоқ гапиради рост,
Фақат чақмоқ кесади тўғри.
Дил, ўзингни ўз дорингга ос,
Дил, хайр де тўлғониб, оғриб.
Дил, ўприлган қирғоқларингга
Изларини отди нилуфар.
Дил, чайқалган чарчоқларингдан
Бахтсизликнинг иси уфурар.
Дилдарахтнинг шохларидан
Бош кўтарар ҳуркович фироқ.
Дилни чақмоқ ёқаларида
Чақмоқ, чақмоқ ва яна чақмоқ.
Дил, нилуфар кафтлари бўйлаб
Анор каби тилгил, ситилгил.
Сочларининг ҳар торин куйлаб,
Қаро, қаро тўкилгил, эй дил.
Қоши — осмон. Осмон остида
Бир жуфт қарға. Қоп-қора, чақноқ.
Қарға қарғар. Қарғиш дастидан
Кипригида тирилар титроқ.
Мен ҳам қадим осмон тагида
Минг бир тошга уриб тўзимни,
Хайр деган қир этагида
Чинор янглиғ ёқдим ўзимни.
Бу дунёга бўлолмадим эн,
Дарё каби қуриди дийдам.
Сенга бўй ҳам бўлолмадим мен,
Ўқлар тегиб йиқилдим мен ҳам.
Мен ҳам кириб чикдим оламнинг
Бор кўчаси, хилватларига.
Юрагимни кесиб бердим мен
Юрагимнинг улфатларига.
Чақмоқ фақат гапиради рост,
Дил, данакдай чақилгил, чақна.
Дил, ўзингни ўз дорингга ос,
Мана гугурт, мана тош, мана…
Иссиқ уй
Баҳор қалъасининг қутволи –
Қуёшда қирларнинг иқболи,
Ҳилолда тунларнинг саволи,
Бешик ва беланчак кенгликлар,
Тоғимга ёқалик, енгликлар,
Боғимга, дарёмга тенгликлар,
Юзимга ранг берган йўлларим,
Кўзимга тонг берган гулларим,
Дилимни ўстирган қўлларим,
Умримга ҳарф сочган китоб бу,
Отамдан, онамдан – офтоб бу,
Онгимни уйғотган хитоб бу,
Бу сувлар бунчалар тиниғ-ей,
Тошлари кўп майда синиғ-ей,
Балиғи чиройли қилиғ-ей,
Уларда аждодлар нигоҳи
Келади – минг йиллар гувоҳи,
Гувоҳлар соғинчнинг сипоҳи,
Турналар бир текис чизилган,
Тераклар чизиққа тизилган,
Қиёқлар қулоғи чўзилган,
Ҳавода варраклар парпирар,
Болалар қалбига талпинар,
Ҳар қалбда биттадан алп унар,
Она, сиз тебратган бешигим,
Ота, сиз тафт берган эшигим,
Одамлар, сиз билан хешлигим,
Ҳеч кимга бермаган буюм шу,
Тирикман – энг тирик куйим шу,
Кўз юмсам – энг иссиқ уйим шу…
Энг иссиқ уйим шу…
Бир…
Шаббода бир патни тутиб келтирди,
Севгининг номидан мактуб келтирди.
Ҳар сўзда чиройли бармоқ изи бор,
Ҳар сўзнинг ёнида гул илдизи бор.
Сўз эмас, лабларда таралган нафас,
Лаб эмас, бир қалбда яралган нафас.
Нафасмас, бир дилнинг тубидаги уҳ,
Уҳ эмас, кўкракда эриган андуҳ.
Андуҳмас, кўкларга ёйилган бир зор,
Зор эмас, кўклардан тўкилган озор.
Озор эмас, балки кўринмас белги,
Белгимас, бир зулфнинг учидан улги.
Улгимас, ҳайратдан синиб тушган дод,
Дод эмас, бир холга жо бўлган ҳаёт.
Ҳаётмас, қаламнинг учидек нуқта,
Нуқтамас, нуқтадан кичикроқ нуқра.
Нуқрамас, томоқда тебранган бир воҳ,
Воҳ эмас, пардан ҳам енгилроқ бир оҳ.
Оҳ эмас, жилмайиб қараб турган сўз,
Сўз эмас, бир қалбга келиб қўнган кўз.
Кўз эмас, гул юзни безаган бода,
Бодамас, киприкда ётган шаббода…
Шаббода бир патни тутиб келтирди,
Севгининг номидан мактуб келтирди.
Тиллақош
Қўйнида қуёш ётсин,
Ҳур кўксига нур ботсин,
Қушлар сайраб уйғотсин,
Ҳилол тиллақош бўлсин,
Ҳар сўзи талош бўлсин.
Офтоб бўлар соябон,
Кечалари ой посбон,
Дунё унга меҳрибон,
Ҳилол тиллақош бўлсин,
Товуслар фаррош бўлсин.
Авайлайди ўзини,
Бол симирар сўзини,
Юлдуз ўпар кўзини,
Ҳилол тиллақош бўлсин,
Қоши, кўзи фош бўлсин.
Кимга махфий маҳзани,
Озода қад савсани,
Чеҳрасининг равшани…
Ҳилол тиллақош бўлсин,
Устаси наққош бўлсин.
Бармоғинг учи
Учирма қиласан қошингни,
Ғавғога қўясан бошингни.
Қайдансан, бунчалар иссиқсан,
Қай боғдан – бунчалар тансиқсан?
Бармоғинг чизиқдан юрмайди,
Кулгичинг кулгида турмайди.
Нозиксан – ўрикнинг гулидек,
Беқарор – қоқигул кулидек.
Баъзида шамолсан, баъзида
Юзимга суйкалган шабада.
Юрасан бир томон оғгандек,
Севгининг мавжида оққандек.
Билагинг тутган ишқ – узукми,
Кўзлари шайдо-ю, сузукми?
Сирғалар юлдуздек сирғалар,
Ҳар кўча, бурчакда тирғалар.
Сочингга кечанинг ранглари,
Рангларнинг нурчимол занглари.
Лабларинг четида ёнар дур,
Бармоғинг учидан томар нур.
Шунчалар яқинсан юракка,
Шунчалар узоқсан тилакка.
Оқ кийим
Тонгга ярашибди оқ кийим,
Ярашибди оқ чирой, оқ сийм,
Оқ парда, оқ чойшаб, оқ зеҳн,
Оқ капалак, оқ гул, оппоқ қуш,
Оппоқ жайрон, оқ кўл, оппоқ туш,
Оқ сув, оқ тош, оқ йўл, оқ уруш,
Оқ илон, оқ дафтар, оқ тупроқ,
Оқ қалам, оппоқ сўз, оқ қирғоқ,
Оқ ният, оқ орзу, оқ балдоқ,
Оқ чироқ, оқ мунчоқ, оппоқ ғоз,
Оқ сирға, оқ байроқ, оқ парвоз,
Оқ соя, оқ дарё, оқ овоз…
Ярашибди десам оқ кийим,
Чиқиб келди тонгдан оқ келин.
Қалдирғоч
Кипригимда унган шаҳноз қалдирғоч,
Кипригимга қўнган танноз қалдирғоч.
Юрагимни ясаб пар-патларидан,
Кипригида этган эъзоз, қалдирғоч.
Икки қанотига қистириб қўшнай,
Қулоғимга берган овоз, қалдирғоч.
Бир елкамга қўниб, бир қўниб бошга,
Менга берар бунча пардоз, қалдирғоч.
Узоқларга кўп-кўп учиб кетади,
Қошимга келади оз-оз қалдирғоч.
Айланада учиб айлан ва айла
Кўзимнинг ичида парвоз, қалдирғоч.
SHOIR SALIM ASHUR BILAN
IKKI SUHBAT
Suhbatdosh: Sirojiddin Ibrohim
INSONIY FAZILATLAR O‘ZGARMASDIR
Birinchi suhbat
Salim Ashur – 1964 yilda tug‘ilgan. 1989 yilda Toshkent davlat universiteti jurnalistika fakultetini tugatgan. “Saodat” jurnalida bo‘lim mudiri, “O‘zbekiston ovozi” gazetasida bosh muharrirning birinchi o‘rinbosari vazifalarida xizmat qilgan. 2004 yildan “Turkiston” va “Molodej Uzbekistana” gazetalari bosh muharriri.
2012 yilda «O‘zbekiston Respublikasida xizmat ko‘rsatgan jurnalist» faxriy unvoniga sazovor bo‘lgan. “Yashil giyoh”, “Atirgul”, “Siz ertaga kelasiz”, “Kechikkan tong”, “Atalgan kunlar”, “Sensiz”, “Darz”, «Kelajakka qadam», «Ona tilim», «Mashinalar karvoni», «Muhabbat kitobi» “Titroq” nomli kitoblari nashr etilgan.
1.Yoshlik sizning nazdingizda… Uni qanday tushunasiz?
— Yoshlik – umr bahori. Ijod va muhabbat fasli. She’r ham, ayniqsa, yoshlikka yarashadi. Yoshlikda yozilgan she’rlarda harorat barq uradi. Yoshlikning she’rlari o‘qigan qalbni kuydiradi. Yoshlikda muhabbat nima ekanligini ilk bor his etasiz, anglaysiz. O‘ayotingizda har kuni bir kashfiyot ro‘y beradi. Yangi-yangi haqiqatlarga duch kelaverasiz.
Yoshlikning kuch-quvvati yerga ham, ko‘kka ham sig‘maydi. Faqat uni foydali o‘zanga yo‘naltirish lozim. Shunday bo‘lsa, cho‘lda gul, gulshan undiradi. Aksincha bo‘lsa, yashnab turgan chaman bog‘ni ko‘kka sovurishi mumkin. O‘zi ham yelda sovurilib, suvda oqib ketishi ehtimol.
Yoshlikning bunyodkor, yaratuvchi kuchidan ko‘p narsa undirib qolish zarur. Eng buyuk kashfiyotlar, ixtirolar, badiiy asarlar shu pallada yaratilgan.
Muhabbat yoshlikka qudrat baxsh etadi. Vatanni sevishga, millatning og‘irini yengil qilishga, inson izzatini baland tutishga, ayolni ardoqlashga, do‘stga sadoqat ko‘rsatishga, ya’ni ezgu ishlarga, xayrli amallarga qo‘l urishga undaydi.
«Yoshlikda olingan bilim toshga o‘yilgan naqsh kabidir», degan hikmat bejiz aytilmagan.
Kishi, eng avvalo, yaxshi inson bo‘lishga intiladi. Buning uchun yoshlikda ko‘p yaxshi kitoblarni o‘qimoq lozim. Yaxshi kitob yaxshi insonni tarbiyalaydi. Ulug‘ rus adibi Anton Pavlovich Chexovning: «O‘zimdagi barcha yaxshi fazilatlar uchun kitobdan minnatdorman», degan so‘zlari qatida chuqur ma’no mujassam.
2. Odimlayotgan yo‘lingiz va ortda qolayotgan izlar xususida.
— Hayotda har kim o‘ziga o‘zi yo‘l ochadi. Birovning yo‘lidan boshqa birov yurolmaydi. Ba’zan kimdir kimdandir yo‘llarni, manzillarni qizg‘anadi. Holbuki, har kimning yo‘li ham, manzili ham bo‘lak. Xalq orasida sodda qilib aytiladi-ku: «Birovning go‘riga birov kirolmaydi».
Yo‘l odamlarning boshini qovushtiradi, birlashtiradi. Ba’zan ularni bir-biridan ayiradi, bir-biriga dushman qilib qo‘yishi ham mumkin.
Ancha bo‘ldi, men ham yo‘ldaman. Yo‘ldoshlarim, qo‘ldoshlarim bilan faxrlanaman. Bu yo‘l haroratli Surxondaryo tuprog‘idan, haroratli so‘zdan boshlanganidan faxrlanaman. Chunki Surxondaryoda ham, so‘z diyorida ham mening aziz ustozlarim, do‘stlarim ko‘p.
Izlar… Izlar haqida gapirishga jur’atim yetmaydi. Ilgari tosh mangudek tuyulardi menga. Endi qog‘oz umrboqiyroq ko‘rinadi. Izlar haqida… biz uzun tunlarda termulgan, ko‘z nurlarimizgina emas, umrlarimizni ham to‘kkan qog‘ozlar gapirar…
Men o‘z ishining ustalarini, har qanday sohaning yetuk vakillarini hurmat qilaman. Chunki ularning mehnat va zahmatlari bilan bashariyat madaniyati, millat ma’naviyati avloddan avlodga o‘tadi..
3.Hayotingiz davomida aziz bo‘lib qolgan xotira?
— Harbiy xizmatga otlanganman. Toshkentdagi Shimoliy temir yo‘l vokzalidan biz, harbiyga chaqirilganlar poyezdga chiqayapmiz. Men vagondaman. Kuzatuvchilarni, ota-ona, xola-ammalar…ni poyezdga yaqinlashtirishmaydi. Meni kuzatishga otam chiqqan. Xayrlashganmiz. Ko‘zlarim bilan olomon orasidan otamni topdim. U kuzatuvchilar orasida, beldan keladigan temir to‘siqdan ushlab turibdi. Qisilib qolgan. Ora uzoq… O‘shanda men birinchi marta otamni shunchalik yaqindan ko‘rib qoldim. Otamni tanib qoldim. Qiyofasini, gavdasini tanidim. O‘shangacha ota-ota deb yonida yurganim bilan, chehrasiga tikilib qaramagan, yuzi, qo‘llari qanaqaligiga e’tibor bermagan ekanman. Otam judayam o‘zbek ekan: miqti, qurch, o‘rta bo‘y, kiftlari keng va … qora. Shu siymo yuragimga, ko‘zimga muhrlanib qoldi. Ota desam, hozir ham ko‘z o‘ngimda o‘sha qiyofa gavdalanadi.
Otamning yuzi yonidagi boshqa odamlarning yuzlariga qaraganda qoraroq edi. Shu narsaning belgisi edi bu: otam nisbatan o‘zbekroq edi, quyosh va shamolga tik qaragan, dalani aylanib o‘tmagan, chin mehnatkash, zahmat, mashaqqatni ko‘proq kechirgan edi.
Ha, otam xalqimizning kichik timsoli edi – kichik va oddiy.
4.Tasavvuringizcha, «Inson» nomiga munosib shaxs qanday fazilatlar sohibi bo‘lishi kerak?
— Oq soch tarix guvoh, zamonlar o‘zgaradi, o‘zgarishlar inson tabiatiga, ijtimoiy hayotga ta’sir o‘tkazadi. Illo, insoniylik fazilatlari o‘zgarmasdir: Vatan va xalqqa fidoyilik va sadoqat, mardlik va iroda, mehnatkashlik… Bunday fazilatlar jamuljamini ulug‘ bobomiz Bahouddin Naqshband: «Qalbing Haqda, qo‘ling mehnatda bo‘lsin», deb juda ixcham va aniq ifodalaganlar. Shunday insonlar bugun ham oramizda borligi, ularning sa’y-harakati tufayli yurtimiz tinch, osmonimiz musaffo. Balogardon zotlarni Tangrining o‘zi hifzi-himoyasida asracin!
Qayerdadir o‘qigan edim, delfinlar juft bo‘lib, oxirgi nafasigacha bir-biriga sadoqat ko‘rsatib yasharkan. Yaxshi xo‘rakka nafsi hakalak otmasdan, bir o‘zi yutmasdan, sherigini ham ovoz – signal berib nasibaga chorlar, aksincha, maboda, og‘ir vaziyatda qolsa, to‘rga tushsa yo qarmoqqa ilinsa, sherigini yordamga chaqirmas, uni ham xavf ostida qoldirishni istamas, shu yo‘l bilan juftini, turdoshini asrar, nima bo‘lsa, o‘zi bo‘lar ekan.
Yaxshiyamki, oramizda yaxshini yomondan asraydigan insonlar ko‘p. Shular emasmi – fazilatli insonlar?!.
5.Zamondosh yoshlar haqida fikringiz qanday?
— Yoshlar hamma zamonda ham o‘z davriga nisbatan ilg‘or bo‘lgan. Yoshlarning o‘zib borayotganini ko‘rganda quvonadigan kattalar yosh avlodni oqlagan, quvonmaydiganlar esa yoshlarni qoralagan. Qolgan hammasi shuning atrofidagi gaplar…
6. Baxt va vaqt mezonlari…
— Hammaning baxti ham, baxtsizligi ham alohida. Kimningdir baxti boshlangan nuqtadan boshqa kimningdir baxtsizligi, kimningdir baxtsizligi boshlangan joydan kimningdir baxti boshlanishi mumkin. Ha, baxt mezonlari barcha uchun bir xil emas. Taniqli shoir Mirzo Kenjabekning shunday dilbar to‘rtligi bor:
Firoq bitdi, ming pora bo‘ldi,
Qalb zahmiga qalb chora bo‘ldi.
Ikkimizning baxtimiz aro
Lekin kimdir bechora bo‘ldi.
Tiriklikning mo‘’jizasi ham shunda…
Ko‘pchilikka baravar daxldor, inchunun butun millatning taqdirini nurlantirib turadigan saodatlar ham mavjud. Bular Vatan mustaqilligi, millat erki… Yurtimiz, xalqimiz shunday baxtdan masrur.
Hayot mezon bo‘lsa, umr va vaqt uning ikki pallasi. Agar posangi buzilsa, bir tomon bosib ketadi. Vaqt umrga baho beradi.
7.Dilda gaplaringiz bo‘lsa…
— Mening birinchi maktabim ham, daftarim ham Surxondaryo. Ko‘pchilik Surxondaryoning qanchalar zo‘r yerligini bilmaydi. Uning beradigan, oladigan narsalari ham issig‘iga yarasha. «Surxon yoshlari» va Surxondaryo yoshlarini yaqinlashib kelayotgan Mustaqillik bayrami bilan samimiy tabriklayman. Mustaqilligimizni mustahkamlash, asrash ishiga o‘z hissamizni qo‘shish, yoshu qari – hammamizning burchimizdir.
Manba: «Surxon yoshlari» gazetasi 2013 yil 22 iyun
SO‘RAYDIGAN UZRLARIM BOR…
Ikkinchi suhbat
–Salim aka, Surxondaryoda bahor nafasi ufurib qoldi. Xabarlashgan chog‘larimiz yurtni sog‘inganingiz so‘zlaringizdagi entikishdan seziladi. Shu hislardan ozrog‘ini suhbatimiz uchun qog‘ozga tushirsangiz…
–O‘zbekiston bahorni Surxondaryoda kutib oladi. Boychechak, binafsha, chuchmoma titrab, chayqalib bahor yo‘lida porlaydi. Qumri-bulbul, sa’va-qaldirg‘och nay chalib bahorni chorlaydi. Yurtga Surxon ufqlaridan o‘tib keladi ko‘klam. Qir-o‘ngirlarda qudratga enayotgan navqiron hayot gurkiraydi. Shukuhli fasl sep yoyadi.
Ozurda ruhiyatda nurafshon va gulafshon to‘lqinlar shivirlaydi, qalbda ishq undirgan ildizlar tag‘in g‘imirlaydi. Tog‘lar elchisi – shaboda qiyoqlarning yashil qonini qizdirgan; alvon, naparmon, nimdosh, pistoqi, ko‘kish, sarg‘ish, qizg‘ish, oqish mujdalarni adirlarga, dalalarga hovuch-hovuch sochadi.
Eh-h, Surxon bahori… Dalalar, cho‘llar bahori… Bir tomonda boychechak dengizi shovullar, bir tarafda qizg‘aldoq dengizi lovullar, bir yonda ming xil o‘t, ko‘k mavjlanar. Har tosh, kesak, cho‘p hayotga talpinar, zang bosgan har ildiz, har tomir hayotga chirmashar. Kapalak, qo‘ng‘iz, chumoligacha yashashga oshiqar…
Sergaklanib tiriladi tiriklik. Ko‘k kungurasini silkitib momo qaldiroq gumburlaydi – imillayotgan yuraklarni turtib, tugun bog‘lagan qaboqlarni qitiqlab uyg‘otadi, og‘ochlarda ohorli ranglar yuguradi, novdalarda dur bog‘lagan kurtaklar bo‘rtadi, ko‘klam nafasidan to‘yingan g‘unchalar jaranglab portlaydi. Hamma yoqqa turfa bo‘yoqlar sochiladi. Dunyo yangi rang, yangi chehra kasb etadi. Chaqmoqlar chaqinida chaqnagan chaqinlar qimirlagan jonni, o‘sayotgan har harakatni hayotning katta ko‘chasiga haydab chiqadi – yasha, nafas ol!
Nogoh qo‘shin tashlab hujum boshlagan yomg‘ir, jala har zarra, har hujayragacha hayot suviga to‘yintiradi. Atrofda, havoda turli ko‘kat, o‘t anqiydi. Ko‘klam hayotni ishg‘ol etadi.
Atlaslar so‘qmoqlarga chiqadi, shoyilar ko‘chalarni to‘ldiradi, o‘smalar, xinolar ochiq nigohlardan iymanadi, harir ro‘mollar bir en, ikki en ko‘tariladi, bodom qaboqlar ko‘z uchida qaraydi…
Issiq non qo‘lni kuydiradi: tandir – olam, non – quyosh…
Bolaligim qolib ketgan, oqib ketgan Surxon bahorlari… Og‘a-inilarim, egachi-singillarim bilan charog‘in uyimiz… Tongni uyg‘otib, tunni uxlatgan otam, onam…
Ko‘z ilg‘amas dalalarning eng chetidan boshlangan Vatan…
Ortda qolgan orzular, oldga o‘tgan armonlar… Nahotki, shuning hammasi mening hayotim…
–Bu yil sizga elliginchi bahorni tuhfa etmoqda, muborak bo‘lsin! O‘ttiz yillik ijodiy faoliyat davomida yozganlaringiz o‘z o‘quvchilarini topib ulgurdi. Bu odatiy savolga ham o‘xshab ketadi, biroq qiziq-da! Shoir Salim Ashurga qanchalik darajada muxlislik qila olasiz?
–O‘ttiz yilni siqib, faqat ijod yillarini qoldirsangiz, uch yil ham bo‘lmasa kerak. Afsus. Nachoraki, so‘lgan shu o‘ttiz gul mening chekimda.
Men dastlab adabiy oqimlarning ishqibozi bo‘ldim. Xususan, poeziyada futurizm, akmeizmni, prozada syurrealizmni o‘rgandim. Ularning tajribalarini yozganlarimda sinamoqchi bo‘lganman. Sinaganman. Lekin, o‘sha qoralamalarim o‘zimga yoqadi. Ularda qandaydir erkinlik, daxlsizlikni sezaman. Keyin rus she’riyati, nasriga qiziqdim. G‘arbga ham og‘dim. O‘rganishga intildim.
Bizda ijodiy tajribalarga ko‘proq ma’nodan ayro tushgan shaklbozlik, deb qarash shakllangan. Aslida, na adabiy jamoatchilikni, na mutaxassislarni hayiqtiradigan darajada yangiliklar yaratganimiz ham yo‘q. Yangilikni doim xushlamay kutib oladilar, ust-boshiga, boshdan oyog‘iga qaraydilar. Undan keyin qanday muomala, munosabat ko‘rsatishlari Yangilikning o‘ziga bog‘liq…
Hozir – ellik yoshimda mo‘’tadilman, deb aytishim mumkin. Tajriba fan taraqqiyoti uchun qanchalar zarur ehtiyoj bo‘lsa, adabiyot rivoji uchun ham shunchalar muhimdir.
Kecha yozganimdan boshqasiga muxlis bo‘lolmayman. Ba’zan o‘qib, nahotki shunday tuturiqsiz narsalarni men yozgan bo‘lsam, deb o‘kinaman. Tahrirbop joylari keyin chiqaveradi. Mendan yaxshi shoir chiqmaydi, deb ko‘p ikkilanaman. Yaxshi ko‘rgan shoirlarimning she’rlari yoniga o‘zimnikini qo‘yolmayman. Arzimaydi, arzimaydi-da! Yozishimni o‘zgartirolmasam, boshqacha yozolmasam, nima qilay!..
Meni bir ishtiboh ko‘p qiynaydi: borgan sari she’r yozishni o‘rganyapmanmi yoki bori ham tugab, bilganlarimni ham boy beryapmanmi? Yozaveraymi yoki yig‘ishtirib qo‘yaymi? Chiqadimi o‘zi men g‘aribdan Shoir…
Yozganlarim ko‘zimga ba’zan durust ham ko‘rinadi. Nimadir yangilik bordek tuyuladi. «Ohanglar va shakllar» turkumidagi, muhabbat mavzuidagi, Vatan haqidagi besh-o‘nta she’rga muxlislik qilsam bo‘lar…
–Bugungi o‘zbek she’riyati haqidagi mulohazalaringizni ham bilsak yaxshi bo‘lardi.
–Bugungi o‘zbek she’riyati misoli bir ummon; misoli bir osmon. G‘avvos ming quloch otgani bilan ummonning bir qirg‘og‘idan boshqa qirg‘og‘iga yetib ulgurmaydi. Mohir fazogir ham osmonni daf’atan qucha olmaydi. Bugungi o‘zbek she’riyati misoli bir bo‘z yer. U yomg‘ir-qorning, issiq-sovuqning, tun-kunning, kecha-kunduzning, oy-quyoshning kuch-quvvatini shimib, qudratga to‘layotir. Yaqin kelgusida bu bo‘z yerda baquvvat va buyuk so‘z niholdek ko‘karib, quyoshga – yuksakka intiladi. Hali bir gullab, g‘uncha tugib, hosil berib, ochunni hayratga soladi. Jarangdor bu tor ovoziga bulbullar ham mahliyo bo‘ladi. Ingliz shoiri Persi Bishi Shelli aytgandek bo‘ladi: «Poeziya insoniyat tengdoshidir. Inson arfaga o‘xshaydi, turli shamollar urilgan sayin turli kuylarni taratadi».
Adabiyotning vazifasi qalbni tarbiyalash, shu orqali dunyoni go‘zallashtirishdir. Boshqa xizmatlarni ado etib, shu xizmatni qilmagan adabiyot adabiyot emas.
Menga keyingi paytlarda shoir-yozuvchilarimizning so‘z paydo bo‘lishi, taraqqiyoti bilan boQliq turli darajadagi izlanishlari, tadqiqotlari qiziq tuyulmoqda. Erkin Vohidov, To‘ra Nafasov, Shomirza Turdimov, Nizomiddin Mahmudov, Nasimxon Rahmonov, Ahmad A’zam, ayniqsa Eshqobil Shukurning shu yo‘nalishdagi nozik, shoirona kuzatishlaridan maroqlanaman. Endi, deyman, o‘zimcha, adabiyot so‘z san’ati degan ta’rifga butun bo‘y-basti, shakl-shamoyili bilan mos kelayotir. Bu yo‘l tendensiya – an’anaga aylanishini istardim. So‘z qirralari, ma’no tovlanishlari, so‘zning billurlashuvi shoir uchun mutlaqo yangi imkoniyatlar beradi. Ijodkorning so‘z bilan ishlash madaniyatini oshiradi. Buning yorug‘ hosilasi badiiyatning abadiyatida aks etadi. Dono Mirtemir aytganidek, «Ka’bamsan she’riyat, ezgu ehromim…»
Ba’zan o‘ylanib qolaman: kim uchun yozyapman? Shunday paytda katta shoirlarimiz ko‘z oldimga keladi. Har bir she’r mening ular oldidagi hisobotimdir.
–«Surxon yoshlari» gazetasida O‘zbekiston xalq yozuvchisi Shukur Xolmirzayev haqidagi esseingiz davomli chop etildi. Buni ham o‘quvchilar juda yaxshi kutib olishdi. Umuman o‘zbek adabiyotida surxondaryolik ijodkorlarning tutgan o‘rni haqida gapirsangiz. Ular bilan doimiy aloqadamisiz?
–«Mening Shukur akam» essesini e’lon qilgani uchun «Surxon yoshlari» tahririyatiga minnatdorlik bildiraman.
Yurtdoshlik, vatandoshlik tuyg‘ularini qadrlayman, dildoshlik, maslakdoshlik, yelkadoshlik shundan boshlanadi. Dunyoni insonlarning birdamligi obod etadi. Odam odam bilan til topishsa, qanday yaxshi!
Adib – millat mulki. Shoir – xalq ovozi. Adibga ham, shoirga ham chug‘ur-chug‘ur etadigan dilni bolaligi, ilk hayratlari beradi. Surxon vohasi shoir, yozuvchi farzandlariga quyoshdek issiq, qumridek sayroqi dil ato eta olgan. Nargiza Odinayeva, Jo‘rabek Jahon, Shodmonqul Salom, Qo‘chqor Norqobil, Eshqobil Shukur, Sirojiddin Sayyid, Mirzo Kenjabek, Usmon Azim, Erkin A’zam, Nodir Normatov… Shukur Xolmirzayev, Ro‘zi Choriyev… O‘ar biri o‘z avlodining sardori. Adabiyot bog‘ining mevali daraxtlari. Usmon akaning keyingi yillarda e’lon qilingan kitoblari poeziyamizni bir pog‘ona ko‘tardi. Erkin akaning tilga tushmagan narsasi yo‘q. O‘tgan yili e’lon qilingan Eshqobil Shukurning «Ko‘z yumib ko‘rganlarim», Shodmonqul Salomning «Borligini bilganlar» to‘plamlari yilning eng yaxshi kitoblari bo‘ldi. Men rasmlar va ranglar olamini anglashda ko‘p narsani Nodir Normatovning maqolalaridan o‘rganaman. Sirojiddin Sayyid she’rlari siyohi qurimay muxlislar qo‘liga o‘tib ketadi. Qo‘chqor Norqobilning dramalari eng nufuzli teatrlar sahnasidan tushmaydi. Nargizani hozirdanoq butun respublika yoshlari taniydi. Men shu shoirlarimiz, adiblarmiz bilan har kuni soatlab suhbatlashaman – kitoblarini har kuni o‘qiyman. O‘qiymanu dildan sevinaman. Yurtdosh adiblarimizning har biri alohida yaxshi shoir-yozuvchilar ekani kishini suyuntiradi.
–Elliginchi dovondan buyog‘iga o‘y-fikrlar nimalar bilan bandu qanday ijodiy rejalar ko‘zlangan?
–Qadimiyligini, tabiiyligini yo‘qotmagan joylarni ko‘rishga, o‘rganishga qiziqaman. Bormagan yerlarim ko‘p…
Boshlab qo‘yilgan, chala yotgan narsalarim bor… «Hali vaqt bor-ku, ulguraman» – shunday kayfiyat va kundalik yumushlar bilan ko‘p fursat boy berilgan. Endi shularning o‘rnini to‘ldira olamanmi? O‘qilmagan kitoblar bor, o‘qish kerak. Moziy, ayniqsa, turkiylar, ajdodlarmizning kechmishi sir-sinoatga to‘la. Qiziq. Tortadi. O‘zimning qalamimga kelsak, so‘z ustida, matn ustida ishlashni, xarakterlar va syujetlarni sayqallashni puxtaroq o‘rganishim kerak. Orzular, rejalar ko‘p. Ularning uddasi bo‘yicha xonasi kelganda yana suhbatlasharmiz.
–Suhbatimiz «Chag‘oniyon» gazetasi uchun maxsus bo‘lmoqda. Gazeta bilan bog‘liq xotiralaringiz va dil so‘zlaringizdan bahramand etsangiz.
–«Chag‘oniyon» deganda avvalo adib va taniqli jurnalist Zoyir Mamajon ko‘z oldimizga keladi. U tajribali, hayotni yaxshi ko‘radigan va yaxshi biladigan, voqealarga munosabatini dangal oshkor etadigan, tashabbuskor jurnalist edi. Zoyir aka «Chag‘oniyon»ni oyoqqa qo‘ydi, el-yurtga tanitdi. Kasbga doir ko‘pgina yangi texnologiyalar dastlab «Chag‘oniyon»da joriy etilgan.
Zoyir akani o‘tgan asrning saksoninchi yillaridan, viloyat gazetasida mehnat qilgan paytlaridan bilar edim. Men u paytda o‘rta maktab o‘quvchisiman. Gazetada Zoyir akaning katta-katta maqolalari tez-tez e’lon qilinardi. Sakson bir, sakson ikkinchi yillarda bo‘lsa kerak, hikoyalar to‘plami chop etildi. Bu kitobchani tahririyatda kimdir menga bergani esimda (Zoyir akaning o‘zi emas). Qo‘limga olarkanman, o‘zim bilgan, ko‘rgan insonning yap-yangi kitobi qo‘limni, yuragimni issiq kuydirgan edi. Hikoyalarni uxlamay o‘qiganman. Zoyir aka yozuvchi sifatida ham, jurnalist sifatida ham chinakamiga dong taratib o‘tdi. O‘zbekiston Xalq yozuvchisi Shukur Xolmirzayevning essesida, «Kuzda bahor havosi» hikoyasida Zoyir Mamajonning portreti juda tiniq, mehr bilan chizilgan. Bugun Usta boshlagan, katta va ravon yo‘lga qo‘ygan ishni ahil ijodiy jamoa davom ettirmoqda. Ularga muvaffaqiyat tilayman!
–Mazmunli va samimiy suhbatingiz uchun rahmat! Uzoq umr, ijodiy mahsuldorlik, yaxshi kunlar yorligini tilab qolamiz.
–Tashakkur! So‘ngda shuni aytmoqchiman: qishlog‘imdan, maktabimdan so‘raydigan uzrlarim bor…
Izoh: Ushbu suhbat «Chag‘oniyon» gazetasining 2014 yildagi fevral-mart oylaridagi bir sonida chop etilgandi. Suhbat ba’zi sabablarga ko‘ra, qisqartirib berildi.
Salim ASHUR
SHE’RLAR
Siz ertaga kelasiz…
Siz ertaga kelasiz,
Hozir
Xabarini yetkazdi simlar.
Bu xatarnok yo‘lda karvonni
yutgan vabo —
ohangdor qumlar.
Siz ertaga kelasiz —
Salimga ham guloblar quydi.
Ko‘zingizdan o‘pdim.
Lablarim
Yulduzlarga tekkanday kuydi.
Labingizda — beshikda jahon,
Jahonlarni suydim mastona.
Siz ertaga kelasiz,
Bugun
Yangi ranglar kiyar ostona.
Siz ertaga kelasiz «1»day,
Odamlarga noma’lum sirday.
Ko‘rasiz —
Sevgimni ilib qo‘yibman –
Yakshanbada yuvib
yoyilgan kirday.
Siz ertaga kelasiz,
Hozir
Yuragimni qo‘ydim o‘rtaga.
Agar tuzlar yutib olsalar,
Topolmaysiz meni ertaga.
Siz ertaga kelasiz, qochib
Ta’qib etgan farangi kuydan.
Siz kelasiz shoshib, ammo men
Chiqib ketgan bo‘laman uydan.
Siz ertaga kelasiz…
Boqqa
Liboslarni xazonday tashlab.
Bugun mening cho‘llik qishloqqa
Ketgam kelar
ko‘zimni yoshlab.
Siz ertaga kelasiz,
Biroq
Bugun tushub qoldim men asir.
Bu dunyoda nima bo‘lsayam,
Menga hozir kerakdir,
hozir.
Siz ertaga kelasiz,
Bugun
Oy nuriga lim-lim to‘laman.
Siz ertaga kelasiz,
Ammo
Ertaga men o‘lgan bo‘laman…
* * *
Ishoning, bir umr sodiq qolaman,
Sizni avaylayman men cho‘kayotib.
Men sizdan og‘ushlar sotib olaman,
Sizni qutqaraman o‘zimni otib, —
Men sizga bir umr sodiq qolaman.
Tursangaz — men sizga panoh bo‘lgumdir.
Yursangaz — men sizga bo‘lgum posbon.
Sizni sevib o‘lmoq — go‘zal udumdir,
Sizni sevmay yashash — o‘lim begumon, —
Men sizga bir umr sodiq qolaman.
Askarning darg‘aga sadoqatidek,
Siddiqligi kabi tomchining toshga,
Oftobning har kungi sayohatidek,
Tayyorliga kabi ko‘zimni yoshga,
Nega bundoq, nima, nechun demasdan,
Bog‘liqligi kabi kiyikning toqqa,
Men sizni har kuni yonib sevaman,
Men sizni har kuni sevaman boshqa.
Falak egalari qilmasdan amr,
Farmonlar chiqarmay hali podshoh,
Qalbim siniqlarin etmasdan ta’mir,
Hali tuzalmasdan buzilgan dunyo,
To‘g‘ri yo‘lga kirmay toki odamzot,
Toki tarqaguncha hayotdan tuman…
Bir umr, bir umr itingiz kabi
Sizga xizmat qilay sadoqat bilan.
* * *
Yodga soldi o‘pichlaringiz
Sizdan oldin o‘pgan ayolni.
U ham sizga o‘xshab berardi
«Sevasizmi?» degan savolni.
Kecha uni sevganligim rost,
Bugun sizni sevganim ham chin.
Unutaman sizni ertaga,
O‘zga uchun ertaga sevgim.
Sizda xuddi shundoqsiz,
biroq O‘zgalarni eslaysiz.
Shundan Joningizga kiradi titroq.
Titroq emas, aldoq bu, jonim,
Men sizdan ishq qilmayman talab.
Ko‘pdan buyon unutdi mehr –
Muhabbatni mendagi bu qalb.
Bizni nima bog‘laydi, bilmam,
Ehtimolki, sizda bilmaysiz.
Sizga fido bo‘lolmam, siz ham
Menga jonni fido qilmaysiz.
Tunda ikki yoqdan keldik va
Quyildik bir olov ummonga.
Tongda xayr deymiz shivirlab
Va ketamiz ikki tomonga.
Yodga soldi o‘pichlaringiz
Sizdan oldin o‘pgan ayolni.
U ham sizga o‘xshab berardi
«Sevasizmi?» degan savolni.
* * *
Mana gugurt, mana tosh, mana
Bitta zarb. Va tugaydi umr.
Faqat chaqmoq — cho‘g‘ oshiqona –
Faqat chaqmoq olovni emar.
Faqat chaqmoq gapiradi rost,
Faqat chaqmoq kesadi to‘g‘ri.
Dil, o‘zingni o‘z doringga os,
Dil, xayr de to‘lg‘onib, og‘rib.
Dil, o‘prilgan qirg‘oqlaringga
Izlarini otdi nilufar.
Dil, chayqalgan charchoqlaringdan
Baxtsizlikning isi ufurar.
Dildaraxtning shoxlaridan
Bosh ko‘tarar hurkovich firoq.
Dilni chaqmoq yoqalarida
Chaqmoq, chaqmoq va yana chaqmoq.
Dil, nilufar kaftlari bo‘ylab
Anor kabi tilgil, sitilgil.
Sochlarining har torin kuylab,
Qaro, qaro to‘kilgil, ey dil.
Qoshi — osmon. Osmon ostida
Bir juft qarg‘a. Qop-qora, chaqnoq.
Qarg‘a qarg‘ar. Qarg‘ish dastidan
Kiprigida tirilar titroq.
Men ham qadim osmon tagida
Ming bir toshga urib to‘zimni,
Xayr degan qir etagida
Chinor yanglig‘ yoqdim o‘zimni.
Bu dunyoga bo‘lolmadim en,
Daryo kabi quridi diydam.
Senga bo‘y ham bo‘lolmadim men,
O‘qlar tegib yiqildim men ham.
Men ham kirib chikdim olamning
Bor ko‘chasi, xilvatlariga.
Yuragimni kesib berdim men
Yuragimning ulfatlariga.
Chaqmoq faqat gapiradi rost,
Dil, danakday chaqilgil, chaqna.
Dil, o‘zingni o‘z doringga os,
Mana gugurt, mana tosh, mana…
Issiq uy
Bahor qal’asining qutvoli –
Quyoshda qirlarning iqboli,
Hilolda tunlarning savoli,
Beshik va belanchak kengliklar,
Tog‘imga yoqalik, yengliklar,
Bog‘imga, daryomga tengliklar,
Yuzimga rang bergan yo‘llarim,
Ko‘zimga tong bergan gullarim,
Dilimni o‘stirgan qo‘llarim,
Umrimga harf sochgan kitob bu,
Otamdan, onamdan – oftob bu,
Ongimni uyg‘otgan xitob bu,
Bu suvlar bunchalar tinig‘-yey,
Toshlari ko‘p mayda sinig‘-yey,
Balig‘i chiroyli qilig‘-yey,
Ularda ajdodlar nigohi
Keladi – ming yillar guvohi,
Guvohlar sog‘inchning sipohi,
Turnalar bir tekis chizilgan,
Teraklar chiziqqa tizilgan,
Qiyoqlar qulog‘i cho‘zilgan,
Havoda varraklar parpirar,
Bolalar qalbiga talpinar,
Har qalbda bittadan alp unar,
Ona, siz tebratgan beshigim,
Ota, siz taft bergan eshigim,
Odamlar, siz bilan xeshligim,
Hech kimga bermagan buyum shu,
Tirikman – eng tirik kuyim shu,
Ko‘z yumsam – eng issiq uyim shu…
Eng issiq uyim shu…
Bir…
Shabboda bir patni tutib keltirdi,
Sevgining nomidan maktub keltirdi.
Har so‘zda chiroyli barmoq izi bor,
Har so‘zning yonida gul ildizi bor.
So‘z emas, lablarda taralgan nafas,
Lab emas, bir qalbda yaralgan nafas.
Nafasmas, bir dilning tubidagi uh,
Uh emas, ko‘krakda erigan anduh.
Anduhmas, ko‘klarga yoyilgan bir zor,
Zor emas, ko‘klardan to‘kilgan ozor.
Ozor emas, balki ko‘rinmas belgi,
Belgimas, bir zulfning uchidan ulgi.
Ulgimas, hayratdan sinib tushgan dod,
Dod emas, bir xolga jo bo‘lgan hayot.
Hayotmas, qalamning uchidek nuqta,
Nuqtamas, nuqtadan kichikroq nuqra.
Nuqramas, tomoqda tebrangan bir voh,
Voh emas, pardan ham yengilroq bir oh.
Oh emas, jilmayib qarab turgan so‘z,
So‘z emas, bir qalbga kelib qo‘ngan ko‘z.
Ko‘z emas, gul yuzni bezagan boda,
Bodamas, kiprikda yotgan shabboda…
Shabboda bir patni tutib keltirdi,
Sevgining nomidan maktub keltirdi.
Tillaqosh
Qo‘ynida quyosh yotsin,
Hur ko‘ksiga nur botsin,
Qushlar sayrab uyg‘otsin,
Hilol tillaqosh bo‘lsin,
Har so‘zi talosh bo‘lsin.
Oftob bo‘lar soyabon,
Kechalari oy posbon,
Dunyo unga mehribon,
Hilol tillaqosh bo‘lsin,
Tovuslar farrosh bo‘lsin.
Avaylaydi o‘zini,
Bol simirar so‘zini,
Yulduz o‘par ko‘zini,
Hilol tillaqosh bo‘lsin,
Qoshi, ko‘zi fosh bo‘lsin.
Kimga maxfiy mahzani,
Ozoda qad savsani,
Chehrasining ravshani…
Hilol tillaqosh bo‘lsin,
Ustasi naqqosh bo‘lsin.
Barmog‘ing uchi
Uchirma qilasan qoshingni,
G‘avg‘oga qo‘yasan boshingni.
Qaydansan, bunchalar issiqsan,
Qay bog‘dan – bunchalar tansiqsan?
Barmog‘ing chiziqdan yurmaydi,
Kulgiching kulgida turmaydi.
Noziksan – o‘rikning gulidek,
Beqaror – qoqigul kulidek.
Ba’zida shamolsan, ba’zida
Yuzimga suykalgan shabada.
Yurasan bir tomon og‘gandek,
Sevgining mavjida oqqandek.
Bilaging tutgan ishq – uzukmi,
Ko‘zlari shaydo-yu, suzukmi?
Sirg‘alar yulduzdek sirg‘alar,
Har ko‘cha, burchakda tirg‘alar.
Sochingga kechaning ranglari,
Ranglarning nurchimol zanglari.
Lablaring chetida yonar dur,
Barmog‘ing uchidan tomar nur.
Shunchalar yaqinsan yurakka,
Shunchalar uzoqsan tilakka.
Oq kiyim
Tongga yarashibdi oq kiyim,
Yarashibdi oq chiroy, oq siym,
Oq parda, oq choyshab, oq zehn,
Oq kapalak, oq gul, oppoq qush,
Oppoq jayron, oq ko‘l, oppoq tush,
Oq suv, oq tosh, oq yo‘l, oq urush,
Oq ilon, oq daftar, oq tuproq,
Oq qalam, oppoq so‘z, oq qirg‘oq,
Oq niyat, oq orzu, oq baldoq,
Oq chiroq, oq munchoq, oppoq g‘oz,
Oq sirg‘a, oq bayroq, oq parvoz,
Oq soya, oq daryo, oq ovoz…
Yarashibdi desam oq kiyim,
Chiqib keldi tongdan oq kelin.
Qaldirg‘och
Kiprigimda ungan shahnoz qaldirg‘och,
Kiprigimga qo‘ngan tannoz qaldirg‘och.
Yuragimni yasab par-patlaridan,
Kiprigida etgan e’zoz, qaldirg‘och.
Ikki qanotiga qistirib qo‘shnay,
Qulog‘imga bergan ovoz, qaldirg‘och.
Bir yelkamga qo‘nib, bir qo‘nib boshga,
Menga berar buncha pardoz, qaldirg‘och.
Uzoqlarga ko‘p-ko‘p uchib ketadi,
Qoshimga keladi oz-oz qaldirg‘och.
Aylanada uchib aylan va ayla
Ko‘zimning ichida parvoz, qaldirg‘och.