Roziya Tujjor. Sog’inch qobig’i

07    Ҳозирги замон Эрон адабиётининг йирик намояндаларидан бири Розия Тужжор ўзига хос услубда ёзади. Асосан ҳикоя жанрида қалам тебратиб келаётган адибанинг бир неча ҳикоялар тўплами дунё юзини кўрган, айрим ҳикоялари эса турли тилларга таржима қилинган. Унинг ёзганлари фалсафий мушоҳадалар билан бойлиги, тил ва услуб гўзаллиги ва ижтимоий муаммоларнинг ўртага қўйилиши жиҳатидан бошқа ёзувчиларнинг асарларидан ажралиб туради.

Розия Тужжор
СОҒИНЧ ҚОБИҒИ
Форсчадан Шокиржон Олимов таржимаси
05

12 эсфанд (1), чоршанба

Деразадан ташқарига қарайман. Боғчанинг тупроғи ҳалиям қор кўрпаси остида. Ҳалиям қизил гулнинг ғунчаси қанотларини ёзмаган. Аммо ҳўв юқорида гилос дарахтидаги битта шох гулларга кўмилган.

Онанг дейди:
– Бу мўъзиза! Ҳа, мўъжизанинг ўзи…

Йиғлагим келади. Ўзимни кўраман. Вужудининг ярми музлаган, ярми эса ғурурнинг олтин тожига безанган!
Қачон келасан? Қачон музлар эрийди?!

14 эсфанд, жума

Бугун осмонга қараганимда етти рақами шаклида ғарб томондан келаётган қушлар галасини кўрдим. Болалик йилларимга қайтдим. Ўша йиллари бувимнинг эски уйи ҳовлисида хоналаримизнинг деразалари бир–бирига қараб очилар, ҳар хил баҳона билан бир–биримизнинг исмимизни айтиб чақирардик.

Катталаримиз гоҳида бир–бирлари билан уришишар, гоҳида ярашишарди. Аммо мен ва сен обакидандонларимизни ўзаро бўлишардик, дарсларимизни бирга тайёрлардик ва уйимиздаги кичик мусофирлар бўлган қушларга нон ушоқлари берардик.

Бувим қачонки бизни кўрса шундай дерди:
– Илоҳо қўша қаринглар!

У ўлди ва унинг хотираси ҳам оқ сирень гулининг гулбарглари каби сўлди. Гарчи унинг орзулари амалга ошган ва бизнинг қўлларимиз бир–бирига пайванд бўлган бўлсада… Аммо тўйимиздан бир ойгина вақт ўтганидан сўнг сен жўнаб қолдинг ва…

15 эсфанд, шанба

Бугун қўшни аёл Наргис юзлари гул–гул очилиб деразамиз олдига келиб мени чақирди. Байрамга (2) олган нарсаларини менгаммкўрсатмоқчи экан. Эндигина хонасидаги гиламни ювиб бўлган, уни уйнинг томи лабига ёйиб қўйганича унда акс этаётган офтоб нурларини лаззатланиб томоша қиларди.

У гилам юваётган пайтида дераза олдида унга қараб ўтирардим. Бир нарсалар деб хиргойи қиларди. Назаримда унинг қўллари эмас, балки кўзларида чақнаётган ўт гиламни ялтиратарди.
Наргиснинг икки эгизак қизи бўлиб, уларнинг ранглари беҳи гулининг рангига ўхшар, сочлари эса олтинранг эди!

Улар устиларига қора холлари бор тўқ қизил рангдаги бахмал кўйлаклар ва оёқларига қизил боғичли туфлилар кийиб олишганча бир–бирларининг қўлларидан ушлаб айланишар ва шодон кулишарди. Онаси меҳр ва муҳаббатга тўла кўзлари билан уларга маҳлиё бўлиб ўтирарди! Хонасига борганимда менга янги дамланган чой сузиб берди.

– Байрамга қандай кийим сотиб олдинг? – деб сўради мендан.
– Бултур кийган кийимларим ҳалиям яхши турибди, – деб жавоб бердим.

Қошларини чимирди:
– Янги йилда ҳам эски кийимларни киясанми? Бунинг хосияти яхши эмас! (3)

Сўнгра менга яхшилаб қаради:
– Нега ўзингга қарамайсан? Балким мана шу кунлар топилиб қолар ва…
У шу гапларни айтди, аммо кўзларида бошқа нарсани.

Соғинчим гулламайдику–я, аммо…

18 эсфанд, сешанба

Кеча кечаси радиодан эшитдимки, Ироқ билан қолган асирларни юртларига қайтариш тўғрисида келишувга эришилибди (4). Тушимнинг таъбирини билиш учун бир лаҳза кўзларимни юмдим. Бир нарса ичимдан қайнаб, қайнаб ва яна қайнаб келарди. Юзларим қувончдан гул–гул очилди.

Бугун қўярда–қўймай онангнинг оқарган сочларини ҳиноладим, оёқларининг тирноқларини ҳам олиб қўйдим. Ўзи тиззаларини бука олмайдида, ахир. Менга айтдики, сени тушида кўрибди. Сен бир баланд тоғнинг устида туриб, қўлларингни баланд кўтарган ҳолда ғалаба нишонасини билдирармишсан. Шу пайтда ўнг елкангдан қуёш чиқиб келганмиш.

Унга дедим:
– Онажон, тушингнинг таъбири ёруғ. Баҳор кириб келмоқда. У ҳам баҳор билан бирга…

20 эсфанд, пайшанба

Бугун Наргиснинг қизлари менга шишага солинган бир қизил балиқ олиб келиб беришди. Уни хонанинг токчасига, кўзгунинг ёнига қўйдим. Сўнгра хонанинг пардаларини олиб ювдим. Деразанинг ойналарини ялтиратиб қўйдим.
Хонанинг барча бурчакларидаги чангларни артиб чиқдим. Суратинг рамкаси жойини ҳам алмаштирдим. Шунда яхшироқ қараб туроласан. Бундан буён нур кўзларингни қамаштирмайди.

Тўғриси, сени ва шерикларингни қай бир катак, қай бир ўлим уясида банд қилдилар экан? Ўша ғариблик қоронғулиги ва намлигида ватан ёди хотирангда қандай илдиз отаркин?

22 эсфанд, шанба

Онанг кўкат палов учун майдалаб тўғраган кўкатларнинг ҳиди хонани тутган.
Саримсоқ, сирка, жийда, тотим, кўкат, олма ва сумалак (5).

Мендан сўрайди:
– Ҳамма нарсани тайёр қилиб қўйдингми? Бирор камчилик йўқми? Гулдончи? Тўртта кўзача ва кашнич уруғи. Ҳовузнинг тўрт тарафига тўртта кўза ва… шам… иккита кўз ёш тўкмайдиган шам.

Мана шу йилларда у ҳам кўз ёш тўкмайдиган шам эди. Ғурур билан бошини баланд кўтарарди–да:
– Паҳлавоним девларнинг асирлигида, – дерди. – Аммо худо хоҳласа қайтиб келади…

Изоҳлар
——————

1. Эсфанд – эронча ҳижрий–шамсий йил ҳисобидаги йилнинг охирги, ўн иккинчи ойи. Мелодий йил ҳисобидаги 20 февраль – 20 март оралиғига тўғри келади. Эсфанд ойининг охирги кунлари эронча янги йил (мелодий йил ҳисобидаги 21 мартга тўғри келадиган) Наврўзни кутиб олишга катта тайёргарлик кетади (тарж.).
2. Бу ерда эронча янги йил ҳисобланган Наврўз байрами назарда тутилмоқда (тарж.).
3. Эронликларнингг урф–одатига кўра янги йил киришидан олдин барча эски нарсалар ташлаб юборилади ва янги йилга янги либослар билан кириб борилади (тарж.).
4. Ушбу ҳикоя 1980–1989 йиллардаги Ироқнинг Эронга ҳужум қилиши орқали бошланган Ироқ–Эрон уруши даврида асирга тушган ёки дом–дараксиз йўқолган эронлик аскарлардан бирини кутаётган рафиқаси кечинмалари тўғрисидадир (тарж.).
5. Эронликларнингг урф–одатига кўра янги йил – Наврўз кириб келаётган пайтида барча хонадонларда форсча номланиши “син” ҳарфи билан бошланадиган ва “ҳафт син” (етти син) номи билан машҳур бўлган етти хил нарса дастурхонга қўйилади. Булар саримсоқ, сирка, жийда, тотим, кўкат, олма ва сумалакдан иборатдир (тарж.).

07

Roziya Tujjor
SOG’INCH QOBIG’I
Forschadan Shokirjon Olimov tarjimasi
05

12 esfand (1), chorshanba

Derazadan tashqariga qarayman. Bog’chaning tuprog’i haliyam qor ko’rpasi ostida. Haliyam qizil gulning g’unchasi qanotlarini yozmagan. Ammo ho’v yuqorida gilos daraxtidagi bitta shox gullarga ko’milgan.

Onang deydi:
– Bu mo»ziza! Ha, mo»jizaning o’zi…

Yig’lagim keladi. O’zimni ko’raman. Vujudining yarmi muzlagan, yarmi esa g’ururning oltin tojiga bezangan!
Qachon kelasan? Qachon muzlar eriydi?!

14 esfand, juma

Bugun osmonga qaraganimda yetti raqami shaklida g’arb tomondan kelayotgan qushlar galasini ko’rdim. Bolalik yillarimga qaytdim. O’sha yillari buvimning eski uyi hovlisida xonalarimizning derazalari bir–biriga qarab ochilar, har xil bahona bilan bir–birimizning ismimizni aytib chaqirardik.

Kattalarimiz gohida bir–birlari bilan urishishar, gohida yarashishardi. Ammo men va sen obakidandonlarimizni o’zaro bo’lishardik, darslarimizni birga tayyorlardik va uyimizdagi kichik musofirlar bo’lgan qushlarga non ushoqlari berardik.

Buvim qachonki bizni ko’rsa shunday derdi:
– Iloho qo’sha qaringlar!

U o’ldi va uning xotirasi ham oq siren` gulining gulbarglari kabi so’ldi. Garchi uning orzulari amalga oshgan va bizning qo’llarimiz bir–biriga payvand bo’lgan bo’lsada… Ammo to’yimizdan bir oygina vaqt o’tganidan so’ng sen jo’nab qolding va…

15 esfand, shanba

Bugun qo’shni ayol Nargis yuzlari gul–gul ochilib derazamiz oldiga kelib meni chaqirdi. Bayramga (2) olgan narsalarini mengammko’rsatmoqchi ekan. Endigina xonasidagi gilamni yuvib bo’lgan, uni uyning tomi labiga yoyib qo’yganicha unda aks etayotgan oftob nurlarini lazzatlanib tomosha qilardi.

U gilam yuvayotgan paytida deraza oldida unga qarab o’tirardim. Bir narsalar deb xirgoyi qilardi. Nazarimda uning qo’llari emas, balki ko’zlarida chaqnayotgan o’t gilamni yaltiratardi.
Nargisning ikki egizak qizi bo’lib, ularning ranglari behi gulining rangiga o’xshar, sochlari esa oltinrang edi!

Ular ustilariga qora xollari bor to’q qizil rangdagi baxmal ko’ylaklar va oyoqlariga qizil bog’ichli tuflilar kiyib olishgancha bir–birlarining qo’llaridan ushlab aylanishar va shodon kulishardi. Onasi mehr va muhabbatga to’la ko’zlari bilan ularga mahliyo bo’lib o’tirardi! Xonasiga borganimda menga yangi damlangan choy suzib berdi.

– Bayramga qanday kiyim sotib olding? – deb so’radi mendan.
– Bultur kiygan kiyimlarim haliyam yaxshi turibdi, – deb javob berdim.

Qoshlarini chimirdi:
– Yangi yilda ham eski kiyimlarni kiyasanmi? Buning xosiyati yaxshi emas! (3)

So’ngra menga yaxshilab qaradi:
– Nega o’zingga qaramaysan? Balkim mana shu kunlar topilib qolar va…
U shu gaplarni aytdi, ammo ko’zlarida boshqa narsani.

Sog’inchim gullamaydiku–ya, ammo…

18 esfand, seshanba

Kecha kechasi radiodan eshitdimki, Iroq bilan qolgan asirlarni yurtlariga qaytarish to’g’risida kelishuvga erishilibdi (4). Tushimning ta’birini bilish uchun bir lahza ko’zlarimni yumdim. Bir narsa ichimdan qaynab, qaynab va yana qaynab kelardi. Yuzlarim quvonchdan gul–gul ochildi.

Bugun qo’yarda–qo’ymay onangning oqargan sochlarini hinoladim, oyoqlarining tirnoqlarini ham olib qo’ydim. O’zi tizzalarini buka olmaydida, axir. Menga aytdiki, seni tushida ko’ribdi. Sen bir baland tog’ning ustida turib, qo’llaringni baland ko’targan holda g’alaba nishonasini bildirarmishsan. Shu paytda o’ng yelkangdan quyosh chiqib kelganmish.

Unga dedim:
– Onajon, tushingning ta’biri yorug’. Bahor kirib kelmoqda. U ham bahor bilan birga…

20 esfand, payshanba

Bugun Nargisning qizlari menga shishaga solingan bir qizil baliq olib kelib berishdi. Uni xonaning tokchasiga, ko’zguning yoniga qo’ydim. So’ngra xonaning pardalarini olib yuvdim. Derazaning oynalarini yaltiratib qo’ydim.
Xonaning barcha burchaklaridagi changlarni artib chiqdim. Surating ramkasi joyini ham almashtirdim. Shunda yaxshiroq qarab turolasan. Bundan buyon nur ko’zlaringni qamashtirmaydi.

To’g’risi, seni va sheriklaringni qay bir katak, qay bir o’lim uyasida band qildilar ekan? O’sha g’ariblik qorong’uligi va namligida vatan yodi xotirangda qanday ildiz otarkin?

22 esfand, shanba

Onang ko’kat palov uchun maydalab to’g’ragan ko’katlarning hidi xonani tutgan.
Sarimsoq, sirka, jiyda, totim, ko’kat, olma va sumalak (5).

Mendan so’raydi:
– Hamma narsani tayyor qilib qo’ydingmi? Biror kamchilik yo’qmi? Guldonchi? To’rtta ko’zacha va kashnich urug’i. Hovuzning to’rt tarafiga to’rtta ko’za va… sham… ikkita ko’z yosh to’kmaydigan sham.

Mana shu yillarda u ham ko’z yosh to’kmaydigan sham edi. G’urur bilan boshini baland ko’tarardi–da:
– Pahlavonim devlarning asirligida, – derdi. – Ammo xudo xohlasa qaytib keladi…

Izohlar
——————

1. Esfand – eroncha hijriy–shamsiy yil hisobidagi yilning oxirgi, o’n ikkinchi oyi. Melodiy yil hisobidagi 20 fevral` – 20 mart oralig’iga to’g’ri keladi. Esfand oyining oxirgi kunlari eroncha yangi yil (melodiy yil hisobidagi 21 martga to’g’ri keladigan) Navro’zni kutib olishga katta tayyorgarlik ketadi (tarj.).
2. Bu yerda eroncha yangi yil hisoblangan Navro’z bayrami nazarda tutilmoqda (tarj.).
3. Eronliklarningg urf–odatiga ko’ra yangi yil kirishidan oldin barcha eski narsalar tashlab yuboriladi va yangi yilga yangi liboslar bilan kirib boriladi (tarj.).
4. Ushbu hikoya 1980–1989 yillardagi Iroqning Eronga hujum qilishi orqali boshlangan Iroq–Eron urushi davrida asirga tushgan yoki dom–daraksiz yo’qolgan eronlik askarlardan birini kutayotgan rafiqasi kechinmalari to’g’risidadir (tarj.).
5. Eronliklarningg urf–odatiga ko’ra yangi yil – Navro’z kirib kelayotgan paytida barcha xonadonlarda forscha nomlanishi “sin” harfi bilan boshlanadigan va “haft sin” (yetti sin) nomi bilan mashhur bo’lgan yetti xil narsa dasturxonga qo’yiladi. Bular sarimsoq, sirka, jiyda, totim, ko’kat, olma va sumalakdan iboratdir (tarj.).

07

(Tashriflar: umumiy 242, bugungi 1)

Izoh qoldiring