Sohiba Hayitboyeva. Bu ishq meni qo’ymaydi omon

07   “Ер юмалоқ” деди у киши. Ҳайрат билан жилмайдим. У билан суҳбатлашсам, руҳим қувват оларди. Илк бор қўлимга Ғаззолийнинг китобини тутқазди, Навоийнинг гўзал байту ғазалларини келтирди. Гўё осмонда учардим, ўз оламимда яшардим мен. Қалбим билан руҳимнинг хоҳишини бераётганимдан бахтли эдим..

Соҳиба Ҳайитбоева
БАДИА ВА ШЕЪРЛАР
03

   Соҳиба Ҳайитбоева 1977 йилнинг  12 февралида Сирдарё вилояти Боёвут туманида туғилган. ТошДУ (Ўзбекистон миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Бугун мустақил журналист сифатида  фаолият юритади  ва юридик фирмада таржимонлик қилади .

03

ОЛИСДАГИ ЯҚИНИМ
Устозим Назиржон акага бағишлов

“Ер юмалоқ” деди у киши. Ҳайрат билан жилмайдим.
У билан суҳбатлашсам, руҳим қувват оларди.
Илк бор қўлимга Ғаззолийнинг китобини тутқазди, Навоийнинг гўзал байту ғазалларини келтирди. Гўё осмонда учардим, ўз оламимда яшардим мен. Қалбим билан руҳимнинг хоҳишини бераётганимдан бахтли эдим…

“Ер юмалоқ” деди у киши. Алам билан жилмайдим.
Уни кўриб, руҳим эзилди, қалбим қийналди.
Қочдим. Мен узоқлашиб кетдим. Дунёвийлашиб ўз оламимни унутиб қўйдим. Йўлимни йўқотдимми, ёки ўзимними?! Ҳаловатимдан айрилдим. Адашиб кетдим…

“Ер юмалоқ” дея ёзди у киши. Соғинч билан жилмайдим.
У билан ёзишиб руҳим яйради, кўнглим таскин топди.
Шеърларимни ўқиб, алқади у. “Сизнинг қаламингиз бор” деди буюк Ишқни ифода этишга. Олисдан меҳри тафтини ҳис қилдим. Энди ўзимни тиклагандим, ўз Йўлимни топгандим…

“Ер юмалоқ” деса эди Ҳузурида ҳам. Шукр билан жилмайсам.
Асл Ватанда у билан биргалигимдан фахрлансам.
Буюк Манзилда бизни элтган турли йўлларга назар ташласак. Дунёга сафаримиз бизни бирлаштириб турган мурод билан якун топса: Ўзингга етсак!

“Ер юмалоқ эди” дердим…

БУ ИШҚ МЕНИ ҚЎЙМАЙДИ ОМОН
Шеърлар
03

Азон товуши

Мени уйғотсайди азон товуши
Худди уйдагидай, эшитсам элас…090
Ҳар тонгда ортади кўнгил ёниши:
Бу Ерлар барибир меники эмас!

Кўзимни очяпман ҳар саҳар қўмсаб,
Ватанни кўраман сал кўзим юмсам.
Олислаб кетганим севмаганиммас,
Қолдим деганимас тақдирга кўнсам.

Дилимни уйғотса азон товуши,
Мудраб қолаётган иймонга қўшиб
Ҳар бир хўжайрамга сингиб-қовушиб,
Ҳақ дея яшаса тўлғониб, жўшиб.

Вужудим ичини нурдай ёритса,
Ҳайдаса қай бурчда не хазин бўлса
Ғуборларни ювса, ғамдан аритса,
Қалбим таним учун муаззин бўлса!

Сўзимни уйғотса азон товуши,
Ишқимни билдирар арзир сўз айтсам.
Сатримда порласа юрак ёниши
Қанийди, вақтида Ўзига қайтсам!

Мусофир — бир буюк товушга гадо,
Салга узилади сўзин таранги…
Ичда такрорласам бериб акс-садо
Руҳимни уйғотса, яна жаранги.

Тобора ҳажрида ўртар дилимни
Минг йиллар илгари айтилган азон
Тангрим, Ўзинг томон солгин йўлимни,
Йўқса, икки дунём хазондир,хазон…

 

Ҳаввога ҳавасим келади

Бу ишқ ёндиради мени кун сайин,
Ахийр айролиқда ўлмоғим тайин.
Ҳар кун юзларингиз силаган майин
Сабога ҳавасим келади…

Оёғимни ерга боғлаган гумон,
Ҳижронларда ўтди бу умрим тамом.
Қўлингиз чўзасиз менмас, кўк томон
Самога ҳавасим келади…

Қалбимни узатдим куйимга қўшиб,
Дарди тингланмаган девона-ошиқ.
Кўнглингиз овутган ўша бир қўшиқ,
Навога ҳавасим келади…

Ҳавасда яшашни ўзи ҳам бир бахт,
Ниятимга қараб Ўзи берар аҳд.
Сизга шундай зарур бўлсам ҳамма вақт:
Ҳавога ҳавасим келади…

Тинчимни бузади ҳар турли хаёл,
Кўринмай кетсангиз олислаб хиёл
Рашкда қоврилмаган ягона аёл —
Ҳаввога ҳавасим келади…

Бир эдим…

Бир неча бўлакка бўлиниб кетдим:
Руҳ, вужуд, тафаккур, яна нималар…
Ҳаммасин ўз ҳақиқати бор,
Ҳар бирин талаби мени нимталар.

Ўзим хам билмайман, қайси онимда
Аршга бўй чўзмоқда ташланган уруғ.
Бир лаҳза қўймасдан ҳолу жонимга
Аслида ғалаён бошлаган шу Руҳ.

«Олиб чиққин, — дейди, — мени Ўзига,
Нега кирдим йўқса, сенинг ичингга.
Кўзинг оч, қулоқ сол, қалбнинг сўзига,
Асли мен асосман қувват-кучингга!»

Вужуд дейди: «Турли хаёллардан қайт,
Содиқ хизматкоринг, иссиқ уйингман.
Мен бўлмасам, Инсон бўлармидинг айт,
Борингман, қиёфанг, ранги-рўйингман.

Менга бер эътибор, меҳрингдан кўпроқ
Манзилга етмоғинг бир шунга боғлиқ
Мени тоза қабул қилсин бу тупроқ,
Элакдан ўтмоқчи бўлсанг нечоғлик…»

Қалбнинг айтганига тафаккур кўнмас.
Йўлга тушдим минг бўлакка айланиб .
Барисин муроса қилдирмок жўнмас,
Кўзим юмдим дуоларга жойланиб.

Аслида мен битта эдим-ку ё, Раб!
Битта қил, бир бўлиб Сенга кетаман.
Ҳамма бўлакларни жонимга ўраб,
Барин жамлай олсам, Сенга етаман!

 

Шукрона

Яшаяпман, шукр, соғ-омон,
Юзимда нур, қалбимда кўклам.
Босган изим, пойим гул-чаман,
Соф умримга ҳавасда кўк ҳам.

Ер-самони ёритмай туриб,
Дилим равшан этади тонгим.
Офтобимнинг заррин нуридан
Ҳар саҳарда меҳр-ла қонгум.

Оҳ, бунчалар мусаффо ҳаво,
Тўйиб-тўйиб оламан нафас.
Шу лаҳзанинг ўзи бир сафо,
Шу тўйишнинг ўзи бир ҳавас.

Юргандайман жаннатни кезиб,
Сочларимни силайди еллар.
Дилим завқин ҳар саҳар сезиб
Янги кунинг муборак, дерлар.

Яшаш ишқи солар қалбга чўғ,
Дилни ёқар иштиёқ бирам.
Ҳа, умрдан буюк неъмат йўқ,
Тирикликнинг ўзи бир байрам!

Ҳар кунимга шукрлар бўлсин,
Синовлардан ўтганим бахтим.
Ўзи менга куч-қудрат берсин,
Қувват олсин Ўзидан шахтим.

Қадрлидир ҳар лаҳза, ҳар чоғ
Завқим куйлар дилда баётни.
Мени яна сийлади Аллоҳ,
Қайта совға қилди ҲАЁТни!

 

Индамай севаман

Ноқулай вазият. Ортиқча севгим,
Юрагим ҳадяси сиз учун малол.
Гарчи гуноҳлар ҳам эмасдир тенгим,
Аммо ишқ мен учун ҳалолдан ҳалол.

Индамай севаман. Қилмайман ҳам арз,
Лаб очсам бу ишқмас, миннат бўлади.
Меҳр-муҳаббатим ўзим учун фарз,
Индамай севганим суннат бўлади..

Асли билмай йўлим тўсади ғурур,
Қалбнинг очилгани айбмас, роз бўлар.
Ўчирмаса бу ўт ёнганча турур,
Қанча суйсам сизни шунча оз бўлар.

Бир қадам ташлайман. Сизни кутаман,
Умид ҳам, илинж ҳам ҳатто мубоҳмас.
Соғинчни қийнайман, ичга ютаман,
Бекитиб севиш ҳам, ахир, гуноҳмас.

Дилдан меҳр тошар, кўзларимдан чўғ,
Ўзимни йиғидан тияман аранг.
Сиз эса ҳали ҳам сезганингиз йўқ,
Билмоқчи бўлсангиз… кўзимга қаранг!

Ҳижрон ҳар сония олади қасдин,
Ҳар куни интизор сизни йўқлайман.
Дийдорнинг умиди қалбимга таскин,
Соғинчни бағримга босиб ухлайман.

Муҳаббат жон билан этилган ато,
Билмам, қайга бошлар бу кўнгил майли.
Сизнинг қалбингизга киришим хато,
Сиз менинг дилимга кирсангиз майли…

Кутаман. Бир куни йўллар туташар,
Ахир бораётган манзилимиз бир.
Кўнглим тўқ, руҳимиз дунёлар ошар,
Аллоҳ учраштирар бизни барибир!

 

Мусофирликда

Умр йўли узун, манзили олис
Шукрки, сафарда эмасмиз ёлғиз.
Қўлимиздан тутиб, ишониб холис,
Овуниб юрибмиз мусофирликда.

Ўрганиб ҳам қолдик асли фироққа,
Кўнгил тутмай қўйди бизни сўроққа,
Топган бахтимизни яқин-йироққа
Илиниб юрибмиз мусофирликда.

Дийдоринг қувнатар дилим ҳар сафар,
Яхшиям, йўлимда бўлдинг ҳамсафар.
Салга кўринмасак излаб шом-саҳар
Бўлиниб юрибмиз мусофирликда.

Асли ҳаёт бошқа, хаёллар бошқа,
Муҳаббатга ташна, меҳрга ташна,
Бир юрт илинжида кўз тўлиб ёшга,
Соғиниб юрибмиз мусофирликда.

Бизларга ёр бўлар илоҳимиз деб,
Қўшиққа айланар бу оҳимиз деб,
Ишқимиз энг гўзал гуноҳимиз деб,
Сиғиниб юрибмиз мусофирликда…

 

Ҳижроннинг ранги

Муҳаббатнинг ранги  асли  оловранг,
Қалбим ўчоғига бўлди қалов ранг,
Ўзи томон чорлар дилни ялов ранг,
Айтинг, ҳижроннинг-чи, ранги қанақа?

Сабр ранги кўк, бахт ранги пушти,
Саодатнинг ранги сариққа кўчди,
Туйғулар ранг бўлиб кўнгилга тушди:
Айтинг, ҳижроннинг-чи, ранги қанақа?

Умид ранги яшил, орзулар — мовий,
Қалбимда ишқ яшар ранги самовий,
Умрлар кутишга маҳкум, давомий
Айтинг, ҳижроннинг-чи, ранги қанақа?

Туйғуларим алвон, қайғулар кулранг
Изтироб бинафша, кўз ёшим гул ранг,
Ҳажрни висолга бўярми ул ранг,
Айтинг, хижроннинг-чи, ранги қанақа?

Ҳисларим камалак, бахтим зангори,
Қип-қизил рангдадир кўнглимнинг зори
Кўринади ҳатто рашкнинг ангори,
Айтинг, хижроннинг-чи, ранги қанақа?

Соғинчим жигари, ниятим оппоқ,
Ўйларим яшиндек ёрқину чақноқ
Тариқдек сочилган фикрлар тарқоқ:
Айтинг, ҳижроннинг-чи, ранги қанақа?

Васл чўғ, интиқлик ранги моҳтобдай,
Иштиёқнинг ранги қизиган тобдай
Кўнгилни иситар дийдор офтобдай,
Топдим, ҳижроннинг ранги шаффофдай!

 

Истасанг…

Мен шундай севаман, вужудим кўприк,
Асли қалб сийланган меҳрдан бекам.
Бу ишқ бир ўзимга қиляпти кўплик,
Истасанг, кел, бирга кўрайлик баҳам.

Мен шундай севаман, хаёлим қанот —
Айланиб кетади чархим самога.
Дунёга боғланиш руҳим учун ёт,
Истасанг, мен билан кел уч, самода.

Мен шундай севаман, ҳисларим олов,
Куйганча турибман тутиб кафтимда
Меҳрдир кўнглимни ёққувчи қалов,
Истасанг, кел исин, ишқим тафтида.

Мен шундай севаман, андишам соқов,
Дилимдан нарига ўтмас изҳорим.
Сукутим остида ҳадсиз сўзим бор,
Истасанг, жимликдан баҳра ол, ёрим.

Мен шундай севаман, онгим тарози,
Ҳамиша тош босар қалбим палласи.
Аросат ҳолингдан дилим норози,
Истасанг, қўй, кўнглинг ўзи танласин!

Мен шундай севаман, ишқим ҳидоят,
Қалбимни тўлдирар илоҳий наво.
Ҳар кимга насибмас, бундай иноят,
Истасанг, сенга ҳам кўрардим раво.

Мен шундай севаман, иймоним булоқ,
Қайга оқишини билар аслида.
Йўлдаман, манзилим озгина йироқ…
Истасанг, ҳамроҳ бўл, Унинг васлига!

 

Изн берса…

Изн берса Хақ бизга, кезсак дунё-дайрини
Олис сафарда сизга тоқат бўлсам майлими?

Умримиз гўзал бир туш, тотиб васл сайлини
Сизга энг зиёду хуш соат бўлсам майлими?

Йўл босиш қолди холос, қалб сафарга шайлими?
Кўнглингиздаги ихлос, тоат бўлсам майлими?

Муҳаббатга ташнадир, сездирсам дил майлини,
Иштиёққа ошна бир роҳат бўлсам майлими?

Руҳдир сизга чорлаган, таним руҳдан айрими?!
Кўзингизда порлаган ҳайрат бўлсам майлими?

Нурга тўлар бу очун, берса Худо хайрини
Икки дунё сиз учун жаннат бўлсам майлими?

 

Бу ишқ мени қўймайди омон…

Қаландарман… хажрингда ёниб
Эс-ҳушимдан айрилдим тамом!
Бораяпман ўзимдан тониб,
Бу ишқ мени кўймайди омон!

Кемиради ёшимни йиллар,
Руҳим хаста, вужудим бежон.
Умр бунча секин симиллар,
Висолингга етаман качон?!

Чорлайверар мени бетиним,
Сени десам кўнглим ўсади.
Дунёлардан кечаман десам,
Йўлларимни гуноҳ тўсади.

Мен – Ўзингга тегишли ижод,
Юрагимга ишқинг кўчиргин,
Мехринг билан этгансан бунёд,
Хатоларим бўлса, кечиргин.

Муҳаббатим факат Сенга хос,
Томиримда ишқ оқар жўшиб.
Феълим учун қилма эътироз,
Яратгансан лойимга қўшиб:

Сув – кўнглимдан оққан томчилар,
Ҳаво – кўкка талпинар руҳдир
Тупроқ – ерга боғланган таним ,
Олов – қалбим ёқгувчи чўғдир

Кечам сабоқ, эртам таваккал,
Бугун Хаққа интилган бахтман.
Таним фақат дилнинг масжиди,
Мен вужудга ўралган қалбман.

Сени топсам ўзимдан кечиб
Висолингга етганим – қадр.
Кўнглимдаги тилимга кўчиб
Руҳинг дилни сўзлатар дадил:

Самандарман! Ҳажрингда ёниб
Айрилиққа қолмади тоқат.
Кетаяпман дунёдан тониб,
Мен ошиқман Ўзингга фақат!

045

Sohiba Hayitboeva
BADIA VA SHE’RLAR
03

 Sohiba Hayitboeva 1977 yilning 12 fevralida Sirdaryo viloyati Boyovut tumanida tug’ilgan. ToshDU (O’zbekiston milliy universiteti)ning jurnalistika fakul`tetini tamomlagan. Bugun mustaqil jurnalist sifatida faoliyat yuritadi va yuridik firmada tarjimonlik qiladi .

03

OLISDAGI YAQINIM
Ustozim Nazirjon akaga bag’ishlov

“Er yumaloq” dedi u kishi. Hayrat bilan jilmaydim.
U bilan suhbatlashsam, ruhim quvvat olardi.
Ilk bor qo’limga G’azzoliyning kitobini tutqazdi, Navoiyning go’zal baytu g’azallarini keltirdi. Go’yo osmonda uchardim, o’z olamimda yashardim men. Qalbim bilan ruhimning xohishini berayotganimdan baxtli edim…

“Er yumaloq” dedi u kishi. Alam bilan jilmaydim.
Uni ko’rib, ruhim ezildi, qalbim qiynaldi.
Qochdim. Men uzoqlashib ketdim. Dunyoviylashib o’z olamimni unutib qo’ydim. Yo’limni yo’qotdimmi, yoki o’zimnimi?! Halovatimdan ayrildim. Adashib ketdim…

“Er yumaloq” deya yozdi u kishi. Sog’inch bilan jilmaydim.
U bilan yozishib ruhim yayradi, ko’nglim taskin topdi.
She’rlarimni o’qib, alqadi u. “Sizning qalamingiz bor” dedi buyuk Ishqni ifoda etishga. Olisdan mehri taftini his qildim. Endi o’zimni tiklagandim, o’z Yo’limni topgandim…

“Er yumaloq” desa edi Huzurida ham. Shukr bilan jilmaysam.
Asl Vatanda u bilan birgaligimdan faxrlansam.
Buyuk Manzilda bizni eltgan turli yo’llarga nazar tashlasak. Dunyoga safarimiz bizni birlashtirib turgan murod bilan yakun topsa: O’zingga yetsak!

“Er yumaloq edi” derdim…

BU ISHQ MENI QO’YMAYDI OMON
She’rlar
03

Azon tovushi

Meni uyg’otsaydi azon tovushi
Xuddi uydagiday, eshitsam elas…
Har tongda ortadi ko’ngil yonishi:
Bu Yerlar baribir meniki emas!

Ko’zimni ochyapman har sahar qo’msab,
Vatanni ko’raman sal ko’zim yumsam.
Olislab ketganim sevmaganimmas,
Qoldim deganimas taqdirga ko’nsam.

Dilimni uyg’otsa azon tovushi,
Mudrab qolayotgan iymonga qo’shib
Har bir xo’jayramga singib-qovushib,
Haq deya yashasa to’lg’onib, jo’shib.

Vujudim ichini nurday yoritsa,
Haydasa qay burchda ne xazin bo’lsa
G’uborlarni yuvsa, g’amdan aritsa,
Qalbim tanim uchun muazzin bo’lsa!

So’zimni uyg’otsa azon tovushi,
Ishqimni bildirar arzir so’z aytsam.
Satrimda porlasa yurak yonishi
Qaniydi, vaqtida O’ziga qaytsam!

Musofir — bir buyuk tovushga gado,
Salga uziladi so’zin tarangi…
Ichda takrorlasam berib aks-sado
Ruhimni uyg’otsa, yana jarangi.

Tobora hajrida o’rtar dilimni
Ming yillar ilgari aytilgan azon
Tangrim, O’zing tomon solgin yo’limni,
Yo’qsa, ikki dunyom xazondir,xazon…

087

Havvoga havasim keladi

Bu ishq yondiradi meni kun sayin,
Axiyr ayroliqda o’lmog’im tayin.
Har kun yuzlaringiz silagan mayin
Saboga havasim keladi…

Oyog’imni yerga bog’lagan gumon,
Hijronlarda o’tdi bu umrim tamom.
Qo’lingiz cho’zasiz menmas, ko’k tomon
Samoga havasim keladi…

Qalbimni uzatdim kuyimga qo’shib,
Dardi tinglanmagan devona-oshiq.
Ko’nglingiz ovutgan o’sha bir qo’shiq,
Navoga havasim keladi…

Havasda yashashni o’zi ham bir baxt,
Niyatimga qarab O’zi berar ahd.
Sizga shunday zarur bo’lsam hamma vaqt:
Havoga havasim keladi…

Tinchimni buzadi har turli xayol,
Ko’rinmay ketsangiz olislab xiyol
Rashkda qovrilmagan yagona ayol —
Havvoga havasim keladi…

Bir edim…

Bir necha bo’lakka bo’linib ketdim:
Ruh, vujud, tafakkur, yana nimalar…
Hammasin o’z haqiqati bor,
Har birin talabi meni nimtalar.

O’zim xam bilmayman, qaysi onimda
Arshga bo’y cho’zmoqda tashlangan urug’.
Bir lahza qo’ymasdan holu jonimga
Aslida g’alayon boshlagan shu Ruh.

«Olib chiqqin, — deydi, — meni O’ziga,
Nega kirdim yo’qsa, sening ichingga.
Ko’zing och, quloq sol, qalbning so’ziga,
Asli men asosman quvvat-kuchingga!»

Vujud deydi: «Turli xayollardan qayt,
Sodiq xizmatkoring, issiq uyingman.
Men bo’lmasam, Inson bo’larmiding ayt,
Boringman, qiyofang, rangi-ro’yingman.

Menga ber e’tibor, mehringdan ko’proq
Manzilga yetmog’ing bir shunga bog’liq
Meni toza qabul qilsin bu tuproq,
Elakdan o’tmoqchi bo’lsang nechog’lik…»

Qalbning aytganiga tafakkur ko’nmas.
Yo’lga tushdim ming bo’lakka aylanib .
Barisin murosa qildirmok jo’nmas,
Ko’zim yumdim duolarga joylanib.

Aslida men bitta edim-ku yo, Rab!
Bitta qil, bir bo’lib Senga ketaman.
Hamma bo’laklarni jonimga o’rab,
Barin jamlay olsam, Senga yetaman!

Shukrona

Yashayapman, shukr, sog’-omon,
Yuzimda nur, qalbimda ko’klam.
Bosgan izim, poyim gul-chaman,
Sof umrimga havasda ko’k ham.

Yer-samoni yoritmay turib,
Dilim ravshan etadi tongim.
Oftobimning zarrin nuridan
Har saharda mehr-la qongum.

Oh, bunchalar musaffo havo,
To’yib-to’yib olaman nafas.
Shu lahzaning o’zi bir safo,
Shu to’yishning o’zi bir havas.

Yurgandayman jannatni kezib,
Sochlarimni silaydi yellar.
Dilim zavqin har sahar sezib
Yangi kuning muborak, derlar.

Yashash ishqi solar qalbga cho’g’,
Dilni yoqar ishtiyoq biram.
Ha, umrdan buyuk ne’mat yo’q,
Tiriklikning o’zi bir bayram!

Har kunimga shukrlar bo’lsin,
Sinovlardan o’tganim baxtim.
O’zi menga kuch-qudrat bersin,
Quvvat olsin O’zidan shaxtim.

Qadrlidir har lahza, har chog’
Zavqim kuylar dilda bayotni.
Meni yana siyladi Alloh,
Qayta sovg’a qildi HAYOTni!

Indamay sevaman

Noqulay vaziyat. Ortiqcha sevgim,
Yuragim hadyasi siz uchun malol.
Garchi gunohlar ham emasdir tengim,
Ammo ishq men uchun haloldan halol.

Indamay sevaman. Qilmayman ham arz,
Lab ochsam bu ishqmas, minnat bo’ladi.
Mehr-muhabbatim o’zim uchun farz,
Indamay sevganim sunnat bo’ladi..

Asli bilmay yo’lim to’sadi g’urur,
Qalbning ochilgani aybmas, roz bo’lar.
O’chirmasa bu o’t yongancha turur,
Qancha suysam sizni shuncha oz bo’lar.

Bir qadam tashlayman. Sizni kutaman,
Umid ham, ilinj ham hatto mubohmas.
Sog’inchni qiynayman, ichga yutaman,
Bekitib sevish ham, axir, gunohmas.

Dildan mehr toshar, ko’zlarimdan cho’g’,
O’zimni yig’idan tiyaman arang.
Siz esa hali ham sezganingiz yo’q,
Bilmoqchi bo’lsangiz… ko’zimga qarang!

Hijron har soniya oladi qasdin,
Har kuni intizor sizni yo’qlayman.
Diydorning umidi qalbimga taskin,
Sog’inchni bag’rimga bosib uxlayman.

Muhabbat jon bilan etilgan ato,
Bilmam, qayga boshlar bu ko’ngil mayli.
Sizning qalbingizga kirishim xato,
Siz mening dilimga kirsangiz mayli…

Kutaman. Bir kuni yo’llar tutashar,
Axir borayotgan manzilimiz bir.
Ko’nglim to’q, ruhimiz dunyolar oshar,
Alloh uchrashtirar bizni baribir!

Musofirlikda

Umr yo’li uzun, manzili olis
Shukrki, safarda emasmiz yolg’iz.
Qo’limizdan tutib, ishonib xolis,
Ovunib yuribmiz musofirlikda.

O’rganib ham qoldik asli firoqqa,
Ko’ngil tutmay qo’ydi bizni so’roqqa,
Topgan baxtimizni yaqin-yiroqqa
Ilinib yuribmiz musofirlikda.

Diydoring quvnatar dilim har safar,
Yaxshiyam, yo’limda bo’lding hamsafar.
Salga ko’rinmasak izlab shom-sahar
Bo’linib yuribmiz musofirlikda.

Asli hayot boshqa, xayollar boshqa,
Muhabbatga tashna, mehrga tashna,
Bir yurt ilinjida ko’z to’lib yoshga,
Sog’inib yuribmiz musofirlikda.

Bizlarga yor bo’lar ilohimiz deb,
Qo’shiqqa aylanar bu ohimiz deb,
Ishqimiz eng go’zal gunohimiz deb,
Sig’inib yuribmiz musofirlikda…

Hijronning rangi

Muhabbatning rangi asli olovrang,
Qalbim o’chog’iga bo’ldi qalov rang,
O’zi tomon chorlar dilni yalov rang,
Ayting, hijronning-chi, rangi qanaqa?

Sabr rangi ko’k, baxt rangi pushti,
Saodatning rangi sariqqa ko’chdi,
Tuyg’ular rang bo’lib ko’ngilga tushdi:
Ayting, hijronning-chi, rangi qanaqa?

Umid rangi yashil, orzular — moviy,
Qalbimda ishq yashar rangi samoviy,
Umrlar kutishga mahkum, davomiy
Ayting, hijronning-chi, rangi qanaqa?

Tuyg’ularim alvon, qayg’ular kulrang
Iztirob binafsha, ko’z yoshim gul rang,
Hajrni visolga bo’yarmi ul rang,
Ayting, xijronning-chi, rangi qanaqa?

Hislarim kamalak, baxtim zangori,
Qip-qizil rangdadir ko’nglimning zori
Ko’rinadi hatto rashkning angori,
Ayting, xijronning-chi, rangi qanaqa?

Sog’inchim jigari, niyatim oppoq,
O’ylarim yashindek yorqinu chaqnoq
Tariqdek sochilgan fikrlar tarqoq:
Ayting, hijronning-chi, rangi qanaqa?

Vasl cho’g’, intiqlik rangi mohtobday,
Ishtiyoqning rangi qizigan tobday
Ko’ngilni isitar diydor oftobday,
Topdim, hijronning rangi shaffofday!

Istasang…

Men shunday sevaman, vujudim ko’prik,
Asli qalb siylangan mehrdan bekam.
Bu ishq bir o’zimga qilyapti ko’plik,
Istasang, kel, birga ko’raylik baham.

Men shunday sevaman, xayolim qanot —
Aylanib ketadi charxim samoga.
Dunyoga bog’lanish ruhim uchun yot,
Istasang, men bilan kel uch, samoda.

Men shunday sevaman, hislarim olov,
Kuygancha turibman tutib kaftimda
Mehrdir ko’nglimni yoqquvchi qalov,
Istasang, kel isin, ishqim taftida.

Men shunday sevaman, andisham soqov,
Dilimdan nariga o’tmas izhorim.
Sukutim ostida hadsiz so’zim bor,
Istasang, jimlikdan bahra ol, yorim.

Men shunday sevaman, ongim tarozi,
Hamisha tosh bosar qalbim pallasi.
Arosat holingdan dilim norozi,
Istasang, qo’y, ko’ngling o’zi tanlasin!

Men shunday sevaman, ishqim hidoyat,
Qalbimni to’ldirar ilohiy navo.
Har kimga nasibmas, bunday inoyat,
Istasang, senga ham ko’rardim ravo.

Men shunday sevaman, iymonim buloq,
Qayga oqishini bilar aslida.
Yo’ldaman, manzilim ozgina yiroq…
Istasang, hamroh bo’l, Uning vasliga!

Izn bersa…

Izn bersa Xaq bizga, kezsak dunyo-dayrini
Olis safarda sizga toqat bo’lsam maylimi?

Umrimiz go’zal bir tush, totib vasl saylini
Sizga eng ziyodu xush soat bo’lsam maylimi?

Yo’l bosish qoldi xolos, qalb safarga shaylimi?
Ko’nglingizdagi ixlos, toat bo’lsam maylimi?

Muhabbatga tashnadir, sezdirsam dil maylini,
Ishtiyoqqa oshna bir rohat bo’lsam maylimi?

Ruhdir sizga chorlagan, tanim ruhdan ayrimi?!
Ko’zingizda porlagan hayrat bo’lsam maylimi?

Nurga to’lar bu ochun, bersa Xudo xayrini
Ikki dunyo siz uchun jannat bo’lsam maylimi?

Bu ishq meni qo’ymaydi omon…

Qalandarman… xajringda yonib
Es-hushimdan ayrildim tamom!
Borayapman o’zimdan tonib,
Bu ishq meni ko’ymaydi omon!

Kemiradi yoshimni yillar,
Ruhim xasta, vujudim bejon.
Umr buncha sekin simillar,
Visolingga yetaman kachon?!

Chorlayverar meni betinim,
Seni desam ko’nglim o’sadi.
Dunyolardan kechaman desam,
Yo’llarimni gunoh to’sadi.

Men – O’zingga tegishli ijod,
Yuragimga ishqing ko’chirgin,
Mexring bilan etgansan bunyod,
Xatolarim bo’lsa, kechirgin.

Muhabbatim fakat Senga xos,
Tomirimda ishq oqar jo’shib.
Fe’lim uchun qilma e’tiroz,
Yaratgansan loyimga qo’shib:

Suv – ko’nglimdan oqqan tomchilar,
Havo – ko’kka talpinar ruhdir
Tuproq – yerga bog’langan tanim ,
Olov – qalbim yoqguvchi cho’g’dir

Kecham saboq, ertam tavakkal,
Bugun Xaqqa intilgan baxtman.
Tanim faqat dilning masjidi,
Men vujudga o’ralgan qalbman.

Seni topsam o’zimdan kechib
Visolingga yetganim – qadr.
Ko’nglimdagi tilimga ko’chib
Ruhing dilni so’zlatar dadil:

Samandarman! Hajringda yonib
Ayriliqqa qolmadi toqat.
Ketayapman dunyodan tonib,
Men oshiqman O’zingga faqat!

045

(Tashriflar: umumiy 701, bugungi 1)

4 izoh

  1. Соҳибани кўп йиллардан бери биламан. Талабаликдан сўнг бир муддат «йўқолиб» қолганди.Шеърларини ўқиб, жуда хурсанд бўлдим.»Бир нечта бўлакка бўлиниб кетдим, Руҳ, вужуд, тафаккур, яна нималар»… Таъсирли мисралар. Табриклайман. Соҳиба, Ҳавво рашкда ёнмаганига қаттиқ ишонасизми? Унда «Лилит» ҳақидаги афсоналар, ҳикояларни ўқиб кўринг… Тўғри, улар бизнинг исломий ақидамизга тўғри келмайди. Лекин одамни, айниқса аёл зотини ўйга толдириши аниқ…(Гулноз)

  2. Сохибаопа илохим сизни илхом тарк этмасин Оллох куч кувват ато этсин эл назаридасиз, омадизни берсин.

  3. Kecham saboq, ertam tavakkal,
    Bugun haqqa intilgan baxtman… Misralari judayam ta’sirli…

Izoh qoldiring