Энг қизиқ кишилардан бири мудир эди… Бу дунёда унинг қадар интизомпарвар, қонунпарвар, усулпарвар бир одам кўрмадим. Биринчидан қўл остида ишлаган кишиларнинг ҳеч бири билан шахсий муносабатда бўлмас; мактаб ҳайъатининг ташқарисида худди афсоналардаги маъбуд каби яшарди. Орамизда лақаби “шу сабабдан” эди.
Умар Сайфиддин
ЧЎҚМОР
Турк тилидан Замира Ҳамидова таржимаси
Турк ҳикоячилигининг мумтоз вакили, журналист ва зобит Умар Сайфиддин 1884 йилнинг 11 мартида Туркиянинг Беликесир шаҳрида дунёга келди. Аввал Усмония мактабида, сўнгра ҳарбий билим юртларида ўқиган Умарнинг илк ижод маҳсули 1900 йили “Мажмуаи адабийя”да чоп этилди. 1906 йили Измирдаги жандарм мактабига ўқитувчи бўлиб ишга кирди. Шу йилларда Измирда чоп этиладиган “Себат”, “Хизмат”, “Сарбаст” каби газеталарга мақолалар ёзди.
Умар Сайфиддин ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаркан, ижодни ҳам тарк этмади. 1911 йили “Ёш қаламкашлар” журналида унинг “Янги лисон” номли мақоласи имзосиз чоп этилди. Мақолада миллий тилни асраб қолиш, бошқа тиллардан сўз олгандан кўра, унинг миллий муқобилларини топиш, адабиётни халқ тилига яқинлаштириш каби жиддий масалалар кўтарилган эди. Унинг “Баҳор ва қалдирғочлар”, “Қўзғолиш хабари”, “Примо Турк боласи”, “Онт” ва “Ишқ тўлқини” каби ҳикоялари ҳам айни шу журналда босилди. Лейтенант Умар Сайфиддин 1912 йилда Болқон урушида қатнашди ва Яня яқинида юнон армиясига асирга тушди. “Пасткаш”, “Маҳдий”, “Ҳуррият Байроқлари” номли ҳикояларида асирликдаги ҳаётини қаламга олди. Бу ҳикоялар “Халққа тўғри”, “Турк юрти” ва “Зако” каби журналларда нашр этилди. Бир йиллик асирликдан сўнг, 1913 йили Истанбулга қайтди ва ҳарбий хизматни ташлаб, “Турк сўзи” журналига муҳаррирлик қила бошлади. 1914 йилдан умрининг охиригача Кабаташ мактабида адабиётдан дарс берди.
Умар Сайфиддин 1920 йили 36 ёшида қанд касалидан вафот этди.
Умар Сайфиддиннинг “Тарих азалий такрордир” (1910), “Ҳарам” (1918), “Эфруз Бей” (1919), “Қаҳрамонлар”, “Бомба”, “Ҳарам”, “Узун пошналар”, “Ҳалоллик”, “Ёлғиз баҳодир”, “Исканжа”, “Ишқ тўлқини”, “Оқ Лола”, “Сирли амалиёт”, “Форса”, “Бадал”, “Пушти дурли ёқа” каби асарлари машҳур.
Караманнинг* қўйини,
Сўнгра чиқар ўйини
Турк мақоли
Кичик пойтахтнинг қоришиқ кўчалари бугун гавжум эди. Худди баҳордаги ҳайит байрамидаги каби… Ёши улуғ хотинлар, кенг оқ енгли, кумуш жиякли бозор кийимларини кийишган, оқ потур* шимли бақувват эркакларнинг тўла кўзаларда тақдим этган шаробларини ичиб жўшар эдилар. Ёш, қари, хотин ва болалардан иборат бўлган охири кўринмаган бир “Урра” занжири бақириб, чайқалиб оломоннинг ичидан ўтар, гирдоб тўлқини ҳолида айлана-айлана сарой олдида бирикар эди. Черковларнинг қўнғироқлари ғувулларди. Сарой дарвозасининг олдида жасур Боярин отлиқлари саф-саф бўлиб кутишарди. Эрталабдан бери ичган шаробларининг таъсири билан анчагина боши айланган машҳур қўмондон дубулғасининг қалқонини бироз орқага сурди. Отининг оғир узангилари устида гавдасини бироз кўтарди. Олдинга қаради. Ёнидаги биринчи зобитига:
— Ҳалиям кўринишмади, — деди.
— Кеч қолишди.
— Ҳа..
— Ажабо, нима учун?
— Аҳмоқ турклар, нима бўларди. Ташриф деган нарсадан, маросимдан нима ҳам тушинишарди?
— Яна “Византияга лойиқмиз”, дейишади.
— Қаерда у нозиклик?
— Қаерда?..
— …
Олдиларида бирданига кенгайган кенг “Урра” ҳалқаси иккаласини ҳам жим қилди, отларининг жиловларини тортиб бироз орқага тисарилдилар. Қўмондон истиқлолини қозонган халқнинг бу телбанамо, сарҳўш севинчига боқар, кайф оларди. Ярим беҳуш қизлар нашъали йигитларнинг қучоқларида, гайдаларнинг* оҳангига шерик бўлар, “Яшасин Шаҳзода! Яшасин Шаҳзода!” нақоратларини ҳайқиришар, янги ҳукмдорларининг шарафига қадаҳларни синдиришиб ўйнарлар, сакрашарди. Сўнг Эфлак* тожини кийган Попни Терговичда* енгган Меҳмед Бей бир йилдан бери ўзини санжак беги* эълон қилган эди. Аммо Эфлакликлар бу ҳокимга бўйсинмасдан Зипс* Конти* Заполядан* ёрдам сўраган эдилар. Бу таҳликали иттифоқдан ҳурккан Меҳмед Бей дарров уларнинг хақларини, имтиёзларини, истиқлолларини берган эди. Мовий, булутсиз уфқда юксалган қуёшнинг ойдинлиги қаҳрамон Боярин отлиқларининг узун найзаларини ялтиратарди. Қўмондон зирҳли кўкрагини кўтарган тотли бир ҳаяжон билан бир халқига, бир навкарига боқар, этигидаги темир тақа билан отини туртиб кўкка сапчитарди. Биринчи зобит унинг каби гавдали, келишган эмасди. Қора-қура, хунук бири эди. Узун сочларига қиров тушган, кўса юзи ҳам заиф, ҳам буришиқ эди. Нашъали қўмондон ҳора* ўйнаганлар ўтгандан кейин яна отини олдинга сурди.
— Қонсиз бир зафар қозондик, деди.
Қора отининг ёлини силаётган зобит:
— Қонсиз зафар бўлмас!, — деб бошини чайқади.
— Нимага бўлмасин?
— Чунки мен туркларга ишонмайман…
— Шубҳаланишга ҳеч ўрин йўқ! Биз ҳали расмий инқилобга ҳаракат қилмасимиздан улар бизга ҳабар жўнатдилар. “Боринглар, ўзингизга бир бош тайинлагнлар” дедилар. Биз зотан шаҳзодамизни таҳтга чиқаргандик. Мана энди бизга ҳуш келадиган, кўнглимизни кўтарадиган ҳаракатлар қилишяпти.
— Нишон ёрлиғи, байроқ, довул, чўқмор йўллаш кўнгилга ҳуш келадиган ҳаракатми?
— Бўлмаса нима?
— “Тобеъ бўл”, деган аломатлар булар…
Жўшқин қўмондон кўринмаган бир юзга мушт урадигандай қўлини юқори кўтарди. Ғазабли бир шиддат билан:
— Асло! — деб бақирди. Биз ортиқ мустақилмиз! Нишон ёрлиғи истиқлолимизни тасдиқлайди. Байроқ, довул, шўқмор ҳам подшоҳнинг шаҳзодамизга ҳадялари…
— …
Зобит жавоб бермади. Қўмондон қадар ичмагани учун туркларнинг ҳақиқатларини ҳалиям хотирлай оларди. Қўлини сонига тиради. Отининг қора ёлини силай бошлади. Халқнинг шовқини тошиб, бир бўрон каби саройнинг пештоқларига урилар, соқчи навкарларнинг баланд бўйли отларини ҳуркитиб, тепиндирар эди. Ўйнаганларнинг ичидан ўзига зўрға йўл очиб чиққан бир отлиқ қўмондонга салом берди:
— Элчи ёнидагилар билан бирга манзилидан чиқди…- деди.
— Жуда яхши… Ёнида неча киши бор?
— Уч юз отлиқ!
Қўмондонниг чап тарафидан навкарнинг гапларини эшитган зобит:
— Уч юз отлиқми?, — деб бирданига ранги ўчди.
— Ҳа…
Бугунги ташрифдан масъул бўлган қўмондон кулди:
— Ҳа сизни турклар-ей… Чорасиз қолишганда қанчалик камайишади. Қани эски ғурурлари? Энди дунё ўзгарди. Румелида* қувватлари йўқ. Мана энди шаҳзодамизга буюк бир император муомаласи кўрсатишяпти!
Биринчи зобит яна ҳам ранги оқариб сўради:
— Қаердан англадингиз?
— Элчиларнинг даражаси, баробарида келган кишиларнинг сони билан ўлчилади. Мана қара энди, подшоҳнинг ҳадяларини, имтиёз ёрлиғини учюз отлиқ билан бир элчи олиб келяпти!
— Элчи буларни ёлғиз олиб келса эди яна яхши бўларди.
— Нимага?
— Яни айтдим қўйдимда…
— Агар шундай қилсаларди биз уларни қабул қилмасдик.
— Нима учун?
— Чунки шараф-шонимизга лойиқ бўлмасди. Бир буйруқ, бир лутф-карам, бир эҳсон каби…Ҳолбуки мулозимлар билан бирга учюз отлиғи бўлган элчи нима дегани биласанми?
— Нима дегани?
— Подшоҳ бизнинг шаҳзодамизга: ”Мен билан айни даражадасан” демоқчи.
— Кошки бир ҳил бўлмасайдида, бу учюз отлиқ Эфлакка кирмаса эди!
— Сен ақилдан озибсан Димко….
Биринчи зобит аcчиқ аcчиқ кулимсиради. Туксиз юзини буриштирди. Хаёлчан, сўник кўзларини отининг ёлидан ўгириб қўмондонига қаради:
— Мен ақилдан оздим демакки?, — деди.
— Азим Эфлакнинг ичида учюз отлиқдан шупҳаланябсан. Булар элчининг мулозимлари. Нақшли найзаларига, безакли кийимларига, жиякли кимҳоб тўнларига, кумуш эгарларига алданма… Ялтироғлиги билан кўзга ташланади аммо, қўллариндан бир иш келмайди.
— Булар турк эмасми?
— Турк бўлса нима қилибди.?
— Қиличлари қанча безакли бўлса ҳам яна кескиндир!
— Сен қўрқоқсан! Бир тутам отлиқ, учюз киши, буюк бир давлатнинг ичида нима қила олардики?
— …
Қўмондон саройнинг олдидаги отлиқларга, уларнинг атрофида зич низомда турган яланғоч қиличли пиёдаларига бир назар ташлади. Сўнгра отини ўйнатиб зобит тарафга бурилди:
— Фақатгина шу майдонда тўрт мингдан ортиқ аскаримиз бор!, — деди. Турклар ташрифда бир қўполлик қилишса ҳаммасини “пуф” деб учириб юборамиз.
Гайдалар тинди. Майдоннинг шовқини бирданига тўхтади. Ҳора занжирлари тарқалди. Ўртадан кенг бир йўл очилди. Подишоҳнинг йўллаган элчи Турк, оқ бир отнинг устида, бошида юксак салласи чайқалиб келар, узун тўнининг этаклари эса икки ёнида силкинарди. Орқасидан отларини тез-тез чоптираётган жияк кийимли, нақшинкор қиличли мулозимлар бу ерлик халққа кулимсираб қарардилар. Саройга эллик-олтмиш қадам қолганда соқчиларнинг машҳур қўмондони отини кўкка сапчитиб олдинга интилди. Элчининг олдигача келди. Салом берди. Шу ҳолатда тўхтаб турди. Ёнига келган таржимонига:
— Бу ерда отдан тушасизлар. Шаҳзодамизнинг саройига пиёда борасизлар, — дегизди.
Камтарин Турк:
— Ҳўп…- деди.
Отидан тушди. У кенг елкали, ўрта бўйли, мўйлови пастга эгилган, қорачадан келган одам эди. Порлоқ ипак тўнининг остидан кўринган қўйиқ яшил рангдаги зарбоп кийимларининг, қимматбаҳо тошлар билан безалган қиличининг ҳашамати, қўполгина вужудига унчалик уйғун эмас эди. Ҳатти-ҳаракатлари нозик, кибор кишини эмас, сокин аскарни эслатарди. Гавжум майдон уч юз турк билан оғзига қадар тўлгандай эди. Келганларни қаршилашдан масъул қўмондон гердайиб, таржимонининг ёрдами билан яна бир таклиф келтирди:
— Мулозимларинг бу ерда қолади. Шаҳзодамизнинг ҳузурига ёлғиз кирасан.
Турк таржимондан сўради:
— Подшоҳимиздан олиб келган ҳадяларимни қандай қилиб ёлғиз ташийман?
Таржимон қўмондонга тушунтирди. Олган жавобини Туркча такрорлади:
— Ёнингга уч киши оласан. Улар ҳам яёв ҳолда орқангдан подшоҳимизнинг ҳузурларига ҳадяларни олиб келишсин.
— Ҳўп…
— Қани бўлмаса.
Қўмондон отини кўкка сапчитиб “Урра, урра!” дея ўзини олқишлаган халққа бўйнини эгиб кўпирарди. Бу қандай зафар эди! Мана бу ерда улуғ турк элчиси орқасидан яёв келарди. Саройнинг эшигига келганда отдан сакради. Таржимон воситасийла қандай қилиб орқасидан ҳузурга киришларини, қандай салом беришларини, қандай қилиб ҳурмат билан туришлари кераклигини элчига ва тери қопламали бир довул, қизил қопга солинган бир байроқ, оғир бир чўқморни тошиган уч аскарга англатди. Қиличини суғирди. Тош зиналардан бир ҳамлада юқори чиқди. Катта даҳлиздан ўтди.
Янги шаҳзоданинг мулозимлари турк элчисини кўриш учун эшикларга тўпланардилар. Элчи буюк салласини тебратиб-тебратиб қадам ташларди. Қадамлари ҳам сийрак, ҳам оғир эди. Атрофида унга қараганларга кулимсирар, салом берарди. Йирик, қора кўзлари жуда хурсанд, жуда порлоқ боқарди. Ўнг қошини юқори чимириб олган, қўли билан салласини тузатарди. Қўмондон тож залига келганда тўҳтади, орқага қайтди. Туркларнинг кийимларида ташрифга зид бир нарса борми, деб диққат билан ҳаммасига бир-бир қараб чиқди. Сўнгра қўли билан элчининг пешонасига эгилган салласини бироз орқага итариб тузатди. Шаҳзоданинг ҳузурида қандай эгилажакларини имо-ишорат билан англатди.
Сўнгра икки тарафида қинсиз қилич ушлаб турган навбатчиларнинг ёнидаги баланд эшикнинг пардасини очди. Эшикдан биринчи бўлиб кирди. Тахтда ўтирган шаҳзодага тўғри юрди. Ергача эгилиб салом берди. Кейин орқасига тисарилиб ташқарига чиқди. Элчи билан уч турк ўртада қолдилар. Юксак тахтнинг атрофига бутун Боярин райислари, машҳур қаҳрамонлар, Войводалар тизилган эдилар. Ҳаммаси типпа-тик турарди. Очиқ панжаралардан кирган намли нур бу оғир сарой сукунатига қоришар, гавжум залга кимсасиз ибодат ери кўриниши берарди. Элчи қўйнидан чиқарган мактубни ўпиб бошига қўйди. Сўнгра ерга тикилганча тўғрига қараб юрди. Мактубни тахтида тошлар билан безалган ҳайкалдай қимирламай ўтирган шаҳзодага узатди. Шаҳзоданинг ўнг қўлида олтин бир асо бор эди. Чап қўли билан олган мактубига ғоят аҳамиятсиз бир нарсадай менсимай қаради. Сўнгра чап тарафида турган, салласига мовий пат қадалган ёш ёрдамчисига берди.
Элчи яна кўзларини ерга тикканича орқагасига қараб юрди ва ўртадаги аскарининг елкасидан чўқморни олди. Бу ғоят оғир, олтин безакли, сариқ сопли бир жиҳоз эди. Элчи такрор ерга қараб юрар, кулимсирарди. Бутун кўзлар унинг ҳаракатини таъқиб қиларди. Элчи тахтнинг ёнига келди. Тўсатдан….кўз билан илғаб бўлмас тезликда юқорига кўтарган бу қўрқинч чўқмор билан шаҳзоданинг олмосли тожига бир туширди…
…Залдаги ҳеч ким қимирлай олмади. Ҳаммаси турган ерида тошдай қотиб қолди. Ҳамон тўнининг остидан буюк бир қилич суғурган элчи румий тилида:
— Мана кўрдингиз а….Истиқлол савдосига тушган осий жазосини еди! — деб ҳайқирди. Элчининг кўзлари оловдай ёнар, гўё бўйи бирданига девдай узайган, салласининг учи кескинлашган, пастга осилган мўйловлари тиккайгандай эди. Боярин райислари, зирҳли аскарлар, қаҳрамон войводалар жонсиз каби қимирлашолмас, тахтида боши эзилган ҳукмдорларига қараб титрардилар. Элчи залнинг ўтрасидаги аскарларига қараб:
— Ҳасан, сен эшикка бориб довул чал! Мустафа! Сен ҳам румийча наъра от. Майдондаги аскарлар ҳамон қуролларини ерга ташлаб таслим бўлсинлар, деб буйруқ берди.
Сўнгра байроқ тутган аскарга:
— Қани тезда югир, майдонга байроқни тик!, амрини берди.
— Амрингиз бош устига…
— Амрингиз бош устига… — деб уччаласи ҳам югириб ташқарига чиқишди.
Сарой халқи қоронғу деворларга ёпиштирилган порлоқ, муҳташам зарли расмлардай овоз чиқармасдан, сокин, жонсиздай турардилар. Ҳалиям ичларидан ҳеч кимса қимирламаганди.
Мум ранги чеҳраларнинг ҳайрон боқишлари қаршисида тўнининг узун этакларини елкасига отди. Қиличини қинига суқди. Эгилиб эзган бошининг устида турган қонли чўқморни олди. Ерга қўйди. Сўнгра тахтдаги ўликни ерга тушириб унинг ерига ўтирди. Ғоят аниқ Румий тилида:
— Қани подшоҳ номига менга итоат қилингларчи!, — деди.
Сабаби билинмаган бир қўрқувнинг ажабланарли ҳаяжони билан тиллари тутилган бўри мўйнали бой Бояр райислари, улкан қиличли жасур жанговарлар, пўлат зирҳли войводалар , икки дақиқа олдинги ҳукмдорларининг ҳали совумаган жасадини эзиб, бир зарба билан Эфлакни забт этган бу қўрқинч туркнинг қўлини ўпар, юзига қарай олмасдилар.
Сарой ташқарисидаги соқчилар ҳам, ичкаридагилардай донг қотиб қолган, қўрқувдан қимирлай олмасдилар. Қуролларини ерга ташлаб, таслим бўлдилар. Фақат икки кишининг, яъни довул чолган аскарга “Ташрифни бузяпсан” деб қилич кўтарган сарҳўш қўмондон билан, зудлик билан қочмоқчи бўлган зобитнинг калласи учирилди. Фақат бу қадар….
____________
* Караман — Туркиядаги вилоятлардан бири.
* Потур — Оёқ қисми тор шим.
* Гайда — Скандинавияга хос чолғу асбоби.
* Эфлак — Руминиянинг тарихий жойларидан бири.
* Тергович — Венгриядаги шаҳарча.
* Санжак беги — Усмонли сулоласининг сўнг пайтларида давлат тарафидан тайинланган, байроқлардан масъул бўлган шахс.
* Зипс — Венгриядаги шаҳар.
* Конти — Ғарбда асилзода эркаклар учун қўлланилган исим.
* Заполя — Венгриянинг бош қўмондонларидан бири.
* Ҳора — Бир қанча кишининг қўлма-қўл ушлашиб мусиқага ҳамоҳанг шаклда ўйнайдиган Ғарбга махсус рақс тури.
* Румели — Византия Давлатинин ерлари, маъносида айтилган сўз.
* Войвода — Усмонлиларнинг Эфлак ва Богдан бекларига берган исмлари.
Umar Sayfiddin
CHO’QMOR
Asliyatdan Zamira Hamidova tarjimasi
Turk hikoyachiligining mumtoz vakili, jurnalist va zobit Umar Sayfiddin 1884 yilning 11 martida Turkiyaning Belikesir shahrida dunyoga keldi. Avval Usmoniya maktabida, so’ngra harbiy bilim yurtlarida o’qigan Umarning ilk ijod mahsuli 1900 yili “Majmuai adabiyya”da chop etildi. 1906 yili Izmirdagi jandarm maktabiga o’qituvchi bo’lib ishga kirdi. Shu yillarda Izmirda chop etiladigan “Sebat”, “Xizmat”, “Sarbast” kabi gazetalarga maqolalar yozdi. Umar Sayfiddin harbiy harakatlarda ishtirok etarkan, ijodni ham tark etmadi. 1911 yili “Yosh qalamkashlar” jurnalida uning “Yangi lison” nomli maqolasi imzosiz chop etildi. Maqolada milliy tilni asrab qolish, boshqa tillardan so’z olgandan ko’ra, uning milliy muqobillarini topish, adabiyotni xalq tiliga yaqinlashtirish kabi jiddiy masalalar ko’tarilgan edi. Uning “Bahor va qaldirg’ochlar”, “Qo’zg’olish xabari”, “Primo Turk bolasi”, “Ont” va “Ishq to’lqini” kabi hikoyalari ham ayni shu jurnalda bosildi.
Leytenant Umar Sayfiddin 1912 yilda Bolqon urushida qatnashdi va Yanya yaqinida yunon armiyasiga asirga tushdi. “Pastkash”, “Mahdiy”, “Hurriyat Bayroqlari” nomli hikoyalarida asirlikdagi hayotini qalamga oldi. Bu hikoyalar “Xalqqa to’g’ri”, “Turk yurti” va “Zako” kabi jurnallarda nashr etildi.
Bir yillik asirlikdan so’ng, 1913 yili Istanbulga qaytdi va harbiy xizmatni tashlab, “Turk so’zi” jurnaliga muharrirlik qila boshladi. 1914 yildan umrining oxirigacha Kabatash maktabida adabiyotdan dars berdi.
Umar Sayfiddin 1920 yili 36 yoshida qand kasalidan vafot etdi.
Umar Sayfiddinning “Tarix azaliy takrordir” (1910), “Haram” (1918), “Efruz Bey” (1919), “Qahramonlar”, “Bomba”, “Haram”, “Uzun poshnalar”, “Halollik”, “Yolg’iz bahodir”, “Iskanja”, “Ishq to’lqini”, “Oq Lola”, “Sirli amaliyot”, “Forsa”, “Badal”, “Pushti durli yoqa” kabi asarlari mashhur.
Karamanning* qo’yini,
So’ngra chiqar o’yini
Turk maqoli
Kichik poytaxtning qorishiq ko’chalari bugun gavjum edi. Xuddi bahordagi hayit bayramidagi kabi… Yoshi ulug’ xotinlar, keng oq yengli, kumush jiyakli bozor kiyimlarini kiyishgan, oq potur* shimli baquvvat erkaklarning to’la ko’zalarda taqdim etgan sharoblarini ichib jo’shar edilar. Yosh, qari, xotin va bolalardan iborat bo’lgan ohiri ko’rinmagan bir “Urra” zanjiri baqirib, chayqalib olomonning ichidan o’tar, girdob to’lqini holida aylana-aylana saroy oldida birikar edi. Cherkovlarning qo’ng’iroqlari g’uvullardi. Saroy darvozasining oldida jasur Boyarin otliqlari saf-saf bo’lib kutishardi. Ertalabdan beri ichgan sharoblarining ta’siri bilan anchagina boshi aylangan mashhur qo’mondon dubulg’asining qalqonini biroz orqaga surdi. Otining og’ir uzangilari ustida gavdasini biroz ko’tardi. Oldinga qaradi. Yonidagi birinchi zobitiga:
— Haliyam ko’rinishmadi, — dedi.
— Kech qolishdi.
— Ha..
— Ajabo, nima uchun?
— Ahmoq turklar, nima bo’lardi. Tashrif degan narsadan, marosimdan nima ham tushinishardi?
— Yana “Vizantiyaga loyiqmiz”, deyishadi.
— Qayerda u noziklik?
— Qayerda?..
— …
Oldilarida birdaniga kengaygan keng “Urra” halqasi ikkalasini ham jim qildi, otlarining jilovlarini tortib biroz orqaga tisarildilar. Qo’mondon istiqlolini qozongan xalqning bu telbanamo, sarho’sh sevinchiga boqar, kayf olardi. Yarim behush qizlar nash’ali yigitlarning quchoqlarida, gaydalarning* ohangiga sherik bo’lar, “Yashasin Shahzoda! Yashasin Shahzoda!” naqoratlarini hayqirishar, yangi hukmdorlarining sharafiga qadahlarni sindirishib o’ynarlar, sakrashardi. So’ng Eflak* tojini kiygan Popni Tergovichda* yenggan Mehmed Bey bir yildan beri o’zini sanjak begi* e’lon qilgan edi. Ammo Eflakliklar bu hokimga bo’ysinmasdan Zips* Konti* Zapolyadan* yordam so’ragan edilar. Bu tahlikali ittifoqdan hurkkan Mehmed Bey darrov ularning xaqlarini, imtiyozlarini, istiqlollarini bergan edi. Moviy, bulutsiz ufqda yuksalgan quyoshning oydinligi qahramon Boyarin otliqlarining uzun nayzalarini yaltiratardi. Qo’mondon zirhli ko’kragini ko’targan totli bir hayajon bilan bir xalqiga, bir navkariga boqar, etigidagi temir taqa bilan otini turtib ko’kka sapchitardi. Birinchi zobit uning kabi gavdali, kelishgan emasdi. Qora-qura, xunuk biri edi. Uzun sochlariga qirov tushgan, ko’sa yuzi ham zaif, ham burishiq edi. Nash’ali qo’mondon hora* o’ynaganlar o’tgandan keyin yana otini oldinga surdi.
— Qonsiz bir zafar qozondik, dedi. Qora otining yolini silayotgan zobit:
— Qonsiz zafar bo’lmas!, — deb boshini chayqadi.
— Nimaga bo’lmasin?
— Chunki men turklarga ishonmayman…
— Shubhalanishga hech o’rin yo’q! Biz hali rasmiy inqilobga harakat qilmasimizdan ular bizga habar jo’natdilar. “Boringlar, o’zingizga bir bosh tayinlagnlar” dedilar. Biz zotan shahzodamizni tahtga chiqargandik. Mana endi bizga hush keladigan, ko’nglimizni ko’taradigan harakatlar qilishyapti.
— Nishon yorlig’i, bayroq, dovul, cho’qmor yo’llash ko’ngilga hush keladigan harakatmi?
— Bo’lmasa nima?
— “Tobe’ bo’l”, degan alomatlar bular…
Jo’shqin qo’mondon ko’rinmagan bir yuzga musht uradiganday qo’lini yuqori ko’tardi. G’azabli bir shiddat bilan:
— Aslo! — deb baqirdi. Biz ortiq mustaqilmiz! Nishon yorlig’i istiqlolimizni tasdiqlaydi. Bayroq, dovul, sho’qmor ham podshohning shahzodamizga hadyalari…
— …
Zobit javob bermadi. Qo’mondon qadar ichmagani uchun turklarning haqiqatlarini haliyam xotirlay olardi. Qo’lini soniga tiradi. Otining qora yolini silay boshladi. Xalqning shovqini toshib, bir bo’ron kabi saroyning peshtoqlariga urilar, soqchi navkarlarning baland bo’yli otlarini hurkitib, tepindirar edi. O’ynaganlarning ichidan o’ziga zo’rg’a yo’l ochib chiqqan bir otliq qo’mondonga salom berdi:
— Elchi yonidagilar bilan birga manzilidan chiqdi…- dedi.
— Juda yaxshi… Yonida necha kishi bor?
— Uch yuz otliq!
Qo’mondonnig chap tarafidan navkarning gaplarini eshitgan zobit:
— Uch yuz otliqmi?, — deb birdaniga rangi o’chdi.
— Ha…
Bugungi tashrifdan mas’ul bo’lgan qo’mondon kuldi:
— Ha sizni turklar-ey… Chorasiz qolishganda qanchalik kamayishadi. Qani eski g’ururlari? Endi dunyo o’zgardi. Rumelida* quvvatlari yo’q. Mana endi shahzodamizga buyuk bir imperator muomalasi ko’rsatishyapti!
Birinchi zobit yana ham rangi oqarib so’radi:
— Qayerdan angladingiz?
— Elchilarning darajasi, barobarida kelgan kishilarning soni bilan o’lchiladi. Mana qara endi, podshohning hadyalarini, imtiyoz yorlig’ini uchyuz otliq bilan bir elchi olib kelyapti!
— Elchi bularni yolg’iz olib kelsa edi yana yaxshi bo’lardi.
— Nimaga?
— Yani aytdim qo’ydimda…
— Agar shunday qilsalardi biz ularni qabul qilmasdik.
— Nima uchun?
— Chunki sharaf-shonimizga loyiq bo’lmasdi. Bir buyruq, bir lutf-karam, bir ehson kabi…Holbuki mulozimlar bilan birga uchyuz otlig’i bo’lgan elchi nima degani bilasanmi?
— Nima degani?
— Podshoh bizning shahzodamizga: ”Men bilan ayni darajadasan” demoqchi.
— Koshki bir hil bo’lmasaydida, bu uchyuz otliq Eflakka kirmasa edi!
— Sen aqildan ozibsan Dimko….
Birinchi zobit acchiq acchiq kulimsiradi. Tuksiz yuzini burishtirdi. Xayolchan, so’nik ko’zlarini otining yolidan o’girib qo’mondoniga qaradi:
— Men aqildan ozdim demakki?, — dedi.
— Azim Eflakning ichida uchyuz otliqdan shuphalanyabsan. Bular elchining mulozimlari. Naqshli nayzalariga, bezakli kiyimlariga, jiyakli kimhob to’nlariga, kumush egarlariga aldanma… Yaltirog’ligi bilan ko’zga tashlanadi ammo, qo’llarindan bir ish kelmaydi.
— Bular turk emasmi?
— Turk bo’lsa nima qilibdi.?
— Qilichlari qancha bezakli bo’lsa ham yana keskindir!
— Sen qo’rqoqsan! Bir tutam otliq, uchyuz kishi, buyuk bir davlatning ichida nima qila olardiki?
— …
Qo’mondon saroyning oldidagi otliqlarga, ularning atrofida zich nizomda turgan yalang’och qilichli piyodalariga bir nazar tashladi. So’ngra otini o’ynatib zobit tarafga burildi:
— Faqatgina shu maydonda to’rt mingdan ortiq askarimiz bor!, — dedi. Turklar tashrifda bir qo’pollik qilishsa hammasini “puf” deb uchirib yuboramiz.
Gaydalar tindi. Maydonning shovqini birdaniga to’xtadi. Hora zanjirlari tarqaldi. O’rtadan keng bir yo’l ochildi. Podishohning yo’llagan elchi Turk, oq bir otning ustida, boshida yuksak sallasi chayqalib kelar, uzun to’nining etaklari esa ikki yonida silkinardi. Orqasidan otlarini tez-tez choptirayotgan jiyak kiyimli, naqshinkor qilichli mulozimlar bu yerlik xalqqa kulimsirab qarardilar. Saroyga ellik-oltmish qadam qolganda soqchilarning mashhur qo’mondoni otini ko’kka sapchitib oldinga intildi. Elchining oldigacha keldi. Salom berdi. Shu holatda to’xtab turdi. Yoniga kelgan tarjimoniga:
— Bu yerda otdan tushasizlar. Shahzodamizning saroyiga piyoda borasizlar, — degizdi.
Kamtarin Turk:
— Ho’p…- dedi.
Otidan tushdi. U keng yelkali, o’rta bo’yli, mo’ylovi pastga egilgan, qorachadan kelgan odam edi. Porloq ipak to’nining ostidan ko’ringan qo’yiq yashil rangdagi zarbop kiyimlarining, qimmatbaho toshlar bilan bezalgan qilichining hashamati, qo’polgina vujudiga unchalik uyg’un emas edi. Hatti-harakatlari nozik, kibor kishini emas, sokin askarni eslatardi. Gavjum maydon uch yuz turk bilan og’ziga qadar to’lganday edi. Kelganlarni qarshilashdan mas’ul qo’mondon gerdayib, tarjimonining yordami bilan yana bir taklif keltirdi:
— Mulozimlaring bu yerda qoladi. Shahzodamizning huzuriga yolg’iz kirasan.
Turk tarjimondan so’radi:
— Podshohimizdan olib kelgan hadyalarimni qanday qilib yolg’iz tashiyman?
Tarjimon qo’mondonga tushuntirdi. Olgan javobini Turkcha takrorladi:
— Yoningga uch kishi olasan. Ular ham yayov holda orqangdan podshohimizning huzurlariga hadyalarni olib kelishsin.
— Ho’p…
— Qani bo’lmasa.
Qo’mondon otini ko’kka sapchitib “Urra, urra!” deya o’zini olqishlagan xalqqa bo’ynini egib ko’pirardi. Bu qanday zafar edi! Mana bu yerda ulug’ turk elchisi orqasidan yayov kelardi. Saroyning eshigiga kelganda otdan sakradi. Tarjimon vositasiyla qanday qilib orqasidan huzurga kirishlarini, qanday salom berishlarini, qanday qilib hurmat bilan turishlari kerakligini elchiga va teri qoplamali bir dovul, qizil qopga solingan bir bayroq, og’ir bir cho’qmorni toshigan uch askarga anglatdi. Qilichini sug’irdi. Tosh zinalardan bir hamlada yuqori chiqdi. Katta dahlizdan o’tdi. Yangi shahzodaning mulozimlari turk elchisini ko’rish uchun eshiklarga to’planardilar. Elchi buyuk sallasini tebratib-tebratib qadam tashlardi. Qadamlari ham siyrak, ham og’ir edi. Atrofida unga qaraganlarga kulimsirar, salom berardi. Yirik, qora ko’zlari juda xursand, juda porloq boqardi. O’ng qoshini yuqori chimirib olgan, qo’li bilan sallasini tuzatardi. Qo’mondon toj zaliga kelganda to’htadi, orqaga qaytdi. Turklarning kiyimlarida tashrifga zid bir narsa bormi, deb diqqat bilan hammasiga bir-bir qarab chiqdi. So’ngra qo’li bilan elchining peshonasiga egilgan sallasini biroz orqaga itarib tuzatdi. Shahzodaning huzurida qanday egilajaklarini imo-ishorat bilan anglatdi. So’ngra ikki tarafida qinsiz qilich ushlab turgan navbatchilarning yonidagi baland eshikning pardasini ochdi. Eshikdan birinchi bo’lib kirdi. Taxtda o’tirgan shahzodaga to’g’ri yurdi. Yergacha egilib salom berdi. Keyin orqasiga tisarilib tashqariga chiqdi. Elchi bilan uch turk o’rtada qoldilar. Yuksak taxtning atrofiga butun Boyarin rayislari, mashhur qahramonlar, Voyvodalar tizilgan edilar. Hammasi tippa-tik turardi. Ochiq panjaralardan kirgan namli nur bu og’ir saroy sukunatiga qorishar, gavjum zalga kimsasiz ibodat yeri ko’rinishi berardi. Elchi qo’ynidan chiqargan maktubni o’pib boshiga qo’ydi. So’ngra yerga tikilgancha to’g’riga qarab yurdi. Maktubni taxtida toshlar bilan bezalgan haykalday qimirlamay o’tirgan shahzodaga uzatdi. Shahzodaning o’ng qo’lida oltin bir aso bor edi. Chap qo’li bilan olgan maktubiga g’oyat ahamiyatsiz bir narsaday mensimay qaradi. So’ngra chap tarafida turgan, sallasiga moviy pat qadalgan yosh yordamchisiga berdi. Elchi yana ko’zlarini yerga tikkanicha orqagasiga qarab yurdi va o’rtadagi askarining yelkasidan cho’qmorni oldi. Bu g’oyat og’ir, oltin bezakli, sariq sopli bir jihoz edi. Elchi takror yerga qarab yurar, kulimsirardi. Butun ko’zlar uning harakatini ta’qib qilardi. Elchi taxtning yoniga keldi. To’satdan….ko’z bilan ilg’ab bo’lmas tezlikda yuqoriga ko’targan bu qo’rqinch cho’qmor bilan shahzodaning olmosli tojiga bir tushirdi…
…Zaldagi hech kim qimirlay olmadi. Hammasi turgan yerida toshday qotib qoldi. Hamon to’nining ostidan buyuk bir qilich sug’urgan elchi rumiy tilida:
— Mana ko’rdingiz a….Istiqlol savdosiga tushgan osiy jazosini yedi! — deb hayqirdi. Elchining ko’zlari olovday yonar, go’yo bo’yi birdaniga devday uzaygan, sallasining uchi keskinlashgan, pastga osilgan mo’ylovlari tikkayganday edi. Boyarin rayislari, zirhli askarlar, qahramon voyvodalar jonsiz kabi qimirlasholmas, taxtida boshi ezilgan hukmdorlariga qarab titrardilar. Elchi zalning o’trasidagi askarlariga qarab:
— Hasan, sen eshikka borib dovul chal! Mustafa! Sen ham rumiycha na’ra ot. Maydondagi askarlar hamon qurollarini yerga tashlab taslim bo’lsinlar, deb buyruq berdi.
So’ngra bayroq tutgan askarga:
— Qani tezda yugir, maydonga bayroqni tik!, amrini berdi.
— Amringiz bosh ustiga…
— Amringiz bosh ustiga… — deb uchchalasi ham yugirib tashqariga chiqishdi.
Saroy xalqi qorong’u devorlarga yopishtirilgan porloq, muhtasham zarli rasmlarday ovoz chiqarmasdan, sokin, jonsizday turardilar. Haliyam ichlaridan hech kimsa qimirlamagandi.
Mum rangi chehralarning hayron boqishlari qarshisida to’nining uzun etaklarini yelkasiga otdi. Qilichini qiniga suqdi. Egilib ezgan boshining ustida turgan qonli cho’qmorni oldi. Yerga qo’ydi. So’ngra taxtdagi o’likni yerga tushirib uning yeriga o’tirdi. G’oyat aniq Rumiy tilida:
— Qani podshoh nomiga menga itoat qilinglarchi!, — dedi.
Sababi bilinmagan bir qo’rquvning ajablanarli hayajoni bilan tillari tutilgan bo’ri mo’ynali boy Boyar rayislari, ulkan qilichli jasur jangovarlar, po’lat zirhli voyvodalar , ikki daqiqa oldingi hukmdorlarining hali sovumagan jasadini ezib, bir zarba bilan Eflakni zabt etgan bu qo’rqinch turkning qo’lini o’par, yuziga qaray olmasdilar.
Saroy tashqarisidagi soqchilar ham, ichkaridagilarday dong qotib qolgan, qo’rquvdan qimirlay olmasdilar. Qurollarini yerga tashlab, taslim bo’ldilar. Faqat ikki kishining, ya’ni dovul cholgan askarga “Tashrifni buzyapsan” deb qilich ko’targan sarho’sh qo’mondon bilan, zudlik bilan qochmoqchi bo’lgan zobitning kallasi uchirildi. Faqat bu qadar….
____________
* Karaman — Turkiyadagi viloyatlardan biri.
* Potur — Oyoq qismi tor shim.
* Gayda — Skandinaviyaga xos cholg’u asbobi.
* Eflak — Ruminiyaning tarixiy joylaridan biri.
* Tergovich — Vengriyadagi shaharcha.
* Sanjak begi — Usmonli sulolasining so’ng paytlarida davlat tarafidan tayinlangan, bayroqlardan mas’ul bo’lgan shaxs.
* Zips — Vengriyadagi shahar.
* Konti — G’arbda asilzoda erkaklar uchun qo’llanilgan isim.
* Zapolya — Vengriyaning bosh qo’mondonlaridan biri.
* Hora — Bir qancha kishining qo’lma-qo’l ushlashib musiqaga hamohang shaklda o’ynaydigan G’arbga maxsus raqs turi.
* Rumeli — Vizantiya Davlatinin yerlari, ma’nosida aytilgan so’z.
* Voyvoda — Usmonlilarning Eflak va Bogdan beklariga bergan ismlari.