Mustaqillik kuni bilan qutlaymiz!

055
Истиқлолимизнинг 24 йиллиги байрами билан сайтимиз мухлислари номидан бутун ватандошларимизни самимий муборакбод этамиз. Юртимизга тинчлик-хотиржамлик, оилаларимизга бахт-саодат ва омад тилаймиз.

Шавкат ЖЎРАБЕК
ВАТАН ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР
09

ВАТАН

Гар сендан нолисам уволдир умрим,
Сен билан пайдодир қудратим, қурбим,
Ҳар қарич хокингни кўзимга сурдим,
Ғубор-гардларингни севаман, Ватан!

Тоза тупроғингга йўламас хатар,
Озод осмонингда порлагай қамар,
Навоийдан Ориф Абдулло қадар
Баёт-байтларингни севаман, Ватан!

Боболардан мерос — номус, ор, ғурур,
Биздан авлодларга элтасан сурур,
Толеингга мудом бахш айлаган нур
Ёрқин манглайингни севаман, Ватан!

Чора ахтармасман ўзимга четдан,
Истиқлолинг мурод-мақсадга етган,
Ҳар бир нафасимга ҳаёт бахш этган
Тирик дардларингни севаман, Ватан!

ШУКРОНА АЙТ!

Сажда айла! Чўк муқаддас тупроққа тиз,
Қолдир кўнгил кўчасида нурафшон из,
Ўзлигингни қилмоқ учун бир лаҳза ҳис,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

Ўтган кунинг, бугунга боқ, эртангга боқ,
Йўлларингда ёнсин умид янглиғ чироқ,
Токи олам ичра бордир васлу фироқ,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

Кин, ғаразлар қалбни айлар ночор, юпун,
Иймонингни иблислардан асра бутун,
Муқаддас юрт келажагин кўрмоқ учун,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

Болам дея, юртим дея куйган бу эл,
Данагидан мағзин устун қўйган бу эл,
Миллатини, ўзлигини суйган бу эл,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

Осмонимиз ўртанмасин дард аламда,
Она Ерни суйдим, жон бор то танамда,
Бундан ортиқ не керакдир? Ҳар қадамда,
Шошил, дўстим, шукрона айт, шукрона айт!

023

(Tashriflar: umumiy 17 043, bugungi 1)

6 izoh

  1. Assalomu alaykum XURSHID DAVRON SHE‘RLARIDAN BO‘LSA DEGANDIM JUDA HAM ZO‘R SHE‘R EKAN MAZMUN-MOHIYATI HAM YAXSHI MEN FAQAT XURSHID DAVRON SHE‘RLARINI MIRIQIB O‘QIYMAN!!!!!

Izoh qoldiring