Muazzam Ibrohimova. Seni yaxshi ko’raman, Vatan!

08Ҳар йили болажонларимни Фарғонага олиб келаман. Ота-онамнинг, яқинларимнинг борига шукур! Болажонларимни орзиқиб кутишади. Ховлимизнинг қоқ ўртасидан оқиб ўтгувчи Қорачувнинг зилол сувларида чўмилиб, иссиққини тупроқда тобланиб ётгувчи болаларим оппоққина бўлиб келиб, ёз охирида қоравой бўлиб шаҳарга қайтишади.

Муаззам ИБРОҲИМОВА
МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ АБАДИЙ БЎЛСИН!
90

Мана, Мустақил Ўзбекистонимнинг яна бир ёзи тугади. Бу йил ҳам энг узун таътил ажойиб, унутилмас кечинмаларга бой бўлди.

Ҳар йили болажонларимни Фарғонага олиб келаман. Ота-онамнинг, яқинларимнинг борига шукур! Болажонларимни орзиқиб кутишади. Ховлимизнинг қоқ ўртасидан оқиб ўтгувчи Қорачувнинг зилол сувларида чўмилиб, иссиққини тупроқда тобланиб ётгувчи болаларим оппоққина бўлиб келиб, ёз охирида қоравой бўлиб шаҳарга қайтишади. Э, барибир қишлоқ маззада! Юзта баклашкани учта қопга тиқиб, тўртта ёғоч билан мустаҳкамласанг сол тайёр. Зато, бутун бир маҳалла болалари навбат билан яйраб чўмилишади. Уларга қараб, болаларим нима сабабдан қишлоқни яхши кўришларига жавоб топгандай бўламан. Ахир, бу гўшада мен туғилганманку! Ана мен югурган тупроқ кўчаларда ўғлим чангини чиқариб чопиб юрибди. Дадам тошини тердириб, обод қилган боғчи? Баҳорги совуқ таъсир қилмаган, ҳоким қўли тегмаган дараҳтлари яна шириндан-шакар мевалари билан сийлайди. Гарчи шаҳардаги хонадонимиздан ноз-неъматлар узилмасада тирмашиб, оёқ-қўллар шилиниб еган барибир бошқачада. Ўзимиз ҳам шунақа эдик. Ерга урса кўкка сапчиб, болалигимиз саргузаштларга тўла ўтган. Шунда ҳам вақт топиб дадам асалари қарашни ўргатарди. Ҳозир ҳам невараларига асаларичиликни ўргатиш билан овора. Ўттиз йиллик тажрибасига таяниб, арилардан қўрқиб турган болаларимни атрофига йиғиб олганларидан ва ишини кўрсатаётганларидан хурсанд бўламан. Илоҳим, анъаналаримиз бардавом бўлсин! Халқимизда бор хислатлар ажойибда. Кексаларимиз невара-чеваранинг ҳам камолини кўришини хохлайди. Шунинг учун қўлидаги хунарини боласининг боласига ҳам ўргатиб, шундан олам-олам завқ олади.

—Ўқиб олим бўлсанг, қўлинг осмонга етгулик баланд мартабаларга эришсангда, хасадгўй ва ёмон одамлар ҳар доим топилади. Улар эгаллаб турган мансабинг, ишингни олишлари мумкин, аммо қўлингдаги хунарингни ҳеч ким тортиб ололмайди. Ҳеч бўлмаса, менга ўхшаб эллик қути асалари қилиб олсанг, рўзғорингни бемалол тебратасан. Боғинг бўлса болаларинг оч қолмайди…

Асал олиш жараёнида набираларига насиҳат қилаётган дадамга разм солдим. Анча кексайиб қолибдилар. Бир вақтлар полвон кетмонни зарб билан урсалар, тупроқнинг таноби тортилиб, қулочга сиғмайдиган қовун-тарвузлари билан бутун маҳалла, қариндош -уруғни ҳам тўйдирадиган падари бузрукворим бу йил олтмиш олтига тўлдилар. Аммо туғилган кунларини нишонлай олмадик. Улар туғилган санада муборак жумъа куни қўққис саксонга кирган катта бувим қазо қилди. Аяжонимнинг оналарини бошқача яхши кўрардим. Сабаби Ватан қадрини илк бор катта бувимнинг ҳаётий ҳикояларидаги армон, дард ва изтироблардан туйган эдим.

—Дадам Муҳаммадаминбой, Тошкентнинг катта бойларидан бири бўлган Мирзағойиб бойнинг ўғиллари бўлган. Большавойлар келгач, бор мол-мулкларини тортиб олиб ўзларини Ёзёвон томонларга бадарға қилишган экан. Бобом чўлга эмас, Водил қишлоғига келиб ўрнашиб, шу ерларда боғдорчилик, деҳқончилик билан шуғулланишган. Мен уларни кўрмаганман аммо одамлар бобомни «аввал бадавлат бўлганига қарамай меҳнаткаш, Халол, дангал, камбағалпарвар одам эди» деб эслашарди. Бобом ўғлига онам Тожихонни ўн уч ёшда олиб берган экан. Нега десанг, қутуриб кетган қизиллар баъзи бўйга етиб қолган, қўхли қизларнинг номусига теккани учун маҳаллий халқ қўрқиб қолган, қанча мард, ориятли йигитлар эса опа-сингил ва севикли ёрларининг топталган номусига хун талаб қилгани учун жувонмарг бўлиб кетаётган алғов-далғов замонлар эди. Онажонимнинг мендан олдинги ва кейинги болалари турмаган. Чеҳраларини ҳам эслай олмайман. Чунки касал бўлиб вафот этганларида кичкина қизча эдим. Ёдимда қолгани, холаваччам Муборак опам » Сапурахон, бувинг (шевамизда она)ўлиб қолди»деб йиғлаб, чопиб келаётганларида йиқилиб, тиззаси тирқираб қонаб кетгани…Эх, қўрқинчли даврлар эдида. Эрталаб кулиб сўрашган қондош, ҳамқишлоғимизни пешинда совуқ жасадини кўриш одатий холга айланганди. » Босмачилар билан алоқаси бор» деб саккиз-тўққиз ёшли қўйчивон болаларни ҳам отиб ташлашган. Бечораларнинг изиллаб ялинганлари ҳамон ёдимда. » Она совлиқ боласининг орқасидан жарга қулади. Ишонмасангиз бориб текшириб кўринг. Босмачиларни боқаётганимз йўқ» деганларию, пақ-пақ этган этган товушдан сўнг пешоналаридан дарча очилиб, типирчилаб жон берганларини эсласам юрагим увушади. Ўшанда кичкина қизча эдим. Аммо Совет ҳукумати атайин халқни қўрқитиш учун жазо саҳналарини элни катта-кичигини хайдаб олиб келиб кўришга мажбурларди. Чопилгач биланглаб сакраб кетган қўллар, кесилгач думалаб оёқ остигача келган каллалар, коссасидан чиқиб кетган кўзлар ва қонга беланган таналар қўрқинчли тушдай бот-бот бостириб келаверади. Дарсликларда таърифланган қонхўр босмачиларнинг қонхўрликларини кўрганим йўқ. Онда-сонда қишлоқда пайдо бўлиб қолсалар халққа нохақлик қилишмас, душманларини эса қизил аскарлардай намоишкорона эмас, қир-адирлар орасидаги маконларига олиб кетиб жазолашарди…

Дадам ҳам бобомдай боғдорчилик билан шуғулланар ва элликбоши бўлиб юрт хизматида экан. Хамиятли, ориятли, пашшага ҳам озор бермайдиган одам эди. Биргина айби — бойнинг боласи! Шу тамға билан ташландиқ жойда яратган боғларидан ва юртдаги хизматидан ҳам мосуво бўлиб, сиқилиб, юрак хуружидан вафот этган. Болалигим шу билан якун топиб, етимлик нонини ейишга мажбур бўлгандим.

Ўн беш ёшимда узатишганида хурсанд бўлибман. » Ана энди ўзимнинг оилам, ширин болаларим бўлади. Турмуш ўртоғимни авайласам, қўша қариб бошимдан ўтган барча азобларни унутаман» деган ҳаёлда эдим. Биз тўйдан аввал кўришмасдик. Чимилдиқдагина куёвнинг ўзимдан йигирма ёш катта эканини билиб, карахт бўлиб қолганман. Раҳматли опоқинг(бизнинг шевада бобо) 1939-йили харбий хизматга кетиб, 1953 йили, нақд ўн тўрт йил деганда қишлоққа қайтган экан. Соддалигим қурсин. Биринчи саволим ҳам ғалати бўлган «Шунча йил қаерда юрдингиз? Уруш тугаганига саккиз йил бўлдику!»

Муқим опоқинг бир хўрсиниб, бошидан ўтганларни ҳикоя қилиб берганди. Айтишича, 1943 йили фин кўрфазида асир тушиб, беш йил концлагерда ўтирган. У билан бирга хеч қачон ажралмайдиган қадрдон ўртоғи, ҳамқишлоғи ҳам бирга экан. Фашист газандалари қўлларини тилиб туз сепишганию, бўйнигача муздай сув ичида ушлаб алламбало тажрибалар ўтказишганири айтганда унга раҳмим келиб, » сизга беришганидан хафа эмасман. Катта бўлсангиз ҳам яхши кўравераман» дебман. Муқим опоқинг елкамдан аста қучиб, раҳмат Сапияхон» деганлари қулоғим остида жаранглаб туради.

—1945-йили америка солдатлари лагерга хужум қилишиб, асирларни озод қилишади. Аммо аксарият аскарлар немислар қўлидан қутулган асирлар совет ҳукумати томонидан янада бадтар қийноқларга солишаётганидар хабар топиб, Она Ватанга эмас, бошлари оққан томонга йўл олишди. Кимдир америкаликлар сафига қўшилса, кимдир Европа давлатларида қолишни маъқул кўришган. Мен ўртоғим билан денгизларни кечиб, қир-адирлар ошиб Саудия Арабистонига етиб келганимизда соч-соқолимиз ўсиб, эгнимиздаги кийимлар увадага айланганди. Яхши инсонлар кўп экан. Ўзбеклигимизни эшитгач, маҳаллийлашиб кетган ватандошларимизни чақиришган. Уларга бошимиздан кечганини барини яширмай айтиб бердик ва саккиз йил муқаддас Мадина шаҳрида халол меҳнат қилиб, амаллаб уйга ҳам пул жўнатиб турдик…

Ўша вақтларда муборак Хаж сафари хозиргидай ошкора эмас, яширинча минг азоблар эвазига бажарилар, онда -онда Ўзбекистондан ҳам зиёратчилар ташриф буюриб туришар экан. Опоқим ва ўртоғи хожилар орқали оилаларига ўзларининг тирикликлари ҳақида хабар бериб, юқорида айтганимдек моддий ёрдам ҳам жўнатиб туришган. 1953-йилдагина Муқаддас Макка ва Мадинани зиёрат қилиб, Исломнинг сўнги арконини бажарганларидан сўнг юртга қайтишга қарор қилишган. Хориждаги ҳаётлари қанчалик фаровон бўлмасин, Она тупроқ барибир бошқача экани,дунёнинг турли бурчакларидан келтириладиган сарҳил нози-неъматлар Водилнинг бир дона нашватисидай бўла олмаслигига минг карра амин бўлишган. Қисматларида қандай ёзиқ борлигини ҳам ўйламай, таваккал йўлга тушишибди….

Онамнинг дадалари етти пора Қуръонни туширган илмли, маърифатли Хожи эканликларини юртимизда Мустақиллик шабодалари эсга бошлаганидан сўнг билганман. Шунча йиллар бу хақда миқ этмаган катта бувим, маҳалламиздаги қирғиз домланинг Хаж сафаридан қайтиб келганини ва халқ ҳеч кимдан қўрқмай уни қарши олганидан сўнгра ёрилган:
—Муқим опоқинг қирқ беш ёшда асирликда ва мусофирчиликда ортирган касали бўғма туфайли эрта ўлиб кетганлар. Умр бўйи Арабистонда бўлгани ва Хожи мақомига эришганини яшириб, устачилик билан шуғулланиб ўтди. Бгунгидай иззатлар қайда? Исмига фақат уста сўзини айтиб чақиришарди. Хозир ҳаёт бўлганида Муқимжон хожи бўлиб, давраларнинг тўрида ўтирармиди?! Бу давронлар насиб этмади. Бешинчи фарзандимиз олти ойлигида мени ва болаларини яратганнинг паноҳига ташлаб , боқий дунёга риҳлат қилди…

Раҳматли катта бувим ҳар йили оинаи жаҳон орқали намойиш этиладиган лавҳалар яъни оппоқ либос устидан Ўзбекистон байроғи акс этган нимчаларни кийиб аэропортдан кузатилаётган хожиларни кўриб, бир йиғлаб оларди. Маросимларда уйларнинг тўрини тўлдириб ўтиргувчи хожи оналарни эса эҳтиром билан кутиб олиб, бошқача сийларди. . Муборак сафарни беҳатар, иззат -икромга сазовор холатда адо этишганини эшитгач, бу имкониятларни яратиб берган Мустақилликни, одил раҳбарларни тинмай дуо қиларди. Ха, тинмай дуо қиларди. Баъзан менга эриш туюлсада, лекин ҳар бир дуоси замирида туғилган юртининг ютуқлари янада кўпроқ бўлишини Аллохдан сўраб ўтирарди.

Бу хотираларимни нега ёздим? Ҳамма туғилган гўшасини яхши кўради. Барча дўстларим Ватан озодлиги шаънига табрик ва қутловлар битиб, энг улуғ ва энг азиз байрам билан қутламоқда. Аммо ҳар биримиз мустабид тузумдан қолган аччиқ хотиралар, қўл етмас орзуларга талпиниб адо бўлган қисматлардан хабардормиз. Шахсан ўзимда каттабувим ва Хожибобом қисматидан ташқари Афғон тупроғида жувонмарг кетган аммаваччам Баҳодир ака, туҳмат туфайли нохақ қамалиб Тожикистондаги қамоқхоналарнинг бирида йўқолиб кетган Носиржон амаким тақдирини ҳар бири алоҳида китоб бўлади. Совет тузуми нафақат оддий одамларни ўзининг ғояларига сидқидилдан хизмат қилганларни ҳам аяб ўтирмаган. Шундай бўлмаганида Ҳамшаҳарим, Шаҳар Комсомол комитетининг учинчи котиби, фаол ёшлар етакчиси Фарҳод ака харбий хизматда бировлар томонидан ўлдирилган ўрис болани деб саккиз йил ўтириб чиқмасди!

Тўғри, хозир баъзи бировлар ёзганларимнинг устидан кулиб Ватанимиз Мустақил бўлганидан сўнг ҳам амалга ошмай қолаётган ишлар, нохақликлар ва бошқа камчиликларни қалаштириб ташлашар. Камчилик ва хато кимда бўлмайди дейсиз? Мени ўзим ҳам кўп нохақликларни кўрдим, кўряпман. Боғимизни вайрон қилган ҳокиму, унинг оғзаки, қонунга зид буйруқларини индамай бажараётган катта-кичик амалдорларни кўргани кўзим йўқ. Ўшалардай мансабпараст, лўттивоз ва халқни ўйламайдиган мешқоринлар тиқилиб ётибди. Аммо уларни деб, Ватанимнинг заҳматкаш халқи эришаётган ютуқларини инкор қила олмайман. Мустақиллик шарофати туфайли шохсупаларга кўтарилаётган спортчиларимиз, жаҳоннинг нуфузли олийгоҳларида дас бераётган олимларимиз шу юрт фарзандлари эмасми? Биргина Тошкент Педиатрия Тиббиёт Олийгоҳи қошидаги академик Лицейнинг ўттиздан ортиқ ўқувчилари кимё фани бўйича ўткпзиладиган Халқаро олимпиадада олтин, кумуш, бронза медалларини олиб Ўзбекистон шаънини муносиб ҳимоя қилишаётганини кўриб, уларга чин дилдан хавас қилдим.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Эрталаб дуоимизни олиб кетган фарзандаримиз, кенг ва ёруғ мактабда билим олиб, кечқурун яна атрофимизда парвона. Улардан ягона талабимиз эса ўқиш! Халқаро олимпиадаларда, спорт ареналари ва иқтисодиётнинг турли жабҳаларда илми, шижоати ва куч -қуввати билан зафар қучаётган ака-опаларига муносиб давомчи бўлиб, юрт шаънини янада юксакларга кўтаришларини чин юракдан орзу қиламиз. Болажонимизнинг ҳар бир ютуғи бу она Ватаннинг равнақига қўшаётган хиссамиз эканини унутмасак бўлди.

Халқ қонини ичаётган, унинг меҳнати туфайли роҳатда яшаётган баъзи манқуртларга эса Аллох инсоф, иймондан қисмасин!
Кеча оилавий Фарғонадан Тошкентга қайтдик. Довондаги ўзгаришларни кўриб, яна Мустақил юртимиз ютуқлари хақида суҳбатимиз қизиб кетди. Энг кичигим Бекзодаой эса ҳар доимгидей бир пастда Ватан хақида шеър тўқиб, келгунча уни айтиб келди. Бу мисралар шеъриятнинг ҳеч қандай қолипларига сиғмасада ҳукмингизга хавола этаман. Зеро она Ватанни ҳеч бўлмаса шу мурғак қалбдаги меҳр ва беғубор туйғулар билан севайлик. Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

ВАТАН.

Опоқимнинг боғисан Ватан
Перевалнинг тоғисан Ватан.
Бувимларнинг ўзисан Ватан
Болам деган сўзисан Ватан….
Осмондаги булутинг ширин.
Оғзимдаги қурутинг ширин
Сани яхши кўраман Ватан
Сани яхши кўраман Ватан!!!

Барчамизга байрам муборак бўлсин!

091

(Tashriflar: umumiy 733, bugungi 1)

Izoh qoldiring