Xurshid Davron. Padarkush & Temurxon naslidan Sulton Ulug‘bek… & Rasadxona (“Temurnoma” videofilmidan ikki qism) & Ikki she’riy kitob

0_1482d4_27cc1c52_orig.png    Мен Самарқанд яқинидаги (ҳозир деярли шаҳарга қўшилиб кетган) қишлоқларнинг бири — Чордарада туғилганман .. Мана шу қишлоқда она тарафдан бўлган бобом Вафохўжа Махсумнинг дала ҳовлиси — қўрғони бўлган. Бобомнинг шаҳардаги бобомерос ҳовлиси Регистон майдонининг рўпарасида — ичкарроқда жойлашган Ҳовузи сангин  гузарида пишиқ ғиштдан тикланган икки қаватли иморатдан иборат бўлиб ҳозиргача сақланиб қолган.

Пойтахт Самарқандда бўлганида ўша пайтдаги тузум томонидан «мамлакат оқсоқоли» деб овоза қилинганган Йўлдош Охунбобоевни хат-саводга ўргатиш учун бобом масъул этиб тайинланган. Қаттол замоннинг тўс-тўполонлари бошланаётганини олдиндан сезган бобом қулоқ қилиниши арафасида бобомерос ҳовлини камбағалроқ узоқ қариндошига хатлаб берган.Барибир 30-йилларда ноҳақ қамалиб, қамоқхонадан ўғир хасталикка чалиниб дунёдан кўз юмган.Ҳозиргача ўша ҳовлида узоқ қариндошларимизнинг авлодлари яшаб келишади.

Самарқанд тарихи нафақат тупроқ остида қолиб кетган Афросиёб — бутун жаҳонга машҳур обидалардан, шу билан бирга асрлар давомида ўзгармай келган шаҳар маҳаллаларидан, уни қуршаб турган қишлоқлардан ҳам иборатдир. Бу қадим маҳаллалар ва қишлоқларнинг номини тилга олсангиз, тарих китобини варақлаётгандай бўласиз. Мана, масалан, ўзим туғилган жой теварагидаги қишлоқларнинг номини бирма-бир айтай: Бухороқишлоқ, Урганчқишлоқ, Туркманқишлоқ, Арабхона, Ҳазора, Найман … Ҳар гал бу номларни тилга олсам кўз ўнгимдан Самарқанд устига қилинган босқинлар ўта бошлайди.

Бир пайтлари қишлоғимиздаги қадимий Чилтан Ато мозори ёнидаги ариқдан ҳатлаб ўтсангиз , улкан тепаликка дуч келардингиз. Болаликда ҳамма нарса катта туюларкан. Мен ҳозир ҳатлаб ўтсангиз дедиму аслида бу ариқ болалик пайтимда жуда катта сойдай, тепалик эса тоғдай бўлиб туюлгани ҳамон ёдимда. Мана шу тоғдай тепаликка чиқиб варрак учирардик. Ҳар сафар бу тепалик устига чиққанимда олисдаги тоғларга тикилиб хаёл сургим келар, хаёл сурганим сайин йироқдаги тоғлар бутун ҳайбати ва залвори билан яқинлашар, охири уларнинг мовий қучоғига сингиб кетганимни сезмай қолардим.

Мана шу тепалидан туриб Самарқандни — Регистон минораларини, Гўри Мир гумбазини кўриш мумкин эди. У пайтлар Самарқанддаги энг баланд бино тўрт қаватли бўларди. Шунинг учун ҳам болалик тоғининг чўққисига чиқиб тикилган болакайнинг нигоҳини тўсадиган тўсиқ йўқ эди.

Самарқанд томонга тикилар эканман, ойамнинг: «Биз олдин шаҳарда яшаганмиз, бу ерда эса бобонгнинг дала ҳовлиси бўлган», деган сўзлари ёдимга тушарди.

«Бобонгнинг ҳовлиси ҳалиям бор, — деб ҳикоя қиларди ойам (онамни ойа дердик). — Шундоқ Регистон майдони қаршисидаги кинотеатрнинг орқасига ўтиб, тўғри юраверсанг, икки қаватли ғиштли бинога кўзинг тушади. Ўша бобонгнинг ҳовлиси бўлади…»

Мен бобомнинг икки қаватлик уйини кўраман, деб тикилардим-у дам ўтмай бу ўй унутилиб, бутун хаёлимни олисларда юксалиб турган миноралар, гумбазлар мафтун қилиб оларди. Тепалик устида ўтириб олганча, онам сўзлаб берган афсоналарни ўйлардим. Уларни ўйлаб, йироқдаги сеҳрли шаҳар кўчалари-ю майдонларига бориб қолганимни сезмай қолардим. Атрофимдан автолар эмас, совут кўтарган, эгнидаги жавшанлари ялтираб турган алпкелбатли навкарлар-у суворийлар, мадрасадан сабоқ олиб қайтаётган, бошларига оппоқ салла ўраган, оппоқ чакмонлар кийган талабалар ўтар, бозордан қайтаётган қарияларнинг юки енгиллашган эшаклари ҳорғин йўртарди…

Кейинчалик ёзилган жуда кўп шеърларим (шу жумладан «Падаркуш» ҳам) онам менга сўзлаб берган афсона-ю ривоятлар,болалиги ҳақидаги хотираларининг таъсиридан дунёга келган.

Хуршид Даврон
ПАДАРКУШ
044

Самарқанд шаҳрининг бир чеккасида
Қабр бор – одамлар юз буриб ўтар.
Унда Абдуллатиф ётар, дейдилар,
Дейдилар: “Бу ерда падаркуш ётар”.

Билмайман, ростми бу,
Билмайман, ёлғон.
Аммо бу қабрнинг қошига келсам,
Бирдан совий бошлар томиримда қон,
Бирдан тиқилади бўғзимга ғуссам.

Гўдаклар ўйнаса бу ерга келиб,
Оталар қувади,
Оналар қарғар.
Бу ер тинч, чечаклар ўсади кулиб,
Қиш келса тўпланар бунда қарғалар.

Йўлчилар ўтаркан баъзан ярим тун
Дуолар айтади қўрқувдан абгор.
Мен бўлсам кимлигим англамоқ учун
Шу қабр бошига келаман такрор.

Мен уни ёдламоқ учун келмайман,
Келмайман ёдига ўқий деб оят,
Бу ғариб қабрнинг қошига мени
Етаклаб келади ўзга ҳикоят.

…Уч кеча Улуғбек тушимга кирди,
Бир қўлда китобу, бир қўлда шамшир.
“Ўғлим қани? – деди. – Китоб келтирдим…”
“Ўғлим қани? – деди. – Оҳ, уни яшир…

Яшир, ахир, ўғлим ўлдиролмайман,
Ўз гулимни ўзим сўлдиролмайман.
Ўз дилимни ўзим изтиробларга,
Ғаму-асратларга тўлдиролмайман.

Сўрагин, қандай қўл урди бу ишга,
Алдади қай худбин ўйлар дилини,
“Отамни ўлдиринг”, — дея айтишга
Оҳ, у қандай мажбур этди тилини.

Сўра, билармиди: иши келмас ўнг
Ким-ки отаси-ю оғасин сўяр.
Низомий битгандек:
Олти ойдан сўнг
Салтанат тахтини бой бериб қўяр.

Сўра, билармиди: отасин сўйган
Юртни ўлдирмоққа қодир бўлишин,
Душманлар юборган жосусдан баттар
Хўрланиб, зорланиб итдек ўлишин.

Сўра, билармиди: ҳамиша номард
Отаси, онаси, боласин сотар,
Дилини, тилини, элини сотар,
Ё ортдан тиғ санчар, ё ортдан отар.

Сўра, билармиди ҳамиша номард
Отаси яратган боғни қуритар,
Ботирни яратар доим ўч ва дард,
Номардни ҳамиша қўрқув яратар.

Сўра, биладими эрка фарзанди,
Билмаса билгани яхши, кеч эмас.
Уни бу дунёда, у дунёдаям
Отасидан бошқа ҳеч ким кечирмас.

Сўрагин, агар у жавоб бермаса,
Ёшлар оқизмагин асло кўзингдан.
Қабрнинг бошида чекмагин ғусса,
Ўзингдан сўрагин, сўра ўзингдан…”

Сўнг жимиб зулматнинг қўйнига кирди…
Мен унинг ортидан чопдим ҳаприқиб,
“Ўғлинг қани?” – дея дилим қичқирди,
Унинг кўзларига боқишдан қўрқиб.

Ўша дам зулматдан келди бир садо:
“Бириси шаҳиддир, бириси қотил,
Учинчиси эса,
Учинчиси, воҳ,
Ҳамон ухлаб ётар, бу сенсан, ғофил!”

Мен шунда англадим
Уйғонмоқ керак,
Қорда унган гулдек тўлғонмоқ керак,
Адоқсиз тунларни ёритмоқ учун
Ўғиллар барчаси тўпланмоқ керак.

Аммо қичқирмайин қанчалар бўзлаб,
Товуш чиқармади бирор-бир одам.
Гўё қулоғи кар, жонини кўзлаб
Юрганлар юртига айланмиш олам.

Қанча бақирмайин дала-даштларда
Ҳуркитиб, толиқиб қўнган қушларни,
Учратдим Самарқанд, Қўқон, Тошкандда
Фақат тан қуллари – падаркушларни.

…Ватаним, кўксингга сўнгсиз аламлар
Оғусин қуйганлар кимлигини айт?
Оролни қуритган ким? – деб одамлар
Сўраса, кўрсатай уни ўша пайт.

Ерингни зўрлаган қай малъун кимса?
Билмасдан мен қандай ортимга қайтай,
Тупроқни ўлдирган ким? – деб сўраса,
Ўғлимга мен кимнинг номини айтай?

Падаркушлар даври бўлди бу даврон,
Диллар аламлару-оҳларга тўлди.
Дилингни ўлдирмоқ бўлган шум, нодон
Ўғилларинг сенга ҳукмдор бўлди.

Уларнинг кўксини тарк этгач ғусса,
Ғуссалар ўрнини олди нишонлар.
Нишонлар тақди-ю,
Аслида эса
Сенинг қўлларингга осди кишанлар.

Боболар ҳикматин тили кесилди,
Момолар сарвати қилинди ғорат.
Эркин дарёларнинг йўли тўсилди,
Нодонлар тарихинг қилди ҳақорат.

Сени деб жонини берган ўғлонинг –
Таробий мақбарин бузди падаркуш,
Янги Таробийлар чиқмасин, дея
Тарихинг қайтадан тузди падаркуш.

Падаркуш қор тушган пахтазорларга
Қувди дили хаста болаларингни,
Падаркуш ўт қўйди чаманзорларга,
Заҳарлаб ўлдирди далаларингни.

Ўзи қул бўлди-ю,
Сениям қулга
Айлантирмоқ учун эркингни сотди,
Виждону-имонни алмашди пулга,
Ватан деса сўйди, эрк деса отди.

Жоним, оғриқлардан чинқирган жоним,
Эй олис боболар нидоси – қоним,
Эй дардим, эй ерим, эй сен мозорим,
Юрагим озори – Ўзбекистоним.

Сени жондан суйган,
Дардингда куйган
Ўғилларинг номи аталди ҳаром.
Қодирий отилди, Чўлпон отилди,
Файзулла Хўжаев қилинди бадном.

Сени жондан ортиқ,
Жаҳондан ортиқ
Кўрганларнинг дили оғриққа тўлди,
Фитрату-Беҳбудий кўкрагида тиғ,
Усмон Носир совуқ Сибирда ўлди.

Куйинма, падаркуш зоти кўп, десам,
Марди йўқ уларнинг, ҳаммаси қўрқоқ.
Ватаним, сени деб юрганлар эса
Битта бўлгандаям улардан кўпроқ.

Ҳатто ёлғиз ўзи душманлар аро
Қолсаям, бошини ёвга қилмас хам,
Сени деб жанг қилар Нажмиддин Кубро,
Ҳазрат Алишердек ўлимдан сўнг ҳам…

Самарқанд шаҳрининг бир чеккасида
Қабр бор – одамлар юз буриб ўтар.
Бунда Абдуллатиф ётар, дейдилар,
Дейдилар: “Бу ерда падаркуш ётар”.

Билмайман ростми бу,
Билмайман ёлғон,
Аммо ғариб гўрнинг устига келсам,
Бирдан совий бошлар томиримда қон,
Бирдан тиқилади бўғзимга ғуссам.

Биз уни кечирмай яшаймиз, ҳатто
Биздан сўнг келганлар кечирмас уни,
Бу дунёда ёлғиз Улуғбекгина
Кечира олади қотил ўғлини.

Сен-чи, эй, Ватаним,
Нима қилгайсан,
Гапир, қай биримиз авф этарсан?
Нечун сочинг ёзиқ, йиғлаб кулгайсан,
Бошингни эгганча қайга кетарсан?..

1988

  Men Samarqand yaqinidagi  (hozir deyarli shaharga qo’shilib ketgan) qishloqlarning biri — Chordarada tug’ilganman .. Mana shu qishloqda ona tarafdan bo’lgan bobom Vafoxo’ja Maxsumning dala hovlisi — qo’rg’oni  bo’lgan. Bobomning shahardagi bobomeros hovlisi Registon maydonining ro’parasida — ichkarroqda joylashgan Hovuzi sangin  guzarida pishiq q’ishtdan tiklangan ikki  qavatli imoratdan iborat bo’lib hozirgacha saqlangan.

Poytaxt Samarqandda bo’lganida o’sha paytdagi tuzum tomonidan «mamlakat oqsoqoli» deb ovoza qilingangan Yo’ldosh Oxunboboyevni xat-savodga o’rgatish uchun bobom mas’ul etib tayinlangan. Qattol zamonning to’s-to’polonlari boshlanayotganini oldindan sezgan bobom quloq qilinishi arafasida bobomeros hovlini kambag’alroq uzoq qarindoshiga xatlab bergan.Baribir 30-yillarda nohaq qamalib, qamoqxonadan o’g’ir xastalikka chalinib dunyodan ko’z yumgan.Hozirgacha o’sha hovlida uzoq qarindoshlarimizning avlodlari yashab kelishadi.

Samarqand tarixi nafaqat tuproq ostida qolib ketgan Afrosiyob — butun jahonga mashhur obidalardan, shu bilan birga asrlar davomida o’zgarmay kelgan shahar mahallalaridan, uni qurshab turgan qishloqlardan ham iboratdir. Bu qadim mahallalar va qishloqlarning nomini tilga olsangiz, tarix kitobini varaqlayotganday bo’lasiz. Mana, masalan, o’zim tug’ilgan joy tevaragidagi qishloqlarning nomini birma-bir aytay: Buxoroqishloq, Urganchqishloq, Turkmanqishloq, Arabxona, Hazora, Nayman … Har gal bu nomlarni tilga olsam ko’z o’ngimdan Samarqand ustiga qilingan bosqinlar o’ta boshlaydi.

Bir paytlari qishlog’imizdagi qadimiy Chiltan Ato  mozori yonidagi ariqdan hatlab o ‘tsangiz , ulkan tepalikka duch kelardingiz. Bolalikda hamma narsa katta tuyularkan. Men hozir hatlab o’tsangiz dedimu aslida bu ariq bolalik paytimda juda katta soyday, tepalik esa tog’day bo’lib tuyulgani hamon yodimda. Mana shu tog’day tepalikka chiqib varrak uchirardik. Har safar bu tepalik ustiga chiqqanimda olisdagi tog’larga tikilib xayol surgim kelar, xayol surganim sayin yiroqdagi tog’lar butun haybati va zalvori bilan yaqinlashar, oxiri ularning moviy quchog’iga singib ketganimni sezmay qolardim.

Mana shu tepadan turib Samarqandni — Registon minoralarini, Go’ri Mir gumbazini ko’rish mumkin edi. U paytlar Samarqanddagi eng baland bino to’rt qavatli bo’lardi. Shuning uchun ham bolalik tog’ining cho’qqisiga chiqib tikilgan bolakayning nigohini to’sadigan to’siq yo’q edi.

Samarqand tomonga tikilar ekanman, onamning: «Biz oldin shaharda yashaganmiz, bu yerda esa bobongning dala hov lisi bo’lgan», degan so’zlari yodimga tushardi.

«Bobongning hovlisi haliyam bor, — deb hikoya qilardi onam. — Shundoq Registon maydoni qarshisidagi kinoxonaning orqasiga o’tib, to’g’ri yuraversang, ikki qavatli g’ishtli binoga ko’zing tushadi. O’sha bobongning hovlisi bo’ladi…»

Men bobomning ikki qavatlik uyini ko’raman, deb tikilardim-u dam o’tmay bu o’y unutilib, butun xayolimni olislarda yuksalib turgan minoralar, gumbazlar maftun qilib olardi. Tepalik ustida o’tirib olgancha, onam so’zlab bergan afsonalarni o’ylardim. Ularni o’ylab, yiroqdagi sehrli shahar ko’chalari-yu maydonlariga borib qolganimni sezmay qolardim. Atrofimdan avtolar emas, sovut ko’targan, egnidagi javshanlari yaltirab turgan alpkelbatli navkarlar-u suvoriylar, madrasadan saboq olib qaytayotgan, boshlariga oppoq salla o’ragan, oppoq chakmonlar kiygan talabalar o’tar, bozordan qaytayotgan qariyalarning yuki yengillashgan eshaklari horg’in yo’rtardi…

Keyincjalik yozilgan juda ko’p she’rlarim (shu jumladan «Padarkush» ham) onam menga so’zlab bergan afsona-yu rivoyatlar,bolaligi haqidagi xotiralarining ta’siridan dunyoga kelgan.

Xurshid Davron
PADARKUSH
044

Samarqand shahrining bir chekkasida
Qabr bor – odamlar yuz burib o’tar.
Unda Abdullatif yotar, deydilar,
Deydilar: “Bu yerda padarkush yotar”.

Bilmayman, rostmi bu,
Bilmayman, yolg’on.
Ammo bu qabrning qoshiga kelsam,
Birdan soviy boshlar tomirimda qon,
Birdan tiqiladi bo’g’zimga g’ussam.

Go’daklar o’ynasa bu yerga kelib,
Otalar quvadi,
Onalar qarg’ar.
Bu yer tinch, chechaklar o’sadi kulib,
Qish kelsa to’planar bunda qarg’alar.

Yo’lchilar o’tarkan ba’zan yarim tun
Duolar aytadi qo’rquvdan abgor.
Men bo’lsam kimligim anglamoq uchun
Shu qabr boshiga kelaman takror.

Men uni yodlamoq uchun kelmayman,
Kelmayman yodiga o’qiy deb oyat,
Bu g’arib qabrning qoshiga meni
Yetaklab keladi o’zga hikoyat.

…Uch kecha Ulug’bek tushimga kirdi,
Bir qo’lda kitobu, bir qo’lda shamshir.
“O’g’lim qani? – dedi. – Kitob keltirdim…”
“O’g’lim qani? – dedi. – Oh, uni yashir…

Yashir, axir, o’g’lim o’ldirolmayman,
O’z gulimni o’zim so’ldirolmayman.
O’z dilimni o’zim iztiroblarga,
G’amu-asratlarga to’ldirolmayman.

So’ragin, qanday qo’l urdi bu ishga,
Aldadi qay xudbin o’ylar dilini,
“Otamni o’ldiring”, — deya aytishga
Oh, u qanday majbur etdi tilini.

So’ra, bilarmidi: ishi kelmas o’ng
Kim-ki otasi-yu og’asin so’yar.
Nizomiy bitgandek:
Olti oydan so’ng
Saltanat taxtini boy berib qo’yar.

So’ra, bilarmidi: otasin so’ygan
Yurtni o’ldirmoqqa qodir bo’lishin,
Dushmanlar yuborgan josusdan battar
Xo’rlanib, zorlanib itdek o’lishin.

So’ra, bilarmidi: hamisha nomard
Otasi, onasi, bolasin sotar,
Dilini, tilini, elini sotar,
Yo  ortdan tig’ sanchar, yo ortdan otar.

So’ra bilarmidi hamisha nomard
Otasi yaratgan bog’ni quritar.
Botirni yaratar doim o’ch va dard
Nomardni hamisha qo’rquv yaratar.

So’ra, biladimi erka farzandi,
Bilmasa bilgani yaxshi, kech emas.
Uni bu dunyoda, u dunyodayam
Otasidan boshqa hech kim kechirmas.

So’ragin, agar u javob bermasa,
Yoshlar oqizmagin aslo ko’zingdan.
Qabrning boshida chekmagin g’ussa,
O’zingdan so’ragin, so’ra o’zingdan…”

So’ng jimib zulmatning qo’yniga kirdi…
Men uning ortidan chopdim hapriqib,
“O’g’ling qani?” – deya dilim qichqirdi,
Uning ko’zlariga boqishdan qo’rqib.

O’sha dam zulmatdan keldi bir sado:
“Birisi shahiddir, birisi qotil,
Uchinchisi esa,
Uchinchisi, voh,
Hamon uxlab yotar, bu sensan, g’ofil!”

Men shunda angladim
Uyg’onmoq kerak,
Qorda ungan guldek to’lg’onmoq kerak,
Adoqsiz tunlarni yoritmoq uchun
O’g’illar barchasi to’planmoq kerak.

Ammo qichqirmayin qanchalar bo’zlab,
Tovush chiqarmadi biror-bir odam.
Go’yo qulog’i kar, jonini ko’zlab
Yurganlar yurtiga aylanmish olam.

Qancha baqirmayin dala-dashtlarda
Hurkitib, toliqib qo’ngan qushlarni,
Uchratdim Samarqand, Qo’qon, Toshkandda
Faqat tan qullari – padarkushlarni.

…Vatanim, ko’ksingga so’ngsiz alamlar
Og’usin quyganlar kimligini ayt?
Orolni quritgan kim? – deb odamlar
So’rasa, ko’rsatay uni o’sha payt.

Yeringni zo’rlagan qay mal’un kimsa?
Bilmasdan men qanday ortimga qaytay,
Tuproqni o’ldirgan kim? – deb so’rasa,
O’g’limga men kimning nomini aytay?

Padarkushlar davri bo’ldi bu davron,
Dillar alamlaru-ohlarga to’ldi.
Dilingni o’ldirmoq bo’lgan shum, nodon
O’g’illaring senga hukmdor bo’ldi.

Ularning ko’ksini tark etgach g’ussa,
G’ussalar o’rnini oldi nishonlar.
Nishonlar taqdi-yu,
Aslida esa
Sening qo’llaringga osdi kishanlar.

Bobolar hikmatin tili kesildi,
Momolar sarvati qilindi g’orat.
Erkin daryolarning yo’li to’sildi,
Nodonlar tarixing qildi haqorat.

Seni deb jonini bergan o’g’loning –
Tarobiy maqbarin buzdi padarkush,
Yangi Tarobiylar chiqmasin, deya
Tarixing qaytadan tuzdi padarkush.

Padarkush qor tushgan paxtazorlarga
Quvdi dili xasta bolalaringni,
Padarkush o’t qo’ydi chamanzorlarga,
Zaharlab o’ldirdi dalalaringni.

O’zi qul bo’ldi-yu,
Seniyam qulga
Aylantirmoq uchun erkingni sotdi,
Vijdonu-imonni almashdi pulga,
Vatan desa so’ydi, erk desa otdi.

Jonim, og’riqlardan chinqirgan jonim,
Ey olis bobolar nidosi – qonim,
Ey dardim, ey yerim, ey sen mozorim,
Yuragim ozori – O’zbekistonim.

Seni jondan suygan,
Dardingda kuygan
O’g’illaring nomi ataldi harom.
Qodiriy otildi, Cho’lpon otildi,
Fayzulla Xo’jaev qilindi badnom.

Seni jondan ortiq,
Jahondan ortiq
Ko’rganlarning dili og’riqqa to’ldi,
Fitratu-Behbudiy ko’kragida tig’,
Usmon Nosir sovuq Sibirda o’ldi.

Kuyinma, padarkush zoti ko’p, desam,
Mardi yo’q ularning, hammasi qo’rqoq.
Vatanim, seni deb yurganlar esa
Bitta bo’lgandayam ulardan ko’proq.

Hatto yolg’iz o’zi dushmanlar aro
Qolsayam, boshini yovga qilmas xam,
Seni deb jang qilar Najmiddin Kubro,
Hazrat Alisherdek o’limdan so’ng ham…

Samarqand shahrining bir chekkasida
Qabr bor – odamlar yuz burib o’tar.
Bunda Abdullatif yotar, deydilar,
Deydilar: “Bu yerda padarkush yotar”.

Bilmayman rostmi bu,
Bilmayman yolg’on,
Ammo g’arib go’rning ustiga kelsam,
Birdan soviy boshlar tomirimda qon,
Birdan tiqiladi bo’g’zimga g’ussam.

Biz uni kechirmay yashaymiz, hatto
Bizdan so’ng kelganlar kechirmas uni,
Bu dunyoda yolg’iz Ulug’bekgina
Kechira oladi qotil o’g’lini.

Sen-chi,  ey, Vatanim,
Nima qilgaysan,
Gapir, qay birimiz avf etarsan?
Nechun soching yoziq, yig’lab kulgaysan,
Boshingni eggancha qayga ketarsan?..

1988


09

(Tashriflar: umumiy 7 114, bugungi 1)

10 izoh

  1. Бу шеърни хар гал укиганимда кузимга ёш келади. Рахмат сизга!!!

  2. Hamma shoirimiz Cho’lpon bo’lolmas, hamma murabbiylar sizdek bololmas. ustoz sizning sherlaringiz menga judayam yoqadi, ijodingizgz koz tegmasin

  3. Бу — мен ханузгача дилимда такрорлаб юрадиган энг таъсирли шеър. Онангиз жаннати аёл…

  4. Bu she’r man uchun eng tasirchan,va so’zlari jozibador va mohirona qo’llangan eng buyuk she’r hisoblanadi,katta Rahmat.

  5. Бу шерни укиб ёшлигимда лол колгандим, лекин бир куфлетини асосий куфлктини ташлаб кетибсизлар.

  6. Бир тўртлигиям ташлаб кетилмаган. Китобда қандай чиққан бўлса ўшандай берилган.

  7. So’ra bilarmidi hamisha nomard
    Otasi yaratgan bog’ni quritar.
    Botirni yaratar doim o’ch va dard
    Nomardni hamisha qo’rquv yaratar.
    Mana shu to’rt qator qolib ketibdi.

Izoh qoldiring