Xurshid Davron. Afrosiyob devoridagi ko’zlar. Doston

005

Хуршид Давроннинг шеърлари, қиссалари унинг юрт тарихини юракдан ҳис қилишини намоён этади. У ватанимизнинг ўтмиши, бугунги кунини одамлар тўғри тасаввур этиши, ҳар бир киши юрти равнақи учун чин дилдан фидойи бўлишини истайди. Шоир Ватан тўғрисидаги шеърларида чинакамига дилини очади, ўзини ўйлантирган муаммоларни инсоннинг асл қиёфасини кўрсатадиган маънавият билан боғлайди. Шоирнинг ижоди худди шу жиҳати билан эътиборни тортади. Хуршид Даврон Ватан ҳақидаги шеърларида ўзининг оғриқли кечинмаларини ифодалайди. Улар ҳаётга кенг миқёсдан қараб, “Ватан”, “миллат” тушунчасини теран ҳис қиладиган зиёли инсоннинг ўйлари бўлиб кўринади (Абдулла Улуғовнинг «Ватанга муҳаббатдан пайдо» мақоласидан).

088
Хуршид Даврон
АФРОСИЁБ ДЕВОРИДАГИ КЎЗЛАР
Достон
07

Кўзим қаросида мардум
киби ватан қилғил…

Алишер Навоий

07ингла,
Ойдин хаёлларга банд
Ва кўмилиб куз боғларига
Афсоналар сўйлар Самарқанд
Қадим ўзбек қишлоқларига.

Тингла, юрак,
Ухлама, юрак,
Дардли эртак сўйлар деворлар –
Уни ёдда тутмоғинг керак
Яшамоқни истасанг агар.
Йиллар – учқур, ўтаверади,
Хотиралар тобора оғир.
Деворлар жим чўкаверади,
Гўё ҳеч ким қолмагай сағир.

Йўқ, юрак-чи?!
Юрак-чи, ахир?!
Хотирасиз юраклар етим –
Йиллар ўтиб айтар қай бағир:
“Спитомин, болам, мен эдим!”

Хотирасиз кўзлар ҳам етим, —
Кўзёш бўлиб оқар на қайғу,
На қувончлар – қайга боқмасин
Келажакни илғай олмас у.

…Кўз уммондир,
Ҳа, кўзим уммон,
Унинг туби юрагимгача. Не-ки кечди, юракда кечди,
Не-ки кечди, юракда лахча.
Юрагимда буюк деворлар,
У – ватандир Спитоминга.
Не-ки кечди, юракдан кечди,
Тааллуқли барчаси менга.
Шоир эса халқнинг кўзидир,
Хира тортиб қолмасин бу кўз.
Нурга чўмсин,
Нурга йўғрилсин
Юракларда яшаётган СЎЗ.
Шоир мисли ўтли чегара,
Даврларнинг ўтли ораси.
Не-ки кечди ва не-ки кечар,
Ватан эрур кўзим қораси.

064

* * *

Ҳаммаёқда ёнғин,
Ҳаммаёқ ёнғин,
Китоблар ёнади, шоирлар ёнар.
Осмонларда шохлаб кетади чақин,
Юлдузларни ютади қонлар…
Осмон ёнар,
Булутлар эса
Ёнғиндан узилган олов парчаси,
Ёнмоқда ўн иккита дарвоза –
Ёнмоқда барчаси…
Ёнар барчаси…

Афросиёб ёнар,
Қирғин-чи, қирғин
Қилич ушлаб дайдир тор майдонларда.
Тўймайди,
Тўймайди кўзи оч ёнғин,
Ўзини томоша қилиб қонларда.

“…Сурат юзини қизиб ташладилар”,
(Абу Бакир Муҳаммад ибн
Жаъфар Ан Наршахий, Х аср)

…Бадавий югуриб кирар хонага,
Тўсатдан букилиб кетар тиззалар.
Қаршисида оппоқ девордан унга
Аёвсиз тикилар саноқсиз кўзлар.
Мурдадай оқарар…
Яхлаб қолар қон,
Йўлидан адашиб кетади томир.
Бадавий ғазабдан титраб ногаҳон
Тик боққан кўзларга санчийди шамшир.
Қутайба бўкирар кўзида ваҳшат:
“Ўйинглар аямай, ўчсин излари!..”
Девордан қон каби,
Қон каби шу пайт
Тўкила бошлайди Суғднинг кўзлари.

…Афросиёб, қадимий деворларга боқ,
Кўзларни соғинди ҳеч сўлмас гуллар.
Ғазабга айланди ўйилган қабоқ,
Мушт бўлди гулларга чўзилган қўллар.
Ғазабдан тушмагай босқин қўшини,
Бўғзига тиқилар ёвуз бир такбир.
Бироқ, кўрмаса-да, кўзлар қуёшни,
Қўллар бор қилични ушлашга қодир…

Чекин олмайди деворда тасвир,
Секин сўна бошлар деворда қуёш.
Сочилар ўйилган кўзлар бирма-бир
Қорайган девордан бамисоли ёш.
О, қандай мусибат, кўздан айрилиб
Ёвга тик боқмоқдан бўлсанг бенасиб.
…Босқинчи қийқириб чиқар қайрилиб
Ўйилган кўзларни бирма-бир босиб.

“…Минг киши фидойи бўлиб ўзига,
Бергай кўзларини анинг кўзига…”

(Маҳмуд Кошғарий. “Девонул
луғатит турк”. ХI-аср)

Кун ботар…
Энди тун ёна бошлайди,
Осмонда товланиб ёнар юлдузлар.
Оҳ, улар юлдузмас,
Афросиёбнинг
Деворидан ўйиб ташланган кўзлар.
Оқ, сен деворлардан ўйилган кўзим
Ўрнига нур бўлиб қуюлгин, офтоб,
Кўряпсанми, пастда – ёнғин ва қонда
Инграр бағри пора чол – Афросиёб.
Бошларни гул каби кесади пичоқ,
Шамширлар ярақлар: Яна ким тирик?!
Ўлимга ким тайёр турмас ушбу чоқ,
Олдинроқ ўлган, ё туғилган ўлик.

…Ўша даҳшатли тун тонг отгунича
Тириклар уйида ўчмади чироқ,
Йиғлаб аза тутди,
Кўк кийди кеча –
Қуёшни кутдилар одамлар, бироқ…
Ва қуёш уйғонди!
Эй, она қуёш!
Сенга қўлларини чўзди Ватаним.
Яраларин ўпиб, тиладинг бардош.
Бардош-ла улғайди гўдаклар тани.
Кўзлари ўйилган она кўз юмди
Ойдай чақалоққа бағишлаб нафас.
Қорайган деворда бир сас чайқалди:
“Гўдакнинг кўзлари ўйилган эмас!”

Гўдак кўзларидан қалқди-да, тўлиб
Кўзёши тўкилди, уни шимди тош.
Унга кўксин тутди нурга кўмилиб
Тунлари оймома, кунлари қуёш.
(Ҳамиша бор бўлсин бу абадий нур,
Қалбда нур, кўзда нур бор бўлсин мангу.
Бизга жанггоҳларда бағишлаб сурур,
Ўтли курашларга бошлаб кирди у).

…Ватаним, кўзлари ўйилган она,
Якка-ю ягонам, бамисли қуёш,
Мен ҳам фақат сени эмганман, она,
Бошқа ҳеч сийнага қўймаганман бош.

Тинмай ҳайқиради ўйилган кўзлар:
— Йўқ! – дея.
Кўз ўрнида қолган жароҳат сўзлар:
— Йўқ! – дея.
Китоблар ёндилар.
Шоирлар ёнди,
Беҳуда излама уларнинг изин.
Ва лекин ҳеч қачон ўйиб бўлмайди,
Ёндириб бўлмайди уларнинг Сўзин:
— Бизлар яна кўрамизми, ўйилган кўзлар?
— Албатта!
— Бизлар яна енгамизми, ўйилган кўзлар?
— Албатта!

“…Йиғи келмайди сир
Ғазабдан қақраган кўз…
(Ойбек. ХХ-аср)

Мен ҳамон кўтариб юрибман сени,
Юрагим қаърида, эй, Афросиёб.
Тиғ билан ўйилган мард кўзларингни
Ҳамон ўпиб юрар музаффар офтоб.
…Ўйилган кўзларми?
Улар гул эмас,
Ё қонга бўялган олтин тангалар.
Уларнинг барчаси юрагимдаги
Жароҳат,
Жароҳат.
Жароҳат улар!
Ўйилган кўзларми?
Улар гул эмас.
Ва лекин гул каби босиб лабимга,
Яшаганман ёниб, йиғлаб ўпганман,
Кўмганман, уларни сўнгра қалбимга.

Гарчи қанча қонлар оқди томирдан,
Томирдан тўкилди гарчи қанча қон,
Менинг қарзим кўпдир бу она ердан,
Менинг қарзим кўпдир Ватандан ҳамон.

…Юртим, суратингни энтикиб чизсам,
Сенинг кўзларингни чизсам, онажон!
Кўзларинг тубида армондай юзсам,
Юрагинг тубида бўлсам ҳаяжон.
Теримчи синглимнинг қадоқ қўлларин,
Орзу-армонларин унутсам агар,
Қийнасин, ҳориган қишлоқ йўллари
Кўксимга санчилсин бамисли ханжар.
Унутсам халқини пода деб билган
Аблаҳ кимсаларни, қора юзларни,
Тунлари уйғотсин қўшни боланинг
“Қув-қув” кўкйўтали, хира кўзлари.
Унутсам дунёга келиб, дунёни
Кўрмасдан кўз юмган ҳомилаларни,
Қони камлигидан туҳолмай ўлган
Ўн саккиз яшарли ёш оналарни.
Маҳмуд Таробийнинг мақбарин бузган
Кимсалар қилмишин унутсам агар,
Одамлар кўксини тош бўлиб эзган
Қайғулар кўксимга қуйсинлар заҳар.

Бари бир мен сени чизаман рўйирост,
Бари бир сени деб қўшиқ битгайман.
Ватаним, мен сени унутганим он,
Шубҳасиз ўзим ҳам изсиз кетгайман.
Мана бугун кескин замона аро
Мукаммал суратинг турибди порлаб,
Ҳали битмагандир дилдаги яра,
Ҳамон мен уларга босмоқдаман лаб.
Гарчи сен қуёшга юзингни тутиб
Борурсан кўксингга пахтани босиб,
Энди кўз ўювчи одамлар йўқ деб
Ким айтар кўзини макрдан тўсиб.
Осмонда қуёш ҳам порлар музаффар,
Қуёш ҳам ўйилган кўзга ўхшайди,
Қуёш ҳам дилдаги СЎЗга ўхшайди –
Мени улғайтирди унинг шиддати.
Қанча ёвуз бўлса душман тиғлари
Шунчалар тўлурман ғазаб, қасосга,
Ўйилган кўзимнинг қорачиқлари
Дард каби тўкилиб тушар қоғозга.
Ўйилган қорачиқ ҳайқира бошлар,
Бамисли тўқайда яраланган шер.
Дунёни, қуёшни уйғотар, тошар
Ўйилган кўзларим – қоғоздаги шеър…

1977

055

Xurshid Davronning she’rlari, qissalari uning yurt tarixini yurakdan his qilishini namoyon etadi. U  vatanimizning o’tmishi, bugungi kunini odamlar to’g’ri tasavvur etishi, har bir kishi yurti ravnaqi uchun chin dildan fidoyi bo’lishini istaydi. Shoir Vatan  to’g’risidagi she’rlarida chinakamiga dilini ochadi, o’zini o’ylantirgan muammolarni insonning asl qiyofasini ko’rsatadigan ma’naviyat bilan bog’laydi. Shoirning  ijodi xuddi shu jihati bilan e’tiborni tortadi. Xurshid Davron Vatan haqidagi she’rlarida o’zining og’riqli kechinmalarini ifodalaydi. Ular hayotga keng  miqyosdan qarab, “Vatan”, “millat” tushunchasini teran his qiladigan ziyoli insonning o’ylari bo’lib ko’rinadi (Abdulla Ulug’ovning «Vatanga muhabbatdan paydo»  maqolasidan).

088
Xurshid Davron
AFROSIYOB DEVORIDAGI KO’ZLAR
Doston
09

Ko’zim qarosida mardum
kibi vatan qilg’il…

Alisher Navoiy

07ingla,
Oydin xayollarga band
Va ko’milib kuz bog’lariga
Afsonalar so’ylar Samarqand
Qadim o’zbek qishloqlariga.
03
Tingla, yurak,
Uxlama, yurak,
Dardli ertak so’ylar devorlar –
Uni yodda tutmog’ing kerak
Yashamoqni istasang agar.
Yillar – uchqur, o’taveradi,
Xotiralar tobora og’ir.
Devorlar jim cho’kaveradi,
Go’yo hech kim qolmagay sag’ir.

Yo’q, yurak-chi?!
Yurak-chi, axir?!
Xotirasiz yuraklar yetim –
Yillar o’tib aytar qay bag’ir:
“Spitomin, bolam, men edim!”

Xotirasiz ko’zlar ham yetim, —
Ko’zyosh bo’lib oqar na qayg’u,
Na quvonchlar – qayga boqmasin
Kelajakni ilg’ay olmas u.

…Ko’z ummondir,
Ha, ko’zim ummon,
Uning tubi yuragimgacha. Ne-ki kechdi, yurakda kechdi,
Ne-ki kechdi, yurakda laxcha.
Yuragimda buyuk devorlar,
U – vatandir Spitominga.
Ne-ki kechdi, yurakdan kechdi,
Taalluqli barchasi menga.
Shoir esa xalqning ko’zidir,
Xira tortib qolmasin bu ko’z.
Nurga cho’msin,
Nurga yo’g’rilsin
Yuraklarda yashayotgan SO’Z.
Shoir misli o’tli chegara,
Davrlarning o’tli orasi.
Ne-ki kechdi va ne-ki kechar,
Vatan erur ko’zim qorasi.

* * *

Hammayoqda yong’in,
Hammayoq yong’in,
Kitoblar yonadi, shoirlar yonar.
Osmonlarda shoxlab ketadi chaqin,
Yulduzlarni yutadi qonlar…
Osmon yonar,
Bulutlar esa
Yong’indan uzilgan olov parchasi,
Yonmoqda o’n ikkita darvoza –
Yonmoqda barchasi…
Yonar barchasi…

Afrosiyob yonar,
Qirg’in-chi, qirg’in
Qilich ushlab daydir tor maydonlarda.
To’ymaydi,
To’ymaydi ko’zi och yong’in,
O’zini tomosha qilib qonlarda.

“…Surat yuzini qizib tashladilar”,
(Abu Bakir Muhammad ibn
Ja’far An Narshaxiy, X asr)

066

…Badaviy yugurib kirar xonaga,
To’satdan bukilib ketar tizzalar.
Qarshisida oppoq devordan unga
Ayovsiz tikilar sanoqsiz ko’zlar.
Murdaday oqarar…
Yaxlab qolar qon,
Yo’lidan adashib ketadi tomir.
Badaviy g’azabdan titrab nogahon
Tik boqqan ko’zlarga sanchiydi shamshir.
Qutayba bo’kirar ko’zida vahshat:
“O’yinglar ayamay, o’chsin izlari!..”
Devordan qon kabi,
Qon kabi shu payt
To’kila boshlaydi Sug’dning ko’zlari.

…Afrosiyob, qadimiy devorlarga boq,
Ko’zlarni sog’indi hech so’lmas gullar.
G’azabga aylandi o’yilgan qaboq,
Musht bo’ldi gullarga cho’zilgan qo’llar.
G’azabdan tushmagay bosqin qo’shini,
Bo’g’ziga tiqilar yovuz bir takbir.
Biroq, ko’rmasa-da, ko’zlar quyoshni,
Qo’llar bor qilichni ushlashga qodir…

Chekin olmaydi devorda tasvir,
Sekin so’na boshlar devorda quyosh.
Sochilar o’yilgan ko’zlar birma-bir
Qoraygan devordan bamisoli yosh.
O, qanday musibat, ko’zdan ayrilib
Yovga tik boqmoqdan bo’lsang benasib.
…Bosqinchi qiyqirib chiqar qayrilib
O’yilgan ko’zlarni birma-bir bosib.

“…Ming kishi fidoyi bo’lib o’ziga,
Bergay ko’zlarini aning ko’ziga…”

(Mahmud Koshg’ariy. “Devonul
lug’atit turk”. XI-asr)

Kun botar…
Endi tun yona boshlaydi,
Osmonda tovlanib yonar yulduzlar.
Oh, ular yulduzmas,
Afrosiyobning
Devoridan o’yib tashlangan ko’zlar.
Oq, sen devorlardan o’yilgan ko’zim
O’rniga nur bo’lib quyulgin, oftob,
Ko’ryapsanmi, pastda – yong’in va qonda
Ingrar bag’ri pora chol – Afrosiyob.
Boshlarni gul kabi kesadi pichoq,
Shamshirlar yaraqlar: Yana kim tirik?!
O’limga kim tayyor turmas ushbu choq,
Oldinroq o’lgan, yo tug’ilgan o’lik.

…O’sha dahshatli tun tong otgunicha
Tiriklar uyida o’chmadi chiroq,
Yig’lab aza tutdi,
Ko’k kiydi kecha –
Quyoshni kutdilar odamlar, biroq…
Va quyosh uyg’ondi!
Ey, ona quyosh!
Senga qo’llarini cho’zdi Vatanim.
Yaralarin o’pib, tilading bardosh.
Bardosh-la ulg’aydi go’daklar tani.
Ko’zlari o’yilgan ona ko’z yumdi
Oyday chaqaloqqa bag’ishlab nafas.
Qoraygan devorda bir sas chayqaldi:
“Go’dakning ko’zlari o’yilgan emas!”

Go’dak ko’zlaridan qalqdi-da, to’lib
Ko’zyoshi to’kildi, uni shimdi tosh.
Unga ko’ksin tutdi nurga ko’milib
Tunlari oymoma, kunlari quyosh.
(Hamisha bor bo’lsin bu abadiy nur,
Qalbda nur, ko’zda nur bor bo’lsin mangu.
Bizga janggohlarda bag’ishlab surur,
O’tli kurashlarga boshlab kirdi u).

…Vatanim, ko’zlari o’yilgan ona,
Yakka-yu yagonam, bamisli quyosh,
Men ham faqat seni emganman, ona,
Boshqa hech siynaga qo’ymaganman bosh.

Tinmay hayqiradi o’yilgan ko’zlar:
— Yo’q! – deya.
Ko’z o’rnida qolgan jarohat so’zlar:
— Yo’q! – deya.
Kitoblar yondilar.
Shoirlar yondi,
Behuda izlama ularning izin.
Va lekin hech qachon o’yib bo’lmaydi,
Yondirib bo’lmaydi ularning So’zin:
— Bizlar yana ko’ramizmi, o’yilgan ko’zlar?
— Albatta!
— Bizlar yana yengamizmi, o’yilgan ko’zlar?
— Albatta!

“…Yig’i kelmaydi sir
G’azabdan qaqragan ko’z…
(Oybek. XX-asr)

Men hamon ko’tarib yuribman seni,
Yuragim qa’rida, ey, Afrosiyob.
Tig’ bilan o’yilgan mard ko’zlaringni
Hamon o’pib yurar muzaffar oftob.
…O’yilgan ko’zlarmi?
Ular gul emas,
YO qonga bo’yalgan oltin tangalar.
Ularning barchasi yuragimdagi
Jarohat,
Jarohat.
Jarohat ular!
O’yilgan ko’zlarmi?
Ular gul emas.
Va lekin gul kabi bosib labimga,
Yashaganman yonib, yig’lab o’pganman,
Ko’mganman, ularni so’ngra qalbimga.

Garchi qancha qonlar oqdi tomirdan,
Tomirdan to’kildi garchi qancha qon,
Mening qarzim ko’pdir bu ona yerdan,
Mening qarzim ko’pdir Vatandan hamon.

…Yurtim, suratingni entikib chizsam,
Sening ko’zlaringni chizsam, onajon!
Ko’zlaring tubida armonday yuzsam,
Yuraging tubida bo’lsam hayajon.
Terimchi singlimning qadoq qo’llarin,
Orzu-armonlarin unutsam agar,
Qiynasin, horigan qishloq yo’llari
Ko’ksimga sanchilsin bamisli xanjar.
Unutsam xalqini poda deb bilgan
Ablah kimsalarni, qora yuzlarni,
Tunlari uyg’otsin qo’shni bolaning
“Quv-quv” ko’kyo’tali, xira ko’zlari.
Unutsam dunyoga kelib, dunyoni
Ko’rmasdan ko’z yumgan homilalarni,
Qoni kamligidan tuholmay o’lgan
O’n sakkiz yasharli yosh onalarni.
Mahmud Tarobiyning maqbarin buzgan
Kimsalar qilmishin unutsam agar,
Odamlar ko’ksini tosh bo’lib ezgan
Qayg’ular ko’ksimga quysinlar zahar.

Bari bir men seni chizaman ro’yirost,
Bari bir seni deb qo’shiq bitgayman.
Vatanim, men seni unutganim on,
Shubhasiz o’zim ham izsiz ketgayman.
Mana bugun keskin zamona aro
Mukammal surating turibdi porlab,
Hali bitmagandir dildagi yara,
Hamon men ularga bosmoqdaman lab.
Garchi sen quyoshga yuzingni tutib
Borursan ko’ksingga paxtani bosib,
Endi ko’z o’yuvchi odamlar yo’q deb
Kim aytar ko’zini makrdan to’sib.
Osmonda quyosh ham porlar muzaffar,
Quyosh ham o’yilgan ko’zga o’xshaydi,
Quyosh ham dildagi SO’Zga o’xshaydi –
Meni ulg’aytirdi uning shiddati.
Qancha yovuz bo’lsa dushman tig’lari
Shunchalar to’lurman g’azab, qasosga,
O’yilgan ko’zimning qorachiqlari
Dard kabi to’kilib tushar qog’ozga.
O’yilgan qorachiq hayqira boshlar,
Bamisli to’qayda yaralangan sher.
Dunyoni, quyoshni uyg’otar, toshar
O’yilgan ko’zlarim – qog’ozdagi she’r…

1977

055

(Tashriflar: umumiy 216, bugungi 1)

Izoh qoldiring