Xurshid Davron. «Bahordan bir kun oldin» kitobidan she’rlar

Ashampoo_Snap_2017.09.29_10h45m29s_001_.png   Клод Лоррен сувратларини кўрганман. Уларда қасрларнинг вайроналари жуда қадим замонлардан қиссалар айтаётгандай. Сокин кўрфазлар, қанотли маоликалар, кўпириб ётган оқ булутлар, тонглар, тунлар, сўлим чошгоҳлар.  Хуршид Давроннинг шеърларини ўқиганда Клод Лоррен сувратлари ёдимга тушади…

Хуршид Даврон
«БАҲОРДАН БИР КУН ОЛДИН»
КИТОБИДАН ШЕЪРЛАР

01

МУҚАДДИМА ЎРНИДА

Хуршиднинг шоирона назарида ҳам, ташбеҳларида, шеърининг вазнида ҳам беҳаловат кечинмалар руҳи ва тўлқини сезилиб туради. Унинг сатрларида ёшликка хос оташ бор, туғён бор.

Эркин Воҳидов

Клод Лоррен сувратларини кўрганман. Уларда қасрларнинг вайроналари жуда қадим замонлардан қиссалар айтаётгандай. Сокин кўрфазлар, қанотли маоликалар, кўпириб ётган оқ булутлар, тонглар, тунлар, сўлим чошгоҳлар. Эски ғишт кўприклар чуқур оқаётган дарёлар узра… Дарахтлар эса… Клод Лоррен сувратларида дарахтлар доим марказда, доим борлиқ узра юксалиб сирли ҳикоятлар сўйлайдилар. Улар гўё кўп юриб, заминни айлана-айлана ҳориб шу ерга чўккандайлар, нафас ростлаётгандайлар. Хуршид Давроннинг шеърларини ўқиганда Клод Лоррен сувратлари ёдимга тушади. Ўхшашлик бор эди улар ўртасида.
Тарих дам ҳайқиради, дам узоқ сукутга кетади бу шеърларда. Хуршид Давронга санъат, китоблар, тарих, қадим адабиёт кўпроқ илҳом беради. Унинг шеърларида давримизнинг зиёли кишиси образи анча бой кечинмалари билан гавдаланади.

Иброҳим Ғофуров

Хуршид – табиатан ёруғ кечинмалар, некбин қарашлар шоири. Унинг кўзёшлари қанақадир тиниқ, дардларида масъум бир тортинчоқлик бор. У ҳатто қаҳрамонларининг фожиий кечинмаларини ёритишга интилганда ҳам масъумлигича қолади. Унинг қайғуси ҳам ҳаётий қонун бўйича қувончига узвий: “Нега бахт тўлдирса юрак ичини Биз ўлим ҳақида ўйлай бошлаймиз?… Ўлим ҳақидамас бу ўйлар, Ҳаётга муҳаббат эрур балки ҳам”…
Ван Гог умуман санъатни назарда тутиб: “Энг юксак баддият – одамларни севишдир”, — деган эди. Одамларни севиш, Ватанга, табиатга, халққа муҳаббат – ҳаммаси умуман шоирнинг борлиққа поэтик муносабатини, шеъриятнинг ижтимоий моҳиятини белгилайди. Хуршид дунёни узвий алоқадорликда, умумий меҳрда кўришга мойил. У бундай мураккаб ҳаётий фалсафани содда поэтик талқин этадики, бу камолот йўлидан бораётган маҳоратдир.

Аҳмад Аъзам

01

КИТОБГА КИРИШ СЎЗ

Шеърни оқ қоғозга ёзиб қўймайман…
Шеър шамдир –
Дилимда ёқиб қўяман.
Шеър гулдир –
Қорларга басма-бас туриб
Мен уни кўксимга тақиб қўяман.

Най каби лабимга
Босаман уни,
Эрк учун қиличдек қўлга оламан.
Шеър ёзган пайтимда –
Кўҳакка чиқиб
Осмонга тикилган маҳзун боламан.

Адирман –
Майсадек униб чиқар шеър,
Дарахтман –
Новдамга келиб қўнар у.

Осмонман –
Томчилаб ерга оқар шеър,
Заминман –
Қор каби мени кўмар у…

1988

ЁЗ ЭРТАГИ

Далаларнинг қоқ ўртасида
Еру-осмон аро бир эртак –
Юлдузларнинг майин сасидан
Тебранади оппоқ беланчак.

Ухлаб қолар ҳориган ота,
Ухлаб қолар теримчи-сулув,
Ухлаб қолар чорбоғ ортида
Ариқчада жилдираган сув.

Фақат қора кўзларин очиб,
Ҳайратларга тўлдириб қучоқ,
Онасига ўхшатиб ойни
Тамшанади ойдай чақалоқ.

Ва меҳрдан ийиб, кўксини
Чақалоққа тутар ой хушҳол.
Сўнг аллалар айтиб, ўксиниб,
Беланчакни тебратар шамол.

1976

БАРГ

Ҳаммани унутиб қўйибман…
Ҳеч кимни танимай ва билмай
Қишлоқни мен кезиб юрибман.

Бу мен-ку, қадрдон жўралар,
Бу мен-ку, қадрдон далалар,
Овоз йўқ… кўксимда титрар жон.

Ва ногоҳ бошимда айланиб,
Ярми кўк, қирмизи ва қора
Қўлимга талпинди битта барг.

“Мен сени танийман”, — деди у,
Кўзимдан тирқираб кетди ёш,
Лабимга босдим мен энтикиб.

1977

ЁНАЁТГАН ГУЛХАНЛАР

Кўз ўнгимда бепоён боғлар,
Япроқларда тилларанг ғубор.
Яқинлашиб қолгандек тоғлар,
Ҳаво шундай тиниқ, беғубор.

Шитирлаган тунги ёмғир ҳам,
Туманларни қучоқлаган тонг,
Қоп-қорайган дала-ю қир ҳам
Бари менга таниш, қадрдон.

Дарахтларда ловиллар гулхан,
Юрагимда унинг тафти бор.
Боғчадаги хазонлар билан
Учиб юрар кечаги баҳор.

Мени ташлаб кетмоқчи дўстни
Тўхтатмоқчи бўлгандай, бу он
Мен жимгина қўлим чўзаман
Ёнаётган гулханлар томон.

1977

* * *
Мен эртага жуда эрта
Тинч уйқумни бузаман.
Оқ кўйлагим кияман-да,
Далаларни кезаман.

Яшилгина майсаларнинг
Баргларига босиб лаб,
Эркалайман қизалоқдай,
Қулоғига шивирлаб.

Кейин ойнинг елкасига
Қўлимни қўйиб беун,
Юрагимни очаман –
Ойдин бўлар ўша тун…

1976

ҚИЗ ВА ШАМОЛ ҲАҚИДА ЭРТАК

Дарддай узун-узун кўчани
Оёқларинг бесас ўпади.
Ухлаб қолган ойдин кечани
Уйғотади сочларинг ҳиди.
Узоқлардан сенга изма-из
Шамол секин сирғалиб келар,
Ёлворади у сенга унсиз,
Ёлворади тунги майсалар.
Кўзларингга ой боқар қониб,
Кўзларинг ой нуридай тоза.
Мана келдинг. Бўғилиб, ёниб
Сени ютар кўҳна дарвоза.
Шамол эса кўчада қолар,
Қилт этмайди, қанотлари тинч.
Парча-парча бўлиб синади,
У кўтариб югурган севинч
Ва лабдаги бўса ҳидидан
Маст бўлганча чайқалиб беҳол,
Қайрағочга кўксини босиб,
Тўлиб-тўлиб йиғлайди шамол.

1976

ДАРАХТЗОР ҚОШИГА КЕЛАР БИР АЁЛ

Тунда силкитаркан дарахтни шамол,
Дарахтлар титраркан маҳзун, букчайиб,
Дарахтзор қошига келар бир аёл,
Нозик оёқларин шабнамга чайиб.

У гуллар сочади ҳовуч-ҳовучлаб,
Ҳайратга тўлади армонли боғлар.
У куйлай бошласа, гулларни тишлаб
Уйғона бошлайди қуриган шохлар.

1978

Рауф Парфи шеърига назира

Қор ёғаётган оқшом
Шаҳарни кезсанг,
Ғира-шира кўчаларни
Кезсанг, қўлларингни чўнтакка тиқиб,
Қор эса эриса лабларингда жим.

Ўйласанг олисларда қолган кимнидир,
Шу қорни ўйласанг, қалбинг энтикса…
Айниқса, ўзинг севган қизни ўйласанг,
Айниқса, ўйласанг онангни…

Қор эса тинмаса,
Тинмаса қадаминг.
Ўзинг ҳам бир қор учқунидай
Сингиб кетсанг туннинг бағрига.
Кимгадир йўл берсанг, кимгадир салом,
Аммо ўзинг билмасанг буни.
Қор эса бўралаб ёғаверса жим,
Адашсанг-да сезмасанг адашганингни…

1978

КУЗ ЭРТАГИ

Теримчи қизлар
Шохлардаги қушлардай енгил,
Қоматлари – хаёл,
Қуёш иси анқиб турар чеҳраларидан.
Улар
Тўлиб кетган армонлар каби
Эгатларга сочилган.
Орзулари мезонлар каби
Оппоқ-оппоқ учиб юргувчи
Ойдин шамолларга осилган.
Ҳув… Бўғилиб сайраган
қушдан ҳам узоқ,
Қишлоғимнинг чексиз далаларида,
Оппоқ шийпонларда кўксини титроқ,
Илиқ, мовий шамоллар ўпиб,
Ухлаб ётар теримчи қизлар
Тушларини қуёшга кўмиб…

1978

* * *

Сенга уни ёз деб кўрсатдим.
Ҳолбуки у қаҳратон эди –
Бизга куз керак эди.

Сенга уни манзил деб кўрсатдим,
Ҳолбуки, у остон эди –
Бизга йўл керак эди.

Сенга уни нон дея тутдим.
Очлик эди ҳолбуки у,
Бироқ, қон керак эди.

Сенга ана, эрк, деб кўрсатдим,
Қўлларида занжир бор эди,
Узмоқ керак эди занжирни.

Сенга, бу сўнгги жанг, дедим –
Ҳолбуки, биринчи жанг эди.
Ўлим мана шу, дедим сенга,
Ҳолбуки, бу мангулик эди.

1979

ЭСКИ ШАҲАР

Бибихоним даҳмаси харобасида
сўнгги бор этар ва сўнар қуёш.
Уйғона бошлайди кун нафасидан
мудраб, ухлаб қолган қора қабртош.

Тор, қийшиқ кўчалар адашиб қолиб,
илондек ўрмалар нурафшон тунда.
Товлана бошлайди қайғуга тўлиб
“Зижи Кўрагон”нинг акси осмонда.

Мудрар сезгир қушлар бутоқлар аро,
уларнинг уйқусин бузар шамоллар
ва қайсар эшагин ниқтаб бесадо
уйга қайтаётган бозорчи чоллар.

Томга учиб тушган ёрқин бир юлдуз
куйдира бошлаган пайтда ўтларни,
мункайган чол каби қариган кундуз
Шоҳизинда томон писиб ўтарди…

Эски шаҳар ухлар, мудраган токлар
пахса деворларни маҳкам қучоқлар.
Ухлайди бозорда қовуну-ноклар,
армонга айланиб муаттар боғлар.

Тунги сукунатда тўкилар ерга
йиллар нафасидан нам тортган шўрхок.
Боладек мўлтираб боқар шаҳарга
бир четда биқиниб олган митти боғ.

1979

МЕН ДАРАХТГА АЙЛАНДИМ ТУНДА…

Мен дарахтга айландим тунда
ва аксимни кўрдим осмонда.

Юлдузларни шохимга ўраб
боқдим: наво оқди ялтираб.

Капалакдай ухлади дунё,
ухламади мен каби дарё.

Мен дарахтга айландим тунда –
тонгга қараб ўсди шохларим.

1979

ЭРИБ КЕТАР ХИРА ТУМАНЛАР…

Эриб кетар хира туманлар,
капалакдек уйғонар ялпиз.
Осмон дарё бўлиб туюлар.
ўтлар узра чопқиллайди кўз.

Қайрағочнинг гули – митти жом –
жаранглайди – таралар атир.
Ва тушларга кирар бу оқшом
майсаларни қучоқлаб адир.

Шамол елар эркин, қутуриб,
қурий бошлар томлар тўсини.
Гуллаётган олчани кўриб
деразалар очар кўксини.

Ёритгунча то юрак ичин
сабза ўтлар шабнамга қонар.
Ватанини соғинмоқ учун
ер остида жангчи уйғонар.

1980

ХУАН ГОЙТИСОЛО МАВЗУИДА

— Нега шоир бўлдинг? – дейман мен,
Нега ялпиз тушимга кирди?
…Қўшним ўғли, менинг тенгдошим
Миршабликка ўқишга кирди…

— Нега шоир бўлдим? – дейман, оҳ…
Чўнтак қуруқ, келажак – жумбоқ.
Миршаб қўшним янги уй солди,
Сотиб олди қишлоқдан чорбоғ.

Нега шоир бўлдим-а, дейман,
Қоғозларни кўмиб ёшимга.
Ўзимни зўр шоир санардим,
Шеър ёзолсам қўшним бошига.

Фақат боши жуда қаттиқ-да,
Икки қўли икки милтиқдай.
Мен бир куни ўлишим тайин
Шу милтиқдан отилган ўқдан…

1982

* * *

Боғларни кўр зулмат
Қучган паллада
Бир ўзим турардим
Чексиз далада.

Менинг кўзларимга
Боқарди маҳзун
Олис-олислардан
Оқиб келган тун.

Тоғларнинг қизарган
Елкаси узра
Булутдек кўпчирди
Бир ваҳший узлат.

Шу узлат қўйнида
Бир Юлдуз порлар,
У менинг дилимни
Ёнига чорлар.

Мен унга индамай,
Кулиб турардим,
У қайғум эканин
Билиб турардим…

1983

УЙҒОН ҚИШНИНГ ХИРА ТОНГИДА

Уйғон қишнинг хира тонгида
Ва энтикиб қулоқ тут –
Сўнгги бўри увиллар тонгда.

Қўрқма. Қўрқма.
Қоронғи йўлга –
Бўри улишидек бу узун йўлга
Отлан. Садоқатли милтиқни олма.
Қўрқма. Қўрқма.
У – сўнгги бўри.

Ўзининг товуши каби у ёлғиз,
Ёлғиздир мана шу хира тонг каби.
Сенга эса ёрдамга келишар,
Бўйнингни ғажиса бўри.

Чунки сен энг сўнгги
одам эмассан.
Отлан. Бу йўл сўнги йўл эмас.
Отлан. Тонг ҳам сўнгги тонг эмас.
Отлан. Болаларингни ўпиш шарт эмас.
Шарт эмас хотин билан хайрлашмоқ ҳам…

Қўрқдингми?
Қўрқдингми? Қўрқ…
Энди тингла, қўрқиб қулоқ тут –
Увиллайди яна бир бўри…
Увиллайди бўрилар…

1980

ДУНЁ ТАРИХИ ВА ЧУМОЛИ

Атлантида чўкди.
Сув ютди уни,
Сўнди неча дилнинг орзу-хаёли.
Денгиз кўпигида илиниб қолиб
Фақат тирик қолди битта чумоли.

У жангу-жадалда елган кемалар
Эшгагига чиқиб заминга етди.
Қиличлар қинидан чиқди ва шаҳар
Пойида совутлар жаранглаб кетди.

Қаттол Ҳераклни кўриб қўрқувга
Тушганда Троя эркак-аёли,
Ахей кемасидан бир ушоқ донни
Елкалаб соҳилга чиқди чумоли.

Троя қулади
Ҳеракл ўлди,
Қонига булғанди мард Агамемнон.
Аммо ушоқ донни елкалаб олган
Чумоли манзилга етмасди ҳамон.

Чилвирни бир зарб-ла қирқди Искандар –
Жаҳон ҳам тиз чўкди унинг пойига.
Осиё устига қўзғалди хатар,
Ўқлар учди Шарқнинг тўлин ойига.

Парфия қулади.
Бақтрия яксон,
Тупроққа қоришди Турон камоли.
Аммо ушоқ донни елкалаб ҳамон
Сафари қаримай борар чумоли.

Учди инсоният қора мўридан –
Освенцим.
Майданек,
Заксенхаузен...
Мен ҳамон эшитиб қоламан бирдан
Хиросиманинг фарёд солган овозин.

Мен ҳамон эшитиб қолман… Бирдан
Олисда совутлар жаранглаб кетар…
Донни елкалаган чумоли эса
Ўрмалар… У қачон манзилга етар?!

1984

ОРЗУ ҲАҚИДА РИВОЯТ

Бир одам яшарди ғариб, хокисор,
Кўзин ердан узмай яшарди…
Аммо
Ҳар бир одамзотнинг ўз тақдири бор:
Уни асир этди бир куни само.

У қанот ясади,
Дил тўла орзу,
Юксак қоялардан талпинди кўкка.
Бироқ қулайверди қора ерга у
Худди қуш дуч келиб қолгандек ўққа.

Худога сиғинди –
Ерга қулади.
Худодан воз кечди –
Қулади яна.
Аммо осмонга у талпинаверди
Худди шамга қараб учган парвона.

Уни ташлаб кетди, хотини йиғлаб,
Уни ташлаб кетди, талба, деб дўсти.
У бўлса, тунлари дилини тиғлаб
Қуёшга интилган дарахтдек ўсди.

Охири даҳрий деб тутдилар уни,
Қўлларин бурашди, ташлашди ғорга
Ва осмон чарақлаб турган бир куни
Уни келтирдилар осмоққа дорга.

Илондек чирмашди арқон бўйнига,
Бир зарб билан кейин тортилди таранг.
Ё раб!
Энг сўнгги дам
учди у кўкка –
Оёғи
заминдан
узилди,
қаранг!

1985

ШОИРНИНГ ОНАСИ

Она келиб олис қишлоқдан
Ўғли билан яшай бошлади
Ва дастурхон ёзилган чоқда
Ширмой ноннинг четин тишлади.

Ювиб берди бир бозор кирни,
Сувлар қуйди сўлган гулларга.
Неваралар боғчадан қайтгач,
Эртак айтиб берди уларга.

Авайларди хонадон тинчин,
Суйган ўғли уйнинг бурчида
Қоғоз узра эгилганча жим
Шеър ёзган пайт тутун ичида.

Қадам босиб хавотир билан,
Қўрқар эди нафас олишга.
Тунлар хуррак тортмай дея у
Бош қўярди тонгда болишга.

Аммо бир кун мазаси қочиб,
Кўз олдида ёруғлик сўнди,
Қўлларидан тушиб кетди-ю,
Чил-чил бўлиб пиёла синди.

Ўша заҳот ҳушига қайтди,
Чайқаларди ўнгида олам.
У югуриб чиққан ўғлига
Шивирлади: “Кетайми, болам?”

1985

ҚОДИРИЙНИ ЎҚИБ

Йиллар ўтиб борса-да, ҳамон
Қўмсаб-қўмсаб ўқиймиз сизни.
Сиз бамисли зангори осмон,
Биз қўмсаймиз осмонимизни.

Олис чағир тошли йўллардан
Отда елиб ўтамиз бирга,
Айлантириб Кумушнинг оддий
Сўзларини бокира шеърга.

Янак ортга қайтамиз кейин,
Келажакка боқамиз мафтун.
Нимадандир ичикиб, қийин
Ўйлар ичра қоламиз беун.

Кейин яна уй деразасин
Очган каби соф ғаволарга,
Бўғриққан, дим уй деразасин
Очган каби шўх наволарга –

Туйиб дилда масъум унларни,
Титраб-титраб дил ларзасидан,
Биз очамиз “Ўтган кунлар”ни
Юрагимиз деразасидай…

1983

ЛОРКА ЎЛИМИ

Уни тонгга тираб отдилар…
У йиқилди,
Сўнг яна турди
Ва ёшгина,
Букри бир аскар
Қўндоқ билан бошига урди.

У жон берди…
Аскарлар эса
Шоша-пиша ортга қайтдилар,
Шароб ичиб мунгли қўшиқни
Тун сукутин бузиб айтдилар.

Бу қўшиқда булутни ёрган
Ҳилол чўққи узра порларди,
Бу қўшиқ қор остида ётган
Чечакларни бўзлаб чорларди.

Бу қўшиқда қора кийинган
Тул кампирлар эртак тўқирди,
Уларнинг олдида кўзи кўр бола
Зулмат аро китоб ўқирди.

Қўшиқ куйлаб,
Туйиб аламни,
Ёш аскарлар сармаст эдилар,
Бу қўшиқни ёзган одамни
Отганларин билмас эдилар…

1986

ОНАМ ҚАРИБ ҚОЛГАН…

Онам қариб қолган. Тушида
Сўзлашади у отам билан.
Кўзларидан оққан ёшида
Мен отамнинг аксин кўраман.

Онам қариб қолган. Қўрқаман,
Баъзан азоб бўғзимни қисар.
Кўзим юмсам уни кўраман,
Шундан ёшга тўлади кўзлар.

Хат ёзмайман. Баъзан сим қоқиб
Ҳол-аҳволин сўрайман… Аммо
Ярим тунлар уйғониб гоҳо
Ўй сураман шифтга жим боқиб.

Далаларда қўнаркан шудринг,
Тонгни қарши оламан титраб,
“Она, — дейман, — мани кечиргин”,
“Она”, — дейман лабим пирпираб.

1986

* * *

Бор экан-да, дединг – ишондим,
Йўқ экан-да, дединг – ишондим.
Қирга чиқдим қиличим олиб:
Мен ҳеч кимни аммо кўрмадим.

Чумчуқ чақимчи, дединг – қўрқмадим,
Қарға қақимчи, дединг – қўрқмадим.
Қирга чиқдим совутим олиб,
Мен ҳеч кимни аммо кўрмадим.

Оч экан-да, дединг – нон тутдим,
Яланғоч экан-да, дединг – жон тутдим,
Қирга чиқдим найзамни олиб
Ва дев билан юзма-юз келдим…

Қонлар оқди дарё-дарё…
Бор эканлар йўқолди,
Тўқ эканлар бор бўлди,
Чақимчилар чақилди,
Қақимчилар қоқилди,
Очлар эса тўқ бўлди,
Яланғочлар шоҳ бўлди…

Мурод-мақсадимга етмадим…

1986

МЕНИНГ ЎҒЛИМ ҚЎРҚМАЙДИ ИТДАН

Менинг ўғлим қўрқмайди итдан,
Менинг ўғлим қўрқар фашистдан.

Кинодан сўнг йиғлайди ҳадеб:
“Нега отди кампирни, айт?” – деб.

Савол берар лаби буришиб,
Йиғлар узоқ, юзи тиришиб.

Менинг ўғлим тунлари бирдан
Сўраб қолар шивирлаб мендан:

“Келмайдими фашистлар, дада,
Келиб бизни отмасми, дада?”

“Йўқ, келмайди” – дейману бироқ
Ўғлим ўйлар суради узоқ.

Ухлолмайман мен ҳам то саҳар,
Юрагимни кемирар хатар.

Атрофда тун, увиллар итлар,
Деразамдан боқар фашистлар…

1986

* * *

Жанг тугади. Отлар кишнамас.
Ўқлар учмас. Найзалар учмас.
Тиғлар синган. Ўқдонлар бўм-бўш.
Эшитилмас бирор-бир нафас.

Нафас тинган. Қолгандир шафқат.
Видо қолган. Тингандир юрак.
Билмай қайга қўнмоқни фақат
Жанггоҳ узра учар капалак.

Марду-номард мурдаси тўла
Бу муқаддас, қон шимган дала
Аро ханжар кўксида ётар
Ватан учун жон берган бола.

Қони қотиб ерга ёпишган,
Уни ердан бўлмайди узиб.
Унинг очиқ қолган кўзида
Оқ булутлар ўтади сузиб.

1983

ГУЛ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

(Николас Гильен мавзуида)

Биласизми, баъзан тунлари
соғинаман сизни жудаям…
Истайман мен шунда:
Тун каби
Сизни маҳкам бағримга боссам.

Истайман мен: томчи
ёш бўлиб
Юзингиздан ўтсам сирғалиб.
Рашк қиламан сизни: қанчалар
Чиройингиз очар сирғалар.

Шамол сочган сочларингизнинг
Оловида кетсайдим куйиб.
Кечалари босиб бағримга,
Умр қисқа эканин туйиб –

Далли, телба бўлгим келади
Ишқингиздан, ҳасратингиздан.
Ва соғинчдан ўлгим келади
Кўзим узмай суратингиздан.

Бола бўлиб қолсаму сизни
Йиғлай дейман маҳкам қучоқлаб,
Ўлгим,
Ўлгим,
Ўлгим келади
Ўз-ўзимни тиғлаб, пичоқлаб.

Қонимдан-да бир гул ундириб
(Баҳорнингмас, бўлсин кузники)
Шивирлагим келади аста:
“Олинг, олинг…
Бу гул сизники!..”

1986

АММО МЕНГА ДУЧ КЕЛДИ ФАҚАТ

— Йўқ, — дедим, — йўқ,
Чидашим қийин –
Ерда ғам кўп, ерда кўп фироқ.
Учиб кетдим осмонга кейин,
Ҳасратлардан бўлай деб йироқ.

Учай, дедим,
Куч берар, дедим,
Юрагимга самовий тушлар,
Аммо менга дуч келди фақат
Кўзи ёшга лим тўла қушлар.

1987

* * *

Иккинчи жаҳон уршида бедарак
йўқолган Нуриддин тоғамга

…Совуқ шамол мени қувади
Сокин шаҳар кўчаларида,
Қизлар эса мени севади
Олис баҳор кечаларида.

Сизни суйган у қиз тирикми,
Қийнайдими хотира расми?
Тунлар унинг боши эгикми,
Нуриддинми ўғлининг исми?

1977

ЎРХУН – ЭНАСОЙ ТОШЛАРИ

Ўтлар ўқийвериб неча сарғарган,
Саводсиз ёмғирлар,
Соқов бўронлар
Ҳарфларин мангуга ўчирмоқ бўлган –
Ҳар гал қутқаргандир қуёшли тонглар.

Улар бизи топиб келгунича то
Кўрган неча тўфон,
Босқину хатар –
Ёзилмасдан қолган неча юз худо,
Неча ботир номин унутган хатлар.

Тошлар эса қаттол, кўр асрларнинг
Қонли йўлларидан келаверганлар,
Мармардан тикланган чўнг қасрларни
Емирган шамоллар елаверганлар.

Энди бу тошларга ўйиқ саволлар
Бизни ўртаётир – совир дил қони:
“Элим будун эрди,
Элим энди қани?
Ботирли будун эрди,
Ботирлари қани?..”

1986

МОЗИЙ ҚУШЛАРИ

20-30-йиллар шоирлари хотирасига

Мозийнинг қушлари
Учиб келарлар,
Олисдан келарлар,
Толиқиб чанқоқ.
Мени-да кўрарлар,
Хандон куларлар.
Чақмоққа қўнарлар –
Сўнади чақмоқ.

Мозийнинг қушлари
Айланар гирён,
Қўнмоққа бехатар
Масканни кутиб.
Мен эса кутарман
Бош эгиб ҳайрон,
Қўлимни тиғлардан
Баландроқ тутиб.

1987

КАРЛУША

Қўшнимнинг Карлуша исмли зағизғони бор.

“Кар-лу-ша” – деб чақирар
Қизчам ҳар куни тонгда
Боғчасига кетаётганда…
Карлуша шақиллаб қўяр қанотларини ёйиб.

Сигарет тутатиб,
Чалкаштириб оёқларини,
Синиқ бир курсида ўтирганича
Қўшним зағизғонга донишмандларга
Қарагандек узоқ қарайди…

Қўшним ўз она тилида гапиролмайди.

Карлуша бўлса, лаънати, баъзан шунақаям
Ўзбекчалаб сўкинади-ки,
Ўғлимга қарайман хавотир билан.

“Бекорга узоқ яшамайди, бу аҳмоқ!”
Деб кулади қаҳ-қаҳлаб қўшним,
Кўзларимга тик қаролмасдан…

1987

СУЯМАН ҚАДИМИЙ КИТОБ ВАРАҒИ…

Суяман қадимий китоб варағи
Сокин шитирласа сукунат аро…
Уларда жо эрур ўтмиш дараги,
Уларда “қора”мас, ёзилар “қаро”.

Улардан даштларнинг иси келади,
Сўлган райҳонларнинг келар нафаси.
Улар сайроқ булбул яшаб, ғам чекиб
Кейин ташлаб кетган тилла қафасдир.

Суяман печакка ўхшаш имлони,
Уларда сир пинҳон, жумбоқлар бордек.
Улар дилдан суяр ёлғиз Оллоҳни,
Менинг дилимдаям шу меҳр бордек.

Суяман қадимий қўлёзмаларни
Варақлаб, олислаб кетмоқни, бироқ
Қаршимда ҳар сафар нақшин эшикдек
Ёпилар, келганда энг сўнгги вароқ…

1988

ОТАМ ХОТИРАСИГА

Деразамнинг остида тонгда
Сайраган қуш сизмасми, ота?

Ё тўнимга кўклам, мозорда
Ёпишган гул сизмасми, ота?

Ўн йилдирки дунёда йўқсиз
Юрагимда қолган фироқсиз.

Кўрмагансиз менинг ўғлимни,
Эркатойим, шўхим, тўқлимни.

Мен ҳам ёшим ошгани сайин,
Сочимга оқ тушгани сайин,

Баъзан қўмсаб сизни ич-ичдан,
Юрак титраб сўнгги илинждан,

Отам дея алқаб ўғлимни,
Кўтараман ўзим кўнглимни.

1982

ЛИ БО ВА ДУ ФУ СУҲБАТИ

— Нега гулга боқиб?
Қалбинг тиғлайсан?
— Дилимдан ғам кетди,
Қувончим тошар…
— Бўлмаса, айтақол,
Нега йиғлайсан,
Кўзингдан куртакдек
Бўртиб кўзёшлар?

— Нетай, олис тоғлар,
Олчалар гули
Шод этиб тураркан
Чарчоқ кўнглимни,
Йўқлик салтанатин
Энг содиқ қули –
Ўлим ушлаб турса
Титроқ қўлимни…

1988

КАМПИР ҲАҚИДА ШЕЪР

Тонгда жўнар бозорга
Дили тўла аламга,
Дили тўла озорга
Ҳеч кими йўқ бу кампир.

Уч-тўрт ҳовуч қурт еган
Олмасини уяди
Ва кечгача саратон
Офтобида куяди.

Ҳеч ким унга қарамас,
Қарамас олмасига,
Одамларга боқар у
Боққандек боласига.

Баъзилар тўғнашаркан
Ногоҳ кампир кўзига,
Чидолмасдан, қайрилиб
Кета бошлар изига.

Ҳеч кимни яқинлатмас
Кўзидаги дард-алам,
Мўлтираб айтса ҳам-ки:
“Олмамдан олинг, болам…”

Шомда уйига қайтар
Кўтариб олмасини,
Кўзидаги аламни,
Дилдаги ноласини.

Аммо субҳи азонда
Дили тўла озорга,
Ҳеч кими йўқ бу кампир
Яна жўнар бозорга…

1988

БАСЁ КИТОБИНИНГ ВАРАҚЛАРИДА

Басё китобининг варақларида
Сарғайган япроқлар, алвон япроқлар,
Қадим ибодатгоҳ… Ундан нарида
Тоққа ўрмалаган дайди сўқмоқлар.

Улардан тепада,
Тоғлар бошида
Қор босган қоялар оқариб турар.
Ҳассага суянган сочи оқ дарвиш
Излаб тополмаган олхўри гуллар.

Ва совуқ гулларнинг дури осилган
Новдада ёлғиз бир қарға ўлтирар.
У чечаклари қор остида сўлган
Водийлар томонга лоқайд мўлтирар…

1988

ШОМИЛ

Мадинада ётибди Шомил,
Мадинада ётибди бедор.
Қабр ичидан бақирар: “Ким бор,
Узатсанг-чи, қўлингни, ғофил!”

Араб қуми қабртошдаги
Ёзувни гоҳ кўмар, гоҳ очар.
Қабр узра доира ясаб
Эрк қушлари – бургутлар учар.

Қилич ушлаб ўрганган қўллар
Тимирскилар қабр ичини.
Тушга кирар тоғдаги йўллар,
Кўрар қорли тоғлар учини.

Шамол Хунзах боғчаларидан
Олиб келар олулар исин
Ва Доғистон тоғларидаги
Қорлар билан совутар кўксин.

Ўн саккизта яраси эмас,
Дили оғрир,
Зирқираб оғрир.
Кўксин эзган қабр тошимас,
Армон тоши…
У тоғдан оғир.

Юз бир забон,
Юз бир лаҳжада
Сўзлашади Доғистон, бироқ
Шомил тилин унутган эрлар
Бу ўлкада ҳаммадан кўпроқ.

Ўз юртида номи хор бўлиб,
Ўз юртига бўлганича зор,
Мадинада ётибди Шомил,
Мадинада ётибди бедор.

Араб қуми қабртошдаги
Ёзувни гоҳ очар, гоҳ кўмар.
Гоҳо ойнинг учига келиб
Ором учун бургутлар қўнар…

1988

ПАДАРКУШ

Самарқанд шаҳрининг бир чеккасида
Қабр бор – одамлар юз буриб ўтар.
Унда Абдуллатиф ётар, дейдилар,
Дейдилар: “Бу ерда падаркуш ётар”.

Билмайман, ростми бу,
Билмайман, ёлғон.
Аммо бу қабрнинг қошига келсам,
Бирдан совий бошлар томиримда қон,
Бирдан тиқилади бўғзимга ғуссам.

Гўдаклар ўйнаса бу ерга келиб,
Оталар қувади,
Оналар қарғар.
Бу ер тинч, чечаклар ўсади кулиб,
Қиш келса тўпланар бунда қарғалар.

Йўлчилар ўтаркан баъзан ярим тун
Дуолар айтади қўрқувдан абгор.
Мен бўлсам кимлигим англамоқ учун
Шу қабр бошига келаман такрор.

Мен уни ёдламоқ учун келмайман,
Келмайман ёдига ўқий деб оят,
Бу ғариб қабрнинг қошига мени
Етаклаб келади ўзга ҳикоят.

…Уч кеча Улуғбек тушимга кирди,
Бир қўлда китобу, бир қўлда шамшир.
“Ўғлим қани? – деди. – Китоб келтирдим…”
“Ўғлим қани? – деди. – Оҳ, уни яшир…

Яшир, ахир, ўғлим ўлдиролмайман,
Ўз гулимни ўзим сўлдиролмайман.
Ўз дилимни ўзим изтиробларга,
Ғаму-асратларга тўлдиролмайман.

Сўрагин, қандай қўл урди бу ишга,
Алдади қай худбин ўйлар дилини,
“Отамни ўлдиринг”, — дея айтишга
Оҳ, у қандай мажбур этди тилини.

Сўра, билармиди: иши келмас ўнг
Ким-ки отаси-ю оғасин сўяр.
Низомий битгандек:
Олти ойдан сўнг
Салтанат тахтини бой бериб қўяр.

Сўра, билармиди: отасин сўйган
Юртни ўлдирмоққа қодир бўлишин,
Душманлар юборган жосусдан баттар
Хўрланиб, зорланиб итдек ўлишин.

Сўра, билармиди: ҳамиша номард
Отаси, онаси, боласин сотар,
Дилини, тилини, элини сотар,
Ё ортдан тиғ санчар, ё ортдан отар.

Сўра, биладими эрка фарзандим,
Билмаса билгани яхши, кеч эмас.
Уни бу дунёда, у дунёдаям
Отасидан бошқа ҳеч ким кечирмас.

Сўрагин, агар у жавоб бермаса,
Ёшлар оқизмагин асло кўзингдан.
Қабрнинг бошида чекмагин ғусса,
Ўзингдан сўрагин, сўра ўзингдан…”

Сўнг жимиб зулматнинг қўйнига кирди…
Мен унинг ортидан чопдим ҳаприқиб,
“Ўғлинг қани?” – дея дилим қичқирди,
Унинг кўзларига боқишдан қўрқиб.

Ўша дам зулматдан келди бир садо:
“Бириси шаҳиддир, бириси қотил,
Учинчиси эса,
Учинчиси, воҳ,
Ҳамон ухлаб ётар, бу сенсан, ғофил!”

Мен шунда англадим
Уйғонмоқ керак,
Қорда унган гулдек тўлғонмоқ керак,
Адоқсиз тунларни ёритмоқ учун
Ўғиллар барчаси тўпланмоқ керак.

Аммо қичқирмайин қанчалар бўзлаб,
Товуш чиқармади бирор-бир одам.
Гўё қулоғи кар, жонини кўзлаб
Юрганлар юртига айланмиш олам.

Қанча бақирмайин дала-даштларда
Ҳуркитиб, толиқиб қўнган қушларни,
Учратдим Самарқанд, Қўқон, Тошкандда
Фақат тан қуллари – падаркушларни.

…Ватаним, кўксингга сўнгсиз аламлар
Оғусин қуйганлар кимлигини айт?
Оролни қуритган ким? – деб одамлар
Сўраса, кўрсатай уни ўша пайт.

Ерингни зўрлаган қай малъун кимса?
Билмасдан мен қандай ортимга қайтай,
Тупроқни ўлдирган ким? – деб сўраса,
Ўғлимга мен кимнинг номини айтай?

Падаркушлар даври бўлди бу даврон,
Диллар аламлару-оҳларга тўлди.
Дилингни ўлдирмоқ бўлган шум, нодон
Ўғилларинг сенга ҳукмдор бўлди.

Уларнинг кўксини тарк этгач ғусса,
Ғуссалар ўрнини олди нишонлар.
Нишонлар тақди-ю,
Аслида эса
Сенинг қўлларингга осди кишанлар.

Боболар ҳикматин тили кесилди,
Момолар сарвати қилинди ғорат.
Эркин дарёларнинг йўли тўсилди,
Нодонлар тарихинг қилди ҳақорат.

Сени деб жонини берган ўғлонинг –
Таробий мақбарин бузди падаркуш,
Янги Таробийлар чиқмасин, дея
Тарихинг қайтадан тузди падаркуш.

Падаркуш қор тушган пахтазорларга
Қувди дили хаста болаларингни,
Падаркуш ўт қўйди чаманзорларга,
Заҳарлаб ўлдирди далаларингни.

Ўзи қул бўлди-ю,
Сениям қулга
Айлантирмоқ учун эркингни сотди,
Виждону-имонни алмашди пулга,
Ватан деса суйди, эрк деса отди.

Жоним, оғриқлардан чинқирган жоним,
Эй олис боболар нижоси – қоним,
Эй дардим, эй ерим, эй сен мозорим,
Юрагим озори – Ўзбекистоним.

Сени жондан суйган,
Дардингда куйган
Ўғилларинг номи аталди ҳаром.
Қодирий отилди, Чўлпон отилди,
Файзулла Хўжаев қилинди бадном.

Сени жондан ортиқ,
Жаҳондан ортиқ
Кўрганларнинг дили оғриққа тўлди,
Фитрату-Беҳбудий кўкрагида тиғ,
Усмон Носир совуқ Сибирда ўлди.

Куйинма, падаркуш зоти кўп, десам,
Марди йўқ уларнинг, ҳаммаси қўрқоқ.
Ватаним, сени деб юрганлар эса
Битта бўлгандаям улардан кўпроқ.

Ҳатто ёлғиз ўзи душманлар аро
Қолсаям, бошини ёвга қилмас ҳам,
Сени деб жанг қилар Нажмиддин Кубро,
Ҳазрат Алишердек ўлимдан сўнг ҳам…

Самарқанд шаҳрининг бир чеккасида
Қабр бор – одамлар юз буриб ўтар.
Бунда Абдуллатиф ётар, дейдилар,
Дейдилар: “Бу ерда падаркуш ётар”.

Билмайман ростми бу,
Билмайман ёлғон,
Аммо ғариб гўрнинг устига келсам,
Бирдан совий бошлар томиримда қон,
Бирдан тиқилади бўғзимга ғуссам.

Биз уни кечирмай яшаймиз, ҳатто
Биздан сўнг келганлар кечирмас уни,
Бу дунёда ёлғиз Улуғбекгина
Кечира олади қотил ўғлини.

Сен эса, Ватаним,
Нима қилгайсан,
Гапир, қай биримиз авф этарсан?
Нечун сочинг ёзиқ, йиғлаб кулгайсан,
Бошингни эгганча қайга кетарсан?..

1988

БОБУР

Отлар елар шиддатдан терлаб,
Янграр хатар тўла тақалар.
Ҳуркиб кўкка сапчир патирлаб,
Тун уйқуси – қора қарғалар.

Отлар елар, тилларанг хазон
Суворийлар узра сочилар.
Элас-элас янграйди азон –
Тоғлар узра осмон очилар.

Отлар елар, елар кўпириб,
Уйғотганча мудроқ йўлларни,
Гўё тўғон бандин ўпириб,
Тошқин қувиб келар уларни.

“Заҳириддин, қайга борурсан,
Бобонг тахтин, юртингни ташлаб?!
Қора тақдир сени қул каби
Қаёнларга кетмоқда бошлаб?!

Заҳириддин, бу қандай савдо,
Қора ҳижрат сари юз тутмоқ?
Юрагингни этар-ку адо –
Тирик туриб Ватандан кетмоқ?

Заҳириддин, ортга бир қара,
Ортга бир боқ, токи сен омон,
Ахир кейин тушларингда ҳам
Бу тупроқни кўрмоғинг гумон”.

От пишқириб тўхтар, чавандоз
Узангига тирар оёғин
Ва бўғзига тўплар беовоз
Вужудига тўлган ингроғин.

Алам билан браги урар,
Шивирлайди титроқ лаблари:
“Ҳамма ердан кўриниб турар
Самарқанднинг миноралари”.

1981

БЕМОРЛИКДА

Кўзимда зулумот…
Қип-қизил олов
Сочларимда ёнар – ўчиролмайман.
Кимдир қулоғимга шивирлар шу тоб.
“Нима қилиб қўйдинг?
Кечиролмайман…”

Бирдан хира сурат
Ўзгариб кетар,
Бирдан оқсоқ чолни кўраман яққол.
Бошимдаги оғриқ бир лаҳза йитар,
Бир дам пешонамни совутар ях қор.

О, кошки боролсам
Сенинг ёнингга,
Қўлингдан қиличу-совутинг олсам
Ва душман лашкарин саҳрога қувиб,
Сўнгги дам “Енгдим!” деб
жилмайиб ўлсам…

О, кошки боролсам,
Тўмарис билан
Душманлар устига елдек учгани
Ва она юртимга бостириб кирган
Ёвнинг ишқдек ширин қонин ичгани.

Аммо мен… Зулматда адашиб танҳо,
Оч қолган бўриман…
Увиллайман зор…
Ярамдан чакиллаб тушар қорга қон,
Теграмда ватаним,
Теграмда мозор…

Бир олов ичимни
Ёндирар кўпчиб,
Жонимга чанг солар дард даҳшатдайин.
Бошим узра бўрон учади кўчиб,
Бошимга қировлар тўкилар майин.

Олазарак боқар тўрт ён кўзларим,
Бўриман – яғриним куйдирар яра.
Қорга чўкиб борар қонли изларим,
Мени таъқиб қилар алам, хотира.

Судралиб бораман
Инграб, увиллаб,
Болаларим ётган уядан узоқ.
Маккор ёв келади узиб, қувлаб –
Аммо қоним қувар ёвдан ҳам тезроқ…

1988

НАВОИЙ ҚАБРИ

Ҳирот шаҳристони
Узра балқиб тонг,
Шуурга тўлганда чорбоғу-даштлар,
Шаҳар четидаги
Қадим қабристон
Дарвозасидан кирди икки ёш аскар.

Елкаларда милтиқ
Осилган эди,
Бири ўзбек эди, бошқаси – афғон.
Тинч эди, сарин ел
Ғир-ғир эсарди,
Хатарни сезгандек қизил эди қон.

Қабристон оралаб
Айланди улар,
Ўлганлар уйқусин асло бузмасдан.
Анбар исларини
Сочарди гуллар
Уруш даҳшатини, қонни сезмасдан.

Ёш афғон аскари
Тўхтару бирдан,
Бир дам бошин эгиб ҳаёлга ботар,
Сўнг айтар қандайдир
Бир алам билан:
“Бу мақбарада ҳазрат Навоий ётар…”

Бу сўзни эшитган
Ўзбек боласи
Вужудида кўзин очди муз титроқ.
Бирдан кўз ўнгидан
Ярқ этиб ўтди
Олис-олисдаги қадрдон тупроқ.

У узоқ ўтирди
Мақбар қошида,
Ўз-ўзидан ногоҳ намланди кўзи.
Армонлар бор эди
Кўзин ёшида,
Тилига югурди дилининг сўзи:

“Бобожон, наҳотки,
Шунда ётибсан?
Агар шундай бўлса, берақол садо.
Бу ерга Амудан
Ошиб келганман,
Байналмилал бурчим этай деб адо.

Сенинг хокинг ётган
Бу бадбахт юртга
Қўлда милтиқ билан мен кириб келдим.
Икки йил жанг қилиб,
Фақат шу бугун
Сенинг бу тупроқда ётганинг билдим.

Кўзим кўр, дилим кўр,
Тилим кесилган,
Сенинг неварангман, сенинг болангман.
Бобожон, кечиргин,
Исм-шарифингдан
Бошқа ҳеч нимани яхши билмайман.

Гарчи мен яшаган
Юрт шоирлари
Сенинг номинг билан ичурлар қасам,
Мен қандай ишонай
Бу қасамларга,
Сенинг юрагингни агар билмасам.
Билсам, келармидим,
Ахир, бобожон,
Сен ётган тупроққа милтиқ, тиғ ушлаб…”
Ёш ўзбек ўғлони
Сўзларди нолон,
Аламу-ҳасратдан лабини тишлаб.

У узоқ сўзлади
Силқиган дарддан,
У узоқ сўзлади бўлганча адо.
Аммо тонг сукутин
Бузиб мақбардан
Чиқмади барибир бирон бир садо…

1988

“БОБУРНОМА”ГА БИР НИГОҲ

Шер оҳуни қувиб етар,
“Қарс” синади оҳу бўйни,
Оҳунинг қонин ичиб,
Оҳунинг гўштини еб
Шер оҳуга айланар,
Чангалзор томон қочар…
Овчи ўқ узади:
“У-у-у-у-у-у!”

1989

* * *

Зўр шоир дилида зўр умид яшар,
Кўр шоир дилида кўр умид яшар.
Ҳар умид тупроққа ташланган дондек
Бутун коинотдан нур кутиб яшар.

1989

КУЗ ТАШБЕҲЛАРИ

Бева аёл қалби – сарғайган япроқ.
Ўтмиш ёди – булут чулғаган юлдуз.
Ўзбек боласининг рангидир – тупроқ,
Учиб кетган қушнинг бўм-бўш ини – куз…

1989

КИЧИК ЁЛҒОН ҲАҚИДА ДОСТОН

Бу кичкина ёлғон оламни
Қила олар талотум, адо –
Ўзин тўқиб чиқарганлардан
У узоқроқ яшайди ҳатто.

Унинг кучи шундаким, ҳар бир
Юракка жо бўлиши мумкин.
Ўлим билмас бу ёлғон фақат
Юрак билан ўлиши мумкин…

1989

* * *

Фикр жимирлар, худди
Осмондаги юлдуздек –
Дилим ёруғ кундуздек…

Ёмғир ёғар, кезар куз,
Дунё билан юзма-юз
Штирибман мен танҳо.

Бўёқ ўчган, нур ўчган,
На ташвиш, на ҳасрат бор,
Асрлар лаҳзага жо.

Худди ёлғиз бир ўзим
Шу асрлар қатидан
Ситилиб келгандайман.

Кеча… Фикр ва юлдуз –
Иккиси жимирлайди
Тун ва жаҳолат аро.

Зулм, жаҳолат аро
Ёш боладек хатардан
Бехабар ўйнар фикр…

1989

ЎҒЛИМ ТЕМУРГА

Ўғлим, бу ер –
Бизнинг еримиз.
Ўзимизнинг еримиз.
Қўрқмасдан қадам ташла.
Ер жуда қаттиқ –
Боболарнинг қони қотирган уни,
Момоларнинг кўзёши қотирган.
Ўғлим, бу ер –
Ўзимизники,
Ҳадиксирама, ишонгин отангга,
Ҳадеб қарайверма орқангга.
Йиқилсанг, кўтарар
Сени бу тупроқ.
Йиқилсанг, турмоқни ўрганасан,
Турмоқни ўрган, ўғлим.
Йиқилсанг, эмаклама,
Эмаклаганим етар, ўғлим,
Қад тиклашни ўрган,
Шунинг учун бизга берилган
Бу ер – бу Ватан.

1981

КУЗНИ ЎЙЛА

Ёзни ўйла…

Марис Чаклайс

Кузни ўйла
Қор кетиши билан кузни ўйла
Кузни ўйла
Ғилдираги лойга ботиб қолган аравани
Тортолмаётган отни аямай қамчилаб
Кузни ўйла
Бешафқат кузни ўйла
Усти очилиб қолган болаларингни
Кўрпа билан ўраб қўя туриб
Кузни ўйла…
Кузни ўйла ташналикдан
Баҳор ёмғирларини ичиб, лабларинг
ёрилиб кетганда
Саратон офтоби тиғида
Меҳнат қорайтирган болаларнинг
Кўзларига қаролмасдан кузни ўйла
Куз келиши билан кўкариб кетгунича
Йўталаётган қўшни кампирга
ёрдам беролмасдан

Кузни ўйла
Икки тол овутолмаётган
Беланчакдаги боланинг бўғилиб йиғлаши,
Кун иссиғида кўксида сути қуриб қолган аёлнинг
Изтироби аро кузни ўйла
Кузни ўйла…
Кузни ўйла…

1981

АЛПОМИШНИНГ ҚАЙТИШИ

Бепоён далада бир ботир ухлар,
Сочлари чатишиб кетган гиёҳга.
Қай садо ботирни яна қайтарар
Бу кўҳна, бу соқов, бу кар дунёга?

Мўйсафид табиблар гирдида ҳалак,
Дуогўй кампирлар уни қуршамиш.
Фақат уйқу аро тепинар юрак,
Бироқ кўзларини очмас Алпомиш.

Бургутлар чўқилаб узра гўштидан,
Булбуллар ин қурар киприкларига.
Учқур асрларнинг тезкор шаштидан
Чанг қўнар қирдай кенг кўкракларига.

Чоллар қайғуради: “Ким уйғотар, ким?”
Кампирлар йиғлайди: “Уйғонмас мангу!”
Шамоллар гувиллаб ўтар бетиним.
Бошида булутлар қотган беуйқу.

Хира кўзларини узмай уфқдан
Донишманд чолгина йўлга термилар
Ва айлар башорат: “Уни уйқудан
Уйғота олади фақат болалар”.

1982

УХЛАНГЛАР, УЙҒОНИНГ!

“Ухланглар, уйғонинг…” –
Шивирлар тун аро шам.
Даст уйғониб қарасам
Оқиб ётибди қоним…

Уйғониб қарасанг-чи,
Уйғотиб қарасанг-чи…
Аччиқ кўзёш. Қора қон.
Қонга бўялган қамчи?

Бетон зиндон. Кўр қўрқув.
Оқ туз сепилган кунда…
Уйқудан уйғонинг, ҳув,
Қолиб кетмангиз тунда…

1989

ХХ АСР ОНАСИ

Қимирлади тунда у
Юрагимнинг остида,
Қимирлади қўрқуву
Ажиб бир талвасада.

Гўё сўрамоқ бўлди:
— Она, айт, тинчми олам?!
Юрагим ғамга тўлди,
Шивирладим: — Жим, болам!

1985

“СИНГАН ҚИЛИЧ” КИТОБИГА БИТИК

Тундан қўрқма!
Тунни ич!
Ва мағрур боқ саҳарга.
Синган бўлса гар қилич,
Айланур у ханжарга.

1985

ҲОЛБУКИ, ШЕЪР…

Уялмасдан қўйдим,
Бақириб
Минбарлардан шеър ўқимоқдан.
Ҳолбуки, шеър –
Уйга чақириб
Дилингдаги сирни дўстингга
Очмоқдайин қутлуғ маросим.
У – васият,
Ота қайси бир
Фарзандига бутун меросин
Қолдирмоғи битиб қўйилган.
У дон излаб учган,
Қайтганда
Палапонин топа олмаган
Она қушнинг қичқириғидир…

1989

ЮЛДУЗ

Дўстимни чақирсам,
Қарамай кетди –
Бир дарахт ёнимда чайқалди нотинч.
Товушим кўкдаги юлдузга етди,
Қонимда уйғонди энг сўнгги илинж.

Дардимни айтсайдим, дегандим, бироқ
Дўстимни чақирсам, қарамай кетди.
Мен уйга қайтдиму, ёндирдим чироқ,
Дунё сокин эди,
Дунё тинч эди.

Чироққа термилиб ўйларга ботсам,
Қошимга ғамларнинг барчаси қайтди.
Чироқни ўчирмай ухламай ётсам,
Чироғим юлдузнинг сўзини айтди…

1989

ЯПРОҚ УЧИБ ТУШДИ

Япроқ учиб тушди дарахтдан,
Аммо ерга тушмасдан учди.
Айрилгандек муқаддас тахтдан
Наҳот уни аламлар қучди?

Ҳой, сен япроқ,
Қайга учарсан
Қарамасдан бўрону-қорга?
Товуш чиқди бўрон ичидан,
Шивирлади япроқ: “Баҳорга…”

1989

Xurshid Davron
«BAHORDAN BIR KUN OLDIN»
KITOBIDAN SHE’RLAR

01

MUQADDIMA O’RNIDA

Xurshidning shoirona nazarida ham, tashbehlarida, she’rining vaznida ham behalovat kechinmalar ruhi va to’lqini sezilib turadi. Uning satrlarida yoshlikka xos otash bor, tug’yon bor.

Erkin Vohidov

Klod Lorren suvratlarini ko’rganman. Ularda qasrlarning vayronalari juda qadim zamonlardan qissalar aytayotganday. Sokin ko’rfazlar, qanotli maolikalar, ko’pirib yotgan oq bulutlar, tonglar, tunlar, so’lim choshgohlar. Eski g’isht ko’priklar chuqur oqayotgan daryolar uzra… Daraxtlar esa… Klod Lorren suvratlarida daraxtlar doim markazda, doim borliq uzra yuksalib sirli hikoyatlar so’ylaydilar. Ular go’yo ko’p yurib, zaminni aylana-aylana horib shu yerga cho’kkandaylar, nafas rostlayotgandaylar. Xurshid Davronning she’rlarini o’qiganda Klod Lorren suvratlari yodimga tushadi. O’xshashlik bor edi ular o’rtasida.
Tarix dam hayqiradi, dam uzoq sukutga ketadi bu she’rlarda. Xurshid Davronga san’at, kitoblar, tarix, qadim adabiyot ko’proq ilhom beradi. Uning she’rlarida davrimizning ziyoli kishisi obrazi ancha boy kechinmalari bilan gavdalanadi.

Ibrohim G’ofurov

Xurshid – tabiatan yorug’ kechinmalar, nekbin qarashlar shoiri. Uning ko’zyoshlari qanaqadir tiniq, dardlarida mas’um bir tortinchoqlik bor. U hatto qahramonlarining fojiiy kechinmalarini yoritishga intilganda ham mas’umligicha qoladi. Uning qayg’usi ham hayotiy qonun bo’yicha quvonchiga uzviy: “Nega baxt to’ldirsa yurak ichini Biz o’lim haqida o’ylay boshlaymiz?… O’lim haqidamas bu o’ylar, Hayotga muhabbat erur balki ham”…
Van Gog umuman san’atni nazarda tutib: “Eng yuksak baddiyat – odamlarni sevishdir”, — degan edi. Odamlarni sevish, Vatanga, tabiatga, xalqqa muhabbat – hammasi umuman shoirning borliqqa poetik munosabatini, she’riyatning ijtimoiy mohiyatini belgilaydi. Xurshid dunyoni uzviy aloqadorlikda, umumiy mehrda ko’rishga moyil. U bunday murakkab hayotiy falsafani sodda poetik talqin etadiki, bu kamolot yo’lidan borayotgan mahoratdir.

Ahmad A’zam

01

KITOBGA KIRISH SO’Z

She’rni oq qog’ozga yozib qo’ymayman…
She’r shamdir –
Dilimda yoqib qo’yaman.
She’r guldir –
Qorlarga basma-bas turib
Men uni ko’ksimga taqib qo’yaman.

Nay kabi labimga
Bosaman uni,
Erk uchun qilichdek qo’lga olaman.
She’r yozgan paytimda –
Ko’hakka chiqib
Osmonga tikilgan mahzun bolaman.

Adirman –
Maysadek unib chiqar she’r,
Daraxtman –
Osmonman –
Tomchilab yerga oqar she’r,
Zaminman –
Qor kabi meni ko’mar u…

1988

YOZ ERTAGI

Dalalarning qoq o’rtasida
Yeru-osmon aro bir ertak –
Yulduzlarning mayin sasidan
Tebranadi oppoq belanchak.

Uxlab qolar horigan ota,
Uxlab qolar terimchi-suluv,
Uxlab qolar chorbog’ ortida
Ariqchada jildiragan suv.

Faqat qora ko’zlarin ochib,
Hayratlarga to’ldirib quchoq,
Onasiga o’xshatib oyni
Tamshanadi oyday chaqaloq.

Va mehrdan iyib, ko’ksini
Chaqaloqqa tutar oy xushhol.
So’ng allalar aytib, o’ksinib,
Belanchakni tebratar shamol.

1976

BARG

Hammani unutib qo’yibman…
Hech kimni tanimay va bilmay
Qishloqni men kezib yuribman.

Bu men-ku, qadrdon jo’ralar,
Bu men-ku, qadrdon dalalar,
Ovoz yo’q… ko’ksimda titrar jon.

Va nogoh boshimda aylanib,
Yarmi ko’k, qirmizi va qora
Qo’limga talpindi bitta barg.

“Men seni taniyman”, — dedi u,
Ko’zimdan tirqirab ketdi yosh,
Labimga bosdim men entikib.

1977

YONAYOTGAN GULXANLAR

Ko’z o’ngimda bepoyon bog’lar,
Yaproqlarda tillarang g’ubor.
Yaqinlashib qolgandek tog’lar,
Havo shunday tiniq, beg’ubor.

Shitirlagan tungi yomg’ir ham,
Tumanlarni quchoqlagan tong,
Qop-qoraygan dala-yu qir ham
Bari menga tanish, qadrdon.

Daraxtlarda lovillar gulxan,
Yuragimda uning tafti bor.
Bog’chadagi xazonlar bilan
Uchib yurar kechagi bahor.

Meni tashlab ketmoqchi do’stni
To’xtatmoqchi bo’lganday, bu on
Men jimgina qo’lim cho’zaman
Yonayotgan gulxanlar tomon.

1977

* * *
Men ertaga juda erta
Tinch uyqumni buzaman.
Oq ko’ylagim kiyaman-da,
Dalalarni kezaman.

Yashilgina maysalarning
Barglariga bosib lab,
Erkalayman qizaloqday,
Qulog’iga shivirlab.

Keyin oyning yelkasiga
Qo’limni qo’yib beun,
Yuragimni ochaman –
Oydin bo’lar o’sha tun…

1976

QIZ VA SHAMOL HAQIDA ERTAK

Dardday uzun-uzun ko’chani
Oyoqlaring besas o’padi.
Uxlab qolgan oydin kechani
Uyg’otadi sochlaring hidi.
Uzoqlardan senga izma-iz
Shamol sekin sirg’alib kelar,
Yolvoradi u senga unsiz,
Yolvoradi tungi maysalar.
Ko’zlaringga oy boqar qonib,
Ko’zlaring oy nuriday toza.
Mana kelding. Bo’g’ilib, yonib
Seni yutar ko’hna darvoza.
Shamol esa ko’chada qolar,
Qilt etmaydi, qanotlari tinch.
Parcha-parcha bo’lib sinadi,
U ko’tarib yugurgan sevinch
Va labdagi bo’sa hididan
Mast bo’lgancha chayqalib behol,
Qayrag’ochga ko’ksini bosib,
To’lib-to’lib yig’laydi shamol.

1976

DARAXTZOR QOSHIGA KELAR BIR AYOL

Tunda silkitarkan daraxtni shamol,
Daraxtlar titrarkan mahzun, bukchayib,
Daraxtzor qoshiga kelar bir ayol,
Nozik oyoqlarin shabnamga chayib.

U gullar sochadi hovuch-hovuchlab,
Hayratga to’ladi armonli bog’lar.
U kuylay boshlasa, gullarni tishlab
Uyg’ona boshlaydi qurigan shoxlar.

1978

Rauf Parfi she’riga nazira

Qor yog’ayotgan oqshom
Shaharni kezsang,
G’ira-shira ko’chalarni
Kezsang, qo’llaringni cho’ntakka tiqib,
Qor esa erisa lablaringda jim.

O’ylasang olislarda qolgan kimnidir,
Shu qorni o’ylasang, qalbing entiksa…
Ayniqsa, o’zing sevgan qizni o’ylasang,
Ayniqsa, o’ylasang onangni…

Qor esa tinmasa,
Tinmasa qadaming.
O’zing ham bir qor uchquniday
Singib ketsang tunning bag’riga.
Kimgadir yo’l bersang, kimgadir salom,
Ammo o’zing bilmasang buni.
Qor esa bo’ralab yog’aversa jim,
Adashsang-da sezmasang adashganingni…

1978

KUZ ERTAGI

Terimchi qizlar
Shoxlardagi qushlarday yengil,
Qomatlari – xayol,
Quyosh isi anqib turar chehralaridan.
Ular
To’lib ketgan armonlar kabi
Egatlarga sochilgan.
Orzulari mezonlar kabi
Oppoq-oppoq uchib yurguvchi
Oydin shamollarga osilgan.
Huv… Bo’g’ilib sayragan
qushdan ham uzoq,
Qishlog’imning cheksiz dalalarida,
Oppoq shiyponlarda ko’ksini titroq,
Iliq, moviy shamollar o’pib,
Uxlab yotar terimchi qizlar
Tushlarini quyoshga ko’mib…

1978

* * *

Senga uni yoz deb ko’rsatdim.
Holbuki u qahraton edi –
Bizga kuz kerak edi.

Senga uni manzil deb ko’rsatdim,
Holbuki, u oston edi –
Bizga yo’l kerak edi.

Senga uni non deya tutdim.
Ochlik edi holbuki u,
Biroq, qon kerak edi.

Senga ana, erk, deb ko’rsatdim,
Qo’llarida zanjir bor edi,
Uzmoq kerak edi zanjirni.

Senga, bu so’nggi jang, dedim –
Holbuki, birinchi jang edi.
O’lim mana shu, dedim senga,
Holbuki, bu mangulik edi.

1979

ESKI SHAHAR

Bibixonim dahmasi xarobasida
so’nggi bor etar va so’nar quyosh.
Uyg’ona boshlaydi kun nafasidan
mudrab, uxlab qolgan qora qabrtosh.

Tor, qiyshiq ko’chalar adashib qolib,
ilondek o’rmalar nurafshon tunda.
Tovlana boshlaydi qayg’uga to’lib
“Ziji Ko’ragon”ning aksi osmonda.

Mudrar sezgir qushlar butoqlar aro,
ularning uyqusin buzar shamollar
va qaysar eshagin niqtab besado
uyga qaytayotgan bozorchi chollar.

Tomga uchib tushgan yorqin bir yulduz
kuydira boshlagan paytda o’tlarni,
munkaygan chol kabi qarigan kunduz
Shohizinda tomon pisib o’tardi…

Eski shahar uxlar, mudragan toklar
paxsa devorlarni mahkam quchoqlar.
Uxlaydi bozorda qovunu-noklar,
armonga aylanib muattar bog’lar.

Tungi sukunatda to’kilar yerga
yillar nafasidan nam tortgan sho’rxok.
Boladek mo’ltirab boqar shaharga
bir chetda biqinib olgan mitti bog’.

1979

MEN DARAXTGA AYLANDIM TUNDA…

Men daraxtga aylandim tunda
va aksimni ko’rdim osmonda.

Yulduzlarni shoximga o’rab
boqdim: navo oqdi yaltirab.

Kapalakday uxladi dunyo,
uxlamadi men kabi daryo.

Men daraxtga aylandim tunda –
tongga qarab o’sdi shoxlarim.

1979

ERIB KETAR XIRA TUMANLAR…

Erib ketar xira tumanlar,
kapalakdek uyg’onar yalpiz.
Osmon daryo bo’lib tuyular.
o’tlar uzra chopqillaydi ko’z.

Qayrag’ochning guli – mitti jom –
jaranglaydi – taralar atir.
Va tushlarga kirar bu oqshom
maysalarni quchoqlab adir.

Shamol yelar erkin, quturib,
quriy boshlar tomlar to’sini.
Gullayotgan olchani ko’rib
derazalar ochar ko’ksini.

Yoritguncha to yurak ichin
sabza o’tlar shabnamga qonar.
Vatanini sog’inmoq uchun
yer ostida jangchi uyg’onar.

1980

XUAN GOYTISOLO MAVZUIDA

— Nega shoir bo’lding? – deyman men,
Nega yalpiz tushimga kirdi?
…Qo’shnim o’g’li, mening tengdoshim
Mirshablikka o’qishga kirdi…

— Nega shoir bo’ldim? – deyman, oh…
Cho’ntak quruq, kelajak – jumboq.
Mirshab qo’shnim yangi uy soldi,
Sotib oldi qishloqdan chorbog’.

Nega shoir bo’ldim-a, deyman,
Qog’ozlarni ko’mib yoshimga.
O’zimni zo’r shoir sanardim,
She’r yozolsam qo’shnim boshiga.

Faqat boshi juda qattiq-da,
Ikki qo’li ikki miltiqday.
Men bir kuni o’lishim tayin
Shu miltiqdan otilgan o’qdan…

1982

* * *

Bog’larni ko’r zulmat
Quchgan pallada
Bir o’zim turardim
Cheksiz dalada.

Mening ko’zlarimga
Boqardi mahzun
Olis-olislardan
Oqib kelgan tun.

Tog’larning qizargan
Yelkasi uzra
Bulutdek ko’pchirdi
Bir vahshiy uzlat.

Shu uzlat qo’ynida
Bir Yulduz porlar,
U mening dilimni
Yoniga chorlar.

Men unga indamay,
Kulib turardim,
U qayg’um ekanin
Bilib turardim…

1983

UYG’ON QISHNING XIRA TONGIDA

Uyg’on qishning xira tongida
Va entikib quloq tut –
So’nggi bo’ri uvillar tongda.

Qo’rqma. Qo’rqma.
Qorong’i yo’lga –
Bo’ri ulishidek bu uzun yo’lga
Otlan. Sadoqatli miltiqni olma.
Qo’rqma. Qo’rqma.
U – so’nggi bo’ri.

O’zining tovushi kabi u yolg’iz,
Yolg’izdir mana shu xira tong kabi.
Senga esa yordamga kelishar,
Bo’yningni g’ajisa bo’ri.

Chunki sen eng so’nggi
odam emassan.
Otlan. Bu yo’l so’ngi yo’l emas.
Otlan. Tong ham so’nggi tong emas.
Otlan. Bolalaringni o’pish shart emas.
Shart emas xotin bilan xayrlashmoq ham…

Qo’rqdingmi?
Qo’rqdingmi? Qo’rq…
Endi tingla, qo’rqib quloq tut –
Uvillaydi yana bir bo’ri…
Uvillaydi bo’rilar…

1980

DUNYO TARIXI VA CHUMOLI

Atlantida cho’kdi.
Suv yutdi uni,
So’ndi necha dilning orzu-xayoli.
Dengiz ko’pigida ilinib qolib
Faqat tirik qoldi bitta chumoli.

U jangu-jadalda yelgan kemalar
Eshgagiga chiqib zaminga yetdi.
Qilichlar qinidan chiqdi va shahar
Poyida sovutlar jaranglab ketdi.

Qattol Heraklni ko’rib qo’rquvga
Tushganda Troya erkak-ayoli,
Axey kemasidan bir ushoq donni
Yelkalab sohilga chiqdi chumoli.

Troya quladi
Herakl o’ldi,
Qoniga bulg’andi mard Agamemnon.
Ammo ushoq donni yelkalab olgan
Chumoli manzilga yetmasdi hamon.

Chilvirni bir zarb-la qirqdi Iskandar –
Jahon ham tiz cho’kdi uning poyiga.
Osiyo ustiga qo’zg’aldi xatar,
O’qlar uchdi Sharqning to’lin oyiga.

Parfiya quladi.
Baqtriya yakson,
Tuproqqa qorishdi Turon kamoli.
Ammo ushoq donni yelkalab hamon
Safari qarimay borar chumoli.

Uchdi insoniyat qora mo’ridan –
Osventsim.
Maydanek,
Zaksenxauzen...
Men hamon eshitib qolaman birdan
Xirosimaning faryod solgan ovozin.

Men hamon eshitib qolman… Birdan
Olisda sovutlar jaranglab ketar…
Donni yelkalagan chumoli esa
O’rmalar… U qachon manzilga yetar?!

1984

ORZU HAQIDA RIVOYAT

Bir odam yashardi g’arib, xokisor,
Ko’zin yerdan uzmay yashardi…
Ammo
Har bir odamzotning o’z taqdiri bor:
Uni asir etdi bir kuni samo.

U qanot yasadi,
Dil to’la orzu,
Yuksak qoyalardan talpindi ko’kka.
Biroq qulayverdi qora yerga u
Xuddi qush duch kelib qolgandek o’qqa.

Xudoga sig’indi –
Yerga quladi.
Xudodan voz kechdi –
Quladi yana.
Ammo osmonga u talpinaverdi
Xuddi shamga qarab uchgan parvona.

Uni tashlab ketdi, xotini yig’lab,
Uni tashlab ketdi, talba, deb do’sti.
U bo’lsa, tunlari dilini tig’lab
Quyoshga intilgan daraxtdek o’sdi.

Oxiri dahriy deb tutdilar uni,
Qo’llarin burashdi, tashlashdi g’orga
Va osmon charaqlab turgan bir kuni
Uni keltirdilar osmoqqa dorga.

Ilondek chirmashdi arqon bo’yniga,
Bir zarb bilan keyin tortildi tarang.
YO rab!
Eng so’nggi dam
uchdi u ko’kka –
Oyog’i
zamindan
uzildi,
qarang!

1985

SHOIRNING ONASI

Ona kelib olis qishloqdan
O’g’li bilan yashay boshladi
Va dasturxon yozilgan choqda
Shirmoy nonning chetin tishladi.

Yuvib berdi bir bozor kirni,
Suvlar quydi so’lgan gullarga.
Nevaralar bog’chadan qaytgach,
Ertak aytib berdi ularga.

Avaylardi xonadon tinchin,
Suygan o’g’li uyning burchida
Qog’oz uzra egilgancha jim
She’r yozgan payt tutun ichida.

Qadam bosib xavotir bilan,
Qo’rqar edi nafas olishga.
Tunlar xurrak tortmay deya u
Bosh qo’yardi tongda bolishga.

Ammo bir kun mazasi qochib,
Ko’z oldida yorug’lik so’ndi,
Qo’llaridan tushib ketdi-yu,
Chil-chil bo’lib piyola sindi.

O’sha zahot hushiga qaytdi,
Chayqalardi o’ngida olam.
U yugurib chiqqan o’g’liga
Shivirladi: “Ketaymi, bolam?”

1985

QODIRIYNI O’QIB

Yillar o’tib borsa-da, hamon
Qo’msab-qo’msab o’qiymiz sizni.
Siz bamisli zangori osmon,
Biz qo’msaymiz osmonimizni.

Olis chag’ir toshli yo’llardan
Otda yelib o’tamiz birga,
Aylantirib Kumushning oddiy
So’zlarini bokira she’rga.

Yanak ortga qaytamiz keyin,
Kelajakka boqamiz maftun.
Nimadandir ichikib, qiyin
O’ylar ichra qolamiz beun.

Keyin yana uy derazasin
Ochgan kabi sof g’avolarga,
Bo’g’riqqan, dim uy derazasin
Ochgan kabi sho’x navolarga –

Tuyib dilda mas’um unlarni,
Titrab-titrab dil larzasidan,
Biz ochamiz “O’tgan kunlar”ni
Yuragimiz derazasiday…

1983

LORKA O’LIMI

Uni tongga tirab otdilar…
U yiqildi,
So’ng yana turdi
Va yoshgina,
Bukri bir askar
Qo’ndoq bilan boshiga urdi.

U jon berdi…
Askarlar esa
Shosha-pisha ortga qaytdilar,
Sharob ichib mungli qo’shiqni
Tun sukutin buzib aytdilar.

Bu qo’shiqda bulutni yorgan
Hilol cho’qqi uzra porlardi,
Bu qo’shiq qor ostida yotgan
Chechaklarni bo’zlab chorlardi.

Bu qo’shiqda qora kiyingan
Tul kampirlar ertak to’qirdi,
Ularning oldida ko’zi ko’r bola
Zulmat aro kitob o’qirdi.

Qo’shiq kuylab,
Tuyib alamni,
Yosh askarlar sarmast edilar,
Bu qo’shiqni yozgan odamni
Otganlarin bilmas edilar…

1986

ONAM QARIB QOLGAN…

Onam qarib qolgan. Tushida
So’zlashadi u otam bilan.
Ko’zlaridan oqqan yoshida
Men otamning aksin ko’raman.

Onam qarib qolgan. Qo’rqaman,
Ba’zan azob bo’g’zimni qisar.
Ko’zim yumsam uni ko’raman,
Shundan yoshga to’ladi ko’zlar.

Xat yozmayman. Ba’zan sim qoqib
Hol-ahvolin so’rayman… Ammo
Yarim tunlar uyg’onib goho
O’y suraman shiftga jim boqib.

Dalalarda qo’narkan shudring,
Tongni qarshi olaman titrab,
“Ona, — deyman, — mani kechirgin”,
“Ona”, — deyman labim pirpirab.

1986

* * *

Bor ekan-da, deding – ishondim,
Yo’q ekan-da, deding – ishondim.
Qirga chiqdim qilichim olib:
Men hech kimni ammo ko’rmadim.

Chumchuq chaqimchi, deding – qo’rqmadim,
Qarg’a qaqimchi, deding – qo’rqmadim.
Qirga chiqdim sovutim olib,
Men hech kimni ammo ko’rmadim.

Och ekan-da, deding – non tutdim,
Yalang’och ekan-da, deding – jon tutdim,
Qirga chiqdim nayzamni olib
Va dev bilan yuzma-yuz keldim…

Qonlar oqdi daryo-daryo…
Bor ekanlar yo’qoldi,
To’q ekanlar bor bo’ldi,
Chaqimchilar chaqildi,
Qaqimchilar qoqildi,
Ochlar esa to’q bo’ldi,
Yalang’ochlar shoh bo’ldi…

Murod-maqsadimga yetmadim…

1986

MENING O’G’LIM QO’RQMAYDI ITDAN

Mening o’g’lim qo’rqmaydi itdan,
Mening o’g’lim qo’rqar fashistdan.

Kinodan so’ng yig’laydi hadeb:
“Nega otdi kampirni, ayt?” – deb.

Savol berar labi burishib,
Yig’lar uzoq, yuzi tirishib.

Mening o’g’lim tunlari birdan
So’rab qolar shivirlab mendan:

“Kelmaydimi fashistlar, dada,
Kelib bizni otmasmi, dada?”

“Yo’q, kelmaydi” – deymanu biroq
O’g’lim o’ylar suradi uzoq.

Uxlolmayman men ham to sahar,
Yuragimni kemirar xatar.

Atrofda tun, uvillar itlar,
Derazamdan boqar fashistlar…

1986

* * *

Jang tugadi. Otlar kishnamas.
O’qlar uchmas. Nayzalar uchmas.
Tig’lar singan. O’qdonlar bo’m-bo’sh.
Eshitilmas biror-bir nafas.

Nafas tingan. Qolgandir shafqat.
Vido qolgan. Tingandir yurak.
Bilmay qayga qo’nmoqni faqat
Janggoh uzra uchar kapalak.

Mardu-nomard murdasi to’la
Bu muqaddas, qon shimgan dala
Aro xanjar ko’ksida yotar
Vatan uchun jon bergan bola.

Qoni qotib yerga yopishgan,
Uni yerdan bo’lmaydi uzib.
Uning ochiq qolgan ko’zida
Oq bulutlar o’tadi suzib.

1983

GUL HAQIDA QO’SHIQ

(Nikolas Gil`en mavzuida)

Bilasizmi, ba’zan tunlari
sog’inaman sizni judayam…
Istayman men shunda:
Tun kabi
Sizni mahkam bag’rimga bossam.

Istayman men: tomchi
yosh bo’lib
Yuzingizdan o’tsam sirg’alib.
Rashk qilaman sizni: qanchalar
Chiroyingiz ochar sirg’alar.

Shamol sochgan sochlaringizning
Olovida ketsaydim kuyib.
Kechalari bosib bag’rimga,
Umr qisqa ekanin tuyib –

Dalli, telba bo’lgim keladi
Ishqingizdan, hasratingizdan.
Va sog’inchdan o’lgim keladi
Ko’zim uzmay suratingizdan.

Bola bo’lib qolsamu sizni
Yig’lay deyman mahkam quchoqlab,
O’lgim,
O’lgim,
O’lgim keladi
O’z-o’zimni tig’lab, pichoqlab.

Qonimdan-da bir gul undirib
(Bahorningmas, bo’lsin kuzniki)
Shivirlagim keladi asta:
“Oling, oling…
Bu gul sizniki!..”

1986

AMMO MENGA DUCH KELDI FAQAT

— Yo’q, — dedim, — yo’q,
Chidashim qiyin –
Yerda g’am ko’p, yerda ko’p firoq.
Uchib ketdim osmonga keyin,
Hasratlardan bo’lay deb yiroq.

Uchay, dedim,
Kuch berar, dedim,
Yuragimga samoviy tushlar,
Ammo menga duch keldi faqat
Ko’zi yoshga lim to’la qushlar.

1987

* * *

Ikkinchi jahon urshida bedarak
yo’qolgan Nuriddin tog’amga

…Sovuq shamol meni quvadi
Sokin shahar ko’chalarida,
Qizlar esa meni sevadi
Olis bahor kechalarida.

Sizni suygan u qiz tirikmi,
Qiynaydimi xotira rasmi?
Tunlar uning boshi egikmi,
Nuriddinmi o’g’lining ismi?

1977

O’RXUN – ENASOY TOSHLARI

O’tlar o’qiyverib necha sarg’argan,
Savodsiz yomg’irlar,
Soqov bo’ronlar
Harflarin manguga o’chirmoq bo’lgan –
Har gal qutqargandir quyoshli tonglar.

Ular bizi topib kelgunicha to
Ko’rgan necha to’fon,
Bosqinu xatar –
Yozilmasdan qolgan necha yuz xudo,
Necha botir nomin unutgan xatlar.

Toshlar esa qattol, ko’r asrlarning
Qonli yo’llaridan kelaverganlar,
Marmardan tiklangan cho’ng qasrlarni
Yemirgan shamollar yelaverganlar.

Endi bu toshlarga o’yiq savollar
Bizni o’rtayotir – sovir dil qoni:
“Elim budun erdi,
Elim endi qani?
Botirli budun erdi,
Botirlari qani?..”

1986

MOZIY QUSHLARI

20-30-yillar shoirlari xotirasiga

Moziyning qushlari
Uchib kelarlar,
Olisdan kelarlar,
Toliqib chanqoq.
Meni-da ko’rarlar,
Xandon kularlar.
Chaqmoqqa qo’narlar –
So’nadi chaqmoq.

Moziyning qushlari
Aylanar giryon,
Qo’nmoqqa bexatar
Maskanni kutib.
Men esa kutarman
Bosh egib hayron,
Qo’limni tig’lardan
Balandroq tutib.

1987

KARLUSHA

Qo’shnimning Karlusha ismli zag’izg’oni bor.

“Kar-lu-sha” – deb chaqirar
Qizcham har kuni tongda
Bog’chasiga ketayotganda…
Karlusha shaqillab qo’yar qanotlarini yoyib.

Sigaret tutatib,
Chalkashtirib oyoqlarini,
Siniq bir kursida o’tirganicha
Qo’shnim zag’izg’onga donishmandlarga
Qaragandek uzoq qaraydi…

Qo’shnim o’z ona tilida gapirolmaydi.

Karlusha bo’lsa, la’nati, ba’zan shunaqayam
O’zbekchalab so’kinadi-ki,
O’g’limga qarayman xavotir bilan.

“Bekorga uzoq yashamaydi, bu ahmoq!”
Deb kuladi qah-qahlab qo’shnim,
Ko’zlarimga tik qarolmasdan…

1987

SUYAMAN QADIMIY KITOB VARAG’I…

Suyaman qadimiy kitob varag’i
Sokin shitirlasa sukunat aro…
Ularda jo erur o’tmish daragi,
Ularda “qora”mas, yozilar “qaro”.

Ulardan dashtlarning isi keladi,
So’lgan rayhonlarning kelar nafasi.
Ular sayroq bulbul yashab, g’am chekib
Keyin tashlab ketgan tilla qafasdir.

Suyaman pechakka o’xshash imloni,
Ularda sir pinhon, jumboqlar bordek.
Ular dildan suyar yolg’iz Ollohni,
Mening dilimdayam shu mehr bordek.

Suyaman qadimiy qo’lyozmalarni
Varaqlab, olislab ketmoqni, biroq
Qarshimda har safar naqshin eshikdek
Yopilar, kelganda eng so’nggi varoq…

1988

OTAM XOTIRASIGA

Derazamning ostida tongda
Sayragan qush sizmasmi, ota?

YO to’nimga ko’klam, mozorda
Yopishgan gul sizmasmi, ota?

O’n yildirki dunyoda yo’qsiz
Yuragimda qolgan firoqsiz.

Ko’rmagansiz mening o’g’limni,
Erkatoyim, sho’xim, to’qlimni.

Men ham yoshim oshgani sayin,
Sochimga oq tushgani sayin,

Ba’zan qo’msab sizni ich-ichdan,
Yurak titrab so’nggi ilinjdan,

Otam deya alqab o’g’limni,
Ko’taraman o’zim ko’nglimni.

1982

LI BO VA DU FU SUHBATI

— Nega gulga boqib?
Qalbing tig’laysan?
— Dilimdan g’am ketdi,
Quvonchim toshar…
— Bo’lmasa, aytaqol,
Nega yig’laysan,
Ko’zingdan kurtakdek
Bo’rtib ko’zyoshlar?

— Netay, olis tog’lar,
Olchalar guli
Shod etib turarkan
Charchoq ko’nglimni,
Yo’qlik saltanatin
Eng sodiq quli –
O’lim ushlab tursa
Titroq qo’limni…

1988

KAMPIR HAQIDA SHE’R

Tongda jo’nar bozorga
Dili to’la alamga,
Dili to’la ozorga
Hech kimi yo’q bu kampir.

Uch-to’rt hovuch qurt yegan
Olmasini uyadi
Va kechgacha saraton
Oftobida kuyadi.

Hech kim unga qaramas,
Qaramas olmasiga,
Odamlarga boqar u
Boqqandek bolasiga.

Ba’zilar to’g’nasharkan
Nogoh kampir ko’ziga,
Chidolmasdan, qayrilib
Keta boshlar iziga.

Hech kimni yaqinlatmas
Ko’zidagi dard-alam,
Mo’ltirab aytsa ham-ki:
“Olmamdan oling, bolam…”

Shomda uyiga qaytar
Ko’tarib olmasini,
Ko’zidagi alamni,
Dildagi nolasini.

Ammo subhi azonda
Dili to’la ozorga,
Hech kimi yo’q bu kampir
Yana jo’nar bozorga…

1988

BASYO KITOBINING VARAQLARIDA

Basyo kitobining varaqlarida
Sarg’aygan yaproqlar, alvon yaproqlar,
Qadim ibodatgoh… Undan narida
Toqqa o’rmalagan daydi so’qmoqlar.

Ulardan tepada,
Tog’lar boshida
Qor bosgan qoyalar oqarib turar.
Hassaga suyangan sochi oq darvish
Izlab topolmagan olxo’ri gullar.

Va sovuq gullarning duri osilgan
Novdada yolg’iz bir qarg’a o’ltirar.
U chechaklari qor ostida so’lgan
Vodiylar tomonga loqayd mo’ltirar…

1988

SHOMIL

Madinada yotibdi Shomil,
Madinada yotibdi bedor.
Qabr ichidan baqirar: “Kim bor,
Uzatsang-chi, qo’lingni, g’ofil!”

Arab qumi qabrtoshdagi
Yozuvni goh ko’mar, goh ochar.
Qabr uzra doira yasab
Erk qushlari – burgutlar uchar.

Qilich ushlab o’rgangan qo’llar
Timirskilar qabr ichini.
Tushga kirar tog’dagi yo’llar,
Ko’rar qorli tog’lar uchini.

Shamol Xunzax bog’chalaridan
Olib kelar olular isin
Va Dog’iston tog’laridagi
Qorlar bilan sovutar ko’ksin.

O’n sakkizta yarasi emas,
Dili og’rir,
Zirqirab og’rir.
Ko’ksin ezgan qabr toshimas,
Armon toshi…
U tog’dan og’ir.

Yuz bir zabon,
Yuz bir lahjada
So’zlashadi Dog’iston, biroq
Shomil tilin unutgan erlar
Bu o’lkada hammadan ko’proq.

O’z yurtida nomi xor bo’lib,
O’z yurtiga bo’lganicha zor,
Madinada yotibdi Shomil,
Madinada yotibdi bedor.

Arab qumi qabrtoshdagi
Yozuvni goh ochar, goh ko’mar.
Goho oyning uchiga kelib
Orom uchun burgutlar qo’nar…

1988

PADARKUSH

Samarqand shahrining bir chekkasida
Qabr bor – odamlar yuz burib o’tar.
Unda Abdullatif yotar, deydilar,
Deydilar: “Bu yerda padarkush yotar”.

Bilmayman, rostmi bu,
Bilmayman, yolg’on.
Ammo bu qabrning qoshiga kelsam,
Birdan soviy boshlar tomirimda qon,
Birdan tiqiladi bo’g’zimga g’ussam.

Go’daklar o’ynasa bu yerga kelib,
Otalar quvadi,
Onalar qarg’ar.
Bu yer tinch, chechaklar o’sadi kulib,
Qish kelsa to’planar bunda qarg’alar.

Yo’lchilar o’tarkan ba’zan yarim tun
Duolar aytadi qo’rquvdan abgor.
Men bo’lsam kimligim anglamoq uchun
Shu qabr boshiga kelaman takror.

Men uni yodlamoq uchun kelmayman,
Kelmayman yodiga o’qiy deb oyat,
Bu g’arib qabrning qoshiga meni
Yetaklab keladi o’zga hikoyat.

…Uch kecha Ulug’bek tushimga kirdi,
Bir qo’lda kitobu, bir qo’lda shamshir.
“O’g’lim qani? – dedi. – Kitob keltirdim…”
“O’g’lim qani? – dedi. – Oh, uni yashir…

Yashir, axir, o’g’lim o’ldirolmayman,
O’z gulimni o’zim so’ldirolmayman.
O’z dilimni o’zim iztiroblarga,
G’amu-asratlarga to’ldirolmayman.

So’ragin, qanday qo’l urdi bu ishga,
Aldadi qay xudbin o’ylar dilini,
“Otamni o’ldiring”, — deya aytishga
Oh, u qanday majbur etdi tilini.

So’ra, bilarmidi: ishi kelmas o’ng
Kim-ki otasi-yu og’asin so’yar.
Nizomiy bitgandek:
Olti oydan so’ng
Saltanat taxtini boy berib qo’yar.

So’ra, bilarmidi: otasin so’ygan
Yurtni o’ldirmoqqa qodir bo’lishin,
Dushmanlar yuborgan josusdan battar
Xo’rlanib, zorlanib itdek o’lishin.

So’ra, bilarmidi: hamisha nomard
Otasi, onasi, bolasin sotar,
Dilini, tilini, elini sotar,
YO ortdan tig’ sanchar, yo ortdan otar.

So’ra, biladimi erka farzandim,
Bilmasa bilgani yaxshi, kech emas.
Uni bu dunyoda, u dunyodayam
Otasidan boshqa hech kim kechirmas.

So’ragin, agar u javob bermasa,
Yoshlar oqizmagin aslo ko’zingdan.
Qabrning boshida chekmagin g’ussa,
O’zingdan so’ragin, so’ra o’zingdan…”

So’ng jimib zulmatning qo’yniga kirdi…
Men uning ortidan chopdim hapriqib,
“O’g’ling qani?” – deya dilim qichqirdi,
Uning ko’zlariga boqishdan qo’rqib.

O’sha dam zulmatdan keldi bir sado:
“Birisi shahiddir, birisi qotil,
Uchinchisi esa,
Uchinchisi, voh,
Hamon uxlab yotar, bu sensan, g’ofil!”

Men shunda angladim
Uyg’onmoq kerak,
Qorda ungan guldek to’lg’onmoq kerak,
Adoqsiz tunlarni yoritmoq uchun
O’g’illar barchasi to’planmoq kerak.

Ammo qichqirmayin qanchalar bo’zlab,
Tovush chiqarmadi biror-bir odam.
Go’yo qulog’i kar, jonini ko’zlab
Yurganlar yurtiga aylanmish olam.

Qancha baqirmayin dala-dashtlarda
Hurkitib, toliqib qo’ngan qushlarni,
Uchratdim Samarqand, Qo’qon, Toshkandda
Faqat tan qullari – padarkushlarni.

…Vatanim, ko’ksingga so’ngsiz alamlar
Og’usin quyganlar kimligini ayt?
Orolni quritgan kim? – deb odamlar
So’rasa, ko’rsatay uni o’sha payt.

Yeringni zo’rlagan qay mal’un kimsa?
Bilmasdan men qanday ortimga qaytay,
Tuproqni o’ldirgan kim? – deb so’rasa,
O’g’limga men kimning nomini aytay?

Padarkushlar davri bo’ldi bu davron,
Dillar alamlaru-ohlarga to’ldi.
Dilingni o’ldirmoq bo’lgan shum, nodon
O’g’illaring senga hukmdor bo’ldi.

Ularning ko’ksini tark etgach g’ussa,
G’ussalar o’rnini oldi nishonlar.
Nishonlar taqdi-yu,
Aslida esa
Sening qo’llaringga osdi kishanlar.

Bobolar hikmatin tili kesildi,
Momolar sarvati qilindi g’orat.
Erkin daryolarning yo’li to’sildi,
Nodonlar tarixing qildi haqorat.

Seni deb jonini bergan o’g’loning –
Tarobiy maqbarin buzdi padarkush,
Yangi Tarobiylar chiqmasin, deya
Tarixing qaytadan tuzdi padarkush.

Padarkush qor tushgan paxtazorlarga
Quvdi dili xasta bolalaringni,
Padarkush o’t qo’ydi chamanzorlarga,
Zaharlab o’ldirdi dalalaringni.

O’zi qul bo’ldi-yu,
Seniyam qulga
Aylantirmoq uchun erkingni sotdi,
Vijdonu-imonni almashdi pulga,
Vatan desa suydi, erk desa otdi.

Jonim, og’riqlardan chinqirgan jonim,
Ey olis bobolar nijosi – qonim,
Ey dardim, ey yerim, ey sen mozorim,
Yuragim ozori – O’zbekistonim.

Seni jondan suygan,
Dardingda kuygan
O’g’illaring nomi ataldi harom.
Qodiriy otildi, Cho’lpon otildi,
Fayzulla Xo’jaev qilindi badnom.

Seni jondan ortiq,
Jahondan ortiq
Ko’rganlarning dili og’riqqa to’ldi,
Fitratu-Behbudiy ko’kragida tig’,
Usmon Nosir sovuq Sibirda o’ldi.

Kuyinma, padarkush zoti ko’p, desam,
Mardi yo’q ularning, hammasi qo’rqoq.
Vatanim, seni deb yurganlar esa
Bitta bo’lgandayam ulardan ko’proq.

Hatto yolg’iz o’zi dushmanlar aro
Qolsayam, boshini yovga qilmas ham,
Seni deb jang qilar Najmiddin Kubro,
Hazrat Alisherdek o’limdan so’ng ham…

Samarqand shahrining bir chekkasida
Qabr bor – odamlar yuz burib o’tar.
Bunda Abdullatif yotar, deydilar,
Deydilar: “Bu yerda padarkush yotar”.

Bilmayman rostmi bu,
Bilmayman yolg’on,
Ammo g’arib go’rning ustiga kelsam,
Birdan soviy boshlar tomirimda qon,
Birdan tiqiladi bo’g’zimga g’ussam.

Biz uni kechirmay yashaymiz, hatto
Bizdan so’ng kelganlar kechirmas uni,
Bu dunyoda yolg’iz Ulug’bekgina
Kechira oladi qotil o’g’lini.

Sen esa, Vatanim,
Nima qilgaysan,
Gapir, qay birimiz avf etarsan?
Nechun soching yoziq, yig’lab kulgaysan,
Boshingni eggancha qayga ketarsan?..

1988

BOBUR

Otlar yelar shiddatdan terlab,
Yangrar xatar to’la taqalar.
Hurkib ko’kka sapchir patirlab,
Tun uyqusi – qora qarg’alar.

Otlar yelar, tillarang xazon
Suvoriylar uzra sochilar.
Elas-elas yangraydi azon –
Tog’lar uzra osmon ochilar.

Otlar yelar, yelar ko’pirib,
Uyg’otgancha mudroq yo’llarni,
Go’yo to’g’on bandin o’pirib,
Toshqin quvib kelar ularni.

“Zahiriddin, qayga borursan,
Bobong taxtin, yurtingni tashlab?!
Qora taqdir seni qul kabi
Qayonlarga ketmoqda boshlab?!

Zahiriddin, bu qanday savdo,
Qora hijrat sari yuz tutmoq?
Yuragingni etar-ku ado –
Tirik turib Vatandan ketmoq?

Zahiriddin, ortga bir qara,
Ortga bir boq, toki sen omon,
Axir keyin tushlaringda ham
Bu tuproqni ko’rmog’ing gumon”.

Ot pishqirib to’xtar, chavandoz
Uzangiga tirar oyog’in
Va bo’g’ziga to’plar beovoz
Vujudiga to’lgan ingrog’in.

Alam bilan bragi urar,
Shivirlaydi titroq lablari:
“Hamma yerdan ko’rinib turar
Samarqandning minoralari”.

1981

BEMORLIKDA

Ko’zimda zulumot…
Qip-qizil olov
Sochlarimda yonar – o’chirolmayman.
Kimdir qulog’imga shivirlar shu tob.
“Nima qilib qo’yding?
Kechirolmayman…”

Birdan xira surat
O’zgarib ketar,
Birdan oqsoq cholni ko’raman yaqqol.
Boshimdagi og’riq bir lahza yitar,
Bir dam peshonamni sovutar yax qor.

O, koshki borolsam
Sening yoningga,
Qo’lingdan qilichu-sovuting olsam
Va dushman lashkarin sahroga quvib,
So’nggi dam “Engdim!” deb
jilmayib o’lsam…

O, koshki borolsam,
To’maris bilan
Dushmanlar ustiga yeldek uchgani
Va ona yurtimga bostirib kirgan
Yovning ishqdek shirin qonin ichgani.

Ammo men… Zulmatda adashib tanho,
Och qolgan bo’riman…
Uvillayman zor…
Yaramdan chakillab tushar qorga qon,
Tegramda vatanim,
Tegramda mozor…

Bir olov ichimni
Yondirar ko’pchib,
Jonimga chang solar dard dahshatdayin.
Boshim uzra bo’ron uchadi ko’chib,
Boshimga qirovlar to’kilar mayin.

Olazarak boqar to’rt yon ko’zlarim,
Bo’riman – yag’rinim kuydirar yara.
Qorga cho’kib borar qonli izlarim,
Meni ta’qib qilar alam, xotira.

Sudralib boraman
Ingrab, uvillab,
Bolalarim yotgan uyadan uzoq.
Makkor yov keladi uzib, quvlab –
Ammo qonim quvar yovdan ham tezroq…

1988

NAVOIY QABRI

Hirot shahristoni
Uzra balqib tong,
Shuurga to’lganda chorbog’u-dashtlar,
Shahar chetidagi
Qadim qabriston
Darvozasidan kirdi ikki yosh askar.

Yelkalarda miltiq
Osilgan edi,
Biri o’zbek edi, boshqasi – afg’on.
Tinch edi, sarin yel
G’ir-g’ir esardi,
Xatarni sezgandek qizil edi qon.

Qabriston oralab
Aylandi ular,
O’lganlar uyqusin aslo buzmasdan.
Anbar islarini
Sochardi gullar
Urush dahshatini, qonni sezmasdan.

Yosh afg’on askari
To’xtaru birdan,
Bir dam boshin egib hayolga botar,
So’ng aytar qandaydir
Bir alam bilan:
“Bu maqbarada hazrat Navoiy yotar…”

Bu so’zni eshitgan
O’zbek bolasi
Vujudida ko’zin ochdi muz titroq.
Birdan ko’z o’ngidan
Yarq etib o’tdi
Olis-olisdagi qadrdon tuproq.

U uzoq o’tirdi
Maqbar qoshida,
O’z-o’zidan nogoh namlandi ko’zi.
Armonlar bor edi
Ko’zin yoshida,
Tiliga yugurdi dilining so’zi:

“Bobojon, nahotki,
Shunda yotibsan?
Agar shunday bo’lsa, beraqol sado.
Bu yerga Amudan
Oshib kelganman,
Baynalmilal burchim etay deb ado.

Sening xoking yotgan
Bu badbaxt yurtga
Qo’lda miltiq bilan men kirib keldim.
Ikki yil jang qilib,
Faqat shu bugun
Sening bu tuproqda yotganing bildim.

Ko’zim ko’r, dilim ko’r,
Tilim kesilgan,
Sening nevarangman, sening bolangman.
Bobojon, kechirgin,
Ism-sharifingdan
Boshqa hech nimani yaxshi bilmayman.

Garchi men yashagan
Yurt shoirlari
Sening noming bilan ichurlar qasam,
Men qanday ishonay
Bu qasamlarga,
Sening yuragingni agar bilmasam.
Bilsam, kelarmidim,
Axir, bobojon,
Sen yotgan tuproqqa miltiq, tig’ ushlab…”
Yosh o’zbek o’g’loni
So’zlardi nolon,
Alamu-hasratdan labini tishlab.

U uzoq so’zladi
Silqigan darddan,
U uzoq so’zladi bo’lgancha ado.
Ammo tong sukutin
Buzib maqbardan
Chiqmadi baribir biron bir sado…

1988

“BOBURNOMA”GA BIR NIGOH

Sher ohuni quvib yetar,
“Qars” sinadi ohu bo’yni,
Ohuning qonin ichib,
Ohuning go’shtini yeb
Sher ohuga aylanar,
Changalzor tomon qochar…
Ovchi o’q uzadi:
“U-u-u-u-u-u!”

1989

* * *

Zo’r shoir dilida zo’r umid yashar,
Ko’r shoir dilida ko’r umid yashar.
Har umid tuproqqa tashlangan dondek
Butun koinotdan nur kutib yashar.

1989

KUZ TASHBEHLARI

Beva ayol qalbi – sarg’aygan yaproq.
O’tmish yodi – bulut chulg’agan yulduz.
O’zbek bolasining rangidir – tuproq,
Uchib ketgan qushning bo’m-bo’sh ini – kuz…

1989

KICHIK YOLG’ON HAQIDA DOSTON

Bu kichkina yolg’on olamni
Qila olar talotum, ado –
O’zin to’qib chiqarganlardan
U uzoqroq yashaydi hatto.

Uning kuchi shundakim, har bir
Yurakka jo bo’lishi mumkin.
O’lim bilmas bu yolg’on faqat
Yurak bilan o’lishi mumkin…

1989

* * *

Fikr jimirlar, xuddi
Osmondagi yulduzdek –
Dilim yorug’ kunduzdek…

Yomg’ir yog’ar, kezar kuz,
Dunyo bilan yuzma-yuz
Shtiribman men tanho.

Bo’yoq o’chgan, nur o’chgan,
Na tashvish, na hasrat bor,
Asrlar lahzaga jo.

Xuddi yolg’iz bir o’zim
Shu asrlar qatidan
Sitilib kelgandayman.

Kecha… Fikr va yulduz –
Ikkisi jimirlaydi
Tun va jaholat aro.

Zulm, jaholat aro
Yosh boladek xatardan
Bexabar o’ynar fikr…

1989

O’G’LIM TEMURGA

O’g’lim, bu yer –
Bizning yerimiz.
O’zimizning yerimiz.
Qo’rqmasdan qadam tashla.
Yer juda qattiq –
Bobolarning qoni qotirgan uni,
Momolarning ko’zyoshi qotirgan.
O’g’lim, bu yer –
O’zimizniki,
Hadiksirama, ishongin otangga,
Hadeb qarayverma orqangga.
Yiqilsang, ko’tarar
Seni bu tuproq.
Yiqilsang, turmoqni o’rganasan,
Turmoqni o’rgan, o’g’lim.
Yiqilsang, emaklama,
Emaklaganim yetar, o’g’lim,
Qad tiklashni o’rgan,
Shuning uchun bizga berilgan
Bu yer – bu Vatan.

1981

KUZNI O’YLA

Yozni o’yla…

Maris Chaklays

Kuzni o’yla
Qor ketishi bilan kuzni o’yla
Kuzni o’yla
G’ildiragi loyga botib qolgan aravani
Tortolmayotgan otni ayamay qamchilab
Kuzni o’yla
Beshafqat kuzni o’yla
Usti ochilib qolgan bolalaringni
Ko’rpa bilan o’rab qo’ya turib
Kuzni o’yla…
Kuzni o’yla tashnalikdan
Bahor yomg’irlarini ichib, lablaring
yorilib ketganda
Saraton oftobi tig’ida
Mehnat qoraytirgan bolalarning
Ko’zlariga qarolmasdan kuzni o’yla
Kuz kelishi bilan ko’karib ketgunicha
Yo’talayotgan qo’shni kampirga
yordam berolmasdan

Kuzni o’yla
Ikki tol ovutolmayotgan
Belanchakdagi bolaning bo’g’ilib yig’lashi,
Kun issig’ida ko’ksida suti qurib qolgan ayolning
Iztirobi aro kuzni o’yla
Kuzni o’yla…
Kuzni o’yla…

1981

ALPOMISHNING QAYTISHI

Bepoyon dalada bir botir uxlar,
Sochlari chatishib ketgan giyohga.
Qay sado botirni yana qaytarar
Bu ko’hna, bu soqov, bu kar dunyoga?

Mo’ysafid tabiblar girdida halak,
Duogo’y kampirlar uni qurshamish.
Faqat uyqu aro tepinar yurak,
Biroq ko’zlarini ochmas Alpomish.

Burgutlar cho’qilab uzra go’shtidan,
Bulbullar in qurar kipriklariga.
Uchqur asrlarning tezkor shashtidan
Chang qo’nar qirday keng ko’kraklariga.

Chollar qayg’uradi: “Kim uyg’otar, kim?”
Kampirlar yig’laydi: “Uyg’onmas mangu!”
Shamollar guvillab o’tar betinim.
Boshida bulutlar qotgan beuyqu.

Xira ko’zlarini uzmay ufqdan
Donishmand cholgina yo’lga termilar
Va aylar bashorat: “Uni uyqudan
Uyg’ota oladi faqat bolalar”.

1982

UXLANGLAR, UYG’ONING!

“Uxlanglar, uyg’oning…” –
Shivirlar tun aro sham.
Dast uyg’onib qarasam
Oqib yotibdi qonim…

Uyg’onib qarasang-chi,
Uyg’otib qarasang-chi…
Achchiq ko’zyosh. Qora qon.
Qonga bo’yalgan qamchi?

Beton zindon. Ko’r qo’rquv.
Oq tuz sepilgan kunda…
Uyqudan uyg’oning, huv,
Qolib ketmangiz tunda…

1989

XX ASR ONASI

Qimirladi tunda u
Yuragimning ostida,
Qimirladi qo’rquvu
Ajib bir talvasada.

Go’yo so’ramoq bo’ldi:
— Ona, ayt, tinchmi olam?!
Yuragim g’amga to’ldi,
Shivirladim: — Jim, bolam!

1985

“SINGAN QILICH” KITOBIGA
BITIK

Tundan qo’rqma!
Tunni ich!
Va mag’rur boq saharga.
Singan bo’lsa gar qilich,
Aylanur u xanjarga.

1985

HOLBUKI, SHE’R…

Uyalmasdan qo’ydim,
Baqirib
Minbarlardan she’r o’qimoqdan.
Holbuki, she’r –
Uyga chaqirib
Dilingdagi sirni do’stingga
Ochmoqdayin qutlug’ marosim.
U – vasiyat,
Ota qaysi bir
Farzandiga butun merosin
Qoldirmog’i bitib qo’yilgan.
U don izlab uchgan,
Qaytganda
Palaponin topa olmagan
Ona qushning qichqirig’idir…

1989

YULDUZ

Do’stimni chaqirsam,
Qaramay ketdi –
Bir daraxt yonimda chayqaldi notinch.
Tovushim ko’kdagi yulduzga yetdi,
Qonimda uyg’ondi eng so’nggi ilinj.

Dardimni aytsaydim, degandim, biroq
Do’stimni chaqirsam, qaramay ketdi.
Men uyga qaytdimu, yondirdim chiroq,
Dunyo sokin edi,
Dunyo tinch edi.

Chiroqqa termilib o’ylarga botsam,
Qoshimga g’amlarning barchasi qaytdi.
Chiroqni o’chirmay uxlamay yotsam,
Chirog’im yulduzning so’zini aytdi…

1989

YAPROQ UCHIB TUSHDI

Yaproq uchib tushdi daraxtdan,
Ammo yerga tushmasdan uchdi.
Ayrilgandek muqaddas taxtdan
Nahot uni alamlar quchdi?

Hoy, sen yaproq,
Qayga ucharsan
Qaramasdan bo’ronu-qorga?
Tovush chiqdi bo’ron ichidan,
Shivirladi yaproq: “Bahorga…”

1989

09

(Tashriflar: umumiy 2 694, bugungi 1)

1 izoh

  1. har bir she’r har bir satr yurakka juda yaqin hayotiy va hayoliy dumyo mujassam asarlar muallifi ijodiga tan bermaslikning va bahra olmaslikning iloji yoq

Izoh qoldiring