Устоз Нажмиддин Комилов 2001 йили “Комил инсон китоби”нинг муқаддима қисмини таржима қилиб, “Туркистон” газетасида чоп эттирган эди. Домланинг оила аъзолари ва маслакдошлари таклифига кўра, ушбу китобнинг тўлиқ таржимаси мумтоз адабиётимизнинг билимдон тадқиқотчиси Олим Давлат томонидан ниҳояга етказилди. Бугун «Сулук баёнида» деб номланган бешинчи рисоланинг янги таржимасини, яқин кунларда эса еттинчи рисола — «Ишқ баёнида»ни тақдим этамиз.
АЗИЗИДДИН НАСАФИЙ ВА АСАРЛАРИ
Таржимондан
Азизиддин Муҳаммад Насафий — ирфон фалсафасининг мумтоз вакилларидан. У XIII асрнинг биринчи чорагида Насаф шаҳрида туғилган. Бошланғич маълумотни она шаҳрида олиб, замонасининг йирик суфийларидан бўлмиш Абу Туроб Нахшабийга мурид тушади. Сўнгра пирининг ижозати билан Бухорои шарифга бориб, расмий билимлардан ташқари фалсафа, калом ва тиб илмларини чуқур ўзлаштиради. 1243-51 йилларда Хуросонга сафар қилиб, Нажмиддин Кубро ва Муҳйиддин ибн Арабий таълимотларини ўзаро уйғунлаштирган кубравия шайхларидан ҳисобланмиш Шайх Саъдиддин Ҳамавий ва бошқа тариқат аҳлининг суҳбатига етишади. Элхонийларнинг Бухорога ҳужумидан сўнг (1273) илму ижод учун тинч жой излаб Эронга кетган, Баҳробод, Исфаҳон, Шероз шаҳарларида истиқомат қилган. Умри охирида Язд шаҳрининг Абркўҳ деган жойида Саъдиддин Ҳамавий қабри ёнидаги хонақоҳда яшаган.
Насафий асарларининг XVI — XX асрларда кўчирилган қўлёзма нусхалари бугунги кунда Лондон, Лейден, Вена, Теҳрон, Калькутта, Санкт-Петербург, Душанбе шаҳарларидаги кутубхоналарда, Тошкент давлат Шарқшунослик институти қошидаги Шарқ қўлёзмалари марказида сақланмоқда. Эрон олими Абдулризо Сайф унинг “Кашф ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар кашфи”), “Зубдат ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар қаймоғи”), “Мақсад ул-ақсо” (“Сўнгги мақсад»), “Китоб ал-Инсон ал-комил” (“Комил инсон китоби”), “Манозил ус-сойирин” (“Сайр этувчиларнинг манзиллари”) ҳамда йигирмадан ортиқ нашр этилмаган асари рўйхатини келтиради.
Азизиддин Насафий номи ва асарлари ўрта асрлардаёқ Оврупода маълум бўлган. 1665 йили Август Мюллер унинг “Мақсад ул-ақсо” асарини лотин тилида нашр этган. 1953 йили Франц Майер буюк тасаввуф олимининг ҳаёти ва ижодига доир тадқиқотини эълон қилган. 1931 йили Аҳмад Меҳдавий “Кашф ул-ҳақойиқ” асарини Теҳронда, кейинроқ — 60-йилларда Море Жан Мола “Инсони комил” асарини Парижда нашр этган. Шарқшунос олим Андрей Бертельс “Зубдат ул-ҳақойиқ” асарининг танқидий матнини тайёрлаган.
Ўзбекистонда насафийшунослик марҳум устозимиз Нажмиддин Комилов номи билан чамбарчас боғлиқ. Домла дастлаб “Зубдат ул-ҳақойиқ” асарини ўзбек тилига таржима қилиб, мухтасар ва мағзи тўқ сўзбоши билан нашр эттирган. Шунингдек, “Тасаввуф” китобида комил инсон ҳақидаги талқинларда бевосита Насафий асарларига таяниб иш тутган. 2001 йили “Комил инсон китоби”нинг муқаддима қисмини таржима қилиб, “Туркистон” газетасида чоп эттирди. Домланинг оила аъзолари ва маслакдошлари таклифига кўра, ушбу китобнинг тўлиқ таржимаси камина томонидан ниҳояга етказилди. “Комил инсон китоби”нинг икки рисоласини (бобини) энг аввал “Тафаккур” муштарийларига илиндик. Мазкур маънавий обида ҳикматсевар ўқувчиларимизга манзур бўлади деган умиддамиз.
АЗИЗИДДИН НАСАФИЙ
«КОМИЛ ИНСОН КИТОБИ»ДАН
Форс тилидан Олим Давлат таржимаси
Бешинчи рисола
СУЛУК БАЁНИДА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Алҳамду лиллаҳи роббил-ъаламийн вал- ъақибату лил-муттақийн, вас-солату вас- саламу ъала анбиёиҳи ва авлиёиҳи хойру холқиҳи, ва ъала алиҳим ва асҳабиҳим ат- тоййибийн ат-тоҳирийн.
Аммо баъд, заифларнинг энг заифи ва фақирларнинг ходими, камина — Азизиддин Муҳаммад Насафийдан дарвешлар (Оллох улар сафини янада кенгайтирсин) сулук ҳақида бир рисола тузиб, унда сулукнинг маъноси, шарт ва рукнлари ҳақида маълумот беришимни сўрадилар. Таклифларини қабул қилдим ҳамда хато ва гумроҳликдан паноҳ истаб, Оллоҳ таолодан мадад ва ёрдам сўрадим. Негаки, фақат У нимагаки истаса Қодир эрур ва сўраганларни ижобат қилишга муқтадир.
Биринчи фасл
Сулук моҳияти
Оллоҳ сени икки дунёда азиз қилсин, билгилки, “сулук” сўзи араб тилида бормоқ, юриш маъносини билдиради. Яъни борувчи зоҳир оламида сафар қилса ҳам, ботин оламида сафар қилса ҳам, шу сўз қўлланади. Тасаввуф аҳли олдида бу сўздан мурод хос сафарни билдиради, бу — сайр илаллоҳ (Оллоҳга сафар) ва сайр филлоҳ (Оллоҳца сафар) эрур.
Эй дарвеш! Биздан олдин ҳам машойих сулук ҳақида кўп китоблар тузган. Жумладан, айтибдирларким, сулук — сайр илаллоҳ ва сайр филлохдир. Камина ҳам олдинги рисолаларимда бир неча марта айтиб ўтганманким, сулук — сайр илаллоҳ ва сайр филлоҳдир. Энди ушбу рисолада ўзга таъбирлар билан бошқача сўзламоқчимиз.
Эй дарвеш! Инсонийликнинг мартабалари бордир. Инсоннинг сифатлари ва хулқлари унинг зарраларида (ҳужайраларида) яшириндир. Ҳар бир мартабада бир сифат ё хислат зоҳир бўлур. Инсоннинг мартабалари буткул зоҳир бўлган пайтда сифат ва хулқлари ҳам тўлиқ аён бўлади ва кичик олам тугалланади. Кичик оламни тугал қилган бу солик катта оламда Худонинг ноиби ва халифаси бўлур. Унинг сўзи — Худонинг Сўзларидир, унинг амаллари — Худонинг амалларидир. Бу — энг улуғ тажаллийдир, негаки, ахлоқнинг зуҳури ҳам, илмнинг зуҳури ҳам шундадир.
Эй дарвеш! Илм кўп жойларда зоҳир бўлади, аммо барча нарсани қамровчи илм фақат бундадир. Бу ерда ўзини таниди, бу ерда нарсаларнинг моҳиятини англади ва кўрди. Демак, сулук — йўловчи ўз мартабаларига юзланиши ва ўз мартабаларини тадрижий тарзда зоҳир қилиши, кичик оламни тугал этишидан иборатдир. Кичик олам тугал бўлмагунча, у катта оламда Оллоҳнинг ноиби ва халифаси бўлиши имконсиздир. Унда олам аҳлига нисбатан қудрат пайдо бўлур. Ўзига кучи етмаган одам бошқаларга чикора?! Айримлар шу ерда адашиб, турли азобларга гирифтор бўлиб, мурод-мақсадига етмаганлар. Йўловчининг мартабалари тўлиқ зоҳир бўлгач, сулук ҳам ниҳоясига етар.
Эй дарвеш! Маълум бўлдики, йўловчи сенсан, йўл ҳам сен, манзил ҳам сен. Йўловчининг мартабалари тугаллангандан сўнг сайр филлоҳ ибтидо топар. Бу сайр ҳеч қачон адоғига етмас. Билурманки, буни тўлиқ англамадинг. Шунинг учун очиқроқ баён этурмен, чунки бу сўзни билиш чандон муҳимдир.
Иккинчи фасл
Соликнинг нияти
Эй дарвеш! Соликнинг риёзат ва мужоҳадаларидан нияти Оллоҳни талаб этиш бўлмасин, чунки Оллоҳни талаб қилишга ҳожат йўқ. Поклик ва яхши ахлоқ талаби ҳам, илм ва маърифат талаби ҳам, сирларни кашф этмоқ ва нурларнинг зуҳурини кўрмоқ ҳам сулукнинг нияти бўлмаслиги керак. Чунки буларнинг ҳар бири инсоннинг қайсидир мартабасига оиддир. Солик ўша мартабага етмагунча шу мартабага хос бирор сифат ё хислат унда пайдо бўлмас. Унга етганда эса, ўзи хоҳласа-хоҳламаса, биров айтса-айтмаса, шу мартабага хос бўлган барча сифат ва хислатлар ўз-ўзидан аёнлашур. Агар гўдакка шаҳват ҳақида бутун олам сўзлаб берса ҳам, у бу лаззат нелигини билмас, балоғат мартабасига етгач эса айтсалар-айтмасалар, ўзи бу ҳақда билиб олур.
Эй дарвеш! Дарахтнинг даражалари бўлгани каби инсоннинг ҳам даражалари бор. Дарахтнинг ҳар бир даражасида ундан нима ҳосил бўлиши маълумдир. Боғбоннинг иши — ерни юмшоқ тутмоқ, бегона хору хасдан тозаламоқ, ўз вақтида сув бериб, зараркунанда ва офатлардан асраб-авайламоқ каби юмушлардир. Бунинг натижасида дарахт ўз ривожи босқичларини тўлиқ ўтаб, вақт-соатига қараб, хосиятларини намоён этиб боради. Соликнинг иши ҳам шундай бўлиши керак. Солик риёзат ва мужоҳадалари орқали одам бўлмоқни ният қилмоғи керак. Ўшанда инсоний мартабалар унда тўлиқ зуҳур қилур. Инсоний мартабалар унда зоҳир бўлгач, солик хоҳласа-хоҳламаса, поклик ва гўзал ахлоқ, илм-маърифат, сирларнинг кашфи ва нурларнинг зуҳури — бари ўз вақт-муддатида намоён бўлур. Шундай нарсалар аёнлашурки, солик уларнинг номини-да билмаган, хотиридан ҳам ўтмаган бўлади. Кимки бу йўлда бўлмаса, бу сўзларни ҳеч қачон англамас. Гап чўзилиб, мақсаддан узоқлашмаслик учун айтайин: соликнинг ҳиммати баланд бўлмоғи керак. Умри охиригача бу йўлда бўлиб, саъй-ҳаракат қилиши лозим, чунки Худонинг Илми ва Ҳикматининг охири йўқ.
Эй дарвеш! Дарахтнинг барча камолот босқичлари уруғидадир. Фақат миришкор боғбоннинг тарбияти ва парвариши лозим- дир, токи уруғ дарахт бўлиб, рўёбга чиқсин. Шу каби покпик ва гўзал ахпоқ, илм ва маъ- рифат, сир-асрор кашф бўлиши, нурларнинг зуҳури — барчаси инсон зотида мавжуддир. Фақат донишманд суҳбати, тарбият ва пар- вариши лозимдир, токи булар тўлиқ юзага чиқсин.
Эй дарвеш! Аввал ва охир илми сенинг зотингда яшириндир. Нимаики истасанг, ўзингдан иста, ташқаридан нени излайсан?! Қулоғинг орқали кўнглингга жойлашадиган билим бошқалар қудуғидан сув олиб ўз қудуғингга қуйишингга менгзар. Агар қудуғинг кўзи очиқ бўлмаса, қуйган сувингнинг бақоси бўлмас, дарров айниб, турли хасталикларни тарқатар.
Эй дарвеш! Бу сувдан кибр ва манманлик касаллиги пайдо бўлар ҳамда бойлик ва мансабга иштиёқингни кучайтирар. Ва лайсал-хабару кал-муъояна (Эшитмоқ кўрмоқдек эмасдир — араб мақоли). Шундай қилгинки, ўз қудуғингдан сув чиқсин ва ундан қанча олиб бошқаларга берсанг-да, ҳеч камаймасин, аксинча, кўпайсин. Турган жойида ҳам айнимасин, покиза ва соф сақланиб, турли касалликпарга даво бўлсин.
Эй дарвеш! Зикр этилмиш йўлда юрган солик илм ва маърифат ҳосил қилур. Унинг кўнгил чашмасидан ҳаёт суви оқар. Кимки қирқ кеча-кундуз Оллоҳга ихлос билан ибодат қилса, унинг кўнглидан ҳикматли сўзлар тилига жорий бўлур. Яъни соликка бу йўл билан илм ва ҳикмат ҳосил бўлганидек, тескари йўл билан ҳам илм ва ҳикмат ҳосил бўлади. Тафсилга берилмасликка шунча ҳаракат қиламан, аммо ихтиёримдан ташқари ҳолатда сўз чўзилади.
Эй дарвеш! Бу иш донишманднинг тарбият ва парваришига боғлиқцир. Донишманднинг тарбиятисиз биров бирор мақомга эришиши гумон. Ёввойи меванинг таъми боғбон парваришлаган мева таъмига тенг келмас. Шу каби, донишманднинг суҳбатини топган соликка бундай суҳбатдан бебаҳра қолган солик тенг келолмас.
Учинчи фасл
Соликнинг илму маърифати
Билгилки, пайғамбарлар даъвати, валийлар тарбияти одамлар эзгу сўз, эзгу амал, эзгу ахлоқ соҳиби бўлиши ва шу орқали зоҳирлар тўғри бўлиши учундир. Зоҳир тўғри бўлмагунча, ботин тузалмас. Чунки зоҳир қолип каби, ботин эса қолипга солинадиган нарсадекдир. Қолип тўғри бўлса, унга солинадиган нарса ҳам тўғри чиқур, агар эгри бўлса, ундаги нарса ҳам эгри бўлур.
Эй дарвеш! Ҳеч шубҳа йўқки, зоҳирнинг ботинга таъсири бор. Шунингдек, ботиннинг ҳам зоҳирга таъсири бор. Бас, донишманднинг суҳбатида риёзат ва мужоҳада таъсирида зоҳир тўғри бўлгандан кейин ботин ҳам туз бўлур. Зоҳир ва ботин туз бўлгандан кейин ботин икки олам орасида покланур. Бир томони шаҳодат олами бўлар, иккинчи томони — ғайб. Яъни бир томон бадан — шаҳодат ва сезгилар оламига оид бўлса, иккинчи томон фаришта ва пок руҳлар олами бўлмиш ғайб ва маъқулот оламидир. Ғайб оламига оид бўлган томон ҳамиша пок ва мусаффодир. Ботинга у томондан ҳеч қачон заҳмат, зулмат ва кудурат етмас. Баданга оид бўлган томон шаҳвату лаззатларга боғлиқ ва ҳирсу ғазабга асир бўлгани сабабли тийра, қоронғидир. Ботинни бу томон қоронғи ва зимистон тутар. Шу сабабдан, ботин фаришта ва пок руҳлар макони — ғайб оламидан илм ўзлаштириб, илоҳий маърифат нурларидан мунаввар бўлолмайди. Бадан пок ва мусаффо бўлган чоқда ботин икки олам орасида покланар. Фаришта ва пок руҳлар дунёси — ғайб оламида нимаики бўлса, соликнинг ботинида пайдо бўлур. Ғуборсиз икки кўзгуни бир-бирига қарама-қарши қўйилгани сингари, бу кўзгуда нимаики бўлса, нариги кўзгуда акс топар, нариги кўзгуда нимаики кўринса, бу кўзгуда жилваланар. Қабрларни зиёрат қилиш ҳикмати шу, зиёрат ҳақиқати ҳам ушбудир.
Эй дарвеш! Бу сўзда нозик бир нуқта бор. У шундан иборатки, ғайб оламининг мартабалари мавжуд. Бир мартабанинг иккинчи мартабадан катта фарқлари бор. Биринчи мартаба иккинчи мартабадан нимадир олмоғи, охирги мартаба эса фақат охирги мартабадан олмоғи мумкин. Соликнинг илм ва маърифати бу йўл орқали ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Раҳмоний тушлар, важд ва воридот, илҳом ва ладунний илмлар шу орқали ҳосил бўлур. Бу маънонинг куфр ва исломга алоқаси йўқдир. Кимки кўнгил кўзгусини покласа, булардан асар топар. Бу маъни кўпчиликнинг тушига оиддир. Уйғоқликда эса камдан-кам ҳолларда содир бўлур. Чунки туш бетизгин туйғулардан иборат. Бошқа сезги аъзолари, ғазаб ва шаҳватдан ҳосил бўладиган ғашликларнинг тушга таъсири камроқдир. Шу сабабдан, ботин бадан уйқудаги ҳолатда нариги оламдан хабардор бўлиш имконига эга. Соликларнинг риёзати, хилват ва узлатда ўтириши ҳамда мужоҳадаларидан мақсад — бедорликда ҳам бадани уйқудаги кишининг баданига ўхшаш, балки ундан-да пок ва мусаффо бўлишидир.
Эй дарвеш! Соликлар турличадир, мижозлари ҳам айрича. Баъзилари андак риёзат билан бу асарларни ўзида топар, айримлари узоқ йиллар чексиз риёзатлар тортар, аммо бундан асар топмас. Бу таъсирланиш ибтидонинг хосияти ва тўрт унсурнинг заминасига боғлиқдир.
Тўртинчи фасл
Одамзоднинг уч тоифаси
Билгилки, Оллоҳ таоло одамларни турлича яратибди ва ҳар бирига турли ишга истеъдод ато этибди. Олам низоми барқарорлиги учун шундай бўлиши керак эди. Шаҳарлик керак, қишлоқлик ҳам. Баззоз ҳам керак, баққол ҳам ва ҳоказо. Агар барчага бир хил истеъдод берганида эди, оламда муназзамлик (яъни тартиб. ХДК изоҳи) бўлмасди. Шу боис донишманд ҳар бир кишини қайси иш учун яратилган бўлса, ўшанга сафарбар қилмоғи керак.
Мухтасар қилиб айтсак, айримларнинг ҳиммати олийдир ва айримларники бундай эмас. Шу сабабдан, кими дунёни, кимлари уқбони (охират), кими эса Мавлони (Оллоҳ таолони) истайди. Одамлар шу уч тоифадан бўлак эмас. Мавло излайдиган тоифа ҳимматбаланд кишилардир. Улар одамларнинг энг яхшиси ва шу тоифа аҳли соликдир. Минглаб кишидан у улуғроқдир, қолган икки тоифа у туфайли ҳаёт кечиради ва у сабабли тарбият топади.
Эй дарвеш! Кимки сулук қилса, унга тўрт нарсанинг маърифати зарурдир: биринчиси, мақсаднинг, иккинчиси, мақсад томон борувчининг, учинчиси, мақсадга элтувчи йўлнинг, тўртинчиси, ҳидоятга элтувчи — шайх ё пирнинг маърифати. Бу тўрт нарсани билмасдан сулук муяссар бўлмас. Билгилки, соликнинг мақсади ва мақсуди ўз камолидир. Баъзилар айтибдиким, мақсад томон борувчи Худонинг Ўзидир, баъзилар соликнинг Руҳи, яна айримлар соликнинг Ақли деган бўлса, баъзилар Оллоҳнинг нури деб айтибди. Камина айтадирким, борувчи — соликнинг ботини. Негаки, соликнинг ботини бир нурдир, бу нур турли исм ва қўшимча сифатлар билан зикр этилади: нафс, руҳ, қалб, ақл, Оллоҳнинг нури ва ҳоказо. Булардан мурод ўша бир жавҳардир. Бу жавҳар — одамнинг ҳақиқати.
Бешинчи фасл
Мақсад томон йўл
Билгилки, мақсад сари йўл, бу заифнинг (мен) назарида, бир йўлдан бошқа эмас. Бу йўл — аввалда таҳсил ва такрор, охирда мужоҳада ва азкордир (зикр тушиш). Дастлаб мадрасага бориб, шариат илми ва бошқа керакли илмларни ўрганиш, сўнг сўзда чечан ва фикри теран бўлиш учун фойдали билимларни ўзлаштириш. Чунки сўз билан тўғри муомалада бўлиш энг улуғ рукнлардан ҳисобланади. Сўз санъатига фақат мадрасада эга бўлиш мумкин. Ундан кейин хонақоҳга келиб, бирор шайхга мурид тушади. Битта шайхга қаноат қилиб, тариқат илмидан энг кераклиларини ўрганади. Асосий илмларни ўзлаштиргандан сўнг шайхларнинг ҳикоятларини ўқийди. Яъни шайхларнинг риёзати, мужоҳада, тақво ва парҳезкорлиги, аҳвол ва мақомоти ҳақида тасаввур ҳосил қилиб, сўнг китоб ўқишни тарк этади. Шайх нимани салоҳ (маъқул, раво. ХДК изоҳи) кўрса, ўша иш билан машғул бўлади.
Баъзилар назарида, мақсад сари йўл иккитадир. Бошқача айтганда, илаллоҳга сафар этувчилар икки тоифадан иборат. Ҳар бир тоифанинг мақсадга етишишда ўз йўли бор. Бирининг йўли таҳсил ва такрор бўлиб, булар шариат кўйининг соликлари. Иккинчисининг йўли мужоҳада ва азкор бўлиб, булар тариқат кўйининг соликларидир.
Эй дарвеш! Баъзида солик улдурким, ҳар куни ниманидир ўрганади, баъзида солик улдурким, ҳар куни ўрганганларидан ниманидир бутунлай унутади. Баъзида тариқатдаги вазифа — ҳар куни оппоқ саҳифани қораламоқдир, баъзида тариқатдаги вазифа — қора кўнгилдан ниманидир покламоқдир.
Эй дарвеш! Соликлардан баъзилари айтмишким, биз наққошлик ҳунарини ўрганамиз. Кўнгил лавҳини таҳсил ва такрор қалами ила жамики билимлар билан нақшинкор этамиз, токи жамики билимлар бизнинг кўнглимизда нақшлансин. Бизнинг кўнглимиз лавҳида нақшланган билимлар туфайли кўнгил Лавҳул Маҳфузга айланар.
Баъзи соликлар айтмишким, биз сайқалийлар ҳунарини ўрганамиз. Кўнгил кўзгусини мужоҳада эгови ва зикр ёғи ёрдамида сайқал бериш билан пок ва мусаффо этурмиз. Кўнгил кўзгуси мусаффо ва покиза бўлганидан сўнг ғайб ва шаҳодат оламида нимаики илм бўлса, унинг акси бизнинг кўнглимизда жило топар. Акс топиш китобат қилишдан кўра шубҳадан холирокдир. Негаки, китобат пайти хатога йўл қўйиш хавфи бор, акс эттиришда эса саҳв ва хатога йўл қўйилмайди. Чин ва Мочин наққошларининг ҳикоятлари машҳурдир, шунинг учун такрорлашга ҳожат йўқ. Яна шуки, илмнинг тури кўп, ҳисобсиздир. Инсон умри эса қисқа. Умр вафо қилиб, барча илмларни тўлиқ ўрганиш гумондир. Аммо умр вафо қилиб, кўнгил кўзгусини мужоҳада ва зикр йўли билан жоми жаҳоннамо айлаш имкони бор.
Сўз чўзилмаслиги ва мақсаддан узоқлашмаслик учун яна айтаман: эй дарвеш! Йўл биттадан ортиқ эмас. Агар иккита бўлган тақдирда ҳам мужоҳада ва зикр тушиш йўли саломат ва яқинроқдир.
Олтинчи фасл
Авом кишилар даражаси
Билгилки, фарзанд оқ-қорани ажрата бошлагач, ибодат бобида ота-онасига издошлик қилмоғи лозим. Агар қилмаса, ота-она бунга буюрмоғи керак. Ибодатда издошлик қилишни ислом деб айтадилар. Ақл соҳиби бўлгач эса, исломдан кейин олти нарса фарзандга фарз бўлур. Биринчиси, имон: фарзанд Оллоҳ таолонинг биру борлиги, пайғамбарларнинг нубувватига шубҳа ва гумонсиз имон келтириши шарт. Билсинки, пайғамбарлар нимаики айтган бўлсалар, рост дебдилар ва Оллоҳнинг сўзини айтибдилар. Иккинчиси, амри маъруф — исломда буюрилган амалларни бажо келтириш. Учинчиси, наҳйи мункар -тақиқланган амаллардан узоқ туриш. Тўртинчиси, тавба — нотўғри амалдан чин кўнгилдан пушаймон бўлмоқ. Агар буюрилган эзгу амаллардан бирортасини бажаролмай қолса ёки тақиқланган ишларга қўл уриб қўйса, астойдил пушаймон бўлиб, бошқа бу хатони такрорламасликка аҳц қилиш ва шу ахдга собит қолиш тавба деб тушунилади. Бешинчиси, рўзғор таъминлашига ярайдиган бирор касб ё ҳунарни эгалламоқ. Касб эгаллашдан яна бир мақсад — тамадан холи бўлишдир, чунки имон саломатлигига етадиган зарарларнинг бош сабабчиси -тамадир. Олтинчиси, тақво — касб эгаллашда ҳаром луқмадан, бировнинг молидан, шубҳали ризқдан, давлат моли ҳамда золим кимсалар саховатидан сақланмоқ лозим. Сўз ва амалда огоҳ бўлиб, ихлос билан яшамоқ ҳамда риё ва ҳасаддан тийилмоқ керак.
Эй дарвеш! Бу олти нарса барча одамларга оид бўлиб, мусулмон аҳлининг ҳуқуқидир. Бу авомнинг даражасидир. Кимки авом даражасидан хос аҳлининг даражасига кўтарилмоқни истаса, улар амали ила шуғулланмоғи лозим. Хослар амали — ё таҳсил ва такрор, ё мужоҳада ва азкор йўлига сулук қилмоқдир. Бу рисолада мужоҳада ва азкор (зикр тушиш) тариқини баён этурмиз.
Еттинчи фасл
Сулук шартлари
Билгилки, сулук шарти олтитадир. Биринчиси, тарк эрур — мол-дунё, амал-мансаб ҳаваси, маъсияту ёмон хислатларни тарк этмокдир. Иккинчиси — сулҳдир. Яъни олам аҳли билан бирваракайига сулҳ қилур, бировга қўли ё тили билан озор бермас, шафқат ва марҳаматини ҳеч кимдан дариғ тутмас, ҳаммани ўзидек ожиз, бечора ва толиб деб билур. Учинчиси — узлат, тўртинчиси — хомушлик, бешинчиси — очлик, олтинчиси сеҳр ҳақида билим ҳосил қилиш эрур.
Саккизинчи фасл
Сулук рукнлари
Билгилки, сулукнинг рукнлари ҳам олтитадир.
Биринчи рукн — ҳодий, яъни раҳнамонинг лозимлигидир. Сулук раҳнамосиз муяссар бўлмас.
Иккинчи рукн — раҳнамога иродат ва муҳаббатдир. Солик раҳнамо, яъни пирга етишгандан сўнг уни бутун олам, ундаги жамики мавжуд нарса ва кимсалардан кўра кўпроқ яхши кўриши керак. Ўшанда у мақсадга тезроқ етишади, чунки соликнинг бу йўлдаги улови иродат ва муҳаббатидир. Агар муҳаббат кучли бўлса, улови ҳам шунча бақувват бўлур, улови бақувват кишига эса йўлнинг машаққати писанд эмас. Лекин агар иродат ва муҳаббатига заррача халал тушса, улови чўлоқланиб, солик йўлдан қолар.
Учинчи рукн — эътиқод ва амалда пирга буткул бўйсунишдир. Яъни солик ота-онага тақлид қилишни тарк этмоғи лозим. Ҳидоят этувчи пирга ҳам эътиқод, ҳам амалда издошлик қилмоғи лозим, чунки пир — табиб, мурид эса бемор. Бемор агар табибнинг буйруғига итоат қилмаса ёки унинг айтганларига хилоф иш тутса, тузалмас. Тиббий китобларга қараб, ўзини ўзи муолажа қилиш ҳам фойдадан кўра кўпроқ зарар етказар. Балки кундан-кун дарди кучайиб, касаллик чуқурроқ илдиз отар. Агар бемор чиндан тузалишни истаса, табибнинг ҳузурига бориши ва унинг насиҳатига сўзсиз амал қилмоғи керак. Ўшанда дард ва хасталик ўз-ўзидан барҳам топар.
Тўртинчи рукн — ўз фикр-андиша ва хоҳиш-истагини бутунлай тарк этмокдир: солик бирор ишни ўзбошимчалик билан, хоҳиш- иродасига таянган ҳолда — ҳаттоки бу иш ибодат бўлса ҳам — амалга оширишдан воз кечиши керак. Негаки, солик ниманики ўз ихтиёри билан бажарса, бу пири ва мақсад йўлидан узоқлашувига сабаб бўлади. Солик ўз раҳнамоси — пирининг бирор сўзига эътироз билдирмасин, бирор ишини инкор этмасин, чунки солик яхши-ёмоннинг фарқига бормайди; тоат ва маъсият ўртасидаги тафовутни англамайди. Зотан, яхши-ёмоннинг, ибодат ва гуноҳнинг фарқига бориш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайдиган улуғ ишдир. Мусо ва Хизр алайҳимуссаломнинг ҳикояти бу маънидан хабар берур.
Эй дарвеш! Кўп сўзлар борки, муриднинг назарида яхши, аммо шайхнинг наздида ёмондир; кўп сўзлар борки, муридга ёмон кўринар, шайх назарида эса яхшидир. Амалларда ҳам шу ҳолдир. Баски, муридга энг яхши йўл — бирваракайига буткул эътироз ва инкорни тарк этсин, шайхдан нимаики эшитса, яхши деб билсин, ундан нимаики кўрса, яхши деб қабул қилсин.
Эй дарвеш! Эътироз ва инкор муридга ғашлик ва дил хиралик келтирур ҳамда мурид ва шайх ўртасига айрилиқ бўлур.
Олтинчи рукн — собитлик ва доимийликдир. Солик сулук шартларига узоқ йиллар собитқадамлик билан риоя қилиши керак. Негаки, дунёвий юмушларда ҳам, охират ишларида ҳам собитқадам бўлмаган кишининг муроди ҳосил бўлмас.
Эй дарвеш! Дунёвий юмушларда ҳам, охират ишларида ҳам кимки бирор натижага эришган бўлса, фақат собитқадамлик туфайлидир.
Бу — сулук шарт ва рукнлари эдиким, айтиб ўтилди. Сулук ўн икки нарсасиз мукаммал бўлмайди.
Тўққизинчи фасл
Ҳижоб ва мақом
Эй дарвеш! Солик айтиб ўтганимиз ўн икки нарсада сабот кўрсатса, албатта ҳижобу пардалар унинг кўзидан кўтарилиб, олий мақомларга етади. Ҳижоб асли тўрттадир: мол- дунёга ўчлик, амалпарастлик, катта авлодга кўр-кўрона эргашиш, гуноҳ ишларга ружу қўйиш. Мақомнинг асли ҳам тўрттадир: эзгу сўз, эзгу амал, эзгу хулқ ва маориф. Маориф деганда кўп нарсани билиш — маърифат этиш тушунилади. Аммо ўн саккиз нарсанинг маърифати сув билан ҳаводек зарурдир. Доно солик албатта бу ўн саккиз нарсани билиши, илм ул-яқин ва айн ул-яқин орқали англаши лозим: дунёнинг маърифати, дунё ишларининг маърифати, охиратнинг маърифати, охират ишларининг маърифати, ажал маърифати, ажал ҳикматининг маърифати, шайтонни билиш, шайтон амрларини билиш, фариштанинг маърифати, фаришта амрининг маърифати, пайғамбарнинг маърифати, пайғамбар сўзининг маърифати, валийнинг маърифати, валий сўзининг маърифати, ўзлигинг маърифати, ўз амринг маърифати, Худонинг маърифати, Худо сўзларининг маърифати. Хоҳласанг, ўн саккизта, хоҳласанг тўққизта, хоҳласанг битта деб айт.
Эй дарвеш! Шайтон амри билан фаришта амри, нафс истаги билан Худо амрининг фарқига бориш улуғ ишдир. Шу каби набий — пайғамбар ва валийнинг сўзини англамоқ ҳам мушкулдир.
Эй дарвеш! Ҳижоблар кўпдир, аммо уларнинг асли тўртга, мақомлар ҳам кўп-у, уларнинг ҳам асли тўрттадир. Ўзингдан даф этишинг ва йўлингдан тозалашинг керак бўлган нарса — ҳижобдир. Ўзингда шакллантиришинг керак бўлган нарса эса мақом саналади.
Ҳижобнинг ҳам, мақомнинг ҳам маъносини билиб олдинг. Энди билгилки, жамики соликлар шу тўрт мақомга юзланмиш. Бу риёзат, мужоҳадаларни тортишидан мақсад ҳам бу тўрт ҳижобни олдидан кўтармоқ ва бу тўрт мақомни камолга етказмоқдир. Кимки бу тўрт мақом — эзгу сўз, эзгу амал, эзгу ахлоқ ва маорифни камолга етказса, ўзи ҳам комил инсон бўлибди.
Эй дарвеш! Бу тўрт ҳижобни орадан кўтармоқ таҳорат олмоққа, тўрт мақомга эришиш эса намоз ўқимоққа менгзар. Аввал таҳорат, сўнг намоз, аввал ҳижрон, сўнгра висол, аввал сайқал бериш, сўнг мунаввар бўлишдир. Кимки тўрт ҳижобни орадан кўтарса, таҳорати мукаммал ва ўзи мудом покиза бўлади. Кимки бу тўрт мақомга эришса ва намоз ўқиса, доим обид ҳолидадир.
Ўнинчи фасл
Тарбият
Билгилки, подшоҳнинг сайёди лочинни қўлга ўргатмоқчи бўлса, дастлаб кўзини боғлаб, оёғига банд солиб, оч-наҳор тутиб, кечаси ухлагани қўймайди. Шу орқали нафсини синдиради, ундаги ҳайвоний ва йиртқич куч-қувват камаяди. Натижада лочин сайёд билан унсият топиб, унга ўрганиб қолади. Сўнг сайёд лочинга ов қилишни ўргатади. Ов қилиш малакаси шакллангандан кейин сайёд лочинни подшоҳ ҳузурига олиб боради. Ва шу орқали подшоҳга яқинлашади ва лочин энди шаҳбозга айланади. Маълум бўлдики, лочиннинг кўзини боғлаб қўйиш, оёғига банд солиш, кундузи оч-наҳор, кечаси эса бедор этмокдан сайёднинг асл мақсади унга зулм қилиш эмас, балки лочин сайд қилишни ўрганиши учундир. Шунингдек, маълум бўлдики, сайёднинг лочинга ов қилишни ўргатиши шунчаки қизиқиш эмас, балки шу орқали лочинни подшоҳнинг қўлига ўргатиш эди. Шунга ўхшаб, ҳидоят этувчи пир ҳам дастлаб соликни сайд қилар, қўлга тушганидан кейин қоронғи уйга олиб кирар, тилига банд солар, яъни хилват ва узлатга, кундузи рўза тутмоқ, кечаси ибодатда бедор турмоққа буюрар, шу билан ҳайвоний қувват ва шайтоний-даррандалик майллари кучи кесилар. Ундан кейин ҳодий — пир соликка ов қилишни ўргатар. Соликнинг сайди илм, маърифат, муҳаббат, мушоҳада ва муоянадир. Сайд қилишни ўрганган солик Подшоҳ ҳузурига етар ва Оламлар Подшоҳига қурбат — яқинлик ҳосил қилар. Подшоҳнинг қурбини топган киши эса гуноҳлар бандидан қутулар ва нажот аҳлидан бўлар.
Валҳамду лиллаҳи Роббил-аламийн.
Бешинчи рисола тугади.
Ustoz Najmiddin Komilov 2001 yili “Komil inson kitobi”ning muqaddima qismini tarjima qilib, “Turkiston” gazetasida chop ettirgan edi. Domlaning oila a’zolari va maslakdoshlari taklifiga ko‘ra, ushbu kitobning to‘liq tarjimasi mumtoz adabiyotimizning bilimdon tadqiqotchisi Olim Davlat tomonidan nihoyaga yetkazildi. Bugun “Suluk bayonida” deb nomlangan beshinchi risolaning yangi tarjimasini, yaqin kunlarda esa yettinchi risola — “Ishq bayonida”ni taqdim etamiz.
AZIZIDDIN NASAFIY VA ASARLARI
Tarjimondan
Aziziddin Muhammad Nasafiy — irfon falsafasining mumtoz vakillaridan. U XIII asrning birinchi choragida Nasaf shahrida tug‘ilgan. Boshlang‘ich ma’lumotni ona shahrida olib, zamonasining yirik sufiylaridan bo‘lmish Abu Turob Naxshabiyga murid tushadi. So‘ngra pirining ijozati bilan Buxoroi sharifga borib, rasmiy bilimlardan tashqari falsafa, kalom va tib ilmlarini chuqur o‘zlashtiradi. 1243-51 yillarda Xurosonga safar qilib, Najmiddin Kubro va Muhyiddin ibn Arabiy ta’limotlarini o‘zaro uyg‘unlashtirgan kubraviya shayxlaridan hisoblanmish Shayx Sa’diddin Hamaviy va boshqa tariqat ahlining suhbatiga yetishadi. Elxoniylarning Buxoroga hujumidan so‘ng (1273) ilmu ijod uchun tinch joy izlab Eronga ketgan, Bahrobod, Isfahon, Sheroz shaharlarida istiqomat qilgan. Umri oxirida Yazd shahrining Abrko‘h degan joyida Sa’diddin Hamaviy qabri yonidagi xonaqohda yashagan.
Nasafiy asarlarining XVI — XX asrlarda ko‘chirilgan qo‘lyozma nusxalari bugungi kunda London, Leyden, Vena, Tehron, Kalkutta, Sankt-Peterburg, Dushanbe shaharlaridagi kutubxonalarda, Toshkent davlat Sharqshunoslik instituti qoshidagi Sharq qo‘lyozmalari markazida saqlanmoqda. Eron olimi Abdulrizo Sayf uning “Kashf ul-haqoyiq” (“Haqiqatlar kashfi”), “Zubdat ul-haqoyiq” (“Haqiqatlar qaymog‘i”), “Maqsad ul-aqso” (“So‘nggi maqsad»), “Kitob al-Inson al-komil” (“Komil inson kitobi”), “Manozil us-soyirin” (“Sayr etuvchilarning manzillari”) hamda yigirmadan ortiq nashr etilmagan asari ro‘yxatini keltiradi.
Aziziddin Nasafiy nomi va asarlari o‘rta asrlardayoq Ovrupoda ma’lum bo‘lgan. 1665 yili Avgust Myuller uning “Maqsad ul-aqso” asarini lotin tilida nashr etgan. 1953 yili Frans Mayer buyuk tasavvuf olimining hayoti va ijodiga doir tadqiqotini e’lon qilgan. 1931 yili Ahmad Mehdaviy “Kashf ul-haqoyiq” asarini Tehronda, keyinroq — 60-yillarda More Jan Mola “Insoni komil” asarini Parijda nashr etgan. Sharqshunos olim Andrey Bertels “Zubdat ul-haqoyiq” asarining tanqidiy matnini tayyorlagan.
O‘zbekistonda nasafiyshunoslik marhum ustozimiz Najmiddin Komilov nomi bilan chambarchas bog‘liq. Domla dastlab “Zubdat ul-haqoyiq” asarini o‘zbek tiliga tarjima qilib, muxtasar va mag‘zi to‘q so‘zboshi bilan nashr ettirgan. Shuningdek, “Tasavvuf” kitobida komil inson haqidagi talqinlarda bevosita Nasafiy asarlariga tayanib ish tutgan. 2001 yili “Komil inson kitobi”ning muqaddima qismini tarjima qilib, “Turkiston” gazetasida chop ettirdi. Domlaning oila a’zolari va maslakdoshlari taklifiga ko‘ra, ushbu kitobning to‘liq tarjimasi kamina tomonidan nihoyaga yetkazildi. “Komil inson kitobi”ning ikki risolasini (bobini) eng avval “Tafakkur” mushtariylariga ilindik. Mazkur ma’naviy obida hikmatsevar o‘quvchilarimizga manzur bo‘ladi degan umiddamiz.
AZIZIDDIN NASAFIY
“KOMIL INSON KITOBI”DAN
Fors tilidan Olim Davlat tarjimasi
Beshinchi risola
SULUK BAYONIDA
Bismillahir Rohmanir Rohim.
Alhamdu lillahi robbil-’alamiyn val- ’aqibatu lil-muttaqiyn, vas-solatu vas- salamu ’ala anbiyoihi va avliyoihi xoyru xolqihi, va ’ala alihim va as’habihim at- toyyibiyn at-tohiriyn.
Ammo ba’d, zaiflarning eng zaifi va faqirlarning xodimi, kamina — Aziziddin Muhammad Nasafiydan darveshlar (Ollox ular safini yanada kengaytirsin) suluk haqida bir risola tuzib, unda sulukning ma’nosi, shart va ruknlari haqida ma’lumot berishimni so‘radilar. Takliflarini qabul qildim hamda xato va gumrohlikdan panoh istab, Olloh taolodan madad va yordam so‘radim. Negaki, faqat U nimagaki istasa Qodir erur va so‘raganlarni ijobat qilishga muqtadir.
Birinchi fasl
Suluk mohiyati
Olloh seni ikki dunyoda aziz qilsin, bilgilki, “suluk” so‘zi arab tilida bormoq, yurish ma’nosini bildiradi. Ya’ni boruvchi zohir olamida safar qilsa ham, botin olamida safar qilsa ham, shu so‘z qo‘llanadi. Tasavvuf ahli oldida bu so‘zdan murod xos safarni bildiradi, bu — sayr ilalloh (Ollohga safar) va sayr filloh (Ollohsa safar) erur.
Ey darvesh! Bizdan oldin ham mashoyix suluk haqida ko‘p kitoblar tuzgan. Jumladan, aytibdirlarkim, suluk — sayr ilalloh va sayr filloxdir. Kamina ham oldingi risolalarimda bir necha marta aytib o‘tganmankim, suluk — sayr ilalloh va sayr fillohdir. Endi ushbu risolada o‘zga ta’birlar bilan boshqacha so‘zlamoqchimiz.
Ey darvesh! Insoniylikning martabalari bordir. Insonning sifatlari va xulqlari uning zarralarida (hujayralarida) yashirindir. Har bir martabada bir sifat yo xislat zohir bo‘lur. Insonning martabalari butkul zohir bo‘lgan paytda sifat va xulqlari ham to‘liq ayon bo‘ladi va kichik olam tugallanadi. Kichik olamni tugal qilgan bu solik katta olamda Xudoning noibi va xalifasi bo‘lur. Uning so‘zi — Xudoning So‘zlaridir, uning amallari — Xudoning amallaridir. Bu — eng ulug‘ tajalliydir, negaki, axloqning zuhuri ham, ilmning zuhuri ham shundadir.
Ey darvesh! Ilm ko‘p joylarda zohir bo‘ladi, ammo barcha narsani qamrovchi ilm faqat bundadir. Bu yerda o‘zini tanidi, bu yerda narsalarning mohiyatini angladi va ko‘rdi. Demak, suluk — yo‘lovchi o‘z martabalariga yuzlanishi va o‘z martabalarini tadrijiy tarzda zohir qilishi, kichik olamni tugal etishidan iboratdir. Kichik olam tugal bo‘lmaguncha, u katta olamda Ollohning noibi va xalifasi bo‘lishi imkonsizdir. Unda olam ahliga nisbatan qudrat paydo bo‘lur. O‘ziga kuchi yetmagan odam boshqalarga chikora?! Ayrimlar shu yerda adashib, turli azoblarga giriftor bo‘lib, murod-maqsadiga yetmaganlar. Yo‘lovchining martabalari to‘liq zohir bo‘lgach, suluk ham nihoyasiga yetar.
Ey darvesh! Ma’lum bo‘ldiki, yo‘lovchi sensan, yo‘l ham sen, manzil ham sen. Yo‘lovchining martabalari tugallangandan so‘ng sayr filloh ibtido topar. Bu sayr hech qachon adog‘iga yetmas. Bilurmanki, buni to‘liq anglamading. Shuning uchun ochiqroq bayon eturmen, chunki bu so‘zni bilish chandon muhimdir.
Ikkinchi fasl
Solikning niyati
Ey darvesh! Solikning riyozat va mujohadalaridan niyati Ollohni talab etish bo‘lmasin, chunki Ollohni talab qilishga hojat yo‘q. Poklik va yaxshi axloq talabi ham, ilm va ma’rifat talabi ham, sirlarni kashf etmoq va nurlarning zuhurini ko‘rmoq ham sulukning niyati bo‘lmasligi kerak. Chunki bularning har biri insonning qaysidir martabasiga oiddir. Solik o‘sha martabaga yetmaguncha shu martabaga xos biror sifat yo xislat unda paydo bo‘lmas. Unga yetganda esa, o‘zi xohlasa-xohlamasa, birov aytsa-aytmasa, shu martabaga xos bo‘lgan barcha sifat va xislatlar o‘z-o‘zidan ayonlashur. Agar go‘dakka shahvat haqida butun olam so‘zlab bersa ham, u bu lazzat neligini bilmas, balog‘at martabasiga yetgach esa aytsalar-aytmasalar, o‘zi bu haqda bilib olur.
Ey darvesh! Daraxtning darajalari bo‘lgani kabi insonning ham darajalari bor. Daraxtning har bir darajasida undan nima hosil bo‘lishi ma’lumdir. Bog‘bonning ishi — yerni yumshoq tutmoq, begona xoru xasdan tozalamoq, o‘z vaqtida suv berib, zararkunanda va ofatlardan asrab-avaylamoq kabi yumushlardir. Buning natijasida daraxt o‘z rivoji bosqichlarini to‘liq o‘tab, vaqt-soatiga qarab, xosiyatlarini namoyon etib boradi. Solikning ishi ham shunday bo‘lishi kerak. Solik riyozat va mujohadalari orqali odam bo‘lmoqni niyat qilmog‘i kerak. O‘shanda insoniy martabalar unda to‘liq zuhur qilur. Insoniy martabalar unda zohir bo‘lgach, solik xohlasa-xohlamasa, poklik va go‘zal axloq, ilm-ma’rifat, sirlarning kashfi va nurlarning zuhuri — bari o‘z vaqt-muddatida namoyon bo‘lur. Shunday narsalar ayonlashurki, solik ularning nomini-da bilmagan, xotiridan ham o‘tmagan bo‘ladi. Kimki bu yo‘lda bo‘lmasa, bu so‘zlarni hech qachon anglamas. Gap cho‘zilib, maqsaddan uzoqlashmaslik uchun aytayin: solikning himmati baland bo‘lmog‘i kerak. Umri oxirigacha bu yo‘lda bo‘lib, sa’y-harakat qilishi lozim, chunki Xudoning Ilmi va Hikmatining oxiri yo‘q.
Ey darvesh! Daraxtning barcha kamolot bosqichlari urug‘idadir. Faqat mirishkor bog‘bonning tarbiyati va parvarishi lozim- dir, toki urug‘ daraxt bo‘lib, ro‘yobga chiqsin. Shu kabi pokpik va go‘zal axpoq, ilm va ma’- rifat, sir-asror kashf bo‘lishi, nurlarning zuhuri — barchasi inson zotida mavjuddir. Faqat donishmand suhbati, tarbiyat va par- varishi lozimdir, toki bular to‘liq yuzaga chiqsin.
Ey darvesh! Avval va oxir ilmi sening zotingda yashirindir. Nimaiki istasang, o‘zingdan ista, tashqaridan neni izlaysan?! Qulog‘ing orqali ko‘nglingga joylashadigan bilim boshqalar qudug‘idan suv olib o‘z qudug‘ingga quyishingga mengzar. Agar qudug‘ing ko‘zi ochiq bo‘lmasa, quygan suvingning baqosi bo‘lmas, darrov aynib, turli xastaliklarni tarqatar.
Ey darvesh! Bu suvdan kibr va manmanlik kasalligi paydo bo‘lar hamda boylik va mansabga ishtiyoqingni kuchaytirar. Va laysal-xabaru kal-mu’oyana (Eshitmoq ko‘rmoqdek emasdir — arab maqoli). Shunday qilginki, o‘z qudug‘ingdan suv chiqsin va undan qancha olib boshqalarga bersang-da, hech kamaymasin, aksincha, ko‘paysin. Turgan joyida ham aynimasin, pokiza va sof saqlanib, turli kasallikparga davo bo‘lsin.
Ey darvesh! Zikr etilmish yo‘lda yurgan solik ilm va ma’rifat hosil qilur. Uning ko‘ngil chashmasidan hayot suvi oqar. Kimki qirq kecha-kunduz Ollohga ixlos bilan ibodat qilsa, uning ko‘nglidan hikmatli so‘zlar tiliga joriy bo‘lur. Ya’ni solikka bu yo‘l bilan ilm va hikmat hosil bo‘lganidek, teskari yo‘l bilan ham ilm va hikmat hosil bo‘ladi. Tafsilga berilmaslikka shuncha harakat qilaman, ammo ixtiyorimdan tashqari holatda so‘z cho‘ziladi.
Ey darvesh! Bu ish donishmandning tarbiyat va parvarishiga bog‘liqsir. Donishmandning tarbiyatisiz birov biror maqomga erishishi gumon. Yovvoyi mevaning ta’mi bog‘bon parvarishlagan meva ta’miga teng kelmas. Shu kabi, donishmandning suhbatini topgan solikka bunday suhbatdan bebahra qolgan solik teng kelolmas.
Uchinchi fasl
Solikning ilmu ma’rifati
Bilgilki, payg‘ambarlar da’vati, valiylar tarbiyati odamlar ezgu so‘z, ezgu amal, ezgu axloq sohibi bo‘lishi va shu orqali zohirlar to‘g‘ri bo‘lishi uchundir. Zohir to‘g‘ri bo‘lmaguncha, botin tuzalmas. Chunki zohir qolip kabi, botin esa qolipga solinadigan narsadekdir. Qolip to‘g‘ri bo‘lsa, unga solinadigan narsa ham to‘g‘ri chiqur, agar egri bo‘lsa, undagi narsa ham egri bo‘lur.
Ey darvesh! Hech shubha yo‘qki, zohirning botinga ta’siri bor. Shuningdek, botinning ham zohirga ta’siri bor. Bas, donishmandning suhbatida riyozat va mujohada ta’sirida zohir to‘g‘ri bo‘lgandan keyin botin ham tuz bo‘lur. Zohir va botin tuz bo‘lgandan keyin botin ikki olam orasida poklanur. Bir tomoni shahodat olami bo‘lar, ikkinchi tomoni — g‘ayb. Ya’ni bir tomon badan — shahodat va sezgilar olamiga oid bo‘lsa, ikkinchi tomon farishta va pok ruhlar olami bo‘lmish g‘ayb va ma’qulot olamidir. G‘ayb olamiga oid bo‘lgan tomon hamisha pok va musaffodir. Botinga u tomondan hech qachon zahmat, zulmat va kudurat yetmas. Badanga oid bo‘lgan tomon shahvatu lazzatlarga bog‘liq va hirsu g‘azabga asir bo‘lgani sababli tiyra, qorong‘idir. Botinni bu tomon qorong‘i va zimiston tutar. Shu sababdan, botin farishta va pok ruhlar makoni — g‘ayb olamidan ilm o‘zlashtirib, ilohiy ma’rifat nurlaridan munavvar bo‘lolmaydi. Badan pok va musaffo bo‘lgan choqda botin ikki olam orasida poklanar. Farishta va pok ruhlar dunyosi — g‘ayb olamida nimaiki bo‘lsa, solikning botinida paydo bo‘lur. G‘uborsiz ikki ko‘zguni bir-biriga qarama-qarshi qo‘yilgani singari, bu ko‘zguda nimaiki bo‘lsa, narigi ko‘zguda aks topar, narigi ko‘zguda nimaiki ko‘rinsa, bu ko‘zguda jilvalanar. Qabrlarni ziyorat qilish hikmati shu, ziyorat haqiqati ham ushbudir.
Ey darvesh! Bu so‘zda nozik bir nuqta bor. U shundan iboratki, g‘ayb olamining martabalari mavjud. Bir martabaning ikkinchi martabadan katta farqlari bor. Birinchi martaba ikkinchi martabadan nimadir olmog‘i, oxirgi martaba esa faqat oxirgi martabadan olmog‘i mumkin. Solikning ilm va ma’rifati bu yo‘l orqali ham hosil bo‘lishi mumkin. Rahmoniy tushlar, vajd va voridot, ilhom va ladunniy ilmlar shu orqali hosil bo‘lur. Bu ma’noning kufr va islomga aloqasi yo‘qdir. Kimki ko‘ngil ko‘zgusini poklasa, bulardan asar topar. Bu ma’ni ko‘pchilikning tushiga oiddir. Uyg‘oqlikda esa kamdan-kam hollarda sodir bo‘lur. Chunki tush betizgin tuyg‘ulardan iborat. Boshqa sezgi a’zolari, g‘azab va shahvatdan hosil bo‘ladigan g‘ashliklarning tushga ta’siri kamroqdir. Shu sababdan, botin badan uyqudagi holatda narigi olamdan xabardor bo‘lish imkoniga ega. Soliklarning riyozati, xilvat va uzlatda o‘tirishi hamda mujohadalaridan maqsad — bedorlikda ham badani uyqudagi kishining badaniga o‘xshash, balki undan-da pok va musaffo bo‘lishidir.
Ey darvesh! Soliklar turlichadir, mijozlari ham ayricha. Ba’zilari andak riyozat bilan bu asarlarni o‘zida topar, ayrimlari uzoq yillar cheksiz riyozatlar tortar, ammo bundan asar topmas. Bu ta’sirlanish ibtidoning xosiyati va to‘rt unsurning zaminasiga bog‘liqdir.
To‘rtinchi fasl
Odamzodning uch toifasi
Bilgilki, Olloh taolo odamlarni turlicha yaratibdi va har biriga turli ishga iste’dod ato etibdi. Olam nizomi barqarorligi uchun shunday bo‘lishi kerak edi. Shaharlik kerak, qishloqlik ham. Bazzoz ham kerak, baqqol ham va hokazo. Agar barchaga bir xil iste’dod berganida edi, olamda munazzamlik (ya’ni tartib. XDK izohi) bo‘lmasdi. Shu bois donishmand har bir kishini qaysi ish uchun yaratilgan bo‘lsa, o‘shanga safarbar qilmog‘i kerak.
Muxtasar qilib aytsak, ayrimlarning himmati oliydir va ayrimlarniki bunday emas. Shu sababdan, kimi dunyoni, kimlari uqboni (oxirat), kimi esa Mavloni (Olloh taoloni) istaydi. Odamlar shu uch toifadan bo‘lak emas. Mavlo izlaydigan toifa himmatbaland kishilardir. Ular odamlarning eng yaxshisi va shu toifa ahli solikdir. Minglab kishidan u ulug‘roqdir, qolgan ikki toifa u tufayli hayot kechiradi va u sababli tarbiyat topadi.
Ey darvesh! Kimki suluk qilsa, unga to‘rt narsaning ma’rifati zarurdir: birinchisi, maqsadning, ikkinchisi, maqsad tomon boruvchining, uchinchisi, maqsadga eltuvchi yo‘lning, to‘rtinchisi, hidoyatga eltuvchi — shayx yo pirning ma’rifati. Bu to‘rt narsani bilmasdan suluk muyassar bo‘lmas. Bilgilki, solikning maqsadi va maqsudi o‘z kamolidir. Ba’zilar aytibdikim, maqsad tomon boruvchi Xudoning O‘zidir, ba’zilar solikning Ruhi, yana ayrimlar solikning Aqli degan bo‘lsa, ba’zilar Ollohning nuri deb aytibdi. Kamina aytadirkim, boruvchi — solikning botini. Negaki, solikning botini bir nurdir, bu nur turli ism va qo‘shimcha sifatlar bilan zikr etiladi: nafs, ruh, qalb, aql, Ollohning nuri va hokazo. Bulardan murod o‘sha bir javhardir. Bu javhar — odamning haqiqati.
Beshinchi fasl
Maqsad tomon yo‘l
Bilgilki, maqsad sari yo‘l, bu zaifning (men) nazarida, bir yo‘ldan boshqa emas. Bu yo‘l — avvalda tahsil va takror, oxirda mujohada va azkordir (zikr tushish). Dastlab madrasaga borib, shariat ilmi va boshqa kerakli ilmlarni o‘rganish, so‘ng so‘zda chechan va fikri teran bo‘lish uchun foydali bilimlarni o‘zlashtirish. Chunki so‘z bilan to‘g‘ri muomalada bo‘lish eng ulug‘ ruknlardan hisoblanadi. So‘z san’atiga faqat madrasada ega bo‘lish mumkin. Undan keyin xonaqohga kelib, biror shayxga murid tushadi. Bitta shayxga qanoat qilib, tariqat ilmidan eng keraklilarini o‘rganadi. Asosiy ilmlarni o‘zlashtirgandan so‘ng shayxlarning hikoyatlarini o‘qiydi. Ya’ni shayxlarning riyozati, mujohada, taqvo va parhezkorligi, ahvol va maqomoti haqida tasavvur hosil qilib, so‘ng kitob o‘qishni tark etadi. Shayx nimani saloh (ma’qul, ravo. XDK izohi) ko‘rsa, o‘sha ish bilan mashg‘ul bo‘ladi.
Ba’zilar nazarida, maqsad sari yo‘l ikkitadir. Boshqacha aytganda, ilallohga safar etuvchilar ikki toifadan iborat. Har bir toifaning maqsadga yetishishda o‘z yo‘li bor. Birining yo‘li tahsil va takror bo‘lib, bular shariat ko‘yining soliklari. Ikkinchisining yo‘li mujohada va azkor bo‘lib, bular tariqat ko‘yining soliklaridir.
Ey darvesh! Ba’zida solik uldurkim, har kuni nimanidir o‘rganadi, ba’zida solik uldurkim, har kuni o‘rganganlaridan nimanidir butunlay unutadi. Ba’zida tariqatdagi vazifa — har kuni oppoq sahifani qoralamoqdir, ba’zida tariqatdagi vazifa — qora ko‘ngildan nimanidir poklamoqdir.
Ey darvesh! Soliklardan ba’zilari aytmishkim, biz naqqoshlik hunarini o‘rganamiz. Ko‘ngil lavhini tahsil va takror qalami ila jamiki bilimlar bilan naqshinkor etamiz, toki jamiki bilimlar bizning ko‘nglimizda naqshlansin. Bizning ko‘nglimiz lavhida naqshlangan bilimlar tufayli ko‘ngil Lavhul Mahfuzga aylanar.
Ba’zi soliklar aytmishkim, biz sayqaliylar hunarini o‘rganamiz. Ko‘ngil ko‘zgusini mujohada egovi va zikr yog‘i yordamida sayqal berish bilan pok va musaffo eturmiz. Ko‘ngil ko‘zgusi musaffo va pokiza bo‘lganidan so‘ng g‘ayb va shahodat olamida nimaiki ilm bo‘lsa, uning aksi bizning ko‘nglimizda jilo topar. Aks topish kitobat qilishdan ko‘ra shubhadan xolirokdir. Negaki, kitobat payti xatoga yo‘l qo‘yish xavfi bor, aks ettirishda esa sahv va xatoga yo‘l qo‘yilmaydi. Chin va Mochin naqqoshlarining hikoyatlari mashhurdir, shuning uchun takrorlashga hojat yo‘q. Yana shuki, ilmning turi ko‘p, hisobsizdir. Inson umri esa qisqa. Umr vafo qilib, barcha ilmlarni to‘liq o‘rganish gumondir. Ammo umr vafo qilib, ko‘ngil ko‘zgusini mujohada va zikr yo‘li bilan jomi jahonnamo aylash imkoni bor.
So‘z cho‘zilmasligi va maqsaddan uzoqlashmaslik uchun yana aytaman: ey darvesh! Yo‘l bittadan ortiq emas. Agar ikkita bo‘lgan taqdirda ham mujohada va zikr tushish yo‘li salomat va yaqinroqdir.
Oltinchi fasl
Avom kishilar darajasi
Bilgilki, farzand oq-qorani ajrata boshlagach, ibodat bobida ota-onasiga izdoshlik qilmog‘i lozim. Agar qilmasa, ota-ona bunga buyurmog‘i kerak. Ibodatda izdoshlik qilishni islom deb aytadilar. Aql sohibi bo‘lgach esa, islomdan keyin olti narsa farzandga farz bo‘lur. Birinchisi, imon: farzand Olloh taoloning biru borligi, payg‘ambarlarning nubuvvatiga shubha va gumonsiz imon keltirishi shart. Bilsinki, payg‘ambarlar nimaiki aytgan bo‘lsalar, rost debdilar va Ollohning so‘zini aytibdilar. Ikkinchisi, amri ma’ruf — islomda buyurilgan amallarni bajo keltirish. Uchinchisi, nahyi munkar -taqiqlangan amallardan uzoq turish. To‘rtinchisi, tavba — noto‘g‘ri amaldan chin ko‘ngildan pushaymon bo‘lmoq. Agar buyurilgan ezgu amallardan birortasini bajarolmay qolsa yoki taqiqlangan ishlarga qo‘l urib qo‘ysa, astoydil pushaymon bo‘lib, boshqa bu xatoni takrorlamaslikka ahs qilish va shu axdga sobit qolish tavba deb tushuniladi. Beshinchisi, ro‘zg‘or ta’minlashiga yaraydigan biror kasb yo hunarni egallamoq. Kasb egallashdan yana bir maqsad — tamadan xoli bo‘lishdir, chunki imon salomatligiga yetadigan zararlarning bosh sababchisi -tamadir. Oltinchisi, taqvo — kasb egallashda harom luqmadan, birovning molidan, shubhali rizqdan, davlat moli hamda zolim kimsalar saxovatidan saqlanmoq lozim. So‘z va amalda ogoh bo‘lib, ixlos bilan yashamoq hamda riyo va hasaddan tiyilmoq kerak.
Ey darvesh! Bu olti narsa barcha odamlarga oid bo‘lib, musulmon ahlining huquqidir. Bu avomning darajasidir. Kimki avom darajasidan xos ahlining darajasiga ko‘tarilmoqni istasa, ular amali ila shug‘ullanmog‘i lozim. Xoslar amali — yo tahsil va takror, yo mujohada va azkor yo‘liga suluk qilmoqdir. Bu risolada mujohada va azkor (zikr tushish) tariqini bayon eturmiz.
Yettinchi fasl
Suluk shartlari
Bilgilki, suluk sharti oltitadir. Birinchisi, tark erur — mol-dunyo, amal-mansab havasi, ma’siyatu yomon xislatlarni tark etmokdir. Ikkinchisi — sulhdir. Ya’ni olam ahli bilan birvarakayiga sulh qilur, birovga qo‘li yo tili bilan ozor bermas, shafqat va marhamatini hech kimdan darig‘ tutmas, hammani o‘zidek ojiz, bechora va tolib deb bilur. Uchinchisi — uzlat, to‘rtinchisi — xomushlik, beshinchisi — ochlik, oltinchisi sehr haqida bilim hosil qilish erur.
Sakkizinchi fasl
Suluk ruknlari
Bilgilki, sulukning ruknlari ham oltitadir.
Birinchi rukn — hodiy, ya’ni rahnamoning lozimligidir. Suluk rahnamosiz muyassar bo‘lmas.
Ikkinchi rukn — rahnamoga irodat va muhabbatdir. Solik rahnamo, ya’ni pirga yetishgandan so‘ng uni butun olam, undagi jamiki mavjud narsa va kimsalardan ko‘ra ko‘proq yaxshi ko‘rishi kerak. O‘shanda u maqsadga tezroq yetishadi, chunki solikning bu yo‘ldagi ulovi irodat va muhabbatidir. Agar muhabbat kuchli bo‘lsa, ulovi ham shuncha baquvvat bo‘lur, ulovi baquvvat kishiga esa yo‘lning mashaqqati pisand emas. Lekin agar irodat va muhabbatiga zarracha xalal tushsa, ulovi cho‘loqlanib, solik yo‘ldan qolar.
Uchinchi rukn — e’tiqod va amalda pirga butkul bo‘ysunishdir. Ya’ni solik ota-onaga taqlid qilishni tark etmog‘i lozim. Hidoyat etuvchi pirga ham e’tiqod, ham amalda izdoshlik qilmog‘i lozim, chunki pir — tabib, murid esa bemor. Bemor agar tabibning buyrug‘iga itoat qilmasa yoki uning aytganlariga xilof ish tutsa, tuzalmas. Tibbiy kitoblarga qarab, o‘zini o‘zi muolaja qilish ham foydadan ko‘ra ko‘proq zarar yetkazar. Balki kundan-kun dardi kuchayib, kasallik chuqurroq ildiz otar. Agar bemor chindan tuzalishni istasa, tabibning huzuriga borishi va uning nasihatiga so‘zsiz amal qilmog‘i kerak. O‘shanda dard va xastalik o‘z-o‘zidan barham topar.
To‘rtinchi rukn — o‘z fikr-andisha va xohish-istagini butunlay tark etmokdir: solik biror ishni o‘zboshimchalik bilan, xohish- irodasiga tayangan holda — hattoki bu ish ibodat bo‘lsa ham — amalga oshirishdan voz kechishi kerak. Negaki, solik nimaniki o‘z ixtiyori bilan bajarsa, bu piri va maqsad yo‘lidan uzoqlashuviga sabab bo‘ladi. Solik o‘z rahnamosi — pirining biror so‘ziga e’tiroz bildirmasin, biror ishini inkor etmasin, chunki solik yaxshi-yomonning farqiga bormaydi; toat va ma’siyat o‘rtasidagi tafovutni anglamaydi. Zotan, yaxshi-yomonning, ibodat va gunohning farqiga borish hammaning ham qo‘lidan kelavermaydigan ulug‘ ishdir. Muso va Xizr alayhimussalomning hikoyati bu ma’nidan xabar berur.
Ey darvesh! Ko‘p so‘zlar borki, muridning nazarida yaxshi, ammo shayxning nazdida yomondir; ko‘p so‘zlar borki, muridga yomon ko‘rinar, shayx nazarida esa yaxshidir. Amallarda ham shu holdir. Baski, muridga eng yaxshi yo‘l — birvarakayiga butkul e’tiroz va inkorni tark etsin, shayxdan nimaiki eshitsa, yaxshi deb bilsin, undan nimaiki ko‘rsa, yaxshi deb qabul qilsin.
Ey darvesh! E’tiroz va inkor muridga g‘ashlik va dil xiralik keltirur hamda murid va shayx o‘rtasiga ayriliq bo‘lur.
Oltinchi rukn — sobitlik va doimiylikdir. Solik suluk shartlariga uzoq yillar sobitqadamlik bilan rioya qilishi kerak. Negaki, dunyoviy yumushlarda ham, oxirat ishlarida ham sobitqadam bo‘lmagan kishining murodi hosil bo‘lmas.
Ey darvesh! Dunyoviy yumushlarda ham, oxirat ishlarida ham kimki biror natijaga erishgan bo‘lsa, faqat sobitqadamlik tufaylidir.
Bu — suluk shart va ruknlari edikim, aytib o‘tildi. Suluk o‘n ikki narsasiz mukammal bo‘lmaydi.
To‘qqizinchi fasl
Hijob va maqom
Ey darvesh! Solik aytib o‘tganimiz o‘n ikki narsada sabot ko‘rsatsa, albatta hijobu pardalar uning ko‘zidan ko‘tarilib, oliy maqomlarga yetadi. Hijob asli to‘rttadir: mol- dunyoga o‘chlik, amalparastlik, katta avlodga ko‘r-ko‘rona ergashish, gunoh ishlarga ruju qo‘yish. Maqomning asli ham to‘rttadir: ezgu so‘z, ezgu amal, ezgu xulq va maorif. Maorif deganda ko‘p narsani bilish — ma’rifat etish tushuniladi. Ammo o‘n sakkiz narsaning ma’rifati suv bilan havodek zarurdir. Dono solik albatta bu o‘n sakkiz narsani bilishi, ilm ul-yaqin va ayn ul-yaqin orqali anglashi lozim: dunyoning ma’rifati, dunyo ishlarining ma’rifati, oxiratning ma’rifati, oxirat ishlarining ma’rifati, ajal ma’rifati, ajal hikmatining ma’rifati, shaytonni bilish, shayton amrlarini bilish, farishtaning ma’rifati, farishta amrining ma’rifati, payg‘ambarning ma’rifati, payg‘ambar so‘zining ma’rifati, valiyning ma’rifati, valiy so‘zining ma’rifati, o‘zliging ma’rifati, o‘z amring ma’rifati, Xudoning ma’rifati, Xudo so‘zlarining ma’rifati. Xohlasang, o‘n sakkizta, xohlasang to‘qqizta, xohlasang bitta deb ayt.
Ey darvesh! Shayton amri bilan farishta amri, nafs istagi bilan Xudo amrining farqiga borish ulug‘ ishdir. Shu kabi nabiy — payg‘ambar va valiyning so‘zini anglamoq ham mushkuldir.
Ey darvesh! Hijoblar ko‘pdir, ammo ularning asli to‘rtga, maqomlar ham ko‘p-u, ularning ham asli to‘rttadir. O‘zingdan daf etishing va yo‘lingdan tozalashing kerak bo‘lgan narsa — hijobdir. O‘zingda shakllantirishing kerak bo‘lgan narsa esa maqom sanaladi.
Hijobning ham, maqomning ham ma’nosini bilib olding. Endi bilgilki, jamiki soliklar shu to‘rt maqomga yuzlanmish. Bu riyozat, mujohadalarni tortishidan maqsad ham bu to‘rt hijobni oldidan ko‘tarmoq va bu to‘rt maqomni kamolga yetkazmoqdir. Kimki bu to‘rt maqom — ezgu so‘z, ezgu amal, ezgu axloq va maorifni kamolga yetkazsa, o‘zi ham komil inson bo‘libdi.
Ey darvesh! Bu to‘rt hijobni oradan ko‘tarmoq tahorat olmoqqa, to‘rt maqomga erishish esa namoz o‘qimoqqa mengzar. Avval tahorat, so‘ng namoz, avval hijron, so‘ngra visol, avval sayqal berish, so‘ng munavvar bo‘lishdir. Kimki to‘rt hijobni oradan ko‘tarsa, tahorati mukammal va o‘zi mudom pokiza bo‘ladi. Kimki bu to‘rt maqomga erishsa va namoz o‘qisa, doim obid holidadir.
O‘ninchi fasl
Tarbiyat
Bilgilki, podshohning sayyodi lochinni qo‘lga o‘rgatmoqchi bo‘lsa, dastlab ko‘zini bog‘lab, oyog‘iga band solib, och-nahor tutib, kechasi uxlagani qo‘ymaydi. Shu orqali nafsini sindiradi, undagi hayvoniy va yirtqich kuch-quvvat kamayadi. Natijada lochin sayyod bilan unsiyat topib, unga o‘rganib qoladi. So‘ng sayyod lochinga ov qilishni o‘rgatadi. Ov qilish malakasi shakllangandan keyin sayyod lochinni podshoh huzuriga olib boradi. Va shu orqali podshohga yaqinlashadi va lochin endi shahbozga aylanadi. Ma’lum bo‘ldiki, lochinning ko‘zini bog‘lab qo‘yish, oyog‘iga band solish, kunduzi och-nahor, kechasi esa bedor etmokdan sayyodning asl maqsadi unga zulm qilish emas, balki lochin sayd qilishni o‘rganishi uchundir. Shuningdek, ma’lum bo‘ldiki, sayyodning lochinga ov qilishni o‘rgatishi shunchaki qiziqish emas, balki shu orqali lochinni podshohning qo‘liga o‘rgatish edi. Shunga o‘xshab, hidoyat etuvchi pir ham dastlab solikni sayd qilar, qo‘lga tushganidan keyin qorong‘i uyga olib kirar, tiliga band solar, ya’ni xilvat va uzlatga, kunduzi ro‘za tutmoq, kechasi ibodatda bedor turmoqqa buyurar, shu bilan hayvoniy quvvat va shaytoniy-darrandalik mayllari kuchi kesilar. Undan keyin hodiy — pir solikka ov qilishni o‘rgatar. Solikning saydi ilm, ma’rifat, muhabbat, mushohada va muoyanadir. Sayd qilishni o‘rgangan solik Podshoh huzuriga yetar va Olamlar Podshohiga qurbat — yaqinlik hosil qilar. Podshohning qurbini topgan kishi esa gunohlar bandidan qutular va najot ahlidan bo‘lar.
Valhamdu lillahi Robbil-alamiyn.
Beshinchi risola tugadi.
Najmiddin Komilov. Tasavvuf — Xurshid Davron kutubxonasi by Khurshid Davron on Scribd
Assalomu alaykum sayt adminlari! Sizlardan bir iltimosim bor edi. «Komil inson» kitobining tõliq tarjimasini qayerdan topsam bo’ladi? Men bu kitob judayam kerak edi. Agar iloji bõlsa tarjimon Olim Davlat bilan qanday boģlansam bõladi shu haqida ham malumot bersangiz sizlardan mamnun bõlardim.