Ishoq Bog’istoniy. Tazkirai qalandaron & Sayfiddin Rafiddin. Adabiyotda qalandarlik

07  Қаландария (қаландарийлик, қаландарлик) тариқати XI-XII асрлардан эътиборан шакллана бошлаган. Илмий манбалар бу тариқатнинг асосчиси Жамолиддин Совий (ваф. 1232) эканлигини таъкидлайди. Қаландария ўзига хос урф-одатга эга бўлган тариқат бўлиб, кўп олимлар уни маломатийликдан ажаралиб чиққанлигини эътироф этишган.

Сайфиддин РАФИДДИН
АДАБИЁТДА ҚАЛАНДАРЛИК
07a

Сайфиддин Рафиддин 1958 йилда туғилган. Cамарқанд Давлат университетини тамомлаган. Филология фанлари номзоди. «Мажоз ва ҳақиқат», «Буюклар ҳалқаси» каби асарлари нашр этилган. Олим форс тилидан Навоийнинг «Девони Фоний» асаридан ғазаллар, қасидалар ва кичик лирик жанрдаги шеърларни ўзбекчага ўгирган. Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти Мумтоз адабиёт бўлими катта илмий ходими.

07a

22Қаландария (қаландарийлик, қаландарлик) тариқати XI-XII асрлардан эътиборан шакллана бошлаган. Илмий манбалар бу тариқатнинг асосчиси Жамолиддин Совий (ваф. 1232) эканлигини таъкидлайди. Қаландария ўзига хос урф-одатга эга бўлган тариқат бўлиб, кўп олимлар уни маломатийликдан ажаралиб чиққанлигини эътироф этишган. Москвадан чиққан «Ислом қомусий луғатида» ҳам шундай дейилган. (Ислам. Энциклопедический словарь. – М.: «Наука», 1991, 129-130 стр.). Қаландарийликнинг пайдо бўлиши ва келиб чиқиши ҳақида турли-туман фикрлар йўқ эмас. Қаландарлик – тасаввуфга алоқаси бўлмаган, ташкиллашган бир жамоадир, деган олимлар ҳам бор. Қаландарлик тарихига назар солсак, дастлабки даврларда уюшган ва маълум қонун-қоидалар асосида қурилгани, аъзоларининг махсус либослар кийиб юргани маълум бўлади.

Қаландарлар орасида диёнатлилари ҳам гиёҳвандлари ҳам бўлган. Уларнинг кўпи мужаррад, яъни бўйдоқ юрган. Қаландарлар айнан мана шу уйланмасликлари ва тиланчилик қилишлари учун баъзи мутасаввифлар томонидан танқид остига олинган. Чунки Ислом динида уйланмаслик ҳам, тиланчилик орқасидан кун кўриш ҳам гуноҳ саналган. Даврлар ўтиши билан уларнинг қонун-қоидаларида, либосларида ва қаландархоналардаги тартибларида ўзгаришлар рўй берган.

Қадимги луғат ва илмий манбаларда қаландар атамасининг бир неча маънолари берилган. Жумладан: «эшик тез очилиб кетмаслиги учун орқасидан қўйиладиган тарашланмаган (йўнилмаган) ёғоч»; «диний ғазаллар ўқиб, ҳам динни тарғиб қилувчи, ҳам дарбадар кезувчи дарвеш»; кўчма маънода «дунёдан воз кечган, тарки дунё қилган киши, зоҳид»; «ўзбек халқ куйларидан бирининг номи»; «эркакларга қўйиладиган ном». Қаландарбачча – қаландарнинг шогирди. Қаландархона – қаландарлар йиғиладиган ва тунайдиган жой.

Саййид Жаъфар Сажжодий деган Эрон олимининг фикрига кўра: «Қаландарликдан мақсад, икки дунёдан ўзини йироқ тутиш ва икки олам уйидан четга, узлатга кетиш. Қаландар бирор мансаб, мақомга эга бўлмаган, дунёнинг ортиқча ғам- ташвишларидан фориғ бўлган кишидир. У жамиятга ичдан эмас, ташқаридан таъсир кўрсатади, жорий урф-одатларни бузади. Шу сабабдан айрим манбаларда улар «сўфиёни хориж», яъни тасаввуфдан, жамиятдан ташқарида бўлган сўфийлар, деб номланган. Сўфий, маломатий ва қаландар орасидаги қисқача фарқ шундай: сўфийнинг қалби халқ билан эмас, доим Ҳақ билан боғлиқ бўлади; Маломатий қилган ибодатини халқдан яширади, халқнинг таънаю маломатидан чўчимайди, ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломни маломатийларнинг сардори билади; қаландар эса халқ урф-одатларини ошкора бузади. Фақат мажбурий фарз амалларини бажариб, ортиқча тоат-ибодатга майл кўрсатмайди. Қаландар ва қаллошни тажрид ва тарк аҳли, дейдилар».

Қаландарийлик, – дейди тожик олими Қурбон Восеъ, – маломатий таълими асосида ўсиб, риндлик, жавонмардлик ва ҳуруфийликка бир қадар ҳамоҳанглиги (монандлиги, уйғунлиги) бўлган. Бу ҳамоҳангликни ҳаммадан олдин расмий ислом ва тасаввуфга бўлган муносабатда кўриш мумкин.

Малумки, дарвешлик тариқатлари орасида қаландарийлик ҳам ўз уюшмасига эга бўлиб, улар одамларнинг хайр-эҳсони ҳисобига яшар эдилар.

Туркистонда расмий ислом дини билан бир қаторда тасаввуф ҳам кенг тарқалди, оммалашди. Яссавийлик, нақшбандийлик, кубравийлик, қодирийлик каби машҳур тариқатларнинг фалсафаси, ахлоқи ва қонуниятлари ҳалққа яқин бўлганлиги учун бутун халқ оммасини ўзига жалб этди. Қаландарийликнинг бир қатор қонуниятларини халқ ўзига сингдиролмагани учун ҳам бу тариқат халқ орасида оммалашмаган.

Тарихий ва илмий манбаларнинг гувоҳлик беришича, қаландарийлик Эронда XVI асрнинг охирларигача мавжуд бўлган. Сафавийларнинг сиёсатдон диний вакиллари тариқат аъзоларини Туркия ва Ҳиндистонга кўчириб юборадилар. Туркияда эса бу тариқат XIII асрнинг биринчи ярмида пайдо бўлиб, то XVIII асрнинг охирига қадар фаолият кўрсатган. Қаландария Ҳиндистонда XIII аср бошларида пайдо бўлиб, унинг баъзи тармоқлари XX асрга қадар етиб келган. Тариқатнинг Ғарбда Сириядан то Мароккогача, Шарқда Ҳиндистонгача ҳамда Мовароуннаҳр ва Хуросон ўлкаларида ёйилганлиги тасаввуф тариқатлари ичида ўз мавқеи борлигидан далолат беради.

Қаландарлик таълимоти айрим хусусиятига кўра бошқа мусулмон тариқатлари назарияларидан бироз фарқ қилади. Унга будда ва монийлик анъаналарининг жиддий таъсир этганлиги ҳақида ҳам фикрлар билдирилган.

Тасаввуфий манбаларда айтилишча, датлабки қаландарлар фақирона ҳаёт кечириб, хайру садақа эвазига кун кўрар эдилар. Муайян манзил-маконлари бўлмай, кўпинча, кўчиб юришарди. Бу таълимот асосида фоний дунёдан безиш туйғуси, ботиний қаноат, ўзни кўз-кўз қилмаслик, шуҳратпарастликни қоралаш, жорий урф-одат ва расму русумларни бузиш, хайру садақа йиғишда ҳаддан ошмаслик, нафс поклигига, руҳ ҳотиржамлигига эришиш, ҳар бир амалда ихлос қилиш каби қатор тушунчалар ётади.

Улар исломнинг мажбурий фарз амалларини бажариб, нафл (қўшимча тоат-ибодат) ни бажаришга эътибор бермасдилар. Жамоат намозларига, шунингдек, Рамазон ойида ўқиладиган «таровиҳ» намозига ҳам қатнашмас эдилар. 30 кунлик фарз рўзани, кўпинча, адо қилмас, нафл рўзаларини тутишдан умуман бош тортардилар. Арзимас нарсаларни, буюмларни ҳисобламаганда, бойликка ҳирс қўйиш уларга ёт одат эди. Қаландарларнинг бир қисми мужаррад (бўйдоқ) яшаш учун аҳду паймон қилишарди ва уйланмаслик, васвасага берилмаслик чораларини излашарди. Дунёни ўткинчи ва нисбий билиб, руҳий эркинликка интилган қаландарлар маломатийларга акс тарзда хулқ-атворини қандай бўлмасин намойиш қилиш, кўз-кўзлаш иштиёқида бўлишган, маломатга қолиш пайида жамият ҳаётининг, ахлоқнинг белгиланган нормаларини бузиш учун ошкора баҳона излаганлар. Жамолпарастлик ва ишқбозликни ҳаддидан оширганлар.

Уларнинг ташқи кўриниши ва кийим-кечаги ҳам ғайриоддий эди. Соч, соқол-мўйлов ҳатто қошларини ҳам қиртишлаб юрардилар (баъзилари мўйловни қиртишламасдан қолдиришарди). Ўзига хос тўн, ҳирқа, паҳмоқ юнгли кулоҳ, ҳар хил жез безаклар-мунчоқлар, ҳалқалар, билагузуклар, узуклар тақиб олишарди. Қўлда асо, белда качкул билан қаландарона мавзудаги ғазалларни ўқиб юришарди.

Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» асарида зоҳиран қаландар, аслида инсоний ғурурини оёқ ости қилиб тиланчилик ва гадолик билан машғул бўлувчи кимсаларни нафрат билан тилга олиб, одамшавандаликдан йироқ, ҳайвонсифатлар, деб баҳолайди: «Булар орасида ўзига қаландар от қўйғон малъун одамийлиғдин мағбун. Ва дев ва шайтон олида матъун. Инсоният ва мусулмонликдан йироқ, тўнғуз ва айиқ одамийлиғда алардин яхшироқ. Шакл тағйири била одамийлиғдин карона, пўстин эвура киймаклари ҳайвонлиғ ва сабуъиятдин нишона. Улуғ кичикдин ҳар турлукда гадойи муваҳиш фосил хавотирдек софий кўнгулга мушавваш». Бобур эса «Бобурнома»да халқни дин йўлидан  чалғитишга уринган Шаҳбоз қаландарнинг қабрини текислаб ташлагани ҳақида ёзади. Абдураҳмон Жомий уларни: «Ислом камандини бўйнидан олиб ташлаган сохта қаландарлар» деб атаса, эронлик олим доктор Али Асғар Ҳалабий қаландарларни шаробхўрлик ва қорадори истеъмол қилишда айблайди.

Исломда тиланчилик қилиш ва шу асосида кун кўриш қаттиқ қораланган. Шунинг учун қаландарлар танқид остига олинган. Чоримизнинг рус истилочи қўшинлари билан бирга қўшилиб Ўрта Осиёга келган мусаввир В.В.Верешагин «Из Оренбурга до Ташкента» деган китобида (СПБ. «Всемирного путешественника», 1874, 46-56) Тошкентда қаландархоналарни кўргани ва улардаги банги, кўкнорихўр қаландарларнинг кулгили ва аянчли аҳволларини тасвирлаб беради.

Мумтоз адабиётда образ сифатида келган қаландарлар эса бу бошқа гап. Баъзи тадқиқотларда таъкидланишича, мумтоз адабиётимизда қаландар лирик қаҳрамон сифатида бир неча маънавий қиёфаларга эга бўлади: Биринчиси – ошиқ қаландарлар. Булар чинакам Ҳақ ошиқлари. Ботинни обод килиш учун зоҳирнинг хароб бўлишига парво қилмайдиган, шафқат ва мурувват соҳиблари. Иккинчиси – мажзуб қаландарлар. Булар қисса, маноқиб, тазкира ва айрим шеърий асарларда таърифу тавсиф этилган валийсифат зотлар. Учинчиси – ужб ва риёдан поклана олмаган, адаб талабларидан чекинган, тиланчилик билан кун кўришни одатга айлантирган қаландарлар.

Абдурауф Фитратнинг ёзишича: «Қаландарлик мусулмон тасаввуфининг шўъбасидир. Бу маслак бизнинг ўлкамизда сўнг кунларгача давом этди». Шунга диққат қилайликки, ўзбек халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётда тасвирланган қаландарлар кўп жиҳатдан ибратли зотлардир. Масалан, «Алпомиш», «Ширин билан Шакар», «Рустамхон», «Орзигул», «Маликаи айёр» каби достонлардан ўрин эгаллаган қаландарлар яхшилик ва эзгуликка содиқ, каромат соҳиби сифатида халқнинг хоҳиш ва истакларини, идеал орзу-умидларини юзага чиқарувчи қаҳрамонлар сифатида намоён бўлади. Ёзма адабиётда ошиқ қаландар ёки қаландар ошиқларнинг мақомлари янада юксак. Шу боис қаландарларнинг ташқи кўринишини характерлайдиган «кулоҳ», «асо», «жанда», «камар» кабилар ҳам ички маънога эга поэтик тимсолларга айлангандир.

Навоийга қадар яшаб ўтган туркий адабиёт вакиллари ижодида қаландарийлик таъсири кенг миқёсда бўлмаса-да, мавжуд. Ҳофиз Хоразмий, Хўжандий, Юсуф Амирий Саййид Аҳмад, Саййид Қосимий, Ҳайдар Хоразмий, Лутфий, Гадоий, Атойи сингари шоирлар асарларида қаландарона руҳ ва оҳанглар билан суғорилган байтлар талайгина. Улар қаландарлик тариқати ҳақиқатларини тўғридан-тўғри тарғиб қилмасалар-да, руҳ ҳурлиги, фақру фанолик, аналҳақлик, ишқ изтиробларининг завқу ҳаяжонли манзараларини қаландарона усулда тасвирлаб берганлар. Ҳофиз Хоразмий ғазалларидан бирида ёзади:

Ҳофизо, ринду қаландарвашу қаллош ўлғил,
Чун бу атворда йўқ мансабсанжи ислом.

Алишер Навоий эса қаландарлик ҳақиқати ва тимсолларига кенг аҳамият берган. Улуғ шоир қаландарлик маслаги талабларини нақадар теран мушоҳада этган бўлса, унинг одобу шартларига ҳам алоҳида эътибор билан қараган. Навоийнинг «Бадоеъ ул-васат» девонидан жой олган «Қирқиб эрди қошин ул бодапараст худрой» сатри билан бошланган ғазали бошдан-охир қаландарлик истилоҳи ва тушунчалари асосида ёзилган. Тасаввуф таълимоти, қаландарлик одобларини яхши билмаган кишининг ушбу ғазалдаги нозик маъно ва ишораларни илғаб олиши маҳолдир. Шоирнинг ишқ таърифида қаландарлиқдан ҳам баҳс юритиши бежиз эмас:

Ишқ аро поку қаландарлик керак,
Шуъла баҳрида самандарлик керак.

Қаландаронаишқу ошиқликнинг йирик намояндаларидан бири– Бобораҳим Машраб. Унинг ғазалларида қаландарона руҳ етакчилик қилади. Шоир бир мухаммасида: “Кулоҳу жандани кийгил, қаландарликни хў қилгин”, деб ёзади. Унинг «қаландар бўл» радифли махсус ғазали ушбу байт билан бошланади:

Муродингга етай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл,
Ситам аҳлин ютай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Мазкур ғазалда «оғиздан дур сочмоқ», «шароби ишқ ичмоқ», «ёмонлардан қочмоқ», «фасод аҳлин қувмоқ», «жаҳонни сайр этмоқ», «разолатни куйдурмоқ», «ҳақиқатни очмоқ», «ҳаммани кулдурмоқ» учун қаландар бўлмоққа даъват қилинади. Зеро, шоир Ҳақни талаб қилиш йўлини қаландарликда кўради:

Нигорим васлини излаб талабда бир қаландарман,
Кечиб дунёи фонийдин талабда бир қаландарман.

Манбалардан маълумки, Машраб туғма валий, ориф ва юрт кезган қаландар шоир бўлган. Исҳоқ Боғистонийнинг «Тазкираи қаландарон» асарида Машрабнинг шогирди Пирмат Сеторий ва қирқ қаландар билан қилган саёҳатлари тасвирланади. Шоирнинг қаландарлиги – оддий тиланчилик, дарбадарлик эмас. Балки дунё севгисидан кечиб, тажрид аҳлидан бўлиш, «Бир Худодан ўзгасини ғалат билиб», фақат Ҳақни севиш, висол умидида икки дунёни «пушти по уриш», чинакам руҳ эркинлигига эришишдан иборат эди. Машрабнинг қаландарона руҳдаги шеърлари ишқ ва жунуннинг ёниқ эҳтирослари билан суғорилган.

Шоир Иброҳим Адҳам ва Мансури Ҳаллож тимсолига кўп мурожаат қилади. Бу икки Ҳақ ошиғининг ҳурлиги, ишқдаги камолот ва имкониятларидан баҳс юритади, моҳиятан инсонни ўзлигини англашга, англатишга ундайди. Унинг исёнкор ва шаккокликка ўхшаб кетадиган шеърларида инсоннинг «мукаррам»лиги ва Оллоҳнинг унга инъом этган шарофати, маъшуқи азал томонидан ошиқнинг ҳам севилиши, ошиқ ва маъшуқликнинг асл моҳияти кўрсатиб берилади. Шоир чин ошиқларга хос ҳамма ҳам тушунавермайдиган тавҳид, «висол», «аналҳақлик», «фақру фанолик» каби асл ҳақиқатлардан гапиради. Машрабнинг шеърий салоҳиятини, Холиқ ва маҳлуқотга бўлган муносабатини, ахлоқий-маърифий қарашларини очиб беришда қаландарлик маслагининг ўзига хос ўрни бор. Масаланинг диққатга молик яна бир жиҳати шундаки, қаландарлик маслаги фақат шоирларимизни эмас, балки шоираларимизни ҳам илҳомлантирган. Моҳларойим Нодира шундай шоиралардан эди. У «қаландар» радифли ғазалида:

Меҳри Худо – рафиқи, Ҳақ ёди – ошноси,
Дунё муҳаббатидин бегонадур қаландар, –

деб ёзади. Шоира «дунёдан бегоналар», «Ҳақ ёди билан яшаш» туйғусини форсча ғазалларга ҳам сингдирди:

Кисвати ишқ дар барам, тожи мурод бар сарам,
Гардиши чарх соғарам, ринди қаландар омадам.

Яъни: Эгнимда – ишқ либоси, бошимда – мурод тожи, қадаҳим – чарх гардиши, ринд, қаландар бўлиб келдим каби байтларидан Насимий, Румий, Машраб ғазалларининг ўтли нафаси уфуриб туради. Шоира Ҳақ ва ҳақиқат кўйидаги ошиқона туйғуларини қаландарлик маслаги орқали рўёбга чиқаришга интилади. Туркий девонининг  «Дебоча»сида қайд этилганидек, унинг шеърлари «шавқ ғалабаси ва жунун туғёнида айтилган, баъзиси бехудлик ва баъзиси беҳушлик ифротида ёзилғон». Шунинг учун ҳам Нодира ғазаллари ишқ изтироблари, қалб кечинмалари, илоҳий туйғуларга бой. У ғазалларида ирфоний сирларни очишга уринади. Шоиранинг фалсафий хулосаларидан маърифатли ўзбек аёлига хос бўлган комилликка интилиш, зиёга ташналикни ҳис қиламиз. Нодира ижодининг энг муҳим қиймати ҳам ана шунда.

Қаландарлик  ғоясини Ҳувайдо, Суфий, Қаландар, Хароботий, Қорий, Мажзуби Намангоний, Азим Хожа Эшон (Азимий) ва бошқа бир қатор шоирлар давом эттирдилар. Тасаввуф фалсафаси ва ахлоқи мумтоз адабиётимизга узоқ даврлардан бери таъсир ўтказиб келган, халқ руҳи ва маънавиятидан чуқур жой олган. Шу боис ҳар бир тариқат ва унинг мумтоз адабиётимизга кўрсатган таъсир доирасини аниқлаш ва баҳолаш адабиётнинг бугунги ва келгуси ривожида алоҳида ўрин тутади.

Манба: Шарқ юлдузи. 2013/5

077 Qalandariya (qalandariylik, qalandarlik) tariqati XI-XII asrlardan e’tiboran shakllana boshlagan. Ilmiy manbalar bu tariqatning asoschisi Jamoliddin Soviy (vaf. 1232) ekanligini ta’kidlaydi. Qalandariya o‘ziga xos urf-odatga ega bo‘lgan tariqat bo‘lib, ko‘p olimlar uni malomatiylikdan ajaralib chiqqanligini e’tirof etishgan.

Sayfiddin RAFIDDIN
ADABIYOTDA QALANDARLIK
07a

Sayfiddin Rafiddin 1958 yilda tug‘ilgan. Camarqand Davlat universitetini tamomlagan. Filologiya fanlari nomzodi. “Majoz va haqiqat”, “Buyuklar halqasi” kabi asarlari nashr etilgan. Olim fors tilidan Navoiyning “Devoni Foniy” asaridan g‘azallar, qasidalar va kichik lirik janrdagi she’rlarni o‘zbekchaga o‘girgan. O‘zbekiston Fanlar Akademiyasining Alisher Navoiy nomidagi Til va adabiyot instituti Mumtoz adabiyot bo‘limi katta ilmiy xodimi.

07a

12Qalandariya (qalandariylik, qalandarlik) tariqati XI-XII asrlardan e’tiboran shakllana boshlagan. Ilmiy manbalar bu tariqatning asoschisi Jamoliddin Soviy (vaf. 1232) ekanligini ta’kidlaydi. Qalandariya o‘ziga xos urf-odatga ega bo‘lgan tariqat bo‘lib, ko‘p olimlar uni malomatiylikdan ajaralib chiqqanligini e’tirof etishgan. Moskvadan chiqqan “Islom qomusiy lug‘atida” ham shunday deyilgan. (Islam. Ensiklopedicheskiy slovar. – M.: “Nauka”, 1991, 129-130 str.). Qalandariylikning paydo bo‘lishi va kelib chiqishi haqida turli-tuman fikrlar yo‘q emas. Qalandarlik – tasavvufga aloqasi bo‘lmagan, tashkillashgan bir jamoadir, degan olimlar ham bor. Qalandarlik tarixiga nazar solsak, dastlabki davrlarda uyushgan va ma’lum qonun-qoidalar asosida qurilgani, a’zolarining maxsus liboslar kiyib yurgani ma’lum bo‘ladi.

Qalandarlar orasida diyonatlilari ham giyohvandlari ham bo‘lgan. Ularning ko‘pi mujarrad, ya’ni bo‘ydoq yurgan. Qalandarlar aynan mana shu uylanmasliklari va tilanchilik qilishlari uchun ba’zi mutasavviflar tomonidan tanqid ostiga olingan. Chunki Islom dinida uylanmaslik ham, tilanchilik orqasidan kun ko‘rish ham gunoh sanalgan. Davrlar o‘tishi bilan ularning qonun-qoidalarida, liboslarida va qalandarxonalardagi tartiblarida o‘zgarishlar ro‘y bergan.

Qadimgi lug‘at va ilmiy manbalarda qalandar atamasining bir necha ma’nolari berilgan. Jumladan: “eshik tez ochilib ketmasligi uchun orqasidan qo‘yiladigan tarashlanmagan (yo‘nilmagan) yog‘och”; “diniy g‘azallar o‘qib, ham dinni targ‘ib qiluvchi, ham darbadar kezuvchi darvesh”; ko‘chma ma’noda “dunyodan voz kechgan, tarki dunyo qilgan kishi, zohid”; “o‘zbek xalq kuylaridan birining nomi”; “erkaklarga qo‘yiladigan nom”. Qalandarbachcha – qalandarning shogirdi. Qalandarxona – qalandarlar yig‘iladigan va tunaydigan joy.

Sayyid Ja’far Sajjodiy degan Eron olimining fikriga ko‘ra: “Qalandarlikdan maqsad, ikki dunyodan o‘zini yiroq tutish va ikki olam uyidan chetga, uzlatga ketish. Qalandar biror mansab, maqomga ega bo‘lmagan, dunyoning ortiqcha g‘am- tashvishlaridan forig‘ bo‘lgan kishidir. U jamiyatga ichdan emas, tashqaridan ta’sir ko‘rsatadi, joriy urf-odatlarni buzadi. Shu sababdan ayrim manbalarda ular ”so‘fiyoni xorij“, ya’ni tasavvufdan, jamiyatdan tashqarida bo‘lgan so‘fiylar, deb nomlangan. So‘fiy, malomatiy va qalandar orasidagi qisqacha farq shunday: so‘fiyning qalbi xalq bilan emas, doim Haq bilan bog‘liq bo‘ladi; Malomatiy qilgan ibodatini xalqdan yashiradi, xalqning ta’nayu malomatidan cho‘chimaydi, hazrat Muhammad alayhissalomni malomatiylarning sardori biladi; qalandar esa xalq urf-odatlarini oshkora buzadi. Faqat majburiy farz amallarini bajarib, ortiqcha toat-ibodatga mayl ko‘rsatmaydi. Qalandar va qalloshni tajrid va tark ahli, deydilar”.

Qalandariylik, – deydi tojik olimi Qurbon Vose’, – malomatiy ta’limi asosida o‘sib, rindlik, javonmardlik va hurufiylikka bir qadar hamohangligi (monandligi, uyg‘unligi) bo‘lgan. Bu hamohanglikni hammadan oldin rasmiy islom va tasavvufga bo‘lgan munosabatda ko‘rish mumkin.

Malumki, darveshlik tariqatlari orasida qalandariylik ham o‘z uyushmasiga ega bo‘lib, ular odamlarning xayr-ehsoni hisobiga yashar edilar.

Turkistonda rasmiy islom dini bilan bir qatorda tasavvuf ham keng tarqaldi, ommalashdi. Yassaviylik, naqshbandiylik, kubraviylik, qodiriylik kabi mashhur tariqatlarning falsafasi, axloqi va qonuniyatlari halqqa yaqin bo‘lganligi uchun butun xalq ommasini o‘ziga jalb etdi. Qalandariylikning bir qator qonuniyatlarini xalq o‘ziga singdirolmagani uchun ham bu tariqat xalq orasida ommalashmagan.

Tarixiy va ilmiy manbalarning guvohlik berishicha, qalandariylik Eronda XVI asrning oxirlarigacha mavjud bo‘lgan. Safaviylarning siyosatdon diniy vakillari tariqat a’zolarini Turkiya va Hindistonga ko‘chirib yuboradilar. Turkiyada esa bu tariqat XIII asrning birinchi yarmida paydo bo‘lib, to XVIII asrning oxiriga qadar faoliyat ko‘rsatgan. Qalandariya Hindistonda XIII asr boshlarida paydo bo‘lib, uning ba’zi tarmoqlari XX asrga qadar yetib kelgan. Tariqatning G‘arbda Siriyadan to Marokkogacha, Sharqda Hindistongacha hamda Movarounnahr va Xuroson o‘lkalarida yoyilganligi tasavvuf tariqatlari ichida o‘z mavqei borligidan dalolat beradi.

Qalandarlik ta’limoti ayrim xususiyatiga ko‘ra boshqa musulmon tariqatlari nazariyalaridan biroz farq qiladi. Unga budda va moniylik an’analarining jiddiy ta’sir etganligi haqida ham fikrlar bildirilgan.

Tasavvufiy manbalarda aytilishcha, datlabki qalandarlar faqirona hayot kechirib, xayru sadaqa evaziga kun ko‘rar edilar. Muayyan manzil-makonlari bo‘lmay, ko‘pincha, ko‘chib yurishardi. Bu ta’limot asosida foniy dunyodan bezish tuyg‘usi, botiniy qanoat, o‘zni ko‘z-ko‘z qilmaslik, shuhratparastlikni qoralash, joriy urf-odat va rasmu rusumlarni buzish, xayru sadaqa yig‘ishda haddan oshmaslik, nafs pokligiga, ruh hotirjamligiga erishish, har bir amalda ixlos qilish kabi qator tushunchalar yotadi.

Ular islomning majburiy farz amallarini bajarib, nafl (qo‘shimcha toat-ibodat) ni bajarishga e’tibor bermasdilar. Jamoat namozlariga, shuningdek, Ramazon oyida o‘qiladigan “tarovih” namoziga ham qatnashmas edilar. 30 kunlik farz ro‘zani, ko‘pincha, ado qilmas, nafl ro‘zalarini tutishdan umuman bosh tortardilar. Arzimas narsalarni, buyumlarni hisoblamaganda, boylikka hirs qo‘yish ularga yot odat edi. Qalandarlarning bir qismi mujarrad (bo‘ydoq) yashash uchun ahdu paymon qilishardi va uylanmaslik, vasvasaga berilmaslik choralarini izlashardi. Dunyoni o‘tkinchi va nisbiy bilib, ruhiy erkinlikka intilgan qalandarlar malomatiylarga aks tarzda xulq-atvorini qanday bo‘lmasin namoyish qilish, ko‘z-ko‘zlash ishtiyoqida bo‘lishgan, malomatga qolish payida jamiyat hayotining, axloqning belgilangan normalarini buzish uchun oshkora bahona izlaganlar. Jamolparastlik va ishqbozlikni haddidan oshirganlar.

Ularning tashqi ko‘rinishi va kiyim-kechagi ham g‘ayrioddiy edi. Soch, soqol-mo‘ylov hatto qoshlarini ham qirtishlab yurardilar (ba’zilari mo‘ylovni qirtishlamasdan qoldirishardi). O‘ziga xos to‘n, hirqa, pahmoq yungli kuloh, har xil jez bezaklar-munchoqlar, halqalar, bilaguzuklar, uzuklar taqib olishardi. Qo‘lda aso, belda kachkul bilan qalandarona mavzudagi g‘azallarni o‘qib yurishardi.

Alisher Navoiy “Mahbub ul-qulub” asarida zohiran qalandar, aslida insoniy g‘ururini oyoq osti qilib tilanchilik va gadolik bilan mashg‘ul bo‘luvchi kimsalarni nafrat bilan tilga olib, odamshavandalikdan yiroq, hayvonsifatlar, deb baholaydi: “Bular orasida o‘ziga qalandar ot qo‘yg‘on mal’un odamiylig‘din mag‘bun. Va dev va shayton olida mat’un. Insoniyat va musulmonlikdan yiroq, to‘ng‘uz va ayiq odamiylig‘da alardin yaxshiroq. Shakl tag‘yiri bila odamiylig‘din karona, po‘stin evura kiymaklari hayvonlig‘ va sabu’iyatdin nishona. Ulug‘ kichikdin har turlukda gadoyi muvahish fosil xavotirdek sofiy ko‘ngulga mushavvash”. Bobur esa “Boburnoma”da xalqni din yo‘lidan chalg‘itishga uringan Shahboz qalandarning qabrini tekislab tashlagani haqida yozadi. Abdurahmon Jomiy ularni: “Islom kamandini bo‘ynidan olib tashlagan soxta qalandarlar” deb atasa, eronlik olim doktor Ali Asg‘ar Halabiy qalandarlarni sharobxo‘rlik va qoradori iste’mol qilishda ayblaydi.

Islomda tilanchilik qilish va shu asosida kun ko‘rish qattiq qoralangan. Shuning uchun qalandarlar tanqid ostiga olingan. Chorimizning rus istilochi qo‘shinlari bilan birga qo‘shilib O‘rta Osiyoga kelgan musavvir V.V.Vereshagin “Iz Orenburga do Tashkenta” degan kitobida (SPB. “Vsemirnogo puteshestvennika”, 1874, 46-56) Toshkentda qalandarxonalarni ko‘rgani va ulardagi bangi, ko‘knorixo‘r qalandarlarning kulgili va ayanchli ahvollarini tasvirlab beradi.

Mumtoz adabiyotda obraz sifatida kelgan qalandarlar esa bu boshqa gap. Ba’zi tadqiqotlarda ta’kidlanishicha, mumtoz adabiyotimizda qalandar lirik qahramon sifatida bir necha ma’naviy qiyofalarga ega bo‘ladi: Birinchisi – oshiq qalandarlar. Bular chinakam Haq oshiqlari. Botinni obod kilish uchun zohirning xarob bo‘lishiga parvo qilmaydigan, shafqat va muruvvat sohiblari. Ikkinchisi – majzub qalandarlar. Bular qissa, manoqib, tazkira va ayrim she’riy asarlarda ta’rifu tavsif etilgan valiysifat zotlar. Uchinchisi – ujb va riyodan poklana olmagan, adab talablaridan chekingan, tilanchilik bilan kun ko‘rishni odatga aylantirgan qalandarlar.

Abdurauf Fitratning yozishicha: “Qalandarlik musulmon tasavvufining sho‘basidir. Bu maslak bizning o‘lkamizda so‘ng kunlargacha davom etdi”. Shunga diqqat qilaylikki, o‘zbek xalq og‘zaki ijodi va yozma adabiyotda tasvirlangan qalandarlar ko‘p jihatdan ibratli zotlardir. Masalan, “Alpomish”, “Shirin bilan Shakar”, “Rustamxon”, “Orzigul”, “Malikai ayyor” kabi dostonlardan o‘rin egallagan qalandarlar yaxshilik va ezgulikka sodiq, karomat sohibi sifatida xalqning xohish va istaklarini, ideal orzu-umidlarini yuzaga chiqaruvchi qahramonlar sifatida namoyon bo‘ladi. Yozma adabiyotda oshiq qalandar yoki qalandar oshiqlarning maqomlari yanada yuksak. Shu bois qalandarlarning tashqi ko‘rinishini xarakterlaydigan “kuloh”, “aso”, “janda”, “kamar” kabilar ham ichki ma’noga ega poetik timsollarga aylangandir.

Navoiyga qadar yashab o‘tgan turkiy adabiyot vakillari ijodida qalandariylik ta’siri keng miqyosda bo‘lmasa-da, mavjud. Hofiz Xorazmiy, Xo‘jandiy, Yusuf Amiriy Sayyid Ahmad, Sayyid Qosimiy, Haydar Xorazmiy, Lutfiy, Gadoiy, Atoyi singari shoirlar asarlarida qalandarona ruh va ohanglar bilan sug‘orilgan baytlar talaygina. Ular qalandarlik tariqati haqiqatlarini to‘g‘ridan-to‘g‘ri targ‘ib qilmasalar-da, ruh hurligi, faqru fanolik, analhaqlik, ishq iztiroblarining zavqu hayajonli manzaralarini qalandarona usulda tasvirlab berganlar. Hofiz Xorazmiy g‘azallaridan birida yozadi:

Hofizo, rindu qalandarvashu qallosh o‘lg‘il,
Chun bu atvorda yo‘q mansabsanji islom.

Alisher Navoiy esa qalandarlik haqiqati va timsollariga keng ahamiyat bergan. Ulug‘ shoir qalandarlik maslagi talablarini naqadar teran mushohada etgan bo‘lsa, uning odobu shartlariga ham alohida e’tibor bilan qaragan. Navoiyning “Badoe’ ul-vasat” devonidan joy olgan “Qirqib erdi qoshin ul bodaparast xudroy” satri bilan boshlangan g‘azali boshdan-oxir qalandarlik istilohi va tushunchalari asosida yozilgan. Tasavvuf ta’limoti, qalandarlik odoblarini yaxshi bilmagan kishining ushbu g‘azaldagi nozik ma’no va ishoralarni ilg‘ab olishi maholdir. Shoirning ishq ta’rifida qalandarliqdan ham bahs yuritishi bejiz emas:

Ishq aro poku qalandarlik kerak,
Shu’la bahrida samandarlik kerak.

Qalandaronaishqu oshiqlikning yirik namoyandalaridan biri– Boborahim Mashrab. Uning g‘azallarida qalandarona ruh yetakchilik qiladi. Shoir bir muxammasida: “Kulohu jandani kiygil, qalandarlikni xo‘ qilgin”, deb yozadi. Uning “qalandar bo‘l” radifli maxsus g‘azali ushbu bayt bilan boshlanadi:

Murodingga yetay desang, qalandar bo‘l, qalandar bo‘l,
Sitam ahlin yutay desang, qalandar bo‘l, qalandar bo‘l.

Mazkur g‘azalda “og‘izdan dur sochmoq”, “sharobi ishq ichmoq”, “yomonlardan qochmoq”, “fasod ahlin quvmoq”, “jahonni sayr etmoq”, “razolatni kuydurmoq”, “haqiqatni ochmoq”, “hammani kuldurmoq” uchun qalandar bo‘lmoqqa da’vat qilinadi. Zero, shoir Haqni talab qilish yo‘lini qalandarlikda ko‘radi:

Nigorim vaslini izlab talabda bir qalandarman,
Kechib dunyoi foniydin talabda bir qalandarman.

Manbalardan ma’lumki, Mashrab tug‘ma valiy, orif va yurt kezgan qalandar shoir bo‘lgan. Is’hoq Bog‘istoniyning “Tazkirai qalandaron” asarida Mashrabning shogirdi Pirmat Setoriy va qirq qalandar bilan qilgan sayohatlari tasvirlanadi. Shoirning qalandarligi – oddiy tilanchilik, darbadarlik emas. Balki dunyo sevgisidan kechib, tajrid ahlidan bo‘lish, “Bir Xudodan o‘zgasini g‘alat bilib”, faqat Haqni sevish, visol umidida ikki dunyoni “pushti po urish”, chinakam ruh erkinligiga erishishdan iborat edi. Mashrabning qalandarona ruhdagi she’rlari ishq va jununning yoniq ehtiroslari bilan sug‘orilgan.

Shoir Ibrohim Adham va Mansuri Halloj timsoliga ko‘p murojaat qiladi. Bu ikki Haq oshig‘ining hurligi, ishqdagi kamolot va imkoniyatlaridan bahs yuritadi, mohiyatan insonni o‘zligini anglashga, anglatishga undaydi. Uning isyonkor va shakkoklikka o‘xshab ketadigan she’rlarida insonning “mukarram”ligi va Ollohning unga in’om etgan sharofati, ma’shuqi azal tomonidan oshiqning ham sevilishi, oshiq va ma’shuqlikning asl mohiyati ko‘rsatib beriladi. Shoir chin oshiqlarga xos hamma ham tushunavermaydigan tavhid, “visol”, “analhaqlik”, “faqru fanolik” kabi asl haqiqatlardan gapiradi. Mashrabning she’riy salohiyatini, Xoliq va mahluqotga bo‘lgan munosabatini, axloqiy-ma’rifiy qarashlarini ochib berishda qalandarlik maslagining o‘ziga xos o‘rni bor. Masalaning diqqatga molik yana bir jihati shundaki, qalandarlik maslagi faqat shoirlarimizni emas, balki shoiralarimizni ham ilhomlantirgan. Mohlaroyim Nodira shunday shoiralardan edi. U “qalandar” radifli g‘azalida:

Mehri Xudo – rafiqi, Haq yodi – oshnosi,
Dunyo muhabbatidin begonadur qalandar, –

deb yozadi. Shoira “dunyodan begonalar”, “Haq yodi bilan yashash” tuyg‘usini forscha g‘azallarga ham singdirdi:

Kisvati ishq dar baram, toji murod bar saram,
Gardishi charx sog‘aram, rindi qalandar omadam.

Ya’ni: Egnimda – ishq libosi, boshimda – murod toji, qadahim – charx gardishi, rind, qalandar bo‘lib keldim kabi baytlaridan Nasimiy, Rumiy, Mashrab g‘azallarining o‘tli nafasi ufurib turadi. Shoira Haq va haqiqat ko‘yidagi oshiqona tuyg‘ularini qalandarlik maslagi orqali ro‘yobga chiqarishga intiladi. Turkiy devonining “Debocha”sida qayd etilganidek, uning she’rlari “shavq g‘alabasi va junun tug‘yonida aytilgan, ba’zisi bexudlik va ba’zisi behushlik ifrotida yozilg‘on”. Shuning uchun ham Nodira g‘azallari ishq iztiroblari, qalb kechinmalari, ilohiy tuyg‘ularga boy. U g‘azallarida irfoniy sirlarni ochishga urinadi. Shoiraning falsafiy xulosalaridan ma’rifatli o‘zbek ayoliga xos bo‘lgan komillikka intilish, ziyoga tashnalikni his qilamiz. Nodira ijodining eng muhim qiymati ham ana shunda.

Qalandarlik g‘oyasini Huvaydo, Sufiy, Qalandar, Xarobotiy, Qoriy, Majzubi Namangoniy, Azim Xoja Eshon (Azimiy) va boshqa bir qator shoirlar davom ettirdilar. Tasavvuf falsafasi va axloqi mumtoz adabiyotimizga uzoq davrlardan beri ta’sir o‘tkazib kelgan, xalq ruhi va ma’naviyatidan chuqur joy olgan. Shu bois har bir tariqat va uning mumtoz adabiyotimizga ko‘rsatgan ta’sir doirasini aniqlash va baholash adabiyotning bugungi va kelgusi rivojida alohida o‘rin tutadi.

Manba: Sharq yulduzi. 2013/5

09

(Tashriflar: umumiy 3 771, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ассалому алайкум!
    Ishoq сўзи лотин ёзувида Is`hoq каби ёзилиши керак эмасми?
    Тил қоидаларида шундай дейилган. Илтимос, тўғрилаб қўйсангизлар.

Izoh qoldiring