Ишдан қайтаётгандим. Бир пайт кўча четида турганча қўлидаги найини сотишга уринаётган бир болакайга кўзим тушди. У ўтган кетганларга ялинганча, буюмини харид қилишларини сўрар, аммо шошқалоқ одамлар унга эътибор ҳам бермасдилар. Болакай йиғларди… Раҳмим келиб, унга бироз пул тутқаздим.
Анжу Котвани (Ҳиндистон)
ЯРАТГАННИНГ ЕРДАГИ ФАРИШТАСИ
Нодирабегим Иброҳимова таржимаси
Ишдан қайтаётгандим. Бир пайт кўча четида турганча қўлидаги найини сотишга уринаётган бир болакайга кўзим тушди. У ўтган кетганларга ялинганча, буюмини харид қилишларини сўрар, аммо шошқалоқ одамлар унга эътибор ҳам бермасдилар. Болакай йиғларди… Раҳмим келиб, унга бироз пул тутқаздим. Аммо у кескин рад этди.
— Йўқ, хола, мен гадой эмасман. Мана шу… найимни сотиб олинг, менга пул жуда зарур, илтимос.
Менга найнинг кераги йўқ эди. Буни унга тушунтирдим ва пулни олаверишини айтдим. Болакай барибир кўнмади.
— Ололмайман, уйимдагиларга ҳолол пул беришни истайман. Бисотимда шугина най бор…
Уйга келдим. Эримга бу нохуш воқеани гапириб бердим.
— Худонинг ўзи унга кўмак берсин, -қўшиб қўйдим гапимнинг сўнггида.
Бир четда ўғлим гапларимни эшитиб турган экан. У югуриб ҳузуримга келди ва сўроққа тутди:
— Ойижон, Худо қаерда? У одамларга қандай ёрдам бериши мумкин? Менинг уй вазифаларимни тайёрлашга ҳам кўмаклашармикин?
— Худо Кўкда яшайди, ўғлим. У тепадан туриб одамларни кузатади ва муҳтож кимсаларга ёрдам қўлини чўзади. Унинг қудрати чексиз. Аммо сенинг уй вазифангга ёрдам беролмайди. Чунки бу сенинг юмушинг, тушундингми, болагинам?
— Одамларга тепадан туриб қандай ёрдам беради унда? Ерга тушиб қаралашса бўлмайдими?
— Худо бирорта бандаси орқали ўша ғариб инсонга кўмак кўрсатади-да. Худодан ёрдам сўрасак, кимдир ёки нимадир орқали ўша сўраган нарсамиз, албатта етиб келади.
— Унда нега анави болага Худо ёрдамчи юбормади? Балки Худо сизни ёрдамчи қилмоқчидир…
Бу гапни эшитиб қизариб кетдим. Туни билан ухлолмадим. Эртага албатта ўша найни сотиб олишга қарор қилдим. Бугун бермоқчи бўлган пулимга салгина қўшсам бўлди-ку, найни оламан. Тонг отиши билан ишга тезроқ отландим. Кўчага чиқиб ўша болакай турган жойга ҳаллослаб етиб келдим. Аммо… у йўқ эди. Кунлар кунларга уланди, аммо ишга кетишимда ҳам, қайтишимда ҳам уни кўрмасдим. Балки Худо унга бошқа бир инсон орқали кўмак юборгандир… Бу фикр менга анча тасалли берди. Бироқ… нега бундай шарафли ишни мен вақтида бажаролмадим: нега савобни бой бердим?
Одамзод доим буюк ишлар хаёлида юради. Гўёки бир болакайга ёрдам қўлини чўзиш оддий, ҳашаки ишдек кўриниб, эътиборга олмайди…
Орадан вақт ўтди. Бу ҳақида унутиб ҳам юбордим. Яна ўз дунёмга шўнғиб кетдим. Аммо ўғлимнинг қалбида ўша сўзлар бир умрга муҳрланиб қолган: “Яратган бандаси орқали кўмак юборади…” У камбағал дўстларига ўз ўйинчоқларидан улашишни канда қилмайди. Мен эса бундан баъзан ранжийман.
-Ҳамма ўйинчоқларингни бериб юборсанг, ўзингга нима қолади,- деб койиб тураман. Ўғлим эса:
— Худо менинг дилимга солди, анави ўйинчоғи йўқ болага берсанг, мен сенга ундан-да кўп бераман, дегандек бўлди –дейди жилмайиб.
Мен эса шу заҳоти жаҳлдан тушиб, боламни қучиб оламан.
— Худо менга ёрдам беришингиз учун сизни -Онамни яратган экан, буни билиб олдим, -дейди у ҳам бўйнимдан қучоқлаб.
Бағримга Яратганнинг митти фариштасини босиб ўтирганимдан жуда бахтли эдим…
Anju Kotvani (Hindiston)
YARATGANNING YERDAGI FARISHTASI
Nodirabegim Ibrohimova tarjimasi
Ishdan qaytayotgandim. Bir payt ko’cha chetida turgancha qo’lidagi nayini sotishga urinayotgan bir bolakayga ko’zim tushdi. U o’tgan ketganlarga yalingancha, buyumini xarid qilishlarini so’rar, ammo shoshqaloq odamlar unga e’tibor ham bermasdilar. Bolakay yig’lardi… Rahmim kelib, unga biroz pul tutqazdim. Ammo u keskin rad etdi.
— Yo’q, xola, men gadoy emasman. Mana shu… nayimni sotib oling, menga pul juda zarur, iltimos.
Menga nayning keragi yo’q edi. Buni unga tushuntirdim va pulni olaverishini aytdim. Bolakay baribir ko’nmadi.
— Ololmayman, uyimdagilarga holol pul berishni istayman. Bisotimda shugina nay bor…
Uyga keldim. Erimga bu noxush voqeani gapirib berdim.
— Xudoning o’zi unga ko’mak bersin, -qo’shib qo’ydim gapimning so’nggida.
Bir chetda o’g’lim gaplarimni eshitib turgan ekan. U yugurib huzurimga keldi va so’roqqa tutdi:
— Oyijon, Xudo qaerda? U odamlarga qanday yordam berishi mumkin? Mening uy vazifalarimni tayyorlashga ham ko’maklasharmikin?
— Xudo Ko’kda yashaydi, o’g’lim. U tepadan turib odamlarni kuzatadi va muhtoj kimsalarga yordam qo’lini cho’zadi. Uning qudrati cheksiz. Ammo sening uy vazifangga yordam berolmaydi. Chunki bu sening yumushing, tushundingmi, bolaginam?
— Odamlarga tepadan turib qanday yordam beradi unda? Yerga tushib qaralashsa bo’lmaydimi?
— Xudo birorta bandasi orqali o’sha g’arib insonga ko’mak ko’rsatadi-da. Xudodan yordam so’rasak, kimdir yoki nimadir orqali o’sha so’ragan narsamiz, albatta yetib keladi.
— Unda nega anavi bolaga Xudo yordamchi yubormadi? Balki Xudo sizni yordamchi qilmoqchidir…
Bu gapni eshitib qizarib ketdim. Tuni bilan uxlolmadim. Ertaga albatta o’sha nayni sotib olishga qaror qildim. Bugun bermoqchi bo’lgan pulimga salgina qo’shsam bo’ldi-ku, nayni olaman. Tong otishi bilan ishga tezroq otlandim. Ko’chaga chiqib o’sha bolakay turgan joyga halloslab yetib keldim. Ammo… u yo’q edi. Kunlar kunlarga ulandi, ammo ishga ketishimda ham, qaytishimda ham uni ko’rmasdim. Balki Xudo unga boshqa bir inson orqali ko’mak yuborgandir… Bu fikr menga ancha tasalli berdi. Biroq… nega bunday sharafli ishni men vaqtida bajarolmadim: nega savobni boy berdim?
Odamzod doim buyuk ishlar xayolida yuradi. Go’yoki bir bolakayga yordam qo’lini cho’zish oddiy, hashaki ishdek ko’rinib, e’tiborga olmaydi…
Oradan vaqt o’tdi. Bu haqida unutib ham yubordim. Yana o’z dunyomga sho’ng’ib ketdim. Ammo o’g’limning qalbida o’sha so’zlar bir umrga muhrlanib qolgan: “Yaratgan bandasi orqali ko’mak yuboradi…” U kambag’al do’stlariga o’z o’yinchoqlaridan ulashishni kanda qilmaydi. Men esa bundan ba’zan ranjiyman.
-Hamma o’yinchoqlaringni berib yuborsang, o’zingga nima qoladi,- deb koyib turaman. O’g’lim esa:
— Xudo mening dilimga soldi, anavi o’yinchog’i yo’q bolaga bersang, men senga undan-da ko’p beraman, degandek bo’ldi –deydi jilmayib.
Men esa shu zahoti jahldan tushib, bolamni quchib olaman.
— Xudo menga yordam berishingiz uchun sizni -Onamni yaratgan ekan, buni bilib oldim, -deydi u ham bo’ynimdan quchoqlab.
Bag’rimga Yaratganning mitti farishtasini bosib o’tirganimdan juda baxtli edim…