Панжара олдида шовқин сира тинмайди. Ҳозиргина болалар зув югуриб ўтиб кетишди; ҳаял ўтмай ғалла ортилган аравалар пайдо бўлди, улардаги боғламлар устига эркаклар ва аёллар ўтириб олишган, теварак-атрофдаги гулпушталар қорайиб кўринади; кечга томон ҳасса таянган бир жанобга кўзим тушди, у афтидан, кечки салқинда аста сайр қилиб юрарди, унинг рўпарасидан қўл ушлашиб келаётган бир тўп қизлар чиқиб қолди, ана, улар саломлашиб, ён томондаги майсазорга ўтиб кетишди.
ФРАНЦ КАФКА
ҚИШЛОҚ КЎЧАСИДАГИ БОЛАЛАР
Немисчадан Мирзаали АКБАРОВ таржимаси
Франц Кафка 1883 йилнинг 3 июлида Прага шаҳрида туғилган. Отаси ўз меҳнати туфайли шаҳарда кичикроқ бир фабриканинг эгаси бўлган. У уч қизи ва ўғли Франснинг келажагини таъмин этмоқчи бўлди, лекин ўғли билан бир умр келишолмай ўтди. Францнинг онаси руҳонийлар оиласидан эди.
Кафка Прагадаги немис гимназиясини тугатиб, 1901 — 1905 йилларда Прага университетида ҳуқуқшуносликни ўрганди, санъат тарихи ва олмоншунослик бўйича маърузалар тинглади. 1906 — 1907 йилларда Прага шаҳар судининг адвокатлар идорасида амалиёт ўтади. 1907 йилнинг октябридан бошлаб хусусий суғурта жамиятига хизматга кирди. 1908 йилда Прага тижорат академиясида шу ихтисослик бўйича малакасини оширди. Шундан сўнг у турли кам иш тўланадиган ташкилотларда ишлаган. 1917 йилда Кафка сил касалига дучор бўлади, 1922 йилда нафақага чиқади. 1923 йили Берлинга кетади, лекин соғлигининг ёмонлашуви сабабли Прагага қайтишга мажбур бўлади. Франс Кафка 1924 йилнинг 3 июнида Вена шаҳри атрофидаги Кирлинг санаториясида вафот этади.
Асарлари: «Бир кураш тарихи» (1902-1903, биринчи асари), «Қурилиш» (1923, охирги асари), «Америка» (1911-1916, биринчи романи), «Жараён» (1915-1918, иккинчи романи), «Қўрғон» (1921-1922, охирги романи), «Эврилиш», «Ҳукм», «Жазо колониясида», «Очлик устаси», «Отамга хат» ва бошқ.
Боғ панжараси ёнидан араваларнинг ўтиб бораётгани эшитилди, баъзан уларни сал-пал чайқалиб турган барг-япроқлар орасидан ҳам кўриб қолардим. Уларнинг жазирама иссиқда қуриб-қақшаб кетган кегай ҳамда шотилари шунақанги ғичирлардики! Даладан қайтаётган ишчиларнинг бундан кулишаётганини кўриб, одам уялиб кетарди.
Мен ота-онамнинг боғида, дарахтлар орасида, абжиргина арғимчоғимизда дам олиб ўтирардим.
Панжара олдида шовқин сира тинмайди. Ҳозиргина болалар зув югуриб ўтиб кетишди; ҳаял ўтмай ғалла ортилган аравалар пайдо бўлди, улардаги боғламлар устига эркаклар ва аёллар ўтириб олишган, теварак-атрофдаги гулпушталар қорайиб кўринади; кечга томон ҳасса таянган бир жанобга кўзим тушди, у афтидан, кечки салқинда аста сайр қилиб юрарди, унинг рўпарасидан қўл ушлашиб келаётган бир тўп қизлар чиқиб қолди, ана, улар саломлашиб, ён томондаги майсазорга ўтиб кетишди.
Шундан сўнг, аллақаердан “гув” этиб қушлар осмонга кўтарилди, уларни кузатарканман, бирданига отилиб чиққанини кўрган бўлсам ҳам, негадир ишонгим келмасди, эҳтимол, қувватсизликданми, бир оз бошим айланиб, ўзимни худди йиқилаётгандек ҳис қилдим ва арқонларни маҳкам ушлаб олдим. Дам ўтмай, қаттиқроқ чайқала бошладим, ҳаво ҳам янада салқинлашиб, осмонда парвоз қилиб юрган қушлар ўрнини энди милтиллаган юлдузлар эгаллади.
Шам ёруғида кечки тамаддига ўтирдим. Чарчадим шекилли, иккала қўлларим билан тахтасупага суянган кўйим бутерброд еб олдим. Деразанинг ниҳоятда юпқа, майин тўрсимон пардалари илиқ шабадада енгил ҳилпирайди, гоҳ-гоҳ кўчадан битта-яримта ўтиб қолиб, мен билан кўришиб, гаплашгиси келиб қолса, уни қўллари билан маҳкам тутади. Кўпинча шам ўчиб қолади ва шамнинг бўғиқ тутунида анчагача чивинлар уймалашади. Гоҳо кимдир дераза оша чақириб қолади, мен ҳам худди тоғларга ёки очиқ ҳавога қарагандек, бирров назар ташлайман, овоз берган кимса эса жавоб ҳам кутмай кетиб қолади.
Ниҳоят, биттаси дераза панжарасига астойдил сакраб чиқади ва бошқалар уй олдида тўпланиб, кутишаётганини маълум қилади, мен эса хўрсиниб, ўрнимдан тураман.
— Йўғ-е, намунча хўрсинмасанг? Нима бўлди ўзи? Бошингга бирор оғир, тузатиб бўлмас мусибат тушдими? Нима, энди сира ўзимизга келолмаймизми? Ростданам ҳаммаси тугадими?
Ҳеч нима тугагани йўқ эди. Биз уй олдига чопиб бордик.
— Хайрият-е, келдиларингми? Сен ўзи доим кеч қоласан!
— Нега энди мен?
— Ҳа, сен, хоҳламасанг, уйингда ўтир. Аяб ўтириш йўқ!
— Нима? Аяб ўтириш йўқ? Бу нима деганинг?
Биз бошимиз билан оқшом бағрига шўнғидик. На куннинг, на туннинг фарқи бор эди. Дам нимчаларимиз тугмалари бир-бирига тегиб, тишдек ғичирлар, дам барчамиз баравар масофада бирга югуриб борар, тропик жойлардаги жониворларга ўхшаб, оғзимиздан олов пуркардик. Қадимги урушлардаги кирасир (кираса (совут) кийган отлиқ аскар)лар янглиғ бир-бир босиб, тағин осмону заминда, бир-биримизни туртиб-суриб, торкўчадан қуйи тушиб келар ва оёқларимиздаги ана шу тезлик совиб улгурмай, яна қайтадан қишлоқ кўчаси сари чиқиб борардик. Шу кетишда баъзи бир шерикларимиз кўчадаги чуқурларга тушиб кетар, аммо қорамтир дўнглик олдида кўздан ғойиб бўлди дегунча, яна юқорида, дала йўлида бегона одамлардек пайдо бўлар ва пастга термулиб туришарди.
— Бу ёққа тушсаларинг-чи!
— Аввал тепага чиқиб олларинг!
— Бизни йиқитмоқчисанлар деб ўйлаётганимиз йўқ, ақлимиз жойида.
— Шунчалик қўрқоқмиз, демоқчимисанлар. Қани, чиқа қолинглар унда!
— Ростданми? Санлар-а? Бизни йиқитмоқчимисанлар? Кўрамиз ҳали аҳволларингни.
Биз ҳужумни бошладик, зумда ойнадек силлиқ тепалик олдига етиб бориб, ўзимизни кўчадаги ўт-ўланлар ўсиб ётган чуқурлар устига ташладик, кимдир ногоҳ йиқилди, кимдир ўз ихтиёри билан. Ҳамма нарса бирдек қизиган, биз на иссиқни, на ўт-майсалардаги совуқни сезардик, фақат чарчаганимиз билинарди, холос.
Ўнг томонга хиёл ёнбошлаб, қўлни қулоқ остига қўйдим дегунча, одамни уйқу элита бошлайди. Лекин бошингни кўтариб, бор кучингни тўплаб, яна сакраб ўрнингдан туришинг, янада чуқурроқ ўрага тушиб кетишинг керак. Шундан сўнг, қўлингни кўндаланг тутиб, оёқларингни ёндама шамол ялаб, ҳавога юзма-юз отилиб чиқасан ва албатта, яна бошқа чуқурроқ хандаққа йиқилиб тушасан. Кошки эди шуниси охиргиси бўлса.
Сўнгги чуқурда букик тиззаларингни, бутун танангни ўз ҳолига қўйиб, чўзилиб ухлаб олгинг келади, қаёқда, бу ҳақда ўйлаб ҳам бўлмайди, аксинча, касал одамга ўхшаб чалқанча ётволиб, йиғлаворай дейсан. Мабодо тепаликдан биронта бола тирсакларини белига тираб, товонлари қорайиб тушиб келгудек бўлса, унга аста кўз қисиб қўясан.
Тепада Ой кўринди, чироқларини ёқволган почта машинаси ўтиб кетди.
Енгил шабада эсди, буни чуқурда ётиб ҳам сезиш мумкин эди, яқин-ўртада жойлашган ўрмон шовиллай бошлади. Шунақа пайтларда одамнинг ортиқ ёлғиз қолгиси келмай қолади.
— Қаердасанлар? Бу ёққа келинглар, ҳамманг!
— Нимага яшириниб ўтирибсан, тур-е!
— Почта аллақачон ўтиб кетди, билмадиларингми?
— Йўғ-е! Ростданми?
— Албатта, сен ухлаётган пайтда ўтиб кетган.
— Мен ухладимми? Бўлмаган гап!
— Қўйсанг-чи, юз-кўзларингдан билиниб турибди-ку.
— Сендан илтимос қиламан…
— Кела қолинглар энди!
Биз ёнма-ён югуришиб кетдик, баъзилар қўл ушлашиб олди, бошимизни тик тутиб бўлмасди, чунки пастга қараб тушиб борардик. Кимдир кутилмаганда ҳиндуларнинг жанговар чақириғидан ҳайқириб юборди ва биз энди отларга ўхшаб сакраб чопа кетдик, ҳар сакрашимизда шамол белларимиздан қучиб, мададкор бўлаётгандек туюларди. Бизни ҳеч нарса тўхтата олмасди; бир-биримизни қувиб ўтаётганимизда қўлларимизни қовуштириб, ён-атрофимизга ҳам бирров разм солиб олардик.
Тентаксой кўприги устига етганда, ҳаммамиз тўхтаб қолдик; илгарилаб кетганлар ҳам қайтиб келишди. Пастда сув тош ва илдизларга урилиб оқар, вақт алламаҳал бўлиб қолгани ҳам сезилмасди. Нега ҳозир бирортамиз кўприк панжарасидан сувга сакрамаётганимиз ажабланарли ҳол эди.
Узоқда, бутазор ва чангалзорлар ортидан темир йўл поезди елиб келарди. Барча купеларнинг чироқлари ёниқ, дераза ойналари тушириб қўйилган эди. Шунда орамиздан биттаси ногоҳ кўча қўшиғини куйлай бошлади-ю, барчамизнинг ашула айтгимиз келиб қолди. Биз поездга қараганда ҳам тезроқ куйлардик, қўлларимизни силкиб ҳам қўярдик, чунки овозимиз етишмай, бўғилаётгандек туюлар, бу эса бизга ёқарди. Агар овозинг бошқаларники билан қўшилиб кетгудек бўлса, ўзингни гўё қармоққа илингандек ҳис этаркансан.
Ортимизда ўрмон, олислаб бораётган сайёҳлар кетидан шундай куйлаб қолдик. Бу пайтда қишлоқда катталар ҳалиям уйғоқ, оналар эса болаларини ётқизиш учун жой ҳозирлашарди.
Вақт бўлди. Мен ёнимдаги болани ўпиб қўйдим-да, қолган учовига шунчаки қўл узатдим ва келган йўлимдан орқага чопиб кетдим, ортимдан ҳеч ким чақирмади. Биринчи муюлишга етиб боргач, мени энди улар кўра олмасди, бурилдим ва дала йўллари бўйлаб ўрмон томон яна югуриб кетдим. Мен жанубдаги шаҳар сари интилардим. Бу шаҳар ҳақида қишлоғимизда шундай гап-сўз юрарди:
— У ерда одамлар яшайди! Биласизларми, улар ухламас эмиш!
— Нега энди ухламас экан?
— Чунки улар чарчашмас экан.
— Нега энди чарчашмаса экан?
— Чунки улар аҳмоқ экан.
— Нима, аҳмоқлар чарчамайдими?
— Аҳмоқлар қандай чарчасин, ахир!
Манба: «Китоб дунёси»,1-сон, 2015 йил
FRANTS KAFKA
QISHLOQ KO’CHASIDAGI BOLALAR
Nemischadan Mirzaali AKBAROV tarjimasi
Frants Kafka 1883 yilning 3 iyulida Praga shahrida tug’ilgan. Otasi o’z mehnati tufayli shaharda kichikroq bir fabrikaning egasi bo’lgan. U uch qizi va o’g’li Fransning kelajagini ta’min etmoqchi bo’ldi, lekin o’g’li bilan bir umr kelisholmay o’tdi. Frantsning onasi ruhoniylar oilasidan edi.
Kafka Pragadagi nemis gimnaziyasini tugatib, 1901 — 1905 yillarda Praga universitetida huquqshunoslikni o’rgandi, san’at tarixi va olmonshunoslik bo’yicha ma’ruzalar tingladi. 1906 — 1907 yillarda Praga shahar sudining advokatlar idorasida amaliyot o’tadi. 1907 yilning oktyabridan boshlab xususiy sug’urta jamiyatiga xizmatga kirdi. 1908 yilda Praga tijorat akademiyasida shu ixtisoslik bo’yicha malakasini oshirdi. Shundan so’ng u turli kam ish to’lanadigan tashkilotlarda ishlagan. 1917 yilda Kafka sil kasaliga duchor bo’ladi, 1922 yilda nafaqaga chiqadi. 1923 yili Berlinga ketadi, lekin sog’ligining yomonlashuvi sababli Pragaga qaytishga majbur bo’ladi. Frans Kafka 1924 yilning 3 iyunida Vena shahri atrofidagi Kirling sanatoriyasida vafot etadi.
Asarlari: «Bir kurash tarixi» (1902-1903, birinchi asari), «Qurilish» (1923, oxirgi asari), «Amerika» (1911-1916, birinchi romani), «Jarayon» (1915-1918, ikkinchi romani), «Qo’rg’on» (1921-1922, oxirgi romani), «Evrilish», «Hukm», «Jazo koloniyasida», «Ochlik ustasi», «Otamga xat» va boshq.
Bog’ panjarasi yonidan aravalarning o’tib borayotgani eshitildi, ba’zan ularni sal-pal chayqalib turgan barg-yaproqlar orasidan ham ko’rib qolardim. Ularning jazirama issiqda qurib-qaqshab ketgan kegay hamda shotilari shunaqangi g’ichirlardiki! Daladan qaytayotgan ishchilarning bundan kulishayotganini ko’rib, odam uyalib ketardi.
Men ota-onamning bog’ida, daraxtlar orasida, abjirgina arg’imchog’imizda dam olib o’tirardim.
Panjara oldida shovqin sira tinmaydi. Hozirgina bolalar zuv yugurib o’tib ketishdi; hayal o’tmay g’alla ortilgan aravalar paydo bo’ldi, ulardagi bog’lamlar ustiga erkaklar va ayollar o’tirib olishgan, tevarak-atrofdagi gulpushtalar qorayib ko’rinadi; kechga tomon hassa tayangan bir janobga ko’zim tushdi, u aftidan, kechki salqinda asta sayr qilib yurardi, uning ro’parasidan qo’l ushlashib kelayotgan bir to’p qizlar chiqib qoldi, ana, ular salomlashib, yon tomondagi maysazorga o’tib ketishdi.
Shundan so’ng, allaqaerdan “guv” etib qushlar osmonga ko’tarildi, ularni kuzatarkanman, birdaniga otilib chiqqanini ko’rgan bo’lsam ham, negadir ishongim kelmasdi, ehtimol, quvvatsizlikdanmi, bir oz boshim aylanib, o’zimni xuddi yiqilayotgandek his qildim va arqonlarni mahkam ushlab oldim. Dam o’tmay, qattiqroq chayqala boshladim, havo ham yanada salqinlashib, osmonda parvoz qilib yurgan qushlar o’rnini endi miltillagan yulduzlar egalladi.
Sham yorug’ida kechki tamaddiga o’tirdim. Charchadim shekilli, ikkala qo’llarim bilan taxtasupaga suyangan ko’yim buterbrod yeb oldim. Derazaning nihoyatda yupqa, mayin to’rsimon pardalari iliq shabadada yengil hilpiraydi, goh-goh ko’chadan bitta-yarimta o’tib qolib, men bilan ko’rishib, gaplashgisi kelib qolsa, uni qo’llari bilan mahkam tutadi. Ko’pincha sham o’chib qoladi va shamning bo’g’iq tutunida anchagacha chivinlar uymalashadi. Goho kimdir deraza osha chaqirib qoladi, men ham xuddi tog’larga yoki ochiq havoga qaragandek, birrov nazar tashlayman, ovoz bergan kimsa esa javob ham kutmay ketib qoladi.
Nihoyat, bittasi deraza panjarasiga astoydil sakrab chiqadi va boshqalar uy oldida to’planib, kutishayotganini ma’lum qiladi, men esa xo’rsinib, o’rnimdan turaman.
— Yo’g’-ye, namuncha xo’rsinmasang? Nima bo’ldi o’zi? Boshingga biror og’ir, tuzatib bo’lmas musibat tushdimi? Nima, endi sira o’zimizga kelolmaymizmi? Rostdanam hammasi tugadimi?
Hech nima tugagani yo’q edi. Biz uy oldiga chopib bordik.
— Xayriyat-ye, keldilaringmi? Sen o’zi doim kech qolasan!
— Nega endi men?
— Ha, sen, xohlamasang, uyingda o’tir. Ayab o’tirish yo’q!
— Nima? Ayab o’tirish yo’q? Bu nima deganing?
Biz boshimiz bilan oqshom bag’riga sho’ng’idik. Na kunning, na tunning farqi bor edi. Dam nimchalarimiz tugmalari bir-biriga tegib, tishdek g’ichirlar, dam barchamiz baravar masofada birga yugurib borar, tropik joylardagi jonivorlarga o’xshab, og’zimizdan olov purkardik. Qadimgi urushlardagi kirasir (kirasa (sovut) kiygan otliq askar)lar yanglig’ bir-bir bosib, tag’in osmonu zaminda, bir-birimizni turtib-surib, torko’chadan quyi tushib kelar va oyoqlarimizdagi ana shu tezlik sovib ulgurmay, yana qaytadan qishloq ko’chasi sari chiqib borardik. Shu ketishda ba’zi bir sheriklarimiz ko’chadagi chuqurlarga tushib ketar, ammo qoramtir do’nglik oldida ko’zdan g’oyib bo’ldi deguncha, yana yuqorida, dala yo’lida begona odamlardek paydo bo’lar va pastga termulib turishardi.
— Bu yoqqa tushsalaring-chi!
— Avval tepaga chiqib ollaring!
— Bizni yiqitmoqchisanlar deb o’ylayotganimiz yo’q, aqlimiz joyida.
— Shunchalik qo’rqoqmiz, demoqchimisanlar. Qani, chiqa qolinglar unda!
— Rostdanmi? Sanlar-a? Bizni yiqitmoqchimisanlar? Ko’ramiz hali ahvollaringni.
Biz hujumni boshladik, zumda oynadek silliq tepalik oldiga yetib borib, o’zimizni ko’chadagi o’t-o’lanlar o’sib yotgan chuqurlar ustiga tashladik, kimdir nogoh yiqildi, kimdir o’z ixtiyori bilan. Hamma narsa birdek qizigan, biz na issiqni, na o’t-maysalardagi sovuqni sezardik, faqat charchaganimiz bilinardi, xolos.
O’ng tomonga xiyol yonboshlab, qo’lni quloq ostiga qo’ydim deguncha, odamni uyqu elita boshlaydi. Lekin boshingni ko’tarib, bor kuchingni to’plab, yana sakrab o’rningdan turishing, yanada chuqurroq o’raga tushib ketishing kerak. Shundan so’ng, qo’lingni ko’ndalang tutib, oyoqlaringni yondama shamol yalab, havoga yuzma-yuz otilib chiqasan va albatta, yana boshqa chuqurroq xandaqqa yiqilib tushasan. Koshki edi shunisi oxirgisi bo’lsa.
So’nggi chuqurda bukik tizzalaringni, butun tanangni o’z holiga qo’yib, cho’zilib uxlab olging keladi, qayoqda, bu haqda o’ylab ham bo’lmaydi, aksincha, kasal odamga o’xshab chalqancha yotvolib, yig’lavoray deysan. Mabodo tepalikdan bironta bola tirsaklarini beliga tirab, tovonlari qorayib tushib kelgudek bo’lsa, unga asta ko’z qisib qo’yasan.
Tepada Oy ko’rindi, chiroqlarini yoqvolgan pochta mashinasi o’tib ketdi.
Yengil shabada esdi, buni chuqurda yotib ham sezish mumkin edi, yaqin-o’rtada joylashgan o’rmon shovillay boshladi. Shunaqa paytlarda odamning ortiq yolg’iz qolgisi kelmay qoladi.
— Qaerdasanlar? Bu yoqqa kelinglar, hammang!
— Nimaga yashirinib o’tiribsan, tur-ye!
— Pochta allaqachon o’tib ketdi, bilmadilaringmi?
— Yo’g’-ye! Rostdanmi?
— Albatta, sen uxlayotgan paytda o’tib ketgan.
— Men uxladimmi? Bo’lmagan gap!
— Qo’ysang-chi, yuz-ko’zlaringdan bilinib turibdi-ku.
— Sendan iltimos qilaman…
— Kela qolinglar endi!
Biz yonma-yon yugurishib ketdik, ba’zilar qo’l ushlashib oldi, boshimizni tik tutib bo’lmasdi, chunki pastga qarab tushib borardik. Kimdir kutilmaganda hindularning jangovar chaqirig’idan hayqirib yubordi va biz endi otlarga o’xshab sakrab chopa ketdik, har sakrashimizda shamol bellarimizdan quchib, madadkor bo’layotgandek tuyulardi. Bizni hech narsa to’xtata olmasdi; bir-birimizni quvib o’tayotganimizda qo’llarimizni qovushtirib, yon-atrofimizga ham birrov razm solib olardik.
Tentaksoy ko’prigi ustiga yetganda, hammamiz to’xtab qoldik; ilgarilab ketganlar ham qaytib kelishdi. Pastda suv tosh va ildizlarga urilib oqar, vaqt allamahal bo’lib qolgani ham sezilmasdi. Nega hozir birortamiz ko’prik panjarasidan suvga sakramayotganimiz ajablanarli hol edi.
Uzoqda, butazor va changalzorlar ortidan temir yo’l poezdi yelib kelardi. Barcha kupelarning chiroqlari yoniq, deraza oynalari tushirib qo’yilgan edi. Shunda oramizdan bittasi nogoh ko’cha qo’shig’ini kuylay boshladi-yu, barchamizning ashula aytgimiz kelib qoldi. Biz poezdga qaraganda ham tezroq kuylardik, qo’llarimizni silkib ham qo’yardik, chunki ovozimiz yetishmay, bo’g’ilayotgandek tuyular, bu esa bizga yoqardi. Agar ovozing boshqalarniki bilan qo’shilib ketgudek bo’lsa, o’zingni go’yo qarmoqqa ilingandek his etarkansan.
Ortimizda o’rmon, olislab borayotgan sayyohlar ketidan shunday kuylab qoldik. Bu paytda qishloqda kattalar haliyam uyg’oq, onalar esa bolalarini yotqizish uchun joy hozirlashardi.
Vaqt bo’ldi. Men yonimdagi bolani o’pib qo’ydim-da, qolgan uchoviga shunchaki qo’l uzatdim va kelgan yo’limdan orqaga chopib ketdim, ortimdan hech kim chaqirmadi. Birinchi muyulishga yetib borgach, meni endi ular ko’ra olmasdi, burildim va dala yo’llari bo’ylab o’rmon tomon yana yugurib ketdim. Men janubdagi shahar sari intilardim. Bu shahar haqida qishlog’imizda shunday gap-so’z yurardi:
— U yerda odamlar yashaydi! Bilasizlarmi, ular uxlamas emish!
— Nega endi uxlamas ekan?
— Chunki ular charchashmas ekan.
— Nega endi charchashmasa ekan?
— Chunki ular ahmoq ekan.
— Nima, ahmoqlar charchamaydimi?
— Ahmoqlar qanday charchasin, axir!
Manba: «Kitob dunyosi»,1-son, 2015 yil