Ja’far Muhammad. Jaloliddin Rumiy va uning g’arb adabiyotiga ta’siri.

022

Машҳур румийшунос олима Аннемарие Шиммел таъбири билан айтганда, “Ғарбда ислом орифларидан ҳеч ким Жалолиддин Румий даражасида танилган эмас.” Хўш, улуғ олмон файласуфи Гегелнинг диалектика ҳақидаги назарияси учун сарчашма бўлиб хизмат қилган Румий тафаккури Европа адабиёти, фалсафаси ва умуман, маънавий ҳаётида қандай ўрин тутади?

012

Жаъфар Муҳаммад
ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ ВА УНИНГ ҒАРБ АДАБИЁТИГА ТАЪСИРИ

Кўҳна Шарқ асрлар давомида ғарбликлар диққатини ўзига жалб этиб келган. Ҳамиша афсонавий ва сирли бўлиб туюлган Шарқ ўзининг адабиёти ва санъати билан ҳам Европа халқларини мафтун этганлиги сир эмас. Айниқса, Шарқ адабиётининг даҳолари – Рудакий, Фирдавсий, Ибн Сино, Хайём, Низомий, Аттор, Румий, Саъдий Ҳофиз, Жомий, Навоий, Бобур ва Бедилнинг инсондўстлик ва ҳаётсевалик ғоялари билан йўғрилган адабий-илмий мероси Ғарб шоир ва ёзувчиларини илҳомлантириб келган. Аммо, ана шу улуғ мутафаккирларимиз орасидан буюк шоир, мутафаккир, “Мавлавия” тариқатининг асосчиси Мавлоно Жалолиддин Румий (Балхий) номи ва маънавий мероси европаликларга кўпроқ таниш. Машҳур румийшунос олима Аннемарие Шиммел таъбири билан айтганда, “Ғарбда ислом орифларидан ҳеч ким Жалолиддин Румий даражасида танилган эмас.” Хўш, улуғ олмон файласуфи Гегелнинг диалектика ҳақидаги назарияси учун сарчашма бўлиб хизмат қилган Румий тафаккури Европа адабиёти, фалсафаси ва умуман, маънавий ҳаётида қандай ўрин тутади?

■ РУМИЙ ВА АНГЛИЯ

Румий ҳаёти, ижоди ва қарашларини таҳлил ва таҳқиқ этиш йўлида АҚШ ва Ғарбий Европада кўзга кўринарли жиддий илмий ишлар амалга оширилди. Румийшунослик билан жиддий шуғулланган инглиз олимларидан биринчи бўлиб Ринальд Никольсонни (1868-1945) эслаш жоиз. У аслида юнон ва турк тиллари бўйича мутахассис эди, бироқ форс тилига жиддий меҳр қўйганлиги, қатъий ва тиниб-тинчимас саъй-ҳаракати боис форс тилини, сўнг араб тилини ўрганиб олди. Ўттиз ёшлик пайтидаёқ Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” ва “Девони Кабир”ини мутолаа қилди, шу мутолаа натижаси ўлароқ, унинг шеърларидан танлаб бир тўплам нашр эттирди (Stltcted Poems fvom the Divan-I Shams-t Tabriz, Cambrdge Univesituy Pvess, 1898). Никольсон шоир девонларидан танлаб олган ғазалларни фалсафий маъноси ва хусусиятига қараб таснифлади ва 1898 – йилда “Жоннинг жони” номли тўплам шаклида нашрдан чиқарди. Мазкур мажмуа 1977 йилда қайта чоп қилинди. У 1924 йилда “Осиё салтанати жамияти” журналида Румийнинг “Фийҳи мо фийҳи” (“Ичиндаги ичиндадир”) асарини таништириб, унинг баъзи қисмларини таржима қилди. Никольсон амалга оширган ишларнинг энг муҳими “Маснавий” таржимаси ва шарҳидир. У ёзади: “Маснавий” Жалолиддиннинг шеъриятдаги ҳайратга солувчи истеъдоди кенгликларини “Девони Шамси Табриз”дан кўра тўлароқ намоён этади. Мавлоно ғазаллари ҳақиқат, завқ-шавқ ва жозибага ундовчи шеъриятнинг энг баланд чўққиларида парвоз этиб, уни, ирфон мулкининг малик уш-шуаросига айлантирди. Аммо бу ғазаллар шундай бир оламда сайр қиладики, ҳаётнинг оддий мушоҳадалари билан унинг орасида анча масофа мавжуд. Ғайб ва аҳли шуҳуддан бошқа ҳеч ким бундан огоҳ эмас. Гап шундаки, “Маснавий” биринчи навбатда ана шундай масала ва тушунчаларга назар солади, инсон ҳаётининг мазмун-моҳияти ҳамда турмуш тарзи билан алоқа ўрнатади”.

Никольсон 1925-1940 йиллар давомида “Маснавийи маънавий”нинг илмий-танқидий матнини тайёрлаш ва унинг байтларини шарҳлаш билан шуғулланди. Ниҳоят жиддий саъй-ҳаракат ва бир дунё меҳр-муҳаббат билан кўнглига тугиб қўйган ниятини амалга ошириб, саккиз жилдлик китобни жаҳон илмий ва адабий жамоатчилигига тақдим этди (Tales of Mystic Meaning Being Selections fvom the Mathnawi of jadal-ud-Din Rumi, London, Chapman and Hall; New – York, Fredrich Stokes, 1931).

Р.Никольсон тахминан ўз умрининг қирқ етти йилини “Маснавийи маънавий” асарининг танқидий матнини яратишга сарфлади. Бу давр давомида у Румий вафотидан сўнг юз йил ичида кўчирилган ва ҳозирги кунда турли кутубхона ва музейларда сақланаётган қўлёзма нусхаларни солиштириб, “Маснавий”нинг илмий-танқидий матнини яратди, Мавлоно ҳаёти, ижоди ва қарашларига доир “Мавлоно Румий: шоир ва ориф” (Лондон, 1950) номли китоб ёзди.

Никольсон бошлаб берган инглиз румийшунослик мактабини унинг ҳаракатчан ва фаол шогирдларидан Артур Жон Арберри (1905-1959) давом эттирди. У “Маснавий”ни мутолаа қилиб, ўзининг йўқолган умидини қайта топди. Унинг 1927 йилда Никольсон билан учрашуви ҳаётида катта бурилиш ясади. У бошида Мавлавийнинг бир неча рубоийсини инглиз тилига таржима қилди, сўнг “Фийҳи мо фийҳи”ни ўрганишга киришди. Бу пайтга келиб, Арберри шарқ тилларидан таржима қилиш соҳасида катта тажриба орттириб бўлган эди. Жумладан, “Қуръони карим” нинг инглиз тилига таржимаси ҳам у амалга оширган энг жиддий ишлар сирасига кирарди (John Murray. Discourses of Rumi, London, 1961). Шу билан бирга “Маснавий” ҳикоятларидан икки юз ҳикоятини ҳам оммабоп тилда таржима қилиб, Румийни англаш ва таништиришда катта ҳисса қўшди (Tales from the Mathnavi and More from the Mathnavi, London, Allen and Unwin, 1963).

Арберри амалга оширган ишлардан “Маорифи Баҳо Валад” асарининг нашрини ҳам қайд этиб ўтиш зарур. Бу асар “Асл матндан тузилган ислом тамаддуни йўналишлари” китобига ҳам киритилган (Асл матндан тузилган ислом тамаддуни аспектлари, Нью Йорк, А.С. Борис, Лондон, Аллеп ва Юпвин, 1964).

1963 йилда “Форсий мерос” нашриёти ва “Доират ул-маориф” журналининг бош муҳаррири Эҳсон Ёршотир Арберридан Никольсоннинг ишларини давом эттиришни сўради. Чунки Никольсон ундан олтмиш йил олдин Шамс девонидан 48 та ғазални таржима қилган эди. Мухлислар қўлида фақат ўша таржималар мавжуд эди. Арберри ана шундай бир улкан ва мураккаб ишга қўл урди ва бу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, ирфоний ғазаллардан иборат икки жилдлик китоб дунё юзини кўрди. Ушбу китобда у Румийнинг 400 та ғазалини инглиз адабий тилига, мухлислар учун тушунарли тарзда таржима қилишга эришди (Румийнинг мистик поэмалари, Чикаго университети нашриёти, 1979). Дарҳақиқат, зикр қилинган бу икки китоб Европа халқларининг Жалолиддин Румий ва унинг ирфоний меросига бўлган қизиқишларини янада орттирди.

Уильям Жонс (1746-1794) ҳам форсий матн таржимаси билан алоқадор ишларни амалга оширишда анча заҳмат чекди. Бу кўпчилик инглиз тадқиқотчиларининг Шарқ маънавий меросига меҳр қўйишларига сабаб бўлди. У.Жонс Мавлоно Жалолиддин Румий “Маснавий” таржимасини мутолаа қилар экан, ўзгача бир кайфиятга тушиб, барча ишларини бир чеккага йиғиштириб қўйди ва ўзи ҳам Мавлавий асарлари таржимасига киришиб кетди.

Арберри дунёга танилган, хусусан “Қуръон мажид”ни таржима қилган ва Румийни ғарбликларга таништирганлигига қарамай, Мавлавий фалсафасининг асл моҳиятини чуқур дарк этолмаганини таржималарнинг мазмунидан ҳам илғаб олиш мумкин. Арберрининг Румий ҳақидаги фикрлари ҳам анча мунозарали. Жумладан, у шундай ёзади: “Инсоният эҳтимол ҳеч қачон “Маснавий” сингари китобни таълиф этмаган бўлса керак. Ғализ ва чиройли сўзлар унда кўп, иккаласи ҳам олий меъёрда; унда беадаб ҳикоятлар ва ахлоқий қиссалар, шоирона латифалар ва гўдакона суст мазмунлар, бемаза юморлар аралашган оқилона нозик фикрлар ва дилкаш латифалар ҳам кўп. У барча расмий динлар устидан кулади, аммо унинг ўзидан диндорлик ёғилиб туради, гўёки тароватли гуллар ва турли ҳайвонлар ҳиди анқиб турган тоза об-ҳаволи минтақадаги ҳамма нарса аралаш-қуралаш ўрмонга ўхшайди. Худо ҳаққи, Мавлонони солиштирадиган Жеффри Хаусер (1343-1400) ва Уильям Шекспир (1564-1616) дан бошқа бирон шоирни билмайман”.

Арберри “Маснавий” ҳажвий китоб эмаслиги, агар мабодо қисқагина ҳажв ишлатилган бўлса ҳам у ўзига хос бир маъно юкини кўтаришини англамаган кўринади. Бундан ташқари, муаллиф Румийни Жеффри Хаусер ва Шекспир билан қиёслайди, бу умуман тўғри келмайдиган муқоясадир, чунки инглиз шеърияти отаси – Жеффри Хаусер Ҳофиз Шерозий билан замондошдир. Хаусерни Рудакий билан қиёсласа бўлади, чунки бири форс-тожик шеъриятининг, иккинчиси инглиз шеъриятининг асосчисидир. Фақат улар орасидаги фарқ шундаки, Хаусернинг барча асарлари ёзиб олинган, ваҳоланки Рудакийнинг энг камида юз минг байтдан иборат шеърий меросидан бор-йўғи минг байтдан кўпроқ шеър бизгача етиб келган, холос.

Хаусер насрий жанрда ҳам қалам тебратиб бир неча асар яратган, бироқ улар инглиз адабиётида унчалик жиддий аҳамиятга эга эмас. Масалан, ўзининг кичик ўғли Луис учун устурлоб фанига доир бир китоб ёзган. Унинг муҳим ва жиддий назмий китоблари “Тируйлус” ва “Крисида” достонлари бўлиб, юнон достонларидаги қаҳрамонлар ҳаётининг тасвири, Юнон ва Троя ўртасида бўлиб ўтган жанг воқеаларининг бир қисмидир. Бу қиссани ҳам Хаусер бошқа муаллифдан, тўғрироғи, машҳур итальян ёзувчиси Жованни Баккаччодан олган. Унинг бошқа асари “Қизил гул” бўлиб, унинг ҳам асл мазмуни француз адабиётига бориб тақалади. Бу асар Ибн Синонинг “Саломон ва Абсол” ёки “Ҳайй бин Яқзон” қиссалари сингари рамзий асардир. Унда шоир ўзи яшаган жамиятнинг камчиликлари, бузуқликларини фош этади. Табиийки, бу асар инсон ва башарият тараққиётига ҳеч қандай нафъ бера олмайди. Унинг бошқа бир манзумаси “Контарбури” деб аталиб, Хаусернинг энг яхши асарлари сирасига киради. Бу асар ўн етти минг сатрдан зиёдроқ бўлиб, ўн уч ҳикоятдан ташкил топган. Айтиш мумкинки, мазкур асар “Минг бир кеча”ни эслатади. Қолаверса, бу асар воқеа- ҳодисалари Боккаччонинг “Декамерон” китобидан иқтибос қилинган. “Декамерон”даги баъзи бир ҳикоялар эса “Маснавий”даги баъзи бир ҳикояларга ўхшаб кетади. Фақат фарқ шундаки, “Маснавий” ҳикоялари чуқур фалсафий-ирфоний мазмун ва ғоялар билан суғорилган.

Умуман олганда, Арберрининг таржималарини форс-тожик адабиёти учун холис хизмат деб баҳолаш лозим. Агар Америка ва Европа шарқшунослари бизнинг адабиётимиздаги теран мазмун ва маъноларни чуқур англаб, идрок қилганларида эди, кўҳна Шарқ адабиёти улуғворлиги дунёни бутунлай забт этган бўларди.

Мавлавия тариқатининг ўзига хос жиҳатлари англиялик сайёҳларни ҳам ўзига жалб этиб келмоқда. Жумладан, Решад Фильд Туркия ва унинг маданий ҳаёти билан танишиб, сўфийлар зикри ҳақида маълумотлар олгач, Қўнё шаҳрини зиёрат қилади. У 1976- йилда “Огоҳ жон муассасаси” номли уюшма ташкил этади. Бу уюшма бугун ҳам “Мавлоно асоси” номи билан фаолият кўрсатмоқда. Решад Фильд ўзининг “Тасаввуф таълимоти дунёсига сафар” номли асарида Қўнё сафаридан олган таассуротларини ҳикоя қилган.

■  РУМИЙ ВА ФРАНЦИЯ

Румийнинг маънавий жозибаси ва таъсиридан француз адиблари ва олимлари ҳам четда қолмадилар. Бу ҳолатни ҳам франциялик адибларнинг асарларида, ҳам ушбу мамлакат олимларининг тадқиқотларида кузатиш мумкин.

Румий ҳаёти ва қарашларига қизиққан франциялик илк мухлис Клемент Ҳаворт (1854-1926) эди. У француз сайёҳларидан бўлиб, бир қанча муддат Қўнёда яшаган. Айнан ана шу даврда сўфий дарвешларнинг зикру самоъ мажлисларидан олган таассуротларини “Қўнё – дарвешлар шаҳри” ва “Ўрта Осиёга сафар хотиралари” номлари билан ҳисобот тарзида нашр эттирди. Румий ҳаёти ва ижодига бўлган қизиқиш эса уни 1800 йилнинг охирларида Афлокийнинг “Маноқиб ул-орифин” асарини (Румий ҳақидаги маноқиб) француз тилига таржима қилишга ундади.

Клемент Ҳавортдан кейин Маурис Боррес унинг асарларига жиддий аҳамият беради. Романнавис ёзувчи ва сиёсатчи Боррес шарқ халқлари ҳаёти ва маданиятига қизиқиб, Ҳавортдан олган шарқ адабиётига доир маълумотлари туфайли 1914 йилда Туркияга сафар қилади ва ушбу сафар натижасида “Шарқ мамлакатларини ўрганиш” номли сафарномаси дунё юзини кўради. Охир-оқибат Боррес шунчалик Мавлавий қарашлари таъсирига тушиб қоладики, умр бўйи унинг фикри-зикри билан яшайди. Уни ҳаммадан кўпроқ қизиқтирган нарса – дарвешларнинг давра қуриши (айланиши) ва уларнинг зикр тушишлари билан боғлиқ маросимлар эди.

Идрис Шоҳ Нақшбандия тариқати муридларидан бўлиб, отаси афғон, онаси Шотландияликдир. У том маънода моҳир таржимон бўлиш билан бирга тасаввуф ҳақида асарлар ёзган. Жумладан, унинг “Сўфизм” номли китобига инглиз шоири Роберт Грейвс сўзбоши ёзган. Ушбу китобда Румийнинг қисқача таржимаи ҳоли ва ирфоний қарашлари хусусида маълумот берилади(Идрис Шах. Суфизм. –М.: 1994. –С. 142-164.). Бу асар кўпчилик эътиборини қозониб, халқаро маданий ташкилот – “Юнеско” мукофотига сазовор бўлди ва бир неча марта қайта-қайта чоп этилди. Идрис Шоҳ асарларининг кўпчиликка манзур бўлишининг асосий сабаби, биринчидан, инсон омилига эътибор қаратади, иккинчидан, унинг насри ва усули жуда равон, енгил ва тушунишга осон (албатта, агар унинг асарини, масалан, Никольсон билан муқояса қилсак).У “Афлокий маноқиблари” асосида “Бир юз ҳикматли ҳикоятлар” номли бошқа бир асар ҳамда “Маснавий”дан таржималар қилиб, юқорида зикр этилган китобига киритди.

Саййид Ҳусайн Наср “Исломий тадқиқотлар” журналида босилган мақоласида Идрис Шоҳ асарини танқид қилиб, шундай ёзади: “У (Идрис) тасаввуф тушунчасини исломдан ажратиб қўйган” (Nasr Seyyed Hossein. Sufi Essaus. –Albanu, SUNY Press, 1972). Саййид Ҳусайн Насрнинг ўзи ҳам Мавлавийнинг 750 йиллик юбилейига атаб инглиз тилида “Жалолиддин Румий – улуғ форс шоири ва орифи” номли китоб ёзди (Jalal al-Din Rumi Supveme Persian Poets and Sage, Tehran, 1974.).

Мишель Рандун 1960 йилда Мавлавий ҳақида “Жалолиддин Румий, тасаввуф, рақс” номли китоб ёзди. У бу китобида дарвешлар гуруҳининг зикри ва зикр тушувчилар расмини илова қилган. Ҳозирги замон шоири ва ёзувчиси Титус Буркҳорт бу китобга муқаддима ёзган. Таниқли театр режиссёри Маурайс Бежат эса юқорида зикр этилган китобда дарвешлар зикри ҳақида баъзи масалаларни келтирган. Бу китоб ва унинг маҳсули жаҳон тинчлик рақсларини саҳналаштирувчи мактаб устози Самуил Луисга муносиб таъсир кўрсатди.

ХХ-асрнинг иккинчи ярмида Ғарб мамлакатлари ёшлари Шарқда асос солинган мактабларга ўзига хос бир эътибор билан ёндоша бошладилар. Айниқса, шарқ маданий мактаблари орасида қадимги ҳинд мактаблари ва буддиликдан олинган “Бҳакти” ва “Веданта” каби уюшмалар кўпроқ уларнинг диққатини торта бошлади. Шу билан бирга, дарвешларнинг гуруҳ зикри ёки сўфиёна рақслар ғарбликларга жиддий таъсир кўрсатди. Бу таъсир натижаси ўлароқ, икки китоб, бири — Дунканнинг “Румийнинг мозори Қўнёдадир” ва иккинчиси Жеймс Мууреснинг “Дарвешлар зикри” номли асарлари дунё юзини кўрди.

Таъкидлаб айтиш керак, XIХ асрнинг охирларигача Франция тадқиқотчилари ва шарқшунослари Румий ҳақида аниқ маълумот ва тиниқ тасаввурга эга эмас эдилар. Улар фақат дарвешларнинг давра қуриб айланиши ва нари борса, сўфийлар истилоҳоти ҳақида озми-кўпми тасаввурга эга эдилар, холос. 1970 йиллардан бошлаб Франция адабиётсеварлари Мавлавий ижоди ва қарашлари билан нисбатан яқинроқ танишдилар, дейиш мумкин. Нега? Чунки Францияда ўқиб, таълим олган бир рус аёли Румий асарларининг таржимасини нашр этиб, илм ва адабиёт аҳлининг эътиборига ҳавола этди. Бу аёлнинг исми Ева Витрау Метерович бўлиб, у Мавлавий ижодининг ашаддий мухлисларидан эди, шунинг учун ҳам бутун умрини мутафаккир асарларининг таржимасига бағишлади. Ева Витрау тафаккури ҳосиласи сифатида икки муҳим ва жиддий асар ёзилди: бири — “Жалолиддин Румий ва Мавлавия тариқати” ва иккинчиси – “Румий ва тасаввуф”. Кейинроқ бу китоб Симон Фаттал томонидан инглиз тилига таржима қилинди. Юнеско томонидан нашр этилган Ева Витраунинг яна бир китоби — “Девони Шамс” ғазалларидан баъзи намуналар таржимаси эди. Юқорида зикр этилган китоблардан ташқари у “Фийҳи мо фийҳи” асарининг таржимасини ҳам амалга оширди ва бу асар ҳақида мақолалар ёзди.

■  РУМИЙ ВА ОЛМОНИЯ

1821 йилда Фридрих Август Деофидус Тоулук (1799-1877) исмли бир протестант поп “Вахдати вужуд” фалсафаси ҳақида китоб ёзиб, унда Шарқ шоирлари орифона шеърларининг немис тилидан таржималарини ҳам киритган.

Тоулук ўзининг бошқа китобида Мавлавийни пир, деб билади ва дуо ҳақида анча мавзуларни кўтаради. Мазкур китобда Тоулук “Маснавийи Маънавий” нинг учинчи дафтари (жилди) дан байтлар келтириб, “Мавлавий дуолари айнан ижобий бўлади” деган хулоса чиқаради-да, бундан ўзи ҳам ҳайрон бўлади.

Кейинчалик диалектика мактаби назариётчиси ва файласуфи Георг Вильгельм Фридрих Гегель (1770-1831) Тоулук асарларини мутолаа қилади. Тоулукни ҳайрон бўлишига сабаб бўлган нарсалар, уни хурсанд қилди. Гегель шу даражада Мавлавий қарашларининг таъсирига тушиб қоладики, унинг “ваҳдати вужуд” назариясини ўзининг “Фалсафий фанлар энциклопедия”сида келтиради. Румий “ақл”ни “ақли кулл” ва “ақли жуз”га бўлади. “Ақли кулл” Румий назарида илоҳий Мутлақ вужуднинг пайғамбарликни юзага келтирадиган биринчи аёнлашуви (таъайюни аввал)дир

Ин жаҳон як фикрат аст аз Ақли кулл,
Ақл чун шоҳ асту сувратҳо русул.

Мазмуни:

Бу жаҳон Ақли Куллдан бир фикратдир
Ақл – шоҳ, сувратлар эса элчилар кабидир.

Румий сингари, Гегел фалсафасида ҳам ақл ва тафаккур мутлақлаштирилади, улар инсон ва инсониятга боғлиқ бўлмаган, табиат, жаҳон тарихидан ташқаридаги абсолют моҳият сифатида талқин этилади (Ғарб фалсафаси. –Т:. Ўзбекистон Файласуфлари миллий жамияти, “Шарқ”,2004.- Б. 487). Гегелнинг диалектика ҳақидаги таълимоти – миқдор ва сифат ўзгаришлари, айният ва зиддият ҳақидаги қарашлари ҳам Румий тафаккуридан сарчашма олади. Румий ҳам, Гегел ҳам дунёни ҳаракатлантирадиган ва тараққиётга сабаб бўладиган нарса зиддиятдир, деган хулосага келадилар.

ХХ асрнинг биринчи ярмида Европа диний донишмандлари ва уламолари Мавлоно билан танишдилар ва умуман олганда унга нисабатан ижобий фикрда эдилар. Туркиянинг Ватикандаги элчиси Христиан Карл фон Бенсон (1791-1860) биринчи навбатда тилшунос ва эркин фикрли илоҳий уламолардан эди ва Шлиермахер, Макс Мюллерь, Томас Арнольд (Матвей Арнольднинг отаси)ни ўзининг дўстлари деб ҳисобларди. Флоренс Наитингель эса диний масалалар ва метафизика баҳсларидан фойдаланиш учун унга кўз тиккан эди. Бенсон тиллар бир аслий манбаъдан вужудга келган деган фикр ва тушунчалар тарафдори эди. У форс ва араб тилларини Франция шарқшуноси Сильвестер Де Сасидан ўрганади ва “Маснавий”ни ўқиб, дўстлари билан суҳбат жараёнида Мавлононинг метафизикага оид фикрларини муҳокама қилади. Аннемарие Шиммел берган маълумотга қараганда, Йозеф фон Ҳаммер (1774-1856) ўзининг фундаментал асари – “Эронда бадиий сўз санъати тарихи” китобида Олмонияда биринчилардан бўлиб Румий ҳаёти, ижоди ва қарашлари атрофида алоҳида тўхталиб ўтади. Унинг “Девони Шамс” ғазалларидан амалга оширган таржималарини ўқиб чиққан шогирди — Фридрих Рукерт (1788-1866) Румий ғазаллари услубида “Ғазалиёт” номли тўплам яратди. Бу ғазал жанрининг олман тилидаги илк намуналари эди (Аннемарие Шиммел. Исломнинг ирфоний жиҳатлари (форс тилига таржима). – Теҳрон, 1375.-Б.496-497).

Гарчи Мавлавий асарларининг таржималари ёки у ҳақда Америкада нақл қилингани оммавий нарсалар ноқис ёки зарурий илмий-назарий тушунчалардан холи бўлса-да, жаҳон халқи мавжуд таржималар орқали Мавлавийнинг фикрий жозибаларини илғайди, англайди ва турли тарз ва усулда у билан фикрий ва ботиний алоқа ўрнатади.

Аннемарие Шиммел ўзининг “Шамс шукуҳи” деб номланган тадқиқотида қуйидаги масалалар хусусида баҳс юритади: 1) қадимий тарих ва саргузаштнома; 2) Румийнинг тахайюлот дунёси; 3) Румий илоҳиёти: Яратгувчи ва яратилган мавжудотлар ўртасидаги муносабат, Румийнинг инсон ҳақидаги қарашлари; 4) Форсийзабон адиб ва олмиларнинг Румий ижоди ҳақидаги мулоҳазалари; 5) Муаллифнинг хотиралари. Бу китоб Ҳасан Лоҳутий томонидан форс тилига таржима қилиниб, ҳ.ш. 1367/1989 йили Теҳронда чоп этилган.

Аннемарие Шеммел тасаввуф таълимотининг йирик тадқиқотчиларидан бири бўлиб, ўзидан аҳамиятга молик асарлар қолдирди. Шиммел “Шамс шукуҳи” китобида Мавлавийнинг ирфон ва илоҳиётга оид фикрларини тадқиқот доирасига тортар экан, унга нисбатан бўлган ҳар қандай шубҳани бартараф этиш, унинг нуроний ва самимий чеҳрасини кўрсатишга ҳаракат қилади. Шиммел ваҳий, инсон мақоми, моддий дунё акси, ҳақиқий ишқнинг асл илдизи каби мавзуларга оид Мавлавийнинг фалсафий фикрларига жиддий эътибор қаратади.

Аннемарие Шиммелнинг ХIX аср романтизми даврида Мавлоно Жалолиддин Румийнинг немис шоир ва ёзувчиларига таъсири масаласига оид тадқиқоти илм соҳада кам учрайдиган ҳодисадир. У Мавлавийнинг “Фийҳи мо фийҳи” асарини инглиз тилига таржима қилди. Ундан ташқари Шиммел Мавлавий таълимотига доир кўпгина жиддий мақолалар ёзди, улардан “Мавлоно Румий: кеча, бугун ва эрта” мақоласини алоҳида қайд қилиш жоиздир. Бу муаллифнинг яна бир китоби “Менинг руҳим аёлдир”, деб номланиб, “Маснавийи маънавий”да келтирилган аёлларга тааллуқли ҳикоят ва достонлар хулосасидир.

А. Шиммел 1948 йилда “Маснавий”даги тасвирлар ва образлар ҳақида яратилган чуқур ва кенг илмий тадқиқотини олмон тилида чоп эттирди. Бу китоб олиманинг Румий ижодий фаолияти ҳақида узоқ йиллар олиб борган тадқиқотлари самарасидир. ,

Аннемарие Шиммел 1954 йил декабр ойида Туркия парламентида маъруза қилиб, ўзи ҳақида Туркия халқи хотирасида илиқ ва самимий бир из қолдирди. Ҳатто у оддий халққа мўлжаллаб, Мавлавий шеърларидан немис тилига қилган таржималарини тақдим этди.

Карл Вильгельм Зеттерстин (1866-1953) “Маснавий”нинг учинчи дафтари (жилди)ни ундан олдин бажарилган таржималардан фойдаланган ҳолда швед тилига ўгирди. Архиепископ, Нобель мукофоти соҳиби (1930 йилда) Натан Сёдерблюм (1866-1931) ҳам динлар бўйича мутахассис бўлганлиги учун юқорида эслатилган шеърларни диний мажмуага киритиб нашр эттирди. Кейинроқ олмониялик машҳур диншунос Фридрих Хейлер (1892-1967) Сёдерблюм асарларини мутолаа қилиб, унинг таъсирига берилди ва унда кўтарилган психология ва тарихга оид масалаларни ўз китобида келтирди. Фридрих Хейлер “Дуо” номи билан инглиз тилига таржима қилинган мазкур китобида Румий қарашларидан моҳирона фойдаланиб, ундаги назарий масалаларни ўз асарларига асос қилиб олди. Руминиялик тадқиқотчи Мирсеа Илиада “Диний ақидалар тарихи” китобида Мавлавийни қудратли шоир ва ҳаёт йўлида қувноқ киши деб баҳолайди.

Германиялик тадқиқотчи Фритц Майер (1912-1998) тасаввуфга оид асарларни жуда кўп мутолаа қилган. У ҳаммадан кўпроқ Мавлавийнинг отаси — Баҳои Валад ижодининг ички моҳиятига чуқур кириб борди ва Мавлавий таълимотидаги илоҳиёт масалаларини тадқиқ қилди. Унинг энг муҳим китоби Баҳои Валад таржимаи ҳоли ва асарларига бағишланган. Майер бу китобда асосий эътиборни Шамс мақолалари ва ундан кейин Аҳмад Сепаҳсолор рисоласига қаратган. Ушбу китобда сўфийлар зикри (самоъ) ҳақида ҳам сўз юритилган. Шу ўринда Ҳеллмут Риттер (1892-1971) номини ҳам тилга олиш керак бўлади, чунки у Мавлавий қўлёзма нусхаларини катта заҳматлар эвазига йиғиб, тўплаб ўзидан кейинги тадқиқотчилар учун йўлни текислаб, очиб берди. Никольсон сингари олимлар эса унинг қўлёзма нусхаларидан фойдаланиб, маснавийнинг танқидий матнини тузишга муваффақ бўлди, шунингдек Фритц Майер (1912-1998) ҳам Ҳеллмут Риттернинг чексиз заҳматлари натижаларидан унумли фойдаланди. Унинг мақолалари катта шуҳрат қозонди, чунончи “Маснавий”нинг биринчи ўн саккиз байти ҳақидаги мақоласини эслаш кифоя.

Риттер Мавлоно ҳаёти хусусида мукаммал ва муфассал мақолалар ҳамда “Доират ул-маъорифи ислом” ва “Доират ул-маъорифи туркийи ислом” китобларига батафсил муқаддима ҳам ёзган.

■  РУМИЙ БОСНИЯ ВА ГЕРЦАГОВИНАДА

Усмонли турклар Боснияга лашкар тортган пайтдан, яъни XV-асрдан буён Босния халқи Мавлавий номи ва унинг асарлари билан таниш. Чунки Усмонли турклар қаерга бормасинлар ўша ерда хонақоҳлар қуриб, уларда зарур расм-русумларни (амалларни) бажарар эдилар.

XV асрда Исобек Исҳоқович Сараево шаҳрини бунёд этиб, 1469- йилда мусофирлар учун хонақоҳ қуради. Бу хонақоҳ вақфномасида бирон фирқа ёки Мавлавия тариқатининг номи келтирилмайди, лекин ўз-ўзидан маълумки, бу хонақоҳ Мавлавия тариқати ва унинг маросимлари учун қурилган.

Нима бўлганда ҳам усмонли турклар истилосидан буён Боснияда “Маснавий” бозори анча қизиди. Усмонли турклар орасида шундай атоқли шоирлар бор эдики, улар “Маснавий”га алоҳида эътибор берар эдилар. Мисол учун Пошшо Боязид Агич “Дор ул-маснавий” қурди ва унда “Маснавийи маънавий”ни ўқитишга киришди. “Маснавий”га ёзилган шарҳлар орасида Босния халқи диққат-эътиборини тортган Фавзий Мусторийнинг шарҳидир. У “Булбулистон” китоби муаллифи бўлиб, Боснияда юксак шон-шуҳратга эришди.

Неча асрлардан буён Сараевода “Маснавий” ва маснавийхонлик давом этиб келмоқда. Ҳатто бир гуруҳ наққоллар “маснавийхонлар” номи билан шуҳрат қозонган. Улар йиғинларда ва тўгаракларда халқ учун махсус оҳанг – овозда “Маснавий” ўқийдилар. Халқ улар теварагига халқа шаклда йиғилиб, қулоқ соладилар. Бу музофот ёзувчиларидан устоз Солиҳ Трако таниқли маснавийхонлардан Таваккулий Дада номини тилга олади. Эҳтимол бу киши профессионал маснавийхонлик билан шуғулланган биринчи шахсдир. XVI-асрда ҳам Мустафо Бушток “Маснавий” шарҳловчиларидан бўлиб, ўша пайтда юксак шуҳратга сазовор бўлган эди.

Усмонли турклар Босниядан кетгандан сўнг ҳам у ерда маснавийхонлик давом этади ва ҳатто форс тилини ўқитиш бу диёрда ривожланади. Ўша пайтда Жамолиддин Човушович энг машҳур маснавийхонлар ҳисобланган ва форс тилини билган. Аммо бу юрт халқининг эътиборини кўпроқ ўзига жалб этган шахс Мавлоно Жалолиддин Румий эди.

XIX асрнинг охири ва ХХ аср бошларида Ҳожи Муҳаммад Жалолиддин Човушович мавлавийхонликни янада ривожлантирди ва “Маснавий”ни шарҳ ва баён этишга киришди. Мавлавийшунослик соҳасидаги таниқли олимлардан Шайх Ҳожи Бойирич номини тилга олиш жоиз, у Туркиянинг атоқли мавлавийшуноси Абдулбоқи Гулпинорли билан яқин муносабатда бўлган. У ҳам Мавлавий дунёқарашини тарғиб-ташвиқ қилишда ўзининг хизматини дариғ тутмаган.

■  РУМИЙ ВА АМЕРИКА

Америка Румий ижоди ва қарашлари билан кечроқ танишди. Румий ҳақидаги илк америкача тасаввур гарчи Марк Твен асарлари қаҳрамонлари тилидан янграган бўлса-да, бу улуғ мутафаккир ижодига нисбатан жиддий қизиқиш ХХ асрнинг иккинчи яримидан сўнг бошланди.

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг Америкада шуҳрат қозонишига “Мусаввир Румий”( The Illuminated Rums, New York, Broadway Books, 1997) номли китоб ёзган Колеман Баркс сабабчи бўлди. Бу асар қисқа фурсат ичида китобхонлар орасида катта шуҳрат қозонди.

1994- йилнинг декабрида “Пир публикейшн энд Суфи Буукс” нашриёти Мавлоно билан Шамс ўртасида бўлиб ўтган мулоқотнинг 750 йиллиги муносабати билан ажойиб бир ташаббусга қўл урди. Унга кўра, ташаббускорлар Рилке, Лорка ва Мавлавий шеърларини куйлаш учун бир гуруҳ хонандалар билан бирга Колеман Барксни “Манҳаттен симфоник” клубига таклиф этишди. Улар томонидан Румий достони асосида тайёрланган “Уч балиқ” номли лавҳа америкаликларнинг диққат эътиборини жалб этди.

Америкалик матбуотчилардан бири Ричард Бруккер Қўнёда Мавлавий мақбарасини зиёрат қилгач, бутун вужуди билан унинг таъсирига тушди ва “Исломни радикал ва фундаменталист деб талқин қилиш керак эмас”, деган хулосага келди.

Туркияга сафар қилган кўпгина европалик ва америкалик саёҳатчилар суфий дарвешларнинг зикр тушиши (Мавлавия тариқатидаги зикр ва самоъ мажлиси) таъсири остига тушган ҳолда уларни турлича талқин қилиб, кўплаб мақола ва китоблар ёзишган. Масалан, Марк Твен асари қаҳрамони Ҳук Финни Том Сойер ва Жим ҳамроҳилигида Американинг Миссури шаҳрида учувчи машинага миниб Атлантика океани ва саҳролардан ўтиб, Қоҳира шаҳри осмонига етиб келади. Мавлавий дарвешлари тепадан туриб Қоҳирани қандай кўрганларини, Марк Твен достонида қуйидагича тасвирлаган:

“Чин дилимдан дарвешни кўришни истардим, чунки бир дарвешни кўрган эдим: у бошини сарбон бошига қўйиб олган, шу сабабдан дарвешлар менга жуда ёқарди. Сўнг улардан кўпчилигини қандайдир бир масжид бор жойда кўрдик. Дарвешлар ўзларини “Чархон” деб атарди, ростданам, улар айланарди. Ҳеч қачон бунақасини кўрмаган эдим. Улар бошларига баланд конуссимон кулоҳ ва эгниларига этаги узун пахтали кўйлак кийиб олган эдилар. Улар гир айланиб-гир айланиб, паррак сингари ўт атрофида эгилардилар, шу пайт этаклари пуфлагандек шишиб қиё бўлиб қоларди. Бу умримда кўрган энг маъноли нарсалардан бўлиб, мени оҳанграбодек ўзига тортарди. Том деди: — Булар ҳаммаси мусулмонлар-ку! Ундан “мусулмон нима”, деб сўраган эдим, айтди: — Мусулмон, кимнинг попи ва христиан черкови бўлмас, ўша. Бундан олдин билмасдим, энди тушундим, бунга қараганда, Америкадаги Миссури шаҳри халқининг кўпи мусулмон экан-да!1

Эронлик машҳур румийшунос олим доктор Тақий Пурномдориён берган маълумотга қараганда, бир неча йил олдин Америкада инглиз тилига таржима қилинган “Маснавий”нинг сайланма матни 250 минг нусхада чоп этилди. Бу китоб сўнги йилларда катта ададда нашр этилган ва жуда тез сотувга чиққан асарлардан бири эди. “Девони Шамс”дан киритилган сайланма ғазаллар китобнинг қимматини ошириб, уни Америкадаги бозори чаққон китобга айлантирган эди (Тақий Пурномдориён. “Маснавий”ни дунё ўқиб, ўрганмоқда./ Мавлоно Жалолиддин Румий. Маснавий маънавий, 1-китоб. Форсийдан Жамол Камол тарж. –Т.: Фан, 2005. –Б. 369).

Бугунги кунда Америкада Марьям Бакер бош муҳаррирлиги остида “Мавлоно мухлислари” журнали нашр этилмоқда. Мавлоно ижодини ихлосмандлар орасида кенг тарғиб қилишни ўз оолдига асосий мақсад қилиб олган ушбу журнал бугунгача бу соҳада кўзга кўринарли ижодий ишларни амалга оширди ва ўз атрофига Мавлоно мухлислари ва шайдоларини йиғишга эришди. Бу гуруҳнинг веб-сайти ҳам жуда фаолдир. Америкадаги Румий мухлисларига тегишли веб-сайт соҳибларидан бири “Янги Қўниё” анжуманини ҳам тузган. Бу гуруҳ қошида таълим-тарбия курслари ташкил этилган бўлиб, уларда талабаларни ислом одоб-ахлоқи ва анъаналари руҳида тарбиялашга ҳаракат қилинади.

Америкада Румий мухлисларидан яна бири Эдмунд Ҳелминскийни эслаш жоиз. Сўфийлар тариқида маънавий сайру сулук қиладиган бу шахс, кўп марта Қўнёда бўлиб, Мавлавия тариқатининг зикру самоъ мажлисларида қатнашган. У сўфийлар сулуки тушунчаларини қамраб олган “Ҳаётда ҳозир бўлиш” номли китоб ёзиб, нашр эттирди.

Филип Кэй Дик ҳам дурустгина ёзувчидир, аммо унчалик машҳур эмас, шунга қарамай, Шарқ ирфоний ғояларига қизиқиб қолди. Динлар ва илоҳиётга оид мавзуларга ихлос қўйиб, улар ҳақида бир тўплам яратди ҳамда унда Мавлоно қитъаларидан намуналар келтирди.

Эҳтимол, бундай асарлар катта аҳамиятга молик эмасдир, аммо шон-шуҳратга эга бўлмаган ва арзирли бир асар ёзмаган америкаликлар ҳам румийшунослик соҳасида жиддий фаолият кўрсатмоқдалар.

Афсуски, Мавлавий мухлислари нафақат Америкада, балки бутун дунёда унинг маънавий дунёси кенгликларини тўла-тўкис қамраб, илғаб олганлар, дея олмаймиз. Шу сабабдан бўлса керак, баъзан хато фикрларга йўл қўйдилар. Масалан, Майкл Факс Мавлавий шеърларидан янглиш хулоса чиқарган ва Мавлавийни таносух (Қадимги ҳинд ақидаларига кўра руҳнинг бир танадан бошқа бир танага кўчиб ўтиши) тушунчаси тарафдори деб тушунтирган ҳамда бу ҳақда шарҳ ёзган (W. Fox Michael, The Boundless Circle, Wheaton, Quest Books, 1996). Бу сингари янглиш тушунишлар хусусий тадқиқотларда кам эмас, аммо улар муҳим аҳамият касб ҳам этмайди, чунки чуқур ва кенг қамровли илмий изланишлар шунчалик кўп амалга оширилганки, заиф асарлар ўз-ўзидан қумга сингган сувдек тадрижий равишда йўқолиб боради. Бироқ яхши ва таъсирли асарлар орасида Франклин Луиснинг заҳматларини тилга олмаслик ва сезмаслик мумкин эмас.

Геофери Парриндер (1910-2005) ўз тадқиқотига Мавлавий ижодини объект қилиб олади. Динлар бўйича мутахассис Жон Ҳик “Дин тафсири” китобининг асосий қисмини “Ваҳдати вужуд” фалсафасига бағишлайди. Ушбу китобнинг бир боби Мавлоно тили билан айтилган “Шишалар ранг-баранг, нур эса биттадир” сарлавҳаси билан бошланади.

Протестант попи Рой Каруул Деамот (1917-?) ўз диссертациясида динлар тарихи соҳасида тадқиқот олиб борди ва 1953- йилда Яла университетида уни муваффақиятли ёқлади. Унинг рисоласи “Орифона сулук” деб аталиб, муаллиф тадқиқоти йўналишини белгилаб беради. Мазкур рисола кейинчалик 1980- йилда “Тасаввуф оламининг нағма пардоз қуши” номи билан қайта нашр этилди. Унда Мавлавий дуолари таъсири шу даражадаки, ҳатто католиклар ҳам Пегги Розентал сингари улардан фойдаланганлар.

Неофрейдизм вакилларидан Карл Густав Юнг (1875-1961) бевосита

Румий асарларини ўқимаган бўлса ҳам, аммо таржималар воситасида “Маснавий” моҳиятини англади, тушунди ва шунинг учун ўз асарида Мавлавий номини эслатиб ўтади.

Зигмунд Фрейднинг шогирди Эрих Фроммнинг асарлари жаҳон бўйлаб ўзига хос муносиб шуҳрат қозонган. У Мавлавийни Ҳақ висоли, ҳаёт завқ-шавқи, инсон руҳиятини тушуниш, борлиқ оламдан хабардорлик каби сифатлари ва шу билан бирга ишқни яратилишнинг гавҳаридир, деб билгани учун мақтайди.

■■■

Бугунги кунга келиб, иқтисодий инқироздан ҳам кўра кўпроқ маънавий инқирозга учраган Ғарбнинг нажот излаётган нигоҳлари Шарққа қадалган. Зотан Шарқ тафаккур ўчоғи, ҳикмат булоғи ва маънавият сарчашмаси деганидир. Ана шу сарчашмаларга қайтиш ва ундан кўпроқ баҳра олиш, яъни Румий маслагида туриб инсон ва инсониятни севиш ва ардоқлашгина дунёнинг бугун ва эртасини қутқара олади.

Манба: fikr.uz

(Tashriflar: umumiy 379, bugungi 1)

Izoh qoldiring