Taqdimot: Abdulla Ulug’ov. Qalb qandili.

01

Abdulla Ulug’ov. Qalb qandili: adabiy-tanqidiy maqolalar. Adabiy portret. Adabiy-tanqidiy ocherk. Toshkent.,Akademnashr. 2013. — 288 bet / Абдулла Улуғов. Қалб қандили: адабий-танқидий мақолалар. Адабий портрет. Адабий-танқидий очерк. Тошкент.,Akademnashr. 2013. — 288 бет. ISBN 978-9943-4118-1-4

Адабиётшунос Абдулла Улуғовнинг ушбу китобга жамланган мақолаларида истеъдодли ижодкорларнинг шеърлари,одам ва олам ҳақидаги фикрлари таҳлил этилади. Истеъдоднинг бошқалардан фарқи, тўғрироғи, устунлиги шундаки, у кўпчилик пайқамаган муаммоларни, бошқалар сезмаган оқибатни кўра билади. Адабиётннинг асл асарларини ҳар гал қайта мутолаа қилганимизда қалб қандилимиз чарақлаб, ҳаётга ҳайрат билан қараш ҳиссимиз ортиб, ўзимизни англаш, ўзгаларни тушуниш сари одим босамиз.

033
СЎЗБОШИ

     Инсоннинг ўзини англаши, унинг теварак-атрофидаги нарса-ҳодисаларга қараб завқланишидан, бадиий асарларни ўқиб ҳайратланишидан бошланади. Чунки қўшиқ, куйларни тинглаш, картина, фильмларни томоша қилиш, умуман, санъатдан ҳайратланиш натижасида кишининг қалб қандили чарақлаб ёнади. Қалбидаги меҳр ҳисси ошиб боради. У шундай туйғуки, киши бошқаларга бергани сари ўзида ҳам кўпайиб боради ва ҳаётга муҳаббати ортади. Шеър мутолаасидан завқланиш, адабиёт ва ҳаёт тўғрисида мушоҳада қилиб, мароқланиш ҳам ҳар биримизнинг ҳайратимизни ошириб, ҳаётга, одамларга муносабатимизни мусаффолаштиради.

Ҳозирги ахборот “бўрон”и авж олган шиддаткор замонда, афсуски, “оммавий маданият” деган офат адабиёт ва санъатнинг асл асарларини жамиятдан сиқиб чиқаришга, бадиий сўзни беқадр қилишга аёвсиз уринмоқда. Ғарб тараққиёти натижасида туғилган “оммавий маданият” азалий миллий қадриятларни топташни мақсад қилгани, у санъат ва адабиётдаги ҳаётбахш анъаналар йўлига тўсиқ экани, энг аянчлиси, одамлар қалбини булғаётгани, ёшларни зўравонлик, фаҳшга рағбатлантираётгани барчага аён бўлиб қолди.

Аммо унинг омонсиз “зарба”ларидан сақланиш тобора қийинлашиб бормоқда. “Оммавий маданият” қанчалик ҳужум қилмасин, одамлар қалбидан эзгуликка интилиш ҳиссини батамом юлиб ололмайди. Чунки эзгуликка интилиш, виждон овози адабиёт ва санъатнинг асл асарларидан баҳра олган, улардаги инсонпарварлик ғояларини қалбига жо қилган аждодларимиздан қутлуғ мерос бўлиб келади.

Инсонга ишонмасликни жуда катта гуноҳ санаган улуғ боболаримиз даъват этгандай покиза қалб билан яшашимизга санъат ва адабиётдаги, жумладан, шеъриятдаги мумтоз анъаналарни замонавий кўринишда давом эттириб, сўзнинг сеҳри, жозибасини ажойиб маҳорат билан намоён этадиган истеъдодли ижодкорларнинг асарлари, озгина бўлса-да, кўмак, туртки беради. Улар турли омиллар натижасида карахтланиб, тўнғиб қолган туйғуларимизга, салгина бўлса-да, ўз таъсирини ўтказади. Бизни бир-биримизга бефарқ бўлмасликка, Аллоҳ қалбимизга жойлаб қўйган виждон овозига қулоқ тутиб, ҳалол яшашга, табиатдаги ҳар бир ўзгаришдан ҳайратланишга, ўтаётган кунларимизнинг ҳар лаҳзасини қадрлаб, барча бир-бири учун азиз, қадрдон эканини англашга даъват этади.

Санъатнинг инжа тури – шеърият туйғуларга таъсир этиб, “коинотдан туҳфалар олиб турадиган қалб” (Р.Тагор)ни қувватлантиради.¹ (¹Тагор Р. Асарлар. Саккиз жилдлик. – Тошкент: Бадиий адабиёт. 1965. 8-ж. – Б.297). Шунинг учун унда олам акс этади. Дунёнинг ҳеч бир бойлиги инсоннинг бир марта қалбдан қувонганига арзимайди. Ҳар инсонда, гарчи XXI асрнинг энг юксак техник мўъжизалари ҳам аниқ кўрсата олмаса-да, қалб бор, виждон, иймон яширин. Аллоҳнинг изну иродаси билан жойланган қалбни, ундаги виждон туйғуси, иймон ҳиссини, ҳар қанча уринса-да, ҳеч ким ўзидан суғуриб ташлай олмайди. Бунга ҳар қанча ақлли, зўр, қудратли бўлмасин, бошқаларнинг ҳам қурби етмайди. Турли таъсирлар туфайли инсондаги қалб қандили хира тортади, холос. Аммо ҳеч бир одамда қалб йўқ бўлиб кетмайди. Кишининг қалб қандили хира тортганида у худбин, манфаатпарастга айланиб, нафсининг қули бўлиб қолади.

Шеъриятнинг мумтоз намуналарида кўпроқ инсоннинг ана шу ҳолати тўғрисида сўз кетади. Мумтоз адабиётда бўлгани каби замонавий шеъриятнинг аср асарларида ҳам қалбни поклашга даъват қилинади. Ғафур Ғулом, Абдулла Орипов, Хуршид Даврон, Икром Отамурод, Абдували Қутбиддин, Эшқобил Шукур, Ҳалима Аҳмедова, Азиз Саид сингари адабиётимизнинг турли авлоди намояндалари шеърларини аввало худди мана шу хусусият бирлаштириб туради. Уларнинг шеърларидан ҳар биримизнинг қалб қандилимизни гард, ғуборлардан поклайдиган қувват таралади. Улар сўз чинакам мўъжиза эканини, унда мислсиз таъсир кучи мавжудлигини аён этади. Айни шеърларни мутолаа қилсак, қалбимиз қандили аввалгидан ёруғ нур таратганидан бутун борлиқ бошқача кўринаётганини, барча одамларга яхшилик соғинаётганимизни ҳис қила бошлаймиз. Чунки асл шеърият ҳамиша туйғуларга таъсир этиб, кишиларнинг қалб қандилини нурафшон қилади. Шу боисдан у азалдан қадрланиб келинади. Ҳамма ишга, юмушга имкон, фурсат топган XXI аср одамлари ҳам шеър ўқишга, у ҳақда ўйлаб, мушоҳада юритишга озгина вақтини ажратса, ўзининг қалб қандилини кундалик турмуш осмонидан тўхтовсиз ёғилиб турадиган гард, ғуборлардан, озгина бўлса-да, тозалашга эришади.

Ҳаёт ҳодисалари тўғрисида ўйлаш, жумладан, адабиёт асарлари ҳақида мушоҳада юритиш ҳар бир кишининг онгини ўстириб, дунёқарашини кенгайтиради. Дунёқараши кенг киши эса ҳаётга бошқалардан кўра теранроқ назар ташлайди. Чунки унинг қалб қандили ёруғроқ нур таратади, нарса-ҳодисаларнинг ўзгаларга кўринмайдиган томонлари, яширин жиҳатларини яхшироқ кўра олади. Замонавий шеъриятнинг забардаст намояндалари шеър ва достонлари ҳам, ўтган юз йилликнинг машҳур мутафаккири Михаил Бахтиннинг инсон табиати ва одам образининг асарлардаги акси тўғрисидаги мушоҳадалари ҳам ҳар биримизнинг қалбимиз қандилини қувватлантирадиган манба бўла олади. Бу муҳим манбадан қувват олиб, ҳаёт ҳикматларини теранроқ англаш, сермазмун умр кечириш эса аввало ўзимизга боғлиқдир. Барчамизнинг қалб қандилимиз чароғон нур таратганида ўзаро муносабатларимизда самимият, ишонч, ҳамжиҳатлик юзага келади. Шунда жамиятимиз янада обод, турмушимиз бундан-да фаровон бўлади.

Мазкур тўпламдаги мақолалар, адабий портретларда ҳар биримизнинг қалбимизни мунаввар туйғулар билан нурлантириб, эзгуликка ундовчи шеъриятимизнинг турли авлодига мансуб ажойиб шоирлар ижоди хусусида сўз юритилади. Шунингдек, ХХ аср улуғ файласуф-адабиётшуноси Михаил Бахтиннинг ҳаёт йўли, унинг инсоният бадиий-эстетик тафаккурини бойитишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилган илмий-ижодий фаолияти тўғрисидаги адабий-танқидий очерк ўрин олган.

004

хдк

(Tashriflar: umumiy 690, bugungi 1)

Izoh qoldiring