Knut Hamsun. Ishq gadolari

034   Норвег адабиётининг энг машҳур вакили Кнут Ҳамсун ижодини шеъриятдан бошлайди. Бироқ 1890 йилда у ёзган “Очарчилик” қиссаси адибга фақат Норвегияда эмас, ундан ташқарида ҳам катта шуҳрат олиб келди. Ҳамсуннинг қаҳрамонини Достоевский қаҳрамонлари билан қиёс қилишади. Ёзувчи норвег адабиётидаги модернизмнинг энг йирик вакили деб тан олинади. Унинг услуби таъсирини кейинчалик Жеймс Жойс, Марсель Пруст ва Виржиния Вульф асарларида кўриш мумкин. “Ер мевалари” (1917) ёзувчи ижодий фаолиятининг энг юқори чўққиси бўлиб, айнан шу асари учун у Нобель мукофотига (1920) лойиқ кўрилди.

Кнут ҲАМСУН
ИШҚ ГАДОЛАРИ
Русчадан Нодира АБДУЛЛАЕВА таржимаси
001

045Кнут Ҳамсун (1859–1952) — норвегиялик ёзувчи, драматург. Нобель мукофоти лауреати. У ижодини шеъриятдан бошлайди. Бироқ 1890 йилда у ёзган “Очарчилик” қиссаси адибга фақат Норвегияда эмас, ундан ташқарида ҳам катта шуҳрат олиб келди. Ҳамсуннинг қаҳрамонини Достоевский қаҳрамонлари билан қиёс қилишади. Ёзувчи норвег адабиётидаги модернизмнинг энг йирик вакили деб тан олинади. Унинг услуби таъсирини кейинчалик Жеймс Жойс, Марсель Пруст ва Виржиния Вульф асарларида кўриш мумкин. “Ер мевалари” (1917) ёзувчи ижодий фаолиятининг энг юқори чўққиси бўлиб, айнан шу асари учун у Нобель мукофотига (1920) лойиқ кўрилди. “Замин ҳосили”, “Очлик ”, “Синоат ”, “Виктория”, “Муҳаррир Лонге” каби романлар, “Бьергер ”, “Пан” қиссалари, “Ҳаёт ўйини”, “Қироллик дарвозасида” сингари пьесалар ва бир қанча ҳикоя тўпламлари нашр этилган. Кнут Ҳамсуннинг “Ишқ гадолари” ҳикояси персонажлари – жавобсиз муҳаббат дардига гирифтор бўлган ошиқлар. Уларнинг изтиробларини тасвирлар экан, муаллиф севги аталмиш синовни қандай бўлса шундай қабул қилиб, охиригача курашишдан ўзга чора йўқлигини кўрсатаётгандек туюлади.

001

I

Буларнинг барини мен ёздим, юрагимдагиларни қоғозга тўкиб, енгил тортиш учун, шу бугун эрталаб ёздим. Қаҳвахонадаги ишимдан айрилдим, ишим билан бирга ҳаётимнинг қувончли дамлари ҳам бой берилди. Қаҳвахонанинг номи “Максимиллиан” эди.

Ҳар оқшом эгнига кулранг кийим кийган ёш, келишган жаноб икки дўсти билан мен хизмат кўрсатадиган столлардан бирига келиб ўтирарди. Тўғри, унга ўхшаган жанобларнинг жуда кўпи қаҳвахонага келиб-кетишар, уларнинг бари мен билан яхши муносабатда бўлар, ҳурмат доирасида муомала қиларди. Фақат у… Унинг бўйи баланд, қадди-қомати келишган, сочлари тим қора, мулойим, кўзлари мовий – баъзан бу кўзлар менга нигоҳ ташлаган кўйи бир оз қотиб қоларди – лаблари узра сабза урган мўйлаблари ҳам ўзига ярашган.

Аввалига бу жаноб мени нимагадир хушламади.

У ҳафта давомида ҳар куни мунтазам келарди. Унга шу қадар ўрганиб қолдим, аммо бир куни у негадир келмай қолди. Ўша куни бир нимамни йўқотгандек ғуссага ботдим. Қаҳвахонанинг ҳамма бурчакларини айланиб, уни қидирдим; ниҳоят муҳташам қаҳвахонанинг нариги бурчагидан топ-дим. Катта устун ёнида жойлашган столда циркда ишлайдиган чавандоз аёл билан бирга ўтирарди. Аёл эгнига сариқ рангли кўйлак, қўлларига эса елкаларигача етадиган қўлқоп кийганди. Хоним ёш эди, кўзлари чиройли, тим қора. Менинг кўзларим эса – мовий рангда.

Улар ўтирган стол яқинидаги панароқ жойда бир дақиқача туриб, гап-ларига қулоқ тутдим: аёл унга норози оҳангда гапирар, жонига тегиб кет-ганини такрорлар, уни тинч қўйишини, безовта қилмаслигини сўрарди. “Эй, Парвардигор, бу аёл уни ўзидан нари қилаётган экан, нега у менинг ёнимга кела қолмайди!” – дея ҳайқирарди юрагим.

Эртасига у яна дўстлари билан кириб келди ва тасарруфимдаги столлар-дан бирига ўтирди. Ёнига ҳар доимгидек дарров югуриб бормадим. Юз-ларим ловуллаб қизарганини ҳис қилдим, бироқ ўзимни уни кўрмагандек тутдим. Мени чақирганида эса, ёнига яқинлашарканман:

– Кеча кўринмадингиз, жаноб? – дедим. У эса дўстларига мурожаат қилгандай:

– Бизнинг кельнер хонимимиз бағоят хушбичим-а! – деди.
– Пиво келтирайми? – сўрадим.
– Ҳа, – жавоб берди у.

Дарҳол улардан узоқлашдим.

II

Орадан бир неча кун ўтди. У қўлимга букланган бир қоғоз тутқазди.

– Буни олиб бориб беринг… – хатни унинг қўлидан олдиму, гапини ту-гатмасидан нари кетдим. Сал нарироқда ўтирган сариқ кўйлакли хонимга элтиб беришга шошилдим. Йўл-йўлакай хатга нари-бери кўз югуртирдим, бироқ мактуб охиридаги “Владимир Т.” деган ёзувни эслаб қолдим холос.

Қайтиб келганимда, у менга савол назари билан қараб турарди.
– Хатни етказдим, – дедим ҳозиржавоблик билан.
– Жавоб қайтаришдими?
– Йўқ.
У менга бир крона узатди ва кулимсираб:
– Буни сўзсиз ҳам тушуниш мумкин – деди.
Владимир (унинг исмини билиб олгандим!) бутун оқшом давомида ўша сариқ либосли хоним ҳамда унинг ҳамроҳларига тикилганча ўтирди. Соат ўн бирлар чамаси эди. Ўрнидан туриб, улар томон яқинлашди. Сариқ либосли хоним уни совуқ қарши олди. Ёнидаги икки ишқибози эса Владимирга қарата кесатиқ гаплар отишар, устидан кулиб, ҳазил-мазах қилишарди. Уларнинг даврасида бир неча дақиқагина ўтиргач , у қайтиб келди. Диққат билан қарадим; пальтосининг чўнтаги ҳўл эди. Анавилар пиво тўкиб юборишганини англадим. Пальтосини ечаркан, ўгирилиб ча-вандоз аёл ўтирган стол тарафга қаради. Пальтосини арта бошладим. У менга қараб жилмайди ва:
– Раҳмат, канизак хоним! – деди.
Устки кийимини кийишга ёрдамлашиб юбордим. Шу аснода унинг елкасига бармоқларим учи билан оҳиста тегиндим.

У ожиз ҳолда курсига чўкди. Дўстларидан бири пиво келтиришни бу-юрди. Унинг ҳам кружкасини олмоқчи бўлгандим, “Йўқ”, деганча идиш дастасига узатилган қўлларим устига қўлларини қўйди. Унинг тафти-ни сезган қўлларим мажолсиз бўшашди. Йигит ҳам буни сезди, тезда қўлларини тортиб олди.

Кечқурун ётоғим ёнида тиз чўккан кўйи унинг учун икки марта ибодат қилдим. Қўллари теккан ўнг қўлимни қайта-қайта ўпдим. Жуда бахтли эдим.

III

Бир сафар у менга гул туҳфа қилди, бир даста гул… Гулларни қаҳвахонага кираверишда савдо қиладиган гулчи хотиндан сотиб олганди. Сават тўла гуллар – янги узилган, лов-лов ёниб тургандек алвон рангда. Саватни ўзи ўтирган стол устига қўйди. Бу гал у ёлғиз келганди , доимий ҳамроҳлари – дўстлари йўқ эди ёнида. Бўш қолдим дегунча устун орқасида

туриб уни кузатардим, хаёлимда унинг исми чарх ураверарди: “Унинг исми Владимир Т.”.
Орадан бир соатга яқин вақт ўтди. У соатига тез-тез қараб қўярди. Ундан:
– Кимнидир кутяпсизми? – дея сўрадим.
Паришон ҳолда мен томон нигоҳ ташлади, сўнг кескин жавоб берди:
– Йўқ, ҳеч кимни кутмаяпман. Кимниям кутардим?
– Мен… шунчаки, эҳтимол сиз кимнидир кутаётгандирсиз, деб ўйладим…

– Берироқ келинг, – имлади у, – бу гуллар сизга!
Гуллар тўла саватни менга тутди.
“Ташаккур”, дедим мамнун ҳолда. Аммо ҳаяжондан овозим йўқолди шекилли, “ташаккур” сўзини пичирлаб айтдим. Шу онда миямга қон қуюлгандек қизиб, қизариб кетдим, бахтдан масрур бўлганча одимлаб борарканман, буюртмалар пештахтаси олдида тўхтадим. Буюртма қабул қиладиган аёлга рўйхатни узатар эканман, аёл сўради:
– Сизга нима керак?

– Нима деб ўйлайсиз, менга нима керак экан-а! – саволга савол билан жавоб бердим қувлик қилиб.

– Нима деб ўйлайман!? – аёл жаҳл билан кескин жавоб берди. – Нима, ақлдан оздингизми!

Мен эса ўша кўтаринки кайфият билан сўзлашда давом этардим:
– Қани, топинг-чи, бу гулларни менга ким совға қилди?
Шу пайт обер-кельнер пайдо бўлди. Менга қараб:
– Анави ёғоч оёқли жанобга пиво олиб бормабсиз-ку!– дея сўз қотди.
– Гулларни менга Владимир совға қилди! – ўз топишмоғимга ўзим жавоб бердим-да, қувончдан учаётгандай мижозга хизмат қилишга шошилдим.
Т. ҳали ҳам кетмаганди. Бир оздан кейин у ўрнидан қўзғолиб, кетиш-га чоғланганида, ёнига чопиб бордим-да, яна бир бор унга ташаккур билдирмоқчи бўлдим.

– Раҳмат Сизга!
У ҳайрон бўлди ва жиддий оҳангда:
– Биласизми, тўғриси, гулларни бошқа биров учун олгандим! – деди. Майли, майли, эҳтимол, у гулларни бошқа биров учун сотиб олгандир.

Аммо уларни менга туҳфа қилди! Ўша аёлга эмас, айнан менга! Ва яна гуллар учун ташаккуримни изҳор этишга изн берди! Хайрли тун, Владимир!

IV

Эртаси куни эрталаб ёмғир ёғаётган эди. “Қайси кўйлагимни кийсам экан, қорасиними ёки яшилини? – Бир оз бошим қотди, сўнг бир қарорга келдим. – Албатта яшилини-да, ахир у янгироқ!” Қувончим ичимга сиғмас эди.

Трамвай бекатига яқинлашар эканман, бир хонимнинг жала остида шамсиясиз ивиб турганини кўрдим. Унга шамсиям остига киришни таклиф этдим, аммо у ташаккур билдирганча, таклифимни негадир рад этди. Шунда мен ҳам шамсиямни ёпдиму, ёмғирда ивиган хонимга шерик бўлдим. “Нега энди у ёлғиз ўзи ивиши керак экан!” деган хаёл билан шундай қилдим.

Кечқурун Владимир яна қаҳвахонамизга келди. Уни қарши олар эканман:
– Гуллар учун яна бир бор ташаккур! – дедим жилмайиб.
– Қайси гуллар учун? – сўради у, сўнг: – Бошқа ўша гуллар ҳақида га-пирманг! – деди.

– Мен шунчаки сизга гуллар учун ташаккуримни айтмоқчи эдим.

У елка қисди ва менга қараб

:

– Мен сизни севмайман, – деди.
Биламан, у мени севмайди, унинг севгани эмаслигимни яхши била-ман. Ундан ўзимга нисбатан бундай ҳисларни сира кутмаганман. Унинг сўзларидан ҳафсалам пир бўлгани ҳам йўқ. Майли, севмаса, севмасин. Бироқ мен уни ҳар куни кўриш бахтига муяссарман, ҳар оқшом у келади ва менинг тасарруфимдаги столлардан бирига ўтиради, мен унга хизмат кўрсатаман. Яна келинг, Владимир.
Келаси оқшом у одатдагидан анча кечикиб келди.
– Пулингиз борми? –деб сўради.
– Афсус, мен бир ғариб қиз бўлсам…
У нигоҳини кўзларимга қадаб турди-да, жилмайиб қўйди.
– Сиз мени нотўғри тушундингиз, менга озроқ пул керак эди… эртагача…
– Ҳа, озмунча жамғармам бор, уйда, бир юз ўттиз кронам бор!
– Уйдами? Ёнингизда эмасми?
– Ўн беш дақиқа кутиб тура оласизми, ўн беш дақиқадан кейин қаҳвахона ёпилади, ишимиз тугайди, кейин бирга уйимга борамиз, сизга пулларни уйдан олиб бераман…

У ўн беш дақиқа кутиб турди. Биз бирга қаҳвахонадан чиқиб, уйим томон йўл олдик.

– Роппа-роса юз крона керак! – деди у.

У йўл бўйи менинг ёнимда борди. Илгарилаб ҳам кетмади, ортда ҳам қолмади. Зодагон олифта жаноблар оддий одамлар ёнида юришни маъқул кўрмай, одатда шундай қилишарди.

– Уйим оддий бир ҳужра, – дедим хижолат бўлиб уйимга яқинлашганимизда.

– Шу ерда кутиб тураман, – кескин оҳангда жавоб берди у, – сиз билан бормайман.

У пастда кутиб турди. Пулларни унга тутқазганимда, эринмай ҳаммасини санаб чиқди:

– Бу ерда юз кронадан кўпроқ пул бор экан. Ўн кронаси сизга чой ҳақи! Эшитяпсизми, ўн кронаси сизга! Чой ҳақи!

У майда пулларни менга узатди. Хайрли тун тилади-да, кетди. Муюлишга етганида йўл четидаги тиланчи кампирга эҳсон узатаётганига кўзим тушди.

V

Кейинги оқшом қарзни тўлай олмаслигини афсус-надомат билан айтиб, узр сўради. Мен эса қарзни тўлай олмагани учун ҳам унга миннатдорчилик билдирдим. Пулларни ишлатиб юборганини тан олди.

– Нимаям қилардим, шундай бўлиб қолди, ўзингизга маълум: сариқ кўйлакли хоним!

– Нега сен бунақа аҳволга тушиб қолдинг-а, оғайни, – сўз қотди дўстларидан бири. – Ишқ гадосига айланиб бўлибсан-ку!

– Бирон нима буюрасизларми? – уларнинг гапини бўлдим.

Бу орада қаҳвахонага ўша сариқ либосли хоним кириб келди. Влади-мир ўрнидан турди-да, аслзодаларга хос таъзим бажо этди. Икки букилиб таъзим қилганидан чаккаларидаги сочлари юзларини ёпди. Хоним эса бепарво ҳолда унинг ёнидан ўтди-да, бошқа бир столга бориб жойлашди. Владимир ҳам дарҳол ўша стол атрофидаги ўриндиқлардан бирига бориб ўтирди. Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас унинг тик турган ҳолда баланд овоз билан гапираётганини эшитдим.

– Жуда яхши, кетаман. Бошқа қайтмаганим бўлсин!
– Миннатдорман, – хотиржам ҳолда жавоб қайтарди хоним.
Бу суҳбатни эшитдиму, хурсандлигимдан гўёки осмонларда парвоз қилардим. Шу ҳолда буюртма қабул қилинадиган бўлмага бориб, буюртма олувчи аёлга бир нималар дея гапира бошладим. Эҳтимол , унинг сариқ либосли хонимнинг ёнига ҳеч қачон қайтмаслигини сўзлаган бўлсам керак. Хизмат кўрсатиш бўлимининг бошлиғи ёнимиздан ўтиб кетаркан, менга яна қаттиқ огоҳлантириш берди. Аммо энди менга барибир эди!

Соат ўн иккига бонг урди, қаҳвахонамизнинг иш вақти тамом бўлди. Ҳамма бирин-сирин чиқиб кетаркан, у мени кузатиб қўймоқчи эканлигини айтди.

– Кеча сизга бергандим-ку, ўн крона! Шундан беш кронасини бериб тура оласизми менга? – сўради у.

Унга кечаги кроналарнинг ҳаммасини узатгандим, фақат бештасиниги-на олди. Қолганларини эса, ҳар қанча қаршилигимга қарамай, қайтариб берди.

– Биласизми, бугун жуда бахтиёрман, – дедим ийманиб. – Қани энди сизни уйимга таклиф қила олсам… Уйим оддийгина бир ҳужра-да!

– Хижолат бўлманг. Уйингизга кирмоқчи эмасман. Хайрли тун.

У кетди. Муюлишдаги тиланчи кампир олдидан ўтиб кетаркан, кампир-нинг эҳтиром ила қилган таъзимига қарамай, садақа беришни унутди. Шу заҳотиёқ кампирнинг олдига чопиб бордим, унга танга узатдим:

– Олинг, бувижон. Бу ҳозиргина шу ердан ўтиб кетган жанобдан. Ҳозиргина ўтиб кетди-ку, анави кулранг кийимдаги жаноб… Олинг, олаверинг!

– Кулранг кийимдаги? – беҳол сўради кампир.
– Ҳа, сочлари тим қора… Унинг исми Владимир.
– Сиз унинг хотинимисиз, қизим?
– Йўқ, бувижон, – жавоб бердим масрур ҳолда. – Ўша жанобнинг ишқида ўртанаётган бир гадоман.

VI

Бир неча оқшомдан бери у такрор ва такрор пулларимни қайтара олмаётганидан афсусда эканини айтарди. Мен эса бундан асло хижолат бўлмаслигини таъкидлар, агар ҳадеб шунақа деяверса, мени ранжитиши мумкинлигини эслатардим. У шунчалик баралла гапирардики, атрофдагилар ҳам гапларини бемалол эшита олардилар, айримлар эса унинг устидан кулишарди.
– Мен ярамас одамман, фирибгарман, – дерди у. – Сиздан қарзга пул кетди, ўзининг цирки ва циркчилари билан бирга кетди. Албатта, мен уни тамоман унутиб юбордим. Уни бирор марта ҳам ўйлаганим йўқ, рост айтяпман. Унутдим…

– Аммо барибир бугун унга яна хат юборишга жазм қилдинг! – гапини бўлди дўстларидан бири.
– Ҳа, охирги марта… бу охиргиси! – жавоб берди бир оз сархуш ҳолда Владимир.

Эшик олдидаги гулчи аёлдан бир дона атиргул сотиб олдим. Атиргулни унинг чап ёқасидаги илгакка тўғнағич билан қадаб қўйдим. Гулни тақар эканман, унга жуда яқин турардим, унинг нафаси қўлларимга келиб ури-лаётганини ҳис қилиб турар, ҳаяжон ичида гулни тўғнағичга илдиролмай қийналардим.

Ниҳоят, гулни тақиб бўлганимдан кейин, у менга мамнун оҳангда:
– Сиздан миннатдорман, – деди.

Кассага бориб, ўзимга тегишли уч-тўрт кронани олиб келдим ва унга узатдим. Бу жуда оз эди.
– Мана буларни олинг, бор-йўғим шу!
– Раҳмат, миннатдорман.

Ўша оқшом мен жуда бахтли эдим. Орадан бир оз вақт ўтгач, Владимир бирданига:

– Берган пулларингиз менга жуда зарур эди. Бир жойга бориб келишим керак, сафарга… – деб қолди. – Пулларни қайтганимдан кейин, албатта, қайтараман.

Безовталана бошлаганимни сезиб, қўшимча қилди:
– Хавотирланманг, мен фақат сизни севаман, – деди қўлимдан тутиб. Аҳволим ёмон эди. У қаергадир жўнаб кетяпти, қанча сўраб-

суриштирмай, қаерга кетаётганини айтишни истамаяпти. Шу онда кўз олдим қоронғилашиб, теварагимдаги ҳамма нарса: қаҳвахона, шифтдаги қандиллар, ўтирган-юрган мижозлар, хизматчилар гир айланарди. Ўзимни тутиб туролмадим. Унинг иккала қўлини маҳкам ушлаб олдим.

– Айтдим-ку, бир ҳафтадан кейин қайтаман, кўришамиз! У шундай деб ўрнидан турди.

– Сиз ишдан бўшатилдингиз!

Қулоқларим остида обер-кельнернинг ёқимсиз товуши жаранглади. “Марҳамат! Бемалол! – хаёлимдан кечарди бу сўзлар. – “Нима қипти? Бўшасам бўшабман-да ! Бир ҳафтадан кейин Владимир ёнимга қайтиб келади. Ҳаммаси яхши бўлади, ҳаммаси! У бор-ку! Унга раҳмат, борлиги учун унга раҳмат айтиб қўйишим керак!” Ана шу фикр билан ортимга
ўгирилдим. Аммо у аллақачон кетиб бўлганди.

Орадан бир ҳафта ўтди. Кечқурун уйга кириб келарканман, унинг мак-тубига кўзим тушди. У ўзининг жуда чорасиз аҳволда қолганини ёзарди. Ўша сариқ либосли хонимнинг ортидан борганига иқрор бўлган. Мендан олган пулларни – қарзларни ҳеч қачон қайтара олмаслигини таъкидлаб, узр сўраган. Айни пайтда муҳтожлик балоси уни қаттиқ эзиб ташлаганини айтган. Шу қадар тубанлашиб кетгани учун ўзини ўзи лаънатлаётганини билдирган. Мактуб охирига эса: “Сариқ хонимнинг гадоси”, дея имзо қўйган.

Туну кун изтироб чекардим, аммо қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Бир ҳафта бурун қаҳвахонадаги иш жойимдан айрилган ва бошқа иш ахта- ришга киришган эдим. Кундуз кунлари шаҳардаги турли қаҳвахоналар ва меҳмонхоналарга бош суқиб иш сўрардим, яна шахсий хонадон эгаларига ўз хизматларимни таклиф этардим. Бирок ҳамма уринишларим беҳуда кетарди. Вакт алламаҳал бўлганида, сотилмай қолиб кетган газеталарни ярим баҳосига сотиб олар, уйга келибоқ, уларни диққат билан кўздан  кечирардим. “Ўзимни ва Владимирни оғир вазиятдан қутқара оладиган нимадир топарман”, деган умидли хаёлларга берилардим.

Кеча кечқурун газеталарнинг бирида унинг номига кўзим тушди ва мен у ҳақца битилганларни бошдан-охиригача қайта-қайта ўқиб чиқцим. Шу ондаёқ кўчага отилдим, тентираб-тентираб шу кўйи бугун эрталаб уйга қайтдим. Эҳтимол, қаердадир тунагандирман, балки ортиқ юришга мажолим қолмагач, бировларнинг кўча эшиклари зинасида ўтириб тонг оттиргандирман, ҳозир буни эслолмаяпман.

Бугун ўша мақолани яна ўқиб чикдим. Уни биринчи марта кеча уйга қайтганимда ўқигандим. Аввалига ҳайрат ичра кафтимни кафтимга урдим, кейин курсига чўккаладим. Бир оздан сўнг ерга ўтириб, курсига суяниб қолдим. Қўлларим билан ерни урганча, ўйга толдим. Балки ўйга толмаган- дирман, эҳтимол, миямда кандайдир ғала-ғовурлар содир бўлаётгандир. Кейин… мен эҳтимол, ўрнимдан туриб ташқарига чиққандирман. Эсладим, бурчакда муюлишда ўтирадиган тиланчи кампирга бир танга узатдим, сўнг:
— Бу сизга ўша кулранг кийимдаги жанобдан, эслайсизми уни? — дедим.

“Ҳа” дегандай бош ирғади кампир, сўнг:
— Сиз балки унинг қайлиғидирсиз, а? — деб сўради талмовсираб.
— Йўқ, мен унинг бевасиман…

Шундай қилиб, тонгга қадар кўча-кўйда тентираб юрдим. Айни дамда ўша машъум хабарни яна бир карра ўқияпман:
“Унинг исми Владимир эди…”.

045

Knut HAMSUN
ISHQ GADOLARI
Ruschadan Nodira ABDULLAEVA tarjimasi
001

045Knut Hamsun (1859–1952) — norvegiyalik yozuvchi, dramaturg. Nobel` mukofoti laureati. U ijodini she’riyatdan boshlaydi. Biroq 1890 yilda u yozgan “Ocharchilik” qissasi adibga faqat Norvegiyada emas, undan tashqarida ham katta shuhrat olib keldi. Hamsunning qahramonini Dostoevskiy qahramonlari bilan qiyos qilishadi. Yozuvchi norveg adabiyotidagi modernizmning eng yirik vakili deb tan olinadi. Uning uslubi ta’sirini keyinchalik Jeyms Joys, Marsel` Prust va Virjiniya Vulf asarlarida ko’rish mumkin. “Er mevalari” (1917) yozuvchi ijodiy faoliyatining eng yuqori cho’qqisi bo’lib, aynan shu asari uchun u Nobel` mukofotiga (1920) loyiq ko’rildi. “Zamin hosili”, “Ochlik ”, “Sinoat ”, “Viktoriya”, “Muharrir Longe” kabi romanlar, “B`erger ”, “Pan” qissalari, “Hayot o’yini”, “Qirollik darvozasida” singari p`esalar va bir qancha hikoya to’plamlari nashr etilgan. Knut Hamsunning “Ishq gadolari” hikoyasi personajlari – javobsiz muhabbat dardiga giriftor bo’lgan oshiqlar. Ularning iztiroblarini tasvirlar ekan, muallif sevgi atalmish sinovni qanday bo’lsa shunday qabul qilib, oxirigacha kurashishdan o’zga chora yo’qligini ko’rsatayotgandek tuyuladi.

001

I

Bularning barini men yozdim, yuragimdagilarni qog’ozga to’kib, yengil tortish uchun, shu bugun ertalab yozdim. Qahvaxonadagi ishimdan ayrildim, ishim bilan birga hayotimning quvonchli damlari ham boy berildi. Qahvaxonaning nomi “Maksimillian” edi.

Har oqshom egniga kulrang kiyim kiygan yosh, kelishgan janob ikki do’sti bilan men xizmat ko’rsatadigan stollardan biriga kelib o’tirardi. To’g’ri, unga o’xshagan janoblarning juda ko’pi qahvaxonaga kelib-ketishar, ularning bari men bilan yaxshi munosabatda bo’lar, hurmat doirasida muomala qilardi. Faqat u… Uning bo’yi baland, qaddi-qomati kelishgan, sochlari tim qora, muloyim, ko’zlari moviy – ba’zan bu ko’zlar menga nigoh tashlagan ko’yi bir oz qotib qolardi – lablari uzra sabza urgan mo’ylablari ham o’ziga yarashgan.
Avvaliga bu janob meni nimagadir xushlamadi.

U hafta davomida har kuni muntazam kelardi. Unga shu qadar o’rganib qoldim, ammo bir kuni u negadir kelmay qoldi. O’sha kuni bir nimamni yo’qotgandek g’ussaga botdim. Qahvaxonaning hamma burchaklarini aylanib, uni qidirdim; nihoyat muhtasham qahvaxonaning narigi burchagidan top-dim. Katta ustun yonida joylashgan stolda sirkda ishlaydigan chavandoz ayol bilan birga o’tirardi. Ayol egniga sariq rangli ko’ylak, qo’llariga esa yelkalarigacha yetadigan qo’lqop kiygandi. Xonim yosh edi, ko’zlari chiroyli, tim qora. Mening ko’zlarim esa – moviy rangda.

Ular o’tirgan stol yaqinidagi panaroq joyda bir daqiqacha turib, gap-lariga quloq tutdim: ayol unga norozi ohangda gapirar, joniga tegib ket-ganini takrorlar, uni tinch qo’yishini, bezovta qilmasligini so’rardi. “Ey, Parvardigor, bu ayol uni o’zidan nari qilayotgan ekan, nega u mening yonimga kela qolmaydi!” – deya hayqirardi yuragim.

Ertasiga u yana do’stlari bilan kirib keldi va tasarrufimdagi stollar-dan biriga o’tirdi. Yoniga har doimgidek darrov yugurib bormadim. Yuz-larim lovullab qizarganini his qildim, biroq o’zimni uni ko’rmagandek tutdim. Meni chaqirganida esa, yoniga yaqinlasharkanman:

– Kecha ko’rinmadingiz, janob? – dedim. U esa do’stlariga murojaat qilganday:

– Bizning kel`ner xonimimiz bag’oyat xushbichim-a! – dedi.
– Pivo keltiraymi? – so’radim.
– Ha, – javob berdi u.

Darhol ulardan uzoqlashdim.

II

Oradan bir necha kun o’tdi. U qo’limga buklangan bir qog’oz tutqazdi.

– Buni olib borib bering… – xatni uning qo’lidan oldimu, gapini tu-gatmasidan nari ketdim. Sal nariroqda o’tirgan sariq ko’ylakli xonimga eltib berishga shoshildim. Yo’l-yo’lakay xatga nari-beri ko’z yugurtirdim, biroq maktub oxiridagi “Vladimir T.” degan yozuvni eslab qoldim xolos.

Qaytib kelganimda, u menga savol nazari bilan qarab turardi.
– Xatni yetkazdim, – dedim hozirjavoblik bilan.
– Javob qaytarishdimi?
– Yo’q.
U menga bir krona uzatdi va kulimsirab:
– Buni so’zsiz ham tushunish mumkin – dedi.
Vladimir (uning ismini bilib olgandim!) butun oqshom davomida o’sha sariq libosli xonim hamda uning hamrohlariga tikilgancha o’tirdi. Soat o’n birlar chamasi edi. O’rnidan turib, ular tomon yaqinlashdi. Sariq libosli xonim uni sovuq qarshi oldi. Yonidagi ikki ishqibozi esa Vladimirga qarata kesatiq gaplar otishar, ustidan kulib, hazil-mazax qilishardi. Ularning davrasida bir necha daqiqagina o’tirgach , u qaytib keldi. Diqqat bilan qaradim; pal`tosining cho’ntagi ho’l edi. Anavilar pivo to’kib yuborishganini angladim. Pal`tosini yecharkan, o’girilib cha-vandoz ayol o’tirgan stol tarafga qaradi. Pal`tosini arta boshladim. U menga qarab jilmaydi va:
– Rahmat, kanizak xonim! – dedi.
Ustki kiyimini kiyishga yordamlashib yubordim. Shu asnoda uning yelkasiga barmoqlarim uchi bilan ohista tegindim.

U ojiz holda kursiga cho’kdi. Do’stlaridan biri pivo keltirishni bu-yurdi. Uning ham krujkasini olmoqchi bo’lgandim, “Yo’q”, degancha idish dastasiga uzatilgan qo’llarim ustiga qo’llarini qo’ydi. Uning tafti-ni sezgan qo’llarim majolsiz bo’shashdi. Yigit ham buni sezdi, tezda qo’llarini tortib oldi.

Kechqurun yotog’im yonida tiz cho’kkan ko’yi uning uchun ikki marta ibodat qildim. Qo’llari tekkan o’ng qo’limni qayta-qayta o’pdim. Juda baxtli edim.

III

Bir safar u menga gul tuhfa qildi, bir dasta gul… Gullarni qahvaxonaga kiraverishda savdo qiladigan gulchi xotindan sotib olgandi. Savat to’la gullar – yangi uzilgan, lov-lov yonib turgandek alvon rangda. Savatni o’zi o’tirgan stol ustiga qo’ydi. Bu gal u yolg’iz kelgandi , doimiy hamrohlari – do’stlari yo’q edi yonida. Bo’sh qoldim deguncha ustun orqasida

turib uni kuzatardim, xayolimda uning ismi charx uraverardi: “Uning ismi Vladimir T.”.
Oradan bir soatga yaqin vaqt o’tdi. U soatiga tez-tez qarab qo’yardi. Undan:
– Kimnidir kutyapsizmi? – deya so’radim.
Parishon holda men tomon nigoh tashladi, so’ng keskin javob berdi:
– Yo’q, hech kimni kutmayapman. Kimniyam kutardim?
– Men… shunchaki, ehtimol siz kimnidir kutayotgandirsiz, deb o’yladim…

– Beriroq keling, – imladi u, – bu gullar sizga!
Gullar to’la savatni menga tutdi.
“Tashakkur”, dedim mamnun holda. Ammo hayajondan ovozim yo’qoldi shekilli, “tashakkur” so’zini pichirlab aytdim. Shu onda miyamga qon quyulgandek qizib, qizarib ketdim, baxtdan masrur bo’lgancha odimlab borarkanman, buyurtmalar peshtaxtasi oldida to’xtadim. Buyurtma qabul qiladigan ayolga ro’yxatni uzatar ekanman, ayol so’radi:
– Sizga nima kerak?

– Nima deb o’ylaysiz, menga nima kerak ekan-a! – savolga savol bilan javob berdim quvlik qilib.

– Nima deb o’ylayman!? – ayol jahl bilan keskin javob berdi. – Nima, aqldan ozdingizmi!

Men esa o’sha ko’tarinki kayfiyat bilan so’zlashda davom etardim:
– Qani, toping-chi, bu gullarni menga kim sovg’a qildi?
Shu payt ober-kel`ner paydo bo’ldi. Menga qarab:
– Anavi yog’och oyoqli janobga pivo olib bormabsiz-ku!– deya so’z qotdi.
– Gullarni menga Vladimir sovg’a qildi! – o’z topishmog’imga o’zim javob berdim-da, quvonchdan uchayotganday mijozga xizmat qilishga shoshildim.
T. hali ham ketmagandi. Bir ozdan keyin u o’rnidan qo’zg’olib, ketish-ga chog’langanida, yoniga chopib bordim-da, yana bir bor unga tashakkur bildirmoqchi bo’ldim.

– Rahmat Sizga!
U hayron bo’ldi va jiddiy ohangda:
– Bilasizmi, to’g’risi, gullarni boshqa birov uchun olgandim! – dedi. Mayli, mayli, ehtimol, u gullarni boshqa birov uchun sotib olgandir.

Ammo ularni menga tuhfa qildi! O’sha ayolga emas, aynan menga! Va yana gullar uchun tashakkurimni izhor etishga izn berdi! Xayrli tun, Vladimir!

IV

Ertasi kuni ertalab yomg’ir yog’ayotgan edi. “Qaysi ko’ylagimni kiysam ekan, qorasinimi yoki yashilini? – Bir oz boshim qotdi, so’ng bir qarorga keldim. – Albatta yashilini-da, axir u yangiroq!” Quvonchim ichimga sig’mas edi.

Tramvay bekatiga yaqinlashar ekanman, bir xonimning jala ostida shamsiyasiz ivib turganini ko’rdim. Unga shamsiyam ostiga kirishni taklif etdim, ammo u tashakkur bildirgancha, taklifimni negadir rad etdi. Shunda men ham shamsiyamni yopdimu, yomg’irda ivigan xonimga sherik bo’ldim. “Nega endi u yolg’iz o’zi ivishi kerak ekan!” degan xayol bilan shunday qildim.

Kechqurun Vladimir yana qahvaxonamizga keldi. Uni qarshi olar ekanman:
– Gullar uchun yana bir bor tashakkur! – dedim jilmayib.
– Qaysi gullar uchun? – so’radi u, so’ng: – Boshqa o’sha gullar haqida ga-pirmang! – dedi.

– Men shunchaki sizga gullar uchun tashakkurimni aytmoqchi edim.

U yelka qisdi va menga qarab

:

– Men sizni sevmayman, – dedi.
Bilaman, u meni sevmaydi, uning sevgani emasligimni yaxshi bila-man. Undan o’zimga nisbatan bunday hislarni sira kutmaganman. Uning so’zlaridan hafsalam pir bo’lgani ham yo’q. Mayli, sevmasa, sevmasin. Biroq men uni har kuni ko’rish baxtiga muyassarman, har oqshom u keladi va mening tasarrufimdagi stollardan biriga o’tiradi, men unga xizmat ko’rsataman. Yana keling, Vladimir.
Kelasi oqshom u odatdagidan ancha kechikib keldi.
– Pulingiz bormi? –deb so’radi.
– Afsus, men bir g’arib qiz bo’lsam…
U nigohini ko’zlarimga qadab turdi-da, jilmayib qo’ydi.
– Siz meni noto’g’ri tushundingiz, menga ozroq pul kerak edi… ertagacha…
– Ha, ozmuncha jamg’armam bor, uyda, bir yuz o’ttiz kronam bor!
– Uydami? Yoningizda emasmi?
– O’n besh daqiqa kutib tura olasizmi, o’n besh daqiqadan keyin qahvaxona yopiladi, ishimiz tugaydi, keyin birga uyimga boramiz, sizga pullarni uydan olib beraman…

U o’n besh daqiqa kutib turdi. Biz birga qahvaxonadan chiqib, uyim tomon yo’l oldik.

– Roppa-rosa yuz krona kerak! – dedi u.

U yo’l bo’yi mening yonimda bordi. Ilgarilab ham ketmadi, ortda ham qolmadi. Zodagon olifta janoblar oddiy odamlar yonida yurishni ma’qul ko’rmay, odatda shunday qilishardi.

– Uyim oddiy bir hujra, – dedim xijolat bo’lib uyimga yaqinlashganimizda.

– Shu yerda kutib turaman, – keskin ohangda javob berdi u, – siz bilan bormayman.

U pastda kutib turdi. Pullarni unga tutqazganimda, erinmay hammasini sanab chiqdi:

– Bu yerda yuz kronadan ko’proq pul bor ekan. O’n kronasi sizga choy haqi! Eshityapsizmi, o’n kronasi sizga! Choy haqi!

U mayda pullarni menga uzatdi. Xayrli tun tiladi-da, ketdi. Muyulishga yetganida yo’l chetidagi tilanchi kampirga ehson uzatayotganiga ko’zim tushdi.

V

Keyingi oqshom qarzni to’lay olmasligini afsus-nadomat bilan aytib, uzr so’radi. Men esa qarzni to’lay olmagani uchun ham unga minnatdorchilik bildirdim. Pullarni ishlatib yuborganini tan oldi.

– Nimayam qilardim, shunday bo’lib qoldi, o’zingizga ma’lum: sariq ko’ylakli xonim!

– Nega sen bunaqa ahvolga tushib qolding-a, og’ayni, – so’z qotdi do’stlaridan biri. – Ishq gadosiga aylanib bo’libsan-ku!

– Biron nima buyurasizlarmi? – ularning gapini bo’ldim.

Bu orada qahvaxonaga o’sha sariq libosli xonim kirib keldi. Vladi-mir o’rnidan turdi-da, aslzodalarga xos ta’zim bajo etdi. Ikki bukilib ta’zim qilganidan chakkalaridagi sochlari yuzlarini yopdi. Xonim esa beparvo holda uning yonidan o’tdi-da, boshqa bir stolga borib joylashdi. Vladimir ham darhol o’sha stol atrofidagi o’rindiqlardan biriga borib o’tirdi. Oradan ikki daqiqa o’tar-o’tmas uning tik turgan holda baland ovoz bilan gapirayotganini eshitdim.

– Juda yaxshi, ketaman. Boshqa qaytmaganim bo’lsin!
– Minnatdorman, – xotirjam holda javob qaytardi xonim.
Bu suhbatni eshitdimu, xursandligimdan go’yoki osmonlarda parvoz qilardim. Shu holda buyurtma qabul qilinadigan bo’lmaga borib, buyurtma oluvchi ayolga bir nimalar deya gapira boshladim. Ehtimol , uning sariq libosli xonimning yoniga hech qachon qaytmasligini so’zlagan bo’lsam kerak. Xizmat ko’rsatish bo’limining boshlig’i yonimizdan o’tib ketarkan, menga yana qattiq ogohlantirish berdi. Ammo endi menga baribir edi!

Soat o’n ikkiga bong urdi, qahvaxonamizning ish vaqti tamom bo’ldi. Hamma birin-sirin chiqib ketarkan, u meni kuzatib qo’ymoqchi ekanligini aytdi.

– Kecha sizga bergandim-ku, o’n krona! Shundan besh kronasini berib tura olasizmi menga? – so’radi u.

Unga kechagi kronalarning hammasini uzatgandim, faqat beshtasinigi-na oldi. Qolganlarini esa, har qancha qarshiligimga qaramay, qaytarib berdi.

– Bilasizmi, bugun juda baxtiyorman, – dedim iymanib. – Qani endi sizni uyimga taklif qila olsam… Uyim oddiygina bir hujra-da!

– Xijolat bo’lmang. Uyingizga kirmoqchi emasman. Xayrli tun.

U ketdi. Muyulishdagi tilanchi kampir oldidan o’tib ketarkan, kampir-ning ehtirom ila qilgan ta’zimiga qaramay, sadaqa berishni unutdi. Shu zahotiyoq kampirning oldiga chopib bordim, unga tanga uzatdim:

– Oling, buvijon. Bu hozirgina shu yerdan o’tib ketgan janobdan. Hozirgina o’tib ketdi-ku, anavi kulrang kiyimdagi janob… Oling, olavering!

– Kulrang kiyimdagi? – behol so’radi kampir.
– Ha, sochlari tim qora… Uning ismi Vladimir.
– Siz uning xotinimisiz, qizim?
– Yo’q, buvijon, – javob berdim masrur holda. – O’sha janobning ishqida o’rtanayotgan bir gadoman.

VI

Bir necha oqshomdan beri u takror va takror pullarimni qaytara olmayotganidan afsusda ekanini aytardi. Men esa bundan aslo xijolat bo’lmasligini ta’kidlar, agar hadeb shunaqa deyaversa, meni ranjitishi mumkinligini eslatardim. U shunchalik baralla gapirardiki, atrofdagilar ham gaplarini bemalol eshita olardilar, ayrimlar esa uning ustidan kulishardi.
– Men yaramas odamman, firibgarman, – derdi u. – Sizdan qarzga pul ketdi, o’zining sirki va sirkchilari bilan birga ketdi. Albatta, men uni tamoman unutib yubordim. Uni biror marta ham o’ylaganim yo’q, rost aytyapman. Unutdim…

– Ammo baribir bugun unga yana xat yuborishga jazm qilding! – gapini bo’ldi do’stlaridan biri.
– Ha, oxirgi marta… bu oxirgisi! – javob berdi bir oz sarxush holda Vladimir.

Eshik oldidagi gulchi ayoldan bir dona atirgul sotib oldim. Atirgulni uning chap yoqasidagi ilgakka to’g’nag’ich bilan qadab qo’ydim. Gulni taqar ekanman, unga juda yaqin turardim, uning nafasi qo’llarimga kelib uri-layotganini his qilib turar, hayajon ichida gulni to’g’nag’ichga ildirolmay qiynalardim.

Nihoyat, gulni taqib bo’lganimdan keyin, u menga mamnun ohangda:
– Sizdan minnatdorman, – dedi.

Kassaga borib, o’zimga tegishli uch-to’rt kronani olib keldim va unga uzatdim. Bu juda oz edi.
– Mana bularni oling, bor-yo’g’im shu!
– Rahmat, minnatdorman.

O’sha oqshom men juda baxtli edim. Oradan bir oz vaqt o’tgach, Vladimir birdaniga:

– Bergan pullaringiz menga juda zarur edi. Bir joyga borib kelishim kerak, safarga… – deb qoldi. – Pullarni qaytganimdan keyin, albatta, qaytaraman.

Bezovtalana boshlaganimni sezib, qo’shimcha qildi:
– Xavotirlanmang, men faqat sizni sevaman, – dedi qo’limdan tutib. Ahvolim yomon edi. U qaergadir jo’nab ketyapti, qancha so’rab-

surishtirmay, qaerga ketayotganini aytishni istamayapti. Shu onda ko’z oldim qorong’ilashib, tevaragimdagi hamma narsa: qahvaxona, shiftdagi qandillar, o’tirgan-yurgan mijozlar, xizmatchilar gir aylanardi. O’zimni tutib turolmadim. Uning ikkala qo’lini mahkam ushlab oldim.

– Aytdim-ku, bir haftadan keyin qaytaman, ko’rishamiz! U shunday deb o’rnidan turdi.

– Siz ishdan bo’shatildingiz!

Quloqlarim ostida ober-kel`nerning yoqimsiz tovushi jarangladi. “Marhamat! Bemalol! – xayolimdan kechardi bu so’zlar. – “Nima qipti? Bo’shasam bo’shabman-da ! Bir haftadan keyin Vladimir yonimga qaytib keladi. Hammasi yaxshi bo’ladi, hammasi! U bor-ku! Unga rahmat, borligi uchun unga rahmat aytib qo’yishim kerak!” Ana shu fikr bilan ortimga
o’girildim. Ammo u allaqachon ketib bo’lgandi.
Oradan bir hafta o’tdi. Kechqurun uyga kirib kelarkanman, uning mak-tubiga ko’zim tushdi. U o’zining juda chorasiz ahvolda qolganini yozardi. O’sha sariq libosli xonimning ortidan borganiga iqror bo’lgan. Mendan olgan pullarni – qarzlarni hech qachon qaytara olmasligini ta’kidlab, uzr so’ragan. Ayni paytda muhtojlik balosi uni qattiq ezib tashlaganini aytgan. Shu qadar tubanlashib ketgani uchun o’zini o’zi la’natlayotganini bildirgan. Maktub oxiriga esa: “Sariq xonimning gadosi”, deya imzo qo’ygan.
Tunu kun iztirob chekardim, ammo qo’limdan hech narsa kelmasdi. Bir hafta burun qahvaxonadagi ish joyimdan ayrilgan va boshqa ish axta- rishga kirishgan edim. Kunduz kunlari shahardagi turli qahvaxonalar va mehmonxonalarga bosh suqib ish so’rardim, yana shaxsiy xonadon egalariga o’z xizmatlarimni taklif etardim. Birok hamma urinishlarim behuda ketardi. Vakt allamahal bo’lganida, sotilmay qolib ketgan gazetalarni yarim bahosiga sotib olar, uyga keliboq, ularni diqqat bilan ko’zdan
kechirardim. “O’zimni va Vladimirni og’ir vaziyatdan qutqara oladigan nimadir toparman”, degan umidli xayollarga berilardim.
Kecha kechqurun gazetalarning birida uning nomiga ko’zim tushdi va men u haqtsa bitilganlarni boshdan-oxirigacha qayta-qayta o’qib chiqtsim. Shu ondayoq ko’chaga otildim, tentirab-tentirab shu ko’yi bugun ertalab uyga qaytdim. Ehtimol, qaerdadir tunagandirman, balki ortiq yurishga majolim qolmagach, birovlarning ko’cha eshiklari zinasida o’tirib tong ottirgandirman, hozir buni eslolmayapman.
Bugun o’sha maqolani yana o’qib chikdim. Uni birinchi marta kecha uyga qaytganimda o’qigandim. Avvaliga hayrat ichra kaftimni kaftimga urdim, keyin kursiga cho’kkaladim. Bir ozdan so’ng yerga o’tirib, kursiga suyanib qoldim. Qo’llarim bilan yerni urgancha, o’yga toldim. Balki o’yga tolmagan- dirman, ehtimol, miyamda kandaydir g’ala-g’ovurlar sodir bo’layotgandir. Keyin… men ehtimol, o’rnimdan turib tashqariga chiqqandirman. Esladim, burchakda muyulishda o’tiradigan tilanchi kampirga bir tanga uzatdim, so’ng:
— Bu sizga o’sha kulrang kiyimdagi janobdan, eslaysizmi uni? — dedim.
“Ha” deganday bosh irg’adi kampir, so’ng:
— Siz balki uning qaylig’idirsiz, a? — deb so’radi talmovsirab.
— Io’q, men uning bevasiman…
Shunday qilib, tongga qadar ko’cha-ko’yda tentirab yurdim. Ayni damda o’sha mash’um xabarni yana bir karra o’qiyapman:
“Uning ismi Vladimir edi…”.

Manba: «Jahon adabiyoti» jurnali, 2015/4

045

(Tashriflar: umumiy 511, bugungi 1)

Izoh qoldiring