Nikolay Gogol. Tentakning yozmalari & Nikolay Gogol asarlari asosida ikki radiordrama: O’lik jonlar & Uylanish

08    Бугун эрталаб ғаройиб воқеа рўй берди. Анча кеч уйғондим, Мавра артиб-тозалаган этикларимни олиб келганда соат неча бўлганини сўрадим. Аллақачон ўн марта бонг урганини эшитиб, тезда кийинишга тушдим. Очиғини айтсам, бўлим бошлиғининг энсаси қотган кўйи башарасини бужмайтиришини олдиндан билганим учун департаментга мутлақо бормаган бўлардим.

Николай Гоголь
ТЕНТАКНИНГ ЁЗМАЛАРИ
011

055Николай Васильевич Гоголь [1809.20.3(1.4), Полтава губерняси, Миргород уезди — 1852.21.2 (4.3), Москва] — рус ёзувчиси. Рус адабиётида танқидий реализмга асос солган. Нежин гимназиясини тугатиб (1828), Петербургга келган. Рассомлик қилган, драма тўгаракларида фаол қатнашган, айрим юмористик ролларни ижро этиб, бадиий ижод билан ҳам шуғулланган. В. Алов тахаллуси билан ёзилган «Ганц Кюхельгартен» романтик достони (1829) салбий баҳолангач, чет элга кетган. Германиянинг Любек, Гамбург шаҳарларида бўлган. Петербургга қайтиб, давлат маҳкамаларида хизмат қилади. Маҳкамалардаги қоғозбозлик, сансалорлик каби иллатлар Гоголь учун бой мавзу бўлди («Петербург қиссалари, 1830).

А.С. Пушкин билан учрашуви (1831) Гоголь ижодида бурилиш ясади. «Диканька қишлоғи оқшомлари» (1831—32) тўпламига кирган ҳикоя ва қиссалари («Сорочино ярмаркаси», «Даҳшатли қасос» ва б.) Гоголга шуҳрат келтирди. Бунда Малороссиядаги турмуш тарзи, одамлар онги, ахлоқи, халқнинг юморга бой афсоналари, урф-одатлари акс эттирилган. Гоголь Санкт-Петербург университети умумтарих кафедрасида профессор бўлиб ишлади (1834), бу унга тарих билан чуқурроқ танишиш имконини берди. «Миргород» («Иван Иванович билан Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти», «Вий» ва бошқа қиссалар) тўплами ҳамда «Арабескалар» («Нева шоҳ кўчаси», «Портрет», «Тентак мактублари» қиссалари) тўпламида (1835) шаҳар ҳаёти манзаралари «кўздан ёш чиққунча» кулги қўзғатадиган усулда тасвирланади. «Тарас Бульба» (1835) қиссаси украин халқининг чет эл босқинчиларига қарши курашига бағишланган. Гоголь 30-йиллар 1-ярмида «3-даражали Владимир» (тугалланмаган), «Уйланиш» (1842 йилда нашр этилди) комедиялари устида ишлади. «Ревизор» (1836) комедиясида Россиядаги мансабпарастлик, хазинани талон-торож қилиш, порахўрлик ва бошқа ҳажв остига олинган. Гоголь ижодининг чўққиси бўлган «Ўлик жонлар» (1842) достон-романида Россиядаги ўша давр ҳаётига умумий тавсиф берилган.

Гоголь ўз дунёқарашида содир бўлган ахлоқпарастлик гоялари таъсирида «Дўстлар билан ёзишмалардан танланган саҳифалар» (1847) асарини эълон қилади. Мазкур асар В. Г. Белинский томонидан танқидга учрайди («Н.В. Гоголга хат»).

Гоголнинг «Ревизор» (1935—52, Кибриё Қаҳҳорова ва Абдулла Қаҳҳор таржимаси), «Иван Иванович ва Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти» (1972, Н. Алимуҳамедов таржимаси), «Ўлик жонлар» (1959, Рустам Абдураҳмонов таржимаси) ва бошқа асарлари ўзбек тилида нашр этилган. «Ревизор», «Уйланиш» пьесалари Ўзбекистан театрлари саҳнасида қўйилган

3 октябрь

Бугун эрталаб ғаройиб воқеа рўй берди. Анча кеч уйғондим, Мавра артиб-тозалаган этикларимни олиб келганда соат неча бўлганини сўрадим. Аллақачон ўн марта бонг урганини эшитиб, тезда кийинишга тушдим. Очиғини айтсам, бўлим бошлиғининг энсаси қотган кўйи башарасини бужмайтиришини олдиндан билганим учун департаментга мутлақо бормаган бўлардим. У кўпдан бери менга: “Оғайни, нега доим калланг ғовлаб ётади? Баъзан оёғи куйган товуқдай типирчилаб қоласан, баъзида ишни шунақанги чалкаштириб юборасанки, манаман деган одам ҳам эпақага келтиролмайди, титул варағига кичик ҳарфлар билан ёзасан, на санасини кўрсатасан, на рақамини”, дейди. Лаънати ҳўкиз! Директорнинг хонасида ўтиришимни ва жаноби олийлари учун патқаламларнинг учини чиқариб беришимни кўролмайди. Хуллас, ғазначини топиб, у зиқна яҳудийдан маошимнинг зора бир қисмини сўраб олиш умиди бўлмаганда департаментга бормасдим. Бу ярамас тасқарани кўринг! Агар мабодо маошни бир ой олдин берса – Худо кўрсатмасин, нақд қиёмат қойим бўлса керак. Илтимос қил, ялиниб-ёлбор, бор, ана – ёрилиб кет, очликдан силланг қуриб ерга қапишиб қол, – бермайди, оқсоч ажина! Ваҳоланки, ўзи уйида ошпаз аёлдан тарсаки еб юради. Буни бутун дунё билади. Мен тушунолмайман, департаментда хизмат қилишнинг нима фойдаси бор. Ҳеч қанақа рағбат йўқ. Губерния бошқармаси, давлат ва фуқаро палаталарида бутунлай бошқа гап: у ерда йўғон чўзилиб, ингичка узилиш даражасига етса, ҳарқалай, томизиб туришади. У кийиб юрган яғири чиққан фракни айтмайсизми, турқи шунақаям совуқки, башарасига тупуриб юборгинг келади, у эгаллаб турган дала ҳовли ҳақида гапирмаса ҳам бўлади! Тилла ҳалли идишларни назари илмайди: “Бу докторларга бериладиган совға”, эмиш. Унга бир жуфт йўртоқи от ёки извош, ё бўлмаса қундуз терисидан тикилган уч юз сўмлик пўстин бериш керак экан. Кўринишидан мулойим, жуда назокат билан гапиради: “Патқаламим учини чиқариб олиш учун пичоқчангизни бериб туролмайсизми?” – мижозларни эса шир-яланғоч бўлгунича шилиб олишга уста. Тўғри, булардан қатъи назар бизда хизматнинг олижаноблиги, салобати бор, ҳаммаёқ шунақаям тоза, чиннию чироқки, бунақаси губерния бошқарувидагиларнинг тушига ҳам кирмаган: столлар қизил дарахтдан ишланган, бошлиқларнинг ҳаммаси бир-бирлари билан сизлашиб гаплашади. Ҳа, тан оламан, хизматнинг бу қадар салобати бўлмаганда аллақачон департаментдан кетган бўлардим.

Эски шинелимни кийиб, жала қуйиб тургани учун соябонни олдим. Кўчада ҳеч ким йўқ эди: фақат кўйлакларининг этагини ёпинчиқ ўрнида ташлаб олган аёллар, унда-бунда шамсия тутган савдогару елиб-югуриб юрган югурдаклар кўзга ташланарди. Олижаноб кишилардан фақат бир амалдор ошнамизни кўрдим, холос. Мен уни чорраҳада учратдим. Кўрган ҳамоно ўзимга-ўзим: “Эҳ-е! Йўқ, азизим, сен департаментга кетаётганинг йўқ, ҳув анави олдинда чопиб кетаётган аёлнинг орқасидан илакишгансан, унинг оёқларидан кўзингни узмаяпсан”, дедим. Амалдор оғайниларимиз бу қадар юлдузни бенарвон урадиган бўлмаса-я! Худо ҳаққи, ҳеч бир офицердан қолишмайди: бирорта шляпали хонимни кўрса, дарҳол илинтиради. Ана шуларни ўйлаб борарканман, мен ёнидан ўтиб кетаётган дўкон олдига извош келиб тўхтади. Дарҳол танидим: бу директоримизнинг извоши эди. “Унга дўконнинг нима кераги бор, – деб ўйладим, – ҳойнаҳой, бу унинг қизи бўлса керак”. Деворга қапишиб олдим. Малай эшикни очди ва у гўёки қушдек пириллаб учиб чиқди. Ўнгга ва чапга кўз қирини ташлаб, қош-кўзларини пирпиратиб, чимрилиб қўйди… Эй, Худойим-эй! Тамом бўлдим, буткул адои тамом бўлдим! Бунақанги ёмғир қуйиб турган пайтда кўчага чиқишнинг нима кераги бор. Шундан кейин ҳам аёл зотининг ҳар хил латта-путтага муккасидан кетганига ишонмай бўладими? У мени танимади, ўзим ҳам атай иложи борича буткул ўраниб олишга ҳаракат қилдим, негаки, эгнимдаги шинелим жуда ифлос, бунинг устига эски бичимда эди. Ҳозир узун ёқали плашч кийишади, менинг плашчим эса устма-уст қилиб тикилган калта қўшёқали бичимда: буниси етмагандай, мовути ҳам сифатсиз. Унинг кучукчаси дўконга киришга улгуролмай кўчада қолди. Мен бу кучукчани биламан. Унинг исми Меджи. Бу ерда турганимга бир дақиқа бўлмасданоқ, “Салом, Меджи!” деган майин овоз қулоғимга чалинди. Ана холос! Бу кимнинг овози экан? Атрофга аланглаб, соябон остида кетаётган икки хонимга кўзим тушди. Улардан бири кампир, иккинчиси эса ёш қиз эди: улар ўтиб кетишди, менинг ёнимда эса яна: “Гуноҳга қолдинг, Меджи!” деган овоз эшитилди. Худо урди-кетди! Мен Меджининг хонимлар ортидан эргашган кучукча билан бир-бирларини искашаётганини кўрдим. “Эҳ-е, – дедим ўзимга ўзим, – нима бало, маст эмасманми? Бунақа нарса менда камдан-кам учрарди, шекилли”. ”Йўқ, Фидель, бекор шундай хаёлга бораяпсан, – Меджи шундай деганини ўзим эшитдим, – мен, вов, вов! Мен касал эдим, вов, вов! Қаттиқ касал эдим”. Эҳ, ахир сен кучукчасан-ку! Мен унинг одамга хос тилда гапираётганидан ҳайратга тушганимни тан оламан. Бироқ буларни яхшилаб мулоҳаза қилиб кўрганимдан кейин ҳайрат деган нарсадан атовул ҳам қолмади. Чинданам дунёда шунга ўхшаш воқеалар жуда кўп содир бўлди. Айтишларига қараганда, Англияда бир балиқ сузиб чиқиб, ғалати бир тилда иккита сўз айтган, олимлар уч йилдан буён бунинг маъноси нима эканини аниқлашга ҳаракат қилишмоқда, бироқ ҳали-ҳануз ҳеч қанақа кашфиёт қилишолмади. Менам дўконга келиб, ўзлари учун бир қадоқ чой сўраган икки сигир ҳақида газетада ўқигандим. Меджининг: “Сенга хат ёзгандим, Фидель, ҳойнаҳой, Полкан хатимни сенга етказмаган!” – деганини эшитгач, рост гап, ҳаддан зиёд ҳайратга тушдим. Ё, тавба, илоҳим, маошимдан маҳрум бўлай! Ҳаётимда кучуклар ёза олиши ҳақида эшитмаганман. Фақат зодагонгина тўғри ёза олиши мумкин. Бундан ташқари, савдогару идора ходимлари, ҳаттоки оми деҳқон халқи ҳам баъзида ёзиб-чизиб туради, бироқ уларнинг ёзувларини кўпроқ механик ёзув дейиш мумкин: на вергули, на нуқтаси ва на бўғини бор.

Бу мени ҳайрон қолдирди. Шуни айтишим керакки, яқиндан бери мен ҳеч ким кўрмайдиган нарсаларни кўра оладиган ва ҳеч ким эшитмайдиган нарсаларни эшитадиган бўла бошладим. “Шу кучукчанинг ортидан бораман-да, – дедим ўзимга-ўзим, – қанақа кучуклигини ва у нималарни ўйлашини билиб оламан”.

Соябонни очдим-да, ана шу икки хонимнинг кетидан йўлга тушдим. Гороховая кўчасидан ўтдик, Мешчанскаяга бурилдик, у ердан Столярная кўчасига йўл олдик ва ниҳоят, Кокушкино кўпригига етиб келдик-да, каттакон уй олдида тўхтадик. “Бу уйни мен биламан, – дедим ўзимга-ўзим. – Зверковнинг уйи”. Ў-ҳў, уй эмас, нақ ҳайбатли машина! Бу уйда кимлар яшамайди дейсиз: ошпазлар, сон-саноғи йўқ келгиндилар! Мансабдор ошналаримиз-чи, эҳ-ҳе, ғиж-биж, худди итдек тиқилиб яшашади. Бу ерда менинг ҳам труба чалишни яхши биладиган бир танишим бор. Хонимлар бешинчи қаватга чиқиб кетишди. “Яхши, шу ерда тўхтаганим маъқул, – ўйладим мен, – жойини белгилаб қўяман, биринчи имкониятдаёқ вақтни бой бермай ишга киришаман”.

4 октябрь

Бугун чоршанба, шунинг учун ҳам бошлиғимиз хонасида бўлдим. Мен атайин вақтли келдим ва ўтириб, ҳамма патқаламларнинг учини очиб чиқдим. Директоримиз жуда ақлли бўлса керак. Хонасининг ҳаммаёғи китоб тахланган жавонлар билан тўлиб кетган. Мен баъзиларининг номини ўқиб чиқдим: турган-битгани илм, шунақанги илмки, бизнинг амалдор оғайниларимиз унга яқин ҳам йўлай олмайди: ҳаммаси ё француз ёки немис тилида. Унинг башарасига бир назар ташланг: қуриб кетгурнинг кибру ҳавоси оламни бузади-я! Мен ҳали бирон марта унинг ортиқча сўз айтганини эшитмадим. Фақат қоғозларни узатганимда бор-йўғи: “Ҳовлида об-ҳаво қалай?” деб сўрайди. “Намгарчилик, жаноби олийлари!” Ҳа, оғайниларимиз унга тенг келолмайди! У давлат одами. Бироқ сезиб юрибман, у мени бир бошқача яхши кўради. Агар қизи ҳам… нур устига нур бўларди… эҳ, шайтони тушмагур! Ҳечқиси йўқ! Ҳечқиси йўқ, сабр таги – сариқ олтин! “Пчёлка”[1]ни ўқигандим. Эҳ, француз халқи – шунақаям аҳмоқ халқ бўладими! Ўзи нима хоҳлайди улар? Худо ҳақи, ҳаммасини ҳиқилдоғидан олсангу боплаб хипчин билан саваласанг! Ўша ерда бир Курсклик заминдорнинг бир базмни жуда ёқимли таърифлаб берганини ўқидим. Курск заминдорлари жуда яхши ёзишади. Кейин соат аллақачон ўн икки яримга бонг урганини сезиб қолдим, хўжайин эса ҳануз ётоғидан чиқмасди. Бироқ соат бир ярим бўлганда шунақанги ҳодиса рўй бердики, уни таърифлашга ҳар қандай қалам ожизлик қилади. Эшик очилди, директоримиз чиқди деб ўйлаб қўлимдаги қоғозларим билан ирғиб ўрнимдан турдим: бироқ бу ўша, унинг ўзгинаси эди! Эй авлиёлар, либослари кўзни қамаштиради-я! Оппоқ кўйлаги худди оққушдек товланади: вой-вой-ей, кўйлагининг ҳарирлигини қаранг! Унинг қарашларини айтмайсизми: қуёш, Худо ҳақи, қуёш балқиди, деяверинг! У таъзим қилди-да: “Дадам бу ерда кўринмадиларми?” деди. Вой-вой-вой, жонидан! Овозининг жарангига беш кетсангиз арзийди! Булбул-а, ҳа-ҳа, нақ булбулнинг ўзи! “Жаноби олиялари, дорга осишни буюрмайсизми, – дегим келди, – мабодо дорга осмоқчи бўлсангиз ҳам ўз генераллик қўлчаларингиз билан осинг”. Ҳаҳ, жин урсин, негадир тилим калимага келмай фақат: “Йўқ, кўринмадилар”, дедим, холос. У менга ва китобларга назар ташлади, дастрўмолчасини тушириб юборди. Мен жоним борича югурдим, лаънати паркетга қоқилиб, бурним ёрилишига оз қолди, бироқ ўзимни тутдим-да, дастрўмолни қўлимга олдим. Эй, авлиёлар! Бу қанақа дастрўмол ўзи?! Юпқа, нафис, батистдан қилинган; мушки анбар, муаттар бўйнинг тамомила мукаммаллиги! Ундан генераллик ифори таралиб турибди. Қиз миннатдорлик билдириб, мийиғида кулиб қўйди, шу боис шакар лаблари деярли қимирламади ҳам, шундан сўнг у чиқиб кетди. Мен яна бир соат ўтирдим, бирдан хизматкор келиб: “Аксентий Иванович, уйингизга кетаверишингиз мумкин, тўрам аллақачон уйдан чиқиб кетди”, деди. Хизматкорлар тоифасини кўргани кўзим йўқ: доимо даҳлизда ялпайиб ўтиради-да, ҳеч қурса бош силкиб ишора беришга ҳам ярамайди. Буниси ҳам майли-я, бир марта ана шу муттаҳамлардан бири ўрнидан турмай мени тамаки билан сийлашга ҳадди сиғди-я. Мияси йўқ, қарол, биласанми, мен амалдорман, аслзодалар насабиданман. Бироқ шляпамни олиб, шинелимни кийдим-да чиқиб кетдим, чунки бу жаноблар хизмат кўрсатишга ҳечам бўйинлари ёр бермайди. Уйда кўп вақтимни каравотда ётиш билан ўтказдим. Кейин жуда яхши бир шеър­ни кўчириб олдим: “Азизамни бир соат кўрмаган эдим, гўёки бу бир йил бўлиб туюлди; Наҳот яшаб бўлса шу тахлит, Усиз яшаш – ўлим, англадим шуни”. Ҳойнаҳой, Пушкин ёзган бўлса керак[2]. Кечқурун шинелимга ўраниб жаноби олияларининг остонасига бордим ва извошга ўтириш ниятида зора чиқиб қолсалар, яна бир марта кўриш шарафига муяссар бўлсам, деган хаёл билан узоқ кутдим, йўқ, чиқмадилар.

6 ноябрь

Бўлим бошлиғимиз қутуриб кетди. Департаментга келганимда у мени ҳузурига чақиртириб, гапни шундай бошлади: “Қани, марҳамат қилиб айт-чи, нималар қиляпсан?” “Бу нима деганингиз? Ҳеч нарса қилаётганим йўқ”, – жавоб бердим мен. “Бундоқ яхшилаб ўйлаб кўр! Ахир ёшинг аллақачон қирқдан ошди – эсингни йиғиб олсанг яхши бўларди. Ўзингни ким деб ўйлаяпсан? Мени ҳеч бир қилмишларингни билмайди деб ўйлайсанми? Директорнинг қизига илиқиб юрибсан-ку ахир! Бундоқ ўзингга қара, кимлигинг ҳақида ўйлаб кўр! Ҳеч ким эмассан!!! Чўнтагингда ҳемиринг йўқ. Ҳеч бўлмаса ойнага қараб башарангга разм сол, у ҳақда ўйлашни ким қўйибди сенга!” Жин урсин, унинг юзи дорихоналарда бўладиган шиша идишчага ўхшайди, бошидаги бир тутам сочи эса жингалак кокилча қилиб, тепага ғўддайиб туриши учун қандайдир нарса суртилган, фақат менга ҳамма нарса мумкину бошқаларга эса йўқ, деган фикрни миясига жойлаб олган. Тушунаман, мендан нега жаҳли чиқишини жуда яхши тушунаман. У ҳасад қилади; балки у менга бўлган илиқ муносабатни, мени кўнгилга яқин олишларини кўргандир. Ҳаҳ, мен унга тупураман! Олий мансабдор бўлсанг ўзингга! Соатига тилла занжир осиб олган, ўттиз сўмлик этик буюртиради – жин урсин уни! Наҳотки мен қандайдир зотипаст донишманд ёки тикувчи ва ёхуд унтер-офицернинг боласи бўлсам? Мен зодагонман. Менам юксак мансабу мартабаларга эришишим мумкин. Эндигина қирқ иккига кирдим – рост гап, ҳаётимнинг чинакам хизмат даври энди бошланди. Ҳали қараб тур, оғайни! Биз ҳам полковник бўламиз, балки, Худо хоҳласа, ундан каттароқ мартабага эришармиз. Сеникидан ҳам улуғроқ обрў-эътибор орттирамиз. Нима учун сен “мендан бошқа ҳалол, виждонли одам мутлақо йўқ”, деган фикрни миянгга қуйиб олдинг? Менам мода бўйича тикилган ручевск[3] фракини кийиб, худди сеникига ўхшаш бўйинбоғ тақиб олсам, ана унда сен ҳаром тукимга арзимай қоласан. Даромад етарли эмас – ҳамма бало шунда.

8 ноябрь

Театрда бўлдим. Рус тентаги Филаткани ўйнашди. Роса кулдим. Яна ишбошилар ва айниқса, бир коллегия регистратори[4] ҳақида қизиқарли шеърлар билан жуда очиқчасига ёзилган қандайдир водевиль[5] ҳам кўрсатишди, мен ҳатто цензура буни қандай ўтказиб юборди экан, дея ҳайратга тушдим, савдогарларнинг халқни алдаётгани, уларнинг болалари жанжал, тўс-тўпалон уюштириб, зодагонликка даъво қилаётгани ҳақида очиқ-ойдин гап кетади. Журналистлар ҳақида ҳам жуда аломат банд келтиришибди: улар ҳамма нарсани уриб-койишни яхши кўришади, шунинг учун муаллиф улардан ҳимоя қилишни халқдан сўрайди. Ҳозир адибларимиз ажойиб пьесалар ёзишмоқда. Мен театрга боришни жуда ёқтираман. Киссамда ортиқча чақа пайдо бўлди дегунча театрга боришдан ўзимни тўхтатолмайман. Амалдор оғайниларимиз орасида шунақанги чўчқалари борки, ҳаттоки текинга билет берсанг ҳам театрнинг яқинига йўламайди, тўпори. Бир актриса жуда яхши ашула айтди. Менинг хаёлим… унга кетди… эҳ, шайтон!.. Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ… Сабр.

9 ноябрь

Соат саккизда департаментга йўл олдим. Бўлим бошлиғи келганимни сезмаганликка олди. Мен ҳам орамизда ҳеч нима бўлмагандек тутдим ўзимни. Қоғозларни қайта кўриб текширдим ва солиштириб чиқдим. Соат тўртда департаментдан чиқдим. Директоримиз уйи олдидан ўтдим, бироқ ҳеч ким кўринмади. Тушликдан сўнг вақтимни кўпроқ каравотда ётиб ўтказдим.

11 ноябрь

Бугун директоримиз хонасида ўтирдим, унга йигирма учта патқалам, ойимча учун, вой, вой-ей, жонидан!.. Жаноби олиялари учун тўртта патқалам тузатиб қўйдим. У стол устида кўпроқ патқалам туришини яхши кўради. Эҳ, одамда калла бўлиши керак! У доим жим юради, калласида эса, ҳамма нарсани мулоҳаза чиғириғидан ўтказса керак. У кўпроқ нималар ҳақида ўйлашини, калласида нималарни сир сақлашини билгим келади. Бу жанобларнинг ҳаётини яқиндан кўришни, ҳамма пичингу қочиримлар, бу ўзгача дунёдаги гап-сўзларни – қандай одамлар ўзи, ўз даврасида нималар билан шуғулланадилар – ана шуларни билишни хоҳлардим! Мен бир неча марта жаноби олийлари билан гаплашиб олишни ўйладиму бироқ, жин урсин, ҳеч тилим калимага келмади: фақат ташқарида совуқ ёки илиқлигини айтасану, бундан ортиқ ҳеч нарсани гапиролмайсан. Баъзан очиқ турган эшикдан фақат кўз қиринг тушиб қоладиган меҳмонхонага кириб-чиққинг келади, меҳмонхонадан кейинги яна бир хонага. Эҳ, қандай бой, қимматбаҳо жиҳозлар, аслаҳа-анжомлар! Қанақанги кўзгулар, чинни идишлар! Уйнинг нариги бўлмасига, жаноби олияларининг хонасига кўз ташласам, дегандим – ана шуларни тусайди кўнглим! Аёллар бўлмасига ҳам бир назар ташлашни орзу қиламан: у ердаги атир-упалар, пардоз анжомлари солинган ҳар хил шиша идишчаларни, сочилиб кетмасин деб, ҳидлашга ҳам ҳаддинг сиғмайдиган нафис гулларни кўриб бир баҳра олсам; ҳамма ёққа ёйилиб ётган кўйлакларидан кўзларим қувонса, ғоят нафис ва тиниқ биллурга ўхшаш бу либосларни кўриб ҳузурлансам. Ётоғига бирров назар солсам дегандим… ўйлайманки, у ер мўъжизалар макони бўлса керак, у ер осмону фалаклардан топиб бўлмас жаннатнинг ўзгинасидир балки. Тўшакдан тургач, оёқчаларини қўядиган курсини, ана шу оёқчаларига қордек оппоқ пайпоқчаларини кийишини бир кўрсам… Вой-вой-вой! Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ… сабр.

Бироқ бугун негадир кўнглим анча ёришгандек бўлди: Нева шоҳкўчасида эшитганим – иккита кучукчанинг ўша суҳбатини эсладим. “Яхши, – дея ўйладим ичимда, – энди ҳамма нарсани билиб оламан. Ана шу ярамас кучукчаларнинг ўзаро юритган ёзишмаларини қўлга киритиш керак. Шундан баъзи бир нарсаларни билиб олишим аниқ”. Очиғини айтишим керак, бир марта мен ҳатто Меджини ёнимга чақириб: “Қулоқ сол, Меджи, мана ҳозир иккимиз ёлғизмиз; агар хоҳласанг эшикни ёпиб қўяман, бизни ҳеч ким кўрмайди – ойимқиз ҳақида билганларингни гапириб бер – у қанақа қиз, ўзини қандай тутади? Гапларингни ҳеч кимга айтмасликка қасам ичаман”, – дедим. Бироқ айёр кучукча думини қисиб, икки букилиб ғужанак бўлди-да, гўё ҳеч нарса эшитмагандек, секин эшикдан чиқиб кетди. Мен кўпдан бери ит одамдан анча ақллироқ, деб ўйлардим; ҳаттоки гапира билишига ҳам ишончим комил эди, фақат унда қандайдир қайсарлик бор. У ҳаддан зиёд сиёсатчи: ҳамма нарсани, одамнинг ҳар бир қадамини сезиб туради. Йўқ, қандай қилиб бўлмасин, эртагаёқ Зверковнинг уйига бориб Фиделни сўроқ қиламан, иложи бўлса, Меджи унга йўллаган хатларнинг ҳаммасини қўлга киритаман.

12 ноябрь

Кун қиёмга келгандан сўнг соат иккида Фиделдан бор гапни суриштиришга отландим. Мешчанскаядаги майда расталардан келаётган карамнинг қўланса ҳидига тоқатим йўқ; бунинг устига ҳар бир уй дарвозаси остидан шунақанги ачқимтир ҳид анқийдики, чидай олмаганимдан бурнимни беркитиб, шитоб билан югуриб кетдим. Ярамас ҳунармандлар ҳам устахонасида қурумли тутунию бадбўй ҳидини шу қадар кўп бурқситадики, олийжаноб кишиларнинг бу ерда сайр қилиши мутлақо мумкин эмас. Мен олтинчи қаватга чиқиб, қўнғироқчани жиринглатганимда истараси иссиқ, юзига майда сепкил тошган қиз эшикни очди. Уни танидим. Бу ўшанда кампир билан бирга кетаётган қиз эди. У бироз қизариб кетди, мен дарҳол бунинг фаҳмига бордим: жонгинам, сенга куёв керакми? “Сизга нима керак?” – деди у. “Мен кучукчангиз билан гаплашиб олишим керак”. Қизчанинг эси паст экан! Унинг тўмтоқлигини ҳозир билдим. Шу пайт кучукча вовуллаб югуриб келди; уни тутиб олмоқчи эдим, бироқ бу жирканч ит бурнимни тишлаб олишига сал қолди. Шунда бирдан унинг бурчакдаги ётоғи – қўл саватга кўзим тушди. Оҳ-оҳ-оҳ, менга айнан шу нарса керак! Мен унга яқинлашиб, ёғоч қутидаги похолни кавлаб кўрдим ва ҳайратомуз мамнуният билан айтишим керакки, кичик-кичик қоғозчаларнинг унча катта бўлмаган бойламини тортиб олдим. Буни кўрган аблаҳ кучукча аввал болдиримни тишлаб олди, кейин эса қоғозларни олганимни пайқаб қолиб, акиллаб суйкала бошлади, аммо мен: “Йўқ, жонгинам, хайр!” – дедим-да, орқа-олдимга қарамай югурганча жўнаб қолдим. Назаримда, қизча мени ақлдан озган, деб ўйлаб, қаттиқ қўрқиб кетди. Уйга келган ҳамоно дарҳол ишни бошлашга ва бу хатларни саранжомлашга киришмоқчи бўлдим, негаки, шам нурида кўзим яхши кўрмайди. Бироқ Мавранинг кўнгли айни шу пайт пол ювишни тусаб қолибди. Бу ер юткур оқсочнинг нуқул бемаҳалда озодалиги тутиб қолади. Шу боис мен бироз сайр баҳонасида бўлиб ўтган воқеаларни яхшилаб мулоҳаза қилиш учун чиқиб кетдим. Мана энди бутун ишлару ўй-хаёлларни, бу қисди-босдиларнинг сабабларини, хуллас, бор гапни билиб оламан ва ниҳоят, ҳамма нарсанинг тагига етаман. Бу хатлар туфайли бариси кафтдагидек намоён бўлади. Итлар ақлли халқ, улар жамики сиёсий муносабатларни билади, шунинг учун ҳам бу хатларда ҳамма нарса бўлиши аниқ: портрет ва бу эркакнинг ишлари. Унда ҳалиги… тўғрисида ҳам бирон нималар… ҳечқиси йўқ, жим турайлик! Кечга яқин уйга келдим. Вақтимни асосан каравотда ётиб ўтказдим.

13 ноябрь

Қани, кўрайлик-чи: хат етарли даражада бурро ёзилган. Аммо ёзувида итларга хос алланечук нимадир бор. Ўқиймиз:

Азизим Фидель, мен ҳанузгача мешчанларга хос исмингга кўниколмаяпман. Нима бало, наҳотки сенга тузукроқ исм топилмаган бўлса? Фидель, Роза – қандай дағал оҳанглар! Майли, бу гапларни қўйиб турайлик. Бир-биримизга хат ёзиш истаги туғилганидан беҳад хурсандман.

Хат жуда тўғри ёзилган. Тиниш белгиларию ҳатто, “Ь” ҳарфи ўз ўрнига қўйилган. Бизнинг бўлим бошлиғимиз, гарчи қайсидир университетда ўқиганини уқдирмоқчи бўлса-да, бунақанги хатни шунчаки ёзолмайди. Қани, бу ёғини кўрайлик-чи:

Менимча, фикр, ҳиссиёт ҳамда таассуротларни бошқа биров билан баҳам кўриш дунёда мавжуд илк эзгулик ҳисобланса керак.

Ҳа! Бу фикр немис тилидан таржима қилинган бир асардан олинган. Номини эслолмайман.

Гарчи уйимиз остонасини ҳатлаб, кўчаларда дайдилик қилиб юрмаган бўлсам-да, бу гапларни ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаяпман. Менинг ҳаётим ҳузур-ҳаловатда ўтмаяптими? Мени қўлидан қўймайдиган ойимқиз, дадаси уни Софи деб чақиради, мени шу қадар яхши кўрадики, жонини беришга ҳам тайёр.

Вой-вой-ей, жонидан!.. Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ. Сабр, сабр!

Дадаси ҳам тез-тез эркалаб туради. Мен чой билан қаймоқ қўшилган қаҳва ичаман. Оҳ, ma chere[6], шуни айтишим керакки, ошхонада бизнинг Полканимиз ғажийдиган катта кемирилган суякдан ҳеч қанақа маза топмадим. Фақат товуқ суяги яхши, шунда ҳам агар унинг илигини биров сўриб олмаган бўлса. Бир нечта қайланинг аралаштирилгани яхши, бироқ зиравор ва кўкатлари бўлмаслиги керак. Лекин мен итларга нонни юмалоқлаб, зўлдир ясаб бериш одатидан ёмонроқ нарсани кўрмаганман. Стол атрофида ўтирган, қўлларида ҳар хил ифлос, ярамас нарсаларни ушлаган қандайдир жаноб, ўша қўллари билан нонни эзғилаб, сени чақиради-да тишларинг орасига шу зўлдирни тиқади. Унинг қўлини қайтариш беадаблик бўлади, ейишга мажбурсан; кўнглинг тортмай, ирганиб ейсан…

Жин урсин, бу нима ўзи?! Бориб турган беҳуда гаплар-ку бу? Гўё ёзишга арзигулик яхшироқ бирор нима йўқдек. Бошқа саҳифасини кўрайлик-чи. Ишга яроқли бирор гап чиқиб қолар.

Бизда бўладиган ҳамма воқеалар ҳақида сенга хабар бериб туришга жон-дилим билан тайёрман. Сенга Софи дада деб чақирадиган бош жаноб тўғрисида бир нималарни айтгандим. Бу жуда ғалати одам.

Ў-ҳў, мана, ниҳоят, омади гаплар юзага чиқаяпти! Ҳа, билардим: итлар ҳамма нарсага сиёсий томондан қарайдилар. Қани, кўрайлик-чи: дадаси…

…жуда ғалати одам. У доимо жим юради.Жуда кам гапиради; лекин бир ҳафта олдин ўзига-ўзи:“Оламанми ёки ололмайманми?” дея тинимсиз гапира бошлади. Бир қўлига қоғоз олиб яширади-да, иккинчи қўлини шундайлигича муштум қилиб: “Оламанми ёки ололмайманми?” дейди. Бир марта у менга ҳам: “Нима деб ўйлайсан, Меджи? Оламанми ё ололмайманми?” деб сўради. Мен мутлақо ҳеч нарсани тушунмадим, унинг этигини ҳидлаб кўриб, бир чеккага ўтиб кетдим. Кейин бир ҳафта ўтгач, ma chere, дадамиз жуда хурсанд қиёфада кириб келди. Эрталабдан мундир кийган жаноблар унинг ҳузурига келиб нима биландир табриклашди. Стол атрофида шунақаям қувноқ қиёфада ўтирар, латифалар айтиб берардики, уни ҳеч қачон бундай ҳолатда кўрмаганман, тушликдан сўнг мени бўйнига кўтарди-да: “Қараб кўр-чи, Меджи, бу нима экан?” деди. Мен қандайдир тасмачани кўрдим. Уни ҳидладим, ёқимли бирорта ҳидни мутлақо сезмадим; ниҳоят, секингина ялаб кўрдим: бироз шўрроқ экан.

Ҳм! Бу кучукча, менимча, ҳаддидан ошиб… ишқилиб, калтак остида қолиб кетмасайди! Ҳа! У жуда иззатталаб экан! Буни эътиборга олиб қўйиш керак.

Хайр, ma chere, мен боришим керак ва ҳоказо… ва ҳоказо. Хатни эртага тугатаман. Вой-бў, салом! Мана, яна сен билан биргаман. Бугун менинг бекам, ойимқиз Софи…

Ҳа, қани кўрайлик-чи, Софи ҳақида нима демоқчи? Ўҳ, шайтонвачча!.. Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ… давом эттирамиз.

…Ойимқиз Софи югур-югур, тўс-тўполондан бўшамади. У базмга боришга тайёргарлик кўра бошлади, мен суюниб кетдим, чунки у йўқлигида сенга хат ёзаман. Бекам кийинаётганда асабийлашиб, жаҳли чиқиб турса-да, барибир зиёфатга боришдан боши осмонга етади. Ma chere, унинг базмга боришдан ғоят мамнун бўлишини ҳеч тушунолмайман. Софи у ердан эрталабки соат олтида қайтади, мен унинг рангпар, ориқ кўринишидан у ерда бечорагинага овқат беришмаганини доимо билиб тураман. Гапнинг очиғи, мен ҳеч қачон бундай яшай олмаган бўлардим. Агар менга булдуруқли қайла ёки товуқ қанотидан тайёрланган қовурдоқ беришмаса… билмадим, ажалимдан беш кун бурун ўлсам керак. Бўтқали қайла ҳам ёмон эмас. Сабзи ёки шолғом, ё бўлмаса полиз экинларидан кўнглим кетади.

Ҳаддан зиёд нотекис бўғин. Одам боласи ёзмаганлиги шундоққина кўриниб турибди. Хатни бинойидай бошлайди-ю, итқараш қилиб тугаллайди. Қани, яна битта хатни кўриб чиқайлик-чи. Буниси жуда узундан узоқ экан. Ҳм! Санаси ҳам кўрсатилмабди.

Оҳ, жонгинам! Баҳор яқинлашаётгани анча сезилиб қолди. Юрагим бир нимани кутаётгандек шунақаям интиқлик билан уряптики, асти қўявер. Қулоғим остида бир нима шанғиллайди, кўпинча оёғимни кўтарганча, бир неча дақиқа эшикка қулоқ тутиб тураман. Сенга ёрилмоқчиман, хушторларим жуда кўп. Кўпинча деразага чиқиб, уларни кузатиб ўтираман. Эҳ, агар билсанг, уларнинг орасида шунақанги тасқаралари борки, кўрсанг кўнглинг озади. Беўхшов, аживаи-тараққос бир кўппак ҳаддан ташқари тўмтоқлиги, эси пастлиги пешонасига ёзиб қўйилганига қарамай, ўзини бир бало деб ўйлаб, кўчадан ўтиб бораркан, бутун оламда мендан машҳури бўлмаса керак, ҳамманинг икки кўзи менда, деб хаёл қилади. Бекорларни бештасини ебсан! Мен унга ҳатто эътибор ҳам бермадим, ўзимни кўрмаганликка олдим. Деразам олдига даҳшатли бир дог[7] келиб қаққайиб туришини айтмайсанми?! Агар у орқа оёқлари билан тик турса – бу қўпол, қўсқи шуни ҳам эплашига кўзим етмайди – бўйи анча баланд, тўладан келган Софининг дадасидан ҳам бир калла баланд келса керак. Бу безбет, тўнка бориб турган суллоҳга ўхшайди. Мен унга бир ириллаб бергандим, пинагини ҳам бузмаса-я! Ҳеч бўлмаса бурнини жийириб қўйса ҳам майли эди! Тилини осилтириб,қулоқларини лапанглатади-да, бақрайганча деразадан кўз узмайди – ана шунақа, жиннилиги миясига уриб кетган эркак бу! Ma chere, наҳотки сен менинг юрагим буларнинг ҳаммасига бирдек бефарқ, деб ўйласанг, – ў, йўқ… Қўшни ҳовлининг деворидан ошиб тушадиган Трезор отли хушторимни бир кўрсанг эди. Оҳ, ma chere, биргина тумшуқчасининг садағаси кетсанг арзийди!

Тфу, миянгга куйдирги чиққур!.. Шунақаям бемазалик бўладими?!. Ахир қандай қилиб хатни бунақанги аҳмоқона гаплар билан тўлдириш мумкин, менга одам ҳақида гапиринг! Мен одамни кўрмоқчиман; менга шундай фикрлар берингки, у қалбимни озиқлантирсин, вужудимга ором бағишласин; бунинг ўрнига қаёқдаги бўлар-бўлмас гаплар… бир саҳифасини ўтказиб юборамиз, шундай қилсак яхшироқ бўлар:

…Софи курсичада ўтирганча ниманидир тикиш билан банд эди. Мен дераза олдида кўчага тикилиб ўтиргандим, ўткинчи-йўловчиларни кузатишни яхши кўраман. Бирдан хизматкор кириб: “Теплов!” – деб қолди. “Чақир,– дея қичқириб юборди Софи ва югуриб келиб мени қучоқлаб олди. – Оҳ, Меджи, Меджи! Агар сен унинг кимлигини билсанг эди: сочлари қора, камер-юнкер[8], кўзларини айтмайсанми?! Кўзлари қоп-қора ва оловдек нурли!” – шундай дея Софи хонасига югуриб кетди. Бир дақиқа ўтгач, қора бакенбардли ёш камер-юнкер кириб келди, кўзгуга яқин келиб, сочларини тўғрилади ва хонани кўздан кечирди. Мен ириллаб қўйдим ва жойимга бориб ўтирдим. Софи тез чиқиб келди ва унинг оёқларини бир-бирига шарақлатиб уриб берган ҳарбийча саломига жавобан қувонч билан таъзим қилди; мен бўлсам, ўзимча, гўё ҳеч нарсани кўрмагандек, деразага қараб ўтиравердим; бироқ бошимни хиёл ён томонга энгаштириб, улар нима ҳақида гаплашаётганини эшитишга ҳаракат қилдим. Оҳ, ma chere! Турган-битгани беҳуда гаплар! Улар бир хоним рақсда қандайдир бир ҳаракат ўрнига бошқача ҳаракат қилгани; яна қандайдир Бобовнинг кийган либослари уни лайлакка ўхшатиб қўйгани ҳамда у йиқилиб тушишига сал қолгани; аллақандай Лидина кўзлари яшил бўлса-да, ўзича уларни кўк, дея хаёл қилиши ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида гаплашишди. “Камер-юнкер билан Трезорни тенглаштириб бўладими, – деб ўйладим мен.” Вой, Худойим-ей!Булар ўртасидаги фарқнинг катталигини қаранг! Биринчидан, камер-юнкернинг юзлари кенг ва сип-силлиқ, атрофини эса худди қора рўмолча билан боғлаб қўйгандек бакенбардлари қоплаб ётибди; Трезорнинг тумшуқчаси эса ингичкагина бўлиб, пешонасининг ўртасида оқ холи бор. Трезорнинг белини камер-юнкерники билан тенглаштириб ҳам бўлмайди. Унинг кўзлари, ўзини тутиши, эпчиллиги мутлақо ўзгача! Ў, буларнинг ўртасида осмон билан ерча фарқ бор! Билмадим, ma chere, у ўзининг Тепловида нима топди экан. Ўшани деб бунчалар эс-ҳушини йўқотмаса…

Менинг ўзимга эса, бу ерда бир нима бордек туюляпти. Камер-юнкер уни бу қадар мафтун қилиши мумкин эмас. Бу ёғини кўрайлик-чи:

Менимча, агар камер-юнкер унга ёққан бўлса, унда, ҳадемай, дадамиз хонасида ўтирадиган амалдор ҳам ёқиб қолади. Оҳ, ma chere, унинг қанақанги тасқаралигини билсайдинг. Тошини ташлаб қочган тошбақага ўхшайди…

Бу қайси амалдор бўлди экан?

Фамилияси ҳам аломат. У доимо хонада ўтирганча патқаламларнинг учини чиқаради. Бошидаги сочлари худди хашакка ўхшайди. Дадамиз уни хизматкор ўрнида ҳар хил ишларга…

Менимча, бу қабиҳ кучукча мени мўлжалга олаётганга ўхшайди. Нега энди сочларим хашакка ўхшаркан?

Софи уни кўрганда ўзини сираям кулгидан тиёлмайди.

Ёлғон гапиряпсан, лаънати кучукча! Тилинг кесилсин! Бу ҳасадгўйларнинг иши эканини гўё мен билмайдигандек. Гўёки мен бу гапларнинг тагида кимнинг ғайирлиги ётганини сезмайдигандек. Буларнинг ҳаммаси бўлим бошлиғининг кирдикорлари. Ахир у нафрат билан онт ичган эмасми – мана энди зарар кетидан зарар етказмоқда, ҳар қадамда зиён-заҳмат келтиришни ўйлайди. Лекин, майли, яна битта хатни кўриб чиқамиз. Балки унда ҳамма ишлар ўз-ўзидан ошкор бўлар.

Ma chere, Фидель, кўпдан бери хат ёзмаганим учун кечир. Мен ҳузур оғушида эдим. Қайсидир ёзувчи,муҳаббат бу – иккинчи ҳаётдир, дея асл ҳақиқатни айтган экан. Бунинг устига уйимизда катта ўзгаришлар содир бўлди. Камер-юнкер энди ҳар куни уйимизда ҳозиру нозир. Софи уни ақлдан озиш даражасида севиб қолган. Дадамиз жудаям хурсанд. Ер супуриб,доимо ўзига-ўзи гапириб юрадиган Григорийдан эшитишимча, ҳатто яқинда тўй бўлар эмиш; негаки, дадамиз Софини, албатта, ё генералга ёки камер-юнкерга, ё бўлмаса ҳарбий полковникка узатмоқчи…

Жин урсин! Бўлди, бошқа ўқиёлмайман… Етар, ё камер-юнкер, ё генерал. Дунёда бор ҳамма яхши нарсалар камер-юнкерга ёки генералга буюраркан. Бир бечора биронта бойлик топиб, энди қўлга киритай деганида, камер-юнкер ё генерал тортиб оларкан. Ҳаммаси даф бўлсин! Қани энди мен ҳам генерал бўлсайдим: унинг қизига эришиш ёхуд бошқа бир мақсадда эмас, йўқ, мен фақат улар атрофимда гирдикапалак бўлишларини, мана шунақа ўзаро ҳар хил қилиқлари, шамаю қочиримларини бир кўриб, кейин ҳар иккингизга ҳам тупураман, дейиш учун генерал бўлишни хоҳлардим. Йўқолсин ҳаммаси! Одамга алам қиларкан! Аҳмоқ кучукчанинг хатларини йиртиб, парча-парча қилиб ташладим.

3 декабрь

Бўлиши мумкин эмас. Буларнинг ҳаммаси уйдирма гаплар! Ҳеч қанақа тўй бўлмайди! Камер-юнкер бўлса нима бўпти! Ахир бу унвондан бўлак ҳеч нарса эмас-ку; у кўзга кўринадиган нарса эмаски, бундоқ қўл билан ушлаб кўрсанг. Ахир камер-юнкер бўлсанг, пешонангда учинчи кўз пайдо бўлмайди-ку. Ахир унинг бурни меники ва бошқаларники каби тилладан ясалган эмас-ку; шу бурни билан ҳидлайди, овқат емайди-ку, аксиради, йўталмайди-ку! Мен бир неча маротаба ана шу ҳар хиллик қаердан пайдо бўлишининг тагига етмоқчи бўлдим. Нега мен титуляр маслаҳатчиман[9] ва қандай қилиб титуляр маслаҳатчи бўлиб қолганман? Балки мен қандайдир граф ёки генералдирман-у, ўзимга титуляр маслаҳатчидек туюлаётгандир. Балки кимлигимни ўзим ҳам билмасман. Одам ўзи қандайдир оддий, оқсуяклик у ёқда турсин, анчайин бир майда савдогар ёки деҳқон бўла туриб, тагини суриштирсангиз бой-тўралар наслу насабидан, баъзида эса шоҳлар рутбасидан эканлиги маълум бўлади, ахир тарихда бунга мисоллар кўп-ку. Баъзида оддий оми деҳқондан шунақаси чиқиб турса, аслзодадан нима чиқиши мумкин? Масалан, мен бирдан генераллик мундирида кириб борсам: ўнг елкамда эполет, чап елкамда ҳам эполет, елкамдан зангори тасма ўтказилган бўлса нима қилади? У ҳолда менинг гўзалим қандай сайраб қоларкин? Дадаси, бизнинг директоримиз нима деган бўларди? Ў, у ўтакетган шуҳратпараст одам! У масон[10], албатта, масон, гоҳ ундай, гоҳида бундай кўриниб, ўзини гўлликка солиб юрса-да, аслида унинг масонлигини дарҳол пайқаганман: агар у бировга қўл узатса ҳам, фақат иккита бармоғини беради. Наҳотки, мени ҳозирнинг ўзидаёқ генерал-губернатор ёхуд интендант, ё бўлмаса, бор ана, бошқа биронтаси қабул қилмаса? Мен нима учун титуляр маслаҳатчи эканимни билишни хоҳлардим. Нега айнан титуляр маслаҳатчиман?

5 декабрь

Мен бугун эрталабдан газета ўқишга киришдим. Испанияда ғалати ишлар бўляпти. Мен ҳатто бу ишларни яхши англай олмадим. Тахт бекор қилингани ҳамда мансабдорлар меросхўр тайинлашда мушкул аҳволда қолганликлари ва шундан норозиликлар келиб чиқаётгани ҳақида ёзишибди. Бу менга фавқулодда ғалати бўлиб туюлди. Қандай қилиб тахт бекор қилиниши мумкин? Айтишларича, қандайдир аёл тахтга ўтириши керак экан. Аёл тахтга ўтиролмайди. Ҳеч қанақасига ўтиролмайди.Тахтда фақат қирол бўлиши мумкин. Ҳа, айтишларича, қирол йўқ эмиш – қирол йўқ бўлиши мумкин эмас. Давлат қиролсиз бўлмайди. Қирол бор, фақат унинг қаердалиги номаълум. У балки ўша ернинг ўзида бўлиши мумкин, бироқ қандайдир оилавий сабаблар ёки қўшни давлатлар: Франция ва бошқа ерлар хавф солиб тургани учун уни яширинишга мажбур қилишмоқда ёки яна қанақадир бошқа сабаблари бордир.

8 декабрь

Мен департаментга бораман деб астойдил отлангандим, турли сабаб ва мулоҳазалар йўлимни тўсди. Испаниядаги воқеаларни ҳеч калламдан чиқаролмадим. Аёл киши қандай қилиб қиролича бўлиши мумкин? Бунга йўл қўйишмайди. Аввало, биринчидан, Англия йўл қўймайди. Бунинг устига бу иш бутун Европанинг сиёсий ҳаётига тааллуқли: Австрия императори, бизнинг шоҳимиз… Тан оламан, бу воқеалар менга шу қадар қаттиқ таъсир қилди ва ларзага солдики, бутун кун бўйи қўлим ҳеч ишга бормади. Овқатланаётганимда Мавра мени “жудаям паришонсиз, эс-ҳушингиз жойида эмас”, дея огоҳлантирди. Тўғри, назаримда, мен хаёлпаришонлик қилиб, иккита ликопчани полга ташладим, улар шу заҳотиёқ синиб, чил-чил бўлди. Тушликдан сўнг тоғ[11] тагига бордим. Ҳеч қанақа ибратли нарса кўрмадим. Кўпроқ каравотда ётиб, Испанияда бўлаётган воқеалар ҳақида мулоҳаза юритдим.

2000 йил сана 43 апрель

Бугунги кун – улуғвор тантана куни. Испанияда қирол бор. У топилди. Ўша қирол менман. Ўзим ҳам буни айнан шу бугун билдим. Гапнинг очиғи, бирдан кўнглим гўё яшиндек ёришиб кетди. Қандай қилиб мен ўзимни титуляр маслаҳатчи дея ўйлаганимни ва тасаввур қилиб юрганимни ҳеч тушунолмайман. Бу аҳмоқона фикр қандай қилиб миямга ўрнашиб қолди экан? Яхшики, ўша пайтларда мени жиннихонага тиқиб юбориш фикри ҳеч кимнинг хаёлига келмабди. Энди тўрт томоним қибла. Энди ҳамма нарсани худди кафтдагидек кўриб турибман. Аввал эса, тушунолмайман, авваллари қаршимдаги жамики нарсани қанақадир туман қоплагандек эди. Буларнинг ҳаммаси, ўйлашимча, одамлар мия бош қобиғида деб тасаввур қилишидан келиб чиқмоқда; йўқ, мутлақо ундай эмас: у Каспий денгизи томонидан шамол орқали етиб келади. Олдин мен Маврага ким эканимни айтдим. У қаршисида испан қироли турганини эшитгач, қўлларини силкиб-силкиб, чапак чала бошлади ва қўрқувдан жон таслим қилишига сал қолди. Бу аҳмоқ хотин ҳеч қачон испан қиролини кўрмаган-да. Бироқ мен уни тинчлантиришга ҳаракат қилдим ва мулойим гаплар билан яхши ниятда эканлигимга ҳамда у баъзида этигимни яхшилаб тозаламагани учун ҳечам жаҳлим чиқмаётганлигига ишонтирмоқчи бўлдим. Ахир бу қора халқ-да. Буларга осмондаги гапларни гапириб бўладими? У Испаниянинг ҳамма қироллари Филипп II[12] га ўхшайди, деган ишонч билан юргани учун қўрқиб кетди. Лекин унга Филипп билан ўртамизда ҳеч қанақа ўхшашлик йўқлигини ҳамда ҳеч қандай капуцин[13] эмаслигимни тушунтирдим… Департаментга бормадим… Садқаи сар! Йўқ, оғайнилар, энди мени айёрлик билан чақириб ололмайсизлар: мен энди сариқ чақага қиммат қоғозларингизни қайта кўчириб ўтирмайман!

86 мартобрь

Кун билан тун ўртасида

Бугун ишга чиқмай қўйганимга уч ҳафтадан ошгани, департаментга боришим лозимлигини айтиш учун экзекуторимиз[14] келди. Мен шунчаки, ўйин қилиш учун департаментга бордим. Бўлим бошлиғи таъзим қилиб, узр сўрашга тушади, деб ўйлаган, аммо мен унга у қадар жаҳл қилмадим, ҳаддан ортиқ илтифот ҳам кўрсатмадим, ҳеч ким билан иши йўқ кишидек жойимга бориб ўтирдим. Идорадаги ҳамма таги пастларга тикилганча: “Агар ораларингда ким ўтирганини билсаларинг нима бўлади… Худо ҳақи! Қанақа шовқин-сурон кўтарган бўлардиларинг, бўлим бошлиғининг ўзи директорга қандай таъзим қилса, менинг олдимда ҳам боши ерга теккунча эгиларди”, – деб ўйладим. Олдимга кўриб чиқиб, хулоса қилишим учун қандайдир қоғозларни келтириб қўйишди. Бироқ мен уларга қўлимнинг учини ҳам теккизганим йўқ. Бир неча дақиқадан сўнг ҳамма саросимага тушиб қолди. Директор келаётганини айтишди. Амалдорларнинг кўпчилиги ўзини кўрсатиш учун танаффус қилишга югуриб қолди. Лекин мен қимир этмай жойимда ўтиравердим! У бизнинг бўлимимиздан ўтаётганда ҳамма фракларининг тугмасини тақишга тушди: мен эса жойимдан жилганим йўқ! Директор бўлса ўзига! Нега унинг қаршисида ўрнимдан туришим керак экан – ҳеч қачон! Шуям директор бўптими? У директорми, шиша идишнинг тиқинидан бўлак бошқа нарса эмас. Оддий тиқин, алмисоқдан қолган тиқин – бошқа нарсамас. Шиша идишни очганда чиқадиган тиқин. Менга қўл қўйиш учун қоғоз беришгани ҳаммасидан қизиқ бўлди. Улар қоғознинг бурчагига бўлим бошлиғи фалончи, деб ёзиб қўйишимни кутишган. Бекоргинани айтибсиз! Мен қоғознинг департамент директори имзо қўядиган энг муҳим жойига “Фердинанд VIII” деб ёзиб қўйдим. Қанақанги эъзозли, иззат-икромга тўла сукунат ҳукм сурганини бир кўрсангиз эди; лекин мен қўлимни силтаб: “Ҳеч қандай итоаткорона ҳаракатларнинг ҳожати йўқ!” – дедим-да, чиқиб кетдим. У ердан тўғри директорнинг уйига йўл олдим. У уйда йўқ эди. Малай мени киргани қўймади, бироқ унинг кифтига шунақанги гапларни қўндирдимки, нима қилишини билмай, довдираб қолди. Тўппа-тўғри пардоз-андоз хонасига кириб бордим. У кўзгу қаршисида ўтирган экан, сакраб ўрнидан турди-да, мендан четлана бошлади. Бироқ мен унга испан қироли эканимни айтмадим. Фақат уни тасаввурга сиғмайдиган бахт кутаётганини, душманлар макру ҳийлаларига қарамай биз бирга бўлишимизни айтдим. Бундан ортиқ гапиришни хоҳламадим ва чиқиб кетдим. Ў, аёл – нақадар макрли зот! Аёл нима эканининг тагига энди етдим. Шу чоққача у кимни севиб юрганини ҳеч ким билмайди: буни мен биринчи бўлиб кашф этдим. Аёл шайтонни севиб қолди. Ҳа, ҳазиллашаётганим йўқ. Физиклар у унақа-бунақа, деб аҳмоқона гапларни ёзишади – у фақат шайтонни севади. Ана, кўряпсизми, у биринчи яруснинг ложасидан лорнети билан ўлжа қидиряпти. У юлдузли семиз кишига қараяпти, деб ўйлайсизми? Мутлақо ундай эмас, у ўша кишининг ортида турган шайтонга қараяпти. Ана, шайтон ўша кишининг фракига яшириниб олди. Ана, у ўша ердан уни имлаб чақиряпти! У ўшанга турмушга чиқади. Ҳа, турмушга чиқади. Ҳаммаси – уларнинг амалдор оталари доимо хушомадгўйлик қилиб, саройга тиқилиб кириш йўлларини ахтаради ва ўзларини ватанпарварман, ундайман, бундайман дейишади! Пул, бойлик, мол-мулк орттириш йўлларини излайди, бу ватанпарварлар! Онасини, отасини, Худосини пулга сотади, шуҳратпарастлар, Худони сотувчи савдогарлар! Бошдан охир шуҳратпарастлик, тилнинг тагида кичкина пуфакча яширин, пуфакчада эса кичкина, катталиги тўғноғичнинг бошидек келадиган чувалчанг борлигидан келиб чиқаётган шуҳратпарастлик, буларнинг ҳаммасини Гороховая кўчасида яшайдиган сартарош қиляпти. Унинг исмини эслай олмайман; бироқ, шу нарса шубҳасиз маълумки, у бир доя кампир билан бутун дунёга ислом динини ёймоқчи, айтишларига қараганда, Франция халқининг кўпчилиги шунинг учун ҳам Муҳаммад пайғамбарни тан олади.

Қайсидир сана

Куннинг санаси йўқ эди

Нева шоҳкўчасини махфий қиёфада кезиб юрдим. Шоҳимиз император ўтиб борарди. Бутун шаҳарликлар ва улар қатори мен ҳам телпагимни ечдим; бироқ испан қироли эканимни билдирмадим. Кимлигимни шу ерда, ҳамманинг олдида билдириш одобдан эмас, аввало сарой аҳлига ўзимни танитишим лозим. Ҳанузгача қироллик либосларим йўқлиги йўлимга ғов бўлиб турибди. Ҳеч бўлмаса қандайдир ридо топсам эди. Тикувчиларга буюртма берай десам, булар бориб турган эшакнинг ўзгинаси, бунинг устига доим ишни пала-партиш, чалакам-чатти қилишади, алдам-қалдамга муккасидан кетган, кўча-кўйда тош теришдан бошқа нарсага ярамайди. Мен ридони бор-йўғи икки мартагина кийганим янги вицмундирим[15]дан тикишга қарор қилдим. Бироқ бу аблаҳлар бузиб қўйиши мумкинлигини ҳисобга олиб, ҳеч ким кўрмаслиги учун эшикни яхшилаб ёпиб, ўзим тикишга аҳд қилдим. Мен уни қайчи билан бошдан-оёқ қирқиб чиқдим, ахир бичими бошқача бўлиши керак.

Санани эслолмайман. Ойи ҳам йўқ эди.

Жин урсин! Бу нима ўзи?

Ридо тикилди ва кийиш учун мутлақо тайёр ҳолга келтирилди. Уни кийганимда Мавра қичқириб юборди. Аммо ўзимни сарой аҳлига танитиш хусусида ҳали бир қарорга келганим йўқ. Испаниядан ҳали-ҳануз депутатлар келгани йўқ. Депутатларсиз бориш одобдан эмас. Қадр-қимматимнинг ҳеч қандай салмоғи бўлмайди. Уларнинг келишини соатма-соат кутяпман.

1-сана

Депутатларнинг ҳаддан ташқари сусткашлиги мени ҳайратга солмоқда. Қандай сабаблар уларнинг йўлида тўсиқ бўлиши мумкин? Наҳотки Франция бўлса? Ҳа, бу энг бўлмағур давлат. Испан депутатлари келишдимикан, дея суриштириш учун почтага бордим. Бироқ почта мудири ҳеч нарсани билмайдиган, ғирт мияси йўқ киши экан: йўқ, бу ерда ҳеч қанақа депутатлар йўқ, дейди; агар хат ёзмоқчи бўлсангиз, биз уни ўрнатилган тартибда қабул қилиб оламиз, эмиш! Жин урсин! Хат дегани нимаси? Хат – бу беҳуда, бўлмағур нарса. Хатни дорихонада ишлайдиганлар ёзади.

Мадрид.Ўттизинчи февруарий.

Шундай қилиб, мен Испаниядаман, бу воқеа шу қадар тез содир бўлдики, кўз очиб-юмишга ҳам улгурмадим. Бугун эрталаб, олдимга испан депутатлари келишди ва мен улар билан бирга извошга ўтирдим. Бунақанги ғайриоддий тезкорлик менга қизиқ туюлди. Биз шунақанги жадал юрдикки, ярим соат ичида испан чегарасига етиб келдик. Қолаверса, ҳозир бутун Европада йўллар чўяндан қилинган, пароходлар ҳам ниҳоятда тез юради. Испания ғаройиб давлат экан: биз биринчи хонага кирганимизда, мен кўплаб тақирбош одамларни кўрдим. Бироқ дарров фаҳмладим, булар ё грандлар[16] ёки аскарлар бўлиши керак, чунки улар бошларини қиртишламоқда эди. Қўлимдан ушлаб, етаклаб юрган давлат канцлерининг муомаласи менга жуда ғалати кўринди; у мени чоғроқ хонага итариб киргизди-да: “Шу ерда ўтир, агар ўзингни қирол Фердинанд деб атайдиган бўлсанг, бу хоҳишингни ўзим йўқ қилиб ташлайман”, деди. Аммо мен бу васвасага солиб йўлдан оздиришдан бошқа нарса эмаслигини билганим учун рад жавобини бердим – канцлер таёқ билан белимга икки марта шунақанги қаттиқ урдики, оғриқдан қичқириб юборишимга сал қолди, бироқ бу юқори лавозимга киришишдан олдин бўладиган рицарлар таомили эканини эслаб, ўзимни босдим, чунки Испанияда ҳозиргача рицарлик урф-одатларига амал қилинади. Бир ўзим қолгач, давлат ишлари билан шуғулланишга киришдим. Мен Хитой билан Испания битта давлат эканини кашф этдим, фақат нодонлик туфайли уларни бошқа-бошқа мамлакат дея ҳисоблашади. Мен ҳаммага қоғоз олиб, унга атайин Испания деб ёзишларини маслаҳат бераман, қарабсизки, Хитой ўз-ўзидан келиб чиқади. Аммо эртага бўладиган ҳодисалар ниҳоятда дилимни сиёҳ қилмоқда. Эртага соат еттида ғаройиб воқеа рўй беради: ер ойга ўтиради. Бу ҳақда машҳур инглиз кимёгари Веллингтон ҳам ёзмоқда. Ойнинг ниҳоятда нафислиги ва мўртлигини кўз олдимга келтириб, юрагимни таҳлика босганини тан оламан. Ахир ойни одатда Гамбургда ясашади: ясашганда ҳам жуда ёмон ясашади. Англия нега бунга эътибор бермайди, деб ҳайрон бўламан. Уни чўлоқ бочкасоз ясайди, бу аҳмоқнинг ой ҳақида ҳеч қандай тушунчаси йўқлиги кўриниб турибди. У ойни ёғоч мой билан қатронли йўғон чиркай арқондан ясабди; ана шундан бутун ер юзини қўланса ҳид босиб кетган, одамлар бурунларини беркитиб юришга мажбур. Шундан бизнинг оймомамиз – ажойиб нафис шар бўлишига қарамай, унда одамлар яшолмайди, энди у ерда фақат бурунлар яшайди. Айнан ана шу сабабларга кўра биз бурнимизни кўролмаймиз, негаки, улар ойни ўзларига макон қилиб олишган. Ер жуда оғир нарса эканини, агар у ойга ўтирса, бизнинг бурунларимизни янчиб, инжириғини чиқариб юбориши мумкинлигини англаб етганимдан кейин мени шунақаям ваҳима ва хавотир босдики, пайпоғим ҳамда бошмоқларимни кийиб, полицияга ернинг ойга ўтиришига йўл қўймаслик ҳақида буйруқ бериш учун давлат кенгаши залига югурдим. Бу ерда бир дунё бошлари қиртишланган грандларга рўпара келдим, улар жуда ҳам ақлли халқ экан: “Жаноблар, ойни қутқаришимиз керак, ер унга ўтирмоқчи” деганимда ҳаммалари менинг монархлик хоҳишимни бажариш учун югуриб кетишди, уларнинг кўпчилиги ойни олиш учун деворга тирмашиб чиқа бошлашди; бироқ айни шу дамда буюк канцлер кириб қолди. Уни кўриб ҳамма қочиб кетди. Мен, қирол сифатида, бир ўзим қолдим. Лекин мени ҳайрон қолдиргани шуки, канцлер мени таёқ билан уриб, хонамга ҳайдаб юборди. Испанияда ана шундай халқ урф-одатлари ҳукм суради!

Февралдан кейин келган

йилнинг январь ойи

Испания давлатининг қанақалигини ҳанузгача тушунолмаяпман. Халқ урф-одатлари ва сарой ахлоқ-одоб қоидалари мутлақо ғайриоддий. Тушунмайман, тушунмайман, мутлақо ҳеч нарсани тушунолмайман. Бугун монах бўлишни хоҳламаслигимни айтиб, қанчалар бақир-чақир қилганимга қарамай, сочимни қириб ташлашди. Лекин бошимга совуқ сув томизишни бошлагунларича менга нима бўлганини эслолмайман. Бунақа жаҳаннам азобини ҳеч ҳис қилмагандим. Қутуриб кетишим тайин эди, бироқ мени зўр-базўр ушлаб қолишди. Мен бу ғалати одатнинг нима аҳамияти борлигини сираям тушунмайман. Ғирт аҳмоқона, бемаъни одат! Бу одатни ҳанузгача йўқ қилиб юбормаётган қиролларнинг аҳмоқлигига ақлим бовар қилмайди. Барча эҳтимолларга кўра сезиб турибман: инквизиция қўлига тушиб қолмадиммикан, мен канцлер деб ўйлаганим буюк инквизиторнинг ўзгинаси эмасмикан? Фақат бир нарсанинг тагига етолмаяпман, қандай қилиб қирол инквизицияга дучор бўлиши мумкин. Тўғри, бу ишга Франция ва айниқса, Полинияк[17] бош қўшган. Ў, маккор Полинияк! Ўла-ўлгунча менга қасд қилишга онт ичган. Мана энди мени азоб устига азоб юбориб қийнамоқда; аммо биламан, ошнам, инглиз сени бурнингдан ип ўтказиб олган. Инглиз катта сиёсатчи. У ҳамма ерда ҳийла-найранг ишлатади. Англия тамаки ҳидласа, Франция аксиришини бутун дунё билади.

25-сана

Бугун буюк инквизитор хонамга келди, бироқ мен узоқдан унинг оёқ товушларини эшитиб, стул тагига яшириниб олдим. У йўқлигимни кўриб, мени чақира бошлади. Аввал “Попришин!” деб қичқирди, – мен чурқ этганим йўқ. Кейин “Аксентий Иванов! Титуляр маслаҳатчи! Зодагон!”, – деб чақирди. Мен жим туравердим. “Фердинанд VIII, испан қироли!” – деганда стул тагидан бошимни чиқармоқчи бўлдиму кейин ўйлаб қолдим: “Йўқ, оғайни, алдаёлмайсан! Сени биламиз: яна бошимдан совуқ сув қуясан”. Бироқ у мени кўриб қолди ва таёғи билан уриб, стул тагидан ҳайдаб чиқарди. Лаънати таёғи жуда қаттиқ тегади, оғриғига сира чидаб бўлмайди. Лекин шу азоблар эвазига ҳозирги кашфиётим яхши туҳфа бўлди: мен ҳар қандай хўрознинг Испанияси борлигини ва у хўрознинг патлари остида эканини билиб олдим. Аммо буюк инквизитор қандайдир жазо билан қўрқитмоқчи бўлиб, олдимдан дарғазаб ҳолда чиқиб кетди. Инглизнинг қуроли сифатида худди машинадек ишлаётганини билганим учун унинг бу заиф қаҳрини назар-писанд қилмадим.

Са 34 на Ой илй

349 февраль

Йўқ, чидашга ортиқ тоқатим қолмади. Эй, Худойим! Улар мени нима қилмоқчи?! Бошимдан совуқ сув қуйишади! Улар мени кўрмайди, тушунмайди, гапларимга қулоқ солмайди. Уларга нима ёмонлик қилдим? Нега мени қийнашади? Улар мен бечорадан нима истайди? Мен уларга нима бера оламан? Менинг ҳеч нарсам йўқ. Силлам қуриди, кучим йўқ, бу азоб-уқубатларни кўтаролмайман, бошим ловуллаб ёняпти, кўз олдимда ҳамма нарса ҳалқа-ҳалқа бўлиб айланяпти. Ёрдам беринг менга! Мени қутқаринг! Олиб кетинг мени бу ердан! Менга шамолдек учқур уч отли извош беринг! Аравакашим, ўтир, қўнғироқчам, жирингла, тулпорларим, шамолдек елинг ва мени бу дунёдан олиб кетинг! Узоққа, узоқ-узоқларга, ҳеч нарса, ҳеч нарса кўринмайдиган томонларга. Ана, осмонда паға-паға булутлар сузиб юрибди; ҳув олисда бир юлдузча чарақлаб турибди; қорамтир дарахтлари ва оймомо билан ўрмон ўтиб бормоқда; ер бағирлаб, оёқларим остини кўкимтир туман қопламоқда; туман қўйнида қандайдир соз оҳанглари қулоққа чалинади; бир томонда денгиз, иккинчи томонда Италия; ана, рус ёғоч уйлари кўзга ташланиб қолди. Ҳув, олисдаги кўкимтир уй меники эмасмикан? Дераза олдида ўтирган онамдир балки? Онажон, бечора ўғлингни қутқар! Бир томчи кўз ёшинг хаста бошига даво эмасми? Кўз ёшингни аяма! Қара, улар пажмурда жигаргўшангга қанчалар азоб беришмоқда! Бағри қон етимчангни иссиқ бағрингга ол, онажон! Унга бу ёруғ оламда жой йўқ! Улар мени қувғин қилишмоқчи!Онажоним! Хастадил, бемор ўғлингга раҳм қил!..Ҳа, айтгандек, Жазоир Бейининг[18] нақ бурни тагида ғурраси борлигини биласизми?

_______________________

[1] “Северная пчела” – 1838–1866 йилларда Россияда нашр этилган газета.
[2] Бу шеър муаллифи – Н.П.Николаев.
[3] Петербурглик тикувчилар тиккан фрак (тарж.).
[4] Чор Россиясида фуқоролик хизматидаги энг қуйи мансаб (тарж.).
[5] Водевиль – бир-икки пардали кичик комедия (тарж.).

[6] Қадрдоним (франц.).
[7] Dog – ит, кўппак (инг.).
[8] Камер-юнкер – саройдаги қуйи унвон (тарж.).
[9] Титуляр маслаҳатчи – саройда тўққизинчи даражадаги маслаҳатчи (тарж.).

[10] XVIII асрда пайдо бўлган диний-фалсафий оқим; унинг тарафдорлари ахлоқни камолотга етказиш вазифасини қўйган; лекин сиёсатда инқилобий йўл тутган. Масон – ана шу оқим вакили.
[11] Яъни Адмиралтейство яқинидаги муз тепага чанғи, коньки учишларини томоша қилишга бориш.
[12] Испания қироли Филипп II даврида (1527–1598) 1556 йилдан бошлаб католик жаҳолатпарастлиги ортиб, инквизиция зўравонликлари ҳаддан ошиб кетганди.
[13] Капуцин – тарки дунё қилган католик монахлари орденининг аъзоси (тарж.).

[14] Экзекутор – чор Россиясида идора ва муассасаларнинг хўжалик ишларини бошқарувчи амалдор (тарж).
[15] Вицмундир – чор Россиясида амалдорларнинг расмий кийими (тарж.).
[16] Гранд – испан сарой амалдори.
[17] Жюль Полиньяк (1780–1847) француз инқилобчиси, 1829–1830 йилларда вазирлар кенгашига раҳбарлик қилган.
[18] Бей – Жазоирда 1711 –1830 йилларда амалда бўлган умрбод ҳукмдорлик қилиш унвони.

Рус тилидан Фарҳод Файзиев таржимаси
Манба: «Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 10-сон

Bugun ertalab g‘aroyib voqea ro‘y berdi. Ancha kech uyg‘ondim, Mavra artib-tozalagan etiklarimni olib kelganda soat necha bo‘lganini so‘radim. Allaqachon o‘n marta bong urganini eshitib, tezda kiyinishga tushdim. Ochig‘ini aytsam, bo‘lim boshlig‘ining ensasi qotgan ko‘yi basharasini bujmaytirishini oldindan bilganim uchun departamentga mutlaqo bormagan bo‘lardim.

Nikolay GOGOL
TENTAKNING YOZMALARI
011

Nikolay Vasilyevich Gogol [1809.20.3(1.4), Poltava gubernyasi, Mirgorod uyezdi — 1852.21.2 (4.3), Moskva] — rus yozuvchisi. Rus adabiyotida tanqidiy realizmga asos solgan. Nejin gimnaziyasini tugatib (1828), Peterburgga kelgan. Rassomlik qilgan, drama to‘garaklarida faol qatnashgan, ayrim yumoristik rollarni ijro etib, badiiy ijod bilan ham shug‘ullangan. V. Alov taxallusi bilan yozilgan «Gans Kyuxelgarten» romantik dostoni (1829) salbiy baholangach, chet elga ketgan. Germaniyaning Lyubek, Gamburg shaharlarida bo‘lgan. Peterburgga qaytib, davlat mahkamalarida xizmat qiladi. Mahkamalardagi qog‘ozbozlik, sansalorlik kabi illatlar Gogol uchun boy mavzu bo‘ldi («Peterburg qissalari, 1830).

A.S. Pushkin bilan uchrashuvi (1831) Gogol ijodida burilish yasadi. «Dikanka qishlog‘i oqshomlari» (1831—32) to‘plamiga kirgan hikoya va qissalari («Sorochino yarmarkasi», «Dahshatli qasos» va b.) Gogolga shuhrat keltirdi. Bunda Malorossiyadagi turmush tarzi, odamlar ongi, axloqi, xalqning yumorga boy afsonalari, urf-odatlari aks ettirilgan. Gogol Sankt-Peterburg universiteti umumtarix kafedrasida professor bo‘lib ishladi (1834), bu unga tarix bilan chuqurroq tanishish imkonini berdi. «Mirgorod» («Ivan Ivanovich bilan Ivan Nikiforovich oralarida bo‘lib o‘tmish janjallar hikoyati», «Viy» va boshqa qissalar) to‘plami hamda «Arabeskalar» («Neva shoh ko‘chasi», «Portret», «Tentak maktublari» qissalari) to‘plamida (1835) shahar hayoti manzaralari «ko‘zdan yosh chiqquncha» kulgi qo‘zg‘atadigan usulda tasvirlanadi. «Taras Bulba» (1835) qissasi ukrain xalqining chet el bosqinchilariga qarshi kurashiga bag‘ishlangan. Gogol 30-yillar 1-yarmida «3-darajali Vladimir» (tugallanmagan), «Uylanish» (1842 yilda nashr etildi) komediyalari ustida ishladi. «Revizor» (1836) komediyasida Rossiyadagi mansabparastlik, xazinani talon-toroj qilish, poraxo‘rlik va boshqa hajv ostiga olingan. Gogol ijodining cho‘qqisi bo‘lgan «O‘lik jonlar» (1842) doston-romanida Rossiyadagi o‘sha davr hayotiga umumiy tavsif berilgan.

Gogol o‘z dunyoqarashida sodir bo‘lgan axloqparastlik goyalari ta’sirida «Do‘stlar bilan yozishmalardan tanlangan sahifalar» (1847) asarini e’lon qiladi. Mazkur asar V. G. Belinskiy tomonidan tanqidga uchraydi («N.V. Gogolga xat»).

Gogolning «Revizor» (1935—52, Kibriyo Qahhorova va Abdulla Qahhor tarjimasi), «Ivan Ivanovich va Ivan Nikiforovich oralarida bo‘lib o‘tmish janjallar hikoyati» (1972, N. Alimuhamedov tarjimasi), «O‘lik jonlar» (1959, Rustam Abdurahmonov tarjimasi) va boshqa asarlari o‘zbek tilida nashr etilgan. «Revizor», «Uylanish» pyesalari O‘zbekistan teatrlari sahnasida qo‘yilgan

011

3 oktyabr

Bugun ertalab g‘aroyib voqea ro‘y berdi. Ancha kech uyg‘ondim, Mavra artib-tozalagan etiklarimni olib kelganda soat necha bo‘lganini so‘radim. Allaqachon o‘n marta bong urganini eshitib, tezda kiyinishga tushdim. Ochig‘ini aytsam, bo‘lim boshlig‘ining ensasi qotgan ko‘yi basharasini bujmaytirishini oldindan bilganim uchun departamentga mutlaqo bormagan bo‘lardim. U ko‘pdan beri menga: “Og‘ayni, nega doim kallang g‘ovlab yotadi? Ba’zan oyog‘i kuygan tovuqday tipirchilab qolasan, ba’zida ishni shunaqangi chalkashtirib yuborasanki, manaman degan odam ham epaqaga keltirolmaydi, titul varag‘iga kichik harflar bilan yozasan, na sanasini ko‘rsatasan, na raqamini”, deydi. La’nati ho‘kiz! Direktorning xonasida o‘tirishimni va janobi oliylari uchun patqalamlarning uchini chiqarib berishimni ko‘rolmaydi. Xullas, g‘aznachini topib, u ziqna yahudiydan maoshimning zora bir qismini so‘rab olish umidi bo‘lmaganda departamentga bormasdim. Bu yaramas tasqarani ko‘ring! Agar mabodo maoshni bir oy oldin bersa – Xudo ko‘rsatmasin, naqd qiyomat qoyim bo‘lsa kerak. Iltimos qil, yalinib-yolbor, bor, ana – yorilib ket, ochlikdan sillang qurib yerga qapishib qol, – bermaydi, oqsoch ajina! Vaholanki, o‘zi uyida oshpaz ayoldan tarsaki yeb yuradi. Buni butun dunyo biladi. Men tushunolmayman, departamentda xizmat qilishning nima foydasi bor. Hech qanaqa rag‘bat yo‘q. Guberniya boshqarmasi, davlat va fuqaro palatalarida butunlay boshqa gap: u yerda yo‘g‘on cho‘zilib, ingichka uzilish darajasiga yetsa, harqalay, tomizib turishadi. U kiyib yurgan yag‘iri chiqqan frakni aytmaysizmi, turqi shunaqayam sovuqki, basharasiga tupurib yuborging keladi, u egallab turgan dala hovli haqida gapirmasa ham bo‘ladi! Tilla halli idishlarni nazari ilmaydi: “Bu doktorlarga beriladigan sovg‘a”, emish. Unga bir juft yo‘rtoqi ot yoki izvosh, yo bo‘lmasa qunduz terisidan tikilgan uch yuz so‘mlik po‘stin berish kerak ekan. Ko‘rinishidan muloyim, juda nazokat bilan gapiradi: “Patqalamim uchini chiqarib olish uchun pichoqchangizni berib turolmaysizmi?” – mijozlarni esa shir-yalang‘och bo‘lgunicha shilib olishga usta. To‘g‘ri, bulardan qat’i nazar bizda xizmatning olijanobligi, salobati bor, hammayoq shunaqayam toza, chinniyu chiroqki, bunaqasi guberniya boshqaruvidagilarning tushiga ham kirmagan: stollar qizil daraxtdan ishlangan, boshliqlarning hammasi bir-birlari bilan sizlashib gaplashadi. Ha, tan olaman, xizmatning bu qadar salobati bo‘lmaganda allaqachon departamentdan ketgan bo‘lardim.

Eski shinelimni kiyib, jala quyib turgani uchun soyabonni oldim. Ko‘chada hech kim yo‘q edi: faqat ko‘ylaklarining etagini yopinchiq o‘rnida tashlab olgan ayollar, unda-bunda shamsiya tutgan savdogaru yelib-yugurib yurgan yugurdaklar ko‘zga tashlanardi. Olijanob kishilardan faqat bir amaldor oshnamizni ko‘rdim, xolos. Men uni chorrahada uchratdim. Ko‘rgan hamono o‘zimga-o‘zim: “Eh-e! Yo‘q, azizim, sen departamentga ketayotganing yo‘q, huv anavi oldinda chopib ketayotgan ayolning orqasidan ilakishgansan, uning oyoqlaridan ko‘zingni uzmayapsan”, dedim. Amaldor og‘aynilarimiz bu qadar yulduzni benarvon uradigan bo‘lmasa-ya! Xudo haqqi, hech bir ofitserdan qolishmaydi: birorta shlyapali xonimni ko‘rsa, darhol ilintiradi. Ana shularni o‘ylab borarkanman, men yonidan o‘tib ketayotgan do‘kon oldiga izvosh kelib to‘xtadi. Darhol tanidim: bu direktorimizning izvoshi edi. “Unga do‘konning nima keragi bor, – deb o‘yladim, – hoynahoy, bu uning qizi bo‘lsa kerak”. Devorga qapishib oldim. Malay eshikni ochdi va u go‘yoki qushdek pirillab uchib chiqdi. O‘ngga va chapga ko‘z qirini tashlab, qosh-ko‘zlarini pirpiratib, chimrilib qo‘ydi… Ey, Xudoyim-ey! Tamom bo‘ldim, butkul adoi tamom bo‘ldim! Bunaqangi yomg‘ir quyib turgan paytda ko‘chaga chiqishning nima keragi bor. Shundan keyin ham ayol zotining har xil latta-puttaga mukkasidan ketganiga ishonmay bo‘ladimi? U meni tanimadi, o‘zim ham atay iloji boricha butkul o‘ranib olishga harakat qildim, negaki, egnimdagi shinelim juda iflos, buning ustiga eski bichimda edi. Hozir uzun yoqali plashch kiyishadi, mening plashchim esa ustma-ust qilib tikilgan kalta qo‘shyoqali bichimda: bunisi yetmaganday, movuti ham sifatsiz. Uning kuchukchasi do‘konga kirishga ulgurolmay ko‘chada qoldi. Men bu kuchukchani bilaman. Uning ismi Medji. Bu yerda turganimga bir daqiqa bo‘lmasdanoq, “Salom, Medji!” degan mayin ovoz qulog‘imga chalindi. Ana xolos! Bu kimning ovozi ekan? Atrofga alanglab, soyabon ostida ketayotgan ikki xonimga ko‘zim tushdi. Ulardan biri kampir, ikkinchisi esa yosh qiz edi: ular o‘tib ketishdi, mening yonimda esa yana: “Gunohga qolding, Medji!” degan ovoz eshitildi. Xudo urdi-ketdi! Men Medjining xonimlar ortidan ergashgan kuchukcha bilan bir-birlarini iskashayotganini ko‘rdim. “Eh-e, – dedim o‘zimga o‘zim, – nima balo, mast emasmanmi? Bunaqa narsa menda kamdan-kam uchrardi, shekilli”. ”Yo‘q, Fidel, bekor shunday xayolga borayapsan, – Medji shunday deganini o‘zim eshitdim, – men, vov, vov! Men kasal edim, vov, vov! Qattiq kasal edim”. Eh, axir sen kuchukchasan-ku! Men uning odamga xos tilda gapirayotganidan hayratga tushganimni tan olaman. Biroq bularni yaxshilab mulohaza qilib ko‘rganimdan keyin hayrat degan narsadan atovul ham qolmadi. Chindanam dunyoda shunga o‘xshash voqealar juda ko‘p sodir bo‘ldi. Aytishlariga qaraganda, Angliyada bir baliq suzib chiqib, g‘alati bir tilda ikkita so‘z aytgan, olimlar uch yildan buyon buning ma’nosi nima ekanini aniqlashga harakat qilishmoqda, biroq hali-hanuz hech qanaqa kashfiyot qilisholmadi. Menam do‘konga kelib, o‘zlari uchun bir qadoq choy so‘ragan ikki sigir haqida gazetada o‘qigandim. Medjining: “Senga xat yozgandim, Fidel, hoynahoy, Polkan xatimni senga yetkazmagan!” – deganini eshitgach, rost gap, haddan ziyod hayratga tushdim. Yo, tavba, ilohim, maoshimdan mahrum bo‘lay! Hayotimda kuchuklar yoza olishi haqida eshitmaganman. Faqat zodagongina to‘g‘ri yoza olishi mumkin. Bundan tashqari, savdogaru idora xodimlari, hattoki omi dehqon xalqi ham ba’zida yozib-chizib turadi, biroq ularning yozuvlarini ko‘proq mexanik yozuv deyish mumkin: na verguli, na nuqtasi va na bo‘g‘ini bor.

Bu meni hayron qoldirdi. Shuni aytishim kerakki, yaqindan beri men hech kim ko‘rmaydigan narsalarni ko‘ra oladigan va hech kim eshitmaydigan narsalarni eshitadigan bo‘la boshladim. “Shu kuchukchaning ortidan boraman-da, – dedim o‘zimga-o‘zim, – qanaqa kuchukligini va u nimalarni o‘ylashini bilib olaman”.

Soyabonni ochdim-da, ana shu ikki xonimning ketidan yo‘lga tushdim. Goroxovaya ko‘chasidan o‘tdik, Meshchanskayaga burildik, u yerdan Stolyarnaya ko‘chasiga yo‘l oldik va nihoyat, Kokushkino ko‘prigiga yetib keldik-da, kattakon uy oldida to‘xtadik. “Bu uyni men bilaman, – dedim o‘zimga-o‘zim. – Zverkovning uyi”. O‘-ho‘, uy emas, naq haybatli mashina! Bu uyda kimlar yashamaydi deysiz: oshpazlar, son-sanog‘i yo‘q kelgindilar! Mansabdor oshnalarimiz-chi, eh-he, g‘ij-bij, xuddi itdek tiqilib yashashadi. Bu yerda mening ham truba chalishni yaxshi biladigan bir tanishim bor. Xonimlar beshinchi qavatga chiqib ketishdi. “Yaxshi, shu yerda to‘xtaganim ma’qul, – o‘yladim men, – joyini belgilab qo‘yaman, birinchi imkoniyatdayoq vaqtni boy bermay ishga kirishaman”.

4 oktyabr

Bugun chorshanba, shuning uchun ham boshlig‘imiz xonasida bo‘ldim. Men atayin vaqtli keldim va o‘tirib, hamma patqalamlarning uchini ochib chiqdim. Direktorimiz juda aqlli bo‘lsa kerak. Xonasining hammayog‘i kitob taxlangan javonlar bilan to‘lib ketgan. Men ba’zilarining nomini o‘qib chiqdim: turgan-bitgani ilm, shunaqangi ilmki, bizning amaldor og‘aynilarimiz unga yaqin ham yo‘lay olmaydi: hammasi yo frantsuz yoki nemis tilida. Uning basharasiga bir nazar tashlang: qurib ketgurning kibru havosi olamni buzadi-ya! Men hali biron marta uning ortiqcha so‘z aytganini eshitmadim. Faqat qog‘ozlarni uzatganimda bor-yo‘g‘i: “Hovlida ob-havo qalay?” deb so‘raydi. “Namgarchilik, janobi oliylari!” Ha, og‘aynilarimiz unga teng kelolmaydi! U davlat odami. Biroq sezib yuribman, u meni bir boshqacha yaxshi ko‘radi. Agar qizi ham… nur ustiga nur bo‘lardi… eh, shaytoni tushmagur! Hechqisi yo‘q! Hechqisi yo‘q, sabr tagi – sariq oltin! “Pchyolka”[1]ni o‘qigandim. Eh, frantsuz xalqi – shunaqayam ahmoq xalq bo‘ladimi! O‘zi nima xohlaydi ular? Xudo haqi, hammasini hiqildog‘idan olsangu boplab xipchin bilan savalasang! O‘sha yerda bir Kursklik zamindorning bir bazmni juda yoqimli ta’riflab berganini o‘qidim. Kursk zamindorlari juda yaxshi yozishadi. Keyin soat allaqachon o‘n ikki yarimga bong urganini sezib qoldim, xo‘jayin esa hanuz yotog‘idan chiqmasdi. Biroq soat bir yarim bo‘lganda shunaqangi hodisa ro‘y berdiki, uni ta’riflashga har qanday qalam ojizlik qiladi. Eshik ochildi, direktorimiz chiqdi deb o‘ylab qo‘limdagi qog‘ozlarim bilan irg‘ib o‘rnimdan turdim: biroq bu o‘sha, uning o‘zginasi edi! Ey avliyolar, liboslari ko‘zni qamashtiradi-ya! Oppoq ko‘ylagi xuddi oqqushdek tovlanadi: voy-voy-ey, ko‘ylagining harirligini qarang! Uning qarashlarini aytmaysizmi: quyosh, Xudo haqi, quyosh balqidi, deyavering! U ta’zim qildi-da: “Dadam bu yerda ko‘rinmadilarmi?” dedi. Voy-voy-voy, jonidan! Ovozining jarangiga besh ketsangiz arziydi! Bulbul-a, ha-ha, naq bulbulning o‘zi! “Janobi oliyalari, dorga osishni buyurmaysizmi, – degim keldi, – mabodo dorga osmoqchi bo‘lsangiz ham o‘z generallik qo‘lchalaringiz bilan osing”. Hah, jin ursin, negadir tilim kalimaga kelmay faqat: “Yo‘q, ko‘rinmadilar”, dedim, xolos. U menga va kitoblarga nazar tashladi, dastro‘molchasini tushirib yubordi. Men jonim boricha yugurdim, la’nati parketga qoqilib, burnim yorilishiga oz qoldi, biroq o‘zimni tutdim-da, dastro‘molni qo‘limga oldim. Ey, avliyolar! Bu qanaqa dastro‘mol o‘zi?! Yupqa, nafis, batistdan qilingan; mushki anbar, muattar bo‘yning tamomila mukammalligi! Undan generallik ifori taralib turibdi. Qiz minnatdorlik bildirib, miyig‘ida kulib qo‘ydi, shu bois shakar lablari deyarli qimirlamadi ham, shundan so‘ng u chiqib ketdi. Men yana bir soat o‘tirdim, birdan xizmatkor kelib: “Aksentiy Ivanovich, uyingizga ketaverishingiz mumkin, to‘ram allaqachon uydan chiqib ketdi”, dedi. Xizmatkorlar toifasini ko‘rgani ko‘zim yo‘q: doimo dahlizda yalpayib o‘tiradi-da, hech qursa bosh silkib ishora berishga ham yaramaydi. Bunisi ham mayli-ya, bir marta ana shu muttahamlardan biri o‘rnidan turmay meni tamaki bilan siylashga haddi sig‘di-ya. Miyasi yo‘q, qarol, bilasanmi, men amaldorman, aslzodalar nasabidanman. Biroq shlyapamni olib, shinelimni kiydim-da chiqib ketdim, chunki bu janoblar xizmat ko‘rsatishga hecham bo‘yinlari yor bermaydi. Uyda ko‘p vaqtimni karavotda yotish bilan o‘tkazdim. Keyin juda yaxshi bir she’r­ni ko‘chirib oldim: “Azizamni bir soat ko‘rmagan edim, go‘yoki bu bir yil bo‘lib tuyuldi; Nahot yashab bo‘lsa shu taxlit, Usiz yashash – o‘lim, angladim shuni”. Hoynahoy, Pushkin yozgan bo‘lsa kerak[2]. Kechqurun shinelimga o‘ranib janobi oliyalarining ostonasiga bordim va izvoshga o‘tirish niyatida zora chiqib qolsalar, yana bir marta ko‘rish sharafiga muyassar bo‘lsam, degan xayol bilan uzoq kutdim, yo‘q, chiqmadilar.

6 noyabr

Bo‘lim boshlig‘imiz quturib ketdi. Departamentga kelganimda u meni huzuriga chaqirtirib, gapni shunday boshladi: “Qani, marhamat qilib ayt-chi, nimalar qilyapsan?” “Bu nima deganingiz? Hech narsa qilayotganim yo‘q”, – javob berdim men. “Bundoq yaxshilab o‘ylab ko‘r! Axir yoshing allaqachon qirqdan oshdi – esingni yig‘ib olsang yaxshi bo‘lardi. O‘zingni kim deb o‘ylayapsan? Meni hech bir qilmishlaringni bilmaydi deb o‘ylaysanmi? Direktorning qiziga iliqib yuribsan-ku axir! Bundoq o‘zingga qara, kimliging haqida o‘ylab ko‘r! Hech kim emassan!!! Cho‘ntagingda hemiring yo‘q. Hech bo‘lmasa oynaga qarab basharangga razm sol, u haqda o‘ylashni kim qo‘yibdi senga!” Jin ursin, uning yuzi dorixonalarda bo‘ladigan shisha idishchaga o‘xshaydi, boshidagi bir tutam sochi esa jingalak kokilcha qilib, tepaga g‘o‘ddayib turishi uchun qandaydir narsa surtilgan, faqat menga hamma narsa mumkinu boshqalarga esa yo‘q, degan fikrni miyasiga joylab olgan. Tushunaman, mendan nega jahli chiqishini juda yaxshi tushunaman. U hasad qiladi; balki u menga bo‘lgan iliq munosabatni, meni ko‘ngilga yaqin olishlarini ko‘rgandir. Hah, men unga tupuraman! Oliy mansabdor bo‘lsang o‘zingga! Soatiga tilla zanjir osib olgan, o‘ttiz so‘mlik etik buyurtiradi – jin ursin uni! Nahotki men qandaydir zotipast donishmand yoki tikuvchi va yoxud unter-ofitserning bolasi bo‘lsam? Men zodagonman. Menam yuksak mansabu martabalarga erishishim mumkin. Endigina qirq ikkiga kirdim – rost gap, hayotimning chinakam xizmat davri endi boshlandi. Hali qarab tur, og‘ayni! Biz ham polkovnik bo‘lamiz, balki, Xudo xohlasa, undan kattaroq martabaga erisharmiz. Senikidan ham ulug‘roq obro‘-e’tibor orttiramiz. Nima uchun sen “mendan boshqa halol, vijdonli odam mutlaqo yo‘q”, degan fikrni miyangga quyib olding? Menam moda bo‘yicha tikilgan ruchevsk[3] frakini kiyib, xuddi senikiga o‘xshash bo‘yinbog‘ taqib olsam, ana unda sen harom tukimga arzimay qolasan. Daromad yetarli emas – hamma balo shunda.

8 noyabr

Teatrda bo‘ldim. Rus tentagi Filatkani o‘ynashdi. Rosa kuldim. Yana ishboshilar va ayniqsa, bir kollegiya registratori[4] haqida qiziqarli she’rlar bilan juda ochiqchasiga yozilgan qandaydir vodevil[5] ham ko‘rsatishdi, men hatto tsenzura buni qanday o‘tkazib yubordi ekan, deya hayratga tushdim, savdogarlarning xalqni aldayotgani, ularning bolalari janjal, to‘s-to‘palon uyushtirib, zodagonlikka da’vo qilayotgani haqida ochiq-oydin gap ketadi. Jurnalistlar haqida ham juda alomat band keltirishibdi: ular hamma narsani urib-koyishni yaxshi ko‘rishadi, shuning uchun muallif ulardan himoya qilishni xalqdan so‘raydi. Hozir adiblarimiz ajoyib pesalar yozishmoqda. Men teatrga borishni juda yoqtiraman. Kissamda ortiqcha chaqa paydo bo‘ldi deguncha teatrga borishdan o‘zimni to‘xtatolmayman. Amaldor og‘aynilarimiz orasida shunaqangi cho‘chqalari borki, hattoki tekinga bilet bersang ham teatrning yaqiniga yo‘lamaydi, to‘pori. Bir aktrisa juda yaxshi ashula aytdi. Mening xayolim… unga ketdi… eh, shayton!.. Hechqisi yo‘q, hechqisi yo‘q… Sabr.

9 noyabr

Soat sakkizda departamentga yo‘l oldim. Bo‘lim boshlig‘i kelganimni sezmaganlikka oldi. Men ham oramizda hech nima bo‘lmagandek tutdim o‘zimni. Qog‘ozlarni qayta ko‘rib tekshirdim va solishtirib chiqdim. Soat to‘rtda departamentdan chiqdim. Direktorimiz uyi oldidan o‘tdim, biroq hech kim ko‘rinmadi. Tushlikdan so‘ng vaqtimni ko‘proq karavotda yotib o‘tkazdim.

11 noyabr

Bugun direktorimiz xonasida o‘tirdim, unga yigirma uchta patqalam, oyimcha uchun, voy, voy-ey, jonidan!.. Janobi oliyalari uchun to‘rtta patqalam tuzatib qo‘ydim. U stol ustida ko‘proq patqalam turishini yaxshi ko‘radi. Eh, odamda kalla bo‘lishi kerak! U doim jim yuradi, kallasida esa, hamma narsani mulohaza chig‘irig‘idan o‘tkazsa kerak. U ko‘proq nimalar haqida o‘ylashini, kallasida nimalarni sir saqlashini bilgim keladi. Bu janoblarning hayotini yaqindan ko‘rishni, hamma pichingu qochirimlar, bu o‘zgacha dunyodagi gap-so‘zlarni – qanday odamlar o‘zi, o‘z davrasida nimalar bilan shug‘ullanadilar – ana shularni bilishni xohlardim! Men bir necha marta janobi oliylari bilan gaplashib olishni o‘yladimu biroq, jin ursin, hech tilim kalimaga kelmadi: faqat tashqarida sovuq yoki iliqligini aytasanu, bundan ortiq hech narsani gapirolmaysan. Ba’zan ochiq turgan eshikdan faqat ko‘z qiring tushib qoladigan mehmonxonaga kirib-chiqqing keladi, mehmonxonadan keyingi yana bir xonaga. Eh, qanday boy, qimmatbaho jihozlar, aslaha-anjomlar! Qanaqangi ko‘zgular, chinni idishlar! Uyning narigi bo‘lmasiga, janobi oliyalarining xonasiga ko‘z tashlasam, degandim – ana shularni tusaydi ko‘nglim! Ayollar bo‘lmasiga ham bir nazar tashlashni orzu qilaman: u yerdagi atir-upalar, pardoz anjomlari solingan har xil shisha idishchalarni, sochilib ketmasin deb, hidlashga ham hadding sig‘maydigan nafis gullarni ko‘rib bir bahra olsam; hamma yoqqa yoyilib yotgan ko‘ylaklaridan ko‘zlarim quvonsa, g‘oyat nafis va tiniq billurga o‘xshash bu liboslarni ko‘rib huzurlansam. Yotog‘iga birrov nazar solsam degandim… o‘ylaymanki, u yer mo‘jizalar makoni bo‘lsa kerak, u yer osmonu falaklardan topib bo‘lmas jannatning o‘zginasidir balki. To‘shakdan turgach, oyoqchalarini qo‘yadigan kursini, ana shu oyoqchalariga qordek oppoq paypoqchalarini kiyishini bir ko‘rsam… Voy-voy-voy! Hechqisi yo‘q, hechqisi yo‘q… sabr.

Biroq bugun negadir ko‘nglim ancha yorishgandek bo‘ldi: Neva shohko‘chasida eshitganim – ikkita kuchukchaning o‘sha suhbatini esladim. “Yaxshi, – deya o‘yladim ichimda, – endi hamma narsani bilib olaman. Ana shu yaramas kuchukchalarning o‘zaro yuritgan yozishmalarini qo‘lga kiritish kerak. Shundan ba’zi bir narsalarni bilib olishim aniq”. Ochig‘ini aytishim kerak, bir marta men hatto Medjini yonimga chaqirib: “Quloq sol, Medji, mana hozir ikkimiz yolg‘izmiz; agar xohlasang eshikni yopib qo‘yaman, bizni hech kim ko‘rmaydi – oyimqiz haqida bilganlaringni gapirib ber – u qanaqa qiz, o‘zini qanday tutadi? Gaplaringni hech kimga aytmaslikka qasam ichaman”, – dedim. Biroq ayyor kuchukcha dumini qisib, ikki bukilib g‘ujanak bo‘ldi-da, go‘yo hech narsa eshitmagandek, sekin eshikdan chiqib ketdi. Men ko‘pdan beri it odamdan ancha aqlliroq, deb o‘ylardim; hattoki gapira bilishiga ham ishonchim komil edi, faqat unda qandaydir qaysarlik bor. U haddan ziyod siyosatchi: hamma narsani, odamning har bir qadamini sezib turadi. Yo‘q, qanday qilib bo‘lmasin, ertagayoq Zverkovning uyiga borib Fidelni so‘roq qilaman, iloji bo‘lsa, Medji unga yo‘llagan xatlarning hammasini qo‘lga kiritaman.

12 noyabr

Kun qiyomga kelgandan so‘ng soat ikkida Fideldan bor gapni surishtirishga otlandim. Meshchanskayadagi mayda rastalardan kelayotgan karamning qo‘lansa hidiga toqatim yo‘q; buning ustiga har bir uy darvozasi ostidan shunaqangi achqimtir hid anqiydiki, chiday olmaganimdan burnimni berkitib, shitob bilan yugurib ketdim. Yaramas hunarmandlar ham ustaxonasida qurumli tutuniyu badbo‘y hidini shu qadar ko‘p burqsitadiki, oliyjanob kishilarning bu yerda sayr qilishi mutlaqo mumkin emas. Men oltinchi qavatga chiqib, qo‘ng‘iroqchani jiringlatganimda istarasi issiq, yuziga mayda sepkil toshgan qiz eshikni ochdi. Uni tanidim. Bu o‘shanda kampir bilan birga ketayotgan qiz edi. U biroz qizarib ketdi, men darhol buning fahmiga bordim: jonginam, senga kuyov kerakmi? “Sizga nima kerak?” – dedi u. “Men kuchukchangiz bilan gaplashib olishim kerak”. Qizchaning esi past ekan! Uning to‘mtoqligini hozir bildim. Shu payt kuchukcha vovullab yugurib keldi; uni tutib olmoqchi edim, biroq bu jirkanch it burnimni tishlab olishiga sal qoldi. Shunda birdan uning burchakdagi yotog‘i – qo‘l savatga ko‘zim tushdi. Oh-oh-oh, menga aynan shu narsa kerak! Men unga yaqinlashib, yog‘och qutidagi poxolni kavlab ko‘rdim va hayratomuz mamnuniyat bilan aytishim kerakki, kichik-kichik qog‘ozchalarning uncha katta bo‘lmagan boylamini tortib oldim. Buni ko‘rgan ablah kuchukcha avval boldirimni tishlab oldi, keyin esa qog‘ozlarni olganimni payqab qolib, akillab suykala boshladi, ammo men: “Yo‘q, jonginam, xayr!” – dedim-da, orqa-oldimga qaramay yugurgancha jo‘nab qoldim. Nazarimda, qizcha meni aqldan ozgan, deb o‘ylab, qattiq qo‘rqib ketdi. Uyga kelgan hamono darhol ishni boshlashga va bu xatlarni saranjomlashga kirishmoqchi bo‘ldim, negaki, sham nurida ko‘zim yaxshi ko‘rmaydi. Biroq Mavraning ko‘ngli ayni shu payt pol yuvishni tusab qolibdi. Bu yer yutkur oqsochning nuqul bemahalda ozodaligi tutib qoladi. Shu bois men biroz sayr bahonasida bo‘lib o‘tgan voqealarni yaxshilab mulohaza qilish uchun chiqib ketdim. Mana endi butun ishlaru o‘y-xayollarni, bu qisdi-bosdilarning sabablarini, xullas, bor gapni bilib olaman va nihoyat, hamma narsaning tagiga yetaman. Bu xatlar tufayli barisi kaftdagidek namoyon bo‘ladi. Itlar aqlli xalq, ular jamiki siyosiy munosabatlarni biladi, shuning uchun ham bu xatlarda hamma narsa bo‘lishi aniq: portret va bu erkakning ishlari. Unda haligi… to‘g‘risida ham biron nimalar… hechqisi yo‘q, jim turaylik! Kechga yaqin uyga keldim. Vaqtimni asosan karavotda yotib o‘tkazdim.

13 noyabr

Qani, ko‘raylik-chi: xat yetarli darajada burro yozilgan. Ammo yozuvida itlarga xos allanechuk nimadir bor. O‘qiymiz:

Azizim Fidel, men hanuzgacha meshchanlarga xos ismingga ko‘nikolmayapman. Nima balo, nahotki senga tuzukroq ism topilmagan bo‘lsa? Fidel, Roza – qanday dag‘al ohanglar! Mayli, bu gaplarni qo‘yib turaylik. Bir-birimizga xat yozish istagi tug‘ilganidan behad xursandman.

Xat juda to‘g‘ri yozilgan. Tinish belgilariyu hatto, “” harfi o‘z o‘rniga qo‘yilgan. Bizning bo‘lim boshlig‘imiz, garchi qaysidir universitetda o‘qiganini uqdirmoqchi bo‘lsa-da, bunaqangi xatni shunchaki yozolmaydi. Qani, bu yog‘ini ko‘raylik-chi:

Menimcha, fikr, hissiyot hamda taassurotlarni boshqa birov bilan baham ko‘rish dunyoda mavjud ilk ezgulik hisoblansa kerak.

Ha! Bu fikr nemis tilidan tarjima qilingan bir asardan olingan. Nomini eslolmayman.

Garchi uyimiz ostonasini hatlab, ko‘chalarda daydilik qilib yurmagan bo‘lsam-da, bu gaplarni o‘z tajribamdan kelib chiqib aytayapman. Mening hayotim huzur-halovatda o‘tmayaptimi? Meni qo‘lidan qo‘ymaydigan oyimqiz, dadasi uni Sofi deb chaqiradi, meni shu qadar yaxshi ko‘radiki, jonini berishga ham tayyor.

Voy-voy-ey, jonidan!.. Hechqisi yo‘q, hechqisi yo‘q. Sabr, sabr!

Dadasi ham tez-tez erkalab turadi. Men choy bilan qaymoq qo‘shilgan qahva ichaman. Oh, ma chere[6], shuni aytishim kerakki, oshxonada bizning Polkanimiz g‘ajiydigan katta kemirilgan suyakdan hech qanaqa maza topmadim. Faqat tovuq suyagi yaxshi, shunda ham agar uning iligini birov so‘rib olmagan bo‘lsa. Bir nechta qaylaning aralashtirilgani yaxshi, biroq ziravor va ko‘katlari bo‘lmasligi kerak. Lekin men itlarga nonni yumaloqlab, zo‘ldir yasab berish odatidan yomonroq narsani ko‘rmaganman. Stol atrofida o‘tirgan, qo‘llarida har xil iflos, yaramas narsalarni ushlagan qandaydir janob, o‘sha qo‘llari bilan nonni ezg‘ilab, seni chaqiradi-da tishlaring orasiga shu zo‘ldirni tiqadi. Uning qo‘lini qaytarish beadablik bo‘ladi, yeyishga majbursan; ko‘ngling tortmay, irganib yeysan…

Jin ursin, bu nima o‘zi?! Borib turgan behuda gaplar-ku bu? Go‘yo yozishga arzigulik yaxshiroq biror nima yo‘qdek. Boshqa sahifasini ko‘raylik-chi. Ishga yaroqli biror gap chiqib qolar.

Bizda bo‘ladigan hamma voqealar haqida senga xabar berib turishga jon-dilim bilan tayyorman. Senga Sofi dada deb chaqiradigan bosh janob to‘g‘risida bir nimalarni aytgandim. Bu juda g‘alati odam.

O‘-ho‘, mana, nihoyat, omadi gaplar yuzaga chiqayapti! Ha, bilardim: itlar hamma narsaga siyosiy tomondan qaraydilar. Qani, ko‘raylik-chi: dadasi…

…juda g‘alati odam. U doimo jim yuradi.Juda kam gapiradi; lekin bir hafta oldin o‘ziga-o‘zi:“Olamanmi yoki ololmaymanmi?” deya tinimsiz gapira boshladi. Bir qo‘liga qog‘oz olib yashiradi-da, ikkinchi qo‘lini shundayligicha mushtum qilib: “Olamanmi yoki ololmaymanmi?” deydi. Bir marta u menga ham: “Nima deb o‘ylaysan, Medji? Olamanmi yo ololmaymanmi?” deb so‘radi. Men mutlaqo hech narsani tushunmadim, uning etigini hidlab ko‘rib, bir chekkaga o‘tib ketdim. Keyin bir hafta o‘tgach, ma chere, dadamiz juda xursand qiyofada kirib keldi. Ertalabdan mundir kiygan janoblar uning huzuriga kelib nima bilandir tabriklashdi. Stol atrofida shunaqayam quvnoq qiyofada o‘tirar, latifalar aytib berardiki, uni hech qachon bunday holatda ko‘rmaganman, tushlikdan so‘ng meni bo‘yniga ko‘tardi-da: “Qarab ko‘r-chi, Medji, bu nima ekan?” dedi. Men qandaydir tasmachani ko‘rdim. Uni hidladim, yoqimli birorta hidni mutlaqo sezmadim; nihoyat, sekingina yalab ko‘rdim: biroz sho‘rroq ekan.

Hm! Bu kuchukcha, menimcha, haddidan oshib… ishqilib, kaltak ostida qolib ketmasaydi! Ha! U juda izzattalab ekan! Buni e’tiborga olib qo‘yish kerak.

Xayr, ma chere, men borishim kerak va hokazo… va hokazo. Xatni ertaga tugataman. Voy-bo‘, salom! Mana, yana sen bilan birgaman. Bugun mening bekam, oyimqiz Sofi…

Ha, qani ko‘raylik-chi, Sofi haqida nima demoqchi? O‘h, shaytonvachcha!.. Hechqisi yo‘q, hechqisi yo‘q… davom ettiramiz.

…Oyimqiz Sofi yugur-yugur, to‘s-to‘polondan bo‘shamadi. U bazmga borishga tayyorgarlik ko‘ra boshladi, men suyunib ketdim, chunki u yo‘qligida senga xat yozaman. Bekam kiyinayotganda asabiylashib, jahli chiqib tursa-da, baribir ziyofatga borishdan boshi osmonga yetadi. Ma chere, uning bazmga borishdan g‘oyat mamnun bo‘lishini hech tushunolmayman. Sofi u yerdan ertalabki soat oltida qaytadi, men uning rangpar, oriq ko‘rinishidan u yerda bechoraginaga ovqat berishmaganini doimo bilib turaman. Gapning ochig‘i, men hech qachon bunday yashay olmagan bo‘lardim. Agar menga bulduruqli qayla yoki tovuq qanotidan tayyorlangan qovurdoq berishmasa… bilmadim, ajalimdan besh kun burun o‘lsam kerak. Bo‘tqali qayla ham yomon emas. Sabzi yoki sholg‘om, yo bo‘lmasa poliz ekinlaridan ko‘nglim ketadi.

Haddan ziyod notekis bo‘g‘in. Odam bolasi yozmaganligi shundoqqina ko‘rinib turibdi. Xatni binoyiday boshlaydi-yu, itqarash qilib tugallaydi. Qani, yana bitta xatni ko‘rib chiqaylik-chi. Bunisi juda uzundan uzoq ekan. Hm! Sanasi ham ko‘rsatilmabdi.

Oh, jonginam! Bahor yaqinlashayotgani ancha sezilib qoldi. Yuragim bir nimani kutayotgandek shunaqayam intiqlik bilan uryaptiki, asti qo‘yaver. Qulog‘im ostida bir nima shang‘illaydi, ko‘pincha oyog‘imni ko‘targancha, bir necha daqiqa eshikka quloq tutib turaman. Senga yorilmoqchiman, xushtorlarim juda ko‘p. Ko‘pincha derazaga chiqib, ularni kuzatib o‘tiraman. Eh, agar bilsang, ularning orasida shunaqangi tasqaralari borki, ko‘rsang ko‘ngling ozadi. Beo‘xshov, ajivai-taraqqos bir ko‘ppak haddan tashqari to‘mtoqligi, esi pastligi peshonasiga yozib qo‘yilganiga qaramay, o‘zini bir balo deb o‘ylab, ko‘chadan o‘tib borarkan, butun olamda mendan mashhuri bo‘lmasa kerak, hammaning ikki ko‘zi menda, deb xayol qiladi. Bekorlarni beshtasini yebsan! Men unga hatto e’tibor ham bermadim, o‘zimni ko‘rmaganlikka oldim. Derazam oldiga dahshatli bir dog[7] kelib qaqqayib turishini aytmaysanmi?! Agar u orqa oyoqlari bilan tik tursa – bu qo‘pol, qo‘sqi shuni ham eplashiga ko‘zim yetmaydi – bo‘yi ancha baland, to‘ladan kelgan Sofining dadasidan ham bir kalla baland kelsa kerak. Bu bezbet, to‘nka borib turgan sullohga o‘xshaydi. Men unga bir irillab bergandim, pinagini ham buzmasa-ya! Hech bo‘lmasa burnini jiyirib qo‘ysa ham mayli edi! Tilini osiltirib,quloqlarini lapanglatadi-da, baqraygancha derazadan ko‘z uzmaydi – ana shunaqa, jinniligi miyasiga urib ketgan erkak bu! Ma chere, nahotki sen mening yuragim bularning hammasiga birdek befarq, deb o‘ylasang, – o‘, yo‘q… Qo‘shni hovlining devoridan oshib tushadigan Trezor otli xushtorimni bir ko‘rsang edi. Oh, ma chere, birgina tumshuqchasining sadag‘asi ketsang arziydi!

Tfu, miyangga kuydirgi chiqqur!.. Shunaqayam bemazalik bo‘ladimi?!. Axir qanday qilib xatni bunaqangi ahmoqona gaplar bilan to‘ldirish mumkin, menga odam haqida gapiring! Men odamni ko‘rmoqchiman; menga shunday fikrlar beringki, u qalbimni oziqlantirsin, vujudimga orom bag‘ishlasin; buning o‘rniga qayoqdagi bo‘lar-bo‘lmas gaplar… bir sahifasini o‘tkazib yuboramiz, shunday qilsak yaxshiroq bo‘lar:

…Sofi kursichada o‘tirgancha nimanidir tikish bilan band edi. Men deraza oldida ko‘chaga tikilib o‘tirgandim, o‘tkinchi-yo‘lovchilarni kuzatishni yaxshi ko‘raman. Birdan xizmatkor kirib: “Teplov!” – deb qoldi. “Chaqir,– deya qichqirib yubordi Sofi va yugurib kelib meni quchoqlab oldi. – Oh, Medji, Medji! Agar sen uning kimligini bilsang edi: sochlari qora, kamer-yunker[8], ko‘zlarini aytmaysanmi?! Ko‘zlari qop-qora va olovdek nurli!” – shunday deya Sofi xonasiga yugurib ketdi. Bir daqiqa o‘tgach, qora bakenbardli yosh kamer-yunker kirib keldi, ko‘zguga yaqin kelib, sochlarini to‘g‘riladi va xonani ko‘zdan kechirdi. Men irillab qo‘ydim va joyimga borib o‘tirdim. Sofi tez chiqib keldi va uning oyoqlarini bir-biriga sharaqlatib urib bergan harbiycha salomiga javoban quvonch bilan ta’zim qildi; men bo‘lsam, o‘zimcha, go‘yo hech narsani ko‘rmagandek, derazaga qarab o‘tiraverdim; biroq boshimni xiyol yon tomonga engashtirib, ular nima haqida gaplashayotganini eshitishga harakat qildim. Oh, ma chere! Turgan-bitgani behuda gaplar! Ular bir xonim raqsda qandaydir bir harakat o‘rniga boshqacha harakat qilgani; yana qandaydir Bobovning kiygan liboslari uni laylakka o‘xshatib qo‘ygani hamda u yiqilib tushishiga sal qolgani; allaqanday Lidina ko‘zlari yashil bo‘lsa-da, o‘zicha ularni ko‘k, deya xayol qilishi va shunga o‘xshash narsalar haqida gaplashishdi. “Kamer-yunker bilan Trezorni tenglashtirib bo‘ladimi, – deb o‘yladim men.” Voy, Xudoyim-ey!Bular o‘rtasidagi farqning kattaligini qarang! Birinchidan, kamer-yunkerning yuzlari keng va sip-silliq, atrofini esa xuddi qora ro‘molcha bilan bog‘lab qo‘ygandek bakenbardlari qoplab yotibdi; Trezorning tumshuqchasi esa ingichkagina bo‘lib, peshonasining o‘rtasida oq xoli bor. Trezorning belini kamer-yunkerniki bilan tenglashtirib ham bo‘lmaydi. Uning ko‘zlari, o‘zini tutishi, epchilligi mutlaqo o‘zgacha! O‘, bularning o‘rtasida osmon bilan yercha farq bor! Bilmadim, ma chere, u o‘zining Teplovida nima topdi ekan. O‘shani deb bunchalar es-hushini yo‘qotmasa…

Mening o‘zimga esa, bu yerda bir nima bordek tuyulyapti. Kamer-yunker uni bu qadar maftun qilishi mumkin emas. Bu yog‘ini ko‘raylik-chi:

Menimcha, agar kamer-yunker unga yoqqan bo‘lsa, unda, hademay, dadamiz xonasida o‘tiradigan amaldor ham yoqib qoladi. Oh, ma chere, uning qanaqangi tasqaraligini bilsayding. Toshini tashlab qochgan toshbaqaga o‘xshaydi…

Bu qaysi amaldor bo‘ldi ekan?

Familiyasi ham alomat. U doimo xonada o‘tirgancha patqalamlarning uchini chiqaradi. Boshidagi sochlari xuddi xashakka o‘xshaydi. Dadamiz uni xizmatkor o‘rnida har xil ishlarga…

Menimcha, bu qabih kuchukcha meni mo‘ljalga olayotganga o‘xshaydi. Nega endi sochlarim xashakka o‘xsharkan?

Sofi uni ko‘rganda o‘zini sirayam kulgidan tiyolmaydi.

Yolg‘on gapiryapsan, la’nati kuchukcha! Tiling kesilsin! Bu hasadgo‘ylarning ishi ekanini go‘yo men bilmaydigandek. Go‘yoki men bu gaplarning tagida kimning g‘ayirligi yotganini sezmaydigandek. Bularning hammasi bo‘lim boshlig‘ining kirdikorlari. Axir u nafrat bilan ont ichgan emasmi – mana endi zarar ketidan zarar yetkazmoqda, har qadamda ziyon-zahmat keltirishni o‘ylaydi. Lekin, mayli, yana bitta xatni ko‘rib chiqamiz. Balki unda hamma ishlar o‘z-o‘zidan oshkor bo‘lar.

Ma chere, Fidel, ko‘pdan beri xat yozmaganim uchun kechir. Men huzur og‘ushida edim. Qaysidir yozuvchi,muhabbat bu – ikkinchi hayotdir, deya asl haqiqatni aytgan ekan. Buning ustiga uyimizda katta o‘zgarishlar sodir bo‘ldi. Kamer-yunker endi har kuni uyimizda hoziru nozir. Sofi uni aqldan ozish darajasida sevib qolgan. Dadamiz judayam xursand. Yer supurib,doimo o‘ziga-o‘zi gapirib yuradigan Grigoriydan eshitishimcha, hatto yaqinda to‘y bo‘lar emish; negaki, dadamiz Sofini, albatta, yo generalga yoki kamer-yunkerga, yo bo‘lmasa harbiy polkovnikka uzatmoqchi…

Jin ursin! Bo‘ldi, boshqa o‘qiyolmayman… Yetar, yo kamer-yunker, yo general. Dunyoda bor hamma yaxshi narsalar kamer-yunkerga yoki generalga buyurarkan. Bir bechora bironta boylik topib, endi qo‘lga kiritay deganida, kamer-yunker yo general tortib olarkan. Hammasi daf bo‘lsin! Qani endi men ham general bo‘lsaydim: uning qiziga erishish yoxud boshqa bir maqsadda emas, yo‘q, men faqat ular atrofimda girdikapalak bo‘lishlarini, mana shunaqa o‘zaro har xil qiliqlari, shamayu qochirimlarini bir ko‘rib, keyin har ikkingizga ham tupuraman, deyish uchun general bo‘lishni xohlardim. Yo‘qolsin hammasi! Odamga alam qilarkan! Ahmoq kuchukchaning xatlarini yirtib, parcha-parcha qilib tashladim.

3 dekabr

Bo‘lishi mumkin emas. Bularning hammasi uydirma gaplar! Hech qanaqa to‘y bo‘lmaydi! Kamer-yunker bo‘lsa nima bo‘pti! Axir bu unvondan bo‘lak hech narsa emas-ku; u ko‘zga ko‘rinadigan narsa emaski, bundoq qo‘l bilan ushlab ko‘rsang. Axir kamer-yunker bo‘lsang, peshonangda uchinchi ko‘z paydo bo‘lmaydi-ku. Axir uning burni meniki va boshqalarniki kabi tilladan yasalgan emas-ku; shu burni bilan hidlaydi, ovqat yemaydi-ku, aksiradi, yo‘talmaydi-ku! Men bir necha marotaba ana shu har xillik qayerdan paydo bo‘lishining tagiga yetmoqchi bo‘ldim. Nega men titulyar maslahatchiman[9] va qanday qilib titulyar maslahatchi bo‘lib qolganman? Balki men qandaydir graf yoki generaldirman-u, o‘zimga titulyar maslahatchidek tuyulayotgandir. Balki kimligimni o‘zim ham bilmasman. Odam o‘zi qandaydir oddiy, oqsuyaklik u yoqda tursin, anchayin bir mayda savdogar yoki dehqon bo‘la turib, tagini surishtirsangiz boy-to‘ralar naslu nasabidan, ba’zida esa shohlar rutbasidan ekanligi ma’lum bo‘ladi, axir tarixda bunga misollar ko‘p-ku. Ba’zida oddiy omi dehqondan shunaqasi chiqib tursa, aslzodadan nima chiqishi mumkin? Masalan, men birdan generallik mundirida kirib borsam: o‘ng yelkamda epolet, chap yelkamda ham epolet, yelkamdan zangori tasma o‘tkazilgan bo‘lsa nima qiladi? U holda mening go‘zalim qanday sayrab qolarkin? Dadasi, bizning direktorimiz nima degan bo‘lardi? O‘, u o‘taketgan shuhratparast odam! U mason[10], albatta, mason, goh unday, gohida bunday ko‘rinib, o‘zini go‘llikka solib yursa-da, aslida uning masonligini darhol payqaganman: agar u birovga qo‘l uzatsa ham, faqat ikkita barmog‘ini beradi. Nahotki, meni hozirning o‘zidayoq general-gubernator yoxud intendant, yo bo‘lmasa, bor ana, boshqa birontasi qabul qilmasa? Men nima uchun titulyar maslahatchi ekanimni bilishni xohlardim. Nega aynan titulyar maslahatchiman?

5 dekabr

Men bugun ertalabdan gazeta o‘qishga kirishdim. Ispaniyada g‘alati ishlar bo‘lyapti. Men hatto bu ishlarni yaxshi anglay olmadim. Taxt bekor qilingani hamda mansabdorlar merosxo‘r tayinlashda mushkul ahvolda qolganliklari va shundan noroziliklar kelib chiqayotgani haqida yozishibdi. Bu menga favqulodda g‘alati bo‘lib tuyuldi. Qanday qilib taxt bekor qilinishi mumkin? Aytishlaricha, qandaydir ayol taxtga o‘tirishi kerak ekan. Ayol taxtga o‘tirolmaydi. Hech qanaqasiga o‘tirolmaydi.Taxtda faqat qirol bo‘lishi mumkin. Ha, aytishlaricha, qirol yo‘q emish – qirol yo‘q bo‘lishi mumkin emas. Davlat qirolsiz bo‘lmaydi. Qirol bor, faqat uning qayerdaligi noma’lum. U balki o‘sha yerning o‘zida bo‘lishi mumkin, biroq qandaydir oilaviy sabablar yoki qo‘shni davlatlar: Frantsiya va boshqa yerlar xavf solib turgani uchun uni yashirinishga majbur qilishmoqda yoki yana qanaqadir boshqa sabablari bordir.

8 dekabr

Men departamentga boraman deb astoydil otlangandim, turli sabab va mulohazalar yo‘limni to‘sdi. Ispaniyadagi voqealarni hech kallamdan chiqarolmadim. Ayol kishi qanday qilib qirolicha bo‘lishi mumkin? Bunga yo‘l qo‘yishmaydi. Avvalo, birinchidan, Angliya yo‘l qo‘ymaydi. Buning ustiga bu ish butun Yevropaning siyosiy hayotiga taalluqli: Avstriya imperatori, bizning shohimiz… Tan olaman, bu voqealar menga shu qadar qattiq ta’sir qildi va larzaga soldiki, butun kun bo‘yi qo‘lim hech ishga bormadi. Ovqatlanayotganimda Mavra meni “judayam parishonsiz, es-hushingiz joyida emas”, deya ogohlantirdi. To‘g‘ri, nazarimda, men xayolparishonlik qilib, ikkita likopchani polga tashladim, ular shu zahotiyoq sinib, chil-chil bo‘ldi. Tushlikdan so‘ng tog‘[11] tagiga bordim. Hech qanaqa ibratli narsa ko‘rmadim. Ko‘proq karavotda yotib, Ispaniyada bo‘layotgan voqealar haqida mulohaza yuritdim.

2000 yil sana 43 aprel

Bugungi kun – ulug‘vor tantana kuni. Ispaniyada qirol bor. U topildi. O‘sha qirol menman. O‘zim ham buni aynan shu bugun bildim. Gapning ochig‘i, birdan ko‘nglim go‘yo yashindek yorishib ketdi. Qanday qilib men o‘zimni titulyar maslahatchi deya o‘ylaganimni va tasavvur qilib yurganimni hech tushunolmayman. Bu ahmoqona fikr qanday qilib miyamga o‘rnashib qoldi ekan? Yaxshiki, o‘sha paytlarda meni jinnixonaga tiqib yuborish fikri hech kimning xayoliga kelmabdi. Endi to‘rt tomonim qibla. Endi hamma narsani xuddi kaftdagidek ko‘rib turibman. Avval esa, tushunolmayman, avvallari qarshimdagi jamiki narsani qanaqadir tuman qoplagandek edi. Bularning hammasi, o‘ylashimcha, odamlar miya bosh qobig‘ida deb tasavvur qilishidan kelib chiqmoqda; yo‘q, mutlaqo unday emas: u Kaspiy dengizi tomonidan shamol orqali yetib keladi. Oldin men Mavraga kim ekanimni aytdim. U qarshisida ispan qiroli turganini eshitgach, qo‘llarini silkib-silkib, chapak chala boshladi va qo‘rquvdan jon taslim qilishiga sal qoldi. Bu ahmoq xotin hech qachon ispan qirolini ko‘rmagan-da. Biroq men uni tinchlantirishga harakat qildim va muloyim gaplar bilan yaxshi niyatda ekanligimga hamda u ba’zida etigimni yaxshilab tozalamagani uchun hecham jahlim chiqmayotganligiga ishontirmoqchi bo‘ldim. Axir bu qora xalq-da. Bularga osmondagi gaplarni gapirib bo‘ladimi? U Ispaniyaning hamma qirollari Filipp II[12] ga o‘xshaydi, degan ishonch bilan yurgani uchun qo‘rqib ketdi. Lekin unga Filipp bilan o‘rtamizda hech qanaqa o‘xshashlik yo‘qligini hamda hech qanday kaputsin[13] emasligimni tushuntirdim… Departamentga bormadim… Sadqai sar! Yo‘q, og‘aynilar, endi meni ayyorlik bilan chaqirib ololmaysizlar: men endi sariq chaqaga qimmat qog‘ozlaringizni qayta ko‘chirib o‘tirmayman!

86 martobr

Kun bilan tun o‘rtasida

Bugun ishga chiqmay qo‘yganimga uch haftadan oshgani, departamentga borishim lozimligini aytish uchun ekzekutorimiz[14] keldi. Men shunchaki, o‘yin qilish uchun departamentga bordim. Bo‘lim boshlig‘i ta’zim qilib, uzr so‘rashga tushadi, deb o‘ylagan, ammo men unga u qadar jahl qilmadim, haddan ortiq iltifot ham ko‘rsatmadim, hech kim bilan ishi yo‘q kishidek joyimga borib o‘tirdim. Idoradagi hamma tagi pastlarga tikilgancha: “Agar oralaringda kim o‘tirganini bilsalaring nima bo‘ladi… Xudo haqi! Qanaqa shovqin-suron ko‘targan bo‘lardilaring, bo‘lim boshlig‘ining o‘zi direktorga qanday ta’zim qilsa, mening oldimda ham boshi yerga tekkuncha egilardi”, – deb o‘yladim. Oldimga ko‘rib chiqib, xulosa qilishim uchun qandaydir qog‘ozlarni keltirib qo‘yishdi. Biroq men ularga qo‘limning uchini ham tekkizganim yo‘q. Bir necha daqiqadan so‘ng hamma sarosimaga tushib qoldi. Direktor kelayotganini aytishdi. Amaldorlarning ko‘pchiligi o‘zini ko‘rsatish uchun tanaffus qilishga yugurib qoldi. Lekin men qimir etmay joyimda o‘tiraverdim! U bizning bo‘limimizdan o‘tayotganda hamma fraklarining tugmasini taqishga tushdi: men esa joyimdan jilganim yo‘q! Direktor bo‘lsa o‘ziga! Nega uning qarshisida o‘rnimdan turishim kerak ekan – hech qachon! Shuyam direktor bo‘ptimi? U direktormi, shisha idishning tiqinidan bo‘lak boshqa narsa emas. Oddiy tiqin, almisoqdan qolgan tiqin – boshqa narsamas. Shisha idishni ochganda chiqadigan tiqin. Menga qo‘l qo‘yish uchun qog‘oz berishgani hammasidan qiziq bo‘ldi. Ular qog‘ozning burchagiga bo‘lim boshlig‘i falonchi, deb yozib qo‘yishimni kutishgan. Bekorginani aytibsiz! Men qog‘ozning departament direktori imzo qo‘yadigan eng muhim joyiga “Ferdinand VIII” deb yozib qo‘ydim. Qanaqangi e’zozli, izzat-ikromga to‘la sukunat hukm surganini bir ko‘rsangiz edi; lekin men qo‘limni siltab: “Hech qanday itoatkorona harakatlarning hojati yo‘q!” – dedim-da, chiqib ketdim. U yerdan to‘g‘ri direktorning uyiga yo‘l oldim. U uyda yo‘q edi. Malay meni kirgani qo‘ymadi, biroq uning kiftiga shunaqangi gaplarni qo‘ndirdimki, nima qilishini bilmay, dovdirab qoldi. To‘ppa-to‘g‘ri pardoz-andoz xonasiga kirib bordim. U ko‘zgu qarshisida o‘tirgan ekan, sakrab o‘rnidan turdi-da, mendan chetlana boshladi. Biroq men unga ispan qiroli ekanimni aytmadim. Faqat uni tasavvurga sig‘maydigan baxt kutayotganini, dushmanlar makru hiylalariga qaramay biz birga bo‘lishimizni aytdim. Bundan ortiq gapirishni xohlamadim va chiqib ketdim. O‘, ayol – naqadar makrli zot! Ayol nima ekanining tagiga endi yetdim. Shu choqqacha u kimni sevib yurganini hech kim bilmaydi: buni men birinchi bo‘lib kashf etdim. Ayol shaytonni sevib qoldi. Ha, hazillashayotganim yo‘q. Fiziklar u unaqa-bunaqa, deb ahmoqona gaplarni yozishadi – u faqat shaytonni sevadi. Ana, ko‘ryapsizmi, u birinchi yarusning lojasidan lorneti bilan o‘lja qidiryapti. U yulduzli semiz kishiga qarayapti, deb o‘ylaysizmi? Mutlaqo unday emas, u o‘sha kishining ortida turgan shaytonga qarayapti. Ana, shayton o‘sha kishining frakiga yashirinib oldi. Ana, u o‘sha yerdan uni imlab chaqiryapti! U o‘shanga turmushga chiqadi. Ha, turmushga chiqadi. Hammasi – ularning amaldor otalari doimo xushomadgo‘ylik qilib, saroyga tiqilib kirish yo‘llarini axtaradi va o‘zlarini vatanparvarman, undayman, bundayman deyishadi! Pul, boylik, mol-mulk orttirish yo‘llarini izlaydi, bu vatanparvarlar! Onasini, otasini, Xudosini pulga sotadi, shuhratparastlar, Xudoni sotuvchi savdogarlar! Boshdan oxir shuhratparastlik, tilning tagida kichkina pufakcha yashirin, pufakchada esa kichkina, kattaligi to‘g‘nog‘ichning boshidek keladigan chuvalchang borligidan kelib chiqayotgan shuhratparastlik, bularning hammasini Goroxovaya ko‘chasida yashaydigan sartarosh qilyapti. Uning ismini eslay olmayman; biroq, shu narsa shubhasiz ma’lumki, u bir doya kampir bilan butun dunyoga islom dinini yoymoqchi, aytishlariga qaraganda, Frantsiya xalqining ko‘pchiligi shuning uchun ham Muhammad payg‘ambarni tan oladi.

Qaysidir sana

Kunning sanasi yo‘q edi

Neva shohko‘chasini maxfiy qiyofada kezib yurdim. Shohimiz imperator o‘tib borardi. Butun shaharliklar va ular qatori men ham telpagimni yechdim; biroq ispan qiroli ekanimni bildirmadim. Kimligimni shu yerda, hammaning oldida bildirish odobdan emas, avvalo saroy ahliga o‘zimni tanitishim lozim. Hanuzgacha qirollik liboslarim yo‘qligi yo‘limga g‘ov bo‘lib turibdi. Hech bo‘lmasa qandaydir rido topsam edi. Tikuvchilarga buyurtma beray desam, bular borib turgan eshakning o‘zginasi, buning ustiga doim ishni pala-partish, chalakam-chatti qilishadi, aldam-qaldamga mukkasidan ketgan, ko‘cha-ko‘yda tosh terishdan boshqa narsaga yaramaydi. Men ridoni bor-yo‘g‘i ikki martagina kiyganim yangi vitsmundirim[15]dan tikishga qaror qildim. Biroq bu ablahlar buzib qo‘yishi mumkinligini hisobga olib, hech kim ko‘rmasligi uchun eshikni yaxshilab yopib, o‘zim tikishga ahd qildim. Men uni qaychi bilan boshdan-oyoq qirqib chiqdim, axir bichimi boshqacha bo‘lishi kerak.

Sanani eslolmayman. Oyi ham yo‘q edi.

Jin ursin! Bu nima o‘zi?

Rido tikildi va kiyish uchun mutlaqo tayyor holga keltirildi. Uni kiyganimda Mavra qichqirib yubordi. Ammo o‘zimni saroy ahliga tanitish xususida hali bir qarorga kelganim yo‘q. Ispaniyadan hali-hanuz deputatlar kelgani yo‘q. Deputatlarsiz borish odobdan emas. Qadr-qimmatimning hech qanday salmog‘i bo‘lmaydi. Ularning kelishini soatma-soat kutyapman.

1-sana

Deputatlarning haddan tashqari sustkashligi meni hayratga solmoqda. Qanday sabablar ularning yo‘lida to‘siq bo‘lishi mumkin? Nahotki Frantsiya bo‘lsa? Ha, bu eng bo‘lmag‘ur davlat. Ispan deputatlari kelishdimikan, deya surishtirish uchun pochtaga bordim. Biroq pochta mudiri hech narsani bilmaydigan, g‘irt miyasi yo‘q kishi ekan: yo‘q, bu yerda hech qanaqa deputatlar yo‘q, deydi; agar xat yozmoqchi bo‘lsangiz, biz uni o‘rnatilgan tartibda qabul qilib olamiz, emish! Jin ursin! Xat degani nimasi? Xat – bu behuda, bo‘lmag‘ur narsa. Xatni dorixonada ishlaydiganlar yozadi.

Madrid.O‘ttizinchi fevruariy.

Shunday qilib, men Ispaniyadaman, bu voqea shu qadar tez sodir bo‘ldiki, ko‘z ochib-yumishga ham ulgurmadim. Bugun ertalab, oldimga ispan deputatlari kelishdi va men ular bilan birga izvoshga o‘tirdim. Bunaqangi g‘ayrioddiy tezkorlik menga qiziq tuyuldi. Biz shunaqangi jadal yurdikki, yarim soat ichida ispan chegarasiga yetib keldik. Qolaversa, hozir butun Yevropada yo‘llar cho‘yandan qilingan, paroxodlar ham nihoyatda tez yuradi. Ispaniya g‘aroyib davlat ekan: biz birinchi xonaga kirganimizda, men ko‘plab taqirbosh odamlarni ko‘rdim. Biroq darrov fahmladim, bular yo grandlar[16] yoki askarlar bo‘lishi kerak, chunki ular boshlarini qirtishlamoqda edi. Qo‘limdan ushlab, yetaklab yurgan davlat kantslerining muomalasi menga juda g‘alati ko‘rindi; u meni chog‘roq xonaga itarib kirgizdi-da: “Shu yerda o‘tir, agar o‘zingni qirol Ferdinand deb ataydigan bo‘lsang, bu xohishingni o‘zim yo‘q qilib tashlayman”, dedi. Ammo men bu vasvasaga solib yo‘ldan ozdirishdan boshqa narsa emasligini bilganim uchun rad javobini berdim – kantsler tayoq bilan belimga ikki marta shunaqangi qattiq urdiki, og‘riqdan qichqirib yuborishimga sal qoldi, biroq bu yuqori lavozimga kirishishdan oldin bo‘ladigan ritsarlar taomili ekanini eslab, o‘zimni bosdim, chunki Ispaniyada hozirgacha ritsarlik urf-odatlariga amal qilinadi. Bir o‘zim qolgach, davlat ishlari bilan shug‘ullanishga kirishdim. Men Xitoy bilan Ispaniya bitta davlat ekanini kashf etdim, faqat nodonlik tufayli ularni boshqa-boshqa mamlakat deya hisoblashadi. Men hammaga qog‘oz olib, unga atayin Ispaniya deb yozishlarini maslahat beraman, qarabsizki, Xitoy o‘z-o‘zidan kelib chiqadi. Ammo ertaga bo‘ladigan hodisalar nihoyatda dilimni siyoh qilmoqda. Ertaga soat yettida g‘aroyib voqea ro‘y beradi: yer oyga o‘tiradi. Bu haqda mashhur ingliz kimyogari Vellington ham yozmoqda. Oyning nihoyatda nafisligi va mo‘rtligini ko‘z oldimga keltirib, yuragimni tahlika bosganini tan olaman. Axir oyni odatda Gamburgda yasashadi: yasashganda ham juda yomon yasashadi. Angliya nega bunga e’tibor bermaydi, deb hayron bo‘laman. Uni cho‘loq bochkasoz yasaydi, bu ahmoqning oy haqida hech qanday tushunchasi yo‘qligi ko‘rinib turibdi. U oyni yog‘och moy bilan qatronli yo‘g‘on chirkay arqondan yasabdi; ana shundan butun yer yuzini qo‘lansa hid bosib ketgan, odamlar burunlarini berkitib yurishga majbur. Shundan bizning oymomamiz – ajoyib nafis shar bo‘lishiga qaramay, unda odamlar yasholmaydi, endi u yerda faqat burunlar yashaydi. Aynan ana shu sabablarga ko‘ra biz burnimizni ko‘rolmaymiz, negaki, ular oyni o‘zlariga makon qilib olishgan. Yer juda og‘ir narsa ekanini, agar u oyga o‘tirsa, bizning burunlarimizni yanchib, injirig‘ini chiqarib yuborishi mumkinligini anglab yetganimdan keyin meni shunaqayam vahima va xavotir bosdiki, paypog‘im hamda boshmoqlarimni kiyib, politsiyaga yerning oyga o‘tirishiga yo‘l qo‘ymaslik haqida buyruq berish uchun davlat kengashi zaliga yugurdim. Bu yerda bir dunyo boshlari qirtishlangan grandlarga ro‘para keldim, ular juda ham aqlli xalq ekan: “Janoblar, oyni qutqarishimiz kerak, yer unga o‘tirmoqchi” deganimda hammalari mening monarxlik xohishimni bajarish uchun yugurib ketishdi, ularning ko‘pchiligi oyni olish uchun devorga tirmashib chiqa boshlashdi; biroq ayni shu damda buyuk kantsler kirib qoldi. Uni ko‘rib hamma qochib ketdi. Men, qirol sifatida, bir o‘zim qoldim. Lekin meni hayron qoldirgani shuki, kantsler meni tayoq bilan urib, xonamga haydab yubordi. Ispaniyada ana shunday xalq urf-odatlari hukm suradi!

Fevraldan keyin kelgan

yilning yanvar oyi

Ispaniya davlatining qanaqaligini hanuzgacha tushunolmayapman. Xalq urf-odatlari va saroy axloq-odob qoidalari mutlaqo g‘ayrioddiy. Tushunmayman, tushunmayman, mutlaqo hech narsani tushunolmayman. Bugun monax bo‘lishni xohlamasligimni aytib, qanchalar baqir-chaqir qilganimga qaramay, sochimni qirib tashlashdi. Lekin boshimga sovuq suv tomizishni boshlagunlaricha menga nima bo‘lganini eslolmayman. Bunaqa jahannam azobini hech his qilmagandim. Quturib ketishim tayin edi, biroq meni zo‘r-bazo‘r ushlab qolishdi. Men bu g‘alati odatning nima ahamiyati borligini sirayam tushunmayman. G‘irt ahmoqona, bema’ni odat! Bu odatni hanuzgacha yo‘q qilib yubormayotgan qirollarning ahmoqligiga aqlim bovar qilmaydi. Barcha ehtimollarga ko‘ra sezib turibman: inkvizitsiya qo‘liga tushib qolmadimmikan, men kantsler deb o‘ylaganim buyuk inkvizitorning o‘zginasi emasmikan? Faqat bir narsaning tagiga yetolmayapman, qanday qilib qirol inkvizitsiyaga duchor bo‘lishi mumkin. To‘g‘ri, bu ishga Frantsiya va ayniqsa, Poliniyak[17] bosh qo‘shgan. O‘, makkor Poliniyak! O‘la-o‘lguncha menga qasd qilishga ont ichgan. Mana endi meni azob ustiga azob yuborib qiynamoqda; ammo bilaman, oshnam, ingliz seni burningdan ip o‘tkazib olgan. Ingliz katta siyosatchi. U hamma yerda hiyla-nayrang ishlatadi. Angliya tamaki hidlasa, Frantsiya aksirishini butun dunyo biladi.

25-sana

Bugun buyuk inkvizitor xonamga keldi, biroq men uzoqdan uning oyoq tovushlarini eshitib, stul tagiga yashirinib oldim. U yo‘qligimni ko‘rib, meni chaqira boshladi. Avval “Poprishin!” deb qichqirdi, – men churq etganim yo‘q. Keyin “Aksentiy Ivanov! Titulyar maslahatchi! Zodagon!”, – deb chaqirdi. Men jim turaverdim. “Ferdinand VIII, ispan qiroli!” – deganda stul tagidan boshimni chiqarmoqchi bo‘ldimu keyin o‘ylab qoldim: “Yo‘q, og‘ayni, aldayolmaysan! Seni bilamiz: yana boshimdan sovuq suv quyasan”. Biroq u meni ko‘rib qoldi va tayog‘i bilan urib, stul tagidan haydab chiqardi. La’nati tayog‘i juda qattiq tegadi, og‘rig‘iga sira chidab bo‘lmaydi. Lekin shu azoblar evaziga hozirgi kashfiyotim yaxshi tuhfa bo‘ldi: men har qanday xo‘rozning Ispaniyasi borligini va u xo‘rozning patlari ostida ekanini bilib oldim. Ammo buyuk inkvizitor qandaydir jazo bilan qo‘rqitmoqchi bo‘lib, oldimdan darg‘azab holda chiqib ketdi. Inglizning quroli sifatida xuddi mashinadek ishlayotganini bilganim uchun uning bu zaif qahrini nazar-pisand qilmadim.

Sa 34 na Oy ily

349 fevral

Yo‘q, chidashga ortiq toqatim qolmadi. Ey, Xudoyim! Ular meni nima qilmoqchi?! Boshimdan sovuq suv quyishadi! Ular meni ko‘rmaydi, tushunmaydi, gaplarimga quloq solmaydi. Ularga nima yomonlik qildim? Nega meni qiynashadi? Ular men bechoradan nima istaydi? Men ularga nima bera olaman? Mening hech narsam yo‘q. Sillam quridi, kuchim yo‘q, bu azob-uqubatlarni ko‘tarolmayman, boshim lovullab yonyapti, ko‘z oldimda hamma narsa halqa-halqa bo‘lib aylanyapti. Yordam bering menga! Meni qutqaring! Olib keting meni bu yerdan! Menga shamoldek uchqur uch otli izvosh bering! Aravakashim, o‘tir, qo‘ng‘iroqcham, jiringla, tulporlarim, shamoldek yeling va meni bu dunyodan olib keting! Uzoqqa, uzoq-uzoqlarga, hech narsa, hech narsa ko‘rinmaydigan tomonlarga. Ana, osmonda pag‘a-pag‘a bulutlar suzib yuribdi; huv olisda bir yulduzcha charaqlab turibdi; qoramtir daraxtlari va oymomo bilan o‘rmon o‘tib bormoqda; yer bag‘irlab, oyoqlarim ostini ko‘kimtir tuman qoplamoqda; tuman qo‘ynida qandaydir soz ohanglari quloqqa chalinadi; bir tomonda dengiz, ikkinchi tomonda Italiya; ana, rus yog‘och uylari ko‘zga tashlanib qoldi. Huv, olisdagi ko‘kimtir uy meniki emasmikan? Deraza oldida o‘tirgan onamdir balki? Onajon, bechora o‘g‘lingni qutqar! Bir tomchi ko‘z yoshing xasta boshiga davo emasmi? Ko‘z yoshingni ayama! Qara, ular pajmurda jigargo‘shangga qanchalar azob berishmoqda! Bag‘ri qon yetimchangni issiq bag‘ringga ol, onajon! Unga bu yorug‘ olamda joy yo‘q! Ular meni quvg‘in qilishmoqchi!Onajonim! Xastadil, bemor o‘g‘lingga rahm qil!..Ha, aytgandek, Jazoir Beyining[18] naq burni tagida g‘urrasi borligini bilasizmi?

_______________________

[1] “Severnaya pchela” – 1838–1866 yillarda Rossiyada nashr etilgan gazeta.
[2] Bu she’r muallifi – N.P.Nikolayev.
[3] Peterburglik tikuvchilar tikkan frak (tarj.).
[4] Chor Rossiyasida fuqorolik xizmatidagi eng quyi mansab (tarj.).
[5] Vodevil – bir-ikki pardali kichik komediya (tarj.).

[6] Qadrdonim (frants.).
[7] Dog – it, ko‘ppak (ing.).
[8] Kamer-yunker – saroydagi quyi unvon (tarj.).
[9] Titulyar maslahatchi – saroyda to‘qqizinchi darajadagi maslahatchi (tarj.).
[10] XVIII asrda paydo bo‘lgan diniy-falsafiy oqim; uning tarafdorlari axloqni kamolotga yetkazish vazifasini qo‘ygan; lekin siyosatda inqilobiy yo‘l tutgan. Mason – ana shu oqim vakili.

[11] Ya’ni Admiralteystvo yaqinidagi muz tepaga chang‘i, konki uchishlarini tomosha qilishga borish.
[12] Ispaniya qiroli Filipp II davrida (1527–1598) 1556 yildan boshlab katolik jaholatparastligi ortib, inkvizitsiya zo‘ravonliklari haddan oshib ketgandi.
[13] Kaputsin – tarki dunyo qilgan katolik monaxlari ordenining a’zosi (tarj.).
[14] Ekzekutor – chor Rossiyasida idora va muassasalarning xo‘jalik ishlarini boshqaruvchi amaldor (tarj).

[15] Vitsmundir – chor Rossiyasida amaldorlarning rasmiy kiyimi (tarj.).
[16] Grand – ispan saroy amaldori.
[17] Jyul Polinyak (1780–1847) frantsuz inqilobchisi, 1829–1830 yillarda vazirlar kengashiga rahbarlik qilgan.
[18] Bey – Jazoirda 1711 –1830 yillarda amalda bo‘lgan umrbod hukmdorlik qilish unvoni.

Rus tilidan Farhod Fayziyev tarjimasi
Manba: «Jahon adabiyoti», 2014 yil, 10-son


032

(Tashriflar: umumiy 839, bugungi 1)

Izoh qoldiring