Nikolay Gogol. Dikanka qishlog’i oqshomlari. Ostiga chizilgan parchalar

003     Эътиборингизга ҳавола қилинаётган парчалар Гоголнинг “Диканька қишлоғи оқшомлари” номли асаридан олинган. Қаламкаш зоти борки, янги услуб, йўналиш яратишга ҳаракат қилади, бошқаларникига ўхшамаган, фақат ўзига хос йўлда қалам тебратиш кўйида тинмай изланади, ўқийди, тажриба тўплайди. Гоголь адабиётда янги йўналиш, ўзига хос услуб очган адиб. Унинг яна бир ютуғи ва бахти, у қаҳрамонларини, сюжетни узоқдан изламади, инсон зотига мутлақо мавҳум “мавзу”ларга назар солмади, ўзи кўрган-билган одамларни, қаҳрамонларни, характерларни яратди.

ДИКАНЬКА ҚИШЛОҒИ ЛАТИФАЛАРИ
Н. Гоголнинг “Диканька қишлоғи оқшомлари”
асаридан тагига чизилган сатрлар
Бекзод Ўктам тайёрлаган
054

09Ҳар гал икир-чикирлардан бўғилиб кетганимда, Гоголнинг бирорта китобини қўлга оламан, бирор ярим-бир саҳифа ўқиганимдан сўнг ўша хижиллик ўз-ўзидан арий бошлайди. “Ўлик жонлар”даги бақувват образлар, характерлар, ғаройиб воқеалар, “Ревизор”даги тасвирлар, “қисман “и”га, қисман “е”га ўхшаш товушлар”, киноя, пичинг, кесатиқ ва сўзларнинг эркин ҳаракати мени завққа тўлдиради, беғубор ҳажвга, кулгига ошно қилади.

Гоголь барча асарларида табиат тасвирларини катта маҳорат билан чизади. Минг йиллардан буён ўз жойида қимирламай турган тепани тасвирларкан, ажиб мусиқадан сармаст бўлиб ётибди, дейди. “Осмонда пириллаб учиб юрган зумуррад, забаржад ва ёқут капалагу капалакчалар сарвқад кунгабоқарлардан чамандек очилиб турган экинзор ерларга ёғилмоқдалар. Далаларда босилиб қўйилган пичанлар, ғарам-ғарам сап-сариқ буғдойлар қатор-қатор келаётган охири кўринмаган карвонга ўхшайди… Осмон, унинг ойнадек равшан юзи, кўм-кўк чор-чўп ичига олиниб, ҳиммат билан баланд кўтарилган дарёдир…”

Бу жумлалар қуйида эътиборингизга парчалари ҳавола қилинаётган, Гоголнинг “Диканька қишлоғи оқшомлари” номли асаридан олинган (Асарни тўлиқ ҳолда саҳифа охирида ўқишингиз мумкин). Қаламкаш зоти борки, янги услуб, йўналиш яратишга ҳаракат қилади, бошқаларникига ўхшамаган, фақат ўзига хос йўлда қалам тебратиш кўйида тинмай изланади, ўқийди, тажриба тўплайди. Гоголь адабиётда янги йўналиш, ўзига хос услуб очган адиб. Унинг яна бир ютуғи ва бахти, у қаҳрамонларини, сюжетни узоқдан изламади, инсон зотига мутлақо мавҳум “мавзу”ларга назар солмади, ўзи кўрган-билган одамларни, қаҳрамонларни, характерларни яратди. Характерларки, уларда қувлик, шумлик, киноя ва ҳажв яққол кўзга ташланиб туради. Агар оддий қишлоқ одамларининг тутуми, бир-бирига ҳазили, сўз қўллаши, анойилиги-ю тўпорилигини зимдан кузатсангиз, Гоголь қаҳрамонлари орамизда яшаётган, сизу биз билан бир ҳаводан нафас олаётган кишилардан у қадар узоқ эмаслигини англайсиз.

009

“Диканька қишлоғининг оқшоми”, дегани нимаси? Қаёқдаги бир асаларичидан чиққан гап-да! Худоё тавба! Шунча ғознинг пати юлиниб қалам бўлса ҳам, шунча латта қоғозга кетса ҳам камлик қилибдир! Қўли сиёҳга бўялган ҳар хил қаланғи-қасанғилар каммиди! Энди асаларичи ҳам уларга таассуб қилибди-да! Босмахонада чоп бўлиб чиққан қоғоз шундақа сероб бўлиб кетдики, одам нима ўрашни билмай қолди”.

* * *

Бизнинг касаваларимиз ҳам ариларини ертўлага қамайдилар; осмонда турна, нок дарахтида нок қолмаган вақтда қоронғу тушар-тушмас кўчанинг ҳов бир ёғида чироқ милтиллаб ёндими – ўйин-кулги, қўшиқ эшитаберасиз; балалайка, гоҳда скрипка овози ҳам чиқиб қолади, шўхлик бошланади… Оқшом ўйинлари деганимиз шу. Бизнинг бу оқшомларимиз сизнинг балга ўхшайди. Аммо баайни ўзи, деб бўлмайди. Сиз ўйин тушмоқ ва қўлингизни оғзингизга тутиб эснамоқ учун борасиз…

* * *

…бир мактаббаччани дьякон лотинча гапга шундай уста қилибдики, бола ҳатто ўз тилимизни унутиб, нима гапирса “ус” қўшиб сўзлайдиган бўлибди: куракни куракус, хотинни хотинус дейдиган бўлибди. Бир кун отаси билан далага чиқиб, бу ерда хаскашни кўриб отасидан: “Дада, сизларнинг тилингизда буни нима дейсизлар?” деб сўрамоқчи бўлиб хаскашнинг мих томонини оёғи билан босган экан, отаси жавоб бергунча ҳам бўлмай, хаскашнинг оёғи кўтарилиб ағрайиб турган боланинг пешанасига теккан экан, бола пешанасини ушлаганича бир газ нарига қочиб “Ҳа, занғар хаскаш! Оти нима эди, падарига лаънат, ёмон тегаркан”, дебдир.

* * *

Хурсандлик деган барно, азиз меҳмон ҳам бизни шундай ташлаб кетади эмасми, бу азиз меҳмон бизни ташлаб кетганда, танҳоликда ҳар қанча хониш қилсак ҳам хурсандлик қайтиб келмайди, шундай эмасми? Танҳоликда чиққан бу овознинг акс-садоси қулоққа харобат ичида чиққан аламли бир мунгдек эшитилади. Шўхлик ичида ғурур билан ўтган ёшликнинг қувноқ дўстлари ҳам шу кўйда бирин-сирин паришон-пароканда бўлиб, эскидан қолган бир кўҳна улфатни ўринларига қолдириб, ўзлари тўзиб кетишмасмикин? Танҳо қолганга қийин! Кўнгли бузилиб, юраги сиқилур, аммо бу дардга даво йўқ.

* * *

Худо раҳматли бобом (охиратда емиши кулча билан кунжутли нону асал бўлсин) латифани яхши айтар эди. Бир гап бошласа, кечгача қимирламасдан эшитгинг келарди. Эндиги қизиқчиларга ўхшамас эди. Эндигилар ичларидан чиқазиб ёлғонни гапира берадилар, гаплари уч кун овқат емаган одамникига ўхшайди, эшитганда ковушингни қўлингга олиб қочгудай бўласан.

* * *

Нимагаки шайтон аралашса, худди осмондан тушгандек бирпасда дарров бўла қолади.

* * *

“Анавини қара, ҳов анави ёқда юлдузлар милтиллаб қолди: битта, иккита, учта, тўртта, бешта… Фаришталар ёруғ уйларининг деразасини очиб бизларга қараяптилар-а, ростми шу?”

* * *

Дунёнинг ишлари ғалати-да! Оламдаги махлуқларнинг бариси бир-бирининг қилиғини ўрганишга, бир-бирини эрмак қилишга уринади.

* * *

Хуллас, ҳамма одам қаторига кирмоқчи бўлади. Бу одамлар қачон тинчишаркин? Бас боғлайманки, шайтон ҳам ўзини одам қаторига қўшганини кўрсалар, кўплар ҳайрон бўладилар. Ҳаммадан ёмон таъсир қиладиган жойи шуки, шайтон ўзини жуда кўҳлик деб ўйлар, ҳолбуки, кўрган одамнинг кўнгли айнир эди. Фома Григорьевич айтгандай, башараси таъвия-ю, аммо шайтон ҳам муҳаббатни қўмсайди!

* * *

Ой ажаб товланиб турибди! Бундай хушҳаво кечада қувноқ қизлар, ҳар бир ҳазил, ҳар бир ўйинга тайёр турган шўх йигитлар орасида бўлиш қандай завқли! Эгнингда пўстин бўлса совуқ емайсан, совуқда бетлар яна баттарроқ ёнади. Шўхликка эса шайтоннинг ўзи бошлайди.

* * *

…шайтон елкасида турган одам шайтонни қидирмайди.

* * *

Дарёнинг ҳеч ким билан парвоси йўқ, дарё гуриллаб мавж уради, унинг тинмасдан бир мақомда гуриллаши бандининг жонини яна сиқади.

* * *

Энди унинг гапидан янглиштирадиган ва халал берадиган ҳеч ким йўқлигини билиб, бодрингу картошка, ҳеч нарса қолмай гапираверди ва қадимгиларнинг эндигиларга қараганда хийла ақлли бўлганлари ва энди ҳамма тобора қув бўлиб, ҳар хил ғалати нарсалар чиқазаётганлиги тўғрисида сўзлаб кетди. Хуллас, бу одам, бемаза ҳангомадан жуда завқ оладиган ва бўлар-бўлмас ҳар нарса тўғрисида сўзлайверадиган кишилар жумласидан эди.

Манба: http://qashqadaryogz.uz

034

DIKAN`KA QISHLOG’I LATIFALARI
N. Gogolning “Dikan`ka qishlog’i oqshomlari”
asaridan tagiga chizilgan satrlar
Bekzod O’ktam tayyorlagan
054

09Har gal ikir-chikirlardan bo’g’ilib ketganimda, Gogolning birorta kitobini qo’lga olaman, biror yarim-bir sahifa o’qiganimdan so’ng o’sha xijillik o’z-o’zidan ariy boshlaydi. “O’lik jonlar”dagi baquvvat obrazlar, xarakterlar, g’aroyib voqealar, “Revizor”dagi tasvirlar, “qisman “i”ga, qisman “e”ga o’xshash tovushlar”, kinoya, piching, kesatiq va so’zlarning erkin harakati meni zavqqa to’ldiradi, beg’ubor hajvga, kulgiga oshno qiladi.

Gogol` barcha asarlarida tabiat tasvirlarini katta mahorat bilan chizadi. Ming yillardan buyon o’z joyida qimirlamay turgan tepani tasvirlarkan, ajib musiqadan sarmast bo’lib yotibdi, deydi. “Osmonda pirillab uchib yurgan zumurrad, zabarjad va yoqut kapalagu kapalakchalar sarvqad kungaboqarlardan chamandek ochilib turgan ekinzor yerlarga yog’ilmoqdalar. Dalalarda bosilib qo’yilgan pichanlar, g’aram-g’aram sap-sariq bug’doylar qator-qator kelayotgan oxiri ko’rinmagan karvonga o’xshaydi… Osmon, uning oynadek ravshan yuzi, ko’m-ko’k chor-cho’p ichiga olinib, himmat bilan baland ko’tarilgan daryodir…”

Bu jumlalar quyida e’tiboringizga parchalari havola qilinayotgan, Gogolning “Dikan`ka qishlog’i oqshomlari” nomli asaridan olingan. Qalamkash zoti borki, yangi uslub, yo’nalish yaratishga harakat qiladi, boshqalarnikiga o’xshamagan, faqat o’ziga xos yo’lda qalam tebratish ko’yida tinmay izlanadi, o’qiydi, tajriba to’playdi. Gogol` adabiyotda yangi yo’nalish, o’ziga xos uslub ochgan adib. Uning yana bir yutug’i va baxti, u qahramonlarini, syujetni uzoqdan izlamadi, inson zotiga mutlaqo mavhum “mavzu”larga nazar solmadi, o’zi ko’rgan-bilgan odamlarni, qahramonlarni, xarakterlarni yaratdi. Xarakterlarki, ularda quvlik, shumlik, kinoya va hajv yaqqol ko’zga tashlanib turadi. Agar oddiy qishloq odamlarining tutumi, bir-biriga hazili, so’z qo’llashi, anoyiligi-yu to’poriligini zimdan kuzatsangiz, Gogol` qahramonlari oramizda yashayotgan, sizu biz bilan bir havodan nafas olayotgan kishilardan u qadar uzoq emasligini anglaysiz.

009

“Dikan`ka qishlog’ining oqshomi”, degani nimasi? Qayoqdagi bir asalarichidan chiqqan gap-da! Xudoyo tavba! Shuncha g’ozning pati yulinib qalam bo’lsa ham, shuncha latta qog’ozga ketsa ham kamlik qilibdir! Qo’li siyohga bo’yalgan har xil qalang’i-qasang’ilar kammidi! Endi asalarichi ham ularga taassub qilibdi-da! Bosmaxonada chop bo’lib chiqqan qog’oz shundaqa serob bo’lib ketdiki, odam nima o’rashni bilmay qoldi”.

* * *

Bizning kasavalarimiz ham arilarini yerto’laga qamaydilar; osmonda turna, nok daraxtida nok qolmagan vaqtda qorong’u tushar-tushmas ko’chaning hov bir yog’ida chiroq miltillab yondimi – o’yin-kulgi, qo’shiq eshitaberasiz; balalayka, gohda skripka ovozi ham chiqib qoladi, sho’xlik boshlanadi… Oqshom o’yinlari deganimiz shu. Bizning bu oqshomlarimiz sizning balga o’xshaydi. Ammo baayni o’zi, deb bo’lmaydi. Siz o’yin tushmoq va qo’lingizni og’zingizga tutib esnamoq uchun borasiz…

* * *

…bir maktabbachchani d`yakon lotincha gapga shunday usta qilibdiki, bola hatto o’z tilimizni unutib, nima gapirsa “us” qo’shib so’zlaydigan bo’libdi: kurakni kurakus, xotinni xotinus deydigan bo’libdi. Bir kun otasi bilan dalaga chiqib, bu yerda xaskashni ko’rib otasidan: “Dada, sizlarning tilingizda buni nima deysizlar?” deb so’ramoqchi bo’lib xaskashning mix tomonini oyog’i bilan bosgan ekan, otasi javob berguncha ham bo’lmay, xaskashning oyog’i ko’tarilib ag’rayib turgan bolaning peshanasiga tekkan ekan, bola peshanasini ushlaganicha bir gaz nariga qochib “Ha, zang’ar xaskash! Oti nima edi, padariga la’nat, yomon tegarkan”, debdir.

* * *

Xursandlik degan barno, aziz mehmon ham bizni shunday tashlab ketadi emasmi, bu aziz mehmon bizni tashlab ketganda, tanholikda har qancha xonish qilsak ham xursandlik qaytib kelmaydi, shunday emasmi? Tanholikda chiqqan bu ovozning aks-sadosi quloqqa xarobat ichida chiqqan alamli bir mungdek eshitiladi. Sho’xlik ichida g’urur bilan o’tgan yoshlikning quvnoq do’stlari ham shu ko’yda birin-sirin parishon-parokanda bo’lib, eskidan qolgan bir ko’hna ulfatni o’rinlariga qoldirib, o’zlari to’zib ketishmasmikin? Tanho qolganga qiyin! Ko’ngli buzilib, yuragi siqilur, ammo bu dardga davo yo’q.

* * *

Xudo rahmatli bobom (oxiratda yemishi kulcha bilan kunjutli nonu asal bo’lsin) latifani yaxshi aytar edi. Bir gap boshlasa, kechgacha qimirlamasdan eshitging kelardi. Endigi qiziqchilarga o’xshamas edi. Endigilar ichlaridan chiqazib yolg’onni gapira beradilar, gaplari uch kun ovqat yemagan odamnikiga o’xshaydi, eshitganda kovushingni qo’lingga olib qochguday bo’lasan.

* * *

Nimagaki shayton aralashsa, xuddi osmondan tushgandek birpasda darrov bo’la qoladi.

* * *

“Anavini qara, hov anavi yoqda yulduzlar miltillab qoldi: bitta, ikkita, uchta, to’rtta, beshta… Farishtalar yorug’ uylarining derazasini ochib bizlarga qarayaptilar-a, rostmi shu?”

* * *

Dunyoning ishlari g’alati-da! Olamdagi maxluqlarning barisi bir-birining qilig’ini o’rganishga, bir-birini ermak qilishga urinadi.

* * *

Xullas, hamma odam qatoriga kirmoqchi bo’ladi. Bu odamlar qachon tinchisharkin? Bas bog’laymanki, shayton ham o’zini odam qatoriga qo’shganini ko’rsalar, ko’plar hayron bo’ladilar. Hammadan yomon ta’sir qiladigan joyi shuki, shayton o’zini juda ko’hlik deb o’ylar, holbuki, ko’rgan odamning ko’ngli aynir edi. Foma Grigor`evich aytganday, basharasi ta’viya-yu, ammo shayton ham muhabbatni qo’msaydi!

* * *

Oy ajab tovlanib turibdi! Bunday xushhavo kechada quvnoq qizlar, har bir hazil, har bir o’yinga tayyor turgan sho’x yigitlar orasida bo’lish qanday zavqli! Egningda po’stin bo’lsa sovuq yemaysan, sovuqda betlar yana battarroq yonadi. Sho’xlikka esa shaytonning o’zi boshlaydi.

* * *

…shayton yelkasida turgan odam shaytonni qidirmaydi.

* * *

Daryoning hech kim bilan parvosi yo’q, daryo gurillab mavj uradi, uning tinmasdan bir maqomda gurillashi bandining jonini yana siqadi.

* * *

Endi uning gapidan yanglishtiradigan va xalal beradigan hech kim yo’qligini bilib, bodringu kartoshka, hech narsa qolmay gapiraverdi va qadimgilarning endigilarga qaraganda xiyla aqlli bo’lganlari va endi hamma tobora quv bo’lib, har xil g’alati narsalar chiqazayotganligi to’g’risida so’zlab ketdi. Xullas, bu odam, bemaza hangomadan juda zavq oladigan va bo’lar-bo’lmas har narsa to’g’risida so’zlayveradigan kishilar jumlasidan edi.

Manba: http://qashqadaryogz.uz

034

(Tashriflar: umumiy 1 134, bugungi 4)

Izoh qoldiring