Sharl Lui de Monteskyo. Hikmatlar

Ashampoo_Snap_2017.01.18_12h48m31s_002_.png

   Сиёсий эркинлик хоҳлаганча иш тутиш дегани эмас. Эркинлик қонун йўл қўйган ҳар қандай ишни бажариш ҳуқуқи билан белгиланади. Агар фуқаро қонунда тақиқланган ишга қўл урса, эркинликдан маҳрум бўлади.

Шарль Луи де Монтескьё
ҲИКМАТЛАР
007

montesquieu.jpgМашҳур француз адиби, ҳуқуқшуноси ва файласуфи Шарль-Луи де Монтескьё (фр. Charles-Louis de Seconda, Baron de La Brède et de Montesquieu) 1689 йилнинг 18 январида туғилиб, 1755 йилнинг 10 февралида оламдан кўз юмган. Монтескьё Бордо ва Парижда ҳуқуқ масалалари билан шуғулланган. 1714 йилдан Бордо парламентининг маслаҳатчиси, 1716 йилдан шу парламентнинг вице-президентларидан бири сифатида ишлаган. Унинг сиёсий-ҳуқуқий қарашлари “Римликларнинг шуҳрати ва инқирозининг сабаблари тўғрисида мулоҳазалар” асарларида ифодалаб берилган. Монтескьё ижодининг чўққиси 1748 йилда ёзиб тугалланган “Қонунларнинг руҳи тўғрисида” номли фундаментал асари ҳисобланади.

Унинг қаламига мансуб “Форс мактублари” романи жаҳон адабиёти хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган.

007

* * *

Истеҳзо – ақлнинг чархи,аммо юрак табиатига зиддир.

* * *

Инсон дунёдан кўз юмганида эмас, дунёга келганида унга ҳамдард бўлиб йиғлаш керак.

* * *

Севилмаслик бахтсизлик бўлса, севилмай қолиш ҳақоратдир.

* * *

Баъзан сукут сақлаш олиймақом нутқлардан кўра маънолироқдир.

* * *

Озодлик, бу қонун изн берган ҳар қандай нарсани қилиш мумкин, деганидир.

* * *

Иқлимларнинг мавжудлиги ўша жойда яшаётган одамлар эҳтиёжини,уларнинг турмуш тарзини шакллантиради. Айни шу турли ва айри турмуш тарзининг мавжудлиги, ўз навбатида, қонунларнинг ҳам турлича ва айри бўлишини белгилайди.

* * *

Одамзод ҳар доим ва ҳамма жойда жуда кўп унсурлар,хусусан, иқлим,дин,қонунлар,бошқарув (ҳокимият) принциплари,ўтмиш воқеалари,ахлоқ,урф-одатлар таъсирида яшайди ва айни мана шу таъсирлар оқибатида миллий руҳ шаклланади. Айни шу сабабдан миллий руҳни ўзгартирувчи ҳар қандай нарсадан сақланиш лозим, қонунлар энг аввало миллий руҳга асосланиши керак,зеро, фақат шундагина миллат ўз табиатига мос қонунларни сўзсиз қабул қилади.

* * *

Ҳокимият принциплари:
Республика – ззгулик,
Монархия — шараф,
Деспотизм — қўрқув.

* * *

Эркинлик, агар қонунчилик йиғини муайян вақт оралиғида тўпланиб турмаган ҳолда ҳам мавжуд бўлмайди, чунки унда қуйидаги иккитадан биттаси содир бўларди: ёки қонун чиқарувчи фаолият бутунлай тўxтаб, давлат анарxия ҳолатига тушарди, ёки ушбу фаолиятни ижро ҳокимияти ўз қўлига олиб абсолют ҳокимиятга айланар эди.

* * *

Сиёсий эркинлик, қонун билан руxсат берилган, ёки у билан таъқиқланмаган исталган ҳаракатни амалга ошира олиш ҳуқуқидир. Агар фуқаро қонун билан таъқиқланган ҳаракатларни ҳам қила олганда, унда эркинлик мавжуд бўлмасди, чунки xудди шундай қилмишни бошқалар ҳам унга нисбатан қилиши мумкин

* * *

Одамлар бирлашиб жамиятга айланаркан, кучга айланадилар ва улар ўз заифликларини унутадилар. Оқибатда шу пайтгача мавжуд тенглик йўқолади ва урушлар бошланади. Ҳар бир жамият ўз кучига ишона бошлайди, миллатлар ўзаро кучларини синаш учун муҳориба майдонига чиқадилар. Жамият ичидаги ҳар бир шахс ҳам ўз кучига ишона бошлайди – шахслар ўртасида рақобат бошланади. Ҳар қандай урушдан кўзланган мурод ғалабадир; ҳар қандай ғалабадан мақсад рақибни маҳв этмоқдан иборат; ҳар қандай маҳвкорлик ўзини сақлаш учундир. Айни шу мавжуд принциплар асосида халқаро ҳуқуқларни асословчи қонунлар мажмуасини тузиш керак.

Хуршид Даврон таржимаси

* * *

Муҳтожлик қанчалик оғир бўлса, қонунлар ёрдамида давлатмандликни ҳам шундай оғир юкка айлантирмоқ жоиз.

* * *

Мустабид тузумни идора этувчи ҳукмдор бир вақтнинг ўзида қул ҳамдир.

* * *

Асрий тарихий тажрибалар шуни кўрсатадики, ҳокимиятга эга бўлган ҳар қандай одам мансабини суиистеъмол қилишга мойил бўлади ва у то мақсадига эришмагунча шу йўлдан кетаверади.

* * *

Сиёсий эркинлик хоҳлаганча иш тутиш дегани эмас. Эркинлик қонун йўл қўйган ҳар қандай ишни бажариш ҳуқуқи билан белгиланади. Агар фуқаро қонунда тақиқланган ишга қўл урса, эркинликдан маҳрум бўлади.

* * *

Оролда яшовчи одамлар қитъада истиқомат қилувчиларга нисбатан кўпроқ эркинликка мойил бўладилар.

* * *

Ҳар бир давлатда учта ҳокимият мавжуддир: қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти.

* * *

Борди-ю, суд ҳокимияти қонун чиқариш билан машғул бўлса, фуқароларнинг ҳуқуқлари топталади.

* * *

Агар суд ҳокимияти ижро ҳокимияти билан бирлашса, у ҳолда суд ҳаками ситамгарга айланишига имконият туғилади.

* * *

Агар ижро ҳокимияти қонун чиқарувчи йиғинни тарқатиш ҳуқуқига эга бўлмаса, у ҳолда қонун чиқарувчи ҳокимият ҳокими мутлаққа айланиб, қолган барча ҳокимиятларни йўқ қилади.

* * *

Қонун чиқарувчи ҳокимият ижро ҳокимиятининг фаолиятини чеклаш ҳуқуқига эга бўлмаслиги мумкин. Чунки ўз табиатига кўра чекланган нарсани яна чеклашдан не ҳожат? Бундан ташқари ижро ҳокимиятининг фаолияти тез ҳал қилиниши керак бўлган ишларга қаратилган бўлади.

* * *

Шахс ва фуқаро эркинлиги ҳамма вақт ҳам бир-бирига мос келавермайди.

* * *

Ҳар қандай улуғворлик, куч-қудрат ва ҳокимият нисбийдир.

* * *

Меъёридан ортиқ тафаккур ҳар қачон ҳам қўл келавермайди. Чунки одамлар деярли ҳамма вақт ўртамиёналикка тезроқ мослашадилар.

* * *

Диннинг қудрати унга бўлган ишонч билан белгиланса, қонуннинг кучи унга нисбатан юзага келадиган қўрқув билан белгиланади. Қадимийлик дин учун қулайлик туғдиради. Чунки эътиқоднинг даражаси унинг манбаи биздан қанчалик узоқ эканлигига боғлиқ. Бизнинг ақлимиз эътиқодимизга қарши турувчи узоқ ўтмишдаги турли қарашлар таъсиридан озоддир. Қонунлар эса аксинча: қанча янги бўлса, шунча устундир. Янги қонун, қонун чиқарувчининг унинг ижросига қаратилган алоҳида, жонли эътиборини ифодалайди.

* * *

Луизиана ёввойилари аввал дарахтни кесиб, сўнг унинг мевасини териб ейдилар. Мустабид тузумнинг моҳиятини ҳам шунга ўхшатиш мумкин.

* * *

Бургундия қироли Гундобад ўғрининг хотини ёки фарзанди унинг қилмишлари ҳақида ҳукуматга хабар қилиши шартлиги, акс ҳолда, ҳар иккиси ҳам қулликка маҳкум этилиши тўғрисида қонун чиқарди. Лекин бу қонун табиатга зид эди. Хотин ўз эрининг қораловчиси бўлиши мумкинми? Ўғил отасини қандай қилиб сотади? Қирол шу тариқа бир жиноий ҳаракатни жазолаш учун ундан ҳам оғирроқ иккинчи бир жиноятга йўл очиб берди.

* * *

Болаларда Ватанга муҳаббат уйғотишнинг энг яхши воситаси оталарнинг Ватанни севишларидир.

* * *

Муаллифлар (ёзувчилар)  актёрлардир.

* * *

Қонунларнинг шафқатсизлиги уларнинг бажарилишига тўсқинлик қилади.

* * *

Шундай ҳақиқатлар борки, уларга ишонч уйғотишнинг ўзи камлик қилади, уларни ҳис этишга шароит ва имкон яратмоқ керак. Ахлоққа доир ҳақиқатлар шулар жумласидандир.

* * *

Инсондаги баъзи иллатлар ўзини ўзи етарли даражада ҳурматлай олмаслигидан келиб чиқса, айрим нуқсонлар бу ҳурматнинг меъёрдан ошиши туфайли пайдо бўлади.

* * *

Инсоннинг табиати шундайки, у ўзига яхшилик қилган одамдан кўра, ўзининг яхшилигидан баҳраманд бўлган одамга кўпроқ боғланиб қолади.

* * *

Одатда фикр саёзлигини уни узайтириш воситасида қоплашга уринадилар.

* * *

Бирор одамнинг қайсарлиги мени лоқайд қолдириши мумкин. Лекин одамлардаги қўполликка бефарқ қаролмайман. Қайсар одам ўз қарашларини – демакки, шаънини ҳимоя қилади. Иккинчи тоифа одамлар эса ўзгаларнинг фикрига, яъни умумнинг шаънига тажовуз қиладилар.

* * *

Биз шунчалар сўқирмизки, қачон қайғуриш ва қачон шодланишни билмаймиз. Деярли ҳамма вақт сохта қайғу ва сохта шодликни бошимиздан кечирамиз.

* * *

Ҳаёт эзгулик қилиш учун инъом этилган. Мен эзгуликдан тўхтаган куним ҳаётимни «қайтариб бераман». Чунки сабаб тўхтаганда ҳаракат ҳам тинмоғи жоиз.

* * *

Битта одамни бахтли қилиш учун қанчалар тер тўкмоқ керак-а!

* * *

Менинг дардим шундаки, китоб ёзишга киришаман-у, у ниҳоясига етгач, ёзганларимдан уяламан.

Buste_Montesquieu_Lecomte.jpgSharl Lui de Monteskyo
HIKMATLAR
007

000047.jpgMashhur fransuz adibi, huquqshunosi va faylasufi Sharl-Lui de Monteskyo (fr. Charles-Louis de Seconda, Baron de La Brède et de Montesquieu) 1689 yilning 18 yanvarida tug‘ilib, 1755 yilning 10 fevralida olamdan ko‘z yumgan. Monteskyo Bordo va Parijda huquq masalalari bilan shug‘ullangan. 1714 yildan Bordo parlamentining maslahatchisi, 1716 yildan shu parlamentning vitse-prezidentlaridan biri sifatida ishlagan. Uning siyosiy-huquqiy qarashlari “Rimliklarning shuhrati va inqirozining sabablari to‘g‘risida mulohazalar” asarlarida ifodalab berilgan. Monteskyo ijodining cho‘qqisi 1748 yilda yozib tugallangan “Qonunlarning ruhi to‘g‘risida” nomli fundamental asari hisoblanadi.

Uning qalamiga mansub “Fors maktublari” romani jahon adabiyoti xazinasidan munosib o‘rin egallagan.

007

* * *

Istehzo – aqlning charxi,ammo yurak tabiatiga ziddir.

* * *

Inson dunyodan ko‘z yumganida emas, dunyoga kelganida unga hamdard bo‘lib yig‘lash kerak.

* * *

Sevilmaslik baxtsizlik bo‘lsa, sevilmay qolish haqoratdir.

* * *

Ba’zan sukut saqlash oliymaqom nutqlardan ko‘ra ma’noliroqdir.

* * *

Ozodlik, bu qonun izn bergan har qanday narsani qilish mumkin, deganidir.

* * *

Iqlimlarning mavjudligi o‘sha joyda yashayotgan odamlar ehtiyojini,ularning turmush tarzini shakllantiradi. Ayni shu turli va ayri turmush tarzining mavjudligi, o‘z navbatida, qonunlarning ham turlicha va ayri bo‘lishini belgilaydi.

* * *

Odamzod har doim va hamma joyda juda ko‘p unsurlar,xususan, iqlim,din,qonunlar,boshqaruv (hokimiyat) prinsiplari,o‘tmish voqealari,axloq,urf-odatlar ta’sirida yashaydi va ayni mana shu ta’sirlar oqibatida milliy ruh shakllanadi. Ayni shu sababdan milliy ruhni o‘zgartiruvchi har qanday narsadan saqlanish lozim, qonunlar eng avvalo milliy ruhga asoslanishi kerak,zero, faqat shundagina millat o‘z tabiatiga mos qonunlarni so‘zsiz qabul qiladi.

* * *

Hokimiyat prinsiplari:
Respublika – zzgulik,
Monarxiya — sharaf,
Despotizm — qo‘rquv.

* * *

Erkinlik, agar qonunchilik yig‘ini muayyan vaqt oralig‘ida to‘planib turmagan holda ham mavjud bo‘lmaydi, chunki unda quyidagi ikkitadan bittasi sodir bo‘lardi: yoki qonun chiqaruvchi faoliyat butunlay to‘xtab, davlat anarxiya holatiga tushardi, yoki ushbu faoliyatni ijro hokimiyati o‘z qo‘liga olib absolyut hokimiyatga aylanar edi.

* * *

Siyosiy erkinlik, qonun bilan ruxsat berilgan, yoki u bilan ta’qiqlanmagan istalgan harakatni amalga oshira olish huquqidir. Agar fuqaro qonun bilan ta’qiqlangan harakatlarni ham qila olganda, unda erkinlik mavjud bo‘lmasdi, chunki xuddi shunday qilmishni boshqalar ham unga nisbatan qilishi mumkin

* * *

Odamlar birlashib jamiyatga aylanarkan, kuchga aylanadilar va ular o‘z zaifliklarini unutadilar. Oqibatda shu paytgacha mavjud tenglik yo‘qoladi va urushlar boshlanadi. Har bir jamiyat o‘z kuchiga ishona boshlaydi, millatlar o‘zaro kuchlarini sinash uchun muhoriba maydoniga chiqadilar. Jamiyat ichidagi har bir shaxs ham o‘z kuchiga ishona boshlaydi – shaxslar o‘rtasida raqobat boshlanadi. Har qanday urushdan ko‘zlangan murod g‘alabadir; har qanday g‘alabadan maqsad raqibni mahv etmoqdan iborat; har qanday mahvkorlik o‘zini saqlash uchundir. Ayni shu mavjud prinsiplar asosida xalqaro huquqlarni asoslovchi qonunlar majmuasini tuzish kerak.

Xurshid Davron tarjimasi

* * *

Muhtojlik qanchalik og‘ir bo‘lsa, qonunlar yordamida davlatmandlikni ham shunday og‘ir yukka aylantirmoq joiz.

* * *

Mustabid tuzumni idora etuvchi hukmdor bir vaqtning o‘zida qul hamdir.

* * *

Asriy tarixiy tajribalar shuni ko‘rsatadiki, hokimiyatga ega bo‘lgan har qanday odam mansabini suiiste’mol qilishga moyil bo‘ladi va u to maqsadiga erishmaguncha shu yo‘ldan ketaveradi.

* * *

Siyosiy erkinlik xohlagancha ish tutish degani emas. Erkinlik qonun yo‘l qo‘ygan har qanday ishni bajarish huquqi bilan belgilanadi. Agar fuqaro qonunda taqiqlangan ishga qo‘l ursa, erkinlikdan mahrum bo‘ladi.

* * *

Orolda yashovchi odamlar qit’ada istiqomat qiluvchilarga nisbatan ko‘proq erkinlikka moyil bo‘ladilar.

* * *

Har bir davlatda uchta hokimiyat mavjuddir: qonun chiqaruvchi, ijro etuvchi va sud hokimiyati.

* * *

Bordi-yu, sud hokimiyati qonun chiqarish bilan mashg‘ul bo‘lsa, fuqarolarning huquqlari toptaladi.

* * *

Agar sud hokimiyati ijro hokimiyati bilan birlashsa, u holda sud hakami sitamgarga aylanishiga imkoniyat tug‘iladi.

* * *

Agar ijro hokimiyati qonun chiqaruvchi yig‘inni tarqatish huquqiga ega bo‘lmasa, u holda qonun chiqaruvchi hokimiyat hokimi mutlaqqa aylanib, qolgan barcha hokimiyatlarni yo‘q qiladi.

* * *

Qonun chiqaruvchi hokimiyat ijro hokimiyatining faoliyatini cheklash huquqiga ega bo‘lmasligi mumkin. Chunki o‘z tabiatiga ko‘ra cheklangan narsani yana cheklashdan ne hojat? Bundan tashqari ijro hokimiyatining faoliyati tez hal qilinishi kerak bo‘lgan ishlarga qaratilgan bo‘ladi.

* * *

Shaxs va fuqaro erkinligi hamma vaqt ham bir-biriga mos kelavermaydi.

* * *

Har qanday ulug‘vorlik, kuch-qudrat va hokimiyat nisbiydir.

* * *

Me’yoridan ortiq tafakkur har qachon ham qo‘l kelavermaydi. Chunki odamlar deyarli hamma vaqt o‘rtamiyonalikka tezroq moslashadilar.

* * *

Dinning qudrati unga bo‘lgan ishonch bilan belgilansa, qonunning kuchi unga nisbatan yuzaga keladigan qo‘rquv bilan belgilanadi. Qadimiylik din uchun qulaylik tug‘diradi. Chunki e’tiqodning darajasi uning manbai bizdan qanchalik uzoq ekanligiga bog‘liq. Bizning aqlimiz e’tiqodimizga qarshi turuvchi uzoq o‘tmishdagi turli qarashlar ta’siridan ozoddir. Qonunlar esa aksincha: qancha yangi bo‘lsa, shuncha ustundir. Yangi qonun, qonun chiqaruvchining uning ijrosiga qaratilgan alohida, jonli e’tiborini ifodalaydi.

* * *

Luiziana yovvoyilari avval daraxtni kesib, so‘ng uning mevasini terib yeydilar. Mustabid tuzumning mohiyatini ham shunga o‘xshatish mumkin.

* * *

Burgundiya qiroli Gundobad o‘g‘rining xotini yoki farzandi uning qilmishlari haqida hukumatga xabar qilishi shartligi, aks holda, har ikkisi ham qullikka mahkum etilishi to‘g‘risida qonun chiqardi. Lekin bu qonun tabiatga zid edi. Xotin o‘z erining qoralovchisi bo‘lishi mumkinmi? O‘g‘il otasini qanday qilib sotadi? Qirol shu tariqa bir jinoiy harakatni jazolash uchun undan ham og‘irroq ikkinchi bir jinoyatga yo‘l ochib berdi.

* * *

Bolalarda Vatanga muhabbat uyg‘otishning eng yaxshi vositasi otalarning Vatanni sevishlaridir.

* * *

Mualliflar (yozuvchilar) aktyorlardir.

* * *

Qonunlarning shafqatsizligi ularning bajarilishiga to‘sqinlik qiladi.

* * *

Shunday haqiqatlar borki, ularga ishonch uyg‘otishning o‘zi kamlik qiladi, ularni his etishga sharoit va imkon yaratmoq kerak. Axloqqa doir haqiqatlar shular jumlasidandir.

* * *

Insondagi ba’zi illatlar o‘zini o‘zi yetarli darajada hurmatlay olmasligidan kelib chiqsa, ayrim nuqsonlar bu hurmatning me’yordan oshishi tufayli paydo bo‘ladi.

* * *

Insonning tabiati shundayki, u o‘ziga yaxshilik qilgan odamdan ko‘ra, o‘zining yaxshiligidan bahramand bo‘lgan odamga ko‘proq bog‘lanib qoladi.

* * *

Odatda fikr sayozligini uni uzaytirish vositasida qoplashga urinadilar.

* * *

Biror odamning qaysarligi meni loqayd qoldirishi mumkin. Lekin odamlardagi qo‘pollikka befarq qarolmayman. Qaysar odam o‘z qarashlarini – demakki, sha’nini himoya qiladi. Ikkinchi toifa odamlar esa o‘zgalarning fikriga, ya’ni umumning sha’niga tajovuz qiladilar.

* * *

Biz shunchalar so‘qirmizki, qachon qayg‘urish va qachon shodlanishni bilmaymiz. Deyarli hamma vaqt soxta qayg‘u va soxta shodlikni boshimizdan kechiramiz.

* * *

Hayot ezgulik qilish uchun in’om etilgan. Men ezgulikdan to‘xtagan kunim hayotimni «qaytarib beraman». Chunki sabab to‘xtaganda harakat ham tinmog‘i joiz.

* * *

Bitta odamni baxtli qilish uchun qanchalar ter to‘kmoq kerak-a!

* * *

Mening dardim shundaki, kitob yozishga kirishaman-u, u nihoyasiga yetgach, yozganlarimdan uyalaman.

007

(Tashriflar: umumiy 3 123, bugungi 1)

Izoh qoldiring