Toni Morrison. Nuridiydam

Ashampoo_Snap_2016.09.21_00h06m29s_001_.png    Қанийди, шоир бўлиб туғилсайдим. Адабиётда шеъриятнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Лекин бу менинг қўлимдан келмайди. Начора ҳеч ким бўйидан баланд сакролмайди. Шеърият ҳақида ўйласам, худди мен йўлнинг ўнг томонида эмас, чап томонида турган йўловчидай ҳис қиламан ўзимни. Бироқ шеър ўқишни канда қилмайман. Ўзимга ёққан сатрларни куйга соламан (Нобель мукофоти лауреати Тони Моррисоннинг «Goodreads» нашрига берган интервьюсидан. Уни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

ТОНИ МОРРИСОН
НУРИДИЙДАМ
Аслиятдан Қандилат Юсупова таржимаси
008

Toni-Morrison.jpg    Асл исми Хлоя Арделия Уоффорд бўлган Тони Моррисон 1931 йилнинг 18 февралида АҚШда, Огайо штатининг Лорейн шаҳрида дунёга келган. Говард университетида инглиз тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Узоқ йиллар турли илм даргоҳларида илмий тадқиқотлар олиб борган ва профессор мақомида талабаларга дарс берган. Унинг «Бениҳоя мовийранг кўзлар» деб номланган илк романи 1970 йилда нашр этилган. Шундан кейин «Сула», «Сулаймон қўшиқлари», «Маҳбуба», «Жаз», «Жаннат», «Муҳаббат», «Меҳрибонлик», «Хонадон» романларини ёзди. 1993 йили адабиёт соҳасидаги Нобель мукофотига сазовор бўлди.

008

Йўқ, бу менинг гуноҳим эмас. Ҳеч кимнинг мени айблашга ҳақи йўқ сира. Бу ишни мен ўзим истаб қилганим йўқ, зотан тақдири азал рўёби ёлғиз Парвардигорнинг ҳукми билангина амалга ошгусидир. Ўша даҳшатли азоб палласи бир соат ҳам вақтни олгани йўқ, бироқ мен учун у лаҳзалар гўё миллион йилдан буён давом этиб келаётгандек, ўзим бамисоли қоп-қоронғу тубсизлик қаърига чўкиб кетдиму энди асло бу ёруғ оламга қайта келолмайдигандек бўлиб туюлавердим. Ҳа, ўша сониялар ичидаёқ юрагим беҳад нотинч, нимадир аниқ нотўғри эканлигини ич-ичимдан сезиб турардим. Жонимни минг оғриққа йўйган ўша жон парчамни оёқларим орасидан тортиб олишганида мен қалбим безовталиги сабабини янаям яққол англаб етдим. Дарҳақиқат, ҳаёт жудаям қўпол ҳазил қилганди менга, эндигина дунёга келиб, ҳали ўзига келмаган жиш бу чақалоқ шу қадар қоп-қора эдики, уни кўриб ҳушимдан кетиб, ақлдан озаёздим. Худди тун зулмати сингари занжи бу танча фавқулодда чинданам ўта қора бўлиб туғилган эди. Мен бениҳоя ҳайронликда қолгандим, дам унга қараб, дам ўзимнинг оппоқ баданимга қайта-қайта тикилиб, кўзларимга ҳечам ишонолмасдим. Ҳайратланарлиси шунда эдики, мен ҳам, Лула Анна (чақалоқнинг исмини ўзимча шундай деб атадим) отасининг танаси ҳам оқ-сариқдан келган бўлиб, оиламиз учун ғайриодатий ушбу ранг биз учун беҳад ажабланарли ҳолат эди. Ҳаттоки менинг бутун уруғ-аймоғим орасида ҳам биронта қора танли одам бўлмаганди. Янаям ажабланарлиси, чақалоқнинг сочлари ҳам ғалати эди, негадир ялтироқ, пирпирак жингала эди унинг сочлари. У шу туришида мисоли австралиялик яланғоч юрадиган қабила кишиларига ўхшаб кетарди. Ё тавба! Шунақаси ҳам бўларкан-да! Балки сиз эримнинг ёки бўлмасам бутун етти авлодимизда айнан шундай тусли қариндошимиз бўлгандир, деб ўйларсиз? Йўқ. Бунақа рангдаги инсон зоти ҳеч бир авлодимизда бўлмаган экан. Сиз менинг бувимни кўрганингизда эди – у сутга чайилгандек оқ, моҳирўй, оппоқ аёл бўлганди, умри бўйи ҳам ана шу оқлиги билан фахрланиб яшаган ва ўзи орзу қилгандек худди ўзидай оқ танли эркакка турмушга чиққан экан. У ҳатто болаларининг ранг-тусигача ҳам қаттиқ қайғурган, уларни аслзодалардек кўринишда бўлишига астойдил уринган экан. Аммо аслида одамнинг қандай рангда бўлишининг сираям аҳамияти ёки маълум маънодаги баҳоси йўқ асло. Инсон Худо берган тусда туғилиб, у берган қисматга шак келтирмай, имони билан яшаб ўтиши ва ҳеч қачон Парвардигорга куфр келтирмаслиги керак. У ҳамиша охиратдан қўрқиши керак. Қанчадан қанча ўзига ишонган, кўзи кўр бўлган каслар қайсидир бир авлодида бўлган қора танлилик белгисини жирканч бало-қазодай умр бўйи беркитиб ўтадилар. Ўзларини мукаммал даражадаги олийнасаб авлод қилиб кўрсатишга жаҳд этадилар. Ҳолбуки, ҳаммамиз ҳам Худойимнинг яратган бандалари эмасмизми? Жуда-жуда саноқли одамлар, атига йигирма фоизгина аҳоли ўз танасининг қоралиги билан ўксинмас экан. Ҳарҳолда мен шундай деб эшитганман. Улар учун на ирқ ва на даражанинг аҳамияти бор. Улар ҳеч нимага парво қилмайдилар. Менинг ўз туққан онам ҳам дадам билан никоҳдан ўтаётганларида ибодатхонада икки хил Қуръон китобини ушлаб қасам ичишганди. Негаки улар бошқа-бошқа дин вакиллари эдилар. О, Худойим! Ҳатто Қуръони Карим ҳам турли хилда мавжуд бўлса! Бунданам ортиқ бедодлик бормикан оламда! Онам аслида ниҳоятда хокисор аёл эди. У кибор бир хонадонда оқсоч бўлиб ишлар, аслзода оила аъзолари еб-емай чала ташлаб кетган овқат қолдиқларини исроф қилмай, ким учундир атаб олиб қўяр, ўз ишини бениҳоя ҳалол бажарар, ҳатто уй эгалари унга энг оғир юмушларни буюрганда ҳам меҳнатдан миқ этмасдан яшаб ўтганди. У фақат бир нарсадангина миннатдор эди, хўжайинлари унинг бошқа ирқдан ва диндан эканлиги билан ҳеч иши бўлмасди.

Балки сизнинг баъзи бировларингиз инсонларни ранг-тусига қараб ажратиш эҳтимол жамиятда у қадар жиддий ҳол эмас деб ўйларсиз, аммо минг афсуски, ундай эмас. Ирқчилик ва табақалаш жамиятнинг ҳамма қатламларида, қўни-қўшничилик, маҳалла-кўй, мактаб, касалхона, ҳатто ибодатхоналаргача чиппа ёпишиб, барқарор авж олиб борарди. На иложки, ушбу тенгсизликка барҳам бера олишга бизнинг қурбимиз етмас эди. Бу жараён шунчалар қақшатқич ҳамда ҳақоратли эдики, ҳатто дорихоналарда ҳам қора танли билан оқ танлига икки хил йўсинда муомала қилинарди. Ёки бўлмасам озиқ-овқат дўконларида ҳам қораларга паст назар билан қарашар, молларнинг нархини ҳам атайлаб кўтариб айтишарди. Буларнинг барига кўнмоқликдан ўзга чора йўқ эди, негаки қора танлиларнинг шундай бўлиб яралишларида тирноқчалик айби бўлмагани каби жамиятдаги мавқеларини-да ўзгартиришга зиғирчалик қурблари етмас эди.

Ана шулар тўғрисида ўйларканман, юрагимни тобора нажотсиз бир қайғу эзар, гўёким Худонинг қаҳрига қолгандек, пешонамнинг шўрлигидан аччиқ ўксиганча занжидай қора гўдагим устида азобланиб, улкан ғам ичида ночор ўтирардим. Бечора ота онам паст табақадан бўлганлари учун замондан орқада қолмаслик кўйида ҳар қандай оғир меҳнатни бошидан кечиришди. Онам танноз хонимлар киядиган тўр шляпа тикиладиган дўконда, дадам эса олий мақом жанобларга мўлжалланган оёқ кийимлар сотиладиган ерда анча йиллар тер тўкиб ишлашди. Уларнинг на униси ва на буниси энг-энг муҳтожликда қолган кунларидаям оқсуякларга муте бўлишмади. Ҳа, улар том маънодаги олийжаноб инсонлар эди. Ўз-ўзимдан беҳад жирканиб кетсам-да, бироқ оналик ҳисси бутун аъзойимни ўраб олиб, чақалоғим Лула Аннага ҳам меҳр, ҳам нафрат, дам ҳаяжон, дам эса кўнглим муздай совиган ҳолда термулиб ўтирардим. Унинг танаси дастлаб ҳамма янги туғилган гўдакларники каби оч, рангсиз эди, кейин бирданига катта тезликда мутлақо ўзгара бошлади. Шундоқ кўз ўнгимда боламнинг мисоли африкалик хабашлар сингари тўқ кўк тусга кираётганини кўриб, мислсиз даҳшат ичида қолдим. Бир пайт мен икки лаҳзагина эс-ҳушимни йўқотдим, шуурсиз алфозда каравот устидаги адёлни судраб туширдим-да, қорайиб-кўкариб ётган чақалоқнинг юзини қоплаб, уни маҳкам қилиб босиб турмоқчи бўлдим. Аммо…Аммо негадир бирдан ундай қила олмадим. Билмадим , нега бундай бўлди, лекин мен барибир ундай қила олмадим. О, мен уни шу дўзахи рангдан қутулишини шу қадар тиланиб сўранардимки!..Бу пешонаси шўр боламнинг қисмати ҳам айнан шу ранги туфайли зардобга тўла ўтишини хаёлан тасаввур қиларанман, юрагим шувуллаб кетарди. Ҳатто мен гўдагимни биронта етимхонага ташлаб кетишгача ўйлаб кўрдим. Бироқ ибодатхона эшиги олдига ташлаб кетилган, чирқиллаб ётган чақалоқлар йиғиси қулоқларим остида жаранг сочаверди, жаранг сочаверди. Яқиндагина германиялик ёшгина эр-хотиннинг эгизак фарзанд кўргани, болаларнинг бири тим қора, бири эса қордай оқ эканлигини эшитиб, ҳайратда қолгандим. Бунинг сабабини ҳеч бир доктор тушунтириб беролмаганди ўшанда. Лекин худди ўша сирли ҳолат ўз бошимга тушишини ҳатто тушимда ҳам кўрмагандим. Шунчалар тақдиримдан ёзғирар эдимки, ҳатто боламнинг оғзига кўкрак сўрғичимни-да солишдан нафратланар эдим. Уни уйга олиб келгунча шишадаги сут билан озиқлантириб турдим.

Эрим Луис оддий бир қора ҳаммол эди, касалхонадан қайтган куним у поезд станциясидан ҳориб-чарчаб келди-ю, юзимга худди девонага қарагандек қилиб тикилди, сўнг ўраб-чирмалган гўдакни у худди ўзга сайёрадан келгандек ажабланиб кузатиб чиқди. Луис табиатан унақа қарғаб-сўкинувчи эркаклардан эмасди, лекин ўша куни у тўсатдан қаттиқ жазавага тушиб, “Жин урсин! Бу қайси иблис боласи бўлди?! Тезда кўзимдан йўқот бунингни!” деганча айюҳаннос солди. Мен билардим, рўзғоримиз ўзи танг шароитда эди. Аксар тортишувларимизга ҳам айнан шу йўқсиллик сабаб бўлаётганди. Гўёки оғир тавқи лаънат тамғаси босилгандек бўлиб туғилган занжи бу гўдак Луис билан менинг уч йиллик гулгун турмушимизни бир зумда барбод қилди. Менинг дилимни оғритган нарса – Луисда ҳеч қандай оталик туйғуси йўқ эди. У мисоли тош одам каби Лула Аннага тамомила бегонасираб қарар, уни даҳшатли бир душмани каби кўрар эди. Луис қизчамизни ҳаттоки қўлига ҳам олмади. Мен унга Худонинг зорини қилдим, ялиндим, тиландим, чандон ишонтиришга уриндим, менга ишон, бу бизнинг зурриёдимиз, бегона эркак билан ўралашиб, эсимни ебманми, деб ҳарчанд тушунтирсам ҳам у пинагини бузмади. Луис бир ўлик эди, у жонсиз танадай ҳаракатсиз ва онгсиз ҳолда серрайганча турарди. Биз тўхтамасдан жанжаллашавердик, жанжаллашавердик, ниҳоят мен унга балки боланинг қоралиги меникидан эмас, аксинча сенинг аждодингдан ўтгандир, деб шартта айтдим. Ана шу бир луқмагина гап билан у бизни бир умрга тарк этди, кескин тарзда уйдан чиқиб кетди-да, яшаши учун арзонроқ ва қулайроқ жой қидиргани кўчага отилди. Луиснинг ана шундай юзсизларча қилган ҳаракатидан сўнг мен ўзимни дарҳол қўлга олдим. Қизчам ва ўзимни боқиш учун тўғри келган ишга уннаб кетдим: Бой хонадонларда оқсочлик қилдим, кирхоналарда ишладим, кўча супурдим. Лула Аннага қараш учун бир ўспирин жиянимни энага қилиб олдим. Ишдан келган кезларимда қизчамни ташқарига олиб чиққани юрагим дов бермасди, негаки уни аравачасига солиб кўчалардан ўтаётган пайтимда одамлар араванинг пана пардси остига ногоҳ кўзлари тушиб, афтларини бужмайтирар, қовоқларини солиб олганча совуқ сўзлар айтиб, ёнимдан ўтиб кетишарди. Бу жуда оғир эди, бутун қалбим тор-мор бўларди, бироқ на чора?

Ҳали ўз болам оналик меҳри ва парваришга муҳтож бўлиб турган нозик бир дамда мен уни уйга ташлаб, ўзим бошқаларнинг боласи ёнида гирдикапалак бўлиб, унга энагалик қилиш билан банд эдим. Авваллари энагаларга тузуккина ҳақ тўланар, аммо бечора болам Лула Анна дунёга келган йилдан бошлаб уларнинг ойлиги анчагина пасайиб кетганди. Ҳаммавақт ҳам бойларга дуч келган оқсоч ва энагалар ёқиб кетавермасди. Аммо мен жаноб Леи каби қўли очиқ хўжайинга рўпара келганимдан беҳад омадли эдим, у одатий энагалар ҳақидан етти-саккиз доллар кўпроқ қилиб ҳақ тўлаб турарди. Бунинг учун ҳам Худойимга қайта ва қайта шукроналар келтирардим.

Вақт ўтиб, Лула Аннанинг тили чиқиши биланоқ мен унга мени “Ойи” ёки “Ойижон” деб чақириши ўрнига “Ширин опам” деб айтишга ўргатдим. Негаки мана шуниси бехатарроқ эди. Унинг тим қора ва қалин лабларидан болаларча пок меҳр билан чиққан “Онажон!” сўзи қанчалар тотли бўлмасин, одамлар олдида бироз хижолатлик ҳолат ҳам эди. Мен ҳамон хавотир ичида яшардим. Лекин қизалоғим кундан-кунга ўзига хос чиройлилик касб этиб, тим қора танаси ҳам борган сари адл бўлиб ўсмоқда эди.

Икки йил шу тарзда ўтди, аммо бу ўтган кунларнинг мен учун нечоғлик оғир ўтганлигини, бир ўзи ташлаб кетилган аёлга тириклик тошини кўтариш қанчалар азобли эканлигини ҳатто баён ҳам қилиб беролмайман. Бир оз вақт ўтгач, Луиснинг виждони сал қийналди шекилли, у менга ойда бир мартадан озгина пул юбориб турадиган бўлди, бироқ мен ўзим ундан иззат-нафсимни ерга уриб, на пул сўраб ялинган ва на унинг ортидан шикоят қилиб турли суд маҳкамаларига қатнамаган эдим. Луиснинг жўнатиб турадиган эллик доллар пули билан менинг касалхонадаги тунги иш моянам мен билан Лула Аннанинг бир амаллаб кун ўтказишимизга харҳолда етиб турарди. Худди бошқалар наздида ўта ҳароб бўлиб яшаётгандек эдик. Хайрия пулидай кўрар эди улар топган-тутганимизни. Менга бу оғирданам оғир бўлиб ботарди, албатта. Кейин-кейин одамлар хайр-садақа номини беғараз ёрдам деб атай бошладилар, буниси ҳайтовур бироз енгил эшитиларди. Бироқ мен атрофимдаги ҳаёт ва кимсалар билан зиғирчаям ишим йўқ, фақат ўзим билан ўзим овора эдим. Сиртдан бечорага ўхшаб кўринсам-да аслида беҳуда гап-сўз қилаётганлардан кўра кўпроқ пул топардим. Ўшандай кишилар, яъни ўзидан бироз ғариброқ яшаётган одамлар устидан мағзава тўкиб, нобоп гап тарқатувчи кимсалар кўзимга ўта-ўта пасткаш бўлиб кўринарди. Айниқса улар менданам кўра Лула Аннага пастроқ назар билан қарашарди. Назарларида уни худди ташлаб юбориладиган, ҳеч кимга кераги йўқ иркит ҳашаротдай, ундан ўзларича жирканиб кетишарди. Лекин мен бора-бора буларнинг ҳаммасига кўниб қолдим. Аммо шундай бўлсаям ҳамон ҳушёрликни қўлдан бой бермасдим. Ҳаммавақт огоҳ ва ўз ишимга пухта эдим. Айниқса, Лулани ўстиришда ниҳоятда талабчанлик қилдим ўзимга. Сабаби, Лула Анна аввало ўзини қандай тутишни ўрганиши, бошқалар олдида оғир гуноҳи бордай бошини ҳадеб ерга эгавермасдан, ҳамиша тик ва баланд тутишни, қийинчилик ичида қолганда ортиқ оҳ-воҳ қилмасликка ўргатдим. У исмини кўп бора ўзгартириб кўрди, бироқ исм ўзгариши билан унинг танаси оқариб қолмасди. Қора танли бўлиб яшаб ўтиш унинг азалий тақдири бўлиб битилганди. Бироқ бу менинг ҳам гуноҳим эмас эди. Бу асло менинг айбим эмасди, йўқ, менинг гуноҳим эмас эди бу.

О-ҳа, бир пайтлар Лулага жуда ёш болалик даврида ҳаддан ташқари талабчан бўлган, унга ўта ёмон муомала қилган вақтларим ҳам бўлганди, мен буларни ҳаммавақт эслаб юраман. Аммо сиз буни тўғри тушунишингиз керак. Мен неки қилган бўлсам, фақат уни ўйлаб, уни ҳимоя қилиш учун, уни жон-дилимдан яхши кўрганим учун қилган эдим. Лула ҳали бу чигал оламни тўла идрок этолмасди. У — қора танли ёш қизалоқ, бу ҳаётда милён бора ҳақ бўлиб чиққан тақдирдаям, жамиятнинг кучли ва шафқатсиз қўлларида эзғиланиб кетиши турган гап эди. Бу ҳолат болалар боғчасидан то дафн этиш бўлимигача мавжуд эканлигини Лула ҳозир билмас эди. Унинг беғубор ва покиза қора тани оқ одамларни чўчитиши ёки уларни кулдириши, ҳатто уни мазах қилиб, виждонсизларча алдашларини ёш бола ақлига сиғдиролмасди.

Бир куни мен худди Лула билан баробар бўлган, ёши чамаси ўн ёшлар атрофидаги қора танли битта қизчани бир гала оқ танли болалар томонидан хўрланиб тургани устидан чиқиб қолдим. У ўзини бу тўдадан қанчалар ҳимоя қилиб, қочишга уринмасин, болаларнинг гоҳ униси, гоҳ буниси бечора қизалоқни бир-бирига суриб, тинмай ниқталашар эди. Улар ўша дамда қорниларини ушлаганча, эгилиб-букилиб шўрлик қизчанинг устидан қотиб-қотиб кулишмоқда эди. Қизча улардан базўр қутулиб, йиғлаганча қочиб кетаркан, танаси оқ болалар ҳалиям унинг устидан ҳиринглашиб, қилган ишларидан ҳузур қилишар эди. Агар мен бу ҳодисани автобус деразасидан кўриб қолмасдан, ташқарида бўлганимда эди, қизчани жон-жон деб қутқариб олган бўлардим, уни ўша оқ бўричалар галасидан тезроқ тортиб, олиб чиққан бўлардим. Кўряпсизми, агар мен Лулага қатъийлик ва талабчанлик билан тарбия бермаганимда эди, у ҳам ўшандай оқлар орасида кўз-ёш тўкиб азобланишига тўғри келиб қоларди. Ҳар битта тарбиям Лулага яшаб ўтарлик ҳаёти мобайнида бир куни албатта, асқотиб қоларди, унинг ўзи ҳам айни мен кутгандай ва истагандай мағрур, ақлли ва дадил қиз бўлиб вояга етди.

Мен ёмон она эмас эдим. Нимаики қилган бўлсам, бариси Лула учун, боламнинг бахтли бўлиши учун, кўз нурим, қалб қўрим бўлмиш азиз нуридийдам учун аталган эди. Умид қиламанки, Парвардигорнинг олдида юзим ҳамиша ёруғ бўлади. Рост, аввалига ўз боламдан ўзим ҳазар қилдим, тақдиримдан ўкиндим, унинг қоп-қора танасига ҳатто қўл текизишга ҳам ботинолмадим. Бироқ мен Она эдим. Барибир уни яхши кўрардим. Ҳа, ич-ичимдан, бутун қалбимдаги меҳр ила Лулани бениҳоя севардим. Ўйлайманки, Лула ҳам мени бир куни албатта теран тушуниб етади. У ҳозир ҳам мени англай олади. Мен шундай деб ўйлайман.

Вақт ўтгани сари Лула Анна ўз-ўзига мустақил ва тобора жасур қиз бўлиб камол топаётгани равшан акс этиб борди. У қора баданини яшириш учун ниҳоятда бежирим, жуда чиройли либослар кияр эди. Ҳатто у менга ҳам кези келганда ақл ўргатиб турарди. Бироқ буларнинг бари ёқимли ва суюмли эди. Аста-секин дилимдаги хавотир ва оғир дард тоши енгиллаша боргани билан унинг ўрнини кун келиб қизим мени ёлғиз ташлаб кетиши муқаррарлиги кўнглимни аёвсиз қийноққа солиб қўярди. Кунларнинг бирида шу тўрт девор ичида бир ўзим якка қолиб, ҳувиллаб ўтиришим хавфи ғариб умримга ташвишли таҳдид солиб турарди.

Лула Калифорниядан каттагина иш топиб, ўша ерда ишлай бошлаганди. Энди мен уни кундан-кунга жудаям кам кўрадиган бўлиб қолгандим. Ўзим эса анча ўрганиб қолган жойим Уинстон Хаусни бир кунга ҳам ташлаб кетолмасдим. Олтмиш уч ёшга тўлганимда ихчамгина, сал арзонроқ бўлган бошқа бир уйга кўчиб ўтдим. Гоҳ-гоҳида кексалик безовталиги бўлмиш турли касалликлар қўзғаб қолганда, иккита ҳамшира баъзан-баъзан келиб текшириб турадиган бўлди. Энди дарбадар ҳаёт суриш учун қариб қолгандим, ёшлигимнинг оловли дамлари кўзимнинг оқу қораси, ягона зурриёдим Лула Аннанинг тинч ва дориломон келажаги учун фидо бўлди. Ёшим ўтиб бораркан, танамда қўққис суяк хасталиги пайдо бўлди. Оғриқ чунонам кучли кечарди, аммо ҳамширалар жуда меҳрибон ва раҳмдил эдилар. Биттаси ҳатто бир гал мен унга яқин орада буви бўлмоқчи эканлигимни айтганимда меҳр билан икки ёноғимдан ўпиб, мени чин дилдан табриклади. Уларнинг табассуми ва мақтовлари ниҳоятда ёруғ ва ёқимли эди. Мен ҳатто ҳамшира қизлардан Луладан келган хатларни ҳам яшириб ўтирмасдим, қизимнинг ҳар битта гапидан улар ҳам хабардор бўлишарди. Бир мактубида Лула менга ўзининг беҳад бахтиёр эканлигини, тез кунларда у она бўлишлигини катта қувонч билан ёзиб юборибди. Унинг эри ҳам ўзи каби қора танли эди. Аммо ўша хатида Лула турар манзилини билдириб қўймаган эди. Шунда мен ўзимни ниҳоятда ёмон ҳис қилиб кетдим, назаримда мен унга яхши она бўлолмадим ва айнан шу хат менга улкан жазодай бўлиб кўринмоқда эди. Эҳтимол Лула ичида мендан бироз оғринарди ҳам. У менга вақти-вақти билан пул юбориб турар, кундалик эҳтиёжларим учун Луланинг жўнатганларини ишлатиб яшардим, аммо ундан ортиқ ҳеч нарса сўрамас ва умидвор ҳам бўлмасдим. Менга ягона керак нарса — бу унинг Бахти эди. Эҳтимол мен бундан кейинги умримда тўкин-сочин ҳаёт кечиришим учун баъзи бир ота-оналар сингари ўз боламга зулукдек ёпишиб олсам ҳам бўларди, бироқ менга бунинг нима кераги бор? Болам, дея бутун умри заҳматда кечган она учун бу каби майда нарсаларнинг нима аҳамияти бор?

Гоҳида ўтмишга хаёлан қайтиб, Лула туғилган сонияларни, қоп-қорагина бир парча этнинг дастлаб кўзимга қанчалар хунук бўлиб кўринганини, жуда ёмон ижирғанлигимни эслайман. Аммо энди уларнинг ҳаммасини хотирамдан қувиб чиқаришим керак. Ахир ўша ёқимсиз лаҳзаларнинг менга қилчалик ҳам таъсири қолмаганди. Ўшанда Лула Аннанинг отаси бизни қаровсиз, боқувчисиз ҳолда ташлаб кетганида, бу қора чақалоқ елкамга ниҳоятда оғир юк бўлиб тушганди. Ҳа, у бениҳоя оғир юк эди ўшанда, лекин мен уни кўтара олдим, мен ўша оғир юкни кўтариб яшаб келишга қодир бўлдим.

Тўғри, бошида Лулага у даражада ортиқча меҳр кўрсатолмадим. Айниқса, у ўсмирлик даврига етиб, ўн икки-ўн уч ёшга тўлганида янаям дағал ва талабчан онага айлангандим. Ўша вақтларда Лула ҳам мендан безор бўлган, у мен пиширган овқатни оғзига олмас, сочларини ўриб қўйишимга ҳам астойдил қаршилик кўрсатарди. Янаям оғир кунлар у мактабда ўқиётган кезларда бўлди. Мен унинг ҳар битта қадамини назорат қилар ва уни аслзодалар тазйиқидан ҳушёр бўлишини тинмай уқтириб яшардим. Худойимга беҳисоб шукрки, менинг ўша меҳнатларим зое кетмади, Лула ўзига ишонган, мустақил ва баркамол инсон бўлиб улғайди.

Мана энди у ҳомиладор. Бутун вужуди билан интиқиб, орзиқиб, тиланган ҳолда жон парчаси – фарзанди азизини кутаяпти. Илоҳим, эсон-омон қутулиб олгин, Лулагинам! Агар сен оналикнинг нечоғлик ширин бахт эканлигини билганингда эди, юрагинг тарс ёрилгудек ҳолда бундан-да минг карра бахтиёр бўлиб кетардинг! Ҳа, оналик ниҳоятда улкан Бахт, Лула! Сен ва сенинг жуфтинг яқин кунларда дунёдаги энг хушбахт инсонлар бўласиз! Ахир ўзинг бир тасаввур қилиб кўргин-а: Чақалоқ! Оламнинг энг юксак неъмати бу чақалоқдир. Лула, сен мени бир муддат яхшилаб тингла, қизалоғим, сен она бўлган онларда шу куррайи коинотнинг қанчалар чексиз ва чексиз эканлигини, унинг қай тарзда айланиб, яшаб туришини, ер ва само нима тилсимот эканлигини яна-да чуқурроқ англаб етасан. Ўшанда янаям бахтли бўласан, Лула!

Худо ёр бўлсин сенга, нуридийдам! Бу дуо шу ёруғ оламдаги ҳар битта онанинг энг ўтли илтижосидир.

Илоҳим, Яратганнинг ўзи ҳар бир гўдакни ўз паноҳида асрасин!

Манба: Қандилат Юсупованинг фейсбукдаги саҳифаси

007Qaniydi, shoir bo’lib tug’ilsaydim. Adabiyotda she’riyatning o’rnini hech narsa bosolmaydi. Lekin bu mening qo’limdan kelmaydi. Nachora hech kim bo’yidan baland sakrolmaydi. She’riyat haqida o’ylasam, xuddi men yo’lning o’ng tomonida emas, chap tomonida turgan yo’lovchiday his qilaman o’zimni. Biroq she’r o’qishni kanda qilmayman. O’zimga yoqqan satrlarni kuyga solaman (Nobel` mukofoti laureati Toni Morrisonning «Goodreads» nashriga bergan interv`yusidan. Uni mana bu sahifada o’qishingiz mumkin).

TONI MORRISON
NURIDIYDAM
Asliyatdan Qandilat Yusupova tarjimasi
008

Toni-Morrison 1.jpg Asl ismi Xloya Ardeliya Uofford bo’lgan Toni Morrison 1931 yilning 18 fevralida AQShda, Ogayo shtatining Loreyn shahrida dunyoga kelgan. Govard universitetida ingliz tili va adabiyoti mutaxassisligi bo’yicha tahsil olgan. Uzoq yillar turli ilm dargohlarida ilmiy tadqiqotlar olib borgan va professor maqomida talabalarga dars bergan. Uning «Benihoya moviyrang ko’zlar» deb nomlangan ilk romani 1970 yilda nashr etilgan. Shundan keyin «Sula», «Sulaymon qo’shiqlari», «Mahbuba», «Jaz», «Jannat», «Muhabbat», «Mehribonlik», «Xonadon» romanlarini yozdi. 1993 yili adabiyot sohasidagi Nobel` mukofotiga sazovor bo’ldi.

008

Yo’q, bu mening gunohim emas. Hech kimning meni ayblashga haqi yo’q sira. Bu ishni men o’zim istab qilganim yo’q, zotan taqdiri azal ro’yobi yolg’iz Parvardigorning hukmi bilangina amalga oshgusidir. O’sha dahshatli azob pallasi bir soat ham vaqtni olgani yo’q, biroq men uchun u lahzalar go’yo million yildan buyon davom etib kelayotgandek, o’zim bamisoli qop-qorong’u tubsizlik qa’riga cho’kib ketdimu endi aslo bu yorug’ olamga qayta kelolmaydigandek bo’lib tuyulaverdim. Ha, o’sha soniyalar ichidayoq yuragim behad notinch, nimadir aniq noto’g’ri ekanligini ich-ichimdan sezib turardim. Jonimni ming og’riqqa yo’ygan o’sha jon parchamni oyoqlarim orasidan tortib olishganida men qalbim bezovtaligi sababini yanayam yaqqol anglab yetdim. Darhaqiqat, hayot judayam qo’pol hazil qilgandi menga, endigina dunyoga kelib, hali o’ziga kelmagan jish bu chaqaloq shu qadar qop-qora ediki, uni ko’rib hushimdan ketib, aqldan ozayozdim. Xuddi tun zulmati singari zanji bu tancha favqulodda chindanam o’ta qora bo’lib tug’ilgan edi. Men benihoya hayronlikda qolgandim, dam unga qarab, dam o’zimning oppoq badanimga qayta-qayta tikilib, ko’zlarimga hecham ishonolmasdim. Hayratlanarlisi shunda ediki, men ham, Lula Anna (chaqaloqning ismini o’zimcha shunday deb atadim) otasining tanasi ham oq-sariqdan kelgan bo’lib, oilamiz uchun g’ayriodatiy ushbu rang biz uchun behad ajablanarli holat edi. Hattoki mening butun urug’-aymog’im orasida ham bironta qora tanli odam bo’lmagandi. Yanayam ajablanarlisi, chaqaloqning sochlari ham g’alati edi, negadir yaltiroq, pirpirak jingala edi uning sochlari. U shu turishida misoli avstraliyalik yalang’och yuradigan qabila kishilariga o’xshab ketardi. YO tavba! Shunaqasi ham bo’larkan-da! Balki siz erimning yoki bo’lmasam butun yetti avlodimizda aynan shunday tusli qarindoshimiz bo’lgandir, deb o’ylarsiz? Yo’q. Bunaqa rangdagi inson zoti hech bir avlodimizda bo’lmagan ekan. Siz mening buvimni ko’rganingizda edi – u sutga chayilgandek oq, mohiro’y, oppoq ayol bo’lgandi, umri bo’yi ham ana shu oqligi bilan faxrlanib yashagan va o’zi orzu qilgandek xuddi o’ziday oq tanli erkakka turmushga chiqqan ekan. U hatto bolalarining rang-tusigacha ham qattiq qayg’urgan, ularni aslzodalardek ko’rinishda bo’lishiga astoydil uringan ekan. Ammo aslida odamning qanday rangda bo’lishining sirayam ahamiyati yoki ma’lum ma’nodagi bahosi yo’q aslo. Inson Xudo bergan tusda tug’ilib, u bergan qismatga shak keltirmay, imoni bilan yashab o’tishi va hech qachon Parvardigorga kufr keltirmasligi kerak. U hamisha oxiratdan qo’rqishi kerak. Qanchadan qancha o’ziga ishongan, ko’zi ko’r bo’lgan kaslar qaysidir bir avlodida bo’lgan qora tanlilik belgisini jirkanch balo-qazoday umr bo’yi berkitib o’tadilar. O’zlarini mukammal darajadagi oliynasab avlod qilib ko’rsatishga jahd etadilar. Holbuki, hammamiz ham Xudoyimning yaratgan bandalari emasmizmi? Juda-juda sanoqli odamlar, atiga yigirma foizgina aholi o’z tanasining qoraligi bilan o’ksinmas ekan. Harholda men shunday deb eshitganman. Ular uchun na irq va na darajaning ahamiyati bor. Ular hech nimaga parvo qilmaydilar. Mening o’z tuqqan onam ham dadam bilan nikohdan o’tayotganlarida ibodatxonada ikki xil Qur’on kitobini ushlab qasam ichishgandi. Negaki ular boshqa-boshqa din vakillari edilar. O, Xudoyim! Hatto Qur’oni Karim ham turli xilda mavjud bo’lsa! Bundanam ortiq bedodlik bormikan olamda! Onam aslida nihoyatda xokisor ayol edi. U kibor bir xonadonda oqsoch bo’lib ishlar, aslzoda oila a’zolari yeb-yemay chala tashlab ketgan ovqat qoldiqlarini isrof qilmay, kim uchundir atab olib qo’yar, o’z ishini benihoya halol bajarar, hatto uy egalari unga eng og’ir yumushlarni buyurganda ham mehnatdan miq etmasdan yashab o’tgandi. U faqat bir narsadangina minnatdor edi, xo’jayinlari uning boshqa irqdan va dindan ekanligi bilan hech ishi bo’lmasdi.

Balki sizning ba’zi birovlaringiz insonlarni rang-tusiga qarab ajratish ehtimol jamiyatda u qadar jiddiy hol emas deb o’ylarsiz, ammo ming afsuski, unday emas. Irqchilik va tabaqalash jamiyatning hamma qatlamlarida, qo’ni-qo’shnichilik, mahalla-ko’y, maktab, kasalxona, hatto ibodatxonalargacha chippa yopishib, barqaror avj olib borardi. Na ilojki, ushbu tengsizlikka barham bera olishga bizning qurbimiz yetmas edi. Bu jarayon shunchalar qaqshatqich hamda haqoratli ediki, hatto dorixonalarda ham qora tanli bilan oq tanliga ikki xil yo’sinda muomala qilinardi. Yoki bo’lmasam oziq-ovqat do’konlarida ham qoralarga past nazar bilan qarashar, mollarning narxini ham ataylab ko’tarib aytishardi. Bularning bariga ko’nmoqlikdan o’zga chora yo’q edi, negaki qora tanlilarning shunday bo’lib yaralishlarida tirnoqchalik aybi bo’lmagani kabi jamiyatdagi mavqelarini-da o’zgartirishga zig’irchalik qurblari yetmas edi.

Ana shular to’g’risida o’ylarkanman, yuragimni tobora najotsiz bir qayg’u ezar, go’yokim Xudoning qahriga qolgandek, peshonamning sho’rligidan achchiq o’ksigancha zanjiday qora go’dagim ustida  azoblanib, ulkan g’am ichida nochor o’tirardim. Bechora ota onam past tabaqadan bo’lganlari uchun zamondan orqada qolmaslik ko’yida har qanday og’ir mehnatni boshidan kechirishdi. Onam tannoz xonimlar kiyadigan to’r shlyapa tikiladigan do’konda, dadam esa oliy maqom janoblarga mo’ljallangan oyoq kiyimlar sotiladigan yerda ancha yillar ter to’kib ishlashdi. Ularning na unisi va na bunisi eng-eng muhtojlikda qolgan kunlaridayam oqsuyaklarga mute bo’lishmadi. Ha, ular tom ma’nodagi oliyjanob insonlar edi. O’z-o’zimdan behad jirkanib ketsam-da, biroq onalik hissi butun a’zoyimni o’rab olib, chaqalog’im Lula Annaga ham mehr, ham nafrat, dam hayajon, dam esa ko’nglim muzday sovigan holda termulib o’tirardim. Uning tanasi dastlab hamma yangi tug’ilgan go’daklarniki kabi och, rangsiz edi, keyin birdaniga katta tezlikda mutlaqo o’zgara boshladi. Shundoq ko’z o’ngimda bolamning misoli afrikalik xabashlar singari to’q ko’k tusga kirayotganini ko’rib, mislsiz dahshat ichida qoldim. Bir payt men ikki lahzagina es-hushimni yo’qotdim, shuursiz alfozda karavot ustidagi adyolni sudrab tushirdim-da, qorayib-ko’karib yotgan chaqaloqning yuzini qoplab, uni mahkam qilib bosib turmoqchi bo’ldim. Ammo…Ammo negadir birdan unday qila olmadim. Bilmadim , nega bunday bo’ldi, lekin men baribir unday qila olmadim. O, men uni shu do’zaxi rangdan qutulishini shu qadar tilanib so’ranardimki!..Bu peshonasi sho’r bolamning qismati ham aynan shu rangi tufayli zardobga to’la o’tishini xayolan tasavvur qilaranman, yuragim shuvullab ketardi. Hatto men go’dagimni bironta yetimxonaga tashlab ketishgacha o’ylab ko’rdim. Biroq ibodatxona eshigi oldiga tashlab ketilgan, chirqillab yotgan chaqaloqlar yig’isi quloqlarim ostida jarang sochaverdi, jarang sochaverdi. Yaqindagina germaniyalik yoshgina er-xotinning egizak farzand ko’rgani, bolalarning biri tim qora, biri esa qorday oq ekanligini eshitib, hayratda qolgandim. Buning sababini hech bir doktor tushuntirib berolmagandi o’shanda. Lekin xuddi o’sha sirli holat o’z boshimga tushishini hatto tushimda ham ko’rmagandim. Shunchalar taqdirimdan yozg’irar edimki, hatto bolamning og’ziga ko’krak so’rg’ichimni-da solishdan nafratlanar edim. Uni uyga olib kelguncha shishadagi sut bilan oziqlantirib turdim.

Erim Luis oddiy bir qora hammol edi, kasalxonadan qaytgan kunim u poezd stantsiyasidan horib-charchab keldi-yu, yuzimga xuddi devonaga qaragandek qilib tikildi, so’ng o’rab-chirmalgan go’dakni u xuddi o’zga sayyoradan kelgandek ajablanib kuzatib chiqdi. Luis tabiatan unaqa qarg’ab-so’kinuvchi erkaklardan emasdi, lekin o’sha kuni u to’satdan qattiq jazavaga tushib, “Jin ursin! Bu qaysi iblis bolasi bo’ldi?! Tezda ko’zimdan yo’qot buningni!” degancha ayyuhannos soldi. Men bilardim, ro’zg’orimiz o’zi tang sharoitda edi. Aksar tortishuvlarimizga ham aynan shu yo’qsillik sabab bo’layotgandi. Go’yoki og’ir tavqi la’nat tamg’asi bosilgandek bo’lib tug’ilgan zanji bu go’dak Luis bilan mening uch yillik gulgun turmushimizni bir zumda barbod qildi. Mening dilimni og’ritgan narsa – Luisda hech qanday otalik tuyg’usi yo’q edi. U misoli tosh odam kabi Lula Annaga tamomila begonasirab qarar, uni dahshatli bir dushmani kabi ko’rar edi. Luis qizchamizni hattoki qo’liga ham olmadi. Men unga Xudoning zorini qildim, yalindim, tilandim, chandon ishontirishga urindim, menga ishon, bu bizning zurriyodimiz, begona erkak bilan o’ralashib, esimni yebmanmi, deb harchand tushuntirsam ham u pinagini buzmadi. Luis bir o’lik edi, u jonsiz tanaday harakatsiz va ongsiz holda serraygancha turardi. Biz to’xtamasdan janjallashaverdik, janjallashaverdik, nihoyat men unga balki bolaning qoraligi menikidan emas, aksincha sening ajdodingdan o’tgandir, deb shartta aytdim. Ana shu bir luqmagina gap bilan u bizni bir umrga tark etdi, keskin tarzda uydan chiqib ketdi-da, yashashi uchun arzonroq va qulayroq joy qidirgani ko’chaga otildi. Luisning ana shunday yuzsizlarcha qilgan harakatidan so’ng men o’zimni darhol qo’lga oldim. Qizcham va o’zimni boqish uchun to’g’ri kelgan ishga unnab ketdim: Boy xonadonlarda oqsochlik qildim, kirxonalarda ishladim, ko’cha supurdim. Lula Annaga qarash uchun bir o’spirin jiyanimni enaga qilib oldim. Ishdan kelgan kezlarimda qizchamni tashqariga olib chiqqani yuragim dov bermasdi, negaki uni aravachasiga solib ko’chalardan o’tayotgan paytimda odamlar aravaning pana pardsi ostiga nogoh ko’zlari tushib, aftlarini bujmaytirar, qovoqlarini solib olgancha sovuq so’zlar aytib, yonimdan o’tib ketishardi. Bu juda og’ir edi, butun qalbim tor-mor bo’lardi, biroq na chora?

Hali o’z bolam onalik mehri va parvarishga muhtoj bo’lib turgan nozik bir damda men uni uyga tashlab, o’zim boshqalarning bolasi yonida girdikapalak bo’lib, unga enagalik qilish bilan band edim. Avvallari enagalarga tuzukkina haq to’lanar, ammo bechora bolam Lula Anna dunyoga kelgan yildan boshlab ularning oyligi anchagina pasayib ketgandi. Hammavaqt ham boylarga duch kelgan oqsoch va enagalar yoqib ketavermasdi. Ammo men janob Lei kabi qo’li ochiq xo’jayinga ro’para kelganimdan behad omadli edim, u odatiy enagalar haqidan yetti-sakkiz dollar ko’proq qilib haq to’lab turardi. Buning uchun ham Xudoyimga qayta va qayta shukronalar keltirardim.

Vaqt o’tib, Lula Annaning tili chiqishi bilanoq men unga meni “Oyi” yoki “Oyijon” deb chaqirishi o’rniga “Shirin opam” deb aytishga o’rgatdim. Negaki mana shunisi bexatarroq edi. Uning tim qora va qalin lablaridan bolalarcha pok mehr bilan chiqqan “Onajon!” so’zi qanchalar totli bo’lmasin, odamlar oldida biroz xijolatlik holat ham edi. Men hamon xavotir ichida yashardim. Lekin qizalog’im kundan-kunga o’ziga xos chiroylilik kasb etib, tim qora tanasi ham borgan sari adl bo’lib o’smoqda edi.

Ikki yil shu tarzda o’tdi, ammo bu o’tgan kunlarning men uchun nechog’lik og’ir o’tganligini, bir o’zi tashlab ketilgan ayolga tiriklik toshini ko’tarish qanchalar azobli ekanligini hatto bayon ham qilib berolmayman. Bir oz vaqt o’tgach, Luisning vijdoni sal qiynaldi shekilli, u menga oyda bir martadan ozgina pul yuborib turadigan bo’ldi, biroq men o’zim undan izzat-nafsimni yerga urib, na pul so’rab yalingan va na uning ortidan shikoyat qilib turli sud mahkamalariga qatnamagan edim. Luisning jo’natib turadigan ellik dollar puli bilan mening kasalxonadagi tungi ish moyanam men bilan Lula Annaning bir amallab kun o’tkazishimizga xarholda yetib turardi. Xuddi boshqalar nazdida o’ta harob bo’lib yashayotgandek edik. Xayriya puliday ko’rar edi ular topgan-tutganimizni. Menga bu og’irdanam og’ir bo’lib botardi, albatta. Keyin-keyin odamlar xayr-sadaqa nomini beg’araz yordam deb atay boshladilar, bunisi haytovur biroz yengil eshitilardi. Biroq men atrofimdagi hayot va kimsalar bilan zig’irchayam ishim yo’q, faqat o’zim bilan o’zim ovora edim. Sirtdan bechoraga o’xshab ko’rinsam-da aslida behuda gap-so’z qilayotganlardan ko’ra ko’proq pul topardim. O’shanday kishilar, ya’ni o’zidan biroz g’aribroq yashayotgan odamlar ustidan mag’zava to’kib, nobop gap tarqatuvchi kimsalar ko’zimga o’ta-o’ta pastkash bo’lib ko’rinardi. Ayniqsa ular mendanam ko’ra Lula Annaga pastroq nazar bilan qarashardi. Nazarlarida uni xuddi tashlab yuboriladigan, hech kimga keragi yo’q irkit hasharotday, undan o’zlaricha jirkanib ketishardi. Lekin men bora-bora bularning hammasiga ko’nib qoldim. Ammo shunday bo’lsayam hamon hushyorlikni qo’ldan boy bermasdim. Hammavaqt ogoh va o’z ishimga puxta edim. Ayniqsa, Lulani o’stirishda nihoyatda talabchanlik qildim o’zimga. Sababi, Lula Anna avvalo o’zini qanday tutishni o’rganishi, boshqalar oldida og’ir gunohi borday boshini hadeb yerga egavermasdan, hamisha tik va baland tutishni, qiyinchilik ichida qolganda ortiq oh-voh qilmaslikka o’rgatdim. U ismini ko’p bora o’zgartirib ko’rdi, biroq ism o’zgarishi bilan uning tanasi oqarib qolmasdi. Qora tanli bo’lib yashab o’tish uning azaliy taqdiri bo’lib bitilgandi. Biroq bu mening ham gunohim emas edi. Bu aslo mening aybim emasdi, yo’q, mening gunohim emas edi bu.

O-ha, bir paytlar Lulaga juda yosh bolalik davrida haddan tashqari talabchan bo’lgan, unga o’ta yomon muomala qilgan vaqtlarim ham bo’lgandi, men bularni hammavaqt eslab yuraman. Ammo siz buni to’g’ri tushunishingiz kerak. Men neki qilgan bo’lsam, faqat uni o’ylab, uni himoya qilish uchun, uni jon-dilimdan yaxshi ko’rganim uchun qilgan edim. Lula hali bu chigal olamni to’la idrok etolmasdi. U — qora tanli yosh qizaloq, bu hayotda milyon bora haq bo’lib chiqqan taqdirdayam, jamiyatning kuchli va shafqatsiz qo’llarida ezg’ilanib ketishi turgan gap edi. Bu holat bolalar bog’chasidan to dafn etish bo’limigacha mavjud ekanligini Lula hozir bilmas edi. Uning beg’ubor va pokiza qora tani oq odamlarni cho’chitishi yoki ularni kuldirishi, hatto uni mazax qilib, vijdonsizlarcha aldashlarini yosh bola aqliga sig’dirolmasdi.

Bir kuni men xuddi Lula bilan barobar bo’lgan, yoshi chamasi o’n yoshlar atrofidagi qora tanli bitta qizchani bir gala oq tanli bolalar tomonidan xo’rlanib turgani ustidan chiqib qoldim. U o’zini bu to’dadan qanchalar himoya qilib, qochishga urinmasin, bolalarning goh unisi, goh bunisi bechora qizaloqni bir-biriga surib, tinmay niqtalashar edi. Ular o’sha damda qornilarini ushlagancha, egilib-bukilib sho’rlik qizchaning ustidan qotib-qotib kulishmoqda edi. Qizcha ulardan bazo’r qutulib, yig’lagancha qochib ketarkan, tanasi oq bolalar haliyam uning ustidan hiringlashib, qilgan ishlaridan huzur qilishar edi. Agar men bu hodisani avtobus derazasidan ko’rib qolmasdan, tashqarida bo’lganimda edi, qizchani jon-jon deb qutqarib olgan bo’lardim, uni o’sha oq bo’richalar galasidan tezroq tortib, olib chiqqan bo’lardim. Ko’ryapsizmi, agar men Lulaga qat’iylik va talabchanlik bilan tarbiya bermaganimda edi, u ham o’shanday oqlar orasida ko’z-yosh to’kib azoblanishiga to’g’ri kelib qolardi. Har bitta tarbiyam Lulaga yashab o’tarlik hayoti mobaynida bir kuni albatta, asqotib qolardi, uning o’zi ham ayni men kutganday va istaganday mag’rur, aqlli va dadil qiz bo’lib voyaga yetdi.

Men yomon ona emas edim. Nimaiki qilgan bo’lsam, barisi Lula uchun, bolamning baxtli bo’lishi uchun, ko’z nurim, qalb qo’rim bo’lmish aziz nuridiydam uchun atalgan edi. Umid qilamanki, Parvardigorning oldida yuzim hamisha yorug’ bo’ladi. Rost, avvaliga o’z bolamdan o’zim hazar qildim, taqdirimdan o’kindim, uning qop-qora tanasiga hatto qo’l tekizishga ham botinolmadim. Biroq men Ona edim. Baribir uni yaxshi ko’rardim. Ha, ich-ichimdan, butun qalbimdagi mehr ila Lulani benihoya sevardim. O’ylaymanki, Lula ham meni bir kuni albatta teran tushunib yetadi. U hozir ham meni anglay oladi. Men shunday deb o’ylayman.

Vaqt o’tgani sari Lula Anna o’z-o’ziga mustaqil va tobora jasur qiz bo’lib kamol topayotgani ravshan aks etib bordi. U qora badanini yashirish uchun nihoyatda bejirim, juda chiroyli liboslar kiyar edi. Hatto u menga ham kezi kelganda aql o’rgatib turardi. Biroq bularning bari yoqimli va suyumli edi. Asta-sekin dilimdagi xavotir va og’ir dard toshi yengillasha borgani bilan uning o’rnini kun kelib qizim meni yolg’iz tashlab ketishi muqarrarligi ko’nglimni ayovsiz qiynoqqa solib qo’yardi. Kunlarning birida shu to’rt devor ichida bir o’zim yakka qolib, huvillab o’tirishim xavfi g’arib umrimga tashvishli tahdid solib turardi.

Lula Kaliforniyadan kattagina ish topib, o’sha yerda ishlay boshlagandi. Endi men uni kundan-kunga judayam kam ko’radigan bo’lib qolgandim. O’zim esa ancha o’rganib qolgan joyim Uinston Xausni bir kunga ham tashlab ketolmasdim. Oltmish uch yoshga to’lganimda ixchamgina, sal arzonroq bo’lgan boshqa bir uyga ko’chib o’tdim. Goh-gohida keksalik bezovtaligi bo’lmish turli kasalliklar qo’zg’ab qolganda, ikkita hamshira ba’zan-ba’zan kelib tekshirib turadigan bo’ldi. Endi darbadar hayot surish uchun qarib qolgandim, yoshligimning olovli damlari ko’zimning oqu qorasi, yagona zurriyodim Lula Annaning tinch va dorilomon kelajagi uchun fido bo’ldi. Yoshim o’tib borarkan, tanamda qo’qqis suyak xastaligi paydo bo’ldi. Og’riq chunonam kuchli kechardi, ammo hamshiralar juda mehribon va rahmdil edilar. Bittasi hatto bir gal men unga yaqin orada buvi bo’lmoqchi ekanligimni aytganimda mehr bilan ikki yonog’imdan o’pib, meni chin dildan tabrikladi. Ularning tabassumi va maqtovlari nihoyatda yorug’ va yoqimli edi. Men hatto hamshira qizlardan Luladan kelgan xatlarni ham yashirib o’tirmasdim, qizimning har bitta gapidan ular ham xabardor bo’lishardi. Bir maktubida Lula menga o’zining behad baxtiyor ekanligini, tez kunlarda u ona bo’lishligini katta quvonch bilan yozib yuboribdi. Uning eri ham o’zi kabi qora tanli edi. Ammo o’sha xatida Lula turar manzilini bildirib qo’ymagan edi. Shunda men o’zimni nihoyatda yomon his qilib ketdim, nazarimda men unga yaxshi ona bo’lolmadim va aynan shu xat menga ulkan jazoday bo’lib ko’rinmoqda edi. Ehtimol Lula ichida mendan biroz og’rinardi ham. U menga vaqti-vaqti bilan pul yuborib turar, kundalik ehtiyojlarim uchun Lulaning jo’natganlarini ishlatib yashardim, ammo undan ortiq hech narsa so’ramas va umidvor ham bo’lmasdim. Menga yagona kerak narsa — bu uning Baxti edi. Ehtimol men bundan keyingi umrimda to’kin-sochin hayot kechirishim uchun ba’zi bir ota-onalar singari o’z bolamga zulukdek yopishib olsam ham bo’lardi, biroq menga buning nima keragi bor? Bolam, deya butun umri zahmatda kechgan ona uchun bu kabi mayda narsalarning nima ahamiyati bor?

Gohida o’tmishga xayolan qaytib, Lula tug’ilgan soniyalarni, qop-qoragina bir parcha etning dastlab ko’zimga qanchalar xunuk bo’lib ko’ringanini, juda yomon ijirg’anligimni eslayman. Ammo endi ularning hammasini xotiramdan quvib chiqarishim kerak. Axir o’sha yoqimsiz lahzalarning menga qilchalik ham ta’siri qolmagandi. O’shanda Lula Annaning otasi bizni qarovsiz, boquvchisiz holda tashlab ketganida, bu qora chaqaloq yelkamga nihoyatda og’ir yuk bo’lib tushgandi. Ha, u benihoya og’ir yuk edi o’shanda, lekin men uni ko’tara oldim, men o’sha og’ir yukni ko’tarib yashab kelishga qodir bo’ldim.

To’g’ri, boshida Lulaga u darajada ortiqcha mehr ko’rsatolmadim. Ayniqsa, u o’smirlik davriga yetib, o’n ikki-o’n uch yoshga to’lganida yanayam dag’al va talabchan onaga aylangandim. O’sha vaqtlarda Lula ham mendan bezor bo’lgan, u men pishirgan ovqatni og’ziga olmas, sochlarini o’rib qo’yishimga ham astoydil qarshilik ko’rsatardi. Yanayam og’ir kunlar u maktabda o’qiyotgan kezlarda bo’ldi. Men uning har bitta qadamini nazorat qilar va uni aslzodalar tazyiqidan hushyor bo’lishini tinmay uqtirib yashardim. Xudoyimga behisob shukrki, mening o’sha mehnatlarim zoe ketmadi, Lula o’ziga ishongan, mustaqil va barkamol inson bo’lib ulg’aydi.

Mana endi u homilador. Butun vujudi bilan intiqib, orziqib, tilangan holda jon parchasi – farzandi azizini kutayapti. Ilohim, eson-omon qutulib olgin, Lulaginam! Agar sen onalikning nechog’lik shirin baxt ekanligini bilganingda edi, yuraging tars yorilgudek holda bundan-da ming karra baxtiyor bo’lib ketarding! Ha, onalik nihoyatda ulkan Baxt, Lula! Sen va sening jufting yaqin kunlarda dunyodagi eng xushbaxt insonlar bo’lasiz! Axir o’zing bir tasavvur qilib ko’rgin-a: Chaqaloq! Olamning eng yuksak ne’mati bu chaqaloqdir. Lula, sen meni bir muddat yaxshilab tingla, qizalog’im, sen ona bo’lgan onlarda shu kurrayi koinotning qanchalar cheksiz va cheksiz ekanligini, uning qay tarzda aylanib, yashab turishini, yer va samo nima tilsimot ekanligini yana-da chuqurroq anglab yetasan. O’shanda yanayam baxtli bo’lasan, Lula!

Xudo yor bo’lsin senga, nuridiydam! Bu duo shu yorug’ olamdagi har bitta onaning eng o’tli iltijosidir.

Ilohim, Yaratganning o’zi har bir go’dakni o’z panohida asrasin!

Manba: Qandilat Yusupovaning feysbukdagi sahifasi

002

(Tashriflar: umumiy 307, bugungi 1)

Izoh qoldiring